Бир XXI аср муҳожирининг хаёли …

1. М Е Н …

Туғилдим, тоғ бағри бир қишлоқда,

Ўсдим, дўмалаб чангу тупроқда,

Шукрки, ўқидим олий даргоҳда,

Ишладим, кимга, нега, қай чоғда?

Саволга жавобим фақат салбий,

Ё Оллоҳим! Мен қулинг, бир осий!

2. К и м м а н?

Эл севган бир ўғул бўлдимми мен?

Эл ичида хайрларга толдимми мен?

Элда муқим бўлиб қолдимми мен?

Элга хизмат недир, билдимми мен?

Буларга ҳам жавоб йўқ ижобий,

Ё Оллоҳим! Мен қулинг, бир осий!

3. Н е г а …?

Элдан, юртдан кетдим узоқларга,

Эргашдим қайсидир сайёҳларга,

Қисматмиш, ризқ топдим уёқларда,

Ёзсам гар оқ-қора сиёҳларда,

Мен –муҳожир, бўларми инсофий?

Эй Оллоҳим! Мен қулинг, бир осий!

4. М е н м у ҳ о ж и р м и?

Чорок аср кечди муҳожир гўё,

Умр ўтмоқда, сассиз мисли рўё,

Ватан эмасми шараф ва ҳаё?

Шундай! Бошқа  борми жавобим ё?

Жавоб изларман жонли, виждоний,

Эй Оллоҳим! Мен қулинг, бир осий!

5. А р з и р м и …?

Одамман истагим баландпарвоз,

Изларим дунёда қолсин бироз,

Савол кўп, жавобларим эса оз,

Мен фақирга бу оламда андоз,

Топиларми, ҳеч қурса жисмоний?

Эй Оллоҳим! Мен қулинг бир осий!

6. М е н ҳам б и р м е ҳ м о н …

Бу дунё кимларни кўрмади, ё?

Қанча пайғамбар, қанча фузало?

Бари меҳмонди, кетди алвидо,

Кимга абадий макон бу дунё?

Ҳеч кимга, чун бу олам меҳмоний,

Эй Оллоҳим! Мен қулинг бир осий!

7. Ш у к р …

Шукрки мусулмонман, Алҳамдуллоҳ!

Орқада қолар, неъмати Оллоҳ –

Фарзандларим, умримгадир изоҳ,

Оз бўлса-да ижодим ҳам гувоҳ.

Ватан – Туркистон, мен-туркистоний,

Эй Оллоҳим! Мен қулинг, бир осий!

8. У м и д …

Бўлса Оллоҳга умид ва ихлос!

Қилинса меҳнат қиёматга хос!

Иншооллоҳ, зулмнинг изи қолмас,

Ватан ҳам бўлар золимдан халос.

Тақдир Оллоҳдан, инонч инсоний,

Эй Оллоҳим! Мен қулинг, бир осий!

Муаллиф: Алибой Йўляхши.

яқин мавзу