Бугун Қадр кечаси.

Азиз мусулмон қардошлар Қадр кечаси сизга хайрли бўлсин!

qadrБугун Қадр кечаси. Лайла-тул-қадр (Қадр кечаси) – Рамазони шариф ойи ичидаги энг қийматли кечадир. Баъзи олимларга кўра мавлуд кечасидан кейинги энг қийматли кечадир. Қадр кечаси фақат бу умматга хос. Бошқа пайғамбарларга бундай фазилатли кеча берилмаган. Бир ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло Қадр кечасини умматимга ҳадя қилди, бошқа умматларга бермади” деб марҳамат қилинди. (Дайламий)

Расулуллоҳ жанобимиз “Бани Исроил пайғамбарларидан баъзилари 80 йил узлуксиз ибодатда бўлган” деганларида Асҳоби киром ҳайратда қолдилар. Жаброил алайҳиссалом келиб “Ё Расулаллоҳ, умматингиз ўзга пайғамбарнинг (ишлардан ташқари) саксон йил ибодатда бўлганига ҳайрат қилишмоқда. Аллоҳ сизга бундан-да яхшисини берди” деб “Қадр кечаси минг ойдан хайрлидир” маолидаги ояти каримани ўқиди. (Риёд-ун-носиҳин)

Балоғатга етиб, 50 йил яшаган киши 50 марта Қадр кечасини бошидан ўтказади. Бир кеча саксон йил қийматида бўлгани учун 50х80=4000 йилни ташкил этади. Тўрт минг йил ибодат қилгандек савобга эришади. Қадр кечаси ҳақидаги ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Тўрт кечанинг кундузи ҳам худди кечасидек фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кунларда дуо қилган кишининг дуосини рад қилмайди, уларни мағфират этади ва улар шу куни мўл эҳсонга эга бўладилар. Булар Қадр кечаси, Арафа кечаси, Барот кечаси, Жума кечаси ва кунларидир.” (Дайламий)

“Савобини Аллоҳу таолодан умид қилиб, Қадр кечасини ибодат билан ўтказган кишининг гуноҳлари кечирилади.” (Бухорий, Муслим)

“Қадр кечасида бир марта Қадр сурасини ўқимоқ бошқа вақтда Қуръони каримни хатм этишдан ҳам савоблироқдир. Қадр кечасида бир субҳоналлоҳ, бир алҳамдулиллоҳ, бир ла илоҳа иллаллоҳ айтиш 700 минг тасбиҳ, таҳмид ва таҳлилдан қадрлидир. Бу кечада бир қўйни соғишга кетадиган вақт қадар (озгина вақт) намоз ўқимоқ, ибодат қилмоқ бир ой бўйи кечалари билан тонггача ибодат қилмоқдан ҳам қийматлидир.” (Тафсири муғний)

“Қадр кечасида уч марта “Ла илоҳа иллаллоҳ” деб айтган мусулмоннинг биринчисида бутун гуноҳлари кечирилади, иккинчисида жаҳаннамдан қутилади, учинчисида жаннатга киради.”(Тафсири муғний)

Рамазони шариф ойининг 27 кечасини ибодат билан ўтказиш жуда савоблидир. Бир неча ҳадиси шарифнинг маънолари қуйидагича:

“Қадр кечасини рамазоннинг сўнгги ўн кунида изланг.” (Муслим)

“Қадр кечасини рамазоннинг сўнгги ўн кунининг 21, 23, 25, 27 ва 29 каби тоқ кечаларида ёки рамазоннинг сўнгги кечасидан ахтаринг. Савобидан умид қилиб, Қадр кечасини ибодат билан ўтказган кишининг гуноҳлари кечирилади.” (И.Аҳмад)

“Қадр кечаси рамазоннинг 27 кечасидир.” (Абу Довуд)

Имом Аъзам ҳазратлари Қадр кечасини кўпроқ рамазоннинг 27 кечасига тўғри келишини айтганлар. Имоми Шофиий ҳазратлари Рамазонинг 17-чи деганлар. “Қадр кечасига тўғри келадиган бир кечани фарқига бормай ибодат билан ўтказган одам, Қадр кечасини ибодат билан ўтказгандек савобга эришади” ҳадиси шарифини назарда тутиб, кўпроқ тўғри келадиган 27 кеча ибодат билан ўтказилса, бу кеча Қадр кечаси бўлмаса ҳам катта савобларга эришилади. Лайлатулқадрнинг қачон бўлишини сўраган бир зотга Пайғамбаримиз “Бу йил Қадр кечаси рамазоннинг биринчи кечаси эди, ўтиб кетди. Сиз 27-кечани ибодат билан ўтказинг! Рамазоннинг 27-кечасини ибодат билан ўтказган мўминга вужудидаги туклар сонича ҳаж, умра, шаҳид ва ғозий савоби берилади” деб марҳамат қилдилар. Яна бошқа йили шундай савол берилганида “Бу йил қадр кечаси ўтиб кетди. Лекин Рамазоннинг 27-чи кечасини ибодат билан ўтказсанг, албатта Қадр кечасининг савобига эришасан. Шафоатдан бенасиб қолмайсан” деб марҳамат қилдилар. Ҳазрати Оиша волидамиз сўраганларида эса, “13-чи кеча эди ўтиб кетди. Қадр кечасини ўтказиб юборган бўлсанг, олдинда 27-кеча бор, унга етасан. У кечани ибодат билан ўтказсанг, охират йўли учун озиқ сифатида шу кечадаги ибодат сенга кифоя қилади” деб айтдилар. Ҳазрати Оиша волидамиз “Расулуллоҳ Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида кўп ибодат қилардилар” деган. (Василат-ун-Нажот)

Бу кечада ибодат қилишда илм ўрганиш, масалан, илмиҳол китобларини ўқиш, қазо намозларини ўқиш, Қуръони карим ўқиш, дуо-илтижо қилиш, тавба-тазарру этиш, садақа бериш, мусулмонларни хурсанд қилиш, бунинг савобларини ўлик-тирик барча мўминларга ҳадя қилиш керак. Лайлатулқадрни ибодат билан ўтказган, Рамазон рўзасини тутган, ҳаж ибодати қабул бўлган мусулмонларнинг барча гуноҳлари кечирилса ҳам, намоз-рўза қарзлари ва қул ҳақлари-қарзлари тўланган бўлиб қолмайди. Буларни қазо этиб, тўлаб, қарзларидан қутулиш керак.

яқин мавзу