3. Оли Имрон сураси

Муаллиф admin Tem 26, 2016

Мадинада нозил бўлган бу сура икки юз оятдан иборат бўлиб, Қуръондаги узун суралардандир. Унда Мадина шаҳридаги мусулмон жамоатнинг ҳижратнинг иккинчи йилида бўлиб ўтган Бадр жанги билан учинчи йилидаги Ухуд жанги мобайнидаги ва ундан кейинги даврдаги ҳаётидан жонли лавҳалар тасвирланади ҳамда бу воқеаларга муносабат билдирилиб, ҳукмлар баён қилинади.

«Оли Имрон»да диннинг асосларидан бўлган икки нарса батафсил ёритилади: биринчиси — ақида ва Аллоҳнинг бирлигига алоқадор далилу ҳужжатлар; иккинчиси — шариат қонунлари ва хусусан, Аллоҳ йўлидаги кураш — жиҳодга тааллуқли амру фармонлар.

Агар «Бақара» сурасида аҳли китобларнинг яҳудий қавми ва уларнинг кирдикорлари ҳақида сўз кетган бўлса, “Оли Имрон”да аҳли китоблардан бўлган насронийлар тўғрисида сўз боради ва уларнинг Ийсо алайҳис-саломни худо деб эътиқод қилишлари хато эканлиги очиқ-равшан далиллар орқали батафсил ёритилади. Шунингдек, уларнинг ичида Қуръон ва Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбарликларини инкор қилувчилар ҳам борлиги айти-либ, бундай мункирларга аниқ хужжатлар билан жавоб қилипади.

Булардан ташқари, ушбу сурада шариатнинг яна бошқа кўпдан-кўп аҳкомларига асос бўлган оятлар х,ам бор. Бу сурада Марямнинг отаси бўлмиш Имрон ва унинг аҳли оиласи ҳақидаги қисса зикр қилингани учун «Оли имрон» — «Имроннинг хонадони» деб номланган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман):

1. Алиф, Лом, Мим.

2. Аллоҳ (ягона) ҳеч бир тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бор. У тирик ва абадий тургувчидир.

3-4. Сизга (эй Муҳаммад), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қидди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди. (Энди эса) ҳақ билан ноҳақни ажратгувчи (Қуръонни) нозил қилди. Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчи кимсалар учун шубҳасиз қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ қудрат эгаси ва интиқом соҳибидир.

5. Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир.

6. У сизларга (оналарингизнинг) қоринларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берганзотдир.Ҳечбиртангрийўқ,фақатУнингўзибор.У қудратли, ҳикматлидир.

7. У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у(Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам-аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар.— Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур.— Илмда собитқадам бўлган бундай кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар.

8. «Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта Сенгина барча яхшиликларни ато этгувчисан!»

9. «Парвардигоро, албатта Сен одамларни ҳеч шак-шубҳасиз келадиган бир КУНга тўплагувчисан. Албатта Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмагай!»

10. Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳ азобидан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир.

11. Уларнинг ҳоли худди Фиръавн одамларининг ва улардан аввал ўтган кофирларнинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гунохлари (куфрлари) билан ушлаб азоблаган. Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир.

12. (Эй Муҳаммад), куфр йўлини тутган кимсаларга айтинг: «Шак-шубҳасиз (бу дунёда) мағлуб бўласизлар ва (охиратда) жаҳаннамда тўпланажаксиз. Нақадар ёмон жой у!»

13. (Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир.

И з о х. Мусулмонлар Бадр жангида ўзларидан бир неча марта кўп бўлган Қурайш кофирларининг устидан ғалаба қозонишгач, Мадинага қайтганларидан кейин пайғамбар алайҳис-салом яхудийларни тўплаб: «Эй яхудийлар, сизлар менинг ҳақ пайғамбар эканимни Тавротдан ўқиб билгансизлар. Бас, шундай бўлгач, бошингизга қурайшликларнинг куни тушмасдан аввал менга қарши туришни бас қилинглар!» — дедилар. Шунда улар: «Сен уруш илмидан бехабар бўлган бир гуруҳ жоҳил курайшликни енгганинг билан ғурурланма! Бизнинг зўрлигимизни биз билан урушганда биласан», деб жавоб қилишганда, юқоридаги оятлар нозил бўлди.

14. Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой — жаннат бордир. (Яъни ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ лозим).

15-16-17. Айтинг (эй Муҳаммад): «Сизларга булардан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг ризолиги бор. Аллоҳ «Парвардигоро, бизлар сенга иймон келтирганмиз, бас, гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра!» — дейдиган сабр-қаноатли, иймонларига содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган бандаларини кўриб тургувчидир.

18. Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир.

19. Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (ислом ва Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларини инкор қилса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир.

20. Агар Сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: «Мен ва менга тобеъ бўлган кишилар ўзимизни Аллоҳга топширдик. Унга бўйинсундик», деб айтинг! Сўнг аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) омий-бутпарастлардан: «Исломга кирдингизми?» — деб сўранг! Агар исломга кирсалар, муҳаққақ тўғри йўлни топибдилар. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангиздаги нарса фақатгина етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.

21. Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиган, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирадиган ва одамлар орасидаги адолатга чақирувчи зотларни ўлдирадиган кимсаларга албатта аламли азоб «хушхабар»ини етказинг!

22. Уларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетмиш ва улар учун бирор ёрдамчи йўқдир.

23. (Эй Муҳаммад), Китобдан (Тавротдан) насибадор бўлган кимсалар ораларида ҳакамлик қилсин учун Аллоҳнинг Китобига чақирилганларни, сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгирган ҳолларида бурилиб кетганларини кўрмадингизми?

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, яҳудийлар ўзларидан бўлган икки зинокорни пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келтириб, ҳукм қилишларини сўрашганда у зот тошбўрон қилишга буюрганлар. Улар эса: «Бизнинг динимизда зинокорни юзига қора чаплаб, кўча айлантирилади», деб туриб оладилар. Шунда Таврот китобини келтириб кўришса, унда ҳам тошбўрон қилиш буюрилган бўлиб чиқади ва жиноятчилар қилмишларига яраша жазо оладилар. Бу ҳукмдан норози бўлган яхудийлар юз ўгириб чиқиб кетганларида юқоридаги оят нозил бўлди.

24. Бунга (яъни адолатли ҳукмдан юз ўгиришларига) сабаб уларнинг: «Бизга фақат саноқли кунлардагана дўзах ўти тегади», дейишларидир. Узлари тўқиган бу ёлғонлари уларни динларидан адаштириб қўйди.

И з о ҳ. Яҳудийлар: «Биз фақат аждодларимиз бузоққа сиғинган қирқ кун муддатдагина дўзахда бўламиз, кейин эса албатта жаннатга кирамиз», деб даъво қиладилар.

25. Энди уларни ҳеч шак-шубҳасиз келадиган КУНга тўплаганимизда ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолда қилган амаллари учун тўла жазо-мукофот берилганда қандай бўларкин?!

26. Айтинг: «Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан.

27. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан».

И з о ҳ . Бу оятда кеча-кундузнинг узайиб-қисқариб туриши ва ўлик данак, тухум, нутфа (маний, шаҳват суви) каби нарсалардан дарахт, парранда, инсон каби жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки аксинча тирик жонзотдан тухум, нутфа каби жонсиз нарсалар чиқиши — буларнинг барчаси ёлғиз Аллоҳнинг амри билан бўлиши ифодаланган.

28. (Модомики, барча иш – бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак) Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳга ҳеч нарсада эмас (яъни Аллоҳга бегонадир). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир), Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Ва фақат Аллоҳга қайтажаксиз.

29. Айтинг (эй Муҳаммад): «Дилларингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ билур. Ва (шунингдек, У зот) осмонлар ва ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир».

30. Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда колиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир.

31. Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гунохларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир».

32. Айтинг: «Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас.

33-34. Албатта Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон сулолаларини бутун олам устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди. Уларнинг бировлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.

35. (Эй Муҳаммад) Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитгувчи, билгувчисан», деганини эсланг!

36. Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билгувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир.—«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан».

37. Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур».

И з о ҳ . Марямнинг онаси ибодатхонага олиб бориб бергач, уни тарбиялаш Закариё пайғамбарнинг чекига тушади. У қачон Марямнинг хонасига кирса, у ерда қишда ёз мева-чевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўради. Шунда уларнинг ўртасида юқоридаги оятда зикр қилинган савол-жавоблар бўлиб ўтади.

38. Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: «Парвардигорим, менга ҳам ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан».

39. Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: «(Эй Закариё), Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини берур».

40. «Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?» — деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур».

41. Парвардигор, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги — аломат қилсанг», деди у. Аллоҳ айтди: «Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб ибодат қил!»

И з о ҳ. Дарҳақиқат, уч кунгача Закариёнинг тили Аллоҳнинг зикридан ўзга сўзга айланмай қолди. Одамларга эса фақат имо-ишора билан муомала қилди. Мазкур оятларда кексайиб, фарзанд кўришдан умидлари, узилган кишиларга Тангри ўз изни-иродаси билан фарзанд ато этгани баён қилинган бўлса, қуйидаги оятларда янада ажиброқ қисса — Ийсонинг отасиз дунёга келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қиссадан ҳисса шуки, Ийсо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг амри билан биби Марямдан туғилган одам фарзандидир.

42-43. Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гунохлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Ё Марям, Парвардигорингта итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни ибодат қил!») — деганларини эсланг!

44. (Эй Муҳаммад), ғайб (номаълум) хабарларидан бўлган бу хабарни Сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлишини билишлик учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз.

45-46-47. Эсланг (эй Муҳаммад), фаришталар: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сенга Ўзининг Сўзини хушхабар қилиб берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям бўлиб, дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидан бўлур ҳамда одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапирур. Ва солиҳ бандалардан бўлур», деганларида, Марям: «Парвардигорим, менга одамзод тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?» – деди. Аллоҳ айтди: «Шундай, Аллоҳ Ўзи хохлаган нарсасини (Ўзи хохлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: «Бўл!» — дейди. Бас, у иш бўлади».

И з о ҳ . Аллоҳнинг сўзи – Ийсо бинни Марямдир. Чунки у зот Қуръоннинг хабарига кўра Тангрининг: «Бўл!» — деган сўзи — фармони билан Марямдан отасиз таваллуд топганлар.

48-49. Ва унга (Ийсога) ёзиш ва ҳикмат илмини, Таврот ва Инжилни таълим беради ҳамда уни бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Ийсо бани Исроилга дейди): «Мен (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигим ҳақида) сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб беришга қодирман. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир».

И з о ҳ . Пайғамбарлар тарихидан шу нарса маълум бўладики, ҳар бир пайғамбар ўзининг замонида ривожланиб, тараққий қилган соҳада замондошларидан устун ва пешқадам бўлади. Масалан, Муҳаммад алайҳис-салом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига осиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳобалардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган «Кавсар» сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди, Шунда мўъжиза юз беради: бу сурани ўқиган шоирлар бир овоздан: «Бу башарнинг сўзи эмас!» — деб гувоҳлик берадилар. Исо алайҳис-саломнинг даврида эса табобат илми шундай тараққий қилган эдики, дунёда биронта давосиз дард йўқ, деб ҳисобланар эди. Шунда Исо алайҳис-салом келдилару ҳеч бир табибнинг қўлидан келмайдиган ишни қилдилар — ўликни тирилтирдилар! Шунинг учун ҳам Қуръонда у зотнинг номларига “ал-Масиҳ” — силовчи лақаби қўшилди. Яъни, у кишининг қўллари теккан — силаган ўликка жон кирар эди. Бундай мўъжизалар, табиийки, одамлар ўз пайғамбарларига иймон келтиришларига сабаб бўлар эди.

50. «(Мен) сизларга ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда, сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парчардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!

51. Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир!»

52-53. Қачонки Исо улар томондан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким мёнга ёрдамчи бўлур?» — деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйинсунгувчилармиз. Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга эргашдик. Бас, бизни (Ўзингнинг бирлигингга, пайғамбарингнинг ҳақлигига) гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!»

54. (Яҳуйдилар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «маккорроқдир».

И з о ҳ. Улар Исо алайҳис-саломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ эса унга бирор зарар етказмай Ўз ҳузурига – самога кўтарди. Аллоҳнинг «макри» — тадбири устунроқ бўлиб чиқди.

55. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: «Ё Исо, албатта Мен сени вафот қилдиргувчи ва Ўз ҳузуримга кўтаргувчиман. Ва кофирлар ёмонлигидан халос қилгувчиман ҳамда то қиёмат кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўюрман. Сўнгра Менга қайтажаксиз. Бас, ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қилурман.

56. Бас, кофир бўлган кимсаларга дунё ва охиратда қаттиқ азоб-ла азоб берурман. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас.

57. (Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса ажрларини комил суратда берур. Аллоҳ зулм қилгувчиларни севмайди. (Бинобарин Ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмай, ҳар кимга қилган ишига лойиқ жазо беради)».

58. (Эй Муҳаммад), Сизга тиловат қилаётганимиз бу қисса Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир.

59. Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди.

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, бир гуруҳ насронийлар пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Исони: «Одам, Аллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?» — дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.

60. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ сўздир. Бас, шубҳа қилгувчилардан бўлманг!

61. Энди Сизга келган мана шу ҳақ маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик».

И з о ҳ . Мазкур оятда Муҳаммад пайғамбарга Исони худо деб билувчи кимсалар агар Қуръон оятларига ишонмасалар, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўраб, қасам ичишликка таклиф қилиш буюрилди. Ровийларнинг айтишларича, биронта насроний келиб, қасам ичишга журъат этмаган экан.

62. Албатта бу ҳақ-рост қиссадир. (Яъни Исо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа ҳамма пайғамбари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир.

63. Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни билгувчидир.

64. Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик».

И з о ҳ . Ислом эътиқодига кўра бутун оламни яратган Тангри таоло барча инсонлар бахтли яшасинлар деб Ўз томонидан ҳаёт учун дастуриламал бўлган қонун-қоидалар, яъни динни юборган. Кимда-ким бу қонун-қоидаларни тан олмасдан ўз-ўзича янги қонун чиқармоқчи бўлса, у худоликни даъво қилган ҳисобланади ва унинг изидан эргашганлар эса уни худо деб билган бўладилар.

Агар улар (яьни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, унда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар — ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!

65. Эй аҳли китоб, нима учун Иброҳим хусусида (у бизнинг динимизда бўлган, деб) талашасизлар! Ахир Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин нозил бўлгани аниқ-ку?! Ақл юргизмайсизларми?!

66. Ҳой (яҳудий ва насронийлар) сизлар биладиган нарсаларингиз (Мусо ва Ийсо пайғамбарлар) ҳақида-ку талашдингиз. Энди нима учун билмайдиган нарсангиз (Иброҳимнинг қайси динда бўлганлиги) хусусида талашмоқдасиз? Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.

67. Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган.

68. Одамларнинг Иброҳимга яқинроғи унинг йўлига эргашган зотлар, мана бу пайғамбар (Муҳаммад алайҳис-салом) ва иймон келтирган кишилардир. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир.

69. Аҳли китобдан бир тоифаси сизларни (ҳақ динингиздан) адаштирмоқни хоҳлайди. Лекин улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларинигина адаштирадилар, холос.

70. Эй аҳли китоб, нима учун ўзларингиз гувоҳ бўлиб туриб, Аллоҳнинг (Тавротдаги Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) оятларини инкор қиласиз?!

71. Эй аҳли китоб,. нима учун ўзингиз билган ҳолингизда ҳақни ботилга аралаштирасиз ва ҳақни беркитасиз?!

72-73-74. Аҳли китобдан бир тоифаси бир-бирларига шундай дейишди: «Мўминларга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) куннинг бошида иймон келтириб, куннинг охирида уни инкор қилинглар. Шояд (улар ҳам иймонларидан) қайтсалар. Токи бирорта одамга сизларга берилган билим берилмаслиги ёки Парвардигорингиз ҳузурида сизлар билан ҳужжатлашмаслиги учун фақат ўз динингизга бўйинсунган кишиларнинг гапларинигина тасдиқ этиб ишонинглар!» Айтинг (эй Муҳаммад): «Албатта ҳақ йўл Аллоҳнинг йулидир». Айтинг: «Албатта фазлу карам Аллоҳнинг қўлида, уни Ўзи истаган кишиларга берур. Аллоҳ фазли кенг, билгувчи Зотдирки, раҳматини (яъни пайғамбарликни) Ўзи истаган кишига хос қилиб беради. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир».

75. Аҳли китоб орасида шундай кишилар борки, унга беҳисоб молни омонат қўйсангиз, хиёнат қилмай сизга қайтаради. Уларнинг орасидй яна шундайлари ҳам борки, унга бир динорни ишониб берсангиз, то устида туриб олмагунингизча сизга қайтиб бермайди. Бунинг боиси – уларнинг «омий-китобсиз кимсалар учун бизнинг устимизга ҳеч қандай йўл йўқ», дейишларидир. (Яъни, айрим яҳудийлар ўзларидан бошқаларни паст табақа ҳисоблаб: «Биз Аллоҳнинг суйган бандаларимиз, демак, бошқа миллатларнинг моллари биз учун ҳалол», дер эдилар.) Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайдилар.

76. Йўқ! (Уларнинг даъволари ботилдир.) Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса (ана ўша киши Аллоҳнинг суйган бандасидир). Зеро, Аллоҳ тақво қилгувчи кишиларни севади.

77. Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат кунида Аллоҳ уларга сўз қотмайди, раҳмат назари билан боқмайди ва гуноҳларидан покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.

78. Улардан (яҳудийлардан) яна бир гуруҳи борки, сизлар Китобдан (Тавротдан) бўлмаган нарсани Китобдан деб ўйлашингиз учун Таврот китобини тилларини бураб (бузиб-ўзгартириб) ўқийдилар ва Аллоҳнинг ҳузуридан келмаган (ўзларининг сўзларини) «Аллоҳнинг ҳузуридан келган», дейдилар. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар.

79. Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, Ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» (демоғи лозимдир).

И з о ҳ . Бу оят баъзи бир насронийларнинг: «Исо алайҳис-салом бизни ўзига сажда қилишга буюрган», деган ботил даъволарига раддия тарзида нозил бўлган.

80. У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва бошқа пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон – Аллоҳга бўйинсунгувчи бўлганингиздан кейин куфр – динсизликка қайтишга буюрадими?!

81. Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: «Мен сизларга қандай Китоб ва Ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз», деб аҳд-паймон олгач, уларга: «Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қидцингизларми?» деди. У пайғамбарлар: «Иқрормиз», деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: «Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман».

82. Бас, ким шундан кейин ҳам (аҳд-паймондан) юз ўгирса, ана ўшандай кимсалар фосиқ – бузуқилардир.

83. Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйинсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг ўзига қайтариладилар-ку!

84. (Эй Муҳаммад), Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва Иброҳим, Исмоил, Исҳок, Яъқуб ва унинг уруғ-авлодларига нозил қилинган нарсаларга ва Мусо, Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. У пайғамбарлардан бирортасини ажратиб қўймаймиз. Ва биз Унинг ўзигагина бўйинсунгувчилармиз», деб айтинг.

85. Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир.

86. Иймон келтириб, пайғамбарнинг ҳақ пайғамбар эканлигига гувоҳ бўлишганидан кейин ва уларга далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган кимсаларни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди.

87-88. Уларнинг жазоси — устларига тушажак Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънатидир. Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчилардир ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди.

89. Магар шундан (яъни куфрларидан) кейин тавба қилиб, ўзларини ўнгласалар (Аллоҳ гуноҳларини мағфират қилур). Чунки Аллоҳ мағфират қилгувчи, меҳрибондир.

90. Албатта иймон келтирганларидан кейин кофир бўлган, сўнгра куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларнинг қилган тавбалари ҳаргиз қабул қилинмайди. Ана ўшалар ҳақ йўлдан тойилгувчилардир.

91. Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас.

92. Суйган нарсаларингиздац инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур.

93. Таврот туширилишидан илгари Исроил (Яъқуб) ўзига ҳаром қилган нарса (туянинг гўшти билан сути) дан бошқа барча таомлар бани Исроил қавмига ҳалол эди. (Эй, Муҳаммад), «Агар ростўй бўлсангизлар Тавротни келтириб ўқиб кўринглар», деб айтинг.

И з о ҳ . Маълумки, яҳудийлар зулм ва тажовузкорлик йўлини тутганларидан кейин Тангри таоло уларга бир неча хил ноз-неъматларни ҳаром қилди. Лекин улар буни тан олмай, «Мазкур нарсалар асли Иброҳим замонида ҳам ҳаром эди», дер эдилар. Шунинг учун мусулмонларга: «Ўзинглар Иброҳимнинг динидамиз дейсизлар-у, у ҳаром қилган туя гўштини истеъмол қиласизлар», деб таъна қилишганда юқоридаги оят иозил бўлди. Айтишлари-ча, шундан кейин бирорта яҳудий Тавротни олиб келиб, ундан Иброҳим пайғамбарга туя гўшти ҳаром қилингани ҳақидаги оятни топиб бера олмаган.

94. Бас, ким мана шундан кейин ҳам Аллоҳга бўҳтон қилса, ана ўшалар зулм қилгувчилардир.

95. (Эй Муҳаммад), «Аллоҳнинг сўзи ростдир. Бас, ҳақ йўлдан тоймаган ва мушриклардан бўлмагин Иброҳимнинг динига эргашинглар!» — деб айтинг!

96-97. Албатта одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (мяёги) бўлган Каъбадурки, унда мақоми Иброҳим (яъни Каъбани қуришда Иброҳим алайҳис-салом оёқлари остида бўлган харсанг тош, у тошдан ҳанузгача Иброҳим пайғамбарнинг оёқ излари кетмаган) ва унга кирган одам ҳар қандай хавф-хатардан омон бўлиши (каби) очиқ оят-аломатлар бордир. Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир.

98. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй аҳли китоб, нима учун Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдасиз? Ахир Аллоҳ қилаётган амалларингизга гувоҳ-ку!»

99. Айтинг: «Эй ахли китоб, нима учун иймон келтирган кишиларни Аллоҳнинг йўлидан тўсасизлар ва ўзингиз гувоҳ бўлган ҳолингизда ундан (яъни Алоҳнинг йўлидан) қийиқ ахтарасизлар? Ахир Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас-ку!»

100. Эй мўминлар, агар китоб берилган кимсаларнинг баъзи бир гурухларига бўйинсунсангиз, улар сизларни иймонга келганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар.

101. Аллоҳнинг оятлари сизларга тиловат қилинаётган, Унинг пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда қандай қилиб диндан қайтасиз?! Ким Аллоҳга боғланса (яъни Унинг динини маҳкам ушласа) бас, муҳаққақки, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди.

102. Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!

103. Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади.

104. Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.

105. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир.

106. (Қиёмат) кунида (мўминларнинг) юзлари оқ бўлур, (кофирларнинг) юзлари қора бўлур. Энди юзлари қора бўлган кимсаларга: «Иймон келтиргандан кейин яна диндан чиқдингизми? Бас, кофир бўлганингиз касофатига мана бу азобни тотиб кўрингиз», дейилур.

107. Юзлари оқ бўлган зотлар эса Аллоҳнинг раҳмати (жаннати)да бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар.

108. Булар Аллоҳнинг оятларидир. Сизга уларни хақ-рост тиловат қилмоқдамиз. Аллоҳ барча оламларга (яъни хеч кимга) зулм қилишни истамас.

109. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак.

110. (Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир.

111. Улар сизларга озор беришдан бошқа ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан урушсалар, кетларига қараб қочадилар. Сўнгра уларга (ҳеч ким томонидан) ёрдам берилмайди.

112. Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг (яъни мусулмонларнинг) ахди паноҳида бўлмасалар, албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилди. Улар Аллоҳнинг ғазаби билан кетдилар ва уларга бечорахоллик ёзиб қўйилди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилишлари ва пайғамбарларни нохақ ўлдиришларидир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир.

113. (Аҳли китобнинг ҳаммаси хам) баробар эмас. Ахли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри йўлдаги кишилар ҳам бор.

114. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалларга буюриб, ёмон амаллардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар.

115. Улар қилган бирон яхшилик беркитилмайди (яъни зое бўлмайди). Аллоҳ тақводорларни билгувчидир.

116. Куфр йўлини тутган кимсаларни на моллари ва на болалари Аллоҳ томонидан бўладиган (азобдан) қутқара олмайди. Ана ўшалар жаҳаннам эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар.

117. Улар бу дунёда (хўжакўрсинга) қилган инфоқ-эҳсонларининг мисоли худди динсизлик билан ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Уларга Аллоҳ зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қилдилар.

И з о ҳ . Яъни худди эгалари кофир бўлганлари касофати билан экинларни совуқ уриб кетганидек, риё билан қилинган яхшиликдан ҳам ҳеч қандай фойда йўқдир. Ҳар қандай яхшилик Аллоҳ йўлида, холис ният билан қилинсагина ундан ажр, савоб кутиш мумкин.

118. Эй мўминлар, ўзларингни қўйиб, (у мунофиқларни) сирдош дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва ёмон ҳолга тушишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир. Агар ақл юргазсангизлар сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик.

119. Ҳой (мўминлар), сизлар уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни суймайдилар. Сизлар ҳамма китобларга иймон келтирасизлар-у (улар сизларнинг китобингизга иймон келтирмайдилар). Сизларга йўлиққанларида: «иймон келтирдик», дейишади. Узлари холи қолишганда эса сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли бармоқларини тишлайдилар. (Эй Мухаммад, уларга): «Шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар!» — деб айтинг! Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир.

120. Агар сизларга бирон яхшилик тегса, бу уларни хафа қилади. Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчидир.

121. (Эй Муҳаммад), аҳли оилангиз хузуридан чиқиб, мўминларни урушадиган жойларига тахт қилиб қўйган пайтингизни эсланг! Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.

И з о ҳ . Мана шу оятдан бошлаб ғазотлар ҳақида сўз кетади. Юқоридаги оятларда кофир, мунофиқлар билан сўз майдонида жангу жадал борган бўлса, энди бу жангу жадал уруш майдонига кўчади. Бу оятларда Ухуд уруши ҳақида батафсил сўз юритилиб, баъзи ўринларда Аллоҳнинг мўминларга қилган марҳаматини ёдга солиш учун Бадр жанги ҳам эслаб ўтилади. Юқоридаги оят Ухуд уруши ҳақидаги қиссанинг бошланишидир.

122. Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!

И з о ҳ . Пайғамбар алайҳис-салом Ухуд жангига минг кишилик лашкар билан чиқдилар. Душман қароргоҳига яқинлашганларида (уларнинг саноғи уч мингта эди) мусулмонлар орасига кириб олган Абдуллоҳ ибн Убай отли мунофиқ уч юз нафар аскар билан жанг майдонидан қочиб кета бошлади. Буни кўрган Бану Салама ва Бану Хориса қабиласидан бўлган мусулмонлар ҳам қайтмоқчи бўлдилар, лекин Тангрининг инояти билан бу қасдларидан воз кечдилар.

123. Ахир Аллоҳ Бадр жангида кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз! Шунда шояд (унинг неъматларига) шукр қилгайсиз.

124. Мўминларга:«Парвардигорингиз сизларга уч минг кўкдан туширилган фаришта билан мадад бериши кифоя қилмайдими?» деган пайтингизни эсланг!

125. Йўқ (кифоя қилур). Агар сабр қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар ва улар (кофирлар) шу онда сизларга ҳужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур.

126. Бу (мададни) Аллоҳ фақат сизларга хушхабар бўлсин, деб ва дилларингиз таскин топишлиги учун қилди. Аслида ғалаба фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридан келур.

127. Кофирларнинг бир қисмини ҳалок қилиш ёки мағлуб қилиб, ноумид ҳолда қайтариш учун (Аллоҳ сизларни ғолиб қилди).

И з о ҳ . Бадр жангида номдор паҳлавонлардан етмиш киши ўлдирилиб, етмиштаси асир олинди ва мусулмонлар ғалаба билан қайтдилар.

128. (Эй Муҳаммад), Сиз учун бу ишда (яъни бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яьни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар.

И з о ҳ . Бу оят Ухуд жангида пайғамбар алайҳис-саломнинг тишлари синиб, юзлари ёрилганида у зот, «ўз пайғамбарларининг юзини қонга бўяган қавм қандай нажот топсин?» дея умидсизликка тушганларида нозил бўлган.

129. Осмонлар ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ўзи истаган кишининг гуноҳларини мағфират қилур. Узи истаган кимсани азоблар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

130. Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз.

131. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз!

132. Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз.

133. Ва Парвардигорингиз томонидан бўлгувчи мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз!

134. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афвэтадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади.

135. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир.

136. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр!

137. Сизлардан илгари ҳам кўп йўллар – тажрибалар ўтгандир. Бас, ерда айланиб юриб, Аллоҳнинг динини ёлгон деганларнинг оқибатлари қандай бўлганини бир кўринглар.

138. Бу (Қуръон) одамлар учун тўғри йўлни баён қилгувчи ва тақво эгалари учун ҳидоят ва панд-насиҳатдир.

139. Куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва (Ухуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар.

140. Агар (бугун — Ухудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди.

141. Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок килиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради).

142. (Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!

143. Ўлимга рўбару бўлишингиздан илгари уни орзу қилар эдингиз. Мана энди (яъни Ухудда) уни кўзингиз билан кўриб турибсиз.

144. Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди.

145. Ҳар бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан ва аниқ белгилаб қўйилган муддатда ўлади.

И з о ҳ. Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим: қўрқоқлик умрни узайтирмайди, шижоат эса уни қисқартирмайди. Ҳар қандай тадбир-эҳтиёткорлик Тангрининг қазо ва қадарини ўзгартирмайди. Бас, нима сабабдан ҳақ йўлидаги курашдан қочмоқчи бўласиз?

Ким дунё савобини истаса (яъни фақат ўлжа истаб жангга кирса) унга ўша истаган нарсасини берурмиз. Ким охират савобини истаса, унга-да, истаган нарсасини берурмиз. Ва шукр қилгувчиларни муносиб мукофотлаймиз.

146. Қанчадан-қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда кўпдан-кўп художўйлар жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик — заифлик қилмаганлар ва (душманларига) бўйин эгмаганлар. Аллоҳ мана шундай сабр қилгувчиларни севади.

147. Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, қадамларимизни (жанг майдонида) собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!»

148. Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол-давлатни) ва ҳам охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади.

149. Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, сизларни ортингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар.

150. Йўқ, (улар сизларнинг дўстингиз эмас, балки) Аллоҳ хожангиздир. Ва У зот энг яхши ёрдамчидир.

151. (Тангри эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат-далил келмаган нарсани (яъни жонсиз бутларни) Аллоҳга шерик қилганлари сабабли кофирларнинг дилларига қўрқув солажакмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир, зулм қилгувчиларнинг жойлари нақадар ёмон жой!

152. Аллоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди — сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (пайғамбар алайҳис-саломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг (устидан ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонта) буриб юборди. Энди гуноҳларингизни афв қилди. Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган зотдир.

И з о ҳ. Ривоят қилишларича, Ухуд жанги бошланишидан олдин пайғамбар алайҳис-салом элликта мерганни тоғ устига қўйиб уларга ўринларидан жилмай мусулмонларни мудофаа қилиб туришни тайинладилар. Уруш бошланиши биланоқ мусулмонларнинг қўли баланд кела бошлаб, ғалаба кўзларига кўриниб қолди. Шунда у мерганлардан айримлари ўлжаси қолиб кетмаслик учун, айримлари ғолиб бўлдик, деб ўйлаб пайғамбар буюрган ўринларидан тоғдан тушиб кетишлари билан шу тоғнинг орқасидаги пистирмада турган душман аскарлари орқа тарафдан тўсатдан ҳужум қилдилар ва кутилмаган ҳужумдан таҳликага тушиб қолган мусулмонлар устидан ғалаба қилдилар. Мусулмонларнинг пайғамбар фармонларини бажармаганлари уларни аниқ бўлиб қолган ғалабадан маҳрум қилди. Оятнинг сўнгида Аллоҳ уларнинг бу гуноҳини афв этганини баён қилди ва уларни Тангринииг фазлу марҳаматидан ноумид бўлмасликка буюрди.

153. (Эй мўминлар), ҳеч кимга боқмай (жанг майдонидан) чиқиб кетган пайтингизни эсланг! Ҳолбуки пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди. Бас (ғалаба, ўлжалар янглиғ) сизлардан кетган нарсаларга ва (мағлубият, қурбонлар каби) сизларга етган нарсаларга хафа — ғамгин бўлмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

154. Сўнгра бу ғамнинг кетидан сизларга бир ором уйқусини туширдики, у сизлардан бўлган бир тоифа кишиларни (яъни ҳақиқий мўминларни) қамраб олди. Бошқа бир тоифа (яъни мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар. Улар: «Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди», дейишади. Айтинг (эй Муҳаммад): «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!» Улар сизга ошкор қилмайдиган нарсани (мунофиқликларини) яширадилар. Айтадиларки, «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганида эди, бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик». Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган кишилар шубҳасиз ҳалокат жойига келган бўлар эдилар». (Аллоҳ бу мағлубиятни) кўнгилларингиздаги нарсани (иймон ёки нифоқни) имтиҳон қилиш ва дилларингиздаги нарса (иймон)ни поклаш учун қилди. Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир.

155. Икки жамоат тўқнашган куни сизларнинг ичингиздан бўлган (уруш майдонидан) қочган кишиларни фақат шайтоннинг ўзи қилган айрим гуноҳлари сабабли йўлдан оздирди. Энди Аллоҳ уларнинг гуноҳларини афв этди. Албатта Аллоҳ мағфиратли, ҳалийм зотдир.

156. Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва бошқа ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амаларингизни кўргувчидир.

157. Қасамки, агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсангизлар ёки ўлсангизлар, албатта Аллоҳ томонидан бўлғуси мағфират ва раҳмат улар (яъни мунофиқ, кофирлар) тўплаган дунёдан яхшироқдир.

158. Қасамки, агар ўлсангиз ҳам, ўлдирилсангиз ҳам, албатта Аллоҳ хузурига тўпланажаксиз.

159. (Эй Муҳаммад) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади.

160. Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг ўзигагина суянсинлар!

161. Ҳеч бир пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, қиёмат кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур. Сўнгра ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолида қилган амалига комил жазо олгай.

162. Аллоҳнинг ризолигини истаган киши, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган, борар жойи жаҳаннам бўлган кимса каби бўладими?! Нақадар ёмон оқибат бу!

163. Улар Аллоҳнинг ҳузурида ҳар хил даража — манзилатларда бўлурлар. Аллоҳ улар қилаётган амалларни кўргувчидир.

164. Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гунохларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар.

165. (Эй мўминлар), агар сизларга (Ухудда душман томонидан) бир мусибат етса — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — Бу бало қайдан келди? — дейсизми?! (Эй Муҳаммад), уларга: «Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

166-167. Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва ҳақиқий мўминларни билиш учун ҳамда нифоқ йўлига кирган кимсаларни аниқлаш учун бўлди. Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар», дейилса, «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билгувчидир.

168. (Эй Муҳаммад), ўша ўзлари ўтириб олиб дўстлари ҳақида: «Агар бизнинг гапимизга кириб (жанг қилишдан бош тортганларида) ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга: «Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи», деб айтинг!

169-170. Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар.

171-172. Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Аллоҳ ва расулига бўйинсунган мўминларнинг ажри — мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар. Уларнинг орасидаги чиройли итоат қилган ва Аллоҳдан қўрққан зотлар учун улуғ ажр — мукофот бордир.

173. Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар.

174. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир.

И з о ҳ . Юқоридаги оятларда мусулмонларнинг Ухуд жангидан кейинги аҳволи баён қилинди. Ривоят қилишларича, мушриклар Ухудда мусулмонлар устидан ғалаба қилиб, уйларига қайтгач, йўлда: «Нега уларни бутунлай қириб ташламадик?» — деб надомат қилдилар. Бу гап расулуллоҳга етиб келганида у зот мушрикларнинг дилига қўрқув солиш ва уларга ўзларини ҳали куч-кувватга эга эканликларини кўрсатиб қўйиш учун мусулмонларни уларнинг ортидан юришга чақирадилар. Мусулмонлар Ухуд жангида кўп талофот ва жароҳатлар олганларига қарамай, пайғамбарнинг даъватларига «Лаббай!» деб жавоб бердилар ва баъзи бир «шайтон»ларнинг «қурайшлик мушрикларнинг сон-саноқсиз лашкари бор», деган васвасалари ҳам уларни қўрқита олмади, балки иймонларини зиёда қилди, холос. Улар пайғамбар алайҳис-салом билан бирга мушрикларнинг ортидан бориб Ҳамро ал-Асад деган жойда уларга етиб олдилар. Шунда Тангри таоло мушрикларнинг дилларига бир қўрқув солди ва улар мусулмонларга қарши жанг қилишга журъат қила олмадилар ва мусулмонлар эсон-омон Мадинага қайтиб келдилар.

175. Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!

176. (Эй Муҳаммад), куфр — динсизликка шошаётган кимсалар Сизни ғамгин қилмасин! Албатта улар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. (Фақат) Аллоҳ улар учун охиратда бирон насиба бўлмаслигини истайди. Улар учун улуғ азоб бор (холос).

177. Албатта куфрни иймонга алмаштирадиган кимсалар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Улар учун аламли азоб бордир.

178. Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган мухлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки биз уларга фақат гунохларини зиёда қилишлари учунгина мухлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир.

179. Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Ухудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғойибдан хабардор) огоҳ қилур. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр — мукофот бордир.

180. Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлару ер мерос бўлиб Аллоҳнинг ўзига қолур. Аллоҳ қила-ётган амалларингиздан хабардордир.

181. Албатта Аллоҳ: «Аллоҳ камбағал, бизлар боймиз», деган кимсаларнинг сўзини эшитди. Уларнинг айтган гапларини ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларини ёзиб қўюрмиз ва (қиёмат куни) уларга: «Жаҳаннам азобини тотиб кўрингиз!» — деб айтурмиз.

182. Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Албатта Аллоҳ бандаларига зулм қилгувчи эмасдир.

183. У кимсалар: «Албатта Аллоҳ бизга бирон пайғамбар то бир қурбонлик атаб, уни (осмондан тушган) олов еб (яъни ёндириб) кетмагунча унга иймон келтирмаслигимизни буюрган», дедилар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Муҳаққақки, мендан илгари сизларга кўп пайғамбарлар очиқ ҳужжатлар ва сизлар айтган нарсани (яъни қурбонликларни) келтирганлар. Бас, агар шу гапларингиз рост бўлса, нима учун уларни ўлдирган эдингизлар?!»

184. (Эй Муҳамамад), агар Сизни ёлғончи қилишган бўлса (асло ғамгин бўлманг, чунки) Сиздан илгари ҳам очиқ ҳужжатлар, битиклар ва нурли Китоб келтирган кўп пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар.

185. Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир.

186. Албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Тангри таоло мол ва жонларингизга хилма-хил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар), ва албатта сизлардан илгари Китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни сабр-тоқатли бўлиб, Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир.

187. Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» — деб аҳд-паймон олган эди. Сўнг улар бу аҳд-паймонни ортларига ташладилар ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди!

188. (Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз қилган ишлари (яъни одамларни ҳақ йўлдан адаштиришлари) билан хурсанд бўладиган ва қилмаган ишлари билан мақтовлар эшитишни яхши кўрадиган кимсалар азобдан йироқ макондалар, деб ўйламанг! Улар учун аламли азоб бордир.

189. Осмонлар ва ердаги бор мулк Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

190. Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир.

191. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил!

192. Парвардигоро, албатта Сен кимни жаҳаннамга киритсанг, муҳаққақ уни расво қилурсан. Ва бундай золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир.

193. Парвардигоро, албатта биз: «Парвардигорингизга иймон келтирингиз!» — деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад алайҳис-саломнинг нидоларини) эшитдигу, иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гунохларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир!

194. Парвардигоро, бизларга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни (жаннат, мағфират, висолингдан баҳраманд этиш каби неьматларингни) ато қил ва бизларни қиёмат кунида расво қилмагил! Албатта, Сен ваъдангта хилоф қилмагайсан.

195. Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро бировингиз бировингиздандирсиз. (яъни эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган). Бас, ватанларидан ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, менинг йўлимда азиятлар чеккан ва (менинг йўлимда) жанг қилиб, қатл этилган зотларнинг қилган гуноҳларини ўчиргайман ва уларни Аллоҳ ҳузуридан савоб — мукофот қилиб тагларидан дарёлар оқиб турадиган боғларга киритурман. Ва энг гўзал савоб — мукофот Аллоҳнинг ҳузуридадир».

196. Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин!

197. (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у!

198. Аммо Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун Аллоҳ ҳузуридан зиёфат бўлмиш — тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар бордирки, улар бу боғларда абадий қолажаклар. Яхшилар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарса (яъни савоб-ажр кофирларнинг муваққат кайф-сафоларидан) афзалроқдир.

199. Албатта аҳли китоб ичида Аллоҳга ҳамда сизларга нозил қилинган ва ўзларига нозил қилинган нарсаларга иймон келтирувчи, Аллоҳга итоат қилиб бош эгувчи, Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга сотиб юбормайдиган зотлар ҳам бор эканлиги аниқ-равшандир. Ана ўшалар учун Парвардигорлари ҳузурида ажру савоб бордир. Албатта Аллоҳ тез-да ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир.

200. Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш — жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!

  Рукнлар Қуръони каримнинг ўзбекча мазмуни.

Муҳокама ёпилган.