10 -11.6 параграфлар.

10. Бошдан кечирилган ташвишли ва ғурбатли воқеалар(1998 йил сўнгги ва 1999 йил бошлари).         

Оқибатда, 1998 йили ўрталарида Анқарадаги БМТ қочоқлар билан ишлаш комиссиясига мурожаат қилганимда, улар болаларимни қабул қилишиб, мени эса қабул қилмай, менинг Россия ҳисобидан чиқиб келишим кераклигини ўртага қўйишди. Шу муносабат билан менинг ҳаётимда янги проблема чиқди. Энди мен Россияга боришим зарур бўлиб қолди. Бунга қўшимча юқорида айтилганидек, ҳаммамиз Туркиядан чиқиб, визаларимизни янгилашимиз ҳам лозим бўлиб турарди. Бу ишларнинг барчаси маълум бир миқдорда пул маблағларига боғли эди, албатта.

Оллоҳга ҳамд бўлсин, Туркиялик дўстлардан Оллоҳу таоло рози бўлсин, улар бизнинг йўл харажатларимизга ёрдам қилишдилар. Туркиядан Озорбойжонга чиқиб келишимизга Азиз Маҳмуд Худойи вақифи ёрдам қилган бўлса, менинг Россияга бориб келишимга бошқа бир Туркиялик мусулмон ёрдам қилди. Уларнинг ҳаммасидан Оллоҳ рози бўлсин.

Шундай қилиб, Туркиядан Озорбойжонга виза янгилаш учун чиқиб келиш ва бошқа бир қатор ишлар билан 1998 йилнинг августига келиб қолдиқ. Августнинг 25-да  эса, Россияга жўнаб кетдим. Менинг Россияга бориб келишим учун Туркиялик дўстлар менга икки минг доллар пул тўплаб бердилар. Ўша замонда менинг паспортимда  ҳам проблема бор эди. Яъни менинг паспортим эски совет замонидан қолган советларнинг чет давлатга чиқиш паспорти эди. Бу паспорт билан 1997 йилда Москва аэропортидан Истанбулга уча олмагандим. Шунинг учун бу сафар Россияга киришимда ҳам ўша ҳолат қайтарилиши мумкин эди. Шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши Россияга ҳаводан эмас, ер трансплртида кириб боиришни планлаштирдим. Хуллас, Қораденгиз орқали Туркия-Украина сув ва Украина-Россия темир йўли орқали мўлжалга етиб олдим.

Россияга етиб келганимдан БМТ қочоқлар билан ишлаш комиссариатининг Москвадаги бўлимига бориб аҳволни уларга арз қилдим. У ерда мени Аня Алексеева исмли бир аёл қабул қилиб, мен билан суҳбатлашди ва менинг барча ҳужжатларимни 1998 йил Ноябр ойининг бошигача ҳал қилиб беришни ваъда қилди. Анқарада болаларимга қайси мамлакатга бориши керак бўлса, мени ҳам ўша мамлакатга, яъни Канадага муҳожир этиб қабул қилдиришларини ҳам ваъда қилди. Муддатни бироз узоқ айтган бўлса-да, А. Алексееванинг жавобидан мен мамнун бўлдим. Чунки ҳеч қандай ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмасдан масала ҳал бўлганди. Фақат энди Москвада икки ой яшашим зарур бўлиб қолди.

Москвадаги мусулмон қардошлар ёрдамида бир уй ижора тутдим ва ўша ерда яшай бошладим. …  

11. Хатлар:

2003 йил май ойида Тошкентда “Бирлик” ҳаракатининг қурултойи ўтказилди дейилган хабар тарқатилди. У йиғилишга А. Пўлатов номидан бир нома юборилди ва уни “Бирлик” халқ ҳаракати раисдошининг ўн йиллик “ҳисоботи” деб қабул қилишдилар. Ўша хабарномани ўқиб кўриб, мен уни ёлғонлардан ташкил тузилган бир қисқа хабарнома деб атадим ва “Ёлғоннинг умри қисқадир” деган сарлавҳа қўйдим. Уни  Самарқандлик ҳамфикрларга е-маилда жўнатдим.  Унинг тўла матнини қуйида келтираман:

11.1. “Ёлғоннинг умри қисқадир.

Маълумки,  6 май куни Тошкентда ”Бирлик” қурултойи ўтказилди. Озроқ киши йиғилса – да, не-не ниятлар билан бу ерга келишганларга ва бутун миллатга эзгу ниятларим бор. Иншооллоҳ, яқин келажакда чинакамига озод Ўзбекистонда тўқ-фаровон ҳаёт қуражакмиз деб умид қиламан.

Афсуски, бу Қурултой ҳам ёлғонлардан, фактларни бузиб кўрсатишдан холи бўлмади. Масалан, у ерда А.Пўлатовнинг Қурултойга атаган ”ҳисобот” нутқини (мен уни уқувсиз тузилган хабарнома, деб атаган бўлардим) ўқиб эшиттиришди. Агар унда бир қатор очиқ ёлғонлар, тўқималар учрамаганда эди, унинг бирор эътиборни жалб қиладиган ери йўқ эди ва унинг ҳақида бир-икки оғиз сўз ёзишга вақт кетказиб ўтирмаса ҳам бўлаверарди.

Масалан, ўша хабарномада, ”1995 йилнинг ёзида “Бирлик”нинг Самарканд ва Тошкент вилояти ташкилотларининг раҳбарлари Алибой Йўляхшиев ва Ҳазратқул Худойбердиевлар Москвада ўзлари танлаган 10-15 кишини таклиф қилиб, улар иштирокида “Бирлик”нинг Қурултойини ўтказиш ва шу йўл билан унинг фаолиятини жонлантириш ҳаракатига тушдилар. Умуман олганда бу яхши ташаббуснинг бир қизиқ тарафи бор эди. Бу икки киши ўз ҳаракатларини “Бирлик” раисига билдирмай қилишар, гаплашган одамларидан бу масалани раисдан сир тутишни сўрашарди. Алибой Йўляхшиев  бу йиғилиш олдидан Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларини айланиб, у ердаги “Бирлик”чиларга 5 кишилик яширин гуруҳлар тузиш кўрсатмасини бериб келишидан ва бошқа баъзи бир воқеалардан шу нарса маълум бўлдики, “Бирлик”ни демократик йўлдан уриш учун жиддий ҳаракатлар бошланган экан. Буни амалга ошириш учун асосий тўсиқ “Бирлик” раиси деб ҳисоблангани учун (аслида ҳам бу шундай эди), Қурултойда у алмаштирилиши лозим эди. Бу йиғилишдан 2 кун аввал Алибой Йўляхшиев Абдураҳим Пўлатга қуйидаги мазмунда факс жўнатди: “Сиз Бирлик фаолиятидан аллақачон ажралиб қолган бўлсангиз ҳам 1 июль куни Москвада бўладиган “Бирлик”нинг Қурултойига келиб раис сифатида ҳисобот беришингиз керак”- дейди А.Пулатов.

А.Пўлатов хабарномасининг бутун мазмуни ана шу парчада келтирилган ёлғонлар, тўқималардан иборат бўлиб қолган. Уларнинг нақадар ёлғон ва тўқима эканлигини бирма-бир кўрсатаман : Унда, ”Бу икки киши масалани раисдан сир тутишни сўзлашарди”, ”5 кишилик яширин гуруҳ тузиш”  жумлалари мутлақо ёлғон ва тўла-тўкис тўқима бўлиб, бу биринчи ёлғондир. Аслида, ҳақиқатда эса, ўша 1995 йили ёзда ўтказилган ”Бирлик” конференциясида, Пўлот Охунов, Носир Зокир, А.Йуляхшиев ва А.Пўлатовдан иборат турт кишилик гуруҳга 1995 йилнинг сўнггида ”Бирлик”нинг қурултойини ташкил этиш юклатилганди. Яна ўша ерда, ”… ўзлари танлаган 10-15 кишини таклиф килиб, …”- дейилиши, эса-бу иккинчи ёлғондир. Ўша 10-15 кишилар: Пўлот Охунов, Ёдгор Обид, Мадамин Нарзикулов(марҳум), Баҳром Ҳамроев (Навойи шаҳар ташкилотининг бошлиғи, ҳозир Москвада яшаяпти), Вақаев (Бухоро ташкилотининг бошлиғи), Носир Зокир (Намангандан), Зафар Исақов (Андижондан, ҳозир Норвегияда), А.Эргашев (Фарғонадан), Усманова (Тошкентдан), Х.Худойбедиев, Хамид Расулев (Москвадан), Бўриев (Навойидан), Сулаймон Мурадов (Самарканддан), Борот Намозов (Сант-Ретрбургдан) ва А.Йуляхшиевлардан иборат эдилар. Бу кишиларнинг кайси бирини мен ёки Худойбердиев танлаб чақирган бўламиз? Жаноб А.Пўлатов, юқорида исми келтирилганларни сиз танимайсизми? Уларнинг бирортаси менинг юруғим билан юрадиган одамларми? Агар ёғгон ишлатилмай, ҳақиқати айтилса, уларнинг аксарияти, яхши ниятда ташкил қилинган йиғилишни бузиш учун сизнинг таклифингиз ва пулингиз билан келишганди. Шунинг учун улар сизнинг кўрсатмангизни бажаришга кўп уриндилар, аммо уларнинг қуруқ бақириб – чақиришларидан ҳеч нарса чиқмаганди. Биз эса, ҳақиқатни гапириш учун, ”Бирлик”нинг тақдири учун, сизнинг майда гапларингизни ҳисобга олиб, бундай ҳолга, яъни уларнинг ўша йиғилишда қатнашишига рози бўлгандик. Афсус, тарки одат амри маҳал нақлини ҳисобга олмаган эканмизда.

Менинг номимдан келтирилган телеграмма ҳам туҳматдир. Бу эса, учинчи ёлғон. Борди-ю шундай телеграмма матни ҳозирлар А.Пўлатов қўлида бўлса ҳам у Пўлатовнинг ўзи ёки бошқа бириси томонидан тўқилгандир. Ўша қурултойни ёки конференцияни ўтказишга интилиш (Пўлатовнинг ўзи ҳам тан олаётгани каби) ягона мақсадни кўзда тутар эди. У ҳам бўлса, Ҳаракатимизни жонлантиришдан иборат эди. Ўша замон, ана шу мақсад йўлида ким тўсиқ булса, уни йўлдан олиб ташлаш кераклиги ҳам ўз-ўзидан келиб чиққан ҳақиқат эди, албатта. Сиз А. Пўлатов, вақтида чақирилгандингиз.  Ёлғонларни қатораштириб ташламасдан ҳеч қурса бирор марта сиз ҳам тўғри сўзланг, ахир. Ўшанда сиз Москвага келишингиз керак эди ва кела олар эдингиз. Аммо келмадингиз. Сиз Москвага келишдан ўша вақт қочдингиз. Демак, бунга, сизнинг қоч шингизга жиддий сабаб бор эди. Сиз, 1995 йилнинг бошида Вашингитонда ҳамма ишни расво қилгандингиз. У замон сиз қилган бузғунчиликларнинг ҳоври ҳали совимаганди. Шармандаликдан, бутун ”борингизни” йўқотиб қўйишдан жуда чучигандингиз. Шунинг учун сиз Москвага келишдан қочгандингиз.

Энг асосий, энг мухим масалалар, вокеалар ”Бирлик”нинг Москва конференциясигача, унинг арафасида бўлиб ўтганди. У арафада нималар бўлганди, уларнинг ҳаммаси Пўлатовга жуда аниқ. Фақат у одам ҳақиқатни сўзлай олмайди. У ҳақиқатдан қўрқади. Мана шунақа ҳақиқатдан қочадиган одам ёки одамлар бизни, мамлакатимизни каламушлар каби кемирмокдалар.

Эй Одамлар, эҳтиёт бўлинг бугунги Ўзбекистон ҳукуматидагилар ҳам худди шунақа ҳақиқатдан қочувчилардир! Масалан, мен 1993 йил кузидан 1994 йил июлига кадар Киевда яшаб, ундан сўнг Пулатовнинг таклифи билан Туркияга кўчиш мақсадида Москвага келдим. Ўшандан кейинги менинг Москва саргузашларим, А.Пўлатов раҳбарлигида Ҳаракатимизни бироз бўлса-да жонландириш бўйича қилган тиришишларимнинг бекор кетганликлари катта китобдир. Уни ( http://www.geocities.com/begali1938  ва http://www.samarkanduz.narod.ru/ ) саҳифасида ўқишингиз мумкин. Маълумки, у вақтлар  Москвада М.Нарзиқулов, “Бирлик” ва ҳуқуқ ҳимоячилари номидан масъул ҳисобланарди. Қисқаси, Москвадаги ишларни кўриб,  М.Нарзиқуловнинг асил мақсадларини тушунганимдан кейин А.Пўлатовнинг ўзи (у замон Пўлатов мен учун ҳам идеал ҳисобланиб, раис ҳам эди) Москвага келиши ва бу ердаги ишларни унинг ўзи координация қилиши керак экан, деган фикрга келдим. Шу сабабдан мен А.Пўлатовга (яъни раисга) учта жуда жиддий хатлар ёздим. Хатларимда, мен уни Москвага келишга даъват этардим. Бу ердаги ишлар ва “Бирлик”чи, аталиб юрувчилар ваколатли кишининг кўрсатмаси билан ҳар бири ўз қобилиятига яраша иш қилсин ва фаолият кўрсатсин, деб таклиф этардим. М.Нарзиқулов ўзига юклатилган вазифаларни раис даражасида бажара ол маётгани ва бажара олмаслиги ҳақида ёзгандим. Аммо Пўлатов Ҳаракатимиз жонланиши учун жуда зарур бўлган таклифларни эътиборсиз қолдирди. М.Нарзиқулов эса, ”Раис, Горбочев замони келгунча сиёсат билан шуғулланмаймиз”- деган каби важ кўрсатиб, биздан сиёсий ишлардан тийилишни талаб қиларди. Пўлатов эса, сассиз қолаверди. Аммо мен Нарзиқуловнинг сиз номингиздан айтганларига ишонгим келмасди. Аслида сиз ўртоқ Пўлатов, сассизлингиз билан Нарзиқулов сўзларини тасдиқлардингиз. Шунга қарамасдан мен Пўлатовнинг бу сустлиги сабабларини у замон тўла англаб этмагандим. Мен ҳақиқатан, Пўлатов Туркиядан Руссияга кела олмаяпти, деб ўйлардим. Афсус ундай эмас бўлиб чиқди. Чунки кейинги воқеалар кўрсатдики, масала бунда эмас экан. У вақтлар Пўлатов чиндан ҳам Ҳаракатни ”вақтинча” тўхтатишга киришган экан. Ҳа, шундай эди. Сизда чиндак тўғрилик бўлса, бу ҳақиқатларни тан олинг.

Бу орада Америкадан Москвага кичкина Пўлатов (1994 йилнинг ноябрида эди чамамда) келиб кетишга улгурди. Абдуманнобнинг бирор ҳафта Москвада бўлиши давомида баъзи масалаларга (асосан кичик Пўлатовнинг шахси хусусида, унинг нақадар ”соф” ҳуқуқ ”ҳимоячиси” эканлиги ҳақида) ойдинлик киритилгандай бўлди-ю, аммо катта Пўлатов ҳали ҳам (ҳеч бўлмаганда мен учун) жумбоқ эди. Чунки масалан, Ҳамид Расулов Абдураҳимни етарлича (салбий, асосан молиявий нософликда, албатта) таърифларди. Аммо у замонлар Ҳамид акага ҳам мен, ”Йўқ, ундай деманг, бору – йўқ бир-иккита одамимизни шунақа, деяверсак ким қолади” , деярдим. У киши, ҳа, яхши ҳали сиз уни кўрмаган ва билмас экансиз, унинг совунига кир ювмаган экансиз, дерди. Ҳ.Расулев катта Пўлатов ҳақидаги фикрларини сир тутмайди, фақат менга эмас, Москвада юрган ўзбекларнинг қарайиб барчасига Пўлатов шахсида кўрган салбий қусурларни сўзлаб берган.

Шунақа қилиб, катта Пўлатовни Москвага келтира олмай юрган кезлар, 1995 йилнинг бошида АҚШ-да (Вашингтонда) Ўзбекистон ҳукумати ва мухолифати вакиллари учрашуви ўтказиладиган бўлиб қолди. Бу йиғилишнинг ўзбек ташаббускори кимлиги менга аниқ эмас эди. Аммо мен ҳам унга таклиф этилгандим. Шундан билдимки, унинг ташаб бускорлари Пўлатовлар эмас. Акс ҳолда кичик Пўлатов бу йиғилишга менинг қатнашишимни сўзсиз истамаган бўларди. Чунки биз Москвада учрашганимиздан кейин, Абдуманнобнинг кимлиги менга ойдин бўлиб қолганди, буни у жуда яхши биларди. Менинг исмим учрашув катнашчилари рўйхатига балки М.Солиҳ тарафидан киритилган бўлса ажабмас.

Вашингтонга бориш тайёргарликлари билан ўралашиб юрилган вақтда, бир кун Баҳром Ҳамроев билан биргаликда Истамбулга Пўлатов уйига телефон қилдик. У уйда йўқ экан, Баҳром янгаси (Абдураҳимнинг оиласи) билан гаплашди ва у телефон трубкасини ерга қўйиб, жуда шод бир холда мени табриклади. ”Домла, табриклайман, яқинда Ўзбекистонга қайтар эканмиз, янга шунака, деяпти”, деди Баҳром. Бу хабарни дурустроқ ҳазм қилмасимданоқ, Абдураҳимнинг ўзи Истамбулдан менга кетма-кет телефон қиладиган бўлиб қолди.  Сўзлашувларнинг мазмуни, Вашингтонда Солиҳни шарманда қилишимиз зарур, натижасини кейин биласиз шаклида бўларди. Мен эса, Абдураҳим, сиз нималар, деяпсиз, наҳотки биз Вашингтонга бориб ҳам тортишиб ётамиз, дердим. Охирий, бир куни Абдураҳим мени жуда бир муҳим воқеадан хабардор қилгандай, ”Мен ҳали ҳеч кимга айтмаган сирни сизга  айтайин (хотини бу сирни қачонлардир Баҳромга айтиб қўйганини билмайди ёки билмасликка олади), сиз менга қулоқ осинг, шундай қилсак (яъни Солиҳни шарманда қилсак) яқинда Ўзбекистонга қайтамиз” – деди у менга. Бу мен учун тез англаб етадиган хабар эмасди. Бунинг деталлари лозим эди. Аммо улар кейинга қолганди.

Ана шундай килиб, 1995 йил январнинг сўнггида бир неча мухолифат вакиллари Америкага келдик. Энди бу ерда ҳақиқий ўйин бошланди. Бу ерда-Америкада бўлган ва Пўлатовнинг башарасини кўрсатадиган фактларни сўзлашдан олдин йиғилишда қатнашган мухолифат вакиллари исмларини хотирлашга ҳаракат қиламан. Улар: икки Пўлатов, Муҳаммадбобур Маликов, М.Солиҳ, Паҳлавон (фамилиясини унутдим), А.Йуляхшиев – расмий чақирилган мухолифат вакиллари. Алишер Мардиев (ўша замонда Ўзбекистон адлия вазири), Ўзбекистоннинг АҚШ буюк элчиси С.Сафоев ва бошқалар – Ўзбекистон хукумати вакиллари. Йиғилишни ташкил этган (Америка Миллий Демократик институти вакиллари) америкалик мезбонлар. Залда ҳам 30-40 киши (балки кўпроқ), бизни тинглашга келишган америкалик ўзбеклар, тадбир ташкилотчилари таклиф этган меҳмонлар (улар Америкада сиёсат тадқиқотлари билан шуғулланадиган кишилар). Шуни алоҳида айтиш лозимки, бизни тинглашга келганлар ичида Ўзбекистонликларга яхши таниш Эргаш ака (марҳум, тахаллуси: Эргаш Жуманбулбул). Рўзи Назар ва “Америка Овози” радиоси ходими туркиялик ўзбек, Жавдат Сайхан исмли кишилар ҳам бор эди. Билмадим, нима учундир Тожикистон қуролли мухолфатидан ҳам йиғилишга вакил чақирилганди. Улар ҳам йиғилишда Акбар Тўражонзода бошлиғида қатнашишаётган эдилар.

Мажлис бошланишига кадар мухолифат вакиллари (бизда) ҳисобида икки кун вақт борди. Шунинг учун ўз позицияларимизни келишиб олмоқ учун биз икки марта йиғилишдик. Бу ўзаро йиғилишимизда, “Бирлик” ва “Эрк” бир фронтда бўлайлик, яъни бу ерда бу сафар жиддий бир шаклда бирлашайлик, эртага америкаликларга якдил бирлашган мухолифат бўлиб кўринайлик, деган таклиф муҳокама бўлди. Аммо Пўлатов бирлашишга мутлақо қарши бўлди ва ўзини бирлашишга қарши жуда агрессив кўрсатди. Ана шундан кейин мен А.Пўлатовга, ўша Вашингитондаёк, ҳали учрашув бошланмасданоқ, “Абдураҳим, тўғри қилмадингиз, сизнинг бу ҳаракатингиздан сўнг “Бирлик” тамом бўлади, у энди бутунлай қайтадан тузилади”-дедим. Бугун кўраяпмизки, ҳақиқатан ҳам шундай бўлаяпти. Аммо менинг ишончим комилки у “Бирлик” ҳаракат шаклида ҳам, партия шаклида ҳам А.Пўлатов билан бўлмайди, бўла олмайди. Ҳозирги ҳаракатлар эса, нима бўлса бўлсин (ёлғонми, кимларгадир туҳматларми қилиб бўлса ҳам), иш қилиб Пўлатовга бирорта “легитим” туғдиришга қаратилган ясама ишлардир. Чунки ёлғончилик ва бу очиқ туҳматларни ўз манфаати йўлида қўллаш каби ғаламис усул узоқ давом этмайди, улар кўп ўтмай тўла очилажак. Бу ёлғону-туҳматлар билан “обрў қозониш”ни хаёл этганлар шарманда-ю шармисор бўлажаклар. Одамларнинг, Ватаннинг такдири билан ўйнашаётган ёлғончи ҳукумат ҳам, айнан шу ишни бошқа шаклда олиб бораётган А.Пўлатов кабиларнинг ҳам умри узоқ эмас.

Оқибатда, йиғилишга бўлинган, якка-якка ҳолда киришдан бошқа илож қолмади. Мажлисда нималар бўлганини Америкалик, Эргаш ака ва Рўзи ака, Жавдат Сайханлардан сўролса жуда маъқул бўларди. Чунки улар нисбатан бетараф кишилардир. Эргаш ака раҳматли, бизнинг ўша Вашингтон йиғилишимиз биринчи куни тугаганиданоқ,  “Пўлатов саситиб қўйди”-деб баҳо берганди. Рўза ака ва Жавдатлар Вашингтонда яшаяптилар, уларнинг ўзларидан сўраш имкони бор. Аммо ўша йиғилиш Америка Миллий Демократик Институтининг эрмакка чақирган иши ёки унинг иш жадвалида турган навбатдаги одатий мажлиси эмасди. Улар бизни аниқ мақсад билан, бизнинг қай даражада мухолифат эканлигимизга баҳо бермоқ учун махсус чақиришгандилар. Улар бизни кўришни истагандилар. Улар бизнинг бўйи-бастимизни кўришни эмас, балки бошимизни, мухолифат сифатида савиямизни кўришни ва биз кимларни орқамиздан эргаштирмоқдамиз уларни билишни истагандилар. Йўлбошчи бўладиганларимиз кимлар эканлигини кўришни хоҳлагандилар. Улар ўша йиғилишдаги ҳолимизга, ўзимизни қандай кўрсатишимизга қараб бизга сиёсий, маънавий ва ҳатто моддий ёрдам беришни режалаштирган эдилар. Биз учун у йиғилиш ҳар доим ҳам ташкил  бўлавермайдиган, ҳаётий муҳим тадбир эди. У ерда биз ё бор шаклда ёки йўқ шаклда гавдаланишимиз керак эди. Ҳақи- қатан шундай ҳам бўлди. Афсус, Пўлатовнинг ножўя ҳаракати оқибатида у муҳим имкониятдан фойдалана олмадик, ўзимизни етук сиёсат кишилари қилиб кўрсата олмадик. Натижа ҳақида узун ҳикояга ҳожат йўқ. Мана бугунга қадар Ўзбекистон мухолифатини дунёда ким дурустроқ тан олади?  Бизнинг бугунги аҳволимиз ҳақида А.Пўлатовнинг ўзи мана нималар деяпти: “Ҳамма ерда Ўзбекистондаги вазиятни билишади, демократларга ҳамдардлик қилишади, аммо уларнинг бизни қўллаб-қувватлашлари ўзимизнинг кучимизга тўғри пропорционал” экан.

1995 йил бошида бизни тан олдириш ва бизни қўллашларини ташкил этиш имкони ўз қўлимизда эди. Аммо Пўлатов Каримов ҳукумати ёлғон ваъдаларига сотилиб, мухолифатни дунё тан оладиган нормал шаклга келтириш имкониятини барбод қилди. (Пўлатовнинг Вашингтон йиғилиши олдидан, “Ўзбекистонга яқинда қайтамиз”, деб зўр беришлари бу тасдиқнинг исботи бўлишга арзийди. У бу гапни ҳаводан олмаган экан.) Бу фикрни такрор исботлайдиган яна бир маълумотни пастроқда келтираман.

Ўша йиғилишда сезиларли аҳамиятга эга бўлган яна бир ҳолатни ҳам бу ерда келтириш жуда лозим, деб ҳисоблайман. Йиғилиш аслида Ўзбекистон ҳукумати ва унинг мухолифати вакилларининг учрашуви эди. Мажлис икки кун давом қилди. Йиғилишнинг биринчи куни Ўзбекистонликлар ўз чиқишларини тугатишди. Бизнинг икки раисимизга (М.Солиҳ ва А.Пўлатов. Уларга сўз бериш тартиби шундай бўлганди) ўз фикрларини изҳор этиш учун ҳар бирига 5 минутдан, ҳаммаси бўлиб ўн минут вақт ажратилди.  А. Мардиевга эса, ҳукумат вакили сифатида бир мунча кўпрок вақт берилди.

Қизиғи шундаки, мажлис тошкилотчилари мажлиснинг иккинчи куни Тожикистон қуролли мухолифати вакили А. Тўражонзодага  бир соатлик сўзлаш вақти ажратишди. Қарамайсизми, йиғилиш номига Ўзбекистонга тегишли, аммо унда асосий эътибор Тожикистонга қаратилаяпти. Чунки биздан ҳеч вақо топмадилар-да. Ана ўша вақт ҳам дунё ким билан ҳисоблашиши мумкинлиги кўринганди.  Пўлатов эса, ўша замон-1995 йилнинг бошида мамлакатдаги мустабид режимга қарши кучли мухолифат бўла олиш ва Америка ҳам, Овропа ҳам қўллайдиган бўлиш имконини Каримовга сотиб бўлганди. Мана бугун эса, у уялмай, “Биз кучли бўлсак, кўпроқ, кучсиз бўлсак, камроқ қўллашади», деяпти. Билмадим у бу фикрини кимга ва нима учун уқтирмоқчи? …

Ўша мажлисимизнинг иккинчи куни, мажлис бошланиш олдидан кичик Пўлатов, Мухаммад- бобур Маликов ва мени бир чекага олиб, “Кеча акам нотўғри иш қилди. Келинглар, бугун қайтадан йиғилайлик ва бирлашишга келишайлик”- деди кўзидан ёшини тўкиб. Тўғриси, унинг бу таклифи бироз кеч бўлаётган бўлса-да биз иккимиз ундан хурсанд бўлдик. Лекин энди бу таклифни иккинчи тараф кеч ҳисоблади, қабул қилмади ва бу тараф, “тўй ўтди,  энди хинани қаерга қўйсаларинг ихтиёр силарда”, деб жавоб қилди. Бу жавоб ҳам нотўғри эди, албатта. Аммо буниси бошқа масала.

Вашингтон йиғилиши олдидан биз “Форум” газетасини нашр этишни бошлагандик. Америкаликларнинг таклифи билан у газетага мен муҳарир бўлгандим.

Биз ўша вақт Вашингтондалигимизда сиз Пўлатов,  ҳозир газета чиқариш хавфли, жонингизни таҳликага қўйманг, газета нашр этишни тўхтатинг, демаганмидингиз??? Дегандингиз, ўртоқ Пўлатов. Чунки сизнинг Каримов билан шартномангизга кўра сиз Ўзбекистонга, Каримовнинг “мансаб”ига қайтмоқчи эдингиз. Шунинг учун Ҳаракатимизга  куч бераётган имконни барбод қилдингиз ва яна нималардир қилишингиз лозим эди. Бундай нималардан бири “Форум” газетасининг нашрини тўхтатиш эди. Шу сабаб мени йўлдан урмоқчи бўлгандингиз. Аммо сизнинг ғаламислингиз амалга ошмади, ошмасди ҳам.

Мен Вашингтондан Москвага кайтиб, “Форум”, “Бирлик” газеталарининг нашрини бошлаб юбордим. “Эрк” – чилар эса, “Эрк” газетасини чиқара бошлашди. Харажатлар озроқ бўлсин учун учала газетани бир жойда чиқара бошладик.

Пўлатовнинг Вашингтондаги бузғунчиликлари Каримовни жуда ҳам қаниктирмади, шекилли, Пўлатов тезда Ўзбекистонга қайтавермади. Бизнинг газеталаримиз эса, кетма-кет чиқабошла- ди. Пўлатовнинг эса, шундай бекор ўтираётгани кўриниб қоладиган бўлди. Ана шундан кейингина “Ҳаракат”, номланган варақа чиқара бошланди (Бунинг учун Туркияда кимлардан ва нималар олингани, улар қандай усуллар билан олингани Аллоҳга ва Абдураҳимга маълум). Шунинг учун Пўлатов Тошкентга йўллаган “Хабар нома”сида жуда мақтаниб кўрсатган “Ҳаракат”нинг дунёга келишига мен сабабчиман десам, бу ҳақиқатан мақтаниш бўлмайди, чунки бу ҳақиқатдир.  Аммо шуни ҳам айтиш керакки, Каримов Пўлатовга берган ваъдасини бажарди. 1996 йилда Пўлатовларни Каримов икки марта Ўзбекистонга чақирди. Бироқ Пўлатовлар ҳалигача Ўзбекистонга қайтишни негадир пайсалга солиб келишмоқдалар.

Аҳволимизнинг шундайлигига қарамасдан, ўша йилги Вашингтон йиғилиши қатнашчиларининг ҳақиқий мухолифат қисми Каримов ҳукуматига қарши таъсирлироқ курашмоқ учун Каримов режимига қарши бўлган барча кучларни бирлаштириш чораларини ишлаб чиқиш керак, деган фикрга келдилар. Шунинг учун иложи борича тезроқ, имкони қадар 1995 йилнинг ичида бутун мухолифатдагилар, “Бирлик”-1, “Эрк”-2 вакиллари, Каримов ҳукуматида ишлаган-у, аммо уни ташлаб кетганлар – 3, ўзларини диний мухолифат ҳисоблаганлар – 4 гуруҳ вакиллари қатнашадиган йиғилиш ўтказиш зарур ва буни ташкил этамиз, деган қарорга келинди. Афсус, бу қарор ҳам бошқа бир “лидер”нинг хатоси билан амалга ошмади. Оқибатда, ўзларини лидер-ман, деб ҳисоблаганларнинг баъзида масъулиятсизлиги, яхши ишламаганларидан, баъзида тўғридан-тўғри Каримов ҳукуматига сотилганликларидан мамлакат аҳолисининг бутун табақаларини бирлаштирадиган мухолифат ҳалигача майдонга келмади. Бу орада ўзларини диний мухолифатда, деб ҳисоблаганларнинг кўпчилиги, айниқса уларнинг ёшлар қисми тўғри бўлмаган йўлга тушиб қолдилар.

Шундай қилиб, 1995 йилнинг февралида бирлашиш учун энг қулай вазиятни шахсан А.Пўлатов махсус барбод қилгани учун, у ўша  Вашингтон учрашувини ўз хабарномасида четлаб ўтади, уни эсламайди ва кейинги аҳамиятсиз бир маълумотни,   “1995 йил 17 майда, мен, М.Солиҳ, Ш.Мирсаидов … ҳамкорлик Баёнотномасини имзоладик” – деб келтиради ва бу билан фактларни ўз истагига мослайди, кишилар фикрини чалғитишга уринади. Аслида 1995 йил Вашингтон учрашувида бирлашишга уриниш барбод бўлганидан кейин Пўлатов ёки пўлатовлар тарафидан қилинган ҳар қандай ҳаракат кўзда тутилган натижа бермаслиги бу аксиомага айланганди. Энди бирлашиш масаласини ўртага қўймоқ учун “Бирлик”нинг янги қурултойи ўтказилиши ва унда Ҳаракатнинг ва  А.Пўлатов фаолияти жиддий муҳакама этилиши зарур бўлиб қолганди. Аҳволнинг айнан шундай эканлигини Тошкентда 6 майда ўтказилган йиғилиш ва унга йўлланган Пў латов ҳикояси яна бир бор яққол кўрсатиб турибди.

Юқорида келтирилганлардан келиб чиқиб, 1995 йил ёзида Москвада “Бирлик”нинг навбатдаги қурултойини ўтказишга киришилди. Мен март ойида Наманган, Андижон, Қўқон, Тошкентда бўлишга муваффақ бўлдим. Вашингтон воқеаларини у ерда учратган ҳамфикрларга ҳеч бадиийлаштирмасдан сўзлаб беришга ҳаракат қилдим. Бекжон ака Тошмуҳаммедов билан телефонда гаплашдим. Бу саёҳат ҳам бир узун саргузашт.

Хуллас, ўша йили ёзда Москвада бир қанча кишиларни йиғиш мумкин бўлди. Москвага етиб келганлар “Бирлик”нинг еттита вилоят ташкилотлари вакилларидан иборат эдилар. Улар Низомга биноан қурултой ўтказиш учун тўла ваколатли ҳам эдилар. Унда А. Пўлатовга жуда ҳам ёқмаган ташкилий масала ҳам кўрилиши мумкин эди. Аммо биз, чет элларда юра туриб, ўзи қатнашмаётган бир йиғилишда уни кўп муҳакама қилмайликда, унинг ўзи иштирокида қурултой чақирайлик, деган андишага боргандик. Бугун ўртоқ Пўлатов андишанинг отини қўрқоқ атамоқда ва воқеа ҳақида ёлғон фактлар келтириб, кишиларни чалғитаяпти.

Аслида эса, Пўлатов етарли сиёсий даражага эга киши бўлганда эди, ўша ҳаракатларни ўзи бошқарган бўларди, чет элдаги ва мамлакатдаги кучларнинг (мен бу ерда фақат “Бирлик”чиларни кўзда тутаяпман) жипслаштирган ва Ҳаракатни ҳақиқий кучли ташкилотга айлантирган бўларди. Нима учун бундай бўлмади ва бўлмаяпти? Бу саволларга жавоб беришдаги Пўлатовнинг важига қарасангиз, бу ярамас М.Солиҳ тирик-да, агар у бўлмагандами, у-ҳу нималар бўларди, “Бирлик” иши ундай ажойиб бўларди, у бундай кучли ташкилотга айланарди, дейишдан бошқа гап йўқ. М.Солиҳ ким бўлса бўлсин, у “Бирлик”-дан кетди. Нима дунё фақат Солиҳга суяниб тургандими ёки бутун ҳаракат Солиҳдан иборатмиди? Масалан, Зоҳид Ҳакназаров, Бекжон Тршмуҳаммедов, Гулчеҳра Нуруллаева, Толиб Яқубов ва бошқа қатор етарли даражада пишиқ сиёсий кишиларни ҳам (улар 6 май йиғилишида қатнашдиларми? Қатнашмадилар. Нега у ветеранлар қатнашмадилар?) Ҳаракатдан Солиҳ олиб кетдими?

Энди, Пўлатовнинг Солиҳни Америкада шарманда қилсак, Ўзбекистонга қайтамиз, дегани ҳақидаги масалага келсак. Мен 1995 йили Қўқонда бўлганимда, қўқонликлар менга, “Биз жуда ишончли манбадан биламизки, Ўзбекистон президенти қашида ижтимоий ташкилотлар ва партиялар билан ишловчи комитет ташкил бўлади. Унинг бошлиғи қилиб Абдураҳим Пўлатов тайинланади. У яқинда Ўзбекистонга қайтади” – дедилар. Ана шундан сўнг, Пўлатовнинг Истанбулдан менга телефонлари, унинг менга айтган “сир”лари, унинг хотинининг Баҳром Ҳамроевга Ўзбекистонга қайтамиз дейишлари такрор хотирамга келди ва тўғриси қаттиқ ачиндим. Ана ундан кейин Пўлатовнинг Вашингтондаги “несговорчвый”лигини такрор мулоҳаза қилдим. Сиз ҳам мулоҳаза қилинг, Ҳақиқат мана шу, дўстлар.

Ўзбекистонда бечора миллат, менинг бу сўзларимни ўқиётган азиз ўқувчи, сиз “Бирлик”ка не-не умидлар билан кўз тикиб, уни нажоткор ҳисоблаб турсангиз-да, Ҳаракатга қанақадир ёлғон йўллар билан кириб олган бир-икки киши фақат ўз шахсий  манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўзларини бир сафар “демократ” ва бошқа сафар сотқин, учинчи сафар яна кимлар қилиб кўрсатсалар, нософ қилмишларини ҳақиқат, деб кўрсатишга бор кучлари билан уриниб турсалар, Ҳаракат бугунги аҳволга тушмасдан бошқа ҳол ҳам бўлиши мумкинми эди?

Энди икки оғиз сўз А.Пўлатовнинг 6-май йиғилишига юборган “нутқи” ҳақида. Биринчидан, бу “нутқ” да ўн йиллик сиёсий хулосаларни топиб бўлмайди. Иккинчидан, ҳисобот нутқи аталмиш бу ҳикоя, афандининг “бу гўшт бўлса, мушук қани, бу мушик бўлса, гўшт қани”сига ўхшаб қолибди. Чунки инсон ҳуқуқлари билан катта Пўлатов эмас, кичик Пўлатов шуғулланади-ку, ахир. Бу нутқ Абдураҳимга тегишли бўлса, Абдуманноб нимани гапиради? Агар тескариси бўлса, ўн йил давомида Абдураҳим нима билан машғул бўлган экан?

Бир неча саҳифалар тўлғазилган Пўлатов сўзларини ўзбекларга ўкиб берилса, ундан улар бирор нарса тушуниб ола биладиларми? Оддий қишлоқдаги ўзбекларни қўя турайлик-да, зиёли ҳисобланмиш институт ва университетларнинг прфессор-ўқитувчиларига борайлик, мана бу бизнинг бўлажак “президентимизнинг” ўн йиллик чет эллардаги юриб ортирган сиёсий тажрибалари, деб кўрсатайлик, қани улар ундан нималардир тушунармиканлар. Масалан, мен ҳатто шундай кўрсатишга уялган бўлардим.

Аслида эса, ўн йиллик ҳисобот, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий аҳволини чуқур илмий анализ қилиши ва у бугунга ва келажакка мўлжалланган жиддий хулосалар ва таклифлар билан тўла бўлиши зарур эди. Ҳатто баъзи муаммолар деталлаштирилган ҳолда таҳлил қилиб берилиши лозим эди. У ҳисоботни ўқиган халқ ёки алоҳида бир киши ана шу ҳисоботдан мухолифатнинг кимлигини кўриши керак эмасми эди, ахир? Ваҳоланки, Пўлатов ҳикоясидан бундай ҳаётий муҳим масалалар ҳақида бирорта жўяли фикр топиб бўладими? Йўқ-ку, ахир. У ҳолда ўртоқ Пўлатов кейинги ўн йилда нима билан шуғулланди экан, халқ ва биз Ҳаракат аъзолари ундан буни сўрашга ҳақлимизми ёки йўқ?

“Бирлик”ни бугунги Пўлатов истаган шаклда партияга айлантириш ҳам умумдан яширин, нохолис мақсадни кўзда тутаётган кўринади. Афсуслар бўлғайким, Ўзбекистонда бугун ҳам партиялар тузишга нормал шароитлар пишиб (ҳатто бутун постсовет мамлакатларида, десак ҳам хато қилмаган бўламиз) етишмади. Жамият манфаатлар асосида табақалашмади. Биз истаймизми ё йўқ Партия аталадиган гуруҳлар фақат манфаатлар атрофида жиддий жипслашишлари мумкин. Жиддий жипслашмаган гуруҳлар ўзларини ким, деб аташларидан катъи назар улар партия принципларида иш юргиза олмайдилар. Демак, улар партия эмаслар.

Бизда ҳамон жамият, ҳокимият, унинг соҳиблари ва ундан (ҳокимиятдан) норозилар гуруҳларидан иборат бўлиб қолмоқда. Бундай вазиятда ҳокимият нуқтаи назарига қарши халқ ҳаракати шаклида мухолиф гуруҳ фоалият кўрсатса самаралироқ бўлади. Менинг бу фикримдан Ўзбекистонда партиялар ташкил бўлмайди экан, деган хулоса чиқмайди. Асло ундай эмас. Ҳаракат ўз фаолиятини сақлаб қолган ҳолда, унинг ичидан партияга бирлашувчилар партия тузиб чиқаверишлари мумкин. Аммо партия туздик, Ҳаракатни тарқатамиз, дейиш хатодир. Замонлар ўтар, Ҳаракат ичида бир қатор партиялар етишар ва ниҳоят Ҳаракат ҳақиқатан тарихга айланар. У замон ҳурмат юзасидан балки “Бирлик” маслаҳатчи бир ташкилотга ёки мамлакат ижроия ҳокимияти қашида маслаҳатчи Кенгашга айланиши мумкин бўлар.

Бугун эса, Ўзбекмстонда “Бирлик” халқ ҳаракати сифатида фаолият кўрсатиши керак ва мамлакат Конституцияси доирасида сиёсатнинг барча жабҳаларида Ҳаракатнинг истисносиз қатнашиши қонунлаштилиши зарурдир. 

11.2. Ассалому алайкум, Холиқназар дўстим!

Мен бундан олдинги марта сизга ёзган хатимдан кеийин ҳалигача ўзимни хотиржам ҳисоблай олмаяпман. Чунки сизга ижобий жавоб бера олмаганимдан кўнглумда бир ғашлик, бир қони- қарсизлик кетмай қолди. Биз, ҳаракатимиз бор, ундаймиз-бундаймиз, унақа-бунақа раисмиз бор ва ҳ.к, деб қанчалар кўкрак керамиз. Агар бу маш-машалар халқ душмани мустабид режим – га бирор бир шаклда қарши туролмаса, ҳатто бирортамиз қийналиб қолганда унга бирор нарса билан ёрдамчи бўла олмаса уларнинг кимга ва нимага кераги бўлади? Ундай ” ҳаракатми, ташкилотми, боринг партиями” борлигидан кимга фойда, кимга зарар? Ундай ташкилот билан ким сўрашиб, саломлашади?

Холиқназар, сизга у хатни жўнатиб, кутубхонадан чиққанимдан сўнг мени ана шу юқорида келтирилган саволлар анча вақт қийнади. Тўғрисини айтсам, бу масалалар мени бугун, сиздан хат олганимдан кейин, сизнинг муҳтожлигингизни билганимдан сўнг эмас, балки улар мени анча илгаридан бошлаб қийнаб келади. Пўлатов ва менинг сўнгги йиллардаги қарашларимиз орасидаги асосий фарқ ҳам шу саволларга жавоб ахтаришдадир. Биримиз у саволларга ҳақиқий жавоб топиш тарафдори (бу мен ва мен кабилар), иккинчимиз кишиларни, миллатни алдаш тарафдоридир – булар Пўлатов, Каримов ҳам шу ерда ва шуларга ўхшашлар ҳаммаси бир ерда.

Хат узунроқ бўладиган бўлса-да мен уни бироз узоқдан бошлайман. Ҳаракатми, партиями бўлишидан қатъи назар ҳар қандай сиёсий ташкилот бақувват бўлмоғи, ишонарли ҳаракат қилмоғи учун зарурий шартлардан бири унинг етарли миқдорда молиявий қудратга эга бў- лишидир. Буни озгина сиёсат билан қизиққан киши билиши зарур. Шунинг учун ҳали Ўзбекис- тонлигимизда, Пўлатов мен учун ҳам раис ҳисобланган замонларда, мен унга партиянинг молиявий тарафи, жойлардаги ячейкаларнинг мустаҳкам бўлиши ва уларнинг молиявий масаласи ҳақида жуда кўп марта Пўлатовга мен сўзладим. Сиз мени маъзур тутинг, бу гап- ларни сизга ёзишдан мақсад ўзимни мақташ эмас, балки сизни воқеаларга яқинроқ келти- ришдир. Сиз яхши биласиз, молия масаласи билан Самарқандда биз шуғулланишга ҳаракат қилгандик, бирор жамғарма бўлармикан, деган мақсадда сизга бироз пул ҳам йиғиб берган- дик. Афсус, у ишларимизни ривожлантира олмагандик. Аммо ундай ишларнинг яхши йўлга қў- йилиши учун ҳам марказ керак эди. У марлказ кўпроқ пул йиғиши, уни ишончлироқ банкларда сақлаши, ишонарли тужжорлар билан ишлаши керак эди. Бироз кейинроқ билиш мумкин бўлдики, биз Тошкентда марказимиз бор, деб юраверган эканмиз, бироқ ўша замонлардаёқ ва ҳеч бир замон биз Ҳаракат шаклида марказга эга бўлмаган эканмиз.

Аслида ҳукумат, ”Бирлик”, деганда унинг Самарқанд ва Андижон ташкилотларини тан олар экан. Марказ эса, уларнинг қўлида ўйинчоқ бўлган бир аянчли гуруҳдан иборат бўлиб қолган экан. Биз эса, интизомли бўлиш ниятида доим марказга қараб иш тутдик. Бу бизнинг энг катта камчиликларимиз, сиёсий хомлигимиз бўлган. Марказда кимлар ўтирганлигини била олмагани – мизни кечириб бўлмайди. Бу тарихий камчиликдир. Надоматлар бўлғайким, масалаларнинг асл моҳияти анча кеч англашилди.

Холиқназар, сизга ёзган кичик ва катта хатларимда Пўлатов ҳақида у ёки бу хил нарсалар ёзиб, пул аралашиши мумкин бўлган ерларидан атайлаб сакраб кетгандим. Чунки пул ҳақида гап кетганда энг яқин дўстлар ҳам нотўғри тушунишлари мумкин-да, ахир. Сиз менинг жўшқин танқидчилигимни пулга боғлаб юборманг, деган мақсадда масалани у тарафга ҳеч олиб бормаётган эдим. Бугун сиз мендан ёрдам сўраганингиздан кейин бу масалаларни ҳам ойдинлаштиришга тўғри келаяпти.

Энди дўстим, сизни воқеалар билан дурустроқ танишитириш учун ҳикояни ўз мусофирлик ҳаётимдан бошлашим керак бўлаяпти.

Биринчидан, менинг Ўзбекистондан қандай чиқиб кетганлигим, унга асосий сабаблар нима, сиз яхши билмасангиз керак, ҳақиқатан ҳам билмайсиз.

Самарқанд шаҳар ва вилоят органлари мени қамоққа олмоқчи эдилар, аммо улар бизнинг қанча кучимиз борлигини билмасдилар. 1989 йилги тожиклар фитнаси (провакатсияси) ва 1991 йил талабалар ғалаёни чиқаришга уринишларда Биз ҳар томонлама сезгир ва вазиятни яхши тушунадиганлигимизни кўрсатганлигимиз сабабли ҳукумат биздан жуда ҳам ийманарди. Шунинг учун улар мени қамоққа олишни пайсалга солишарди. Борди-ю, мени қамасалар, мени қўллаб катта митинг ва ғалаёнлар бўлиб кетишидан чучирдилар. Шу сабабдан ҳам ҳукумат мендан сиёсатдан четлашишимни баъзан илтимос, баъзан талаб қиларди. Бу илтимос ва талабни Абдураҳмонов (ўша замондаги Самарқанд вилоят ҳокими), шаҳар ва вилоят прокурорлари, милитсия бошлиқлари, вилоят КГБ-си бошлиғи бир неча марталаб, ҳар хил шаклда менинг олдимга қўйишардилар. Мен уларнинг таклифини қабул қилсам эди, ўзимга ўзим ҳукм ўқиган бўлардим. Бу билан улар мени одамларга сотқин кўрсатишларига ва жисмоний йўқотиб юборишларига йўл равон очиларди. Мен уларнинг таклифини қабул қилмадим, албаттта. Менинг қарорим қатъйлигини билишган ҳукумат одамлари мендан қутулишнинг бошқа йўлини, яъни мени Самарқанддан четироққа чиқариш йўлини танладилар. Бу вариантга мен ҳам рози бўлдим. Акс ҳолда менинг жоним таҳликада қолаётганди. Ўша замонлар ертаю-кеч уч киши баъзан тўрт киши мени қадамма-қадам кузатишарди. Дарс ўтаётганимда аудиториянинг эшиги олдида кутиб туришарди. Бир сафар дарсдан кейин кафедрада Анвар Асроров иккимиз узоқ шахмат ўнадик. Натижада факултетдан жуда кеч чиқдик. Мен билардим, ташқарида ҳеч бўлмаганда бириси мени кутарди. Шунинг учун Анварни мен университет дарвозаси тарафга эмас, медтехникум тарафга (авиатсионная тарафга) олиб кетдим. У тарафдан айланиб, Чоршанбаевнинг уйига бордик. Чоршанбаев уйида йўқ экан, уникига кирмадик. Унинг ўғли бизни машинасига миндирди. Ана шунда, машинага чиқаётганимизда арқамизда кишилар борлигини Анвар сезиб қолди. Улар битта эмас, икки киши экан. Кечалари Самарқанддаги уйимнинг уч тарафида учта жугули машинада тўққиз киши бизни ”қўриб” ётишарди. Тўғриси, мен улардан қўрқардим. Аммо мен уларнинг мени қамоққа олишларидан эмас, балки бирда бўлмаса, бирда улар бирорта транспорт остига мени итариб юборишадими, деб қўрқардим. Чунки мени бундай кузатиш бир кун уларни зериктирган бўларди-ку, ахир. Ким билсин, балки буйруқ шундай бўларди. Иш қилиб аҳволим жуда танг эди, ўша замонлар. Аммо мен бундай ҳолни биров билан шериклашмасдим, шериклаша олмасдим. Чунки бу ҳукумат нималарни режалаштирмаган, дейсиз? Балки менинг ҳамма сўзларим ёзилиб олинаётгандир. Мен эса, ҳеч қачон Ўзбекистондан ҳеч ерга чиқмоқчи эмасдим. Ватандан чиқмаслик учун энг сўнгги ҳаракатни ҳам қилганман. Аммо унга ҳам Тошкентдаги ”Бирлик”-чи ҳисобланмиш ”дўстлар” ҳалақит беришган. Менинг сўнгги ҳаракатим ва ”дўст”ларнинг ҳалақитлари ҳақида ёзишга ҳали вақт келмади.

Хуллас, 1993 йили тахминан март ойларида ҳукумат Йўляхшиев Алибойни Ўзбекистондан чиқариб юборишга қарор қилди. Шунинг учун 1993 йилда  университет ректори ўқитувчилар билан иш контракти тузганда мен билан контрак тузилмаганди. Бундан сизнинг хабарингиз балки бордир. Мен (Йўляхшиев) эса, ”Бирлик”-чи ”дўст”ларим ҳисобидан режимга қарши ҳужум қилишнинг энг сўнгги имкониятидан маҳрум бўлиб, ҳукумат қарорига рози бўлишдан бошқа иложга эга бўлмай қолгандим. Ана шундан кейин Самарқанд университети ректори Мўминов Т.М. мени илмий сафарга расмийлаштирганди. Чунки ҳамма ишлар силлиқ битиши, атрофда ортиқча шубҳалар туғилмаслиги керак эди. Аммо кимларнингдир иғвосига учиб, Жуманов-бузоғча ўзини проректор ҳисоблаб, менинг сафар ҳужжатларимни расмийлашти-ришни кечиктиришга интилганди. Оқибатда, ректор ҳужжатларни шахсан ўзи имзалаганди. Менинг бу илмий сафарим, Ўзбекистон ҳукумати учун ”расмий мухожирлик”, ҳақиқий сургун эди. Буни, Пўлат Абдураҳманов, Мўминов Т.М. ва милитсия, прокуратура, КГБ билардилар ва албатта, мен ҳам билардим.

Эй Аллоҳ, Ўзинг оқ йўл бер, деб йўлга чиқиш олдидан масаланинг юқоридаги каби эканлигини, сургун бўлаётганлигимни, энди мен Ватанда режим ўзгармасдан юртга қайтишим номаълум эканлгини махсус шарт билан фақат бир кишига айтдим. У ҳам бўлса катта куёвим Мусин Абдуалимов эди. У ҳолатнинг шундайлигини фақат ўзи билиб, уни ҳатто хотинига-менинг қизимга ҳам айтмаслиги керак эди. Ҳақиқақтан шундай ҳам бўлди. Биласиз, у ўша вақтлар шаҳар ҳокимиятида ишларди.

Мен бир томондан мухожирликни ноилож қабул қилган бўлсам-да, ташқарида раисимиз борлиги учун кўнглум тўқ эди. Энди тўла қонли мухолифат ишларини чет элларда давом эттирамиз, деган умидим катта эди. Афсус, умидлар пучга чиқди. Мен, чет элларда тўла қонли мухолифат ишлари, деганда : биринчидан, чет элда кўпчилик бўлишимизни, интизомли бўлишимизни, иттифоқчиликда ишлашимизни, бутун ҳаракатларимиз мустабид режимга қарши қаратилган бўлишини, ҳаракатимизнинг молиявий тарафини яхши йўлга қўйишимизни тушунардим. Иккинчидан, Ватан ичкарисида қийналиб қолган дўстларимизни доимий равишда Ўзбекистондан чиқариб олиш имкониятини туғдиришни тушунардим. Учинчидан, Ўзбекистон ичкарисида қолишга мажбур бўлганларга ёки у ерда қолиб ишлаши зарур бўлганларга ҳар тарафлама-молиявий, маънавий, ғоявий-сиёсий ва ҳ.к. ёрдам ташкил қила билиш имкониятига эга бўлишни тушунардим.

Холиқназар дўстим, бу ёзганларим менинг хаёлимдаги лирик ўйлар бўлмай реал фикрлар эди ва бу фикрларни ҳар икки ”раис”га ҳам таклиф қилганман. Яна афсуски, ҳақиқий мухолифат бўлишимиз учун сув ва ҳаво каби зарур бўлган бу ишлар қилинмади. Ва ниҳоят аҳволимиз мана бугунгидекдир.

Мана шундай бўлгандан кейин нима бўларди. Сизнинг ”буюк” раисингиз каби, кимларнингдир буюк пуллари ҳисобига укаси номидан қилинган ишларни уялмай мен қилдим, деб ўтираверади-да.

Бироқ шуни ҳам айтишим керакки (энди айтиш керак бўлаяпти), Ҳамид Расулевдаги фактларга кўра ”раис” Пўлатов ҳали Ўзбекистонлигидаёқ ”Бирлик” ҳисобидан жуда катта пулга эга бўлган. Пўлатов Туркияга бутунлай кетмасдан аввал ҳам бир марта Туркияга бориб келганида у қандай пул билан келганини Ҳ. Расулрев (Ҳамид Расулев; “Бирлик” ҳаракатининг аъзоси, Москвада яшайди) жуда яхши билади. Чунки ўша вақт Туркиядан келган пуллар Ҳамид Расулевнинг Москвадаги уйида саналган ва бўлиша олмай тепалашишлар ҳам содир бўлган. Чунки Туркиядан олинган пулларга Пўлатовнинг Тошкентлик ўртоқлари ҳам шерик бўлишни исташганлар. Сиз билан биз эса, Ватан, ”Бирлик”, деб милитсиянинг қамчиси остида турганимизда, бизнинг ”раисимиз” Москвада Туркиядан келган пулларни бўла олмай тепала- шиб юрганлар. ”Бирлик”нинг пул фонди ҳақида Ҳ. Расулев бошқа кўп нарсаларни ҳам билади. 1992-ми ёки 1993  йили Пўлатов Туркияга бутунлай кетди? Иш қилиб, энди Туркияда Пўлатов ”Бирлик” ҳисобига кимдан ва кимлардан нималар олган уни фақат Аллоҳ билади, Абдураҳим билади ва унга пул берганлар билади. Мен эса, сизга Туркияда кўрганларимни эшитганларим-ни сўзлай оламан, холос. Чунки мен яшаш учун Туркияга 1997 йили келдим. 1996 йилнинг бо- шида ҳам мен Туркияда бир ой турдим. Аммо у вақт Туркияда жуда озчилик билан учрашишга тўғри келганди. Иккинчи сафар Туркияга келиб, 1997 мартдан 1998 августгача Туркияда қолдим. Бу сафар анча кишилар билан учрашдим, сўзлашдим, суҳбатда бўлдим. Пўлатовни танийдиганларни ҳам, уни  танимай, фақат у ҳақида эшитганларни ҳам кўришга тўғри келди. Мен уларни атайлаб изламадим. Туркияда яшаганингдан кейин истар-истамас йиғилишларда, меҳмондорчиликда бўлиб қоласан-да, киши. Сиз, Ўзбекистонли бўлганингиздан кейин, сиз билан кишилар дарҳол қизиқишади, албатта. Партиявийлигингизни ҳам суриштиришади. Чунки Туркияда одамлар жуда сиёсатчи, ундан кейин Ўзбекистондан Туркияга келиб, менга ўхшаб юрганлар тужжорга ўшамайдилар, ахир. Қисқаси, охирий  шундай бўлиб қолдики, мен дарҳол партиявийлигимни сўзламайдиган бўлдим. Борди-ю ўтиришда Пўлатовни танийдиганлар бўлса яхшиси партиясизман, дейдиган бўлдим. Айниқса биринчи вақтлар ўзим туркчани яхши билмайман. Таржимон орқали Пўлатовнинг ”Бирлик”идан чиқиш жуда мушкул бўлиб қолди. Туркчани бироз чулдирайдиган бўлгандан кейин, шукр бироз дуруст бўлиб, масала нимадалигини ўзим тушунтирадиган бўлдим. Барибир ҳар сафар Пўлатовдан қутуламан, деб у – бу хил гапиривериш ҳам жуда ноқулай бўларкан, одамга.

Қисқаси, раисингиз Туркиядагиларни ҳам бездириб, жонига тегиб бўлган. Чунки у нималар учун пул сўрамаган у ердаги одамлардан, уёғини қўяверасиз, у тарафи фақат Яратганга аниқ. Ўткан катта хатда ҳам бироз тегиб кетгандим, ”Ҳаракат” журналининг варақа вариантини чиқаришда Туркияда кимлардан пул йиғиб олмади у Пўлатов, деганлари. Аммо қани у пуллар? ”Бирлик” Пўлатовнинг отасининг мулки эмас эди-ку? ”Бирлик” учун Пўлатов эмас, сиз ва биз зўрликлар, жабр-зулм кўрдик-ку. Мана бугун сиз ўғилларингизнинг …ларини сонига боғлатиб ўтирибсиз. Қани биз, биз қаердамиз, қаерда ”Бирлик”?

Холиқназар, сиз менга ҳам гина қиларсиз, майли Пўлатов ёмон бўлсин, нокаст бўлсин, сиз ўзингиз бирор ишлар қилсангиз бўлмасмиди, дерсиз. Тўғри, шундай десангиз сиз ҳақсиз. Мен ҳам сизнинг ўрнингизда шундай савол қўярдим. Жон дўстим, ҳамма гап шундаки, мен четга чиққанимда энг аввал ”раис” бир ишларни бажариб қўйган, биз унга ёрдамга борамиз, деб тушунардим. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Ундан аввал, ҳали мен Москвада, у Истанбулда эканлигимизда юқорида келтирган таклифларни унга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Улар қабул қилинмади. Ва ниҳоят Туркияга келганимда энди ҳамма ишлардан кечиккан эдим. Чунки бу вақтга келиб, Пўлатов исмли зот бориш мумкин бўлган ерларга бориб бўлганди. Масалан, Туркияда ”Бирлик”, деб Пўлатовни танишарди ва сиз ”Бирлик”чи бўлсангиз иккинчи Пўлатов келайпти, деб қабул қилишарди, яъни сиздан қочишарди. Демак, ”Бирлик” ҳисобидан бирор ёрдам ёки бирорта тижжорий иш бошлатиш йўллари энди тўла ёпиқ эди. Янги бирор ташкилот тузиш мумкин бўлмаганлигини тушунтиришга ҳожат йўқдир.

Тўғри, мен ва болаларим кетма-кет келишиб, 1997 йил мартдан 2000 йил апрелигача Туркияда уч йил яшадик.  Ҳеч биримиз ҳеч ерда ишламадик, десак бўлади. Ҳар ҳолда болалар у ер, бу ерда қочиб – писиб ишлашди. Туркия ҳукумати бизга ишлашга ижозат бермаганди. Лекин миллат, Туркия миллати бизга-ўзбекларга имкони қадар яхши қарашади. Шу сабаб менинг болаларимга ҳам у-бу ишлар беришарди. Аммо мен, биз яшайдиган  ёрдамни Пўлатов-”Бирлик”-чини танимайдиган, ундан узоқ бўлган кишилардан олдим. Эсингизда бордир, 1990-1991 йиллари Туркиядан Самарқандга икки гуруҳ кишилар келишганди. Ўшанда биз уларнинг баъзи бирлари билан танишгандик. Уларнинг ичида жуда диндорлари ҳам бор эдилар. Бизга ана ўша мусулмон кишилар Аллоҳ йўлида ёрдам беришди. У ёрдамларни улар диний вақиф-фондлар орқали ташкил этишди. Биласиз, биз ўзимиз, яъни менинг оилам ҳам кичик эмасди. Сон ҳисобига- неваралар билан бирга 16 киши эдик. Бунча кишининг уч йил садақага яшаши энгил бир иш эмас. Туркиядаги ўша мусулмон қардошлардан Аллоҳ рози бўлсин, улар бизга уч йил қарашди. Туркияда ана шундай бир ҳолатда яшаб туриб, яна кимга ёки кимларгадир ёрдам ҳақида ўйлай олмасдим.

Холиқназар дўстим, менинг Москвада яшашим ҳам ”Ит ётиш, мирзо туриш бўлган”. Пў- латовнинг кичикинаси ўзи ҳар куни фақат ётишига 100 доллар тўлаб яшаган бўлса-да, биз Ҳазратқул Худойбердиев иккимизга яшаш учун ойига 50(эллик) долларни эп кўрмаганди. У ҳам унинг чўнтагидан чиққаётгани йўқ эди, у 50 долларни руссиялик ҳуқуқ ҳимоячилари бераётган эди. Ана ўша пулни ҳам Абдуманноб бизларга эп кўрмади. Чунки биз, ундан (Абдуманнобдан) Ўзбекистонда жабр-зулм кўраётган кишиларни ҳимоя қилишга ажратилган пулларни инсоф билан тўғри, ўз ерига ишлатишни, мухолифат сифатида, зулмга қарши тўғри, соф виждон билан ишлашни талаб қилгандик. Биз у ерда, Абдуманноб ўз чўнтагини тўлдириш учун инсон ҳимоясини ниқоб қилиб олганлигини сезиб қолгандик.

Мана шунақа, бу Пўлатовлари, улар қаерда бўлмасин фақат ўзим, дейишади. Фақат ўз жиғил- донларини ўйлашади. Улар Каримовлардан ҳеч ери билан фарқ қилмайди. Бошқаларга эса, зарар беришга, уларга доим яхши йўлларни ёпиб юришади. Ҳеч бўлмай қолса, иғво қилишади. Булар ҳали ҳаммаси эмас. Уларнинг зараркўнандаликлари жуда кўп. Туркияда шахсан мен ва Пўлатов иккимиз орамизда бўлган баъзи гапу-сўзлар ҳам бор. Улар ҳам уммумий ҳаракатимиз учун жуда аҳамиятли. Аммо бу хат учун унча аҳмияти йўқ. Уларни бошқа бир вақт ўқирсиз. Аммо менинг саитимда булар ҳақида анча ёзилган. Лекин саитда ҳам пуллар устидан сакраб кетганман.

Ана шундай қилиб, дўстим 1998 йил мен БТМ-га ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Улар бизга ёрдам берди. Бироқ русларнинг ярамасликлари ҳисобига мен 36 кун рус қамоқхонасида қолдим ва оиламиз икки бўлиниб қолди. Аллоҳга шукр шу кунларда мен Канадага келишим мумкин-да, келдим ҳам, аммо Хайрулло ўғлимиз ҳали ҳам Норвегиядан чиқа олмаяпти. Ҳозир биз, мен ва кампирим шу кунларда Канада ҳукумати берадиган сотсиал ёрдамга қараб турибмиз. Мени боғишланг, дўстим у ёрдамдан бировга мардлик қилишнинг ҳеч имкони йўқ. Ундан, яъни Канада бераётган сотсиал ёрдамдан беш-тўрт доллар йиғишнинг ҳам иложи йўқ. Ношукрчилик бўлмасин, илгари ёзганим каби Канада берган пул ўртача яшашга бўлади. Канадаликлар ўзлари, ”Канадага бой бўлиш учун эмас, яхши яшаш учун келишади. Бой бўлишни истасанг АҚШ-га бор”, деб ҳазиллашишади.

Аммо ишлайдиган одамлар учун аҳвол бир мунча дуруст. Улар истаса бироз иқтисод қилса, пул тўпласа бўлади. Биласиз, у ҳам одамига боғлиқ. Аммо совет дипломларини тастиқлаш бу ерда муаммо. Дипломсиз ишлар арзон ҳақли. Шунга қарамасдан, Гавҳар қизим ишлаяпти, аммо доктор бўлиб эмас, докторликка яқин бир ишда вақтинчалик (доимий эмас), куёв-Мусин умуман қора ишда, яъни бутунлай дипломга мос бўлмаган ишда ишлаяпти. Баҳодир ва келин, Мавлуда қизим ҳам ишлашаяптилар. Улар ҳам диплом бўйича эмас-да. Бир қизим – Наргиза ҳали ўқияпти. Юрист қиз-Фарогат ҳам ишлаяпти. Битта шу қизим ҳақиқатан дипломига мос Адвокатлар хусусий идорасида ишлаяпти. Аммо у ҳам адвокат эмас, балки адвокатга ёрдамчи бўлиб ишлайди. ”Отадан олтов, рўзғорингга ёлғизсан”, экан. Улар ҳар қайси ўзи билан ўзлари. Бизга бир тийин фойдаси йўқ. Канада ҳукумати барака топсин, бизга шулар қараяптилар. Иккинчи ўғил – Хайрулло эса, айтганимдай Норвегияда уни Канадага келтира олмаяпмиз.

Ана шу гаплар, Холиқназар дўстим. Менга ишонинг, ўша бир марта ўғилларимни уйлантира олмаяпман, деганингиздан буён сиз хаёлимдан кетмайсиз. Мана бир ойдан ошди, ўғлингиз расмини сўрайман, негадир уни жўнатишни истамадингиз. Расм нега кераклигини олдинги хатимда ёздим. Аммо биласиз, қизлар замонавий бўлишган, уларни ерга бериш учун аввал уларнинг ўзлари рози бўлишлари керак. Болаларнинг ёшларида фарқ оздир, менимча. Болаларда бир-бирига бироз қизиқиш ўйғотиш мумкин бўлса, бир ёш, икки ёш унча фарқ қилмайди, деб ҳисоблайман. Бизнинг кичик қиз-Фарогат қизимиз 1975 йил туғилган. Аммо мен қизим ҳисобидан ҳеч нарса ваъда бермайман. Сизлар рози бўлиб расмлар келса, бир авраб кўрармидим, деган эдим-да. Аллоҳ битиҳ тақдир этган бўлса, балки бирор иш чиқар. Биласизми, уйланиш масаласи билан Канадага бирор кишини чақириш анча қулай. Бундай ҳоллар учун буларда алоҳида қонунлар бор.

Билмадим, қанчалик тўғри ўйлаяпман, шундай йўл билан сизга бироз ёрдам қила оларманми, деяпман-да. Сиз қандай ўйлайсиз?

Жавобингизни кутаман. Омон бўлинг. Аллоҳ бизга кўришиш ва бирга ишлаш насиб этган бўлсин, амин. Сизнинг Алибой. 01.06.03.” 

11.3 Узун мактублардан бири (24.12.2003 – да ёзилган):

“Ассалому алайкум, Холиқназар дўстим. Хатингизни олдим, раҳмат, сидқидилдан хурсандман. “Эгилган бошни қилич кесмас”- дейдилар, узоқ вақтлар алоқа қилмаганим учун сиздан узр сўрайман, мени кечиринг, дўстим. Ҳаёт тавишлари, дунё ғурбатлари ҳамда уйдаги айрим икир – чикирлар ва шунинг билан бирга энг нохуши шуки, мен эътиборсизлик қилиб, сизнинг адресингизни билмасдан учириб қўйганлигим бўлди.

Мана Аллоҳга шукрким, бир баҳонаи сабаб бўлиб, яна биз салом-алик қилмоқдамиз, бу учун ҳам Яратганга шукр, дўстим.

Энди Абдураҳим Пўлатов жанобларининг сизга ёзган хати ҳақидаги фикрларимни айтсам, сизга яхши маълумки, мен Ўзбекистонда партиялар тузиш тарафдори эмасман. Шу сабаб, мен ва бошқа ҳамфикрларимиз ҳеч қандай партия тузиш ниятида эмасмиз ва ундай таклиф билан ҳам ўртага чиққан эмасмиз! Ўзингиз кўриб турибсиз, Ватанда қанақа ўзгаришлар юз бермоқда. Ана шу охирги ўзгаришлар ва 12 йил давом этиб келаётган М.Солиҳ ва А.Пўлатовларнинг маъною мантиқсиз жанжаллари бизни жуда толиқтирди, дўстим. Шу туфайли Ватан тақдири чиндан ҳам бефарқ бўлмаган дўстларимиз, ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашиб, “раислар” икир-чикирларига аралашмаган биз эски гвардия-авлод Горбачев даврида Ватан озодлиги учун кураш бошлаган йиллардаги сингари биргалашиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилганимиздек, яна бирга бўлайлик ва Ватан учун, келажагимиз учун бир жон, бир тан бўлиб, жипслашиб ҳаракат қилайлик, деган мурожаат билан чиқишни лозим кўрдик ва шундай мурожаат интернет сайтларида эълон қилинган эди.

Дўстим Холикназар, мақсадимиз шундан иборатким, биз на мансаб талабдоримиз, на молу давлат, на элга, юртга ўзимизни танитиш ниятимиз бор. Бизга Аллоҳ иймонимизни берсин ва эътиқодимиз мустаҳкам бўлсин, ана шудир бизнинг асосий мақсадимиз ва ниятимиз. Шунинг билан биргаликда насиб бўлса, биз ХАЛҚ БИРЛИГИ ҲАРАКАТИ НИ тиклаш умидимиз бор, ХАЛҚ БИРЛИГИ партия эмас, бу 1988-1991 йиллардаги каби ХАЛҚ ҲАРАКАТИ, халқнинг ҳамма табақаларидан молу мулки, ирқи-динига қараб эмас, балки уларнинг ақлу заковатига, виждонининг софлигига, Ватаннинг келажагига муносабатига қараб ўз сафига биродарларни жалб қилиш ниятида ташкил қилинган жамиятдир. Жамиятимиз ҳеч кимга қарам бўлмайди ва ҳозир ҳам ундай эмас. Шунингдек, Ўзбекистон давлат сиёсатига бирор бошқа давлат сиёсатидан андоза олинишига ҳам биз кескин қаршимиз, яъни Ватанимизнинг бирор бир давлатга у ёки бу шаклда тобе бўлиб қолишига биз қўшила олмаймиз.

Афсуским вақт ўтмоқда, ёшимиз ҳам кетаяпти, аммо деярли бир арзугулик иш қила олмадик. Қилганларимиз ҳам дуруст бир нарсага арзимайди. Вақт эса, калтафаҳмлик билан тортишув ва жанжаллар билан ўтди-кетди. Ўтган замон ичида кўплаб биродарларимиз азобу-уқубатда қолди, қанчалари ҳаётдан кўз юмдилар, фарзандлар улғайди, кўпларимизнинг нону насибамиз бегона элларда сочилган экан, уларни териб еб юрибмиз. Лекин дўстим Холиқназар, айниқса кейинги вақтларда мен ўз-ўзимга кўплаб савол берадиган бўлдим.

Нега биз мана шундай кўплаб ишларнинг пачавасини чиқариб қўйдик? Нимага, мана 12 йилдирки арзугулик иш йўқда, аммо қачонлардир биз яхши ниятлар билан барпо қилган ҳаракатлар бугунги кунда А.Пўлат ва М.Солиҳларнинг салкам хусусий мулкига айланиб, катта можароларга сабаб бўлмокда? Нега дўстим, сиз ҳам бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмадингизми?

Демак, биз кўплаб янглиш ишлар қилган эканмиз, биз иймон ва эътиқод билан эмас, нафс қулига айланган шаклда ишлар қилганга ўхшамаймизми? Ҳа, ана шундай, бизни, айниқса “раисларимизни” нафс балоси урган, дўстим. Бу инсофданми? Йўқ, бу инсофдан эмаску, ахир, Холиқназар. Ҳатто бу инсофдан эмас-ку, дейиш камлик қилади, дўстим!

Халқнинг аҳволи оғир, кўпларнинг қорни нонга тўймайди, лекин биз чет элдагиларнинг қорнимиз тўқ, устимиз бутун. Демак, бизнинг ҳаракатимиз бошқача бўлиши керак экан – да. У ҳаракат мансаб талашиш, мол, дунё талашиш эмас, партиялар тузиб олиб, унинг номи билан яхши ҳаёт кечириш эмас, ҳар биримиз ўз “менимизни”, ўз аҳамиятимизни ошириш эмас, балки биз халқга чинакамига хизмат қилишга шай бўлиб, белни маҳкам боғлаб, элимизнинг оғирини енгил қилиш йўлларини излашимиз керак. Менимча, ҳар биримиз қўлимиздан келган хизматга тайёр бўлишимиз ва бирор нарсага арзигулик тажрибаларимиз бўлса, уларни халқ фойдасига ишлата билишимиз керак.

Бизнинг мақсадимиз, ана шулардир дўстим. Аллоҳга шукрким, ҳозир бир қатор дўстлар билан яхши ниятли ҳаракатга киришиб турибмиз. Аммо сиз яхши тушунасизки, ҳар бир ҳаракат халқ номи билан унинг нонини туя қилиш, кўзбўямачилик, халқни алдаш, унга қуруқ ваъдалар бериш билан эмас, балки халқ оммаси уни қўллаб-қувватлаган ҳолдагина кучу қувватга эга бўла олади! Ана шундагина у ҳаракат қувватли бўлади. Шу сабаб, Холикназар дўстим, биз халқга, Ватанга чиндан хизмат қилишдек улуғ ниятларни мақсад қилиб, турибмиз. Биласиз, мен ҳар доим шундай мақсадлар тарафдори эдим. Бугун ҳам ана шундай мақсадлар йўлида жонини жаборга беришга шай бўлганлар сафида турибман.

Дўстим Холиқназар, узлуксиз можаролардан халқ чарчади, биз ҳам чарчадик. Афсуским, биз чет элдагилар тобора мақсадларимиздан узоқлашиб кетаяпмиз, халқдан узоқлашиб кетаяпмиз, бозоримиз-мозоримиздан узоқлашиб кетаяпмиз. Аҳвол шундай давом этса яна 5-10 йилдан сўнгра биз элимизга етти ёт бегона бўлиб қолишимиз ҳам ҳеч гап эмас!

Холиқназар, фалсафа ҳам чўзилиб кетди шекилли. Дўстим, мен сизга бизни қўллаб-қувватланг, бизга қўшилинг, деб ташвиқот қилмайман. Бизга Парвардигорнинг Ўзигина Мададкор бўлсин ва ҳатти-ҳаракатимизга яраша баракат бўлар, деган умиддамиз. Сиз ва бизнинг ўзаро биродарлигимиз бор. Мен ана шу биродарликни ҳамма нарсадан устун, деб биламан. Дўстим, энди ёш ҳам бир жойга борди, соқоллар тўла оқарди, мен энди 1988 йилги Алибой эмасман. Мен энди чарчаган, тўла чол кўринишига кирган бобо бўлдим. Шунга қарамасдан, Аллоҳ берган насибадан қолгани давомида янгидан Бисиллоҳир раҳмонир раҳим деб, бир иш бошладик, лекин иймонимизни йўқотмайлик, деб ният қиламан. Иш қилиб, бизларга Яратганнинг Ўзи комил иймон, инсоф берсин, эътиқодимиз мустаҳкам бўлсин, мансабга эмас, ориятимизга талашайлик, элимизда тинчлик, фаровонлик бўлсин дейман. Насиб бўлса, биз ҳам Ватанга қайтиб, дўсти-душман орасида бош кўтариб юрайлик, деб ният қиламан, дўстим Холиқназар.

Дўстим, хафа бўлмайсиз, мактуб чўзилиб кетди. Эзмалик қарилик белгиси, дейишади. Мен ҳам айтганимдай чиндан ҳам қариганман шекилли. Майли, иш қилиб, омон бўлайлик. Аллоҳ, бизга қучоқ очиб кўришиш кунларини насиб қилсин, тўйлар қилайлик, бу кунларни эслаб, кечаларни бедор ўтказиш бизга насиб қилсин. Мана шунинг билан узундан-узоқ сизга жавоб хатимни тугатишга ижозат бергайсиз. Омон бўлинг дўстим, уйдагиларга кўплаб, минглаб саломлар ва дуолар бўлсин. Самарқандлик “Бирлик”чи дўстларнинг барчасига мендан салом ва дуолар айтиб қўйинг.

Ватанга биздан минг таъзимлар, Ота-боболаримизнинг ҳақига дуолар ва умидлар билан сизнинг Алибой.

Эслатма урнида: Холиқназар сиз, Ҳақназаровнинг Абдураҳим хусусида ёзганлари ҳақида кўп сўрагандингиз. Мен у саволларингизга мумкин қадар юмшоқ, нафс балосини қўшмай жавоблар ёзгандим. Мазкур мактубда ўзингизнинг эски саволларингизга жавоб ҳам топарсиз, деб уйлайман.

11.4 Навбатдаги жавоб ҳат.

Ассалому алайкум, Холиқназар. Қандайсиз, соғу-саломат, сиёсий ва бошқа турмуш ташвишлари билан чарчамай юрибсизми, уй ичи, болалар барчаси бардаммилар? Уларнинг барчасига мендан саломлар ва дуолар бўлсин.

Ниҳоят сиздан жавоб мактуб олиш наcиб бўлди. Кеч бўлса ҳам ҳечдан яхшидир. Ушбу жавоб мактубингиз ва у орқали Самарқандлик дўстлар фикрларини менга етказганингиз учун сизга кўп миннатдорчилик билдираман, дўстим. Энди мактубингиздаги фикрларга келсак, уларнинг кўпчилиги менга маъқул келади. Мактубдан тушунилишича сиз ва Самарқандлик эски дўстлар бизнинг Мурожаатимиздаги фикрларни кўллайсизлар. Холиқназар, сизнинг мактубингизда дўстлар номидан айтилган баъзи фикрлар менимча мунозарали кўринади*. Масалан, партия ва Халқ ҳаракати ҳакида бизнинг тушунчаларимизда фарқ бор. Эсингизда бўлса, мен сизга ёзган илгарги хатларимда ҳам партиялар ва уларнинг Ўзбекистондаги аҳволи ҳакида фикрлар билдиргандим. Биринчидан, Халқ ҳаракати (нотужжорий, нодавлат, мултимиллй ижтимоий Халқ Бирлиги Ҳаракати – не комерческая, не государснвенная, мулътинационалъная обшественная организация Народное движение Единство)  ва сиёсий партиялар ёнма-ён яшашлари ва ишлашлари учун бирор тўсиқлар йўқ ва бўлиши ҳам шарт эмас. Иккинчидан, халқ ҳаракати тушунчаси партия тушинчасидан кенгроқдир. Партия ва Халқ ҳаракатида фақат биргина ўхшашлик бор, яъни уларнинг ҳар иккаласи ҳам сиёсий ва ижтимоий фаолиятлари бир бирига ўхшашдир. Уларнинг асосий фарқлари эса, партиялар иқтисодий, сиёсий манфаатлари бир бирига жуда яқин бўлган кам сонли гуруҳларнинг манфаатини кўзлайди; Халқ ҳаракати мамлакат аҳолисининг жуда кўп қисмини ўз ичига олади. Амалда халқ ҳаракати бутун аҳолининг манфаатларига мос дастур ва режа билан ишлайди. Мен Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий муҳит партиялар тўзишга етарли даражада тайёр эмас, деб ҳисоблайман. Чунки Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам жамият иқтисодий, сиёсий манфаатлар ва ғоявий нуктаи назарларга мос  шаклда гуруҳлашмади. Афсуслар бўлсинким, Ўзбекистонда ҳамон жамият давлат нуҳтаи назаридан мустақил партиялар туза оладиган даражада гуруҳлашмади. У ерда жамият худди совет замонидагидек, икки гуруҳдан иборат: биринчиси ҳокимиятни бошқарувчилар гуруҳи ва иккинчиси ҳокимиятдан норозилар гуруҳидир. Шу сабабдан, мустабид (диктаторлик) ҳокимиятини ўзгатирмоқ учун ундай ҳокимиятдан норозилар бирлашиб, ҳокимиятдагиларга қарши курашмоқлари зарур, деб биламан.

Ўзбекистонда шу кунларда аҳолининг асосий қисми ҳокимиятнинг жабр-зулми остида қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Номигагина мавжуд ҳокимият тарафидан яратилган чўнтак партиялари ва бугун фақат номлари сақланиб колган ”Бирлик” ҳаракати ва ”Эрк” партияси  ўтган 13 йилда жабр-зулмга қарши ва мамлакатда ҳуқуқий жамият барпо етиш буйича бирор сезиларли ишни амалга ошира олмади. Шунинг учун халқ оммасининг турли қатламиларидан мустабид режимдан азоб-уқубат чеккан  ватандошларни ва чет элларда этарли тажриба ортирган мутахассисларни бирлаштирган  ягона куч Халқ Бирлиги Ҳаракатини янгидан ҳаракатга келтириш ва ўша ягона куч, ўша бирлашган мушт ёрдамида мустабид ҳукуматга қақшатқич зарба бериш бугуннинг энг долзарб масаласи эмасми?

Ҳолиқназар дўстим, мен Ўзбекистондаги шароит тўла маънодаги партиялар тўзишни тақозо этмайди, деб такрор-такрор айтаётсам-да, аммо Ўзбекистонда партия тузилмайди ёки партиялар тузмаслик керак деган фикрдан узокман. Майли, истаганлар партия тузавериши мумкин. Унга ҳеч ким қарши эмас. Ҳозир ҳам Ўзбекистонда 6-7-та номда партиялар мавжуд шекилли. Аммо у ”номи улуғ, супраси қуруқ”лардан нима фойда? Шунга қарамасдан, билингки, мен энг туғрисини сўзлаётирман, демаяпман. Энг тўғриси фақат Яртганга оид(махсус)дир. Менинг сўзларим, бир неча йиллар чет элларда юриб, дунё тажрибаларидан хабардор бўлган бир кишининг холисона фикри, деб қаралиши керак, албатта. Бироқ, бугун Халқ Бирлиги Ҳаракати мақсади ва унинг режалари Ўзбекистоннинг бугунини ифодалашидан кўз юмиб бўлмайди. Ҳолиқназар дўстим, сизга яхши маълумки, биз Самарқандликлар ҳамиша бўлинишга, парокандаликка карши бўлиб келганмиз. Мен эса, мана 10 йилдирки, ”Бирлик” ва ”Эрк” бирлашиб ҳаракат қилишига, ”Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” наклига амал қилишига бор имкониятимни ва кучимни сарфладим. Афсус, у ҳаракатларимдан ҳеч натижа  чиқмади. Доим бирлашишга бириси кўнса, иккинчиси кўнмади. Иккинчи кўнса, биринчиси кўнмади. Ўзбекистонда сизлар,”Бирлик”ни янгидан жонлантиришга киришганингизда ҳам бу ҳолни кузатингиз. Сиз шуни билингки, бугун Ўзбекистонда ўзларини ”Бирлик”чи ва ”Эрк”чиман, деб юрганларнинг ҳеч бири каримовчи чўнтак партиялар аъзоларидан ҳеч бир тарафи билан фарқ этмайди. Самарқандликлар бундан истисно, десам бўлар, деб ўйлайман. Ўз даврида, яъни 1988-1991 йиллардаги бизнинг хотамиз, биз Тошкентдаги ўртоқларга жуда кўп  ишонганимиздир. Бугун ҳам сиз уларга кўп ишонмоқдасиз. Менга ишонинг, уларнинг кимлигини мен ўз танамда (ўз теримда) синаб кўрдим. Менинг синовларимни, сизнинг ҳам бошингизда Оллоҳ такрор кўрсатмасин. Мен совет замонида кўзатган ҳамма ёмонликлар, салбий хусусиятларни, манфаатпарастликларни, пасткашликларни, ўзидан бошқани бутунлай ўйламасликларни; Ватан манфаати, халқ манфаати каби тушунчалар уларнинг тушига ҳам кирмаслигини Ҳаракатимиз бошида биз миллатпарвар ҳисоблаганлар ва ҳозир чет элларда ”доҳийликка” даъвогар бўлаётганларнинг хусусиятларида кўрдим, аччиқ аламлар тортдим. Уларнинг бугунги Тошкендаги вакиллари ҳам бу ”доҳий”лардан фарқ қилмаслигига ишончим тўла комилдир. Аммо Холиқназар дўстим, сиз улардан юз ўгирманг. Улар билан ҳамиша опок-чапок бўлинг. Чунки улар сизга ўзларининг кимлигини билдирмайдилар-ку, сиз ҳам улардай бўлинг ва улардай бўлишга ҳаракат қилинг. Лекин менинг сўзларимни эсдан чиқарманг. Билингки, сизлар улар учун яхши яшаш манбаисиз, холос. Улар сизни фақат ишлатишни, зарур бўлса сизнинг азоб-уқубатингиздан, яъни қамоққа тушиб ётишингиздан пул қилишнигина ўйлайдилар ва биладилар. Дўстим, яна шуни ҳам билингларки, бугунги Ўзбекистондаги ”илиқликларми, юмшоқликми”дан жуда ҳам хурсанд бўлавериш тўғри эмас. Бу ”илиқлик-юмшоқлик”нинг  ҳам алоҳида мақсади бор. Масалан, Зайниддин Асқаровнинг журналистлар билан учрашуви, М.Солиҳнинг 16 феврал (1999 йилги) воқеаларида қатнашмаганлигини эълон қилишлар, ”Бирлик” ва ”Эрк” партияси қурултойларини ўтказишга ижозат берилиши нимадан дарак беради? Нима, Каримов ёки каримовчилар бугун 180 градусга ўзгариб, демократ бўлиб қолишдиларми? Наҳотки? Бу Каримов, 1991 йил мартда жон-жаҳди билан СССР тарафдори бўлган, ўша йили августда эса, худди шундай ГКЧП-ни очиқчасига қўллаган, давлат тўнтариши муваффакиятсиз чиққанданоқ компартия билетини яшириб қўйиб, дарҳол тўнни тескари кийиб олган (дарҳол ”мустақиллик тарфадори, демократ бўлиб қолган”) Каримов эмасми? Унинг бу бугунги найранглари, ўша Каримовнинг қилиқларини эслатмайдими?

Ўзбекистондаги бугунги жабр-зулм, Сталин қатағони замонида ҳам бўлмаган эди. Ана шунақа  жиноятларга йўл қўйган кишиларнинг демократлашуви шунчалар қулаймикан? Йўқ, дўстим асло ундай эмас. Бу масалалар устида чуқур фикр қилиш лозим. Шундан келиб чиқиб, сизнинг ”М. Солиҳдан бошқалар Ватанга кайтсалар бўларди”, деган фикрингизга қўшилиш қийин. Балки Пўлатовлар ҳакикатдан ҳам Ўзбекистонга бемалол қайтавериши мумкиндир. Чунки Каримов жаноблари 1996 йилдаёк ”Пўлатовларга эътирозимиз йўқ, улар келавериши мумкин”, деганлар. Бу ”буюк” таклифдан икки йил кейин эса, сизнинг ҳам хабарингиз бордир, 3.11.1998 йилда Москвада Ўзбекистоннинг талаби билан мени қамоққа олишди. Ваҳоланки мен, 1997 йил августидан 1998 йил ноябригача сиёсатдан бутунлай четда туришга ҳаракат қилгандим. Ҳеч бир ерда, ҳеч бир турда Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф фиклар билан чиқиш қилмагандим, Ўзбекистондаги ҳар қандай вокеага ҳеч бир муносабат билдирмагандим. 1998 йил ноябридан сўнг эса, мен ва бошқалар каримовчилар кирдикорлари ҳақида анчагина ёздик, ёзганларимиз-ни дунё жамоатчилигига таништирдик. Жим юрганларни қамоққа олишганлар, фаол мухолиф сиёсий курашда бўлиб турганларни аяб қўярмиканлар? Йўқ, аямайдилар, дўстим.

Холиқназар дўстим, биласизми, бу ерда баъзан биздан ”Ватанингизга қачон қайтишни истайсиз”, деб сўраб қолишади. Масалан, мен ”Ўзбекистонда мустабид ҳукумат бугун тугаса эртага эрталаб мен аэропортда бўламан”, деб жавоб қиламан. Ҳақиқатан, Ўзбекистонга қайтиш шарт-шароитлари мавжуд бўлса мен Норвегияда бир соат ҳам турмайман. Лекин ўша бизга мос, биз қайтишимиз мумкин бўлган шарт-шароитлар Ўзбекистонда борми? Холиқназар дўстим, афсуски ҳали ҳам Ватанда ундай шарт-шароит йўқ. Биз бир неча марта бизнинг, яъни чет эллардаги мухолифатнинг қайтиш шартларини Ўзбекистон ҳукуматига билдирганмиз, балки бу ҳақда сизлар билмассиз. У шартлар, шароитлар нималардан иборат? Қисқа қилиб айтганда, чет эллардаги мухолифатнинг Ватанга қайтиши учун Ўзбекистонда ҳукукий муҳит вужудга келтирилиши зарур. Ундай муҳит Халқаро ташкилотлар назоратида бўлмоғи лозим.

Ҳуқуқий муҳит нималарни ўз ичига олмоғи керак бўлади?

Биринчидан, мухолифат аъзоларининг Ўзбекистонга бемалол қайтишини ва уларнинг Ватанда тинч, хавфсиз яшашини, сиёсий ва Ўзбекистон қонунлари йўл қўйган бошқа хил фаолиятлар билан шуғулланишларини  таъминлайдиган ҳуқуқий асос туғдирилиши керак. Бу ҳуқуқий асос Олий Мажлис тарафидан қонун кўринишида ўз ифодасини топмоғи лозим. Ҳеч бўлмаганда бу масала бўйича Республика Президентининг фармони эълон қилиниши зарур.

Иккинчидан, кўпчиликка маълумки, чет эллардаги мухолифат аъзоларининг жуда кўпчилиги устидан Ўзбекистонда тўқима ”жинойи иш”лар  қўзғатилган. Улар сўзсиз тўхталиши ва асоссиз, деб ҳисобланиши шарт.

Учинчидан, мухолифат аъзоларининг барчасининг ўз даврида Ўзбекистонда иш вазифалари, аниқ ойлик маошлари бор эди. Демак, улар эски иш вазифаларига ҳеч бир тўсиқларсиз тикланишлари керак. Улар ана шу ўтган 10-15 йиллик давр ичида мамлакатдан ташқарида қолишга мажбур бўлдилар. Шунинг учун уларнинг 10-15 йиллик маошлари пул арзонлашиши (инфляциялар) ҳисобга олинган шаклда тўла тўланишлари шарт.

Тўртинчидан, мухолифат аъзоларининг бир қанчаси, ноҳақ қамоқхоналарда ўтириб чиқишган-лар, жабр-зулм тортганлар (масалан, мен Ўзбекистон ҳукуматининг ноҳақ туҳмати билан 1998 йили 36 кун Россия қамоқҳонасида ўтиришга мажбур бўлдим. Ичимизда бир неча ойлаб ва йиллаб қамоқхонада ўтирганлар ҳам бор). Ноҳақ қамоқ жазосига маҳкум этилганларга Халқаро қонунлар ва тартибларга мувофик товонлар (компенсациялар) ҳам тўланиши керак.

Бешинчидан, чет эллардаги мухолифат аъзоларидан бир қанчаларининг туғишганлари, яқин қариндошлари ноҳақ жазога ҳукм этилганлар ва улар ҳозир Ўзбекистон қамоқҳоналарида ўтирибдилар. Улар асоссиз қамалганлар ҳисобланиб, дарҳол жазо калонияларидан озод этилишлари ва улар қамоқ жазосига ҳукм этилмаган ҳисобланишлари зарур. Уларга ҳам Халқаро қонун йўл берган ҳажмда товонлар тўланиши шарт.

Кўрдингизми, дўстим, мен юқорида мухолифатнинг Ватанга қайтиши учун зарур бўлган шарт-шароитларнинг асосийларини санадим. Булардан ташқари Ватанга қайтишнинг бир қатор бошқа тур шартлари ҳам бор. Аммо ҳеч бўлмаса юқорида саналган масалалар ҳал этилсагина чет эллардаги мухолифатчиларнинг Ватанга қайтиши ҳақида ўйлаб кўрса бўлади. Бироқ, Ўзбекистоннинг аҳволига яҳшироқ назар солинг-чи нималарни кўрасиз. Мана қаранг, ахир, қамоқхоналарда минглаб бегуноҳ ватандошлар азобда ётишибди, ҳозир ҳам юлаб бегуноҳ кишилар қамоққа отилаётибди, қизларнинг, хотинларнинг номусига тажовузлар қамоқхона-лардагисини қўя туринг, шаҳар кўчаларида очиқчасига бебурдларча давом этмоқда. Шу сабаб, кўчаларда хотин-кизларимиз эркин юра олмаяптилар. Ўзбекистондагидек ҳуқуқ бузарликларни , безориликларни дунё тарихи билмайди. Ватанда шунақа чексиз адолатсизликлар давом этиб турса-да, юқорида мен санаган шартлар амалга оширлса, ана ўшанда ҳам масалан, мен Ватанга кириб боришга уялган бўлардим.

Дўстим, ичим тўлиб ётибти, ёзаверсам улар тугамайди. Нима бўлса-да шу ерда тўхтаб, сизга ва барча ҳамфикр дўстларга дуои-саломларимни йўллаб қоламан. Менинг аччиқ ва ҳақиқат сўзларимдан тўғри хулоса чиқарсизлар, деган умиддаман.

Сизга ҳурмат ва еҳтиромлар билан сизнинг Алибой.   05.01.04 душанба.

* Хатнинг бошидан то юлдузча юилан белгиланган нуқтага қадар бир дўстнинг таклифига кўра хат, тубандаги каби ўзгартирилган шаклда Холиқназарга қуйидагича шаклда жўнатилди:

Ассалому алайкум, Холиқназар. Қандайсиз, соғу саломат, дунёнинг ташвишлари билан чарчамай юрибсизми, уй ичи, болалар барчаси бардаммилар? Уларнинг барчасига албатта мендан саломлар ва дуолар етказгайсиз. Ватанимизга ҳам ёру биродарларимизга  ҳам мингдан минг саломлар ва менинг таъзимларимни хабар айлагайсиз. Ниҳоят сиздан жавоб мактуб олиш насиб бўлди. Кеч бўлса ҳам ҳечдан яхшидир. Ушбу жавоб мактубингиз ва у орқали Самарқандлик дўстлар фикрларини менга етказганингиз учун сизга кўп миннатдорчилик билдираман. Энди макту- бингиздаги фикрларга келсак, уларнинг кўпчилиги менга маъқул келди. Мактубдан тушунилишича (агар мен тўғри тушунган бўлсам) сиз ва Самаркандлик дўстларимиз бизнинг мурожаатномамиздаги фикрларга хайрихоҳлик билдиргансизлар. Холиқназар, айбга буюрмасангизлар, сизнинг мактубингизда дўстлар номидан айтилган баъзи фикрлар озми-кўпми менга мунозарали кўринади. Масалан, партия ва Халқ ҳаракати ҳақида бизнинг тушунчаларимизда фарқ бор. Эсингизда бўлса, мен сизга ёзган илгарги хатларимда ҳам партиялар ва уларнинг Ўзбекистондаги аҳволи ҳақида фикрлар билдиргандим. Биринчидан, Халқ ҳаракати(Халқ Ҳаракати-Народное Движение Единство - Не коммерческая, не государственная, мультинациональная общественная организация) ва сиёсий партиялар ёнма-ён яшашлари ва ишлашлари учун бирор тўсиқлар йўқ ва бўлиши ҳам шарт эмас. Иккинчидан, халқ ҳаракати тушунчаси партия тишинчасидан кенгроқдир. Партия ва Халқ ҳаракатида фақат биргина ўхшашлик бор, яъни уларнинг ҳар иккаласида ҳам сиёсий ва ижтимоий фаолиятлар бир бирига ўхшашдир. Уларнинг асосий фарқлари эса, партиялар иқтисодий, сиёсий манфаатлари бир бирига жуда яқин бўлган кам сонли гуруҳларнинг манфаатини кўзлайди. Халқ ҳаракати мамлакат аҳолисининг жуда кўп қисми манфаатини ўз ичига олади. Амалда халқ ҳаракати бутун аҳолининг манфаатларига мос дастур ва режа билан ишлайди. Мен Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий муҳит партиялар тузишга етарли даражада тайёр эмас, деб ҳисоблайман. Чунки Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам жамаият иқтисодий, сиёсий манфаатлар ва ғоявий нуқтаи назарларга мос шаклда гуруҳлашмади. Афсуслар бўлсинким, Ўзбекистонда ҳамон жамият давлат нуктаи назаридан мустақил партиялар туза оладиган даражада гуруҳлашмади. У ерда жамият худди совет замонидагидек, икки гуруҳдан иборат: биринчиси ҳокимиятни бошқарувчилар гуруҳи ва иккинчиси ҳокимиятдан норози-мухолиф гуруҳидир. Шу сабабдан, мустабид (диктаторлик) ҳокимиятини ўзгартирмоқ учун ундай ҳокимиятдан норозилар бирлашиб курашмоқлари зарур, деб биламан. Ўзбекистонда шу кунларда аҳолининг асосий қисми ҳокимиятнинг жабр-зулми остида қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Номигагина мавжуд ҳокимият тарафидан ясалган чўнтак партиялари ва бугун фақат номлари сақланиб қолган ”Бирлик” ҳаракати ва ”Эрк” партияси ўтган 13 йилда жабр-зулмга қарши ва мамлакатда ҳуқуқий жамият барпо этиш бўйича бирор сезиларли ишни амалга ошира олмадилар. Шунинг учун халқ оммасининг турли қатламиларидан мустабид режимдан азоб-уқубат чеккан ватандошларни ва чет элларда етарли тажриба ортирган мутахассисларни бирлаштирган ягона куч Халқ Бирлиги Ҳаракатини янгидан ҳаракатга келтириш ва ўша ягона куч, ўша бирлашган мушт ёрдамида мустабид ҳукуматга қақшатқич зарба бериш бугуннинг энг долзарб масаласи эмасми? Холиқназар дўстим, мен Ўзбекистондаги шароит тўла маънодаги партиялар тузишни тақозо етмайди, деб такрор-такрор айтаётсам-да, аммо Ўзбекистонда партия тузилмайди ёки партиялар тузмаслик керак деган фикрдан узоқман. Майли, истаганлар партия тузавериши мумкин. Унга ҳеч ким қарши эмас. Ҳозир ҳам Ўзбекистонда 6-7–та номда партиялар мавжуд шекилли. Аммо у ”номи улуғ супраси қуруқ”лардан нима фойда? Шунга қарамасдан, билингки, мен энг тўғрисини сўзлаётирман, демаяпман. Энг тўғриси факат Яратганга оиддир. Менинг сўзларим, бир неча йиллар чет элларда юриб, дунё тажрибаларидан хабардор бўлган бир кишининг холисона фикри, деб қаралиши керак, албатта. Бироқ, бугун Халқ Бирлиги Ҳаракатининг мақсади ва унинг режалари Ўзбекистоннинг бугунини ифодалашидан кўз юмиб бўлмайди. Холиқназар дўстим, сизга яхши маълум биз Самарқандликлар ҳамиша бўлинишга, парокандаликка қарши бўлиб келганмиз. Мен эса, мана 10 йилдирки, ”Бирлик” ва ”Эрк” бирлашиб ҳаракат қилишига, ”Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” нақлига амал қилишга бор имкониятимни ва кучимни сарфладим. Афсус, у ҳаракатларимдан ҳеч натижа чиқмади. Доим бирлашишга бириси кўнса, иккинчиси кўнмади, иккинчиси кўнса биринчиси кўнмади. Ўзбекистонда сизлар ”Бирлик”ни янги жонлантиришга киришганингизда ҳам бу ҳолни кузатингиз. Сиз шуни билингки, бугун Ўзбекистонда ўзларини ”Бирлик”чи ва ”Эрк”чиман, деб юрганларнинг ҳеч бири каримовчи чўнтак партиялар аъзоларидан ҳеч бир тарафи билан фарқ этмайди. Самарқандликлар бундан истисно, десам бўлар, деб ўйлайман. Ўз даврида, яъни 1988-1991 йиллардаги бизнинг хатомиз, биз Тошкентдаги ўртоқларга жуда кўп ишонганмиз. Бугун ҳам сиз уларга кўп ишонмоқдасиз.

Менга ишонинг, уларнинг кимлигини мен ўз танамда (ўз теримда) синаб кўрдим. Менинг синовларимни сизга Оллоҳ кўрсатмасин. Мен совет замонида кузатган ҳамма ёмонликлар, салбий хусусиятларни, манфаатпарастликларни, пасткашликларни, ўзидан бошқани бутунлай ўйламасликларни; Ватан манфаати, халқ манфаати, умум манфаати каби тушунчалар уларнинг тушига ҳам кирмаслигини Ҳаракатимиз бошида биз миллат- парвар ҳисоблаганлар ва ҳозир чет элларда ”доҳийликка” даъвогар бўлаётганларнинг хусусиятларида кўрдим, аччиқ аламлар тортдим. Уларнинг Тошкендаги вакиллари ҳам бу ”доҳий”лардан фарқ қилмаслигига ишончим тўла комилдир. Аммо Холиқназар дўстим, сиз улардан юз ўгирманг. Улар билан ҳамишагидек опоқ-чапоқ бўлинг. Чунки улар сизга ўзларининг кимлигини билдирмайдилар-ку, сиз ҳам улардай бўлинг ва улардай бўлишга ҳаракат қилинг. Лекин менинг сўзларимни эсдан чиқарманг. Билингки, сизлар улар учун яхши яшаш манбасисиз, холос. Улар сизни фақат ишлатишни, зарур бўлса сизнинг азоб-уқубатингиздан, яъни қамоққа тушиб ётишингиздан пул қилишнигина ўйлайдилар.

Дўстим, Яна шуни ҳам билингларки, бугунги Ўзбекистондаги ”илиқликларми, юмшоқликми”дан жуда ҳам хурсанд бўлавериш тўғри эмас. Бу ”илиқлик-юмшоқлик”нинг ҳам алоҳида мақсади бор. Масалан, Зайниддин Асқаровнинг журналистлар билан учрашуви, М.Солиҳнинг 16 феврал (1999 й.) вокеаларида қатнашмаганлигини эълон қилишлар, ”Бирлик” ва ”Эрк” партияси қурултойларини ўтказишга ижозат берилиши нимадан дарак беради? Нима, Каримов ёки каримовчилар бугун ўзгариб, демократ бўлиб қолишдими? Бу Каримов, 1991 йил мартдаги умум халқ овози беришда жон-жаҳди билан СССР тарафдори бўлган, ўша йилнинг августида эса, ГКЧП-ни очиқчасига тўла қўллаган, давлат тўнтарилиши муваффақиятсиз чиққанданоқ компартия билетини яшириб қўйиб, дарҳол тўнни тескари кийиб олган (дарҳол ”мустақиллик тарафдори, демократ бўлиб қолган”) Каримовни эслатмайдими? Каримов ўша-ўша Карримов эмасми??

Ўзбекистондаги бугунги жабр-зулм Сталин қатағони замонида ҳам бўлмаган. Ана шунақа жиноятларга йўл қўйган кишиларнинг демократлашуви шунчалар қулаймикан? Йўқ, дўстим ундай эмас. Бу масалалар устида чуқур фикр қилиш лозим. Шундан келиб чиқиб, сизнинг ”М. Солиҳдан бошқалар Ватанга қайтсалар бўларди”, деган фикрингизга қўшилиш қийин. Балки Пўлатовлар ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонга бемалол қайтавериши мумкиндир. Чунки Каримов жаноблари 1996 йилдаёқ ”Пўлатовларга эътирозимиз йўқ, улар келавериши мумкин”, деганлар. Бу ”буюк” таклифдан икки йил кейин эса, сизнинг ҳам хабарингиз бордир, 3.11.1998 йилда Москвада Ўзбекистоннинг талаби билан мени қамоққа олишди. Ваҳоланки мен, 1997 йил августидан 1998 йил ноябригача сиёсатдан бутунлай четда туришга ҳаракат қилгандим. Ҳеч бир ерда, ҳеч бир турда Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф фикрлар билан чиқиш қилмагандим, Ўзбекистондаги ҳар қандай воқеага ҳеч бир муносабат билдирмагандим. 1998 йил ноябридан сўнг эса, мен ва бошқалар каримовчилар кирдикорлари ҳақида анчагина ёздик, ёзганларимизни дунё жамоатчилигига таништирдик. Жим юрганларни қамоққа олишганлар, фаол мухолиф сиёсий курашда бўлиб турганларни аяб қўярмиканлар? Йўқ асло аямайдилар, дўстим.

Холикназар дўстим, биласизми, бу ерда баъзан биздан ” Ватанингизга қачон қайтишни истайсиз”, деб сўраб қолишади. Масалан, мен ”Ўзбекистонда мустабид ҳукумат бугун тугаса эртага эрталаб мен аэропортда бўламан”, деб жавоб қиламан. Ҳақиқатан, Ўзбекистонга қайтиш шарт-шароитлари мавжуд бўлса мен Норвегияда бир соат ҳам турмайман. Лекин ўша бизга мос, биз қайтишимиз мумкин бўлган шарт-шароитлар Ўзбекистонда борми? Холиқназар дўстим, афсуски ҳали ҳам Ватанда ундай шарт-шароит йўқ. Биз бир неча марта бизнинг, яъни чет эллардаги мухолифатнинг ватанга қайтиш шартларини Ўзбекистон ҳукуматига билдирганмиз, балки бу ҳақда сизлар билмассиз. У шартлар, шароитлар нималардан иборат? Қисқа қилиб айтганда, чет эллардаги мухолифатнинг Ватанга қайтиши учун Ўзбекистонда ҳуқуқий муҳит мавжуд бўлиши зарур. Ундай муҳит Халқаро ташкилотлар назоратида бўлмоғи лозим. 

Ҳуқуқий муҳит нималарни ўз ичига олмоғи керак бўлади? Биринчидан, мухолифат аъзоларининг Ўзбекистонга бемалол қайтишини ва уларнинг Ватанда тинч, хавфсиз яшашини, сиёсий ва Ўзбекистон қонунлари йўл қўйган бошқа хил фаолиятлар билан шуғулланишларини таъминлайдиган ҳукуқий асос мавжуд бўлиши керак. Бу ҳуқуқий асос Олий Мажлис тарафидан қонун кўринишида ўз ифодасини топмоғи лозим. Ҳеч бўлмаганда бу масала бўйича Республика Президентининг фармони эълон қилиниши зарур.

Иккинчидан, кўпчиликка маълумки, чет эллардаги мухолифат аъзоларининг жуда кўпчилиги устидан Ўзбекистонда тўқима ”жинойи иш”лар қўзғотилган. Улар сўзсиз тўхталиши ва асоссиз, деб ҳисобланиши шарт.

Учинчидан, мухолифат аъзоларининг барчасининг ўз даврида Ўзбекистонда иш вазифалари, аниқ ойлик маошлари бор эди. Демак, улар эски иш вазифаларига ҳеч бир тўсиқларсиз тикланишлари керак. Улар ана шу ўтган 10-15 йиллик давр ичида мамлакатдан ташқарида қолишга мажбур бўлдилар. Шунинг учун уларнинг 10-15 йиллик маошлари инфляциялар ҳисобга олинган шаклда тўла тўланишлари шарт.

Тўртинчидан, мухолифат аъзоларининг бир қанчаси, ноҳақ қамоқхоналарда ўтириб чиқишганлар, жабр-зулм тортганлар (масалан, мен Ўзбекистон ҳукуматининг ноҳақ туҳмати билан 1998 йили 36 кун Россия қамоқхонасида ўтиришга мажбур бўлдим. Ичимизда бир неча ойлаб ва йиллаб қамоқхонада ўтирганлар ҳам бор). Ноҳақ қамоқ жазосига маҳкум этилганларга Халқаро қонунлар ва тартибларга мувофиқ товонлар (компенсациялар) ҳам тўланиши керак.

Бешинчидан, чет эллардаги мухолифат аъзоларидан бир қанчаларининг туғишганлари, яқин қариндошлари ноҳақ жазога ҳукм этилганлар ва улар ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтирибдилар. Улар асоссиз қамалганлар ҳисобланиб, дарҳол жазо калонияларидан озод этилишлари ва улар қамоқ жазосига ҳукм этилмаган ҳисобланишлари зарур. Уларга ҳам Халқаро қонун йўл берган ҳажмда компенсациялар(товон) тўланиши шарт.

Кўрдингизми, дўстим, мен юқорида мухолифатнинг Ватанга қайтиши учун зарур бўлган шарт-шароитларнинг асосийларини санадим. Булардан ташқари Ватанга қайтишнинг бир қатор бошқа тур шартлари ҳам бор. Аммо ҳеч бўлмаса юқорида саналган масалалар ҳал этилсагина чет эллардаги мухолифатчиларнинг Ватанга қайтиши ҳақида ўйлаб кўрса бўлади. Бироқ, Ўзбекистоннинг аҳволига яхшироқ назар солинг-чи, нималарни кўрасиз? Мана қаранг, ахир, қамоқхоналарда минглаб бегуноҳ ватандошлар азобда ётишибди, ҳозир ҳам юзлаб бегуноҳ кишилар тўхтовсиз қамоққа олинаётибди, қизларнинг, хотинларнинг номусига тажовузлар бебурдларча давом этмоқда, кўчаларда хотин-қизларимиз эркин, бемалол юра олмаяптилар. Ўзбекистондагидек ҳуқуқбузарликларни, безориликларни дунё тарихи билмайди. Ватанда шунақа чексиз адолатсизликлар давом этиб турса-да, юқорида мен санаган шартлар биз учун амалга оширилса, ана ўшанда ҳам масалан, мен Ватанга кириб боришга уялган бўлардим.

Яна мактубингизда, "Мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари биргаликда бўлажак парламент сайловларига тайёргарлик кўриш мақсадида Сайлов Маркази нодавлат ташкилоти тузишга қарор қилинди", дейсиз. Ҳа майли, бунақаси ҳам вақтинча кўнгулни илитади, албатта. Нима ҳам дердим, яхши ният ярти мол дейдилар. Аммо 1989 йилги сайловларда қатнашиш тажрибаси кўрсатдики, диктатура мавжуд ерда бунақа сиз айтаётган ташкилотлар тузиш кутилган самара бермайди. У ишлар билан бирга умумий курашни, Биргаликда, жипслашиб қилинадиган ҳаракатни авжлантириш зарур.

Дўстим, ичим тўлиб ётибди, ёзаверсам улар тугамайди. Нима бўлса-да шу ерда тўхтаб, сизга ва барча ҳамфикр дўстларга дуои-саломларимни йўллаб қоламан. Менинг аччиқ ва ҳақиқат сўзларимдан тўғри хулоса чиқарсизлар, деган умиддаман. Сизга ҳурмат ва эҳтиромлар билан сизнинг Алибой. 05.01.04 душанба.

11.5 Холиқназарга жўнатилган янги бир хат ( 09.01.04, пажшанба куни).

“Ассалому алайкум Холиқназар дўстим. Қандансиз, соғу-саломатмисиз, дунёнинг ташвишлари билан овора бўлиб юрибсизми, уй ичи, болалар барчаси бардаммилар? Уларнинг ҳаммасига мендан саломлар ва дуолар этказгайсиз, албатта. Ватанимизга, ёру-биродарларимизга ҳам менинг таъзимларимдан дарак бергайсиз.

Билмадим, мен кетма-кет хатлар ёзиб, мақолалар жўнатиб сизни чарчатиб қўймаяпманми? Кеча бир мақола жўнатгандик, бугун эса олдинги хатимга жавоб келмасидан бошқа хатни ҳам юбормоқдаман. Сизларда қандай, аммо биз бироз тезроқ (оператив) ишлашга ҳаракат қиламиз. Холиқназар, бу сафар мен сизга Халқ Бирлиги Ҳаракатининг ҳозирги вактдаги тизими (структураси) ҳақида хабар қилмокчи эдим. Ҳаракатда ҳозирча Раис йўқ. У келажакда,  Ҳаракат таъсис Қурултойида  маслаҳатлашиб, мухолиф номзодлар ичидан сайланади. Аммо ҳозир ҳаракатнинг бутун фаолиятини учта Кенгаш бошқармоқда. Улар:

  1. Сиёсий Кенгаш (Политсовет) – уч кишидан иборат;

    1. Координация((Координацион) Кенгаши – 4-5 кишидан иборат;
    2. Кузатув Кенгаши –     бир неча кишидан иборат, каби Кенгашлардир.

Холиқназар дўстим, сиз мендан Самарқанд вилояти минтақаларидаги ”Бирлик”чиларимизнинг исмларини сўрагандингиз. Уларнинг кўпчилигининг исмлари менинг ҳам хотирамдан кўтарилган. Мана қуйидагиларни хотирлайман:

Қўшработдан (Жушдан)- Тошбой Абдуалимовми (фамилияси аниқ эсимда йўқ), Бозорбой Суванов. Паст-Дарғомдан – Абдужалил Абдуллаев, мактабда илмий мудир эди. Катта-Қур ғондан – Ҳамрақул Ҳамдамов, медицина фанлари доктори, профессор. Бу киши билан алоқа ўрнатилса, унинг телефонини менга албатта юборинг. Ҳамрақул аканинг бир қатор 25-дан 35 ёшгача бўлган йигитлари бор эди. У йигитлар омон бўлишсалар ҳозир 35-45 га кирдилар. Улар ёш жиҳатидан жуда маъқул ёшдаги кишилар бўлдилар. Тойлоқликларни хотирлай олмадим. Смарқанд қишлоқ районидан (Жаҳонгир Маматовнинг кишлогидан ҳам келишарди. Менимча Киров номли колхоздан келармидиларей?) уларнинг ҳам исмларини унутдим.

Биласизми, Холиқназар дўстим, мен Норвегияга келгунча қаерларда яшамадим? У мамлакатдан, бу мамлакатга кўчиб юришлар даврида тарихий қоғозларнинг жуда кўпчилиги йўқолди. Айникса, мен Россияда қамоқда ўтирганимда жуда кўп ҳужжатлар йўқолди. Самарқандда уйда қолган қоғозларни эса, билсангиз керак, Баҳодирни қамашганда, у  милицияга  отасининг архивини ”пора”га берган. Бошқа ҳолда, унинг чўнтагига наркотик солиш билан қўрқитишган-да.

Холиқназар, сиз ёки А. Умрзаков Ўзбекистондаги умумий сиёсий, иқтисодий. ижтимоий аҳволни баҳоли-қудрат таҳлил қилиб, бир мақола тайёрласаларингиз жуда мақсадга мувофик бўларди. Унда албатта мамлактдаги аҳволни ўнглаш ҳақида ҳам сўз кетади ва биргаликда ҳаракат қилишнинг қанчалик аҳмиятилигига тил текизилса, нур устига нур бўларди.

Холиқназар, эсингизда борми, бир вақтлар мен сизга виза масаласини ҳал қилиб қўйинг, дегандим. У визалар масаласи қандай ҳолда? Ҳозирлар кимларда виза бор. Шулар ҳақида ҳам маълумот тайёрлаб қўйинг. Балки мен улар ҳақида телефонда сўрарман. Умуман дўстлардан кимнинг виза олиш имкони бўлса, улар визани олиб қўйишлари керак.

Ҳозирча дўстим, шу гаплар. алоқага чиқишни кечиктирманг. Тез – тез ёзиб туринг. менда бир таклиф ҳам бор. Сизнинг е-маилингиз алмаштирилса нима бўлади, келинг уни алмаштирайлик?

Омон бўлинг дўстим, Оллоҳ ҳамиша ҳаммамизга ёр бўлсин, Яратганнинг Ўзи бизга ютук ва омадлар насиб этсин. Ватанда хурсандчиликлар билан кўришиш насиб бўлсин. Сизга ҳурмат ва дуолар билан сизнинг Алибой.”

11.6 Қачон ёзилганлиги кўрсатилмаган хат.

Тўғри айтасиз, дўстим. Аммо бошқа йўли ҳам йўқ-ку, ахир (Бундан олдинги хатда ҳукумат билмаслиги керак бўлган бир неча кишиларнинг исмлари ёзилганди. Холиқназар уларнинг исмларининг очиқ ёзилиши хавфли эканлигини таъкидлаганди. Мен унга шундай жавоб қилаяпман).  Телефон ундан баттар бўлса. Мен бироз шошма-шошарликка йўл қўйиб, сизни хавф остига қўйдим. Бу учун узр. Биласиз, вақтларимиз жуда оз қолаяпти. Нима бўлса ҳам,  иш қилиб, сизни Оллоҳ қўриган бўлсин. Айтгандай, Эркин Хўжаев исмли бириси ҳам бор эди. У иктисод фанлари номзоди (балки хозир доктордир), ўша 1989 йили, депутат, Кооператив институтига ректор ва кейин Ўзбекистонниннг Эрондаги элчиси бўлганди. Бироқ ҳозир у қаерларда билмайман. Аммо у Самарқандлик, ўшалардан. У мен билан жуда яхши фикрдош эди. Ўйлайманки, у замоннинг фикрларидан у ҳали ҳам узоклашмагандир. Агар Эркин топилса, у билан анча бемалоллирок сўзлашиш мумкин бўларди. Сизнинг бемалол сўзлашингизни айтмокчиман.

Норқўзи билан менинг алоқа боғлашим йўлини хам топишда ёрдамчи бўлсангиз жуда яхши бўларди. Бу ҳам анча зарур ишлардан, деб ҳисоблайман. Омон бўлинг, Оллоҳ ишларимизга омад берсин, омин. Сизга хурмат ва дуолар билан Алибой.

 Холиқназар, дўстим,  сизнинг ишларингизни яна кўпайтираяпман, сизга Оллоҳ куч-қувват берсин. Сиз учрашадиган яна бир исм топдим. Сизнинг шаҳарингизда, яъни Жомбойда Алихон исмли бир эшонбобо бормиш. У Жомбойда бўлса, сиз уни танисангиз керак. Уни анча номи чиққан киши, дейишади. Ана шу одамнинг ҳам, мен сизга айтганларнинг энг буюгига тўғридан – тўғри йўли бормиш. Эшонбобо билан сўзлашиб кўриш керак, деб ҳисоблайман. Менимча, албатта у эшонбобо билан учрашиш керак. Зарарсиз бўлиб, фойдаси чиқиб қолиши мумкин бўлган ишни қилиб кўриш керак, дўстим.  Ўзингиздан қолар гап йўқ. Имкони қадар эҳтиёт чораларини ҳисобга олиб иш қиласиз-да, албатта.

Омон бўлинг, ишларингизга Оллоҳу таоло омад берсин, омин. Ҳамма дўстларга салом ва дуо-лар билан Алибой.

Олдинги хатнинг кириллчасини фаилдан илова қилишга ҳаракат қиламан, қани кўрингчи, иловада ўқиб бўлармикин? Охунов билан ёзишмаларимизнинг бирида ҳам шундай бўлувди, мен матнни иловада юбордим, ҳамма нарса жойига тушганди. Бу ерда ҳам балки шундай бўлар.

 

 

яқин мавзу