Ишингизда, ҳаётингизда сизга муваффақиятлар ёр бўлиши учун нималар қилмоқ керак?

Алибой Йўляхши: Камина,  турк тилидаги “динимизислом” интернет нашрининг аъзоси бўлганлигидан менинг и-маил манзилимга  улардан кунлик почта келиб туради. Мазкур нашр, Туркияда нашр этиладиган ”Turkiye” газетасининг суҳбат бўлимини олиб борадиган Меҳмет Али Демирбошнинг (ўзбекчада Маҳмуд Али Темирбош дейиш мумкин) кунлик суҳбатларининг матнини “динимизислом” сайтининг бутун аъзоларига тарқатади, жумладан у матнларни менга ҳам юборишади. Ўша интернет нашрга туркчани билганлар ушбу адресда: http://www.dinimizislam.com/mailgrubu.asp аъзо бўлишлари мумкин.

Қадрли қардошимиз Меҳмет Али Демирбош шу кунларда “Ишингизда, ҳаётингизда сизга муваффақиятлар ёр бўлиши учун нималар қилмоқ керак?” номли мавзуда газетада суҳбат олиб бормоқда. Бу мавзу бизнинг ўқувчиларимиз учун ҳам фойдали ва аҳмиятли бўлар деган хулосага келдим ва уларни ўзбекчага ағдариб ўзбек тилида ўқийдиганларга етказишни ният қилдим. Ана шуларни аста-секин сиз азиз ўқувчилар эътиборингизга узатиб боришни лозим кўрдим. Уларнинг бир қисми шу ерга илова қилинади. 

Ишингизда, ҳаётингизда сизга муваффақиятлар ёр бўлиши учун нималар қилмоқ керак?  

Бир талаба устозига тубандагидек савол билан мурожаатда бўлибди: “Ҳаётимда менга ютуқлар ёр бўлиши учун сиз менга нималар тавсия қиласиз?”

Устознинг жавоблари шулардан иборат бўлган экан: “Ишлари ҳамиша омадли бўлган бир иш одами ўттиз йиллик иш тажрибаси ҳақида менга қуйидагиларни ҳикоя қилган эди:

1. Ширкатимда ишловчиларнинг ҳар бирини ўз ишларининг ягона соҳиби каби сезишини таъминлашга уриндим. Яъни мен ўз фаолиятимда ўзимни ширкатнинг эгаси, унда ишловчилар эса менинг ишчиларим шаклида боқмадим. Ютуқларимизнинг сири мен ёки сенда эмас, балки бизнинг ҳаммамизда эканлигига ҳар бир ишчини ишонтиришга ҳаракат қилдим.

2. Вазифа берган ишчиларимга ўзимдан ҳам кўпроқ ишонч билдирдим. Уларнинг фақат менга эмас, Аллоҳ олдида ҳам жавоб беришларини ҳисобга олиб ишлашларини тушунтирдим.

3. Вазифаларининг даражасига қарамасдан, уларнинг ҳар бирини ўзимдан қимматли ҳисобладим, ҳеч бирини ҳеч бир вақт, ҳар қандай бир сабаб билан хафа қилмадим.

4. Барча ишчиларимни бу дунё ва охиратдаги оға-иниларим деб билдим. Уларнинг ҳеч бирига ишчи деб қарамадим.

5. Ишчиларимнинг ҳаммасига ҳар қандай бир истагида қўлимдан келгани қадар ёрдамчи бўлдим. Баъзиларига эса, уларнинг аҳволларига кўра шундайига, ҳеч қандай қаршилиги бўлмаган ҳолда ҳам ёрдам бердим.

6. Мансабларидан қатъи назар ҳар доим ҳақлининг ёнида бўлдим. Ҳеч бир кишининг қадрини пасайтирмасликка ҳаракат қилдим.

7. Ҳамиша бошқаларга беришни ўйладим, ўзим олишим ҳақида хаёлимга ҳам келтирмадим.

8. Менга жуда кўп зарарлар келтиришга уринганларни ҳам кечирдим. Шуларга ҳам қўлимдан келганича яхшилик қилдим.

9. Ҳеч кимни хафа қилмасликка, ҳаммага табассум билан боқишга ва ширин сўзли бўлишга, қўлимдан келганича уларга ёрдамчи бўлишга интилдим, шундай бўлишга доим ғайрат қилдим.

10. Барчанинг фикр билдиришига имкон бердим. Энг сўнггида тўғри бўлганини қўлладим.

11. Бутун умрим давомида қонунларга уйғун ишладим, ҳар қандай ҳолда ҳам қонун бузилишига йўл бермадим. Мен билан ишлаганларнинг ва мен билан алоқада бўлганларнинг ҳам шундай бўлишларини талаб этдим ва тушундирдим.

12. Мумкин бўлган ҳолларда тортишувлардан, мунозаралардан четга чиқишга ҳаракат қилдим. Ҳамманинг омадли, муваффақиятли бўлишларини истадим.

13. Кўпгина зарарлар кўрдим ва ташвишли қолган вақтларим оз бўлмади, аммо бу ҳолларимда ҳеч кимни сабабчи ҳисобламадим, ҳеч кимнинг юзига солмадим, сабр этдим.

14. Ишчиларимнинг бир-бирлари билан гапу сўзга бормасликларини, миш-мишларга ишонмасликларини ва фитнага сабаб бўлмасликларини огоҳлантириб турдим.

15. Ишчиларимнинг вазифаларидан қатъи назар уларнинг ҳар бирини ўз даражаларида, ўз ўринларида тутишни лозим билдим. Уларнинг ҳар бирини умум ишимиз учун энг зарур бўлган ходим  сифатида кўрдим.

16. Ходимларимнинг сўзлари, фикрлари, таклифлари аҳамиятсиз бўлсалар, ишимизга мос бўлмасалар ҳам уларни тақдирлашга уриндим.

17. Ютуқларимизнинг асоси бирлик ва баробарликда эканлигини, ўзимизни юқори ҳисобламай, манманликдан, бошқаларни паст ҳисоблашдан сақланишимизни ҳар доим эслатиб туришни зарур ҳисобладим.  

18. Бу дунё ҳаёти фоний эканлигини, асл ғоя эса, катта-кичик барча инсонларнинг дуосини олиш (ўзбек халқ мақолида: “Олтин олма, дуо ол” дейилади – таржимон изоҳи) ва Аллоҳу таолонинг ризосига сазовор бўлишга боғлигини тушунтирдим. 

Муваффақиятга эришишнинг йўллари(1): Адолат, табассум ва ширин сўзлик.

1. Барча ҳаракатларда адолатли бўлиш лозим. Адолат чегарасидан чиқилса кишининг кўнглини қолдиришга имкон туғилади. Адолат, оддий халқнинг тириклик (яшаш) тартибидир, идорачиларнинг эса безаги ва чиройидир.

2. Ҳаётда омадли, ҳар ишнинг муваффақиятли бўлишининг тўртта шарти бор: Иймон, адолат, тўғрилик ва фидокорлик.

3. Ҳар доим марҳаматли бўлиб, зарур бўлганда кишиларни кечира билиш лозимдир. Аллоҳу таоло бошқаларга ачинмаганга марҳамат қилмайди, бошқани авф этмаганни афв этмайди, бошқаларнинг узрини қабул қилмаганнинг узрини ҳам қабул қилмайди. Аллоҳу таоло бизга қандай муомалада бўлишни истасак, биз ҳам Унинг бандаларига  ўшандай муомала этайлик. Агар биз, Аллоҳу таолонинг бандаларига яхшилик қилсак, Ҳақу таолодан яхшиликлар топамиз, агар бунинг аксини қилсак, яъни бандаларнинг кўнглини қолдирсак, уларни хафа этсак, Аллоҳу таоло ҳам бизни хафа этасакдир. Кечиримли бўлсак, биз ҳам Уни кечирувчи ҳолида топамиз. Убайдуллоҳи Ахрор ҳазратлари, ”Аллоҳу таолонинг ризолигига сазовор бўлишнинг энг қисқа йўли кишиларни севинтиришдир,” деб марҳамат қилганлар.

4. Биз Аллоҳни қандай тартибда ва даражада севсак, бошқалар ҳам бизни ўшандай даражада севадилар. Биздан қўрққанлар ҳам бизнинг Аллоҳу таолодан қўрққанимиз даражасида қўрқадилар. Бизга итоатда бўлганлар ҳам бизнинг Аллоҳга итоаткорлигимиз қадар итоаткор бўладилар. Уларнинг хизматлари ҳам бизнинг Аллоҳу таолога хизматимиз қадар бўлади. Бутун ишларимиз Аллоҳу таоло йўлида бўлсин. Акс ҳолда ҳеч ишимиздан фойда бўлмайди.

5. Бошқа бировга тартиб ўргатишга киришган киши энг аввал ўзини тартибга олиши лозимдир. Ўз нафсини тарбияламаган киши бошқа бировнинг нафсини ҳеч қачон тарбиялай олмайди.

6. Юмшоқ ва мулойим бўлган киши ҳамиша омадли бўлиб, унинг ишлари доим муваффақиялидир. Ўжарликнинг, чўрт кесарликнинг ҳеч бир ишда фойдаси бўлмайди.

7. Омадли бўлиш асосан мана шу икки нарсага боғлидир: тўғрилик, ҳар кимга ҳурмат билан яқинлашиб, улар билан тинч-тотув бўлишга интилишдир.

8. Икки тараф ҳам жуда диққат билан тингланмасдан қарорга келиш мумкин эмас.

9. Киши ўзига қарши бирор иш қилганга ҳам, ўзи бошқаларга бирон иш қилишни истаганида ҳам доим сабрли бўлиши керак.

10. Ҳеч қачон аччиқланмаслик, жаҳлга йўл бермаслик керак, жаҳли чиқишлик, ўринсиз аччиқланиш ақлни кетгазади. Ёмонликлар кўпинча ўта аччиқланган, жаҳл чиққан вақтда қарор беришдан келиб чиқади. Ҳар доим совуққонли ва жасур бўлиш лозим.

11. Сўзини тинглашларини истаган киши, энг аввал ўзи бошқаларни тинглашни билиши керак.

12. Барчага нисбатан яхши муомалада бўлиб, кишиларга ҳурмат кўрсатиш ва одобли бўлиш лозим.

13.  Муваффақиятли бўлишнинг сири, ҳамиша юзда табассум, ширин сўз бўлиш ва адолатли ва чиройли сиёсат юргизишдадир. Сиз юргизган сиёсатдан барча мамнун бўлса, ана шу адолатли ва чиройли сиёсат юргизиш бўлади. Юзида табассум изи бўлмаган кишининг инсонлар орасида ҳурматга сазовор бўлиши жуда қийиндир. Жўмардликдан бехабар, бировга бирор нарсасини беришни ёмон кўрган киши инсонларнинг муҳаббатига эриша олмайди. Манманлик билан Аллоҳ ризосига эришишни ўйлаганнинг, ҳар бир қилган ишига кишилардан тақдир ва бирон моддий ҳақ кутганнинг ихлоси шубҳалидир. Ихлоссиз кишига Аллоҳу таоло ҳам омаду муваффақият насиб этмайди.

Муваффақиятга эришишнинг йўллари(2):

Кўнгул қолдирмаслик ва гуноҳ қилмаслик.

1. Ҳеч кимга шубҳа билан қарамаслик керак. Чунки биз кишиларга қандай қарасак ва қандай яқинлашсак улар ҳам бизга ўшандай қарайдилар ва яқинлашадилар.

2. Ҳеч кимни хафа қилмаслик лозим. Куфурдан кейин энг катта гуноҳ кишиларнинг кўнглини қолдиришдир. Кофирнинг ҳам кўнглини қолдирмаслик керак. Кишиларнинг ташқий кўринишлари билан эмас, балки уларнинг қалблари билан машғул бўлиш зарур бўлади. Уларнинг келбатларига қараб эмас, қалбларига қараб иш кўриш лозим. Муҳаббатимиз уларнинг келбатига эмас, қалбларига боғли бўлиши зарур. Мусулмон кишиси, бошқа бир мусулмон қардошининг кўнглини қолдирса, Каъбани йиқитгандан ҳам каттароқ гуноҳ қилган бўлади. Мусулмоннинг қалби назаргоҳи илоҳийдир. Шу сабаб, у қалбларнинг ранжимаслигига ниҳоятда диққатли бўлиш лозимдир.

3. Ҳеч ким билан тартишмаслик лозим. Ўринсиз мунозараларга киришиш фойда эшикларини ёпиб қўяди. Бундай мунозаралар дўстларнинг орасида низо уйғотади ва душманнинг душманлигини ортиради.

4. Амридаги кишилар билан сену менга бормасдан, жиддий ва мард бўлиш керак.

5. Ўзини бошқалардан устун ҳисобламаслик, кибрдан, манманликдан сақланиш лозим.

6. Қисқа ва аниқ сўзлаш ва ҳеч бир ишнинг битишини кечиктирмаслик лозим. Хайрли сўз, қисқа ва йўл кўрсатувчи бўлиши керак.

7. Киши ўз ишининг ҳокими бўлиб, фойда ва зарарнинг қаердан келишини яхши билиши шарт.

8. Ҳар доим ўйлаш ва фикрлаш учун киши ўзига вақт ажратган бўлиши лозим.

9. Ҳиссиятларга берилмай, ўз фикрига эга бўлиш жуда аҳамиятлидир.

10. Бирон кишига буюрилган вазифанинг натижасини сўраш ва уни олиш лозим.

11. Узр сўраганнинг узрини қабул қилиш керак, чунки бу одобдандир.

12. Киши ўзига тили ва ҳадди ҳаракати билан ҳурмат келтиришни билиши лозим. Қўл остидаги кишилар ёқтирмасалар, нуқсонни, қусурни киши ўзидан ахтариши керак.

13. Сўралган ҳар бир саволга ўзининг ва савол берганнинг охиратини ҳам ўйлаб жавоб беришга уриниш керак.

14. Ҳар хил нарсаларни ваъда қилавермаслик ва ваъда қилинган ишни албатта бажариш зарур.

15. Ўринсиз шубҳа ва гумонга (ўзбек халқ мақолида: “гумон иймондан айрар” дейилади – таржимон изоҳи) бормасдан кенг эҳтимол билан ўйлаш ва тушуниш лозим. Киши ҳар он хато қилиши мумкинлигини унутмаслик шарт. Шунинг учун ҳам тадқиқотларни эҳтимоллар устига қурмаслик керак.

16. Кишилар ҳақида яхши фикрда бўлиш лозим, аммо шайтон ва нафсни унутиб қўймаслик керакдир.

17. Хиёнатга ўрин бермаслик, хоинни кечирмаслик зарур.

18. Омад, ютуқ ва муваффақиятларни Аллоҳу таолодан, барча омадсизликларни гуноҳлардан келади деб билиш керак.

19. Ҳар қандай ташвиш, омадсизлик ва дардларнинг иложи-давоси тўғри ўқилган намоз ва истиғфор(тавба)дир.

20. Аллоҳу таоло гуноҳ қилмаганлардан рози бўлиб, гуноҳ қилинмайдиган жойларни ёқтиради. Ўзимиз гуноҳлардан сақланганимиз сингари оға-ини ва ёру дўстларимизнинг ҳам гуноҳ қилмасликлари учун ҳаракат қилишимиз лозимдир.

Муваффақиятга эришишнинг йўллари(3). 2009-03-08 00:28:00

Лидерлик(Раҳбарлик), яхши ва ёмон йўлбошчи.

1. Лидерлик саҳийлик (қўлида, ихтиёрида бўлганларни бериш, адолатли тарқатиш) санъатидир, асло акси, яъни олиш эмас. Муваффақиятнинг сири саҳийликдадир.

2. Мувозанатни жуда яхши сақлай оладиган киши, энг яхши йўлбошчи, идора юритувчи кишидир. Ҳақ таоло ҳамма нарсани ҳисоб ва мувозанат устига қургандир.

3. Ишнинг яхши ёмонлиги асосан раҳбарга (лидерга) боғлидир. Иш бошқарувчи яхши бўлса, натижа ҳам яхши бўлади. Бошқарувчи ёмон бўлса натижа ҳам ёмон, яъни бузуқдир.

4. Раҳбар ўзини четга, яъни манфаатлардан четга ололган кишидир. Раҳбар, бутун манфа-атлар ичидан ўзини, ўзлигини чиқариб ташлаб, унинг ўрнига ўзи раҳбарлик қилаётган кишиларнинг манфаатларини қўя олган кишидир. Ўша манфаатлар ичида раҳбар ўзини сақлаган вақт давомида у ерга бошқа ҳеч ким кира олмайди. Ўзини манфаатлардан торт-магунича, манманлик қилиб турган замони давомида у раҳбар ҳисобланмайди.

5. Оташ тушган ерини ёқади. Юрак ёнсагина, у ачинади ҳам. Кўкраги ёнмасдан, бошқалар учун чинакамига ачинишни билмасдан, бир оддий маъмур зеҳнияти билан киши раҳбар(лидер) бўлолмайди. Мавқе ва мол-мулк савдойиси ҳеч замон лидер бўлолмайди. Динимизда нималар гўзал ва қимматли бўлса улардан ўрнак олиш лозимдир. Ҳар қандай бир ишнинг жинниси бўлмагунча унинг валийси, устаси бўлинмайди.

6. Кишиларга раҳбарлик қиладиган, уларга йўл кўрсатадиган кишида тубандаги ҳислатлар бўлиши шарт. Раҳбар, амридаги кишиларда учраган камчиликларни яширувчи ва кечирувчан бўлиши, шафқатли ва юмшоқ муомалали, тўғри сўзли ва яхшилик қилгувчи, яхшиликларни амр қилиб, ёмонликларни ман этувчи, мусофирпарвар бўлиб, кечалари кишилар уйқуда бўлганларида ибодатларини қилувчи, билимли ва жасур бўлиши лозимдир.

 7. Идорачи бутун иш юкини амридагиларга адолатли тарқатиши керак. Амридагиларга уларнинг аҳволларига, қобилиятларига мос вазифалар юклаши лозим. Бир кишининг зиммасида барча ишлар, вазифалар йиғилиб қолмаслиги керак. Агар шундай ҳол юз берадиган бўлса, у киши ўша вазифаларнинг остидан тура олмай, оқибатда ишлар тиқилиб, юришмай қолади.

8. Барча ишни ўзим қиламан деган идорачи, жуда ёмон бир йўлбошчидир. Ишни иш аҳлига юклаганидан сўнгра йўлбошчи улар билан машғул бўлмаслиги лозим бўлади. Бу дегани, раҳбар бошқа ҳеч нарса қилмайди дегани бўлмай, фақат уларнинг ҳар бир қадамига аралашавермаслик лозим деганидир. Аммо раҳбар ишларнинг замонида бажарилиши, уларнинг тўғри ёки нотўғри йўналишга кетаётганини назорат қилиши зарур, албатта.

9. Амримиздаги кишиларнинг иши муваффақиятли бўлиши, фақат бизнинг кўп ишлашимизга боғли эмас. Аксинча раҳбарнинг ишларга кўп аралашиши муваффақиятларга тўсиқ бўлади.

10. Ҳар бир шахснинг ўз хусусияти ва имконига кўра иш берган раҳбар қобилиятли ва дуруст бошқарувчидир. Бирон нарсанинг ҳаммасини қўлга кирита олмасак-да, ундан батамом воз кечмайлик. Бирор кишидан тўла фойдалана олмаётган бўлсак-да, уни ташқарига чиқариб юбормайлик. Ундан фойдалана оладиган жойимизда, қанча фойдалана олсак ўшанча фойдаланайлик. Чунки кишиларнинг савиялари, имконлари, билимлари, камолатлари бир хил эмас, ахир.

11. Кибр, ожизлик аломатидир. Амридаги кишиларга нисбатан кибрли бўлган киши заиф ва ичи бўш кишидир.

12. Яхши бошқарувчининг яхшилиги, унинг амридаги кишиларнинг унга муносабати билан белгиланади.  

13. Ҳасислик инсоннинг қусури бўлиб, бу бир инсоний нуқсонликдир. Қизғанчиқлар нуқсонли кишилардир. Ёнида киши етиштирмаган ҳасисдир. Боғбон битта гул учун мингта тиканни кўкартишга розидир.  Биргина киши экан-ку деб, биргина кишига ҳам эътиборсиз бўлмаслик лозим. Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам озини оз деяроқ уларга эътиборсиз бўлиш тўғри бўлмайди. Тарихий ибратларга қаралса, давлатларни чўктирган ҳам, кўкларга кўтарган ҳам якка-якка шахслар бўлганлиги гувоҳи бўламиз.

Муваффақиятга эришишнинг йўллари(4): 2009-03-08 00:25:00

Амрга итоат ва мақсад бирлиги.

1. Кишини ишлатишнинг асосий шарти, унда ишлашга, меҳнат қилишга ҳавасни сўндирмасликдир.

2. Идорачи ўтирадиган хонага эшикни чалмасдан ҳам кириш мумкин бўлиши лозим. Ходимлар унинг ёнига киришдан тортинмайдиган муҳит ҳосил қилиниши керак. Унинг устидан устки кийимини ечишда ва кийишда унга ёрдамлашиш, ундан ийманганидан эмас, балки унга ҳурмати ва муҳуббатидан келиб чиқиши энг муносиб бўлганидир. Бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг олдига ҳар қандай иш, масала билан бемалол кира олмаса, ундан тартинадиган бўлса, бундай мусулмоннинг сўнгги нафаси қўрқинчли бўлади.

3. Бригада каби бир гуруҳ бошлиғи масъуллигида ходимлар ҳар қандай бир қусурга йўл қўйса, шу қусурнинг гуноҳи бригадрга ҳам тегишлидир, яъни гуруҳ бошлиғи ўз қарамоғидаги кишиларнинг, ходимларнинг йўл қўйган қусурлари учун ҳам масъулдир. Шунинг учун бу дунёда бошлиқ бўлиш охиратда пушаймон бўлишга сабаб бўлади дейдилар.  

4. Идора йўнатувчиларининг барчаси ҳисоб кунида (Қиёматда) бир қўли бўйнига боғланган ҳолда бўладилар. Уларнинг ҳисоблари тоза чиқса, қўллари бўшатилиб Жаннатга, ҳисоблари бузуқ чиқса, иккинчи қўли ҳам боғланган ҳолда Жаҳаннамга юбориладилар.

5. Амирга итоат қилиш лозим. Ҳар қандай бир жамоатда иккита ёки учта бошлиқ бўлмайди. Бундай бўлиши ҳеч бир мантиққа мос эмас. Кўп учли (вилкага ўхшаш) қозиқни қоқиш ўта қийиндир. Қозиқнинг учлари қанча кўпсонли бўлса, унинг қоқилиши шунча мураккаб бўлади. Мусулмонлар бир ягона вужуд, бир тана каби ҳисобланади. Маълумки вужуд, тана икки бошли бўлмай, у бир бошлидир. Зотан икки бошли бирор вужуд баҳайбат кўриниб, қўрқинчлидир. Ундай мавжудотга яқинлашиш эмас, балки ундан фақат қочиш мумкин бўлади.

6. Ҳар қандай бир коллектив(жамоат)да ҳар ким ўз зиммасига тушган вазифани бажариши лозим. Агар вужудни оладиган бўлсак, унинг ишга яроқли бўлиши учун вужуднинг барча органлари соғлом бўлиб, муъдатил ишлаши керак бўлади. Масалан, соат ичидаги механизмлардан бирортаси ишламаса у ҳам ишламайди ёки вақтни нотўғри кўрсатиб, бутун мўлжалларни бузади.

7. Мусулмон кишиси, динига мос бўлганида, унга уйғун ишлар қилганида унинг барча ишлари муваффаяқиятли бўлади. Аслида бу унинг ютуғи эмас, балки диний системанинг ютуғидир. Шу билан бирга мусулмон кишининг бутун қийинчиликлари сабаби эса, унинг динига уйғун бўлмасдан, нафсига берилганидандир.

Оллоҳу таоло, “Оллоҳга, Пайғамбарга ва сиздан бўлган амирга итоатда бўлинг” каби буюради. Кимки фақат ўз ақлига кўра ҳаракат қилса, унинг ишлари натижасиз бўлади. Динининг амрларига мос қолиш биринчи шартдир. Ҳар қандай бир ишда энг катта тўсиқ кишининг ўзидир. Нафсга эргашиш энг улкан тўсиқдир.

8. Барча ишлардаги ютуқ бирлик ва баробарликдадир. Ана шу таъмин этилган бўлса, бизга ҳеч ким зарар бера олмайди.

9. Вакил бу аслдир, яъни вакилни танлаганнинг ўзидир. Шу сабаб Вакилни хафа қилиш, аслни, ўзни хафа қилишдир. Вакилга эътироз, аслга, ўзига эътироздир.

10. Амрга итоат асосдир. Бир танада бир оғиз бўлади.

11. Амир ким бўлишидан қатъий назар унга итоат этилади*.  Амирга итоат қилишни Пайғамбар саллоллоҳу алейҳи ва саллом марҳамат қилганлар. Бурни қийшиқми, Ҳабашли бирор қулми, фосиқми, фожирми (солиҳми, золимми) бўлса бўлсин амирга итоат вожибдир. Бунда ҳазилга ўрин йўқ.

* бу ерда, мусулмонлар жамоаси ва унинг мусулмон амири ҳақида сўз кетмоқда.

12. Бу дин (ислом дини), кишининг ўзига итоат этишни ўртадан олиб ташлаган, сўрашни ва сўраганига олган жавобга итоат этишни амр қилган диндир.

13. Амирнинг хабари бўлмасдан қилинган иш, кирди ва чиқди бўлиб, ижозат берилмаган ишдир.

14. Мақсаднинг, мўлжалнинг бирлиги жуда аҳамиятлидир. Бутун кечирилган қийинчиликлар мақсадсизлик ва мўлжалнинг аниқсизлигидандир. Мақсад бирлиги кишиларнинг бир-бирига ҳурматини ортиради. Мўлжали аниқ бўлмаган кемага шамол фойда бермайди.

15. Бир мушт каби бўлиш лозим. Бармоқлар очиқ , ёйиқ бўлса кучи оз бўлиб, зарари кўп бўлади. Улар мушт ташкил этсалар кучли бўлиб, зарари ҳам оз бўлиши турган гап.

Муваффақиятга эришишнинг йўллари(5). 2009-03-12 23:06:00

Фикр – мулоҳаза, ақл ва муваффақиятларга тўсиқ.

1. Ҳар бир киши бир сурувнинг чўпони сингаридир. Чўпон унинг қарамоғидаги сурувга масъул бўлгани сингари, ҳар бир мусулмон у якка бўлса ҳам унга қарашли нарса ва кишилар учун масъулдир. 

2. Амир(рахбар, иш боши) ўтирса, унинг амридагилар ётишади. Кишилар бошга қарашга ўрганганлар. Усмонлиларнинг подшоҳлари қўшиннинг бошида доим қолган вақтларида зафардан зафарга чопдилар. Уларнинг сўнгги даврларида эса идора фақат сарайдан бошқариладиган бўлиб қолди, ана шундан бошлаб мамлакатда нима бўлса бўлди ва ниҳоят императорлик битди.

3. Амир, вазифа топширган ходимига тўла ишониши ҳам лозим. У ходимнинг берилган вазифани бажаришда амирнинг ўзидан ҳам қобилиятли ва ихлоси баланд эканлигига ишониш керак. Бу ўта мураккаб бир хусусиятдир, аммо жуда маъқулидир. Мўмин эса, ана шундай бўлиши лозим.

4. Тартибли ва интизомли бир бўлим(отряд), тартибсиз, интизомсиз бутун бир қўшиндан яхшидир. Намозини унутмаган, амирига итоаткор коллектив (жамоа), доим зафар ва ғалаба қозонажак.

5. Муваффақиятнинг сири сўраб ўрганишдадир.

6. Ҳамма нарса сўзни яхши тинглаганга берилади. Бошқа барча яхши нарсалар ана ўша берилган нарсаларнинг ичида бўлади.

7. Ишни билгандан кўра, унинг ҳақида тинглаган қимматлидир. Сўз тингламай, бебош бўлган киши қобилиятли бўлса-да, муваффақиятли бўлолмайди.

8. Ишининг тўғри кетишини истаган киши, ўз бошига ҳаракат қилмаслиги керак, балки ақли-фаросатли кишилар билан фикрлашиб иш бошлаши ва давом этиши лозим.

9. Бемаслаҳат иш қилган, охирида пушаймон бўлади.

10. Инсоннинг нафси одатда манман бўлади. Чунки у доим “мен ҳақлиман, мен биламан, менинг ҳеч кимга эҳтиёжим йўқ” дегувчидир. Ваҳоланки, Оллоҳу таоло Расулига “Бирон иш қилишдан олдин асҳобинг билан фикрлаш!” дея марҳамат қилгандир.

11. Мўмин, ўзаро фикрлашганда ўз манфаатини кўзламайди. Оллоҳ ризоси учун сўраганга  Оллоҳ ризоси учун жавоб берилса, савол-жавоблар кўринишдан янглишроқ бўлса, яъни жуда тўғри бўлмасалар ҳам Оллоҳу таоло уларни тўғрилаб, хайрга бошқаради.

12. Ақлингни қўйиб тур, Оллоҳу таолога тобе бўл, қутуласан, саодатни топасан.

13. Ақлли киши ўз ақлини қўлланади, янада ақлли киши эса, бошқаларнинг ҳам ақлини қўлланади.

14. Муваффақият нима? Муваффақият охиратда ишга ярайдиган нарсадир. Борди-ю у охиратда ишга ярамаса, у муваффақият бўлолмайди. Муваффақиятга тўсиқ бўладиган асосий манба кишининг ўзидир, унинг нафсига ва ақлига кўра ҳаракатидир.

15. Ёши кичик ва илми пастроқ бўлганларнинг насиҳатларни қабул эта билиши, юксак даражали бўлишга ишоратдир.

16. Ҳақиқатни, тўғрини ким сўзлашидан қатъи назар уни қабул қилиш лозим. Чунки сўзлаганга эмас, сўзланган сўзга қаралади.

17. Оллоҳ йўлида, Оллоҳ ризоси учун фикрлашган замон, Оллоҳу таоло энг яхшисини, энг маъқбулини сизга кўрсатади. Фикрлашиш, сўраб ўрганиш нафсни синдиради. Сўраб ўрганмаслик, нафсни оздиради. Ҳеч ким ўз илмининг баркамоллиги, кўплиги билан ифтихор қилмаслиги лозим. Чунки янада кўпроқ билган, илми янада мукаммаллироқ бўлган мутлақо бордир. Шайтон бир замонлар фаришталарнинг устози бўлган эди. Афсус, мағрур шайтонни унинг илми қутқара олмади.

 18. Бошқаларнинг ташвишу-қийинчиликларидан  ва уларнинг ўтмиш фалокатларидан дарс олишга ҳаракат қилиш шарт. Ўшандай кишиларнинг насиҳатларига қулоқ осиш лозим. Қилмоқчи бўлган ишларимизни, бу каби ишларни бундан аввал қилиб кўрган тажрибали кишилар билан маслаҳатшиш керак. Чунки улар бир замонлар ўзларига қимматга тушган ишларни сизга ҳатто текинга берадилар, ўргатадилар. Акс ҳолда у фалокатлар бизнинг бошимизга ҳам келиши ва жуда қимматга тушиши мумкин.

Муваффақиятга эришишнинг йўллари(6):

Тартиблилик, тежамкорлик ва кўп (ишлаш)меҳнат қилиш.

1. Амир шундай бўлиши керакки, унинг амридагиларнинг ҳар бири Амир мени бошқалар-дан кўра кўпроқ яхши кўради дейдиган бўлишсин.

2. Дўзахий кимлигини кўришни истаган киши, ўзи бемалол ўтирган ҳолда бошқаларнинг тик туришларига бефарқ бўлган кишига қарасин.

3. Ишини аҳлига(биладиганларга) бериш керак. Аҳлига бермаган ўзи масъул бўлади.

4. Ишнинг сабабига суянган, у сабабларни яхши ўрганиб иш қилган киши яхши натижага эришади. Етарлича меҳнат қилиб натижа ололмасак, унинг сабабини, айбини ўзимиздан кўришимиз лозим.

5. Муваффақиятли бўлмоқ учун бошқаларга ҳам ишониш керак.

6. Тижорат ишларида рақибларимизни, дунё ишларида душманларимизни заиф ҳисобламаслигимиз зарур.

7. Тубандаги тўрт нарсани кичик ҳисоблаб бўлмайди: 1) касалликни, 2) ёнғинни, 3) душманни, 4) зарарни.

8. Кибрли киши тадбирсиз, манман бўлади.

9. Зарарнинг қайси жойидан қайтилса ҳам фойдадир.

10. Олдимиздан тўсиқ чиқса унинг устидан ўтишга эмас, балки уни айланиб ўтишга уринайлик.

11. Бекорчини, яъни меҳнат қилишдан қочганни Оллоҳу таоло ёқтирмайди(“Бекордан худо безор” дейилади ўзбек халқ мақолида). Бекор ўтирган кишига, меҳнатдан қочганга шайтон илашган бўлади.

12. Фойдали меҳнат қилиш ибодатдир. Меҳнатдан қочмаган мусулмон, Оллоҳу таолонинг дўстидир.

13. Қарзларини тўлаш, ору-номусини қўриш ва орқасида қоладиганларига мерос қолдириш учун имкони қадар молу мулк йиғмаган киши хайрсиз ҳисобланади. Яъни ундай кишилар ўзига ва оммага зарарлидирлар.

14. Пул қаерга кетишидан унинг қаердан келганини билса бўлади. Чунки ҳалолдан топилган пул ҳалол ишларга кетади. Ҳаромдан топилганлари эса, ҳаром жой ва нарсаларга сарфланади. Уларнинг бири бошқасининг жойида ҳеч қачон ишлатилмайди.

15. Тижоратда уч нарса жуда муҳимдир: молнинг сифати, унинг баҳоси ва тужжорнинг ширин тили ва чиройли табассумла муомаласидир.

16. Ибодатда таҳорат шарт бўлганидек, тижоратда тўғрилик шартдир.

17. Хаёл қилиш билан ибодат, ўтириш билан тижорат қилиб бўлмайди, болари уясидан чиқмасдан бол йиға олмайди.

18. Қоида ва қонунларига кўра қилинган тижорат энг чиройли, гўзал тижоратдир. Тижоратнинг қоидаси эса, бу дурустликдир, яъни алдатмаслик ва алданмасликдир. Тўғриси, банда ҳақидан қўрқиш ва унинг ҳақини қўришдир.

19. Ҳеч қачон шошма шошарликка йўл қўймаслик керак. Шошган ё хато қилади ёки хатога яқин вазиятга тушиб қолади (ўзбек халқ мақолида, “Шошган қиз эрга ёлчимас” дейилади). Салмоқли ва ҳисоб билан ҳаракат қилган киши мақсадларига эришади ёки уларга яқинлашади. Шошқалоқлик шайтондандир, салмоқли ва ҳисоб билан иш қилиш эса Раҳмондандир.

20. Одатда шошқинлик дунёлик тўплаш ҳирсига берилишдан келиб чиқади. Шунинг учун қаноатли бўлиш лозим. Чунки қаноат битмас бир хазинадир. Тежамкор ва  қаноатли бўлайлик, зеро шулар бўйин эгиш зиллатидан енгил ва хайрлидир.

21. Таваккал этиш, Оллоҳу таолога ишончла ҳаракат қилиш; фикрлашиб тўғри сабабларга кўра ишларни йўлга бошқарганидан сўнгра бекор ўтириб, ёнбошлаб олиб осмонга қараб ётиш эмас, Оллоҳу таолога чинакамига ёлвориш керак демакдир. Бизнинг хатоларимиз, қусурларимиз, камчиликларимиз ҳам бўлиши мумкин, ниятимиз холис бўлмаслиги ҳам мумкин. Бунга қарамасдан бизни Яратганиннг афв этиши, хайрлисини эҳсон қилиши, ютуқларга муваффақ этиши учун Оллоҳу таолога ёлворишимиз, таваккал ва Унга суяниб ҳаракат қилиш бўлади.

Юқоридаги маслаҳату насиҳатларни туркчадан ўзбекчага ағдарган Алибой Йўляхши.

яқин мавзу