Суҳбат – 23.

Гуноҳларини эслаб хушидан кетишарди.

Ислом улуғлари гуноҳдан қаттиқ қўрқишарди. Ҳаттоки тавба қилган гуноҳларини эслаганларида ҳам қўрқувдан ҳушларидан кетишарди.

Язид ал-Ҳумайрий баён қилади: “Кунларнинг бирида Атабатул Ғулом дўстлари билан бирга йўлга чиқди. Бир жойдан ўтаётганда уни титроқ тутиб, қаттиқ тер босди. Сабабини сўрашганида “Бу жойда ёшлигимда гуноҳ ишлаган эдим” деб жавоб берди.”

Рабиъ бин Ҳайсам ҳайит куни қурбонини сўйганда “Аллоҳим, сенинг розилигинг нафсимни қурбон қилишда эканлигини билсам, иззат ва жалолинг ҳаққи учун уни қурбон қилардим” дерди. Ҳозир сизлар бир тоат қилган вақтда бутун гуноҳларингиз кечирилди деб ҳисоблайсиз. Бу алданишдан бошқа нарса эмас.

Абу Сулаймон Дароний айтдики: “Тақво аҳли бўлган мўминларнинг Аллоҳ узоқ умр сўрашлари фақатгина Аллоҳга янада кўпроқ тоат қилишлари учундир.”

Довуд алайҳиссаломга жаноби Ҳақ шундай ваҳий туширганди: “Эй Довуд, Исроил ўғилларига айт, уларнинг гуноҳларини авф этганим ҳақида қаердан хабар келибдики, пушаймон бўлишни унутишмоқда? Иззат ва жалолим ҳаққи учун мен ҳар бир гуноҳкорни қиёмат куни ҳисобга тортаман.”

Молик бин Динор Басрадан пиёда ҳаж сари йўлга чиққанида нима учун улов билан йўлга чиқмаганлигини сўрадилар. У жавобан “Гуноҳкор банда Рабби билан сулҳ учун кетаётганида уловда борадими? Валлоҳи мен Маккага оловларни босиб боришни ҳам кўп деб билмайман” деди.

Имоми Шароний ҳазратлари айтдики: “Эй биродар, буларни қулоғингга яхшилаб қуйиб ол! Гуноҳларингни эслаганда терла ва тавба қил! Асло тавба ва истиғфорни аҳамиятсиз билма! Чунки сен гуноҳингни яқинан биласан. Лекин кечирилганлигингни яқинан билмайсан. Шундай экан, кечаю кундуз Аллоҳдан авф этилишингни сўра. Билки, гуноҳларни фақатгина Аллоҳ кечиради.”

Ҳазрати Али айтдики: “Ақлли киши ибодати билан нафсининг истаклари қарши чиққан одамдир. Жоҳил кимса эса гуноҳ ишлаб, нафсининг орзуларига эргашган одамдир.”

“Олим жоҳил кимсани дарров танийди. Чунки аввал ўзи ҳам жоҳил эди. Жоҳил эса олимни танимайди, чунки аввал олим эмасди.”

Ҳадиси шарифда “Уч нарса бир кишида жам бўлса, у қирқ авлиёдан биридир. Тақдирга рози бўлган, ҳаром ишламасликка сабр қилган ва Аллоҳ учун ғазабланган киши” деб марҳамат қилинган.

Аллоҳ мазлумлар ёнидадир.

Халифа Умар бин Абдулазиз ўз ҳокимларидан бирига ёзган мактубда шундай деган эди: “Халқ олдида куч-қудратга эга бўлиб, хоҳлаганингни буюрадиган ҳолга келганингда Аллоҳу таолонинг ҳам сени устингдаги қудратини ўйлаб, ҳаракат қил. Шуни яхши билки, одамларга қила оладиган ёмонлигинг ўткинчи бўлиб, нари борса ажалинггача давом этади. Бунинг эвазига тортадиган азобинг эса, қиёматгача давом этади. Шуни ҳам унутмагинки, мазлумнинг ҳаққини золимдан шахсан Аллоҳу таоло ўзи олади. ҳеч қачон сенинг олдингда Аллоҳдан ўзга суянгани бўлмаган кишиларга зулм қилма. Бир мазлум сидқидилдан Раббига ёлворса, Аллоҳу таоло шу заҳотиёқ унга ёрдам беради. Ояти каримада “Қийин аҳволда қолган одам сиғинганда ёрдам бергучи ва мушкилини кетказувчи…” деб марҳамат қилинган.”

Абдуллоҳ бин Салом “Ҳақи ўталмагунча Аллоҳу таоло мазлум билан биргадир” деган. Салафи солиҳиндан бир зот: “Эй гуноҳкорлар, эй золимлар, Аллоҳу таолонинг сизга кўрсатаётган кенг муомаласига алданманг. Исёнингиз сабаб сизга бўлган ғазабидан қўрқинг” деган. Бу Аллоҳу таолонинг буйруғи. Ояти каримада“Ниҳоят улар бизни ғазаблантиргач, улардан интиқом (ўч) олдик…” дейилган.

Ёқуб ал-Қорий баён қилади: “Бир куни тушимда қорачадан келган узун бўйли одамни кўрдим. Ҳамма унинг ортидан эргашиб кетаётганди. Мен “Бу зот ким?” деб сўрадим. “Увайс ал-Қарнийдир” деб жавоб беришди. Мен ҳам унинг ортидан эргашиб “Менга насиҳат беринг” дедим. Увайс менга аччиқлангандек бўлди. Мен “Мен тўғри йўлни сўраяпман. Аччиқланишингизга ҳожат йўқ” дедим. Увайс менга юзланиб “Аллоҳнинг раҳматини Унга итоатдан изла, исёнингдаги ғазабидан қўрқ. Раҳматидан умидингни узма” деди ва мени тарк этди.”

Амалсиз мағрурлар.

Ислом улуғлари амаллари қанчалик кўп бўлса ҳам, буларга эмас, жаноби Ҳақнинг раҳматига, эҳсонига орқа суярди.

Бишри Хофий айтди: “Биз шундай зотларни учратдикки, улар тоғдек амалларига қараб алданишмасди. Ҳозир эса, сизларга қараб кўряпманки, ҳеч қандай амалингиз бўлмаса ҳам мағрурсизлар.”

Ҳотам-ул Асом: “Раббингга осий бўлишингга қарамай эрталаб туриб ишларинг юришаётганини ва Аллоҳу таолонинг неъматлари мўл-мўл ёғаётганини кўрсанг, Аллоҳдан қаттиқ қўрқ ва эҳтиёт бўл. Чунки бу ҳол даража-даража катта азобга етаклайди. Биз учратишга муяссар бўлган улуғ зотлар кичик гуноҳлари учун сизларнинг катта гуноҳларга кўрсатадиган қўрқув ва хавотирдан ҳам ортиқроғини кўрсатишарди” деганди.

Ибнус Саммок айтди: “Агар тоатнинг фойдалари фақатгина юзларни нурлантириб, гўзаллаштириш, кўнгилларда муҳаббат ҳосил қилиш, вужуд аъзоларини қувватлантириш, нафсга хотиржамлик бериш ва одамларга берадиган гувоҳлигига васила бўлиш… каби фойдалардан иборат бўлса ҳам гуноҳлардан сақланиб тоат билан машғул бўлиш учун етарли бўларди. Гуноҳларнинг эса юзни хунуклаштириб, қалбларни қорайтириш, лаънат-ла ёд этилишига сабаб бўлиш, нафснинг хотиржамлиги ва шоҳидлигининг мақбулиятини йўқ қилиш каби зарарлардан бошқа зарари бўлмаса ҳам булар одам учун етиб-ортади. Аллоҳ ҳар муте ва осий қулига итоатининг севинчини, исёнининг ғамини тотиши учун белгиларини зудлик билан беради.”

Ҳасан Басрий: “Аллоҳга осий бўлган қул дунёда ва охиратдан паришон, одамлар орасида шарманда бўлади. У гуноҳни кечаси қилса, эрталаб унинг жирканчлиги пешонасида кўриниб туради” деди.

Ҳазрати Али: “Ақлли киши бу – шаҳватдан узоқлашган, охиратни дунёга алмаштирмаган кишидир. Ақлли одам эҳтиёжи миқдорида ва далил билан гапиради, фақатгина охиратини ислоҳ қилиш учун ҳаракат қилади. Ақлли киши гуноҳлардан сақланади, жиноятлардан узоқ туради. Сахийлик гуноҳларни ювиб, қалбларга севги уруғини экади” деган.

Гуноҳдан ҳам ёмон тўрт нарса.

Аввом бин Хушаб айтади: “Гуноҳдан бошқа яна тўрт нарса борки, у гуноҳнинг ўзидан ёмонроқдир. Улар:

1) Бандаси ўз нафсидаги гуноҳ қилишга майиликни батамом юлиб ташламаган ҳолда тили билан истиғфор сўзлаши;

2) Жазосининг Аллоҳ томомнидан дарров берилмаганлигига алданиши;

3) Гуноҳ қилишда давом қилиши;

4. Гуноҳ қилганидан сўнгра бирор ибодат қилиб, энди гуноҳим кечирилди деб севиниши.”

Ҳасан Басрий: “Одам қилган гуноҳини кимга қарши содир қилганини ўйлаб уялиши керак. Ҳазрати Ҳусайинни ўлдирганлар эртага охиратда Аллоҳу таолонинг фазли-карами, авфи билан жаннатга кирсалар ҳам, авлоди жонига қасд қилган Расулуллоҳнинг ёнларидан ўтишга қандай журъат қилишади? Расулуллоҳнинг уларга ғазаб билан боқишларига қандай чидайдилар?” деди.

Абдуллоҳ бин Аббос айтади: “Аллоҳга итоатгўй одамнинг намози, рўзаси ва тиловати кам бўлса ҳам Аллоҳни зикр қилган бўлади. Аллоҳга исёнкор кимса эса Аллоҳни унутган бўлади. Илм эгаларининг илми билан омил бўлишларининг бир белгиси – амалларнинг энг яхшилари билан банд бўлишларидир.”

Суфён бин Уяйнадан сўрадилар: “Эй Суфён, банда бир ишга қасд қилиб, лекин қилмаса, фаришталар буни қандай билиб ёзади?” У жавобан “Ёзувчи малоика ғайбни билмайди. Банда хайрли ва чиройли амал қилишга кўнглига тугганда ундан мушки анбардек гўзал ифор таралади. Фаришталар банданинг хайрли амал қилишга бел боғлаганини шундан билади. Банда ёмон ишга қасд қилганида ундан бадбўй ҳид тарқалади. Банданинг ёмон иш қилмоқчи эканлигини шундан билиб, ёзадилар”- деди.

Ҳазрати Али айтди: “Эй ўғил! Ота-боболаринг юртини кез ва қолдирган асарларини диққат билан синчикла. Нима қилганлар, қаердан қаерга нима учун кўчганлар? Шуларни ўрганганингда уларнинг ўз яқинлари ва севганларидан ажралиб, ғурбат чекканлигини кўрасан. Худди улардек сен ҳам яқинда ўзинг билмаган ва кўрмаган жойларга кўчиб кетасан. Шундай экан, келажакдаги жойингни ҳозирдан тайёрла ва тозала. Дунё учун охиратингни сотма!”

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Уч киши фалокатдадир:

1. Сенда кўрган яхшиликни яшириб, ёмонлигингни овоза қиладиган киши;

2. Ёнида бўлганингда сени ранжитадиган, йироқда бўлганингда хиёнат қиладиган жуфт;

3. Яхшилигингни кўрмайдиган ва ёмонлигингни кечирмайдиган раҳбар.”

Ёмонликдан сақлайдиган қурол.

Одамни гуноҳ ва ёмонликдан узоқ ушлайдиган, ҳимоя қиладиган энг кучли қурол Аллоҳ қўрқуви, Унинг шиддатли жазоси ва аламли азобини эсдан чиқармасликдир. Ояти каримада “Аллоҳнинг буйруғига зид ҳаракат қилганлар бошларига бир бало келишидан ёки жонини ёқувчи азобга дучор бўлишдан қўрқсин” деб огоҳлантирилган.

Нақл қилинишича, ўлим тўшагида ётган бир йигитни зиёрат қилган Расулуллоҳ ундан “Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?” деб сўрадилар. Йигит “Гуноҳларимдан қўрқяпман ва ёлғиз Раббимдан умидимни узмаяпман” деб жавоб беради. Расули акрам “Ўлим вақтида (қўрқув билан умид) кимнинг қалбидан жой олса, Аллоҳу таоло уни қўрққан нарсасидан ҳимоя қилади, умид қилган нарсасига эриштиради” деб марҳамат қилдилар.

Сулаймон бин Абдулжаббор баён қилади: “Бир гуноҳ қилдим. Лекин бунга аҳамият бермадим. Тушимда “Кичик бўлса ҳам асло гуноҳни кичик кўрма. Чунки бу ерда кичик кўрганинг қиёмат куни катта бўлиши мумкин” дедилар.”

Али бин Сулаймон ал-Анмосий “Тушимда ҳазрати Алини худди таърифлаганларидек кўрдим. У “Агар давомли кечаси уйғонадиган обидлар ва давомли рўза тутадиганлар бўлмаганда, бир саҳар вақти оёғингиз остидаги тупроқ қум бўлиб сочилиб кетарди. Чунки сизлар керакли тарзда итоат қилмайдиган ёмон бандалар эдингиз” деди” деганди.

Ҳасан Басрий айтди: “Сизлардан аввал шундай зотлар ўтдики, шағал тошдек кўп олтин тарқатсалар ҳам нажот топмайман деб ҳисобларди. Улар қилган гуноҳларини шундай катта деб билишарди.”

Бир ҳадисда Расулуллоҳ марҳамат қилдиларки: “Нафсим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасам ичаманки, осмонларда фаришталар пешонасини саждага қўймаган, қиёмда турмаган ёки руку қилмаган тўрт бармоқ жой ҳам бўш эмас. Агар менинг билганларимни билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлардингиз. Аллоҳнинг азобидан ва шиддатли интиқомидан қўрқиб, фарёд кўтариб йўлларга, саҳроларга тарқалиб кетардингиз.”

Кулиб гуноҳ қилган, йиғлаб дўзахга киради.

Ваҳб бин ал-Вард ҳазратларидан ривоят қилинишича, Исо алайҳиссалом “Жаннатни севиш ва жаҳаннамдан қўрқиш гуноҳларга қарши сабрни осонлаштиради, одамни исён ва дунё шаҳватларидан узоқлаштиради” деган.

Абу Бакр Абдулоҳ ал-Музаний ҳам “Кулиб туриб гуноҳ қилган кимса, йиғлаган ҳолда жаҳаннамга киради” деганди.

Ҳадисда ҳам қуйидагича марҳамат қилинган: “Агар мўмин Аллоҳ наздидаги бутун азобларни билганида эди, ҳеч қачон жаҳаннамдан амин бўлмасди.”

Бухорий билан Муслим ривоятларида “Аввал энг яқин қариндошларингни огоҳлантир” ояти каримаси нозил бўлганда Расули акрам қариндошларига шундай дедилар: “Эй Қурайш жамоати, Аллоҳнинг амрларига бўйсунинг. Акс ҳолда мен Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун сизларга ҳеч қандай фойда беролмайман. Эй Маноф ўғиллари, мен Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун сизларга ҳеч қандай фойда беролмайман. Эй Расулуллоҳнинг амакиси Аббос, мен Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун сизга ҳеч қандай фойда беролмайман. Эй Расулуллоҳнинг аммаси София, мен Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун сизга ҳеч қандай фойда беролмайман. Эй Аллоҳнинг расули Муҳаммаднинг қизи Фотима, мендан истаганингни сўра, лекин мен Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун сенга фойдам тегмайди!”

Имоми Аҳмад бин Ханбал ривоятида ҳазрати Оиша Расули акрамдан “Рабларига қайтишидан қалблари ҳуркиб қўрққанлар…” оятида билдирилганидек бу қўрққанлар зино, ўғрилик ва ичкилик каби гуноҳларни қилганларми?” дея сўради. Расули акрам “Йўқ, фақатгина улар эмас, булардан сақланиб, намозини ўқиган ва рўзасини тутган ҳолда бу ибодатларининг қабул бўлиб-бўлмаганлигидан қўррқанлардир” деб жавоб бердилар.

Ҳасан Басрий ҳазратларидан “Эй Або Саид, шундай воизлар борки, доимо Аллоҳнинг раҳматидан ва умид қилишдан гапирганида шундай даражага чиқишадики, қувончимиздан қанот қоқиб учгудек бўламиз. Бу ҳолимиз дурустми?” деб сўрадилар. Ҳасан Басрий “Нажот топгунингизча сизни қўрқитадиган нарсалардан қўрқиб юришингиз, қўрққан нарсангиз бошингизга тушгунча умид билан юрганингиздан хайрлидир” деди.

Аллоҳдан қўрқувнинг белгиси амрга итоатдир.

Аллоҳу таолодан қўрққан киши Унинг амрларига бўйсунади. Қўрқишининг энг катта белгиси мана шудир.

Исҳоқ бин Халф ҳазратлари айтдики: “Гуноҳларни тарк этмасдан кўз ёши тўккан одам Аллоҳдан қўрққан киши бўлиб ҳисобланмайди. Аллоҳдан чинакамига қўрққан киши шуки, у жаноби Ҳақдан қўрқиб гуноҳларни тарк этади.”

Авлиёнинг улуғларидан Абдуллоҳ бин Ҳубайк ҳазратлари қўрқув ва умид ҳақида шундай деганди: “Қўрқувнинг энг фойдалиси гуноҳларга моне бўлувчи, бой берилган фурсатларга узоқ қайғуришингга сабаб бўлувчи ва ўтган умринг учун сени давомли мулоҳаза юритишга ундовчи қўрқувдир. Умиднинг энг фойдалиси эса, амал қилишингни осонлаштирувчи бўлганидир.

Умид уч хил бўлади:

1. Яхши амал қилиб, қабул этилишини умид қилиш;

2. Ёмон ишдан кейин тавба қилиб, кечирилишини умид қилиш;

3. Давомли гуноҳ қилиб, Аллоҳу таолонинг авфидан умид қилиш. Бу умид мақбул эмас.”

Аллоҳ қўрқуви билан Аллоҳ севгиси одамларни саодат ва ҳузурга эриштирувчи икки қанотга ўхшайди. Пайғамбаримиз марҳамат қилдиларки: “Аллоҳдан қўрққан кишидан ҳамма нарса қўрқади. Аллоҳдан қўрқмаган одам эса ҳамма нарсадан қўрқади.” “Энг ақллингиз Аллоҳдан энг кўп қўрққан, амр ва тақиқларга энг яхши риоя қилганингиздир.” “Ақлнинг кўплиги Аллоҳ қўрқувининг кўплигидан маълум бўлади.”

Аллоҳу таолонинг амрига риоя қилган мўмин Раббини қаттиқ севади. Қуръони каримда мазмунан буюриладики:

“Иймон келтирганларнинг Аллоҳ севгиси жуда мустаҳкамдир.” (Бақара, 165). “Мўмин шундай кишики, Аллоҳ исми айтилиши билан қалбига қўрқув тушади.” (Анфол, 2; Ҳаж, 35).

Ҳадис олимларидан Ибни Ҳиббон айтдики: “Қуйидаги тўрт хислатни ўзида жам қилмаган кимсага ақлли ва илм соҳиби дейилмайди: Биринчиси, Аллоҳ қўрқуви. Бутун хайр ва фазилатларнинг боши шудир. Иккинчиси, гўзал ҳаё, уялиш туйғуси. Асиллик шу орқали маълум бўлади. Учинчиси, юмшоқлик. Тўртинчиси, қўл остидагиларга нисбатан сахий бўлиш.”

Илми билан қўрқувлари ҳам ортарди.

Авваллари Аллоҳ дўстларининг илмлари ортган сайин қалбларида Аллоҳ қўрқуви ҳам ортарди. Кейинги даврларда одамларнинг илми ортган сайин ўзлари Аллоҳдан узоқлашмоқда. Боиси ё ўрганганлари ҳақиқий илм эмас, ё қалблари бузуқ. Ширинлик қанд касалига зарар берганидек уларга ҳам илмлари тобора зарар бермоқда.

Ҳасан Басрий ҳазратлари айтадики: “Биз шундай кишиларни кўрдикки, улар қачон илоҳий неъмат ва яқийнлари ортса, Аллоҳдан қўрқувлари ҳам ортарди.”

Суфён Саврий ҳазратлари “Мусулмон одамга Аллоҳ қўрқуви сифатида Худо тақиқлаган нарсаларни тарк этишлари кифоя” деган.

Аллоҳ қўрқувининг сабаби илм ва маърифатдир. Илм ва маърифат соҳиблари ўз айблари, гуноҳлари ва ибодатдаги камчиликларини кўриб, шунга қарамай Аллоҳу таоло ато этган ҳисобсиз неъматларини ўйлаб, ишларидан уялиб, қалбларини қўрқув босади. Ҳадиси шарифда  “Ҳар ҳикматнинг боши Аллоҳ қўрқувидир”деб марҳамат қилинган.

Ҳикматнинг кўплаб маънолари бор. Фойдали илм – фан,касб-ҳунар, маънавий илм каби маъноларга келади. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқиб ҳаромлардан тийилган, ибодатгўй кишининг ҳикмат соҳиби, ақлли киши эканлиги маълум бўлади. Ҳадиси шарифда “Энг ақллингиз Аллоҳдан энг кўп қўрққанингиздир” деб марҳамат қилинган.

Аллоҳ қўрқуви севгилисини йўқотиб қўйишдан ҳосил бўладиган қўрқув бўлганидек, Унга исён қилиб, ҳалокатга учрашдан ҳосил бўладиган қўрқув ҳамдир. Аллоҳу таоло Қуръони каримда маолан буюрадики:

“Аллоҳдан қўрқингки, нажот топасиз.” (Ол-и Имрон, 200). “Фақат олимлар Аллоҳдан қўрқишади.” (Фотир, 28).

“Энг шарафлингиз, Аллоҳдан энг кўп қўрққанингиздир.” (Ҳужурот, 13).

Аллоҳдан қўрқишнинг аломати қуйидаги етти нарсада: тилда, қалбда, кўзда, ошқозонда, қўлда, оёқда ва ибодатда кўринади. Тилидан ёмон гап чиқмайди, қалбидан ёмон ўй ўтмайди, кўзи ҳаромга қарамайди, ошқозонига ҳаром кирмайди, оёқлари ҳаромга бормайди, доим ибодат билан машғул бўлади.

Аллоҳ қўрқуви ризқ борасида ҳам жуда фойдалидир. Пайғамбаримиз: “Аллоҳ қўрқувини ўзига сармоя қилган кишининг ризқи тижоратсиз ва сармоясиз келади” деб марҳамат қилиб “Аллоҳдан қўрққанга Аллоҳ нажот йўлини кўрсатади, кутмаган жойидан ризқини юборади” маолидаги ояти каримани ўқидилар.

Кўз ёши раҳматдир.

Ҳазрати Мавлоно Румий айтди: “Аллоҳ розилиги учун йиғлаган кўз билан У учун ёнган кўнгил нақадар гўзал! Сув бор жойда яшиллик ҳам бўлади. Кўз ёши Аллоҳу таолонинг раҳматига василадир. Кўз ёши тўксанг, йиғлаганларга шафқатли бўласан. Раҳмат истасанг, заифларга марҳамат қилгин.”

Баҳлул Доно ва халифа Хорун Рашид бир ҳаж ибодати вақтида баланд жойда ўтириб, ибодат ва дуо қилаётган, орада кўз ёши тўкаётган одамларни томоша қилишарди. Баҳлул Доно халифага “Эй мусулмонлар халифаси, шу йиғлаётган одамлар ўз гуноҳларининг ҳисобини бера оладими-йўқми, шуни  билмагани учун йиғлашяпти. Сиз эса, ўз нафсингиз билан бирга бутун шу мусулмонларни ҳисобини ҳам берасиз. Сизнинг ҳолингиз нима бўлади?” деди.

Ҳазрати Али айтди: “Аллоҳ қўрқуви туфайли кўз ёши тўкиш қалбни нурлантиради. Такрор гуноҳ ишлашдан одамни муҳофаза қилади.”

Маҳшар майдонига дунёда ҳаром ишлашга кучи, имкони бор бўлган ҳолда нафсларига ҳоким бўлиб, ҳаромга қўл урмаганлар чақирилади. Уларга турли-туман жаннат либослари кийдирилгандан кейин Юсуф алайҳиссаломнинг яшил байроғи остига тўпланишади. Бутун муродларига қовуштирилганларидан кейин Аршнинг ўнг тарафига юборилади. Улар ҳақида Қуръони каримда маолан шундай буюрилган: “Жаннат Аллоҳдан қўрқиб, ҳаромлардан сақланганларнинг маконидир.” (Наҳл, 30).

Сўнгра яна бир нидо эшитилади: “Менинг розилигим учун бир-бирини яхши кўриб, биродар бўлганлар қаерда?” Шунда дунёда фақат Аллоҳ ризоси учун бир-бирини яхши кўрганлар, бу севгисини ҳамма нарсадан устун тутганлар бир жойга тўпланади. Наригилардек жаноби Ҳақнинг жамоли билан мушарраф бўлгач, Идрис алайҳиссаломнинг қизил ёқутдан ясалган байроғи остига тўпланишади. Сўнгра улар ҳам Аршнинг ўнг тарафига ўтишади.

Кейин яна нидо эшитилади: “Дунёда хилват жойларда Аллоҳ учун йиғлаганлар, менинг розилигим учун кўз ёши тўкканлар қаерда?” Шунда олимлар ва шаҳидлар “Бизнинг китоб ёзган сиёҳимиз ва тўккан қонимиз уларнинг кўзёшларидан кўпроқ” дейишади. Аллоҳу таоло уларнинг кўз ёшлари билан шаҳидлар қони ва олимлар сиёҳини торттиради. Аллоҳ учун йиғлаганларнинг кўз ёши оғир келади.

Улар ҳам Нуҳ алайҳиссаломнинг чипор байроғи остига тўпланишади. Турли жаннат неъматларига ғарқ бўлган ҳолда фаришталарнинг таъзими билан Аршнинг ўнг тарафига ўтишади.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Қиёматда ҳамма йиғлаб, кўз ёши тўкади. Лекин дунёда Аллоҳ қўрқуви билан бир томчи кўз ёши тўкканлар йиғламайди.” “Аллоҳу таоло ҳазрати Мусога “Мендан қўрқиб йиғлаб қилинган ибодат, бошқа ибодатлардан устундир” деб буюрган.” “Жаноби Ҳақ қасам ичиб “Дунёда мендан қўрқиб йиғлаган одамни жаннатда абадий кулдираман” деб буюрган.” “Соғилган сут қайта елинга кирмаганидек, Аллоҳ қўрқувидан йиғлаган киши ҳам оловга кирмайди.” “Аллоҳу таолонинг ҳимоясидан бошқа ҳеч қандай пана жой бўлмайдиган қиёматда У ҳимоясига олган етти кишидан бири ёлғизлигида Аллоҳни ёдга олиб кўзидан ёш тўккан кишидир.” “Аллоҳу таоло наздида Аллоҳ қўрқуви туфайли кўздан оққан бир томчи ёшдан ёки Аллоҳ йўлида тўкилган бир томчи қондан қийматлироқ нарса йўқ.” “Ҳар мўмин тоғдек гуноҳи билан масжидимизда келса, йиғлаган кишининг ҳурматига у ердаги барчанинг гуноҳи авф этилади. Чунки фаришталар “Ё Рабби, йиғлаганларни йиғламаганларга шаоатчи қилгин” дейишади.” “Тилига эга бўлган ва камчиликлари учун кўз ёши тўккан киши қандай бахтли!”

Йиғлаш учун ўзларини мажбурлашарди.

Абу Сулаймон Дороний ҳазратлари айтади: “Али бин ал-Фузайл қиёмат бўлиши, даҳшати, сўнгра амалларнинг тортилиши баён этилган «ал-Қориа» сураси ўқилганда тинглашга чидай олмасди. Шу ҳоли вафотигача давом этди. Бир куни фарқига бормай ушбу сурани тинглай бошлади. Қаттиқ титроққа тушиб, уч кун уч кеча ўзига келолмади.”

Сиррий Сақотий айтди: “Аллоҳдан чинакамига қўрққан одам, Қуръон ўқилганда кўнгли бўшашган эмас, ҳолининг нима бўлишини ва қаерга боришини билгунча еб-ичиш ва уйқуни тарк этган кишидир.”

Абдуллоҳ бин Муборак ҳазратлари кўпинча шоирнинг қуйидаги мисраларини ўқирди:

“Кечалари қиларлар тоат-ибодат,

Тонг ёришса рукудадир албат,

Қўрқув уйқусини ҳайдаб, қоим бўлдилар,

Қўрқувсизлар эса, ётиб уйқуга тўйдилар.”

Ҳақиқий маънода Аллоҳдан қўрққан киши эрталабгача бемалол ухлай олмайди, кечаси таҳажжуд намозига туриб, кўз ёши тўкади. Чунки Аллоҳ қўрқуви билан йиғлашнинг фазилати жуда катта.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Аллоҳни ёдга олганда Аллоҳ қўрқувидан кўзидан ёш оққан кишига қиёматда азоб бўлмайди.” “Аллоҳ қўрқувидан йиғлаган кўзга жаҳаннам олови тегиши ҳаромдир.” “Аллоҳ учун кўзларидан ёш оққан мўмин вужудининг жаҳаннам ўтида ёниши ҳаромдир. Бир томчи ёш билан ёноғи намланган кишининг юзи ҳеч қачон ғамга ботмайди. Қиёматда ҳамма нарса ўлчаниб, тортилади. Булардан Аллоҳ қўрқуви туфайли оққан кўз ёши олов дарёсини ўчирадиган кучга эга.” “Вужуди Аллоҳ қўрқувидан титраган одамнинг гуноҳлари дарахт япроқларидек тўкилади.” “Йиғланг, йиғлай олмасангиз ўзингизни мажбурланг, қайғуринг! Қиёматдаги азобнинг даҳшатини биладиган бўлсангиз, ўрнингиздан тура олмайдиган ҳолга келгунча намоз ўқиб, овозингиз чиқмай қолгунча йиғлардингиз.”

яқин мавзу