6 – 7 параграфлар.

Муаллиф admin Nis 15, 2017

6. Талабалик (олтин) даврим.

Мен Университет талабаси бўлганим даврларда, советлар мамлакатида “студентлик олтин даврим”, дейиш одатга айланганди. Ўша даврларда бизда бошланғич ва ўрта мактабда ўқийдиган ёшларни бошланғич синф  ва ўрта мактаб ўқувчилари деб аталарди. Олий мактабларда ўқийдиган ёшларни эса, сдудентлар аташ одат эди. Ўзбекчада ҳам талаба калимаси деярли иштилмасди.

Ҳа, совет олий мактабларида ўқиётган ёшларнинг “студентлик олтин даврим” дейишларида умуман олганда бирмунча жон ҳам бор эди. Чунки, совет замонида кишининг энг эркин даври бу студентлик замони – олий мактабларда тўрт-беш йил ўқиш даври эди. Студентлар бир имтиҳон сессиясидан кейингисига қадар анча ўзларини эркин сезишардилар. Аммо студентлик даврининг ҳам ўзига яраша ташвишлари, муаммолари етарлича топиларди, албатта. Совет конститутсиясига мувофиқ 18 ёшга тўлган ўсмир мамлакатнинг тўла ҳуқуқли фуқароси ҳисобланарди. Демак, ҳар бир ўсмир олий мактаб студенти қаторига қўшилар экан ўзини “катта” киши ҳисоблай бошларди. Дарҳақиқат, олий мактабда ўқиш давомида киши маълум бир камолатга, яъни ўша замоннинг, советлар замонининг камолатига кўтарилиб, шахс кўрини- шига эга бўларди, десак унча хато бўлмайди. Менимча, менинг ҳаётимда ҳам шундай бўлган эди. Масалан, мен университетнинг 3-курсига келганимда дунё қарашларим,  деярли тўла шакл – ланганди, десам бўлади. Мен, ўз студентлик (олтин) даврим давомида,

1. Дунё қарашларим шаклланди; 2. Мутахасисликни тўла танладим; 3. Ҳаётий фаолиятим йўналишларини белгилаб олдим дейишим мумкин. Шундай қилиб:

6.1 Дунё қарашимнинг шаклланиши.

Менда дарслардан ташқари нарсалар ҳақида ҳам фикрлаш илк дафа 1956 йили КПСС (Коммунистической партии Советского Союза, ўзбекчаси – Совет Иттифоқи коммунистик партияси) ХХ сеъздидан сўнг, яъни 9-синфда ўқиб юрган давримда бошланди, дейишим мумкин. Чунки бу сеъзд совет мамлакати сиёсатида бир қатор янги йўналишларни бошлаб берганди. Менда эса, бу янгиликка қарши фикр, ҳиссиёт пайдо бўлди. Қишлоқ мактабининг 9-синф ўқувчиси, менинг қалбимда бу янгиликни тушуниб ёки тушунмай (тўғрироғи тушунмай) унга норозилик ҳиси қайнай бошлади. Бизнинг тилимиз чиқиб, у-бу нарсаларни сўзлай бошлаганимиздан буён дунёда тенгги йўқ донишманд, раҳнома, доҳий, деб тушунтириб келишган шахс Сталинни Партиянинг мазкур сеъзди танқид қиларди, унинг қатор камчиликлари бўлганлиги ҳақида қарорлар қабул қилинганди. Мен эса, буни негадир қабул қила олмадим. Ана ўшанда менда илк дафа атрофдаги ҳодисалар ҳақида нега бундай бўлаяпти, деган савол пайдо бўлди. Шу билан бирга мен ўзим-ўзимга ва тарих ўқитувчисига такрор-такрор “нима учун Сталин тирик вақтида унинг хатолари ўзига айтилмади?”, дейишдан тўхтамасдим. Ўқитувчи, “Сталиндан қўрқишган, шу сабаб у тириклигида айтиша олмаган”, деб жавоб берарди. Бу жавоб баттар ғашимга тегарди. “Коммунист ҳам қўрқадими”, дердим, мен ўқитувчимга. Чунки бизга коммунист ҳеч нарсадан, ҳар қандай қийинчиликдан қўрқмайдиган “дев”, деб ўргатишарди. Мен аълочи ва интизомли ўқувчи сифатида мактабда нима ўргатилса унга жуда ишонардим, улар чин ҳақиқат, деб қабул этардим. Шунинг учун у замон коммунистнинг қўрқоқлиги менга тушунарли эмасди. Мен учун Сталин ҳақиқий коммунист, уни танқид қилаётганлар қўрқоқ ва чин коммунист эмас бўлиб кўринарди. Кейинроқ тушуниб етдимки, уларнинг ҳеч бири бизга тушунтиришган, ўргатишган образларга лойиқ одамлар, шахслар эмас эканлар. Улар ҳақиқатда фақат бир-биридан қўрққанганларидангина бирга ишлашаркан. Бутун система, бир бутун ҳокимият системаси қўрқув асосига қурилган эканлигини 9-синфдан кейин анча сўнг тушуниб етдим.

Коммунистлар ичидан ташқарига сасиб чиққан иллатлар натижаси ўлароқ менда махсус, ўзимга хос дунё қараш шакллана бошлади. Бошда, калламда қаттиқ ўрнашиб қолган Сталин образига ишонч (стреотип дейишади)ни ёқлаш, унинг учун кураш ҳисси пайдо бўлди. Бу ўзига яраша бир нуқтаи назар эди. Мен университетга ўқишга кирганимда менинг нуқтаи назаримча, Сталин ўлимидан сўнг компартия раҳбарлари Ленин-Сталин партияси ғояларига хиёнат қилаётган каби эди. Ана шундай янглиш нуқтаи назарда туриб студентлик давримни бошлаганман. Шу сабабдан бизга биринчи курсда КПСС тарихидан дарс берган Камолов исмли ўқитувчига ҳам мен ўз саволларим билан анча ташвиш берганман. Камолов деганлари ўта маданиятсиз жоҳил коммунист бўлган бўлса керак.  У мени, унга кўп савол берганим учун роса жазолади,  яъни менга ўз предмети КПСС тарихидан “удов” (удовлетварительный, яъни ўртача) баҳо қўйди. Бу баҳо менинг ҳаётимда учраган биринчи энг паст баҳо эди. Шу билан бирга бу мен учун ҳаётда илк дафа турмушнинг ноҳақликларига дуч келиш бўлиб ҳам ҳисобланарди. Нима ҳам дейсиз, киши шунақа қилиб аста-секин шахс сифатида шакланади, ахир. Бошқа томондан бу баҳо мени КПСС тарихини яна дурустроқ ўрганишга ундади. Менинг бу уринишим эса, баҳо учун эмасди. Аксинча менинг бу ҳаракатим, дунёга қизиқишларим, дунёни тушунишга ҳаракатларим, биздаги ҳокимиятни тушуниб етишга уринишларимни белгилаётганди. Айтишим каракки, 2-чи курсда тарих ўқитувчимиз ҳам ўзгариб кетди, менинг бу предметдан баҳом ҳам “беш”га ўзгарди. Натижада диплом иловасида “КПСС тарихи”дан баҳом “аъло” бўлди. Чунки бу иловага энг сўнгги баҳо қўйиладиган тартиб бўларди.

Ленин-Сталинларни мактаб қандай ўргатишган бўлса, худди ўшандай қабул қилганлигим ва даврни, сиёсатни яхши тушуниб етмаганлигим сабабли КПССнинг ХХ сеъзди қарорларига қарши менда жуш урган норозилик студентлик давримда секин-секин пасая бошлади. Мен энди турмушнинг у ёки бу масалалари тўғрисида бир мунча дуруст мулоҳазалар қиладиган бўлдим. Энди менга 1917 йилги октябр инқилобидан сўнг дарҳол бошланган фуқаро уруши ёқмай бошлади. Мен илк дафа фуқаро урушида ота ва фарзанд бир-бирига қарма-қарши, ҳатто бири, иккинчисига душман тарафларда туриб урушганларини, яъни отанинг ўқидан унинг боласи ўлиши мумкин бўлганини ёки тескариси, боланинг ўқи ўз отасини ўлдириши аниқлигини тушуниб етдим ва бу ҳолни ҳеч сингдира олмайдиган бўлиб қолдим. Шундан бошлаб советларни, совет давлатини ёқтирмай бошладим. Бунга миллатчилик қўшилди. Аслида Миллатчилик элементлари  менда ҳали 9-10-синфларда ўқиб юрган замонларда пайдо бўлганди. Чунки ўша замонларда бизнинг мактабимизда рус синфлари биздан илғор ва негадир бизлардан яхши кийинишар, уларда китоб-дафтарини соладиган папкалари ҳам бўларди. Бундан ташқари бир мактабнинг ўзида уларнинг синфлари бизникидан чиройли ва унинг ичидаги ашёлари бизнинг синфимиздагига кўра гўзаллироқ, янгироқ эди. Шунинг учун менда нега ундай, деган савол бўларди. Аммо у саволни ҳеч кимга сўзлай олмасдим. Чунки биринчидан, бу норозилигимни кимга сўзлаш лозимлигини билмасдим, иккинчидан, жуда торинчоқ бўлиб, бундай савол билан ўқитувчига мурожаат қилишга тортинардим. Бир тарафдан тортинчоқлигим ҳам менга файдо берган экан. Акс ҳолда миллатчилигим керагидан аввал ошкора бўлиб қолиб, анча зарар кўришим мумкин экан. Энди эса, университетда ўқиб юрган вақтда бирмунча ақлим тўлишиб, ўзимни тутиш, фикр мулоҳазаларимни қандай ифодалаш тартибларини биладиган даражага кўтарилиб қолдим. Менинг миллатчилигим секин-аста мени ватан тушунчасига ўзгача қарашга олиб келди. Мен энди СССРни ватан ҳисобламайдиган бўлдим. Менинг Ватаним энди СССР эмас, Ўзбекистон, яна кенгроқ Туркистон эди. Энди мен бизнинг тилимизга яқин сўзлшадиган миллатлар, эллатлар ҳақида ўйлайдиган бўлгандим. СССР номидан қилинадиган ишларда ва унинг номидан айтиладиган маълумотларда бизнинг ҳам бўлишимизга ҳеч чидай олмайдиган бўлиб қолгандим. Масалан, СССР спортига, СССРда ишлаб чиқилган молларга ишқибоз бўлиш, улар учун жон куйдириш менга душман учун қилинаётгандек туюларди.

Хуллас, мен 3-курсни битирганимда, коммунистлар партиясининг энг катта хатоси, бу улар мамлакатда фуқаро урушининг келиб чиқишига сабабчи бўлган, деб хулоса қилдим. Чунки мен энди, фуқаро урушида ота боласини, фарзанд эса, отасини ўлдиришдан иборат бўлганлигини тўла тушуниб етгандим ва буни ҳеч юрагим қабул қила олмасди. Фарзандни отага, отани болага душман бўлишга ундаш, ҳатто бу ҳолни рағбатлантириш мен учун энг ашаддий бузғунчилик, одобсизлик, ахлоқсизлик ҳисобланарди.

Шундай қилиб, бу замонга келиб, менинг олдимда учта муҳум масала кўндаланг бўлганди. Биринчиси, коммунистлар ўз доҳийларини у ўлгандан сўнгра танқид қилишарди. Менда бу ҳолга нима учун унинг тириклигида эмас, у ўлгандан кейин, деган савол пайдо бўлди. Бу ҳақда қанчалар ёзишмасин, у доҳийнинг қанчалар хатоларини очиқ кўрсатишмасин, у ёзилганларга ишонмасдим. У ёзувлар мени ҳеч қаниқтирмасди. Иккинчиси, бу 1917-1919 йиллар давом этган фуқаро уруши бўлиб, бу ерда ҳам нима учун, қандай муқаддас маъбуд учун ота ўз жигар гўшасини ўз қўли билан ўлдирмоғи (тескариси, бола ўз жаножон падари-бузруқворини ўз қўли билан ўлдирмоғи) лозим, деган савол эди. Учинчиси, миллатчилик бўлиб, нима учун руслар биздан кўпроқ имкониятларга эга бўлади, нима учун руслар ўзбек тилини билмаса ҳам бўлаверади, аммо биз рус тилини билишимиз мажбурий, деган савол эди. Бироз вақт сўнг учинчи масала қаврами бироз кенгайди. Энди менинг олдимда фақат нима учун рус ундай ва ўзбек бундай, деган масала эмас, ундан анча кенгроқ Ватан масаласи кўндаланг бўла бошлади. Бу масалани мулоҳаза қилиш давомида Совет иттифоқдош республикалари мустақил, суверен давлатлар эмас, аксинча масалан, Туркистон Руссиянинг мустамлакасидир, деган қатьий хулосага келдим. Менинг Ватаним эса, бу Ўзбекистон, кенг маънода Туркистондир, деб хулоса чиқардим. Туркистон ўрнида ташкил қилинган бешта республикалар, мустамлакачилик сиёсатининг натижасидир, деб қарор қилдим, ўзимча. Ана шундан бошлаб, бу масалаларга нисбатан менинг нуқтаи назарларимда ҳеч бир замон иккиланиш бўлгани йўқ. Фақат ҳукуматнинг сиёсатидан ийманиб, тўғрироғи қўрқиб, ичимни ҳеч кимга тўла очмасдим. Аммо ҳамиша, ҳатто студентлар билан ўтказиладиган тарбия соатларида, сиёсий информатсия соатларида ватан тушунчасини, одоб-ахлоқ тушунчаларини усталик билан ўз нуқтаи назарим доирасида олиб борардим. Фикр ва тушунчалари менга яқин бўлган студентларни  очиқчасига миллатчиликка даъват қилган замонларим ҳам бўлган.

Мен, ёш йигит, студент эканман, ёшлик радикализмидан ҳоли бўлмаганман, албатта. Масалан, нима учун мен ёки биз рус тилини ўрганамиз, улар бизнинг тилимизни ўрганмайди, биз ҳам рус тилини ўрганмаймиз, дейишим, ўша радикализм аломати эди. Мен бир дафа факултет комсомол мажлисида айнан шундай мазмунда ўзбек тилида нутқ сўзлаганман. Бу мен тарафдан нотўғри позитсия эди. Чунки тил ўрганиш бу фойдали масала бўлиб ундан ҳеч қочмаслик керак. Тил ўрганишни доим рағбатлантириш ва етарли даражада бутун мамлакат бўйлаб мактабларда чет тилларни (бизда чет тили сифатида асосан икки тилни, инлиз ва рус тилларини мажбурий тартибда) ўрганмоқ учун барча имкониятларни туғдирмоқ зарур. Синфдан ташқари ва хусусий мактабларда араб, форс ва немис тилларини ўрганишни ҳам рағбатлантириш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Студентлик давримда бир қатор бадиий китоблар мутолаа қилдим. Мен энг севиб ўқиган китоблар Абдулло Қодирий (Жўлқинбойнинг) асарларидир. Аммо кўпроқ газета ва журналлар ўқирдим. Мен масалан, “Шарқ юлдузи” журналини ўқиб, ўзбек ва совет адабиёти ҳақида маълумотлар билан танишардим. Бу журналда чоп этиладиган бадиий асарларни ҳам бироз ўқирдим. Кўпроқ шеърларга қизиқардим. Абдулло Орифов, Эркин Воҳидов, Шуҳрат, Рамз Бобожон сингари шоирларнинг асарларини ва ўзларини ҳам “Шарқ юлдузи” орқали таниганман. Бу журналдаги бадиий танқидий мақолалар менга кўпроқ ёқарди. Озод Шарафиддиновнинг мақолалари менинг кўп хушимга келарди. Кейинроқ маълум бўлдики ҳақиқатан бирмунча миллий ғурури бор адбиётшунос олим ҳам шу О.Шарафиддинов бўлиб чиқди.

Мен асосан газета ва журналлардаги совет авторларининг мақолаларини ўқиб, энг аввал Совет сиёсатини, ундан сўнг дунё сиёсатини англашни ўргандим. Масалан, мен 4-курслигимда газеталарда, сиёсий журналларда босиладиган сиёсий мақолаларни анчагина яхши таҳлил қила олардим. Уларда яширинган фикрларни тушуниб, тескари моҳиятини ҳам англай билардим. Оқибатда, мен оддий суҳбатларда ҳам кўпинча сиёсат ҳақида кўпроқ сўзлайдиган бўлиб қолгандим. Қишлоққа борсам, раҳматли Турсун акам (Отам раҳматли икки марта уйлангандилар. Бизнинг онамиз раҳматли отамнинг иккинчи хотини эди. Биринчи онамиздан ҳам бир ўғил акамиз ва бир қиз опамиз бўлган эди. Уларнинг каттасининг исми Турсун акамиз ва кичиги қиз бўлиб, унинг исми Қундуз опамиз эди. Турсун ака ва Қундуз опамизнинг оналари мен дунёга келмасимдан вафот қилганлар. Қундуз опамизни ҳам эслай олмайман. Бу киши мен гўдаклигимда оламдан ўтиганлар.) менинг  соатлаб сиёсий таҳлилларимни тингларди, жуда кўп саволлар берарди. Карим акам ҳам менинг сиёсий суҳбатларимни ёқтирарди, у кишининг ҳам менга сиёсий саволлари анчагина бўларди. Дунё воқеаларидан яхши хабардор бўлмоқ учун телевизорда Марказдан, яъни Москвадан бериладиган ахборотни тинглашни канда қилмасликка ҳаракат қилардим. Янглишмасам, университетнинг 5-курсида ўқитган замонлардан бошлаб “Озодлик” радиосинининг ўзбекча эшиттиришларини тинглайдиган бўлгандим. 2-курсдалигимдаёқ, Пекиндан бериладиган рус тилидаги эшиттиришларни ҳам тутадиган бўлдим ва уларни ҳам давомли тинглай бошлагандим. Чунки Хитой коммунистлари советларнинг ички сиёсатига қарши бўлиб, уларни қаттиқ танқид қилишарди. Мен уларнинг танқидларидан ўз нуқтаи назаримни мукаммаллаштиришда фойдаланган эдим.

Шундай қилиб, мен совет дипломини олиш учун совет мактабида ўқиш давомида советларга тўла қарама – қарши нуқтаи назардаги киши бўлиб етишдим. Аммо у замонлар пассив курашчи эдим. Чунки ҳали 1962 йиллари ҳеч бир кимса Совет ҳукуматига қарши фаол (актив), очиқ ҳаракат қилишга журъат қила олмасди, ҳатто ундай ҳаракат қилиш мумкинлигига ҳам ишониб бўлмасди. Д.Сахаровга ўхшаш кишилар ҳам 1968 йилдан сўнгра, атом бомбаси ишлабчиқа-ришни камайтириш маъносида кўзга ташлангандилар. Д.Сахаров, СССР Фанлар Академияси академиги, Ленин муқофоти лауреати, бир қанча чет эл академиялари фахрий академиги ва ҳакоза, ва ҳакоза унвонларга эга шахс ҳисобланарди. Шундай бўлишига қарамасдан, унинг қарашлари коммунистик сиёсат нуқтаи назаридан бироз фарқ қилгани учун у барча тутилларидан  “озод” қилиниб, сибирга сургун қилинганди. Бизга ўхшашлар ўзини кўрсатса эди, дарҳол  жисмоний йўқотиб юборишлари жуда мумкин эди. Шу сабабдан у замонлар мен сингари “курашчилар” советларга қарши ўз уйларида фаолият кўрсатишарди. Ҳар ҳолда бу ҳам ўзига яраша кураш усули эди. Бу кураш пассив бўлса-да, тузумга, режимга мухолиф фикр бутунлай йўқ бўлмаганидан дарак бериб турарди. Мен эса, студентлик давримдаёқ шундай фикрни, совет расмий сиёсатига қарши нуқтаи назарни ташувчилардан бирига айланган эдим. Мен, Боймирза Хаит ва Мустафо Камол Ота Турк ҳақида студентлик давримда маълум маъ- лумотларга эга бўлгандим. Аммо бу маълумотларни мен улар ҳақида совет матбуоти тарқатган салбий хабарлардан тўплагандим. Баъзан совет матбуотида Ота Туркнинг “миллатчилиги” ва Б. Хаитнинг “хоинлиги” ҳақида катта-кичик мақолалар пойда бўлиб қоларди. Мен уларни синчиклаб ўқиб чиқардим ва ўзим учун зарур бўлган хулосалар, яъни совет расмий матбуоти фикрларига тескари хулосалар ясардим. Дин масаласида ҳам шундай бўлган эди. Бизда, совет даврида динга, айниқса Ислом динига қарши алоҳида бир шаклда жиддий ва ўта қаттиққўл сиёсат олиб бориларди. Коммунистлар “дин афюн”лигига кишиларни ишонтиришга жиддий киришгандилар. Бу соҳада ҳукуматнинг, компартиянинг қаттиқ сиёсати ўрнатилганди. Совет мамлакатида, жумладан Туркистонда диний фаолиятнинг исталган кўриниши тақиқланганди. Дарҳақиқат, бу сиёсат натижасида кишилар диндан, айниқса ислом динидан  анча четлашиб қолишгандилар. Совет даврида амал қилинадиган баъзи диний маросимлар миллий анъанага айланиб қолганлигидан уларга эътибор берилмасди, қолганлари, бирмунча исломийроқ, динийроқ кўринишдаги маросимлар ҳукуматдан яширин бажариларди. Мен диннинг, айниқса ислом динининг моҳияти ва аҳамиятини ҳам совет матбуотида исломга қарши чоп этилган материаллардан ўргандим ва динга муносабатим ҳам расмий сиёсатдан бутунлай фарқ қиладиган бўлди. Аммо ота-бобоси мусулмон бўлган кишиларнинг кўпчилиги дин соҳасида ҳукуматни доим алдардилар. Жуда кўп коммунистлар уйларида доим мусулмончиликни сақлашга ҳаракат қилишарди. Лекин узоқ йиллар давомида ўтказилган динга қарши сиёсат ҳам ўз ишини бажарганди. Натижада, кишиларнинг ҳаёт тарзида динсизлик белгилари жуда кўпайганди. Масалан, ичкиликбозлик, вечер шаклида ўтказиладиган тўйлар, аммовий намоз ўқимаслик, масжидларга бормаслик, жума намозларига фақат қарияларнинг айримларигина қатнаши каби қусурлар авж олганди.

6.2 Мутахасислик танлаш.

Мен ким, қандай касбни истаганим ҳақида қисман юқорида ҳам сўзладим. Аммо бирор мута- хассислик ҳақида ёшлигимда ўйлаган истакларимдан узоқроқ бўлган соҳада ўқишимга тўғри келди. Яъни ревизор бўлиш бўйича эмас, балки университетнинг математика фа култетида ўқий бошладим. Демак, энди мен университетни битириб, математик унвонига эга бўла оламан, холос. Университетни битирганларнинг жуда кўпчилиги мактаб ўқитувчилар бўлиб ишлашардилар. Шундан келиб чиқиб, ўқишни битириб қандай вазифада ишлашим мумкинлигини тушунардим. Бу ҳолда кўпроқ ўқитувчи бўлишим эҳтимолга жуда яқин эди. Аммо бу замонга, яъни 20 – асрнинг 70-йилларига келиб, қишлоқларда агроном, ветврач, инженер каби мутахасислар турмуш шароити ўқитувчиларникидан дурустроқ даражага кўтарилаётгани сезилмоқда эди. Шунинг учун менда ўқитувчиликдан бошқа бирор мутахассис-  лик танлаш истаги пайдо бўлганди. Университетда ўқиб туриб математикадан бошқа мутахассис бўлиш мумкин эмас эди, албатта. Бироқ Математика факултетида 3-курсдан бошланадиган алоҳида бир гуруҳ бўларди, уларни механиклар, дейишарди. Ҳақиқатан улар, яъни математика факултетининг механиклар гуруҳига ўтишганлар, бошқа студентларга нисбатан бир қатор инженерликка оид предметларни ўрганишарди. Бу гуруҳда ўқиб университет битирганлар у ер, бу ерда инженерлик вазифаларида ишла шаётганликлари ҳам биз студунтларга аниқ эди. Шунинг учун мен ҳам балки инженер бўларман, деган умидда 2-курсни тугатганим ҳамон математика факултетининг ўша механика бўлимига ёзилдим ва шу гуруҳни битирдим. Аммо ҳаёт насибаси ўқитувчиликдан  ва муҳожирликдан тақдир этилган экан. На илож, оқибат, тақдир тақозоси билан мен фақат ўқитувчилик қилдим ва сўнгра муҳожирлик саргардонлигига тушдим.

Одатда Самарқанд университетининг механика бўлимини битирувчиларнинг асосий қисмини Ўзбекистон Фанлар Академияси ишга қабул қилардилар. Бизлардан бир йил илгари битирганлар ҳам шундай бўлганди.Тақдирни қарангки, биз университетни битирадиган йил Академияда кичик бир инқироз рўй бериб, биздан ҳеч кимни ишга олишмаса бўладими?

1962 йил бошида, университетни битириш арафасида факултет мени Академияга иш масаласида сафарга юборди. Ана ўшанда Академия механика институти директори қабулида бўлиб, бизни улар ишга ола олмасликларини ўзим билиб келганман. Ўша замонда ҳам мен бир марта ўз “халқчиллигим”ни кўрсатганман. Мен Академияга 10-12 кишини ишга олиш сўролган хат кўтариб борргандим. Улар ҳам бунча кишини ишга жойлай олмасликларини айтишди. Мендан бошқа бириси бу масалани фақат бир киши учун ҳал қилган бўларди, яъни ўша директордан ҳеч бўлмаса бир-икки кишига ўрин беринг, деган бўларди. Бу илтимос бажарилиши ҳам мумкин эди. Аммо мен, бу номардлик, ўз манфаатини бошқалардан олдинга олиш бўлади деб бундай қилмадим. Ана шуни “халқчиллик”, демоқдаман.

Дунё қарашларим ва мутахасислик танлашим билан бир қаторда ҳаётий фаолиятим ҳам шаклланди. Бу орада болаларимнинг оналари билан танишдим. Шу билан турмушнинг бошқа кўринишлари, оила масъулияти ҳам борлиги ҳаётимга кириб келди. Қисқаси, энди аста-аста турмушнинг, яъни ҳақиқий ҳаёт кечиришнинг тўла оқимига кира бошладим.

6.3 Талабалик ҳаётида учираган баъзи бир ибратли ва салбий ҳодисалар ҳақида.

Мен, беш йиллик талабалик давримда кўрган качирганимларнинг бир қисми ҳақида ҳам бироз сўзлашни лозим кўрдим. Энг аввал яшаш шароитим ҳақида, нима, десам бўлади? Мен талабалик даврни энг оддий ва кам пулли талабалардан бири бўлиб кечирдим. Чунки бу даврда отам раҳматли бўлганди. Мен акам қарамоғида яшардим. Унинг эса менга дурустроқ ёрдам бера оладиган иқтисодий имконияти йўқ эди. Ўзлари ҳам анча ночор яшашардилар. Аммо Аллоҳга минглар карра шукрлар бўлсинким, сабр ва боримни иқтисод қилиш ҳисобига айри бир қийинчилик сезмасдан ўша даврларни ўтказдим.

Биз студент бўлган замонда оддий степендия йигирма икки сўм эди. Ўша замонларда кўпчилик студентлар ҳақиқатан шу 22-сўмга кун кечиришардилар. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, бир бухонка нон 20 тийин, бир кило гўшт бир сўм эллик тийиндан икки сўмгача турарди. Мен ҳар ҳолда уйимдан оз бўлса-да бироз ёрдам ҳам олардим. Аммо ҳеч бир замон акамга менга бунча пул керак, демадим. Қишлоққа борганимда акам қўлимга қанча пул берса, шуни индамай чўнтакка солиб келаверардим. Акам студентни боқиш қандай бўлишлигини ўз ўғлини ўқитганда сезди, албатта. Аммо акамнинг ўз ўғли Бурхонбой студент бўлган замонларда кишиларнинг, жумладан акамнинг ҳам моддий  аҳволи анчагина дурустлашиб қолганди. Ҳатто акам энди қишлоғимизда энг бақувват, яъни “бой” одамлардан бири ҳисобланадиган даражага чиққанди.

Талабалик даври менга эркин бўлишни, кишининг ўзини ўзи бошқаришни ва ўзимдан бошқа бирор кимсага суянмасликни ўргатди. Мен ўзимни таниб, киши сифатида шакллана бошлаганимдан бошлаб, бирор илми ёки амали ва бошқа бирор хил мансаби, жамиятда тутган мавқе каби ҳолатлари билан мендан юксакроқ пағонада турган кишига хушомад қилишни жуда ёқтир майдиган бўлдим. Мен ёмон кўрадиган нарсалардан энг хунуги ҳам ўша лаганбадорлик бўлса керак. Бу хусусият, яъни лаганбардорликни ёқтирмаслик ҳам менда ўша талабалик даврида шаклланди.

Самарқанд жуда нотинч шаҳар ҳисобланарди. Аммо мен Самарқандда талаба бўлиб юриб, бирор марта ҳам жанжалга аралашмадим. Ҳатто шаҳарда тасодифан ҳам бирор жанжал, тепалашнинг устидан чиқиб қолмадим. Бу ҳам Аллоҳнинг каромати бўлса керак. Аллоҳимга ҳамдлар айтаман, У мени номуносиб, ёмон кўринишларга гувоҳ бўлишимдан сақлади.

Мен, университет биринчи курсида ўқиган йили(1957-1958 йиллар) тўрт кишининг бири бўлиб бир кирага тутилган уйда яшадим. Ўшанда менинг ёнимда, математика факултетининг 4-курсида таълим олувчи икки талаба ва тарих факултетида ўқийдиган яна бир 1-курс талабаси яшашдилар. Факултетнинг катта курсидагиларнинг исмлари Мусурмон ва Малик эди. Тарихда  ўқийдиган боланинг исми эса, Акбар аталарди. Уйимиз, Самарқанд шаҳридаги лимонад заводи тарафда, университет бош корпусининг шарқий-шимолий томонида жойлашганди. Менимча, биз яшаган кўча “Озодлик“, деб аталарди. Уйимизга яқин жойда, бир тор кўча бўларди, ундан юир тарафи шаҳарга чиқиш бўлиб, бошқа тарафи лимонад заводига тушиб кетиларди. 1957 йилнинг сентябр ойи эди, университетда эндигина ўқишлар бошланган замонлар, ҳали пахтага теримига ҳайдашлар бошланмаганди. Кунларда бир кун китоб-дафтарларимни қучоқлаб(чунки у замон портфел каби нарсалар йўқ), университетнинг бош корпусидан уйга келаётиб, бояги тор кўчага  етиб қолгандим,  орқамдан иккита, бироз ширакайф, мендан ёшлари ҳам (мен у маҳал бола эдим-да, ахир), гавдалари ҳам каттароқ кишилар етиб келишиб, улардан бири ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ менинг чаккамга бир шапалоқ туширди-ю, мендан олдинга ўтиб  кетаверди. Мен китобимни қучоқлаб қолавердим. Кўриниб турибди, мен уларга бирор нарса дея олмайман. Уларнинг ҳар бири мендан катта ва кўп бақувват бир бало эди. Бу ҳол менга анча алам қилди, албатта. Уларга жавоб қайтариш истаги кўнглимни ўртай бошлади. Аммо кучсиз эдим. Шу ҳолатда, аламзода ҳолда уйимизга келсам, квартирамизда юқори курс студенти, Мусурмон акам ўтирган экан. Бу Мусурмон, дегани ўзини бироз тетик тутиб юрарди. Гердайгангина, олифта сифат бола эди. Шунинг учун унинг юриши ва савлатига қараб, “Мусурмон ака, кўчада иккитаси мени уриб кетди, юринг орқасидан борайлик, биз ҳам уларга жавоб қайтарайлик”, дедим. Мусурмон акам, бир нарсаларни баҳона қилиб, менга ҳамкор бўла олмади, яъни безориларнинг ортидан мен билан ташқарига чиқмади. Тўғриси, у қўрқди. Мен ўзим уларни тақиб эта олмаслигим турган гап эди. Шундай қилиб, бу нотинч шаҳарнинг биринчи шапалоғини 1957 йил сентябрида тотидим. Аммо шукрки, бу ҳол бошқа бирор марта такрорланмади. Бошқа томондан мен ҳам ўсдим, улғайдим. Шунинг учун энди менга шапалоқ тушириш ҳам унча енгил эмасди, албатта. 1961 йили эди, шекилли, мен ҳам Самарқандда бирисининг чаккасига бир шапалоқ урганман. Бу ҳам мутлақо тасодифан бўлганди. Ҳозир аниқ хотирамда йўқ, кимлар биландир икки-уч киши эдик, ҳаммомдан чиқиб, шаҳарнинг энг катта сайр боғидан ўтиб кетаётгандик, бу сафар ҳам бир ширакайф бизга тегажаклик қила бошлади. Ўшанда мен ҳам унинг чаккасига яхшигина шапалоқ туширдим. Менинг ҳамроҳларим қўрқиб кетишди. Чунки у ширакайф шаҳарлик эди, унинг шериклари бўлиши ва бизга ҳужум қилишлари мумкин эди-да. Одатда шаҳарлик болаларда пичоқ бўларди, биз шундан, арзимаган бир сабаб ила ярадор бўлмайлик, деб кўп хавфсирардик. Ундан ташқари менинг студент шерикларим ичида жуда жасурлари кўп эмасди. Аллоҳга шукр, Самарқандда бундан бошқа бу хил ҳолатларга дуч келмадим.

Талабалик даврининг бошқа йиллари бир-бирига ўхшаш ўтди. Йилига икки сессия, 6-дан 8-тагача имтиҳонлар (асосий синов) ва қанча зачетлар (синов олди назорати) топширардик. Ҳар ҳолда сессиядан сессиягача анча эркин юрардик.

Мен 2-курсдан бошлаб, негадир ўқишдан чарчаб қолдим. 2-курсда бироз хаста ҳам бўлдим. Менга “Капиллияра таксикос”, деган диогназ қўйишди. Хасталикнинг исмини тўғри ёзолмаган бўлишим мумкин. Шунинг учун 3-5-курсларда ўртадан озроқ юқори даражада ўқидим. Диплом баҳоларимда 4-5 та “ўрта“ баҳолар ҳам бор эди. Аммо умумий савиям, тушунчаларим, фикрларим, фалсафий, илмий қарашларим ва синов китобчасидаги баҳоларим бир-бирини унча ҳам тақозо этмасди.

Бизнинг студентлик давримиз хусусиятларидан яна бири, биз студент ёшлар анча иноқ эдик. Масалан, ўша замонларда бизнинг орамизда ҳам тожик-ўзбекка ажралиш бор эди, аммо жуда очиқ, ошкора эмасди. Кейинчалик бу ҳол жуда ёмон кўриниш олиб кетди. Биз ўз замонида тушунмаган эканмиз. Аслида бу иш усталик билан ҳукуматнинг махсус ташкилотлари томонидан авж олдирилар экан. Совет ҳукумати, ўзбек-тожик иноқлиги уёқда турсин, ҳатто ўзбекларнинг ўзларининг ҳам бир ягона миллат сифатида  чиндан иноқ бўлишимизни ҳеч бир замон истамаган экан. Масалан, совет тузуми, совет расмий мафкураси (идеологияси) кишиларнинг ҳеч бир шаклда гуруҳланишига йўл қолдирмаганлигига қарамасдан, район, вилоят, баъзида минтақа гуруҳларининг тузилишига эътибор берамагандай туюларди. Шундай гуруҳлар тузилиб, улар бир-бирлари билан ҳамиша жанжаллашиб юришардилар.  Масалан, Самарқандда “СурҚаш”нинг мавжудлиги (Сурқаш, Сурҳондарё ва Қашқар дарёликлар гуруҳи), Тошкентда эса Тошгуруҳ, водийликлар ва яна у ерда ҳам “СурҚаш” гуруҳларининг фаолияти давомли бўлиб турган. Ҳукумат бу гуруҳларнинг фаолият кўрсатишига, миллат ичида бир гуруҳнинг бошқа гуруҳга душман ҳолига келишига ҳеч бир кўринишда ҳалқит бермаган. Нима учун шундай бўлган, ахир? Чунки улар совет тузумига қарши гуруҳлар бўлмай, миллат ичида ўзаро ноиттифоқчиликни ташкил этган гуруҳлар бўлишган. Яъни ўзбекларнинг ўзлари ўз “хоҳишлари“ билан бўлинишиб, бир-бири билан олишиб ётганлар. Бу ҳам ҳукуматнинг истилочилик сиёсати бўлганлигини, “бўлда эз” сиёсати юритилган эканлигини энди бугунларга келиб тушунмоқдамиз.

У замонлар биз, Совет ҳукумати, Туркистонни бешга бўлиш билан қаноатланмай, у бешовнинг ҳар бирини яна майда бўлакларга бўлиб бошқариш сиёсатини ўтказганлигини тушунмаганмиз,. У машъум сиёсатни, бугун ҳокимиятни қўлида сақлаб қолишга муяссар бўлган душманлар давом этказмоқдалар. Миллат, халқ оммаси эса, у машъум душманликдан иборат бўлган сийсатнинг моҳиятини ҳамон тушунганларича йўқ. Туркистондаги бугунги “мустақил” давлатларнинг “лидерлари” эса, ўзларининг 4-5 йилга мўлжалланган ифлос манфаатлари учун айнан ўша истилочилар сиёсатини давом эттирмоқдалар. Халқни қоронғиликда тутмоқдалар, уларни уруғ-аймоққа, маҳаллаларга бўлиб ташлаб бошқармоқдалар.

Бу Туркистоннинг советлардан қолган энг буюк муаммосидир. Бизнинг келажагимиз Туркистоннинг ягона мустаҳкам давлатга айланишидадир. Туркистоннинг ягона бирлиги менинг энг буюк орзуйимдир. Менинг авлодларимдан катта сиёсат, яъни давлат сиёсати билан шуғулланадиган бирортаси майдонга чиқса, унинг сиёсий махорати ва кучи Туркистонни бирлаштиришга хизмат қилишга қаратилсин. Туркистон бирлиги урушлар йўли билан эмас, тарих тақозоси билан, бу минтақада яшовчи барча нуфуснинг чин иродасига мос амалга оширилмоғи лозим. Бир неча минг йиллар давомида бир мамлакат, бир давлат бўлган ягона Туркистонни босқинчилар, Туркистон халқи душманлари бўлиб юборди. Туркистонни истилочи душманлар босиб олганларига қадар узоқ бир тарихда ота-боболаримиз ўзларини ягона ватан, ягона тупроқ фуқоралари ҳисоблардилар. Руслар Туркистонга бостириб кирганда бутун Туркистон халқи Ватанни – Туркистонни улардан биргалашиб ҳимоя қилишганди. Аммо улар кучлар тенг бўлмаган шафқатсиз жангларда аявсиз савашиб енгилгандилар, таслим бўлмагандилар. Душман бизнинг Ватанимизни истило этди ва бу тупроқда ўз тартибларини ўрнатди, бизни узоқ замон асоратда тутиб турди. У бизни атайлаб, майда уруғларга бўлиб, заифлаштириб бошқарди. Душман доим, “бўлда ур (бошқар ҳам дейишади)”, қоидасига оғишмай амал қилди. Наҳотки, бугун биз, ўз тор манфаатларимиз доирасидан чиқа олмай, душман тартибларини давом етказсак. Ҳало бўлиниб, “бўлинганни бўри ейишини”, англаб етмаган бўлсак?! Эй, авлод, бунга боболар руҳи рози бўлолмайди, ахир.

Эй Туркистонликлар (уларнинг ҳозирги номлари: ўзбек, тожик. туркман, қозоқ, қирғиз)! Бизнинг эркимиз, бахтимиз, озодлигу мустақиллигимиз – бу бизнинг чинакам бирлигимизда-дир! Бу ҳақиқатни унутмайлик! Бу ҳақиқатни Туркистон тупроғида яшовчи ҳеч бир кимса унутишга ҳаққи йўқ!

Аммо мен ҳам студентлик ва ундан сўнг ҳам маълум замон ўзбек миллатчиси бўлиб, қолдим. Бу нотўғри, жуда катта хато эди. Бу менинг думан сиёсатини яхши ахиригача тушунмаслигимдан келиб чиқарди. Тўғрисини айтсам, менинг маҳаллийчилигим, яъни мендаги ўзбек миллатчилиги 1989-1991 йилларгача давом этиб, советлар тугаш арафаси менда маҳаллийчилик иллати тўла барҳам топди, десам тўғри бўлади.

Талабалик давримга оид яна бир воқеа, менинг характерим ва инқилобий интилишларимдан белги бўлиб ҳисобланади. Воқеа 1961 йилда содир бўлганди. Биз бу замон 4-курс студенти эдик. Мен ҳам университетнинг Самарқанд шаҳар Авиатсионная кўчасидаги ётоқхонасида яшардим. Мен ўзимни яқин тутадиган курсдошларнинг деярли барчаси шу ётоқда яшардилар.

Йилнинг апрел ёки май ойи эди, шекилли, ётоғимизда бироз тинчлик бузилди. Уни ҳам шу шаҳарлик тожик аталмиш болалар келтириб чиқаришдилар. Ётоқда дам олиш кунлари танса (рақс), деган бир русча ўйин бўларди. Рақсга асосан рус талаба қизлар чиқишардилар. Бундай рақсларга одатда ўзбек талаба қизлар чиқишмасди, улар бундай завқларни қизлар учун аҳлоқсиз ҳисоблашардилар. Тансага шаҳарлик йигитлардан бир қанчаси ҳам келишарди. Тўғриси мен ҳам бу тансаларга деярли чиқмасдим. Чунки русча танса тушишни билмасдим. Аслида ўзбекча ўйинга ҳам йўқ эдим. Аммо бир икки сафар тансага тушган ерим ҳам бўлганди. Ана шу тансага келишадиган шаҳарлик болалар ётоқда яшовчи 1-2-курс болаларни бироз қийнашибди, яъни улар студент болаларни кўчада тўхтатиб уларнинг нарсаларини (кийим, фотоаппарат ва бошқа нарсалар) тортиб олишарканлар. Бир кун  уларнинг бир қисми, ҳар ҳолда катталари эмас, ётоқ эшиги олдида яна тегажаклик қилишган экан, катта курс студентлар буни кўриб, шаҳарликларга бироз жазо биришибди, яъни шаҳарлик безори болаларни уриб-уриб ётоқдан ҳайдаб юборошибди. Бу ҳолдан шаҳарликларнинг “буюклари“  аччиқланиб, “гуноҳкор”, яъни шаҳарликларни уришни ташкил етган студентни топишмоқчи бўлибдилар. Аммо мен бу воқеалардан мутлақо хабарсиз эдим. Ўша кунлар негадир мен ётоқда бўлмаган эканман. “Катта” шаҳарликлар ташвиқотчини излашиб, ётоғимиз буфетчиси Нарзи акани сўроқ қилишибди. Нарзи ё билиб, атайлаб ёки тахмин қилиб, шаҳарлик “ўч” олувчиларга мени ва Янгибойни  (Бу йигит Янгибой Темиров, Самарқанд вилоят Париж районидан бўлиб, мен билан бир курс ва бир гуруҳда ўқирди) асосий айбдор, деб айтибди. Шаҳарликларнинг энг “зўри” Воси исмли бириси эди. У ётоқда яшайдиган бир арман қизи олдига жуда кўп келарди, тансага ҳам доим келиб турарди. Ўша Воси оқибатда арманкага уйланган ҳам эди.

Хулоса шулки, кунлардан бир кун Восибой бизни (мен ва Янгибойни) ётоқ яқинида тўхтатиб, силар бизнинг ёши кичик болаларни ноҳақ жазолабсилар, деб бизга “ултуматум” ҳаракат қилди. Биз ундан “сенга бу гапни ким, айтди”, деб сўраган саволимизга Нарзи айтди, деб жавоб берди. Ана шу моментдан бошлаб воқеалар бошқача йўл билан ривожланди. Энг аввал биз Воси билан бирга Нарзининг олдига келдик. Нарзи дарҳол қасамга ўтди, албатта, яъни бизларнинг ўша жанжалда бўлмаганлигимиз ва Восиларнинг янгилшаётгани ҳақида сўзлайбошлади. Ҳақиқатан ҳам биз бўлган воқеалардан хабарсиз эдик, ахир. У кун шу билан, яъни Нарзининг қасами билан тинч ажралдик. Аммо биз бу маш-машага яхшилаб нуқта қўймоқчи бўлдик.

Биз, бу замон 4-курсдамиз, ўзимизни катта одам, шаҳарга “эга”, деб  ҳисоблаймиз. Ҳақиқатан ҳам Самарқанд шаҳар ўзимизникилигига, унга эгалигимизга ҳеч кимда эътироз йўқ ва бўлиши мумкин эмасди. Шунинг учун Восининг бизни кўчада тўхтатиши бизнинг иззат-нафсимизга тегди. Энди биз Восига ва унинг бутун дўстларига сезиларли жавоб беришни режалаштирдик. Юқорида айтганимдек, шаҳарлик болаларда доим совуқ қурол (пичоқ) бўлади. Шу сабабли улар билан бирор муомалани ҳал қилганда буни ҳисобга олиш керак. Биз, студентлар ундай қурол олиб юрмаймиз. Шунинг учун улар билан ҳисоблашишнинг ўзимизга маъқул икки йўлини ишлаб чиқдик.

Биринчи йўл, музокара йўли, яъни Воси бошлиқ шаҳар болалари билан ўзаро  аниқ шартлар асосида тинч келишиб олиб, тинч-тотув яшаш. Бу ҳолда бизнинг шартларимиз: улар бошқа ётоққа келишмайди, ҳатто тансага ҳам улар келмаслиги керак. Болалардан тортиб олишган нарсаларни қайтариб беришлари лозим. Яна шунга ўхшаш бир қатор шартларни туздик. Бу “ультиматум”ни Восиларга ким етказиши  керак? Бунинг учун вакиллар ҳам топдик. Студентларнинг бир мунча “хулиган-безори” сифатлари ҳам бўларди, албатта. Улар-бизнинг «ҳулиган»ларнинг кўпчилиги филология ва тарих факултеларида ўқишарди. “Хулиган” студентларни йиғиб, уларга масалани тушунтирдик ва уларни бизнинг элчиларимиз бўлишларини таклиф қилдик. Бизнинг “элчиларимиз” шартимизга кўниб, шаҳар хулиганлари олдига кетишди. Бизнинг вакилларимизнинг хабарига кўра, қарши тараф бизнинг шартларимизни қабул қилишган. Шундан сўнг шаҳарликлардан амалий ҳаракатни кутдик. Уларнинг амалий жавоби нима бўлди, денг? Бир кун кечқурун Воси ва яна бошқа бир-иккитаси (уларнинг кекса хулиганлари ҳам бўларди, шулар ҳам)  келиб, ётоқхона буфетида ўтириб олишди. Бизнинг “разветкамиз” маълумотига кўра улар биз билан тепалашишга тайёрланиб келишган. Бояги кекса хулиганларнинг сумкаларида тошлари бўлган. Ана шунда биз иккинчи режамизни амалга оширишга киришдик. Иккинчи режа, бутун ётоқхона болаларини “жанг”га солиш ва хулиганлар билан батамом орани очиқ қилиш эди. Бу режани бугун мана шу буфетда ўтирган хулиганларни тутиб олиш (асирга олиш) билан амалга оширмоқчи бўлдик.

Аслида биз бу ҳолни ҳам олдиндан ҳисобга олиб, бунга маълум бир тайёргарлигимиз бор эди. Хулиганлар буфетда ўз режаларини маслаҳатлашар экан, биз ҳам дарҳол ишга киришдик. Студентлардан икки-уч гуруҳ туздик. Уларнинг бир гуруҳи доим ташқарида қолиб, буфетнинг деразаларини қўрқлаши лозим эди. Чунки биз уларга ҳужум қилганимизда улар деразадан қочиб кетиши мумкин эди. Бир гуруҳ эса, телефон ва светни учириши керак эди, бошқалар командани кутиб хоналарида ҳозир туришлари шарт эди. Биз уч-тўрттамиз жараённи бошқармоғимиз лозим эди.

Вақт ҳам кечқурун соат 9-бўлиб қолди. Бизнинг ҳисобимиз бўйича жанжални улар бошлашлари керак эди. Аммо охир, оқибатда улар қўрқди, жанжал бошлай олмадилар. Кексалари секин сумкаларини кўтариб буфетдан чиқиб кетишди. Аммо Воси мардлик қилиб, буфетда ўтираверди. Биз эса, масалани бошқа вақтга қолдира олмасдик. Чунки биринчидан, биз ҳар куни ёки кунора улар нима иш бошлар экан, деб хавфда, юрагимизни қўлда ушлаб ўтира олмасдик. Иккинчидан, улар бирортамизга ёмонроқ зарар келтириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмасди. Шунинг учун энди биз фақат Восининг ўзини асир олмоқчи бўлдик ва тузилган гуруҳларга керакли команда берилди.

Хуллас, биз жараённи бошқарувчилар буфетга кирдик. Ташқарида ва коридорда дарҳол свет ўчди. Шу замон Воси эпчиллик қилиб, икки қўлига буфетнинг иккита пичоғини олиб, буфетнинг прилавкаси тагига кириб олди. Бир участкавой милитсионеримиз ҳам бўларди, у киши асли хоразмлик эди. У ҳам шу ерда. Унинг ҳар кунги вазифаси, шундай бўлса-да, ҳар эҳтимолга қарши уни биз ўзимиз атайлаб чақириб келганмиз. Ҳатто ётоқхонага қўшни яшайдиган Ходи Орифович Абдуллаев исмли (раҳматли) математика факултети декан ўринбосари бўларди, у одамни ҳам раҳматли Эшпўлот (Бу йигит ҳам менинг курсдошим эди. Мен бу сатрларни ёзаётган замонда Эшпўлот раҳматли бўлганди.) билан бирга бориб бугун бўлиши тахмин этилаётган ҳодисадан огоҳлантириб қўйгандик. Бизнинг ҳисобимизга кўра, Х.О. Абдуллаев ётоқда нима бўлаётганини, бўлганини билмаслиги керак эди. Ҳақиқатда ҳам у киши ўша куни уйида ётмаган эди.

Ана шундай қилиб, Воси прилавка остида, буфет зали тўла студентлар. Милитсионер прилавканинг бир бурчагида, унинг ёнида раҳматли Эшпўлот болаларга “қўйинглар яхши бўлмайди”, деб турарди. Эшпўлотнинг “қўйинглари“ ёлғондакам эди. Аммо чироқ (свет) ўчирувчилар, чироқни бир ўчириб, бир ёқиб туришибдилар. Свет ўчганда болалар прилавкага қараб кифер шишаларини отишарди, свет ёнганда тўхташарди. Ёруқда бутилкалар отилса ким атаётгани билиниб қолади-да. Шунинг учун қоронғида отишардилар. Шунақа ўйин давом этиб турган бир маҳалда, свет ёнувининг навбатдаги бирида Воси икки қўлида иккита кифер шишаси билан шундай бир тезликда прилавка устига ирғиб чиқдики, унинг тезлиги одамзоти ҳайрон қоларлик даражада тез эди. Қўлидаги шишаларни залга, яъни болаларга, ўзини эса, деразага отса бўладими? Дераза билан прилавка ораси камида икки метр келарди. Деразадан ташқари томон ҳам бир метрдан баланд эди. Лекин Восига ҳеч нарса бўлмади. У шу йўл билан қочиб қутулди. Одам бирор хавфдан чинакамига қўрқса шунақа бўлса керак. Ташқарида бизнинг деразани қўрқловчиларимиз эса, бояги ўчир-ёқда “постларини” ташлаб ичкарига, томошага кириб кетишган эканлар. Шунинг учун Восини ҳам қочириб қўйдик. Бир ҳисобдан Аллоҳ ўзи бошқариб, бизни ёмон ҳолдан қутқарган экан. Акс ҳолда Воси қўлга тушиб, уни болалар уриб майиб қилиши ёки бошқа бир фалокат бўлиши ҳам мумкин эди.

Шундан сўнг, бутун ётоқхона нима тўғри келса шуни қўлга олишиб, шаҳар бўйлаб Восини қидиришга отланишди. Ётоқхона атрофидаги шаҳарликларнинг уйларига кириб Восини излашдилар, болалар. Аммо уни топиш мумкин бўлмади. Кейин билсак, Воси медтехникумда  ўқийдиган болалар яшайдиган квартираларнинг бирида кароват остига яширинган экан. Студентлар эса, шаҳардан ташқаридан келиб, яшайдиганларнинг квартираларига киришмаган-дилар. Аммо студентлар шаҳар бўйлаб юриб, йўлда учираган бир неча шаҳарлик болаларни тутиб, уришдилар. Уларнинг ичида битта бегуноҳи ҳам бўлган экан. Восининг укасини эса, университет бош биноси ҳавлисида тутиб олишдилар. Болалар уни роса тепишиб, ташлаб кетишаётгандилар. Бир замон студентларнинг бири оёғига пичоқ урилгани маълум бўлди. Восининг укаси(унинг исми Наби эди) оёқлар остида ётиб, бирисининг оёғига пичоқ уриб улгурган экан, бемаза. Ундан сўнг яна қайтадан болалар уни хушидан кетгунча тепишди. Биз (мен ва Эшпўлот раҳматли иккимиз), ўлиб қолмасин, деган мақсадда уни болалардан  ажратиб олдик.

Бутун шаҳар милитсияси оёққа турди. Студентларни тарқатиб юбориш мақсадида уларнинг устидан милтиқ отиш ҳам бўлди. Аммо студентларнинг шаштини бостириш мумкин бўлмади. Қисқаси, оқибатда студентлар университет бош биноси ҳавлисидаги ошхона олдида беихтиёр, истехияли бир равишда тўпланиб қолишди. Бу ерга Самарқанд шаҳар ва вилоят милитсия бошлиқлари, бир гуруҳ қуролланган милитсионерлар ҳам келишди. Студентлар уларни ураб олишди. Милитсия бошлиқлари машиналари устига студентлар чиқиб ўтириб олишганди. Ҳар ким ҳар нарса сўзларди. Студентлар бирин-кетин сўзлар, милитсияни порахўрликда, нохолисликда, ёмон ишлашда айблашарди. Милитсиянинг қанчалар тарқалинглар, деб дўқ ва пўписаларига  қарамасдан студентлар тарқалишмадилар. Бир қанча вақт милитсия ва студентлар ўзаро бир-бирига рўпора тургандан сўнгра университет ректори бу ерга етиб келди. Уни махсус чақиришган бўлсалар керак. Ўша замонлар университет ректори боилогия фанлари доктори, профессор Ахрор Тўлагананович Тўлаганов, исмли киши эди. Ректорнинг бир мунча тушунтиришидан сўнгра студентлар тарқашди. Ўша кечаси Ректор биз билан ётоқга бориб у ерда ҳам суҳбат ўтказди.

Эртаси кундан бошлаб, бу иш анча вақт муҳокама қилинди. Ҳатто жинойи иш очилиб тергов ҳам бошлаб юборилди. Студентлардан фақат бир киши, Пўлот Холқўзиевнинг терговда қатнашишига тўғри келди. Хулиганлардан 13 киши терговда қатнашиб, 13-и ҳам бир йилдан уч йилга қадар қамоқ жазоси олишди. Бу жараёнда, яъни тергов жараёнида битта П. Холқўзиевдан бошқа студентларнинг қатнашмаганлиги ва уларнинг бирортасига зарар етмаганлиги ректорнинг хизмати эди, албатта. Акс ҳолда милитсия бизнинг жуда кўпчилигимизни “жинойи“ жавобгарликка тортишлари мумкин эди. Чунки биз кеча милитсиянинг каттасию-кичигини ростдан қаттиқ хақорат қилгандик. Бизга Аллоҳ ёрдам етиб,  милитсиянинг катталаридан бири, яъни шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, милитсия генерал майори Мирзаев исмли, бириси жуда катта хатога йўл қўйди. Унинг бу хатоси бизга кўп ёрдам берди.

Тўполон бўлгандан кейинги кун университет ректори қабулхонасида шаҳар ва вилоят милитсияси бошлиқлари, студентлар вакиллари иштирокида учрашув бўлди. Студентлар вакиллари сифатида университет комсомол комитети секретари (Холиёров Холмирза), ётоқхонадан мен, Эшпўлот раҳматли, Пўлот  Холқўзиев, яна ким ҳам борди қатнашаётгандик. Х.Холиёров ва Эшпўлот раҳматли ташқи кўринишдан, яъни гавда, юз кўринишдан бир-бирига ўхшаб кетишардилар. Шунинг учун шаҳар милитсияси бошлиғи Мирзаев  “кеча мени урмоқчи бўлди мана бу студент”, деб Х.Холиёровга тормашиб қолса-чи. Кеча ақшом унга ўдағайлаган, аслида Холиёров эмас, Эшпўлот эди. Бу ҳол,  яъни милитсиянинг каттакон бир бошлиғининг бундай адашиши жуда яхши бўлди, бизнинг ҳимоямизда бу жуда қўл келди. Холиёров ҳам бу адашишдан фойдаланиб дарҳол роса боблаб унга жавоб қайтарди. Чунки кеча ақшом Самарқандда тўпалонлар бўлаётганда Х.Холиёров Тошкентдан Самарқандга поездда келаётган бўлган. Унинг қўлида поезд билети бор эди. Ҳар ҳолда орган одамлари ўшанда уялиб қолишганди. Шу билан уларнинг пўпаги ёрилиб, жим бўлиб қолишди. Бу воқеанинг оқибатида биз анча кучландик. Энди милитсиянинг ҳар қанақанги даъволари, бизга қарата ўтказиладиган оператсиялари адашишга чиқадиган шароит туғилди. Шунинг учун ҳам улар студентлар ичидан кўпроқ “гуноҳкорларни” топишга урина олмадилар. Чунки бизда бугунги адашишни пеш қилиб, туҳмат, деб туриб олиш имкони пайдо бўлди. Аллоҳнинг Ўзи сақлаб,  ана шунақа тасодиф сабаб бўлиб, унинг устига ректорнинг студентларни қаттиқ қўллаши оқибатида, ўша жанжаллардан қутулиб қолганмиз.

Бу воқеаларда шахсан менинг ролим нимада бўлганди? Биринчидан, ҳамма гап биздан, яъни бизни, Янгибой иккимизни Восининг кўчада тўхташидан бошланди. Ётоқда “ҳужум”га тайёргарлик ишлари менинг тошкилотчилигимда олиб борилди. Пўлот бечора, тасодифан бу ишга аралашиб қолди ва судгача терговда қатнашиб юрди.

Биз жанжал қилмасдан муроса йўлини ахтарган вақтда Восилар тарафга юборилган вакилларга бизнинг ётоқдан вакил этиб Пўлотни қўшиб юборгандик. Шу сабабдан ҳам Восилар гуруҳи тергов вақтида Пўлотни ёнларига тортишди. Чунки улар қанча кўп студентни айбдор ҳисоблашса, уларнинг даъволари шунча ишончсиз бўлишини билишарди. Шунинг учун улар ҳам фақат биргина Пўлотга ёпишиб олишдилар. Аммо тергов ва суд жараёни давомида Пўлот ҳам тўла айбсиз топилди. Чунки ҳақиқат ҳам шундай эди, ахир. Студентларнинг айби, уларнинг ташкилий кўтарилиши, безори (хулиган)ларни  излаб шаҳар бўйлаб юриши эди. Буни ҳам айб ҳисоблаш мумкин бўлса? Бу ишнинг ташкилотчилари ва уни бошқарувчилар эса, мен билан Янгибой эдик. Аммо бизнинг ҳаракатимиз жиноят эмасди, ахир. Биз ўзимизни ҳимоя қилишга ҳаракат қилгандик.  Безориларга якка тартибда қаршилик кўрсатиш хавфли бўлгани учун улар- га ташкилий равишда зарба бериш йўлини ишлаб чиққандик, холос. Аммо шуни ҳам тан олиш керакки, совет замонида ҳам қандайдир ташкилий норозиликларни уюштириш мумкин экан. Ана шундай, совет замони бўлса-да, бизнинг ташкилий норозилигимиз умуман олганда ўринли чиққанди. Безориларнинг катта бир гуруҳи жавобгар қилиниб, шаҳарда ва ётоқхоналарда тартиб ўрнига тушиб қолганди. Ана ўша бизнинг ҳаракатимиз инертсияси беш-олти йил давом этганди. Ўша воқеалардан сўнг студентлар шаҳарда эртаю-кеч бемалол эркин юрадиган яхши шароит вужудга келганди.

Афсус, бизда ҳар доим ҳам бундай кескин ҳаракатларга тайёр кишилар топилавермайди. Бизнинг одамлар негадир жуда “ихтиёткор”, тўғриси жуда қўрқоқ кишилар. Улар доим “менга тегмасалар бўлгани” принсипига қаттиқ амал қилишадилар. Бизнинг халқда “Оқ туя кўрдингми йўқ, қора туя кўрдингми йўқ” ақидасига ёпишиб олганлар. Бизда яна бир мақол бор, у ҳам бизнинг бугунги аҳволимизга жуда мос ва кишиларимиз бу мақолга ҳам оғишмай амал қилишади. “Оч қорним, тинч қулоғим”, дейилади у машҳур мақолда.

Шу ерда ўзбеклар ҳақида тўқилган бир анекдот (кулгили латифа, бизда кўпроқ афанди латифалари, деб юритилади) хотирамга келиб қолди. Шуни ҳам ёзиб қўяйчи, силар ҳам айта-айта юрарсилар.

“Бир замон икки киши, бири рус, бошқаси ўзбек катта жиноят қилишиб ўлимга ҳукм қилинибди. Вақти келиб, ҳукмни ижро этишмоқ учун айбдорларни конвоин (ҳукуматнинг махсус қуролли хизматчилари)  осиб ўлдиришга олиб кетишаётган эканлар, йўлда  рус ўзбек биродарига “қочмаймизми, деса“, ўзбек унга “яна баттар бўлмасмикин?”  дермиш.” Буни қаранг, уларни икки-уч дақиқадан сўнгра осадилар, қочсалар, балки ўлимлари бир неча дақиқага  кейинроқ содир бўлиши мумкин, ахир. Энг асосийси, ҳар қандай ҳолатда ҳам киши ўзини ўлимдан қутқариш учун ҳаракат этишга интилиши керак эмасми? Йўқ, менинг “ўта ихтиёткор ўзбегим”, яна ёмон бўлмаскин, деб “усталик”, “ихтиёткорлик“ қилмоқчи бўлади. Ўлимдан ҳам баттарироғи бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Қаранг, у менинг “ўзбегим“ учун ўлимдан баттари ҳам бўлармиш?! Ҳақиқатан, бугунги бизнинг миллатга бу ҳикоя жуда мос ва унинг хусусиятларини ниҳоятда айнан жуда яхши ифодалайди. Ўзбекнинг хусусиятини бундан ҳам дурустроқ ифодалашнинг имкони ҳам йўқдиров. Билмадим, нимадан ва қачондан бошлаб миллат бунчалик аянчли аҳволга келиб қолган. Тарихимиз мақтанишга арзийди. Бизнинг элимиз ичида мардлар, жангаварлар кўп бўлган тарихда. Катта империя тузган, йиллар давомида урушларда юрган, жаҳоншумул ғалабалар қозонганмасми, бизнинг боболаримиз?! Уларнинг авлодлари қаерда? Биз уларнинг авлоди эмасми? Нега биз бунча қўрқоқмиз, нега бунча “ихтиёткормиз”? Тарихимиз буюк бўлса-да, нега бугунимиз бунчалар, мислсиз аянчли бўлиб қолмоқда?

Мен одамларимизнинг, айниқса эркакларнинг ўлимга тик қарайдиган бўлиб етишишларини истайман. Сиз ҳам болаларим, ўғилларни мард, ғурурли етиб ўстиришга ҳаракат қилинг. Инсон учун, ҳақиқий инсон учун, эркак учун энг муҳим, энг асосий шан-шараф бу қандай бўлмасин жон сақлаб тирик қолиш эмас, аксинча энг буюк шан-шараф ҳеч бир ҳолда , ҳеч бир ерда, ҳеч кимга тиз чўкмасликдир! Тиз чўкиш ўрнига ўлимга тик мардона боришдан ҳам буюкроқ шараф йўқдир бу оламда!

Ихтиёткор бўлишлик, мушт ишлатиш ўрнида бошни, ақлни ишлатиш, ҳис-ҳаяжон ерида тафаккурни ишлатиш, бу ажойиб, яхши хусусият. Бундай яхши, ижобий инсон хусусиятини, кишиларнинг ўзаро муомаладаги бу ижобий усулни анекдотдаги каби аянчли ҳолгача тушуриб юбормаслик тўғрисида сўз кетмоқда. Афсуски, сўз билан, ақл билан битадиган ишни мушт билан битириш каби аҳмоқлик ҳам кўпинча яна бизда учрайди. Мен эса, ҳақиқий ақлли ва мард авлод эттиштириш ҳақида сўзламоқчиман. Болаларни ақлли ва ботир бўлиб ўстиришга урининглар демоқ истайман.

Бу ерда мавзу яна бироз бошқа тарафга бурилди. Чунки фикр келган жойда ёзилмаса, кейин хотирадан кўтарилади ёки мазмуни бошқачароқ бўлиб қолади.

Яна шаҳарликлар билан можарога қайтамиз. Биз шаҳар безорилари билан орани очиб олганимиздан сўнг, энди студентлар орасида бошқа қўрқув бошланди. Чунки бунга керакли асослар бор эди. Масалан, шаҳарлик болалар кечалари ётоқхонада баъзи хоналарга киришлари ва болаларга зарар ва ташвишлар бериши мумкин эди. Улар ҳақиқий безорилар, биз эса оддий тинч студентлармиз, ахир. Улар ҳеч бўлмаганда пичоқ билан юришади. Бизнинг ёнимизда эса, нон кесишга мўлжалланган оддийгина пичоқча ҳам бўлмайди. Шунинг учун кечалари ётоқни қўруқлаш керак, деган хулосага келдик. Бунинг учун махсус навбатчилик ўрнатдик. Икки қаватли ётоқнинг ҳар қаватида тўрттадан саккиз кишилик навбатчилик графиги туздик. Стулларни синдириб, уларнинг оёқларидан навбатчилар учун “ҳужум“дан ҳимояланиш “қуроли-таёқлар“ ясадик. Навбатчиларимиз стул оёқларини ушлаган ҳолда ётоқ қаватларида тун бўйи навбатчилик қилиша бошлагандилар. Бу ишларнинг ташкилотчиси асосан мен эдим.

Шунақа қилиб, кечалари ухлай олмай, ўзимизни стул оёқлари билан қўруқлаб юрган бир замонда, ётоқхона атрофида яшовчи бир кампир Аллоҳнинг қарзини узибди. У ерда таъзия бошланиб қолди. Биз эса, мен ва Эшпўлот раҳматли иккимиз кўчага, яъни шаҳарга чиқмоқчи бўлдик. Аммо бизнинг шаҳарга чиқиш йўлимиз ўша таъзия бўлаётган жойдан кечарди. Ётоқдан шаҳарга чиқиладиган бошқа йўл йўқ. Иложсиз, ўша ердан ўтишга “мардларча“ жазм қилдик. Аммо юракда хавф бор, таъзияда ўтирганлар орасида биздан азият чекканлар бўлиши мумкин ва улар бизни бошқаларга ҳам кўрсатади, деб хавфсираймиз. Кўнгулда ғул-ғула, аммо кўринишдан тетик ва мардларча одамлар орасидан ўтиб кетаётибмиз. Ўша замонлар муслмонча бирор таъзия билдириш тартиби ва усулини ҳам дуруст билмаймиз. биз каби мусулмончиликни билмайдиган ёки унга эътиборсизликни одамлар нормал қабул этиши Совет замони яшаш тарзига мос эди. Шунинг учун бизнинг таъзияга бурилмаслигимиз биз учун ҳам, у маросимда турганлар учун ҳам ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмасди. Шу сабаб бизнинг у одамлар ўртасидан ўтиб кетаверишимиз нормал ҳолат. Иш қилиб, нима бўлса, бўлар қилдикда, таъзияга йиғилган одамлар ўртасидан ўтиб кета бошладик. Хотирамда йўқ, ўша ерда туришган одамлар билан саломлашдикми ё йўқ. Одамларнинг ўртасига келганда улардан бири Эшпўлотни тўхтатса бўладими? Билмадим, раҳматли қандай ҳолга тушган бўлса? Мен эса, унга эътибор бермай, ҳеч нарсани билмагандай ўтиб кетавердим. Эшпўлот бироз ушланиб қолди. Ана энди ҳар каллада ҳар хил хаёл. Бизда қўрқув, уларда эса, биздан ёрдам олиш умиди хаёли кезмоқда экан. Эшпўлот ҳам ҳа, демай орқамдан етиб келди.

Ана қизиқ! У бечора одамлар, бизни, айниқса мени каттакон мансабдор киши ҳисобла- шибдилар. Шунинг учун менинг ёнимда келаётган ўртоғимни тўхтатиб, ундан бир ишни битиришда воситачи бўлишни илтимос этмоқчи бўлибдилар. Улар мени шаҳар ижрокомида ишлайдиган мансабдор, деб билибдилар-да, Эшпўлотга, “Мана қаранг, бу ерда бир қаровчиси йўқ кампир қазо қилди, унга ўлим харажатлари учун бироз ёрдам керак. Эртага биз у кишининг (яъни менинг олдимга) олдига ёрдам сўраб борамиз, дўстингизга айтиб қўйинг бизга бироз ёрдам қилсин“, дейишибдилар. Ана энди кулишни кўринг. Эшпўлот раҳматли бундай ҳолларда, устаси фаранг одам эди. Шунинг учун ваъдани роса боблаган, албатта.

Йўқ, ҳар ҳолда шаҳар безорилари бизнинг кескин ҳаракатларимиздан ҳақиқатан қўрқиб қолишди, бошқа ётоққа яқинлашмадилар. Аммо биз эҳтиёт чораларини бир ой давомида ҳеч сусайтмадик. Безорилар ётоққа келмади-ю, аммо ётоқда стуллар синиб битди. Чунки ётоқда икки юздан кўпроқ студент яшарди. “Қурол“га эса, стулларнинг фақат узун оёқлари ярарди. Шунинг учун камида юз стул синдирилган бўлса керак.

Хуллас, безорилар ўз жазоларини олдилар. Ҳаёт аста-секин ўз изига тушиб кетди. Аммо бу воқеа узоқ вақт ўз таъсир кучини йўқотмади. Салкам олти-етти йил бу каби безориликлар шаҳарда тўхтаб қолди. Ундан сўнгра шаҳардаги ўша безориликлар яна бошланди, албатта. Чунки барча қонунсизликлар бошида совет милитсиясининг ўзи турарди. Ҳатто улар шу безориликлар ҳисобидан даромат қилишардилар. Шунинг учун бу безориликка совет милитсияси ёрдамида қайтадан йўл очилди.

Менинг студентлигим давридан тахминан 20 йил сўнгги Самарқанд, менинг болаларимнинг шаҳарлари ҳисобланади. Шаҳарнинг у кейинги даврини улар ўзлари яхши биладилар. Одатда шаҳарнинг икир-чикирлари ёшларга кўпроқ кўринади. Чунки улар ўзлари ҳам қандайдир даражада шаҳар ҳаётини ташкил этади ва унинг бевосита қатнашчиси бўладилар, ахир. Мен эса, бу замон бошқа гуруҳ, бошқа котегория кишиси эдим. Шаҳарда бўлаётган жўда кўп воқеалардан, айниқса шаҳар ёшлари ҳаётидан мен энди бирмунча четда эдим. Ҳар ҳолда Самарқанд доим ҳам унча тинч шаҳар ҳисобланмаган. Уни бирор беш йилга нисбатан барқарорлаштирган ҳам менинг болаларим дадаси ва унинг “инқилобчи“ шериклари ҳисобланади. Буниси ҳазил. О, қани эди, Аллоҳим бизга, менга ва менинг ҳамфикрларимга Ўзбекистонда ҳам тартиб ўрнатиш имконини насиб этса! Ноумид шайтондир, Аллоҳдан умидим улкан. Умидларим рўёбга чиқар, иншоолоҳ!

Менинг ҳаётимга, жумладан студентлик ҳаётимга тегишли, аммо хотирамдан кўтарилган яна бошқа ҳолатлар ёдга келган жойда қўшимча ёзарман.

7. Иш фаолиятим ва турмишда учраган баъзи ташвишлар.

Шундай қилиб, Самарқандда беш йилни ўтказиб қўйдим, яъни 1962 йили Самарқанд университетини битирдим. Бир нарсани таъкидлашим керакки, мен ўрта мактабда ва университетнинг биринчи икки курсида аълочи ўқувчи бўлдим. Аммо университетнинг учинчи курсидан бошлаб негадир чарчаб қолдим. Юқорида ҳам сўзлаганим каби, 2-курсдагилигимда бироз хаста ҳам бўлдим. Ўқишда ўзлаштиришимнинг пасайишига, чарчашимга бу хасталигим ҳам сабаб бўлди, аммо сабаблар фақат бугина эмасди. Нима бўлса, бўлди, иш қилиб, менинг ўқишим сифатида бирмунча пасайиш рўй берди, предметлардан оладиган баҳоларим анча пастлашиб қолди. Аммо умумий савиям, атрофга, дунёга қарашим, сиёсатга, ҳаётдаги ўзгаришларга интилишимда ўзгариш бўлмади. Бу соҳада доим илғор қолдим. Шунинг учун Оллоҳга шукр, мен унверситетдан етарли даражада етук мутахассис бўлиб чиқдим, десам мақтаниш бўлмас. Болаларимга ҳар доим, ”Силарда мени, Ўзбекистонда ўсиб, етишган домлаларинг, иш ерларингда коллегаларинг билан мутахассис сифатида солиштириш имконларинг бўлган. Шунга қараб менга ҳам баҳо бера оларсилар, деб ўйлай ман” дердим.

Сўзнинг қисқаси, менинг дипломимга иловадаги баҳоларим орасида бир-иккита “удов“ – лар бор. Улар ана шу сўзлаган сабаблар натижаси ўлароқ майдонга келган баҳолардир.

Оқибат мен, университетни битириш арафасида Андижон вилоятига, яъни Андижон вилоят маориф бўлимига ишга тақсим бўлдим. Ишга тақсимланиш масаласи бўйича ҳам юқорида бироз гап бўлганди. Аммо бори, яъни менга насиб етгани ўқитувчилик бўлди. Андижон вилоят маориф бўлими мени вилоятнинг Чуст районига ишга жўнатди. Мактабда ўқитувчилик қилиш анча қийин кечди. Чустда 1962/1963 ўқув йили ишлаб, бошқа у ёққа қайтмадим. Чунки Самарқандга ўрганиб қолган эканман, Андижон жуда узоқлик қилди. У ёқда ҳеч ишни давом этказгим келмади. Энди Самарқандда ишлашга ҳаракат қилдим. Бу ҳам бошида унча қулай бўлмади. Самарқандда иш топганимча ҳам кўп ташвишларни бошдан кечирдим.

Масалан, Самарқанд университетида 1962 йили янги инженер-техник факултети очилиб, унга Михаил Ботирбекович Гукямехов исмли домла деканлик вазифасини бажармоқда экан. Бу киши Абхазия мусулмонларидан бўлиб, менинг ўқитувчим эди ва диплом ишимга раҳбарлик қилганди. Домлам бечора менга иш топишга кўп ҳаракат қилди. Қишлоққа кетмаслигимга асосий сабаб ҳам унинг ҳаракати бўлганди. Аслида у мени университетга, ўзи ишлаётган янги факултетга ишга жойламоқчи бўлди. Аммо бу унча тез битмади. Аслида менинг бошқа ўқитувчиларим, яъни ўзларини тожик ҳисобловчи ўқитувчиларим менинг бу факултетга ишга жойлашишимни исташмадилар. Нима учун мени университетга ишга олишмаганликларининг сабаби Аллоҳга ва менинг тожик ҳисобланмиш домлаларимга аниқ. Менимча, асосий сабаб маҳаллийчилик, майда миллатчилик бўлса керак. Демак, ўша замонларда мен сезмаган миллатчилик деймизми, маҳаллийчиликми кабиларга ўхшаш қусурлар ҳам мавжуд экан-да. Университетга ишга жойлашмоқ учун юриб, бу орада анча вақт ўтиб кетди.  Мактабларда ишлар бошланганига бир қанча вақт бўлди. Билмадим, вақт ҳам йилнинг октябрими, ноябрига яқинлашди. Энди район мактабларига ишга бораман десанг ҳам районларнинг узоқ-узоқ жойларида иш топилади. Мен эса, ҳамон ишсиз. Охирий, яна Михаил Ботирбековичнинг тавсияси билан Самарқанд қишлоқ хўжалигини механизатсиялаш техникумидан соатбой иш топилди.  Яхши, техникумда соатлар анча кўп эди. Оилам ҳам кичик, ҳали биттагина боламиз бор эди. Соатбой дарсдан олинган иш ҳақи билан қийналиброқ бўлса-да, кун ўтказса бўларди. Турадиган кирали уйимиз ҳам бир хонадан иборат бўлиб, кираси ҳам анча арзон эди. Уй эгасининг исми Наби, Самарқандлик эроний уруғидан ҳисобланган қардошлардан бири эди. Ўша замонларда ҳам анча қийналдик. Қийналсак-да, аммо кунимиз бир нави ўтиб турди. Шукрки, иш қилиб, оч ва далада, бошпаносиз қолмадик.

Униварситетни битирганимдан бир йил сўнгра ҳам аҳволимиз ана шунақа анча ташвишли эди. Шундай қийналиб юрган вақтимда ҳам акам ёрдам бериб турди. Университетни битирдинг, катта одам бўлдинг, энди ўз кунингни, ўзинг кўр, демади акам барака топқур, у доим ёрдамчим бўлди. Акамнинг яхшиликларига мос хизмат мендан қайтмаса, Аллоҳдан қайтсин, амин.

Ҳали иш ерим тайинли бўлмагани сабабли шаҳар бўйлаб доим иш ахтариб юрдим. Кунлардан бир кун Самарқанд пахта тозалаш заводидан механиклик вазифасида ишлашга иш топдим ва дарҳол у ишга жойлашдим. Бу маханикнинг вазифаси тўрт-беш кишидан иборат пахта тозалаш станокларини башқарувчи ишчиларга бригадирлик қилиш эди. Менинг заводга ишга жойлашиш вақтим ўқувчиларнинг пахта териш компаниясига тўғри келиб, менга бирмунча қулай бўлди.  Улар пахта теримидан қайтгунча бу ерда бироз ишга ўрганадиган бўлдим. Заводда иш уч сменада бўларди.

Техникум ўқувчилари пахта йиғим-теримидан қайтгандан сўнг завод ва техникум икковида ҳам ишлаш бироз оғир бўлди. Қанчалик қийин бўлмасин 1964 йил ёзига қадар бу икки ишни ҳам давом етказдим.

Уйимизда иситиш ва овқат пишириш кўмир учоқда бажариларди. Бу учоқларга ёқиш учун кўмир ва уни ёқишда тутантириқ, яъни бироз қуруқ ёғоч ўтин ҳам зарур эди. Шу сабаб ёғоч ўтинни баъзан заводдан орқалаб келган вақтларим бўлган. Пахта тозалаш заводи Самарқанднинг темир йўл вокзали орқасида жойлашган бўлса, бизнинг уйимиз Архитектура институтига яқин бир ерда эди. Уй ва завод орасидаги масофа уч-тўрт километр келарди, балки ундан ҳам узоқроқ эди, шекилли. Ўтинни эса, заводдан яширин олардим, яъни иш куним давомида имконини топиб, заводдаги тахталардан елкамда олиб кетишга мўлжаллаб, заводнинг девори орқасига ташлаб қўярдим. Иш тугагандан сўнг тахталарни териб олиб уйга орқалаб кетардим.

Ана шунақа азиз ўқувчи, мен учун Самарқандда ишга жойлашиш унча ҳам енгил ва жўн бўлмаган эди.

Ҳайрият, 1964 йил ёзга чиқдик. Май ойлари эди, шекилли. Михаил Ботирбекович, бечора энди мени Самарқанд кооператив институти фалсафа кафедрасига лаборантлик вазифасига ишга жойлаштириб қўйди. Фалсафа ва математика унча ҳам бир-бирига мос келмайди. Лекин шунақаси ҳам бўларкан. Мени ишга олишди. Маошим эса, ярим бўладиган бўлди, яъни ярим ставка ишга олишдилар. Институтларда, яъни совет олий ўқув юртларида шунақа “ярим ставка“, деган бир иш бўларди. Бу “ярим ставка“, дегани ҳар куни 8 соат иш куни ўрнида 4 соат ишлайсиз, маошни ҳам ярим оласиз. Лаборантнинг тўла маоши 90 сўм бўларди. Демак, менинг ойлик маошим эса, 45 сўм бўладиган бўлди. Ҳар ҳолда институт номи бор, ишлашни бошлаб юбордим. Аммо бу иш бундан сўнгги менинг турмуш тақдиримни белгилади, десам нотўғри бўлмас.

Бу ерда кафедра мудири, яъни менинг бевосита иш раҳбарим Каримов Рустам Каримович исмли киши эди. Кўп яхши одам эди. Ҳамма Каримовлар ҳам Ислом Абдуғаниевич, яъни лўли бўлавермайди-да. Рустам Каримович июл ойи бошларида, таътилга кетишдан олдин институт ректори билан сўзлашиб мени институт қабул комиссиясида фойдаланишни келишди. Шундай қилиб, Самарқанд кооператив институти 1964 йилги қабул комиссиясига аъзо бўлиб қолдим, яъни институтга математикадан кириш имтиҳонлари оладиган “экзаменатор“ бўлдим. Аммо бу фаолиятни, кириш имтиҳони олиш фаолиятимни бироз батафсил баён этиш керак.

  Рукнлар Ҳаётим ҳақида ...

Муҳокама ёпилган.