И.Каримовсиз Ўзбекистон …

Ислом Каримовсиз Ўзбекистон …

Дунёнинг ишлари шундай бу дунёга келган махлуқ бир кун ҳаётининг сўнггини топади, яъни ўлади. Унинг бу дунёда жисмоний борлиги тугайди. Кечагина Ўзбекистонда кўп-чилик Каримов исмли бир яратиқдан қўрқиб, унинг қовоғига қараб иш тутсалар, баъзилар эса, бу лаънатидан қачон қутиламиз каби ўю хаёлни дилининг  чуқур бир бурчагида яшириб яшашардилар. Мана бугун у яратиқдан ҳеч нарса қолмади. Кеча унинг атрофида гирдикапалак бўлганлар бугуноқ уни унутишни бошладилар. Яқин кунларда жонажон болалари ҳам уни сўзсиз унутадилар. Оллоҳ билади, балки кўп ўтмай, И.Каримовнинг болалари ҳам ҳатто уни лаънатлай бошлайдилар …

Биз эса дўстлар, яъни Ўзбекистон аталмиш ўхшаши йўқ гўзал Ватаннинг ватансеварлари  дунёда яшаб турганимиз ва кўраётганларимиз учун Оллоҳга ҳамду саналар дейлик-да олдинга қарайлик. Каримовсиз Ўзбекистоннинг эртасини ўйлайлик, имконимиз қадарида унинг эртаси-келажагининг порлоқ ва фаровон бўлишида, жаҳон давлатлари орасида гўзал Ўзбекистонга муносиб  ўрин тута олиш даражасига кўта-рилишида кўмакчи бўлишга ва бунинг учун самарали меҳнат қилишга киришайлик.  …

Жуда кўпчилигимизга аёнки, Ўзбекистон ўзининг чорок асрлик мустақиллик аталмиш даврида ҳал этилиши ўта муҳим ҳисобланган ҳаётий масалаларни дунё кўрсаткичлари даражасида ҳал қила олмади ёки Ўзбекистоннинг ўшандай кўрсаткичларга эришишини И.А. Каримов бошлиқ Ўзбекистон собиқ  ҳукумати истамади.

Ўзбекистоннинг И.А.Каримов даври, золим бир диктаторнинг “диктатураси ҳукм сур-ган замон” исми билан тарихга ёзилиши зарур. Демак, ИА.Каримовсиз Ўзбекистонда энг аввал сиёсий ўзгаришлар-жамиятнинг демократиялашиши амалга оширилиши, яъни Ўзбекистонда халқаро демократия принциплари тўла амал қилинадиган муҳит туғдири-лиши шарт. ИА.Каримов ўлими оқибати ўлароқ Ўзбекистон янги президентини сайлаш учун навбатдан ташқари ўтказиладиган сайловлар тўла халқаро демократия принцип-ларига амал қилинган шаклда ўткалиши лозим.

Бунинг учун

1. ИА.Каримов даври Ўзбекистони ҳукуматига(Каримов сиёсатига) мухолифлиги сабабли Ўзбекистонни тарк этган барча ўзбекистонли сиёсий муҳожирларнинг Ўз-бекистонда ўтказилиши лозим бўлган президентликка ва бошқа барча тур сайловларда овоз бериш ва сайланиш ҳақлари тикланиши лозим;

2. Иш излаш ва бошқа сиёсий таъқиблар сабаблари билан бутун дунёга тарқалиб кетишган ҳамда 1991 йилгача Ўзбекистон фуқароси  ҳисобланган барча ўзбекистон-ликлар жорий замонда истиқомат қилишаётган жойларида Ўзбекистондаги ўтказила-диган сайловларда овоз бериш ҳақига эга бўлиши керак. Шу муносабат билан чет эллардаги Ўзбекистон фуқароси учун яқинда янгидан ўтказиладиган президент сайлов-ларида овоз бериш имкониятини туғдириш мақсадида  улар истиқамот қилишаётган барча мамалакатларда сайлов участкалари ташкил этилиши лозимдир ва бошқа  хил сайловларда ҳам бу жараён қайтарилиб, одат тусини олиши лозим;

3. Ўзбекистонда тубдан иқтисодий ислоҳотлар ўтказалиши шарт. Бугун Ўзбекистонда ҳукм сураётган Ярим совет, ярим ўрта асрчилик иқтисодий сиёсат усулларидан бата-мом воз кечилиши лозим. Бутун мамлакат бўйлаб тўла хусусий мулкчилик тикланиши керак, яъни ер, саноат ва бошқа хил аҳолига ижтимоий, маиший хизмат кўрсатиш ишлари хусусийлаштирилиши зарур;

4. Ўзбекистон Жамиятида ёйғин ва хунук тус олган ижтимоий иллат порахўрлик( Коррупция)ка қарши кескин кураш очиш ва уни жамият ҳаётидан батамом чиқариб ташлашга восита бўла оладиган қонунчиликда кескин ўзгаришлар ясаш керак;

5. ИА.Каримов даврида сиёсий калтабинлик, ИА.Каримовнинг шахсиятидаги инсон севмаслик шахсий характери оқибатида ахолининг жуда кўп қисми асоссиз зулм кўрди. Натижада бугун мамлакатнинг қамоқхоналарида асосан турли хил уйдурма жиноятлар ёки мутлақо асоссиз сиёсий ёки диний жиноятларда айибланиб қамоқ жозаси ўтаётган кўп сонли ватандошлар мавжудлиги ҳеч кимга ва дунёга сир эмас. Бу эса Ўзбекистон-нинг юзини хунуклаштираётган  қора доғларнинг энг каттасидир. Шунинг учун Ўзбек-истон янги ҳукуматининг илк амалга оширадиган ишларидан бири, асоссиз сиёсий, диний сабабларга асосланиб ноҳақ жозаланганларни озод қилиш, мамлакатнинг поли-ция (милиция), маҳкама ва прокуратура ситемасида адолатсизлик ва порахўрликка чек қўя олишдан иборат бўлиши керак.

6. Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламларини қамраган оммавий ижтимоий сиёсат ўринлаштириш ва унинг оқибатида ишсизлар сонининг кескин камайиши ва чет мамлакатларда нон излаб юрганларнинг Ўзбекистонга қайтишлари ва ўз юртларида ишлай, яшай олишларига имкон туғдириш, оқибатда мамлакатда оч қолган инсоннинг бўлмаслиги ва мактабга иқтисодий етишмовчилиги оқибатида қатнай олмайдиган мактаб ёшидаги борорта бола бўлмаслигига эришиш ҳам Ўзбекистон келажаги учун амалга ошириладиган ишларнинг ажралмас қисмидир. Аҳолининг кунлик турмуши учун  ўта зарур бўлган(электр энергияси, газ ва бошқа хил) таъминотларда танқислик каби вазиятларга дуч келиш, ижтимоий таъминотнинг ва давлат ижтимоий сиёсатининг жуда катта қусуридир. Бундай қусурдан қутилш Ўзбекистон янги ҳукуматининг долзарб вазифасига айланиши шартдир.

7. Ўзбекистон бир аграр мамлакатдир. Мамлакат иқтисодининг сезиларли қисми  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобига тўлдирилади. Бу соҳада қўл меҳнатидан, айниқса меҳнат ёшига тўлмаган ўқувчи болалар меҳнатидан халқаро меҳнат қонунларига зид бир шаклда фойдаланиш Ўзбекистонда давом қилмоқда, амалда меҳнат ёшига тўлмаган бошланғич синф ва ўрта мактаб ўқувчи  болалари эксплутация қилинмоқда. Бу ҳам жуда буюк ижтимоий ҳақсизликдир. Бундай ижтимоий ҳақсизлик зудлик билан тугатилиши зарур. Бу ҳақсизликни дарҳол тугатиш усул ва йўлларини топиш Ўзбекистон янги ҳукуматининг энг биринчи вазифаларидан бири бўлиши шартдир.

8. Фуқаро-халқ оммасининг  эркинлиги, эркин сўз, эркин мабуот, жамият ижтимоий ҳаётининг асосини ташкил этади. Ўзбекистоннинг И.А.Каримов даври эса, эркнинг, эркин сўзнинг ва эркин мабуот фаолиятининг батамом оёқ ости қилиниши билан дунёга машҳур бўлган бир замондир. Демак, ИА.Каримовсиз Ўзбекистон, айниқса бу соҳада дунё жамоатчилигини ўзига жалб эта оладиган ўта муҳим ижобий ўзгаришларни амалга ошириши шарт.

9. Давлат Полицияси ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида кескин ўзгаришлар ясалиши ҳам янги ҳукуматнинг долзарб вазифаси бўлиши шарт. Бунда энг аввал кенг халқ оммаси тарафидан муҳакама қилинган “Ўзбекистоннинг Полицияси ҳақида қонун” ишлаб чиқилиши, тез орада қабул қилиниши ва турмушда табиқ бўлиши шарт. Ўзбекистоннинг Маҳкама ва Прокуратура системасида ҳам бугун асосан советлар принципи ҳукмрон. Шунинг учун бу системани биринчидан, советлар принципидан қутқариш ва системада миллийлик сезиладиган инсонни ва унинг ҳақ ҳуқуқини ҳақиқатан ҳимоя қилишга қаратилган ўзгаришлар кўзда тутилган ислоҳотлар ўтказилиши лозим.

10. Мактаб-маориф системасида,таълим-тарбияда тубдан ўзгаришлар ўтказиш: мактабларда ва олий таълим системасида ўқув қуроли ва асбоблари таъминотини дунё кўрсаткичлари даражасига кўтарилишига эришиш; юксак билимли ва тарбияли ўқув-тарбия кадрлари етиштиришни тўғри йўлга қўйиш керак;

11. Халқаро муносабатларда кенг миқёсда принципиал янги дипломатик алоқаларни ривожлантириш; энг аввал албатта, қўшни, чегарадош мамлакатлар билан жуда яхши дўстона муносабатларнинг ўрнатилишига эришиш лозимдир. Масалан, Туркия ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунгидан янада юксак бўлиши ҳар иккала мамлакат учун ҳаётий бир масала бўлиши керак. Бу икки буюк турк давлати орасидаги давлат-лараро мунособатлар қиймати, бошқа ҳар қандай сиёсий, ижтимоий қийматлардан зиёда қимматлидир. Уларнинг ўзаро муносабатлари турк буюклигига муносиб дара-жада тутилиши шарт ва бу учун ишлаш, уриниш ва унга албатта эришиш лозим.

12.  ИА.Каримов ҳукмронлиги даврида ҳеч бир жўяли асосга суянмагна сиёсий, диний таъқибларнинг кескинлашиши ва мамлакатда ишсизлик кўрсакичининг ўта юксакликка кўтарилиши оқибатида халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат ва ижод  қилиша-ётган кўпгина мутахассислар, таълим-тарбия, илм-фан соҳасида хизматлари буюк бўл-ган олим ва устодлар ва тажрибали ишчи-ҳунармандлар Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган эдилар. Улар шу кунларда дунёнинг деярли барча мамлакатларида истиқамот ва меҳнат қилишаяптилар. Ўзбекистоннинг буюк келажагини истаган унинг янги ҳукумати ана шу чет элларда меҳнат ва ижод қилишаётган ўзбекистонликларни Ватанга қайтаришни, уларнинг қимматли меҳнатлари, ижодларидан севимли ватани-мизнинг порлоқ келажаги учун самарали фойдаланишнинг йўлларини топиши зарур-дир. Бундай меҳнатлари қимматли ўзбекистонлиларни ватанига қайтариш ва уларнинг меҳнатларидан ватаннинг келажаги учун самарали фойдаланиш Ўзбекистон  янги ҳукуматининг долзарб ва буюк-қутлуғ иши, вазифаси ҳисоблваниши шарт.

Ўзбекистоннинг бундан кейинги келажаги фақат ижобий ишлар, хайрлар билан тўла бўлсин!  Оллоҳу таоло барча ўзбекистонлиларга ва Ўзбекистоннинг бўлажак янги Бош Раҳбарига ва унинг Каримовсиз ҳукуматига мададкор, ёр ва ёрдамчи бўлсин! Ўзбекистоннинг янги ҳукумати ва ватандошлар ўзаро иноқ, дўст ва бир-бирларини чин дилдан қўллаб-қувватлавчи бўсинлар, дея дуолар билан Алибой Йўляхши.

2.09.2016, Душанба

яқин мавзу