Дастуриламал

Амалий дастур (программа): XX асрнинг сўнгги ўн йиллигининг бошларида Ўзбекистонда майдонга чиққан “Бирлик” халқ ҳаракатининг, мамлакат мустақил бўлганидан кейинги пайдо бўлган партия аталмиш баъзи гуруҳларнинг эски дастур(программа)лари Ўзбекистон тўла мустақилликка эришмаган замонда тузилган бўлиб, мамлакатда вужудга келиши мумкин бўлган янги давлат тузуми ва ижтимоий жамиятнинг шакллари ва унинг ғоявий, мафкуравий асосларини ўз ичига олмаган эди. Аксинча, у даврда давлат тузумини совет давлат тузуми шаклида, олам ва инсониятга муносабатни ўша давр коммунистик қарашлари доирасида тушуниш аксиома шаклида қабул қилинган эди. Шу сабаб Ҳаракатни тузган илк ташаббускорлар ҳам, унинг кейинги давомчилари ҳам , янгидан юзага чиқкан партиялар ҳам Ўзбекистонда давлат тузуми масаласига ғоявий нуқтаи назардан ёндашмадилар ёки ёндаша олмадилар. Улар кўпроқ совет коммунистик ҳокимият структураларига жойлашишга ва шу йўл билан юқоридан таъмирий ислоҳотлар ўтказишни мўлжалладилар. Шунинг учун 1989 йил СССР, 1990 йил ҳали Ўзбекистон совет социалистик республикаси Олий советларига депутатлар сайлашда Ҳаракатнинг раҳбарлари ва бошқа бир қатор ўзларини демократ ҳисоблаган шахслар совет депутати бўлишга жон куйдириб уринишдилар.

Шундай қилиб, ҳозиргача(1999) ҳеч ким ва ҳеч бир сиёсий ташкилот Ўзбекистон тўла мустақил бўлгандан сўнг у ерда қанақа жамият ва қандай давлат тузуми вужудга келади, унинг фалсафий асосида қандай ғоя туради каби масалаларни ўртага қўйганича йўқ. Ҳатто бугунги Ўзбекистондаги қусурларнинг кўпчилиги ана шу масала ҳал этилмаганлигида деб билмоқ лозим кўринади.

Аслида Ўзбекистонда бутунлай янги жамият яратилиши, бу ерда совет давлат тузумидан мутлақо фарқ қиладиган давлат системаси ўрнатилиши керак эди. Ҳамон шундайлигича турибди. Энг муҳими ўша янги жамият ва давлат тузуми назарияси (ғояси) ишлаб чиқилмоғи лозим эди. Бу ғоя бугун ҳам йўқ.  Бу янги жамият Оламни тушунишда, Ер юзида Аллоҳнинг инъоми ила яратувчилик қудратига эга Инсонга, унинг қадр – қимматига, тарихий қадриятларига мутлақо янгича муносабатда бўладиган инсонлар жамияти бўлмоғи лозим. Масала, айнан шундай қўйилмоғи керак. Аммо муаммонинг бу муҳим жиҳати ҳануз яхши тушунилмади. Мазкур дастуриламал юқорида тилга олинган масалаларни бироз ойдинлаштирар, деб умид қиламиз.

Биз тасаввур этаётган давлат тузуми тубандагилардан иборат бўлади деб тушунамиз:

I.   ДАВЛАТ   ТУЗУМИНИНГ  АХЛОҚИЙ АСОСЛАРИ.

II.  ТУЗУМНИНГ  МАЪНАВИЙ ВА ДИНИЙ СИСТЕМАСИ.

III.  ДАВЛАТНИНГ СИЁСИЙ СИСТЕМАСИ ( қурулиши ).

IV.  ИҚТИСОДИЙ  СИСТЕМА.

V.  ИЖТИМОИЙ  ҚУРУЛИШ(СИСТЕМА).

Ҳар бир қандай жамият, давлат тузуми инсониятга хослиги сабабли, энг аввал якка ёки тўплам(гуруҳ) шаклида Инсон(шахс)нинг мафкурасини, унинг адабини, хулқини белгилаш зарур бўлади. Ана ўшалардан уларнинг ўзаро муносабатлар, яъни тузум(давлат тузими)нинг ахлоқий асослари ташкил топади. Шундай асосга суянилганда  жамият ўзининг  ҳозири ва келажагини яратади ҳамда сақлайди; ривожланиш сари силжийди, янгиликлар кашф этишга қодир бўлади, деб биламиз. Соғлом жамият қурмоқ, инсон ҳаёти зарарсизлигини, унинг софлигини сақлаш демакдир. Бунинг учун дунёга янгича қараш, уни батамом янгича илғаш зарур бўлади. Бизнинг фикримизча, бутун саъй-ҳаракатлар, режаю дастурлар мустаҳкам  мафкуравий ғояга асосланиши ва дунёнинг яратилиши ва унинг тузулиши ҳақида, инсоният жамияти ҳақида мустаҳкам соф ғоявий асосга эга бўлиш, уни янгича тушуниш ва илғашдир. Жамият асосини  ана шундай нуқтаи назардан қарашга ҳаракат қиладиган инсонлар амалга ошириши мумкин бўлган дастуриламал лойиҳасини таклиф этамиз.

Инсон жамияти асослари ҳақида.

Айтилганлардан келиб чиқиб, инсонлар жамияти асослари сифатида тубандагиларни таклиф этамиз.

1.Онг ва одамгарчилик асослари.

Онг ва инсонгарчилик асослари асосан қуйидагилардир:

1.1 Бутун мавжудотнинг манбаи ва инсоният кадр – қиммати, кадрияти асоси, таянчи Аллоҳ ва Унинг Ўзидандир. Инсон ва барча тирик – нотирик дунёнинг мавжудлик шартлари ҳамма учун баробар Ягона Яратувчи тарафидан тузилган, яратилгандир. Барча Оламлар учун энг улкан, энг зарур умуминсоний кадр – қиммат, кадрият бу Аллоҳдир.

1.2 Инсоннинг яратилиши қутлуғ воқеадир. Инсон ўз навбатида Аллоҳнинг марҳамати ила буюк қурувчи(мжозий яратувчи)дир. Унинг бу хусусиятини сақлаш ва ривожлантириш кишиларнинг, уларнинг жамияти(тузимлари)нинг ҳозирги ва келажак авлоди учун қутлуғ ва амалий вазифа бўлиб қолаверади. Аммо сўнгги даврда одамларнинг ҳақ йўлдан оғиши натижаси ўларок, Ер қитъаси ва инсоният шу замонда дунё маданиятини (сивилизатсиясини) тугатишга олиб бораётган инқирозни (бўҳронни) бошдан кечирмокда. Бу бўҳроннинг олдини олмоқ кўп жиҳатдан инсонларнинг ўзларига боғликдир.

Биз, барча имкониятларимиз билан инсониятни маънавий, иқтисодий ва экологик бўхронлардан қутқаришга хизмат қиладиган авлод етиштирамиз  ва уларнинг жамиятини тузамиз. Шу билан башариятнинг маданий ҳаётини фалокатдан қутқаришда кўмаклашамиз.

1.3 Инсон хусусиятлари, унинг ривожланиш усуллари, Ер юзаси тозалиги, ундан (ердан) фойдалиниш тамойиллари (характерлари) ва мулк шакллари умумжаҳон прогрессив принсипларига мос бўлмоғи шарт.

Маданиятли ва маънавиятли, юксак мафкурали инсонлар тарбияланадиган таълим-тарбия усулларини жорий этамиз; атроф-муҳитни покиза сақлашни кескин йўлга қўйиш тадбир-чораларини ишлаб чиқамиз ва уларни қонунлар ёрдамида амалга оширамиз.

1.4 Ҳар бир киши ўзи ва у яшаётган жамиятда маънавий, руҳий ва иқтисодий ривожланишга асос солишга интилмоғи зарур. Бунинг учун у тирик дунё ҳаёти ва инсоният олдида ўз шахсий масъулиятини англаб етмоғи керак бўлади.

Биз, бу борада ўз шахсий турмуш тарзимиз билан ибрат кўрсатамиз.

1.5  Инсоннинг ер юзидаги ҳаёти ва тирик дунёни сақлашни таъминлаш, барча дунёвий билимларни ягона бирликка айлантириш йўли билан амалга оширилади.

Биз, Инсоннинг ва Давлатнинг қудрати юксак илмлиликда, деб биламиз. Шунинг учун илмни ривожлантириш, кишиларимизнинг илмнинг юксак даражаларини эгаллаши учун бутун зарурий шароитларни барпо қилишда барча куч ва имкониятларни ишга солишни ташкил этамиз.

Қудратимизни, илм ва билимимизни системали ошириш асосий мақсадимиздир.

1.6 Тирик мавжудотни ўз табиий ҳолида зарарсиз саклай билиш инсон ҳаёти яхшиланиши асосидир. Демак, ҳаёт фаровонлиги, софлиги, атроф муҳит тозалиги, бутун тирик дунё oсойишталиги ва поклигидадир. Оламларни(табиийликни) сақлаш, яратувчилик, коинот сирларини кўпроқ ўрганиш, улардан фойдаланиш, бу барчаси фан тарракиёти натижаларини қунт билан кўпроқ, яхшироқ ўрганиш ва билишдадир.

Биз, гўзаллик яратишни, меҳрибонлик ва эзгуликни тарғиб этамиз. Атроф-муҳитнинг поклигини сақлашда, кишиларнинг бир-бирига меҳрибон ва ёрдамчи бўлишида уларга кўмакчи бўлиш, бизнинг буюк вазифамиз ва шиоримиздир! Фан ютуқларидан унумли фойдаланишни жорий этиш дастурий мақсадимизнинг асосини ташкил этади.

2. Ҳуқуқ ва ахлоқ асослари.

2.1. Инсон, Аллоҳ яратган энг буюк ва қудратли эркин зотдир. Инсон ҳақи, ҳуқуқи ҳеч бир ҳолда камситилиши мумкин эмас.

Биз, бугун дунёда кенг тарқалган демократик принсиплар Ислом ҳуқуқлари асосига қурилган деб биламиз. Шу сабабдан бу принсипларни биз истаган давлат тизимига уйғун ҳисоблаймиз. Ана шу мазмундаги фуқаровий давлат тузуми тарафдоримиз.

2.2.Ҳар бир авлод ( якка шахс ҳам) барча илм ва билимлар билан бир қаторда Аллоҳ ҳақида тўла маълумот олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқни ҳеч ким буза олмайди. Биз, бу ҳолни Инсон ҳақу ҳуқуқларининг ажралмас қисми деб ҳисоблаймиз.

2.3. Одамзотнинг ҳозирги ва келажак авлоди умум дунёвий билим олишда бир хил тенг ҳуқуқга эгадирлар. Ҳар бир киши Ер қитъасига ва инсон шахсига шахсан ўзи келтирган зарарлари учун жавобгардир.

2.4. Шахс эрки, ҳақ – ҳуқуқларини камситадиган ва тирик мавжудоднинг яшашга бўлган эҳтиёжига қарама – қарши қўйилган ҳукумат тартиби ва қарорлари кишилар ҳаёт тарзини  шакллантиришга асос бўла олмайди. Бундай тартибни ҳокимиятнинг қайси поғонаси (органи) ўрнатгани ва у тартибларни ким жорий этишидан қатъий назар улар қонун кучига эга бўла олмаслиги лозимдир.

2.5. Юқорида 1.2 қисмда кўрсатиганидек башарият, ҳақ йўлидан оғиши натижасида инсон руҳи тубанликка юз тутиб, суна бошлаганига анча бўлди. Ана ўша руҳларни тиклаш йўллари излаб топилади ва  уларда меҳр – шафқат уйғотилади. Шундай қилиб, бу ҳаётда, бу муҳим қуткариш системасида Оламни, унда барқарорликни ва яратувчиликни сақлаш каби қутлуғ бир бурчни адо этишга ҳисса қўшилади. Ҳеч бир ҳаракат қонундан ташқарида бўлмайди.

I.  Давлат тузумининг ахлоқий асослари.

Бизнинг дастурий назаримизга кўра, Ўзбекистонда давлат тузумининг ахлоқий асосларини таъкидлаб ўтамиз. Улар асосан ўзига хос учта хусусият билан белгиланади:

а) Биринчи хусусият. Давлат ва унинг фуқароси  Онг ва одамгарчилик асосларига мос қонунларга амал қиладилар. Ана шу асослар кишилар ахлоқи ва одоби учун энг юқори ўлчамга айланади. Шу мақсад йўлида кишилар ўз маънавиятини оширади, бу йўлда халакит берувчи тўсиқлардан чекинилмайди.

б) Иккинчи хусусият. Давлат (янги давлат) аслида алоҳида кўринишга эга бўлиб, бутун оламда учрамайдиган янги одоб ва муомалалар тартибини эълон қилмайди, албатта. Фақат, бу давлат одамзодидаги барча яхши адаб ва одамшавандаликни ахлоқий системага киритади ва уни одам тарбиясининг асоси шаклида тарғиб этади. Бу ахлоқий система ҳамма соҳани, ҳаётнинг барча кўринишларини (якка шахсларора муносабатлар, ижтимоий муносабатлар, сиёсат, иқтисод, бозор ва бозор муносабатлари, мактаб, маҳкама, милитсия, ҳарбийлар ва ҳарбий ҳаракатлар, тинчлик учрашувлари ва ҳ.к.) ўз ичига олади.

Ўзбекистонда барпо этиладиган давлат тузуми ҳаётнинг барча соҳаларида одоб, ахлоқни, хушмуомалаликни, инсофни, одамшавандаликни энг устун қўяди. Бу ерда одамзод ҳаётида софлик, ахлоқ ва одамшавандалик улуғланиб, эҳтирос, жиззакилик, манманлик ёки шахсий манфаат бошқарувчи ролга ўтиб қолмаслиги асосий максад қилиб кўйилади.

в)Учинчи хусусият. Янги ахлоқий система заррача ёвузлик аралашмаган, эзгуликка асосланган яшаш тарзини вужудга келтиради. Кишиларнинг ана шундай яшашлари қонунлар билан бошқарилади. Бу система фақат яхшиликка, эзгуликка тарғиб этади, инсоният эъзозлайдиган, ҳурмат этадиган, фақат яхши ишларни тарқатиб ва тарғиб қилиб, нафрат ва кўнгулсизликларга сабаб бўладиганларидан воз кечишга ундайди.

Бундай ахлоқий система фақат эзгуликларга интиладиган, яхшиликлар яратадиган инсонларни тарбиялайди. Бу ахлоқий системага қурилган давлат ва бу давлат тузуми ўрнатилган мамлакатнинг фуқароси юксак мафкурали, ахлоқли, адолатли, куч-қудратли ва буюк кашфиётлар қилишга қодир бўладилар.

Хуллас, биз таклиф этаётган давлат тузумининг ахлоқий асослари “Инсон жамияти ғоявий асосларига” тўла мос қурулади.

II.  Маънавий ва диний система.

Давлатнинг ахлоқий асосларидан кўринадики, бундай давлатда фуқаро энг аввал чуқур иймонли бўлиб, табияланган бўлади. Маънавиятнинг асоси, унинг энг муҳим суянчи бу ахлоқдир. Ахлоқ, одоб чуқур тарбия билан инсон мафкурасининг юқори даражасига кўтарилади ва унинг чин мафкуравий қудратини ифодалайди

Шунинг учун Ўзбекистонда жорий этиладиган маънавий система кишиларни юксак тарбия олиб, иймонли бўлишларини таъминлайди. Бундай тузуимда ҳар бир шахс ва ҳамма бирдай ҳақ ва тўғриликка оғишмай амал қиладиган бўлади. Ботил ва нотўғри ишлар бирон кўринишда қилинишига йўл қўйилмайди, улар ман этилади. Айтилганларнинг барчаси қонунлар билан амалга оширилади ва назорат қилинади.

Хуллас ижозат этилган ва ижозат этилмаган; рост ва ёлғон; эзгулик ва ёвузлик орасидаги фарқни одамлар ўзлари ҳеч кимнинг ёрдами, кўрсатмасисиз ажратадиган, уларни ҳеч қачон аралаштириб юбормайдиган жамият пайдо бўлади .

Давлат маънавий асосини мустаҳкам мафкурага қуриш натижасида инсонлар меҳр – шафқатли, оқибатли бўлиб қоладилар. Улар ўзларининг барча ҳаракатларини мафкура асослари билан солиштирадиган, саҳий, эҳсонли инсонларга айланадилар. Қонунларга хилоф фаолиятда бўлмайдиган бўлиб қолишадилар.

Чуқур асосли тарбия олган кишилар ўзларининг бутун куч-қувватини, илм – малакасини оламда эзгуликнинг ғалабасига сарфлашга уринадиган бўладилар.

Жамиятнинг асосини илмли, билимли кишилар ташкил этадиган вазият вужудга келади. Бунинг учун маданий ва маъруфий ишлар тартибга солинади ва авж олдирилади.

Ўзбекистонда ХХI аср етук мутахаcсислари етиштириш йўлга қўйилади. Мамлакатда математика, физика, кимё, биология фанлари соҳасида замонавий даражада илмий – тадқиқот ишлари олиб борадиган академик институтлар ва олий билим(ўкув) юртлари ривожлантирилади. ХХI аср, Ўзбекистонда замонавий алхоразмийлар, берунийлар дунёга келадиган аср бўлиб қолажак.

Табобат соҳасида чуқур илмий – тадқиқот ишлари олиб боришга катта капитал маблағ ажратилади. ХХI аср Ибн Синолари етишиб чиқмоғи учун мамлакатнинг моддий имкониятлари ишга солинади.

Коинотни ўрганиш Ўзбекистон фанининг муҳим йўналиишларидан бирига айлантирилади. ХХI аср улуғбеклари етишмоғи учун тўла шароитлар вужудга келтирилади.

Деҳқончилик, чорвачилик соҳасида илмий тадқиқот ишлари замонавий даражага кўтарилади. Чорвачилик маҳсулотлари етиштиришда замонавий технологияни қўллаш мутлақо йўлга қўйилади.

Биз иқтидорга келгандан сўнгра биринчи беш йилда табиий – техник, табобат ва коинот соҳасида илмий – тадқиқотлар ўтказиш бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллашга эришилади. Бу йўлда барча имкониятлар ишга солинади ва зарурий маблағ ажратилади.

III.  СИЁСИЙ СИСТЕМА.

Биз таклиф  этаётган давлат тузуми ва унинг сиёсий сиcтемаси ўз миллий принсиплари, тартиб қоидалари ва нормаларига эга бўлади. Бу принсип, нормалар гўзаллик, эзгулик ва бахтиёр ҳаётнинг вужудга келишига, кишилар яшаш тарзи фақат яхшиликлардан, инсофдан, покликдан иборат бўлишига хизмат қилади.

Максадлар очиқ-ойдин ифодаланган узоқ муддатга мўлжалланган умумдавлат сиёсий дастури ва унга мос конкрет режалар лойиҳаси давлат ҳокимияти тарафидан тузилади ва умумхалқ муҳокамасига ташланади. Ана ўша дастур мамлакат Парламентида Умумдавлат дастури ва режаси шаклида тасдиқланади.

Сиёсий партиялар (ҳаракатлар) дастури ва режалари ўша Умумдавлат дастури ва режасини амалга ошириш йўллари ва усуллари билан фарқ қилишлари лозим бўлади.

Давлатнинг сиёсий системаси инсоният тарихида синовдан яхши ўтган уч ҳокимият (Қонун чиқарувчи, Ижроия ва Маҳкама ҳокимиятлари) мустақиллигини таъминлашдан иборат бўлади.

Хуллас, сиёсий система :

3.1. Қонун чиқарувчи ҳокимият: Парламент (Ўзбекистонда у Халқ/Миллат Мажлиси ёки Кенгаши деб аталиши ҳам мумкин). Унинг таркиби ва унга сайловлар алоҳида қонун билан белгиланади. Парламентга бевосита ҳисобдор, унинг маҳаллий органи оқсоқоллар Кенгаши(Қишлоқ, Шаҳар, Вилоят оқсоқоллар Кенгаши) жорий этилади. Оқсоқоллар Кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти алоҳида қонун билан аниқланади.

3.2. Ижроия ҳокимият: а) Президент (Ўзбекистонда Давлат Раиси, деб аташ таклиф этилади), беш йилда бир сайланади. Унинг ҳуқуқ ва ваколатлари, Президентликка сайловлар тартиби Асосий Қонун ва қонунлар билан белгиланади.

Президент, давлатнинг, мамлакатнинг тимсоли ўлароқ умум давлат аҳамиятига эга масалаларни ҳал этмоғи лозим деб ҳисоблаймиз. Ижроия ҳокимиятининг асосий функтсияси Вазирлар кабинетига, унинг Раиси Бош Вазир зиммасига юклатилиши тарафдоридирмиз.

б) Вазирлар кабинети ва Бош Вазир ваколатлари ҳам қонун билан белгиланади.

Вазирлар кабинети, ижроия ҳокимиятнинг Президент ваколатига кирмайдиган бутун органларини бошқаради. Вазирлар кабинетининг маҳаллий бошқарув органлари, қишлоқ, шаҳар ва вилоят ижроия комитетлари(ҳозирги ҳокимиятлар) ҳисобланиши лозимдир деган таклифни олға сурамиз. Маҳаллий бошқарув органлари қишлоқда, қишлоқ ижроия комитети, шаҳарда маҳалла ижроия комитети бўлиб, улар ҳокимиятнинг энг қуйи бошқарув органлари ҳисобланиши керак деб ҳисоблаймиз. Маҳаллий бошқарув органларининг  фаолиятлари, уларнинг ҳуқуқлари, вазифаларини белгилайдиган қонунлар ҳукм суради. Шу билан бугунгача одатга кирган давлат ҳокимиятининг район бошқарув тартибини ортиқча деб ҳисоблаймиз.

в) Маҳкама ҳокимияти : Олий маҳкама, вилоят, шаҳар ва маҳаллий маҳкамалар шаклида ташкил этилади.

Маҳкамаларнинг барча буғунларида ҳақамлар сайлаб қўйилади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва тартибни сақлаш органлари ваколатлари махсус қонунлар билан аниқланган бўлади. Уларнинг иш тартиби ва усуллари Давлатнинг ахлоқий асосига мос тўла қайта ишлаб чиқилади

Инсон ҳуқуқларининг асосий принсиплари.

Ўзбекистон давлати инсон ҳуқуқларини тўла ва батамом ўз давлат мафкураси асосида аниқлайди ва улар Асосий қонунда изоҳларга ўрин қолдирмайдиган шаклда ифодалаб қўйилади.  

Ер юзидаги барча одамларга Аллоҳ бандаси, инсон деб қаралади. Шунинг учун инсон ҳуқуқлари ҳамма жойда, ҳар қандай ҳолатда Давлат томонидан ҳимоя қилинишш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Аёллар, болалар, қариялар, касал ва ярадорларни ҳужумдан сақлаш, аёллар шанини муҳофаза этиш каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг муқаддас бурчи ҳисобланади.

Очнинг емак ейиши, беморнинг қаровчи билан таъминланиш ҳақи қонун билан таъминланади. Бундай қонуннинг шаксиз бажарилиши давлат назоратида бўлади.

Юқорида саналган ҳуқуқлар бутун одамзотга тегишли бўлиб, умум инсоний ҳуқуқлардир, фуқаро фақат инсон бўлгани учун ҳам бу ҳуқуқларга эгадирлар.

Фуқаролик ҳуқуқлари умум инсоний ҳуқуқларнинг хусусий ҳолидир. Яъни Ўзбекистон ҳудудида инсоннинг бу ҳуқуқлари сўзсиз муҳофаза этилади. Инсоннинг (хусусий ҳолда фуқаронинг) бундай ҳақи ҳуқуқи ҳеч ким (унинг мансаби қай даражада бўлишидан қатъи назар) тарафидан камситилишига қонунлар ёрдамида йўл қўйилмайди. Шу билан бирга Ўзбекистондан турли хил сиёсий ва иқтисодий тазйиклар натижасида чиқиб кетганларга Ўзбекистон фуқаролиги беришга эришилади.

IV.  ИҚТИСОДИЙ СИСТЕМА.

Давлат иқтисодий сиёсати поклик, ҳақлик, адолат ва ишончга асосланган маълум чегара ва нормаларга мослашган булади.

Иқтисодда, капиталнинг ( маблағнинг ) ишлашида, унинг ўсиши ва харажат этилишида барча ишбилармонлик, ишдаги фаоллик ўша аниқ қоида ва нормаларга қурилади, ундан жиндак ҳам оғишга қонунлар воситасида йўл кўйилмайди. Капитал (маблағ) инвеститсиясининг айланиш (фойдаланиш) шакли ва йўли аҳамиятга эга эмас. Чунки бу шакл ва йўллар тарихий давр ва вазиятга қараб ўзгариб туриш эркига эга.

Маълумки ҳар бир иқтисодий система ва унинг тизими (структураси) жамиятда содир бўладиган вазиятларга, уларнинг мавжудлик шартларига, ҳаётнинг турли хил поғоналарида одамлар талабларига мос равишда ўзгариб, бир кўринишдан бошқа кўринишга ўтиб турадиган инсоният сивилизатсияси жараёни билан биргаликда ривожланади. Лекин биз таклиф этаётган системанинг қоида ва нормалари, ҳатто жамиятда кескин иқтисодий вазият туғилганда ҳам, хилма-хил иқтисодий шакллар фаоллашганда ҳам бузилмайди. Аксинча, бу иқтисод нормалари ва қоидалари доим сақланиб қолади. Уларга ҳар қандай вазиятда ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва сўзсиз амал қилиш зарур бўлади.

Иқтисоднинг таклиф қилинаётган нормалари Аллоҳ яратган барча ер ости ва ер усти бойликлар одамзотга тегишли деб ҳисоблайди. Ёруғ дунёга келган ҳар бир инсон зоти Аллоҳ яратган бойликларга шерик деб қаралади. Аллоҳ яратган бойликлардан фойдаланишда барча баравардир. Ҳар қандай монополизм қонунлар ёрдамида тақиқланган бўлади.

Ҳар бир кишига ўз турмуш даражасини яхшилаш имконияти яратилади. Меҳнатга қобилиятли кишиларнинг ҳаммасини фойдали меҳнатга жалб этиш учун Давлат, Ижроия ҳокимият ўз вақолатидаги барча имкониятларни ишга солади.

Дарёларнинг, булоқларнинг суви, урмон дарахтлари, мевали дарахтлар мевалари (кишилар хусусий ерларидаги мевали дарахтлар бундан мустасно), шунингдек ер юзидаги бошқа бутун ўсимликлар, ёввойи ҳайвонлар, ер ости фойдали қазилмалар алоҳида кишиларнинг хусусий монополистик мулкига айланмайди. Бундай мулкдан фойдаланишнинг адолатли умумхалқ шакли ишлаб чиқилади.

Ерга хусусий мулк тикланади. Аммо ердан фойдаланиш агротехник асосда нормал бир шаклда қонунга мувофиқ йўлга қўйилади. Яъни ер эгалари ернинг сифатини ва доим фойдаланишда қолишини таъминлашга қонунлар асосида мажбур бўладилар. Ердан фойдаланиш ва унинг экологик тазолигини сақлаш махсус қонунларга мувофиқ давлат томонидан назорат қилинади.

Иқтисодий система мулкнинг :

Умумдавлат (умумхалқ) мулки ва фуқаролар хусусий мулки шаклларига эга бўлади. Мулкнинг советлар замонида учраган жамоа, кооператив ва бошқа хил кўринишлари фуқаролар томонидан ўз ихтиёрлари билан ташкил этилган бўлиб, хусусий мулкнинг юридик шахсларга оид бир шаклидан иборатдир. Уларга муносабатлар хусусий мулкга муносабатлар каби бўлажакдир.

Бу иқтисодий система барча инсонлар учун иқтисодий тенглик яратишга эмас, балки уларнинг бойликлар ортиришга, иқтисодий яхшиланишга, турмушини ўнглашга бўлган интилиш ва ҳаракатларида баб-баравар имкониятлар яратишга қаратилгандир. Бу системада кишилардаги Аллоҳ томонидан берилган куч ва қобилиятларини яхши яшаш учун ишлатишга халақит берадиган маҳаллий ва миллий шароитларни ҳисобга олмаган қонунлар ва бошқа тўсиқларга чек қўйиш кўзда тутилгандир.

Иккинчидан, бу система, баъзи бир хил гуруҳлар, уруғ – аймоқ ва оилаларга мерослар ҳисобидан алоҳида иқтиосдий имкониятларга эга кишиларнинг, бошқа шунақа мулкка эга бўлмаганлар устидан монополиясига йўл қўймайди. Бундай монополиянинг тикланмаслигини Давлат қонунлар асосида таъминлайди.

Шундай қилиб, янги иқтисодий система кишиларнинг ҳаракат ва қобилиятларига мос меҳнат билан яхши турмуш қуриладиган шароит ва имкониятлар туғдиради. Бу эса жамият аъзоларининг (инсоннинг) ижодий ташаббускорлигини оширади. Бундай иқтисодий система принсиплари қонунлар билан аниқланиб, улар кескин белгилаб қўйилади.

Қариялар, етим болалар, ногиронлар ва бошқа ночор кишилар давлат нафақалари билан таъминланади ва уларга доимий ёрдам этадиган жамғармалар, вақифлар ташкил этиш рағбатлантирилади. Бундай меҳр – шафқат ишларига давлат тарафидан махсус ёрдам ажратилади. Улар қонунлар асосида махсус имтиёзларга эга бўладилар.

Солиқ системаси адолатли қоидалар асосида қайта ишлаб чиқилади. Янги ситемага кўра ҳеч ким  солиқлардан қочмайди, солиқ тўланиши лозим бўлган молини яширмайди, натижада кишилар турмуши учун зарур бўлган барча бюджет маблағлари лозим вақтда муҳайё бўлган бўлади. Давлат маъмурлари фақат солиқлардан ҳосил бўлган бюджетга мувофиқ яшашга ўрганадилар.

Янги иқтисодий система якка шахс ва кишилар жамоасини мутлақо бир хил даражада қарашга асосланади. Бунда мулкка бўлган инсон ҳуқуқлари ва эрки жамиятга фойда келтирадиган даражада қўриқланади ва ҳимоя қилинади.

Мулкчилик ва мерос қонунларга мувофиқ аниқланади. Фоизсиз банк системаси ривожлантирилади.

Хуллас, иқтисодда кўзга ташланарли ўзгаришларга эришилади. Буниинг учун қатор муҳим ва долзарб иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилади.

Бу ерда энг аввал барча фуқаро манфаатини баравар ҳисобга оладиган қонунлар асосида умумий мулкни хусусийлаштириш амалга оширилади.

Умумий мулкни хусусийлаштириш қоидалари алоҳида ишлаб чиқилади ва қонун кўринишида эълон қилинади.

Дунё иқтисодий жафҳасида юқори ўринларда (ривожланган мамлакатлар қаторида) мустаҳкам жой эгаллашга эришилади. Бунинг учун мамлакатда оғир саноат (металлургия, машинасозлик, самолётлар ишлаб чиқариш), егил саноат (тўқимачилик : ипак ва пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш) жадал ривожлантирилади. Бу соҳада замонавий технологияни жорий қилишга мутлақ эришилади.

Ўзбекистон оғир саноати ва енгил саноати маҳсулотлари дунё бозорида рақобат қила оладиган даражага кўтарилади. Ипак ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришда жаҳонда энг юқори ўринлардан бирини эгаллашга эришилади.

Қишлоқ хўжалигида кескин инқилобий ўзгаришлар амалга оширилади. Чигит экиш майдонларини қисқартириб, ҳосилдорликни эса, замонавий илм асосида ошириш, пахта толаси сифатини яхшилаш ҳар томонлама рағбатлантирилади. Ғалла экиш (буғдой, зиғир, кунжут, кунгабоқар) ривожлантирилади. Ўсимлик ёғлари (зиғир, кунжут, кунгабоқар, чигит) ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилади. Бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш технологияси ривожлантирилади. Ўсимлик ёғлари сотишда дунё бозорида рақобат қилиш даражасига кўтарилади.

Мева-сабзавот етиштириш ва бу маҳсулотларни дунё бозорида сотиш ишлари энг уйғун бир шаклда йўлга қўйилади. Майиз, туршак, ер ёнғоғи тайёрлаш ва сотиш ишлари замонавий технология асосида қайта ишга солинади. Бу соҳада илмий тадқиқот ишлари ривожлантирилади.

Мамлакат қоракул тери ва жун етиштириш ва уни сотиш бўйича дунёда рақобат қила олиш даражасига келтирилади.

Ўзбекистонда гўштдор ва жунли қўйларни кўпайтириш шароити бор. Шунинг учун чорвачиликда бу соҳага алоҳида эътибор берилади. Ўзбекистон қўй гушти экспорт қила бошлайди.

Ер ости бойликларидан фойдаланиш тежамли ва мантиқли план асосида олиб бориладиган бўлади. Олтин ва бошқа рангли металлар қазиб олиш, нефт, газдан фойдаланиш узоқ келажак авлодларимиз такдирини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади. Шу билан бирга ер ости геологиясини ўрганиш ва ер ости бойликларини разведка қилиш соҳасида илмий текшириш ва тадқиқот ишлари ривожлантирилади. Бу соҳага капитал маблағ етарлича ажратилиши таъминланади.

Ўзбекистон юк ва йўлчилар ташийдиган самолётлари, енгил автомобил, қишлоқ хўжалик машиналари, ипак ва пахтадан ишланган тайёр маҳсулотлар, ўсимлик ёғлари, қуруқ мевалар, қоракул тери, жун, олтин ва кумуш буюмлар ҳамда қўй гўшти экспорт қиладиган мамлакатга айлантирилади.

V.  ИЖТИМОИЙ ТУЗУМ.

Ижтимоий тузумда бош масала одамзот ибтидода Одам аллайҳиссаломдан тарқаган, деб билишга асосланади. Шундан келиб чиқиб, бутун дунёда инсонлар бир-бирига оға-ини ва дўст, улар барчаси бир хил ҳақ ва ҳуқуқка эгадирлар. Уларнинг ҳеч бири бошқасидан бирорта ҳуқуқий фарқка эга бўла олмайдилар деб қаралади.

Давлат ўз фуқароси инсоний ҳуқуқларини белгилашда ана шундай умуминсоний тушунчаларга асосланади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда кишилар (фуқаро) ижтимоий келиб чиқиши, ранги, яшаш жойи, тили ва диний эътиқодига қараб фарқланмайдиган ижтимоий система вужудга келтирилади. Кишилар фақат ўз фикр-мулоҳаза, билим, илм, мақсад, адаб-ахлоқ ва тақвадорликлари билан бир-биридан фарқ этадилар.

Ўзбекистонда тор миллий доирада эмас, балки умумий мафкура ва ахлоқга эга бўлган ижтимоий жамият тузилади. Айни шундай принсиплар ва мақсадлар атрофида бирлашганлар жамияти Ўзбекистон ижтимоий давлат тузумини ташкил этади. Бу жамиятда кишилар уруғ, миллат ёки бошқа жамоатчилик хусусиятларига қараб белгиланмайди. Уларнинг орасида миллий белгисига қараб даражаланадиганлари йўқдир. Инсон ўз лавозими ёки ижтимоий келиб чиқишига қараб юқори ёки паст даражали ҳисобланмайдиган шароит вужудга келтирилади.

Ҳар бир кишининг жамиятдаги ўрнини, даражасини, унинг юқори ахлоқи, маънавияти ҳақиқатпарварлиги ва иймони белгилаши таъминланади.

Мамлакатда фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг энг муҳимларидан бири оила масаласи бўлиб, у муҳим ижтимоий муаммо ҳамдир. Оила одатда эр ва аёл ўртасида никоҳ асосида вужудга келади.

Оила жамиятнинг асосий элементи бўлганлиги учун у ижтимоий системанинг ҳам асосини ташкил этади. Келажак авлод оилада илк тарбия олади. Унинг ахлоқи, мафкураси энг аввал оилада шаклланади. Шунинг учун ёшларнинг оиладаги ва мактабдаги ахлоқий тарбияси мамлакатнинг ижтимоий системасидан ажралган ҳолда бўла олмайди. Демак, бу ижтимойи система болаларнинг мактабда ва оилада бир усулда, бир хил тарбия оладиган муҳит яратади.

Ижтимоий системада кишиларнинг ўзаро муносабатлари (қардошлик, жамоатчилик ва ҳ.к.) алоҳида ўрин тутади. Бу муносабатлар: а) ҳар бир инсонга, энг яқин қариндошларга (ота-она, ака-ука, фарзандлар ва ҳоказолар) муносабат; б) жамиятнинг қолган барча аъзоларига, бутун инсониятга муносабатлардан ташкил топади.

Мазкур ижтимоий тузум инсонлар ўртасидаги муносабатларда бир-бирига меҳрибон ва шафқатли, оқибатли бўлишни талаб этади ва ўрнатади. Аммо бу муносабатларда ўзаро адолатли бўлиш алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳеч бир замон қариндошлик, ёр – дўстликдан келиб чиқиб ноҳақ ишларда бир-бирини қўллаб – кувватлаш каби қусурларга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолатлар умум манфаатларига катта зиён келтириб, у буюк гуноҳ ҳисобланадиган бўлади.

Кишилар орасидаги муносабатларда буюк пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алейҳи вассалом ҳадисларидан бирида айтилганидай ҳолат вужудга келтирилади. Пайғамбар ҳазратларидан, “Аллоҳга қасам ичиб айтаманки улар иймонсиздир, улар иймонсиздир у кимдир“-деб сўрашганда Расулуллоҳ, “у қўшнисини бахтсизлик ва ёвузликлардан қўруқламаган”-деб жавоб айтган эканлар.

Ўзбекистон давлати, фуқаронинг соғлигини сақлаш, болалар, ёшлар ва қарияларга қонунлар асосида моддий ва маънавий ёрдам ташкил этишни таъминлайди.

Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг қонун билан тартибга солинган имтиёзли иш таътиллари жорий бўлишига эришилади.

Бутун дунёда яшовчи одамзотга энг аввал Аллоҳ яратган инсон, деб муносабатда бўлиш одатга айлантирлади. Фуқаронинг давлатга ва аксинча Давлатнинг фуқарога муносабатлари халқаро принсипларга мос қонунлар ёрдамида йўлга қўйилади.

Ташки сиёсатнинг асосий принсиплари.

Ўзбекистон ҳарбий блокларга кирмайди. У бетараф давлатдир.

Ўзбекистон давлати халқаро муносабатларда жаҳон ҳамжамияти қабул қилган келишувларга оғишмай амал қилади. Тинчликни сақлаш, атроф-муҳитни асраш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва бошқа эзгуликларга қаратилган Умумжаҳон шартномаларига қўшилади ва уларни қўллаб, қувватлайди.

Ўзбекистон ўз фуқаросининг ҳақ-ҳуқуқларини, қадр-қимматини дунёнинг ҳар бир ерида қўриқлай оладиган имконни яратувчи давлатлараро шартномаларга эга бўлади.

Дастурда кўрсатилган барча мақсадлар қонунлар асосида амалга оширилади. Биз иқтидорга келсак бундай қонунлар қабул этилишига эришамиз ва уларнинг амалда қўлланишини таъминлаймиз.

Биз ана шундай жамият қурилишига ишонамиз. Уни қуришда унумли ишлар қиламиз! Иншооллох!

Bir cevap yazın

E-posta hesabınız yayımlanmayacak. Gerekli alanlar * ile işaretlenmişlerdir

*