Аллоҳ ва Унинг Расулини ҳамма нарсадан ортиқ севиш …

Аллоҳ ва Унинг расулига бўлган Севги иймоннинг асосларидандир. Ҳадиси шарифда “Бир одам Аллоҳ ва Расулини ҳамма нарсадан ортиқ севмагунча иймон келтирган бўлмайди,” деб марҳамат қилинди.

Абдуллоҳ бин Муҳаммад ҳазратлари баён қилади: “Кўзларидан шашқатор ёш оқизиб йиғлаётган бир кишининг “Илоҳо, ҳаётдан зерикдим. Агар ўлимни сотганларида эди, сен(Аллоҳ)га етишиш учун ўлимни шу заҳоти сотиб олган бўлардим,” деганини эшитиб ундан сўрадим:

– Амалингга ишонганинг учун шундай деяпсанми?

– Йўқ, амалимга эмас, Аллоҳу таолога бўлган севгимга ва инончимга ишонаман. Мен Уни севганим ҳолда У менга азоб беради, деб ўйлайсанми?

– Аллоҳу таолони ўйлаганингдек топасан, дедим.”

Аллоҳу таолони севиш мақомларнинг энг юксагидир. Жаноби Ҳақ Қуръони каримда буюрдики: “Уларга айтгин, агар Аллоҳни севсангиз, менга тобе бўлинг! Аллоҳу таоло менга тобе бўлганларни севади ва гуноҳларини авф этади.”, “Аллоҳ мўминларни севади, мўминлар ҳам Аллоҳни севади.”

Ҳадиси шарифларда ҳам марҳамат қилинадики:

“Аллоҳу таолони ва Расулини ҳамма нарсадан ортиқ севмаган кишининг иймони комил эмас.”

“Банда Аллоҳу таоло ва Расулини бола-чақасидан, молидан ва бутун махлуқлардан ортиқ севмагунча комил мўмин бўла олмайди.”

Бир киши Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Сизни яхши кўраман,” деганида “Фақирликка сабрли бўл,” деб марҳамат қилдилар. “Аллоҳу таолони севаман,” деганида эса “Бало-мусибатларга сабрли бўл,” дедилар.

Қишлоқдан бир киши келиб “Ё Расулаллоҳ, қиёмат қачон бўлади?” – деб сўради. Расулуллоҳ “У кун учун нима тайёрладинг?” – дедилар. Ҳалиги киши “Намоз ва рўзаларни адо этаяпман. Лекин ортиқча бажара олмаяпман. Аммо Аллоҳу таолони ва Расулини қаттиқ севаман,” деганида “Қиёматда ҳамма севгани билан бирга бўлади,” деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ “Ё Рабби, менга ўз севгингни, севганларингнинг севгисини эҳсон айлагин ва менга ўз севгингни жазирамада сувсиз қолганларнинг совуқ сувга етишишини исташларидан ҳам севгили қилгин, деб дуо қилардилар.

яқин мавзу