ҚУЛ ва МАДДОҲ.

Муаллиф admin Haz 15, 2017

Толиб ЁҚУБ

ҚУЛ ва МАДДОҲ

Қул ва маддоҳларгина тахтга яқин турса, бундай мамлакатнинг ҳолига вой.
А.С.Пушкин

НАС БОСГАН САРОЙЛАРНИ МАДДОҲЛАР ИШҒОЛ ЭТМИШ

Қул – одам қиёфали, мол-мулки йўқ, на эркинлик ва на ҳуқуқи бор инсон. Қулнинг эгаси бор, эгаси хоҳласа уни мол каби сотади, хоҳласа дайди итни ўлдиргандай ўлдиради, бир коса овқат учун эрталабдан кечгача ишлатади, ўзига ўхшаган қул бўладиган болалар туғилиши учун уни ўзига ўхшаган қул аёлга уйлантиради. Қуллик –инсон томонидан инсон зотини таҳқирлашнинг энг баланд чўққиси ҳисобланади. Барча таҳқирлашларга қарамай, қул эгасига содиқ бўлади. Унинг зеҳнияти (менталитети) шундай. У ҳеч қачон эгасига қарши исъён қилмайди, унинг сўзига қарши чиқмайди ва шу куйда ўлиб кетади. Қулликда тутилган инсон ҳам жисмоний, ҳам маънавий қулдир. Бу – “қуллик” тушунчасининг классик таърифи. Бироқ, …

Ўзбекистонга ўхшаган мамлакатларда қул бой бўлиши ҳам мумкин – Бош прокурор, МХХ бошлиғи, Бош вазир, Олий Мажлис ва Сенат спикерлари ва уларнинг атрофи, оммавий ахборот воситалари, радио ва телевидение редакторлари, Акмал Саидов ва Сайёра Рашидова, эҳ-ҳе-е-е, қайси бирини айтасан, барчаси тахтга яқинлаштирилган маънавий қуллардир – ҳаммаси у ёки бу даражада бой қуллар! Ҳар бири беҳисоб бойлик тўплаган бўлса-ла, улар маънавий қулликда қотиб қолганлар. Тахтга яқин бўлган қуллар тарихда илгари ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор – уларни маддоҳлар дейишади. Мана маддоҳликнинг классик кўриниши – қуйидаги тўртлик Абдулла Орипов қаламига мансуб (2001 йил):

Менинг мавжудлигим ўзимга керак,
Тахтим – оиламнинг балки тахтидир.
Ислом ака, Сиз бор, биз ғолиб бешак,
Сизнинг борлигингиз халқнинг бахтидир!

Маддоҳ – жисмоний қул эмас, у, яна такрорлайман, – маънавий қулдир. Унинг ҳам эгаси бор, у турли пулдор ёки мансабдор одамга ёлланади, уни мақтайди, кўкларга кўтаради, эгаси ҳақида шеър, мақола ва китоблар ёзади, атрофида гирди-капалак бўлади, бунинг учун у ўзининг барча маҳоратини ишга солади, тили ва дилидан бол томади, кўзи бежо ўйнайди, эгаси урса мутлақо хафа бўлмайди, аксинча, “Кечирасиз, акажон, қўлингиз оғримадими?” дея илжаяди, ўзининг сунъий ва ёқимсиз қилиқларидан уялмайди. Маддоҳнинг асосий қуроли унинг тилидир. У талантли, тилдан “Худо берган” одам. Энг “олийжаноб” маддоҳ эса давлат бошлиғининг маддоҳи бўлиб, Исмат Хушевни Ислом Каримов қандай тахт атрофида сақлаган бўлса, “олийжаноб” маддоҳ худди шундай тахтга яқинлаштирилган маддоҳ эканлиги аён.

Демак, Пушкин тили билан айтганда, Ўзбекистон ҳолига вой мамлакатдир. Хитой лидери Дэн Сяопин 1978 йилда халққа ягона эркинлик – иқтисодий эркинлик берди. У коммунистик тартибнинг фақат бир қисминигина юмшатди, холос. Шунинг ўзи 36 йилда Хитой салкам бир ярим миллиардлик аҳолини боқиб олдигина эмас, балки иқтисодий қудрат ва барқарорлик бўйича дунёда АҚШдан кейин 2-чи ўринга кўтарилди. Шу ислоҳотдан кейин коммунистик Хитойда давлат раҳбари ҳар ўн йилда ўзгариб турадиган бўлди. Сабаби оддий: қуллар ва маддоҳлар тахтдан узоқлаштирилди, аниқроғи, бутунлай йўқ қилинди. 25 йил Ислом Каримов қўл остида “ривожланаётган” Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати эса бир юз-у етмиш …-чи ўринда қимирламай турибди.

Буюк рус шоири Александр Пушкин камида 180 йил илгари англаган ҳақиқатни XXI-асрда яшаётган ўзбеклар тушунмаслигига ҳайрон қоласан, киши. Фейсбукда бир баҳсни кузатдим, унда анча-мунча Ўзбекистонда туриб баҳсда қатнашаётганлар бўлди. Уларнинг шарҳини ўқиб “булар қулларми ёки маддоҳларми?” дея савол берасан ўзингга ўзинг. Шундайлар орасида Наргиза Хўжаева номли бир адвокат алоҳида ажралиб турди. У бор қаҳрини ишга солиб мамлакатдаги адолатсизликларни танқид қилаётганларга заҳар сочди. Буни кўриб у олий юридик билим олган инсон эканлигига ишонгинг келмайди. Одатда олий юридик билим юртида мамлакат Конституцияси ва турли кодексларда ёзилган ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ ҳақида дарслар ўтилади. Юристлар ўз фаолияти давомида давлат мулозимлари томонидан содир этилган қонунбузарликлар ёки инсоннинг инсонга нисбатан содир этган жиноятига қарши судларда айнан АДОЛАТни ҳимоя қиладилар. Наргиза Хўжаева эса адолат ҳақида бир оғиз ҳам гапирмади, ваҳоланки Ўзбекистонда адолатсизлик чўққига чиққанлиги кўрга ҳам, карга ҳам маълум. IV-асрдаёқ римлик файласуф Августин Аврелий ушбу ҳикматни ёзиб кетган: “Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади”. Адвокат сифатида Наргиза Хўжаева Ўзбекистонда суд системасининг ахволини яхши билиши керак. Агар Наргиза Хўжаева Ўзбекистонда суд адолатли деб ҳисобласа, у ҳолда уни коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботган, адолат нималиги миясидан тамоман ювиб ташланган суд системаси билан чамбарчас боғланган ҳолда ишлаётган адвокат бўлса керак, яъни маънавий қул адвокат экан, деган гумон қилишдан бошқа чора йўқ.

ДАВЛАТ ҚУЛЧИЛИГИ

Мажбурий пахта чопиғи, яганаси ва терими – давлат қулчилигидир. Дунёнинг қайси мамлакатида коммунистик сиёсий система ўрнатилган бўлса, бундай қулчилик ўша давлатда бўлмай қолмаган. СССР пайтидаги Ўзбекистонда давлат қулчилиги ва маддоҳлиги учига чиққан эди. 1958-63 йилларда мен студент, ундан кейинги йилларда то 1992 йил охиригача мактаб ўқитувчиси, олий ўқув юртида стажёр, аспирант, доцент бўлиб ишлаб давлат қулчилигини ўз кўзим билан кўрганман. Ҳаётимизнинг бир қисми пахта билан боғлиқ бўлди. Эсимда бор – болалик пайтимизда, декабрнинг ўрталаригача давом этган пахта теримидан кейин очилмай қолган кўракларни юлиш бошланар эди. Хирмон-хирмон уюлган кўсакларни отаравада қишлоққа ташилар ва ҳар хонадонга бир арава кўсак ташлаб кетилар эди. Биз, болалар, ота-онамиз ёнида ўтириб салкам тонг отгунча, жинчироқ ёруғида кўсак чувир эдик. Дарс қилиш, китоб ўқиш, бемалол чопиб ўйнаш, тўйиб овқатланиш, дам олиш қаёқда! Қуллик даражасига қаранг – куз совуқ келиб қорли-қировли кунлар бошланса, далада қордан бошқа ҳеч нарса кўринмай қолса ҳам қуллик тўхтамас эди – барибир аҳоли далага чиқарилар эди. Узунлиги 3-4 метрлик йўғон ходани арқон билан от бўйинтуруғига боғлаб дала бўйлаб судратилар, шу йўл билан қор тўкдирилар ва кўсак юлиш давом эттирилар эди.

Маддоҳ ўзбек шоир ва ёзувчилари инсон ва жамият эркинлигини эмас, пахта териш нақадар шарафли иш эканини мадҳ этишар эди:

“Пахта терсанг тоза тер,
Чаноғида қолмасин.
Буни кўрган одамлар,
Қўлинг синсин демасин!” –

шу маддоҳларнинг тўрт қатори, холос. Давлат қулчилиги ўбдон мақталди, китоблар ва ўқув дарсликларидан жой олди, “Энг илғор пахтакор” давлат нишони таъсис этилди, ўзининг давлат раҳбарларига содиқлигини намойиш қилганларни “Социалистик меҳнат қаҳрамони” олтин ордени билан сийлаб турилди. 80-чи йилларнинг бирида мен Тошкентда АҚШдан келган бир турист билан гаплашиб қолдим. Гап орасида “Социалистик меҳнат қаҳрамони” унвони ҳақида гап кетди. Америкалик бу унвон моҳиятига ҳеч тушунмади, у ўзининг фикрида қатъий эди: “Бизда, АҚШда, “Капиталистик меҳнат қаҳрамони” деган нарса йўқ. Ҳамма билиб-билиб ўз ишини қилади. Бировга ишласангиз шартнома тузасиз ва шу шартнома асосида қатъий маош оласиз. Маошингиз кам бўлса норозилик билдирасиз, норозилар давлатдан мустақил касаба уюшмаларига бирлашадилар ва намойишлар ўтказадилар, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини талаб қилишади”.

Бир неча аср илгари инглиз, француз, испан, немис, голланд, португал ва италянлар Африка ишғолини бошлашди. Йўқ, улар бошда бу қитъанинг қолоқ қоратанли аҳолиси ҳаётини яхшилаш учун боришган эмас. Улар ҳар куни юзлаб ва минглаб қоратанлиларни кемаларга юклаб АҚШга олиб бориб қулликка сотишган. АҚШда 1787 йил 17 сентябрда дунёда биринчи демократик Конституция қабул қилинган бўлса-да, моҳиятан АҚШ қулдорлик мамлакати бўлиб, бу ҳол яширилмас эди. Бироқ, ўша пайтларда ҳам АҚШ жамиятида қулликка қарши курашган одамлар етарлича кўп, қоратанли Мартин Лютер Кинг эса шуларнинг бири эди. М.Л.Кинг зўравонликнинг ҳар қандай формасига қарши бўлиб, норозиликлар нима сабабдан туғилишини тушунар ва ҳукуматни одамларни тинглашга чақирар эди. Масалан, унинг ушбу фикри озодлик мадҳияси сифатида қаралади: “Норозилик – овози ўз вақтида тингланмаган одамларнинг овозидир”. Шунинг учун ҳам “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”ни ёзган мутахассис инсонлар 1948 йилда унинг Преамбуласига ҳукуматлар учун ушбу огоҳлантиришни киритишган: “… инсон мустабидлик ва таҳқирланишга қарши охирги чора сифатида қўзғолонга қўл урмаслигини таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқлари қонун кучи билан муҳофаза қилиниши зарур”.

Мен французлар билан бир масалада кўп гаплашаман. Францияга бошқа мамлакатлардан, асосан Африка ва Яқин Шарқдан, ҳар йили 100.000 дан ортиқ одам қабул қилинади. Франция ҳукумати шу одамларни кўчага ташлаб қўймайди, француз тилини ўрганиш учун текин курслар очиб қўйган, уларни уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлайди, ҳар ой пособие (нафақа) беради, болаларни мактаб ва коллежларда ўқитади. Иш масаласида французга ҳам, бошқа миллат вакилига ҳам талаб битта – иш изловчи юқори малакага эга бўлиши лозим. Шундай бўлгандагина иқтисод самарали ва мустаҳкам бўлади, дейишади французлар. Бу – табиий, ривожланган мамлакатларнинг ҳаммасида шундай. Ҳатто ҳовли ёки кўча тозалайдиган фаррошларни Францияда 6 ой ўқитишади ва лицензия беришади. Битта, иккита ва ҳатто учта етим болаларни боқиб олган оилалар ҳар қадамда учрайди. Францияга янги келган оилаларга беминнат, текин ва атрофлича ёрдам берадиган волонтёр (кўнгилли)лар беҳисоб. Бир йил илгари Ўзбекистондан кўчиб келган, 7 кишидан иборат ўзбек оиласидан 15 ёшли бир қизча баҳайбат ҳовли ва икки қаватли уйга эга бўлган, ёлғиз яшовчи бир француз аёл уйида яшамоқда. Бу хонадонда қизча учун ҳамма нарса – яшаш, озиқ-овқат, кийим-кечак – текин. Кампир қизча, унинг бувиси ва бувасига француз тилини ўргатади. Қизчанинг вазифаси эса ягона – ўзбекча таомлар тайёрлаш. Бир пенсионер француз аёл 2008 йилда волонтёр сифатида бизнинг оиламизга ёрдамга кела бошлади ва … оила аъзомизга айланди. Уйи биздан 40 км нарида бўлса-да, у ҳар ҳафтада уйимизга камида бир марта келади. Невараларимга математика ва француз тилини ўргатади, ҳар йили ёзда уларни ёзги саёҳатга олиб кетади, тез-тез кино, театр, музей ва ҳайвонот боғига олиб боради – барча харажатни ўз ёнидан қилади. Бундай оилалар Францияда беҳисоб.

Мен французларга битта савол бераман, холос: “Нега сизлар келгиндиларга бунчалик меҳрибончилик кўрсатасизлар?”. Уларнинг жавоби: “Бизнинг аждодларимиз кўп халқларга азоб берган, бойликларини тортиб олган, ўлдирган, хўрлаган, қул қилиб сотган, шунинг орқасидан бойиган. Аждодларимиз ишидан биз ҳижолатдамиз, уяламиз, эзиламиз. Биз аждодларимиз гуноҳини ювиш учун нималардир қилишимиз керак. Бу гуноҳларни охиригача юва оламизми-йўқми, билмаймиз. Бироқ биз ҳаракат қилаяпмиз”. Бу гапларни фақат юксак маданиятли, инсонпарвар ва узоқ уфқларни кўзлаган халқ вакиллари айтиши мумкин.

ЭРК ҚЎШИҒИ ЯНГРАЙДИ ЗИНДОНУ, ҚАМОҚЛАРДА

АҚШда озод ва эркин бўлишни қумсаб ва истаб айтилган мунгли ашулалар биринчи марта зиндону қамоқхоналарда оёғларига занжирли кишан солинган қуллар томонидан тўқилган экан. Бу қулларнинг кўпчилиги озодликни кўрмай ўлиб кетишган. Мен бир пайтлар АҚШда ишланган, катта қийинчиликлар билан қулликдан қочган, бошпанасиз, оч-ноҳор, усти юпун, ҳар қадамда хавф пойлаб турган ваҳимали онларда қоратанлилар, далада, қоронғу кечада, гулхан атрофида ўтириб ўзларининг дард тўла мунгли ашулаларини айтаётганларини акс эттирган бир кинофильм кўрган эдим. Уларнинг ашуласини ҳаяжонсиз, хотиржам ўтириб эшитиб бўлмайди – уларда озод инсон бўлиш туйғуси шунчалик кучли-ки, уни эшитишга ҳар қандай ҳам одамнинг бардоши етмайди, беихтиёр кўзингга ёш келади. Бир пайтлар уларнинг уруғлари, ота-оналари, балки ўзлари ҳам узоқ Африка ўрмонларида эркин юришган – балки улар мунгли қўшиқларида шуни эслашаяптимикин? Қандай қисмат уларни қолоқ, бироқ эркин ҳаётдан узоқ, бегона, шафқатсиз Америка сарҳадларига улоқтирди? Балки улар ўз қўшиқларида шу ҳақда қайғули оҳанглар таратаяптилармикин?

ЖАСЛИҚ ҚЎШИҒИ

Яқинда Жаслиқ қамоқхонасидан чиққан ва Россияга кетган бир собиқ маҳбусдан хат олдим. Унинг ёзишича, ҳар куни уч маҳал Жаслиқ қамоқхонасининг 100% маҳбуслари овқатлангани ошхонага саф бўлиб, боришда ҳам, қайтишда ҳам ушбу шеърни қўшиқ қилиб айтишар экан.

Гуллаган бу бўстонда
Юртим Ўзбекистонда
Шундай бахтли замонда
Соғ бўлайлик, соғ, омон.

Истиқлолинг нур сочиб,
Ғам-алам биздан қочиб,
Дўстларга кўнгил очиб,
Соғ бўлайлик, соғ, омон.

Мафтунингда армон йўқ
Бундай бахтли замон йўқ.
Юртбошидан кўнгил тўқ
Соғ бўлайлик, соғ, омон.

Шу шеърни бир шоирнамо маҳбус ўзгартирибди ва энди 80% маҳбуслар ўзгартирилган шеърни қўшиқ қилиб айтишаётган экан:

Чўллаган зимистонда,
Юртим Ўзбекистонда.
Шундай вахший замонда
Соғ бўлайлик, соғ, омон.

Истиқлолинг ўқ сочди,
Эркинлик биздан қочди.
Душманга кўнгил очди,
Соғ бўлайлик, соғ, омон.

Мафтунингда армон йўқ,
Бундай вахший замон йўқ.
Юртбошининг кўти бўқ,
Соғ бўлайлик, соғ, омон.

ЭСЛАТМА: Бу ҳаётий воқеани биз бир неча оиладан эшитган эдик. Энди уни бевосита қамоқдан чиққан инсондан эшитдик ва тўлиқ ишондик.

Америкалик қуллар бутун умрини, ётганда ҳам, турганда ҳам, ишлаганда ҳам оёғида кишан билан ўтказганлар. Ҳозир XXI-аср бўлгани учун ўзбек қамоқхоналарида маҳкумларнинг оёғига кишан солишмайди. Бироқ, Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳам озодликни қумсаб маҳкумлар қўшиқлар тўқишмоқда. Инсон учун эрксизлик нақадар жирканч, эркинлик нақадар севимли ҳолат! Ўзбеклар французлар каби узоқ нурли уфқларни кўзлаб эмас, балки бир кунини ўйлаб ҳашаматли тўйлар қилмоқдалар. Тўйлар уларга эркин ҳаётни ҳадя қилаётгани йўқ, пахта ва бошқа давлат қуллигидан қутқараётгани йўқ, маддоҳларни кўпайтирса кўпайтираяпти-ки, асло камайтиргани йўқ. Маддоҳлар “Ҳаётимиз тинч, осмонимиз беғубор!” деган эски, даққиюнусдан қолган шиорни янгиламоқдалар. Янги-янги маддоҳлар етишиб чиқмоқда, улар тахтга яқинлашиш орзусида яшамоқдалар, А.С. Пушкин айтганидай, мамлакатимиз ахволини вой даражага туширишга интилмоқдалар.

  Рукнлар Толиб Ёқубов

Муҳокама ёпилган.