Суҳбат – 18 …

Муаллиф admin Haz 14, 2017

Суҳбат – 18

Мусулмонга кофир деган… Маккий бин Иброҳим қуйидагича баён қилади: “Биз Ибн Авннинг ёнида ўтиргандик. У ерда бир кимса ҳақида гап очилди ва унга лаънат айтдилар. Унинг бутун ёмонликларини тилга олишди. Ибн Авн эса сукут сақларди. Шунда “Эй Ибн Авн! Биз унинг сизга қилган зулми туфайли унга қарши гапиряпмиз. Сиз нимага сукут сақлаяпсиз?” дейишди. Ибн Авн жавобан “Менинг амал дафтаримдан “Ла илоҳа иллаллоҳ” калмасининг топилиши “Аллоҳ фалончига лаънат этсин” деган гап топилишидан афзалроқдир” деди.”

Имоми Ғазолий ҳазратларидан Язидга лаънат ўқиш жоизми деб сўрадилар. Бундай жавоб берди: “Язиднинг ҳазрати Ҳусайнни ўлдиргани ёки ўлдирилишини амр этгани аниқ эмас. Шу боис қатъий аниқ бўлмаган воқеа ҳақида “Язид ҳазрати Ҳусайнни ўлдирди” ёки “Уни ўлдиришни буюрган” дейиш ҳам жоиз эмас. Бу жоиз бўлмаганидан кейин унга лаънат айтиш қанақасига жоиз бўлсин?”

Ҳа, “Ибн Мулжам ҳазрати Алини, Абу Лулу эса, ҳазрати Умарни ўлдирди” дейиш жоиз. Чунки бу воқеалар тавотур йўли билан собитдир. Мана шу жиҳатдан ҳеч бир мусулмонга сўраб-суриштирмасдан фисқ ёки куфр тамғасини ёпиштириш жоиз эмас. Расулуллоҳ шундай марҳамат қилгандилар:

“Ҳеч ким бировни на куфр билан, на фисқ билан айбламасин! Чунки агар у киши айбловчи айтганидек бўлмаса, бу айб айбловчига юкланади.”

“Бир киши бошқа бировнинг куфрига гувоҳлик қилса, муҳаққақ улардан бири бу куфрни зиммасига олади. Агар “кофир” деган одами ҳақиқатан айтганидек чиқса, бу ҳукм тўғридир. Агар кофир бўлмаса, бировни кофирга чиқаргани учун ўзи кофир бўлади!”

Бу ҳадиси шарифнинг маъноси шу: Одамнинг мусулмон эканлигини билиб туриб унга кофир деса, ўзи кофир бўлади. Агар бидъат ёки бошқа иши учун унинг кофир бўлганини гумон қилса ва унга кофир деса (аслида кофир бўлмаса), бу сафар буни айтган одам кофир эмас, хатолашган бўлади.

Язиднинг кофир эканлигига доир далил бўлмагани учун унга лаънат қилинмайди. Лекин юқорида билдирилганидек, умумий қилиб, “Аллоҳ ва Расулини ранжитганларга лаънат бўлсин” дейишнинг зарари йўқ.

Зулм қанчалик кўп бўлса, уни авф этишнинг савоби ҳам шунчалик кўпдир. Кин-адоватдан ҳосил бўладиган ёмонликлар жуда кўп. Адоват сақлаган киши туҳмат, ёлғон ва ёлғон гувоҳлик, ғийбат, сирларни фош қилиш, мазахлаш, ноҳақ ранжитиш, киши ҳақини ейиш ва борди-келдини узиб қўйиш гуноҳларига дучор бўлади.

Рамазон ойи муборак бўлсин! Муборак Рамазон ойи бу йил(2017) 27 май шанба куни бошланади. Бу ой ҳақида имом Раббоний ҳазратлари айтганларки: “Муборак Рамазон ойи жуда шарафлидир. Бу ойда қилинган нофила намоз, зикр, садақа ва бошқа барча нофила ибодатларга берилган савоб бошқа ойларда фарзга бериладиган савоб кабидир. Бу ойда қилинган бир фарз амал бошқа ойлардаги етмишта фарзга тенг. Бу ойда бир рўзадорга ифтор берганнинг гуноҳлари кечирилади, ўзи жаҳаннамдан озод қилинади. Рўзадорнинг савоби қадар ифторлик берганга ҳам савоб берилади. Рўзадорнинг савоби камаймайди.

Бу ойда қўл остидагиларнинг ишларини енгиллаштирган, уларнинг бемалол ибодат қилишларига шароит қилиб берган амирлар ҳам кечирилади, жаҳаннамдан озод бўлади. Рамазон ойида Расулуллоҳ асирларни озод этар, қилинган илтимосларни жавобсиз қолдирмас ва сўраб келинган нарсаларни берардилар. Бу ойда ибодат ва яхши иш қилганларга бутун йил давомида шундай ижобий амалларни қилиш насиб этади. Бу ойга ҳурматсизлик қилган, гуноҳ ишлаган кимсаларнинг бутун бир йили гуноҳ қилиш билан ўтади.

Бу ойни фурсат билиб, қўлдан келганича ибодат қилиш керак. Аллоҳу таоло рози бўладиган ишларни қилиб олишга шошилиш керак. Бу ойни охиратни қозониш учун ғанимат деб билиш лозим.

Қуръони карим Рамазон ойида нозил бўлди. Қадр кечаси ҳам Рамазон ойидадир. Рамазонда саҳарликни вақтининг сўнггига томон, ифторликни эса, вақти кириши билан бошида қилиш суннат. Расулуллоҳ бу икки суннатни бажаришга жуда катта аҳамият берардилар.

Ифторда шошилиш ва саҳарликни кеч қилиш, балки инсоннинг ожизлигини, еб-ичишга муҳтожлигини кўрсатади. Ибодат дегани ҳам аслида шу.

Хурмо билан оғиз очиш суннат. Ифтордан кейин “Заҳабаз-зама вабталлат-ил уруқ ва сабат-ал-ажр иншоаллоҳу таоло” дуосини ўқиш, таровиҳ намозини ва Қуръон хатм қилиш бу ойда жуда муҳим бўлган суннатлардандир.

Бу ойда ҳар кеча жаҳаннамга кириши керак бўлган мингларча мусулмонлар авф этилиб, озод бўлади. Бу ойда жаннат дарвозалари очилади. Жаҳаннам дарвозалари бекилади. Шайтонлар занжирбанд қилинади. Раҳмат эшиклари очилади. Аллоҳу таоло бу муборак ойда Унинг шаънига ярашадиган ибодатлар қилишимизни ва Раббимизнинг рози бўлган, ёқтирган йўлида юришимизни барчамизга насиб этсин! Омин.” (Мактубот, 1-жилд, 45-мактуб)

Рамазон ойида ҳаммага кўрсатиб овқат еган киши бу ойга ҳурмат кўрсатмаган бўлади. Намоз ўқимаганларнинг ҳам рўза тутиши ва ҳаромлардан сақланиши керак. Буларнинг рўзалари қабул бўлади ва иймонлари борлиги шундан маълум бўлади.

Рамазони шарифда рўза тутишнинг савоби жуда катта. Узрсиз рўза тутмаслик катта гуноҳ. Ҳадиси шарифда: “Рамазонда бир кун рўза тутмаган одам бунинг ўрнига бутун йил рўза тутса ҳам, Рамазондаги ўша бир куннинг савобига эриша олмайди” деб марҳамат қилинди. (Термизий) (Аммо диний бир узри бўлса, рўза тутмаслик гуноҳ бўлмайди.)

Муборак вақтларда гуноҳлардан узоқ туриш, тоатларни, ибодатларни ва ҳар турли яхшиликларни кўпайтириш керак. Чунки Аллоҳу таоло тарафидан севилган кимса фазилатли вақтларда яхши амаллар билан машғул бўлади. Ёмон кўрган бандаси эса, фазилатли вақтларда ёмон ишлар билан машғул бўлади. Ёмон ишлар билан машғул бўлган бадбахтнинг бу ҳаракати азобининг яна-да шиддатлироқ бўлишига ва Аллоҳу таолонинг унга яна-да кўпроқ душман бўлишига сабаб бўлади. Чунки у бу ҳаракати билан вақтнинг баракотидан маҳрум қолган ҳамда унинг ҳурмат ва шарафини топтаган бўлади. (Мавъизаи ҳасана).

Рамазон ойида бир кеча борки, у минг кечага тенг бўлиб, у Қодир кечаси деб аталади. Ана ўша муборак кеча Рамазоннинг қайси куни киришини тажриба қилган олимларимиз бордир. Улардан бири, Имом Шаъроний ҳазратлари Қодир кечасини Рамазоннинг биринчи кунига кўра, аниқлашнинг тубандаги тартибини кўрсатгандир: Рамазони шариф Якшанба куни кирса, ойнинг 28-дан 29-га ўтадиган кеча Қодир кечасидир; 

Рамазон Душанба куни бошланса, ойнинг 20-ни 21-га боғлайдиган кеча Қадр кечасидир;

Рамазон сешанба куни бошланса, ойнинг 26-ни 27-га боғлаган кеча Қадр кечасидир;

Рамазон чоршанба куни бошланса, ойнинг 18-ни 19-га боғлаган кеча, Қадр кечасидир;

Рамазон пайшанба куни бошланса, ойнинг 24-ни 25-га боғлаган кеча, Қадр кечасидир;

Рамазон Жума куни бошланса, ойнинг 16-ни 17-га боғлаган кеча, Қадр кечасидир;

Рамазон Шанба куни бошланса, ойнинг 22-сини 23-га боғлаган кеча, Қадр кечасидир.

Имом Шаъроний ҳазратлари 30 йил давогмида Қадр кечасини шу усулда аниқлаш билан тажриба қилганлар экан. Бир неча Авлиёлар ҳам Қадр кечасини аниқлашда шу усулга амал қилишганлардир.

Олимларнинг айтишича Қадр кечасининг Рамазон ойи ичида аниқ бир кун кўрсатилмаслигининг сабаби, унга тўғри келишга ҳаракат қилиб мусулмонлар янада кўпроқ ибодатлар қилиши учундир.  Фазилат нашриёти тарафидан босилган “Дуо ва ибодатлар” китобида кўрсатилишича, Қадр кечаси барча нарсалар ва жонлилар Аллоҳу таолога сажда қиладилар, ҳаво очиқ бўлади, кеча  жуда чиройли кўринишда бўлади. Денгизларнинг суви бир он чучуклашади. Мўминлар авф-и илоҳий ва мағфират-и субҳонийя ила шарафланадилар.

Бу ҳисоблардан шундай хулосага келиш мумкин, Рамазони Шариф қайси куни кирса кирсин, Қадр кечаси Шанбани Якшанбага боғлаган кечага тўғри келмоқдадир. Шундай қилиб, Рамазони шарифнинг иккинчи яримидаги иккита Шанба кунларидан 17; 19 каби тоқ кечалардан бири Қадр кечаси бўлади.

“Лаънат учун юборилмадим” Уҳуд ғазосида Пайғамбаримизнинг муборак юзлари яраланиб, муборак тишларии сингач, Асҳоби киром қаттиқ қайғурдилар. “Дуо қилинг, Аллоҳу таоло жазоларини берсин” дейишди. Расулуллоҳ “Мен лаънат қилиш учун юборилмадим. Хайрли дуо қилиш, бутун махлуқотга раҳм қилиш учун юборилдим”“Ё Рабби, уларга ҳидоят бергин, улар мени танимайди, билмайди” деб марҳамат қилдилар.

Душманларини авф этдилар. Лаънатламадилар.

Зулм қилган одамни авф этиш ҳилмнинг, марҳаматнинг ва шижоатнинг энг устун даражасидир. Яхшилигини аяган одамга ҳадя бериш ҳам эҳсоннинг энг юқори даражасидир. Ёмонлик қилган одамга эҳсонда бўлиш одамийликнинг энг юксак даражасидир. Бу сифатлар душманни дўстга айлантиради.

Жаноби Пайғамбаримиз билан бирга кетаётган бир киши туясини лаънатлади. Шунда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Эй Аллоҳнинг қули! Лаънатга учраган туя устида ўтирган ҳолда биз билан бирга юрма!” деб марҳамат қилдилар.

Шайх Ибн-ул Арабий айтадики: “Ёмонлик қилганга яхшилик билан жавоб берган киши неъматларнинг шукрини адо этган бўлади. Яхшиликка ёмонлик билан жавоб берган кимса эса, неъматга кўрнамаклик қилган бўлади.”

Ҳаққини еган кимсадан фақат ўз ҳаққини қайтариб олиш, ортиқчасини олмаслик, ортиғини олиш интисор (ўч олиш) бўлади. Авф этиш, адолатнинг юксак даражаси, интисор эса, энг паст даражасидир. Адолат солиҳларнинг энг юксак даражасидир.

Авф этиш, кечиримли бўлиш баъзан золимлар олдида ожизликни кўрсатиши мумкин. Ундай ҳолларда ушбу кечирим, зулмнинг ортишига сабаб бўлиши мумкин. Интисор ҳар доим зулмнинг камайишига, ҳатто йўқ бўлишига сабаб бўлади. Кечиб юборганда зулмнинг ортиш эҳтимоли бўлган ҳолларда интисор қилиш, кечиришдан афзал, яна савоби кўпроқ. Одам баддуо қилишдан, лаънатлашдан, айниқса, ўз яқинларига нисбатан қарғиш айтишдан ҳар доим сақланиши керак.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Отанинг дуоси илоҳий пардагача етади ва бу пардадан ҳам ошади.”

“Ота-онанинг фарзандига ва мазлумнинг золимга қилган баддуолари рад этилмайди.”

“Ўзингизга, молингизга ва бола-чақангизга баддуо қилманг! Дуолар қабул бўладиган пайтга тўғри келиб қолса, баддуоларингиз қабул бўлади.”

Меърож кечаси муборак бўлсин!

Эртага 23 апрель якшанба кунидан 24 апрель душанбага ўтадиган кеча муборак Меърож кечасидир(2017 йил ҳақида сўз кетмоқда). Меърож зинапоя деганидир. Расулуллоҳнинг кўкларга чиқарилиб, биз билмайдиган жойларгача кўтарилган Ражаб ойининг 27-кечаси. Исро сурасининг илк ояти каримасида Меърож ҳақида маълумот берилган.

Ҳар бир муборак кеча қийматлидир, лекин Меърож кечасининг алоҳида бир хусусияти бор. У ҳам бўлса, изтироб билан севинч жамланган кеча бўлишидир. Пайғамбаримиз бир ой Тоифда исломиятни таблиғ қилдилар, лекин ҳеч ким имонга келмади. Аксига олиб масхара қилишди, болаларга тош бериб, оттиришди.

Расулуллоҳ ғамгин ва хорғин бир вазиятда у ерни тарк этдилар. Йўлда бир боғ ёнида озгина дам олгани ўтирдилар. Аддас исмли боғ қоровули узум олиб келди. Пайғамбаримиз“Бисмиллаҳирраҳмонирраҳийм” деганларида Аддас шошиб қолди. “Бундай чиройли сўзни бу ерларда ҳеч эшитмагандим” деди. Пайғамбаримиз “Сен қаерликсан” деб сўраганларида “Ниноваликман” деб жавоб берди. “Биродарим Юнуснинг ўлкасидан экансан, у ҳам мен каби пайғамбар эди” деб марҳамат қилдилар. Аддас “Юнус набийни бу ерларда ҳеч ким эшитмаган, бу гўзал юз ва гўзал сўзларнинг соҳиби асло ёлғон гапирмайди” деди ва дарров имон келтирди. “Мен ҳам сиз билан кетишни хоҳлайман” деди. Пайғамбаримиз “Ҳозирча шу ерда қолгин, яқинда исмимни ҳаммажойда эшитасан, шунда менинг ёнимга келгин” дедилар. Ҳикмати бир Аллоҳга аён, Тоифда бир ой тинмай қилинган таблиғда биронта одам ҳам ишонмаган эди. Қайтиш йўлида бир киши имон келтирди.

Кечқурун амаки қизи Уммихонийнинг уйига келиб “Эшикни очинг, амакингизнинг ўғли Муҳаммадман” дедилар. Уммихоний “Хабар берганингда ейишга бирон нарсалар тайёрлаб қўярдим, уйда егулик ҳеч вақо йўқ” деди. Жаноби пайғамбаримиз “Ейиш-ичиш хаёлимда йўқ, менга Раббимга ибодат қиладиган бир жой бўлса бас” дедилар.

Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссаломга “Ҳабибим шундай ҳолда ҳам, менга ёлвормоқда. Кўп ғам-ташвиш тортди. Унга фақат мен тасалли бера оламан. Бор Ҳабибимни олдимга олиб кел” деб буюрди. Аввал Масжиди Ақсога келдилар, у ерда бутун пайғамбарларга имом бўлдилар. Сўнгра самоларга чиқарилдилар. Аллоҳу таолони билинмайдиган, тушунилмайдиган бир ҳолатда кўрдилар. “Ё Рабби, умматим учун ҳам шу давлатни истайман” дедилар. Шунда беш вақт намоз бизга Меърож сифатида ато қилинди.

Меърожда не-не ҳикматлар бор. Намоз ўқимаган кимса булардан маҳрум. Меърожнинг давоми бўлмиш намоз сингари 1400 йилдан бери давом этаётган иккинчи бир ҳодиса йўқ. Меърож бу – ақл поёнига етиб, имон бошланадиган жой. Меърож намоздир. Аллоҳу таоло намоздек улуғ неъматни инсонларга эҳсон қилди. Намоз Аллоҳга бўлган муҳаббатни оширади, дуоларнинг қабул бўлишига ҳам сабабдир. Намоз бўлса, ҳаёт бор. Намоз бўлмаса, инсон ҳеч бир ишга ярамайди. Намоздан маҳрум бўлган банда, барча нарсадан маҳрумдир.

Муҳтарам пайғамбаримиз Меърож ҳодисасини қуйидагича баён қилганлар:

Олиб келинган жаннат улови Буроққа миниб, Байтул мақдисга келдим. Уни аввалги пайғамбарлар боғлаган ҳалқага боғладим. Сўнгра масжидга кириб, у ерда икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Жаброил бир идишда сут ва жаннат шаробидан келтирди. Мен сутни танладим. Жаброил менга яратилишга мос бўлганини танладингиз деди. Сўнгра бизни биринчи самога чиқардилар. Кўк дарвозасига етганимизда ичкаридан “Сен кимсан” деган овоз келди. “Мен Жаброилман” дея жавоб қотди Жаброил. “Ёнингдаги ким?”дедилар. “Бу Муҳаммад алайҳиссалом” деди. “У пайғамбар қилиб юборилдими?” дедилар. Жаброил “Ҳа” деб жавоб берди. Кўк дарвозаси очилиб, Одам алайҳиссалом билан юзлашдим. Менга марҳабо деб, хайр дуолар қилди. Иккинчи қат самога чиқдик. У ерда ҳам айни савол-жавоблар ўтиб, дарвоза очилди. Бу ерда икки холавачча Исо ва Яҳё билан учрашдим. Улар ҳам менга марҳабо деб, хайр дуо қилдилар. Учинчи осмонга чиқдик. Юқоридагидек суриштиришлар бўлиб ўтгач, у ерда ҳазрати Юсуфни кўрдим. У ҳам дуо қилди. Тўртинчи қат кўкка кўтарилдик. Яна айни савол-жавоблар бўлди. Эшик очилиб, ҳазрати Идрис кўринди. У ҳам дуо қилди. Бешинчи қават осмонга чиқдик. Худди ўша савол-жавоблар бўлиб ўтди. Давоза очилиб, ҳазрати Хорунни кўрдим. Марҳабо деб дуо қилди. Олтинчи қат самога чиқдик. Яна айни савол-жавоблар бўлди ва эшик очилди. Ҳазрати Мусони кўрдим. Унинг дуосини ҳам олдим. Еттинчи осмонга кўтарилдик. Аввалгидек савол-жавоблар бўлгач эшиклар очилди. Орқасини Байти Маъмурга суяб ўтирган ҳазрати Иброҳимни кўрдим. У ҳам дуо қилди. Байтул маъмурни кўрдим. Сўнгра Жаброил мени Сидрат-ул мунтаҳога элтди. Аллоҳу Азимушшон кунда эллик вақт намозни фарз қилди. Ҳазрати Мусонинг ёнига келиб, кўрган-кечирганларимни гапириб бердим. “Раббингдан ушбу вазифани камайтиришини сўрагин. Умматингнинг бунга кучи етмайди. Мен буни инсонларда синаб кўрганман” деди. Гапига кириб, бир неча бор Раббимга қайта равона бўлдим. Ниҳоят Раббим буюрдики: “Беш вақт намозни фарз қилдим. Ҳар вақт учун ўн савоб бор. Шу тариқа эллик вақт намоз бўлади.” (Муслим)

Савол: Меърож кечасини қандай ўтказиш керак?

Жавоб: Меърож кечасини ибодат билан, кундузини эса рўза тутиб ўтказиш керак. Имом Ғазолий келтирган ҳадиси шарифларда “Меърож кечасида яхши амал қилганлар учун юз йиллик мукофот бор” ва “Ражабнинг 27чи куни рўза тутган одамга 60 йиллик рўза савоби берилади” деб марҳамат қилинди.

Ёлғиз жума куни рўза тутмоқ баъзи олимлар наздида макруҳдир. Шанба куни рўза тутиш эса, бутун олимлар наздида макруҳ бўлгани учун ушбу муборак кун жумага тўғри келганида рўзани пайшанба ёки шанба куни билан бирга тутиш яхшироқ бўлади. Шанба кунига тўғри келса, жума ва шанба ёки шанба ва якшанба кунлари кетма-кет тутиш лозим.

Бу кеча қазо намозлар ўқиш, Қуръони карим тиловат қилиш, дуо-илтижо, тавба-тазарру қилиш, садақа бериш, мусулмонларни хурсанд қилиш, шулардан ҳосил бўлган савобларни вафот этганларга ҳадя қилиш керак.

Доимо тўғри имон соҳиби бўлишга, фарзларни бажариб, ҳаромлардан сақланишга, тавба қилиб, фарз қарзларини ўташга ғайрат қилиш керак! Буларни бажариш эса, илм орқали амалга ошади. Илмлар ичида энг қийматлиси илмиҳол (фиқҳ) масалаларидир. Ҳадиси шарифда “Кечаси бир пас илм билан машғул бўлиш, бутун кеча тонггача ибодат қилишдан ҳам қийматлироқдир” деб марҳамат қилинган. (Абу Нуайм)

 Муборак шаъбон ойи. Расулуллоҳ Шаъбон ойига жуда ҳурмат кўрсатар ва “Ё Рабби, Ражаб ва Шаъбон ойларини бизларга муборак қил ва бизни Рамазонга эриштир” деб дуо қилардилар. Оиша онамиз айтадики: “Расулуллоҳнинг ҳеч бир ойда Шаъбон ойидагидан кўп рўза тутганларини кўрмадим. Баъзан бутун Шаъбон ойини рўза тутиб ўтказардилар.”(Бухорий)

Шаъбон ойида нима учун кўп рўза тутиши сўралганида Пайғамбаримиз: “Шаъбон шундай фазилатли ойки, инсонлар бундан ғофил. Бу ойда амаллар оламларнинг Раббига арз қилинади. Мен ҳам амалимнинг рўзадор эканлигимда арз этилишини истайман” деб марҳамат қилдилар. (Насоий)

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:

“Рамазон ойидан кейин энг фазилатли рўза Шаъбон ойида тутилган рўзадир.” (Термизий)

“Шаъбон ойида уч кун рўза тутган кимса учун Аллоҳу таоло Жаннатда бир жой ҳозирлайди.” (Эй ўғил илмиҳоли)

Соғлиги заиф кимса Шаъбон ойининг 15идан кейин рўза тутмай, фарз бўлган Рамазони шариф рўзасига тайёрланиши яхши бўлади. Соғлиги жойида бўлган кимса эса, Шаъбон ойининг кўпини, ҳатто бутун ойни рўза тутиб ўтказиши мумкин. Барот кечаси Шаъбон ойининг 15-кечаси, яъни 14-Шаъбон тугаган куннинг кечасидир.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Шу беш кечада қилинган дуо рад қилинмайди: Рағоиб кечаси, Барот кечаси, Жума кечаси, Рамазон ва Қурбон ҳайити кечалари.” (И.Асокир)

“Шаъбоннинг 15-кечасини ибодат билан кундузини рўза билан ўтказинг. У кечада Аллоҳу таоло “Авф истовчилар йўқми, авф этай. Ризқ истовчилар йўқми, ризқ берай. Дарди борлар йўқми, соғлик берай. Ким нима истаган бўлса, истагини берайин” деб марҳамат қилади. Бу ҳол тонггача давом этади.” (Ибн Можа)

Бу кечани ғанимат билиб, тавба ва истиғфор этиш лозим. Қазо намозларини, Қуръони карим ўқиш керак. Айниқса, илм ўрганиш керак. Энг қийматли илм тўғри ёзилган илмиҳол (фиқҳ)

Барот кечаси муборак бўлсин! Барот кечаси Шаъбон ойининг 15 кечасидир. Бу йил (2017) 10 майдан 11 майга ўтар кечаси бўлади. Тафсирларда Қуръони каримнинг бу кеча Лавҳ-ул-маҳфузга тушгани билдирилган. Ояти каримада маолан “Очиқ-ойдин бўлган Китобга онт бўлсинки, биз уни (Қуръонни) муборак бир кечада туширдик. Албатта биз инсонларни огоҳлантирмоқдамиз” деб буюрилган. (Духон, 2-3)

Ҳар йили Шаъбон ойининг 15-чи Барот кечасида шу йили бўладиган нарсалар, амаллар, умрлар, ўлим сабаблари, даражаларнинг кўтарилиш-пасайиши, яъни барча нарса Лавҳи маҳфуздан олиниб малакларга маълум қилинади. Сарвари олам жанобимиз бу кеча кўп ибодат, кўп дуо қилардилар.

Шаъбон ойида нима сабабли кўп рўза тутганлиги сўралганида Расулуллоҳ: “Шаъбон шундай фазилатли ойки, инсонлар бундан ғофилдир. Бу ойда амаллар оламларнинг Раббига арз қилинади. Мен ҳам амалларимнинг мен рўзадор пайтимда арз қилинишини истайман” деб марҳамат қилганлар. (Насоий)

Бу мавзудаги ҳадиси шарифларнинг баъзиларини қуйида келтириб ўтамиз:

“Барот кечаси кўкларнинг эшиклари очилади, фаришталар мўминларга хушхабар беради ибодатга ташвиқ этади.”(Насоий, Байҳақий, А.Мунзирий)

“Рамазондан кейин энг фазилатли рўза Шаъбон ойида тутилган рўзадир.” (Термизий)

“Шаъбон ойида уч кун рўза тутган кишига Ҳақ таоло Жаннатда бир жой ҳозирлайди.” (Эй ўғил илмиҳоли)

“Шу беш кечада қилинган дуо рад этилмайди: Рағоиб кечаси, Барот кечаси, Жума кечаси, Рамазон ва Қурбон байрами кечалари.” (И.Асокир)

“Аллоҳу таоло Шаъбон ойининг 15-кечасида раҳмати билан кўриниб, ўзига ширк қўшган ва мусулмонларга душманлик қилувчилардан ташқари, барчани авф этади.” (Ибн Можа)

“Шаъбоннинг 15-кечасини ибодат билан кундузини рўза билан ўтказинг. У кеча Аллоҳу таоло: “Авфу мағфират ҳохловчилар йўқми, мағфират қилайин. Ризқ истовчилар йўқми, ризқ берайин. Дарди борлар йўқми, соғлиқ ва офият берайин. Ким нима сўраса, истагини берайин”- деб буюради. Бу ҳол тонггача давом этади.” (Ибн Можа)

“Шаъбон ойининг 15-кечаси раҳмати илоҳий оламни буркаб олади. Ҳамма мағфиратга эришади. Фақат ноҳақдан мусулмонларга душманлик қилувчи ва Аллоҳу таолога шерик қўшувчилар мағфират қилинмайди.” (Байҳақий)

“Жаброил алайҳиссалом келиб “Туринг, намоз ўқиб, дуо қилинг! Бу кеча Шаъбон ойининг 15-кечасидир” деди. Бу кечани ибодат билан ўтказганларни Аллоҳу таоло авф қилади. Фақат мушрик, сеҳр-жоду қилувчи, фолчи, хасис, қалбида кин сақлайдиган, мазҳабсиз (бидъат аҳли), ичкилик ичувчи, фоиз олиб-берувчи, зино қилувчиларни авф қилмайди.”(Табароний)

“Раҳмат эшиклари тўрт кеча очилади. Бу кечаларда қилинган дуолар рад этилмайди. Рамазон ва Қурбон байрамларининг биринчи кечалари, Барот ҳамда Арафа кечасидир.” (Исфаҳоний)

“Аллоҳу таоло Барот кечасида кофирлардан бошқа барча мўминларни мағфират қилади. Кек сақловчиларни эса, бу хулқларини тузатмагунча авф этмайди.” (Табароний, Байҳақий)

“Аллоҳу таоло Шаъбоннинг 15-кечасида мушрик ва бидъат аҳлидан бошқа барчани авф этади.” (Ибн Можа)

“Аллоҳу таоло Барот кечасида дунё самосига назар солади. Бани Калб қабиласининг қўйларининг тукларидан ҳам кўп инсонларнинг гуноҳларини авфу мағфират қилади.” (Ибн Можа, Термизий)

“Тўрт кечанинг кундузи ҳам худди кечаларидек фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кунларда дуо қилган мўминнинг дуосини рад этмайди, уларни мағфират қилади ва улар бу кунларда мўл эҳсонларга эга бўладилар. Булар Қадр кечаси, Арафа кечаси, Барот кечаси, жума кечаси ва кунларидир.” (Дайламий)

“Аллоҳу таоло шу тўрт кечани хайр билан безайди: Қурбон ва Рамазон байрами кечалари, Арафа кечаси, Барот кечасики, бу кечада ажаллар, ризқлар ёзилади.” (Дайламий)

“Солиҳ қариндош билан алоқани узган, ота-онага осий бўлганлар Барот кечасида авфу мағфиратга эриша олмайди.”(Байҳақий)

Ичкилик ичиш, хасислик, кек сақлаш каби гуноҳларни қилганлар кофир бўлмайди. Имони бўлса, гуноҳларининг жазосини олгандан кейин жаннатга киради. Савоблари гуноҳларидан оғирроқ бўлса, жаҳаннамга кирмай, тўғри жаннатга киради.

Оиша онамиз айтганларки: Расулуллоҳнинг ҳеч бир ойда Шаъбон ойидан кўп нофила рўза тутганлигини кўрмадим. Баъзан бутун Шаъбон ойини рўза билан ўтказардилар. (Бухорий)

Бу кечани ғанимат билиш, тавба-истиғфор қилиш, қазо намозлари ўқиш, Қуръони карим ўқиш, илм ўрганиш керак. Энг қимматбаҳо илм тўғри ёзилган илмиҳол масалаларидир.

Расулуллоҳ жанобимиз Барот кечасида “Аллоҳуммарзуқна қалбан тақиййан минашширки барийан ла кофиран ва шақийан” дуосини кўп ўқирдилар.

Ҳазрати Оиша волидамиз: “Ё Расулаллоҳ, Аллоҳу таоло сизни ҳар қандай гуноҳдан муҳофаза қилгани ҳолда нима учун Барот кечасида кўп ибодат қиласиз?” деб сўрадилар. Пайғамбар жанобимиз марҳамат қилдиларки: “Мен шукр қилувчи қул бўлмайинми? Бу йил ичида туғиладиган ҳар бир гўдак бу кеча дафтарга ёзилади. Бу йил ичида ўладиганларнинг исми бошқа бир дафтарга ёзилади. Бу кеча барчанинг ризқи бўлинади. Бу кеча барчанинг амаллари Аллоҳу таолога арз қилинади.” (Ғуня)

Нофила ибодатларнинг савобига эришиш учун аҳли суннат эътиқодида бўлиш, ҳаромлардан қочиб, гуноҳларига тавба қилиш, фарзларни нуқсонсиз бажаришга ҳаракат қилиш, бу амални ибодат сифатида бажаришга ният қилиш шарт.

Ҳасан Басрий ҳазратларининг ҳар Шаъбоннинг 15-куни гўё мозордан чиққандек юзларидан ранг қочарди. Бир гал бу ғамининг сабабини сўраганларида “Биламанки, гуноҳларим бор. Гуноҳларим авф қилинмаса, савобларим ҳам қабул қилинмаса, ҳолим нима бўлади деб қўрқувдан рангим оқариб кетди” деб жавоб бердилар.

Савол: Рўза Шаъбоннинг 14-куни тутиладими ёки 15-куни?

Жавоб: Ўн бешинчи куни тутилади. Соғлиги заиф бўлганларнинг Шаъбоннинг ўн бешида рўза тутмай, фарз бўлган Рамазони шариф рўзасига тайёрланиши яхшироқ бўлади. Соғлиги жойида бўлган киши эса, Шаъбон ойининг кўпини, ҳатто ҳамма кунларини рўза билан ўтказа олади.

Савол: Барот кечасида тақдиримиз қайтадан ёзиладими?

Жавоб: Йўқ. Тақдир азалда Лавҳи маҳфузга ёзилган. Кейин бошқа нарса ёзилмайди. Яъни Лавҳи маҳфузда бўладиган ўзгаришлар, умрининг ортиши ва камайиши ҳам азалда ёзилган. Аллоҳу таолонинг азалдаги илми қандай бўлса, Лавҳи маҳфуздаги ўзгаришлар ҳам шунга мос бўлади. (Тафсири назм)

“Аллоҳу таоло азалда ҳеч нарса яратмасдан олдин ҳамма нарсани тақдир қилди, тилади. Булардан бир йил ичида бўладиган барча нарсани фаришталарга билдиради.” (С.Абадия)

Савол: Барот кечасида вафот этадиганлар, дунёга келадиганлар ва уларнинг амаллари ёзилар экан. Бу кечада инсоннинг пешонасига ёзилганлар ўзгарадими? Яъни бу кеча қилган дуоларимиз сабабли пешонамизга ёзганни ўзгартира оламизми?

Жавоб: Пешонага ёзилганлар икки хил бўлади. Биринчилари дуо билан, садақа бериш ва яхшилик қилиш орқали ўзгаради. Иккинчилари эса асло ўзгармайди. Масалан, уйланишимиз, иш соҳиби бўлишимиз ё ўзгарадиган қисмда ёки ўзгармайдиган томонда бўлади. Уни ҳам биз била олмаймиз, шунинг учун дуо қиламиз, яхшилик қиламиз, агар ўзгарадиган қисмда бўлса, қилган хайрли амалларимиз  натижасида у ўзгаради. Барот кечасида ёзиладиганлар ҳам азалда билдирилган нарсалар. Умрнинг узайиши, қисқариши ҳам шундай. У ерда масалан “Фалон яхшиликни қилади ва умри узаяди” ёки “фалон ёмонликни қилади ва умри қисқаради” деб ёзилади. Демак, доим яхшилик қилишга ҳаракат қилишимиз керак.

Кимларга лаънат ўқилади.

Имоми Ғазолий ҳазратлари айтдики: “Лаънатга лойиқ бўлган ёмон кимсаларга умумий равишда баддуо қилиш жоиздир. Лекин бунинг ҳам шартлари бор. Бу шартлардан бири “Аллоҳнинг лаънати яҳудийлар, христианлар, мажусийлар, зинокорлар, золимлар, дин душманларига бўлсин” дегандек ҳеч кимнинг аниқ исмини айтмасдан умумий қилиб айтишдир.”

Кофир бўлса ҳам маълум шахсларга баддуо қилаётганда диққатли бўлиш керак. Бу ерда фақат шаръан лаънатлаш жоиз бўлган одамга баддуо қилиш жоиз бўлиб, “Фиравнга ва Абу Жаҳлга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейиш шу жумладандир. Чунки бу кимсалар куфр билан ўлган ва бу ҳолат қатъий маълум.

Ҳаётда бўлган яҳудий ва христианларга баддуо қилиш жоиз эмас. Чунки бу сўзда хавф бор. Лаънат ўқилган кишининг ҳали мусулмон бўлиш ва Аллоҳ наздида мусулмон сифатида умрдан ўтиш эҳтимоли бор. Шундай экан, унинг малъун эканлигига ҳукм қилинмайди. Муҳими охирги нафасдаги ҳолдир. Шу сабабли баддуо қилишдан сақланиш лозим. Бундан ташқари, кофирга лаънат ўқилмай қолгани учун баддуо қилмаган мўминга ҳам ҳеч қандай жавобгарлик тушмайди.

Куфр билан ўлганлиги қатъий аниқ бўлган кимсага лаънат айтиш жоиз. Лекин унинг мусулмон яқинига азият бермаслик шарти билан. Агар мусулмон қариндоши бундан ранжиса, жоиз бўлмайди. Пайғамбаримиз Тоифга кетаётганларида бир қабрнинг ёнидан ўтдилар ва унинг кимга тегишли эканлигини ҳазрати Абу Бакр Сиддиқдан сўрадилар. У “Бу қабр Аллоҳга ва ҳазрати Пайғамбаримизга осий бўлган Саид бин Оснинг қабридир” деди. Шунда бу гапдан Амр бин Саид хафа бўлди. У ёнларидан узоқлашгач, Расулуллоҳ ҳазрати Абу Бакрга “Эй Абу Бакр! Кофирлар ҳақида гапирганингизда умумий қилиб гапиринг. Чунки исмини айтганингизда фарзандлари оталарига ғазабланадилар” деб марҳамат қилдилар. 

Ибн Умар шундай деганди: “Аллоҳ наздида инсонларнинг энг ёқимсизи, халқни сўкувчи ва лаънат айтувчилардир.”

Бир инсонга баддуо қилиш, лаънат ўқиш ҳам масъулият жиҳатидан лаънатга яқиндир. Ҳатто золимга баддуо қилиш ҳам шундай. Масалан “Аллоҳ унга соғлиқ-саломатлик бермасин” қабилидаги сўзлар шунга киради… Чунки бундай қарғишлар аслан ёмондир. Негаким ҳадиси шарифда: “Мазлум бир киши муҳаққақ золимнинг зулмига яраша баддуо қилади. Агар ошириб юборса, қиёмат кунида золимнинг ҳаққи унинг ёнида ортиқ бўлиб қолади.” деб марҳамат қилинган.

“Дунёдан ўтганларни ортидан сўкманг…” Ўлганларнинг ортидан лаънат ўқиш жуда чиркин иш. Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар:

“Ўлганларни ортидан сўкманг! Чунки сиз бу ишингиз билан тирикларни ранжитган бўласиз.”

“Эй инсонлар! Асҳобим, дўстларим ва қудаларим ҳақига риоя қилинг. Уларни ёмонламанг. Эй инсонлар! Киши вафот этгач унинг яхши тарафларини ёдга олинг!”

“Аллоҳу таоло менга ваъда берди, қизларини олган ва мен қизларимни берган оилалар жаннатда мен билан бирга бўлади.” (Ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Абу Суфён Расулуллоҳнинг қайиноталари эди. Ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али куёвлари эди. Ҳазрати Абдуллоҳ бин Умар, ҳазрати Муовиялар эса қайноғалари эди.)

Имоми Ғазолий ҳазратлари айтдики: “Ҳазрати Пайғамбарнинг амакиси ҳазрати Ҳамзанинг қотили Ваҳший уни ўлдирган вақтида кофир эди. Сўнгра келиб, қилган ишига ва куфрига тавба қилди. Шунинг учун унга лаънат айтилмайди.”

Ҳазрати Ҳусайннинг қотилига “агар тавба қилмаган бўлса” тарзида эмас, мутлоқ равишда лаънат айтилса, бунда офат бор. Лекин унга умуман лаънат айтилмайдиган бўлса, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Шундай экан, сукут сақлаш афзалдир. Шу сабабдан лаънат фақат куфрда ўлган кимсаларга ёки кимлиги аниқ маълум бўлганларга айтилиши керак. Муайян шахслар ҳақида айтмаслик керак. Энг яхшиси тилни тийишдир, сукутда саломатлик ва нажот бор.

Имоми Раббоний ҳазратлари айтдики: “Фосиқ, гуноҳкор бўлишига қарамай ҳатто Язидга ҳам лаънат айтилмайди. Унга лаънат айтилмаслиги аҳли суннатнинг кофир бўлса ҳам бировга лаънат айтишга изн бермагани учундир. Лекин Абу Лаҳаб билан аёлидек дин душмани ва кофир ҳолида жон бергани маълум бўлган кишиларга лаънат айтиш жоиздир. Аллоҳу таолони ва Расулини ранжитганларга “Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейиш жоиз.”

Язид мусулмон эди. Намоз ўқирди. Исломиятга душман эмасди. Узугининг кўзига “Раббуналлоҳ” деб ёзилганди. Карбало ҳодисасига у ҳам қаттиқ қайғурганди. Бу ҳодисанинг асосий сабаби диний эмас, сиёсий эди.

Ёмонларга умумий равишда лаънат айтиш мумкин. Расулуллоҳ марҳамат қилдиларки:

“Асҳобимни сўкканларга Аллоҳ лаънат этсин!”

“Лутийлик (гомосексуаллик) қилганларга Аллоҳ лаънат этсин!”

“Фисқи ошкора бўлган фосиққа лаънат бўлсин.”

“Бидъатлар кўпайганда олим илмини одамларга билдирсин. Илмини яширганга лаънат бўлсин!” 

Расулуллоҳни мазах қилганнинг ҳоли.

Расулуллоҳ умуман олганда лаънат, қарғиш ва баддуо қилмасликни амр этган бўлсалар ҳам, баъзан лойиқ бўлганларга, дин душманларига буддуо, лаънат ўқиганлар.

Қуръони каримда Аллоҳу таоло Абу Лаҳаб ҳақида “Унинг қўли қурисин” деб буюрганидек Абу Лаҳабнинг ўғли Утайба “Таббат” сураси келгач, Расулуллоҳга нисбатан турли ҳақоратлар ёғдирди. Пайғамбаримиз қаттиқ хафа бўлиб “Ё Рабби! Унга бир жониворингни мусаллат қилгин!” дедилар. Абу Лаҳабнинг ўғли Утайба Шомга тижоратучун кетаётганида бир кеча дўстлари билан бирга ётганида би р арслон келиб, дўстларини ҳидлаб-ҳидлаб тегмади. Навбат Утайбага келганида уни тилка-пора қилди.

Бир киши чап қўли билан овқат еярди. Расулуллоҳ “Ўнг қўлинг билан егин!” деб марҳамат қилдилар. У “Ўнг қўлим қимирламайди” деб ёлғон гапирди. Пайғамбарни ҳазил-мазах қилган бу кимсага жаноби Расулуллоҳ “Ўнг қўлинг бундан буён ҳам қимирламасин” деб буюрдилар. Ўша кимса ўлгунича ўнг қўлини оғзига олиб бора олмади. Ёлғон гапириш катта гуноҳлардандир. Айниқса Пайғамбаримизга нисбатан ёлғон гапириш ундан ҳам оғрирроқ гуноҳ. Дунёда қўли фалаж бўлиб қолиш аслида кичик жазо. Охиратда бериладиган жазолар оғир бўлади. Пайғамбаримизнинг шунга ўхшаш баддуолари бор. Бошқа инсонларнинг ибрат олиши ва ҳидоятга эришишлари учун шундай мўъжизалар юз берган.

Ўз ҳаққидан ортиғига интилиш зулм бўлади. Зулм қилганларга азоб берилиши билдирилган. Золимни авф этган киши Аллоҳу таолонинг севгисига эришади. Золимдан ўз ҳаққи миқдорида қайтариб олиш адолат бўлади. Кофирларга нисбатан доимо адолат қилинади. Лекин кучи етиб турганида авф этиб кечиб юбориш гўзал ахлоқдандир.

Расулуллоҳ бир кишининг золимга баддуо қилганини кўриб “Интисор қилдинг (ҳаққингни/ўчингни олдинг)!” деб марҳамат қилдилар. Агар уни кечирса эди, янада яхшироқ бўларди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Уч нарсани ўзида жамлаган киши жаннатга хоҳлаган эшигидан киради: Қул ҳақини ўтаган, ҳар намоздан кейин ўн бир марта Ихлос сурасини ўқиган, қотилини авф этиб ўлган киши.”

Қуръони каримда ҳам баъзи кимсалар лаънатланган:

“Биз одамларга китобда равшан қилиб  берганимиздан кейин нозил қилган очиқ далилларни ва ҳидоятни яширган бор ку, ана ўшаларни шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар.” (Бақара, 159)

“Аллоҳнинг лаънати кофирларга бўлсин.” (Бақара, 89).

Ражаб ойида ўқиладиган намоз:

Ражаб ойида 30 ракаътдан иборат бўлган Ҳожат намози бордир. Бу 30 ракаъат намоз ойнинг 1 ва 10 орасида 10 ракаъат; 11-и ва 20-и орасида 10 ракаъат ва 21-и ҳамда 30-и орасида 10 ракаъат шаклида жами 30 ракаъат ўқилади. Бу уч марта ўн ракаъатдан ўқиладиган намозларнинг ўқилиш шакли ҳаммасида бир хилдир. Бироқ намозлранинг охирида ўқиладиган дуолар бир-бирларидан фарқ қиладилар.

Бундай бир 30 ракаъат намозни ўқийдиганлар ҳидоятга эришадилар, иншооллоҳ. Бу намозни ўқиган кишининг қалби ўлмайди. Бу намоз Пайғамбаримиз ҳазратларининг сартароши Салмон-и Пок(р.а) тарафидан ривоят этилгандир. Бу намозлар шомдан кейин ҳам, хуфтондан кейин ўқилишлари мумкин. Аммо бу намозлар Жума ва душанба кечаларида айниқса таҳажжуд вақтида ўқилса янада фазилатли бўлади.

Ҳожат намози қуйидаги шаклда ўқилади: 1. Ният ва такбир : “Ё Робби, дунёни нурга ғарқ этишинг билан тақдирлаган Расулинг ҳурмати учун, қадрли ойинг Ражаб-и шариф ҳурмати учун  мени файз-и илоҳингга, авф-и илоҳингга, ризо-и илоҳингга ноил айла, обид, зоҳид бандаларинг орасига қўш; дунё ва охират ташвишларидан халос айла, ризо-и шарифинг учун Оллоҳу акбар” дейилади.

2. Намознинг ҳар бир ракаъатида Фотиҳа, 3 марта кофирун, 3 марта Ихлоси шариф ўқилади ва ҳар икки ракаъатда салом берилади. Қолган ракаъатлар ҳам худди шундай тартибда ўқилади.

А) Биринчи ўн кунликда ўқилган намоздан кейин 11 марта “Ло илоҳа иллоллоҳу ваҳдоҳу ло шарика лаҳ, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду юҳйи ва юмит ва ҳува Ҳайюн ло ямуду биядиҳил-хайр ва ҳува ало кулли шайин кодийр” ўқилади ва дуо қилинади.

Б) Иккинчи ўн кунликда ўқиладиган намоздан сўнгра, 11 марта “Илоҳан воҳидан аҳодан Сомадан фардан Витран Ҳайян Қайюман доиман абадо” ўқилиб дуо қилинади.

В) Учинчи ўн кунликда ўқиладиган ўн ракаъат намоздан сўнгра эса, 11 марта “Аллоҳумма ло монла Илмо оътойта, вало муътия Илмо маноъта, вало родда Илмо қодойта, вало мубаддила Илмо ҳокамта, вало янфау заъл-жадди менкаъл-жадду. Субҳона Роббияъл –Алиййиъл-аълаъл –Ваҳҳоб,   Субҳона Роббияъл-алиййиъл-аълаъл-Каримиъл-Ваҳҳоб, Ё Ваҳҳобу ё Ваҳҳобу ё Ваҳҳоб” ўқилади ва дуо қилинади.

Меърож кечасида ва кундузида қилинадиган ибодатлар: Ражаб-и шарифнинг 27-чи кечаси(2017 йилнинг 23-дан 24- апрелга ўтар кечаси) Меърож кечасидир.

Бу кеча хуфтон намозидан сўнгра 12 ракаъат Ҳожат намози ўқилади. Унинг ҳар бир ракаъатида  Фотиҳадан кейин 10 марта Ихлоси шариф ўқилади. Бу намозга ният ва такбир эса қуйидагича қилинади: “Ё Робби, ризо-и шарифинг учун намоз қилишга ният айладим. Бу кеча етти қават осмонларни ва барча сиру асрорингни  кўрсатиб, муҳаббатинг ила шарафландирган севимли Ҳабибинг, шарафли Расул-и Муҳтарам  ҳурматига мен ожиз  бандангни афви илоҳингга, файз -и илоҳингга ва ризо-и илоҳингга ноил(лойиқ) айла” Оллоҳу акбар.

Намоздан кейин:

4 марта Фотиҳа-и шарифа; 100 марта “Субҳоналлоҳи ваъл-ҳамду лиллоҳи вало илоҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар, вало ҳавла вало қуввата илло биллоҳиъл-алиййиъл-азийм”; 10 марта истиғфор-и шариф; 100 марта солавоти шарифа ўқилади ва дуо қилинади.

Ҳадиси шарифда, Ражаб-и шарифнинг 27-да (Меърож) кечасининг кундузида рўза тутган кишига олтмиш ой тутилган рўза савоби ёзилиши  ваъда этилади.

У кун пешин ва аср орасида 4 ракаъат намоз ҳам ўқилади. Бу намознинг ҳар бир ракаъатида Фотиҳадан сўнгра  5 марта Оятул курси, 5 марта кофирун, 5 марта Ихлос-и шариф, 5 марта Фалоқ, 5 марта Нос суралари ўқилади.

Жума кунининг муборак кун бўлишининг сабаби нимада?

Ҳа-да, нега бошқа кунлардан бири ёки барчаси эмас, фақат жума куни муборак кун ҳисобланади? Чунки Жума кунининг фазилатлари ҳадиси шарифларда таърифлангандир. Улардан бирида мана шундай марҳамат этилади: “Қуёш чиққан кунлар ичида энг фазилатлиси(энг устуни) Жума кунидир. Чунки Жума куни Одам Ота яратилиб, жаннатга жойлаштирилган эди ва яна шу Жума куни у жаннатдан ҳайдалган эди.” (Муслим, 854, Насои, 3/89; Ибн Касир, 1/2328).

Ҳазрати Одамнинг жаннатдан чиқарилиши, унинг ер юзига жойлаштири-лиши ва унга ер юзида халифалик вазифаси берилиши кабилар алоҳида бир буюк неъматдир.

Демак, Жума куни, инсон отасининг яратилиш ва Жаннатга чиқарилиш ва ер юзининг халифаси бўлиш куни бўлишидан ташқари (ёки шунинг учун ҳам) инсоният учун (асосан мусулмонлар учун) жуда катта байрамдир.

Турли хил ҳадиси шарифларда келтирилишига кўра, Жума, ҳафталик ибодат куни сифатида қадимда Яҳудийлар ва христианларга ҳам тайин этилган ва тақдир этиларди. Бироқ улар орасида турли ихтилофлар чиқиши оқибатида яҳудийлар Шанба кунини, христианлар Якшанба кунини ҳафталик мажлис ва ибодат куни этиб қабул қилишганлардир. Оллоҳ таоло эса, Жума кунини мусулмонларга насиб этгандир. (Муслим, “Жума”, 19-23).

Шундай қилиб, мусулмонларда ҳафталик жамоа бўлиб ибодат қилиш куни ўлароқ Жума куни буюрилгандир. Бу куннинг мусулмонлар учун бир байрам куни эканлиги Байҳоқий, “Сунан”(3/243); Ибн Қайюм, “Зодуъл-маод” (1/369) каби асарларда келтирилгандир.

Ибни Қайюм “Зодуъл-маод” (1/369-372, 408-410)да келтирилишига кўра, Оллоҳу таоло жаннатда Жума куни Тақобул этиб,  “явмуъл-мазид” дейилган кунда бандаларига Ўзини зиёрат қилиш имкони беришини, бу учун эса уларга тажалли этишини билдиргандир. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, “Бу кун(Жума куни)да қилинган дуолар қабул бўладиган бир он(дуоларнинг ижобат соати),” борлиги хабар қилинади.

Дуоларнинг ижобат саоти, қуёш тикдан оғишганидан бошлаб, пешин намозининг бошланишигача, имомнинг минбарга чиқишидан намознинг бошланишигача ёки унинг битишигача, ёки азондан бошлаб, то намознинг битишигача давом этиши, бундан ташқари, фожрдан қуёшнинг туғишигача бўлиши; яна аср намозидан қуёш ботишигача бўлган вақт ичида бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳар хил қарашлар, кўрсатмалар мавжуддир. Жума куни ҳақидаги маълумотлар қуйидаги интернет адресдан олинди:

http://www.yeniakit.com.tr/haber/cuma-gununun-mubarek-olmasinin-sebebi-nedir-262936.html

  Рукнлар Суҳбатлар, Туркия дафтари.

Муҳокама ёпилган.