8.1 – 8.1.4 параграфлар.

8.1 Бирлик ҳақида мен билган ҳақиқатлар.

КИРИШ СЎЗ.

Биз ҳар доим ўзимиз, яъни ўзбеклар ҳақида мулоҳазалар юритсак дарҳол тарихни эслаймиз, тарихимиз билан мағрурланамиз ҳам, уни пеш-пеш ҳам қиламиз. Тарихдан муҳим воқеаларни, буюк тарихий сиймоларни ёдга оламиз-да, уларни бугунги ўзбекка айлантиришга интиламиз. Уларни фақат ўзбекларники, деб биламиз. Бу ҳис бир тарафдан менга жуда яқин бўлишига қарамасдан уни нотўғри ҳисоблайман. Чунки тарихда бизнинг аждодларимиз нима кашф этган бўлсалар, давлатми, империяларми тузган эрсалар, улар ўзларини ўзбек, деб эмас, балки энг аввало ўзлари-ни мусулмон турклармиз, деб ҳисоблаганлар. Шунинг учун у тарихга фақат “ўзбек тарихи” ёки “Ўзбекистон тарихи”, деб қараш ва яна унга қўшимча ягона турк элида, бир бутун Туркистон тупроғида “қозоқ, қирғиз, туркман, тожик” тарихлари ҳам алоҳида-алоҳида мавжудлигини тан олиш Туркистонга душманлик бўлиб, душманларнинг, истилочиларнинг қарашларига, уларнинг ниятларига мос тафаккур этиш, уларнинг изидан юриш, демакдир. Осиё ва Овропадаги ниҳоятда кенг бир тупроқда турклар буюк тарих қолдирмиш. Бундай тарихни бўлиб ташлаш, уни бўлакчаларга бўлиб ўрганиш бу фақат душманнинг иши бўлиб, у тарихий ҳақиқатга ва мантиққа бутунлай зиддир. Бу кенг ҳудудда яшалган тарих ягона мусулмон турклар тарихи шаклида қаралмоғи ва ўрганилмоғи зарур. Афсуски, бизнинг замонимизда фарзандларимиз у тарихнинг бир қисминигина  Ўзбекистон (қолган қисмлари ҳам Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Туркия ва яна бошқа номлар билан аталмоқда) тарихи номи билан чала, бузилган шаклда ўрганишмоқда. Нима учун бундай бўлмоқда? Бир яхлит тарихни, бир халқ тарихини майдалаб ташлаш, ягона тупроқни, бир элни, бир миллатни бўлиб-бўлиб, уларни турли уруғлар номлари билан аташ кимга бунча зарур бўлди? Бу душманга, турклар душманига зарур эди. Буюк бир элнинг бугунгидай тарқоқ ҳолга келиб қолиши унинг душманларига керак эди, албатта. Бу бутун турк миллатига катта душманлик бўлиб, у боболар йўл қўйган хатолик оқибати ўлароқ мумкин бўлди ва амалга оширилди. Боболаримиз йўл қўйган буюк хатолардан фойдаланган душман бизнинг тарихимизни ўз хоҳишича сохталаштира олди. Бунинг натижасида ўз тарихий ўрни, улуғ маданиятига эга бир миллат бугунги ўзини-ўзи таний олмайдиган манқурт бир ҳолга келтирилди. Тарихни бундай сохталаштириш, уни тўғри ўрганмаслик узоқ замон давом этган империалистик сиёсат натижаси ҳисобланади.

Шунинг учун бундай импелиалистик сиёсатни йўлга қўйган Руссия империясининг сўнгги ҳокимияти-совет давлат режими тугаши катта тарихий воқеалардан бири деса бўлади. Ҳатто бу воқеани ХХ аср буюк мўъжизавий ҳодисалари қаторига қўшиш мумкин. Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин, дарҳақиқат ХХ асрда чинакамига Аллоҳнинг мўъжизаси содир бўлди, унинг кудрати билан “ёвузлик империяси” битди, ахир.

Совет Иттифоқи аталмиш империянинг батамом битишида 1985-1991 йиллардаги сиёсий муҳит алоҳида ўрин тутади. Бу давр воқеалари тафсилотларини узоқ замонлар давомида ва жуда кўп марта такрор-такрор ёзажаклар. Уларни ҳар ким ўзича таъриф ва тавсиф этажаклар. У таъриф ва тавсифлар ичида сохта ерлари, муболаға қилинган ерлари ҳам бўлмасдан қолмайди, албатта.

Мен ҳам ўз ҳикояларимда бу тарихнинг тегишли ерларидан заруратга қараб фойдаланаман ва уларни билганим қадар ва имконим даражасидаа тасвирлаб ўтишга уринаман.

Мазкур тарихий баённи ёзишдан асосий мақсад, ХХ аср мўъжизаси содир бўлган замонда Ўзбекистонга оид, мен билган ёхуд шахсан иштироқ этган воқеа ва ҳодисаларни, уларда “БИРЛИК” халқ ҳаракатининг ўрни, айниқса унинг дунёга келиш тарихи, Ҳаракатнинг муваффақияти ва мағлубияти ҳақида чин, қўшимчасиз холис ҳақиқатни ёзишдир. Менинг бу саъй-ҳаракатим тарихни сохталаштирмасликда ибрат бўлар, деб умид қиламан. Ўйлайманки, бундан сўнг меннинг Ватаним тарихи, бутун турклар буюк юрти тарихи сохталиклардан, ёлғон-уйдурмалардан ҳоли қолар, иншооллоҳ.

Китобга киритишни ният қилган яқин тарихни ҳикояларини тубандаги темадан бошлашни уйғун ҳисобладим.

8.1.1. Совет Иттифоқдош Республикаларида миллий озодлик ҳаракатлари жонлана бошлади.

Совет Иттифоқи 1970-1985 йиллар орасида “турғунлик даври”, деб аталмиш замонни бошдан кечирди. Дарҳақиқат, бу давр мамлакат халқ хўжалигининг ҳамма соҳасида тинчлик, сокинлик замони бўлди. Ҳеч бир тармоқда деярли олға силжиш бўлмади. Ишлабчиқариш кўрсаткичлари пасайиб борди. Шу билан бирга бу даврда кишиларда, айниқса рус империясининг мустамлака ўлкаларида яшашаётган маҳаллий аҳоли орасида, уларнинг онг ва тафаккурида миллий уйғониш белгилари ҳам сезила бошлади. Миллий Республикаларда миллий озодлик руҳи куртаклари қайта кўрина бошлади. Айниқса, СССР Болтиқ бўйи Респуб-ликаларида бу ҳаракат очиқ кўзга кўриниб қолди. Аммо у замонда бутун мамлакат бўйлаб вазият бир-бирига жуда ўхшаб кетарди. Бизда, Ўзбекистонда ҳам айниқса, шоирларнинг ёш авлоди, баъзи ёзувчилар, публисистлар ижодида баъзан миллийлик руҳи сезиладиган бўлиб қолганди. Баъзи бир оммавий матбуот воситалари чиқишларида Ўзбекистоннинг мустамлака эканлигига, унинг озод этилиши лозимлига ишоралар учрай бошлаганди.

“Турғунлик” замони, Совет Иттифоқи бош ҳокимиятида, яъни КПСС Сиёсий бюросида нуқул қариялар тўпланиб қолиши билан ҳам белгиланарди. 90-йиллардан бошлаб Сиёсий бюро аъзолари табиий равишда бирин-кетин Аллоҳнинг омонатини уза бошлашди. Ниҳоят, 1982 йилнинг ноябрида Сиёсий бюро Бош Котиби(ўша замон Советлар ҳукумати бошлиғи) Л.И.Брежнев вафот этди. 1983 йилда эса, Ўзбекистон қуғурчоқ ҳукумати бошлиғи, Сиёсий бюро аъзолигига номзод, Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби Ш. Рашидов ҳам бу дунё ташвишларидан қутулди. Сўнгра СССР-да кетма-кет тез орада бир қатор КПСС МК Бош котиблари (Андропов, Черненко) бу дунёдан ҳақиқий дунёга йўл тутишди. Оқибат, Совет Иттифоқи раҳбарлиги нисбатан ёш ҳисобланган М.С. Горбачев қўлига ўтди.

СССРда Горбачев замони “ошкоралик, демократия, жадаллаштириш” даври бўлиб тарихдан ўрин олди. Бошқача айтганда бу давр, “СССРда қайта қуруш” номи билан машҳурдир. Бу замонда Совет Иттифоқи Компартияси юқоридан “баъзи демократик ўзгаришлар” ясашга, бошқариладиган ислоҳотлар ўтказиш тажирибасини синаб кўришга уринди. Аммо унинг уддасидан чиқа олишмади. Чунки Горбачев ҳокимияти қарама-қарши ишорали икки электр зарядини тўқнаштирмоқчи бўлди. Бу тўқнашувдан ёруғлик чиқарми, деб ўйлашгандилар. Аммо ундан учқун чиқди, у портлашга, ўчириб бўлмас ёнғинга айланди. Унинг оқибати ўлароқ буюк бир империя қулади, Совет Иттифоқи каби “ёвузлик” макони битди.

Ўзбекистон “БИРЛИК” халқ ҳаракати туғилиш арафаси ана шундай алғов-далғов бир замон бўлиб, Ҳаракатнинг дунёга келиши олдидан мамлакатда сиёсий жараён қисқача юқорида айтилганлардан иборат эди.

8.1.2. “БИРЛИК” халқ ҳаракати ташкил бўлиши ва унинг илк амалий фаолияти.

8.1.2.1. Ҳаракатнинг илк ташаббус гуруҳи.

СССР-да “Қайта қуруш” тўла бошланиши арафасида, яъни Ш. Рашидов (Ўзкомпартия биринчи котиби) вафотидан сўнгра Ўзбекистонда алоҳида бир вазият майдонга келди. Бу ерда “пахта иши” (СССР марказий матбуот воситаларида уни “ўзбек иши”, деб тарғиб этишди.), деб аталмиш мудҳиш бир иш бошланди. Бошқа томондан ўша даврда Ўзбекистон КП МК идеология котиби бўлиб тайинланган Раъно Абдуллаева исмли кимса ҳам ”идеология фронтида” янги бир “жанг” очди (Бу ҳам Марказдан, Москвадан туширилган махсус кўрсатма бўлиб, Ўзбекистон КП МК-да ўтирган қуғирчоқлар қўли билан амалга оширилаётган репрессия-қатағон сиёсати эди, албатта). Ўша “жанг”ларда ғалаба ва “буюк” ютуқларга эришмоқ учун қанча “саллалар” ўрнига “каллалар” кетганини фақат Аллоҳ билади. Бу хоним Московнинг мадади билан Ўзбекистонда янги маросимлар тузишга, минг йиллик халқ байрамлари ва удумларини мажбурий йўқўтишга жиддий киришди. Оқибатда, бир томонда “пахта иши” бўйича қама-қама авжда бўлса, бошқа томонда халқ миллий байрамлари, удумлари “диний, эскилик сарқитлари”га чиқарилиб, коммунист “раҳбар” ўз отаси жанозасига чиқа олмай, жаноза маросими тугаганича хастахонага ётиб олишга мажбур бўлган вазият  майдонга  келди.

Мамлакатда, яъни СССРда “ошкоралик, демократия” сиёсати бошланган бир замонда, Ўзбекистонда 1937 йиллар қатағон (репрессия) сиёсати даврини эслатадиган ғалати бир вазият вужудга келганди. Бу вазият беиз кечмади, албатта. У сиёсат, энг аввал Республика аҳолисини қандайдир даражада табақаланишга олиб келди. Масалан, идеология соҳасидаги репрессияга зиёлиларнинг бир қисми очиқ қарши чиққан бўлса, унга халқ оммаси тўла қарши бўлди. Аммо халқ у замонлар норозиликни ифодалаш йўллларини билмасди. Улар фақат партия томонидан берилган идеологик кўрсатмаларга амал қилмаслик билан унга қарши чиқа олдилар, холос. У замонлар пикет, митинглар ташкил этиш ва норозилик кўча чиқишлари ҳақида ҳатто хаёл ҳам қилиб бўлмасди.

Р. Абдуллаева номи билан “машҳур” бўлган идеологик нуқтаи назарга ёзувчи ва шоирларнинг ёш авлоди энг фаол қарши чиқишди. Олий мактаблар олим ва ўқитувчиларининг бир қисми ҳам бу сиёсатга очиқ қарши бўлишди. Масалан, Р. Абдуллаева иштирокида Самарқанд шаҳрида идеологияга бағишлаб ўтказилган бир мажлисда мен ва бошқа бир гуруҳ Самарқанд шаҳар олий мактаблари олим-ўқитувчилари қатнашдик. Йиғилишда Р. Абдуллаева фикрларига, биз очиқ қатъий қарши бўлдик ва сўзга чиқишлар қилиб, ўз фикрларимизни мажлис аҳлига айта олдик. Ана шунинг ўзи ўша замон учун янгилик ва жасурлик ҳам ҳисобланарди. Студентлар Р. Абдуллаева кўрсатган умум ётоқ “қоидаларини” намойиш- корана  бажармадилар. Ўша мажлисда биз-олий мактаб олим-ўқитувчи-лари ҳам мажалис залида намойишкарона дўппи кийиб ўтирдик. Чунки Абдуллаева мажлис залларида барча, хотин-қиз, эркак, ёшу-қари яланг бош ўтиришларини; студентларнинг ётоқхоналарда ўзбекча тўн кийиб юрмасликларини; ўзбек қизлари ётоқхонада лозима (ўзбекча қизлар иштони) кийиб юрмасликларини талаб қиларди ва уни маданийлик белгиси, деб исботлашга интиларди. Шунинг учун Р. Абдуллаева қатнашаётган мажлисда, дўппида ўтириш партия идеологиясига қарши катта намойиш ҳисобланарди, ўша замонларда.

1983 йилдан сўнг Ўзбекистонда бошланган “пахта иши” ва Москва қуғирчоғи Р. Абдуллаева ташаббусида олға сурилган идеологик сиёсат бир қисм зиёлиларда “косанинг” тўлишига сабаб бўлди. Шундай бир вазиятда, мавжуд Марказий ҳукумат импепиалистик сиёсатидан, маҳаллий ҳоким-чаларнинг олчоқликларидан сабр косаси тўлганлар ўзларига ҳамроҳлар, хайрхоҳлар ахтара бошлашгандилар. “БИРЛИК” ҳаракатининг илк ибти доий кўртаги ҳам ўша воқеаларга бориб тоқалади.

Дарҳақиқат, Ҳаракатнинг илк йиғилишини ўтказиб, унинг энг биринчи варақаларини ишлаб чиққанлар Абдуллаева идеологиясига очиқ қарши бўлган ёш шоиру-ёзувчилар ва айрим олим-ўқитувчилар бўлди.

Ниҳоят, бироз кейинроқ, “ошкоралик ва демократия” Ўзбекистонда ҳам бир мунча куч ола бошлагандан сўнгра, Болтиқ бўйи, Кавказ орти ва бошқа бир қатор Республикаларда халқ фронтлари (жафҳалари) майдонга чиқа бошлагандан кейин, Ўзбекистонда ҳам халқ ҳаракати тузишни ният этганлар гуруҳи илк дафа Ўзбекистон ёзувчилар бирлашмасида юзага келди. Бу гуруҳга ҳақиқатан коммунистларнинг Р. Абдуллаева ижросида элга сингдиришга киришилган идеологиясини қабул қила олмаган, ўша замонда фаол, нисбатан ёш ҳисобланган шоирлардан бири Муҳаммад Солиҳ (Мадаминов ) сардорлик қилганлардан бири бўлганди.

Шуниси борки, “БИРЛИК” ҳаракати тузишни ният этишганлар бошланғич гуруҳи кимлардан иборат бўлганлиги ва улар илк йиғилишларини қаерда ва қандай таркибда ўтказганлиги биз Самарқандликларга маълум эмасди. Ҳозир ҳам менда у ҳақда тўла маълумот йўқ. Сафар Бекжон ўз китобида “БИРЛИК”нинг илк йиғилишларига оид баъзи маълумотлар келтиради. Аммо у маълумотларнинг ҳаққонийлиги С. Бекжонга ҳавола.

8.1.2.2. Самарқандда “БИРЛИК” ҳаракатининг ташаббус гуруҳи тузилди.

1988 йил ноябр ойи бошларида “БИРЛИК” номи билан Тошкентлик бир гуруҳ ташаббускорлар миллий қадриятлар, экологик проблемалар тилга олинган, кўпроқ варақаларга ўхшаш кичик-кичик материалларни дастур сифатида тарқата бошлашди. Масалан, Самарқандга варақалар ўша йил ноябр ойидан эътиборан деярли мунтазам кела бошлади. “БИРЛИК”нинг илк варақаларини Тошкентда сафарда бўлган, Самарқанд университети дотсенти Норжигит Ражабов Самарқандга келтирганди. Ўшандан бошлаб, Тошкентдан тарқатилаётган “БИЛРЛИК”ка доир варақа ва бошқа материалларни Н. Ражабов системали равишда олиб турди ва бизни улар билан мунтазам таништириб борди. Ўша замонлар Н. Ражабов Самарқанд университети “Функсионал таҳлил(анализ)” кафедраси мудури вазифасида ишларди. Шу сабаб, у кишида факултет доирасида бироз ваколат ҳам бор эди. У шу ваколатидан фойдаланиб, кафедра қошида эълон тахтаси (доскаси) ташкил қилди. Ҳар бир варақа ва бошқа “БИРЛИК”ка тегишли ҳужжатлар ўша тахтага илиб қўйиладиган бўлинди. Шунинг учун Норжигит Ражабов Самарқандда “БИРЛИК”ни биринчи тарғиб эта бошлаган тарихий шахс ҳисобланади. Самарқанд вилоятида “БИРЛИК” ҳаракати ҳақида маълумотларнинг тарқалиши ва “БИРЛИК” ташкило-тининг Самарқанд гуруҳи тузулишида унинг анчагинаа хизмати синган. Тарих Н. Ражабовнинг бу холис хизматларини муносиб тақдирлайди, деб ўйлайман. Айнан, шундай бўлар, иншооллоҳ.

Самарқанд шаҳрида ва бутун вилоятда “БИРЛИК”ни, унинг ғояларини тарғиб қилишни яхши йўлга қўйиш мақсадида Н. Ражабов 1988 йил декабр ойи бошларида Самарқанд университетида бир йиғилиш ташкил этди. Бу мажлис университет бош биноси лексия ўқиладиган аудиториялардан бирида ўтказиладиган бўлди. Мен ўшанда мажлис белгиланган бино ёнига мажлис бошланиш вақтидан бир соат бурун келдим. Аммо аудиторияга кирмасдан, бино атрофида юриб, узоқ фикр сурдим. Мақсад, фақат битта саволга жавоб топиш эди. Нима қилиш керак, мажлисга киришми ёки кирмаслигимми керак? Оқибат, мажлисга кирдим. Мажлис бинонинг 3-чи қатида талабалар лексия тинглашига мўлжалланган 75 – аудиторияда ўтказилиши лозим эди. Мен келсам, хона одамга лиқ тўлган, парталар ўртасида ва эшик олдида тик турганлар ҳам анчагина эди.

Мажлисга йиғилганлар менимча, юз кишидан оз эмасди. Хонанинг олдинги ўриндиқларида Самарқанд университети олим-ўқитувчилари ўтиришарди. Шу сабабли мени ҳам олд қаторда ўтиришга таклиф этишди. Йиғилишга университет раҳбариятидан, унинг кечки-сиртқи бўлим ўқув ишлари ректор ўринбосари(проректори), Душан Файзиев ҳам қатнашаёт-ган эди. Д. Файзиев, ўзбек китобхонига яхши таниқли шоир, драматруг Душан Фазийдир.

Мажлис иш бошлаганидан сўнг маълум бўлдики, бу йиғинга анчагина ҳукумат одамлари, совет тузумининг ашаддий идиологлари ҳам, шаҳар ва вилоят комсомол, партия комитетларининг вакиллари ҳам қатнашмоқда эканлар. Маълумки, “БИРЛИК” дунёга келибдики, расмий ҳукуматнинг хушига тушмаганди. Шунинг учун улар бу янги Ҳаракатни гўдаклигидаёқ халқ оммасига совуқ кўрсатиш ва унга хилма-хил йўқ ердаги тамғаларни босиш йўли билан уни тугатиб юборишмоқчи эдилар. Шу билан бир вақтда элда эндигина қайта уйғона бошлаган миллий озодлик руҳини ҳам бутунлай сўндириб, куртаклигидаёқ эзиб ташламоқчи бўлишгандилар.

Ўзбекистонда узоқ замонлардан сўнг эндигина кўзга ташлана бошлаган миллий озодлик ғояси руҳидаги бу ҳаракатни тугатиш плани (режаси) Москвада, КГБда ишлаб чиқилган эди, албатта. Чунки у замонлар Ўзбекистон маҳаллий ҳукуматини умумдавлат сиёсий ишларига аралаштирилмасдилар. Шунинг учун бу йиғилишда қатнашаётган партия ва ҳукумат вакиллари КГБнинг кўрсатмаси билан бу ерга келишган эдилар. Уларнинг зиммасига йиғилиш ташкилотчиларини миллатчи, тартиб бузар, мақсадининг тайини йўқ кишиларга чиқариб, мажлисни бузиш вазифаси юклатилган эди.

Хуллас, мажлис бошланди. Уни Н. Ражабов очди ва қисқа кириш сўзи сўзлаб, мажлисни бошқара бошлади. Аммо мажлисни бошқариш унча ҳам жўн бўлмади. Чунки ҳалиги партия ва ҳукумат “вакиллари” мажлисга махсус тайёргарлик билан келишгандилар. Улар мажлиснинг тартибига бўйинсунишмас, КГБда тайёрланган саволларни мажлисни олиб борувчига кетма-кет берар, луқмалар ташлар, иш қилиб, уни мувозанатдан чиқаришга зўр бериб уринишардилар. Мажлис аҳли хилма-хиллиги, уларнинг бир қисми мажлисни бузишга интилаётганлари сабабли мажлис бошқарувчиси Н. Ражабов, мажлисни олиб боришда шоша бошлади, нохолис, маккорона кетма-кет ташланаётган саволларга муносиб жавоб топа олмай у қийнала бошлади. Залда мажлис раисига савол беришни истаганларнинг узундан-узун навбати майдонга келди. Н. Ражабов эса, уларнинг саволларига муносиб жавоб бера олмай ва савол берувчиларнинг фикрларини етарли даражада мантиқли рад эта олмай қолди. Мажлис залида шундай ноқулай бир вазият вужудга келган вақтда мен ўрнимдан турдим ва Н. Ражабовни алмаштирдим. Чунки вазият шуни талаб этарди. Мен бўлмаса бошқа бир киши бу ишни бажариши лозим бўлиб қолганди. Азиз ўқувчи мени маъзур тутсин, мақтанаяпти, демасинлар. Аммо ўша замонда залда мендан ўзга бирорта мард ўринтиқдан кўтарилмади ёки кўтарилишга журъат қила олмади. Ўшанда анча қийинчлик билан бўлса-да, залдаги мажлисни бузишга қаратилган хуружни мен сусайтирдим, мажлисни бизга зарур бўлган йўлналишга бура олиш мумкин бўлди. ”БИРЛИК” олға сураётган мақсадларнинг мантиқини залдагиларга англата ва маъқуллата олдим. КГБда тайёрланган саволлари билан навбатда турганларни, мажлисни бузишни кўзда тутиб, тинмасдан луқма ташлаётганларни тинчлантириш усулини ҳам топишнинг йўли топилди.

Мажлисни тўғри, бизнинг мақсадимиз йўлига бошқарар эканман, мажлис залида ўтирган бизнинг ғоямиз ва фикримизни қўллашлари аниқ бўлган дўcтлардан фойдаландим, албатта. Шулардан бири Самарқанд Меъморчи-лик-қурулиш институти дотсенти Абдумалик Умурзақов эди. Уни мажлисда фаоллироқ қанатшишга жалб этдим. Чунки менга унинг мулоҳазалари таниш эди. У, юқорида сўзлаб  ўтилган “пахта иши” ва “янги идиология” сиёсатига очиқ қаршилик, норозилик билдирган озчилик олимларнинг бири эди. Мажлисни, нодўстлар ҳужумидан сақлаб, уни кўзда тутилган натижа билан якунлашда А.Умурзақовнинг ўша мажлисдаги ролини алоҳида таъкидлайман. Ундан ташқари ”БИРЛИК”-нинг илк варақалари, дастур ва мурожаатларида асосан экологик масалаларни, аллақачон оламга тарқалган Орол денгизи муаммоларини кўтариб чиққан бўлиб, уларда ҳукуматга қарши ва унга хавф соладиган ҳеч бир сиёсий белгилар йўқ эди. “БИРЛИК” у замон бир тарафдан норасмий ҳаракат бўлиб, ҳали ҳатта ташаббусчилар тарафидан ҳам унга халқ ҳаракати номи берилмаганди. Шунинг учун КГБ ваҳимачиларига Ҳаракатнинг мақсади умумдавлат мақсадлари, қолаверса компартия программаси ва ғоясидан ташқарида эмаслигини тушунтириш йўли билан уларни бир мунча тинчлантириш мумкин бўлди.

Ҳукумат, Республиканинг коммунистик қуғирчоқ ҳукумати аҳолининг кунлик турмушига оид муаммоларни, дарёларни ифлослантирмаслик, экин далаларига заҳарли химикатлар билан ишлов бермаслик каби оддий масалаларни ҳам ўртага қўя олмас ва уларни ҳал эта олмасди. Улар бутун борлиқлари билан Москвага боғланган эдилар. Москвасиз, унинг кўрсатмаларисиз Ўзбекистонда ҳеч бир иш қилинмасди. Масалан, фақатгина пахта далаларини деполатсиялаш натижасида кишилар, болалар хасталанмоқда, ҳалок бўлмоқда эди. Чақалоқ ва гўдаклар орасида ўлим кўп, жигар, сариқ хасталиклари билан аҳолининг иккидан бири хасталанган бўлишига қарамай, Республика ҳукумати бундай проблемалар билан шуғуллана олмасди. Бундай масалалар мутлақо “Юқорининг” ваколатига қарашли эди. Ўзбекистон ”ҳукумати” курсиларида ўтирганлар учун эса мансаб, курсида ўтиришни йўқотиб қўймаслик асосий мақсад эди. Улар мансабдан ажраб қолишдан ажалдан қўрққандай қўрқардилар. Ҳаракат эса, “Ўзбекистон табиати, моддий ва маданий бойликларини ҳимоя қилиш” “Бирлик” ҳаракати, деб аталиб, илк дафа айнан ўшанақа яшириб бўлмас, асосан экологик масалаларни кўтариб чиқди. Бу ҳақда матбуот саҳифаларида баъзи материалларни эълон қилишга ҳам эриша  бошланди.

Хуллас, Самарқанд университетида ўтказилган ўша йиғилиш қатнашчиларининг кўпчилиги “БИРЛИК”чи гуруҳлар ўртага қўяётган масала ва проблемалар муҳим ва долзарб, деб ҳисоблаш керак, тилга олинаётган масалаларни ижобий ҳал этишда қўллаб-қувватлаш лозим, деган фикрни маъқулладилар.

Самарқанд шаҳрида ерлашган институтлардан келишган олим-ўқитувчиларнинг бир қисми мазкур мажлисда “БИРЛИК” тарафдорлари эканликларини биринчи марта очиқ кўрсатишдилар. Улар мажлисда фаол қатнашиб, “БИРЛИК”-чилар тарқатаётган варақа ва баёнотларни мазмунан ва мантиқан асослашда ёрдамчи бўлдилар. Уларнинг кўпчилги Самарқанд университети ўқитувчилари (дотсентлар: Н.Ражабов, С.Мурадов, Х.Ғаниев, Б. Намозовлар) бўлиб, буларнинг қаторидаа А.Умурзақов-Самарқанд меъморчилик институти дотсенти, И. Елмурадов – ўша институт ассистенти ҳам туришгандилар. Вақт кечиши давомида номлари тилга олинган дўстлар Самарқандда ва вилоятда “БИРЛИК” ғоясини тарқатиш ва уни тарғибот, ташвиқот қилувчиларнинг йўлбошчиларига айландилар. Улар айни вақтда автоматик равишда Самарқандда “БИРЛИК” шубасини тузиш ташаббускорларига ҳам айланиб қолишдилар. Ўша мажлисдан эътиборан ҳар ҳафта пайшанба куни университетда, соати 16-да “БИРЛИК”нинг доимий йиғилиши ўтказиладиган бўлинди. Юқорида номлари зикр этилган олимлар бу йиғилишларга қатнашиб ва уларни бошқариб боришдилар. Н. Ражабов гуруҳ бошлиғи ролини бажариб борди. Ҳафталик йиғилишлар ҳам университетда ўтказиладиган бўлинди ва бу ҳолат бир қанча замон давом этди.

Ҳафталик мажлисга ҳеч бир олдиндан тайёрланган кун тартибисиз йиғилишар эдик. Йиғилиш мавзуи ва унинг йўлналиши шу ерда, йиғилганлар билан биргаликда аниқланарди. Бу борада Б. Намозов, Х. Ғаниев, А.Умурзақов ва мен фаоллироқ эдик. Деярли, ҳар сафар йиғилиш мавзуини биз белгилардик. Бу ўз-ўзидан бўларди, албатта. Масалан, йиғилишга у ер, бу ердан кишилар келишардилар, мажлис бошланарди. Ҳафта ичида Тошкентдан келган баъзи материаллар бўларди, йиғилганлар энг аввал у матетриаллар билан таништириларди. Натижада, Тошкентдан келган материалларни муҳокама этиш ва бошқа ўртага чиқаётган масалаларни қандай тушунишга қараб мажлис йўлналиши, унинг руҳи ўз-ўзидан юзага келиб қоларди. Ана шундай маънода мажлис йўналиши Б.Намозов ва меннинг ихтиёримизда бўларди. Ҳақиқат юзасидан, айтиш керакки баъзан университет физика факултети дотсенти Эркин Шерматов ҳам муҳим масалаларни ўртага қўйишга ҳаракат қилиб, мажлис кун тартибини тузишга уринарди. У кўпинча инсон экологияси, яъни инсоннинг руҳини тозалаш, маданийликни тарбиялаш масаласини муҳокама этишни таклиф қиларди.

Дарҳақиқат, бу замонга келиб, совет кишилари руҳи, тарбияси, маданияти масаласи муҳим проблемага айланган эди, улар чиндан ҳам руҳан тушкун ва уларда инсоний руҳ бузилган, улар уч хил тарзда (тилда, кўгулда, амалда бошқа-бошқа) яшашардилар. Халқнинг келажагини ўйлаётган ташкилот учун бундай масалани ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмасди, албатта. Шу сабабдан, йиғилишларимизни бир неча дафа Э. Шерматов таклифига мувофиқ инсон руҳи масалаларига тегишли лексиялар ўтказишга бағишлаганмиз. Аммо ўша замон, ўша қисқа вақт биздан бошқа янада муҳимроқ, долзарброқ масалаларни, айниқса “БИРЛИК” Самарқанд ташкилотини тузиш, Ҳаракатга аъзолар жалб этиш ва жойларда, яъни район, қишлоқларда бошланғич ташкилотлар ташкил этиш каби кундалик ташкилий ишлар билан жиддий шуғулланишни талаб этарди. Биз ана шу ишларни кундалик муҳим ҳисобладик ва уларнинг барчаси билан изчил ва жиддий шуғулландик. Натижада, ҳафталик йиғилишимизга вилоятнинг бир қатор узоқ-яқин районларидан кишилар кела бошлашди. Самарқанд вилоятининг Иштихон, Булунғур, Жомбой, Оқ-Дарё, Паст-Дарғом, Қўшработ, Катта-Қўрғон, Пахтачи, Пайариқ районларидан “БИРЛИК” хайрхоҳлари ҳафталик йиғилишга қатнаша бошладилар. Шаҳардаги барча олий мактаб ва Ўрта махсус билим юртларидан, Самарқанд шойи тўқиш фабрикасидан, қурулиш трестлари ва бригадаларидан кишилар йиғилишга келадиган бўлишдилар. Энди, Самарқанд “БИРЛИК” ташаббус гуруҳи ҳафталик йиғилишига ҳар сафар 40-50-ларча одамлар қатнашадиган бўлишди. Бу ўша замон учун катта воқеа эди. Маҳаллий ҳокимиятни ташвишга соларлик янгилик эди.

Биз Самарқандда бошлаган бу ишлар Тошкентдан, у ердаги ташаббус гуруҳидан мутлақо алоқасиз, мустақил олиб бориларди. У замонлар тошкентликлар ҳатто бизнинг қандай даражада мавжудлигимизни ҳам дуруст билишмасдилар. У замонлар Самарқандлик “БИРЛИК” ташаббус гуруҳи фаолларининг бирортасини Тошкентдаги “БИРЛИК”чи дўстлар танимасдилар. Чунки ўша замонларга келиб жойларда кўпгина кишилар бир-бирларидан мустақил, ўз иш ва ўқиш ерларида, ”БИРЛИК” ҳаракатини тузишга киришган кишилар савияси даражасига этишгандилар. Тошкент-лик “БИРЛИК” ташаббусчиларининг варақалари эса, жамиятда янгилик, ҳаққонийлик, миллий қадрият, озодлик учун кураш йўлларини ўзларича излаб юрганларга бир имо, туртки вазифасини ўтаганди, холос.

Шунинг учун Республиканинг турли бурчакларидан, ким Тошкентга бориб, ким бизнинг ҳузуримизга келиб “БИРЛИК”ка қўшиларди, рўйхатга ёзилишарди, аъзолар кун сайин кўпаярди. У замонлар, “БИРЛИК”ни чиндан истабми, йўқми бизга ким мурожаат қилса бўлди, эди, у рўйхатга киритиб қўйилавериларди. Аслида бу принсип ҳам тўғри эмас эди. Фарқига борилмай аъзолар кўпайтиравериш Ҳаракатнинг кейинги фаолиятида анчагинаа зарар келтиргани ҳам маълум.

“БИРЛИК” бироз жонланиб, унинг номи одамлар тилидан тушмай қолган бир вақтга келиб, аъзолар қабул қилишни бир мунча тартибга солишга уриниш ҳам бўлди. Шу мақсадда “БИРЛИК”ка киришни истаганлар тўлдириши учун махсус ариза бланки ҳам ишлаб чиқилди. Аъзолар қабул қилишда уларни бироз бўлса-да саралашга ҳаракат қилинди. Аммо бу саъй-ҳаракатлар зарур даражада олиб борилмай, кўзда тутилган натижаларни бермади. Аъзолар қабулидаги эркинлик (тўғриси эътиборсизлик) принсипи давом этаверди. Чунки “БИРЛИК” илк бошдан унга кириш ва ундан чиқиш эркин, деб баён этганди. Бу эркинлик ҳам компартиянинг ички қаттиқ интизомига қарши усул шаклида қабул қилинган эди. Чунки ўша замонлар кишилар КПССнинг низом нормаларидан ҳам жуда безган эдилар. Унинг устига “БИРЛИК” сиёсий ҳаракат ёки партия эмаслигини ҳам доим такрорлаб турарди. Шунинг учун ундаги низомий принсиплар компартия низомидагидек қаттиқ чегараланган бўлса одамлар бизнинг ниятларимизга, сўзларимизга ишонмасликлари мумкин эди. Улар бизни коммунистларнинг бошқа бир кўриниши, булар ҳам ҳукумат томонидан халқни алдаш учун ўйлаб чиқарилган, деб тушунган бўлардилар. Аммо бу фикр ва қарашлар тўғри бўлмаганлигини бир муддат кейин ҳаёт кўрсатди ва буни кўп марта исбот этди. Бирор сиёсий мақсадни кўзда тутган ихтиёрий ҳаракат аниқ программа, қатъий интизомга эга бўлмоғи зарур. Ўрни келса, сиёсий ҳаракат ва пертиялар дастур, низомлари, уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида алоҳида тўхтармиз.

Шундай қилиб, университетда ўтказилган мажлисдан бир ой ҳам ўтмасдан Самарқанд университети компартия комитети ва унинг раҳбарияти “БИРЛИК” ташаббус гуруҳи ҳафталик мажлисларини университет биноларининг ҳеч бирида ўтказмасин, деган қарорга келишди. Шундан сўнг бир мунча вақт университетнинг бир у биносида, бир бу биносида қочоқ, яширин мажлис ўтказиб турдик.

Ниҳоят, мен А.С.Пушкин номли Самарқанд вилоят кутубхонаси (ўша замонларда Самарқанд шаҳарида биттагина кутубхона бўлиб, уни ҳам  А.С. Пушкин номида деб аташардилар …) мажлислар залида ҳафтада бир марта соат 18-дан 20-га қадар йиғилиш ўтказиш ҳақида,, унинг директори Любов Тимофеевна(фамилиясини унутдим) билан келишиб олишга эришдим.

Любов Тимофеевна билан келишувимда икки фактор асқатган эди.

Маълумки, ҳукумат “БИРЛИК”нинг илк қадамлариданоқ, уни миллатчилар ҳаракати, улар ўзбеклардан ўзга барча миллат вакилларига қарши, айниқса улар рус ва русзабон миллат вакилларининг Ўзбекистонда яшашларини истамайдилар, деб тарғиб қилишни авж олдирди. Ҳатто ҳукуматнинг расмий ва норасмий ҳужжатларида “БИРЛИК”чилар рус ва русзабон миллат вакилларини Ўзбекистондан ҳайдаб чиқармоқчилар, деган маълумотлар ҳам тарқатилди. Чиндан ҳам Республикадаги рус ва русзабон аҳолининг асосий қисми бу ёлғон ташвиқотга, бу алаҳсирашга инондилар. Ўша замонларда одамлар расмий матбуот хабарларига тўла ишонишарди. Матбуот эса, доим “БИРЛИК” ҳақида нуқул ёлғон ва бўҳтонларни тарқатиб турарди. Масалан, 1989 йил 21-март “Наврўз” арафаси, кунлари Самарқанд кўчаларида электр сими ёғочларига махсус варақалар ёпиштириб чиқишди. У варақаларда,”Азиз, фуқаролар, биз ўзбекларни ҳимоя қиламиз! Миллий урф-одатларимизни жорий қиламиз! Ғайридинларни Ватандан ҳайдаймиз! Иштон киймаган хотин-қизлар оёқлари кесилади. “БИРЛИК”, деган мазмунда бир алаҳсираш ёзилганди. Биз, байрам кунлари, йил бошида қон тўкармишмиз, “ғайридинларнинг” оёғини кесар эмишмиз, байрамни азага айлатирармишмиз. Ёвузликни, қаранг! Аммо биз дарҳол, бу алаҳсираш, бу варақа иғво эканлигини, у “БИРЛИК”ка душманлик учун махсус ташкил этилганлигини исбот этишга киришдик. Шунга қарамасдан Самарқандда рус тилида нашр этиладиган “Ленинский путь”, газетаси яна бир иғвогарона материал босиб чиқарди. Газета хабарига кўра, қўлида бир чанта (дипломат) тўла бояги, электр симларига ёпиштирилган варақалар бўлган, Тимурбек исмли киши милитсия ходимлари томонидан қўлга олинганмиш. Қаранг, кўчалар тўла варақа ёпиштирилган бўлса, расмий газета, яна рус тилида чиқадиган  матбуот органи, варақани тарқатиб юрган кишини тутиб олганлари ҳақида хабар босиб турса, бунга ишонмай бўладими, ахир. ”Гуноҳкор”нинг исмини қаранг, у ҳам атайин “Тимурбек”, деб танланган.

Биринчидан, мана шундай бир вазиятда, “БИРЛИК”ни рус ва русзабон аҳоли душмани этиб тасвирлаб турилган бир замонда, русзабон аҳоли вакиласи ҳисобланган Любов Тимофеевна учун “БИРЛИК” вакиллари билан яқинлашиш, улар билан яхшироқ танишиш ўзига хос аҳамиятга эга эди. Чунки вилоят кутубхонаси аҳоли орасида махсус ўринга эга бўлган бир муассаса ҳисобланарди. Иккинчидан, мен, Любов Тимофеевнани олдиндан шахсан танирдим. Биз инсон сифатида бир-биримизни яхши билардик, инсоний ва сиёсий қарашларимизда муштараклик мавжуд эди. Шунинг учун Любов Тимофеевна менга ишонди, яъни, мен билан бу залга келадиган кишилар “фанатик”, “фундаменталист” ёки ўша замон атамасида айтиладиган ”миллатчи-бузғунчи” эмаслигига ишонди. У бизга кутубхона мажлислар залида ҳафталик йиғилиш ўтказишга ижозат берди. Кутубхона директори, мажлис залини бизга фойдалнишга беришдан олдиндан бу масалани шаҳар ва вилоят парткомитетларида балки муҳокама қилгандир, уларнинг “хўпини” (“добро”сини) олгандир, униси бизга қоронғи. Ҳақиқати ҳам шундайдир. Акс ҳолда кутубхона директорининг бунчалар “мардлик” кўрсатиши шубҳалидир. Оқибат, биз 1989 йил бошларига яқин кунлардан эътиборан 100 кишига мўлжалланган, юмшоқ курсулар қўйилган, чиройли бир минбар ҳам ўрнатилган вилоят кутубхонаси мажлислар залида ҳафталик йиғилишларимизни ўтказа бошладик. Биз у залдан 1989 йил октябр-ноябр ойларига қадар фойдаландик. Замони учун бу ҳол ҳукумат тарафидан бизга катта эътибор ҳисобланарди.

Бу эса оддий халқ олдида бизнинг ютуғимиз, ҳукумат бизни ҳисобга олаётган бўлиб кўринарди. Биз ва маҳаллий ҳокимият орасидаги бу бироз илиқ муносабатнинг асосида ҳам ўша русзабон аҳоли билан ўрнатилган нормал муносабатлар ётар эди. Масалан, “БИРЛИК”нинг Самарқанд ташаббус гуруҳи таркибида руслардан ҳам вакиллар бор эди. Улардан бири Қўшработ районида ерлашган Жуш олтин қазиш кони ишчиси Николай исмли (фамилияси ёдимда йўқ) биродаримиз ташаббусчилар ишида фаол қатнашарди. У дўстлари Бозорбой Суванов ва Тошбой Абдуваҳидовлар билан Жушдан Самарқандга (бу оралиқ юз км. йўл эди) ҳафталик мажлисга қатнашмоқ учун атай келардилар. Мажлисни тугатиб, ақшом энг сўнгги Самарқанд-Жуш автобуси ила улар такрор Жушга қайтардилар. Самарқанд вилоятида “БИРЛИК”нинг энг биринчи бошланғич ташкилот ҳам Қўшработда (Жушда) Никалойлар ташаббуси билан ташкил этилганди. Бу воқеа ҳам 1989 йили амалга оширилганди. Қўшработ ташкилоти ҳақида сўз кетар экан, Бозобой Суванов ва Тошбой Абдуваҳидов ҳақида икки оғиз сўзлаб ўтиш лозим, деб ҳисоблайман.

Бу ерда воқеаларнинг хронологик тарихини тўла эслай олмайман, албатта. Чунки мазкур баён Ўзбекистондан жуда узоқ бир ўлка, Норвегиянинг Берген шаҳрида 1999 йил февралида ёзилмоқда. Бутун архив Самарқандда қолганди. Менинг уйимда қолган архив Ўзбекистон ҳукумати кўрсатмасига биноан милитсия тарафидан мусодара қилинган. Унинг бир қисми Холиқназар Ғаниевда сақланарди. Уларнинг тақдири нима бўлган, униси менга номаълум. Домла Холиқназар ҳам Каримов қамоқхонасида икки-уч марта ётиб чиққан, балки архивни “пора” ўрнига топшириб юборгандир. Шунинг учун кўпчилик воқеалар санаси йиллари кўрсатилиб, кунлари кўрсатилмаслиги мумкин.

Шундай қилиб, 1989 йилнинг кўклами эди чамамда, бизнинг уйга ҳали 30-га ҳам тўлмаган бир йигит мени йўқлаб келди. Мен у вақт уйда эдим, уни ичкарига таклиф қилдим. У ўзини менга “Бозорбой Сувановман”, деб таништирди. Биз уйда ўтириб бироз суҳбатлашдик. Суҳбат давомида аниқ бўлдики, у Самарқандга “БИРЛИК”чиларни ахтариб келибди, аммо университетда бир кимсани топа олмай, сўраб-суриштириб менинг уй адересимни топа билибди. Бозорбой олий маълумотли эмасди. У ўрта махсус маълумотли бўлиб ўзи мустақил савод чиқарган, чуқур билимли, ўқимишли инсон эди. У рус адабиёти билан жуда яхши таниш эди. Русчани билиш, рус адабиёти ва санъати билан қизиқиш бизнинг замонимиз учун алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланарди. Бозорбойни Лев Толстой ижоди, унинг фалсафаси тўла “асир” этганди. У сўзларини нуқул Толстой фалсафаси билан безарди. Шу билан бирга унинг сўзларида, фикр-мулоҳазаларида миллийлик, миллий қадрият тақдири ва унинг ҳозири, келажаги масалалари яхши ўрин олганди. Бозорбой, бир қанча замон ўша Жуш олтин қазиш конида ишчи бўлиб ишлаган. Айни замонда ҳеч ерда ишламасди. Самарқандга “БИРЛИК”ни истаб келган эди.

Бозорбой билан суҳбатимиз давомида маълум бўлдики, Жуш олтин қазиш шахталарида техника хавфсизлиги яхши йўлга қўйилмаган, атроф-муҳит тозалиги (экологик ҳолат) бузилган. Ҳатто қишлоқлардаги кичик-кичик булоқ сувлари ҳам конда ишлатиладиган заҳарли оқинтилар оқибатида заҳарланмоқда эмиш. Ўша замонларда аҳвол шунақа аянчли эди. Ҳозирлар Бозорбойлар яшаётган ерларда аҳвол қандай экан-а? …

Бозорбой, беш вақт намозини канда қилмайдиган мусулмон киши эди. Унинг сочлари тим қора, юзи чузиқроқ, кўзлари қисиқдан келган, қозоқ келбатли, жуссаси чоғроқ, жисмоний тетик йигит эди. У менда чуқур билими ва мулоҳазалари билан жуда яхши таассурот қолдирди. Ватаннинг қай бир бурчакларида яна қанча Бозорбойлар бор ва бўлиши мумкин, деган хаёл мени тўла қамраб олганди, ўшанда. Ана шу тасодифдан хурсанд бўлиб, Аллоҳга ҳамдлар айтиб, Унга шукуруллолар келтиргандим. Бозорбойдай йигитларнинг Ҳаракатимизни излаб юриши, бу воқеа эди мен учун. Ўша замондан эътиборан Бозорбойни ўзимга дўст, деб билдим. У менинг абадий дўстим бўлиб қолажак. Ўйлайманки, Бозорбой ҳам айнан шундай фикрдадир.

Мен ҳаётда доим Бозорбойларни изладим, уларга интилдим, уларнинг ёнида бўлишга ҳаракат қилдим. Имконим борича, қўлимдан келганича уларга ёрдам этдим, худди шундай кишиларнинг ёнимда бўлишларини ва айнан ўшалардан ўзим ҳам ёрдам олишни истадим. Мен 1988 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистонда “БИРЛИК” ҳаракатининг фаолларидан бири бўлиб қолган эканман, мени Бозорбойлар қўллаб-қувватлагани, улар менинг ёнимда елкадош туришгани руҳлантирар ва жасоратга, матонатга ундарди. Ҳамон уларни елкадош ва суянч сезаман.

Бозорбой ҳақида бу ёзилганлар жуда оз. У мени бир неча марта Қўшработ райони бўйлаб кездирган, олтин қазиб олиш шахталарини, ўрта мактабларни бирга бориб кўрганмиз. Қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитларини кузатганмиз. Аммо бизнинг баёнимиз мақсади бир мунча ўзгачароқ бўлганлиги сабабли Бозорбой дўстимиз мавзуини шу ерда тўхтатамиз.

Энди Тошбой Абдуваҳидов ҳақида бироз ҳикоя қиламан. Тошбойни бизнинг мажлисга Бозорбой эргаштириб келганди. Тошбой кўринишдан Бозорбойдан гавдали, кўркам йигит эди. Аммо у чапани, типик қишлоқ ўзбеги бўлиб, сўзларида бироз қўполлик, баъзан радикаллик учраб турса-да, аммо у сўзлар лўнда, юракдан ва жиддий эди. Унинг сўзларидаги радикалликни кўриб, совет тузумидан расо безганлардан бири, деб хулоса қиларди киши. Тошбой ҳам ўрта масус маълумотга эга, у ҳам Жуш олтин қазиш конида ишчи бўлган ва ҳозир ишни ташлаган. Бизга қатнашабош-  лаган замонларда район партия-ҳукумат раҳбарлари билан “ўртоқлашиб” тирикчилик ўтказиш йўлини топганлардан бири эди. Бу йигит очиқ кўнгуллиги, чапанилиги, сидқидиллиги билан бизга ёқиб қолди. Тошбой ўқимишлилик, билим жиҳатидан Бозорбойдан жуда фарқли эди. Аммо унда оддийлик, мардлик, ўта тетиклик (халқда ундайларни “олов”, дейишади) бор эди. Тошбой мен билан яккама-якка кўп марта суҳбат қилган. Ҳаракат ҳақида Тошбойда ўзига хос қараш ва бир қатор мулоҳазалар бўларди. Уларнинг кўпчилиги ҳақиқатан жонли ва асосли эди. Масалан, у доим Ҳаракатимизда ҳарбий қисм бўлиши тарафдори эди. У “БИРЛИК” лидерларини қўриқлаб юрувчи доимий ҳарбий гуруҳ бўлишини қатъий ўртага қўярди. Унинг бу фикрлари чиндан ҳам ҳақиқатга яқин эди. Замон ўтиши билан биз бир неча марта Тошбойнинг фикрларига ўхшаш мулоҳазаларнинг тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилдик.

Дарҳақиқат, Тошбой ҳарбий, қумондон (офитсер-субай) келбатли одам эди. Унда ҳарбийларга хос шиддат, жасурлик, радикаллик бор эди.

Ҳақиқатан, 1991 йил август воқеалари вазиятида бизда ўша шиддат, мен билган Тошбой шиддати етишмади. Ҳарбий ва сиёсий кадрлар тайёргарлиги йўқлиги яққол кўринди. Бир асрда бир келиши мумкин бўлган, ҳокимиятни бемалол қўлга олиш имкони майдонга келган тарихий бир вазият, етарли даражада сиёсий ва ҳарбий тайёргарлик йўқлигидан бой берилди.

Бироз илгарилаб бўлса-да, 1990 йилда бўлиб ўтган бир воқеани шу ерда сўзлаб ўтмоқчиман. 1990 йилда, мен “БИРЛИК” Самарқанд вилоят Кенгаши аъзоларидан баъзиларига Туркистон ҳарбий округи Самарқанд ҳарбий қумондонлиги билан алоқа ўрнатиш ва улар билан муносабатларни яхши йўлга қўйиш таклифини айтдим. Бу фикрни Кенгаш аъзоси Борот Намозов билан такрор-такрор муҳокама қилдик. Мен ҳарбий қумондонликка биздан вакил Б. Намозов бўлсин, деган фикрда бўлдим. Афсус, дўстлар менинг фикримни маъқулламадилар. Б. Намозовнинг ўзи эса, менга “домла, ҳали бу ишга эртароқ, сиз шошаяпсиз”, деб у мени юпотди. Ундан сўнг эса, кеч бўлди. Бошқа, бу масалага қайтишга вақт ҳам топилмади. Чунки воқеаларнинг ривожланиши шунчалар тез кетдики, кўплар уларни кузатиб ҳам улгура олишмади.

Ҳақиқатни айтсак, ўша замонда менинг дўстларим қўрқоқлик қилишгандилар. Лекин менинг ўзимда ҳам ўша замон таваккалчилик етишмади. Ўша замонлардаёқ советларнинг тугашига тўла ишонсам-да, Совет ҳокимиятининг бунчалар яшин тезлигида қулашини тахмин қила олмагандим. Шунинг учун Б. Намозовнинг “шошаяпсиз”, деганига қаноат ҳосил қилгандим.

1989 – 1990 йилларда ҳарбийлар билан яхши алоқа ўрнатиш ва уларни “БИРЛИК” ғояларига майил этиш, асрлар давомида бир бўладиган тарихий вазиятни қўлга олиш, демак эди. Вақтида шундай қилинганда эди, 1991 йил август инқирози вазиятида марра бизники бўларди. Бундай вазиятларни бой бериш тарихда ва сиёсат юргизишда катта хато ҳисобланади. Биз, у замон вазиятни бирмунча тўғри аниқладик, ҳатто қарор қабул қилмоқчи ҳам бўлдик. Аммо таваккал қила олмадик, амалий ишга киришишда, сусткашликка йўл қўйдик. Тўғриси, муҳим тарихий бир масалани ҳал этишда сиёсий тажриба етишмади. Ҳаракатнинг Марказий органи бундай масалалар бўйича қуйи ташкилотларга ёрдамчи ва маслаҳатчи бўла олмади, албатта. Яъни Ҳаракатнинг марказий органи вужудга келаётган критик вазиятга ўз вақтида тўла ва етарли даражада сиёсий баҳо бера олмади, вазиятга мос зарурий қарорлар қабул қила олмади. Биз, вилоят ташкилотлари ҳам баъзан сусткашлик, баъзан қўрқоқлик қилдик, яъни оқибатда буюк хатога йўл қўйдик. Натижада, ўз вақтида Республикадаги ҳарбий қумондолик билан зарур алоқалар ўрната олмадик.

Шундай қилиб, Тошбой Ҳаракатни ҳокимиятга олиб келишни тезлашти-риш тарафдори эди. Бунинг учун унинг фикрича қаттиқ тайёргарлик (ҳақиқий аъзоларни кўпайтириш, ҳарбий гуруҳлар тузиш, пул тўплаш), кескин ҳаракатлар бажарадиган гуруҳлар тузиш лозим эди. Аммо Тошбойнинг ўзи атрофида ҳам уюшган, кескин ҳаракатчан “радикаллар” жуда оз эди.

Хуллас, Қўшработда Бозорбой, Тошбой ва Никалойлар ёрдамида “БИРЛИК” аъзолари, ва хайрхоҳлар анча кўпайишиб қолишганди, ҳар ҳолда у ерда фаол ишлаётган гуруҳимиз тайёр бўлган эди. У гуруҳ 1990 йили Ўзбекистон Олий Советига халқ депутатлари сайловларида катта фаолият кўрсатишди. 1990 йилги сайловларда Академик Ташпўлот Ширинқулов Қўшработлик “Бирлик”чи дўстларимиз саъй-ҳаракатлари ҳисобига Ўзбекистон халқ депутатлигига сайланди, деб ҳисоблайман. Аммо бу академик ҳам депутатлик муддати мабайнида Республикада демократик ўзгаришлар тарафдори бўла олмади.

Иштихон районида ҳам бизнинг фаолларимиз анча кўпайди. Иштихонлик “БИРЛИК”чиларни Неъматжон Бўтаев бошқарарди. У район ўрта мактабларидан бирида ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари бўлиб ишларди. Иштихон Самарқанддан 70 км. узоқда жойлашган, Неъматжон-нинг мактаби эса, раон марказидан янада узоқроқда эди. Масофа қанчалик узоқлигига қарамасдан, улар ҳам пайшанбалик йиғилишимизга 5-6 киши бўлишиб ҳар ҳафта келишардилар. Уларнинг ичларида Эшонқул(тўла исми шарфини унутдим) исмли бириси Иштихон шаҳарида рус тили ўқитувчиси бўлиб ишларди, Бошқа бир Қўчқор дегани, район милитсиясида ишларди. Аммо улар йўлини топиб, йиғилишга мунтазам келиб туришга интиларди. Улар жуда фаол йигитларимиз ҳисобланардилар. Иштихонлик Неъматжон ва Эшонқуллар етарли даражада билимли, тўла зиёли инсонлар эди. “БИРЛИК”нинг барча аъзолари шулардай савияга кўтарилган бўлишганда эди, Ўзбекистон бугун энг бахтли Республика бўлган бўларди. Қўчқорбой ҳам жуда ажойиб йигит, ўрта махсус маълумотли бўлиб, кескин ҳаракатчан одамларданди. Чиндан ҳам у ҳақиқий полис одами эди. Унинг ажойиб болаларча гаплари бўларди. У доим менга “домла, келининггиз ҳамладор, худо хоҳласа, эгиз ўғиллар туғилади, исмларини Темурбек ва Бобурмирза қўяман”, дерди. Кароматни, ниятнинг холислигини қарангки, вақти келиб, келин Қўчқорбойга буюк бахт, икки эгиз ўгил келтирса бўладими?! У, Темурбегу, Бобурмирзалар соғ-саломат бўлсинлар, ХХI аср амир Темури ва Бобурмирзаси бўлиб етишсинлар. Менинг бу баёнларимни Қўчқорбойнинг ўша эгизлари ўқишса ва бундан озми-кўпми ибрат олсалар, мен бу дунёда яшаб амалга ошришни истаган ниятларимнинг катта бир қисмини аъло даражада бажарган ҳисоблайман.

Оқибатда, Иштихонликлар энг бақувват, энг фаол район ташкилоти тузишга, “Эркин сўз” район газетаси нашр этишга эришдилар. Ўзбекистонда сиёсий вазият озгина юмшаб, янги имкониятлар юзага келган замоноқ Иштихонлик дўстларнинг “БИРЛИК”ни қайта тиклашда фаол ҳаракатга киришажакларига шубҳа қилмайман. Аммо улар, энди Ҳаракат янгича, яъни “БИРЛИК” мутлақо янги бўлажаклигини ва у замон кимни, қандай дастурни қўллашларини ҳам тушуниб етгандирлар, деб ўйлайман.

 Булунғур районидан ҳам йиғилишга анчагина кишилар қатнайбошлашди. Улар ичида Норқўзи Аширов(тиш доктори) ва Турсунбой Маманазаров, мактаб ўқитувчиси асосий ташкилотчилардан эдилар. Бошда бу районда бир қатор казо-казо кишилар “БИРЛИК”ни қўллай бошлашди.Улар ичида район маориф бўлими бошлиғи, СССР Олий Совети халқ депутатлигига номзоди кўрсатилган, Мамаюсуф(Бу Мамаюсуф деганлари Каримов замонида бироз вақт район компартия раҳбари бўлиб ҳам ишлади) исмли яна бир ўртоқ ҳам бор эди. Бу номзод сайлов жараёнида қонун бузорликка йўл қўйилиши натижасида сайланмай қолган ва аслида у сайланиш учун зарур бўлган овоз тўплаган киши эди. У анчагина шикоятлар ёзиб, ҳатто КПСС Бош котиби М. Горбачев қабулигача чиқа билган бир инсон эди. У замонлар, КПСС Бош котиби билан учрашиш, унинг имзоси билан бирорта хат олиш бу катта воқеа, ҳодиса ҳисобланарди. Мамаюсуф эса, Москвада, КПСС Марказий Комитетида қабулда бўлган, қўлида М.Горбачев имзо чеккан мактуби бор бир киши эди.

Шунинг учун бу йигитнинг бизнинг йиғилишларга қатнаши ҳам ҳодиса эди. Ҳақиқатан у кейинроқ Ўзбекистон Олий Советига ўтказилган сайловларда, Республика халқ депутатлигига сайланди. Район “БИРЛИК” ташкилоти унинг номзодини тўла қўллаб-қувватлади. Аммо бу депутат ҳам, район маориф мудири ҳам Ҳаракатда узоқ қолмадилар. Улар Ўзбекистон ҳукумати “қовоғига” қараб, “БИРЛИК”дан узоқроқ туришга интилабошладилар. Оқибат, улар кўп ўтмай Ҳаракатдан бутунлай четлашдилар. Лекин бошқа бир Булунғурлик номенкулатура кишиси, район маҳаллий газета бош муҳарири(афсус, унинг ҳам исми-шарифи хотирамда йўқ), кўп йиллик партиявий cтажга эга коммунист, бизнинг ёнимизда муқим қолди. У бизни доим қўллаб-қувватлади. Чунки у “БИРЛИК” ғояси ва мақсадларини компартия ғояси ва мақсадлари билан муштарак, деб биларди. Сўнг замонларда Компартия амалий ишларда низом ва программадан узоқлашди, партия ўз халқчилигини йўқотди, деб тушунарди, у. Унинг компартияси айнан “БИРЛИК”нинг ўзгинаси эди. Унинг фикрича, бир партияни биз “Бирлик”, бош муҳарир эса компартия, деб атаймиз, холос. Бош муҳарир ҳафталик мажлисларга келгани йўқ. Аммо мен у билан бир неча марта яккама-якка учрашганман. Суҳбатларимиз ҳамиша кўнгулдан, иссиқ бўларди. У жуда яхши одам эди. Ғирромлиги, муғамбирлиги, қувлиги йўқ оддий киши эди. Унинг дилидаги, тилида эди. Ўша замонга хос “дили бир хил, тили иккинчи хил, амалда эса учинчи хил” яшашдан узоқ, жуда озчиликнинг бири эди, у. Ҳаракатимизда ўша бош муҳарир каби “коммунист лар” кўпроқ бўлганда эди, бугун Ўзбекистон ҳукуматида И.Каримов гуруҳи каби қип-қизил ўғрилар савлат тўкиб ўтирмаган бўларди.

Афсус, “БИРЛИК”ка соф ва ғоявий мустаҳкам одамлар тўплаш каби муҳим ишлар бутун Республика бўйлаб яхши йўлга қўйилмади. Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши бу сингари зарур ишлар билан жиддий шуғулланмади.Улар кимнингдир марҳамати билан “пояндозлар” тушалган йўлллар орқали ҳокимиятга келишни хаёл қилишдан нарисини кўра олмадилар. Шунинг натижасида улар асосан КГБнинг қўлида қуғирчоққа айланиб қолдилар. Бу фикр, баёнимиз давомида такрор-такрор исбот этилади, деб ўйлайман.

Қисқаси, 1989 йил “БИРЛИК”чилар учун, жумладан унинг Самарқанд гуруҳи учун ҳам жуда унумли йил бўлди, десак бўлади. Йил бошидан Ҳаракатнинг вилоят ташкилотини тузиш ишлари қизиб кетди. Вилоятнинг Оқ-Дарё районидан ҳам дўстлар бизга фаол қўшила бошлашди. Бу район ташаббускорларини Самарқанд қишлоқ хўжалигини механизатсиялаш техникуми ўқитувчиси Қобилжон Диёров бошқара бошлади.

Паст-Дарғомлик бир гуруҳ ўқитувчилар “БИРЛИК” район ташаббус гуруҳини ташкил этишди. Уларга ўрта мактаб мудир ўринбосари Абдужалил Абдуллаев ва болалар шоири Мели Бобоев сардорлик қилишди. 1989 йилнинг сўнггига келиб, бу районда Ҳаракатнинг район конференсияси ҳам ўтказилди. Унда шоир Мели Бобоев ”БИРЛИК” район ташкилоти раиси этиб сайланди. Аммо кўп ўтмай у ҳукумат тарафдорига айланиб қолди. Паст-Дарғомликлар М. Бобоевсиз йиғилишларга қатнашни давом эттирдилар. Аслида Паст-Дарғом район ташкилотига А. Абдуллаев бошчилик қилмоғи лозим эди. У билимли, сидқидил, соф ўқитувчи эди. Аммо район конференсиясида, “ўзбекчилик” қилиниб, ёши улуғ, шоир, ўқувчилари бор, деган андиша билан М. Бобоев ташкилотга Раис бўлиб қолганди. Афсус, бу қараш, бу “ўзбекчилик” бизга жуда панд берди, ўшанда.

Ана шунга ўхшаш “андишалар” ҳам бизнинг миллий хасталигимиздир. “Ақл ёшда эмас, бошда”, каби нақлимиз борлигига қарамай, қандайдир “андишалар”, деб ақлли нақлга амал қилмаймиз. Биз, урф-одатларимизда ҳам жиддий ислоҳлар ўтказишимиз зарур. Урф-одатларнинг умум миллий ривожланишимизга зарарлиларидан мутлақ озод бўлмоғимиз шарт ва зарур.

Катта-Қўрғон, Норпай, Пахтачи районларидан ҳам хайрхоҳлар, ишимизда фаол қатнаша бошлашди. Айниқса Катта-Қўрғондан ҳурматли олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор, хирург, хирург бўлганда ҳам собиқ СССРда машҳур хирург Ҳамроқул Ҳамдамов бизга сезиларли ёрдам берди. Унинг ёши мен билан тенгқур эди. У Самарқанд тиббиёт институтида катта хирургия кафедрасини бошқарарди. Афсус, бир тасодиф, фалокат юз бериб, уни узоқ давом этган хасталик тушакда қолишга мажбур қилди. Оллоҳга шукр, жиддий даволанишлар ёрдамида яна у қаторга қайтди. Аммо унинг белидан паст қисми нормал ишламай юришга анча қийналадиган бўлиб қолди. У энди ҳақиқий майиб, инвалид эди. Лекин унинг боши, қўл ва кўзлари ҳамишагидай соғломлигича сақланганди. Шу сабабдан у киши шаҳардан, яъни тиббиёт институтидан воз кечиб, Катта-Қўрғон шаҳрига ўтганди. Чунки унинг бутун қариндош – уруғлари, яқинлари Катта-Қўрғонда яшашарди. Чунки Ҳ. Ҳамдамов учун қариндошларига яқин яшашнинг ҳар томонлама қулайлиги борди. Шунинг учун у Самарқандни ташлаб Катта – Қўрғонга кўчганди. Шунга қарамас-дан у Катта – Қўрғон шаҳар хастахонасида жарроҳлик вазифасини ҳам давом етказарди. Ҳафтада икки-уч марта хасталарни жарроҳдан ўтказишда ўзи қатнашар ва шахсан ўзлари ҳам жарроҳлик қилардилар. Замонамиз машҳур олими, кўпқиррали билим соҳиби, маданиятли, гўзал ҳулқли киши эди, Ҳ.Ҳамдамов.

Ҳ.Ҳамдамов “БИРЛИК”нинг Катта-Қўрғон гуруҳига оталик қилди. Йигитлар уни Ҳаракатнинг район Кенгаши райслигига сайлашдилар. Ҳамроқул аканинг оёқда юриш, жисмоний ҳаракат тезлиги эмас, унинг боши бизга етарли эди. Ҳамроқул аканинг ҳузурига Катта-Қўрғонга мен кўп марта бордим. У билан узоқ суҳбатлар қилдим. Биз бир-биримизга ”дўстим”, деб мурожаат этардик. Муносабатларимиз чиндан ҳам дўстона, суҳбатларимиз Ватан хусусида, унинг озодлиги, мустақилли-ги, келажаги ҳақида бўларди.

1990 йили ўтказилган “БИРЛИК” халқ ҳаракати Самарқанд вилоят коференсиясига Ҳ.Ҳамдамов ҳам қатнашганди. У одам учун Самарқандга келиб-кетиш ниҳоятда ноқулай ва катта ташвишдан иборат эди. Аммо у жумард йигит Самарқандга келиб, конференсияга қанашишни лозим ҳисоблади ва келди. Фан доктори, машҳур хирург Ҳ.Ҳамдамов учун “БИРЛИК”нинг вилоят конфересиясида ўтириш катта бир ҳавас ёки обрў эмасди. У бу мажлисдан кўп буюк халқаро илмий конференсияларда, ҳашамати жиҳатидан “БИРЛИК” конференсиясидан анча тантанали ва салобатли вилоят компартия конференсияларида бир қанча марта қатнашган инсон эди. Аммо унинг миллий шуури жушиб, ёшларга ибрат кўрсатмоқ учун бу мажлисга келганди. Афсус, Ҳамроқул ака сингари одамларни Республика бўйлаб ахтармадик, уларнинг кўпчилигини сафимизга торта олмадик. Аксинча, сафимиздагиларини ҳам ўзимиздан чўчитдик, қочирдик. Масалан, Тошкентда олимлар негадир Пўлатов билан яқиндан алоқа қилишга тоқатлари бўлмасди.

Самарқанд қишлоқ райони ва Ургутда районида ҳам анчагина аъзолари-миз, хайрхоҳ ташвиқотчиларимиз пайдо бўлди. Ургут район Жумабозор қишлоғида бошланғич ташкилот ҳам тузилди. Жумабозор қишлоғида икки мингдан кўпроқ аҳоли яшайди. Унинг атрофида ҳам аҳоли жуда ғуч яшашадилар. У қишлоқда якшанба куни катта бозор бўлади. Эски замон-ларда катта бозор жума куни бўлган. Қишлоқ номи ҳам шундан келмоқда. У ерда ҳозирлар қишлоқни кенггайтириш катта муаммога айланган. Ундан ташқари у ерда 1957 йил “колхозлар” умумлаштирилгандан буён ҳудуд, тупроқ масаласида жанжал давом этиб келади. Энди эса, ёш авлод ўсиб, қишлоқ кенгайиши заруратга айланган бир замонда, бу масала яна мураккаб тус олган. Кейинги 30-40 йил давомида Ўзбекистон совет ҳукумати бу масалани ҳал этмаган. Масала, Жумабозор қишлоғи табиий равишда кенгайиши керак бўлган ер майдонида олма боғи ташкил этилиб, у боғ ҳеч бир колхоз ёки бошқа бирорта корхона ҳисобига киритилмаган ер устида кетмоқда. Бу боғдан йилига катта ҳосил олиниб, давлат ҳисобига даромад қилинмаслиги ҳам аниқланган. Аммо бу фактни ҳукумат даража-сида ҳеч тан олишмайдилар. Жумабозорликларнинг таъкидлашларича, уларнинг қўлларида бу фактни исботлаш учун рад қилиб бўлмас далиллари бор. Улар, бу боғдан йилига юз минглаб олинаётган даромад  Ҳаким Исмаилович Жўрабековнинг хусусига ўзлаштирилмоқда, деб тасдиқлашадилар. Шундай қилиб, жумабозорликлар у боғнинг хусусий эгаси бу Жўрабековдир, дейишади. Қизиқ, бу факт рост бўлса, биз совет давлати хусусий мулкчиликни тугатди, ҳисоблаб хато қилар эканмиз. Аслида совет замонида ҳам хусусий мулкдорлар бўлган экан. Бу мумай даромад бир йил эмас, энг оз 30-40 йил давомида фақат бир кишининг  чўнтагига тушиб турган бўлса, унинг ҳеч бир ортиқча харажати бўлмаса? У мулкнинг ҳажмини ҳисоб этишни ҳурматли ўқувчига ҳавола қиламиз. 1988 йилга қадар бундай пулнинг ҳажми ва қудратини кўрган кишилар тирикдир, балки. У замонлар советларнинг 80-90 тийини Америка бир долларига тенг ҳисобланарди. Ҳақиқатан, шаҳарларда “Березка” магазин-лари бўлиб, уларда совет рубли 1$=0.8рубл шаклда алмаштириларди. Бу маълумотдан даромаднинг ҳажмини тасаввур этиш қийин эмас. Ундан ташқари, бу хилдаги хўжалик фақат биргина Ургутда бўлиб, Республиканинг бошқа ерларида бўлмаган, дейиш гўдаклик бўларди.

Жумабозорликлардан бир қатор кишилар “БИРЛИК”ка аъзо бўлиб кирар эканлар, улар Ҳаракат ёрдамида Ҳ.И. Жўрабековга ҳам қарши кураш очишмоқчи эдилар. Улар, “БИРЛИК” шунақа масалаларни ҳам ўртага қўйиши ва ҳал этиши керак, деб ҳисоблардилар. Уларда совет тузумига норозилик кайфияти, тузумни янгилаш, ўзгартириш, мамлакат(Ўзбекис-тон)нинг мустамлакалиги, унинг озод бўлиши кераклиги сингари фикр-мулоҳаза йўқ эди. Уларнинг фикрича хасталик тузумда, мамлакатдаги қонун-қоидаларнинг бузуқлигида эмас, аксинча, айрим мансабдор шахcларнинг нотўғри, нософ иш фаолиятларида, совет қонунларига риоя қилмасликларида эди. Жумабозорликларга хос хусусиятлардан яна бири, Москвадами, Тошкентдами, унинг фарқи йўқ, улар ҳукуматнинг Бош раҳбарларидан ҳам норози эмасдилар. Уларнинг фалсафаси бўйича “Бош котиб” муқаддас, соф шахс эди. Ҳамма бало, хасталикнинг манбаи мансаби пастроқ бўлганларда эди. Шунинг учун улар қўлларидаги “рад қилиш мумкин бўлмаган, ашёвий далилларнинг” қудратига ишонишарди. Бу далиллар Брежнев ёки Рашидовгача етиб борганда, масала ҳал бўлган бўларди, деб жуда-жуда инонардилар. Афсус, дерди, улар, биз далилларни у зотларга етказа олмадик. Аммо улар бу масала нега бунча узоқ, 30-40 йил давомида ҳал бўлмагани, наҳотки шунча замонлар ўтиб, колхоз-совзозлар хариталари неча марталаб қайта тузилиб, у боғ ҳар доим ҳисобдан четда қолавериши моҳиятига чуқур қарай олмасдилар. 30-40 йил замон ўтиб, муҳим бир ижтимоий масала ҳукуматнинг Бош раҳбари эътиборидан доим четда  қолавериши мумкинми, деб улар ўйлай олмасди. Аслида, жума-бозорликларни қийнаб юрган бу масала ҳам совет давлат тузумининг, ўша маъмурий – буйруқбозлик сиёсатининг қусурларидан бир кўриниши эди. Бу эса, жумабозорликларга ҳали тушунарли эмасди.

Шунга қарамасдан, биз, ўз навбатида жумабозорлик дўстлар материаллари билан синчиқлаб танишиб чиқдик. У материалларни мен, шахан ўзим ўрганиб чиқдим. Хулоса, шу бўлдики, бу мутлақо тузумга боғли масала. Агар “БИРЛИК” бу хил масалалар билан алоҳида-алоҳида шуғуллана бошласа, бунақа шикоятлар сони кун сайин эмас, соат сайин кўпаяверади. Энг асосийси, совет тузуми мавжуд экан, одамлар қонунлар тартиби билан эмас, раҳбарларнинг буйруқ ва кўрсатмаларига кўра яшарканлар бу хил муаммоларни тўла, узел-кесил ҳал этиш мумкин эмас. Масалани айнан шу шаклда жумабозорликларга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бу жараён давомида Жумабозор қишлоғига бир қанча марта бориб келдим. Қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлар ўтказдим. Иш қилиб, кишиларни бундай масалаларни тузумни ўзгартириш йўли билангина тўла ҳал этиш мумкинлигига ишонтиришга уриндим. Менимча, бу тушунтиришлар изсиз қолмади. Масалан, бундан сўнг жумабозорликлар билан биргаликда фаол ишлаша бошладик. Жумабозорликлар “БИРЛИК” мақсади ва дастури асосида анчагина ишларни амалга ошришда бизга ёрдамчи бўлдилар. Биргалашиб, Ўзбекистон Олий Совети депутатлигига номзод кўрсатиш ва сайловлар ўтказишда анча ҳаракатлар қилдик. Ҳатто, Жумабозордан менинг номзодимни депутатликка кўрсатиш ташаббус гуруҳи тузилди. Номзод кўрсатиш мажлиси ўтказишга бир қатор қийинчиликлар билан ижозат ҳам олинди. Аммо мажлисга қонунда кўрсатилган 300 сайловчи йиғиш  мумкин бўлмади. Чунки маҳаллий ҳукумат, яъни район компартия ҳокимияти бу ишга қаттиқ қарши турди. Масалан, эртага номзод кўрсатиш мажлиси бўладиган кечаси Ургут район милитсияси бутун сайловчилар уйларига кириб уларнинг мажлисга чиқмасликларини тайинлаб чиқишиб-дилар. Натижада кишилар ҳукуматдан қўрқиб мажлисга келишмадилар. Мажлисга ниҳоят 154 сайловчи йиғилишди, холос. Дарҳақиқат, ўша замонлар кишилар ҳукуматдан ниҳоятда қўрқардилар. Чунки фуқаро истисносиз, каттами, кичикми, ишчими, ўқитувчи, олимми, амалдор ҳамма у ёки бу хил кўринишда совет қонунига зид фаолият билан турмуш кечирарди. Ўзгача яшашнинг иложи ҳам йўқди, ахир. Шунинг учун истаган бирор кишини ҳар вақт милитсия жиноятчи ҳисоблаши ҳеч қийинчилик туғдирмасди. Масалан, бирор колхозчи уйи олдига бир ғарам пичан (молларга қишлиқ емиш учун тайёрланган дағал хашак, озуқа) йиғқан бўлса, “бу пичанни қаердан олдинг, ўғирлагансан”, дейишлари ва колхочини бемалол қамоққа олишлари мумкин эди, у замонлар. Чунки у колхозчи бечорада пичан ўстирадиган ер йўқ, ахир. Демак, у пичанни колхоз ёки бирорта бошқа совхоз еридан “жинояткорона” ўғирлик йўли билан йиққан, деб ҳисоблашардилар. Шу сабабдан, сайловчиларнинг милитсия огоҳлантиришидан қўрқиши табиий бир ҳол эди. Бу хилдаги қўрқиш аҳоли наздида айб ё бошқа бир хил пасткашт хусусият ҳисоблан-масди. Одамларда, колхоз ёки совхозларга тегишли экинлар экилмайдиган ерларда битадиган дағал хашаклардан йиғилган моллар емишларини жинояткарона, ўғирлик йўли билан йиғдим, деган ҳис мавжуд эди. Шунинг учун уларнинг уйига милитсия келиб, “сен ўғрисан, давлат пичанини ўғирлабсан”, деб, уларни ҳайдаб кетаверса ҳеч кимса, ҳеч нарса демасди, чунки бу ҳолни улар нормал қабул қилишарди. Аксинча, энди “йиғ-йиғ” қилишиб, милитсияга пора тўплашарди. Милитсия ҳам баъзида порани қўлга киритгандан сўнг “одамгарчилик” қилиб, у бечора, “ўғри” колхозчини бўшатиб юборарди.

Шундай қилиб, у замонлар ҳукуматдан қўрқиш, унинг милитсиясидан узоқроқ юришга интилиш кишиларнинг оддий кундалик хусусиятига, характерига, яшаш тарзига айланиб қолганди. Айнан шу ҳолатни яхшироқ англаш учун яна бир воқеани сўзлаб ўтмоқ маъқулдир, деб ўйлайман.

Маълумки, 1989 йили СССР Олий Советига, 1990 йили Ўзбекистон Олий Советига халқ депутатлари сайловлари бўлиб ўтганди. 1991 йил март ойида эса, Совет Иттифоқини сақлаб қолиш, яъни СССРнинг янги мақоми ҳақида, Иттифоқдош Республикалар янги шартномани имзолашлари ҳақида умум халқ овоз бериши (референдум) ўтказилди. Бу учала тадбирда ҳам “Бирлик” ўзига хос позитсияда турди. Жумладан, референдумда ҳам шундай бўлди. “БИРЛИК” Ҳаракат сифатида реферундумни бойкот этиш ёки сайлов участкаларига борганлар, сайлов блютенларида “йўқ” сўзини қолдирсинлар, деган таклифни ўртага ташлади ва шу фикрни бутун референдум арафаси даврида ташвиқ, тарғиб қилди. Чунки референдумга кўра таклиф этилаётган СССР янги мақоми ҳам миллий Республикалар суверенитети(сиёсий мустақиллиги)ни, уларнинг миллий ва моддий манфаатларини марказий ҳукумат фойдасига суиистеъмол қилинаётган, СССР яна империалистик давлат шаклида сақланиб қолинаётган эди.

Шундай қилиб, ўша референдум ўтказилиши муносабати билан, унинг арафасида ўтказилган тарғибот даврида биз, Ургут районининг Самарқанд шаҳрига яқин жойлашган бир қишлоқ мактабини зиёрат қилдик. Ана ўшанда кўрганимиз, гувоҳи, қатнашчилари ва суҳбатдошлари бўлганимиз бир суҳбат ҳақида сўзлаб ўтмоқчиман.

Ургут районига қарашли ўрта мактаблардан бирига мен, Б. Намозов билан бирга референдумда қандай овоз беришни тарғибот ва ташвиқот қилмоқ учун сафарга бордик. Афсус, мактаб ва у жойлашган қишлоқ номлари ёдимдан кўтарилди. Мактаб раҳбарияти бизга ҳурмат кўрсатиб, ўқитувчилар хонасидан жой ажратиб беришди. Бизни тингловчилар бошда фақат мактаб ўқитувчилари бўлди. Бироз сўнгра мактаб атрофида яшовчи бошқа кишилар ҳам суҳнатимизга кела бошлашди. Суҳбат анча қизиди. Суҳбатда асосан мен сўзладим. Суҳбат тахминан уч соатдан кўпроқ вақт давом этди. Кеч кириб, ташқари қоронғилашиб қолди. Мактабда дарслар тугаб ўқитувчилар уйларига кета бошлашди. Суҳбат сўнггида бир сайловчи кетмади ва биз билан яккама-якка сўзлашмоқ истагини билдирди. У одам инвалид(майиб), яъни Ватан уруши инвалиди бўлиб, бир оёғи йўқ, ён таёқда юрарди. У деярли бутун суҳбат давомида мени тинглаб ўтирди. Мен эса, суҳбатда референдум ҳақида, ундан кўзда тутилаётган мақсадлар ҳақида, Совет Иттифоқи, унинг бугуни ва келажаги ҳақида ўз қарашларим-ни сўзладим. Ўртага қўйилаётган бу масалаларда “БИРЛИК”нинг посит-сиясини уларга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Хуллас, биз билан алоҳида суҳбат истаган бу сайловчи ўшанда, “Домла, сиз жуда тўғри сўзладингиз. Ҳаммаси маъқул. Бизга қолса сизнинг фикрингизга тўла қўшиламиз. Аммо эртага сайловга бориб, сиз айтгандай блютенда “йўқ”ни қолдирсак, сайловдан сўнг бизни милитсия қамаб қўяди-ку, ахир. Буни сизлар, яхши ўйламаяпсилар, шекилли”, деб куйиниб сўзлади.

Дарҳақиқат, у сайловчи уруш инвалиди сифатида, бошқа сайловчиларга кўра ҳукумат олдида бир қатор имкониятлари мавжудлигига қарамасдан ҳукуматдан қўрқаётганида катта асос бор эди. Бу ўша совет замони учун жуда типик бир ҳол эди. Чунки Совет давлатида бутун эркинлик, демокра-тия, инсоннинг барча ҳуқуқлари ”Совет давлати энг одилона давлат, у жаҳонда энг инсонпарвар давлат, унинг бош раҳбари, яъни КПСС Бош котиби дунёда инсонларнинг энг олий сифатлиси”, деб барча фуқаро, бутун матбуот, барча бирдай тўти каби такрорлашдан иборат эди. Ҳақиқатан у замонлар мамлакатда шундай бир кўриниш бор эдики, гўё давлат сиёсатини барча бирдай сўзсиз қўллаб-қувватлаётгандай туюларди. Чунки оммавий матбуот ўз ишини юқори даражада бажараётганди. Мамлакатда матбуот органи фақат бир ғояни, бир хил ташвиқотни олиб борарди. Кишиларда матбуотга ишониш кўникмаси пайдо  этилганди. Масалан, чиндан ҳам фуқаро Совет Иттифоқи ва сосиалистик лагерга кирувчи бир неча мамлакатлардан ташқари дунёнинг барча бурчакларида очлик, яланғочлик ҳукм сурмоқда, кишилар очликдан қирилиб кетмоқда, капиталистик дунё чиримоқда, шунинг учун улар урушлар тарафдори, улар уруш оловини ёқувчилар, улар фақат қиргин қуролларини ишлаб чиқармоқдалар, деб ишонадиган бўлиб қолишгандилар. Улар фикрида капиталистик дунёда инсон иззат-нафси, ҳақ-ҳуқуқи мислсиз паймол қилинмоқда, каби хулоса ҳосил қилинганди. Афсуслар бўлсинким, дунё совет ҳукумати ва унинг оммавий ахборот воситалари хабарларига тескари бўлган бир вазиятда ҳаёт кечирар экан. Биз бечора совет халқи, жумладан ўзбеклар, 1948 йилда қабул этилган, унинг тагида Совет Иттифоқи имзоси ҳам чекилган “Бутун жаҳон Инсон Ҳуқуқлари декларатсияси” мавжудли-гидан хабарсиз эканлигимизни ҳам билмас эканмиз.

Шундай қилиб, 1989 йил май ойига қадар, яъни Ҳаракатнинг 1-қурултойигача ҳам бир мунча ташкилий ишлар бажардик. Юқорида таъкидлаганимиз сингари, бир қатор бошланғич ташкилотлар туздик. СССР Олий Советига халқ депутатлари сайлаш компаниясида қатнашдик. Бу сайловларда номзод кўрсатиш ёки депутат сайлашга уринмаган бўлсак-да, ўша жараёнда сайловлар ўтказиш айрим тартиб-қоидаларини ўргандик. Сайлов қонунлари билан яхши танишиб чиқдик. Номзодлар кўрсатиш мажлисларида, сайлов олди йиғилиш ва учрашувларда фаол қатнашишга интилдик. Депутатларга мўлжалланган наказлар туздик ва уларни депутатликка номзодларга топширдик. Қисқаси, бу жараён, яъни СССР Олий Советига депутатлар сайлаш сайлов жараёни бизга сайлов олди ташвиқотлари, номзодлар кўрсатиш каби тадбирлар ўтказишни ўрганишда яхши тажриба ўрнини ўтади.

“БИРЛИК” халқ ҳаракати 1-нчи таъсис Қурултойи олдидан Самарқандлик ташаббусчиларнинг амалга ошира билган ишлари асосан шулардан иборат бўлди. Қурултойдан сўнгра, биз Самарқанд вилоят конференсиясини тайёрлаш ва уни ўтказишга жиддий киришдик. Самарқанд вилоят “БИРЛИК” ташаббусчилари ҳисобланган олий мактаб профессор-ўқитувчилари 1989 йили таътилга кетишмай, конференсияга тайёргарлик ишларига ёрдам этишди.

Иш ораси Республикада ташкил бўлаётган “БИРЛИК”нинг бошқа ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамклашни давом эттириб турдик. Масалан, 1989 йил август ойида “Бирлик”нинг Андижон вилоят конференсияси ўтказилди. Самарқандан биз икки киши (мен ва Н. Ражабов) унда иштироқ этдик.

Самарқандда конференсия 1989 йил сентябр ойининг 24-25-ида ўтказилди. Аммо маълумки, 1989 йил майдан то сентябргача Ўзбекиатонда кўп жаҳоншумул воқеалар бўлиб ўтди.

“БИРЛИК” Самарқанд вилоят конференсияси тафсилотларини сўзлашдан олдин ўша воқеаларни бироз тасвирлаб ўтиш, тарих учун аҳамиятли бўлар деб ҳисоблайман. Улардан энг муҳими 1989 йил июн ойи бошида содир бўлган, гўё ўзбеклар ва турклар(месхития турклари) ўртасида келиб чиққан жанжалли можародир. Шу сабаб, 1989 йил, Ўзбекистон тарихига “Фарғона воқеалари” номи билан киритилса керак. Июн ойи бошларида Фарғонада содир бўлган, гўё ўзбеклар (турклар) ва месхития турклари “ўртасида жанжал” воқеалари ўзбеклар (турклар) тарихида қора доғ бўлиб қолади. “Месхития турклари”, деб аташ ҳам душманнинг иши. Месхитиянинг асл тарихий туркий номи ва умуман атамалар масаласида тарихчилар тўғри хулосалар чиқарар, деб умид қиламан. Биз эса, Фарғонада бошланган иғвонинг тафсилотлари тўғрисида бироз сўз юритамиз. Биринчидан, у иғво тўласинча КГБ тарафидан таёрланганлиги аниқ. Бунга етарлича далиллар бор. Иккинчидан, Фарғона воқеалари жуда узоқ давом этди. Улар ҳақида исталганча фото-ведио материаллар йиғилган. Фарғона воқеалари бир йилдан кўпроқ вақт давом этиб, туркларнинг ва исломнинг бош душмани Сталин томонидан 1944 йилда Месхитиядан бадарға қилинган қон, дин қардошларимизни энди уларнинг иккинчи ватани Ўзбекистондан 1989 йили тўла ва батамом бадарға қилиниши билан тугади. Бу ноинсоний безорилик ва бебошликларда Ўзбекистоннинг бугунги президенти аталмиш И.Каримов бош жиноятчилардан бири ҳисобланиши керак. Чунки у турк қардошларимизга қарши ташкил этилган сўнгги иғвонинг бевосита ташкилотчиси ва ҳақиқий ижрочисидир. Масалан, Каримов Москва олдида ялтоқлик қилиб, марказнинг кўрсатмасини аъло даражада бажармоқ учун 1990 йили Тошкент вилоят Оқ-Қўрғон райони ва Республиканинг турклар тўплам яшаётган бошқа вилоят ва районларида ташкил қилинган, бегуноҳ инсонлар қони тўкилишига сабаб бўлган иғволар, ноўрин ҳаракатлар режаси Каримовнинг бевосита иштирокида ишлаб чиқилди ва шахсан унинг қўли билан амалга оширилди. Шундай қилиб, жигарларимиз, оға-иниларимизни 1944 йилда ўз она юртларидан бадарға этган киши бутун турклар (ўзбек, қозоқ, қирғиз, озор, туркману гагавуз, татару уйғур, яқуту бошқирт, ҳамма-ҳамма туркларнинг) биринчи номерали бош душмани И.Сталин бўлган бўлса, 1989 йили эса худди шу ишни амал учун, мансаб учун, Ўзбекистон компартияси Марказий комитетининг биринчи котиби бўлмоқ учун айнан такрорлаган И.Каримов ҳам туркларнинг ҳозирги замондаги, бизнинг замонимиздаги бош ва асосий душманидир. Шуни таъкидлаш керакки, И. Каримов болшевиклар, ленинчи болшовойлар “миллий сиёсати”нинг амалдаги ниқоби сифатида Ўзбекистон ҳукуматида бош ролга келтирилди.

Рус империализми ва ундан сўнг ленинчи болшовойларнинг Ўрта Осиёдаги ”миллий сиёсати,” ўлкадаги аҳолининг асосий қисмини ташкил этган катта миллат ўзбек(турклар)га қарши қаратилган душманлик ва ёвузликдан иборат эди. Бу фикрни бир мунча ойдинлаштиришга ҳаракат қиламан.

ХIХ аср иккинчи яримида Ўрта Осиё (Ўрта Осиё атамаси ҳам Туркистон сўзини ишлатмаслик мақсадида истилочилар томонидан истеъмолга киритилган) истило этилгандан кейин бу тупроқда губернаторлик бошқаруви эълон қилиниб, давлат ҳокимияти Петрограддан тайинланган ғайридин, рус кишисининг қўлида бўлди. Маҳаллий ҳокимиятнинг энг пастки қисмида, масалан, қишлоқда баъзан ерли, аммо шуури паст, иродаси бўш кишилардан ҳам мансабдор шаклида фойдаланишди. Аммо улар(бу маҳаллий паст мақомдаги мансабдорлар)нинг асосий вазифалари эса, рус губернатори учун аҳоли орасида жосуслик қилишдан иборат эди.

Истилочилар ҳукмронлиги даврида миллий сиёсат ва миллий таълим-тарбия, маориф ишлари бутунлай бошқа асосга қурулди. Бу сиёсатда ерли аҳолини деярли савод чиқармаган ҳолда, фақат жисмоний меҳнатга ярарли шаклда ўстириш асосий мақсад этиб олинди. Бу ёвуз мақсадни амалга ошириш учун миллий таълим-тарбия усулларини, мактабларни тўла руслаштириш, маҳаллий аҳолини ўз тарихи, илм ва билим асосини ташкил этган ўз миллий алфавитидан маҳрум этиш ишлари ҳеч бир оғишларга йўл қўйилмай, изчил, аста-секина олиб борилди. Миллат ичидаги жосуслар, баъзи иродаси бўш сотқинлар руслаштирилган мактабларга жалб этилиб, уларга жуда кенг иқтисодий ва сиёсий имкониятлар туғдириб қўйилди. Шу йўл билан руслаштирилган, ислом ахлоқи ўргатилмайдиган мактабларга аҳолини, ёшларни кўпроқ жалб этиш йўлга қўйилди. Системали равишда талантли, миллий ирода ва шуури баланд миллат вакиллари жисмоний тугатилиб турилди.Туркистон юртининг асосий аҳолиси бўлган туркларга, турк асиллиларга қарши алоҳида сиёсат юргизиш усуллари ишлаб чиқилди ва улар орасида бу усул усталик билан қўлланилди.

Туркистон истило этилган замонда, ҳатто 1917 йил Октябр давлат тўнтариши арафасида ҳам унинг илмий, тижорий марказларида (яъни шаҳарларда) ва қишлоқ хўжалик, деҳқончилик ривожланган ҳавзаларда истиқомат қилувчи аҳолининг мутлақ кўпчилиги (советлар даврида “ўзбеклар”, деб атала бошланган) турклардан иборат эди. Мустамлакачилик сиёсатининг чоризм даврида ҳам, советлар деб аталадиган коммунистик даврида ҳам бутун оғирлиги ва заҳматлари ҳам шу халқ устига, унинг зиммасига юклатилди. Илмдан, маданиятдан ажратиб, уларни иккинчи сорт (2-тур) одамларга, кимлигини билмас қулларга айлантириш сиёсати фақат ана шу турклар учун ишлаб чиқилди ва узоқ бир замон бу сиёсат амалда бўлди.

Истилочилар, ўлкада яшовчи турк бўлмаган майда ва оз сонли турли-туман аҳолидан ўлканинг асосий аҳолисига қарши сотқинлар сифатида фойдаланишдилар. Масалан, истилочи, босқинчи руслар Самарқандни ишғол этишда шаҳарда яшовчи майда миллат (ҳозир уларни тожиклар, деб юритишади) вакили сотқинлигидан самарали фойдаланишганлар. У сотқиннинг исми тарихга маълум, уни Комоллиддин хўжа, атайдилар.

Рус империясининг “олий мақсадларидан” бири Туркистонда туркларни тўла тугатиш ва батамом битиришдан иборат бўлган эди. Улар Туркистоннинг исмини ҳам, жисмини ҳам йўқотмоқчи эдилар. Шунинг учун бу тупроқда, бу тупроқнинг чин соҳиблари ўрнида бошқа бир чатиш, дурагай миллат, истилочиларга тўла тобе гуруҳ тикламоқчи бўлгандилар. Улар Самарқандни қўлга олган ҳамон, уни босқинчиларга сотган сотқиннинг авлоди асосида бундай чатиш гуруҳни ясашга киришдилар. Шу сабабдан сотқинлар учун маълум даражада иқтисодий ва сиёсий ваколатлар туғдирилди. Чунки турклар тугатилиб, уларнинг ўрнида, маданий савияси паст, тарихи йўқ, аслининг тайини бўлмаган аҳоли гуруҳи ҳосил этилган замон, метрополияга қарши ҳеч  қандай хавф туғилмайди, деб хулоса этишгандилар.

Шундай қилиб, бу мамлакат-Туркистон юртида сотқин, олчоқларга йўл очиш ўша руслар истилосининг ибтидосидан бошланган буюк бир қусур, ёвуз бир сиёсатдир. Энг ачинарли жойи шундаки, мана шу босқинчи сиёсатининг натижаларига халқ оммаси бугун кўникма ҳосил қилган.

Чор истилочилари ўз империалистик режаларини тўлиқ амалга ошириб улгурмасдан ҳокимиятга ленинчи болшовойлар келди. Булар миллий аталмиш сиёсатларида мисли кўрилмаган ёвуз усуллар ишлатишдилар. Чор Императори уддалай олмаган ишни улар амалга оширди, яъни бир бутун буюк ўлкани, Туркистонни бўлаклаб ташлади. Улар, ягона Туркистон тупроғида бешта “миллат” ва бешта “давлат” ясашди. Сотқинлик ва олчоқликни тарих кўрмаган ва билмаган даражада рағбатлантирди, уни авж олдирди. Миллатнинг илғор қисмини давомли жисмоний тугатиб бориш мақсадида, “босмачиларга қарши кураш ва уларни тугатиш”, “қулоқларни синф сифатида тугатиш”, “халқ душманларига қарши кураш”, “немис – фашистларига қарши Ватан уруши” ва ниҳоят ”пахта иши” каби иғволар ўйлаб чиқарилиб, тўқилиб турилди ва бу уйдурмалар оқибатида халқ ўзининг илғор, илмли ва билимли, маданиятли, зиёли қисмидан жудо қилиб турилди.

Бу ўйинларнинг ҳар бирида Туркистон бўйлаб минглаб-миллионлаб фақат ўзбеклар (турклар) қириб ташланди. Айниқса, ҳар сафар уларнинг кўзга кўринган олимлари, зиёлилари, ҳарбий қумондонлари саралаб йўқотилар-ди. Оқибатда, Республика ҳақиқий олчоқлар, сотқин, маданий ва маънавий савияси паст, келиб чиқишининг тайини йўқ кишилар “раҳномалигида”, уларнинг “йўлбошчилигида” қолдирилди. Бу сотқин “раҳбарчалар” ҳеч бир замон, бирор соҳада мустақил фикр ёки иш юритмади ва улар бирор хил иш юрита олиш илм-фаросат ва шуурга эга ҳам эмас эдилар. Масалан, Ўзбекистонга(умуман Турк республикаларининг барчасида ҳам шундай бўлди) бош раҳбарликка олчоқ, лаганбардор, сотқин шахс танланиши ва тайинланиши билан бир қаторда, унинг асли, миллий келиб чиқиши турк (ўзбек) бўлмаслигига совет даврида алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон-га раҳбар танлаш узоқ давомли бир жараён бўларди. Ҳатто у бўлажак “раҳбар” қаердадир, қандайдир усуллар билан махсус тайёргарликдан ўтган бўларди. Ўзбекистон “раҳбари” тайёрланадиган мактабни фақат КПСС Сиёсий буюроси ва КГБ биларди, холос. Бир асрга яқин совет даври давомида асли келиб чиқиши, тарихан илдизи турк бўлган шахс Ўзбекистонда Бош мансабга, Ўзбекистон Компартияси(КП) Марказий Комитети(МК) 1-котиблиги мансабига тайинланмади. Бу фикрни асослаб далил келтира бошланса анча кўп жой олади. Ундан ташқари исботи ўз-ўзидан кўриниб ва билиниб турган воқеаларни такрор исботлаб ўтиришга ҳожат борми? Қизиққан кишилар ЎзССР КП МК Биринчи котиблари таржимаи ҳолларини озгина синчиклаб ўрганса етарлидир. Уларнинг барчаси сотқин, келиб чиқиши бетайин, бири тожик, бири лўли, бошқаси қулми, яна кимдир?! Уларда яна бир муҳим ҳол кузатилади, яъни Ш. Рашидовдан бошқа уларнинг барчасида хотинлари ҳам маҳаллий миллат қизларидан эмаслар. Худди шунингдек И. Каримов ҳам, биринчидан, унинг асли ўзбек эмас. Ҳатто Каримовга турк-ўзбек уруғларининг бирортасининг қони ҳам қўшилмаган. Ислом Каримов, бундан икки-уч аср муқаддам ўтироқлашган лўлилар (мазанги-тавоқтарашлардан)дандир. И.Каримовнинг ота тарафидан уруғлари, яъни унинг отасининг жуда яқин қариндошлари Самарқанд вилоят, Оқ-Дарё райони Даҳбет совхози, Даҳбет қишлоғига яқин ерлашган ўтроқлашган лўлилар қишлоғида яшашадилар. Аммо Каримов бу фактни бутун имкониятлари билан халқдан яшириб келади. Иккинчидан, Каримовнинг хотини ҳам маҳаллий миллат қизи эмас. И.Каримов ҳақиқатан Самарқандда туғилган. Аммо эл орасида махсус тарқатилган ва тарқатилаётган “И. Каримов детдомист (етимхонада ўсган дейилмоқчи)” каби миш-мишларда заррача асос йўқ. Унинг отаси умри-нинг сўнгига қадар “Заготконтора” директори вазифасида ишлаган. Каримов отасининг оиласи ўз замонида ҳеч нарсага муҳтож бўлмай яшашган. Чунки совет “Заготконтора”лари совет кишиларига жуда яхши маълумки, у ташкилот раҳбарининг боласи “детдомист” бўлмайди. Чунки “Заготконтора” мудири ҳеч замон моддий муҳтож киши бўлмаган.

Мен И.Каримовнинг келиб чиқиши ҳақида ёзарканман, уни лўлилардан, деб ҳисоблар эканман, у шахс сифатида Ўзбекистон Компартияси МК 1-котиби қилиб тайинланишга ҳақли эмас эди, демоқчи эмасман. Ундай фикрдан мутлақо узоқман. Ҳатто унинг ҳозирги мустақил Ўзбекистон Республикасига Президент бўлиб сайланишига (агар шундай, ҳақиқатан сайланган бўлса) ҳам эътироз билдиришга ҳақим йўқ. Чунки ихтиёрий бир демократик режимдаги мамлакатда, унинг ҳар бир фуқароси, миллати, унинг териси рангги, диний эътиқотидан қатъи назар баббаравар ҳақ-ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлмоқлари шарт. Бу ерда, масала биринчидан, совет даврида ўтказилган ёвуз сиёсат ҳақида, у даврда олчоқликни, лаганбардор-ликни, маҳаллий миллатга душманликни ривожлантириш сиёсати ҳақида кетмоқда. Иккинчидан, И.Каримовнинг Ўзбекистон Президенти вазифаси-да ўтириб ўтказаётган сиёсати ҳақида ва ўз асли келиб чиқишини оммадан яшираётгани ҳақида кетмоқда. Шу кунларда Ўзбекистонда И.Каримов ўтказаётган ёвуз сиёсатни, миллатга бу қадар душманликни, зулмни рус истилочилари, ҳатто қонхўр коммунистлар ҳам ўтказа олмагандилар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 1989 йили, Совет Иттифоқининг барча бурчакларида алғов-далғов бошланган, Балтиқ бўйи Республикалари СССР таркибидан чиқиб кетаётган, икки қондош, диндош, қардош уруғни махсус пичоқлаштиришга эришган бир даврда Ўзбекистондай бир Республикага, Туркистоннинг тарихий марказига, турклар тарихининг учоғига ўзбекни-асили туркни КПСС МК (истилочи руслар) томонидан бош раҳбар қилиб қўйилишига ишониб бўладими? Бундай бўлишига ишониш, ҳатто бунинг мумкинлигига озроқ умид қилиш ҳеч нарсадан мутлақо хабарсизлик, гўдаклик бўларди. Аммо ўша замон баъзилар И. Каримовни ўзбек, демо-крат, деб қабул қилишди. И. Каримов шахсига муносабатда ҳам Абдура-ҳим Пўлатов сиёсатда гўдаклигини кўрсатганди. Чунки А.Пўлатов ва бошқа бир қатор “Бирлик”-чилар 1989 йили Ўзбекистонга келтирилган 1-Котибни жуда илиқ ва демократ бир киши, деб қабул қилишгандилар. 

8.1.3. ”БИРЛИК”нинг I-ТАЪСИС ҚУРУЛТОЙИ ҲАҚИДА. 

1989 йил 28 май куни Тошкентдаа ”БИРЛИК” халқ ҳаракатининг биринчи Қурултойи чақирилди. Қурултойга Самарқанддан 15 киши делегат бўлиб қатнашди. Ҳозир уларнинг 15-тасининг ҳам исм-шарифларини бирма-бир келтира олмайман. Шунинг учун бу ерда уларнинг бир нечасининг исмларини келтираман. Самарқандлик делегатлар ичида Йўляхшиев Алибой, Мурадов Сулаймон, Намозов Борот, Ражабов Норжигит, Умурзақов Абдумалик, Элмуродов Исрофиллар борлигини аниқ эслайман.

Қурултой жуда кўтаринки руҳда бошланди ва шундай руҳда давом этди, айнан шундай руҳда тантанали ёпилди. Қурултой мажлислари Тошкент шаҳар, Пушкин кўчаси, 1-бинода, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси мажлислар залида ўтказилди. Қурултойга оид барча тафсилотларни икир-чикирига қадара бирма-бир эслаш ва барча ҳолатларни айнан такрорлаш жуда қийин, албатта. Мен мазкур баённи, ойма-ой ҳисоблаганда Қурултойдан роппа-роса тўққиз йилу, саккиз ой сўнг (1999 йил феврал ойида) ёзмоқдаман. Қурултойга тааллуқли асосий ва муҳим ҳолатлар, у ерда қабул қилинган қарорлар, ташкилий масала ва башқа хил нозик тафсилотларни яхши хотирлайман. Шунинг учун Қурултойнинг ўша ёддан чиқмас тафсилотларини баён этишга ҳаракат қиламан.

Ҳаммасидан аввал, Қурултой делегатлари таркиби ва уларнинг савияси ҳақида сўзламоқчиман. Делегатлар, ўз унвон ва илмий даражалари жиҳатидан ўша замонлар Ўзбекистонда ўтказиладиган ва ўтказилиши мумкин бўлган мажлисларнинг истаган биридан кам эмаcди. Қурултойга делегат сифатида таниқли академиклар, фан докторлари, профессорлар, Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчилар, институт ва университетлар-нинг фаол-аълочи студентлари, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари қатнашмоқда эдилар.

Қисқаси, делегатлар ҳар томонлама ўша давр Ўзбекистон аҳолисининг илғор ва фаол қисми вакилларидан ташкил топгандилар. Қурултойнинг ана шу тарафи энг аввал очиқ кўзга ташланиб турарди. Иккинчи тарафдан, ўша замонлар учун катта қизиқиш туғдирдириши мумкин бўлган тасодиф ҳам эътиборни ўзига тортарди. Қаранг, Москвада СССР халқ депутатлари 1-Қурултойи давом этиб турган бир вақтда Тошкентдаа ”БИРЛИК” 1- Қурултой ўтказмоқда. Бу ҳол, делегатлар учун ҳам, Республика аҳолиси учун ҳам қизиқ бир қиёсий ҳолат эди. Ўша замонларда бундай ҳоллар кишиларни қизиқтирмай қолмасди. Тақдирни қаранг, 1989 йилда 1-қурултойларини ўтказишган “БИРЛИК” ҳам, СССР халқ депутатлари ҳам кўп ўтмай бўлиниб ва тарқаб кетдилар. Масалан, “БИРЛИК” ўша йили кузидаёқ бўлиниб қолган бўлса, СССР халқ депутатлари ундан икки йил сўнгра бутунлай тарқаб кетдилар. Учинчи, менинг ёдимда сақланиб қолган таассурот, ташкилотнинг “БИРЛИК” халқ ҳаракати, деб тантанали эълон этилиши эди. Бу тарихий баёнотни Қурултой минбаридан техника фанлари доктори, профессор Олим Каримов эълон этган эди. Аммо Қурултой қарори бўйича Ҳаракат аввалги “Ўзбекистон табиати, моддий ва маданий бойликларини ҳимоя қилиш “ Бирлик” ҳаракати “ номини сақлаб қолмоғи керак эди. “Халқ ҳаракати” жумласи қавс ичида “шахсий” фойдаланиш учун ёзиладиган бўлганди. Чунки бизда, Ўзбекистонда халқ ҳаракати (жафҳа, фронт ) тузишга кишилар ҳали эркин ботина олмаётгандилар.

Ниҳоят, ёдда қолган энг муҳим тафсилот бу Қурултойда ўтказилган ташкилий масаладир. 1-Қурултойда қабул қилинган Ҳаракат Низомида Ҳаракатга якка Раис сайлаш тартиби қабул этилганди. Шунинг учун раисликка қанча номзод кўрсатилмасин, фақат уларнинг биригина  сайлан-моғи лозим эди.

74 йилдан кўпроқ совет даври тарихида бундай очиқ, эркин мажлис илк бор ўтказилмоқда. Шунинг учун бўлса керак, делегатлар ўзларини жуда эркин тутишар, кимни лозим кўришса ўшанинг номзодини Раисликка кўрсатишардилар. Шундай қилиб, “БИРЛИК” халқ ҳаракати Марказий Кенгаши Раислигига номзод этиб бир қатор дўстлар кўрсатилди. Уларнинг орасида таниқли шоир Эркин Воҳидов, ёш шоирлардан Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азиз, техника фанлари доктори Абдураҳим Пўлатов ва бошқалар бор эди. А.Пўлатовдан ташқари барча номзодлар ўз номзодларини турли хил сабаблар билан қайтариб олишдилар.

Жумладан М. Солиҳ ҳам А. Пўлатов номзодини қўллаб, ўз номзодини рўйхатдан чиқаришларини сўради.

Хуллас, Қурултой Абдураҳим Пўлатовни кўтаринки руҳда “БИРЛИК” халқ ҳаракати Марказий Кенгаши раиси этиб сайлади. Бу ҳам ёдда қолар бир тантанали тарихий момент эди. Қурултой 150 кишилик “БИРЛИК” халқ ҳаракати Марказий Кенгаши (МК) аъзоларини ҳам сайлади. ”БИРЛИК” МК Раислигига номзодларнинг барчаси МК аъзолари этиб сайланишди, жумладан Э.Ваҳидов ва Муҳаммад Солиҳ ҳам МК аъзолари бўлдилар. Самарқандликлардан 12 киши МК аъзолигига сайландилар. Жумладан мен ҳам улар қаторида МК-га сайландим.

Қурултойда бўлиб ўтган бошқа тарих учун унча аҳамияти бўлмаган икир-чикир ҳолатлар ҳақида ёзишга ҳожат йўқ. Аммо делегатларнинг бири сўзлаган нутқ ҳам мени ўша замон жуда катта руҳландирган эди. У нутқ шоир Эркин Ваҳидов нутқи эди. Севимли (ўша замон учун) ўзбек шоири Гуружистон пайтахти Тибилисида қон тўкилишига қарши бир шеър ўқиб берганди. Шеър унча узун эмасди. Шеърда “Тифлисида қон тўккан коммунист бўлса мен компартия билетимни отганим бўлсин,” дейиларди. Чиндан ҳам ҳали 1989 йиллари бундай шеър ёзиш, бундай қадам мардлик ва жасурлик саналарди. Ўшанда Э. Ваҳидов менга дунёда энг жасур киши туюлганди. Афсуски, кўп ўтмай бу “жасур” шоир қўрқоқликнинг ҳам мисли кўрилмаган намунасини намойиш қилди. Натижада кишиларда шоирлар барчаси Э. Ваҳидовга ўхшаш бўлсалар, улар сиёсатга яқин келмасин, деган фикр пайдо бўлди. Э. Ваҳидов Ўзбекистон Олий Совети депутати бўлиб қолгач, уни Олий Совет “Ошкоралик” комиссиясига раис этдилар. Ана шундай муҳим комиссиянинг раиси ҳали советлар даврида “компартия билетини отишни истаган,” “жасур” шоир Э. Ваҳидов  ошкора-лик ҳақида бирор оғиз сўзлашга, матбуотда бирорта зиғирдек мақолани очиқ ёзишга журъат қила олмаса, нима дейсиз?! Ҳатто Ўзбекистон халқ депутати, “Ошкоралик” комиссиясининг раисини кўчада дўппаслаб кетишганда ҳам Олий Совет Кенгаши мажлисида бир оғиз сўз айта олмаган шоирни ким, деса бўлади?! Ҳа, “БИРЛИК” тарихида, Ҳаракатга тасодифан кириб қолган Э.Ваҳидовлар анчагина учради. Тарих кўрсатдики, бу хил “БИРЛИК”чилар фақат оддий аъзолар орасида эмас, балки Ҳаракатнинг раҳбарлигига сайланган “биродарларимиз” ҳам “жасур”ликда улардан узоқ эмас эканлар. Бу маънода, “жасур”лик маъносида “БИРЛИК” раҳбарлари ҳам Э. Ваҳидовлардан қолишмаслик-ларини кўрсатдилар. Уларнинг “жасурлик” ва “ғоявий” изчилликлари ҳақида ўрни келган жойда сўзлаб ўтамиз.

Шу билан Қурултой баланд руҳда тантанали ёпилди. Делегатлар уй-уйларига тарқаб кетишди. Биз Самарқандликлар, Тошкентлик “БИРЛИК”-чи биродарлар билан илк дафа ана шу қурултойда танишдик. Қурултойдан сўнгра марказ билан алоқаларимиз анча дуруст йўлга қўйилди. Биз МК йиғилишларига системали қатнашадиган бўлдик. Энди Тошкентдан варақа, газета ва кўргазмаларни давомли ва системали оладиган бўлдик.

И. Каримовнинг “БИРЛИК” вакиллари билан учрашишга ҳаракати ва ўшандай учрашувнинг содир бўлиши. 

И. Каримов эндигина Ўзбекистон компартия МК 1-котиб қилиб тайинланган вақт эди. Ҳали И. Каримов “БИРЛИК” вакиллари билан учрашмаганди. Аммо И.Каримов Ўзбекистон КП МК 1-котиби қилиб тайинлангандан дарҳол СССР халқ депутатлари қурултойида дабдабали нутқ сўзлаб улгурганди. Дарҳақиқат, Каримовнинг ўша нутқи ташқаридан қаралганда ўз замонаси учун катта кашфиёт, жасоратга ўхшаб кетарди. Аммо у нутқ махсус режани кўзда тутиб, КПСС Марказий комитетида тайёрланганлигини, унинг Сиёсий буюрога қадар тақалиб келган Ўзбекистондаги “пахта иши”ни ортиқ давом эттирмаслик, бу ишни тўхтатишга тайёргарлик қадами шаклида амалга оширилганлигини кўпчилик тушунмасди, албатта. Нутқ Ўзбекистонда эмас, Москвада тайёрланганлигини билувчилар эса, бу ҳақида сўзлай олмасдилар, албатта. Афсуски, кўпчилик қатори Тошкентлик “БИРЛИК”чилар, жумладан Ҳаракат Марказий Кенгаши Раиси А.Пўлатов ҳам бу чалғитувчи нутқдан мамнун, балки сеҳрланган эди. Мен ўшанда бир юмуш билан Тошкентга тушгандим. Шу сабабдан ёзувчилар уюшмасида А. Пўлатов билан учрашиш имконим бўлди. Мен А. Пўлатовга И.Каримов ҳақида икки оғиз характеристика бердим. У характеристика, “Адураҳим, силар, Каримовни жуда илиқ қабул этдинглар. У самарқандлик, мен самарқандликларни яхши биламан. Бу одамдан эҳтиёт бўлиш керак”, деган мазмунда бўлди. У эса, менга “Алибой ака, нима деяпсиз, Қашқар Дарёда 1-котиб бўлиб ишлаган, Қаршиликлар, айтишаяпти, Каримов демократ одаммиш. Олий Cовет Қурултойидаги сўзини ҳам қаранг”- деб жавоб қилди. Мен эса, унга бу янги 1-котибнинг асл башараси, бироз сўнгроқ очлилиши ҳақида сўзлаган бўлдим.

Хуллас, Раис менинг сўзларимни эътиборсиз қолдирди. Кейинроқ билсам, И.Каримов Ҳаракатнинг раҳбарияти билан учрашиш ниятини тарқатган экан. Жумладан А. Пўлатов яқин кунларда И.Каримов билан учрашувга ҳозирланаётган ва ундан марҳаматлар, балки садақалар умидида юрилган бир вақтда мен унга И. Каримовдан узоқроқ бўлиш керак, дебман. Айни замонда, А. Пўлатов, ўзи билан чиқиша олмай “БИРЛИК”дан чиқиб, янги партия тузган М.Солиҳни вақтинчалик И. Каримов “ҳурматига” сазовор бўлгани учун ҳамон сотқин ҳисоблайди. Ўша замонлар И. Каримов “БИРЛИК”чиларни қабул қилишни анчагина тарғиб қилдирди. Аммо 1-секретар “БИРЛИК” номидан вакиллар гуруҳи ёки Ҳаракатнинг Раиси А. Пўлатовни эмас, М. Солиҳнинг якка ўзини қабул қилди. Ана шу воқеадан буён А. Пўлатов тинмасдан оғзидан ва қўлидан келганча М. Солиҳни сотқин, деб келади. Ўша қабул тарихини билганимча таҳлил ва таърифлашга ҳаракат қиламан.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон КП МК янги 1-котиби “БИРЛИК” вакиллари билан учрашув эълон этиб, оқибатда Ҳаракатнинг Раиси ёки унинг вакиллари билан эмас, “БИРЛИК” Марказий Кенгаши аъзоларидан бири шоир М. Солиҳ билан учрашув ташкил этди. Бу ҳар томонлама иғво эди, албатта. Бу иғвода И. Каримов нимани кўзда тутган, унинг асл мақсади нима эди, унга бундай қилишни ким маслаҳат берди? Бу саволларга айнан жавоб топиш мураккаб. Аммо уни мантиқан таҳлил қилса бўлади, албатта. Масалага оддийроқ қаролса (балки тўғриси ҳам шудир.), “БИРЛИК” расмий ташкилот эмас, Ўзбекистон КП МК эса, ҳаракатдаги расмий ҳукумат, ҳокимият. Борди-ю КП МК 1-котиби “БИРЛИК” раиси билан учрашиб, уни раис сифатида қабул этса, “БИРЛИК”нинг норасмийлиги де-факто бўлиб қолади. Учрашувгача ёки ундан сўнгра дарҳол Ҳаракатни расмийлаштириш зарур бўлади. Москва, чунончи Ўзбекистон ҳукумати эса, бунга ҳали тайёр эмас. Демак, КП МК 1-котиби “БИРЛИК” раиси А. Пўлатовни қабул қила олмайди, у билан расмий учрашув ўтказа олмайди. Аммо ўша вақтдаги вазият СССР Марказий ҳукуматидан ва унинг кўрсатмасига мувофиқ Ўзбекистон бош раҳбаридан “БИРЛИК” ташкило-тини эътиборсиз қолдирмаслик ва уни тузган инсонлар билан учрашиш зарурлигини талаб этарди.

Миллий уйғониш ғоясидаги бу ташкилот Москвага мутлақо керак эмасди, бу ортиқча ташвиш эди, ундан тезда ва батамом қутулиш зарур эди. Ўзбекистонга эндигина 1-котиб қилиб тайинланган И. Каримов учун ҳам коммунистик расмий ҳукуматга параллел халқ ҳукумати жуда ноқулайлик-лар келтириб чиқариши кўриниб турган бир ҳол эди. Шунинг учун И. Каримов олдида ”БИРЛИК”чилар билан учрашиш, бу биринчи, бунда Москва кўрсатмаларини ўрнига қўйиб бажариш, бу икки, ниҳоят Ўзбекистонда Каримов якка ҳокимиятини мустаҳкамлаш, бу уч, каби мутлақо бир-бирига тескари манфаатлар турарди. Уларни бир жойда, муштарак масалалар шаклига келтириш жуда ҳам енгил ва жўн бўлмаган учта мараккаб масала эди. Бу муаммоларни ечишда Каримов якка эмасди, албатта. Унинг ихтиёрида жуда кўп имкониятлар мавжуд, катта тажрибага эга Совет КГБ ташкилотидек унинг ёрдамчиси ва маслаҳатчиси ҳам бор эди. Бу ҳамма нарсага қодир ташкилот – КГБ масаланинг ечимини топди. Ўзбекистон КП КМ янги 1-котиби ”БИРЛИК” вакили сифатида, унинг Марказий Кенгаши аъзоси, қолаверса Ҳаракатни ташкил этувчиларнинг асосийларидан бири, ёшлар ва зиёлилар орасида таниқли шоир Муҳаммад Солиҳни қабул қиладиган бўлинди. Қаранг, бу қабулни ҳар тарафдан кузатманг, у мақсадга, айниқса ҳукумат мақсадига жуда мос. Биринчидан, расмий қабул, Республиканинг Бош Раҳбари ўз ваколати тассаруфидаги бир мансабдаорни қабул қилмоқда. Чунки ўша замонларда М.Солиҳ Республикада таниқли, замонавий ёшлар орасида анча машҳур шоир бўлиб қолмай, у ўша замонларда Республика ёзувчилар иттифоқининг бош котиби (секретари) ҳам эди. Шунинг учун учрашув тўла расмий, қоидалар жойида, “БИРЛИК”нинг мақоми ҳақида сўз ҳам йўқ. Иккинчидан, М. Солиҳ “БИРЛИК” ҳаракатида кўзга кўринган шахс, Ҳаракат Марказий Кенгаши, унинг Ҳайъати аъзоси, Ҳаракатни ташкил этган ташаббускорлар-нинг сардори, етарли даражада “БИРЛИК” ҳаракати номидан ваколатли бир вакил билан учрашилмоқда. Исталган жойда, “БИРЛИК” вакиллари ёки вакили билан учрашдим, дейишга арзийди. Учрашув мавзуси ҳам Москвада яхшилаб ишлаб чиқилган бўлиши керак, албатта. Бизга у мавзу номаълум, у фақат Оллоҳу таолога, КГБ, И. Каримов ва М.Солиҳларга аниқ. Замон келиб, у тарихий учрашув мавзуси ва унинг мазмунини М. Солиҳ тўла ва холис баён этар. Уни тарих кўрсатади. Ҳар ҳолда КГБ тарафидан тайёрланган программа билан иш юритган Ўзбекистон КП МК 1-котиби, учрашувга “БИРЛИК” ҳаракатини ривожлатиришни мақсад қилиб олмагани ҳам аниқ, менимча. Учрашувда М. Солиҳнинг олдига уни чалғитувчи, сеҳрловчи, ташқи кўринишдан “БИРЛИК” манфаатига қаратилган, аслида унинг ичига узоқ таъсир этувчи ”заҳар” тўлдирилган бир қатор таклифлар қўйилган бўлиши ҳам табиийдир.

Ўша вақт нима бўлса, бўлди, учрашув ташкил этилди. Тўғри, агар учрашув “БИРЛИК”чилар билан ўтказилди, дейилса, у ёлғон, Ҳаракатнинг битта вакилини қабул қилиш, унинг вакиллари билан учрашув бўлолмайди. Аммо ҳеч ким ҳали расмий равишда “БИРЛИК” билан учрашилди, деяётгани ҳам йўқда. Демак, “БИРЛИК” бу ҳолга қандай қарамоғи ва қанақа баҳо бермоғи лозим эди? Бу саволга жавоб ҳақида жиддий фикр-мулоҳаза юритилгандан сўнггина мантиқли бир хулосага келиш мумкин эди. Бу ҳақда Ҳаракатнинг МК ва унинг Ҳайъати жиддий ўйламоғи, ваҳималарга берилмаслиги, асослими, йўқми ҳар хил миш-мишлар тарқалишига йўл қўймаслик лозим эди. Учрашув воқеасини “БИРЛИК”-нинг зарарига эмас, аксинча унинг фойдасига бошқариш усулларини излаб топмоқ шарт эди. Ундан, сиёсий ютуқ туғдирмоқ лозим эди. Унинг ўрнига нима бўлди? Ўртага ҳасад чиқди, яъни А. Пўлатов 1-котиб нега мени эмас, М. Солиҳни қабул қилади, деб унга ҳасад қила бошлади. Юқорида кўрсатганимиз каби, Компартиянинг Республика 1-котиби норасмий ташкилот раҳбарини расмий равишда қабул қила олмасди, ахир. Сиёсат билан шуғулланмоқчи бўлган шаввоз буни тушунмоғи лозиммасмиди? Муҳим сиёсий хулосалар чиқариш, бу ишга М. Солиҳнинг ўзини фаол жалб қилиш, ҳукуматга орада ҳеч нарса бўлмагандай кўрсатиш, Ҳаракат ва унинг раҳбариятини янада жипс тутиш керакмасмиди? Йўқ, бундай тўғри ва жуда зарур сиёсий хулоса чиқариш ўрнига А.Пўлатов ўз ҳасадига чидай олмай, дарҳол М. Солиҳни сотқин эълон қилди. М. Солиҳ ҳам сиёсий хомлик қилиб, унга тумшуқ қилди. Аслида, А. Пўлатов қилмаган, қила олмаган фикр мулоҳазаларни М. Солиҳ қилса ҳам бўларди ва Ҳаракатнинг ривожи учун зарур бўлган сиёсий хулосалар қилмоғи шарт эди. Афсус, ундай ақлли қадам қўйилмади,  у замонлар. Оқибатда, воқеалар КГБ фойдасига улар режалаштиришганидан ҳам гўзаллироқ ва тезроқ бир шаклда ривожланди.

8.1. 4. ”БИРЛИК” халқ ҳаракати иккинчи навбатдан ташқари қурултойи.

8.1.4.1. Қурултой олди воқеалар. 

1989 йили куз ойлари Ўзбекистон КП МК 1-котиби И. Каримов ”БИРЛИК” Марказий Кенгаши (МК) аъзоси М. Солиҳни қабул қилгандан бирмунча вақт сўнгра Ўзбекистонда ўзбек тилида нашр қилинадиган ”Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва ”Ёш Ленинчи” газеталари “БИРЛИК” халқ ҳаракати Низомини эълон қилди. Газеталар чоп этишган “Бирлик” Низоми Ҳаракат МК Ҳайъати аъзолари томонидан имзоланган бўлиб, улар орасида, МК раиси А. Пўлатовнинг имзоси йўқ эди. Демак, бу “БИРЛИК” раҳбарияти ягона поситсияда эмаслигидан дарак берарди. Чиндан ҳам бундан бошлаб Ҳаракатда икки гуруҳ пайдо бўлгани кундан-кун очиқ кўрина бошлади. Ҳукумат ва КГБ “БИРЛИК”даги бу ҳолатни зимдан ва очиқчасига ривожлантиришга бор куч ва имкониятларини ишга солиб борди. Воқеаларнинг ривожланиши “БИРЛИК” МК-да жиддий бир қарорга келишни тақозо қилмоқда эди. Шунинг учун 1989 йили октябр ойида Тошжкентда “БИРЛИК” Марказий Кенгашини чақиришга тўғри келди. Бу МК йиғилиши ҳам Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси мажлислар залида ўтказилди. Мажлисни чақириш М. Солиҳ ва унинг тарафдоплари томонидан таклиф этилганди. Шунинг учун бўлса керак, мажлис А.Пўлатов фаолиятини муҳокама этишдан бошланди. МК йиғилишини истаган биродарлар мажлисга А. Пўлатов ҳақида бир хат тайёрлашган эканлар. Энг аввал у хат мажлисга ўқиб эшиттирилди. Хатни Тошкент Политехника институти дотсенти Каримов (унинг исми ёдимда йўқ) ўқиб берди. Аммо хат, уни тузганларга тўла зарар келтирди. Чунки хат шундай тузилгандики, унинг махсус тайёрланганлиги, муаллифларнинг нохолисли ги шундайгина билиниб турарди. Хатда анчагина ноаниқликлар, чалкаш-ликлар, ҳатто очиқдан-очиқ кўриниб турган ёлғонлар ҳам ишлатилганди, шекилли. Оқибат шу бўлдики, хатда ёлғонлар, тўхматлар жуда кўп бўлганидан, унда келтирилган А. Пўлатовнинг ҳақиқий салбий хусусият-лари, эътибордан четда қолиб кетди. Мажлис аҳли “жабрдийдани” ҳимоя қилишга ўтиб кетди. Улар хатни М. Солиҳ ва унинг тарафдорлари тайёрла-ган, улар ҳукумат тарафига ўтиб кетишмоқда, деган фикрни олға суриб, А. Пўлатовни жиддий қўллай бошлашди. Биз, Самарқанддан келишган МК аъзолари ҳам хатни тўла маъқулламадик, яъни амалда А. Пўлатовни қўллаган бўлдик. Дарҳақиқат, хат ниҳоятда бемаза тузилганди. Ҳатто М. Солиҳ ўшанда мажлис минбарига чиқиб, бу “мазмунсиз” хатдан хабари йўқлигини тан олишга мажбур бўлганди. Шу билан бирга у “А. Пўлатов “БИРЛИК” МК раиси бўлишига ортиқ рози бўла олмайман”, деб ҳам эълон қилди.

Мажлис давом этиб, хат муҳокамаси бошлангандан сўнг залда нафақат А. Пўлатовни Раисликда сақлаб қолиш, аксинча хат муаллифларини аниқлаш ва уларни “БИРЛИК” сафидан чиқариш масаласи ўртага чиқа бошлади. Мажлисда шундай вазият юзага келган бир вақтда М.Солиҳ “А. Пўлатов билан ортиқ баробар давом эта олмаслигини”, баён этиб, мажлисни ташлаб кета бошлади. Самарқанд вакилларидан мен ва Б. Намозов иккимиз “залдан ҳеч ким чиқмайди. “БИРЛИК”да ихтилофга йўл қўйиб бўлмайди”, деб мажлис зали эшигини бироз ушлаб турдик. Аммо эшикни узоқ ушлаб туриш, М. Солиҳ ва унинг ортидан мажлисни тарк этишаётган яна 25-30 кишини ортиқ тўхтатиб, ушлаб туриш мумкин бўлмади. Оқибатда биз эшикдан чекиндик, улар мажлисни ташлаб кетишди. Аммо мен М. Солиҳ билан унинг кабинетигача бордим. Кабинетда ҳам мен унга “Солижон, яхши иш бўлмади. Мажлисга қайтишимиз керак. Пўлатов масаласи бошқа ҳол. Уни келажак кўрсатади. “БИРЛИК” бўлинмаслиги керак”, дедим. М. Солиҳ менга жавоб бериб, “Йўқ, домла, бўлмайди, бўлмаяпти. Биз янги ҳукумат билан муроса қилмоқчимиз. Акс ҳолда репрессияга дучор бўламиз. Мен иккинчи марта 37-йиллар такрорланишини истамайман. Пўлатов эса буни хоҳламаяпти, у револютсия истаяпти”, деди. Ўша вақт мен М.Солиҳнинг фикр ва қарорида бирор ўзгариш ясай олмадим. Ўша воқеа, ўша тарих ўн йил ортда қолди. Бу орада қанча сув оқди, қанча воқеалар, ҳодисалар тарихга айланди. А. Пўлатов ҳам, М. Солиҳ ҳам узоқ мусофирлик-муҳожирлик даврини бошдан кечирдилар. Аммо уларнинг ўзаро муносабатлари юмшамади. Демак, масала унча ҳам “револютсия исташ” ёки истамасликдаликда бўлмаган кўринади.

М. Солиҳга эргашиб мажлисни ташлаб чиққанлар, ўша бинодаги кичик залда йиғилишгандилар. Уларнинг олдига айнан менинг миссиям билан Б. Намозов кирганди. М. Солиҳ ҳузуридан чиқиб мен ҳам кичик залга келдим. Узоқ вақт масала торшуви давом этди. Ҳар бир томон ўз фикрларида қолишди, бирор умумий хулоса чиқармоқ қийин бўлди. Охир-оқибат, мажлисни тарк этганларни мажлис залига қайтариш мумкин бўлмади.

Катта залда ҳам мажлис давом этарди. Ҳа, ўша вақт кўпчилик Ҳаракатнинг бўлинмаслиги тарафдори бўлишдилар. Аммо Самарқандликлардан ташқари вилоятлар вакиллари биздек жон куйдирмадилар. Бу А. Пўлатов жабрдийда, унга туҳмат қилинаяпти, шунинг учун уни қўллаш керак, деган фикр кучлилиги ёки вилоят вакилларининг камчилликлари эмас, балки ҳали уларда сиёсий гўдаклик, сиёсий хомлик катта бўлганлигида, масала-нинг чуқур оқибатларини яхши тушуниб этмасликда эди.

Биз, вилоят ташкилотлари Ҳаракатнинг МК ва унинг Ҳайъати таркибида келиб чиққан ихтилофни чуқур ўрганмадик, ўргана олмадик. Унинг асл сабабларини фикр-мулоҳаза этиб, чуқур таҳлил қилолмадик. Натижада, “Пўлатов”чилар ҳам, “Солиҳ”чилар ҳам, у икки шахс, шахсий фикрлари, шахсий муносабатларига мос ҳаракат қилишган бўлиб қолдик. Уларнинг орасида эса, кўпроқ шахсий манфаатлар ётгани ёки ётиши мумкинлиги ҳақида яхши ўйлаб кўрмадик. Натижада, улар ўртасида муносабатлар чуқурлашиб кетаверган сайин Ҳаракатдан путур кета бошлади. Афсус, биз бунга йўл қўймаслигимиз шарт эди.

Аммо биз, вилоят ташкилотлари воқеани ўз вақтида яхши тушуна олмадик, Ҳаракат ичида ихтилофларнинг олдини ололмадик.

Шундай қилиб, “БИРЛИК”нинг сусайишида биринчидан бизнинг сиёсий хомлигимиз, тажрибасизлигимиз асосий сабаблардан бўлган бўлса, иккинчидан, бизнинг ана шу тажрибасизлигимиздан фойдаланган КГБ аввал орамизга ихтилоф тушириб, сўнгра аста – секин изчиллик билан орамизни бузиши ва учинчидан, Ҳаракат раҳбариятининг нохолислиги, майда-чуйда манфаатларга ўралашиб қолиши сабабдир.

Мен Ҳаракатнинг энг уюшган ташкилотларидан бири Самарқанд вилояти ташкилоти раҳбари сифатида доим, қўлимдан келгунича “БИРЛИК”нинг ягона, жипслашган ташкилот бўлиб қолиши ва унинг кескин, изчил ҳаракатлар қилиши тарафдори бўлиб қолишга интилган бўлсам-да, А.Пўлатов хусусиятидаги шахсий манфаатпарастлик, шуҳратпарастлик, маҳаллийчилик каби қусурларни вақтида сеза олмаганим ва узоқ вақт унинг тарафдори бўлиб қолганим, А. Пўлатовнинг Ҳаракат Раислиги ва раисдошлигида давомли қолишида бир неча бор ҳал қилувчи рол ўйнаганим билан катта сиёсий хатога йўл қўйганман, деб ҳисоблайман, ўзимни.

Бугун, мен узоқ муҳожирлик замони хулосаларига суяниб, А. Пўлатов ва унга энг яқин бўлиб қолишган кишилар В. Иноятова, О. Одилов, М. Нарзиқулов, Абдумонноп Пўлатовлар ва бошқа бир қатор шуларга ўхшашлар ҳеч қачон, ҳатто бирозгина бўлса-да “БИРЛИК” ғояларининг атрофида ҳам турмаганлар, улар фақат ўз шахсий манфаатлари учун “БИРЛИК”дан ниқоб сифатида фойдаланишганлар, холос, деб ҳукм чиқаришга ҳақлиман. “Кўр, кўрни қоронгида топибди”, деб халқ бежиз айтмаган, ахир. Юқорида номлари келтирилган кишиларнинг барчаси, ҳатто Ҳаракатнинг энг авж вақтларида ҳам Ўзбекистон ҳукуматига бевосита ва билвосита хизмат этган бўлишилари керак. Масалан, В. Иноятова, Усмонова, Одилов, Нарзиқулов(раҳматли)ларнинг жосуслиги умумга маълум ва бу алоҳида исботга муҳтож эмас, деб билиш керак. Улар, мамлакат ичида Ҳаракатни тўла ва батомам сотиб, тугатиб бўлиб, 1993 йиллардан эътиборан улар ўз жосуслик фаолиятларини, яъни Ўзбекистон ҳавфсизлик комитетига ишлаётганликларини унча ҳам ниқоблаб ўтиришмасдилар. Чунки улар чет элда юрган уч-тўрт “Бирлик”-чининг “қудратини” яхши билишардилар. Аслида исм шарифлари келтирилган гуруҳ ҳеч бир хусусияти билан бир-биридан фарқ қилишмайди. Масалан, уларнинг “машҳурлари” иккала Пўлатов ҳам 1995 йилга келиб, ҳақиқий башараларини тўла ва батамом ошкор этди, яъни улар И.Каримов ёвуз рержими винтиклари эканликларини оламга намойиш қилди. Энди, улар кимликларини ҳеч бир “БИРЛИК” ниқоби билан ёпа олишмайдилар.

М. Солиҳ ҳақида тўлароқ хулосалар сўзлашга етарли маълумотларим йўқ. Чунки мен ва “Бирлик”нинг Самарқанд ташкилоти М.Солиҳ билан яқиндан муомалада ва фаолиятда бўлмадик, бўлолмадик. Лекин баъзи кўриниб турган фикрларни баён этмаслигим мумкин эмас. Биринчидан, 1989 йил октябрда чақирилган “БИРЛИК” Марказий Кенгаши мажлисини ўтказиш ва уни ташкил этишда унинг иштироки, ташаббуси борлиги аниқ ва исбот талаб қилмайди. Иккичидан, А. Пўлатовни “фариштага” айлантирган ўша машъум хат Солиҳ тарафдорлари тарафидан ёзилганлиги ҳам исботга муҳтож эмас. Ҳатто бу ҳолни биз, Б. Намозов иккимиз ўз вақтида исбот этганмиз, дея оламан. Ўша мажлис куни танаффусда, биз Солиҳ тарафдори, шоир Мирза Кенжабек ва яна бир ёзувчи, унинг исмини унутдим, тўрттамиз бирга тушлик қилдик.

Тушликда биз М. Кенжабекка ”у хатни силар ёзгансанлар, сен ҳам у жараёнда қатнашгансан”, деб маҳкам ёпишдик. Ўшанда М. Кенжабек “БИРЛИК” Пўлатовдан қутулиши керак. Аммо қутулиш усулини тўғри танламабмиз”, деди, бизга тан бериб. Демак, хат тайёрланаётганидан М. Солиҳ хабарсиз бўлиши мумкин эмасди. Тўғри, М. Солиҳ хатни кўрмаган, ўқимаган бўлиши мумкин. Унга фақат оғзаки ёки телефонда хат ҳақида хабар қилишган бўлишлари мумкин. Солиҳ ва унинг тарафдорлари А. Пўлатов ҳақида ўз вақтида тўғри хулосага келишган ва бирор сиёсий ўйин йўли билан А. Пўлатовни “БИРЛИК”дан четлаштириш учун хатни ташкил этишни ўйлаб топган бўлишлари мумкин. Аммо бу иш, бу яхши ўйламай ташланган қадам Ҳаракатга ўрни тўлмас зарар, А. Пўлатов шахсига эса ”шуҳрат” келтирди. А.Пўлатовнинг шахсий камчиликлари узоқ вақт ниқобда қолишига сабаб бўлди. Ана шу воқеадан сўнгра Пўлатовни танқид, деярли Ҳаракатни танқидга айланиб қолди. Бу ҳам сўзсиз М. Солиҳ хатоси ва камчилигидир. Ундан ташқари “БИРЛИК” фаолиятидаги камчилликлар бўйича А. Пўлатовга қўйилаётган айблар, М. Солиҳ адресига ҳам тааллуқлидир. Чунки “БИРЛИК”дан чиқиб, унинг сафини бўшаштириб эмас, балки Ҳаракатда қолиб, сафларни янада жипслаштириб, уни кучлантириш йўллларини изламоқ лозим эди. Сиёсатга йўл олган киши учун мен санаганларнинг барчаси ютуқ эмас, хато ва камчиликдир.

М. Солиҳнинг бир сиёсий киши сифатида, Ўзбекистондаги мустабид режимга мухолиф ҳаракат ва партия ташкил этган шахс сифатида бир қатор ютуқлари мавжуд. Аммо бу ерда М. Солиҳ фаолиятининг “БИРЛИК”-га тегишли қисмини мен билганимча ўз фикр – мулоҳазаларим доирасида тасвирлашга уриндим, холос.

Хуллас, “БИРЛИК” МК 1989 йил октябр йиғилишидан сўнг, Ҳаракат раҳбариятида ихтилоф табора кучайиб бораверди.

яқин мавзу