11.7 – 11.23.5 параграфлар.

11.7  Х.Ғаниевдан келган навбатдаги хат (06.03.05 – да келган):

“Ассалому алайкум, Алибой ака!

Сизнинг топшириғингизни бажариш буйича дастлабки уринишларимиз натижасиз тугади. У одамларнинг биронтасининг ҳам изига тушиб бўлмади. Энг биринчи атаганингиз (Рустам Холмуҳаммедов ҳақида сўз кетмоқда – А.Й. изоҳи) билан Абдумалик яқиндан жуда яхши таниш экан. У ҳозирги кунда ҳеч жойда ишламаётган экан. Уйига борса дарвозаси берк, ҳеч ким йўқ эмиш. Энг улуғи (И.Ҳ. Жўрабеков ҳақида сўз кетмоқда – А.Й. изоҳи) ҳақида ҳам Абдумалик суриштирув ўтказиб «у чет элга қочган» деган миш-мишлардан бошқа гап тополмаган. У киши вазирлик лавозими давридаги ишлари учун суд қилиниб, амнистия билан озод этилгани ҳақида билсангиз керак, албатта. ПМА (Пўлот Мажидович Абдураҳмонов – А.Й. изоҳи) ҳақида ҳам унинг яқинлари билан таниш-билиш, миллатдош бўлган сафдошларимиз орқали қўлга илинарли маълумот ололмадик. Факат «у киши ҳам уй қамоғида бўлса керак» деган гапни айтишган. Алихон эшонни ҳам суриштириб турибман, лекин хали изига туша олганимча йўқ.

Алибой ака! Абдумалик айтадики, «Алибой ака нега у одамлар билан қизиқади, уларнинг ҳозирги ҳолатида, ваҳоланки, бизлар улар билан эмас, улар бизлар билан қизиқиши, бизларга интилиши керак эмасмиди?»

Бугун Самарқандда вилоят мухолифат фаолларининг анъанавий йиғилиши бўлди.

Сизнинг саломларингизни у ерга келганларга етказдим. Улар ҳам ўз навбатларида сизга салом йўллаб қолишди. Сиз бир неча марта сўраганингиз Иштихонлик раис йигит Норбой Холжигитов ҳам келган эди. Унга мен Сизнинг уни сўраб туришингизни, боғланиш имкониятлари билан қизиқишингизни айтдим. У ўзининг телефони йўқлигини айтиб, бирор жойни ва вақтини келишсак ўша ерга келиб телефон орқали боғланишимиз мумкин деди.

Мана, ниҳоят, шогирдингиз А.Маманов ўзиниг «Яна Шарқ ҳақида» мақоласининг инглизча вариантини дискетага ёзилган ҳолда олиб келди. Уни мен ушбу хатимга илова қилиб Сизга жўнатмоқдаман. У ёғини ўзингиз биласиз нима қилишни.

Икки ойча бурун Турғун Холматов, бир ҳафтача бурун Абди(гани) Ибодов вафот этганлар. Худо уларни ўз раҳматига олган бўлсин, амин.”

11.8 Тубундаги хат Х.Ғаниевдан 10.03.05-да келган экан:

“Ассалому алайкум, Алибой ака! Алихон эшонбобони суриштиришда давом этмокдаман. Шу йўлда мен билан бир маҳаллада яшайдиган, Сизни ҳам, айтишларича, Сиз хам уни яхши биладиган Лутфиллохон Луқмонов (Ҳақиқатан мен у одамни яхши танирдим – маллиф) деган эшонбобо билан учрашдим. У киши ҳам Сиз айтган Алихонни билмас эканлар. Лекин у киши, Сиз ва Сизнинг оға-иниларингиз Самарканд вилоят диний идораси бошлиғи Усмонхон билан яқин эканликларингизни айтиб, изланаётган Алихон эшонни ҳам ўша киши таниши мумкинлигини айтди. Х.Ғаниев.”

“Ассалому алайкум, Алибой ака!

Алихон эшонбобони шахсан биладиган, у билан 1-2 йил бирга ишлаган одам менинг ўғлимнинг божаси бўлиб, у киши бугун бизнинг уйда меҳмон бўлди. У киши ҳам Алихоннинг фамилиясини эслай олмади, лекин бошқа ҳамма белги-аломатлари айнан сизнинг хатингиздагидек бўлиб чиқмоқда. Ҳақиқатан, Алихон эшонбобо асли Булунғурлик бўлиб, 70-йилларда Жомбой автомобил мактабида ўкитувчилик қилган сўнг эса ХАТП-9 да бош инженер бўлиб ишлаган қозоқ битишли қиёфадаги одам бўлган экан. Хотини тожик миллатидан, Жомбой солиқ инспекцияси ёнида ошхоналари бўлар экан. Афсуски, у киши икки йилча бурун вафот этган экан.

Зариповага мен яна ўша Сизга юборганим номер (35-91-67)га қўнғироқ қилиб бир уринишдан уланиб нақд Сурайёнинг ўзи билан гаплашдим. Билмадим, Сиз нимага у билан улана олмаяпсиз, балким қайта-қайта уриниш керакдир, баъзан шундай ҳам бўладику, ахир. Сурайё ўйланиброқ уй адресини беришга рози бўлди: Самарқанд ш., Шабатская кучаси, 69-уй.

Бизда ҳам айтарли ўзгариш-янгилик йўқ. БҲҲПни рўйхатга ўтказишга уринишимиз яна муваффақиятсиз (24.01.05) тугаганини билсангиз керак. 23.02.05 – да тўпланган имзолар ва тузатилган ҳужжатларни учинчи марта Адлия вазирлигига топширдик.

Ассалому алайкум, Алибой ака!

Бугун Абдумалик билан учрашдик. У керакли маълумотларни аниқлаштириш ҳаракатида давом этаётганини айтиб, Бобирмаликни (Муҳаммадбобир Маликовни демоқчи – А.Й. изоҳи) мухолифатнинг шу кунги байроғи қилиш вариантини Сиз ва бошқа муҳожир лидерлар ўйлаб, муҳокама қилиб кўрмадилармикан деди. Менимча, бундай савол ҳам ўринли.

Телефонлар масаласига келсак, улар жуда кўп ҳолларда кўнгилдагидек ишламайди. Лекин Зарипованинг телефонини мен уйимдан атайлаб қўнғироқ қилиб текшириб кўрган эдим (35-91-67).

Норбой билан телефонлашув масаласида Сиз билан бизнинг вақтларимиз ўртасидаги фарқни аниқ билишимиз керак. Шунга қараб гаплашув вақтини келишилади. Сиз ҳозир Канададамисиз ёки Норвегиядами?

Бугун Самаркандга кетишда таксида Юнус деган жиянларингизми, амакиларингизми билан бирга бўлиб қолдик. У Жомбойдан ҳовли сотиб олибди. Х.Ғаниев.”

11.9 Холиқназарга ёзилган жавоб (24 мрат, 2005, пайшанбада):

Холиқназар дўстим, хатингиз учун кўп раҳматлар бўлсин. Наврўз табригингиз учун ҳам ташак-кур. Барча яхши ва эзгу ниятларингизни сизнинг адресингизга  ҳам қайтараман. Норбойни ҳам топарсиз, иншооллох.

Холиқназар, хотирингизда бўлса, бир вақт мен сизга. наврўзни байрам қилмайман, дегандим. Биласизми, дўстим, биз мустамлака ҳолатда яшаш нима-ю, озод-мустақил яшаш нима билмас эканмиз. Мустамлака шароитида истилочи нима деса, у нимани ўргатса ўшани тўғри қабул қиларкан киши. Шунинг учун биз мозийда форс истилочилари, яқин тарихда рус истилочилари нималарни бизга киритган бўлса унга шунчалар ўрганиб қолганмизки, уларни ўз миллий, диний қадриятимиз каби қабул қиламиз. Масалан, 31-январда арча тузатиш, 21-мартдаги (бунисини йил боши ва яна нималар биландир асослаш мумкин) маш-машалар, яна нималар қилиш ва ҳ.к. Масалан, «наврўз»ни олсак, бу байрам на динга ва на миллий қадриятга ҳеч алоқаси бўлмаган бир маш-маша экан.

Биласиз, форсларда Жамшид исмида бир подшоҳ ўтган. Фирдовсий ҳам уни жуда кўкка кўтаради.  Шунинг учун Фитрат Фирдовсийни буюк миллатчи, деб атаган. Ана ўша Жамжид баҳорда, тахминин 21-март арафасида тахтга ўтиради. У, ўзи тахтга ўтирган кунни «янги кун -наврўз», деб атайди ва мамлакатида фуқаросига бу кунни байрам қилишни мажбур қилади. Бу байрамнинг бизнинг жойларга қандай келиб қолганлиги ҳам бошқа бир масала. Айтганимдай, ҳар ҳолда бу ҳам истилочилик оқибатидадир.

Холиқназар дўстим, мени кечиринг, мен сизни ранжитмоқчи эмасман. Фақат билмаганимни ўрганганимдан, воқеанинг аслидан хабардор бўлганлигимдан сизни ҳам хабардор қилиб қўймокчиман, холос. Шунга қарамасдан, бу кун муносабати билан менга бўлган эътиборингиз учун такрор миннатдорчилик билдираман.

Бугун Ўзбекистонда «Бу байрамни қилманг, бу истилосилик оқибатидир», деб бўлмайди, албатта. Иншооллоҳ, ўзимизни тўла танийдиган, нима истилочилардан келган ва нималар бизнинг миллий қадриятимизни белгилашини ажратадиган вақт ҳам келади. Иншооллох, тўла озод ва мустақил бўлиш вақти келишига узоқ қолмади.

Дўстим, Қирғизистон воқеаларини кузатиб боринг. Бу жуда муҳим. Мен ҳам имкони қадар саитда улар ҳақида хабарлар бериб боришга ҳаракат қилаяпман. Хабарларни ўқиб туринг.

Барча дустларга ва уй ичингизга салом ва дуолар йўллаб қоламан.

Омон булинг, сизга ҳурмат ва дуолар билан Алибой.”

11.10 Холиқназардан 26 март 2005 – да  келган хат:

“Ассалому алайкум, Алибой ака!

Бугун Булунғурга Норқўзи Ашуровникига бориб келдим. Табиий, мухолифат ишлари ҳақида, Қирғизистону Ўзбекистон ҳақида, Сиз ва мухожиротдаги бошқа мухолифатчилар ҳақида гап кетди. У ҳам «Бирлик» ҳақидаги китобингизни ўқиб чиқибди, яхши таассурот олгани, у уйғотган уй-фикрлар ҳақида гапирди. У хусусан биринчи президентни сайлаган, мустақилликни эълон қилган Олий Кенгашда гўлликданми, нафсданми М. Солиҳ мухолиф фракцияга хиёнат қилиб, И.Каримов унинг уйига ялиниб борганда мухолиф фракциянинг муҳим сирларини унга ошкор қилганини шу фракцияни гўёки бошқариб турган Оловуддин Мансурдан унинг булунғурлик бир таниш имоми орқали эшитганини айтиб берди. Бу гапда жон борлигини ўша вақти парламент депутати бўлган Мамаюсуф Салимов ҳам тасдиқлаган эмиш. Чунки президент сайланган сессияда залда мутлақо бегона одамлар ўтиришган, мухолифатчиларга сўз берилмаган экан.

Бу гаплар ҳозирги ўзбек мухолифати учун ўта масъулиятли тарихий аҳамиятга эга бўлган бир пайтда унинг раҳбарлари ўртасида ҳукм сураётган тортишув-талашувлардан афсусланиш туфайли эсга олинди. Норқўзи мендан сизларга мухолифат рахбарларининг, ҳамма амбицияларни йигиштириб қўйиб, бирлашуви бугуннинг энг муҳим ва долзарб масаласи эканлигини айтиб қўйишимни қаттиқ сўради. Бу гап жуда эскирган бўлса-да қарз гап бўлгани учун уни ёзмасликни эп кўрмадим.

Норқўзининг телефон номери ўзгармаган: 2-16-59. Фақат баъзан ишлаб, баъзан ишламай турар экан. Уй адреси: Булунғур ш., Фурқат кўчаси, 5-уй.

Энди Янги Йилни нишонлаш ҳақида. Сиз, менимча, адаштираяпсиз. Сиз ўша хатингизда Янги йилни эмас, туғилган кунларни нишонлаш урфини ёқтирмаслингиз ҳақида ёзган эдингиз. Чунки у хатни Сиз менинг И.Широв домланинг туғилган кунини (80 ёшини) нишонлаганимиз ҳақидаги хатимга жавобан ёзган эдингиз. Ҳа, бунинг аҳамияти йўқ, чунки бу масала мени ҳам жуда қизиқтиради.

Янги Йил тушунчаси, яъни йил ҳисоби ҳар қандай маданиятли халқда бўлиши кераклигига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Лекин уни йилнинг қайси кунидан бошлаш керак? Биз туркийларнинг ота-боболаримиз Йилни қайси кундан бошлаган эканлар , бу ҳақда, тўғриси, менда маълумот йўқ, негадир бу масалани ҳеч ким кўтариб ҳам чиққан эмас, менимча. Исломда бу масала қандай ечилган? Менимча, Исломда Янги Йил тушунчаси, уни қандайдир тарзда нишонлаш урфи ҳам йўқ.

Энди бир халқ урф-одатларининг бошқа халқлар томонидан қабул қилиниши масаласига келсак, бу ерда саволлар жуда кўп. Динларнинг қабул қилиниши, маданиятларнинг биридан бошқасига ўтиши, сўзларнинг бир тилдан иккинчи тилга ўтиши ва ҳ.к..”

11.11 Бу хат Холиқназардан 14 апрел 2005-да келган:

“Ассалому алайкум, Алибой ака!

Яхшимисиз, соғ-саломатмисиз? Охирги хатингизда бироз тумовраб турибман деб ёзган экансиз, ҳозир қалайсиз? Шундан бери ёзишмаларимиз ҳам тўхтаб қолди нимагадир. Бир нарса ёзай десанг – ёзишга арзийдиган гап йўқдай, иккинчи томондан қарасанг – дунё тўла янги гаплар.

Сўнги кунларда дўстлардан Абдумалик ва Исрофил билан яқинрок алоқада бўлиб, учрашиб турибмиз. Улар яхши, худога шукр, имкон даражасида ўз кунларини кўриш учун кўп қатори югуриб-елиб юришибди. Сиёсий фаолликлари ҳам ёмон эмас, охири бахайр бўлсин. Сизнинг телефон номерингизни Норбой Холжигитов мендан сўраб олган эди.

Билмадим, у Сизга телефон қила олдими йўқми.

Алибой ака, Сизларда нима гаплар? Сиз ҳозирги кунларда қаерда, кимлар билан яқин алоқада, ҳамгапсиз? Сулаймондан хабарингиз борми?”

11.12 Яна бир жавоб хат(15.04.05).

Юқоридаги хатга 15.04.05 жума куни тубандагидек жавоб ёзилган экан:

“Ассалому алайкум, Холиқназар дўстим! Қандайсиз, яхшигина юрибсизми, уй ичи ва дўстлар соғу-саломат ва бардаммилар? Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизлар ҳам дурустмиз. Ҳа, дўстим, тўғри айтасиз, мен ҳам жуда қўмсаб тургандим. Яхши қилдингиз, сиз биринчи бўлиб навбатдаги жимликни буздингиз. Э-ҳе нимасини айтайин, тирик кишининг юмушлари битмайди. Жумладан менда ҳам у-бу ишлар бўлиб, қўлим ҳеч бўшамайди. Айтганимдек, бир мунча вақт тумов сабабли ўзимни яхши сезмадим. Шукрки, ҳозирлар ўзимга келиб қолдим. Бироқ жимликнинг сабаби фақат у тумовда эмас. Тўғрисини айтсам, кўп замон кунлик вақтим менга озлик қилади. Деярли ҳар куни кечаси соати 02-дан олдин ётмайман. Аммо барибир вактим оз.

Холиқназар дўстим, сиз ёзадиган нарсалар жуда кўп эди. Айниқса,  кейинги вақтларда содир бўлган қўшнингиздаги воқеалардан кейин Ватандаги вазият ва кайфиятдан бироз ёзишингиз керак эди. Менинг илгарги илтимосларим ҳақида нималар бор ёки ҳаммаси битдими? Дунё хабарларига қараганда бир қатор казо-казолар Ватандан чиқиб кетган кўринади. Улар ҳақида ҳам гапириш мумкин бўлган даражада ёзсангиз ёмон бўлмасди. Абдумалик ва Исрофилга менинг қизғин саломимни ва дуоларимни етказинг. Сизга ва уларга Оллоҳу таоло омад берсин. Чарчаманглар, иншооллоҳ заҳматларнинг ҳузурини кўриш вақти ҳам келади. Норбой ҳали менга телефон қилнаича йўқ.

Бизда ҳам жимлик. Дўстлар сукут сақламоқдалар. Ҳар ҳолда кейинги замонларда Марказий Осиёдаги инқилобнинг хусусияти ва оқибатларини ўрганишаяптилар шекилли. Мен, ҳозирлар Норвегиядаман. Сулаймон билан жуда тез-тез бўлмаса-да,телефон алоқаларимиз бўлиб турибди. У яхши, ишлаб юрибди. Америка билан алоқаларим ва ”ҳамгаплигим” яхши. Бироқ ҳозирлар улар ҳам жим. Биласиз, А.П. квадратларга ишонмайман. Пўлот Охун билан алоқалар бирмунча яхшиланганди, сўнг замонларда у ҳам жимим қолди. Қисқаси дўстим, ҳозирча менда ҳам мана  шулардир.

Яна бир маслаҳат, мен Зарипова учун бир e-mail адрес очиб, уни  сизга юборсам, сиз уни унга етказангиз қандай бўларкин, шундай қилсам бўладими,сиз бунга қандай қарайсиз? Бошқача хатнинг унга холисона етиб боришига кўнглум чопмаяпти. Балки биринчи хатнинг ўзини сизга жўнатсам ва адрес ҳақида у хатда ўзим айтсам яхши бўлар?

Омон бўлинг, ҳаммаларингизга салом ва дуолар билан Алибой.

ПС: Бундан олдинги хатингизга жавоб қарзим бор. Иншооллоҳ, ундан ҳам яқинда қутиларман.”

11.13 Холиқназарнинг дарҳол қайтарган жавоби (16 апрел 2005) :

“Ассалому алайкум, Алибой ака! Хат учун раҳмат.

Менинг калламга айни пайтда шу савол келиб қолди: Сиз ва бошқа муҳожирлар Ўзбекистон ҳақидаги хабарларни қаердан, қайси манбалардан оласизлар? Қиргиз инқилобининг бизга қандайдир таъсири бор, албатта. Масалан, сиёсатдан жуда узоқда бўлган оддий одамларнинг ҳам маърака-йиғинларда «қилса бўлар эканку» деганларини эшитиш мумкин. Лекин фақат гап, қолгани ҳамишагидек.

Мухолифат бироз жонлангандек бўлди-ю, яна жимиб қолди. Ҳукуматнинг ичида қандайдир жараёнлар кетаётгандай, худди чўкаётган кемадаги кайфиятни эслатувчи воқеалар бўлаётганга ўхшаяпти. «Озодлик» радиоси тарқатган маълумотларга қараганда, собиқ  Адлия вазири А.Полвонзода чет элга қочган, Азиз Носиров ва бошқалар устидан суд бошланган. Сиз сўраган одамлар ҳақида аввал ёзганимиздан бошқа янги гап билолмадик. Сурайё билан телефон орқали гаплаша олмадингизми? Майли, менга хат ёзинг, етказаман унга.

Исрофил куни кеча Сиз ҳақингизда сўраб, салом айтиб қўйинг деган эди. У сафимизга яқинда қўшилиб, фаоллигимиз анча ошди.”

11.14.  Менинг ҳозир жавоблигим (17.04.05).

Бу кунларда Холиқназар билан ёзишмаларимиз кетма-кет бўлиб қолганди. Мана мен ҳам дарҳол унга 17.04.05 якшанба куниёқ жавоб ёзган эканман: “Ассалому алайкум, Холиқназар дўстим! Навбатдаги хатингизни ўқиб, кўп мамнун бўлдим. Менга шундай бир дақиқа мамнунлик бағишлаганингиз учун сизга катта раҳмат, дўстим.  Гап ораси, “ў” харфни трансляторлар ўқийди, сизда ҳам бу ҳарф чиқаяптими?  Бироқ ўзбекча думли ”к” ва “х”; белбоғли “г” харфлар ўқилмаяптилар.

Энди сизнинг хатингизга жавобга келсак, “ … Ўзбекистон ҳақидаги хабарларни қаердан, қайси манбалардан оласизлар?”. Ҳаводан, ҳаводан, дўстим. Ҳазил, ҳазиллашгим келиб қолди. Бошқа тарафдан ҳақиқати ҳам шундай,  “ҳаво”дан ахир, яъни дунё мабуоти воситаларида босилган ва тарқатилаётган хабарлардан оламиз. (А.П)2лар каби пулдорларнинг ва каримовчиларни қизиқтирмайдиганларнинг Ватанда  ҳам хабарчилари бор бўлиши керак. Масалан, мен хабарларни асосан рус саитларидан оламан.<mail.ru>, <utro.ru>,<рамблер.ру> каби ва Чеченистонинг kavkazcenter.com, muslimuzbekistan.com, <islam.ru>  сингари саитлардан оламан. Баъзи Туркия саитларига, баъзан америка саитларига  ҳам қарайман. Инглизча ва норвежчани ўрганишнинг уддасидан чиқа олмадим. Шунинг учун инглизча саитлар менинг жуда кўп вақтимни олади. Шуни ҳам айтайки, тахминан 1999 йилнинг охирларидан бошлаб Тошкент радиосининг Прага филиали “Озод”ликнинг ўзбекча шубаси эшиттиришларини тамоман тингламайман. БИ-БИ-СИ-ни баъзан компютердан тинглайман, аммо жуда оз. Чунки бу ҳам бошқа турдаги Тошкент радиоси филиалига айланган. У ердаги баъзи мухбирларни мен шахсан танийман, улар очиқдан-очиқ шпиклар. Биласиз, “Америка овози”нинг ўзбекча эшиттиришлари менинг, сизнинг ва бизга ўхшаш бечораларнинг (ҳокимиятда ўтирганларнинг ҳеч бирининг эмас) азиз Ватанимиз олтинлари ҳисобига ёпиб ташланди. Эронда ҳам ўзбекча эшиттириш бор. У,  Эроннинг Машҳад шаҳрида жойлашган. Улар баъзан менга телефон қилишадилар. Аммо мен улардан ҳеч бир маълумот олмайман.

Ватандаги кайфият ҳақида ёзганларингизни мен тасаввур қила оламан, албатта. Бизда кайфият Сиз ёзгандан бошкачароқ бўлиши мумкин эмас, шекилли. Бизда инқилобий кайфият 1989-1992 йилларда бўлганди. 1991 йилги сайловларда қўйилган президентликка номзодлар ҳақиқатан сайланмагандилар. У замонлар бизнинг “буюк лидерларимиз”  асрларда бир келадиган кайфиятни қўлдан бой бергандилар. Менимча, энди  бизда инқилоб бўлмайди. Ҳокимият алмашиниши эса,  бизда бутунлай бошқа шаклда бўлади. Ҳа, иш қилиб, Оллоҳ ўзи тўғри йўлга бошқарсин. Азиз Носировнинг суд бўлаётгани мен учун бир мунча кутилмаган ҳолдир. Демак, ҳукумат ичидаги жараёнлар ҳақидаги фикрингизда жон бор кўринади. Сизнинг бу хатингиз менда анчагина хулосалар килишга асос бўладиган бўлди. Полвонзода ва Жўрабековларнинг Ўзбекистондан қочганлари бугун сир эмас. Ҳамма шунақа дейишади… Аммо менда бироз шубҳа бор. Агар ҳақиқатан Каримов ва Жўрабеков орасидан қора мушук ўтган бўлса, уларнинг биринчиси иккинчисининг мамлакатдан чиқиб кетишига йўл бериши мумкин эмас. Полвонзода ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Чунки Жўрабеков ва Полвонзода каби Ўзбекистоннинг ички сирларидан хабардор кишиларни Каримов каби диктатор ўз қўлидан чиқариб юбормай-ди. Борди-ю бу икки шахс ҳақиқатдан йўқолиб қолган бўлсалар, билмадим улар билан нималар бўлгандир … Оллоҳ мени ислоҳ этсин …

Ҳа, дўстим, биздан сўрангиз шукр, мен ёзиб-чизиб турибман, болалар ҳам шукр ишлашиб турибдилар. Ҳаммаларидан сизларга саломлар бор.

Ҳа дўстим, бу сафар шу ерда тўхтаб, сизга ва барча кўнгул етарлар, ҳамфикрларга салом ва дуолар йўллаб қоламан.

Исрофилга мендан алоҳида салом топширишни сиздан илтимос қилиб сўрайман.

Омон бўлинг, Оллоҳ бизга учрашув насиб айласин.

Сизга ҳурмат билан Алибой.”

11.15 Кечигиб ёзилган жавоб (24.04.05якшанба).

Ассалому алайкум, Холикназар дўстим! Кандайсиз, яхшигина юрибсизми, уй ичи ва дўстлар соғу-саломат ва бардаммилар? Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизлар ҳам дурустмиз.

Ҳа дўстим, бугун кўпдан буён ваъда қилиб келаётган қарздан қутилишни ният қилдим. Сизга жавобини ёзолмаган мактубингизни мен 26.03.05, шанба куни олгандим. Орада анча вақт ўтиб кетди, жавоб ёзилмаса ҳам бўларди. Бироқ у мактубда бир-икки нукталар (вергулар ҳам, деймизми) бор эди. Шу сабаб, кеч бўлса ҳам, ҳечдан кўра афзал, деб мазкур жавобни ёзмоқдаман. Бу жавоб 24.04.05 – якшанба куни ёзилганди:

“Биринчи нуқта, ”Бирлик” ҳақида мен ёзганларни Норкўзининг ҳам ўқиб чиқишига тегишли. У киши қимматли вақтини сарфлаб, менинг уқувсиз ёзувларимни ўкиб чиққанлиги учун миннатдорчилик билдираман ва менинг бу сўзларимни Норқўзига етказарсиз, деб умид қиламан. У ерда таъкидлаганим каби мен асосан фақат ўзим гувоҳ бўлган ёки бевосита қатнашган ҳодиса ва воқеалар қақида ёздим ёки ёзишга ҳаракат қилдим. Шунинг учун менинг ёзувларимда ундан-бундан эшитдим сўзлар кам учрайди, деярли учрамайди. Шу ҳам менимча аниқки, И.Каримов ҳеч замон Солиҳнинг уйига борган эмас. Мен, Ўзбекистондалигимда “Каримов Мирсоидовникига борган”, деган хабарни эшитгандим.  Менинг бугунги мухожирлик саргўзаштларим тажрибасидан келиб чиқиб, айтаманки, Каримов Мирсоидовнинг уйига ҳам бормаган. Оловуддин Мансурнинг булунғурлик таниши ва М. Салимовнинг тасдиқлари миш-мишлардир. Аслида воқеа қандай бўлган Оллоҳга ва ўша давр учрашувчиларига аниқ. Ундан ташқари Каримовнинг Олий Совет мажилисида биринчи марта сайланишида ҳеч қандай проблема бўлган эмас. 1991 йили Олий Советнинг бошқа (Сентябр ойидаги, Ж. Маматов Каримовга, “Ўзбекистон онангизнинг мулкими…?” деган) сессиясида, Каримовни бўшатишга ҳаракат қилинганда проблемалар бўлган. Ана бу замон бориш келишлар бўлган. Бу вақт эса, Солиҳ Ўзбекистонда бўлмаган, сессия бошланадиган кун у сафардан тўғри мажилисга етиб келганлиги ҳам тарихий факт. [Мени Солиҳ ёки бошқа бирор кишининг тарафдори, демаслигингиз учун энг аввал бир нарсани айтиб қўяйки, 1995 йилнинг бошида Абдурахим Пўлатовдан ва ундан роппа-роса бир йилдан кейин (1996 йилда) М. Солиҳдан тамоман қайтганман. 1997-1998 йилларда мен бир кун нон топиб, бошқа куни топмай Истанбулда яшадим. У вақтлар Пўлатов ва Солиҳ иккаласи ҳам Истанбулда эдилар. Ҳамма нарсалари, уйи, пули ва ҳ.к. етарли эди. Мен эса, оч ўтирдим, аммо уларнинг бирортаси олдига бормадим. Кўраяпсизми, китоб ёзилишидан 3-4 йил илгари улардан қўлимни ювиб қўлтуғимга суртиб бўлгандим. Шунга карамасдан, китобчанинг бошида таъкидлаганимдек, билганларимни ҳеч тарафга бурмасдан, шахсий ҳиссиятларимга берилмасдан ёзишга уринганман. Китобчада ёзилганлар ҳар қандай тарафкашликдан ҳоли, деб ҳисоблайман.]

Шундай килиб, менимча, Каримов ва Солиҳ орасидаги муносабатларнинг мен тахмин қилган, яъни китобда келтирган эҳтимолдан кўра  ҳақиқатга яқинроқ бошқа хили бўлмаса керак. Яна ҳам бўлса, Яратганнинг Ўзига аниқ

“… Бу гаплар ҳозирги ўзбек мухолифати учун ўта масъулиятли тарихий аҳамиятга эга бўлган бир пайтда унинг раҳбарлари ўртасида ҳукм сураётган тортишув-талашувлардан афсусланиш туфайли эсга олинди. Норқўзи мендан сизларга мухолифат раҳбарларининг, ҳамма амбицияларни йиғиштириб қўйиб, бирлашуви бугуннинг энг муҳим ва долзарб масаласи эканлигини айтиб қўйишимни қаттиқ сўради. Бу гап жуда эскирган бўлсада қарз гап бўлгани учун уни ёзмасликни эп кўрмадим,” дейсиз. Ҳа, жуда  тўғри сўзлар. Аммо афсуски, энди “Бирлик” ва “Эрк” шаклида бирлашиш имконларининг ҳаммаси битган. Оллоҳ мени ислоҳ этсин, Солиҳ ва Пўлатовни фақат бир ер бирлаштиради. У  … дир. Холиқназар, дўстим сиз мени кечиринг, айникса, А. Пўлатов исмли кишининг бирлашиш ҳақида гапирган сўзларининг бирорта ҳарфига ҳам ишониш мумкин эмас. Чунки такрор-такрор айтаманки, бизни ўлдирган, бизнинг устимизга ўт қўйганлар, каримовлар эмас, пўлтовлардир. Чунки Каримов очиқ, у қилганини кўрсатиб қилиб турибди, уларнинг кимлигини кўриб турибмиз, пўлатовлар эса, ёпик, сиз ва миллат, эл уларни ҳали кўрганингиз йўқ. Фақатгина озми, кўпми уларнинг сўзларини бир қисмимиз эшитганмиз. У сўзларга мен ҳам бир вақтлар маҳлиё эдим. Биласиз, дўстим, лўли фол очганда жуда чиройли, кўнгулга хуш келадиган сўзлардан жуда кўпини айтиб, ташлайди. Шунинг учун баъзан, у тўғри айтаяптими, деб ўйланиб қоласиз. Кўпинча лўлининг фолига ишониб ҳам қоласиз.

Лекин шуниси ҳам борки, биз бутун борлиқни бу икки кишига боғлаб ўтирмаслигимиз керак. Ўзимиз бирлашишимиз жуда зарур. Аммо буни ҳам сизлар қилишингиз керак бўлаяпти. Мухолафатнинг, бугунги режимга қарши барча турдаги кучларнинг бир вектор бўйлаб ҳаракат килиши нихоятда зарурдир. Аммо бирлашиш фақат ва фақат у иккисисиз бўлиши шарт. Бугуннинг энг муҳим вазифаси шудир. Кимки у иккисига эргашса, жуда қаттиқ адашган бўлади. Кейинги вақтларда мени бир қўрқув босади. Бордию, бизга ҳам “рангли инқилоб” (бундай бўлишига ишона олмайман) келиб қолса, менинг икки ”раис”им, кўчага чиққан оммани ҳам бўладиларми, деган хаёл ҳақиқатан ҳам мени қўрқувга солади. Масалан, ”Деҳқонлар” энди тузилган замон жуда фаол бирлашиш тарафдори бўлиб чиқдилар. Ҳозир бир улардан сўраб кўринг, бирлашиш ҳақида қандай фикрда эканлар? Билсасиз, менинг “раис”им ва  “Деҳқонлар”нинг раиси ҳам, кўшни бўлишиб Вашингтонда яшашадилар. Нега, М. Маликов бошда бирлашиш тарафдори эди, энди эса йўқ? Мен эса, негалигини биламан, дўстим. Менга ишонинг, негалигини мен аниқ манбадан биламан. Сабаби шу хатнинг юқоридаги сатрларида ҳам айтилди. Нима ҳам дейин, ”сўзласам тилим куяди, сўзламасм кўнглум-калбим-дилим”, деган экан бир мен  сингари куйган бандаси.

Мактубингиздаги иккинчи нуқта. Бу янги йил масаласидир. Дўстим, янги йил ҳақида биз домла Шировнинг юбилейидан анча олдин сўзлашгандик. Мен ҳозир эсладим, бу янги йил гапи ҳам телеффонда бўлган экан. У ҳам 31 дукабр ва биринчи январ воқеаси билан ўртага чиққанди. У замон сизга, мен 1-чи январни байрам қилмайман, дедим, сиз менга 21-март наврўзни киласизми, дедингиз. Мен эса, йўқ уни ҳам эмас, дегандим. Ўртамизда шундай бир қисқа диалог бўлганди. У хотирадан кўтарилиши мумкин эди, албатта. Масала, у диалогни эслашда эмас, гап янги йилнинг ўзи ҳақида. Тўғри айтасиз, ҳар бир ўзини маданиятли ҳисоблаган миллатда йил ҳисоби бўлиши зарур. Аммо биз узоқ йиллар истило асоратида қолиб, ундай қадриятларимиздан ажраб колдик. 21-  мартни ёки 1-январни, бизнинг янги йилимиз эмас, деганимда мен ўзимизнинг қадриятимизни топишни эслатишни истадим. Ўтган ўн йилдан кўпроқ мустақиллик даври бу нарсаларни очишга етарли эди. Афсуски, биздаги қул сифат “раҳбарларни”, бундай қадриятлар қизиқтирмади. Ҳақиқатан, 21-март ҳам, 1-январ ҳам, бизнинг маданиятимиз белгиси ёки миллатлараро, эллатлараро маданий алмашиш, аралашиш белгилари ҳам бўлмай, истилочилик оқибатидир, унинг сарқитидир, дўстим. Мустақил ва озод эл истило асоратларидан мутлақо батамом тозалиниши ҳам шарт. Масалан, 1-январ халқаро муносабатлар йил ҳисоби шаклида сақланиши мумкин. Бироқ биз учун у янги йил нишони, янги йил байрами бўлолмаслиги керак. Шунингдек, қайсидир бир миллатнинг жоҳил бир кишиси одатга айлантирган 21-март ҳам миллий белги ёки ўзаро миллий маданий алмашиш, аралашиш эмас.

Исломга келсак, Ислом динида жуда яхши, жуда гўзал йил ҳисоби бор. Мусулмонлар ҳисоби бўйича йилнинг кириши ва тугаши бор, албатта. Бошқа ҳолда ҳижрий йил ҳисоби қаердан келган бўларди. Бироқ, кўпгина нарсалар, туғилиш куни ва ҳ.к. каби, исломда янги йилнинг киришини нишонлаш, уни байрамга айлантириш ҳам йўқ.

Сиз ўз хатингизнинг мазмунини эслайсизми ёки унинг нусхаси сизда сақланганми? Акс ҳолда, билмадим, сиз менинг хатимни тушуна оласизми? Ёки домла нега уйқусираяпти, дейсизми?

Омон бўлинг, барча дўстларга ва уй ичингизга мендан салом ва дуолар бўлсин. Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан Алибой.”

11.16  Холикназардан келган жавоб мактуб (26 апрел 2005 сешанба куни).

У тубандаги каби эди:

“Ассалому алайкум Алибой ака!,

Менинг савол ва андишаларимга батафсил, асосли жавоб қайтарганингиз учун сизга катта раҳмат. Қизиқиш билан уни қайта-қайта ўкиб чиқдим. Шу хатингизга сабаб бўлган ўзимнинг хатимни ҳам, айтганингиздек, қайта ўқиб чиқдим. У компютеримда сақланиб турибди. Сизнинг хатингизнинг мазмунини (ўзини принтердан чиқариб олиб боришни унитибман) бугун учрашганимизда Абдумалик ва Исрофилга ҳам айтиб бердим. Улар  билан фикрлашиб, Сизнинг айтганларингиз ва шу кунларда «Озод деҳқон» ташаббуси билан мухолифат намоёндаларининг «Серкуёш Ўзбекистоним» номи остида янги бир коалициясини тузишга уриниши муносабати билан Н.Ҳидоятованинг «Озодлик» радиосига берган интервюсидаги гаплари асосида бизларда туғилган фикрларни Сизга ёзиб юбоишга келишдик.

Н.Ҳидоятова мухбирнинг: «Сиз демократик мухолифат коалицияси деб атаётган уюшмада негадир «Бирлик» ва «Эрк» лидерларининг номлари кўзга ташланмаяпти» деган саволига савол билан: «Сиз қандай уйлайсиз, «Бирлик» ва «Эрк» лидерларининг ўзаро жанжалларининг тугашини яна 10 йил кутиб ўтиришимиз керакми? Бундай қилишга ҳақимиз йўқ, фурсат ғанимат» деган мазмунда жавоб берди.

Бизлар «раис»лардан қутилишнинг табиий-демократик имконияти мавжуд деган хулосага келдик. БХҲП уставига кўра, шу йилнинг августида партия бошқарув органлари ва раҳбарларининг ваколат муддати тугайди. Шунгача бизлар партиянинг туман ташкилотларини тузиб уларнинг барчасида ўзимизга содиқ одамларнинг бўлишига эришишимиз керак. Бунда Сизнинг ҳам ёрдамингиз тегиши мумкин деб ҳисоблаймиз. Қандай қилиб? Ҳозирги кунда меҳнатга яроқли ўзбекнинг қарийб 90%-и тирикчилик илинжида дунёнинг ҳамма буржида тентираб юрибди. Шундайлар Сиз юрган ерларда ҳам бўлса керак. Улар билан алоқа ўрнатиб, партиянинг муҳожиротдаги ташкилотини тузишни Сизга таклиф қилиш фикрига келдик.

Агар биз партия қурултойига мустаҳкам вилоят ташкилоти вакиллари сифатида борсак, у ерда гапимиз ўтиши, ўзимиз хоҳлаган натижаларга эришиш имконияти бўлиши мумкин. Боз устига, бизнингча, бошқа регионларда ҳам Сизу бизнинг бу фикримизга қўшилувчилар йўқ бўлмаса керак.”

11.17 Жавоб хатлардан яна бири (28.04.05,  пайшанба).

Мен қоралаган жавоб эса мана бундай бўлганди:

“Ассалому алайкум Холиқназар дўстим! Сиздан навбатдаги мактубни олиб, уни ўкиб кўп мамнун бўлдим. Абдумалик ва Исрофиллар билан учрашганингиз ҳам кўп яхши. Умумий фикрларингиз эса, ҳаммасидан ҳам гўзал. У иккисига мендан алоҳида салом ва дуолар айтиб қўйинг. Ишларингизга Оллоҳу таоло омад берсин. Биздан сўрангиз, шукр, соғмиз, омонмиз, иш қилиб юрибмиз. Оллоҳ соғлик ва саломатлик берсин.

Ҳа, дўстим қурултойга жуда жиддий тайёрланиш лозим. Ҳидятова айтгани каби энди вақтимиз батамом охирига келган. Ҳатто кечикдик,  кечигаяпмиз, десам мен ҳақ бўламан. Менинг баҳоли қудрат ёрдамимга келсак, мен сизлар билан доим ёнма-ёнман. Чет элдаги ташкилот масаласида ҳам қўлимдан нима келса, уни иккиланмасдан қиламан. Аммо чет элда бирор ташкилот тузиш масаласи сизлар ўйлаётдай қулай эмас. Чунки чет элларга чиққанларнинг жуда кўпчилиги сиёсийлашмаган ва уларнинг ҳеч бири иссиқ жойини совитишни истамайдилар. Сиёсийлашган қисми эса, афсуски, улар ҳам “раислар” касаллиги билан хасталанганлардир. Бироқ мен билан алоқада бўлган, ғарб мутахассисликларини эгаллаган бир қисм ёшлар ҳам бор. Аммо улар бир мунча бошқачароқ ғоядаги кишилар. Кўрамиз, иншооолоҳ бир нарсалар қилиш мумкин бўлар. Менинг атрофимда нималар бўлаётганидан сизларни хабардор қилиб тураман.

Шуни ҳам айтайки, бизнинг мамлакатимизга, яъни Норвегияга ҳам анчагина Ўзбекистонликлар келгани ҳақида хабар тарқаганди. Аммо Норвегия уларнинг ҳеч бирини қабул қилмади. Ҳар ҳолда улар, нима учун мамлакатларини ташлаб чиққанликларини исбот қила олмадилар. Чунки фақат нон излаб чиққан кишиларни бу мамлакат қабул қилмайди. Сиёсий ва ижтимоий ҳақ-ҳуқуқлари паймол бўлганлар қабул бўлади.  Биз, “эски” сиёсий муҳожирлар: камина бир оилали ўғли балан, Солиҳ оилали укаси билан, Намоз Нормўмин (сиёсатдан бутунлай четлашган) иккита боласи билан, Зафаржон Исаков(касалманд бўлиб қолди, бечора) оиласи билан, Абдулла Абдураззаков (бу кишини мен яхши танимайман, ўзини “Эрк”чи ҳисоблайди) исмли яна бир киши Норвегияда қолмоқдамиз. Кўраяпсизки, Норвегияда сиз ва биз ўйлаётган бирор киши йўқ. Мен таниганлар ҳам кўпроқ АҚШ ва Канадададирлар. Овропада ҳам у ер, бу ердан баъзан телефон қилиб қолишади (билмадим қандай топишади менинг телефон номерларимни?). Бироқ кейин йўқ бўлиб қолишади. Ҳар ҳолда кўпинча улар исковучлар бўлади. Уларга менинг қаердалигим керак бўлади. Чунки Ўзбекистондан шундай кўрсатма келади, шекилли, Валлоҳу аълам.

Ҳа, шундай-да энди дўстим. Омон бўлинг. Сизга, уй ичингиз ва дўстларга салом ва дуоларим билан Алибой.”

11.18.  Холиқназарга ёзилган яна бир жавоб (03.05.05 сешанба куни):

“Ассалому алайкум Холиқназар дўстим! Қандайсиз, яхшигина юрибсизми, уй ичи ва дўстлар бардаммилар? Оллоҳга минг шукр, биз ҳам юрибмиз, болалар ҳам кими ўқиб, кими ишлаб юрибдилар. Ҳаммаларидан, ҳаммамиздан барчангиизга қизғин саломлар бўлсин.

Дўстим, А.Носиров судланаяпти, деб ёзган хатингизга жавобимда, “ … Сизнинг бу хатингиз менда анчагина хулосалар қилишга асос бўладиган бўлди”, дейилган жумла бор эди. Хулосаларимни ҳали ҳам ёзолмайман, албатта. Бироқ у замондан буён менинг тинчлигим бузилди. Менинг тасаввуримга кўра, мамлакатда ҳеч бир жойидан тутиб бўлмас силлиқ вазият майдонга келганга ўхшайди. Биласизми, дўстим, сизу-биз учун бугун инқилоб ҳам, сарай тўнтариши ҳам фойдасиз.

Холикназар, сиз ва бошқа бизнинг дўстларнинг қишлоқ ва шаҳардаги оддий кишилар билан алоқаларингиз қандай даражада. Сиз биласизми, йўқми, ўз замонида мен ҳаракатимиз аъзоларидан ташқари Иштихон, Пайариқ, Пастдарғом, Катта-Қўрғон, Норпай, Ургут каби районларда, шаҳарнинг ичида ҳам анчагина боорўйли кишилар билан яқиндан таниш эдим. Ўзбекистоннинг турли жойларида сўзи ўтадиган эшон-хўжалардан ишончли одамларим бор эди. Амалдору-мансабдорлар ичида ҳам гуруҳимиз бор эди. Уларнинг фақат ва фақат бир қисмини Барот биларди. Афсус, бугун уларнинг деярли ҳаммаси билан алоқалар узилган. Бунда сабаблар ҳам турли хил. Биринчидан, у алоқалар қандайдир ишонч ва умидларга суянарди, албатта. Мен Ватандан кетганимдан кейин, биласиз, на умид, на ишонч (ҳеч бўлмаганда улар учун) қолди?! Аммо сизларда шунга ўхшаш алоқалар бўлиши керак, ҳатто зарур, дўстим. Чунки нозик онда улар жуда асқатиши мумкин. Ундай алоқалар бўлмаса, уларни тиклаш керак. Бу соҳада ҳам ишлашингиз, жойларда йигитлар ишлашлари зарур.У одамлар, мен атаётган таниш – билишлар жуда фаол бўлмасликлари мумкин, аммо улар ҳар кимга эмас, фақат сизларга, бизга  ишонадиган бўлишлари лозим.

Ҳа, дўстим, ҳозирча шулар. Юқорида келтирилган сўзу, фикрларни Оллоҳу таоло билади, мен уларни ёзган ва сиз уларни ўкиган киши сифатида (емаилнинг очилиши эҳтимоли йўқ, деб билсак) биламиз.

Омон бўлинг, сизга хурмат ва дуолар билан Алибой.”

11.19 Холиқназар Ғаниевдан олинган навбатдаги хат (06 июл 2005 ):

Ассалому алайкум, Алибой ака! Соғ-саломат бормисиз?

Демократик Ўзбекитон Конгресси ҳақидаги маълумотлар учун раҳмат. Илоҳим бизнинг демократ мухолифатчиларни ўз ҳидоятига олгани рост бўлсин!

Алибой ака, мен сизга ажабтовур илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Гап шундаки, Каттақургонлик мухлисингиз ва шогирдингиз Абдураҳим анча вақтдан бери кўринмай юриб яна пайдо бўлиб қолди ва мендан Сизнинг унга унинг машҳур мақолалари ҳақида ёзган хатларингизни суриштириб қолди. Мен эса электрон адресимни ўзгартирганда кўп материлларим эҳтиётсизлик натижасида ўчириб юбориланлигини Сизга аввал айтган эдим. Ўшанда  афсуски, Абдурахим сўраётган Сизнинг хатларингиз ҳам йўқотилган. Шунинг учун Сиздан илтимос, агар ўша хатларингиз компютерингизда турган бўлса, менга жўнатишга эринмаслигингизни сўрар эдим. Холикназар.

11.20 Холиқназар Ғаниевдан 19 июл 2005 – да келган хат:

“Ассалому алайкум, Алибой ака! Соғ-саломатмисиз, ҳозирги кунларда қаерлардасиз, нима ишлар билан бандсиз? Аҳволингиз нечук? ДЎКда нима гаплар? Ж.Маматов сайтини ўкиб турибман, лекин сизнинг нуктаи назарингиз ҳам қизиқ-да. Нохуш бўлсада, Сизни қизиқтирадиган хабар бу шу кунларда Нусрат Темировнинг вафот этганлигидир. Яқинда Қаттакурғонлик мухлисингиз А.Маманов уйга келди, ҳангома қилдик. Табиий, Сизни, Сизнинг у ёзган мақолалар ҳақидаги фикрларингизни эсладик. У шунда 11-синфлар учун мўлжалланган тарих дарслигида «Бирлик» ва «Эрк» ҳақидаги ёзилган гапларга ўз муносабатини   билдириб ёзган яна бир катта мақоласини ташлаб кетди менга. Насиб   қилса, компютерга киритганимдан кейин унинг нусхасини Сизга ҳам жўнатаман. Бу мақолани у А.Пўлатовнинг таклифига кўра ёзди. Холикназар.”

11.21 Бу хатга 20.07.05 – да ёзилган менинг жавобим.

Юқоридаги хатга менинг жавобим эса, қуйидагича тузилган эди:

“Ассалому алайкум Холиқназар дўстим! Қимматли хатларингиз учун кўпдан – кўп миннатдорчиликлар билдираман. Уларга ўз вақтида жавоблар ёза олмаганим учун узр сўрайман. Биласиз, тирик кишининг қимирлаб туришига, нималар биландир банд бўлишига ҳар доим қандайдир сабаблар топилиб туради. Ана шулар сабаб, мен ҳам ҳамма ишларимни ўз вақтида, зарур бўлгани каби бажара олмайман. Сизни кутириб қўйишимда ҳам шунақа сабаблар бор. Қандайсиз, дўстлар ва кўнгул етарлар қандайлар? Барчангизга қизғин саломлар ва қалбдан дуоларим бор. Ҳаммангиз омон бўлинглар, соғ ва саламотликлар бўлсин. Нусрат Темировни Оллоҳу таоло раҳматига олсин.

Биздан сўрангиз, Оллоҳу таолога минг шукр, айтганим сингари, тирикчилик оворагачиликлари билан юрибмиз. Ҳаммамиздан сизларга саломлар ва яхши ниятлар бор.

Энди ДЎК ҳақида сўрангиз, илгари ёзганим каби мен унинг ташаббусчиларидан бириман ва баҳоли кудрат емаил орқали унинг фаолиятида қатнашишга уриниб турибман. Тўғрсини айтганда, кейинги вақтларда бироз сукут сақлашни лозим кўрмоқдаман. Чунки таркибимиз жуда аралаш бўлиб кетди. Охири бахайр бўлсин. Сиз жуда яхши биласиз, яхши паловхонтўра ясаш учун бир неча тур масалиқлар керак. Унинг таами жойида бўлиши учун уларнинг  ҳеч биридан (ҳатто гўшти-ёғи ҳам) ортиқча бўлмаслиги керак. ДЎК тузишдан мақсад яхши ош- тайёрлаш ва у билан халқни тўйдириш эди. Бироқ масалиқлардан бирортаси, балки бир нечаси керагидан ортиқча бўлаяптими, деган шубҳадаман. Илоҳа шубҳаларим янглиш бўлсин. Ҳозирча шу гаплар дўстим. Сўзларим мавҳум ва жумбоқ бўлмагандир, деб умид қиламан.

Мамановга ёзган хатларим ҳақида сўрагандингиз. Мен ҳам ҳозирча уларни топа олмаяпман. Аммо менда улар учиб кетмаган, қаердадир турибди. Бироқ компютеримдаги фаилларда йўқ. Дескетларда бўлиши керак. Уларни излашга ҳали вақт ажрата олмадим. Уларни топган вақт дарҳол сизга жўнатишга ҳаракат қиламан. Абдурахимнинг янги мақоласини кутаман.

Дўстим, омон бўлинг, чарчаманг. Оллоҳу таоло сизга куч-кувват ато қилсин ва бизга Ватанда учрашув насиб айласин, омин. Сизнинг Алибой.”

11.22 Холиқназарга ёзилган хат (08.09.05- дан кейин).

Ассалому алайкум азиз ва қадрли дўстим! Сиздан янги хабар олганимдан беҳад хурсандман. Шартли тинчлик билан бўлса-да, уйингизда ўтирганингиздан хабар топганимдан ҳам шодлигимнинг чегараси йўқ. Холиқназар, ҳа, тўғри айтасиз, мард киши ”а” , деганидан кейин “я”сини ҳам айтиши керак. Бироқ Ўзбекистон шароитида ”аммо”лар ҳам жуда ўринли ҳисобланади.

Дўстим, мени маъзур тутасиз, баъзи сабаблар билан сизга лозим кўрилган кейинги мукофотдан кечроқ хабар топдим. Шу сабаб 08.09.05-да саҳифада сиз ҳақда хабар босдим, холос. Эътибор бераётган бўлсангиз, мукофот сўзини қўштироқсиз ёзаяпман. Чунки, иншооллоҳ сизга берилган у азоблар мукофот бўлиб қайтажакдир. Мен бунга ишонгим келади.

Амакиларнинг боболар қўйган исмларидан воз кечишларига келсак, сиз биринчи эмас сиз ва охиргиси ҳам бўлмассизми, деб ўйлайман. Менинг қариндошларимда ҳам бу ҳол бўлиб ўтган, дўстим. Шу муносабат билан ҳали Бирлик каби ҳаракатлар ҳақида ўйлаш ҳам мумкин бўлмаган бир замонда тасодифан содир бўлган бир суҳбат ёдимга тушди. Ўша замонлар поездда Тошкентдан Саманқандга келаётганимда менга  бир киши ҳамроҳ бўлди. Ҳозирлар унинг ясама исми хотирамдан кўтарилди. Бироқ унинг асл фамилиясини эса, ҳозир жуда яхши эслайман. Чунки уни унутиш мумкин эмасди. Ўша менинг йўлдошим асли исми-шарифи Икрамов бўлган экан (ҳукумат тарафидан “жиноятчи” ҳисобланган Акмал Икрамовга ҳеч қандай яқинлиги ва алоқаси бўлмаган бир киши).  Акмал Икрамов ”халқ  душмани”га айлангандан кейин сиз ва менинг амакиларимиз ва қариндошларимиз каби янги исмга ўтишган эканлар. У йўлдош, ўз исми ҳақидаги ҳикоясини менга ўтмишидан хурсандлигидан сўзламаган эди. Акс ҳолда мен унинг эски исми борлигини билмасдим, ахир. Ўша замон йўлдошимнинг тарихига бироз ачинган бўлсам-да, у ҳикояни бугунгидай ачиниб тингламагандим. Ундай машъум ҳоллар, воқеалар ўз бошимга ҳам тушиши ҳақида хаёл ҳам қила олмагандим, албатта. Ҳа дўстим, ҳаммаси ачинарли, сизу-бизнинг қориндошларимизнинг ҳаракатлари ҳам, тарихимиздаги мен хотирлаган ҳикоя ҳам ўта ачинарли. Баъзан дўстим, бизнинг халққа шунақа бешона шўрлик буюрилганмикан, деб қоламан.

Дўстим, яна аммоларга келамиз. Булар шундан иборатки, бизнинг халқ, бизнинг миллат ҳам бир кун келиб бугунги ачинарли ҳоллар такрорланмайдиган асослар ўрнатиши керакдир. Бунинг учун эса, ишлашимиз, жуда кўп ишлашимиз зарур. Яъни сиз ва сизга ўхшаш заҳматкаш кишиларнинг ишлари зарур. Афсус сизлар озсиз. На илож, боримиз шудир. Зулмни ва уни келтириб чиқарадиган муҳитни, зулм уруғи ўсиб чиқиши мумкин бўлган тупроқни батамом тугатишимиз зарур. Тарих ва сизу-бизнинг қисқа сиёсий ҳаётимиз кўрсатаяптики, бу ниҳоятда мураккаб иш. Бу иш қурбонсиз бўлмас экан ва ҳеч вақт бундай ишлар қурбонсиз бўлмайди. Бироқ қурбон беришни ҳам билиш керак, яъни нимани ва қандай йўллар билан қурбонга рози бўлиш лозим? 13-май Андижон воқеалари каби қурбон беришми? Йўқ, асло ундай эмас. Андижон воқеасиними, менимча, уни душман хийласига учиш, деб аташ керак. Ҳатто у воқеалар, душманнинг халқни ваҳимага солиш учун ўйлаб топган муғамбирлигидир. Тўғриси, ҳақиқати ҳам шундай бўлса керак. Дўстим, мени маъзур тутинг, мен ўз фалсафаларим билан сизнинг кўнглингизга ғуғулалар солиб қўймадимми, деб хавотирланмоқдаман.

Энди биздан сўрасангиз, Оллоҳу таолога ҳамдлар бўлсинки, биз сиздан кўра анча  тинчмиз. Болалар ҳам шукр тинчлар. Ишлашиб туришибдилар. Ҳаммаларидан барчаларингизга кўпдан кўп салом ва дуоларимиз бор. Дўстларнинг барчасига менинг салом ва дуоларимни алоҳида етказарсиз, деган умиддаман.

Сиёсий ҳаракатларимиз ҳақида сўрасангиз, ўша Демократик Конгресс(ДК) доирасида баҳоли қудрат ишлашга уриниб турибман. Чет элдаги дўстларнинг чиндан ҳам Ватан қайғуси бор бўлганлари ДК-га қатнашиб туришибдилар. Аммо Солиҳ ва Абдураҳим тилда умумга қўшилганликларини айтсалар ҳам, аслида яна ўша номардликларида давом қилишга уринаяптилпар. Яъни янги ташкилотни ҳам ўз қўлларига олиш ҳақида туш кўришмоқдалар. Иш қилиб, Оллоҳ ўзи ишларимизга барака ва ютуқ ато қилган бўлсин.

Ҳа, дўстим, ҳозирча шулар. Омон бўлинг, соғ бўлинг. Оллоҳу таоло бизга яхши кунларда учрашув насиб қилсин. Омин. Сизга ҳурмат ва эҳтиромлар билан Алибой.

11.23 Холиқназар билан 2007 йил май ойида бўлган ёзишмалар.

11.23.1 Холиқназарга 06.05.07 якшанба куни ёзилган хат.

Ассалому алайкум Холиқназар дўстим! Хатингизга кечигиб жавоб ёзаётганим учун узр. Сабабларини сўраб ўтирманг. Хаёлу-ўйларимга сўнг беролмай шунча кунлар ўтказиб қўйибман.

Қандайсиз, ўзингиз, уй ичи, болалар, дўсту ҳамфикрлар барчалари бардаммилар? Ҳамма-ларингизга кўпдан-кўп саломлар ва дуолар бўлсин.

Биздан сўрангиз, шукр мен ҳам қимирлаб турибман, болалар ҳам ишлашиб турибдилар. Ҳа дўстим, баъзан Ватандан узоқлик ҳам сезилиб қолади. Аммо илож қанча Ватанга қайтиш вақтидан ҳеч бир қора кўринмайди. Нима ҳам деймиз, Оллоҳнинг бизга ҳам атаган бир насибаси бордир дея кутмоқдамиз. Оллоҳу таоло ўзи бирор йўл кўрсатсинда  …

Холиқназар дўстим, сиз вафотлари ҳақида хабар қилган дўстларнинг барчасини Оллоҳу таоло раҳмат қилсин, уларнинг жойларини жаннатдан буюрсин, амин. С. Каримов ким эди (Суюн Каримовми)? Мен у кишини хотирлай олмадим.

Энди яна сиёсатга бироз яқинлашсак, нималар ҳақида гапирса бўлади? Тўғрисини айтсам, ҳамма тарафдан ҳафсалам пир бўлиб, қўл силташга яқин бир вазиятда турибман. Анчадан буён яна нималар ҳақида сизга ёзсам экан деб ўйланиб юргандим.

Биласиз, сўнгги йилларда ДЎК исмли бир ташкилотнинг дунёга келишига сабабчи бўлгандик. Афсус, бундан ҳам ҳеч нарса чиқмади ва чиқмайди.

Холиқназар дўстим, биласизки,томирларда қон айланиб туриб, юрак ишлаб турса, хаёл, фикрлаш ҳам тўхтамайди. Мен ва сизга ўхшашлар эса, истагимиздан ташқари Ватандаги сиёсий ҳаётдан ўзимизни четда тута олмаймиз. Шунинг учун такрор шу масала ҳақида яна бир-икки фикрларни сиз билан шериклашмоқчиман.

Мен сизга ёзган хатларимдан сақланиб қолганларини ҳозир бир жойга тўплаётгандим, сизнинг бир хатингизга ва ўзимнинг унга жавобимга дуч келиб қолдим. У ерда сиз, “… Қиргиз инқилобининг бизга қандайдир таъсири бор, албатта. Масалан, сиёсатдан жуда узоқда бўлган оддий одамларнинг ҳам маърака-йиғинларда «қилса бўлар эканку» деганларини эшитиш мумкин. Лекин фақат гап, қолгани ҳамишагидек.

Мухолифат бироз жонлангандек бўлди-ю, яна жимиб қолди. Ҳукуматнинг ичида қандайдир жараёнлар кетаётгандай, худди чўкаётган кемадаги кайфиятни эслатувчи воқеалар бўлаётганга ўхшаяпти. «Озодлик» радиоси тарқатган маълумотларга қараганда, собиқ  Адлия вазири А.Полвонзода чет элга қочган, Азиз Носиров ва бошқалар устидан суд бошланган,” деб ёзасиз. Мен сизга қайтарган жавобимда эса, “Ватандаги кайфият ҳақида ёзганларингизни мен тасаввур қила оламан, албатта. Бизда кайфият Сиз ёзгандан бошкачароқ бўлиши мумкин эмас, шекилли. Бизда инқилобий кайфият 1989-1992 йилларда бўлганди. 1991 йилги сайловларда қўйилган президентликка номзодлар ҳақиқатан сайланмагандилар. У замонлар бизнинг “буюк лидерларимиз”  асрларда бир келадиган кайфиятни қўлдан бой бергандилар. Менимча, энди  бизда инқилоб бўлмайди. Ҳокимият алмашиниши эса,  бизда бутунлай бошқа шаклда бўлади. Ҳа, иш қилиб, Оллоҳ ўзи тўғри йўлга бошқарсин. Азиз Носировнинг суд бўлаётгани мен учун бир мунча кутилмаган ҳолдир. Демак, ҳукумат ичидаги жараёнлар ҳақидаги фикрингизда жон бор кўринади. Сизнинг бу хатингиз менда анчагина хулосалар килишга асос бўладиган бўлди. Полвонзода ва Жўрабековларнинг Ўзбекистондан қочганлари бугун сир эмас. Ҳамма шунақа дейишади… Аммо менда бироз шубҳа бор. Агар ҳақиқатан Каримов ва Жўрабеков орасидан қора мушук ўтган бўлса, уларнинг биринчиси иккинчисининг мамлакатдан чиқиб кетишига йўл бериши мумкин эмас. Полвонзода ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Чунки Жўрабеков ва Полвонзода каби Ўзбекистоннинг ички сирларидан хабардор кишиларни Каримов каби диктатор ўз қўлидан чиқариб юбормайди. Борди-ю бу икки шахс ҳақиқатдан йўқолиб қолган бўлсалар, билмадим улар билан нималар бўлгандир … Оллоҳ мени ислоҳ этсин …” сўзларни ёзган эканман. Ўша хатлар сиз тарафдан 16.04.05 да юборилган бўлиб, мен унга 17.04.05-даёқ жавоб ёзган эканман.

Қаранг дўстим, бу гаплар машъум 13.05.05 фожиасидан атиги бир ой аввал айтилган экан. Менимча, “… энди  бизда инқилоб бўлмайди” тарихий гап бўлиб қоладиган кўринади. Чунки 13.05.05 чиқишлари халқ кўтарилиши эмас эди. У машъум фожиа махсус тайёрланганди. Уни қўяверинг, уларга, у “и”лар устига бир кун келиб тарих ўз нуқтасини қўяди.

Мен ҳозир сизга айтадиган маслаҳат эса, яна инқилоб ҳақида эмас, тинчлик ҳақида бўлади ва балки мен ҳозир ўртага қўймоқчи бўлаётган масалалар оқибатида бирор ижобий мақсад амалга ошармикан деган умидлар ҳақида бўлади.

Биринчи фикр, муроса, яъни бугун ўзбекистонда мавжуд бўлган ҳокимият билан муроса йўлини топиш ва уни ишга солишдир. Буни қандай амалга оширса бўлади? Шартлар қанақа бўлмоғи керак? Ва ҳ.к.

 Иккинчи фикр, буниси бир мунча шахсийроқ.  Мен Ўзбекистондан чиқмасимдан олдин бир киши мени ҳозирги Ўзбекистон ички ишлари вазири билан таништирмоқчи бўлганди. Аммо Тошкентликлар бу ишга ҳалақит қилишганларидан кейин мен Ватандан чиқиб кетиш ҳақида сўнгги қарорга келгандим. Ўша гапларни тиклаб бўлмасмикин? Аслида бундай алоқа тикланган вариантда биринчи фикрни амалга ошириш енгиллашади ва у муроса самарали бўлиши мумкин бўлармиди деб ўйлайман.

Шу сабаблар билан мен сизга бир кишининг исмини айтсам, сиз у одам билан учрашиб кўрсангиз. Бироқ мен у одамга илгари ҳам бир кишидан салом юборгандим. Алик учун ўзи менга телефон қилишни ваъда берганди. Аммо телефон бўлмади. Сабаб телефон ҳадларида ҳам бўлиши мумкин.

Мен айтаётган одам Даҳбетда туради. У кишини Даҳбетда барча танийди. Ҳозирча унинг исмини ёзмайман. Қани сиз аввал мен ёзганлар устида бироз мулоҳаза юритинг ва менга ўз фикрларнигизни билдирган жавоб қайтаринг. Ундан кейин сизга қолган маълумотларни юбораман.

Мен сизга жавоб ёзишни кечиктириб қўйган бўлсам-да, сиздан тезроқ жавоб оларман деб умид қиламан.

Хабарингиз бордир, муроса йўлини Пўлот Охунов ҳам олға сурмоқда. Аммо унинг варианти ва позитсияси бутунлай бошқа кўринишда. Бу ҳақда ҳам бошқа сафар ёзаман. Менимча, П. Охуновнинг муроса таклифидан ҳеч нарса чиқмайди. Чунки ҳукумат тараф уни қабул қилмайдиган кўринади. Яна ҳам Яратганнинг ўзи билади.

Холиқназар дўстим, зериктириб қўймадимми? Ташвишли бир ишга сизни жалб қилмаяпман-ми? Ҳаммаси учун узр, мени бағишланг. Сизга ҳурмат ва дуолар билан Алибой. 06.05.07 якшанба.

11.23.2 Холиқназарга 10.05.07 пайшанба куни ёзилган хат.

Холиқназар дўстим қандайсиз, яхшигина юрибсизми, болаларингиз, яқин уруғу қариндош-ларингиз, кўнгул етар дўстларнинг барчаси бардаммилар? Уларнинг барчаларига биздан салом ва дуолар бўлсин.

Сиздан хат олиб, сизнинг сиҳат-саломалигингиздан хабарлор бўлганимдан беҳад хурсандман.

Бизлар ҳам шукр юрибмиз.

Энди Холиқназар дўстим, ўзингиз айтганингиздек, «ётиб қолгунча отиб қол» қилиб кўрайлик демоқчиман. Менинг Даҳбетлик танишимнинг исми-шарифи Музраб Файзиевдир. Ўша замонларда «Даҳбет» совхозининг директори вазифасида ишларди. Билмадим, ҳозир ҳам ишлаяптими ёки нафақадами? Бироқ унинг ёши ҳали 60-га бормагандир деб ўйлайман. Файзиевлар кўпчилик. Уларнинг бошқа қариндошлари ҳам Даҳбетда яшашадилар. Уларнинг барчаси Даҳбетлик эшонлардан бўлиб, у ерда уларни ҳамма танишади. Музрабхоннинг бир акаси Самарқанд драм театрида ишларди. Унинг исми Насруллохон. Насруллохон нафақада бўлиши керак. Насруллохон ҳам мени жуда яхши танийди. Агар Оллоҳ ёш бериб, Насруллохон билан учрашсангиз, у кишининг саломатлиги жойида бўлса, бир мароқ қилиб суҳбат тинглайсиз.  Насруллохон деган эшонбобо, жуда суҳбати мароқли бир кишидир. Музрабхон эса, совет одами. Мен ватанда замонларда Музрабхон яхшигина олардилар. Ҳозирлар нима бўлган Оллоҳ билади. Музрабхоннинг бир укаси юрист, Самарқанд шаҳар прокуратурасида ишларди. Кейин вилоятда ҳам ишлаган бўлса керак. Унинг исми Искандархон. Бу киши ҳам мени яхши билади.

Холиқназар дўстим, сиз исмлари тилга олинганлардан Музрабхон билан учрашсангиз, салом-аликдан кейин ўзингизни таништириб, мен билан ёзишиб туришингизни айтасиз ва менинг уларга салом йўллаганимдан бошлайсиз. Телефонимни берасиз ва мен Музрабхон билан сўзлашсам жуда маъқул бўлишини тушунтирасиз.

Суҳбатнинг йўналишига қараб ўзингиз нималарни гапиришни аниқлашингиз қийин бўлмас, деб ўйлайман. Ким билсин, балки ҳамма гаплар ўртага чиқар. Акс ҳолда масала сиёсатга боғли эмас, бироқ сиз бир телефонга чиқишингиз лозим экан, бу қарз гап дейсиз. Ўзингизнинг мен билан телефонда гаплашаётганингизни ҳам унга уқдириб қўясиз.

Баъзи кўзда тутилмаган сабаблар чиқиб, қолганлари билан учрашсангиз ҳам сўзлашув мазмуни тахминан бир хил бўлади, шекилли.

Холиқназар дўстим, улар билан менинг сўнгги учрашувимдан бугунгача 14 йил вақт ўтиб кетди. Бу замон, бир киши умри учун жуда сезиларли вақтдир. Бу муддат кишиларнинг ўзгариб қолишлари учун етарлидир. Бирилари қариб қолишган бўлсалар, баъзилари ҳақиқий ҳаётга кетдилар, бошқалари эса, дунёга тамоман бошқача қарайдиган бўлиб қолишдилар. Мен айтган кишилар билан учрашиш насиб қилса, бу ҳолларни ҳам кўзда тутишингиз лозим бўлади.

Ҳа, дўстим, Оллоҳнинг ёрдамига суяниб у зотларни бир излаб кўрингчи! Даҳбетга биринчи борганингизда ҳеч кимни топа олмаслигингиз ҳам мумкин. У ерда яна бир эшон бобо бор, уни излаб кўринг. Унинг исми Муҳаммадхон Саъдуллаев. Бир вақтлар Муҳаммадхон Даҳбетдаги катта масжиднинг имоми бўлибди деган хабар менгача етиб келганди. Аммо ҳақиқатини Оллоҳ билади. Бу киши жуда яхши одам. Бироқ сиёсат одами эмас. Мен у кишини, у киши ҳам мени жуда ҳурмат қиламиз. Муҳаммадхон ва Музрабхон амаки ваччалардир. Аммо бир- бирларининг иттифоқлари яхши эмас. Бу ҳолни ҳисобга олинг. Уларнинг бирига айтган гапни иккинчисига яхшиси гапирмаслик керак.

Ҳозирча шу гаплар дўстим. Омон бўлинг. Ишларингизга, ишларимизга Оллоҳу таоло ёрдамчи бўлсин. Оллоҳ бизга учрашув ва бирга ишлаш насиб этган бўлисин, амин. Сизга ҳурмат ва дуолар билан Алибой.  Май 10, 2007 9:25, ПМ, пайшанба.

11.23.3 Холиқназарнинг жавоби.

Менинг 06.05.07 пайшанба куни ёзган хатимга Холиқназар қуйидаги жавобни юборди:

(Унинг хати 12.05.07 да ёзилган бўлиб, менга 13 май 2007 –да етишди).

“Ассалому алайкум, Алибой ака!

Мана, ҳозиргина Даҳбет сафаридан қайтиб келдим. Ҳаммаси жойида. Айтган одамингизни, Музрабхон Файзиевни топишимни Аллоҳим жуда осон қилди.

Даҳбетга боришим биланоқ масжидга кириб таҳорат олиб, ҳар бири икки ракаатдан иккита намоз ўқидим: бири масжид учун, иккинчиси Маҳдуми Аъзам ҳазратлари руҳи поклари учун. Намозни тугатиб шундай ҳовлига чиқишим билан Файзиев эшонбоболардан бири бўлмиш Ҳабибуллохон деган кишини учратиб қолдим ва ул кишидан Музрабхонни ёки Насруллохонни қандай топиш мумкинлигини сўрадим. Ул киши Насруллохон аллиқачон бандаликни бажо келтирганликларини Музрабхонни эса, шу яқин орадаги чойхонадан топиш мумкинлигини айтдилар. Чойхонага борсам, Музрабхон ҳақиқатан ўша ерда эканлар. Бир соатча ҳангома қилдик. Айтганингиздек, у киши ҳозир ҳам олиб турадиганга ўхшайди. Суҳбат асносида И.Каримовни, унинг ота-онасини шахсан танияжагини айтиб, унинг ўзини анча-мунча ”сийлаб” турди. Демократик усуллар билан ундан қутилиб бўлмайди деди. Сиз билан бирга Тошкентга борганларингиз, у ердаги саргузаштларингиз ҳақида ҳам сўзлади. Мендан қандайдир бухоролик мухолифатчи-бирликчи банкир Акрам (у ҳозир Москвада эмиш) ҳақида сўраб қолди. Мен шундай машҳур сафдошимизни танимаслигимдан ҳижолат бўлдим.

Телефондан гап очишим билан ўзининг ва ўғлининг телефон номерларини бериб, иркилмасдан уйига телефон қилаверишингиз мумкинлигини айтди. Мана ўша номерлар: 8-366-229-37-44 – Музрабхон Файзиев, Самарқанд ш., Беруний кўча, 13-уй, 59-хонадон, 8-366-266-99-98 – Камолхон, Музрабхоннинг ўғли.

Хайрлаша туриб, ҳазилми  ёки чинми, Салимдан йироқроқда, қандайдир Ғафурга ва юқоридаги Акрамга яқинроқ бўлишни тавсия қилди. Холиқназар. 12.05.07.”

11.23.4.  Менинг жавобим.

Бу хатга мен ҳам дарҳол тубандаги жавобни йўлладим:

“Ассалому алайкум Холиқназар дўстим! Олдинги хатчада (бундан олдин бир кичкина хатча ёзиб, Холиқназарнинг хатини олганимни билдиргандим. Бу ерда сўз ўша хат ҳақида бўлаяпти) ёзганим каби менга етказган хабарингиз учун кўпдан кўп миннатдорчилигимни билдираман ва сизга, сизнинг яқинларингизга, мени танийдиган барча дўсту ҳамфикрларга қизғин салом ва дуоларимни йўллайман, уларни қабул қилгайсизлар.

Дўстим, сизнинг сафарингиз энг аввал сизга муқаддас масжидлардан бирида ибодат қилиш имконини берди. Ўша ва бошқа ибодатларингизни Оллоҳу таоло қабул қилган бўлсин, амин. Иккинчидан, оз бўлса-да янги кишилар билан танишишингиз мумкин бўлди. Отиб туришига қарамасдан, сиз учрашган киши яхши одам, энг асосийси улуғ зотларнинг авлодидандир. Демак, сизнинг суҳбатдошларингиз сафи яхши кишилар ҳисобига бир мунча кенгайди, деб ўйлайман. Бу айтилганлар, сафарингиздан очиқ кўриниб турган ижобий жиҳатлардир. Иншооллоҳ яна бошқа яхши жиҳатлари ҳам чиқиб қолар. “Ноумид шайтон” дейдилар.

Сизга ўша кичкина хабарни ёзганимданоқ, сиз юборган телефонларга телефон қилдим ва Музрабхоннинг ўзлари билан сўзлашиш мумкин бўлди. Ҳол ва аҳвол сўрашдик ва бироз отамлашдик.

Телефонда сўзлашилган асосий масалалардан бири, сиз у киши билан хабарлашиб туришингиз ҳақида бир қарорга келишдик. Музрабхон иншоолллоҳ сизни яна бошқа дўстлар ва балки бошқалар билан ҳам учраштиради. Учрашувларда нималар ҳақида сўзлашишни Музрабхон билан маслаҳатлашиб оласиз, албатта. Менимча, ишларга Оллоҳу таоло оқ йўл очса,  масалаларнинг муҳим қисми мен билан учрашув ташкил қилишга бориб тақалади, шекилли. Шунинг учун сиз масалаларнинг қандай шаклда ва даражада ҳал бўлиши қисмини мен қатнашадиган учрашувга қолдиришни таклиф қилиб турасиз.  Бироқ ҳамиша, қаерда бўлмасин, ким билан суҳбат қилинмасин масалаларга жиддий қараш ҳақида ва уларда электронча ҳам ножиддийлик бўлмаслигини таъкидлаб туриш лозим бўлади. Дўстим, ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳолати ва шароитига қараб ҳаракат қилаверасиз. Доим Оллоҳу таоло ўзи ёрдамчи ва қўруқловчи бўлсин.

Энди, хабарингиздаги исмлар ҳақида: Акрамни мен ҳам хотирлай олмайман. Аммо Гарбочевнинг кооперативлари замонида Бухоролик бириси жуда бойиб кетганди ва унинг асосий ишлари Москвада қилинарди. Унинг Тошкент, Бухоро ва ҳ.к. жойларда ҳам офислари бор эди. Бироқ унинг исмини мен унутганман. Ана ўша одам агар Акрам бўлса, ҳа, Музрабхон мени у билан Тошкентда учраштирган. Лекин у киши ҳеч замон “Бирлик”чи бўлмаган эди. Аммо Пўлотовга анчагина ёрдам қилганлиги ҳақида ўша учрашувимизда  “Акрам”нинг (чунки бу исм мен учун аниқ эмас) ўзи сўзлаганди. Ўша Бухоролик ўзининг кооперативида ўзига Президент мансаби берганди, яъни кооперативнинг Призеденти ҳисобланарди. Мос равишда у Ўзбекистондаги офисларида ҳам Призедент эди. ИАК-га бу исм ёқмади, яъни ИАК учун Ўзбекистонда фақат якка Президент исми бўлиши лозиммиш, у ҳам бўлса ИАКнинг ўзи бўлиши керак деб Москвадаги бадавлат Бухороликни синдириб юборганди. Ўшандан бери, унинг тақдири ҳақида мен ҳеч нарса билмайман. Балки ҳозирлар ҳам бирор кичигироқ тижорат билан шуғулланиб юргандир.

Салимни сиз ҳам яхши билсангиз керак. Маълумингиз, ўша замонларда Салим билан бир вақтда Ғафур ҳам “туғилганди”. Аммо буниси унча машҳур бўлмаганди. Музрабхоннинг гапига қараганда, демак, уларнинг иккаласи ҳам ҳали ҳаёт эканда. Бизнинг Музрабхон билан бугунги телефон сўзлашувимизда улар ҳақида гап бўлмади. Баъзи маълумотларга қараганда Салим-бу ИАК ўзидир. Валлоҳу аълам. Ҳозирча бизда, масалан, менда уларнинг учаласидан бирига ҳам мутлақо яқинлик йўқ. Салим ва Ғафурлар ҳақида мен фақат миш-мишлар эшитганман, холос. Акрамни танишим ёки танимаслигим масаласи очиқ қолаяпти. Чунки мен учрашган Бухороликнинг исмини унутиб қўйдим.

Қадрли дўстим, сизга ва яқинларингизга салом ва дуолар билан Алибой. 14.05.07, душанба.

ПС: Ҳа айтгандай, сизнинг хатингизни очганимда ”AY”-ga кўзим тушдида, уни “Ой”га деб ўйидим. Чунки кейинги вақтларда мен туркча китоблар устида кўп ўтираяпман, уларда “о” ҳарфи йўқ, унинг ўрнида “а” қўллайдилар. “й” ҳарфи эса, уларда ҳам биздаги лотинча каби “й”- дир. Шундай қилиб, у сўзни биринчи кўришимда э, Холиқназар ойга учишни таклиф қиладими, деган фикр хотиримдан зир кечди. Аммо дарҳол ўзимнинг исмим хаёлимга келди-да тинчландим. Ҳа дўстим, булар ҳаммаси ҳазил. Оллоҳим ҳазилу-кулгулардан айрмасин.”

11.23.5 Мен ва Холиқназар орамизда қисқача хабарлашмалар:

Бу орада бирмунча замон ўтиб, ниҳоят яна Холиқназарга Даҳбет билан бир хабарлашиш ҳақида хат ёзиб юбордим. Менинг бу таклифимга Холиқназардан 27 май, 2007 – да тубандаги қисқагина жавоб келди:  “Ассалому алайкум, Алибой ака! Даҳбетга бориб келдим. У иш амалга ошириб бўлмайдиган иш эмиш. Мобода унга киришиладиган бўлса ҳам, у тескари эффект берармиш. Холиқназар. 27.05.07” каби жавоб олдим. Унинг бу қисқа жавобига мен қуйидаларни ёзиб юбордим:

“Ассалому алайкум Холиқназар дўстим!!! (Режалар амалга ошмайдиган бўлганлиги учун хатни қизил рангда бошладим.)

Қандайсиз, Даҳбетга қатнайвериб чарчамадингизми? Болаларингиз, кўнгул етар дўстлар омонмилар? Ҳаммаларига менинг салому дуоларимни етказгайсиз.

Дўстим сизнинг саёҳатларингизни «ётиб қолгунча отиб қол!» принсипида бошлаган эдик. Шунинг учун унинг натижаларидан ҳам жуда катта бир ҳодисалар кутилмаган эди. Аслида эса, кутилганлардан кўпроқ эҳтимолли бўлгани мана шу ҳозир сиз гувоҳ бўлгани эди. Шундай ҳам бўлди. Дўстим, асло бундан тажанг бўлманг. Хотирингизда бўлса бу ишни бошлаётганимизда ёзган хатимда орадан анчагина вақтлар ўтиб кетгани ҳақида ҳам ёзгандим, шекилли. Демак ўтган вақтлар ҳар бир соҳада ўзининг тиклаб  бўлмас оқибатларини қолдирибди деб ҳисоблаш керак. Бошқа нима ҳам дейиш мумкин? Сизнинг саёҳатингиздан чиқадиган хулосаларни, яъни унинг шахсан сизга нималар келтириши ҳақида ҳам ўтган хатларимнинг бирида ёзгандим. Демак, ҳолимиз, аҳволимиз ҳозирча мана шунақа гаплар атрофида айланиб турибди экан.

Ҳа, дўстим Яратганнинг ўзига дуо қилиб турамизда энди.

Холиқназар дўстим, сиз, ҳозиргача кўпроқ мен ва менга ўхшаш ўзларини мухолифат ҳисоблаганлар (қандайдир даражада оптимистлар деймизми) билан кўпроқ суҳбатда бўлиб турардингиз. Мана ҳозир Даҳбетга бир-икки марта қатнаш муносабати билан оз бўлса-да бироз бошқа турдаги кишиларнинг бир вакили билан ҳам учрашдингиз, озми кўпми (растми ёки ёлғон) унинг сўзларини тингладингиз. Ана шу муносабат билан сизда бирор фикр ва хулосалар фойда бўлдими? Шундай фикрлар пайдо бўлган бўлса, улар нималардан иборат бўлди?

Холиқназар дўстим, мени бир савол жуда ўйлантиради. Аслида, ҳақиқатда бугун Ватанда аҳвол қандай? Нима бўлса-да биз Ватандан анча узоқдамиз. Айтганимиздек, орадан қарайб 15 йил ўтиб кетди, ахир.

Балки биз Ватаннинг ташқарисидаги кишиларда ҳам жуда катта хатолар бордир? Чиндан ҳам биз Ватаннинг аҳволини ва тақдирини нотўғри тасаввур қилаётгандирмиз-а?

Умуман дўстим, сизнингча энг оптимал ҳолда бугун Ватан ичида ва ташқарисида нималар қилса бўлади ва нималар қилиш керак? Нималарни эса, мутлақо қилиб бўлмайди?

Омон бўлинг ва ҳаммаларингизга салом ва дуолар билан Алибой. 27.05.2007 йил.”

яқин мавзу