СУҲБАТ -19.

Муаллиф admin Ağu 11, 2017

Суҳбат – 19.

Ҳазилда ҳам тўғри сўз эдилар. Шартларига мос ҳажвия, ҳазил жоиз бўлса ҳам, ҳар доим меъёрини сақлаш жуда қийин. Ҳазил-мутойибанинг шартларидан баъзилари: уни аҳён-аҳёнда қилиш, тўғри сўз бўлиш, ҳеч кимни ранжитмаслик, меъёрдан ошмасликдир.

Анас бин Молик ҳазратлари айтадики: “Ҳазрати Пайғамбар хонимлари билан бирга бўлган вақтларида одамларнинг энг севимлиси ва энг ҳазилкаши эдилар.” Расулуллоҳ кўп табассум қилардилар.

Расулуллоҳ ҳазиллашар, лекин фақат тўғри гапирардилар. Ҳасан Басрий ҳазратлари билдиради: Бир кампир Расулуллоҳ ҳузурига келди.  Пайғамбаримиз унга “Кампирлар жаннатга кира олмайди, деб марҳамат қилдилар. Шунда ҳалиги кампир қайғуга тушиб, ҳўнграб йиғлай бошлади. Расулуллоҳ кампирга “Сиз хавотирланманг, у куни сиз кампир бўлмайсиз. Чунки Аллоҳу таоло “Биз (у ердаги) аёлларни ҳам янгидан гўзал қилиб яратамиз. Уларни бокира, эрларига ғамхўр ва барчасини бир ёшда қиламиз, деб буюрган” деб марҳамат қиладилар. (Воқеа, 35-37)

Умму Айман исмли бир аёл Пайғамбаримизга келди ва айтдики: “Эй Аллоҳнинг Расули! Эрим сизни меҳмонга таклиф қилмоқда.” Расулуллоҳ сўрадилар:

– Эринг ким? Ё ҳалиги кўзида оқи бор кишими?

– Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасам бўлсинки, эримнинг кўзида оқлик йўқ.

– Ҳа, унинг кўзида оқлик бор. Дунёда кўзида оқи бўлмаган инсон йўқ.– деб ҳазил қилдилар.

Бошқа бир аёл келиб “Эй Расулаллоҳ! Мени бир туяга миндиринг (Менга бир туя ҳадя қилинг),” деди. Расулуллоҳ “Йўқ, сенга туя эмас, бўталоқ тортиқ қиламан, деб марҳамат қилдилар. Аёл “Мен бўталоқни нима қиламан? У мени кўтара олмайдику,” деди. Шунда Пайғамбаримиз “Эй аёл! Ахир ҳар қандай туя ҳам бир туянинг бўталоғи-да, деб табассум қилдилар.

Ҳикмат аҳли айтадики: Ҳамма нарсанинг уруғи бор. Душманликнинг уруғи ҳазил ва мазахдир. Ҳамма нарсанинг қисқа йўли бор. Жаннатга олиб борадиган қисқа йўл жиҳоддир. Ҳамма нарсанинг занги бўлади. Қалбнинг занги тўқликдир. Ҳамма нарсанинг закоти бор. Ақлнинг закоти ҳузн ва тафаккурдир. Ҳамма нарсанинг бир қиймати бор. Одамнинг қиймати эса илми, эҳсони ва одобидир.

 

Ҳазил кўтармайдиган масалалар. Баъзи нарсаларнинг ҳазили бўлмайди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Уч нарсанинг ҳазили ҳам жиддий қабул қилинади. Никоҳ, талоқ, талоқдан воз кечиш.”

Бир кимса ҳазиллашиб, ўйнаб ёки аёлини қўрқитиш мақсадида “Сени талоқ қилдим” деса, аёли билан чинакамига ажрашган бўлади. Назр қилаётганида ният қилмаса ҳам гап орасида оғзидан чиқиб кетса, назрини бажариш вожиб бўлади. Чунки назрда ниятсиз, ўйламасдан гапириш жиддий, ўзи хоҳиши билан гапириш билан бирдек. Ҳатто “Аллоҳ учун бир кун рўза тутиш зиммамга қарз бўлсин” демоқчи бўлган одам янглишиб “бир ой рўза тутиш” деб юборса, бир ой рўза тутиши керак бўлади.

Бир киши ҳазиллашиб ёки роль ижро этиб “мен христианман” деса ёки гуноҳ қилган одамга “офарин, балли, ҳалол” деса кофир бўлади. Имоми Биргивий ҳазратлари айтадики: “Зуннор деб аталадиган роҳиблар белбоғини белига боғлаш ва бўйнига хоч (крест) ишорати тақиб олиб, ҳурмат қилиш буйрилган бир нарсани таҳқир этиш, таҳқирланиши буйрилган нарсага ҳурмат кўрсатиш куфрдир. Буларни содир қилган одамнинг шу заҳоти иймони кетиб, кофир бўлади. Кофирларнинг ибодат сифатида қиладиган ҳаркатларини ва кофирлик белгиси бўлиб саналадиган нарсаларни ҳазил тариқасида бўлса-да ёки бошқаларни кулдириш учун ишлаган одам ҳам кофир бўлади.”

Ҳазилни бутунлай тарк этиш ҳам яқин дўстларининг совуқ муносабатига ва ўзаро самимиятнинг сусайишига сабаб бўлади. Бир иш қилаётганингда иш жонингга тегса, ишни бирмунча вақтга чеккага қўйиб туриб, ўзингга дам бер, озгина ҳазиллаш, шу тариқа ўзингни қувонтир. Лекин ҳазиллашишни шундай меъёрида тутгинки, у худди овқатга солинган туздек бўлсин. Яъни туз меъёридан ошганда таомнинг лаззатини қандай махв этса, ҳазил ҳам шундай. Ҳамма нарсанинг ортиғи, кўпи зарарли бўлганидек ҳазилнинг ҳам керагидан ортиғи зарарли. Аксинча ҳаётимизда ҳазилга жуда кам ўрин берилса, у ҳолда дилимизнинг нашъаси ўрнига келмайди. Ҳазил дегани инсоннинг кўнглидаги хираликни ва ишига нисбатан туғилган ҳафсаласизликни кетказадиган даражада бўлиш керак.

Ҳазиллашганда ҳам адабга риоя қилиш лозим. Масалан, устоз талабасига, ота-она фарзандига ҳазил қилса, талаба ва фарзанд шу самимиятни суистеъмол қилиб, уларга нисбатан ҳазиллашишга интилмаслиги керак.

Ҳадиси шарифда “Дин биродарингга эътироз қилма, бекорчи гап сўзлама, (ранжитувчи) ҳазил қилма ва берган сўзингдан қайтма!” деб марҳамат қилинган.

 

Ҳазил-мутойибада ҳаддан ошма.

Саид бин Оснинг ўғлига насиҳати:

“Эй ўғил, камроқ ҳазиллаш! Чунки ҳажвнинг керагидан ортиғи одамнинг обрўсини тушириб, ёмонларни унга қарши жасоратлантиради.

Ҳазилни бутунлай тарк этиш ҳам дўст-биродарларнинг аразига ёхуд самимиятининг узилишига сабаб бўлади.

Шунинг учун дўстларинг, яқинларинг билан суҳбат, улфатчилик ва маданий муносабатларни давом эттиришга сабаб бўладиган ҳазилларни тарк этма, лекин ҳаддингдан ошишдан доим сақлан!

Кўп кулиш ҳам кўп ҳазиллашишдек зарарлидир, мақбул эмас.

Айниқса, раҳбарларнинг кўп кулиши муносиб эмас. Чунки кўп кулиш одамнинг ҳайбат ва виқорини кетказади, одобини емиради. Қуйидагиларга аҳамият бер:

1. Охирида қийинчиликлар кутаётган ишнинг бошидаги қулайликларга алданма.

2. Бажара олмайдиган нарсангни ваъда берма.

3. Тўсатдан олдингга чиқадиган ишларга ҳушёр бўл. Яъни анча ишлар бордирки, кишининг йўлига кутилмаганда чиқиб сарсон қилади. Шу боис доимо диққатли ва ҳушёр бўл.

4. Жазо ва мукофотларни вақтида бер. Бу борада кечикувчи бўлма. Чунки буларни кечиктириш бошқа ташвишларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.

5. Сўз бергандан кейин сўзингда тур. Берган гапингдан қайтишдан тийил, ваъдангни бажар! Чунки сўзида турмаслик ва ваъдасини бажармаслик раҳбарни ҳалокат ёқасига судрайди.”

Муҳаммад бин Васий айтдики: “Жаннатда йиғламоқ ва жаҳаннамда кулмоқ жуда ғалати иш. Лекин ҳали жаннатгами, жаҳаннамгами боришини билмасдан туриб кулмоқ бундан ҳам ғалатироқ ишдир.”

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Ҳазили тўғри бўлган одамни Аллоҳу таоло масъул тутмайди.”

“Меъёрсиз ҳазил қилган киши жиддийга олинмайди.”

Робиа хоним “Гуноҳ бўлмаган ишларда кўнгил очиш учун ҳазиллашиш мурувватдандир” деган. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизга турли лақаблар қўйилмасдан олдин уларни куняланг” деб марҳамат қилинган. Шунинг учун одамларни ўзлари ёқтирган лақаб ва кунялари билан чақиришнинг зарари йўқ.

 

Айблаганни айблашади. Имоми Ғазолий ҳазратлари айтдики: Одамларни майна қилиб, уларни пастга уриб, таҳқирламанг. Балки у сиздан кўра хайрлидир. Бу мазахдан одам хафа бўлиб, кўнгли оғриса, ҳаром бўлади. Ўзини масхараланадиган ҳолга туширган ва мазах қилинишидан хурсанд бўладиган киши борасида эса, мазах у учун ҳажв ва енгил ҳазил қабилида бўлади. Бу енгил ҳазиллашишнинг чиройли ва чиркин, яъни ҳалол ва ҳаром қисмлари бўлади. Ҳаром бўлган қисми, мазах қилинган киши ранжийдиган қисмдир. Чунки бу таҳқирлаш бўлади. Таҳқирлаш – баъзан суҳбатдошининг гапида тутилиши, дудуқланиши, сўз ўрнини алмаштириб гапиришига кулиш кўринишида намоён бўлади. Баъзан феъл-ҳаракатининг равон бўлмаслигига кулиш орқали таҳқирлаш содир бўлади. Кишининг ёзуви, касби, қиёфаси, бўй ва қадди-қоматидан бирон номутаносиблик топиб, мазах қилиш кўринишида ҳам содир бўлиши мумкин … Мана шу сингари хусулар устидан кулиш тақиқланган ҳазил-мазах қисмига киради.

Ҳадиси шарифда “Кимки, (мусулмон) биродарини содир қилиб, ортидан тавба-тазарру қилган гуноҳи учун айбласа, ажали келмасдан аввал худди шу гуноҳни қилиш жазосига дучор қилинади.” дейилган.

Ушбу огоҳлантириш ва жазолар, бировни таҳқирлаш, устидан кулиш ва пастга уриб, масқара қилишдан келиб чиқади. Қуйидаги оят бунга ишора қилмоқда: “Балки (масхара қилган одамлари)улардан яхшироқдир.” (Ҳужурот, 11)

Лақаб отлар одатда ё танқид, мазах қилиш мақсадида ёхуд мадҳу сано ва тақдирлаш учун ишлатилади. Одамларни улар ранжийдиган ва ёқтирмаган лақаблари билан чақириш гуноҳдир. Бундай лақаб билан киши ортидан гапириш эса, ғийбат бўлиб, ҳаромдир.

Одамларни ёқтирадиган лақаблари билан чақириш гуноҳ эмас. Шунингдек, халқ орасида бирон камчилиги, касби ёки хусусияти билан машҳур бўлиб, шу сифати билан чақирганларидан хафа бўлмаса, уни ўша лақаби билан чақириш ва у ҳақда ўша лақабини айтиб гапириш гуноҳ бўлмайди. Масалан, дев Тоҳир, Ҳошим қора, Ҳусан полвон, Ҳасан ошпаз, Тошмат мўйлов кабилар шунга киради.

 Муҳтарам Пайғамбаримизга “Амин”, ҳазрати Абу Бакрга “Сиддиқ”, ҳазрати Умарга “Форуқ”, ҳазрати Усмонга “Зиннурайн”, ҳазрати Алига “Абу Туроб” деган лақаб исмлар қўйилиши ҳам шу жумладандир. 

 

Қаҳқаҳа билан кулмасдилар. Ислом улуғларидан бири қаҳқаҳа билан кулган биродарини кўриб сўради: – Эй биродар! Жаҳаннамга боришинг Қуръони каримда сенга хабар берилдими? Оятда, “Ичингиздан ҳамма истисносиз мутлақо жаҳаннамга боради. Бу Аллоҳу таолонинг наздида қатъий ҳукмдир,” деб буюрилган. (Марям, 71)

– Ҳа, хабар берилди.

– Сенинг жаҳаннамдан чиқишинг ҳақида бир хабар келдими?

– Йўқ, келмади.

– У ҳолда бу қаҳқаҳа нимага?

Қаҳқаҳа билан кулиш охиратдан ғофил бўлишга далилдир. Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Агар мен билган нарсаларни сизлар ҳам билганингизда, муҳаққақ, кўп йиғлаб, оз кулардингиз.”

Имоми Аъзам ҳазратлари айтдики: “Умримда бир марта кулдим, унга ҳам пушаймонман.”

Вуҳайб ал-Вард рамазон ҳайитида кулишиб турган бир гуруҳ одамларни кўриб “Агар улар рамазон ойида авф этилган бўлсалар, бу ишлари шукр қилувчиларнинг иши эмас. Агар бу муборак ойда авф этилмаган бўлса, бу ишлари қўрққанларнинг иши ҳам эмас” деди.

Абдуллоҳ бин Аби Яъло бундай деган: “Сен ҳали куляпсанми? Балки бугун сенинг кафанинг тўқувчининг дастгоҳидан чиққандир.”

Ибн Аббос ҳазратлари айтдики: “Ким кулиб туриб гуноҳ иш қилса, жаҳаннамга йиғлаб туриб киради.”

Муҳаммад бин Васий бир кишидан сўради: “Сен жаннатда йиғлаётган одамни кўрсанг, бунга ҳайрон бўлмайсанми?” Унга “Ҳа, бўламан” деб жавоб берилди. Шунда “Охирида қаерга боришини билмаган ҳолда кулган одамнинг аҳволи бундан ҳам ҳайратланарли” деди.

Кулмоқнинг зарарли, ёмон бўлган томони одамнинг кўп вақтини оладиган ва қаҳқаҳа билан кулишдир. Кулишнинг яхши қисми тишлари кўринадиган даражада табассум қилишдир. Муҳтарам Пайғамбаримизнинг кулишлари шундай эди.

Кўп кулиш ҳам кўп ҳазиллашишдек зарарлидир, мақбул эмас. Айниқса бошқарувчиларнинг кўп кулиши муносиб эмас. Чунки кўп кулиш одамнинг ҳайбат ва виқорини кетказади.

 

 “Орангиздаги гап омонатдир. Икки киши орасидаги ўзаро гап сир бўлиб, икки томонга ҳам омонатдир. Омонатга хиёнат қилинмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ шундай марҳамат қилганлар:

“Киши гапираётганида атрофига бир қараб олса, унинг бу ҳаракати гапларини тингловчига омонат эканлигига далолатдир (фош қилинмаслиги керак).”

Ҳазрати Пайғамбар бошқа бир ҳадиси шарифида буни шартсиз равишда шундай ифода қилганлар: “Орангиздаги гап омонатдир.”

Ҳасан Басрий ҳазратлари айтдики: “Дўстининг сирини фош қилиш хоинликдир.”

Ривоят қилинадики, ҳазрати Муовия укаси Утбанинг ўғли Валидга бир сирини айтди. Валид отасига:

– Эй отажон! Амирул мўминин менга бир сирини айтди. Мен Амирул мўмининнинг ўзгалардан яширганини сиздан яширмаслигини кўрдим. Сизга бу сирни айтайми?- деди.

– Ўғлим! Йўқ, у сирни менга айтмагин. Чунки, сирни қанча сақласанг у шунча муддат сенинг қўлингда туради. Фош қилсанг, шу заҳоти сенга қарши бўлади.

– Отажон, бу ота билан ўғил орасида ҳам шундайми?

– Йўқ. Бу нарса ота билан ўғил орасида бўлмайди. Лекин мен, тилингни сир фош қилишдек хатоликка ўргатгим келмайди.

Валид айтади: Амаким Муовияга келиб, воқеани гапириб бердим. Шунда у менга “Эй Валид! Отанг сени хатоликка қул бўлишингдан озод қилибди. Сирни фош қилиш хоинликдир” деди.

Агар мана шундай фош қилиш оқибатида биров зарар кўрадиган бўлса, ҳаром бўлади. Ҳеч ким зарар кўрмайдиган бўлса, тубанликдир.

Ҳикмат аҳли зотлар айтади:

“Киши айтмаган сўзининг ҳокими, айтган сўзининг маҳкумидир.”

“Сир одамнинг асиридир. Уни фош қилса, одам унга асир бўлади.”

“Сирни агар ақлли одамга айтсанг, сени хатолашди деб билади. Аҳмоққа айтсанг, ҳаммага фош қилиб, сенга хиёнат қилади.”

Шаввол ойида рўза тутиш

Савол: Рамазондан кейин Шаввол ойида рўза тутишнинг қандай фойдаси бор?

Жавоб: Рўзани қачон тутса ҳам савоби катта. Ҳадиси шарифда “Рўза Жаҳаннам оташидан сақлайдиган бир қалқондир” деб марҳамат қилинган. (Бухорий)

Шаввол ойида тутилган рўзанинг савоби жуда катта. Қуйидаги ҳадисишарифларда шундай марҳамат қилинган:

“Рамазондан кейин Шаввол ойида ҳам 6 кун рўза тутган киши онасидан туғилган кундагидек гуноҳсиз бўлади.” (Табароний)

“Рамазон рўзаси билан Шавволда ҳам 6 кун рўза тутган киши бир йил рўза тутган бўлиб ҳисобланади.” (Ибни Можа)

“Рамазон ойи рўзаси ўн ойга, Рамазондан кейин тутилган 6 кун рўза эса икки ойга тенг бўлади. Мана шу тариқа бир йил рўза тутгандек савобга эришилади.” (Ибни Ҳузайма)

Бу олти кун рўзани байрамдан кейиноқ тутган афзал. Орасини узиб тутиш ҳам жоиз. Бу рўзаларни қазога ният қилиб тутиш керак. Қазо рўзаларини душанба ва пайшанба кунлари тутиш афзал. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Амаллар душанба ва пайшанба кунлари Раббимизга арз қилинади. Мен амалларим арз қилинаётган вақтда рўзадор бўлишни хоҳлайман.” (Термизий)

“Душанба ва пайшанба гуноҳлар кечириладиган кун бўлгани учун рўза тутаман.” (Муслим)

“Жаннатнинг эшиклари душанба ва пайшанба кунлари очилади.” (Муслим)

Савол: Шаввол ойи бошланди. Олти кун рўза тутишни бошламоқчиман. Рамазон ойида баъзи сабабларга кўра етти кун рўза тутолмадим. Олти кунлик рўза қазоларнинг ўрнига ўтадими ёки 13 кун рўза тутишим керакми?

Жавоб: Олти кун рўза тутаётганда қазога ҳам ният қилсангиз ҳам қазо ўталади, ҳам Шаввол ойида рўза тутиш савобига эришасиз. Етти кун қазо рўза тутсангиз қарзингиз қолмайди.

Савол: Шаввол ойида тутилган олти кунлик рўзани (қазо ва нофилага ният қилиб) кетма-кет тутдик. Баъзилар душанба-пайшанба куни тутилиши кераклигини айтганида кўнглимизда бир ёмон ният бўлмай “Олти кунлик рўзани бир кун бўлса ҳам вақтлироқ тутиб қутулайлик” деб айтганларимиз бўлди. Бунинг бир зарари борми?

Жавоб: Рўза тутган кишининг ёмон нияти бўладими? Сиз уни ўзингизга бир вазифа деб билганингиз учун шундай дедингиз. Намоз учун ҳам шундай дейиш мумкин. “Айниқса мана шу намозни бир он бўлса ҳам эртароқ ўқийлик” ёки “Аввал намозни ўқиб қутулайлик” дейиш куфр бўлмайди. Чунки бу қарздан бир он бўлса ҳам эртароқ қутулиш деганидир.

Савол: Биз қўшнилар билан олти кун рўзаларимизни тутдик. Қўшнилардан бири аёлларнинг рўзадан қарзи бўлса, бу олти кун нофила рўзани тутолмаслигини айтди. Шу тўғрими?

Жавоб: Фарз намоздан қарзи бўлган киши нофила ва суннат намоз ўқий олмайди, лекин рўза тутиши мумкин. Чунки кейинги Рамазонгача қарзидан қутула олади. Лекин ушбу олти кунлик рўзаларни тутаётганида қазога ҳам ният қилса, ҳам бу кунларда рўза тутган бўлади, ҳам қазодан қутулади.

Савол: Шаввол ойида тутиладиган олти кунлик рўзани шу ойнинг ичида қайси кун тутса ҳам бўладими?

Жавоб: Ҳа, 30 кун ичида олти кун рўза тутилади.

Савол: Мен олти кун рўза тутишни бошладим. Иккинчисини бугун тутаман. Лекин кеча тунда бироз уйқу қисиб турганди, еч-ичиб дарров ётдим. Эрталаб турганимда рўзага ният қилмаганим ёдимга тушди. Лекин кечаси ётаётганимда аёлимга “Мен саҳарликка тураман, эртага ва индинга рўза тутаман” дегандим. Бу гапларим ниятнинг ўрнига ўтадими?

Жавоб: Саҳарликка турибсиз, овқатланибсиз ҳам. Бу ниятнинг ўрнига ўтади. Ҳатто шошилиб, “Вақт чиқмасдан шуларни еб-ичиб олай” дейиш ҳам ниятдир.

Савол: Ҳилолга қарамасдан тақвимлар бўйича рамазон ва байрам қилинса, Рамазондан кейин икки кун рўза тутиш керак бўлади. Бундан ташқари ҳайз ҳолида тутилмаган рўзалар ҳам бўлади. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш ҳам жуда савобли. Қазо намозларини ўқиётганида нофилага ҳам ният қилинганидек қазо рўзаларини тутаётганида Шаввол ойининг рўзаси билан бирга қазо рўзасига ҳам ният қилиш мумкинми?

Жавоб: Ҳа, шундай ният қилинади. Шаввол ойида қазо рўзасини тутаётганида Шаввол ойига алоҳида ният қилинмаса ҳам Шаввол ойида тутилиши керак бўлган нофила рўза тутилган бўлади. Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари нофила рўза тутиш билан бирга, ҳар арабий ойнинг 13, 14 ва 15-кунлари ва Қурбон байрами арафасида нофила рўза тутардилар. Расулуллоҳ бу кунларда рўза тутганлари учун бизнинг ҳам бу кунларда рўза тутишимиз мустаҳаб бўлди. Бу кунларда қазо рўзасини тутаётганда суннат ёки мустаҳаб дейилмаса ҳам Жаноби Пайғамбаримиз шу кунларда рўза тутганлари учун суннат ёки мустаҳаб ҳам бажарилган бўлади.

 

“Мазах” калимасининг маъноси. Ҳазрати Умар ёнидагилардан сўради: “Ҳажвияга нима учун мазах дейилишини биласизми?” Ёнидагилар “Йўқ, билмаймиз” дейишди. Ҳазрати Умар “Чунки бу (мазах) соҳибини ҳақдан тойдиради. Шунинг учун тойдириш маъносига келадиган “мазах” калимаси ном қилиб берилган” деди.

Муҳаммад бин Мункадир айтдики: “Онам менга “Эй ўғлим! Болаларинг билан ҳазиллашмагин, уларнинг ёнида қийматинг тушмасин” дерди.”

Умар бин Абдулазиз ҳазратлари айтдики: “Аллоҳдан қўрқинг ва ҳажвия қилишдан сақланинг. Мазах кин-адоватга ва ёмонликка бошлайди. Қуръони карим билан гаплашинг ва Қуръоннинг соясида ўтиринг. Агар Қуръон сизга оғир келса, у ҳолда чиройли гаплардан гапиринг!”

Ҳазрати Муовиянинг озод қилган қули Қосим шундай баён қилади: Бир бадавий Расулуллоҳга ҳуркак туянинг устида ўтирган ҳолда келиб, салом берди. Ҳазрати Пайғамбардан бир нарса сўраш учун яқинлашганида туя ҳуркиб қочди. Буни кўриб, Асҳоби киром кулдилар. Туя эса бу саркашлигини яна бир неча бор такрорлади. Сўнгра устидаги одамни қулатиб, ўлимига сабаб бўлди. “Ё Расулаллоҳ, ҳалиги бадавий туясидан қулаб, ҳалок бўлди” дедилар. Расулуллоҳ шундай марҳамат қилдилар: “Ҳа, у ўлди, лекин сизларнинг оғизларингиз ҳам унинг қони билан тўлди!”

Яҳё бин Муоз айтдики: Тўрт нарса мўминни кулишдан тизгинлаши керак. Охират ишлари, нафақа топиш дарди, гуноҳлари дастидан чекаётган қайғуси, мусибатлардан тортаётган алами.

Ҳасан Басрий ҳазратлари қаҳқаҳа билан кулган бир йигитга “Ўғлим, сиротдан ўтдингми ё жаннатга боришингга кафолатинг бормики, бундай куласан?” деган. Бу йигит шундан кейин бекорга кулмайдиган бўлди.

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирганга ҳайф бўлсин!”

“Кўп куладиган одам

 

Қалбни қотирадиган нарсалар. Уч нарса қалбни тошга айлантиради:

1. бекордан бекор кулавериш.

2. Қорни очқамасдан овқат ейиш.

3. Фойдасиз ва кераксиз гаплар гапириш.

Қуйидаги бешта нарсани ўйлаган одам қаҳқаҳа отиб кула олмайди:

1. Қилган гуноҳларини ўйлаганида хавотирга тушиб, кула олмайди.

2. Қилган яхши амалларининг қабул бўлганидан амин бўлмагунча кулиши тўғри эмас.

3. “Келажакда мени нима кутмоқда, оқибатим нима бўлади” деб мулоҳаза юритган одам андишага ғарқ бўлади.

4. Жаннат ва жаҳаннамдан қайси бирига боришини билмайдиган кишининг ғамга ботиши керак.

5. “Ажабо, Аллоҳу таоло мендан розими ёки ғазабдами?” деб ўйлайдиган мўмин қандай қилиб қаҳқаҳа билан кулсин?

Бўлар-бўлмасга кўп кулавериш, тинмай қорин дардида бўлиш яхши эмас. Рамазон ойидан бошқа вақтларда ҳам гоҳи-гоҳида рўза тутиш лозим. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Оч ва сувсиз қолиб, ғам-ташвишни тотиб туришга ҳаракат қилинг.”

Ҳазиллашиб бўлса ҳам, дўстини қўрқитиш, ранжитиш яхши эмас. Бир киши дўстининг пойафзалларини олиб яшириб қўйди. Дўсти келиб, у ердагилардан пойафзалини сўради. Улар кўрмагани учун билмаймиз дейишди. Кейин яширган одам унга “Мана бу ерда-ку” деб кулди. Буни кўрган Расулуллоҳ “Қандай қилиб мўминни қўрқитишга журъат топдинг?” деб сўрадилар. У киши ҳазиллашганини айтганида Пайғамбаримиз икки марта “Қандай қилиб сен мўминни қўрқитасан!” дедилар.

Яна ҳазиллашиб дўстини қўрқитган бирига Расулуллоҳ бундай деб марҳамат қилдилар:“Мусулмонни қўрқитиш катта зулмдир.”

Пичоқ, қурол ўқталиб ёки бошқа йўсинда одамларни қўрқитиш тўғри эмас. Ҳадиси шарифда: “Мусулмонни қўрқитиш жоиз эмас” деб буйрилган.

Бирининг унутиб қолдирган нарсасини яшириб, уни излатиб қўйиш ҳам одам қўрқитишга киради. Ҳадиси шарифда: “Муноқаша қилмаган, ҳақли бўлса ҳам ҳеч кимни ранжитмаган, ҳазил-мутойиба учун ҳам ёлғон гапирмаган, яхши хулқ-атворли мусулмон жаннатга киради” деб марҳамат қилинган.

Ўзгаларни эмас, ўзингизни айбланг!
Мусулмонни майна қилиш, қалбини оғритиш ҳаром бўлиб, бундан сақланиш керак. Негаким, Аллоҳу таоло бундай буюрган: “Эй мўминлар! (сизлардан бўлган) Бир қавм бошқа бир (мўмин)қавм устидан ҳаргиз ҳазил-мазах қилмасин. Эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Яна(сизлардан бўлган) хотинлар ҳам ўзга (мўмина) хонимларни мазах қилмасин. Балки улар(масхара қилувчилардан) яхшироқдир. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилманглар, бир-бирингизни ёмон лақаблар билан чақирманглар. Иймондан кейин фосиқлик билан ном чиқариш нақадар ёмон! Ким тавба қилмаса, бас, улар золимдирлар.” (Ҳужурот, 11)

Оятдаги “суҳрия”нинг маъноси паст кўриш, хорлаш, ерга уриш, кулгуга қоладигандай айб ёхуд камчиликларини айтиб ҳамманинг диққатини тортиш деганидир. Бундай мазах, баъзан феъл ё сўз билан, баъзан имо-ишора билан қилинади. Булар агар масхара қилинаётган одамнинг олдида қилинса, очиқча ғийбат бўлмаса ҳам, ғийбат маъносига келади.

Ҳазрати Ибни Аббос “Бизларга ҳалокат бўлғай! Бу қандоқ китобки, на катта ва на кичик(гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб, битиб қўйибди.” (Қаҳф, 49) деган оятнинг тафсирида бундай деган: “Бу ерда “кичик” -дан мақсад – мўминнинг устидан қилинган ҳазил-мазахга табассум қилмоқдир. “Катта” -дан мақсад эса, мазахга қаҳқаҳа билан кулмоқир.” Ибн Аббоснинг ушбу тафсири одамлар устидан кулишнинг катта гуноҳлардан эканлигини билдирмоқда.

Абдуллоҳ бин Замъа ел чиқариб қўйган бир одам устидан кулганлар ҳақида Пайғамбаримизнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Баъзиларингиз ўзи ҳам қил(ади)ган бир ишни ўзгада кўрганида нимага кулади?”

Яна бир ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинди:

“Одамларнинг устидан кулганларга жаннатдан бир эшик очилиб, “қани кир” дейилади. У киши шошилиб келганида, эшик бекилиб қолади. Кейин бошқа бир эшик очилади. Ҳалиги киши чопиб энди ўша эшикка борганида эшик яна ёпилиб қолади. Бу ҳолат шунчалик кўп марта қайталанадики охирида “қани кел” десалар ҳам бора олмайди.”

Кишини хафа қиладиган лақаб билан юзига ҳам, орқасидан ҳам гапириш нотўғри. Масалан, одамни “бақалоқ”, “кар”, “чўлоқ” каби лақаблар билан чақириш ёки орқасидан гапириш гуноҳ бўлади. Ҳадиси шарифда “Бир одамни у ёқтирмаган лақаб билан чақирган кимсага фаришталар лаънат ўқийди” дейилган.

  Рукнлар Суҳбатлар

Муҳокама ёпилган.