8.1.12.5 – 8.1.12.7 параграфлар.

8.1.12.5.Москвадаги муҳожирлик даврининг бошқа баъзи тафсилот-лари. 

Юқорида таъкидлангани каби 1994 йилнинг иккинчи яримидан бошлаб Москвада яшай бошладим. Москва ҳаётимнинг биринчи тўрт ойи ҳақида юқорида бироз сўзладим. Унинг биринчи (1994 йил, июл) ойини Ё.Обид билан бирга, унинг ижора уйида яшадим. Менинг озиқ-овқатим Толиб Ёқубов ёрдами ва қисман Ё.Обид ҳисобидан, ўтиб турди. Ҳазратқул Худойберди ва Баҳром Ҳамроев ҳам менга бироз моддий ёрдам беришган бўлишди. Аммо бирмунча вақт сўнг, Б. Ҳамроев берган ёрдамини (аслида уни ёрдам ҳам деб бўлмасди. Чунки у менга баҳоси ўн доллар бўлган бир иштон олиб берганди ва пулини шундай қайтариб олдики …) усталик билан қайтариб олди. Баҳромбой ўз “беминнат хизматини” мендан қандай қилиб ундириб олиш усулини тўла ёзсам, унга инсон зоти ишонмасми, деган шубҳам бор.

Ё. Обид билан бирга яшаган бир ойда кузатилган баъзи воқеалар ахлоқий ва сиёсий аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Биринчидан, 1994 йил июл ойининг бошларида, тахминан ойнинг 10-ларида Киевда тайёрлаган “Ўзбекистон нимага суянади” номли, мафкура масалаларига бағишланган мақоламнинг қўл ёзмасини танишиб чиқиш учун мен Ё.Обидга бердим ва имкони бўлса уни “ОЗОДЛИК”дан ўқиб беришни ундан сўрадим. Мақола ҳажми менинг қўл ёзувимда 50 саҳифа эди. Машинкада ёзилса 20-25 саҳифага яқин материал бўларди. Ё.Обид уни ўқиб чиқиб менга “материалинггизни 3-4 саҳифа ҳажмида қисқартириб берсанггиз, уни радиода оқиб бериш мумкин”, деди. Бу таклиф менга унча ёқмади, аммо бу жавобнинг ички моҳиятига ҳам унча аҳамият бермадим. Чунки мен у замонлар биринчидан, “ОЗОДЛИК” радиоси нима-ю, унда эшитиришлар қандай тартибда олиб борилади фарқига бормасдим. Кейин билсам Радиода чиқиш қилган киши ҳақ ҳам оларкан. Унақа, “ОЗОДЛИК” радиосида чиқиш қилиб, унга гонорар олиш каби масалаларни мутлақо билмасдим. Булар барчаси мен тушунмайдиган ва тушунишга қизиқмайдиган масалалар эди. Билмаган нарсага менда қизиқиш қаердан бўлсин. Лекин менинг мақолам, спорт маълумоти эмаслиги аниқ эди, албатта. У қисқартирилиш учун эмас, балки тўла шаклда бирорта матбуот органида эълон қилинадиган анчагина солмоқли материал эди. Ё.Обид менга, “материални қисқартиринг”, деганда, “мақолани тўла яхшилаб ўқидинггизми?”, деб табиий равишда савол бердим, унга. У, “ҳа, ўқидим, ўқиб чиқдим. Ҳа, силар олим одамларсизда, мақола яхши ёзилган”, деди. Мен, холис, оқ кўнгул одам бўлганимдан бу баҳони, бир дўстнинг холис баҳоси, деб айнан эшитганим каби тўғри қабул қилдим, қўйдим. Иккинчидан, яхши ниятли одам ақлига дарҳол шубҳа, терс фикрмас, яхши ва тўғри, холис фикр келади, ахир. Одамзотнинг ютуғини кўрса ҳавас ўрнида ҳасад уйғонадиган кишилар ҳам ҳаётда оз эмаслигини билсам-да, ёнимдаги бу “Бирлик”чи Обид ҳам ўшалардан, ўша синфдан эканлиги ухласам тушимга ҳам  кирмасди, у замон. Менда Аллоҳ берган бир хусусият бор, кишиларни ажратишда доим кечигиб юраман. Ҳамиша ким мен билан бироз илиқ гаплашса шунга ишониб қоламан. Мана бу ерда ҳам у менинг “ғоядош шоир акам” (мен Ё.Обидга ҳам “ака”, деб мурожаат қилардим. Ҳамид Расулев эса, уни “исқирт шоир”, деярди. Аслида, унинг атамаси Ёдгорга жуда хос ва мос эди) эса, мақолани жуда яхши ўқиб чиқиб, шундай бир материал ўзиники бўлмаганидан ҳасади жўшиб, жони ҳалқумига тиқилганидан “коса, коса тагида ним коса” қабилида сўзлаётган ери экан. Мен эса, Ёдгор нима учун 50 саҳифали материални 3-4 саҳифага келтиришни таклиф этганлиги ва бунинг асил моҳиятини бу воқеалардан бирон йил ўтиб кетганидан кейингина, 1995 йилнинг июн-июлларига келиб, тушунаман.

Ё.Обиднинг ёнида яшарканман, инсон хусусиятини белгилайдиган яна бошқа бир қатор ҳолатларни ҳам кузатдим. Улардан иккитаси ҳақида сўзлаб ўтаман.

Кунлардан бир кун Ё.Обид ҳеч жойида ўтира олмай қолди. Ҳаяжони кўксига сиғмай қолди, шекилли, менга бироз очилган бўлди. “Биласизми, мен билан Каримовнинг министрларидан бири учрашув таклиф қилаяпти. Нима қилсам, экан учрашувга борайинми?” – деди, тўсатдан, у. Мен бу одамнинг ҳаяжонини тушунмасдим. Нима бўлибди, учрашишни истаса истабди-да, унинг учун шунча ҳаяжонга ҳожат нима? Борди-ю, Каримов учрашмоқчи бўлса бу одам нима қилар экан, деган фикр кечарди, менинг хаёлимдан. Шунга қарамасдан мен унга, “ҳа учрашиб кўринг, нима деяр экан дедим.” Шу воқеа сабаб бўлиб, унинг ўзи менга яна бошқа бир воқеани сўзлаб, берди. Унинг бу ҳикояси ҳам ҳис ва ҳаяжонлар билан тўлиб-тошганди. Ё. Обид менга ҳикоя сўзлаётган маҳалда, Ўзбекистонниг Москвадаги Буюк элчиси ўзгарганди. Аввалги элчи эса, Неъмат Юсупович Абдуллаев, исмли бир киши эди. Бу Н.Ю.Абдуллаевни мен анча яхши танирдим, шахсан унинг ўзини (жумладан унинг ўзини ҳам жуда яқиндан бўлмаса-да танирдим) эмас, унинг отасини, амакисини ва бошқа қариндошларини етарли даражада яқиндан танирдим. Улар Самарқандлик, унинг отаси Самарқандда анчагина кўзга кўринган киши, вилоят ҳакамлари коллегияси аъзоси. Айниқса, унинг амакиси, Ўзбекистонда машҳур Навоийшунос олим, Ўз ССР ФА академиги, Воҳид Абдуллаевич Абдуллаевдир. Аммо бу Абдуллаевлар, Ўз ССР КП МК котиби вазифасида ишлаган Р.Ҳ.Абдуллаевага алоқаси йўқ. Улар ўзларини тожик ҳисоблайдилар. Бу Абдуллаевлар ҳаётида бир воқеа содир бўлмаганда эди, уларнинг тожиклигига мен аҳамият бермаган бўлардим. Раҳматли, академик В.А.Абдуллаев ўз ўлимидан бироз олдин паспортини ўзгартириб, миллатини тожик ёздирган эканлар. Билмадим, бу иш ҳам совет КГБси тарафидан бажарилганмикин? Лекин ёши 70-дан ошган бир академикнинг паспортини алмаштириш КГБига шунча ҳам зарурмиди? Қизиғи шундаки, Ёдгор “акам”нинг ҳикояси эса, “Ўзбекистоннинг Москвадаги эски элчиси академик Абдуллаевнинг жияни Н.Ю.Абдуллаев ҳақида бўлиб, у Наманганлик менинг жуда яқин дўстларимнинг қариндоши бўларкан, мен буни ўз вақтида билмабман.Ўз вақтида буни билсам эди, у билан учрашиб, у-бу масалаларни ҳал қилардим”, деган мазмунда эди. Буни қаранг, министрнинг учрашиш таклифига ўзида йўқ ҳаяжонда, қандайдир танишининг қариндоши элчидан хабарсиз қолганига бунчалар қайғу ва ҳасрат қиладурган одам, бу Ё.Обидлари қанақа мухолиф, қанақа режимга қарши курашмоқчи, бу одам? Ҳеч тушуниб бўлмайди. Ҳар ҳолда мен тушуна олмасдим. Элчини таниб (унинг ўзини эмас, қандайдир танишининг таниши бўла туриб), министрнинг учрашувга чақирувини эшитиб шунчалар хурсанд бўлаётган “революционер”, курашчи, ватанпарвар тасодифан Президент Каримов эътиборига тушиб қолса нима қилар экан? Шундай бўлса, унинг юраги ёрилиб, ўлиб қолардими, деб ўйлайман. Ўқувчи мени кечирсин. Мен бундай кескин сўзларканман, бунга менда асос бор. Чунки, кейин аниқландики, Ёдгор “акам”нинг “министри” бутунлай бошқа одам бўлиб, Ўзбекистондаги министрлардан бири, Бахтиёр Ҳамидов билан отдош бўлган бир бошқа киши экан, холос. Унинг устига у, Ўзбекистон ҳукуматига мутлақо алоқаси бўлмаган бир киши экан. Кўраяпсизми, ҳеч нарсадан, ҳеч нарса думига нағора тоқиб юрибди, бу “акам”. Бундайларни ким атамоқ лозим? Шунинг учун мен оташин бўлмоқдаман, шунинг учун мен уларни мафкурасиз, ахлоқсиз, деб атамоқдаман. Чунки улар ҳеч бир замон ғоя, ғурур, шуур, Ватан, эл-миллат каби қадриятларнинг кўчасидан ўтмаган. Улар ҳамиша “юқорига” ҳамкасбини, қўшнисини, ҳеч ким тополмай қолса хотинини иғво қилиш билан яшаб келганлар. Улар ўз тор шахсий манфаати, пул, мансаб турган жойда хотин-ю, қизини бериб юборадиганлар туридандир. Афсус, бечора ўзбек мана шунақа аянчли кишиларни ўзининг халоскорлари сафига қўшиб юришибди. Ўзбекларнинг манфаати, уларнинг золимлар қўлида эзилаётгани ҳақида Нарзиқуловлар, Ё.Обидлар сўзлаб турса йиғлашдан бошқа иложинг қолмайди?! Зулм нима, ҳақ-ҳуқуқ нима, халқ, миллат манфаати нималигини англатиш, тушунтириш, уларни баҳолаш Нарзиқулов ва Ё. Обидларга ёки шуларга ўхшашларга қолган бўлса Ўзбекистонда Каримовнинг ўғри ҳукумати ҳали узоқ замонлар яшамоғи керак. Миллатнинг халоскори шулар бўлса, “Эчкининг, қўйга “орқанг очиқ”, деб, кулиши тўғридир.

Шундай қилиб, бир ойга яқин мен Ё.Обиднинг олдида яшашимга тўғри келди. Бу давр давомида у одамнинг инсонийлиги, сиёсий савияси ҳақида менда баъзи бир фикрлар туғила бошлаган бўлса-да, унинг шахси ҳақида тўла хулосалар ясамагандим. У вақтлар Ё.Обид ҳақида “сиёсий савияси паст, одамгарчилигининг тайини йўқ, бир киши, шекилли”, деб қўя қолгандим.

Москвага келганимдан кейин бир ой ҳам ўтар-ўтмас, 1994 йил 31 июлда хастахонага тушиб қолиб, у ерда бир ой ҳаёт ўтказиш, яъни даволинишда бўлдим.

У бўлди, бу бўлди, иш қилиб, 1994 йил сентябр ойининг бошидан эътиборан тўла Москвада яшай бошладим. Москва шаҳар, Докукина кўчаси, 2-бино, 5-уй, 5-хонадонда бир хонани ижорага олдим. Бу манзилда, менга қадар Алберт Мусин, Ҳ.Худойберди ва яна бир Тожикистонлик муҳожир (Абдувоҳид Икрамов) ҳам яшашган эканлар. У ерни, аслида ўша дўстлар менга таклиф қилишди ва бир ойлик ижора ҳақини ҳам тўлашдилар. Улардан, Аллоҳ рози бўлсин. Шундай қилиб, улар мени бир ойга ўрнаштириб қўйишди. Толиб Ёқубов ҳам бир ерга мен учун 80$ пул қолдирганди уни ҳам олдим. Иш қилиб,”Тиш берган Аллоҳ, ризқи-насибани ҳам Ўзи беради”, деб бекорга айтишмаган шекилли, у ердан, бу ердан яшашга лойиқ нон пули учун маблағ чиқиб турди. Биринчи сезиларли ёрдамни 1994 йил сентябр-октябр ойларида Истанбулдан, Аб. Пўлатовдан олдим. У, сентябр охири октябрда менга, Москвага икки дафа 250(икки юз эллик)$ – дан, 500(беш юз)$ пул юборди. Шу билан яшаш масаласи бирмунча жойига тушди. Бу иш, бу кўмак учун Абдураҳимдан кўп миннатдорман. Аммо, бироз нозик жойи шундаки, у ёрдамнинг бир- мунча миннати ҳам бўлди. Улар ҳақида бу ерда сўзлаб ўтирмайман. Чунки Пўлатовлар ҳақида бошқа мақолаларимда анча гапирилади.

Аб. Пўлатовнинг ёрдами билан икки-уч ойга менинг яшаш масалам ҳал бўлган бўлса-да, масала умумий ҳолда ҳал бўлмаганди. Яшашнинг бирор доимийроқ йўлини топиш керак бўлаётган эди. Шунинг учун биз Ҳазратқул иккимиз юқорида тилга олинган эълонларни ўйлаб топган эдик. Ундан ташқари биз бошқа бир ишни ташкил этмоқчи бўлдик. Бу ишнинг ягона ташаббускори мен бўлдим. Ҳазратқул эса, фақат менинг фикрларимни оғзаки маъқуллади.

Мен Москвада яшаётган ўзбекларнинг миллий, маданий, диний уюшмасини ташкил этиш керак, деган фикрга келдим. Шундай уюшмани яхши ташкил эта олсак, шу баҳонада бир-икки кишининг яшамоғи учун ҳам, бизнинг сиёсий фаолиятимиз учун ҳам фойдали, бўлар, деб ўйладим. Уюшмани “Ўзбекистон” ёки “Туркистон” миллий, маданий маркази”, деб исмлашни таклиф этмоқчи бўлдим. Унинг Низомини яхшилаб ёзиб чиқдим. Кимларгадир ёлиниб, ёлвориб Низомни компютерда ёздириб олдим. Энг сўнгги вариантини кўчиришга бироз ҳақ ҳам тўладим. Аммо бу ишим ҳақида ҳеч кимсага сўз очмадим. Қоғозлар тўла тайёр бўлди, деб ҳисоблаганимдан сўнгра маслаҳат учун Ҳазратқулга кўрсатдим. Менинг ниятим бизни танийдиганлардан ҳеч кимга билдирмасдан бу уюшмани ташкил этиш Россия хукуматидан қаид қилдириб олиш эди. Яъни, ўша замонлар ёнимизда бўлган М. Нарзиқулов, Ё. Обид, М. Инақов ва Алберт Мусинларга бу ишни билдирмасликни кўзда тутгандим. Аммо Ҳазратқул материаллар билан танишиб чиққач, А. Мусинни қўшиб олайлик, деган фикрда қаттиқ турди. Мен буни жуда истамасам-да, оқибат Ҳазратқулнинг таклифини қабул қилишга рози бўлдим. Оқибатда, “Низом”нинг қўл ёзмасини танишиб чиқиш учун А. Мусинга ҳам бердик. Аммо биз ундан бошқа ҳеч ким билан шереклашмоқчи эмаслигимизни ҳам таъкидладик. Шунга қарамасдан, у дарҳол бу ишдан М. Нарзиқуловни хабардор қилди. Раҳматли М. Нарзиқулов “БИРЛИК”чи муҳожирларга ёрдами бўлиши мумкин бўлган барча ишларга уларнинг уюшган гуруҳи бирор шаклда кўзга ташланишига ичдан, қалбдан қарши киши сифатида бу ҳаракатга бор куч ва имконлари билан қарши турди ва қизғин қарши курашди, албатта. Натижада, менинг муҳожирлик ҳужжатимни расмийлаштиришда юзага келган жараён бошланди.

Бу вақтга келиб, чет элда “БИРЛИК”нинг фаолияти ҳам деярли тўхтаган эди. Ҳаракат номидан ҳеч ким бирор кўзга ташланадиган иш қилмаётган эди. Шунинг учун сиёсий фаолиятларимизга ҳам бирмунча жон киритишимиз зарур бўлмоқда эди. Шу муносабат билан биз, (мен ва Ҳазратқул иккимиз) Истанбулга (Аб. Пўлатовга) бир неча марта хат ёздик. Масалан, мен ўзим Абдураҳимга уч маратабо хат ёздим ва ҳар сафар уни Москвага келишга таклиф қилдим. Чунки ўша замонда муҳожир “БИРЛИК”чиларнинг асосий қисми Москвада тўхтаб, бу ерда бир қатор сиёсий ва иқтисодий ишларни йўлга қўйиш имконлари мавжуд эди. Аммо Аб. Пўлатов, “унинг ҳужжатлари жойида эмаслигини” баҳона қилиб, бизнинг таклифларимизни қабул этмади ва Москвага келмади. Пўлатовларнинг Москвадаги “вакили”, раҳматли Нарзиқулов ҳам “Раис (А. Пўлатов, демоқчи), “БИРЛИК” фаолиятини вақтинча тўхтади”, деганлар, биз ҳозир сиёсат билан шуғулланмаслигимиз лозим”, деб бизга “Бирлик” номидан бирор фаолият кўрсатишимизга нуқул халақит берарди. Шу сабабдан Ҳазратқул Худойбердининг қатъи талаби билан “Ўзбекистон (Туркистон) миллий маданий уюшмасини” тузуш ташкилий мажлиси чақирилди ва мазкур йиғилишда “БИРЛИК”нинг муҳожирликда фаолияти хусусида ҳам масала кўриладиган бўлди.

Мажлис, 1994 йил 10 сентябрида ўтказилди. Мажлисга Ҳамид Расулев – “Мустақил ҳафталик” газетаси муҳарири, Тоҳир Боқаев – “БИРЛИК” Бухоро вилояти гуруҳининг бошлиғи, Баҳром Ҳамроев – “БИРЛИК” Зарафшон шаҳри гуруҳининг бошлиғи, Ҳазратқул Худойберди – “БИРЛИК” Тошкент вилоят Кенгаши раиси, Алибой Йўляхшиев – “БИРЛИК” Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, Алберт Мусин – эркин мухбирлар қатнашдилар. Мажлис “Ўзбекистон миллий ва маданий уюшмаси” тузилганлиги ва “Муҳожирликда фаолият кўрсатувчи “БИРЛИК” ишчи гуруҳи” тузилганлиги ҳақида қарор қабул қилганлигини эълон этди. Йиғилиш Ҳ. Худойбердини “БИРЛИК” ишчи гуруҳи” раиси этиб сайлади. Бу ҳақда Москвада нашр этиладиган “Експресс Хроника” газетасида хабар берилди. Йиғилишда қабул қилинган қарорларга кўра янги тузулган “Ишчи гуруҳи” БИРЛИК”нинг бундан аввал сайланган раҳбар органлари ваколатларини ҳеч бир ҳолда алмаштириш ҳақига эга эмасдилар. Аксинча “Ишчи гуруҳи” иши Ҳаракатнинг чет эллардаги фаолиятини жонлантириб, “БИРЛИК” МК ва МК Раисдошларига сезиларли ёрдам этишдан иборат бўлиши керак эди. Аммо бу мажлис ва унинг қарорлари Пўлатовлар тарафидан уларнинг ваколатларига тажовуз сифатида қабул қилинди. Пўлатовлар фикри қандай бўлишига қарамасдан Ҳазратқул кенг фаолият бошлаб юборди. Чунки бу вақтлар “БИРЛИК” ҳаракат сифатида деярли йўқ бўлиш ҳолига келганди. Ўша йили сентябр – декабр ойлари “БИРЛИК” ишчи гуруҳи” Москвада бир қатор сиёсий тадбирлар ўтказди. Масалан, “Ўзбекистон президенти номига норозилик хати”, Москва шаҳар А.С.Пушкин майдонида Ўзбекистонда ноҳақ қамоқларда сақланаётган махбусларни озод этишларини талаб этган митинг ўтказиш, Ўзбекистондаги сиёсий аҳволга жиддий эътибор лозимлигидан келиб чиқиб, дунё мамлакатлари давлат бошлиқлари номига ташкил этилган ва уларга жўнатилган хат, Руссия Президенти ва Парламенти номларига ёзилган, “Чеченистонда уруш ҳаракатларига қарши таклиф” каби номалар улардан бир қисмидир. “Маданий марказ”ни расмийлаштириш учун энг асосий шартлардан бири ташкилот фаолият кўрсатадиган жой, манзил(офис, адрес) масаласи аниқ бўлиши керак бўлди. Бу масалада биз Ҳамид Расулевдан ёрдам сўрадик. Чунки биринчидан, Ҳамид ака Руссия фуқароси бўлиб, иккинчидан, унинг шаҳарда ўз ҳисобида квартираси(уйи) бор эди. Аммо “Мустақил ҳафталик” газетасига боғли ўтган баъзи ҳолатларни сабаб кўрсатиб, у бизнинг таклифимизга рад жавоби берди. Шундан сўнг биз Москвадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи ташкилотлардан бири, “Москва Хелсинки груҳи”га қарашли, Алеексей Смирнов раҳбарлик қилаётган гуруҳдан адрес масаласида ёрдам сўрашга мажбур бўлдик. Ўша замонларда, “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўрта Осиё гуруҳи” ҳам Смирновлар идорасида жойлашган эди. Бу гуруҳнинг ижрочи директори Алберт Мусин ҳисобланиб, аммо бу ташкилотнинг номи бор эди-ю ўзи мутлақо фаолият кўрсатмасди. Ўрта Осиё гуруҳи расмийлашмаганди. Ҳар ҳолда Смирнов бизнинг илтимосимизни рад этмади, масалага майиллик билдириб, “силарга, яъни Ўрта Осиёликларга тегишли бир ташкилот ҳам бор. Янгисини тузгандан кўра уни ишга солсаларинг, унинг ишини жонлантирсанглар ҳам ёмон бўлмасди, аммо у ерда Абм. Пўлатов ҳам ҳисобда”-деб қўшимча қилди. Оқибатда, менга унинг ишхонасига келиб ҳужжатларни тайёрлаш билан шуғулланишга ижозат берилди. “Ўзбекистон миллий маданий маркази”ни расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнгра, Смирнов ҳам ишни, яъни бизга унинг адресидан фойдаланишга ижозат беришни бирмунча пайсалга сола бошлади. Энди у бизни “Миллий ва маданий марказ”ни эмас, фақат инсон ҳуқуқлари гуруҳини  расмийлаштиришга кўпроқ  ундай бошлади. Чунки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўрта Осиё гуруҳи номигагина бўлиб, гуруҳ расмийлаштирилмаган ва норасмий бир шаклда бор ҳисобланар эди. Унинг ижрочи директори, ўртоқ А. Мусин ҳам, Абм.Пўлатовнинг “молиявий” вакили М. Нарзиқулпов ҳам бу гуруҳни расмийлаштириш каби “майда иш” билан шуғулланишни истамасдилар. Бу гуруҳга, уни расмийлаштиришга уларда эҳтиёж ҳам бўлмаганди. Охир оқибатда, биз “Миллий ва маданий марказ” тузиш фикридан воз кечиб, Смирновнинг таклифини қабул этдик. Бир томондан биз бунга мажбур қолгандик. Чунки бизнинг сиёсий ҳаётимиз ва турмуш ўтказмоғимиз бизни бирор ташкилотда ишлашимизни тақозо қилмоқда эди. Бу масала биз учун ҳаётий заруратга айланиб бўлганди.

Шундай қилиб, мен, энди янги ташкилотнинг, яъни “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Марказий Осиё” гуруҳини расмийлаштириш ҳужжатларини тайёрлашга киришдим. Улар ҳам кўп ўтмай тайёр бўлди. Аммо ташкилотнинг таъсис мажлисини ўтказишни бироз вақтга кечиктирдик. Чунки Вошингитондан Абм. Пўлатов келаётган эди. У ўша замонлар Марказий Осиёда асосий “инсон ҳимоячиси” ҳисобланарди. Шу ерда яна бир нарсани таъкидлаб қўйишим керакки, ҳужжатлар тайёрлаш давомида на А.Мусин (аслида, ижрочи директор сифатида ҳужжатларни Мусин тайёрлаши керак эди), на Нарзиқулов бу ҳужжат тайёрлаш ишларига аралашгани ва зиғирча қизиққанлари ҳам йўқ. Барча чизиш ва ёзишларни мен якка ўзим бажардим. Бу ишга Ҳазратқул ҳам аралашгани йўқ. Чунки Ҳазратқул у замон “БИРЛИК”нинг ишчи гуруҳи” ишлари билан жуда банд эди.

Ана шундай қилиб, “Ўзбекистон” миллий маданий марказини ташкил қилиш ишларини вақтинча тўхтатиб, унинг ўрнига А.Смирновнинг таклифи билан “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Марказий Осиё” гуруҳини расмийлаштиришни ташкил этиш ишлари билан машғул бир замонда, “Эрк”чилар ўз газеталари “ЭРК” ва Ўзбекистон бирлашган мухолифати газетаси “ФОРУМ”ни қайта нашр қила бошлашганлари ҳақида хабар топиб қолдик. Ўша газеталарнинг қайсидир сонида Намоз Нормўмин ва Жаҳонгир Маматовларнинг биргалашиб ишлашга чақириқлари эълон қилинганди. Шунинг учун мен ва Ҳазратқул Худойберди иккимиз газеталарни чиқара бошлаган ташкилотчилар билан дарҳол алоқа ўрнатиш ва улар билан ҳамкорлик қилиш тўғри иш бўлади деган фикрга келдик. Бир илож қилиб, кўп ўтмай улардан бир қисмини топдик. Улар мухбир ва компютерда ишлавчилардан иборат бўлиб, ўн кишига яқин мутахассислар эдилар ва Москва шаҳарида ерлашгандилар. Газеталар М. Солиҳ раҳбарлигида ва унинг бевосита иштирокида нашр этилмоқда эди. Биз, иккимиз уларга “ФОРУМ” газетасини чиқаришда ҳамкорлик таклиф қилдик. Таклифимиз қабул қилинди. Аммо газеталарни нашр қилишда моддий маблағ масаласи проблемали бўлганлигидан мен ва Ҳазратқулга ҳар ойда 100 $-дан ҳақ бера олишларини сўзлашдилар. Бу пул, айниқса Ҳазиратқул учун жуда оз эди. Чунки у уч боласи ва хотини билан Москвада ижорада яшамоқда эди. Бу пул мен учун ҳам катта эмасди, албатта. Чунки мен ҳам Москвада фақат ижорага 50 $ тўлаб турмоқда эдим. Шундай бўлишига қарамасдан мен бу шартга вақтинча рози бўлдим. Чунки менда бошқа ҳеч бир келим йўқ эди. Ҳазратқулда ҳам аҳвол мендан фарқли бўлмаса-да, унинг Швецияга кетиши ҳал бўлган масала бўлиб, у истаган бир вақтда чет элга кетиш имкони запасда турарди. Чунки Ҳазратқулнинг қочоқлик мақоми аллақачон ҳал бўлган ва у фақат йўлга қачон чиқишини айтишлари қолган эди. У эcа, сиёсий фаолиятимиз Москвада самарали бўлади, деган фикрда Швецияга жўнашни пайсалга солиб турганди. Агар унинг яшаши учун ўртача шароит бўлса эди, Ҳазратқул Швецияга кетмоқчи эмасди. Аммо Ҳазратқул 1994 йил декабр ойига қадар ҳақ олмасдан “ФОРУМ” газетасини нашр эттиришга ёрдам берди. Газетанинг 2-сони қўл ёзмасини тайёрлашда қатнашди. Лекин у болаларини қийнаб қўймаслик учун 1995 йил бошида Швецияга кетишга мажбур қолди. Оқибатда, “ФОРУМ” билан шуғулланиш ҳам менга, бир ўзимга қолди.

Газеталарга боғли ишларни бошлаганимизча йўқ эди. Менимча, 1994 йил октябрнинг бошида Абм. Пўлатов Вошингитондан Москвага келди. Унинг Марказий Осиёда, яъни Қирғизистонда ҳам ишлари бор эди. Шунинг учун у Москвада кўп ўтирмасдан тезда Қирғизистонга жўнаб кетди. Шу сабабли сиёсий фаолиятимизга тегишли ишларни муҳокама этиш ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси “Марказий Осиё” гуруҳи тузилиши масалаларини ойнинг сўнггига қолдирдик. Аммо у Қирғизистонга жўнагунига қадар мен, Ҳазратқул, М. Нарзиқулов ва Абдуманноб тўртталамиз узун давом этган бир суҳбат ўтказдик. Тўрт кишилик суҳбатимиз анча вақтни еган бўлса-да, ҳеч бир амалий натижа бермади. Оқибат, мен кечаси Абдуманнобнинг олдида, меҳмонхонада қоладиган бўлдим, бошқалар меҳмонхонадан чиқиб кетишдилар. Бу ҳол, яъни менинг Абдуманнобнинг олдида қолишим Нарзиқуловга жуда ёқмади. Лекин Нарзиқулов (балки учрашувдан шубҳаланиб умрида биринчи бор) адашаётганди. Чунки Абм. Пўлтовнинг шумлиги, у замон тўрт кишидан иборат суҳбатдошлардан ҳеч бирига маълум эмасди. Унинг ичида нима борлигини англаш қийинди, албатта. Иш қилиб, биз иккимиз Москвадаги қимматбаҳо меҳмонхоналардан(ўша меҳмонхона исмини унутдим, Ленинградми эди) бирида бир кеча кечаладик. Аммо ухламадик, фақат суҳбатни давом етказдик. Жуда кўп гаплар сўзланди. “БИРЛИК”нинг янги тузилган “Ишчи гуруҳи” ҳақида ҳам, М. Нарзиқулов фаолияти ҳақида ҳам, янгидан тузиладиган миллий ва ҳуқуқий ташкилотлар ҳақида ҳам, барча, барча проблемлар ҳақида бир-бир сўзланди. Бир кечалик суҳбатдан ҳар биримиз ўз ичи(калла)мизда бир-бирига ўхшамас алоҳида-алоҳида хулосалар чиқардик, менимча. Ўртага чиққан сўзлар, бир-биримизга эшиттирилиб айтилган сўзларимиз эса, умумий муносабатларимизга зарари йўқдек туюларди, аммо уларнинг самимийлиги шубҳали эди.

Эртаси куни дўстлар ( Ҳазратқул, Баҳром) мендан, “домла, қани кечаси билан нима иш бажардинггиз, уканггиз(Абдуманноб дейилмоқчи)  иккингиз қандай проблемларни ҳал этдингиз?” – деб сўрашдилар. Мен уларга, “Дўстлар, бир кечалик уйқусиз давом этган суҳбатдан хулосам шулки, агар Абдумонноб соф ва пок инсон бўлса, яъни грант маблағларини тўғри сарфлашаётган бўлса, Нарзиқулов бошқа Москвада бир кун ҳам ишламайди”, деб жавоб бердим. Ўша суҳбатдан сўнг Абм. Пўлатов Қирғзистонга жўнаб кетди ва октябрнинг сўнггида такрор Москвага келди. Бу вақт мен “Марказий Осиё” инсон ҳуқуқлари ҳимояси гуруҳи ҳужжатларини тайёрлаб, мажлис ўтказишни кутиб турган эдим.

 Шундай қилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Марказий Осиё гуруҳини таъсис этиш мажлиси ноябрнинг 3-да ўтказиладиган бўлди. Ундан олдин мен Абм. Пўлатов билан такрор узоқ давом этган суҳбатда бўлдим. Суҳбатнинг асосий мазмуни ўша инсон ҳуқуқлари ҳимояси “Марказий Осиё” гуруҳи ташкилий масалалари ҳақида бўлди. Биз иккимизнинг келишишимиз бўйича Гуруҳга М. Нарзиқулов раис, мен ижрочи директор, А. Мусин масъул котиб бўладиган бўлинди. Чунки тайёргарлик давомида ҳамма иш менинг қўлимдан ўтаётганди, мажлисдан сўнг ҳам шундай қолмоғи лозим эди. Ҳозиргача ҳам асосий иш, ҳужжаталарни расмийлаштириш, уларга имзо чекиш ва ҳ.к. ижрочи директор қўлида эди. Раис эса, фақат расмиятига эди, холос. Аммо мажлис ўтказилгандан кейин бутунлай бошқа ўйин амалга оширилди, яъни Абдуманнобнинг мени қандай лаққиллатгани юзага чиқди.

Гуруҳнинг Низоми бўйича ижорачи Директор Гуруҳ Юқори органи Кенгашга аъзо бўлиши шарт эмасди. Шунинг учун мен атайлаб Гуруҳнинг Кенгашига кирмадим. Аммо мажлис ҳам анча жанжалли ўтди, унинг бузилиб кетишига оз қолди. У ерда ҳам мен орага тушиб, кишиларни муросага келтириб, мажлисни Абдуманноб истаган шаклда ўтишини таъминладим. Мажлис бир овоз фарқи билан (у овоз ҳам А. Мусин овози эди. Аслида Мусин ўша ерда ҳам сотқинлик қилди) М. Нарзиқуловни Гуруҳга Раис қилиб сайлади. Кенгаш бир қатор руссияликлар билан тўлғазилди. Менинг ҳақимда, яъни ижрочи Директор ҳақида алоҳида буйруқ чиқариладиган бўлди. Шу билан мажлис тугади, тамом.

Шундан сўнг Абм. Пўлатов Америкага жўнаб кетди, биз эса, ўз проблемларимиз билан Москвада қолдик. Бироз вақт ўтгандан сўнг Абм. Пўлатов М. Нарзиқуловга мени гуруҳга яқинлаштирмаслик ҳақида кўрсатма бериб кетганлиги маълум бўлди. Чунки мен оғзаки келишувга ишонгандим, буйруқ билан ижрочи Директор бўлмоғим лозим эди. Гуруҳнинг сайланган Кенгаши аъзоси ҳам эмасдим. Тўғри, энди улар нимани хоҳласа ўшани қила олардилар. Шундай ҳам бўлди. Худди шунга ўхшаш бир вақтлар И. Каримов ҳам Наманганлик “Адолат”чиларга сайлов олдидан “Ўзбекистон Ислам Республикаси бўлади”, деб ваъда бериб, сайловдан сўнгра эса, “Адолат”чиларни қириб ташлашга буйруқ берганди. Пўлатовнинг қўлида ҳам Каримовнинг ваколати каби имкон бўлганда менинг устимдан гуруҳга яқинлаштириш ёки яқинлаштирмаслик эмас, мени йўқотиш ҳақида кўрсатма чиқиши аниқ эди. Шу воқеалардан сўнг бир кун Абдуманноб Америкадан менга телефон қилиб, мендан кечирим сўраган ҳам бўлди. Бундай одамларда уят, деган тушунча бўлмайди-да. Мени шунчалар алдаб, яна телефонда узр сўрайди, янги ваъдалар қилган бўлади. Ноинсофликни, мунофиқликни қаранг, мен унга яна бир марта ишонишим ва унинг янги найрангги қурбони бўлишим керак эмиш.

Шу ерда яна бир воқеани ҳам сўзлаб ўтиш керакка ўхшаяпти. Ўша мажлис арафасида Смирнов 50 $ ҳақ тўланадиган бир вазифага мени тайинлагани ҳақида буйруқ чиқарди. Аммо Смирнов бу пулни Ҳазратқул билан шериклашасилар, деб таъкидлаб қўйди. Мен бу ҳақда Ҳазратқулга сўзладим. Бу ҳолдан хурсанд бўлишиб, уни лозим жойда биргалашиб ишлатишга келишиб ҳам олдик. Қаранг, биз бечоралар, товуқ остига қўйилмаган тухумдан жўжа санаб юрибмиз. Мажлис ўтгандан сўнгра эса, “укамиз” Абдуманноб марҳамати билан ўша икки кишига мўлжалланган 50$-ни ҳам йўққа чиқаришибди, имзоланган буйруқ қайтариб олинибди. Биласизми, у 50$, ундан сўнгра кимга бериладиган бўлди? У пул Ўзбекистонда Ватаннинг мустақиллигига жон-жаҳдлари билан қарши курашган, Фарғона, Ўш, Қўқон воқеалари ташкилотчилари “Интер клуб” аъзоси, Ўзбекистон Руссия таркибидан тушиб қолгандан сўнгра жиноятларидан қўрқиб, Москвага келиб олган Сергей исмли рус йигитига бериладиган бўлди. У Сергей деганлари кўп ўтмай уларнинг оғизларига идрорини жўнатди. Чунки у ҳақиқий истилочилар вакили эди. Аммо унинг кимлиги Пўлатовга ҳам, Нарзиқуловга ҳам қуёшнинг ёруғидай ойдин эди. Ҳатто Нарзиқулов Сергейнинг кимлигини жуда яхши билган ҳолда, уни Гуруҳга махсус чақириб олганди. Аллоҳ мени афв этсин, Нарзиқулов аниқ КГБга (бу вақтларда унинг Ўзбекистондаги қолдиғига) ишларди. Аслида Пўлатовлар ҳам ундан авло эмасдилар. Аҳвол эса, шундай эдики, биз учун ўша 50 $ жуда ҳаётий зарур эди. Айни замонда Абм. Пўлатов Москва меҳмонхоналаридан бирида ҳар куни 100 $-дан меҳмохона ҳақи тўлаб (ўша замонлар 100$ жуда катта пул ҳисобланарди) яшамоқда эди. Меҳмонхона пулини бизнинг муҳтожлигимизга ишлатиб, ўзи биз билан бизлар яшаётган квартирада турса нима бўларди? Йўқ, бўлмайди, у киши юмшоқ ётоқда кунига 100 $, фақат ётоғига сарфлаб шаҳона яшаши керак. Чунки Абдуманноб “оддий муҳожир” эмас, ахир. У “ҳуқуқ ҳимоячиларининг раиси”-да, унга махсус, люкс шароитлар бўлмоғи лозим. Биз “бечора, оддий кишиларга”, ҳатто бизларнинг иккимизга ойига 50$-ни ҳам эп кўрилмаслиги керак. Нарзиқулов ҳам ойига 300$-дан кўпроқ ҳақ оларди. Квартира кираси ҳам грант ҳисобидан тўланар эди. Биз эса, икки киши ойига 50$-га муҳтожмиз, аммо партиядошларимиз, “инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари” шуни ҳам бизга эп кўришмайди. Мана сизга ғоядошлик, мана сизга партиядошлик. Мана сизга Ўзбекистоннинг, ўзбекларнинг келажагини “ўйлайдиганлар.” Бу айтилганлардан ўзинггиз керакли хулосалар ясайверасиз.

Шундай қилиб, биз Ҳазратқул иккимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Марказий Осиё гуруҳини расмийлаштириш учун зарур бўлган барча ишларни (қора меҳнатни ) қилиб, ундан четда қолиб кетавердик. Абдуманноб “укамиз”, Мадамин акаси билан “Экишда йўқ, тикишда йўқ, хирмонда ҳозир”, бўлиб қолишди. Ноинсофларча ўйин қилиб, ғоядошлик, партиядошликка сидқидилдан ишонган кишиларни алдаш йўли билан ўзларини “зафар” қозонди ҳисоблашиб, бири Москвада, иккинчиси Вошингтонда ҳеч нарса бўлмагандик яшайверишдилар. Абм. Пўлатов ҳамон, ўзини “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси”, деб ҳисоблашга уялмаяпти. Такрор айтаман, бундай одамларннинг характери, инсонлик хусусияти, уларнинг уятсизлигида, мафкурасизлиги, иймонсизлигидадир.

“Ўзбекистон” уюшмасини ташкил этиш ишларини давом этказишда манзил (ташкилотнинг адреси) проблемаси асосий масалага айланиб, оқибатда у ҳал бўлмади. Смирнов ҳам энди манзил хусусида хийлага ўта бошлади, эрта-индин, дейиш бошланди. Унинг устига “Форум” газетаси ишларини жонлантириш масаласи ҳам бизни кутиб турарди. Улар билан ҳам жиддий шуғулланмоқ зарур эди. Шу сабаб “Ўзбекистон” ташкилотини тузиш ташвишларини бироз йиғиштириб, газета иши билан шуғулландик, унинг иккинчи номери қўл ёзмасини тайёрладик. Шулар билан машғул бўлиб, янги 1995 йилга ҳам келиб қолдик. Йилнинг биринчи кунларидаёқ Ҳазратқул Швецияга жўнади. Москавага эса, янги хабар келди. Янги, 1995 йилнинг январ ойида Вашингтонда Ўзбекистон расмий ҳукумати ва мухолифат ўртасида учрашув ўтказилади, унда менинг қатнашишим ҳам кўзда тутилган, мазмунда хабар олдим. Учрашувни Америка Демократик жараёнларга ёрдам институти ташкил этаётганди. Шу сабаб, бу вақтга келиб, Америка сафарига тайёргарлик ишлари ҳам қўшимча бўлди. Менда паспорт(чет элга чиқиш паспорти) ҳам йўқ эди. Шунинг учун паспорт тўғрилаш ва унга виза олиш ишлари билан ҳам бироз вақт банд бўлиш лозим бўлди. Айниқса, Америкага “ФОРУМ”нинг янги сонини олиб бормоқ керак, деган фикр мени жуда шоштириб қўйди. Чунки бу газета Америка халқаро жамғармаларининг бири томонидан молиявий қўллаб-қувватланмоқда эди. Бу масалада ҳам Аб. Пўлатов жанжал чиқариб улгурганди. Шунинг учун у ерда газетанинг молиявий томонини ҳам бир ёқлама қилиш ишлари бўлиб, унда нашр этилган газета нусхаси қўлда бўлса яхшироқ бўлар, деган фикр бор эди. Аммо олдимизда қолаётган вақт давомида газетанинг қўл ёзмаси, унинг компютер макетини тайёрлаш мумкин эди-ю, нашриётда нашр этиш масаласи анча муаммо бўлиб турарди. Ҳақиқатда ҳам ўшанда газетани нашр қила олмадик. Америкага унинг компютерда терилган вариантини олиб боришга мажбур бўлдим.

Америкадаги учрашувдан сўнгра яна бошқа масалалар ўртага чиқди. Энди улар билан фаол шуғулланиш зарур бўлди. Шунинг учун “Ўзбекистон” миллий ва маданий марказ масаласи яна орқага қолди ва ундан сўнг орада бошқа кўп ишлар, ташвишлар ўтиб, у иш лойиҳалигича қолиб кетди. Кейинги ташвишлар ҳақида ҳам ери келганда сўзланажак.

8.1.12.6. Киев шаҳридаги фаолиятимга оид баъзи воқеалар(1995 йил). 

Киевда ҳаммадан олдин газеталарни нашр этиш ишларини йўлга қўйишга киришдим ва Аллоҳ ёрдами ила бу ишни дуруст бир даражада амалга оширдим.

Украинада советлар замонидан бир қатор дўстларим бор эди. 1991 йили Украина халқ ҳаракати “Руҳ”нинг 2 – умум Украина қурултойига қатнашиб, “Руҳ”чилар билан алоқалар ўрнатишга мувофиқ ҳам бўлгандим. Ана шу эски ва янги дўстлар ёрдамида газета нашр этиш ишларини тезда юритиб юбордик. Газеталаримиз Москвадагига кўра жуда арзон баҳода нашр қилинадиган бўлди. Биз ойда умумий йиғиндиси 5000 нусха (“ЭРК” – 2500 нусха; “ФОРУМ” – 1500 нусха; “БИРЛИК” – 1000 нусха)  газета нашр этишни режалаштирдик ва 1995 йил май ойидан бошлаб режадаги нусхаларни мунтазам равишда нашр қила бошладик. Газетани нашр этишга ниҳояти 200(икки юз) америка доллари сарф қилардик. Аммо Москвада бу ишни минг долларга ҳам бажариш амри маҳал эди.

Яна бир тарихий ҳолни ёзиб қўйиш лозим. Бизнинг Москвадан Киевга кўчимиз олдидан мен ва Мақсуд Бекжон иккимиз Киевга келиб шароит билан танишиб кетгандик. М. Солиҳ Украина “Рух” партияси раиси Черновилга бир хат ҳам ёзиб, ундан бизга ёрдам беришларини илтимос этганди. Ўшанда “Рух”чилар бизни жуда яхши қаршилашди. Биз уч кун Киевда меҳмонхонада “Рух”чилар ҳисобидан яшадик. Билмадим, биз уларнинг ўрнида шундай қила олармидик?

Уч кунлик Киевга сафаримиз давомида Чернобил билан бир дафа учрашдик, салом-алик қилишдик, унга биз М.Солиҳнинг хатини ва саломини етказдик. У бизни бошқа бир ходими билан таништирди ва шу билан унинг бизга кўрсатган ҳурмати, марҳамати битди. Кўп ўтмай у бизни унутди. Аммо улардан биз миннатдормиз ва қарзмиз. Улар меҳмондорчиликни жуда жойида бажаришди. Бироқ юқорида таъкидлаганим каби, Киевда бизга озми, кўпми газетачилик ишимизга ҳақиқий ёрдам берганлар менинг дўстларим бўлди.

Газеталарни тайёрлаш ишлари билан саккиз киши (олти мухбир, мақолаларни компютерда терувчи яна бир ходим ва мен) машғул бўлдик. 1995 йил июлининг охирига келиб ходимларимиз сони камайди. Чунки июл ойида, юқорида таъкидлаганимиздек, мухбирларнинг бир қисмига жавоб беришга тўғри келди. Киевда яшайдиган уйимиз кираси ҳам жуда нормал эди. Чунки Москвада фақат яшаш ерига 500$ лозим бўлаётганди. Бу ерда биз яшаш ер кираси учун 100-120$ сарфлардик. Ҳаммамиз бир уйда турардик. Ҳатто мен учун тайин ётар ер йўқ эди. Чунки мен кўпинча йўлда эдим. Киевга келсам йигитларнинг бирортаси полда ётиб, менга ўз ўринини берарди. Москвада эса, “ит ётиш, мирза туриш” билан кун ўтказардим. 1995 йилда, ишимиз энг авж кетаётган, газетамиз маълум даражада маблағ билан таъминланаётган бир замонда ортиқча ҳаражатлар бўлмасин, деб мен Москвада масжиду вокзалларда ухладим. Газеталарни орқамда вокзалга ташидим.

Шу ерда, мен 1995 йил бажарган жисмоний меҳнатларим ҳақида тарих учун бир-икки оғиз сўз ёзиб қўймоқчиман.

Юқорида сўз кетган газетачилар аслида Москвага Туркиядан келишганди. Улар жуда катта юк, “ЭРК” газетасининг Истамбулда нашр этилган бир қатор номерларини келтиришган эди. Газеталар умум оғирлиги энг оз 1-2 тонна келарди. Бу Москаванинг бир чекка районида, бир ўзбекнинг гаражида сақланаётган эди. Мен ҳар ойда камида бир марта Москвага газеталарнинг янги номерларини келтирардим. Бунга қўшимча ўша эски газеталардан ҳам 3-4 та упаковка олардим-да Ўзбекистонга жўнатардим. Бироз вақтдан сўнг Ўзбекистонга газета жўнатиш мумкин бўлмай қолди. Чунки Москвадан Ўзбекистонга кетадиган поездларда проводниклар бизнинг юкимизни олмайдиган бўлиб қолди. Шу сабаб энди газеталарни Қирғизистонга жўнатадиган бўлдим.

Москвада, йўловчи (пассажир) поездлари вақтинча тўхтаб турувчи “Николаевка”, деган вокзал бор. Москва шаҳрини биладиган билишади, у (Николаевка) метронинг “Рижская” станциясига яқин бир ерда жойлашган.

Газеталаримиз оғирлиги 25-30 килограмм чамасида қутуча шаклида тайёрланарди. Истанбулдан келган газеталар ҳам тахминан шунақа шаклда пачкаланган эди. Анна шундай пачкалардан 6-8 (қарайб 200-250 кг) донасини мен аввал Тошкентга, Андижонга ва кейинроқ Бешкикка жўнатиб турдим. Ой ораси фақат эски газеталарни жўнатиш билан ҳам машғул бўлардим. Эскиларидан одатда 3-4 пачкалаб(100-150 кг), баъзан ҳафтада 2-3 марта жўнатардим.

Қирғизистонликлар ҳар ҳолда менинг нозик юкларимни олиб турушди. Айтиш керакки, Қирғизистонликлар менинг бу юкларим учун арзимаган ҳақ оларди. Масалан, 1-2 доллар баҳосида ширинлик, арзимаган нархдаги ведио ёки магнитафон касетасига ўхшаш нарсаларга кўнишарди. Бу ерда ҳам турли хил қийинчиликлар ҳам бўларди, албатта. Масалан, қирғиз праводниклари ҳам бирда қиммат сўраса, бошқа сафар қанча ёлинсанг ҳам додингга қулоқ осмасди ва ҳ.к. Аммо кўпроқ пул билан келишишнинг иложи ҳам йўқ эди. Чунки ўзимиз масжидларда ётиб, проводникларга бемалол узатадиган маблағимиз йўқ эди, ахир.

Қизиғи, яъни газеталарни жўнатишни қандай амалга оширардим? Бу жуда ҳам жўн бўлмаган бир ташвиш билан амалга ошарди. Биринчидан, Қирғизистондан келадиган поездни Москва шаҳар “Қозон” вокзалида кутиб турардим. Поезд дам олишга “Николаевка”га кетгунча проводниклар билан уларга юк беришим ҳақида келишиб олардим. Юкнинг нимадан иборат бўлишини аниқ айтардим, яъни газеталардан намуналар кўрсатардим. Ундан сўнг газеталарни ўша ерга, “Николаевка” вокзалига олиб бориб, у ерда поездга юклардим. “Николаевка” ва бизнинг газета-ларимиз сақланадиган ер ораси бир бало узоқ масофа эди. Газеталарни “Рижская”гача метрода олиб келишга уринардим. Бу ҳам жуда қийин иш эди. У ердан Вокзалнинг дарвозасига қадар такси хизматидан фойдаланардим. Аммо дарвозадан менинг поездим вагонлари турган жой ҳам камида 300 метрдан оз бўлмасди. Ана кўринг, ҳар қайси 25-30 кг оғирликдаги саккиз пачка юкни 300-500 метр масофага елкада темир йўл релсларидан ҳатлаб-ҳатлаб ташиш анчагина мушкул иш бўларди. Уни фақат бир бажариб кўрган киши тасаввур қила олади. Аммо мен шу ишни якка ўзим бажарардим. Агар бу ишга ҳаммол ишлатсам пулимнинг ҳаммасини вокзал ҳаммолларига берган бўлардим. 1995 йилда менинг ёшим ҳам кексаликка ётарди, мен у змон 57 ёшда эдим. Бугун 1999 йили, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин 61-ёшдаман. 1995 йилда мен билан бирга ишлашган йигитлар билишади, Москвадаги бу ишларнинг оғирлиги, мушкуллиги ҳақида мен ҳеч кимга бирор марта сўзлаганим йўқ ва ҳисоб – китобда “ҳаммоллик ишларим” ичун бир тийин ҳам харажат сўраганим йўқ. Мен бутун йил давомида умум, газета маблағидан бошда келишилган ойига 100$дан бир сент ҳам ортиқ пул олмадим. Мен тарафимдан бўлган барча харажатлар зарур қоғозлар (квитансиялар, йўл билаетлари) билан тастиқланган бўларди. 1996 йилдан эса, ҳамма нарса бузулиб кетди. Бу ҳақда ҳам ўз ўринида сўз бўлади.

Бошқа бир жойда ҳам ёздим. Мен бу ишларни, яъни газета чиқариш, уларни Ўзбекистон ва Қирғизистонга жўнатишда учраган барча қийинми, енгилми ишларни зиммасига тушган ҳар бир сиёсий муҳожир бажариши зарур ва уларнинг бурчи, деб билдим. Мен бу йўлда нима иш қилмайин уни доим ўз бурчим, Ватан ташқарисида юришим, муҳожирлигим моҳияти, деб билдим ва шунинг учун қўлимдан, ақлимдан нима келса уларнинг барчасини ҳеч иккиланмасдан қўлладим. Мен Ватан учун, ўз ғоям учун зарур бўлган меҳнатни буниси жисмоний, буниси эса ақлий, деб ажратмадим. Муҳожирликда кишиларимизни, “Раис”, оддий аъзо ёки профессор, ўрта маълумотли ходимларга бўлишни хато, деб билдим.

Натижада, 1995 йилда 7 номер “ФОРУМ” ва “ЭРК”, 5 номер “БИРЛИК” газетасини нашр қилдик. “ЭРК” газетасида номерлар бошқача саналарди, мен бу ерда 1995 йилги тартиб номерини ҳисобга олмоқдаман. Чунки “ЭРК” газетаси 1994 йилдан бошлаб ўз нашрини янгилаганди. Шунинг учун “Эрк”чилар газета номерларини 1994 йилдан ҳисоблашарди. Ҳаммаси бўлиб бир йилда 35 минг нусха газета тайёрладик, нашр эттирдик ва уларни Ўзбекистон ва Қирғизистонга жўнатдик. Аммо улар кимларга бориб етди ёки етмади бизга қоронғи. Бироқ Қирғизистонда белгиланган манзилга газеталар бориб турди. У ердан эса, газеталарни Андижонлик ва Фарғоналик кишиларимиз олишлари лозим эди. Бир дафа Бешкекдаги дўстимиз, газеталар кўпайиб кетди, Ўзбекистондан биродарлар келишма-япти, деб шикоят ҳам қилганди. Шундан сўнг мен Ўзбекистон билан боғланиб, ишларнинг юришиб кетишини ҳам ташкиллаштирдим. Қирғи-зистондан келган хабарга кўра Ўзбекистондан бир юк машинаси келиб, газетларни олиб кетишган. Бу воқеа кейинроқ “Ўзбекистонга М.Солиҳнинг бир “Камаз” китоблари келтирилибди” бўлиб миш-мишларга айланди. Бу миш-мшларнинг манбаси ва сабабларини 1996 йил воқеалари тасвирланган ерда келтираман.

1995 йилнинг августидан бошлаб янги газеталарни жўнатишнинг бошқа йўлини топдик. Аммо мен бутун йил бўйи “Эрк”нинг Истанбулдан келтирилган эски номерларини Қирғизистонга жўнатиб турдим. Ўша йили мен Москвадан Киевга октябрда келдим ва бошқа Москвага 1995 йилда қайтмадим.

Йилнинг августидан бошлаб, “Бирлик” аъзоси, Ҳаракатнинг Самарқанд вилоят Оқ-Дарё район ташкилоти раиси Қобилжон Диёров бизга келиб қўшилди. Қобилжон июл ойида Москвага менинг олдимга келганди. Ўшанда мен унга бизга келиб ёрдам беришини сўрагандим. Шунинг учун у бу ерга келганди. Биз унга газеталарни Ўзбекистонга тўғридан-тўғри киритиш вазифасини юкладик. У бу ишни уч ой, яъни 1995 йил сентябр-ноябр ойлари давомидаа нормал бажарди. Қ.Диёров ёрдамида бу уч ойда ҳар ойлик газета нусхаларининг қарийиб ярими (2500 нусха) Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига киритилди. Бу иш ҳам унча енгил эмасди. Чунки у замонлар Киевдан Ўзбекистонга поездлар юрмай қўйганди. Самолетга эса, пулимиз йўқ. Аммо ҳафтада бир марта Харков- Тошкент поезди қатнарди. Шунинг учун биз Қобилжонни ўша йўлга чиқарар эдик. Газеталарнинг Самарқандга келтирилган нусхаларини тарқатишда Самарқанд университети кафедра мудирлари Сулаймон Муродов ва Холиқназар Ғониевлар бошчилик қилишди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Қобилжонга биз фақат йўл ҳақини берардик. Бошқа ҳамма ҳаражатлари ўзидан эди. Қобилжон бироз тижорат қиларди. У ҳар сафар Киевга келишда Ўзбекистондан баъзи нарсалар (ер ёнғоқ, туршак, майиз ва шунга ўхшаш) келтирарди. Ҳар доим унинг юки икки-уч халта, яъни 100 кг яқин бўларди. Ана шу билан у тирикчилик ўтказарди. Бизга Ҳаракатимиз аъзоси бўлганлигидангина холис ёрдам этарди, баракат топқур.

Москва Киев орасида қатнаб юрарканман, бир сафар қизиқ бўлди. Бир кун мен Москвага тезда етиб боришим лозим бўлди. Киев вокзалига келсам билет масаласи тангроқ бўлиб, фақат ўтириб кетиш мумкин бўлган ерлар қолган экан. У ҳам анча кеч, Москвага эртаси куни тушдан кейин етиб бора оладиган поездга экан. Мен ўша умумий жойга билет олдим ва Москвада мени чақирган дўстларга телефонда воқеани сўзладим. Шунда Москвадаги дўстимиз (ҳозирча унинг исмини ёзмайман), “Йўқ, домла у билетни топширинг кеч бўлса ҳам ётиб келадиган вагонга билет олинг, ишлар бироз кеч қолса ҳеч гап бўлмайди. Сизнинг ёшингизда 15 соат умумий вагонда ўтириб келиш тўғри келмайди”, деди. Шундан сўнг мен билетни алмаштирдим. Бошқа вақтлар ўзим ўтириб ҳам кетаверардим.

Хуллас, Киевда бир йил тўла газета чиқариш билан фаол шуғулландик. 1995 йилнинг кузи эди, шекилли, бизга Юсуф Рўзимурадов исмли бирисининг Киевга келиши хабар қилинди. Уни қабул қилиб, бир уйга жойлаштирдик. Бу замонда менинг Туркияга бориб келишимга ҳам бир сабаб чиқиб турганди. Чунки мен 1995 йилнинг сўнггига келиб, ҳеч бўлмаса икки уй қилмаган қизларимни Туркияга келтирсам, деган қарорга келгандим. Шунинг учун Туркияга бориб, у ердаги аҳвол билан танишсам, деб турувдим. Бунга яна бир партиявий иш ҳам қўшилди. Бу замонга келиб, М. Солиҳнинг “Иқрор” китоби ҳам нашрга тайёр бўлиб қолди. Уни ҳам нашр этиш лозим бўлди. Китоб ҳам Туркияда нашр этилаётган эди.

Шундай қилиб, М. Солиҳнинг китоби ва менинг шахсий ишларим билан мен Туркияга жўнайдиган бўлдим. Бу ерда ҳам яна арзон йўлни танладим, яъни автобус билан Туркияга боришни лозим топдим. Учоқ ва автобус йўл ҳақлари орасида анчагина фарқ бор эди. Масалан, автобусда бориш 60$ турарди, учоқда учиш йўл пули 270-280 $-дан озмасди. Аммо у замон бироз пулимиз ҳам бор эди. Учоқда кетсам ҳам мумкин эди. Аммо мен ўзимга азоб йўлни танлаб, умумий пулимизни иқтисод қилдим.

Бу замонда, яъни 1995 йил ноябр ойининг иккинчи яримларигача биз Киевда тўрт киши (Солиҳнинг икки укаси(Муҳаммад ва Мақсуд), Пирмуҳаммад ва мен) фаолият кўрсатмоқда эдик. Қобилжон эса, ярим бизда, ярим ўз иши билан банд. Аммо у ҳам Киевдалигида биз билан бирга яшаб турарди. Кўпинча битта-иккитамизга полда ётишга тўғри келарди. Масалан, Қобилжон ҳам ерда (полда) ухларди. Энди эса, бизга келиб Ю. Рўзимурадов ҳам қўшилди. Шундай қилиб, бешта асосий ва бир вақтинчалик қўшилган киши (Қобилжон вақтинчалик ҳисобланарди) билан Киевда энди олтита бўлдик.

 Ю. Рўзимурадов Киевга келганидан тахминан 20-25 кунлар сўнг мен Истанбулга жўнадим. Бу ўтган вақт ичида Рўзимурадов менга жуда ҳам ёқмади. Чунки унинг қилиқлари жуда нотабиий эди. Кишилар билан қизиқишлари биз ўрганган рамкага сиғмасди. Яъни у бизнинг ҳар биримиз тўғрисида барча икир-чикирларни билишга жиддий ҳаракат қилар-ди. Мақсуд (Солиҳнинг укаларидан бири) билан “жуда қалин”, ички сир эдилар. Ю. Рўзимурадов баъзан намоз ҳам ўқиб қўйган бўларди. Доим эрталабдан кечасигача бизнинг олдимизда лаққилаб ўтирарди. Баъзан намозларнинг бирортасини ҳам ўқимасди. Ҳатто бир сафар Қобилжон ҳазил аралаш, унинг бу қилиғини юзига ҳам солганди. Аммо у кўзи бўзрайб ҳеч нарса, деёлмай қолганди. Унинг оиласи бор бўлиб, болалари йўқ эди. Уйида ёшгина хотини якка қоларди. Шунга қарамасдан унинг доим бизнинг олдимизда кечаси соат 11-12 -гача ўтириши одамни ҳайрон қолдирарди.

Рўзимурадов Киевга келганида унда компютердан бошқа барча техника бор эди. Унинг ҳатто чўнтак магнитафони ҳам бор эди. У магнитафон Рўзимурадовнинг чўнтагида доим ишлаб турган бўларди. Оддий одам учун, оддий бир мухолифат кишиси учун бизлар ҳақимизда бунчалик маълумотларнинг нима кераги бор. Ундан ташқари бу қилиқ инсонларнинг ўзаро муомаласига ҳам тўғри келмайди, ахир. У бизлар ҳақимизда маълумот тўплаб, бизнинг ҳар сўзимизни яширин ёзиб оларкан, буни ҳеч кимсага билдирмай қилаяпман, деб ўйларди. Аммо унинг нима билан шуғулланаётганини сезиш учун унча матонат ҳам зарурмасди. Билмадим, балки бу одам М. Солиҳ ва унинг ёнида юрган кишилар билан шундай муомалада бўлиб, улар бунга аҳамият бермагани учун биз билан ҳам шунақа эркин ва очиқ муомала қилиш мумкин, деб ўйларди, шекилли. Аммо мен бунгача бу одам ҳақида бир қатор ҳикоялар эшитгандим. Бу ҳикояларнинг биринчисини М. Солиҳ “жангарилари” сўзлаб беришганди.

Бу “жангарилар” кимлар? Маълумки, 1994 йили М. Солиҳнинг бир қатор дўстлатлари Туркияга 30-га яқин ёшларни келтиришган. Бу болалар у ерда мақсаднинг тайини бўлмаган ишлар учун жисмоний ва ҳарбий тайёргарликдан ўтказилган. Ю. Рўзимурадов эса, ана шу болалар билан бирга бўлган. У ерга қандай бориб қолган, у компанияга Рўзимурадов қандай аралашиб қолган, мен буни ҳозир ҳам тушуна олмайман. Тақдирнинг тақозоси билан ўша йигитларнинг бир қисми Москвада бир- мунча вақт яшашдилар. Уларнинг иккита-учтаси мен билан бир уйда қолишди. Ана шу йигитлар менга Рўзимурадовнинг одамгарчилик хусусиятлари ҳақида сўзлашгандилар. Йигитлар менга сўзлашган ҳикояларда Ю. Рўзимурадов жуда ноинсоф одам бўлиб гавдаланарди. Уларнинг ҳикояларида тасвирланган Рўзимурадовни бизнинг қишлоқларда “оқ кўз” одам, дейишади. Яъни ҳеч кимга дўстлиги йўқ, ҳатто туғишганларига, ота-онасига ҳам дўстлиги бўлмаган кимсани “оқ кўз” аташади. Йигитлар менга “Домла биласизми, Юсуф ака бизга доим Штирлис бўлиш керак”, деб, мақтанарди дейишганди. Билмадим, муҳожирликдаги мухолифат аъзосига “Штирлислик” нега зарур бўлибди, кимлар орасида “штирлислик” қилмоғи керак экан? У йигитларнинг яна бир гапини бу ерда ёзиб бўлмайди. Чунки у гапни кўпчиликка мўлжалланган китобда келтиришнинг ҳеч имкони йўқ. Аммо йигитларнинг бу сўзларига шубҳаланишга ўрин йўқ эди. Улар чин ҳақиқатни юракдан куйиниб сўзлашарди. Уларнинг сўзларини тинглаган ҳар қандай кишида Рўзимурадовга нисбатан нафрат уйғонмаслиги мумкин эмасди. Жумладан менда ҳам Рўзимурадовга нисбатан нафрат пайдо бўлди, албатта. Мен совет замонида жуда кўп ғирромлик, алдамчиликларни, зинокорликларни, ноинсофликни кўрганман ва эшитганман, аммо бу болалар айтаётган ва Рўзимурадов бажарган, мен бу ерда ёзишни уят, деб билган ҳолни учратмадим. Бундай хусусият одамзотига иснод, деб айтиш билан ҳолатни баҳолаб бўлмайди. У қилиқни содир этган кишини “оқ кўз”, деб аташ билан қаниқмайди, киши. Бу зот том маънода одам эмас, деб баҳоламоқ зарур. Иккинчи ҳикояни эса, Виталий Пономаревдан эшитгандим. В. Пономарев ўзбек муҳожирлари ҳақида китоб ёзаётган бўлиб, мен Москвадалигимда Ю.Рўзимуродовга бағишланган қисмини у менга ўқиб берганди.

Ўз вақтида, Рўзимурадов ўзининг Ўзбекистондан чиқиб кетиши ҳақида бир афсона тўқиган ёки унга тўқиб беришганлар. “Эрк”чилар, балки партиянинг раиси ҳам Рўзимурадов афсонасига ишонишганлар. Шунинг учун уни Истанбулда қабул қилишган, ҳатто бояги “жангари”ларга бошлиқ қилиб қўйишган. В. Пономаревнинг китобида эса, Рўзимурадов сўзлаган афсонадаги фактларнинг бирортаси ҳам асли билан тўғри келмаслиги кўрсатилган. Пономарев китобидаги ва мухолифат орасидаги Рўзимурадов бир-бирига ҳеч ўхшамасди. Шу сабаб Рўзимурадовдан шубҳаланмасдан бошқа илож йўқ эди. Мен ҳам ўшандан бошлаб ундан шубҳалана бошла-гандим.

Шунинг учун мен Рўзимурадов Киевга келганидан кейин унинг шахсига шубҳа остидан қарай бошладим, албатта. Қобилжонни ҳам ўз шубҳаларимдан хабардор этиб қўйдим.

Газеталаримиз декабрда нашр бўлмайдиган бўлди. Чунки ойнинг 20-си бўлаётганди, аммо бизнинг макетларимиз ҳали тайёрмасди. Аммо мен бу ҳолни у замонлар нормал қабул қилгандим. Чунки Муҳаммадда (компютерчимиз, бу ҳам Солиҳнинг укаси) ҳам қатор ишлар бор эди. Шу сабаб унинг қўли бўшамади, газеталар макетини вақтида тайёрлай олмади-да, деб қўя қолгандим. Ҳозирлар эса, бу ишда ҳам ҳеч бўлмаганда бир нохолис киши қўли бўлганлигини тахмин қиламан. Пастироқда тахминимнинг ҳам исботини кўрсатаман. Газеталаримиз компютерда териб қўйилганига анча вақт ўтишига қарамасдан компютерчимиз макетларни тайёрлашни атай пайсалга солганлигини у замонда тушуниб етмадим. Чунки мен уларга ниҳоятда ишонардим. Биз чиқараётган учта газета орасига бирор хил фарқ қўймасдим. Уларнинг номлари учта бўлгани билан улар бир вазифани бажараяпти, деб тушунардим. Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Афсус, Ю. Рўзимурадов, деб аталадиган кимса аввал М. Солиҳнинг кичик укаси Мақсудни, бироз кейинроқ унинг бошқа бир укасини, яъни компютерчини (Муҳаммадни), мен Туркияда М. Солиҳнинг китоби нашри билан овора бўлиб юрганимда эса, Солиҳнинг ўзини ҳам умумий ишимизга душманлиги кўриниб турган мақсадга ишонтирибди. Яъни “Бирлик” ва “Форум” газеталарини нашр этиш “Эрк”ка фойдасиз”, деган сафсатага уларни ишонтира олибди. Газеталар макетининг декабрда тайёр бўлмаганлиги, уни тайёрлашни пайсалга солишларининг асосий сабаби ҳам ана шу ерда турарди. 1995 йил сўнггида ҳали мен Киевдали-гимда бу масалани ўртага чиқара олмай, мен Истанбулга кетганимдан сўнг ишни Рўзимурадов истагига мос, яъни Ўзбекистон ҳукумати ниятига мос шаклда амалга оширишга эришибдилар. Шу билан яхшигина юришиб турган иш батамом тўхташга юз тутди.

Шундай қилиб, 1995 йил декабрнинг сўнггига қадар газеталар макети тайёр бўлмади. Менинг Итамбулга жўнаш вақтим ҳам келиб қолди. Газеталар босилиши янги йилнинг бошига қоладиган бўлди. Бу орада Қобилжон ҳам яна Самарқандга бориб келадиган бўлди. Қобулжонни Рўзимурадовга Ўзбекистондан пиёз сотишга келган тужжор, деб таништиргандик. У бунга ишонмаганлиги ҳам билиниб турарди. Нима бўлганда ҳам мен Истанбулга жўнашдан аввал Қобилжонни Россияга кетди қилиб, Ўзбеикистонга кузатиб қўйдик. Ҳар эҳтимолга қарши бу сафар газета олмай кетишни маъқул топдик. Шу билан бирга мен Қобилжонни яна бир марта Рўзимурадов ҳақида огоҳлантириб қўйдим.

 “Агар Ю. Рўзимурадов мен тахмин қилаётган киши бўлса, яъни бу одам Ўзбекистон ҳукумати агенти бўлса, биринчидан, бу одам Сизнинг Россияга кетаётганингизга ишонаётгани йўқ. Иккинчидан, Сиз ҳақда бу сафар Ўзбекистонга хабар жўнатилмайди. Жўнатилганда ҳам Сизга бу сафар ҳеч бир хавф сезилмаслиги керак. Шунинг учун январда Киевга келиб, янги газеталар билан Самарқандга қайта кетишингизда эҳтиёт бўлмағингиз зарур бўлади. Чунки Сизни газеталар билан тутишга ҳаракат қилишса керак, менимча”, деб Қобилжонга, тайинладим. Бу сўзларни мен 1995 йил декабр ойининг охирларида айтган эдим.

Ана ўшандан сўнгра воқеаларнинг ривожланиши қандай бўлди денг? Воқеалар айнан мен айтган тартибда кетди. Аммо чалкаш ери шунда бўлдики, Қобилжон январда Киевга келиб, яна газетасиз Самарқандга қайтади. Чунки янги газеталар яна тайёр бўлмаган, эскиларидан Қобилжон олишни истамайди. Унинг устига Қобилжон ҳам эксперимент (синов) қилмоқ учун Самарқандга қайтишини Рўзимурадовга атай билдириб, у билан хайрлашиб йўлга чиқади.

Шундай қилиб, Қобилжон Самарқандга бора солиб яна зудлик билан Киевга қайта жўнайди. Чунки бу ерда кимларгадир тезда бироз ер ёнғоқ келтириб беришга ваъда қилган бўлганлигидан, ҳатто уйида бир кеча ҳам тунамасдан орқага Украинага қайтаверади. Қобилжон йўлда Киевга келаверсин, Самарқандда ушла-ушла, қама-қама бошлааниб кетади. Қобилжонни тута олишмаганлиги учун унинг ўрнига акаси Ҳаким Бобоевни қамоққа олишадилар. Унга қўшиб, профессор Х. Ғониев ва яна унивеситет физика факултети ўқитувчисини ҳам газета тарқатиш “айби” билан қамоққа ташлашганлар. Мана сизга воқеалар! Уларни таҳлил қилаверинг?! Мен Қобилжонга 1995 йил декабрининг 18-19-да нималарни сўзладим. Қобилжон 1996 йил январнинг 10-да Киевга келиб, Ўзбекистон-га такрор қайтгандан сўнгра эса, Самарқандда қама-қамаларнинг бошланиб кетишига қарамайсизми?! Ю. Рўзимурадовнинг жосуслигига бундан таш-қари яна қанақа исбот лозим эди?

Мен 1996 йил 9-февралда Истанбулдан Киевга келдим. М. Солиҳнинг “Иқрор” китобидан минг нусха юкни ҳам Киевга келтирдим. Бу юк ҳам Истанбул-Киев йўлида менга жуда кўп, катта ташвишлар берди. Менимча, бу ташвишларни М. Солиҳнинг мен танийдиган укалари (Муҳаммад ва Мақсудлар) кўтара олмасди ёки у ишларни бажариш учун бобосининг меросидан кўпроқ маблағни сарфлашган бўлишарди.

Китобларни Рўзимурадовга билдирмасдан менинг бир танишимникига яшириб қўйдим ва Солиҳнинг укаларига ҳам бошда билдирмадим. Сўнгроқ Рўзимюрадовга айтмаслик шарти билан уларни бу адрес билан таништирдим. Шу сабабдан китоблар бир мунча вақт хавфсиз сақланди. Замони топилганда оз-оз Ўзбекистонга юбориб турилди.

1996 йил 10-феврал куни Ўзбекистондан юқорида исмлари (Ҳ. Бобоев, Х. Ғониев ва яна бир домла-университети ўқитувчиси) келтирилган кишилар бизнинг газеталаримизни тарқатишда “айбланиб” қамоққа олингани ҳақида хабар олдик.

Бу совуқ даракни эшитиб, дарҳол М. Солиҳга битта хат ёздим. Уни Пирмуҳаммадга бериб компютерда тердирдим. Чунки у замонлар мен компютерда жуда секин ишлардим. Хатни зудлик билан М.Солиҳга факсда жўнатдим. Хат тахминан, “Солижон, Самарқандда ёмон ишлар бошланди. Кишиларимиз қамоққа олинмоқда. Бизни сотиш содир бўлди. Мен бу ишда Юсуфдан шубҳаланмоқдаман. Бошқа томондан бу йигит Истанбулда ҳам баъзи нотўғри муомалаларга аралаш экан. Истанбулдаги биродарлар 26 минг $ қарз ҳақида сўзлашмоқда. Менимча, зудлик билан Юсуфни бизнинг олдимиздан узоқлаштириш лозим, деб ҳисоблайман”, шаклда тузилганди. Ҳозир у хатнинг матни сўзма-сўз хотирамда йўқ, албатта, Аммо мазмуни айнан шундайлиги аниқ.

Мен бу хат билан Ю. Рўзимурадовни асосан жосусликда айбладим. Истанбул билан боғли пул масаласини, шунчаки қўшиб қўйдим, холос. Чунки Самарқандда уч киши қамоққа олинди. Қобилжон қидирувда. Бу воқеага жиддий қараш ва бунинг оқибатини таҳлил қилиш жуда ҳам муҳим, деб тушунардим. Шунинг учун катта бир партия, “Эрк” партиясининг Раиси, айни замонда биргаликда олиб бораётган ишларимиз умумий раҳбарига илк шубҳаларимни маълум қилдим. У одам эса, бу ишларга гўдакларча муносабатда бўлди, десам етарли бўлмайди. Ана шу ерда биринчи марта М. Солиҳдан ҳам ихлосим жуда қайтди.

Бу масалаларни шу ерда бироз тўхтатиб, Истанбулдан Киевга кириб келишим ва бу ердаги йигитлар билан Истанбулдан қайтганимдан кейин илк учрашувларим ҳақида бир-икки оғиз сўзлаб ўтай. Биринчидан, мен Истанбулдан Киевга кириб келганимда мени Киевдаги йигитлар кутиб олишмадилар. Тўғри, биз Истанбулдан Киевга мўлжалдан анча кичигиб келдик. Қизиғи шундаки, улар(менинг Киевдаги софдошларим) менинг нима учун кечигаётганим билан ҳам заррача қизиқишмаганлар-да. Ўша кун, мен Киевга китоблар билан келган кун, 8-ми, 9-нчи феврал эди. Киев жуда совуқ. Биз кечаси соати 02-да Киевга етиб келдик. Телефон автоматлар ишламайди, юким катта, уни автобус кўчага тушириб кетди. Охир оқибат, такси тутдим ва сочилиб ётган китобларни тўплаб, уларни таксига ўзим юкладим. Минг дона китобни машинага бир кишининг юклаши ҳам унча-мунча вақтни олади. Иш қилиб, бир бало қилиб, соати 05-ларда, мен Истанбулга кетганимча маълум бўлган адресга бордим. У уйда бир хотинча ўтирибди, бизнинг йигитларимиз эса йўқ. Хайрият, у аёл уларнинг қаердалигини биларкан. Йигитлардан, Муҳаммад топилди. Китобларни бир кеча ўша уйда сақладик. Ундан сўнг зудлик билан бошқа жойга кўчирдик.

Самарқанд вилоят Паст-Дарғом районидан Туркман Нафасов исмли киши Киевда яшарди. Унинг уч хонали уйи бор эди. Унга мен Самарқанд университетида дарс берганман. Мен унинг ўқитувчиси ҳисобланардим. Бир-биримизга ҳурматимиз дуруст эди. Шу сабабли китобларни уникига келтириб қўйдик. Бу ҳолни Рўзимурадовга айтмасликка келишдик.

Шу билан бугун (8.02.96-да келган бўлсам 9.02.96 куннинг, агар 9.02.96-да бўлса 10.02.96 куннинг) кеч кирди. Йигитларнинг янги квартирасига келдим. Бу ерда Пирмуҳаммад билан Қобилжон ўтирарди. Пирмуҳаммад- нинг менга берган хабарига кўра “ЭРК” газетасининг янги сонини 2500 нусхада чиқаришибди. Унинг ҳақига 200 $ пул тўлашибди. Қизиқ, бошқа иккита газета нега чиқарилмади? Уларнинг ҳам компютер наборлари тайёр эди-ку? Унинг устига нега 200$? Мен учта газетага, беш минг нусхага шунча пул тўлардим, нега бундай бўлди? Менинг бу саволларимга Пирмат “раис” шундай кўрсатма берди, деб жавоб қилди.” Типогафияга пулни мен Туркман акадан қарз олиб бердим, қарзни дарҳол тўлашим керак. Менга икки юз доллар берсангиз”, деб қўшимча қилди. Мен эса, унинг жавобларидан тўла қаниқиш ҳосил қилмаган бўлсам-да, масаланинг моҳиятини охиригача тушунишга ҳаракат қилмадим. Шу бўлдими ёки яна бошқа гап бўлдими, иш қилиб, мен Пирматга Туркман бўлса, ўзимизники экан мен унга телефон қиламан, унга эртага пулини олиб бориб берарсиз, деб жавоб қилдим. Дарҳол Туркманга телефон қилдим ва унга эртага пулини беришларини айтдим.

Шундай қилиб, оқшом ётдик. Энди ухлаб кетаётган эканман, бир замон Пирмат ҳовлиқиб мени уйғотарди. У “домла, домлажон, менга Туркман аканинг қарзини беринг, ҳозир уникига бориб, бериб келаман, бўлмаса бўлмайди”, деярди меннинг бошимда. Йигитнинг аҳволини кўриб унга қандай пул чиқариб берганимни ҳам сезмай қолибман. Бу ҳам мени ҳайрон қолдирарди. Уйқуга ётилгандан кейин, кечаси, бевақт бу бола ҳовлиқмоқда эди. Бу ҳодисаларга мен ҳеч тушуна олмасдим. Ўша замон бу ҳол шундайлигича, мени ҳайрон қилдирганича қолди.

Хуллас, компютер наборлари тайёр турган “БИРЛИК” ва “ФОРУМ” газеталарининг чоп этилмаслиги ва бу Пирмат боланинг кечаси тўшакдан туриб ҳовлиқиши мени ҳайрон қолдирган бўлса-да, бу анча вақт жиддий мулоҳазасиз ва таҳлилсиз қолиб кетди. Чунки бугунги оқшомдан кўп ўтмай Самарқандда одамларимизни қамоққа олиш бошланди.Унинг устига менинг Москвадаги ўғлим хастахонага тушиб амалиёт(опператсия) бўлиб қолди. Шу сабаб тезда Москвага кетишга тўғри келди ва ҳ.к.

Москвада, ўғлим “ошқозон яраси” хасталигидан оператсия бўлди. Унинг олдида бироз замон қолишга тўғри келди. Бу вақт ичида Москвада Руссия мусулмонлари Конгресси (Руссияда шунақа тошкилот ҳам бор эди. Мен уларга ҳам бир марта газета чоп этишга ёрдам бергандим) идораси(офиси) да яшаб туришимга тўғри келди. Бу офисга Руссиянинг бутун ўлкаларидан ва бошқа чет эллардан ҳам меҳмонлар келиб-кетиб туришарди. Шундай меҳмонлардан бири Татаристонлик Афдурауф исмли киши мени Исломда пайдо бўлган янги бир гуруҳга таклиф этди. Абдурауфнинг бу янги гуруҳ ҳақидаги тушунтиришларини мен бироз тингладим, аммо унинг тўла мақсадига тушуна олмадим. Бироқ шундай бўлса-да, унга норозилик билдирмадим, унинг таклифини қабул қилдим.У мени бир чеченистонлик Адам исмли киши билан танишдирди. Бу Адам Исломда пайдо бўлган “янги тариқат”нинг Москвадаги ваколатли бир кишиси эди. Шу муноса-бабт билан бироз вақт мен Адамнинг Москвадаги уйида ҳам яшадим.

Шундай қилиб, Москвада яшаб тургандим. Чунки ўғлим ҳам ҳали ўзини жуда ўнглаб ололганча йўқди. Киевдан шошилинч хабар келди. Мен тезда Киевга қайтишим керак эмиш. Одатда бизнинг “мухбирларимиз” йўқ жойдан муаммолар чиқариб туришарди. Бу сафар ҳам шунақа бирор ишғол чиқибдими, деб апил-тапил йиғиниб Киевга қайтдим.

Биласизми, булар, яъни Солиҳнинг икки укаси мени Рўзимурадов билан уруштиришга чақиришган экан. Киевга келиб билдимки, мен Солиҳга ёзган хатдан Рўзимурадов тўла хабардор, хатни унга ўқиб беришган. Рўзимурадов эса, менга қарши “қилич яланғочлаб” ўтирибди. Мен бу мухбир ва техник йигитларимга, “Ҳа, нима бўлди йигитлар”, дедим. “А йўқ, бе йўқ” ҳаммадан олдин Рўзимурадов менга ёпишиб кетди: “исбот қилиб берасан (бирданига сенлашга ўтган) мен кимнинг нарсасини ўғирлабман ва қаерда ўғирлабман?” ва ҳоказо ва ҳоказолар. Лекин қаранг, у менга нега мени жосус атапсан, демайди, “нега ўғри атапсан”, дейди. Аслида мен Солиҳга ёзган хатда уни очиқ жосусга чиқарганим рост. Аллоҳ мени ислоҳ этсин, ҳозир ҳам бу фикрдан чекинмайман. Мен уни жосус атаб турсам, нега у фақат ўғирликдан сўзлайди, бу қаердан келди? Юқорида Солиҳга ёзилган хат ҳақида гап кетганда айтганим каби, Рўзиму-радовнинг жосуслигига қўшимча Истанбулда бўлган ва Рўзимурадов аралашган пулли масалаларни ҳам тилга олгандим. Бу ерда гап ана шу ҳақда кетмоқда, албатта. У гапларга ҳам мана яна уч йил ўтиб кетди, аммо ўша Итанбулдаги Рўзимурадов аралашган пул масалалари бугунгача ҳам ҳал  бўлмади. Чунки уни Рўзимурадов шунақа чалкаштириб ташлаганки, у иш фақат нариги дунёда ҳал бўлади. Истанбулликлар ўз пулларини бу дунёда Рўзимурадов ва унинг шерикларидан ундириб ололмасалар керак.

Хуллас, Рўзимурадов билан орамизда масала қандай ҳал бўлди, буниси унча аҳамиятли эмас. Ҳар ҳолда буни ҳам бироз тасвирлашга уринаман. Аммо менинг Солиҳга ёзган хатим мазмуни нега бунча тез Рўзимурадовга етказилди ёки тўла ўқиб берилди? Мана буниси мен учун жуда муҳим эди. Самарқандда жиддий иш бошланди, кишиларимиз қамоқда турибди. Газетачилик ишимизга ўнглаб бўлмас катта зарар етказилди. Буларнинг сабабларини ва бу ишларга сабабчиларни аниқлаш, бундан сўнг бунақа бўлишига йўл қўймаслик йўллари ҳақида қарорлар қабул қилиш, менинг шубҳаларимни жиддий ўрганиш ўрнига, гўдак ҳам қилмайдиган ишни қилиб, ўтирибди менинг бу “қуролдошларим”, ажабтовур бир партиянинг раислигини эгаллаб ўтирган бир “шаввоз”. Бунга нима, дейсан, киши?

Энди Рўзимурадов ва менинг орамизда нима гап бўлди? – деган саволга жавоб. У жуда жонимга тегиб бижинглайвергандан сўнгра, тўғриси унга қарши қўл кўтармоқчи бўлдим. Аммо тепалашга йигитлар қўйишмадилар-у, лекин мен бу ҳамла билан унинг биғ – биғидан қутулдим. Бундан сўнг у менинг шаҳар(Киев шаҳри) бўйлаб ҳаракатимни узоқдан кузата бошлади. Унинг бу писмиқи кузатувларидан уни қўрқитиш йўли билан қутилдим. Бу Рўзимурадов, деганлари жуда қўрқоқ бир махлуқ экан. Бир кун кечқурун Туркманнинг уйига келаётгандим, яна ўша Рўзимурадов мени кузатмоқда эди. Биз трамвайда мен олдинги ўтиргичларда ўтириб, у орқада тик туриб кетардик. Қайси бир бекатга келганимизда мен унинг қўлидан ушладим-да трамвайдан ерга туширдим ва унга, “бола меникини унча тортаверма, сени ҳам, ўша раҳномангни ҳам онасиникига қайтариб тиқиб қўяман-а (бу гапларим учун ўқувчи мени кечирсин. Чунки бошқача йўл йўқ эди, менда)”, дедим. Мен “раҳнома”, деганда Каримовни кўзда тутдим, албатта. Мен учун унинг раҳномаси яна ким бўлиши мумкин эди, ахир? У ҳам буни жуда яхши тушунди. Оқшом Киев шаҳрининг қоронғи кўчасида менинг шахтимни, ниятимни у яхши англади. Тўғрисини айтганда, мен Рўзимура-довдан жисмоний бақувватроқ ҳам эдим. Ундан ташқари мени у якка эмас, деб тушунган бўлиши ҳам мумкин. Бундан сўнг ҳам у мени кузатгандир, балки. Аммо энди, у ҳеч менинг кўзимга тушмайдиган бўлди. Ҳар ҳолда менинг қоронғидаги ҳамлам уни жиддий чўчитгани сезилиб турарди. Бизнинг оқшомги учрашувимиз ҳақида у Солиҳнинг укаларига “Каримов, яъни раҳнома ерига” Солиҳни қўйиб сўзлаб берибди. Бу ҳақда Муҳаммад (Солиҳ укаларидан буюги) эҳтиётсизлик қилиб, менга билдириб қўйди.

Оқибат шундай бўлдики, газеталар чиқиши тўхтади. Ўлмас овқатга келиб турадиган маблағ ҳам битди. Солиҳбей, пул тугади, бошқа ердан маблағ топишга ҳаракат қилмоқдаман, деб Истанбулданми ёки Олманияданми Киевга ҳар замонда бир телефон қилиб қўядиган бўлди, холос.

Ҳақиқатда эса, масаланинг моҳияти бунда эмаслигини сезиб юрсам-да, уни йилнинг август ойларига келиб тўла англаб этдим. Яъни бу аянчли бандалар Рўзимурадовнинг иғвосига учиб, йилнинг бошидаёқ мени ўзларидан узоқлаштириш йўлига киришган эканликларини энди тўла тушундим. Қизиғи шундаки, мен Туркияда, Солиҳнинг китобини нашр қилмоқ учун Истанбул бўйлаб уёқдан, бу ёққа пиёда оворайи-сарсон кезиб юрганимда, улар эса, бу аҳмоқона қарорга келишган ва ўзларича бу ишни амалга ошириш планларини ҳам тузиб қўйишганлар. Ҳатто мен Туркиядан келганимдан мени “компаниядан” четлаштириш вариантини ҳам тайёрлаб қўйишганлар. Шунинг учун бояги Пирмат эрталабгача ҳам ухлай олмай мендан қарз пулни ундиришга ҳаракат қилган. Чунки у ўша куни эрталабгача кутса, эрталаб эса, менга “компаниядан” чиқишим лозимлиги айтиладиган бўлинса, мендан пул унмай қолади, деб, қўрққан, бечора. Солиҳнинг укалари Туркманнинг қарзини тўламай қўяди, мен уялиб қоламан, деб ўйлаганда, ахир. Нима дейсиз, ҳар ким вазиятни ўз тафаккури даражасида тушунади-да. Мен учун бу дунё зеби-зейнатлари, пулу-моли эмас, унинг маънавияти, маърифати, поклик ва софлик муҳим ва аҳамиятли эканлигини бу аянчли кишилар тафаккур қила олмайдилар, ахир.

Шундай қилиб, 1996 йил май ойидан бошлаб мен молиявий жиҳатдан фақат “Озод”ликдан оладиган 60-70$ қалам ҳақига қараб қолдим. Аммо Киевда ётиб туришим учун Туркман ўз уйидан жой берди. Ундан ҳам Аллоҳ рози бўлсин. 1996 йилда менинг кун кечиришим учун Украиналик дўстларнинг ҳам сезиларли ҳиссаси бўлганлигини алоҳида таъкидлайман.

1996 йилги турмуш ўтказиш жараёнида яна бир ҳолатни ҳам сўзлаб ўтмоғим лозим. Мен Истанбулга бориб, у ерда Анвар Ипак (Туркчаси Енвер Ипек) исмли дўстимдан дарак топдим. У Киевда тижорат билан шуғулланмоқда экан. Мен бу ҳақда дарҳол Истанбулдан Киевга телефон очиб, йигитларга уни топиб учрашишларини сўрадим. Ўзим Истанбулдан Киевга келганимдан сўнгра эса, Анвар билан топишиб, ундан ҳам анча фойдаландик. Истанбулдан Киевга келганимдан дарҳол, ҳали бу ерда нималар бўлганлигини тушунмасдан, тушунишга ҳам уринмасдан ҳамма  нарсадан аввал, худди оламга олов тушгандай Пирматни Анварга ишга жойлаб қўйдим. Мен учун Киевда бирор муаммо бўладиган сабаб йўқ эди. Унинг устига Пирмат туркчани яхши биларди, Анварга тилмоч (таржимон) керак эди. Шу сабаб бу иш тезда битди. Анвар Пирматга 250$ маош тўлаш шарти билан уни ишга олди. Бу пул Киев шароити учун жуда ҳам катта маблағ эди. Анвардан Аллоҳ рози бўлсин. Аммо Пирматбой, мени бир марта бир пиёла чойга ҳам таклиф этмади. Чунки у( фақат у эмас, Солиҳбейниниг укалари ҳам) Рўзимурадовдан қўрқарди. Шунинг учун у мендан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилди. Бундай ҳолларда мендан бошқа киши қароридан сўзсиз қайтган бўларди. Лекин мен бу ҳолатни Анварга сўзлашни ўзим учун номуносиб ҳисобладим. Аммо Анвар, менга ҳам емак учун бироз ёрдам бериб турди. Ҳатто Анвар ёрдамида бир тижорат иши ҳам бошладик, аммо шерикларимиз қобилиятсиз(тўғриси уларнинг ғирромлиги туфайли) чиқиб қолиб, уни давом қила олмадик. Бу ҳолнинг тўла сабабларини бу ерда ёзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. 1996 йилини мана шунақа қилиб ўтказишга тўғри келди.

Мен 1996 йили тўла Киевда қолмадим. Биринчидан, йилнинг бошида (йилнинг февралига қадар) Туркияда эдим. Туркиядан Киевга келганимдан кўп ўтмай Москвадаги ўғлимнинг касалхонага тушиб қолиши сабаб Москвага келиб, бу ерда бироз вақт туриб қолишга тўғри келди. Ундан сўнг Киевга такрор қайтган бўлсам-да, аммо бу ерда узоқ қолмадим. Қисқаси, йилнинг иккинчи яримида яна Москвага кетдим ва юқорида сўзлаганим каби, бу ерда чеченлардан ҳалиги Адамникида(булар, яъни Адам ва унинг тарафдорлари Дудаевчиларга қарши эдилар) анча вақт яшадим. Бироқ мен ғоявий ва маънавий жиҳатдан Дудаевларчилар тарафдори эдим. Рус – Чечен уруши, уларнинг ўзаро муносабатлари ҳақида ўз фикрларим бор эди. Улар ҳақида “Озодлик” радиосида қатор чиқишлар қилгандим. У чиқишларим матнлари алоҳида келтирилади. Бироқ у замон Москвада мен учун яшаш масаласи бош масала эди. Бу бир, ундан ташқари менга уйидан жой ва нон берган чечен мусулмон бир киши эди. Шунинг учун биз сиёсий масалалар ҳақида деярли сўзлашмасдик. Сиёсий қарашлар ҳақида менинг чечен оғайиним кўпроқ сўзларди, у ҳам бўлса, кўпроқ Ислом тарихидан ва ўзининг сажарасидан сўзларди. Унинг айтишича Чеченистонда ҳам биздаги сингари эшонлар (сайидийлар) бормиш ва менинг оғайним ўша чечен эшонларидан эмиш.

8.1.12.7. Киевда бошлаган тижоратга оид ишларимиз ҳақида икки оғиз сўз. 

1996 йилнинг охирида такрор Киевга келдим. Чунки Туркманнинг таклифи билан Енвер Ипак ёрдамида бу ерда тижорат қилмоқчи бўлдик. Бизга Пўлат Омонович Казаков исмли бошқа бир киши ҳам қўшиладиган бўлди.

П.О. Казаков, 30 йилдан буён Киевда яшавчи Ўзбекистоннинг Навойи вилоятида туғилиб ўсган, ўқиш муносабати билан Киевга келиб, бу ерда қолиб кетган бир ўзбек кишиси эди. Шу ердан уйли-жойли бўлган, олтита боласи бор. Уларнинг бештаси қиз, бири (энг кенжаси) ўғил. Биласиз, бундай кўп болалик Украина учун жуда кам учрайдиган бир ҳол. Лекин Пўлат Омонович ишни ўғил туғилганча давом етказган чапани ўзбеклардан эди. Унинг хотини ҳам бечора яхши ая экан, хўжасининг айтганига кўнибди. Горбачевнинг кооперативчиликка ижозат бериш сиёсати даврида Пўлат Омонович ҳам медитсина асбоблари ишлаб чиқариш кооперативи ташкил қилган ва совет даврида яхшигина фаолият кўрсатган, аммо мустақилликдан сўнгра аҳвол ўзгариб, 1996 йилга келиб кооператив салкам синиш ҳолида эди. Пўлат Омонович ўзи жуда яхши одам эди. Мен яшаган ҳаёт давомида менга жуда ёқиб қолган кишилардан бири П.О. Казаковдир. Аммо бу киши сиёсат билан жуда ҳам қизиқавермасди. Лекин ўзи етарли даражада ҳар тарафлама замонавий билимга эга зиёли инсон эди.

Шундай қилиб, уч тужжор: Енвер, Туркман, П.О. Казаков ва бир гарант- воситачининг (воситачи, яъни бу мендир) тижорат ишлари қуйидагича режалаштирилганди:

1. Енвер Ипак бизга Туркиядан насияга кийим – кечак келтиришга ёрдам беради, биз эса, уни сотиб (реализатсия қилиб) пулини тўлаймиз.

2. Сотиш ишларини Туркман Нафасов ташкил қилади. Чунки у хотини билан бирга бунгача ҳам айнан шу ишларни бажариб юришарди. Лекин Туркманлар ҳозир Туркиядан Украинага келтирилган молни олиб сотардилар. Яъни Туркманларга мол фабрикадан сўнгра учинчи навбатда келарди. Бизнинг ҳолимизда эса, иккинчи навбат(яъни фабрикадан Енвар олади, ундан кейин Туркманнинг қўлига келадиган) бўладиган бўлаёт-ганди.

3. Енвернинг битта шарти бор, яъни унинг таклифига кўра, биринчи марта келтириладиган молнинг ярим нархини олдиндан тўлаш лозим. Бу маблағни Туркман ва П.О. Казаков топадиган бўлишди.

4. Мен эса, фақат воситачи вазифасини ўтайман. Тўғриси, мен Енвер ва Киевлик тужжорларнинг бир-бирига ишончли воситачиси (гарант вазифасини) вазифасини ўтамоғим зарур. Шунинг учун мен бу компанияда ҳеч қанақа маблағ билан қатанашмайман, маблағ қўшишни хоҳлаганимда ҳам менда бир сент пул йўқ. Кунлик яшашим ҳали чеченникида, ҳали Туркманникида ўтиб турибди. Аммо тижорат юришиб кетса, менинг гарантлигим учун ойлик маош тайинланишлари ҳам келишилди.

Хуллас, бир неча марта қайта-қайта учрашувлардан сўнгра бир қарорга келинди ва юқорида схемаси келтирилган тижорат ишини бошлайдиган бўлдик.

 Ниҳоят, Туркман ва Енвер мол келтириш учун Туркияга жўнаб кетишди. Бир ҳафтадан сўнг биринчи гуруҳ молларни олиб Туркман Киевга келди. Иш бошланди. Аммо давом этиши унча дуруст бўлмади. Бу ишимиздан кўзда тутилган натижа чиқмади. Сабаблари бир қатор. Улар ҳақида сўзлаб ўтирмайман. Ўқувчилар тушунарли бўлсин учун бир нарсани таъкидлаб ўтаман. Тижоратимиз муваффақиятли чиқмаган бўлса-да, уни бошлашган ўша тўрт киши (Енвер Ипак, Пўлат Казаков, Туркман ва мен) бугун ҳам жуда яхши дўстлармиз. Демак, орамизда ҳеч қанақа тушунмовчилик, яъни пул муомалалари каби бир тушунмовчлик бўлгани йўқ. Фақат иш яхши юришмади ва шу сабаб фаолият тўхтаб қолди.

Мен, юқорида Пўлат Омоновичга баҳо бердим. Енвер Ипак, Туркиядаги энг яқин, энг қалин дўстларимдандир. У менга Туркияда болаларим билан яшаган замонимда ҳам қўлидан келганча моддий ва маънавий ёрдамини аямади. Туркман ҳам мени устоз, деб билади. Мен ҳам уни одамшаванди бир яхши ўқувчиларимнинг бири сифатида кўп ҳурмат қиламан.

Шуни ҳам такрорлашим керакки, бизнинг тужжорлигимиз 1997 йилнинг март ойигача давом этди. Ундан сўнг ҳам ҳали тўла тугамаганди. Аммо мен ортиқ бу ҳолда, яъни Киевдаги муаллақ ҳолда яшай олмаслигим учун бутунлай Туркияга кетишни лозим кўрдим. Дўстларни тўплаб, орамизда бўлган молларга боғли барча масалаларни дўстона ҳал қилиб, улардан жавоб олиб, Туркияга кетдим. Мен кетгандан сўнгра, аввал ҳам яхши юришмаётган умумий тижоратимиз бутунлай тўхтаб қолди.

Ана шундан сўнг Туркия ҳаётим бошланди. Бу энди 1997 йил воқеалари бўлади.

яқин мавзу