5. Моида сураси

Қуръоннинг энг сўнгги сураларидан саналувчи бу сура Мадинада нозил қилинган бўлиб, бир юз йигирма оятдан иборатдир. Унда шариат аҳкомлари батафсил баён этилиши билан биргаликда, эътиқод мавзуи ва аҳли китоб ҳақида ҳам сўз юритилади. Ушбу сурада кишилар ўртасидаги ақд (битим, келишув) муомалалари; гўшти ҳалол бўлган ҳайвонларни сўйиш масалалари; ов ҳақидаги ҳукмлар: ҳаж ва умра каби ибодатлар учун шарт бўлган иҳром баёни; аҳли китоблардан бўлган аёлларга уйланиш жоизлиги хусусидаги хукмлар; таҳорат қоидалари; ўғрилик, зўравонлик ва бузғунчилик жиноятларининг жазолари; ичкилик ва қимор тўғрисидаги сўнгги-қатъий хукм ва шариати исломийянинг яна бошқа кўпдан-кўп ҳукм ва қонунлари ҳақида муфассал маълумот берилади.

Бундан ташқари бу сурада бизларга панд-насиҳат ва ибрат бўладиган қиссалар ҳикоя қилинади. Шундай қиссалардан бири Бани Исроилнинг ўз пайғамбарлари Мусо алайҳис-салом билан бўлган можаролари бўлиб, унда яҳудийлар иймонсиз ва қўрқоқликлари сабабли пайғамбар сўзига кирмай, оқибатда қирқ йиллаб чўлу саҳроларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлари айтилади.

Яна бир қиссада эса Одамнинг икки фарзанди — Қобил ва Ҳобил ўртасида бўлиб ўтган мужодала — Қобил ўз биродари Ҳобилни ноҳақ ўлдиргани тўғрисида хабар берилиб, бу қисса орқали яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги доимий кураш тасвирланади. Бу фожеа ер юзидаги ноҳақ қон тўкилиш фожеаларининг биринчиси эди.

Яна Ийсо пайғамбарга берилган мўъжизалардан бири — осмондан моида (дастурхон) тушгани воқеаси ҳам борки, суранинг «Моида» деб аталишининг боиси шудир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Эй мўминлар, ақдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз! Сизлар учун — иҳромда туриб ов овлашни ҳалол қилиб олмаган ҳолингизда — (қуйидаги оятларда ҳаромлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Албатта, Аллоҳ Ўзи истагандек ҳукм қилур.

И з о ҳ. Бу оятни шундай тушунмоқ лозим. Мўминлар учун шу суранинг учинчи оятида тиловат қилинадиган ҳаром ўлган ҳайвон, қон, тўнғиз гўшти ва бошқа нарсалардан ташқари туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини сўйиб истеъмол этиш ҳалол этилгандир. Лекин ҳаж ибодатини адо қилиш ниятида иҳром боғлаган — яъни махсус либос кийган киши учун ҳар қандай жониворни овлаш ёки сўйиш ҳаромдир.

2. Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Аллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни ўлдиришни ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини узиб ташлашни ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз! (Иҳромдан чиқиб) ҳалол бўлгач ов қилаверингиз. (Сизларни Каъбадан тўсганлари сабабли) бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин! Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

3. Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ўлган, (бошқа бирон ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган жониворлар ҳаром қилинди. Магар (бу жониворларни жони чиқмасдан туриб) сўйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, ҳалолдир. Яна бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан бу ишларингиз итоатсизликдир.

И з о ҳ . Ислом келишидан илгари араблар ҳар турли фол очишларга жуда берилган эдилар. Шулардан бири — уларнинг доимо ёнларида учта бир хил чўпни олиб юришлари эди. У чўпларнинг бирига: «Қилгин», яна бирига «Қилмагин», деб белги қўйилган, учинчисига эса ҳеч нарса ёзилмаган бўларди. Қачон бирон ишни адо этмоқчи бўлсалар, ўша чўплардан фол сўрардилар. Ислом бундай хурофотларни манъ қилди.

Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим. Бас, кимки очарчиликда, гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни ейишга) мажбур бўлса (Аллоҳ кечирар). Зеро, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

4. (Эй Муҳаммад, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг – Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир.

5. Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Қачонки зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай маҳрларини бериб уйлансангиз, сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир. Кимки иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетиши аниқдир ва у охиратда зиён кўргувчилар тоифасидандир.

6. Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масх тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз! Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни юзингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз). Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди.

7. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва: «Эшитдик ва итоат қилдик», деган пайтингизда сизлар билан боғлаган аҳд-паймонини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ дилларни эгаллаган (сирларни) билгувчидир.

8. Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

9. Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ажр бўлишини ваъда қилди.

10. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир.

11. Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — бир қавм сизларга қўл кўтаришни (яъни ҳалок қилишни) қасд қилганида уларнинг қўлларини сизлардан қайтарганини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Иймонли кишилар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!

И з о ҳ . Ушбу оят нозил бўлишининг сабаби хусусида бир неча ривоятлар мавжуд. Шулардан бири «Саҳиҳул-Бухорий»да келтирилган ҳадисдир: пайғамбар алайҳис-салом саҳобалар билан кетаётиб бир дарахтзор манзилга қўндилар. Дам олиш учун ҳар ким ҳар тарафга тарқалиб кетди. Расулуллоҳ ёлғиз ўзлари бир дарахт соясида ёнбошлаб, энди кўзлари илинганда бир шарпадан уйғониб кетдилар. Қарасалар, тепаларида бир аъробий (тоғлик динсиз араблардан) ўзларининг қиличларини яланғочлаб чопмоқчи бўлиб турибди. Расулуллоҳ уйғониб кетганларини кўргач, у: «Энди сени мендан ким сақлай олади?!» — деди. Пайғамбар алайҳис-салом эса хотиржамлик билан: «Аллоҳ», деб жавоб қилдилар. Шунда аъробий бирдан бўшашди ва қилични ташлаб, пайғамбар алайҳис-салом ёнларига ўтирди. Шовқинни эшитиб етиб келган айрим саҳобалар эса бу ҳолдан лолу ҳайрон бўлиб қолдилар. Мазкур оят Аллоҳнинг ўзига суянган кишиларни Аллоҳ сақлайди, деб уқтиради.

12. Аллоҳ Бани Исроилнинг аҳд-паймонини олди ва ўзларидан ўн икки бошлиқни (Мусо билан бирга, Шом заминини маскан тутган кофирларга қарши жанг қилиш учун) жўнатиб, Аллоҳ айтди: «Албатта Мен сизлар билан биргаман. Қасамки, агар намозни тўкис адо қилсангиз, закотни (ҳақдорларга) ато қилсангиз, пайғамбарларимга иймон келтириб, ёрдам берсангиз ва (бева-бечораларга яхшилик — эҳсон қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана берсангиз (яхшилик билан қарздор қилсангиз), албатта ёмонликларингизни (яъни қилган гуноҳларингизни) ўчирурман ва албатта сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга доҳил қилурман. Мана шу аҳд-паймондан кейин сизлардан кимки кофир бўлса, унинг тўғри йўлдан озгани аниқдир».

13. Сўнг аҳд-паймонларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва тошбағир қилиб қўйдик. Улар (Тавротдаги Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар бўлишлари ҳақидаги) сўзларини ўз ўринларидан ўзгартирадилар, ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан эса (кўп) ҳиссасини унутиб юборганлар. (Эй Муҳаммад), сиз мудом улар тарафидан қилинган бирон хиёнат устидан чиқасиз. Магар улардан (Исломни қабул қилган) озчилик кишиларгина хиёнат қилмайдилар, холос. Бас, уларни афв этиб, кечириб юбораверинг. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади.

14. «Бизлар насронийлармиз», деган кимсалардан ҳам аҳд-паймонларини олдик. Сўнг ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан (кўп) ҳиссасини унутдилар. Бас, уларнинг ўрталарида то қиёмат кунигача буғзу адоватни авж олдирдик. Яқинда Аллоҳ уларга қилиб ўтган «ҳунар»ларининг хабарини беражак.

15-16. Эй ахли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳис-салом) сизлар китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур-Очиқ Китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва Ўзи изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри йўлга ҳидоят қилур.

17. «Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ бинни Марямни, унинг онасини ва ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳ тарафидан бўлган нарсани (балони) қайтаришга эга бўла олади?!» Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи истаган нарсасини Ўзи истаган суратда яратур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

18. Яҳудий ва насронийлар: «Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз», дедилар. Айтинг: «У ҳолда нега сизларни гунохларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам У яратган барча одамлар каби одамсизлар. Ўзи истаган кишисини мағфират қилур, истаган кишисига азоб берур». Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат унинг Ўзига қайтилур.

19. Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад алайҳис-салом) аввалги пайғамбарлардан анча замон ўтиб: «Бизга на бирон (жаннат ҳақида) хушхабар бергувчи ва на бирон (дўзах азобидан) қўрқитгувчи келмаган», демасликларингиз учун сизларга дин ҳукмларини баён қилган ҳолда келди. Мана, сизларга хушхабар бергувчи ва (дўзахдан) қўрқитгувчи бўлган зот келди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!

20. Эсланг (эй Муҳаммад), Мусо қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини ёдга олингиз.

21-22. Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу Муқаддас ерга (шаҳарга) дохил бўлингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қолурсиз», деганида улар: «Ё Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмагаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўлурмиз», дедилар.

23. (Шунда ўн икки бошлик орасидан) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом-марҳаматига муяссар бўлган икки киши: «Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, ундан кириб олишингиз биланоқ шубҳасиз ғолиб бўлурсиз. Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!» дедилар.

24. (Қавм) айтди: «Ё Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз».

25. Мусо айтди: «Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Хорунга) эгаман, холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин».

26. Аллоҳ деди: «Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин».

27. (Эй Муҳаммад), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари) бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у «Қасамки, сени ўлдирурман», деганида, биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур».

И з о ҳ . Муфассирлар (Қуръонни тафсир, шарҳ қилувчилар) ёзишларича, воқеа бундай бўлган: Одамнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил бир қизни талашиб қоладилар. Шунда Одам уларга Тангри йўлида қурбонлик қилишни буюради ва кимнинг қурбонлиги Тангри даргоҳида қабул бўлса, қизни ўшанга никоҳлаб беришни айтади. (Унинг қабул бўлганининг аломати — осмондан ўт — чақмоқ тушиб ёндириб кетиши эди). Улар бу шартни қабул қилдилар ва Қобил ўзининг касби деҳқончиликдан энг сифатсиз — бемазасини топиб, қурбонлик қилади. Ҳобил эса қўйлари орасидан (у чорвадор эди) энг яхши бир қўчқорни танлаб қурбонлик қилади. Шунда Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилингани маълум бўлади. Бундан ғазабга келган Қобил ўз инисини ўлдирмоқчи бўлади.

28. Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман.

29. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир.

30. Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди.

31. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У: «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми — биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!» деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди.

32. Ана ўша (фожеа) сабабли Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) ёзиб қўйдик: кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гуё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак; гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Уларга (Бани Исроилга) пайғамбарларимиз мана шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар.

И з о ҳ, Мазкур оятда Исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади.

33. Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси – ўлдирилиш ё дорга осилиш,  ёки оёқ-қўллари тескарисига  (яъни ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши, ёхуд ўз  ерларидан  сургун  қилинишларидир.  Бу  жазо  улар  учун бу дунёда расволик — шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир.

34. Магар сизлар қодир бўлишингиздан (қўлга тушишларидан) илгари тавба қилган кишилар бўлса, билингизки, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон зотдир.

35. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз  ва  Унга  яқин бўлиш  йўлини  излангиз  ҳамда  Унинг йўлида жиҳод қилингиз, шунда шояд нажот топурсиз!

36. Кофир бўлган кимсалар эса ердаги бор нарса икки баробар бўлиб уларнинг мулкига айланиб, ўшани қиёмат кунидаги азобдан  (нажот топиш учун) сарф қилмоқчи бўлсалар, улардан қабул қилинмас. Улар  учун  аламли  азоб  бордир.

37. Улар  дўзахдан   чиқмоқчи бўладилар-у, ҳеч ундан чиқувчи бўла олмайдилар — улар учун доимий азоб бордир.

38. Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлсин учун, Аллоҳ томонидан азоб бўлсин учун қўлларини кесинглар! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.

39. Аммо ким бундай жабру зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, албатта  Аллоҳ  унинг  тавбасини   қабул  қилар.  Албатта,  Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондур.

40. Ахир Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулки эканини,  У зот  Ўзи истаган  кишисини азоблаб,  истаган кишисини мағфират қилишини билмадингизми? Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

41. Эй пайғамбар, оғизларида: «Иймон келтирдик», деган,   аммо  диллари   иймон   келтирмаган   (мунофиқлардан)   ва яҳудийлардан  бўлган,  куфр томонга  қараб  чопаётган  кимсалар сизни маҳзун қилмасин. Улар ёлғонга қулоқ бергувчи ва сизнинг олдингизга келмаган, сўзларни ўз ўринларига қўйилгандан кейин ўзгартирадиган бошқа қавмга (яъни яҳудийларга) қулоқ бергувчи кимсалардир. (Яҳудийлар): «Агар (Муҳаммад тарафидан) сизларга мана шу ҳукм берилса, олинглар, бўлмаса, (яъни бошқа бир ҳукм айтилса), эҳтиёт бўлинглар —олманглар, дейишади. Кимники Аллоҳ ўзи адаштиришни истаса, бас, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан   ҳеч   нарса   қила   олмассиз.   Улар   Аллоҳ   кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир. Улар учун дунёда расволик, охиратда эса улуғ азоб бордир.

И з о ҳ. Мазкур оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеани нисбат қиладилар. Тавротда зинокорни тошбўрон қилиш буюрилишига қарамасдан яҳудийлар зино қилувчини дарралаб, юзига қора чаплашни одат қилиб олган эдилар. Мадинада Ислом давлати барпо бўлганидан кейин улар мана шу сохта ҳукмни Муҳаммад алайҳис-саломдан ҳам тасдиқлатиб олмоқчи бўлишиб, мадиналик айрим мунофиқ кимсаларни, бир зинокор яҳудийни кўшиб, у зотнинг ҳузурига юборадилар ва уларга: «Агар Муҳаммад бизнинг одатимизни тасдиқласа — қабул қилинглар, аммо тошбўрон қилишни буюрса — қабул қилмайсизлар», деб тайинлайдилар. Улар келиб, бу масалани сўраганларида Пайғамбар алайҳис-салом: «Бу ҳақда Тавротда нима дейилган?» — деб сўрайдилар. Улар: «Тавротда ҳам дарралаш буюрилган», деб нотўғри жавоб қиладилар. Шунда расулуллоҳ яҳудий уламоларидан бирини топтириб, ундан: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман. Тавротда зинокорга қандай жазо буюрилган?» деб сўраганларида у: «Модомики Аллоҳ номи билан сўрар экансиз, ростини айтишга мажбурман — тошбўрон қилишга буюрилган»,— деб жавоб беради. Бу жавобни эшитгач, Расулуллоҳ зинокор яҳудийни тошбўрон қилишга буюрадилар. Аммо ўзлари уларнинг Тавротдаги Аллоҳ хукмини ўзгартириб юборганларига қаттиқ хафа бўладилар. Шунда Аллоҳ пайғамбарига тасалли бериш учун мазкур оятларни нозил қилди.

42. Улар ёлғонга қулоқ берувчи ҳаромхўр кимсалардир. Бас, агар Сизга келсалар (хоҳласангиз), ўрталарида ҳакамлик қилинг, (хоҳласангиз) улардан юз ўгиринг. Агар улардан юз ўгирсангиз, зинҳор Сизга бирон зарар етказа олмаслар. Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни севади.

43. Олдиларида Таврот, унда Аллоҳнинг ҳукми бўлгани ҳолда Сиздан ҳукм сўраб, сўнгра (яъни, ҳукм қилганингиздан кейин қандай) юз ўгириб кетадилар-а? Улар ҳеч мўмин эмаслар!

44. Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. Аллоҳга бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар. Улар бу китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир.

45. Унда (яъни Тавротда) яҳудийларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёзиб қўйдик. Энди ким уни (яъни қасосни) кечиб юборса, ўзи учун каффорат (яъни гуноҳларни ўчириб юборувчи) бўлур. Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир.

46-47. Уларнинг изларидан ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлган Ийсо бинни Марямни эргаштирдик ва унга ҳидоят ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик ҳамда «Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилсинлар», дедик. Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлардир.

48. Сизга эса (эй Муҳаммад), ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир миллатга алоҳида шариат йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Аллоҳга қайтишингиз бор. Сўнг у зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур.

49. (Эй Муҳаммад), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар (Сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз, одамлардан кўплари итоатсиздирлар.

50. Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!

51. Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.

52. Бас, Сиз дилларида мараз бўлган кимсалар: «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз», деган ҳолларида улар (кофирлар) томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд Аллоҳ мусулмонларга ғалаба берса ёки ўз ҳузуридан (бу мунофиқ кимсаларни шарманда қиладиган) бирон ишни келтириб, улар ичларида яширган нарсаларига надомат қилувчиларга айланиб қолсалар.

53. (Шунда) мўминлар (бир-бирларига): «Жон-жаҳдлари билан «Сизлар билан биргамиз», деб қасам ичганлар шуларми?» дейдилар. У мунофиқларнинг қилган амаллари беҳуда кетди ва ўзлари зиён кўргувчиларга айланиб қолишди.

54. Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга хоксор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир.

55. Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир.

56. Кимки Аллоҳни, унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса, (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир

57. Эй мўминлар, сизлардан илгари китоб берилганлар ичидан динингизни ҳазил-масхара қилиб олган кимсаларни ва кофирларни дўст қилиб олмангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқингиз!

58. Сизлар қачон намозга чақирсангиз (азон айтсангиз), улар ўша (намозни) масхара ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб уларнинг ақлсиз — жоҳил қавм эканликларидир.

59. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй аҳли китоб, сизлар бизни Аллоҳга, бизга нозил қилинган Китоб (Қуръон)га ва илгари нозил қилинган китобларга иймон келтирганимиз, сизларнинг кўпчилигингиз эса итоатсиз бўлганингиз сабаблигина ёмон кўрасизлар».

60. Айтинг: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида бундан кўра ёмонроқ «савоб» (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган ва маймун, тўнғизларга айлантириб қўйилганлар ҳамда шайтонга қул бўлган кимсалардир. Ана ўшалар энг ёмон мартабада бўлган ва бутунлай тўғри йўлдан озган кимсалардир.

61. Улар сизларнинг олдингизга келганларида: «Иймон келтирдик», дейдилар. Ҳолбуки, улар (эй Муҳаммад, сизнинг ҳузурингизга) кофир ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқурлар. Аллоҳ улар яширувчи бўлган нарсани, (яъни дилларидаги куфрни) жуда яхши билгувчидир.

62. Уларнинг кўпларини гуноҳ, зулм томонга ва ҳаромхўрликка чопаётганларини кўрасиз. Қилаётган ишлари нақадар ёмон иш!

63. Олим ва донишмандлари уларни гуноҳ сўзлардан, ҳаромхўрликдан қайтармайдиларми?! Қилаётган ҳунарлари нақадар ёмон ҳунар.

64. Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни бахил)», дедилар.— Ўзларининг қўллари боғланиб қолгай ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар.— Йўқ! У зотнинг қўллари очиқдир ва Ўзи истагандек инфоқ-эҳсон қилур. Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса (Қуръон) улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Уларнинг ораларига то қиёмат кунигача кетадиган буғзу адоватни ташлаб қўйганмиз. Улар қачон (Сизга қарши) уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар ерда бузғунчилик қилиб юрурлар. Аллоҳ эса бузғунчи кимсаларни севмас.

65. Агар аҳли китоб иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсалар эди, Биз албатта ёмонликларини ўчирган ва жаннат неъматларига дохил қилган бўлар эдик.

66. Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар. Уларнинг ораларида адолат эгалари бўлган кишилар ҳам бор. Аммо уларнинг кўплари нақадар ёмон амалларни қиладилар.

67. Эй пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг!, Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан (зараридан) сақлагай. Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас.

68. Айтинг: «Эй ахли китоб, то Тавротга, Инжилга ва сизларга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилмагунингизча, ҳеч қандай динда эмассизлар. (Эй Мухаммад), сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Бас, сиз бу кофир қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлманг!

69. Албатта иймон келтирган зотлар яҳудий бўлганлар, собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар) ва насронийлар — (улардан) қайсилари (иймонга келиб) Аллоҳга, охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшалар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдур.

70. Биз Бани Исроилнинг аҳд-паймонини олдик ва уларга пайғамбарлар юбордик. Қачон уларга бир пайғамбар нафслари хоҳламаган бирон ҳукмни келтирса, бировларини ёлғончи қиладилар, бировларини эса ўлдирадилар.

71. Ва (бу қилмишлари натижасида) ҳеч қандай фитна бўлмайди, деб ўйлаб кўру кар бўлиб олдилар. Сўнг (тавба қилганларида) Аллоҳ тавбаларини қабул қилди. Кейин улардан кўплари яна кўр ва кар бўлиб олдилар. Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир.

72. «Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй Бани Исроил, Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!» — демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас.

73. «Аллоҳ — Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар. Чунки ягона Илоҳдан бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди.

74. Ахир, Аллоҳга тавба қилиб, мағфират қилишини сўрамайдиларми?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон-ку!

75. Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққи-рост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар. (Эй Муҳаммад), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг!

76. Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир».

77. Айтинг: «Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг!

И з о ҳ . Яҳудийлар Исони отасиз туғилгани учун «валади зино», яъни «ҳаромдан бўлган бола», деб ҳақорат туҳмат қилар эдилар. Насронийлар эса «Исо — худонинг ўғли» дейишар эди. Шунинг учун бу оятда ҳар икки тоифага: «Динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг», деб хитоб этилади.

78. Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо бинни Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир.

79. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!

80. Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани — Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар.

81. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни — кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир.

82. Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Иймон келтирган зотларга энг яқин дўст бўлгувчилар эса: «Биз насронийлармиз», деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва уларнинг кибр-ҳаво қилмасликларидир.

83. Улар пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръонни) эшитган пайтларида, унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар: «Парвардигоро, иймон келтирдик. Бас, бизни гувохлик бергувчилар қаторига ёзгин», дейдилар.

И з о ҳ . Ушбу оятлар Ҳабаш давлатидаги насронийлар ҳақида нозил бўлган. Исломнинг илк даврларида Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирган саҳобаларга турли тазйиқлар ўтказиб, мусулмонлар учун Маккада яшаш ниҳоят даражада қийинлашиб кетганида Расулуллоҳ бир қанча саҳобага Ҳабаш юртига ҳижрат қилишни буюрдилар. У ерда насронийлар яшар эдилар. Мусулмонлар борганларида Ҳабашистон подшоҳи Нажоший улардан ким эканликларини ва қайси динга ишонишларини сўраб-суриштиради. Булар ўзларининг араб юртидан келганликларини, динлари Ислом, пайғамбарлари Муҳаммад алайҳис-салом эканини айтадилар. Нажоший: «Бу қандай дин ва қайси китобга амал қилади, у қандай пайғамбар?» — деб сўраганида, мусулмонлар пайғамбар алайҳис-салом ҳақларида маълумот бериб, Исломнинг моҳиятини сўзлаб берадилар ва Қуръон оятларидан тиловат қиладилар. Шунда Нажоший ва бошқа насроний уламо ва роҳиблар Ислом ҳақ дин эканига, Қуръоннинг эса илоҳий китоб эканига тан берадилар ва бу китоб оятларининг таъсиридан кўзёшларини тўхтата олмай қоладилар. Нажоший эса: «Бу китоб билан бизнинг Инжилимизнинг асли — манбаи биттага ўхшайди», дейди ва мусулмонларга бу юртда бемалол яшашлари учун қулайликлар ҳозирлаб беришни буюради. Бу воқеалардан хабар топган ўша ерлик яҳудийлар: «Насронийлар ўз динларидан чиқиб, мусулмон бўлиб кетдилар», деб маломат қилганларида, насроний уламо ва роҳиблари уларга жавобан бундай дейдилар:

84. «Бизга нима бўлдики, ўзимиз Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймиз-у, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил килишини тамаъ қиламиз?!»

85. Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилгувчиларнинг мукофотидир.

86. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир.

87. Эй мўминлар, Аллоҳ Сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар! Албатта, Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас.

88. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар!

89. Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам тугган қасам сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш, ёхуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу — қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур.

90. Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз!

91. Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!

И з о ҳ. Бу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор… ҳақидаги охирги ҳукмдир, мусулмонлар мана шу ҳукмга амал қилишлари фарздир. Қуръон одатдагидек бу нарсаларни қуруқдан-қуруқ ҳаром дейиш билан кифояланмай, нима сабабдан ҳаром қилинганини ҳам баён қилади.

92. Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга буйинсунингиз ва (ҳаромдан) эҳтиёт бўлингиз! Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, пайғамбаримиз зиммасида фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос.

93. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун — агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар — (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ, йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади.

94. Эй мўминлар, албатта Аллоҳ ғойибда (кўрмай) туриб ўзидан қўрқадиган кишиларни билиш учун сизларни (ҳаж сафарида бўлган чоғингизда) қўл ва найзаларингиз етгудек овлар билан имтиҳон қилур. Мана шу (огоҳлантиришдан) кейин ким ҳаддидан ошса (иҳромда бўлган ҳолда ов овласа), унинг учун аламли азоб бордир.

95. Эй мўминлар, иҳромда бўлган чоғингизда бирон овни ўлдирманг! Сизларнинг орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унинг зиммасида) чорва молларидан ўлдирган ови баробарида жазо бордирки, у Каъбага етиб боргувчи ҳадя бўлиб, унга ўзларингдан икки адолат эгаси ҳакамлик қилур. Ёки (унинг зиммасида) каффорат — (ўша овнинг қиймати баробарида) мискинларга таом бериш ё ўз ишининг зиёнини тотиб кўриши учун шунинг (яъни ўша қийматнинг) баробарида рўза тутиш бордир. Илгари ўтган овларни Аллоҳ афв этди. Ким яна қайтиб (ов) қилса, ундан Аллоҳ интиқом олур. Аллоҳ қудрат ва интиқом соҳибидир.

96. Сизларга ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз (сув) ови ва унинг емишлари (яъни сизлар овламай ўзи соҳилга чиқиб қолган нарсалар) ҳалол қилинди. Ва модомики иҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. (Қиёмат куни) даргоҳида тўпланадиган Аллоҳдан қўрқингиз!

97. Аллоҳ Каъба — Байт-ул-ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлиқ) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди.

И з о ҳ . Одамлар Каъбани муқаддас деб билганлари учун у ерда урушмас эдилар. Агар Каъбага бирон-бир қотил кириб қолса, то чиқмагунича унга тегмайдилар. Уруш ҳаром қилинган ойларда (Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларида) эса одамлар учун ҳеч қандай уруш хавфи йўқдир. Аллоҳ йўлига ҳадя (қурбонлик) қилинган ёки ҳадялик белгиси осиб қўйилган жониворларга ҳам ҳеч ким тегмас, агар очликдан силлалари қуриб қолса ҳам у жониворларни сўйиб ейишни гуноҳ деб билардилар. Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар кишиларда тўғрилик-ростлик хислатларини тарбиялашга қаратилган.

Бу (нарса) Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарсани билишини — Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи эканини билишинглар учундир.

98. Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зот эканини ва албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон эканини билингиз!

99. Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ ошкор этган нарсангизни ҳам, яширган нарсангизни ҳам билур.

100. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас. Бас, ахли дониш, нажот топишингиз учун Аллоҳдан қўрқингиз!

101. Эй мўминлар (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган), очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалиймдир.

102. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра эса у нарсаларни инкор қилувчиларга айландилар.

И з о ҳ . Бани Исроил қавми ўз пайғамбарларидан Аллоҳ уларга буюрмаган нарсаларни сўрар эдилар. Кейин пайғамбар уларга ўша нарсаларни қилишга амр қилганида эса бош тортдилар. Шунинг учун Қуръон мусулмонларга Аллоҳ буюрмаган ишларни сўраб-суриштиравермай, ўзларига буюрилган ибодатларни сидқидилдан адо этаверишни уқтиради.

103. Аллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар.

И з о ҳ . Ислом келишидан илгари арабларда шундай одат бор эди: бешта туққан туянинг қулоғини кесиб, бутларга ҳадя этардилар. Шундан кейин уни соғиш ҳаром деб ҳисобланар эди. Бундай туяни «баҳийра» деб аташарди. Бирон киши бетоб бўлиб қолса: «Соғайиб кетсам, туямни Тангри йўлида ҳайдаб юбораман», деб қасам ичарди. Сўнг соғайгач, туясини кўчага ҳайдаб чиқарар ва ундан ҳеч ким фойдаланмас эди ва уни «соиба» деб аташар эди. Араблар кетма-кет иккита урғочи бўталоқ туққан она туяни ҳам «васийла» деб атаб, бутларга қурбонлик қилар эдилар. «Ҳомий» эса пуштидан ўн бўталоқ бўлган эркак туядир. Арабларнинг одатича, бундай туя ҳам ўз ишини қилиб бўлган деб ҳисобланиб, бўш қўйиб юборилар эди. Мазкур оят бу ишларнинг биронтаси Тангрининг фармони эмаслигини ва хурофот эканлигини уқтиради.

104. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни қайси диннинг) устида топган бўлсак, ўша етарли», дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?!

105. Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур.

И з о ҳ . Бу оятни пайғамбар алайҳис-салом шундай шархлаган эканлар: «Яхшиликка юрингиз, ёмонликдан қайтингиз. Қачон одамларнинг бахилликка, нафсу ҳавога ва молу дунёга берилиб кетганларини кўрсангиз, ўзингизни бу иллатлардан сақлангиз, шунда уларнинг қилган ишларининг сизга зарари бўлмайди».

106. Эй мўминлар, бировингизга ўлим келганда — васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни мусулмонлардан) бўлган икки адодат эгаси ёки агар бирор ерга сафар қилиб, ўша ерда сизга ўлим етган бўлса, ўзгалардан бўлган икки киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига бундай қасам ичадилар: «Гарчи гувоҳлик берилувчи, яъни меросхўр қариндошимиз бўлса-да, бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз».

107. Агар уларнинг гуноҳкор бўлганлари (яъни ёлғон гувохлик берганлари) маълум бўлиб қолса, у ҳолда уларнинг ўринларига турадиган, меросга ҳақдор кишилардан бўлган бошқа икки киши (гувоҳлик бериш учун) энг лойиқ кишилардир. Бас, бу иккови ҳам: «Бизнинг берган гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ, биз (бу гувоҳлик беришда) ҳақдан тажовуз қилганимиз йўқ. Чунки у ҳолда биз ҳеч шак-шубҳасиз золимлардан бўлиб қолурмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичадилар.

108. Мана шу рост гувохлик беришларига ёки қасамларидан кейин яна қайта қасамлар ичилишидан (яъни шарманда бўлишларидан) қўрқишларига яқинроқ ҳукмдир. (Эй мўминлар), Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга қулоқ тутингиз! Зотан Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас.

109. Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?» — деб сўрайдиган кунида, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг билимдонисан», дейдилар.

110. Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо бинни Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни — Сени Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирганимда, одамларга бешикда (гўдаклигингда) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга китоб — хат ва ҳикмат — илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билаи лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда, Менинг изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, Менинг изним-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва Менинг изним-ихтиёрим билан ўликларни (тирилтириб, қабрларидан) чиқарганингни эслагин! Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эслагин! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимса: “Бу очиқдан-очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас”, дейишган эди.

111. Яна ҳаворийларга (сен орқали): «Менга ва пайғамбаримга иймон келтиринглар», деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик. (Эй Парвардигор), бизнинг итоат қилгувчилар эканимизга Ўзинг шоҳид бўл», деганларини эслагин!

112. Ҳаворийлар: «Эй Ийсо бинни Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?» — деган пайтларида (Ийсо уларга): «Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар», деб жавоб қилди.

113. Улар дедилар: «Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлаганингни аниқ билиб, у дастурхонга гувоҳлик берувчилардан бўлишни истаймиз».

114-115. (Шунда) Ийсо бинни Марям: «Эй Тангрим, Парвардигор, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деганида, Аллоҳ айтди: «Мен уни сизларга туширгувчиман. Аммо шундан кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламагайман».

116. Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» — деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан.

117. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса, Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан.

118. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан».

119. Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни қиёмат куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир.

120. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир. У ҳамма нарсага қодирдир.

яқин мавзу