Биз кечирган ҳаёт ҳикояларидан … Биринчи китоб.

              

 

 

                 АЛИБОЙ ЙЎЛЯХШИ МАМАНАЗАРЗОДА

                 

                

      БИЗ КЕЧИРГАН ҲАЁТ ҲИКОЯЛАРИДАН …                                                                 

    ТАРБИЯ ВА МАФКУРА МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА
ФИКРЛАР

                         Биринчи китоб

                                                 

                                  МОСКВА   1999 йил.

Муаллиф Алибой Йўляхшиев(Алибой Йўляхши Маманазарзода) кимдир?

Алибой Йўляхшиев (Эски совет даври паспорти бўйича Алибой Юляхшиев)  1938 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилоятига қарашли Ғалла-Орол районининг Катта қишлоқ(Тушбулоқ) номли қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Етти фарзанд отаси.

У физика-математика фанлари номзоди, профессор. Собиқ совет Иттифоқи ва  Совет Ўзбекистон республикасида нашр қилинадиган Илмий тадқиқот  ва  фан журналларида эълон қилинган 40-тадан кўпроқ илмий тадқиқот ишларининг муаллифидир.  Самарқанд  давлат университети босмахонасида нашр қилинган бир қатор дарсликлари мавжуд.

Алибой Йўляхшиев

1994 йили физико-математика доктори даражасини олиш учун тайёрлаган диссертация иши Украина фанлар академиясининг Механика институтида илмий муҳокамадан ўтказилиб ҳимояга қабул қилинди.

У меҳнат фоалиятини 1962 йили Ўзбекистон Республикасининг Андижон вилояти ҳудудида ерлашган  Чуст шаҳрида  Ўрта мактаб математика ўқитувчилигидан бошлади.

1963 йилдан то 1993 йилгача  Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидаги олий мактабларда фаолият кўрсатди: 1964-1965 йиллари Самарқанд шаҳар Кооператив Институтида ўқитувчилик қилди.

1965-1972 йиллари Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш инженерлари институтида Катта ўқитувчи вазифасида ишлади.

1972 йили физико-математика фанлари номзоди даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилди ва ўша йилиёқ Самарқанд давлат университетига ишга ўтказилди.

1972-1993 йиллари Университетда (Ҳисоблаш маркази раҳбари  (1972-1980), Амалий математика факултетида  кафедра мудири (1980-1991) вазифаларида) ишлади.

1988 йилда Бирлик халқ ҳаракати сафида мавжуд(Совет ҳукумати) ҳукумат сиёсатига мухолиф сиёсий фаолият бошлади.

1989 йилда  Бирлик халқ ҳаракатининг Самарқанд  вилоят ташикилоти  раиси вазифасига сайланди.

1990 ва 1991 йиллари эса, Бирлик халқ ҳаракати Самарқанд вилоят ташкилоти раиси вазифасига қайта-қайта сайланди.

1991-1993 йиллар орасида “Бирлик” халқ ҳаркатининг Самарқанд   вилоятидаги аъзолари минта-қанинг сиёсий, ижтимоий ҳаётида халқ оммасига маъқул янги фикр ва таклифлар ўртага ташлаш йўли билан фаол қатнашдилар.  Бундай халқ манфаатига уйғун бир фаолият, мавжуд расмий ҳукуматга қарши таҳлика бўлиб кўринди. Шу сабаб ҳукумат   “Бирлик”  халқ ҳараккати, жумладан унинг Самарқанд вилоят ташкилоти фаолиятига, унинг  аъзоларининг, айниқса Ҳаракат вилоят ташкилотининг раиси А. Йўляхшиев фаолиятига қарши кураш кампанияси бошлатиб юборди. Оқибатда  А. Йўляхшиев ва ҳаракат аъзоларига  қарши турли хил тақиқлар ўрнатилди, уларнинг иш жойларида хилма хил асоссиз, сабабсиз текширишлар уюштирилди, уй ва иш телефонлари доимий тинглашга қўйилди, милиция ва КГБ органи ходимлари тарафидан турли хил сўроқларга чақири-либ турилди. Уларнинг шаҳар ва мамлакат бўйлаб барча ҳаракатлари совет КГБ-си (Мустақил Ўзбекистон замонида эса МХХ) ходимлари томонидан узлуксиз кузатиладиган бўлди.

1993 йилдан бошлаб эса, А.Йўляхшиевга қарши амалда уй қамоғи режими ўрнатилди. Унга ҳатто қариндошларининг таъзиясига боришга ижозат берилмади. Ўша йилнинг апрелидан бошлаб эса у иш вазифасидан   четлаштирилди ва уни Ўзбекистонни тарк этишга ихтиёрий мажбур этдилар.

Оқибатда у 1993 йилнинг декабридан бошлаб Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди ва  қатор йиллар давомида турли мамлакатларда норасмий сиёсий қочоқ сифатида ҳаёт кечиришга мажбур қолди. Масалан, у  1993-1997 йиллари Россия ва Украинада, 1997-1998 йилларда Туркияда норасмий қачоқ сифатида яшашга мажбур қолди.  Ниҳоят, 1999 – да  БМТ ёрдамида  сиёсий муҳожир мақоми олишга муяссар бўлди.

1998 йилга келиб унинг олтита фарзандлари ҳам сиёсий муҳожир мақоми олиш имкониятига эришдилар. Улардан  беш донаси Канада ва бири Норвегияда сиёсий муҳожир мақомида бошпана олдилар.

Унинг 1967 йили туғилган бир қизи 2000 йили Самарқанд шаҳрида тушинилмаган бир вазиятда вафот қилди. У  вафот ҳодисасининг сабаблари ҳақида ҳукумат органлари тарафидан (ўлим ҳақида доктор хулосаси ёки милиция органи тарафидан ўтказилган тергов ишлари натижалари каби) ҳеч қанақа бир маълумот берилмади.

А. Йўляшиев 2003 йилда янгидан ташкил этилган “Ҳуқуқий Ўзбекистон учун“ Халқ  Ҳаракати қошида тузилган Оқсоқоллар Кенгаши раиси бўлди.

2011 йилдан кейин қайта тузилган “Ўзбекистон Ҳалқ Ҳаркати”  ўз фаолиятини тугатганига қадар Ҳаракатнинг Туркия бўлими бошлиғи бўлиб турди.

СЎЗБОШИ

Тарихдан маълумки, жамиятда кескин бурилишлар содир бўлган замонларда, одатда давлатлар ҳаётида, жумладан айрим кишиларҳаётида ҳам кутилмаган ҳодисалар юз беради. Худди шундай, ХХ аср сўнггида ҳам тарихий улкан бир бурилиш бўлди. Масалан, Русия империясининг тугаши, жаҳонда энг реаксион режим-коммунистик тузумнинг битиши шундай жаҳоншумул бурилиш ҳодисаларидан бири деса бўларди. Бундай бурилишлар эса, маълум бир жараён натижаси кўринишида юзага келади. Бу сафар бурилиш жараёни советлар мамлакати – Русия империясида янги сиёсат, демократия, ошкоралик сиёсати билан бошланди. Бу чиндан ҳам янги жараён, янги сиёсатнинг бошланиши эди.

Мен каби бир қатор билим одамларининг бундай жараённинг фаол қатнашчиларига айланиши ҳам табиийдир. Чунки бу сиёсийжараён миллий озодлик ҳаракатини, дунёга чиндан ҳам янгича қарашни ўз ичига олар эди. Маълумки, бу ҳаракат ва нуқтаи назар вақт кечиши билан ривожланиб, ўсиб борди. Шунинг учун бундай сиёсий жараёнда илм одамларининг қатнашмоғи ҳам ҳаётий зарурат бўлиб қолганди .

Табиий,Ўзбекистон зиёлиларининг бир қисми, бир мунча илғор қисми бу даврда сиёсий ҳаракатга бирлашиб, янги жараённинг қатнашчиларига айланишди.Уларнинг ташаббуслари натижаси  ўлароқ Ўзбекистонда миллий руҳда бўлган “Бирлик” халқ ҳаракати ташкил этилди. Мен эса, юртнинг нормал бир вақили, бир зиёли сифатида бу ҳаракатда фаол қатнашдим, ҳатто унинг раҳбарларидан бирига айланиб қолдим. Бу янги сиёсий жараённи, “Бирлик” фаолиятини  Ўзбекистоннинг сиёсий ҳамда иқтисодий мустақиллиги йўлида фойдаланишга уринганлар сафида муқум турдим.

Хуллас, илмдан сиёсатга йўл тутдим. 1989-1991 йиллар Ўзбекистон компартияси ҳукумати, 1991 йил августдан сўнгра “мустақилЎзбекистон совет ҳукумати” муҳолифатига айландим.

Русия империясида содир бўлган 1986-90-йиллар воқеалари ХХ асрнинг кескин бурилиш йиллари бўлиб, оқибатда улар дунё сиёсий ҳаритасини ўзгартириб юборишга олиб келди. Натижада, Совет Иттифоқи аталмиш буюк ва ягона давлат бўлиниб, унингўрнида 15 та янги мустақил миллий давлатлар майдонга келди. Бу улкан жараён жуда силлиқ кечмади, албатта. Буюк мустамлаканинг битиши янгидан вужудга келган давлатларнинг бир қанчасида беқарорлик, фуқаро уруши, миллий низолар ва бошқа хил қуролли тўкнашувларнинг бошланиб кетишига сабаб бўлди.

Дунё ҳаритасида пайдо бўлган янги давлатларнинг баъзиларида демократик режим қабул қилиниб, у жараён ривож топаётган бўлса, бошқа бир қатор давлатларда эса диктатура, мустабид режимлар танланди. Масалан, Ўзбекистонда ярим феодал, ярим совет, ҳатто ўрта асрчилик аралашиб кетган давлат режими майдонга келди. Бунинг натижасида кўпгина кишиларнинг, айниқса ҳукуматга муҳолиф фикрда бўлган гуруҳлар ҳаёти таҳлика остида қолди. Оқибатда, уларнинг бир  қисми  қамоқхоналарга ташланган бўлса, бошқалари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган юртларга  ҳижрат  қилишга мажбур бўлдилар.

Мени ҳам такдир Ватандан узоқларга ҳижрат қилганлар қаторига отди.

Шундай қилиб, дунёнинг бир қатор мамлакатларида (Русия, Украина, Туркия, АҚШ) муҳожирликда яшашга мажбур бўлдим. Ўша юртлардан туриб, баҳоли-қудрат Ўзбекистондаги ноинсоний давлат режимига қарши курашга ҳаракат қалдим.

Бу кураш “Озодлик” радиоси ва чет элларда қайта нашр қилина бошлаган “Бирлик”, “Эрк” ва “Форум” газеталарида мақолалар эълон қилиш орқали амалга оширилди.

“Озодлик” радиосида сўзланган ва юқорида номлари зикр этилган газеталарда босилган мақолаларимнинг бир қисми қўлингиздаги кичик китобча шаклида қўлаки нашр ҳам қилинганди. Энди эса «Биз кечирган ҳаёт ҳикоялари … » китобимизнинг  биринчи қисмига киритилди.

Китобимизни ўқиш насиб қилган китобхонлардан бизга фикр мулоҳазалар келиб тушса жуда мамнун бўлардик.

Китоб, ўкувчилар қалбига бирозгина зиё сочса, унда олға сурилган фикрлар уларда қаноат уйғотса мен кўп мамнун бўлардим.  МУАЛЛИФ.                                                                         

 КИРИШ СЎЗ

“ОЗОДЛИК” радиосининг 1994 йил июл ойи эшитиришларидан бирида менинг “Ўзбекистон нимага суянади” номли мақоламни ўқиб беришди. Тўғриси уни ўзимнинг овозимдан ёзиб олишиб эфирга қўйишдилар. Шундай қилиб, радио эшитувчилар менинг фикрларим ва мақсадларимнинг бир қисмини ўз овозимдан эшитишга муяссар бўлишдилар. Бу ҳол Ўзбекистонда, айниқса ҳукумат доираларида анча ташвиш ва шовшувларга сабаб бўлди. Шунинг учун у мақолани бу китобчада тўла келтираман. Чунки кўпчилик ўзбек ўқувчилари ўша даврда “ОЗОДЛИК” радиоси эшиттиришларини тингламаган ёки тинглаш имконига эга бўлмаган эдилар.

Мақола тўла матни қуйида келтирилади.

ЎЗБЕКИСТОН НИМАГА СУЯНАДИ ?

Ўзбекистон, Туркистон ўлкасининг бир бўлаги шаклида икки асрга яқин мустамлака ҳаётини бошидан кечирди. Чоризм даврида ўлкани бевосита босқинчи губернаторлар бошқарди. Руссиядаги 17-йил воқеаларидан кейинроқ эса, Ўлка республика аталмиш бир неча бўлақларга бўлиб ташланди. Ана шунинг натижасида Х1Х асрнинг бошида дунё жуғрофиясида янги ҳарита пайдо бўлди. Энди бу ерда, яъни Туркистон ўрнида Ўзбекистон ва бошқа бир қатор қўғирчоқ ҳукуматга эга республикалар дунёга келди. Бу республикалар бошқарув органларига ерли кишилардан ҳам юқоридан (Московдан) тайинлаш йўли билан аралаштириб марказга мос қўғирчок ҳукуматлар ҳам тузишди. Аммо бу билан мустамлакачиликнинг асл моҳияти ўзгармади, у сақланиб қолаверди. Мустамлакачиликнинг асл ғояси-мафкураси туб жойли аҳолини умумчаласавод ҳолатида сақлаш, уни тарихидан, маданиятидан, миллий қадриятларидан маҳрум этишдан иборат эди. Болшевизм даврида бу сиёсат яна ҳам машъум тус олди. Бу вақтга келиб бу ўлкани минг йиллик ёзма маданиятнинг таянчи бўлган, мафкурамиз асосини ташкил этган диндан ажратди. Кишиларимиз-ни  Русия империясига сиғинишга, уларнинг онгида Русия ватанпарварлигини шакллантиришга ҳаракат қилинди. Болшевизм даврида, 1920-1991 йиллар мобайнида ўлка аҳолиси миллат сифатида ўзининг энг чуқур инқироз босқичини ўтади. Шунинг натижасида, Ўзбекистонда яшаётган туб жойли аҳолининг кўпчилиги Русияни ватан, унинг манфаати учун хизмат қилишни эса, ватанпарварлик сифатида идрок қилишгача бориб этди. Бу даврда коммунизм ғоясига асосланган мафкура кишиларни тўла ғоясизликка, моддий ва маънавий бўҳронга олиб келди. Чунки янги мафкура, коммунизм мафкураси кишиларда кўникма ҳосилқила олмади. Аммо уларни миллий қадриятлардан, йиллар давомида йиғилган одоб, ахлоқдан, миллий мафкурадан сезиларли чекинтиришга улгурди. Натижада, инсонлар, айниқса ёшлар ўртасида манкуртлик аломатлари зоҳир бўла бошалади. Улар диний ва миллий шуурдан маҳрум ҳолга келдилар ва ҳамон шундай бўлиб қолмоқдалар. Шуурсизлик ва ғоясизлик инсонлик сифатларидан бир қатор маҳрум бўлган борликдир. Шу сабабли шуур, мафкура ва ғоя ҳақида бир мунча фикр-мулоҳазалар юритмоқчиман.

Биринчи бўлим. 

1. МАФКУРА ҲАҚИДА

Советлар империяси тарқалиб кетгандан сўнг бутун постсовет мамлакатларида бироз замон бўшлиқ ҳукм сурди. Шундан сўнг бу жумхуриятлар мафкурасиз жамият бўла олмаслигини англаб етдилар шеқилли, ниҳоят расмий доираларда мафкура ҳақида сўз кета бошлади. Ўзбекистонда ҳам бу ҳақда фикр юритишиб, ниҳоят мустақиллик мафкурасини яратиш керак, деган хулосага келиниб, катта компания бошлаб юборишди. Бу ишга жумҳуриятдаги институтлар, барча турдаги маданий муассасалар жалб этилди.

“Мустақиллик” мафкураси асосчилари ҳам, уни тарғиб этувчилар ҳам мафкуранинг ўзини яхши тушунмайдиган кўринади. Чунки улар болшевизм мафкурасидан ўзга мафкурани мутлақо билмайдилар. Афтидан, улар болшевизм мафкураси ҳам маълум бир ғоя асосида яратилганлигини яхши тушуниб етмаганлар. Чунки мафкура ибтидоий даврлардан бошлаб мавжудотнинг ҳақиқий, чинакам образини белгилайди, муқаддас ғоясини ва уни тушунишни ифодалайди. Мафкура масаласига мана шундай умум инсоний нуқтаи назардан қаралса, “мустақиллик мафкураси” деган ибора қанчалар мантиқсиз эканлиги ўз-ўзидан кўриниб қолади.

Аслида, мафкура жамиятни маълум йўналишга бошқаради. Аниқ бир ғоя бўлмай туриб, жамиятнинг мукамаллашиш йўлини аниқламай туриб, унинг (у жамиятнинг) нимага интилаёт- ганлигини билиб бўлмайди. Жамият учун бир ғоя атрофида мустаҳкамланган мафкура бўлмаса, ҳар бир партия, бир гуруҳ “дохий»чалар, чаққон сузамонлар жойини топиб, ўзларининг ноҳолис ниятларини умум манфаати қилиб кўрсатаверади, жамият аравасини ўзлари хоҳлаган томонга етақлайверади. Агар мустаҳкам мафкура бўлсагина, жамиятнинг ўз йўналишлари, паст-баланди, қадриятлари ўрни аниқланган бўлади. Шундагина ким нима билан бандлиги кўриниб туради. Улар жамиятга, давлатга, халқга фойдали ёки зарарли иш билан шуғулланаяптими, сезилиб туради.

Ҳар биримизнинг ҳадди ҳаракатимизни ўлчайдиган мустаҳкам мафкура ўлчами бўлмаса, қорани оқ, оқни қора, миллатга зиённи, унинг манфаатига мос деб, соғломни бемор, жамиятдаги ижобий хусусиятларни салбий қилиб ифодалашга катта йўл очилади.

Қисқаси, нима хоҳласанг шуни қилавер, ҳеч ким сени сўрамайди, бу хил гуноҳлар эътиборсиз қолаверади, ёруғ дунёда улар судқилинмайди каби кўникма юзага келади. Бундай вазиятда умуман ҳеч нарсани аниқлаб бўлмайди, табиб қайда, заҳар қайда билишқийин бўлиб қолаверади.

Мамлакат узоқ йиллар мустамлака истибдодида бўлганлиги сабабидан халқда қуллик хусусияти чуқур илдиз отган.У мафкурани, ғояни тушунмайди. У ҳукуматдан қўрқишни ва ейишни билади. Бу халқни қамамай, унга ўлмас ош берсанг бас. Аслида маънавият ҳисси ва  қадриятлари  ўз  ўрнига  қўйилган эркин, озод инсоннинг нони ҳамиша бутун бўлишини бизнинг миллат ҳали яхши тушуниб етмади. Шунинг учун ким унга кўпроқ овкат ваъда қилса(ҳатто овқат берса эмас), ўшани доҳий, пайғамбар деб билади. Уни “худо” деб юборавериши ҳам мумкин.

Шу сабабли ҳозир Ўзбекистонда жамият йўқ деса ҳам бўлаверади. У ерда советлар империясидан қолган хўжайинлар гуруҳи вақорин тўйдиришдан бошқа ғами йўқ қуллар бор, холос. Уларнинг биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам мафкура, ғоя нималигини тушунмайди. Масалан, бизда уғил отани бемалол алдайверади. Ака-ука, қариндош-уруғ, диндош, ватандош деган тушунчалар ва уларнинг бир-бирига содиқлиги кўпчилигимиз учун қулгили бир ҳол. Отадан қолган тўрт сотих ҳовли-ер учун фарзандлар бир-бирини пичоқлашга бориб етишади. Арзимаган моддий фойдага Ўзбекистоннинг истаган қадриятини сотиб юборадиган одамларимиз ошиб-тошиб ётибди. Биз учун ҳеч бир муқаддас маъбуд, ғоя йўқ, улар қолмади. Тарихимизда жиноятни аниқлашдақасамдан фойдаланиш бўлган. Қасамда ота-она, фарзандлар, опа-сингил шан-шарафига тил текизиладиган  бўлса,  ҳар қандай жиноят тан олинган. Аммо юқорида номлари саналган муқаддас жигарларнинг номини тилга олиб қасам ичишмаган. Бунда гапўғрилар, оғир жиноятчилар ҳақида бораяпти. Ҳатто жиноятчилар ҳам қасамдан кочишарди, у замон. Ҳозирчи, ҳозир? Ишончим комилки ҳар юз кишидан саксонтаси ота-онасини, фарзандини, опа-сингилни қўшиб қасам ичиш нима эканлигини ҳатто билишмайди. Ана шу қасамларда келтирилаётган жигарлар шан-шарафини муқаддас тутиш ҳам вақтида мафкуранинг элементлари эди. Улар муқаддас кишилар эди, уларнинг  нафсиётига ўринсиз тил теккизиб бўлмас эди. Уларнинг шанини муқаддас тутиш, ҳар кишининг ғурури ва шуури ҳисобланарди. Ёшлар ана шу ғоялар асосида ҳам тарбияланар эдилар. Ана шу ерда ватан муқаддаслиги, ота-она муқаддаслиги турибди. Уларнинг шани учун жонни ҳам аямаслик турибди. Ҳатто 1930-36 йилларда бирорта муслим киши Қуръонни қўшиб қасам ича олармиди? Йўқ, албатта. “Ислом менинг диним, Қуръон китобим”, деб, қанча жумардлар жон беришди. Мана шу ҳам, Маъбудни таниш, муқаддас китобни таниш ҳам мафкура. Ҳозир бизда Қуръонга қўл қўйиб қасам ичишнибутун мамлакат бўйлаб телевизордан кўрсатиб ва бу қасамга амал қилмаслик мумкин. Очиқчасига бутун бир халқнинг, катта диннинг (мафкуранинг) устидан қулиш ҳам бизда табиий бир ҳол, бугун. Шундай бўлгач, қанақа тарбия ҳақида, қанақа жамият ҳақида, Ватан, Ватанпарварлик ҳақида гап бўлиши мумкин? Масалан, болшевизм даврида мафкуранинг асосидаги коммунизм ғояси жуда чиройли сўзлар, иборалар билан ифодаланган эди. Аммо унда ҳеч қанақа ҳаётий реаллик бўлмаганлиги учун, у ғоя асосчиларининг ўзлари ҳам унга амал қилмаганлиги учун ҳаракатдаги мафкурага айланмади. Коммунистик ғояда тарбияланганлар амал поғонаси юқори раҳбарга қулларча сиғинадиган, алдов, ёлғон сўзлар айтишдан тап тортмайдиган кишилар бўлиб етишдилар.

Шундай қилиб, биздаги мафкура амалда ҳукмдорлар бажарадиган ишлар ва уларнинг буйруқлари билан белгиланмоқда.Қулликдаги аҳоли ўз қуллик кишанидан озод бўлганини тушунмаяпти. У ҳамон қўрқувда яшамоқда. Ҳамон ҳоким нима деса, ўшақонун бўлиб қолмокда. Аммо Ўзбекистонда инсонлар жамияти ва мустаҳкам давлат вужудга келиши учун кишилар ҳақиқатдан ўз мустақиллигини англаб етиши, мустаҳкам ғояга асосланган мафкура вужудга келиши зарур. У ўз-ўзидан юзага келмайди. Шунинг учун биз бугун мафкурамизниинг асосий мазмуни унинг мағзини тушуниб олишимиз керак ва шу асосда ишлашимиз лозим. Унинг мазмуни жуда содда: биз ким эдик, бугун биз киммиз ва қандай бўлишимиз керак? Ана шу саволнинг мазмунини англаб етсак, бас.

Мақсадга эришмоқ учун нима яхши-ю, нима ёмонлигини ажрата олиш лозим. Уни мустаҳкам мафкура аниқлаши мумкин. У мақсадга эришиш ўлчами бўлиб хизмат қилиши керак. Бунда фирқавий нуктаи назарлар шакли аҳамиятга эга бўлмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам қанақа жамиятга интилаётганимиз аниқ бўлмаса, қанақа мақсадларни амалга оширишимиз номаълум бўлса,ҳашаматли бинони лойиҳасиз қуришга уринишга ўхшаш бир ҳол юз беради. Унда ҳеч қанақа шиорлар, “принсиплар”, бойликлар ёрдам бермайди. Унда келажак ҳақида, “келажаги буюк давлат” ҳақида сўзлаб бўлмайди. Ўз-ўзидан “келажаги буюк давлат” пайдо бўлиб қолмайди, ахир.

“Келажаги буюк давлат»-бу нима дегани? У қандай қилиб келажаги буюк бўла олади? Ким билан, нима билан? Ёвуз душманнинг, истилочиларнинг тажовузи ва зулмидан қанча машаққатлар ила сақлаб қолинган тарихий, маданий илдизларини мустаҳкамлаш, ўз анъаналарини ривожлан- тириш, ўз миллий хусусиятларини тарбиялаш орқали уни, яъни давлатни буюклик даражасига кўтариш мумкин. Ундай бўлса, миллий тарихий қадрият ва маданият асосида тарбияланган чуқур мафкурали, юксак мадниятли кишиларгина ўз мамлакатини, давлатини буюк эта оладилар. Демак тарбияни, миллий тарбияни яхшилайдиган, тарбияда бош масалани аниқлайдиган усуллар ишлаб чиқилиши лозим кўринади. Шундагина ватан билан ғурурланадиган, унга ишонадиган ва уни ота-онасини ҳимоя қилгандай ҳимоя қиладиган кишиларни тарбиялаш мумкин бўлади. Бунинг учун Ўзбекистоннинг ўз ривожланиш ғояси ва унга асосланган мафкураси бўлиши зарур. У бизнинг қаердан келиб, қаерга боришимизни кўрсатиб турадиган машъал вазифасини бажармоғи лозим. Бу эса, қандайдир ташқи ҳолат эмас, балки муҳим ички ҳолатдир. У ҳар биримизга бевосита боғлиқ эканлигини тушуниб етмоғимиз керак. Агар биз кимлигимизни аниқлаб, ким бўлишимиз керақлигини белгиламас эканмиз, бизнинг болаларимиз ва невараларимиз бу ишни бажара олмайди, деб қўрқаман. Акс ҳолда, улар жуда узоқ вақт адашиб юрадиларми, деб ўйлайман.

Биз ўзимизга тўғри баҳо бера олсакгина, келажак авлодга ибрат бўла оламиз. Ана шундагина уларни келажакка муносиб этиб тарбиялай оламиз. Ўзига охир-оқибатда тўғри баҳо бера олиш, мафкураси юқори бўлган кишининг, умуман, юксак мафкуранинг-ахлоқнинг иши бу.

Миллий сиёсатда ҳам мафкура асосий йўналтирувчи принсипни белгилаб бериши лозим. Ваҳоланки, биз бутун сиёсий фаолиятимизда ўзимизни ҳеч нарсани билмайдиган, сезмайдигандай тутамиз. Бизда ҳамиша ҳамма нарса гўё жойида бўлган. Кишиларимизни якка партия ҳукмронлиги гўё эзмаган, сензура азоблари бўлмаган, ҳатто бизда репрессия (катағон) ҳам бўлмагандай сезамиз, ўзимизни. Бизда қурбон ҳам, қотил ҳам бир ўринда туради. Масалан, Ф.Хўжаев, У.Носиров ва Ю.Охунбобоев, Ҳ.Олимжон, У.Юсуповлар бир хилда миллат фахримиш.

Юксак мафкура мавжуд жамиятда ҳар бир яхши-ёмоннинг ўз ўрни аниқ белгилаб қўйилган бўлади. Юксак мафкура асосида тарбия топганлар ҳеч қачон яхшини ёмон билан, чинни ёлғон билан чалкаштирмайди. Улар, инсоф ва ноинсофлик даражасини жуда яхши биладилар.

2. МАЪНАВИЙ ИНҚИРОЗ ҲАҚИДА.

Биз узоқ давом этган мустамлака истибдодини, коммунистик яккаҳокимлик азобларини бошдан ўтказдик. Шунинг учун уни барча бахтсизликларнинг асоси деб, миллий камситилишнинг илдизи деб, Ватаннинг шўри деб ҳисоблаймиз. Барча бало шунда дегимиз келади. Бу бир томондан тўғри, албатта. Лекин ҳақиқатан ҳам элимизнинг бахтсизлиги сабаблари фақат шундами? Бахтсизлик-нинг, халқ бефарқлигининг бирдан-бир сабаби ана ўша мустамлакачилик, коммунистик зўра-вонликда деб билишимиз менга бир мунча ғализ туюлади. Тўғри, коммунистик зўравонликнинг тугатилиши (аслида бизда якка партиявий-коммунистик зўравонлик ҳам тўла сақланиб қолган), мустақилликнинг юзага келиши, мамлакатда маълум бир давлат шакли вужудга келиши учун шароит яратади. Афсуски, бизда мустақилликка ёпишиб олиб, оғиздан “мустақиллик” тушмайди-ю, аммо давлат тизими коммунистик зўравонлик режимига суяниб турганини кўришмайди ёки кўришни исташмайди. Бу режимда на хўжаликни ривожлантириш режаси, на мафкура бор. Аслида мамлакат тўла мустақил давлат шаклини олиб, қудратли кўринишга эга бўлиши учун якка ҳокимиятчилик зўравонлиги, кишиларнинг барча фаолиятларига коммунистик давлат режимининг уятсизларча аралашуви тугатилиши зарур. Ҳатто, агар шундай бўлганда ҳам у масаланинг ташқи шакли бўлиб, давлатнинг ички моҳиятини ифодаламайди. Мустақил мамлакатнинг мустақил давлати ички моҳиятини ҳар биримизнинг шахсий сифатларимиз: исломий эътиқод, виждон ва Ўзбекистон аталмиш мамлакатга содиқлик белгилайди ва ана шу уни ташкил этади. Биз эса, ҳатто давлатнинг ташкий шаклини ҳам ўзгартирмасдан туриб келажак ҳақида башоратлар қиламиз. Келажагимизнинг “буюк»лигидан ўзимизчақувонамиз ҳам. Бу барчаси омий, кам савод аҳолини алдашга мўлжалланган бўлиб, умри қисқа ёлғон сўзлар, холос. Йўқ, биродарлар, бунақа ажойиботлар эртақларда учирайди, реал ҳаётда бунақаси бўлмайди.

Ҳаммамиз, у президентми, колхозчими, ишчими, инженерми, ким бўлишдан қатъий назар коммунистик режим замони даврида вужудга келган барча кўникмаларни, тескари эътиқод-ларни, қарамлик психологиясини ва масъулиятсизликни тубданўзгартирмасдан туриб, бу хусусиятларни бутунлай янги мафкура элементларига мосламасдан туриб ҳеч қандай келажакка умид боғлаб бўлмайди. Чинакамига барчага сезиларли ижтимоий, сиёсий ва ҳатто иқтисо-дий ўзгаришлар ҳаёт тартиб-қоидаларининг ташқи кўринишларига эмас, балки жамиятда яшаётган ҳар бир кишининг характери ва хусусиятларига боғлиқ эканлигини тушунмаслик, айниқса тушунишга уринмаслик масалани янада чигаллаштиради. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, бугун Ўзбекистондаги қийинчиликларнинг асоси ҳам фақат иқтисодий ва сиёсий инқирозда эмас, балки маънавий инқирозда ҳамдир. Дарқақиқат, мамлакат чуқур маънавий инқирозда. Бу инқирознинг асл сабабларини, унинг илдизларини изчил излашимиз керак. Уларни тугатиш ва ўнглаш устида тинмай изланиш, ишлаш зарур. Масалан, ҳаётда иқтисодий жиҳатдан анча дуруст таъминланган, ижтимойи турмуши ҳам ёмон эмас, етарли эркинлик доирасига эга бўлган киши худосизлик, виждонсизлик, уятсизлик, сотқинлик, қўрқоқлик, лаганбардорлик хусусиятларини  ўзида мужассамлаштириши мумкин. Коммунистик режим замонида мансаб поғоналарига кўтарилган кимсалар ва уларнинг фарзандлари худди шундайларга мисол бўла оладилар. Афcусланадиган жойи шундаки, Ўзбекистонда кўпчилик ана шундай пасткашликка кўникма ҳосил қилган. Улар ана шунақа пасткашликни “обод” ва “озод” яшаш деб тушунадиган бўлиб қолишган. Бундай аянчли кимсалар билан мустаҳкам давлат тизими, айниқса буюк ва шонли маданиятни тиклаб, уни янги чуққиларга келтириб бўладиими? Йўқ, албатта.

Бироз чекиниб, тарихга бир назар ташласак, бизни XIX аср иккинчи яримида руслар истило қилиб, аҳолини аянчли бир ҳолга тушуришганини кўрамиз. Улар, яъни мустамлака ҳолига туширилган жойли аҳоли учун маданият, ғурурни сақлаш ва уни қўриқлаш эмас, балки фақат жон сақлаш, қорин тўйдириб очидан ўлмаслик буюк матонат бўлиб кўринадиган ҳолга келган.

ХХ асрнинг иккинчи ун йиллигида Россияда содир бўлган воқеалар мустамлака замонида эзилган, қўрқоқ қуллар ҳолига келтирилган халқни яна бир бор “тозалади”. Натижада, мамлакатда ўта аянчли, хасис аҳоли гуруҳи вужудга келди. Бундай кишиларни (аслида бутун халқни) болшавойлар ер, завод, фабрикалар беришни ваъда қилиб ўзларига маҳлиё қила олиши мумкин бўлди. Оқибатда, у тузум халққа бирор нарса бериш эмас, балки уни 70 йил давомида бир неча маротаба репресияга (қатағонга) дучор қилиб, динсиз, диёнатсиз, ўғирлик қилишдан, ёлғон сўзлашдан, ҳатто отасини ҳам сотишдан уялмайдиган мавжудодларга айлантирдилар. Энди улар учун “дарё тошса туфикдан”. Уларнинг эътиқоди ҳам, Оллоҳи ҳам, расули ҳам , отаси ҳам, онаси ҳам пул ёки мансаб(лавозим, амал курсиси деса ҳам бўлади)дир. Чунки ҳаром пул ва амал курсиси бир-бирини ифода этади. У бандалар ҳақоратга, ота-онани қўшиб сўқиш кабиларга эътибор ҳам бериб ўтирмайдилар. Улар амалдорнинг, ҳатто унинг мансаби кичик бўлсада, масалан, колхоз раиси, совхоз директорининг сўқишларини, ҳақоратларини роҳатланиб  тинглашга кўникиб қолганлар. Улар бу ишни фақат умум халқ мулкидан ўғирлик қилишда ҳалақит бермаслармикан, деб бажарадилар.

Мени, дўстлар ҳам, нодўстлар ҳам кечирсинлар-у, бугун Ўзбекистон халқининг ҳоли мана шундай. Аммо шунга қарамасдан, баъзида қонунларнинг яхши ишламаётгани, қўшимча тақиқловчи усуллар ва қоидалар йўқлигидан шикоят ҳам қиламиз. Агар биз айтганимиздай динсиз, эътиқодсиз, хасис бўлиб қолар эканмиз, бизга ҳеч қандай қонун ёрдам бера олмайди. Ундай одам ҳар қандай қонунни буза олади ҳам, уни айланиб ҳам ўта олади.

Шунинг учун биз ўзимизда жонли исломий виждонни, яхшиликнинг(инсофнинг) қудратига ишончни, ёмонликни тўғри аниқлай билишни, қадр-қимматни, ғурурни ҳис этишни, Ватанга содиқ, имонга, ота-онага содиқ бўлиб қолиш хусусиятларини сўзсиз тикламоғимиз зарур. Бусиз  Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тасаввур қилиб бўлмайди. Бусиз Ўзбекистон эртами, кечми кимнингдир мустамлакасига айланиши турган гап. Қайтариб айтаман, биз барчамиз  ўзимизни қайта тарбиялашимиз жуда зарурдир. Биз ўзимизда эркин (озод), матонатли, маънавий инсонга хос хусусиятлар кўникмаси ҳосил қилмоғимиз шарт. Бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

3. МИЛЛИЙ ТАРБИЯ ҲАҚИДА.

Ўзбекистон, ўзбек халқи, катта ўлчамда бутун Туркистон ўлкаси тубдан янгича тарбияга, янги маданий руҳга суянадиган тарбияга ва унинг воситаларига муҳтож бўлиб қолмокда.Илм олиш, тарбия олиш, бошқача бу ишни ўқув-тарбия, деб атасак, илмни, таълимни, билимни ўзлаштириш хотирага, қобилиятга боғлиқ бўлиб, у бир қатор амалий машғулотлар ёрдамида йиғиладиган билимлардан иборатдир. У илм, у билим чуқур маънавий тарбия билан, яъни илм-билим олиш руҳий тушунчалар, виждон, эътиқод кабилар билан чамбарчас боғланмаган бўлса, у фақат билимлар йиғиндиси бўлиб қолаверади. Мустаҳкам тарбия билан, ахлоқ-одоб билан биргаликда олинмаган илм-таълим кишини инсон сифатида шакллантирмайди. Балки бундай илм олиш уни бузади, алчоқлантиради. Ваҳоланки, у билим эгаси ўзининг техник имкониятларини маънавиятсиз, виждонсизларча, эътиқодсиз суиистеъмол қила бошлайди. Масалага шу маънода қаралса саводи чиқмаган, алоҳида техник ёки бошқа хил билимга эга бўлмаган, аммо виждонли, эътиқодли, яъни тарбияли киши ихтиёрий саводи чиққан, анчагина илмли, малакали техник билимга эга бўлган виждонсиз, тарбиясиз кишидан кўп юқори туради. Эътиқоддан, шан-шарафдан, виждондан узоқ бўлган илму-таълим ва тарбия миллий маданиятнинг асосини ташкил эта олмайди. Аксинча ундай таълим маданиятни бузади ва уни бутунлай тугашга олиб боради. Бунга бизнинг коммунистик ўтмишимиз яққол мисолдир. Ўтмишда кишининг илмли, билимли бўлишини савод чиқариш деб юритганлар. Яъни илм ва билим олиш дилдаги (қалбдаги) қора доғни (саводни) чиқариб ташлаб, унинг ўринини зиё билан тўлдиришни (зиёли дейиш ҳам шундан олинган), илм ўрганиш, билимли бўлиш, деб ҳисоблаганлар. Шунинг учун ҳам биз илм, билим ўргатиш ишларига анча-мунча маблағ ажратишимиз ва сарфлашимиз мумкин. Ўзбекистонда институту-унивеситетларнинг сонини кўпайтираверишимиз ҳам мумкин. У муассасаларда халқ тийинлари ҳисобига “ажойиб” инженерлар, иқтисодчилар, математиклару-физиклар етиштиришимиз ҳам мумкин. Аммо уларда Ватанга меҳр бўлмаса, миллий руҳ бўлмаса, эътиқод-у, иймон бўлмаса ундай “мутахасcислар” Ўзбекистонни (Ватанни) талашнинг янги-янги ҳеч ким юрмаган йўлларини, ҳеч ким ишлатмаган усулларини топаверадилар. Шу онда Ўзбекистонда шундай-ку, ахир. Ана шу сабабли ҳам биз яна қайтадан ҳалолликни ва муқаддас Қуръонни чуқур ўрганишимиз керак. Бунинг учун асл маданий меросимизни, асл Навоийни («коммунист” Навоийни эмас), А.Яссавийни, Фитрат-у, Чулпонни, Бехбудийни,  Қодирийни чуқур ўрганишимиз зарур. Бутун тарбияни ўша маънавият вақадрият асосида тубдан қайта ташкил этишимиз шартдир. Илм олиш ва билимли бўлиш ўша фундаментал миллий маънавият вақадрият устунларига суяниб, чуқур тарбия билан олиб борилмас экан, бундан сўнг бизнинг элимизда ҳеч қачон берунийлар, хоразмийлар, ибн Синолар руҳи тикланмайди. Биз ҳамиша ўзга юртлар олимларига, маданият ходимларига сажда қилиб қолаверамиз.

Миллий маданиятимизни, қадриятларимизни жуда яхши ўрганмас, бутун таълим-тарбиямизни чинакамига қайтадан тикланган миллий маданият ва маънавиятга суяниб олиб бормас эканмиз, миллий тарбия ҳақида, ҳақиқий ватанпарварлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мисол учун яна ўша яқин ўтмишимизга, ҳатто ҳозирги кунимизга мурожаат қилсак ҳам кифоя. Масалан, биз ҳозир миллийлик нима, миллий маданият нима, миллий қадрият ва маънавият нималигининг фарқига бора олмайдиган бўлиб қолганмиз. Ҳеч тортинмасдан катта-ю-кичигимиз, амалдору-оддий кишимиз бемалол ўғирлик билан шуғилланаверамиз. Арзимаган долларни кўзлаб, уйимизда боболардан мерос, узоқ тарихни ўзида мужассамлаштирган, ўтмиш маданиятимиз намуналари мис идишларни, олтин буюмларни ва бошқа маданий бойликка оид обидаларни сотиб юбормокдамиз. Уларнинг ҳисобига тарбия кўрмаган, одоб-ахлоғининг тайини йўқ фарзандларимиз “Тоито»лар, “Мерседес»ларда сайил қилмокдалар. Мактабларимиз эса, ҳамон коммунизмнинг гуллаган даври дарсликларидан тўла фойдаланмокда. Дарс ва тарбия бундан 20-10 йил бурун қандай тартибда бўлса, ҳозир ҳам худди шундай давом этмоқда.

Мамлакат аҳолисининг асосий қисми ўз атрофида бўлаётган воқеаларга бефарқ ёки улар ўз бузук шахсий манфаатларидан келиб чиқиб у воқеаларга эътибор бермасликка ҳаракат қилишади. Бу совет даври тарбияси, ўша давр яшаш тарзи натижаси, албатта.

Ўзбекистон учун, унинг фуқароси учун эса, ана ўша бефарқлик, “шахсан менга тегмаса бўлгани” касалидан қутилиш йўллари топилмоғи керак. У ерда бутун таълим-тарбия ва барча ахборот воситалари шунга қаратилган бўлмоғи лозим. Аммо афсуки, Жумҳуриятда бутун аммовий матбуот воситалари кишилардаги бефарқлик психологиясини чуқурлаштиришни тарғибот қилмокда. Халқнинг бу қусуридан  эса, расмий сиёсат юргизаётганлар ўз тор шахсий манфаатлари учун фойдаланмокдалар. Аслида халқ орасида бу касалликни миллий тарбиянинг мутлақо янги шаклини ишлаб чиқиш йўли билан тузатиш устида қунт билан ишлаш лозим эди. Демак, бизда тўғри ва жуда яхши ташкил этилган миллий тарбия мактаблари вужудга келиши керак эди. Ана шундай тарбияни йўлга қўя олсак, у биз учун йўл кўрсаткич, машъал вазифасини ўташи мумкин.

Миллий тарбиянинг асосида чинакам миллийлик, иймонли бўлишлик, фуқаро бурчи, яъни Ватан олдидаги бурч, ота-она олдидаги, умумхалқ олдидаги бурч каби ҳис-туйғулар, муқаддас тушунчалар туриши шарт. Ваҳоланки, бизда бундай тушунчалар президентга содиқлик, уни мадҳ этиш, ундан “расулуллоҳ” яратиш билан алмаштирилган. Ўзбекистонда президентни кўкка кўтарсанг бас, бошқа ҳамма иш ўз-ўзидан бўлаверади қабилида иш тутилмокда. Ҳозир бизда коммунистик тузим давридаги каби виждонни тушуниш, эътиқодни сезиш, ҳақ-ҳуқуқни талаб қилиш, иззат-нафс ҳисси, масжидга ва Ватанга ҳурмат ҳисси кейингиўринларга суриб қўйилган.

Умуман айтганда маънавиятни, қадриятларни тиклаш, таълим ва тарбиянинг янги босқичини бошлаш бир томондан ҳукуматнинг сиёсатига боғлик. Иккинчи томондан бу иш мамлакатдаги зиёлиларнинг зиммасидаги муҳим тарихий вазифадир. Демак, Жумҳуриятдаги зиёлилар (агар улар бор бўлса) кўзни каттароқ очиб атрофга дурустроқ назар ташлашлари керак. Айнан ўша зиёлилар, мамлакатда нималар бўлаяпти, у қаерга бораётганлигини яхшилаб тушуниб, англаб етишлари лозим. Улар аҳолини давлатдан қўрқув(давлат гипнозидан), ҳаракатсизлик, бефарқлик касалидан  қутқаришда мисли кўрилмаган катта ишлар бажариши, жонбозлик ва жонкуярлик кўрсатишлари шарт. Аҳолини тор ва саёз манфаатдорлик, ўз қобиғига ёпишиб олиш, тутуриқсизлик (принсипсизлик) касалидан чиқариб олиш йўлида зиёлиларнинг хизмати ниҳоятда катта ва бу йўлда улар муҳим рол ўйнамоги зарур. Акс ҳолда ҳеч қанақа маданий ижодкорлик вужудга келмайди, ҳеч қанақа адолатли ижтимоий тузим барпо қилиб бўлмайди.

Узоқ даврлар давомида халқ онгида ўтириб қолган ўз-ўзини сақлаш, ўзидан ўзгани пайқамаслик хусусиятини йўқотиш ҳам тарбиянинг таркибига кириб, бу ҳам зиёлилар вазифасидир.

Борди-ю бирор кимса ўз ҳайвоний ҳирсидан, ўрганган яшаш тарзидан воз кечолмаса, Ватанга сидқидилдан хизмат этиш муҳим вазифа эканлигини тушунмаса, дунёда бош эгишга лойиқ  Аллохдан бошқа ҳеч қандай бир муқаддас маъбуда йўқлигини билмаса, у доим жамият учун хавфли бўлиб қолаверади.

Шунинг учун барча ижобий ҳислатлар кишиларга фақат тарбия орқали сингдирилиши лозим.

Ватанга хизмат қилиш қўрқувдан ёки у бурч эканлигидан эмас, балки унга мехр буюклигидан, уни севишликдан ва виждонан бўлмоғи керак. Демак, Ватанга муносабат, ватанга хизмат у ким томонидан, деҳқонми, олимми, министр томонидан бўлишиданқатъий назар Ўзбекистонга, ўзбек руҳига, ўзбекларга хос бўлганлиги учун, ўзбек буюклигига хизмат қилишдан иборат бўлмоғи шарт. У муқаддас хизмат ҳеч қачон қандайдир мансабдорга, бирор бир бошлиққа, айрим партияга ёки унинг бирор турдаги раҳбарига хизмат қилишга айланиб қолмаслиги лозим. Бунда фақат “мен  ўзбекман” деб, кўкрак кериш ҳам етарли эмас. Бунда киши энг аввал миллий тарбия кўрган,  ўзлигини таниган бўлмоғи керак. Тарбия мана шунақа принсиплар асосида олиб борилса, мана шунақа мустаҳкам маънавий асосларга қурилсагина маълум натижаларга эришса бўлади. Чунки бизда узоқ йиллардан буён миллий руҳ, миллий анъаналар ўрганилмади. Энди эса, уларни тиклаш ва мустаҳкамлаш зарур.

Қисқаси, тубдан янги тарбиявий система тузиш керак. Ўзбекистон аталмиш мамлакатни яратиш, унинг миллий давлатини тузиш руҳи, унга хизмат руҳи, фуқаролик масъулият ҳисси тикланиши лозим. Бундай руҳга ва ҳисга эга бўлмаган киши ўз манфаатининг ёки ўзганинг (хўжайинининг) манфаати қулига, манфаатпарастга айланиб қолаверади.

Мустамлакалик даврида, айниқса советлар даврида миллий руҳ аявсиз паймол қилинганлиги туфайли бугунги кунда мамлакатда иккиюзламачилик, порахўрлик ниҳоятда авж олган. Булар барчаси одоб-ахлоқни бузади, бузуқ маданият яратади, ўнгмас хасталикка маҳкум давлат тизимини келтириб чиқаради. Шунинг учун муқаддас ғоя, юксак мафкура кишига ўз руҳий ўрнини сезиб туришни кўрсатади.

Ўзбекистонни мамлакат шаклига ва унда давлат вужудга келтира оладиган кишилар юксак мафкуравий, озод, эркин инсонлар бўлиб тарбияланган бўлмоқлари лозим.

Бизнинг фикримизча, тарбия Муқаддас Ислом ғояси-Қуръони карим асосида ташкил этилган бўлсагина, у чинакам миллий тарбия бўла олади. Ана шундай тарбия юксак мафкуравий озод, эркин, соф виждонли ҳақиқий ватанпарвар инсонларни тарбиялаб етиштира олади.

4. ЗИЁЛИЛАР МАСЪУЛИЯТИ ҲАҚИДА.

Юқорида гап орасида зиё ва зиёли ҳақида бироз сўзлашга тўғри келди. Ўзбекистонда, аслида кимларни зиёли деб тушунса бўлади? Миллий зиёли деганда кимлар кўзда тутилади, улар ким ўзи? Жамиятда зиёлиларнинг ўрни, давлат ҳокимиятида зиёли қайси ўринда туриши ва у қандай вазифани бажармоғи лозим? Мана шунақа қатор савол ва муаммоларга жавоб топилгандан сўнггина зиёлилар масъулияти ҳақида тўлароқ фикр-мулоҳаза қилса бўлади.

Советлар даврида (ҳозир ҳам бизда ундан унча узоққа кетганимизча йўқ) ким ўрта махсус ёки олий маълумот ҳақида диплом олган бўлса, у кишилар, негадир зиёли ҳисобланарди. Аслида эса диплом маълум бир соҳада (масалан, математика, физика, техника, ер, тоғ жинслари ва ҳ.к.) билимга (ўртами, махсусми, олийми) эршилганлик ҳақида гувоҳнома бўлиб, у кишининг зиёлилиги ҳақида, мафкураси, одоби ва ахлоқи ҳақида ҳеч қандай гувоҳлик бера олмайди. Демак, дипломли киши ва зиёли киши бир-бирини тақозо этмайди. Ваҳоланки, исталган ахлоқсиз, тарбиясиз киши ҳам ҳар қандай соҳада маълум даражада билимга, ҳатто юқори малакали билимга эга бўлиши мумкин. Аммо киши фақат диплом билан зиёли бўлиб қолмайди. Зиёли киши энг аввал ўта инсоний тарбия олган, мафкуравий соф, инсофли, яхши-ёмонни ажрата биладиган, ҳар қандай мураккаб, жуда мушқул ҳолатда ҳам қорани оққа, оқни қорага бурмайдиган мустаҳкам иродали бўлади. Бундай кишилар одатда илм соҳасида ҳам чуқур ҳақиқий билимга эришган бўладилар. Бундай зиё соҳиблари ўз илму-билимини фақат яхшиликлар яратиш учун, одамларга фойда келтирадиган ишларни бажариш учун, яна ўзи каби зиёли кишиларни тарбиялаб етиштириш учун қўллайдилар.

Афсуски, бугун Ўзбекистонда дипломли кишилар етарли, балки керагидан ортиқча ҳамдир, аммо зиёлилар эса, йўқ ҳисоби. Бироз борлари ҳам ё ҳибсда, ёки мамлакатдан ташқарида, қолишга мажбур бўлмокда.

Мустақил мамлакатнинг мустақиллик даражаси, ундаги эркин, озод зиёлилар қатлами билан ҳам белгиланади. Зиёлиларнинг мафкуравий нуктаи назарлари, уларнинг озодлиги, мустақиллиги мамлакатнинг мафкуравий кўринишини, қолаверса унинг мустақиллигини ана ўша ифодаламоғи лозим. Бундай зиёлилар миллий қадриятлар асосида тарбия топган бўлиб, таркибан чуқур миллий бўлмоғи керак. Ана шундай бўлгандагина улар мамлакатдаги бутун тарбиявий ва ўргатиш ишларини ўз қўлларига олишлари мумкин. Мамлакатда чинакам илмли миллий зиёлилар кўпайса, улар сўзсиз жамиятда керақли ўринларни эгаллайди ва давлат ҳокимиятида ҳам зарур ва муҳим вазифаларни бажаради. Шундагина давлат ҳокимиятининг бошқарув органларида ҳам зиёли кишилар ишлай бошлайди. Қонун чиқарувчи ва уни ижро этувчилар бошида яхши тарбияланган инсофли, соф кишилар пайдо бўлади. Аммо Ўзбекистоннинг бугунига яна қайтиб бир боқайлик-чи, нималарни кўрарканмиз. У ерда зиёли киши тимсоли бўлмиш ўкитувчиларимизни (олий ёки ўрта мактабдами унинг фарқи йўқ) олайлик. Улар кимлар? Улар зиёли кишиларми? Бир сўз билан йўқ деб, кўя қолсак ҳам бўлади. Чунки улар зиёли эмас, балки ўта қўрқоқ, динсиз, диноятсиз, тутуриқсиз (принсипсиз) садақахўрлардир. Уларнинг барчаси ўқувчиларининг садақасини йиғиш, уни йиғиш кунларини кутиб кун ўтказадилар. Улар ҳечқачон ўкувчиларни тарбияламайдилар, ўқувчига илм ўргатмайдилар. У шаввозлар фақат ўқувчиларнинг кундалигига (ўрта мактабда), баҳолар китобчасига (зачетная книжка, олий мактабда) “баҳо” қўйиб имзо чекадилар, холос.Чунки уларнинг аксарияти тарбиясиз, зиёсиз бўлишлари билан бир қаторда мутлақо билимсиздирлар. Шунинг учун улар ўқувчиларни уларнинг билим даражаларига қараб эмас, балки садақаларининг  ҳажмига қараб баҳолайди. Ачинарли жойи шундаки, улар дунёвий ишларни, одамларнинг ўзаро муносабатларини ҳам ўша садақалар ҳажмида белгилайди ва ўлчайдилар. Ана қаранг, шундай қилиб, жамиятда, давлат ҳокимиятида бош ролни, бошқарувчи ролини ўша “мактабни” кўрганлар,  ўша “мактабда” дипломли бўлганларўйнамоқда. Садақа бериб дипломли бўлган зот, қаерда хизмат қилмасин ўзига ҳам садақа беришларини истайди, у садақани доим кутади. Ҳатто у ўз иш жойида садақабозлик ривожланадиган шароит яратишга ҳаракат қилади ва уни яратади ҳам.

Ўзбекистонда таълим-тарбия ишларида хизмат қилаётган кам сонли инсофли, соф виждонли  ўқитувчиларнинг кўпчилиги ўз вазифаларини ташлаб кетмоқдалар ёки уларни турли хил сиқув ва баҳоналар билан лавозимларидан четлатмоқдалар. Давлатҳокимияти курсиларига эса соф, инсофли кишилар умуман яқинлаша олмаяптилар.

Қанчалар ачинарли бўлмасин, Ватанда аҳвол бугун айнан шундай. Ўқитувчи садақахўр (аслида ўғри дейиш лозим), қонун чиқарувчи эса унинг шогирди, қонунни ижро этувчи ким бўлиши мумкин? Яна ўшада, садақахўр, ўғрида. Бошқа ким ҳам бўларди?. Бундай ҳолда мамлакатнинг, унинг давлат тузумининг келажаги қандай бўлади? Олдимизда ана шу саволларга жавоб топиш каби мураккаб муаммо турибди. Буни тан олмаслик мумкин эмас. Бу муаммога эътибор бермаслик эса, касалнинг иситмасини яшириш билан тенг кучлидир. Шу кунга қадар аҳволимизни ўтмишга, мустамлака-чиликка йўрадик. Энди-чи, энди мана мустақил ҳам бўлдик, ўз ихтиёримиз  ўз қўлимизда. Келинглар, ҳеч бўлмаса энди ҳақиқий аҳволни тан олиб, уни чиндан ҳам тузатишга киришайлик. Барчамиз ёки мутлақ кўпчилигимиз бир миллатга тегишлимизку, ахир. Ҳар биримизнинг даврдан, тузумдан “олганимиз” бор, келинглар уларни бир ўртага йиғайликда, сўнгра сувга оқизиб юборайлик. Ана ундан кейин бемалол тўғри, равон йўлга тоза юрак, софланган виждон билан енгил чиқамиз. Агар шундай қилмас эканмиз, юқорида санаб ўтилган ижтимоий, маънавий ва бошқа хасталиклар муаммолари сақланиб қаловеради. Биз виждонан покланмасак ҳеч қанақа иқтисодий ва сиёсий муваффакият ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Нопок одамларга ҳеч қанақа ислоҳотлар ёрдам бермайди ва бера олмайди.

Мамлакатда яхши тарбия кўрган, ақл-заковатли, иродали, виждонли, садоқатли, соф зиёлиларнинг бўлиши чинакам мустақил давлатни яратиш ва уни ташқи хавфдан сақлаш учун зарур шартлардан бири ҳисобланади. Улар бутун янгиликларнинг, яхшиўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қилмоғи керак.

Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар ва хусусий мулкчиликни жорий қилиш, иқтисодда бозор муносабатларини ривожлантириш жараёнининг тинч, кўпчиликка маъқул бўладиган шаклда амалга ошишини таъминлашда дину-диёнотли, инсофли, соф виждонли зиёлилар армияси жуда ҳам асқатади.

Шунинг учун Ўзбекистонда бугун оз бўлса ҳам, агар зиёлилар қолган бўлсалар, улар зудлик билан кўзларини дурустроқ очиб,Ўзбекистонни чинакам мустақил мамлакатга айлантирадиган асосий ва энг муҳим куч ўзлари эканлигини тушунмоқлари жуда зарур. Улар ўз ақл-заковатини билимини, иродасини Ватан мустақиллиги учун ва унда чинакам демократик ўзгаришлар бўлиши учун ишлатиши буюк ватанпарварлик, деб билишлари шарт. Бунда ҳатто Ўзбекистонда мавжуд  ҳокимият ходимлари ҳам мустасно эмас, албатта.

Ўзбекистон ҳокимият доираларида ташвишли вазият.

Матни юқорида келтирилган мақола Ўзбекистон ҳокимият доираларида ташвишли ва асабий вазият келтириб чиқарди. Шунинг учун бўлса керак бу мақолага “раддия” ёзишни Ўзбекистон давлат телерадиокомпаниясига топширишди. Натижада, энг аввал “Ўзбекистон овози” газетаси 11.08.94 й. сонида “Бировнинг араваси” номли коммунизм тобутидан овозни босиб чиқарди. Тобутдан чиққан бу овоз Ўзбекистон халқ депутати, давлат телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари, Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон радиоси бош директорининг ўринбосари Иброҳим Норматов номидан эълон қилинди. Бу “овоз»да истаганча ёлғон-яшиқлар топилади. Аммо мен ундан фақат ўзимга тегишли қисмини тўла келтираман. “Овоз” ифодасининг бошланишида “Озодлик” радиоси номига ҳам бир қанча балчиқлар чаплашгандан сўнгра асл мақсадга ўтишади :  “Яқинда мазкур радиода ўзини самарқандлик Алибой Йўляхшиев деб атаган “сиёсий арбоб»нинг “фалсафий мулоҳаза»лари берилди. Бу арбоб ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай 22 миллион нафар Ўзбекистон аҳолисини онгсиз, ҳиссиз, мақсадсиз дея камситди, ўзини эса, ҳақиқий ватанпарвар қилиб кўрсатишдан уялмади. “Маълумки, Ўзбекистон узоқ муддат мустамлака шароитида қолиб кетди. Шунинг натижасида халқда қуллик хусусияти жуда чуқур илдиз отган. У ғояни, мафкурани тушунмайди деса бўлади. Бу халқ ҳукуматдан кўркишни билади, яшаб қолишга интилиш хусусияти кучли. Шунинг учун бу халқни маънавият, қадрият, мафкура, ғоя каби тушунчалар унчақизиқтирмайди. Уни яшаб қолиш, очликдан сақланиб қолиш ҳисси қизиқтиради, холос”- дейди у. Кўр бўлсанг бўл, кўрнамак бўлма, дейдилар. “Аслида маънавият ҳисси ва қадриятлари ўз ўрнига қўйилган эркин, озод инсоннинг нони ҳамиша бутун бўлишини Ўзбекистон халқи ҳали яхши тушуниб етмайди- дея давом этади “арбоб”. Шу сабабли ҳозир ким кўп овқат ваъда қилса, ўшани доҳий ҳам, пайғамбар ҳам деяверади. Уни ҳатто “худо” деб юборишлари ҳам мумкин. Ана шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда жамият тузилмаган деса бўлади. У ерда фақат советлар империясидан қолган партиявий хўжайинлар гуруҳи, қорин тўйдиришдан бошқа ғами йўқ хизматчилар мавжуд, холос. Уларнинг бирортаси ҳам мафкура, ғоя нималигини тушунмайди. Масалан, бизда, ўғил отани бемалол алдайверади. Ака-ука, қариндош-уруғ, диндош, ватандош тушунчалари ва уларнинг бир-бирига содиқлиги меҳрибонлиги кўпчилигимиз учун кулгили бир ҳол. …»

Энди “файласуф»нинг хулосасини эшитинг : “кўпчилигимиз учун бугун муқаддас ғоя йўқ. Муқаддас маъбуд йўқ.” Ажабо! “Озодлик“нинг ўзбек шуъбасидаги биродарларимиз Йўляхшиевнинг ноласини қандай миллий ҳиссиётлар оғушида тинглашди экан ?! Ҳатто, мустамлака йилларида ҳам оллоҳга иймон келтириш, исломга ва ватанга эътиқод, ота-онага ва миллий маънавиятга эътиқод ўзбек халқи учун муқаддас бўлиб қолганини наҳотки улар билмайди? Империя ҳукмронлиги даврида минглаб, юз минглаб миллатдошларимиз ана шу муқаддас ғоялар йўлида курашдилар, қурбон бўлдилар(ҳа, ҳақиқатан совет даврида эътиқод бир мунча дуруст эди. Ҳозир совет замонидан бир қанча марта баттар бўлди. Чунки жаҳон жамоатчилигини чалғитиш учун бўлса-да, советларда қандайдир сиёсат бор эди. Ўша сиёсат соясида баъзи миллийликлар ва динга эътиқод мавжуд эди. Аммо бугунги Ўзбекистон “рахбарлари” нуқул ўғрилар бўлганликларидан, буларда ўғриликдан ўзга ҳеч нарса йўқ – А.Йўляхшиев изоҳи). Ватан туйғуси кейинги уч йилда ўзбек халқининг юрагига куч қудрат, беадоқ шукуҳ бахш этди. Мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида қўйилаётган ҳар бир қадам аввало ана шу муқаддас туйғуларнинг юксалишига хизмат қилмокда. Турмуш тарзимизни ҳамон коммунизм мафкураси мезони билан ўлчаётганлар бундан атиги уч йил аввал Ўзбекистонда Амир Темурни улуғлаш, Мунаввар Қорининг номини тилга олиш, Турон тарихини тўғри ўрганиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш, рамазон ва қурбон хайитларини нишонлаш, ёшларнинг масчитга бориб никоҳдан ўтишлари, миллий ғурур ва маънавият ҳақида гапириш қандай нохуш оқибатларга олиб келишини яхши билишади-ку! “Узбекистон ғоясиз, мафкурасиз йўлдан бораяпти”,деб сафсата сотаётганлар юртбошимизнинг* Олий Кенгаш ХV сессиясида айтган қуйидаги сўзларини эслашса, ўзларига фойда бўларди. “Нега миллий онг, миллий ғурур, миллий мафкура ҳақида жон куйдириб гапирамиз? Бунинг сабаби шуки, бизЎзбекистонимизни буюк давлатлар қаторига қўшишга ахд қилдик. Болаларимизни, йигит-қизларимизни (шу ғояга  қаттиқишонадиган буюк давлат фуқаролари) буюк давлатга муносиб фарзандлар этиб тарбиялашимиз лозим.

Ўзбекистонда миллий, шарқона маънавиятга таянган мафкура яратилмокда. 70 йиллик коммунистик ғоя билан йўғрилган мафкура илдизларини таг-туги билан қўпориб ташлаш айтишгагина осон. Уч йилдан буён ана шу ғояларга қарши олиб борилаётган кескин кураш ҳам буни исботлаб турибди. Уюшган жиноятчилик, коррупсия, порахўрлик, ошна-огайингарчилик каби иллатларни шахсан мамлакат Президентининг ўзи** очиб ташлаётгани, фош этилганлар беаёв жазоланаётгани барчага аёнку! Шаҳарлардаги осойишта ҳаёт, далалардаги қайноқ меҳнат, одамлар кўнглидаги хотиржамлик ана шу ҳаракатларнинг натижаси эмасми?! Ҳар ҳолда “Озодлик»дай нуфузли ахборот воситаси аламзада кишиларни “сайратиб” қўйишдан аввал бутун бир миллат, халқ такдири билан алоқадор масалаларга кўпроқ эътибор берса фойдали бўларди. Миллатчи Жириновский*** неча ойлар давомида Ўзбекистонга,Ўрта Осиё халқларига бетўхтов маломат тошларини отди. Энди эса, жаноб Александр Солженитсин сурбетларча алахсирамоқда. Аллақандай даъволарни ўртага ташлаб, халқлар орасига нифоқ уруғини сепмоқда. “Озодлик»даги биродарлар ҳақиқий жонкуяр бўлсалар бундай “дохий“ларга муносабат билдирса бўларди. Бирок, улар йирик муаммолар ҳақида сўзлаш ўрнига, Ўзбекистонда бирор гўдак дарахтдан йиқилиб тушса, ўзбекнинг ҳамма боласи майиб бўлиб қолди, дея аюханнос солишлари ҳеч гапмас(ўзлариўзларини нишонга олмоқда – А. Йўляхшиев).

Жаноб Йўляхшиевнинг уч кун мобайнида “Озодлик“ тўлқинлари орқали жаврагани ҳам айнан шундай фикр туғдиради кишида. Эмишки, республикада бугун аммовий ахборот воситалари кишилардаги бефарқлик психологиясини чуқурлаштиришни тарғиб қилармиш, Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги миллийлик нима, миллий маданият нима, миллий қадрият ва маънавият нималигининг фарқига бормай, маданиятсиз, тарбиясиз кишилар бллганимиздан каттаю-кичигимиз, амалдору-оддий кишимиз бемалол ўғирлик билан шуғлланаверамиз; мактабларимизда ҳамон коммунистик давр дарсликларидан тўла фойдаланаётган эмиш…  Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан мутлақо бехабар ўз қавмлари қадрини чилпарчин қилишдан ҳаловат олувчи, мактаб ҳаётидан узоқ аламзада кишиларгина шундай сўзлаши мумкин. Бировнинг аравасига тушиб қолганлар ҳам шундай бахтиқораликка дучор бўладилар. Аравага ўтиргандан кейин эгасининг гапига кирмай ҳам кўрсинчи! Халқимиз “кимнинг аравасига тушсанг ўшанинг ашуласини айтасан”, деганда ана шундай кимсаларни назарда тутган.“

Биз коммунизм табутидан овоз деб атаган алахсирашнинг бир қисми, яъни менга тегишли ери мана шудир. Буни синчиклаб ўқиган зукко ўқувчи ҳақ қаерда, ботил ( ёлғон ) қаерда ўзи ажратиб олаверади.

«Тобутдан овоз”дагилари камлик қилди шеқилли, бундан ташқари ҳам Каримов режими ўрнатган матбуот органларида менга яна бир қатор “лой чаплашлар” бўлди. Масалан, мен 30 йилга яқин ишлаб ижод этган Самарқанд университети ўқитувчилари номидан ҳам катта бир мақола босишди. Бу “илмий ишни” “Халқ сўзи” газетаси 08.09.94 й. сонида эълон қилди. Бу хабарни      ”илмий иш” дейилишига сабаб, унга имзо чеккан “ўртоқлар” афсус ўзларини “олим,” деб биладилар; зотан уларнинг икки-учта дипломлари бор, ахир. У дипломлар юқорида тушунтирганимиз каби илм ва тарбия кўрсаткичи бўла олмайдиган сохта дипломлардир.

Мен бу ерда ўша “илмий иш»нинг матнини ҳам тўла келтираман. Уни “Мафкура назариётчиси эмиш…”, деб атамишлар. Сарлавҳани қаранг?! Улар сарлавҳа танлашдаёқ менга туҳмат қилишмоқдалар. Мен бир фуқаро сифатида мафкура ва мустақиллик ҳақида ўз шахсий фикрларимни билдирдим. Улар эса, мени “назариячи” аташмокда. Бир тарафдан улар бу билан менинг оддий мақоламга катта баҳо бермокда, аммо бошқа томондан ўзларининг накадар паст савияда эканликларини ҳам очқк кўрсатишмокдалар. Нима қиласиз, уларда бори шу. Улар нима сўзлаётганларини ўзлари ҳам дуруст англай олмайдилар. Чунки улар учун бошқалар ёзадиларда, ахир.

Муҳтарам ўкувчи, бу сафсатани ҳам ўқинг. Чунки яхшини чуқур англамоқ учун ёмонни танимоқ зарур.

Қуйида саккизта “олим” имзо чеккан “илмий иш” келтирилади:

«Яқин ўтмишни хотирлар эканмиз, на фақат қўлимиз, балки онгимиз, эътиқодимиз ҳам занжирбанд бўлганига имон келтирамиз. Ана шу занжирни узиб, улоқтириб, эркинлик шабадаларидан эндигина нафас олаётганимиз олий неъмат – мустақиллик меваси эканига шукрона айтгимиз келади. Халқимизда “курмаксиз гуруч бўлмас” деган нақл бор. Қарангки, шу нақл бугунги кунга ҳам тўғри келиб турибди.

Яқинда газеталарда “Бировнинг араваси” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақола муаллифлари мустақил юртимиз обрўйига соя ташламоқчи бўлган айрим кишиларнинг кирдикорлари тўғрисида батафсил ёздилар. Ана шундайларнинг сафида Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети дотсенти А.Йўляхшиев ҳам борлиги жамоани қаттиқ ранжитди. Шу билан бирга уларда “Йўляхшиев қачондан буён она диёримизнинг мафкурасини яратувчи бўлиб қолди”, деган ҳақли савол туғилди. Ахир, А.Йўляхшиев амалий математика фақултети тавсиясига кўра докторлик диссертатсиясига доир материалларни ўрганиш ва ишни якунлаш учун Киев шаҳрига илмий сафарга жўнатилган эдику. Қандай қилиб у “Озодлик»нинг назарига тушиб қолди.

Очиғи, жаноб А.Йўляхшиевнинг кимлигини университет жамоаси аввалдан яхши биларди. Унинг “қайта қуриш”, деб аталган йиллардаги “сиёсий” фаолиятидан ҳам хабардор эдик. Шу асосда кейинги йилларда олиб борган ишлари ҳақида бир неча бор университет раҳбарияти суҳбат ўтказган эди. Шу суҳбатларнинг сўнггисида у “Менинг ҳозир “Бирлик” ҳаракати билан ишим йўқ, унинг фаолияти билан қизиқмайман. Иш фаолиятимиз тўхтаган” деган эди. Бугун эса, бошқа фикрни олга сурмоқда. Бу нима? Ҳамкасбларни алдашми ёки иккиюзламачиликми? Ватанимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, жаҳон миқёсида обрўйини кўтариш халқимиз бирдамлигига, сабрматонатига, фидокорона меҳнатига боғлиқ. Лекин, тарихий бой меросга суяниб, азалий инсоний қадриятлар, урф-одатлар негизида ташкил топаётган ва кенг жамоатчилик томонидан қўллаб қувватланаётган мустақиллик мафкураси яратилаётган пайтда ғаразли ниятларини амалга ошириш учун пайт пойлаган Йўляхшиевгаўхшаганларнинг фитна-фасод билан шуғилланаётгани кишини ранжитади.

Хуш, А.Йўляхшиев аслида ким? Бу саволга биз, у билан кўп йиллардан буён бирга ишлаб келаётган ҳамкасблари қуйидагича жавоб берамиз: “Мен Йўляхшиевни 1971 йилдан-студентлик давримдан биламан… А.Йўляхшиев тўғрисидаги фикрларим университетда ишлай бошлаганимдан сўнг кескин ўзгарди. Бу кишининг ўзи тўғрисидаги фикри, яъни “мен” ва фақат “мен” деб ўзини арши аълода кўрсатишлари мени таажублантирар эди … Жаноб Йўляхшиев ўзининг шахсий манфаати йўлида ҳеч нарсаданқайтмайдиган инсонлардандир.” “Мен бу кишининг “Озодлик” радиосида баён этилган фикр ва мулоҳазаларига мутлақо қўшилмайман ва тамоман нотўғри деган фикрдаман”, “у ўз фикридан бошқа фикрни, мулоҳазаларни доимо нотўғри деб исботлашга ҳаракат қилади. Бизнинг фикримизча унинг “Бирлик” ҳаракати фаолияти амалпарастликка қаратилган фаолиятдир.“У мен ҳақиқат тарафдориман” деган ғояни олга суриб, ўзига ўхшаш айрим кишилар билан тил бириктириб, бундан бир неча йиллар бурун фақултетда соғлом муҳитни бузди. Йўляхшиев ўзининг фикрига мос бўлмаган ҳар қандай тушунчани маълум бир раҳбар шахснинг манфаатига қаратилган, деб тушунади, яъни ўзга фикрни доимо нотўғри деб исботлашга уринади. “Мени Ўзбекистонда танқид қилишга қодир одам йўқ”, деган даъво билан ўзгаларни камситади. Унинг ҳаракати ҳар доим амалпарастликка қаратилган бўлади. Буни бошқача тушуниш мумкин эмас.

А.Йўляхшиев собиқ советлар даврида “гуллаб яшнаётган” коммунистик партия сафларида туриб ўзи бугун тош отаётган тузум равнақи учун хизмат қилишга бел боғлаган эди. Аммо, унинг кимлигини ўша пайтдаёқ билган жамоа уни ҳатто ўша партия аъзолигига ҳам тавсия этмаганди*. Буни қарангки, бугун Йўляхшиев яхши бўлиб, у орзу қилган ва етишолмаган партия ёмон бўлиб қолди. Бу эса машҳур халқ эртаги тулки ва узум ҳақидаги ривоятни эсга туширади.

Халқимизга, элимизга мақбул бўлмаган мафкура назариячисини талабалар аудиторияларида  ҳақдан, одилликдан ва адолатдан маърузалар ўқишга имкон яратиш зарур ёки зарур** эмаслиги тўғрисида ҳам жиддий ўйлаб кўриш лозимлигини алоҳида кайд этмокчимиз. Зеро, шаклланаётган ёш авлод бўлмағур уйдирмалар ўрнига илм, тарбия олса- ютук ҳаммамизникидир.

Мустақил республикамиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиб, давлат байроғи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олдида ҳилпираб турган, она диёримиз раҳбариятининг халқчил ички ва ташқи сиёсатини бутун жаҳон сиёсатдонлари, иқтисодчилари маъқуллаб турган бўлса-ю, А.Йўляхшиев узоқдан туриб ота юртига тош отиб***, унинг жаҳондаги обрўйига соя туширмоқчи бўлса! Бундайларга муносиб жавоб бор. Албатта, нонкўр узоққа бормайди. У яратганнинг олдида ҳам, кишилар олдида ҳам ўз қилмишига яраша жавоб беради. Бўҳтоннинг умри қисқа. Ҳар бир қилмишнинг интиқоми бор****.

 Алишер Навоий номидаги Самарканд давлат университети жамоаси юртбошимиз Ислом Каримов амалга ошираётган изчил сиёсатни маъқуллайди. Биз пок имон, самимият ва фидокорлик билан меҳнат қиламиз, талабаларимиз эса, фақат “аъло” ўқиш билан она Ватанга меҳр – муҳаббат ва садоқатларини намоён этадилар.“

Ана шу ўкиган бу “буюк иншо”ни Самарканд университети илмий ишлар бўйича ректор муовини-И.Жуманов; Электрон ҳисоблаш машиналари математик таъминоти кафедраси мудири-М.Лутфуллаев; Амалий математика фақултети декан муовини С.Амириддинов; Олий математика кафедраси мудири А.Мусаев; Тарбиявий ишлар бўйича ректор муовини И.Саидов; Ҳисоблаш математикаси кафедраси аъзоси М.Суяршаев; Ахборот ва ҳисоблаш кафедраси аъзоси- А.Хуррамов; Амалий математика фақултети декани-Х.Тураевлар имзолаганлар. Азиз ўқувчи эътибор берган бўлсангиз бу узундан-узун “илмий ижод” аслида унинг энг сўнгги хулосаловчи жумласини эълон қилмоқ учун тўқилган, холос. Кўриб турибсизки, бу хулоса коммунистик тузум даврон сурган замондаги иншолардан ҳеч бир томони билан фарқ қилмайди. Фақат у замонлар Ленин, Сталин, Хрушчев, Брежневни кўкка кўтаришарди бу ерда эса Каримов, холос. Хотирингизда бўлса, юқорида айтилганидек мамлакатнинг мустақил бўлганига уч йилгина бўлди. Шу қисқа бир вақт давомида одамзодни шунчалар кўкка кўтариш мумкинми? Ҳамма қусур шунда эмасми, ахир?Қаранг, булар ҳеч бўлмаса Ленин, Сталинга ўхшаш диктаторларнинг такдирига бир назар солмайдилар.

Мен бу “иншо” муаллифларига бир жавоб ҳам ёздим ва йўлини қилиб уни Самарқандга жўнатдим. Жавоб саккиз муаллифга бир хил ёзилди. Фақат жавобнинг юқорисига саккизининг ҳам исмларини қўйдим. Ўша жавобни ҳам бу ерда келтираман.

Жавоб хатни “Қ.б. …” белгиси қўйиб нукталар ўрнида бояги муаллифлар исми-шарифларини кўрсатдим. Аммо битта хат ёзилди. Чунки оқибатда хат уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида топширилиши керак эди. Қуйида жавоб хатни тўласинча бераман.

«Қ.б.” қисқартмани, эгалари оча олмасалар керак. Аммо уни менинг ёзганларимни ўқишадиган ўқувчилар учун очмоқни лозим кўрдим. Унинг икки шакли бор. Биринчиси, аслиси “Қ.б.”, қул бола, демакдир. Аммо у жоҳил “муаллифлар” яна бир “ижод”, бизни ҳақорат қилди деган бир маш-маша қилишлари мумкин деган фикрга бориб, унинг  бошқача очилишини ҳам ўйлаб қўйгандим, яъни иккинчи очилиши, “Қ.б.”ни, қадрли биродар, деса ҳам бўларди. Аммо бу калима уларга ҳеч лойиқ эмас. Улар менга ва менга ўхшашларга биродар бўлишлари мутлақо мумкин эмас.

Шундай қилиб, жавоб шундай бошланади:

«Менимча чўнтагингда битта эмас, бир неча дипломлар бор шеқилли. Озгина саводи чиққан одам нима деяётганини, нима қилаётганини, нима ҳақида фикр юргизаётганини  ўйлаб  қарамайдими? Ҳа, амал қурсин, пора қурсин. Бу мансаб, бу ҳаром пул кишини нималарга солмайди?! Ҳу, номардлар, саккизингдан ҳеч бўлмаса битталаринг ҳам “Озодлик»ни тингламагансилар, тингламайсиз-ку. Унда, радиода қандай материал ўқиб эшиттирилганини мутлақо билмайсилар-ку. Шундай бўлгач, қайси виждон билан унга “оппонентлик” даъво қиласанлар? Дарвоке, силарда виждон нима қилсин!

Ҳой, қ.б., билсанг агар, мен ўша мақоламда айнан сен ҳақингда ёзган эдим. Чунки сен учун бунақа хатларга қўл қўйиш “хамирдан қил суғириш»дай бир гап. Аммо мен сенинг башарангни аниқроқ очиб, ўша мақолада сен ўз манфаатинг учун на фақат менга, ҳаттоўз ота-онангга ҳам шундай туҳмат қилишдан қайтмайсан, деб кўрсатганман. Қ.б., менинг мақоламдан ҳеч бўлмаса бирорта кўчирма келтирмасдан курук сасиқ сафсатталарни қалаштириб ташлашдан уялмадингми? Ҳар ҳолда олим номинг бор-а. Мен Суяршоевга ҳайронман. Мубин, сиз бу ахлатга нима қилиб аралашиб юрибсиз? Ё, Ҳатом кетиб сизга деканлик ваъда қилишдими? Аммо сизлардан, сизга менинг ихлосим бир мунча баланд эди. Сизни бундай ифлосликлардан юқори туради, деб ҳисоблар эдим.

Ҳу, қ.б. бу хатни сендан ранжиганимдан эмас, балки мамнун бўлганимдан ёзмоқдаман. Чунки бизда “Озодлик»ни худди сен каби кўпчилик тингламайди ёки тинглай олмайди. Сенинг бу публистикадаги “машҳур кашфиётинг” туфайли бундан сўнг Ўзбекистонда кўпчилик мен ва менинг мақоламга янада қизиқа бошлайди. Натижа мен хаёл ҳам қила олмаган самарани бераяпти. Сенинг бу “беминнат хизматинг” учун сен қ.б.га ташаккур айтишим керак. Аммо ҳозирча сенга лойиғи шу.

Сен манқуртга мақоланинг ўзидан бир-иккита кўчирма келтирай, cен уни ўқиб кўр, ахир қ.б. Унда “Амалда коммунистик ғояда тарбияланганлар мансаб поғонаси юқори бўлган раҳбарга қулларча сиғинадиган, алдав, ёлғон, қасам айтишдан тап тормайдиган кишилар бўлиб етишдилар. Шундай қилиб, ҳукмдорлар яшаш тарзи бизда миллий мафкура даражасига келтириб қўйилди… Ҳамон у аҳоли қўрқувда яшамоқда. Ҳамон ҳоким нима деса ўша қонун, унинг яшаш тарзи мафкурага айланиб қолмокда. … У ерда фақат советлар империясидан қолган партиявий хўжайинлар гуруҳи ва корин тўйдиришдан ўзга ғами йўқ хизматкорлар (қуллар) мавжуд холос.“-дейилган. Хой, ноинсофлар, айтингларчи, бу сўзларнинг қайси бири ортиқча? Бу сўзларнинг қайси бири силарнинг хусусиятларингга мос эмас? Агар сен қўрқувда яшамаётган бўлсанг ҳеч нарсадан хабаринг йўқ бўла туриб шунақа саситармидинг? Мен бўлсам сени одам ҳисоблаб, “Биз коммунизм ғоясида тарбияланганлар ўзимизга тўғри баҳо бера олсакгина келажак авлодга ибрат бўла оламиз. Ана шундагина уларни келажакка муносиб этиб тарбиялай оламиз. Кишининг ўзига ўзи тўғри баҳо бериши юқори мафкуравий кишига хос ҳислат. У чиндан ҳам марднинг иши”, деб юрибман. Сен қ.б.-ни бир даврнинг кишиларимиз деб,ўз ёнимга қўйииб ўтирибман. Бу фикр мутлақо нотўғри экан. Сен ҳеч қачон менга яқинлашмас экансан. Афсус, нима ҳам дейман, арпа ҳам (аслида сени арпага ўхшатиш ҳам юқори баҳо), буғдой ҳам бир далада озуқланади, аммо улардан ҳеч вақт бир хил нон пишириб бўлмайди. Уларнинг биридан зоғора, бошқасидан бўрсилдоқ буғдой нон пишади. Тарихий танназулга мувофиқ зогора нон итга ёки хўкизга берилади. Демак, сен хўжайининг учун ким эканлигинг шундан келиб чиқади. Аслида хўжайининг ҳам ўша ҳамирдан. Силар бир-бирингга жуда мос ва хос зотсилар.

Қ.б., сен ҳам онда-сонда газета-мазета варақлаб турасан, шеқилли. Ёдингда бўлса, бир вақтлар молбоқарлар, сутсоғувчилар, аравакаш-у, даллоллар ва ҳ.к. ва ҳ.к.лар номидан Д.Сахаровни қоралаб ёзилган хатларни совет матбуоти чоп этишган эди. Сенинг бу “ижодинг” ҳам ўша номаларга жуда ўхшаб қолибди. Э, айтгандай, асл авторлар ҳали ҳам ўша-ўшаларда, ахир. Бу хатни қ.б.ча сен ёзганинг йўқ, бундай хат ёзишнинг уддасидан ҳам чиқа олмайсан. Чунки сен ҳамиша бировларнинг ёзиб берганига имзо чекиб кун ўтказиб келмоқдасан. Силарнинг “илмий ишларинг” ҳам ўзгалар қули билан ёзилган. Шунинг учун ҳам сенга бунақа жавобларнинг унчалик ҳам таъсири ва аҳамияти йўқ. Аммо нима ҳам қиламан, сенда ҳам табиатан менда борига ўхшаш нарсалар (кўз, соч, тил ва шу каби Аллоҳ бермиш белгилар) бор-да. Шунданми, ҳайтовур, кўнгил қурғур қўймади, бирор нарса ёз деяверди. Натижада, мана шу бир варақ, тарихий асар пойда бўлди.

Қ.б.лар силарга қўшимчасини (силарнинг тилларингда д.п.сини) иншооллоҳ, тарих пешоналарингга бир парча қилиб ёпиштирар. Саломига яраша алиги билан А. Йўляхшиев.“

Самаркандлик “ҳамкасбларимнинг” “иншо”си босилган газетанинг бизга факсланган парчасини  ўқиганим ҳамон юқоридаги жавобим қоғозга тушди. У 1994 йили қандай ёзилган бўлса худди  ўшандай бу ерда ҳам таҳрирсиз келдирдим.

Қизиғи шундаки, бу жавоб биринчи бўлиб И.Жумановнинг қўлига тегди. Муаллифларнинг бошқаларига етказиш имкони бўлмай, уларга бу жавоб хат етмади. Аммо Жуманов бу хат ҳаммага етказилган бўлса керак деб тушунган шеқилли, у хатни чала-пула,ўқир-ўқимай давлат хавфсизлик комитетига топширган. Шундай қилиб, Ўзбекистон хавфсизлик комитети архивида бу жавоб хатнинг якка-ягона нусхаси соқланмоқда. У ҳам бўлса шахсан коммунист Жумановнинг ўз қадрдон комитетига топширган нусхадир. Ҳа-да, эҳтиёткорлик яхшида, борди-ю бошқа бири Жумановдан аввал хатни топшириб қўйса нима бўлади? Проректордан илгарида, ундан илғорироқ яна бирортаси бўлиши мумкинми, ахир?

Ана, қаранг, бу ҳам аслида мафкура. Аммо тушуниб бўлмас мафкура. Тўғрироғи бу қўрқоқлик мафкураси. Биз буни юқорида таъкидладик. Кишилар “менга тегмаса” бўлгани касалига дучор бўлган, дедик. Уларнинг советлар замонида яна бир ўргангани ана шу ташимачилик, шикоят, думалоқ хат ёзишдир. Уларнинг тарбияси шу. Ахлоқи шу. Бу воқеа, ўзини профессор, олимман, деб ҳисоблаган бир кимса билан содир бўлмоқда. Ўзбекистондаги бечора у оддий кишилар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?

Шундай қилиб, бу икки мақола ҳам, яъни “Бировнинг араваси” ва “Мафкура назариётчиси эмиш…” мақолалари республика марказий матбуотида эълон этилди. Маҳаллий ахборот органлари ҳам бу ишдан четда қолишмадилар. Айниқса, бу ишда Самарқандликлар фаол қатнашдилар. Масалан, вилоят газетаси “Зарафшон»да менинг ҳақимда “Яхши йўлдан тойган Йўляхшиев” памфлети босилди. Бу “асар” муаллифлигига даъвогар ўз исмини Эломонов деб атаган. Аммо Самарқанд вилоятида шундай бир исми шарифда бирорта мухбир ёки ёзувчи, ёзар топилармикин?! Билмадим, балки, бу исм “Зарафшон” газетаси муҳарири Ҳабибулла Темировнинг коммунистик “кличкаси»дир. Нима бўлганда ҳам асл муаллиф бироз тарихдан уялганга ўхшайди. Чунки у ўзининг асл исмини расмий равишда эълон эта олмапти.

Мазкур, “қимматли” асарни ўқиган ўқувчилар унинг накадар уйдурмалигини кўришиб, унга қарши раддия ёзишибдилар. Улар ўз раддияларини “Зарафшон” газетасига ҳам йўллашган, албатта. Аммо газета бу раддияни босиб чиқармаганлар. Ўзбекистон Республикаси матбуот ҳақидаги қонунда эса, ахборот воситаларида босилган ҳар бир маълумотга тегишли қарши тараф фикрлари ҳам матбуотнинг ўша воситасида эълон қилиниши зарурлиги кўрсатилган. Бу воқеа, Ўзбекистонда қонун бошқа ва ҳаёт бошқалигини ҳамда менинг мақоламда келтирилган фикрларнинг тўғрили гини  такрор исботлайди.

«Зарафшон»да босилган “қимматли” асарга қарши раддия “Яхши йўлдан тойган Йўляхшиев” памфлетини ўкиб….” деб аталади.

Бу раддияни “БИРЛИК” газетасинннг 1995 йили апрел ойида чоп этилган янги нашри эълон қилган. Унинг ўша газета матни бу ерда келтирилмокда. Аммо мақоланинг мазмуни, жумла тузилишлари оз бўлсада ўзгартирилмаган. Муаллифлар стили тўла ўз ҳолича сақланган.

Хуллас, мақола қуйидагича бошланади:

«Озодлик” радиосидан “Бирлик” халқ ҳаракати Самарканд вилоят Кенгаши Раиси Алибой Йўляхшиевнинг “Ўзбекистон нимага суянади?” мақоласини унинг овозидан эшитганимиз, А.Йўляхшиевни кўпдан бери билганимиз учун ушбу памфлетни “Зарафшон”, “Халқ сўзи” ва “Узбекистон овози»да босилган Алибой Йўляхшиев ва унинг радио орқали чиқиши хусусидаги бошқа мақолаларниўкиб, биз ҳам ўз фикр-мулоҳазаларимизни айтишга жазм қалдик.

Памфлет Ўзбекистондаги ҳозирги ижтимоий-сиёсий аҳволни, расмий сиёсат руҳиятини ўзида ҳар томонлама пишиқ, тўла мужассамлаштирган. Муаллиф А. Йўляхшиевнинг мақоласидан мисоллар келтириб, ўзича талқин ва таҳлил этади ва ўқувчида Йўляхшиев ва унинг фикрларига нисбатан салбий кайфият уйғотишга ҳаракат қилади. “Болшевизм” даврида коммунизм ғоясигақурилган мафкура кишиларни тўла ғоясизлик, мафкурасизликка олиб келди. Чунки, янги мафкура кишиларда кўникма ҳосил қила олмади. Аммо уларни эски мафкурадан озод қилишга улгурди. Натижада улар ўртада сарсон даражага етиб келдилар. Улар маънавиятсиз, мафкурасиз, очиғи бир махлуққа айланиб қолдилар”. Йўляхшиевнинг бу жумласини муаллиф, “Хуш, қалай? Зўр хулосами? Ё сиз ғазабландингизми, азиз муштарий? “Бу жиннихонадан қочган бемор-ку, дедингизми?” дея изоҳлайди. Йўқ, муҳтарам муаллиф, биз бу жумлани радиодан эшитганимизда ҳам, газетангизда ўқиганимизда ҳам ғазабланмадик. Ахир, Йўляхшиевнинг гапирганлари ҳақиқат-ку. Коммунистик мафкура, қанча ҳаракатлар қилинмасин, халқимизнинг қалб мулкига айланмади. Масалан, “сотсиалистик мулкни кўз қорачиғидек асраш”, уни кўпайтириш ҳақида ғамхурлик қилиш ақидасига самимий амал қилувчи киши камдан кам топилар эди. Ундай одам жамиятимизда “ола қарға” эди. Эски, анъанавий мафкура ва ахлоқнормаларининг емирилгани ҳам рост. Кишилар ўртасидаги меҳр-муҳаббатнинг сусайгани, миллий ғурур, орият  туйғуларининг йўқолганини кўпни кўрганлардан кўп эшитганмиз. “Махлуқ” иборасига келганимизда эса, ҳақиқатан, маънавиятсиз, мафкурасиз инсоннинг ҳайвондан нимаси фарқли? “Мустақиллик тушунчаси ғоя, идеал бўлмай, у миллий озодлик учун кураш жараёнининг маълум бир вақт оралигидаги унга эришиш мумкин бўлган қисмидир, холос.” Бу жумла хусусида, албатта, баҳслашиш мумкин. Лекин, памфлет муаллифи Алибой Йўляхшиевни шу жумласи учун нодонга чиқариб, бироз ошириб юборган, шеқилли. Ахир, “идеал” деганда, одатда, эришиш ўта қийин ёки умуман эришиш мумкин бўлмаган мукаммаллик тушунилади. Инсон, инсоният доим камолотга интилиб яшаши керак. Жамият мафкураси эса, ўшандай марраларни белгилаши керак. «Маълумки, Ўзбекистон узоқ вақт мустамлака шароитида қолиб келди. Шунинг натижасида халқда қуллик хусусияти жуда чуқур илдиз отди. У ғояни, мафкурани тушунмайди. У халқни маънавият, қадрият, мафкура, ғоя каби тушунчалар унча қизиқтирмайди.” Бу гапнинг тўғрилигини памфлет муаллифи тан олади, шеқилли, “қадрият, мафкура, ғоя каби тушунчаларга қизиқмайдиган одамларга “қайси ғояга сиғиниш керак»лигини тушунтириб ўтиришнинг фойдаси бормикин?” деган киноя қилиш билан кифояланади.

«Аслида, маънавият ҳисси ва қадриятлари ўз ўрнига қўйилган эркин, озод инсоннинг нони ҳамиша бутун бўлишини Ўзбекистон халқи ҳали тушуниб етмайди. Шу сабабли ким ҳозир кўп овқат ваъда қилса, ўшани доҳий ҳам, пайғамбар ҳам деяверади. Уни ҳатто “худо” деб юборишлари мумкин. Ана шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда бугун жамият тузилмаган деса бўлади. У ерда, “Ўзбекистонда” фақат советлар империясидан қолган партиявий хўжайинлар гуруҳи, қорин тўйдиришдан бошқа ғами йўқ хизматкорлар мавжуд, холос. Уларнинг биррортаси ҳам мафкура нималигини тушунмайди. Масалан, ўғил отани бемалол алдайверади. Ака-ука, қариндош-уруғ, диндош, ватандош тушунчалари ва уларнинг бир-бирига содиқлиги, меҳрибонлиги кулгили бир ҳол”. Муболағалироқ бўлсада, лекин бу гаплар, асосан тўғри. Бизда камдан-кам одам  ҳокимиятдан,  ҳокимият эгалариданқўрқмай, уларнинг муруввати илинжида бўлмай яшайди. Аксарият фуқаро  ҳокимият ёки унинг эгалари томонидан ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинган такдирда ҳам “сен нега бундай қилаяпсан?,” демайди, шундай дейиш кўпларнинг хаёлига ҳам келмайди. Бундай ҳолни бизда баъзилар “шарқона андишалик, улуғларга ҳурмат”, дея ижобий баҳолашадилар. Памфлет муаллифининг бу жумладан “Йўляхшиев халқни ўз ортидан эргаштиришга даъват этмоқда”, деган хулоса чиқаришига келсак, бу унинг иши; бир гапдан ҳар ким ҳар хил хулоса чиқариши мумкин.  Қаловерса, ҳар қандай киши халқни ўз ортидан эргаштиришга чақириш ҳуқуқига эга. Мавжуд ҳокимиятни куч билан ағдаришга чақириш бундан мустасно, албатта. Йўляхшиевнинг чиқишида келтирилган жумлаларда бошқа гаплар ҳам кўп эди. Уларнинг ҳаммасини бу ерда келтириш, уларни бирма-бир таҳлил қилиш имконимиз йўқ. Унинг сиёсатга аралашиш тарихи ҳам мақолада  ҳажв қилинади. Кўпчилигимиз Йўляхшиевнинг талабалик йилларидан то бугунга қадарги ҳаёт йўлининг жонли гувоҳи бўлганимиз учун шу хусусда озроқ тўхтолмоқчимиз.

Бизларнинг талабалик йилларимиз эллигинчи йилларнинг охири, олтмишинчи йилларнинг бошига тўғри келди. Ўшанда биз кўпчилигимиз газета ва китобларда нима ёзилса, ўшанга ишонар, коммунизмнинг ғалаба қозонишига ҳеч шубҳа қилмасдик. Йўляхшиев эса, бизга шуро расмий идеологиясининг ёлғонлигини, коммунизмнинг сароб эканлигини, партияда, ҳукуматда сўз билан иш бирлиги йўқлиги хусусида кўп гапирар эди. Кейинчалик ҳам, кўпчиликка КПСС абадийдек туюлиб юрган даврларда, у киши “КПСС қўлидан ҳокимият кетган куни, СССР деган нарса ҳам тирқираб тарқаб кетади”, деб башорат қилган эди. Алибой Йўляхшиев ҳамиша, одамлар кўнглидагини тилига чиқара олмай юрган кезларда ҳам, ижтимоий тизимнинг ярамаслиги туфайли жамиятимизда порахўрлик, ўғирлик, кўзбуямачилик ва шунга ўхшаш иллатлар авж олиб кетганлигини очиқ айтар эди. Унинг “Бирлик” ҳаракати сафига кириб қолганига келсак, айтиш қийин: у “Бирлик»ни топдими ёки “БИРЛИК” Йўляхшиевни топдими. “Бирлик” халқ иродаси билан майдонга келди. Унинг сафига қўшилганлар орасида ҳар хил одамлар бор эди. Лекин уларнинг аксарияти қаҳрамонлик даъвоси билан эмас, Ватан, халқ олдидаги бурч даъвати билан Ҳаракатга қўшилган эдилар. Қолаверса, “Бирлик” сафига кириш ўша вақтлар маълум журъат-жасоратни, фидойиликни талаб қилар эди.

Алибой Йўляхшиев “Бирлик»нинг вилоят ташкилотига раҳбарликни ариза бериб ёки зўровонлик билан қўлга киритган эмас. У “БИРЛИК»нинг Самарканд вилоят ташкилоти 1-конференсиясида муқобиллик асосида раислликка сайланди. “БИРЛИК»нинг вилоят раҳбари сифатида унинг хизматлари анчагина. Ташкилотни тузиш, унинг ишини ташкиллаштириш бўйича қилинган “қора меҳнат»дан ташқари “Республикада, жумладан, Самарқанд вилоятида барча янги ижтимоий сиёсий уюшмалар фаолияти қатъий назорат остига олинганлиги” туфайли эмас, айни Йўляхшиев ва унинг сафдошлари саъй-ҳаракатлари туфайли бир неча марта талабаларнинг стихияли (балки “қора кучлар” махсус уюштирган) чиқишлари тинч бартараф этилди. Уларнинг бу хизматлари учунўз вақтида мақаллий ҳукумат раҳбарлари қизғин миннатдорчилик билдиришган эди.

Йўляхшиев тимсолида мухолифатни шошқалоқликда айблаб, памфлет муаллифи “Етти ўлчаб бир кес”, “Мусулмончилик аста-секин” мақолларини келтиради. Лекин “Хайрли ишнинг эртаси маъқул” ҳам дейди дано халқимиз. Бундан шошқалоқ бўлиш керак, тадрижий йўл туриб “револютсион” йўлдан бориш керак деган хулоса келиб чиқмайди, албатта. Яна “Ақлни ишлатмаганнинг оёғининг шўри бор”, деган мақол ҳам борки, унинг маъноси-ақлни ишлатмаган яқин йўл туриб узоқ йўлдан юради, демакдир.

Энди “буюклик” васвасаси ҳақида. Бизнингча, бу “касал“га оз бўлса-да мубтало бўлмаган соғлом ақлли одам бўлмаса керак. Лекин ҳар қандай сиёсатга аралашишни “буюклик касали»нинг хуружи, деб баҳолаш ҳам тўғри бўлмас. Ватанпарварлик, бу сиёсий тушунчадир. Ҳар бир онгли фуқаро ватанпарвар, ҳар бир зиёли миллатпарвар бўлиши, бинобарин, у сиёсатга аралашиши шарт. Бундай аралашишнинг шакли ва қўлами ҳар хил бўлиши мумкин.

Памфлет муаллифи А.Йўляхшиевнинг университет раҳбарлари ҳузурига кириб “… энди сиёсат билан шуғилланмайман, менга фан билан шуғилланишга шароит яратиб беринглар” деб мурожаат қилганини унинг юзига солади. Аммо Сталинча катағоннинг кўплаб қурбонлари қийноқлар азобидан кутилиш, оила аъзолари ва қариндош-уруғларини таъқиб ва тазйиқлардан қўтқариш учунўзларига ўзлари туҳмат қилишгача бориб етганларини биз энди тарихдан аниқ биламиз. “Ҳозирги, янги ижтимоий, сиёсий уюшмалар фаолияти қонун даражасида қатъий назорат остига олиниши” Сталин қатағонининг айнан ўзи бўлмаса ҳам уларўртасида ўхшашлик йўқ эмас?!

Памфлетни ўқиш жараёни ўша даврлардаги бир тарихий хужжатни эсга солди. “Звезда” журналининг энг қўпол хатоси-ўз саҳифаларини Зошченко ва Ахматова бадиий “ижодиёти” учун бериб қўйганлигидир… Зошченко совет кишиларини бекорчи ва ярамас, тентак ва анқов кишилар тарзида тасвирлайди. Зошченкони совет кишиларининг меҳнати, уларнинг куч-қудрати вақаҳрамонликлари, уларнинг юксак ижтимоий ва маънавий фазилатлари мутлақо қизиқтирмайди … Манфаатпараст ва пасткаш киши сифатида Зошченко турмушнинг энг разил ва майда-чуйда томонларини кавлаштиришни ўзига доимий мавзу қилиб олган. … Ахматова ёзган шеърларнинг фикр доираси ниҳоятда чекланган бўлиб, хилватхона билан ибодатхона ўртасида сарсон бўлиб юрган хонимнинг ишвасидан иборат…” Бу парча А.А.Ждановнинг “Звезда” ва “Ленинград” журналлари тўғрисидаги маърузасидан олинган.

Биз А. Йўляхшиевни, янги замон Маркси ёки Ленини, демоқчи эмасмиз. У киши ҳам ўзимизнинг орамиздан чиққан, ўзимиздек бир инсон (буни унинг ўзи ҳам ҳамиша таъкидлаб келади) бўлиб, у ҳам хато-камчиликлардан, инсонга хос нуқсону, ғўрликлардан ҳоли эмас. Бенуқсон, беайб фақат Яратганнинг Ўзи, дейдилар, ахир.

Сиёсат билан шуғилланиш, сиёсий қараш ҳаммамиз учун янги фаолият. Шу вақтгача ҳатто бевосита сиёсат зинапоясидаўтирганлар ҳам аслида, сиёсат билан, уни ташкил этиш билан шуғилланган эмаслар. КПСС ва Совет Ҳукуматининг ташқи ва ички сиёсати Московда ўтирган махсус гуруҳлар томонидан юритилар эди. Бизнинг “сиёсатчилар” эса, уни маъқуллаш ва мақташ билан банд бўлар эдилар. Бугунгилари ҳам улардан фарқли эмаслар. Сизнинг ҳам, муҳтарам »Эломонов», гарчи тўнингиз ўзгарган бўлсада, қиёфангиз, дилингиз ўша-ўша…”

Бу хатни ёзган дўстларга кўп миннатдордорчилик изҳор қилишни ўз бурчим, деб биламан. Мен Ватандан узоқларда қанчаларқийинчиликлар чеккан бўлсам, улар ана ўша софдил, меҳрибон дўстларнинг умид ва ишончлари олдида ҳеч бир нарсага арзимасдир. Шу дўстлар ҳурмати, халқнинг келажакдан кутаётган яхши умиди йўлида қўлимдан нима келса бундан буён ҳам ҳеч иккиланмасдан уни адо этишда давом этаман.

КЕЛАЖАКНИНГ ҒОЯВИЙ АСОСЛАРИ ҲАҚИДА ФИКРЛАР

Такдирнинг тақозоси билан советлар империяси (рус мустамлакаси тарқаб кетди) қулади, вайрон бўлди. Унинг оқибатида жаҳон харитасида бир қатор янги давлатлар, жумладан мустақил Ўзбекистон давлати ҳам пайдо булди. Аммо мамлакатда совет давлат системаси ва тизими сақланиб қолинди. У давлат тузумини бошқарувчи гуруҳ бу мамлакатда коммунистлар партияси ўз номинигина ўзгартса етар, деб ҳисобладилар. Аммо улар коммунистик сиёсий режимнинг ғоявий моҳиятини сақлаб қолишга уринди ва унинг уддасидан ҳозирча чиқа олмоқда. Мамлакат аҳолиси эса узоқ муддат мустамлака асорати натижаси ўлароқкамбағал, маданий ва маънавий жиҳатдан қолоқ ҳолича қолмокда. Чунки бу режим учун халқнинг шу аҳволи қулайдир. Мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий характеристикаси қисқача мана шудир.

Мамлакат ҳукумати ҳамон янги рағбатлантирувчи ташаббус билан чиқа олмаётир. Мамлакат аҳолисининг зиёли ҳисобланмишқатлами қорин тўйдиришдан ўзга ишга ярамаётир. Қорин тўйдиришни ҳам нуқул ҳаром йўллар билан меҳнат қилмай бир-биридан умариш йўллари билан амалга оширишга уринишадилар. Шунақа, тарбиячилар ва ҳукумат бошқарувчилари ҳалолликдан йироқ, фуқароси қошшоқ вазиятда бўлган бир мамлакатнинг келажаги ҳақида, у келажакнинг ғоявий асослари ҳақида ўйлаш ва бирор бир мулоҳазаларни ўртага чиқариш, кескин хулосалар ясаш жуда муҳим ва шу билан бирга мураккаб муаммо эканлиги ўз, ўзидан кўриниб турибди.

Инсоният тарихига назар солсак, қатор мамлакатларнинг мустамлакачилик истибдодидан қутулиш жараёнини кузатамиз. Масалан, ХХ асрнинг иккинчи яримида Африкада бир қанча мамлакатлар нинг  мустақилликка эришиш жараёнини кузатиб қарайлик.

Маълумки, бу жараён узоқ йиллар давомида турли йўналишларда, ҳатто бир қатор мамлакатларда қонли курашлар ила кечди. Ҳозир эса, қитъада деярли барча мамлакатлар мустақил деса бўлади. Бу мамлакатларда мустақиллик кураши узоқ давомли бўлганлиги сабабли, бу кураш давомида маълум бир давлатчилик тизимлари ҳам ўз навбатида шаклланиб борди дейиш мумкин. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги мустақилликка эришиш билан бирликда ўз давлат система- ларига ҳам эга бўлишдилар.

Совет империяси ҳудудида юзага келган янги мустақил давлатлар эса, бундай жараённи ўз бошларидан кечирмадилар. Бу ерда бошқа бир алоҳида вазият вужудга келиши натижасида советлар иттифоқи торқатиб юборилди. Шу сабабдан бу давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам торқатиб юборилаётган советларнинг бир бўлаги сифатида автоматик равишда мустақил бўлиб қолди. Шунинг учун бу давлатлар мустақил давлат сифатида чинакамига шаклланмоқ учун, ўз давлат қурулишига эга бўлмоқ учун улар ўз йўлларини танлашлари лозим. У йўл қайси, қандай йўл бўлади?

Ҳар қандай мустақил Давлатнинг умумий сиёсати (сиёсий тузум, иқтисодий ва ижтимоий сиёсат), яъни Давлат сиёсий системаси маълум бир ғояга асосланади ва унга суянади. У ғоя эса, бутун сиёсатнинг устуни вазифасини бажармоғи зарур. Бу ғоя қандай ғоядир, у қандай бўлмоғи лозим? Бу масалалар ғоят мураккаб ва ҳаёт учун жуда зарур муаммолардир. Янгидан Мустақил бўлган Давлатлар бу муаммоларнинг ечимини мутлақо билмоқлари ва топмоқлари шарт. Афсуски, мустақил Ўзбекистонда бу муаммоларнинг ҳозирча ечими топилганича йўқ ва уни топишга, ундай масалани ҳал етишга уриниш ҳам йўқ. Мамлакатнинг бугуни ва келажак такдири эса, айни шу муаммоларга қандай ёндашиш ва уларни тўғри ҳал этишга бевосита боғлиқдир.

Бизнинг фикримизча саналган муаммоларнинг асосида ётган асосий ғоя эса, бу миллий давлатчилик ва миллий бирлик ғояси бўлмоғи лозим. Биз, Ватаннинг ҳақиқий мустақиллигини иставчилар ғояси Миллий давлатчилик ва Миллий бирлик ғояси бўлмоғи керакдир. Биз ана шу ғоя асосларини яратиш устида ишламоғимиз зарур.

Дарҳақиқат, мустаҳкам иқтисодий ва сиёсий системага эга бўлган том маънодаги Мустақил Давлат яратмоқ учун чуқур ғоявий асос(фундамент) зарур. Бундай ғоя, исломий таълимни ўзида мужассамлаштирган миллий бирлик ғояси бўлиши мумкин ва шундай бўлиши  шарт. Аммо  Ўзбекистон бугун маънавий ва ғоявий жиҳатдан ҳам ниҳоятда қолоқ ва қошшоқ аҳволда қолмокда. Ўзбекистон бугун иродали, яратувчилик хусусиятига эга, мустаҳкам миллий бирлик ғоясига суянган ватанпарварларга, сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан чинакам мустақилликка суянадиган, чуқур илмий ишланган, ахлоқий (исломий) жило берилган реал дастурга, миллий, озод ижодкорликка муҳтождир.

Биз ўзимизни ватанпарвар, зиёли ҳисобласак, айтилган муаммо устида жиддий мулоҳаза юритиш ва уни ҳал этмоқ учун ижодкорликка интилишимиз лозим.

Бизнинг бой тарихимиз, соф ва тамоман исломий маданиятимиз бор. Бизда тарихий давлатчилик удуми мавжуд. Бу удум-буюк Турк давлатчилигидир. Шу сабабдан биз янги давлатчилик асосини яратмоқ учун энг аввал ўз сиёсий ва маданий ўтмишимизниқунт билан ўрганишимиз лозим.

Сўнгги икки асрга яқин мустамлакачилик даври давомида, айниқса кейинги 70 йиллик коммунистик истибдод натижасида вужудга келган баъзи маданий ва маънавий кўникмалар, психологик ўзгаришлар, динга эътиқодсизлик ва лоқайдлик келажак учун мўлжал ва янги  Ўзбекистон давлатчилиги учун ғоявий ва маданий асос бўла олмайди. Буни жуда очиқ ва равшан тушуниб етмоқшарт. Бугунги Ўзбекистонда диктатура ўрнатиб ва уни сақлаб қолишга уринаётганлар, ўзларининг ахлоқсиз, бузук ва ярим чала маданиятларини йўналтирувчи ғояга (идеологияга) айлантиришга ҳаракат қилаётганлар бу қилмишлари билан келажакка ниҳоятда катта хавф солмокдадир.

Исломий ахлоқ билан суғорилган миллий бирлик ғояси, халқнинг қайта тикланиш шакли ўз тарихидан, маданиятидан келиб чиқиши, унинг миллий ватанпарлигига асосланиши, у ўз муаммоларидан туғилиши керак. Ана шундагина бу ғоя халққа маъқул бўлади, уни жонлантиради, ўзини эркин, озод сезишига кўмақлашади. Шуни ҳам билиш керакки, инсоният тарихи бу соҳада аниқтайёр кўрсатмалар бера олмайди. Аммо тарих узоқ замон синовларидан ўтган мўлжал ва ибрат олишга арзийдиган жуда муҳим маълумотларга бой, албатта. Шунинг учун янги Ўзбекистон давлатчилигини ва унинг келажагини яратишда биз бой маданий тарихимизни чуқур ўрганишимиз ва унга суянишимиз зарур. Ўтмишни ўрганишда, маданиятли, маънавиятли бўлишда ташкаридан бирор кимса ёки қанақадир маблағ(инвеститсиялар) ёрдамчи бўла олмаслигини ҳам яхши тушунишимиз керак. Бунда фақат ўз ақлимиз ва кучимизга ишонишимиз шарт. Шу сабабдан ҳам бу ниҳоятда улкан ижодий бир вазифа. Биз унинг аҳамиятини заррача камайтиришга йўл қўя олмаймиз.

Бу масалада, бу муаммони ҳал этишда қийинчиликлар, тўсиқлар борлиги аҳамиятсиздир. Бу муаммони ҳал этишниЎзбекистондаги бугунги давлат режимига ва унинг тугатилишига ҳам бевосита боғлаб бўлмайди. Яъни аввал Ўзбекистондаги реаксион режимни қандай бўлмасин тугатайлик, ундан сўнг бошқа масалаларни кўраверамиз шаклида иш қилиб бўлмайди. Ваҳоланки, Янги ғоянинг яратилиши реаксион, мустабид давлат режимининг битишини тезлаштирадиган муҳим фактордир.

Масалан, ўз вақтида, бундан бир неча йил муқаддам мамлакатнинг мустақиллиги учун кураш бошланганда кўпчилигимизда “мустақилликка эришайлик”, кейин кўрармиз, келажак учун, мустақил Ўзбекистон учун ўзаро келишиб бирор йўл топармиз каби мулоҳаза кучли эди. Шунинг учун у замон мустақил Ўзбекистон давлатчилиги, унинг иқтисодий, сиёсий-ижтимойи сиёсатининг асослари, айниқса унинг миллий, маданий, ҳатто диний, умуман ғоявий (мафкуравий) асоси ҳақида бирорта режавий дастурга эга бўлишга ҳаракат кам бўлган эди. Мустақилликка эришилди ҳам, аммо Ўзбекистон давлатчилиги, унинг келажаги мавҳум бўлиб қолаверди. Демократия, озодлик, эрк каби тушунчалар яна орзулигича қолиб кетаверди. Ҳокимият тепасида эса ғоясиз, маданиятсиз гуруҳ сақланиб қолаверди. Улар бугун ана шу ўз ярим-чала маданиятини келажакка асос қилиб олишга ҳаракат қилишмоқда. Бу ахлоқсиз, маданиятсиз мафкуравий авантюранинг олдини олмоқ мақсадида биз янги миллий бирлик ғоясини ишлаб чиқишимиз ва кенг оммалаштришимиз зарур.

Шундай қилиб, бизга ғоя, миллий ғоя зарур. Узоқ йиллар, асрларга мўлжалланган миллий давлатчилик ғояси зарур. Бу ғоя тарихий, миллий  ва диний асосни четда қолдирмаган бўлмоғи шарт. Бу ғоя турк қалбидан, тарихидан, унинг маданий ва маънавий бойлигидан ташкил топиши керак. Бу ғоя туркларнинг ўтмиши ва келажаги ҳақида очиқ-равшан тасаввурга эга бўлсин. Бу ғоя туркларнинг, турк ўзбекларининг узоқ даврларга мўлжалланган ҳаётий такдирларини ёритиб, уларга доим тетик руҳ бағишлаб турсин.

Бу ғоя турк миллий бирлик ғояси ўлароқ яна нималарни ўз ичига олмоғи керак ? Бу ғоя ўзбекларда энг аввал туркий миллий, маънавий хусусиятларни тарбиялашдан, ватанпарварлик, турклар мардонаворлигини, жанговарлигини, исломий озодлик, эркни тушуниш даражасига кўтарилиш йўлини танлашдан иборатдир. Мана шу, менимча энг муҳим ва бош масаладир. Бу чинакамига муҳим ва чуқур ижодий муаммо. Бу чиндан ҳам асрларга татир масаладир. Дарвоке, турк миллий бирлиги масаласи бу буюк келажакдир. Аммо бусиз Ўзбекистон асрлар оша мустақил давлат бўлиб қололмайди, у ҳақиқатан қайта тикланмайди, том маънодаги буюк давлатга айлана олмайди. Миллий бирлик вужудга келтира олмаган буюк Тимур даври, буюк Усмонлилар даври бунга яққол мисолдир. Ўша замонларда буюк империялар майдонга келтирилди, аммо давлатчилик асосида туркийлик, туркий миллий бирлиги асосий ғоя сифатида ривожланмаганлиги сабабли у империялар, у давлатлар инқирозга учирадилар, қуладилар.

1. Тарбия масаласи.

Биз истаётган ғоя, турк миллий бирлиги ғояси узоқ вақт давомида миллий тарбияни изчил йўлга қўйиш ва чинакам тўғри давлат миллий сиёсати орқалигина амалга ошади. Демак, бунда энг олдинга тарбия масаласи, айниқса миллий тарбия масаласи чиқади, бу муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда тарбия, миллий тарбия нуқул ўзбекчиликни бўрттириш, уни авж олдириш бир томонлама тарбия, кўпроқ бу маҳаллийчиликка хос бўлиб қолади. Тарбияда, миллий тарбияда, умумий туркчилик, туркийлик, асли турклик асосий ўринни эгаллаши керак. Биз ўзбеклар умум туркларнинг ажралмас бир қисми бўлиб, турклигимизни тушуниб етмоғимиз шарт.

Маълумки, бу ишда биз ўз-ўзимизни қайта тарбиялашимиз ва бунда чидам, ирода кўрсатишимиз керак бўлади. Бундай тарбия билан дарҳол шуғилланмоқ асосий мақсадлардан бири, балки энг муҳими ҳисобланади. Чунки, миллий бирлик бўлмаса, тарбия, миллий тарбия етарли бўлмаса мамлакатимиз, жумладан Руссия истибдодидан энди қутулган турк жумхуриятлари яна қайта мустамлакачилик асоратига (Руссия бўлиши шарт эмас, албатта) тушиб қолиш хавфи тугаганча йўқ. Буни ҳеч ёддан чиқариб бўлмайди.

Биз барча турклар, бир мамлакатга, бир давлатга бирлашмасакда, ўзимизни бир эл, бир миллат деб билиш даражасига кўтарилишимиз келажакнинг энг муҳим ва асосий ғояси эканлигини тушуниб етишимиз керак ва бу йўлда чидам ва ирода ила ишлашимиз, сиёсат юргизишимиз мутлақо зарур. Ана шу бизнинг асосий ғоямиздир. Ана шу келажагимиз асостошидир. Бошқа ҳолда биз давлат сифатида ҳам, миллат сифатида ҳам ночор қоламиз. Ана шуни тушуниб етишлик ватанпарварликдир. Аммо бундай ватанпарврликни, бундай умум туркий ватанпарварликни, миллий туркийликни тарбиялайдиган тарбиячилар, қадрлар лозим. Бундай тарбиячилар ролида барча турк давлатлари (Туркия, Ўзбекистон, Козогистон, Киргизистон, Озорбайжон, Уйгуристон, Татаристон, Башкиристон) илм одамлари, олимлари, бутун зиёли кишилари баракали ишламоклари зарур. Бунинг учун ҳам ўша мамлакатларда олимлар, зиёлилар янги бир саралашдан ўтмоқлари керак бўлади. Бу саралаш оқибатида танланган тарбиячилар, мутлақо руҳан тетик, иродали, диний эътиқоди мустаҳкам, ақли расо, миллий руҳияти юқори, турк, турклар тарихини яхши биладиган чинакам зиёли инсонлар бўлмоқлари зарурдир. Чунки улар умумий туркчиликни, чуқур исломий эътиқодни тарғиб этиши ва тарқатиши, лозим бўлади.

Бу ишнинг мураккаб ва муҳимлиги шубҳасиздир. Аммо биз бу ишга дарҳол киришмоғимиз, уни орқага қайтмас жараёнга айлантиришимиз шарт. Бу ишни амалга ошира олсак, унинг натижалари асрлар оша келажак авлодларни тарбиялаб етиштиришдаўз аҳамиятини кўрсатажак.

Миллий бирлик ғояси, умум туркийлик ғояси, туркий миллийликни яратиш ғояси сиёсий шиор ҳам, сиёсий дастур ҳам эмаслигини алоҳида таъкидлайман. Аммо бу ғоя – йўналтирувчи, бошқарувчи, чинакам ижодий ғоялиги аниқ. Шу сабабдан у шиор ва дастурдан анча улкан, хилма-хил дастур ва шиорлардан кўп чуқур ва олий мақсадларни кўзда тутади. У ғоя миллий шиор ва дастурларни ўз ичига олиб, бугундан бошлаб, узоқ-узоқ келажак мақсадларга қаратилгандир. Чунки унда бугуннинг миллий мустақиллик шиори ҳам, келажакда буюк эл, миллат даражасига кўтарилиш шиори ҳам жой олган. Бу ғоя учун курашадиган ва муҳаққақ ютуқларга эришадиган кишилар туркийликда (туркчиликда) тарбияланган ва шу руҳда чиниққан бўлмоклари керак. Улар биз юқорида санаган ва ундан бошқа юртлардаги турклар орасида ҳам бир-бирларини топишлари, ўзаро келишувлари, ягона ташкилотга айланишлари шарт. Бундай миллий бирлик ғояси кўпгина сиёсий дастурларга ўлчов(мезон) бўла оладиган имкониятларни сўзсиз ўз ичида сақлайди.

Бундай ғояни амалга оширмоқ учун ва чинакам миллий бирлик вужудга келтирмоқ учун турк жумхуриятларида зиёлилар ва бутун омма онгида умумтуркийлик руҳини, туркчиликни мустаҳкамлайдиган, уни умуммиллий хусусиятга, характерга кўтарадиган тарбия усулларига эга бўлмоқ керак. Давлат сиёсати ва хўжалик юритиш шакллари ўша тарбияга мослашган бўлиши зарур.

Афсуски, бу фикрни қўлламайдиганлар орамизда ҳали анчагина бор. Аммо улар эртасини дуруст кўра олмайдиган, ҳаттоЎзбекистондаги миллий ва иқтисодий муаммоларни ҳам яхши тушуниб етмаган кишилардир. Аммо хоҳлайсизми, йўқми унданқатъий назар Ўзбекистоннинг, жумладан бошқа турк жумхуриятларининг ҳам келажаги умумтуркчиликнинг ривожланишига бевосита боғликдир. Ўзбекистонда яшайдиган ўзбеклар ҳаётида умумтуркчиликни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш орқалигина, уларда маънавиятли бўлиш, ўзликни таниш, мустақил, озод ижод этиш, Ватан озодлиги учун кураш, шахс мустақиллиги хусусиятларини юзага келтириш мумкин. Бу эса туркларнинг, жумладан Ўзбекистондаги ўзбекларнинг диний руҳларини жонлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп йиллар давомида бузилган, эътибордан четда қолиб келаётган маънавиятини тиклаш билан амалга оширилади. Бундан ташкари бундай тарбия давлатчилик ҳис-туйғуни, фуқаролик бурчни тушунишни чуқурлаштиради, унинг иқтисодни ривожлантиришга интилиш кучига қўшимча самара беради, хўжалик юритиш иродасини янгилайди.

Агар якка олинган кишининг ёки бутун бир эл (миллат)нинг кўнглидаги ижодий тартибни(тарзни), шартли ижодхона, деб атасак, миллий туркчилик хусусиятини тарбиялаш эса, у миллий ижодхонани янгилаш, уни тозалаш, кераксиз икир-чикирлардан озод этиш ва унда софлик, поклик ва барча дурустликларни мустаҳкамлашдан иборат бўлади. Бу масала эса энг муҳим, энг марказий масаладир. Бу энг асосий ва қутлуғ бир вазифадир. Ҳаётдаги барча ислоҳотлар ана шу асосий муаммони ҳал этишга ёрдам берадиган воситалар бўлмоғи керак. Улар умумтуркчиликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашса яхши, унга халакит берса, уни сусайтирса, унда у зарарлидир. Барча турк мамлакатларининг моддий ва маънавий кучлари ана ўша қутлуғ ва шарафли вазифа умумтуркчиликни оммалаштиришга хизмат қилмоғи шарт.

Миллий бирликни чуқур тушунган, умумтуркчиликни миллий характер даражаси, ўз хусусиятининг асосий белгиси ҳисоблаган киши, фуқаро ҳеч бир замон ўзга кишилар асоратига, бундай характерли фуқароси бўлган давлат эса, ҳеч қачон мустамлака истибдодига тушмайди. Ундай халқ асорат, истибдод ҳолга ҳеч бир замон чидамайди, чидай олмайди. Миллий бирлик, умумтуркчилик характери, миллий хусусият даражасига кўтарилмас экан, қўрқув, қуллик ҳисси, очидан ўлмасликка интилишҳисси, фақат ҳайвоний нафсни тўйдириш хусусиятининг устунлиги сақланиб қолаверади. Қуллик ҳиссиятидан қутулмаган аҳоли (нуфус) яшайдиган мамлакат бирор бошқа бир мамлакатга муте бўлишга, унга мустамлака бўлишга муҳтож бўлиб қолаверади.

Дарҳақиқат, бугун умумтуркчилик вужудга келмас экан, турк жумхуриятларининг, ҳатто иқтисодий ютуклари етарли бўлсада (аслида бугунги ҳолда унинг ҳам иложи йўқ), уларнинг озод ва мустақил бўлиб қолишлари муаммодир.

Умумтуркчиликни жонлантиришда, уни умум миллийлик даражасига етказишда тарбиянинг, демак, мактабнинг роли мислсиз дедик. Умумтуркчилик миллий характер шаклида мактабда тарбия йўли билан юзага келади. Бундай тарбияни амалга оширмоқучун умуммийликка келтирувчи, бирлаштирувчи тарбия усули, тарбия йўли бўлмоғи жуда зарурдир. Бундай бирлаштирувчи хусусиятга эга бўлган умумий тарбия, диний тарбия-исломий тарбиядир. Чунки Аллоҳга эътиқод тарбияда алоҳида ўрин тутмоғи лозим. Эътиқоди мустаҳкам одамларда қаноат, чидам, ирода кучли бўлганлиги барчага аниқ. Бундан ташқари чинакамига исломий мактаблар кишиларда ўзаро иттифоқ бўлиш, Яратганга эътиқодли бўлиш, иродали ва қаноатли бўлиш хусусиятларини яхши тарбиялайди. Шунинг учун мактабларимиз, биринчидан умумий дастурлар асосида ишлайдиган, ахлоқ тарбиясида чуқур исломий, илмда кенг дунёвий билимларни  ўргатадиган бўлмоқлари зарур.

Ахлоқи исломий, чуқур дунёвий билимга эга умумтуркчилик руҳида тарбияланган муслим кишилар ҳаётга янгича назар соладиган, бу дунёда ўз ўрни ва мақсадини яхши тушунадиган, кўнглида, фикрида иккиланиш бўлмайдиган инсонлар бўлиб етишадилар. Улар ақлли, фаросатли ва иймони мустаҳкам, гўзал хулқли, мушоҳадаси кучли кишилар бўлади. Бундай тарбия кўрган кишилар кўпаявергач, уларнинг таъсир кучи бутун мамлакатлар бўйлаб ҳар бир туркнинг (ўзбекнинг, қозоқнинг, қирғизнинг, татар-башқирт ва бошқа туркларнинг) уйига етиб боради, уни ёритади, албатта. Иймони, эътиқоди мустаҳкам кишида характер ҳам кучли бўлади. У чиндан ҳам сидқидил киши бўлади. Ундай инсон ҳеч қачон иккиланмайди, унга иккиюзламачилик бегонадир. Улар ишониб-ишонмай, севиб-севмай юришдан, ясама зиёлиликдан, хаёлпарастликдан мутлақо ҳоли кишилардир.

Бутун турк жумхуриятлари мактабларида ана шундай тарбияланган кишилар етиштириш келажак мақсадларимиз марказида туриши лозимдир. Тарбияда мактабнинг ролини таъкидладик. Аммо мактаб фақат билим ўргатиш билан шуғилланиб қолмаслиги керак. Чунки билим ўрганиш бу бир ёқлама бўлиб, у масаланинг расмий томонидир. Яъни билим ўрганиш фикрни бир нуқтага тўплаш, ўқиш, ёзиш, ҳисоблаш, тасвирлаш, таҳлил этишни ўрганиш, тадқиқот этиш ва ҳ.к. каби схематик билимлар мажмуасиниўзлаштиришдан иборатдир. Булар ҳаммаси инсонга ва жамиятга жуда зарур бўлиб, у хотирани ўстириш ва бошқа бир қатор мақсадлар учун маълумотлар тўплаш ва уларни ўзлаштиришга имкон беради. Аммо булар чинакам зиёли киши учун тўла кифоя эмас. Бундай маълумот ва билимлар ёмон ва ноинсоф одамларда бўлиши ва уларга ҳам хизмат қилиши мумкин, ҳаётда кўпинча шундай ҳам бўлади. Машхур файласуф Гераклит “кўп билимли бўлишлик ақлли бўлишга ўргатмайди»- деганда мутлақо ҳақли эди. Шунинг учун фақат хотирани ривожлантириш ва унинг ҳисобига бир тўп билимларни мияга жойлаб олиш чала билимлилик бўлиб, ундай билимга эга киши тарбиясиз бўлса, у бебурт, субутсиз бўлади. Чала билим кишини ўз фикрини юқори кўючи, ўзини эпчил-зийрак кўрсатувчи қилиб кўяди. Чала билимлилик инсонни Аллоҳдан ҳам қайтаради, уни дидсизликка буради. Кишини таккабур қилади. Чала билимлилик бу бебуртлик, субутсизликдир. Бу эса кишини шайтон йўлига солади, унга хизмат қилдиради. Шу сабабдан мактабда билим ўрганиш билан бирга тарбия масаласи ҳам муҳим ва бош муаммо ҳисобланиши керак. Тарбия эса,миллий бирлик, ватанпарварлик, умумтуркчилик  ва исломий руҳда бўлмоғи шарт.

Бундай мураккаб ва шу билан бир қаторда ўта шарафли вазифани муваффақиятли амалга оширмоқ учун Турк жумҳуриятлари умумтуркий аҳамиятига эга бўлган дастурлар асосида  ўқитувчи-тарбиячилар жамоасини тузишлари керак бўлади. Оқибатда, бутун турклар бирлашиб ўзларининг ибтидойи қутлуғ руҳини тиклаши, буюк турклар давлатчилигини ташкил этган маданиятиниўрнатмоқлари шарт.

Бугун биз чиндан ҳам ўз озодлигимиз, мустақиллигимиз учун курашмоқда эканмиз, турклар тарихий маданиятидан руҳланишимиз, уни бўй-басти билан тиклашимиз ва унинг асосида бирлашишимиз зарур. Ривожланишимиз, озодлигимиз ва мустақиллигимиз учун бирдан – бир ягона йўл шудир!

Шундай қилиб, биз ўзимизни қандай тарбияламоғимиз керак, деб яна бир бор сўроқ қўямиз? Биз истаган тарбияни оммага, халққа қандай қилиб етказамиз ва қайси усуллар билан буни унга сингдирамиз? Умумтуркчилик, миллий бирлик руҳи, характери деганда нималарни тушунамиз? Умумтурк миллий бирлигини байроқ қилувчи, руҳи тетик, бақувват характерга эга кишиларни тарбиялашга қандай йўлдан боришимиз керак ?

Киши кўнглининг доимий тарзи, унинг характери-хусусиятидир. Бундай тарз ёки кўнгил “қурулиши” ўз-ўзидан унинг сифатини аниқламайди. Бу тарз, яъни кўнгил тарзи меҳрибон ёки ёвуз, етарли даражада олий жаноб ёки ўта инсофсиз, қудратли ёки заиф, содиқ ёки сотқин бўлиши мумкин. Айни шу маънода характерсизлик, бефарқлик ҳам ўз навбатида характер, кишининг хусусияти бўлиб ҳисобланади. Ҳақиқатан, инжиқ (тантиқ), тажанг (жазавали), жанжалкаш (мижғов), боғритошлик (жаҳллилик) каби хусусиятлар ҳаётда тез-тез учираб туради. Шу сабабдан характерни, хусусиятни тарбиялаш деганда маънавий характерни тарбиялашни тушунмоқ зарур. Бу ишда ўзи бўларликка, кишиларда кўнгил тарзлари ўз-ўзидан қандайдир йўллар билан шаклланишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Инсон ўз озодлиги ва эркидан келиб чиқиб, у турли хил ҳодиса ва вазиятлар таъсиридаўз хусусиятини, характерини шакллантириши мумкин, деб қараш ва шунга ўхшаш нуктаи назар билан мутлақо келишиб бўлмайди. Инсондаги бундай мутлак  “эркни” қўллаб-қувватлаб бўлмайди. Масалага бу шаклда ёндашиш кишида ҳайвоний хусусиятларни ривожлантиришни маъқуллаш бўларди. Кимки ўз фарзандини тарбиянинг илк бошида унда руҳий маънавиятни тарбияламас экан, у одам боласини ўзи бўларлик ҳукмига топширган, ҳатто унга (болага) нисбатан хиёнат этган ҳисобланади. Инсоннинг эрки, унинг эркинлиги – бу Аллоҳ тарафидан берилган буюк бир неъмат бўлиб, уни маънавиятдан, маданият чегараларидан, виждон ва шан-шараф, номусу-ор нормаларидан ҳам озод, деб тушуниб бўлмайди. Маънавий тарбия, кишини чинакам эркка, эркинликка ва ундан роҳатланишга, ундан баҳраманд бўлишга тайёрлайди. Муҳтожлик ва вазият таъсирида инсонларнинг (миллатнинг) номуносиб ҳолатларга, мутеликка тушиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар қандай бир мамлакат учун бу ҳалокатлидир. Бундай вазиятда улар ўша аянчли ҳолатга мослашиш жараёнида айёрлик,  хамелеонлик каби салбий хусусиятларни ўзлаштиради. Умуман олганда уларда қуллик характери, мутеликда яшашга мослашиш тарзи ривожланади. Бугунги ўзбек туркларида, бошқа бир қатор турк эллатларида ҳам бу қуллик хусусияти кишилар характерига жуда чуқур сингдирилган. Ана шунинг учун одамларимизни айёрлик, чапдастлик, тутуруксизларча ҳамма ҳолатга, ҳақоратга, доимий камситилишга мослашиш каби иллатлардан тозалаш олдимизда турган энг муҳим ва катта муаммодир. Чинакам туркчиликни, ҳақиқий эркни, озод туркларни тарбияламоқ учун энг аввал уларни қуллик балосидан кутилтириш лозим. Етар шунча замон қул бўлишлик!

2. Биз танлаган йўл.

Биз бир замонлар, дунёда энг мағрур, мардонавор эркин халқ эдик. Биз бирлашсак, бир эл, бир халқка, бир миллатга айлансакгина яна ўша эрк, ўша мардонаворлик, ўша мағрурлик бизга муносиб бўлади, у бизга қайтади, иншооллох! Бунинг учун эса турклар, ўзларининг чин эркини, ўз қадр-қимматини, ўз шоҳона савлатини билиши ва уни тиклаши зарур. Бу чидам, доимий тарбия орқали, маънавий хусусиятни, характерни шакллантириш натижасида амалга оширилади. Киши, ўз маданияти ва маънавиятидан, руҳи-руҳиятидан ажралган ҳолда инсон деган буюк номга муносиб бўла олмайди. Инсонлар, бутун-бутун халқлар ҳам ўзлари яшашган ҳаётлари, юмушлари, ўтмишу-кечмишлари ҳақида бир кун келиб Тангри-Аллоҳ ҳузурида ҳисоб беришга маҳкум эканликларини улар ё биладилар ёки билмайдилар. Аммо бу ҳақиқатни барча билмоғи зарурдир. Уларни, яъни инсонларни аслида илоҳий нур ёритиб туради. Уларга Аллоҳдан илоҳий руҳ ҳадя этилган. Илоҳий нур ва қудрат фақат дуо ва сиғинишлар орқали етишадиган бутун оламни ушлаб турувчи куч бўлиб қолмасдан, у бутун оламга, жумладан кишилар кўнгилларига, уларнинг ҳаётларига ҳам нур сочиб туради. Уларга ҳақни, ҳаракатни, реал ҳаётни, руҳий ижодга бўлган қобилиятни кўрсатиб туради. Аллоҳнинг марҳамати, қудрати инсон қалбига сингиб, унда руҳан тетик характер-хусусият яратади. Унинг ишлари ва яратишларида ўз аксини топиб, бутун халқнинг руҳий маданиятини юзага келтиради. Шунинг учун диндор бўлиш, Ягона Аллоҳга ишониш ва Унга сиғиниш биз туркларнинг маданиятимиз асосидир. Биз ислом динига мансуб бўлганлигимиз, “Ла илоҳа иллоллаҳ»- дейишимиз билан қудратлимиз. Бу ҳақиқат, буни барча билиши ва тушуниши лозим. Турклар қудратини, уларнинг бирлигини тиклашни истаган ҳар бир киши энг аввал мусулмон бўлмоғи зарур. Афсуски, бепоён турк ўлкаларида яшаётган кўпчилик, ўзларини турк ҳисобловчи омма умумтуркчилик, турклар бирлиги, миллий бирлик, мусулмончилик ва мусулмонлар бирлиги қанчалар зарурлигини тушуниб етмади ҳали. Шунинг учун бу масалани яхши англамоқ лозимдир.

Энг аввал диний бирлик масаласини тушуниш керак. Исломий бирлик инсонлар учун икки дунёда юксак бўлмоқликнинг асоси ва энг муҳим суянчидир. Чинакам мусулмон бўлмоқ учун, ҳақиқий руҳи тетик инсон бўлмоқ учун, Аллоҳнинг қудратига суянмоқ, Унга сажда этмоқ, ибодат келтирмоқ лозим. Ана шундай бўлгандагина инсон Аллоҳнинг мағфиратига сазовор бўлиш шарафига эришиши мумкин. Инсон Аллоҳга қанча яқинлашса, у шунча қудратли бўлади. Унинг бу қудрати, кучи бошқаларнинг кучсизлиги, уларнинг заифлигидан эмас, балки Аллоҳнинг унга марҳамати, Унинг руҳидан қувват олинганидадир. Бундай қудратга эга бўлмоқ учун фақат муҳтож бўлингандагина заруратга қараб сажда қилиш, Унга сиғиниш нотўғри бўларди. Аллоҳнинг марҳаматига ва қудратига доим ишониш ва Унга доим сиғиниш керак. Шу сабабдан тарбиячининг, таълим берувчининг илмли, билимли бўлиши, ислом маърифатидан, маънавиятидан зиё олган бўлиши шарт. Унинг асосий ва қутлуғ вазифаси шундан иборатки, у болаларнинг, ёшларнинг топ-тоза, соф мургак диллари бузилмасидан, ифлосланмасидан Аллоҳни сезишга, Аллоҳнинг қудратини билишга, Унга ва фақат У Ягона Яратганга кўнгил очишга ўргатмоғи лозимдир. Шунақа тарбия кўрган бола инсофли, одобли, Яратганга ҳамиша сажда этадиган, доим ибодат қиладиган инсон бўлиб етишади. У киши ҳеч қачон одамзодга қул бўлмайди. У ҳеч бир замон нохақлик олдида тиз чўкмайди. Ундай киши фақат Ягона Аллоҳга сиғинади ва Ундангина нажот сўрайди ва у нажотни кутади. Иродаси мустаҳкам, эътиқоди кучли инсонлар учун дунёда яшаш, фақатгина мавжуд бўлиш эмас, балки у Аллоҳнинг бандаси бўлиб яшаш, бу дунёда Аллоҳ олдидаги мажбуриятларини, бурчларини адо этиш, унинг ҳаётий мазмунини ташкил этади. У барча ишларини ва воқеаларни Аллоҳ кўрсатган нормалар билан ўлчашга ва Унинг Қуръони Каримда тасдиқлаган ўлчамларидан чиқмасликка ҳаракат қилади. Ҳамма жойда: шахсий турмушда, динга амал қилишда, дунёвий илмда, санъатда ва сиёсатда ҳам ана ўша энг олий, илоҳий зарурат мавжуд. Инсон унинг синовидан ўтмоғи керак ва уни сезмоғи, кўрмоғи зарур. Бу заруратни киши кўриб, уни севмоғи, севиб уни мулоҳаза қилмоғи ва мулоҳаза қилиб уни амалга оширмоғи керак. У ўз шахсий турмуши ва ўз миллий маданий ҳаётини амалда ана шундай яратмоғи (қурмоғи) лозим. Бу заруратни билмасдан бу дунёга кимлар келиб кетмади? Кўплар, умуман шундай илоҳий зарурат борлигини, у маънавий борлиқ манбаи эканлигини билишмайди. Унинг нимада акс этишини, уни қандай англаб ва илғаб олиш мумкинлигини ҳам билишмайди. Улар ҳам дин ҳақида гапиришадилар, фанда, санъатда ижод қиладилар, ёзади ва нашр этади, давлат даражасида кўрсатмалар тузади ва тарқатади, аммо улар у зарурат ва унинг қонунлари ёнидан ўтиб кетаверадилар, уни кўрмайди ёки ҳисобга олмайдилар. Бундай илоҳий заруратниўз ички ҳиссиёти ва қалбидан тушунадиган, биладиганлар одатда жуда камчиликни ташкил этади. Бошқалар эса, бу илоҳий зарурат ҳақида билганлардан эшитсалар ҳам уларни рад этишади, ҳатто у одамлар устидан куладилар, уларни мазах қиладилар, куфрга ботадилар ёки бу нарсаларга бутунлай эътиборсиз қоладилар. Бундай кишилар маънавий хусусият ва характердан тамоман ажралган кишилардир. Шунинг учун ҳам улар реал ҳаётдан, турмушдан четда қолган ҳисобланадилар. Уларнинг турмушлари хаёлий ва маънавиятсиздир. Уларнинг бу ёруғ дунёдаги бирдан-бир вазифалари жуда кўп бўлса, бола туғиб қолдириш ва дунёдан шундай бўш-бўшига ўтиб кетишдан иборатдир. Бу оддий ҳайвоний насл қолдиришнинг айнан ўзи эмасми? Уларнинг қалблари чиндан ҳам нурсиз, улар қалби ташқий дунёвий шафақлар, атроф кўринишлари билан хираланиб,  қопланиб қолган. Шунинг учун уларга ўз атрофидан ташқари ҳеч бир нурли нарса кўринмайди, бошқа нурли нарсаларни кўра олмайди. Ҳамма нарса улар учун шубҳали, нисбий ва шартли бўлиб туюлади. Уларда ҳеч нарсага ишонч йўқ. Уларнинг ишончи, инониши, иймони, агар улар ҳам бор бўлса у вақтинчалик, бидъат, омонат, ўткинчидир. Шу сабабдан улар ҳеч қачон содиқ инонувчи, иймонли бўла олмайдилар. Чинакам содиқликнинг, ҳақиқий ишончнинг, соф иймоннинг қудратини, унинг роҳат бахшлигини тушунмайди. Улар ҳар доим руҳиятдан, илоҳиятдан қайтишга тайёр турадилар. Аммо бу қайтишни “сотқинлик” ҳам, деб бўлмайди. Чунки улар ҳеч бир вақт бошдан охир чинакам содиқликни ўзларида синаб кўрмаганлар. Уларнинг оламда мавжудлик ва яшаш манбаи бундай ўлчовлардан сиртда қолгандир. Улар доим боласи, ота-онаси, дўстларини сотиб бўлса ҳам фақат якка ўзини сақлаб қолиш ҳис-туйғуси билан яшайдилар. Улар нуқул эҳтирос ва мол-мулк зарурати билан тирик. Маънавиятга, руҳиятга суянадиган қарорлар, саъй-ҳаракатлар уларга бегона, тушунмас бир ҳолатдир. Шунинг учун уларнинг турмушларида мардонавор, жанговар ҳаракатлар учирамайди, уларда фақат ҳолатларга тезгина мослашиш, ҳолатнинг мутесига айланиш ҳисси бор, холос. Ундай кишилар учун ғоя, ғояга содиқлик, ғоя учун кураш, бу борада қаҳрамонлик кўрсатиш ҳайратга соларлик, қудратли бир ишдир. Улар бундай ишларни ҳеч бир замон бажара олмайди ва уни бажаришга уринмайди ҳам. Улар ҳеч қачон, ҳеч ишни ҳал этишмайдилар, ҳатто бирор салбий ёки ижобий ҳаракатни ҳам содир қилишмайдилар. Улар доим мисоли оқим бўйлаб сузишади, оқишади. Уларнинг ҳаракатлари саҳродаги қумларнинг шамолга мос ҳаракатларига жуда ўхшаб кетади. Уларнинг руҳий моҳиятларида муқаддас, муқим бир бўлинмас борлиқни топиб бўлмайди. Дарҳақиқат, уларда ягона бўлинмас руҳ йўқ, улар шахслар эмас, балки улар нафс-ҳирс ва тасодифлардан йиғилган ғийбат эгасидир. Улар ўз эҳтирослари, ҳирс-шаҳватлари ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий ишратлар, мансабдорлар ва мулк жиҳатидан ўзидан юқорироқ бўлганларнинг қурбонларидир. Уларнинг бутун бор “характер ва хусусиятлари” айнан ўзига хос  характерсизликлари ва тутуруксизликларидир. Улар ҳолатга қараб жуда тез ўзгарувчан: баъзида келишувчан, баъзида маҳкам, баъзида “ғайратли”, баъзан ҳасис, баъзан ўта тадбиркор бўладилар. Аммо улар дарахт навдаларидаги бўтаб ташлайдиган шохобчалар эмас, уларни ҳатто бироз эгиш ҳам унчалар енгил келмайди. Улар тарих йўлида, тарихий ҳодисалар ғилдираги тагида ётган сирпанғич ўтлардир (алафлардир). Улар барчаси тарихнинг кул тудалари бўлиб, Аллоҳнинг супургиси-замон, тарих синовлари, ўғирилма ҳаракати уларнинг изини ҳам қолдирмасдан супуриб, ювиб ташлаши аниқ. Тарихда баъзи замонлар одамзотнинг шунақа тури кенг тарқолади, ҳатто улар йўналтирувчи ролга чиқиб ҳам қолади. Масалан, советлар даври ёки Ўзбекистоннинг бугунги замони ўшанга мисол бўлади. Бундай ҳол билан келишиш мумкин эмас, албатта. Чунки, маданиятсиз, маънавиятсиз, руҳиятсиз кишиларнинг кўпайиб кетишига ҳеч қачон йўл қўйиб бўлмайди. Келажакда, айниқса бизнинг келажагимизда бундай бўлмаслигини таъминлашимиз зарур. Мана шундай муаммони ҳал этишни, буни бажариш жараёнидан муваффақиятли чиқишда чинакамига ижодий ишларни амалга ошириш йўлларини топа билмаган, ўзининг руҳий характерини-хусусиятини мустаҳкамлаб, уни янги, келажак авлодга узата олмаган ва унга етарлича сингдира олмаган халқ тарих майдонида ўз ўрнини эгаллаб тура олмайди. Унинг бундай майдонда туришига, у ҳолда ҳеч бир таянч ёки бошқа бир суянчбўлмайди. Ундай халқни бошқа бир маданиятли, руҳияти кучли, илми юксак халқнинг ривожланиш тўлқини четга суриб ташлайди ёки ўз ичига ютуб юбориши турган гап.

Турк давлатлари учун, жумладан Ўзбекистон учун келажакнинг умидвор йўли биз таклиф этаётган йўлдир, ундан ўзгаси йўқдир. Муҳаққақ, таклиф этилаётган янги йўлга ўтилажак. Эртами-кеч айнан шундай бўлади, албатта. Агар буни ўз вақтида амалга оширилса, келажак йўли тўғри танланса унинг самараси бебаҳо бўлади.

Туркларнинг биргаликда келажакка интилишига шубҳам йўқ. Шу замондаги, яъни бизнинг замонимиздаги характерсизликлар ва бошқа воқеалар ўткинчи ва муваққатдир. Бунга қарамасдан, биз қўл қавиштириб ўтира олмаймиз. Ундай бўлса, нималар қилиб ва яна нималарни бажармоғимиз керак? Нима қиламиз, синиқ кузгу парчалари каби сочилиб ётамизми ёки бир бутун шаклга кириб, бир бутун бино-турклар миллий бирлиги биносини, биз эса унинг Ўзбекистон аталмиш қисмини безашни бошлаймизми?

Шундай қилиб, бизнинг авлод нималар бажармоғи ва амалга оширмоғи керагу, келажак авлодга нималар тавсия этамиз? Биз бугунги шароитда ўз характер ва хусусиятларимизни қандай шаклда ўзгартирамиз? У характер, хусусиятда миллий, исломий инсон табиатини қандай қилиб тоблаймиз, мустаҳкамлаймиз? У характер ва хусусиятнинг тирик оловли, руҳий асосини қандай яратамиз? Ниҳоят хусусият ва характерни халқ оммасида қандай қилиб тарбиялаймиз? Бу муаммолар ҳозир, дарҳол, шу онда, ҳатто шу замонда тўла ҳал этилади, деб бўлмайди, албатта. Аммо Ўзбекистоннинг (аслида барчамизнинг, яъни барча туркларнинг) такдири ва келажаги ана шу муаммони тўғри ҳал этишга бевосита боғлиқ, деб тасдиқлашга мажбурмиз. Биз танлаган йўл эса, мана шудир. Мана шу саналган саволларга тўғри ва аниқ жавоб топишдир ва уларга оғишмай амал қилишдир.

3. Миллий давлат қурулиши ҳақида.

Турк давлатларидан бири Ўзбекистонда миллий давлат қуруш, унинг халқ маданияти, маънавияти, нуфусининг характери асосида бажарилади, албатта. Бошқача бўлмайди. Шу замонда ҳокимиятни ушлаб турган бир гуруҳ билимсиз, тарбиясиз милитсионер ва жосуслар хусусиятларидан келиб чикиб, уларга суяниб миллий давлат асосини тузиб, уни қуруб бўлмайди. Бунга асло йўл қўйиб ҳам бўлмайди. Яна бир муҳим ҳолатни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Масалан, биз узоқ вақт мустамлака ҳолида қолдик. Бу даврда бизнинг давлатчилик анъаналаримиз атайлаб тўхтатилиб қўйилди. У тенгсиз давлатчилик анъаналаримиз босқинчи, истилочилар томонидан ўзлариники этиб ўзлаштирилди. Натижада биз ўз давлатчилик удумларимизни деярли унутдик. Халқда давлат-чилик, давлатни мустақил бошқариш, ҳокимиятга мансабдорларни сайлаш каби тартиб, қоидалар, бу сайловлардан манфаат ҳис-туйғулари йўқотилди. Давлат ҳокимиятини бошқарувда давлатчилик шуури бўлишлиги, ҳокимият ходимида пасткашлик, лаганбардорлик, номардлик хусусиятлари-нинг учираши кечирилмас айб эканлиги батамом унутилди. Унинг ўрнига совет замонида салбий характерли, лаганбардор, сотқин кишилар мансаб чўкқиларига кўтарилди. Ҳозир, ана ўша совет замонида халқ маданиятини, урф-одатини поймол қилган, уни сотган, Москва останосини ялаган лаганбардор, мансаб учун ҳеч нарсадан қайтмас, амал учун ҳар қандай пасткашликни бажарадиган, порахўр, ўғрилар Ўзбекистон ҳукуматини бошқармокда. Уларнинг мафкураси, яшаш тарзи, “шуури”, хусусиятлари Ўзбекистонда қурулиши, яратилиши шарт бўлган миллий давлат тузуми учун бошланғич нуқта вазифасини бажара олиши мумкин эмас. Шунинг учун биз бу масалада энг аввал андозани тарихдан олишимиз лозим. Ундан сўнг оз бўлса-да эл, халқ ичида сақланиб қолган шуурли, элсевар, мард, мардонаворлик, жанговарлик хусусиятларини йўқотмаганлар характерлари ни  андоза этиб қабул қилишимиз ва бу хусусият ва характерларни оммага сингдириб боришимиз энг муҳим ва асосий вазифа, деб билишимиз керак.

Агар мамлакатда кишилар мустаҳкам руҳий характер ва фуқаролик хусусиятларга эга бўлмаса, улар ўз руҳий кучи нималигини билмаса, фуқаролик бурчи ва ҳақини тушунмаса, озодлик ва мазлумлик, эрк ва эрксизликни ажрата олмаса, давлатчилик, давлат, миллий давлат тушунчалари ҳақида сўз юритиб бўладими? Ҳатто олим бўлса-ю, характерсиз, принсипсиз бўлса, у нимани билади, нимага амал қилади ва нимани тасдиқлайди? Борди-ю ана шундай характерсиз, принсипининг тайни йўқ одам давлат ҳокимиятини эгалласа, айниқса у ҳокимиятнинг энг юқори поғонасига чиқиб қолса-чи? Улар ҳуқуқни ҳимоя қилиш, тартибни сақлаш органларида ўтириб, ҳарбий қумондонлар фақат ўшалардан иборат бўлиб қолса-чи? Ундай кишилар билан қанақа давлат (миллийми ёки бошқа хил) тузиш ҳақида сўз юритиб бўлади? Характерсиз, принсипсиз, тарбиясиз олимнинг илми нималар ҳақида бўлиб, ўшандай файласуфнинг фалсафаси накадарлиги, рассом ва санъатчининг асарлари кишиларни нималарга ундагани, бошқаргани, худди шундай мансабдорнинг нуқул сотқинлик, ўғирлик, порахўрлик билан машғул бўлганларига совет замони жуда яхши мисол-ку ахир. Ўшанақа ҳарбийларнинг кимлигини Озорбойжонда, Тожикистонда, Чеченистонда кетаётган урушларда бемалол кўриш мумкин бўлмоқда. Бу урушларда бир томондан иккинчи жаҳон урушида фашистлар тарафидан ҳам содир бўлмаган ваҳшийликлар, раҳм-шафкатсизликлар бўлаётган бўлса, бошқа томондан инсон тарихи билмаган пасткашликлар, ҳатто қўлидагиқуролларини қаршидаги душманига (масалан Озорбойжон ва Арманистонда шундай бўлди) пулга сотиш ҳолларининг бўлаётгани совет даври яратган характерсизлик ва принсипсизлик оқибатидир. Бундан аянчлирок ҳолнинг бўлиши мушкул. Биласизми, иродаси бақувват, руҳан маҳкам, характерли, ватанпарварлик руҳида тарбияланган офитсер (қумондон) ёки аскар (солдат учун) нима энг муҳим, энг асосийси? Душман ила савашиб ғалаба қилишми, ўлимми ёки бўлмаса қўрқоқларча жон сақлаб қолишми? Ёки тупроқнинг бир қисмини душманга бериб бўлса ҳам ҳокимиятда мансаб, амал курсисини сақлаб қолиш аҳамиятли, маънавиятлими? Бу саволларнинг бири қаҳрамонликни, иккинчиси очиқдан-очиқ бебуртликни, сотқинликни ифодалайди. Совет даврида, бутун миллатни сотган сотқин, оддий турмуший ишларда ўта пасткаш кимсалар рағбатлантирилди ва улар давлат ҳокимиятига келтирилди. Афсуски, улар бугун ҳам Ўзбекистон ҳукуматида яна савлат тўкиб ўтирибдилар. Улар билан янги давлат, янги миллий давлат тузуми яратиб бўлмайди. Улар миллий ҳис-туйғулардан ҳам бенасиб, ахир. Бугун Ўзбекистонда мансабдорлар-ку ҳамин қадар, аммо у ерда бутун халқ оммасида шу ҳислат вужудга келганда. Бу халқнинг барчаси бирдай “очқорним, тинч қулоғим”, дейишга шунчалар ўрганганки, ҳеч кўяверинг. Шунинг учун қайта-қайта тарих деймиз, уни такрор-такрортилга оламиз. Тарихий маданиятимизни, маънавиятимизни ўрганайлик ва унга суянайлик демокдамиз. Чунки ўзга йўл йўқ. Буюк боболар тарихини, уларнинг жасоратларини ўрганган келажак авлодда бу бефарқлик, бу мантиқсиз фалсафа бўлмасмикин, деймиз.

Тарихни эслаганда (ҳатто Ўзбекистон мансабдорлари ҳам) кўпчилик Амир Тимур замони, унинг давлат тизими (структураси) ҳақида, баъзида у замондаги демократияни ҳам эслашадилар. Аммо у даврнинг бир томонини, яъни у замонлар одамларининг тарбияси, хусусиятлари, характерлари, маданияти, ахлоқи, билими ва илм даражаси ҳақида деярли гапирилмайди ёки масаланинг бу тарафига эътибор қилишга уринишмайди. Чунки у тарихий замонни эслашаётганларнинг ўзларида ахлоқнинг, маданиятнинг, билимнинг тайини озроқ,  тўғриси йўқдир. Масалан, Тимур замонининг бир қиррасини эслайлик. Амир Тимурнинг ўзи Қуръони каримни ёддан билгани, яъни мукам-мал қори бўлганлиги бугун бизга аниқ. Ҳатто у Қуръонни чуқур тафсир қила олиш даражасида билимли бир инсон бўлган. Тимур каби бир Амирнинг (подшоҳнинг) бу қадар билимли бўлиши бугун учун ҳайрон қоларли бир ҳол эмасми? Аммо бу ҳол фақат амирни эмас, балки ўша замонни, ўша давр кишиларини характерлайдиган муҳим бир фактордир.

Шу замонда, яъни ҳозир Ўзбекистонда яшаётган, турмуш юргизаётган кишилар, уларнинг характерлари, билими ва илми билан, одоби, тарбияси билан Тимур давлатини, унинг империя-сини қуриб бўлурмиди? Йўқ, албатта тузиб бўлмасди. Тимурнинг шахсидан катъий назар бугунги Ўзбекистондаги муҳитда кўнгилдагидек улкан ишлар бажариб бўлмайди. Бундай буюк ишлар қилмоқ учун умумий муҳит, халқ оммасининг руҳий кайфияти, жанговарлиги чиндан ҳам юқори бўлмоғи зарур. Ўкувчи мени тўғри тушунар, деб ўйлайман, мен Тимур империясини қуруш ёки уни тиклаш борасида фикр юритмоқчи эмасман, балки ҳолатни, вазиятни,  муҳитни  тўғрироқ тушунтиришга уринмоқдаман, холос. Умуман, чинакам миллий давлат тизими қурмоқ учун қандай муҳит бўлмоғи лозимлиги ҳақида фикр билдирмоққа ҳаракат қилмоқдаман.

Бундан кўринадики, мустаҳкам миллий давлат тизими яратмоқ учун энг аввал фуқарода руҳан бақувват миллий характерни, исломий ахлоқни тарбиялаш ва уни оммалаштириш асосий ва муҳим бош масаладир. Бизда бу масала, умумтурк миллий руҳи ва чуқур исломий ахлоқдир. Сўнгги йилларда совет замонидан мерос ўтган характерсизликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишмасин (Масалан, Ўзбекистонда шундай қилинаяпти), қанчалик оммани ярим оч ушлаб туришга уринмасинлар (чунки камбағал халқ итоаткор бўлади), бу ҳаракатларнинг акси ҳам пайдо бўлиши табиийдир. Бу акс ҳаракат ҳам секин бўлсада, кишиларни чиниқтиради, ўстиради. Ниҳоят улар масаланинг моҳиятини тушуниб этишлари ҳам табиий бир ҳолдир. Ўзбекистонда ҳам шундай бўлар, албатта, шундай бўлади. Ана шу акс ҳаракат майдонга чиқарадиган ва мавжуд жамиятда ҳар доим сақланиб қоладиган соғлом характер, хусусиятларга суянган ҳолда ва албатта тарихдан ажралмасдан тубдан янги миллий тарбия системасини яратишга дадил киришмоғимиз ниҳоятда зарур. Чунки руҳан бакувват, жиддий характерли кишилар Ўзбекистонга фақат келгусида, бундан бирнеча ўн йиллар сўнг эмас, бугун, ҳозир, зудлик билан керак, улар кейинги асрлар учун ҳам зарур, албатта. Шундай экан, кимки ҳеч бўлмаганда бир кишини ўша руҳда тарбияласа ёки ўзини қайта тарбияласа, бу борада биррор кишига ёрдам этса, ўзўғил-қизини ўша руҳда ўстирса, у Ватан олдида, бутун турклар олдида ва тарих олдида ўз бурчини (ҳатто муқаддас бурчини) оқлаган бўларди. Агар бугун Ўзбекистонга бирор энг зарур нарса керак бўлса, у ана ўша бизнинг тушунчамиздаги руҳда тарбияланган кишилардир. Ўзбекистонда (балки барча турк давлатлари учун ҳам) ҳеч кечиктириб бўлмас бирор муаммо бўлса, у, энг аввал тарбияни, миллий тарбияни йўлга қўйишдир. Ўзбекларнинг, умуман туркларнинг душманлари, бизда туркий миллий тарбиянинг йўлга қўйилишидан, руҳан тетик, яхши миллий тарбия кўрган, юқори билимли  ўзбекларнинг (умуман туркларнинг) кўпайишидан ҳадиксирашади, қўрқишади. Такрор айтамизки, миллий тарбиянинг мазмуни, унинг асоси нима? У тарбия нимага асосланади, унинг суянадиган суянч устуни нимадан иборат? Масаланинг умумий, фалсафий томонини бир четга қўйиб, фақат амалий жиҳатини олсак, унда ўзбекларнинг-туркларнинг ўз миллий хусусиятларига эътибор бермоқ зарур бўлади.

Миллий тарбияни яхши йўлга қўймоқ учун ёки миллий руҳи бакувват кишилар тарбияламоқ учун уларда учта асосий куч-қудратнинг мужассамланишига эришмоқ зарур кўринади.  Биринчидан, халқда (элда) ўзликни сақлай билиш, темпераментли бўлиб, талантли бўлишга интилиш, маҳкам, қатъиятликка амал қилувчи, ҳаракатчан, топқирликка майил, ҳар қандай ваъзиятда тўғри хулосалар чиқара биладиган хусусиятларни чиниқтирмоқ  керак.  Иккинчидан, унинг характери ярқин, ҳозиржавоб, чуқур ҳаётий ҳисларга эга бўлмоғи лозим.  Учинчидан, улар кашфиётга, ижодкорликка интилувчи ва кенг фикрли, чуқур мулоҳазали инсонлар бўлиб етишмоқлари зарур.

Миллий руҳи юқори ҳар бир кишида, жумладан ўзбек туркларида ҳам ана ўша уч хусусият чинакамига бир-бирига боғланган ва бир-бирини тўлдирган бўлиши шарт. Бундай хусусиятга эга бўлган киши инсонга меҳр-муҳаббатли, атроф-муҳитни тоза сақловчи, илмли, иймонли инсондир. Бу иймон чиндан ҳам Ягона Яратганнинг ўзига инониш, Унгагина меҳр-муҳаббатли бўлиш билан пайдо бўлади. Шунинг учун бизнинг тарбиямизда энг илк ҳаракатлантирувчи ва илҳом берувчи куч бу иймон ва Аллоҳга ишончдан ташкил топмоғи шарт.

Аллоҳга иймон келтириш, ҳаёт реалликларидан ажралмаган ҳолда доим ибодатда бўлиш билан амалга ошади. Шундагина мақсадга эришиш мумкин. Шунинг учун биз таклиф этаётган руҳда, яъни турк миллий руҳида тарбияланган ҳар бир турк дунё ишларидаги (турмушдаги) ютуқларни Яратганга муҳаббатнинг натижаси, деб қарайди.

Инсонда дунёвий ишларга муносабат (инстинк, яъни ҳаётий ҳодисаларга мослашиш) ва руҳ, илоҳий қудрат бир-бирига мослашган бўлиши лозим. Мулоҳаза қилиб қаралса бундай мослик ҳаётда жуда зарурдир. Инсоннинг руҳи, руҳий ҳолати учун, унинг дунёвий (турмуший) ҳолати ҳам зарур. Акси ҳам худди шундай аҳамиятга эга. Ҳаётий (дунёвий) ҳодисаларга мослашмаган руҳий дунё, руҳий ҳолат ҳам ҳеч бир қимматга, бирор шакл-шамойилга эга эмас. Бу икки ҳолат бир-бирига қарши бўлса тартибсизлик, бузилиш юзага келади, у ерда ҳеч қандай куч-қудрат бўлмайди, ундай ҳолда ҳеч қачон ютуқларга эришилмайди. Аммо инсоннинг руҳий ҳолати ҳам унинг турмуший ҳолатини, инстинктини тамоман босиб кетмаслиги лозим. Чунки бундай ҳолда ҳам хасталик, ақлсизлик майдонга келиши мумкин, ҳатто сабабсиз ўлим йўлига тушиб қолиш хавфи ҳам бор.

Руҳ ва инстинк орасидаги ҳолат инсон қалбидаги фаришта ва шайтон курашидир. Масала, бу икки кучни тарбия йўли билан ўзаро мослаштириш, инстинкни илоҳий кучга бўйинсунтириш ва унинг ўзи ҳам (инстинк ҳам) Руҳдан, илоҳиётдан эканлигини англашдан иборатдир. Шундагина инстинк ҳақиқатан илоҳий эканлиги маълум бўлади, руҳ эса, ўзининг инстинк илдизларига ҳам бориб етади ва натижада инсон қалби бутун борлигича илоҳиётга тўлади. Шундай бўлганда инстинк яхши ишлар қилишгақаратилади, руҳ эса уни бошқаради. Ана шундай бўлгандагина иблисга иш қолмайди, ёвуз ниятли кишилар камаяди ёки тамоман тугатилади.

Турклар чиндан ҳам дунёда ўзларига мос юксак ўринни сақлаб қолмоқни истасалар, улар энг аввал Аллоҳга мислсиз муҳаббатли, чинакам иймонли бўлишлари зарур. Ундан сўнг эса улар бирлашмоқлари, миллий бирликка эришмоқлари шарт.

Ер юзида вужудга келган барча буюк яратишлар, кашфиётлар инсоннинг эҳтиросли меҳнати ва меҳри-муҳаббати натижасида барпо этилган.

Тарихга бир назар солсак, турклар дунёсида буюк кашфиётлар Аллоҳга суяниш, иймон бақувват бўлган замонларга тўғри келади. Қаранг, фанда Фаробий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбеклар тенгсиз кашфиётлар яратишган давр; инсонлар жамиятини тузиш, Амир Тимур давлатчилик тизими асослари, усмонлилар давлатчилиги даври фикримизнинг исботи бўла олади. Бу кашфиётлар фанда ҳам, жамиятшуносликда ҳам бутун жаҳон учун ўрнак ролини ўйнаб келмоқда. Улар бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача камайтирганича йўқ. Аммо турклар эллатларга бўлиниб, уларнинг давлатлари майдалашган сари, улар орасида иймон сусайган сари турмушнинг барча соҳаларида инқироз, маглубиятлар юзага кела бошлади. Турк тупроқлари босқинчилар томонидан истило қилина бошланди. Истилочилар миллатни элатларга, уруғларга бўлиб ташладилар. Оқибатда турк тупроғи ва миллатининг жуда катта қисми узоқ давр мустамлака асоратида қолиб кетди. Масалан, собиқ СССРда Туркистон ўлкаси, ҳозирги хитойнинг шимолий-ғарбий (Шаркий Туркистон) қисмида буюк тупроқ ва у ерларда яшовчи турклар парчалаб юборилди. Бир бутун Туркистон ўлкасининг ўзинигина душманликнинг мисли кўрилмаган хиёнати ўлароқ, беш бўлакка бўлиб ташланди.

Минг шукрки, Аллоҳнинг инояти билан Туркистон (бешта алоҳида давлат шаклида бўлса ҳам) руслар истибдодидан қутулди. Аммо Шаркий Туркистон ҳамон мустамлака ҳолида қолмоқда.

Буюк турк миллатини тиклаш, унинг миллий ва илоҳий руҳини жонлантирмоқ учун ишни қайтадан миллий бирликни тиклаш ва руҳий қувватни мустаҳкамлашдан бошламоқ зарур. Бунинг учун менимча, уч белги зарур куринади:

1. Аллоҳга суяниш, иймон;

2. Миллий бирлик, ватанпарварлик, туркчилик;

3. Буюк раҳбар* (миллий бирлик ғоясини байроқ қилувчи, иймонли муслим доҳий). [* доҳийлик умрбод раҳбарлик маъносида эмас, сайлов муддатидаги раҳбар маъносида айтилмоқда.]

Бу учлик фақат ва фақат иймон билан, чинакамига миллий тарбия, мустаҳкам мафкура билан мужассам бўлсагина ҳақиқий кучга, қудратга эга бўлади.

Масалан, инсонда қулоқ, овоз, сўз тингламоқ ва музика эшитмоқ ва уларни англамоқ учун; кўз, нур ва турли рангларни ажратмоқучун; таффакур эса, хаёл этиш, тушунча ва мантиқий фикрлашлар учун зврур бўлса; руҳий, илоҳий ҳолат ҳам ўз ўрни ва “органлари” бўлишини тақозо этади. Шунинг учун юқорида кўрсатилган миллий бирликнинг уч белгиси (атрибути) ҳам бир-бирига боғли бўлиб, энг аввал Аллоҳга инониш, иймонли бўлишга суянмоғи шарт. Акс ҳолда, Ватан, Ватан бўлмас, миллийлик, миллий бирлик, чинакам миллийлик, миллий бирлик бўлмас, дохий ҳам доҳий бўлмас, у яна ўша жоҳил ҳукмдор бўлиб қолаверади.

Аллоҳга инонмаган, Уни чиндан севмаган киши динсиздир. У киши ҳеч қачон Аллоҳга яқинлашмайд, яқинлаша олмайди. Баъзи динларда кўрсатилгани каби инсон ўз эрки ва ақли ёрдамида Аллоҳга яқин бўлмайди. Иймонли бўлиш, Аллоҳга инониш, ибодатларни ўрнига келтириш, яъни доим ибодатларни тўғри бажариш, Аллоҳнинг кўрсатмаларига итоат қилиш билан амалга ошади. Шунингдек Ватанни севмаган ва унга ишонмаган киши ҳам беватандир. Киши ўз ташқи кўриниши, у ёки бу мамлакатга қарашлиги ҳақида хужжатларининг бўлиши билан ватанга эга бўлиб қолмайди. Унда бўлган ҳужжатлар, ҳатто унинг у мамлакатда эгаллаб турган “юқори даражадаги мансаби” чиндан ватанга эгалигини, ватаннинг ҳақиқий фуқароси эканлигини билдирмайди. Бундан кўринадики, ватан, ватанпарварлик ҳам алоҳида инсонийлик даражаси, унинг белгиси, кўрсаткичидир. Бу ҳам иймон билан бегиланади. Чинакам иймонли киши чиндан ватанпарвар ҳамдир. Худди шунга ўхшаш миллий раҳбар ҳам умум халқ севадиган машҳур, билимли, илимли ва ниҳоятда чуқур иймонли киши бўлиб, у кишиларнинг чинакамига ишончларига сазовор бўлмоғи лозим бўлади.

Мана шунинг учун ҳам яна тарбияга, турк боласини тарбиялашга қайтамиз. Демак, болани тарбиялаш, унда ўзига хос хусусият-характерни юзага келтирмоқ учун ҳамма нарсадан аввал севишни ва инонишни, яъни Аллоҳни севишни, Унга инонишни, сўнгра Ватанни, инсон учун яратилган заминни севишни, одамзотни севишни, Ватанга ишонишни ва ниҳоят Ватан – халқ раҳбарини, ҳақиқий элсевар, миллатсевар, эрксевар раҳбарни ҳурмат қилиш ва унга ҳам ишониш хусусиятини ўргатиш керак. Бу билан мен нимани истайман? Туркларнинг тарихий миллий хусусиятларини уйғотишни, буюк туркчиликни тиклашни истайман. Бунақа беғараз меҳр-муҳаббатга ва инончга лойиқ Қудратни-Аллоҳни, Ватанни, Раҳбарни руҳан соф кўнгил, маънавий юксак таффакур ила англаб, табиий равон кўзлар билан кўра билмоқ ҳам лозим бўлади. Бунинг учун ҳам юксак тарбия шарт.

Демак, бу ерда кишининг маънавий юксаклиги, руҳий ойдинлиги алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун бу масалага алоҳида тўхташ лозим, деб ҳисоблайман.

4. Маънавият ва миллий хусусият масаласи.

Туркий миллий хусусият, соф ва пок руҳий ойдинлик ва маънавий юксақлик асосига ва фақат шундай асосга қурулса маъқул бўларди. Чунки ана шундай руҳий ойдинлик ва маънавий юксақлик, ана шундай маънавият бутун туркларнинг турмуш тарзига ва уларнинг табиатига жуда мос келади.

Руҳий ойдинлик ва маънавий юксақлик! Мен туркий характер тарбиясини ана шу асосга қурушни истайман ва ана шундай юксақликда бутун турклар дунёсининг уйғонишини кўраман. Турклар кўп замонлар очиқ кўнгиллиги, ўз атрофига дўстона муносабати, руҳан софлиги билан машҳур бўлганди. Улар узоқ тарихда Ягона Тангрини таниганлар ва натижада Исломни қабул этиш, Аллоҳни таниш ва Унга иймон келтириш ҳам ҳеч бир қийинчилик ва тўсиқларга учирамаганди. Улардаги ботирлик, мардонаворлик хусусиятлари ҳам шундан, ўша узоқ тарихдан ҳисобланади. Афсус, турклар дунёсининг катта бир қисми узоқ вақт душман қўлида мустамлака ҳолида қолди. Шу замонда ҳам бир қисм тупроғимиз ва қардошларимиз мустамлака асоратида қолмокда. Бунинг натижаси ўларок, эл ичида, турк миллати маданиятида маданий ва миллий бўшлик вужудга келди. Кишиларда турмуш ва миллий маданий тарзлар қисман эмирилди. Маънавият бузилиб, ахлоқий тарбияда самарасизлик юз берди. Шунгақарамасдан бизнинг маданиятимиз илдизлари нимадан иборат эканлигини, ундаги тарихий баланд руҳни дунё жуда яхши билади ва тушунади. Шу сабабдан бизга дўст бўлмаган, ёмон ниятлилар ҳамон бизга ҳасад қилишади. Биз эса, ўша софлигимиз, очиқкўнгуллигимиздаги куч – қудратни қайта тиклашимиз ва ўша мустаҳкам маданий илдизимиз асосида янги турк дунёсини қурушимиз, замонавий турклар характерини яратишимиз зарур.

Софлигимиз, очиқ кўнгуллигимиз, деганда биз айрим фикр-мулоҳазаларни, дунёни билишни, эҳтимолга олинаётган ҳолатни ёки бирор нарсани мутлақ ҳақ қабул қилишни тушунмаслик керак. Софлик, одиллик, маънавият, кўнгулнинг ойдинлиги бирор бир қиммат, бебаҳо безак эмас, бу хусусиятлар медал қилиб кўкракка тақиб юрилмайди. Бу билан Ҳақни эгаллаб бўлмайди, аксинчаҲақ, Чин Ҳақиқат инсон қалбини, унинг ўй-фикрини, тасаввурини қамраб олгандан сўнггина у маънавиятли, одил ва соф кўнгулли бўла олади. Ана шундан сўнг барча шубҳалар ва оғишлар четга сурилади, турли хил қўшимчалар, шартлиликлар, хийлаю-найранглар йуқолади.

Киши ҳузурига, унинг қалбига илохий нур, руҳ насиб этган бўлса, у одам қалбида майин кечинмалар пайдо қилади, кўнглининг энг нозик туб-тубидан дили тўлароқ ёришгандай бўлади. Кўнгул қиёслаб бўлмас даражада таскин топгандай бўлади. Бу ҳолат баъзида шундай ҳис-туйғу уйғотадики, у дарахтга яшин урилганда ярақлаб олов чиқишига ўхшайди ёки яшин вулқон оғзига урилганда, вулқон ҳам олов отиш билан жавоб қайтарган мисоли бўлади.

Аллоҳни кўнгилга жойлаш, Унга муҳаббат қўйиш орқали кашф этилган маданият, маънавият, одиллик, софлик барча ишларнинг, муваффакиётларнинг бошидир. Бу тарихан тажрибадан ўтган ҳақиқатдир. Иймонга асосланган маънавият кишини фидойи ва астойдил этади. Аммо бу астойдиллик, фидойилик, шайдолик асло ақлсизларча, эҳтиросларга тўлиб-тошган иблисларга хос бўлмаслиги лозим. Аксинча, барча саъй-ҳаракатларда сидкидиллик, қалбларни илоҳий нурга, руҳга тўлдиришга интилиш ва у нурни оламга, инсонларга узатиш, беришга қаратилган асдойдиллик, шайдолик биз айтаётган асдойдилликдир. Дарҳақиқат, бу асдойдиллик, бу шайдолик Аллоҳ нури ила тобланган бир ҳислатдир. Бу шайдолик Аллоҳга ибодатда, намозу-зикрда, ҳалол меҳнатда, буюк кашфиётларда, ислоҳотларда, илм-фанда, Аллоҳ йўлида қурбон (шаҳид) бўлишда ўз ифодасини топади. Бундай хусусиятнинг ҳислатларини, бундай асдойдилликнинг, шайдоликнинг шарофатини ўтмишдаги диний донишмандларимиз, олимларимиз, мутафакирларимиз, ботиру-қаҳрамонларимиз, ҳалолу-одил падишоҳларимиз, бекларимиз, амирларимиз ҳаёт тарзларида кимки кўрмаган бўлсалар, уларни сўкир ҳисобламоқ керак. Улар кўролмайдилар, чунки у тарихий хотиралардан, у турмуш тарзлардан шаффоф, нур тарқаб турибди, у нурларга қуёшга тик қарай олмаганлари сингари қарай олмайдилар, у нурлар уларнинг кўзларини шафақлантиради. Тархий у буюк шахсларнинг руҳий шарофатларига, билим ва маънавиятларига қанча эрта, қанча ёшликдан муяссар бўлинса шунчалар баракали бўлади. Чунки ёш қалб хали соф, тоза бўлиб, ишонувчан ва тез қабул қилувчидир. Ёшликдан иймонли бўлиб, кўнглу ва кечинмалари соф, тўғриликка, ҳақиқатга берилган киши илоҳий хусусият, характернинг ибтидоий асосини ўзида сақлайди, уни ўзи билан доим олиб юради. Бундай кишилар аслида қаерда бўлмасин бир-бирларига яқин бўладилар. Уларнинг такдирлари, жуда нотекис, хилма-хил бўлса-да, аммо турмуш йўллари илоҳий усуллар билан боғлангандирлар. Дарҳақиқат, иймон, софлик, одиллик, атроф дунёга реал ҳақиқат, тўғрилик кўзи билан боқиш инсонни юксалтиради, уни тозалайди, Аллоҳга яқинлаштиради. Ана шу, киши қалбига суянч бўлади, унинг характерини, хусусиятини белгилайди. Ана шудир, одамзот маънавиятининг озуқаси ва уни қўруқловчи куч. Ана шу, инсонда бақувват руҳ, соғлом дид сақловчи ва мақсадга интилиш шароитини яратувчи омил. Иймонли, маънавиятли одам ҳеч иккиланмайди. У ҳеч қачон, ҳеч бир хил шароитда ўзига ёққан нарсани рад этиб, кўнгли тортмаганни эса қадрлай олмайди. Бундай кишиларга фақат мукаммал нарсалар ёқади, бошқасига улар қарамайди ва интилмайди. Унга кишилар хусусиятидаги ёқимсизлик яхши кўриниб, ёмон характер илтифотли туюлмайди. Шунинг учун улар кўнгилдан бир бутун, бўлинмас бўлса, руҳан ниҳоятда самимий, софдил бўладилар. Улар муҳаббат учун чинакамига курашади, ҳақ ва ноҳақни жуда яхши тушунадилар. Чунки нима руҳан, қалбдан соф бўлса, ҳақиқат бўлса у муқаддасдир. Ана шу бақувват иймон, маънавият, миллий бирлик муқаддас ғоя эмасми? Ҳа, бу чиндан ҳам ғоядир. Биз истаган муқаддас ғоя ҳам ана шудир.

Муқаддас ғоя, шуур, иззат, ор-номус учун кишилар ҳар доим жон бериб, жон олганлар, ҳаёт-мамот кураш олиб боришганлар. Иймондан келган маънавиятга суянган миллий бирлик каби муқаддас ғоя кишиларимиздаги астойдиллик ва фидойиликнинг манбаи бўлмоғи лозим. У руҳий субутнинг (принсипиалликнинг) ва характернинг манбаи, суянчи бўлмоғи керак. Бундай ғоя билан  қуролланган киши руҳий қуввати кучли, астойдил курашчи бўлади, деб ишонамиз. Ундай кишилар қалбида, руҳида жонкуярлик, ватанпарварлик кучи-қуввати юқори бўлади. Улар иймон, Ватан шарафи учун курашга доим тайёр турадилар. Шунинг учун биз яна болани иймон келтиришга, ибодатга тарғиб қиламиз. Биз яна Ягона Яратганга яқинлашиш, Ундан нурланиш, унинг амалларини бажаришга даъват этамиз. Чунки Аллоҳга яқинлашиш, Уни ва унинг кўрсатмаларини қалбга жойлаш жараёнида инсон аста-секин ўз қалбида бир алангаланувчи, тугамас, ёниб битмас  ўчок ясайди. Киши ўша руҳий ўчоққа суяниб турмушдаги ишларини режалайди, қарорларини қабул этади, хулосаларини чиқаради.

Биз тақлиф этаётган ғояда тарбияланган киши, у врачми (ҳакимми), ҳакамми, олимми, рассомми, мансабдорми, имомми, муфтими, тарбиячими ундан қатъи назар қалбдаги ўша алангали ўчоққа мос турмуш қурушга, атрофдагилар билан муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилади. Бундай одамнинг қалбини бир шаҳар, деб қарасак, у шаҳарда шундай бир қутлуғ бино борки, унинг марказида абадий ўчмас муҳаббат алангаси, Аллоҳга ибодат алангаси ёниб турганга ўхшайди. Ана шундай одамни иймонли, яхши хусусиятли, ижобий характерли киши, деса бўлади. Бундай қалбни, Аллоҳга мухаббат билан тўла бу қалбни бир тарихий ақидага киёслаш билан фикримни яна мустаҳкамламоқчиман. Масалан, Пифагор ўз шогирдлари билан бирликда бир замонлар дунёнинг илоҳий маркази бор, унда эса Аллоҳнинг иштирокини акс эттирадиган абадий аланга ёниб туради, деб тасаввур этишган. Бу алангани Гестия алангаси деб аташганлар. Бу Гестия алангаси уларнинг тушунчасига кўра дунёни тутиб турувчи, уни тартибга солувчи куч ҳисобланган. Шу куч борлиги учун дунё тартибсизликлардан эмас, балки у мустаҳкам тартибга эга бўлган коинотдан иборат, деб тарғиб қилишган.

Мен бу билан ўша тасаввурни маъқуллашни эмас, балки аксинча Ягона Аллоҳга инонган, Унга иймон келтирган киши қалбида ўз Яратганига чексиз муҳаббат алангаси пайдо бўлади, демоқчиман. Илоҳиёт руҳи билан суғорилган хусусиятли, иймонли киши қалби ўшанақа қутлуғ марказга, коинотга айланади, демоқчиман. Ана ўшандай қалбдан тарқаладиган овозни мен виждон овози, деб атамоқчиман. Бу виждон эгаси салбий ишлар содир этмайди, бошқаларга азоб-уқубат келтиришга қодир эмас, балки бу виждон бизни энг тўғри, яхши, эзгу ишлар бажариш йўлига бошқарадиган, ёвузлик ва маккорлик, хийла-найрангларга йўл бермайдиган илоҳий виждондир. Бундай виждонли киши бир иш содир этмасдан аввал виждонига қулоқ солади. Шунинг учун унда афсусланиш оз бўлади ёки умуман унга ўрин бўлмайди. Чунки бу виждон овозини у Аллоҳ хоҳиши каби қабул этади, ўз хоҳиш ва қизиқишларини унга мослаб иш қилади. Ана шундай виждон, инсоний руҳ, тартиб, яшаш тарзи одам учун бебаҳо турмуш асоси ҳисобланади. Бундай турмуш асосини эса инсон шахсий қадр-қиммати, унинг руҳий ҳолати дейишга арзийди.

Ҳар бир одобли, ўзини билган киши ўз шахсий қадр-қимматини билиши ва уни шахсан ўзи ҳам қадрлаши лозим. Кишининг ўз қадр- қимматини сезиши – бу бебаҳо ҳақиқий характердир. Бу характер, бу хусусият киши қулоғига : сенинг эркинг эзгуликдадир; сен доим яхшиликлар қилмоғинг лозим; сенга ана у, эзгулик ва яхшиликлар йўли очик; сенинг Аллоҳ олдида, кишилар олдида буюк мажбуриятларинг бор; ибодатда, меҳробда кўз ёши тўкиб тилаган тилақларингни, ваъдаларингни унутма; ҳар қандай қийин ва мушкул вазиятга тушганингда ҳам доим иймонингда, Аллоҳга, Ватанга муҳаббатингда муқим ва содиқ қол, деб эслатиб туради.

Шу ерда бироз тўхтаб, ўз-ўзимизга савол бериб кўрайлик-а! Биз таърифлаган инсон хоинликка, сотқинликка, хиёнатга қодирми? Ундай киши бу қадар пасткашликка, тубанликка тушиб қолиши мумкинми? Бировга туҳмат қилиш, иғво уюштириш унинг қўлидан келадими? Жавоб, ягона, у ҳам бўлса, фақат йўқ дейилади, албатта.

Бугун Ўзбекистон, бутун турк дунёси десак ҳам бўлади, энг аввал ва ҳамма нарсадан олдин ўшанақа кишиларга муҳтож.Ўзбекистонда (бутун турк дунёсида) шундай юксак савияли ва маънавиятли кишилар етилсагина, бутун нуфус ўзини таниган, юксак маънавий ва савияли бўлсагина мамлакат ўз устидан қуллик, қалбидан мутелик иллатини улоқтира олиши мумкин. Ана шундагина у фуқаро, Ўзбекистоннинг (турклар дунёсининг) мустақиллигини тушуниб, мамлакатнинг эгаси ҳиссини сезиш даражасига кўтарилган бўлади. Фақат қуллик ва мутелик иллатидан тўла озод бўлган турк миллати буюк турклар давлатини тиклаш қудратига эга бўла олади.

Кишиларнинг ўз қадр-қимматларини билиши, сезиши, инсоният жамиятида ўз муносиб ўрнини тута билиши тўғри йўналишнинг ва тўғри ҳаракат тарзининг асосини ташкил этади. Ҳатто ана шу, соғлом фуқароликнинг, ҳақиқий тартиб-қоиданинг, қудратли армия тузишнинг, мустаҳкам давлат тизимининг ҳам асосидир. Ер юзида Аллоҳ таолло яратган барча ишларда, динга, давлатга содиқликнинг ва инсофнинг ҳам асоси ва суянчи ўшадир. Ўзни билиш, қадр – қимматни ажрата олиш, ҳаётдаги ибратли хулқ, ижобий ижод, сиёсат, илм, санъат ва хўжалик ишларида софликнинг, одилликнинг ҳам асосини белгилайди.

Ўзи – ўзини қадрлай биладиган, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини тута оладиган халқ энг қудратли халқдир. Бундай халқ ҳеч замон динсиз бўла олмайди. Бундай халқ чуқур иймонли кишилардан ташкил топгандир. Чунки иймонли кишилар инсонлик қадр-қимматини, меҳнатни, илм ўрганишни юксак қадрлайди. Уларга манманлик, гердайиш, асоссиз билимдонлик маш-машаси бегонадир. Шу билан бирга улар ҳеч қачон ўз қадр-қимматларининг поймол бўлишига йўл қўймайдилар.

Шундай қилиб, инсон хусусияти, характери асослари ана шулардан иборат десак бўлади. Бу хусусиятлардан энг аввал ҳар қандай вазиятда ўзни тута билиш хусусияти, яъни киши ўзи- ўзига зарур бўлган турмуш шароитларини, ўз яшаш тартиб коидаларини яратишга интилмоғи, ўз эрки нормаларини билиши ва уларга қатъи амал қилмоғи энг муҳимидир. Натижада, ҳар бир киши ўз “мухториятига”, яъни даҳлсиз ўз ҳаракат маконига эга бўлмоғи лозим. Ана шунда у ўзни тутишни билади, озодлик ва содиқликни тушунади ва уни қўруқлашга интилади. Чунки динга, давлатга, оилага, ўз сўзига содиқ қолиш бу фақат қалбнинг содиқлиги бўлиб қолмай, киши ўз ихтиёри устидан, ақли, фикри, эрки, ҳис-ҳаяжонлари, манфаати ва танбаллиги, ишёқмаслиги устидан ҳам ҳукмрон бўла олиши керак, демакдир. Ҳар бир иродали, бақувват характерли, куч-қудратли киши ўз эзгу-нияти ва мақсадига эга бўлмоғи лозим. Ўзбекистонда (бутун турк дунёсида) эзгу-ниятли, порлоқ мақсадли кишилар жуда кўп бўлмоғи, ҳатто бутун халқ шундай хусусиятга эга бўлмоғи керак. Улар бу мақсадларига интилишлари ва эришишлари ила чиндан ҳам қудратли бўлишлари керак. Киши ўз эзгу-мақсадларига энг аввал ва кўпинча эрк орқали, ички, қалбдан бутун борлиғи ила озод бўлиш орқали, иймон эрки орқали эришиши мумкин. Бундай эрк исломда, деб биламан. Чунки эрксизлик, қуллик, мутеликдан қутулиш йўлини илк дафа ислом кўрсатди ва бугунга қадар бу йўлда бошқа бир самаралироқ усул таклиф қилинганича йўқ.

Иймонли бўлиш кишида яна бир хусусиятни очади. Яъни ундай киши бошқа бир иймони маҳкам кишини яхши танийди, унинг жамиятдаги ўрнини, кобилиятини, ишига, жамиятига, диндошларига содиқлигини билади. Шунинг учун ташкилотчилик, бошқарувчилик, раҳбарлик ролига даъвогар бўлаётганлар бу хусусиятга, характерга эга бўлмоқлари лозим. Шундагина улар бошқаларда қандай қобилият ва талант борлигини, нималарга қодир эканлигини, уларнинг қудратли ва заифлигини, содиқлик ва хиёнатга майиллигини, мансабга муносабатларини яхши англаб, кўра билади. Жамият, мамлакат бундай мустаҳкам иймонли, руҳан бақувват, маънавиятли шахсларга бой бўлмоғи жуда зарур. Акс ҳолда ҳеч қандай инсон жамияти, давлатчилик ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Демак, бугун биз ана шундай қадрларни тарбиялаш ва уларни танлаш, йиғиш билан ҳам жиддий шуғилланишимиз керак. Бу биз учун муҳим ҳаётий масала ва вазифа бўлмоғи зарур.

Айтилганлардан, яна бир муаммони ҳам тилга олиш лозим кўринмоқда. Чунки бугун Ўзбекистонда (кенгроқ қаралса бутун турк дунёсида) шундай бир вазият вужудга келганки, у бизга “нима учун яшамоқ керак?»- деган мураккаб саволни ўртага ташламоқда. Мамлакатдаги бугунги сиёсий вазият, ҳаёт ва ўлим нимадан иборатлигини аниқлаб олишни кўрсатмоқда, ҳатто уни ҳар бир иймонли ватанпарвардан талаб этмоқдадир. Аллоҳ учун, иймон учун, чинакам исломий эрк, озодлик учун, инсон шарафи, шуури учун, Ватан учун, оила, оилавий ўчоқ учун, миллий бирлик-турклар бирлиги учун курашмоқ зарурми? Халқ учун, унинг маънавий манбаси, ижодиёти, миллий санъати, миллий қадрияти учун ҳам курашмоқ керак бўладими? Бордию, бу шарафли вазифани адо этиш лозим ва шарт бўлса, уни қандай бажармоқ мумкин? Бу эса, “Ҳаёт, эрк, озодлик, шараф, шуур учун кураш ва яшаш ёки ўлим” эмасми?

Эҳ, Аллоҳим, биз қачон ҳаётни, яшашни бундай мардларча тасаввур этарканмиз? Аммо биз  ўшандай кишиларимизни излаб топишимиз ва йиғишимиз керак ёки уларни бешикдан тарбиялашни бошлашимиз зарур. На чора, бошқа йўл кўринмаяпти.

Бу муаммо кўпларга мушкул кўринар, балки мутлақо ҳал қилиб бўлмас масаладай туюлар. Кимга қандай кўринишидан катъий назар масала айнан шундай, бошқа йўл ҳам йўқ. Аммо бугун  Ўзбекистонда ўтказилаётган сиёсатга бефарқ бўлиш, бир ярим асрга яқин вақт мустамлака қуллигида ушлаб турилган халқни ҳамон ўшандай аҳволда қолдириш, унинг ер ости ва ер усти бойликларини талон-торож қилиш, маданиятини поймол этиш, мактабни, таълим – тарбияни коммунистик руҳда сақлаб қолиш ёки уни ҳатто тугатиш даражасига келтирилаётганлигини кўрмаслик ҳам хиёнатдир. Биз бу аҳволни кўриб турсак-да, унинг оқибати яхшиликка борар, деб ўйлашимиз мумкинми? Шундай бир вазиятда ҳар биримиз чет элларда жон сақлаб, мамлакатда яна бир марта Горбачев замони келишини кутиб ўтирсак бўладими? Йўқ, асло бўлмайди. Аксинча, ўзбекларда, умуман барча туркларда, ҳар бир алоҳида шахсда (ҳар бир турк кишисида) ва болаларимиз, ёшларимизда иймонни мустаҳкамлаш, руҳан тетик, миллий характерни тарбиялаш, уни чиниқтириш ва оммалаштириш керак.

Бизнинг келажагимиз, бутун туркларнинг миллий бирлиги ва умумий, ягона дастур асосида миллий тарбиясидадир. Менимча, шундай бўлгандагина буюк туркчилигимиз тикланади. Энг буюк ғоя шудир! Умумтурк миллий бирлиги, уларнинг исломий миллий тарбияси бизнинг келажагимиз ва миллий ғоямиздир. Порлоқ келажагимиз, барча ютуқларимиз ана шу ғоядадир. Давлатчилигимиз, хўжалик юритиш тизимимиз ҳам шу ғоя ичига олингандир. Ана шу ғоя тарихда бўлгани сингари турк фани шуҳратини, маданиятини, санъатини қайтадан тирилтиради, тиклайди, янгилайди, оламда машҳур этади.

Демак, умумтурк миллий тарбиясини амалга оширишга зудлик билан киришмаслик, ҳатто уни бироз бўлсада кечиктириш, турклар бирлиги масаласига эътиборсиз қараш, келажагимиз илдизига болта уриш, келажакни йўқотишдир.

Турклар миллий бирлиги, умуммиллий, руҳан тетик характер тарбиялаш ғояси турк дунёсида ягона этакчи ғояга, умумий дастурга (программага), умумий тарбиявий андозага айланмоғи зарур. Шу сабабдан ҳар бир нормал турк кишиси шу бугунданоқ, ҳеч кечикмасдан ўз тарихий масъулиятини, вазифасини умумтурк дунёси олдидаги маъсулият ва вазифа, деб қарашга мажбур бўлмоғи шарт. Уни умумтурк манфаатлари тарозисида – миллий руҳ, иймон, инсоф, ўз руҳий қадр-қиммати,  ўлимдан қўрқмаслик (ўлишни ҳам билиш, яъни нима учун ўлмоқ ва нима учун курашмоқни билиш) каби ҳислатлар тарозисида ўлчашга ўрганиш лозим.

Қисқаси, буларнинг барчаси келажак, турклар миллий бирлиги, уларнинг тарихий такдири, уйғониши, ҳозирги ва келажак манфаати, истиқболи ва истиқлоли учун жуда муҳим ҳамда зарурдир.

Ниҳоят, туркларнинг тўла уйғонишига, буюк турклар миллий БИРЛИГИ вужудга келишига ишонаман. Мен бу БИРЛИКда бутун мусулмонларнинг ҳам бирлиги тимсолини кўраман.

Биз иймонли бўлсак, руҳимиз бақувват бўлса, Аллоҳ бизга мададкор бўлур, У бизга куч-қувват, ақл-идрок беражак, эрк ва ёркин келажак йўлини кўрсатажак, иншооллоҳ!

2.4. Ўзбекистон олтинлари ҳақида. («Озодлик” радиоси, 21.12.96-да ўқиб берилган)

Материал радиода ўқиб бериш учун тайёрланган эди. Шу сабабли у таҳрирсиз, бошланғич вариантда бу ерда келтирилмокда. Материални компютерда тераётган вақтда, унинг кўпгина ерларини яна ўткирроқ ифодалаш мумкинлигини сезсам-да, уни аслида, яъни радио тингловчилар эшитган вариантда қолдиришни лозим топдим.

Айтишларича, марҳум, раҳматли Шароф Рашидов Ўзбекистонда қазиб олинаётган олтинларнинг бир фоизи бизда, яъни Ўзбекистонда қолдирилса эди “ҳар бир ўзбекнинг остонаси олтиндан бўларди” – деган экан. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида табиий ва бошқа бойликлари бўйича энг бой мамлакат ҳисобланади.

Масалан, ушбу рақамларга бир назар ташланг. Ўзбекистон бугун олтин запаслари жиҳатидан дунёда туртинчи ўринни, олтин қазиб олиш бўйича эса еттинчи ўринни эғаллаб турибди. Мамлакат йилига 80 тонна соф олтин қазиб олмоқда. Зарафшон шаҳрида жаҳонда энг катта олтин тозалаш заводларидан бири жойлашган. Бу заводда 18 минг киши ишлаётгани ҳам корхонанинг чиндан ҳам улканлигини кўрсатади. Булардан ташқари Ўзбекистон кўпгина қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хомашёлар етиштиришда ҳам жаҳонда кўринарли ўрин эғаллаб турибди. Масалан, Ўзбекистон (20 фоиз) ва АКШ (30 фоиз) биргаликда дунёда экспорт қилинадиган пахтанинг эллик фоизини назарот қилиб туришибди.

Ўзбекистон олтиндан ташқари ҳозирги замон технологияси ва машинасозлиги учун жуда зарур бўлган бир қанча маъдан запасларига ҳам бой. У конларнинг кўпчилиги ҳозир ишлаб турибди. Мамлакатда жуда кўп мева, сабзавот, жун, қорақўл тери ва бошқа қимматбаҳо бойликлар мўл. Бу рўйхат Ўзбекистон бойликларининг бир қисмигинаси, холос. Аммо Ўзбекистон олтини, нефти ва пахтаси унинг 23 миллион аҳолисини иқтисодий жиҳатдан тўла таъминлай олади, мамлакат эса, жаҳон давлатлари ҳамжамияти орасида муносиб иқтисодий ўрин эғаллай олмоғи учун тўла шароит мавжуд. Афсуслар бўлсинким, Ўзбекистон ҳамон иқтисодий бўҳрондан қутила олмаяпти, ҳатто ундан қутулиш йўлларини ҳам изламаяпти ёки у йўлларни излашни истамаяптилар. Масалан, шу кунга қадар мамлакатда рақобатли бозор иқтисодий муносабатлари пайдо бўлмаяпти, иқтисодий системада хусусий сектор бирор бир шаклда майдонга чиқмаяпти, қишлоқда колхоз ва совхозлар яшаб турган бўлса, шаҳарларда бутун саноат ишлаб чиқариши ва унинг воситалари давлат қўлида бўлиб, улар йилдан-йил иқтисодий ночор ҳолга тушиб бораяпти. Натижада, аҳолининг ижтимоий аҳволи кундан-кун ёмонлашиб, оғирлашиб кетмоқда. Ҳукуматнинг янги қарор ва кўрсатмалари назарий асос ва бирор мантиққа эга бўлмаганлиги сабабли мутлақо самарасиз қуруқ қоғозларда қолиб кетмокда. Нега, нима учун шундай бўлмоқда? Одатда, Ўзбекистон президентининг иқтисод бўйича эълон этган фармонлари ёзма мазмуни жиҳатидан Ўзбекистондаги долзарб масалаларга бағишланганга ўхшайдику, ахир. Бордию, мамлакат матбуот воситалари шарҳларига назар солсангиз у фармонлар ва ҳукуматнинг бошқа иқтисодий “тадбирлари” фавқулодда муҳим ва аҳамиятли иқтсодий муаммоларга бағишланади. Аммо Республика ҳаётида ҳеч фавқулодда ижобий ўзгаришлар юз бермаяпти. Менимча эса, Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча иқтисодий ислоҳотлар йўлига ўта олмаяпти ёки бундай ислоҳотларнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Масалан, мамлакат халқ хўжалигида ислоҳот номи билан ўтказилган баъзи бир таъмирлашлар (ремонтлар) ҳозирча мутлақо ижобий натижа бермади. Аксинча, бу ремонтлар хўжаликлардаги эски советлар даври меҳнат интизомини ҳам бўшаштирди, умум халқ мулкини талон-тараж бўлишига олиб келди, холос.

Уч-тўрт минутга мўлжалланган бу хабарда иқтисодий ислоҳотларнинг асосий принсип ва усуллари ҳақида чуқур фикрлар айтиш имкони йўқ, албатта. Лекин принсипиал бир масалага тил теккизмасдан ҳам бўлмайди. Яъни давлат бошқарув системасида маданий мулоқотга асосланган кўп фикрлилик вужудга келсагина давлат тузумида ислоҳот амалга ошади. Шунингдек, иқтисодда рақобатли хусусий мулкчилик пайдо бўлмас экан иқтисодий ислоҳотлар ҳам бўлмайди.

Аҳоли турмуш шароити яхшиланиши, ижтимоий аҳволда ўзгариш юз бериши давлат тузумининг демократлашувига, иқтисодда чиндан ҳам ривожланиш юзага келишига чамбарчас боғликдир. Бу эса жамиятда ҳукмрон бўлган ҳукумат сиёсатига мухолиф фикрнинг ва сиёсий кучнинг очиқ фаолият кўрсатишини тақозо этади. Бунга дунёда ривожланган давлатлар сиёсий системаси жуда яхши мисолдир.

Ўзбекистонда шунга ўхшаш вазият борми? Қисқача қилиб, йўқ деб қўя қолсак ҳам бўларди. Аммо бироз бунинг сабаблари ҳақида ҳам сўзлаш лозим, деб ҳисобладим. Чунки, ҳозир қисман Ватанда, қисман чет элда ўзларини мухолифат атаб келаётган “Бирлик” ҳаракати ва “Эрк” партияси вакиллари сиёсий куч сифатида бирлаша олмай деярли тарқаб бўлди. Шу замонда улар сиёсат билан эмас, балки кўпроқ ўз шахсий иқтисодий шароитларини яхшилаш билан машғул бўлиб қолдилар. Шунинг учун бугун Ўзбекистонда янги бир шароит вужудга келди, деб ҳисобламоқ зарур.

Биринчидан, Ўзбекистон ҳукумати ягона партиявий ҳукуматга эга бўлиб олди. Бу якка ҳокимлик барча янгилик, ислоҳот йўлларини ёпиб қўйди. Иккинчидан, мухолифат кучлар ташқилий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам бир мустаҳкам ғоя ва режа атрофида жипслаша олмай парокандаликка юз тутди. Натижада улар якка-якка “курашчиларга” айланиб қолишди. Демак, чиндан ҳам Ўзбекистонда бугун мутлақо янги сиёсий вазият пайдо бўлди, яъни ҳукумат ўз якка ҳокимлигидан маҳлиё, мухолифат эса, тарқаб бўлган бир вазият юзага келди. Шундай бир вазиятда умидбахш дастур ва режалар эълон этиш зарур, деб ўйлайман. Шунинг учун Ўзбекистондаги миллий-ижтимоий шароитни, у ердаги ҳаёт тарзини ҳисобга олган, жаҳон демократияси принсипларига асосланган дастурга эга янги партия тузиш учун вазият етишди, деб ҳисоблайман. Шу сабабдан чет элдаги муҳожирларни Ватанга қайтишга даъват этаман. Ўзбекистон ҳукуматидан эса, янги шароитда янгича фикрлайдиган ва янгича фаолият кўрсатадиган мухолифат кучларнинг ташкил бўлишига ҳалақит бермасликларини сўрайман.

Ҳукумат ҳам, унга мухолифат ҳам Ўзбекистоннинг, унинг меҳнаткаш халқининг фаровонлиги учун қайғурадиган бўлишсалар, нима учун улар бирга, муросада, маданий рақобатда яшай ва ишлай олмайдилар?!

Ватан келажаги ва унинг фаровонлиги учун фақат Ватанда самарали меҳнат қилиш мумкин. Аммо бу меҳнат жиддий ватанпарварлар томонидан ташкил этилмоғи зарур бўлмоқда.

2.5.  Ўзбекистон вақтли матбуоти саҳифаларидан лавҳалар:

2.5.1 ЛАВҲА – 1, матбуот  мамлакатнинг саводхонлигини белгилайди.

Кейинги вақтларда Ўзбекистонда нашр этилаётган газеталарнинг номлари анча кўпайиб қолди. Қўяверинг, уларнинг номлари ўзига яраша хилма-хил. “Мерос”, дейсизми, “Камолат”-у, “Ишонч”, “Марифат”-у, “Ҳуқуқий” ва ҳ.к., ва ҳ.к. Қаранг-а, ҳатто уларнинг ичида “Бирлик” номли газета ҳам бор. Негадир у нашрларнинг тиражлари жуда оз. Нима бўлганда ҳам бу ҳол ташқариданқараганда мамлакатда матбуоти масалалари бир мунча дурустдай кўринади. Мана, қаранг қанча рангба-ранг газеталар. Қизиғи шундаки, советлар замонида ҳам жуда кўп газета ва журналлар нашр қилинарди. Аммо улар мазмун жиҳатидан бир-биридан ҳеч фарқ этмасди. Масалан, Брежнев, ўша давр совет раҳбари, яъни бугунги президентларга ўхшаш “катта одам”, бирорта журналистниқабул қилса ҳам бутун мамлакат газеталари минглаб, миллионлаб нусҳаларда бу қабулнинг “тафсилотларини” эълон этишардилар.

Бугун Ўзбекистон матбуоти ана ўша брежнев даври совет матбуотини айнан такрорламоқда. Бу ҳали масаланинг бир томони, бошқа тарафдан Ўзбекистонда чоп этилаётган газеталарда нуқул мантиқсиз, мазмунсиз, ҳатто граматик жиҳатдан хато мақолалар, материаллар берилаётгани жуда хунук кўринмоқда. Сўнгги йилларда таркиб топган анъанага кўра Ўзбекистонда “Ўзбекистон овози” (собиқ “Совет Ўзбекистони”) газетаси, “Халқ сўзи” (советлар давридаги “Правда”, “Известия” газеталари каби) газеталари йўл бошчи газеталар ҳисобланади. Мамлакатга оид энг муҳим воқеалар илк дафа бу газеталарда босилади ва ундан сўнггина бошқалари улардан кўчириб босишадилар. Нима ҳам қила оласиз, тартиб шунақа. “Каттанинг” кўрсатмаси шу. Аммо ўша “оқсоқол” (таъбир жойиз бўлса) газеталарда ҳам мантиқсиз, мазмунсиз материалнинг босилишини қандай баҳоламоқ керак? Фикримизни исботлаш учун “Халқ сўзи” газетасининг 1997 йил 21 июн номерини оламиз.

Газетанинг бу сонини бошдан-оёқ ўқиб чиқсангиз қатор грамматик хатоларни ҳам учратмас-лигингиз мумкин эмас. Аммо биз газетанинг бу сонида ўрин олган ҳуқуқшунослик фанлари номзоди, дотсент А. Рафиқовнинг “Устувор мезон ёки эркин фуқаролик жамиятининг уч муҳим тамойили” номли мақоласи тўғрисида баъзи мулоҳазаларни келтирамиз. Айтиш керакки, мақола нинг  сарлавҳаси анчагина жазибадор. Сарлавҳани кўриб, хайрият, бизнинг ҳуқуқшуносларимиз ҳам фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий тамойилларини таҳлил қилиш даражасига кўтарилибди, деб кўнгилдан бир илик туйғу ўтади. Афсуслар бўлсинким, мақоланинг матнини ўқир экансиз  ҳафсалангиз пир бўлади. Мақолада кўрсатилишича муаллиф, иқтисод, маданият ва қонунни эркин фуқароликнинг учта тамойили демоқчи бўлади. Масалани айнан шундай қарашнинг ўзи ҳам анча-мунча мунозаралидир. Иккинчи томондан Ҳуқуқчи олим инсон фаолиятининг йўналишини иқтисод, маданият ва қонуннинг узвий боғланишидан иборат, деб таъкидлайди. Аммо бунинг эркин фуқаролик жамияти тамойиллари билан боғлилик томонлари ҳақида лом-лим демайди ёки дея олмайди. Ундан ташқари мақолада қатор мантиқан янглиш ва грамматик хато фикрлар ўртага ташланади. Масалан, муаллиф “Инсон маънавияти ва давлат фаолияти ўртасида яқин муштараклик мавжуд”, деб ёзади. Аммо “инсон маънавияти ва давлат фаолияти”, дейиш мантиқий нотўғри жумладир. “Яқин муштараклик” бирикмаси эса ўзбекчани билмасликни кўрсатади. Бу гамматик хатодир. Бошқа бир жойда муаллиф “Давлат ўзи қабул қилган қонун – қоидалар (ҳуқуқий меъёрлар)га таянган ҳолдагина изчил сиёсат юрита олади”, деб тасдиқлайди. Наҳотки бу ҳуқуқчи дотсентимиз “давлат ўзи” ўзининг қонун-қоидаларини қабулқилмаслигини, қабул қила олмаслигини билмайди? Ҳуқуқчиларимиз шундай деб турса оддий фуқародан нима кутиш мумкин? Муаллифнинг учинчи бир фикри “Сиёсат реал ҳақиқатга айланиши учун ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган жамиятнинг қонун-қоидаларига итоат қилиши шарт”, деб ҳукм чиқаради. Аммо мақоланинг бу қисми барча чегарадан чиқиб кетибди. Бу “ҳукм” қабул этилса, демак, фуқаро бу солдат, у фақат командаларга итоат қилиши шарт, деб тушунмоқ лозим бўлмоқда. Ҳуқуқчи олим бу билан бизга сталин замони қатағон қонун-қоидаларига ҳам, шу билан бирга бугунги режимга ҳам “итоат қилиш” шарт, деб кўрсатмоқда, у бизни қулларча итоаткорликка чақирмоқда. Бошқа томондан энг муҳими у сиёсатни жамиятнинг қонун-қоидаларидан ажралган ҳолда қарамоқда. Бу мутлақо мантиқдан узоқ бўлиб, айрим мансабдор гуруҳнинг безориликларини очиқчасига қўллаб қувватлашдан бошқа гап эмас. Аслида эса, қонун-қоидалар фуқароларнинг эркинлиги ва озодлигини таъминлай олиши сиёсатдир. Сиёсат ҳақиқатга айланиши учун фуқаро итоаткор бўлиши эмас, аксинча сиёсат фуқароларнинг эркин, озод бўлишига шароит яратади. Бошқача айтганда, фуқаролик жамиятида омма фикри барча масалаларни ҳал қилувчи қудратга эга бўлади. Фуқаролик жамиятида қонун – қоидалар халқ оммаси тарафидан, унинг озодлигини, эркини тўла таъминлайдиган тарзда яратилади ва халқнинг овози ила қабул этилади. Бу жамиятда давлат, ҳукуматни, унинг сиёсатини халқ белгилайди ва уни назоратқилади. Бунинг тескариси эса, диктатурадир, мустабидликдир.

Шундай қилиб, муаллиф ҳар ҳолда учта фикр айтишга ҳаракат қилади. Аммо уларнинг ҳар учаласи ҳам мантиқий янглиш, ўзбек тили грамматикасида хато ёзилган бўлиб, эркин фуқаролик жамияти тамойилларига ҳеч алоқаси бўлмаган фикрлардир. Булардан ташқари мақолада бир неча мисол сифатида келтирилган фикрлар ҳам кўп мунозаралидир. Унинг устига у мисоллар мақола мавзуга унча мос келавермайди. Масалан, бир жойда “Маънавиятга таяниб ҳуқуқий чора кўриш ислом анъаналарига хос хусусиятдир”, дейди-да дарҳол бошқа мавзуга ўтиб кетилади. У “хос”лик нималарда намоён бўлиши кўринмай қолади. Айнан шу жойнинг ўзида бирданига Ўзбекистон Конститутсиясини мақташга ўтилади. Дарвоке, муаллиф эркин фуқаролик жамияти ҳақида ҳам бир лўнда фикр айтади, яъни у, “Ўзбекистон янги Конститутсияси эркин фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатчиликнинг асосидир”- деб таъкидлайди. Ҳамма фикр, хулоса, барчаси, “уч тамойил” ҳам шу жумла билан тугайди. Совет даврида Совет конститутсияси дунёда энг демократик, энг халқчил асосий қонун, деб ёзишарди. Бу ерда ҳам қаранг, Фақат Ўзбекистон Конститутсияси “Эркин фуқаро-лик жамияти ва ҳуқуқий давлатчиликнинг асоси” эмиш. Мисоли жаҳонда бошқа конститутсиялар йўқ, фақат уларники мавжуд. Мақолада “демократик фуқаролик жамияти”, “ҳуқуқий демократик жамият” ва бошқа шунга ўхшаш жумлаларни ўқиб муаллифнинг ҳуқуқшунослигига шубҳаланади киши. Наҳотки, нодемократик фуқаролик жамияти ёки ноҳуқуқий демократик жамият бўлса ?

Хуллас, мақола муаллифи у ёқдан бу ёққа бориб-келиб, бир вақт томдан тараша тушгандай художуйлик ва сохтахудожуйлик ҳақида ёза бошлайди. Аммо улар (художуй ва сохтахудожуйлар) кимлиги яна очилмай қолаверади. Лекин негадир муаллиф “диний эътиқод ҳар бир инсоннинг дилида бўлиши лозим”, деб алоҳида таъкидлаб кўйишни унутмайди. Билмадим, бу билан муаллиф “диний эътиқод”ни фақат дилда сақлаш керак, тилга чиқармаслик керак демоқчими? Аммо эътиқод дилда қабул этилиб, тилда эътироф этилади. Яратганга инонишни, Аллоҳни тан олишни сир сақлашга ҳеч ҳожат йўқ.

Ҳуқуқшунос А. Рафиқов мақоласини ўқиб ва “Халқ сўзи” газетасининг мазкур сони билан танишиб, ўзбек ўкувчисига нисбатан хурматсизликка йўл қўйилган, Ўзбекистон фуқаросига маънавий зарар келтирилган деган хулосага келдим. Инсонга маънавий зарар етказиш ҳуқуқшуносликда қандай тушунилади? Ўзбекистон жиноят кодексида қандай модда билан жазоланади, бу? Балки ҳуқуқшунос А. Рафиқов бу саволларга яхшироқ жавоб берар.

Фуқаролик жамияти ҳукм сураётган мамлакатларда матбуот тўртинчи ҳокимият сифатида фаолият кўрсатади. Бу биринчидан, иккинчидан, матбуот, ёзма матбуот мамлакатнинг саводхонлигини белгилайдиган кузгу ҳам ҳисобланади. Буни унутиб бўлмайди, азизлар.

2.5.2 ЛАВҲА – 2, ( Яна “Ҳуррият” газетаси ҳақида.)

Сарлавҳанинг бундай аталишига сабаб, бундан бироз илгари ҳам бу газета ҳақида бир мақола эълон қилган эдим. Шунинг учун “яна” деб бошламоқдаман.

Алоҳида мамнуният билан таъкидлайманки, бугун Ўзбекистонда “Ҳуррият” газетаси ҳам нашр этилиб турибди. Бизга келган маълумотларга қараганда бу кунга қадар газетанинг 40 – га яқин сони чоп этилибди. Мен илк дафа “Ҳуррият”нинг 1997 йил 9 апрел сони билан танишиб, унга тақриз ҳам ёзган эдим. Ўшандан сўнгра бу газетани ўқиб боришга ҳаракат қилдим. Аммо маълум сабабларга кўра газетанинг барча номерлари менга етиб келавермайди. Масалан, шу онда (1997 й. сўнггида) “Ҳуррият”нинг 20, 25, 34, 35, 36 – сонлари қўлимда. У газеталарни ўқиб чиқдим.

Шу кунларда Ўзбекистон вақтли матбуоти саҳифаларидан лавҳалар тайёрлар эканман, “Ҳуррият” газетаси материалларига ҳам бир лавҳа багишлашни лозим топдим. “Ҳуррият”да босилаётган мақолаларнинг кўпчилиги мавзу жиҳатдан долзарб, мазмунан салмоқли кўринади. Газетада ўрин олган Ҳусан Эрмуҳаммаднинг “Тўртинчи ҳокимият сирлари”, Юсуф Расулнинг “Маънавият нима?”, Алижон Зоҳидийнинг “Ажаб ўгирмалар” каби мақолалари бир мунча қаноат ҳосил қилади, кишида. Афсуслар бўлсинким, бу ёқимли газета ҳам бир қатор қусурларга йўл қўйган. Ишдаги камчиллик ва хатоларни холисона кўрсатиш, дўстона танқид газетанинг фақат обрўсини оширади, деган фикрдан келиб чиқиб, газетадаги камчилликларнинг баъзиларини кўрсатиб ўтмоқчиман. Масалан, газета муаллифлари бир қанча ерда ўзларининг мусулмон эканликларига негадир фақат ишора  қиладилар. Улар мусулмон эканликларини очиқ айтишдан қўрқаётгандай туюлади. Совет замони, коммунистлар даврида шунақа бўларди. Билмадим, мамлакатда аҳвол ҳақиқатан шундайми ёки газета таҳририяти уларни шу қадар ўзгартирдиларми, ажабо? Ҳайкал ваҳайкаллар ўрнатишга багишланган материалларнинг газетада кенг ўрин олаётгани ҳам ижобий хусусият эмас. Чунки бу анъана бизнинг маданиятимизга ёт бир кўринишдир. Исломда бу ҳатто тақиқланган бир одат. Шу сабабдан биз ислом одоб-ахлоқини тарғиб этишдан тортинмаслиги миз керак. Бу оламдан ўтганларга дабдабали ҳайкаллар, безатилган қабрлар эмас, бошқача, исломий ҳурмат керак, уларга. Қабрларни ҳайкаллар билан тўлдириб ташлаш бу ҳуррият эмас, аксинча исрофгарчилик ва хурофотдир. Газета саҳифаларидаги бошқа бир камчиллик, бу газета ҳам Ўзбекистон президентига мадҳия ва тасаннолар ўқишни бошлабди. “Ҳуррият”нинг илк сонларида бу унча сезилмасди. Демократик давлатларда мустақил матбуот ва давлат раҳбарлари, бюрократик давлат ходимлари ўртасида муносабатлар бутунлай бошқачадир. Нега бизда бундай бўлмаслиги керак?! Нима учун бизда ҳар бир матбуот органи президентга мадҳия ўқиш учун алоҳида бир қоида ўрнатиши зарур? “Ҳуррият” газетаси ҳам мустақилку, ахир. Ҳар бир матбуот органи, жумладан Ўзбекистондаги матбуот ҳам жаҳонда ва Республикада содир бўлаётган воқеаларга кенг ўрин бермоқлари табиий бир ҳол. Масалан, президентларнинг ўз мамлакати бўйлаб саёҳатлари, чунончи Ўзбекистон президентининг ҳам мамлакат кезишлари воқеадир. Даврий матбуот бунга ўрин ажратиши, унинг тафсилотларини ёритиши лозим. Аммо уни тасвирлаш билан тасвирлаш орасида катта фарқ бор. Ана шу маънода газетанинг 36-сонида ўрин олган, газетанинг бош муҳаррири имзоси билан берилган “Маърифат йўлининг бир йили” мақоласи типик хусусиятга эга. Сарлавҳага қаранг, бу нимаси? Ўзбекистонда маърифат йўлига бундан бир йил муқаддам ўтилибдими? Ундан ташқари гўё президентнинг обрўсини кўкка кўтариш мақсадида, мақолада унинг “Маънавият ва иқтисод соҳасида устиворлик ҳамма вақт маънавият томонида бўлади”- деган сўзлари келтирилади. Муҳтарам Президентнинг бундан бир неча йил аввал айтган “Сиёсат ва иқтисодда” иқтисод устивордир, деган “афоризми” ҳам бизга маълум. Ўзбекистон “лидери” афоризмлар ижодкорига айланиб қолмокда. Аммо мен бошқа бир нарсага ҳайронман, бизнинг олим бўлмишларимиз, ёзувчи ва мансабдорларимиз, президент ва бошқалар ҳам хаёлига нима келса ўшани ўйламасдан бемалол сўзлаб юбораверадилар. Улар ўзбекча сўзланган ва ёзилган жумлаларни бечора ўзбекларнинг ўзларидан бошқа ҳеч кимса эшитмайди ва ўқимайди, деб ўйласалар керак. Ўзбекларга эса, нима десанг ҳам, ҳа, “раисбобом” айтдилар, деб кетаверадилар деб ўйлайдилар, шекилли. Сиёсат, дейилганда иқтисод унинг таркибий қисмини билдиришини улар англамайдилар. Шунинг учун сиёсатми устивор ёки иқтисодми, деган масала бўлиши мумкинми? Бу ердақайси бири дейиш, мантиқдан узоқ бир нарса эмасми? Энди эса маънавият ва иқтисодни бир-бирига қиёслашга ўтишибди. Бунда “маънавият иқтисоддан устивор”, дейишиб, яна бир бор чуқур мантиқий хатога йўл қўйиб, кулгили бир ҳолга тушиб қолишибдилар. Наҳотки, улар бу оддий нарсаларни тушунмасалар. Ваҳоланки “Ҳуррият”нинг 34-сонида маънавиятга жуда яхши таъриф берилган. У таърифга кўра, маънавият – инсон қалбидаги илоҳий нур, инсоннинг энг олий аъмолидир. Шундай бўлгач, иқтисод устиворми, маънавият устиворми, деган масала қўйилиши мумкинми? Ва бу масалада маънавиятни иқтисоддан устивор, деган бир кимсани авлиёга айлантиришга ҳожат бормикан? Бундан ташқари маънавият ва иқтисод бошқа-бошқа фалсафий категориялар бўлиб, уларнинг бири устивор, иккинчиси устивор эмас, аввал маънавиятли бўламиз, ундан сўнг бой бўламиз, бойлик орттирамиз, мулкдор бўламиз, деб мулоҳаза юритиш мантиқсиз бир сафсатадир

«Маърифат йўлининг бир йили”да яна бир штрих бор, яъни унда “Ислом Абдуганиевичнинг Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига боргач, сўнг Масжиди Калонни зиёрат қилиши диёримизда маънавият ва иқтисоднинг аҳамияти бирдек улуғланишини кўрсатди”- дейилиши қайси ахлоқ, қайси маънавият ўлчамига киришини билолмай қолдим. Билмадим, муҳтарам бош муҳаррир бу жумла билан нима демоқчи, нимани улуғлаб, нимани таъкидламоқчи, кимга мадҳия ўқимоқчи?

Президент, раҳбар, бирор иш ерига (у ҳам советлар замонидан мерос) конкрет ишлаб чиқариш жараёнини кўриш, балки у жараённи жонлантириш учун, моддий ёки техникавий ёрдамлар бермоқ учун боради. “Масжиди Калонни зиёрат қилиши” эса, бошқа масала. Агар фақат “зиёрат” бўлса, у улуғ масжидни кунда минглаб хорижий кишилар ҳам томоша қилиб кетмокда. Уларнинг бири И. Каримов ҳам у ерга кириб чиқкан бўлса бирорта мўъжиза рўй бермайди, ҳеч қанақа мўъжиза рўй бериши ҳам мумкин эмас. Ҳатто И. Каримов у буюк маданий марказда ибодат қилганда ҳам воқеа бўлган бўлмасди, мусулмон бир давлатнинг бошлиғи масжидда ўз нормал  ибодатини бажарган бўларди, холос. Менимча муҳтарам И. Каримов, “ҳожи бобо” шекилли. Мусулмончиликнинг ҳатто ҳаж маросимини ҳам бажарган бир мусулмоннинг масжидда намоз ўқиши воқеа бўладими? Балки, И. Каримов у ерда ибодат ҳам қилгандир. Аммо муаллиф бу ҳакда маълумот бермайди.

Хуллас, мен “Ҳуррият” сингари газеталар ўз мустақиллигини сақлаб қолса гўзал бўларди, деб ўйлайман. Энг муҳими вақтли матбуот сиёсат, иқтисод, маданият ва маънавият каби тушунчаларни аралаштириб юбормасликлари керак.

Бу йўлда “Ҳуррият” газетаси ўз номига содиқ қолишига ишонгим келади.

2.5.3. ЛАВҲА – 3, Маънавият ҳақида бир мулоҳаза.

Ўзбекистон вақтли матбуоти билан танишар экансиз, сўнги вақтларда унинг саҳифаларида маънавият ҳақида хабарлар кўпайиб қолганига эътибор бермаслик мумкин эмас. Бунга сабаб нима экан, деб сўрасангиз, бу саволга жавобни ҳам ўша матбуот воситаларининг ўзидан топасиз. Матбуотнинг хабарларига қараганда, бундан бир йил муқаддам, яъни 1996 йили Ўзбекистонда “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик маркази ва унинг қошида “Олтин мерос” халқаро жамғармаси (фонди) ташкил этилган. Бу йил эса, яъни 1997 йили Марказ ва Фондни “қўллаб-қувватлаш” ҳақида мамлакат президенти фармон эълон қилибди. Ўзбекистон вақтли матбуотининг тўтиқушлар каби бир овоздан маънавият ҳақида қаторлаштириб мақолалар эълон қилишлари ана шундан экан. Марказ ва Фонд ташкил этиш, уни ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши ва ҳ.к. масалалари кунлик одатдаги турмуш ишларидир. Ҳамма қусур бу муносабат билан эълон этилган маъруфий ва ахлоқий фикрлардаги камчиликларда, ҳатто улар камчиллик эмас, бир томондан улар, у фикр-мулоҳазалар хушомадгуйлик, лаганбардорликдан иборат бўлиб, нуқул саёз ва нотўғри, фақат ўқувчисини чалғитувчи, асил маънавият ва маърифатдан узоқ бўлган олди-қочди гаплардан иборат бўлиб қолганидир.

Энди матбуотда эълон этилган материалларга келайлик. Масалан, “Маърифат йўлининг бир йили” (маърифат сўзи қўштирноқичига олинмаган, ахир, “Ҳуррият” газетаси), “Ҳаётимиздаги бурилиш”, “Маънавият – эзгулик элчиси” («Маърифат” газетаси) каби мақолалар эътиборимизни ўзига тортди. Ўзбекистонда чиқаётган бирорта газета ёки журнал бу воқеага баҳишлаб материал босмай қолган бўлиши мумкин эмас, албатта. Лекин биз уларнинг барчасини ўқиб ҳам чиқа олганимиз йўқ ва уларнинг ҳар биридан мисол келтиришга ҳам ҳожат йўқ. Чунки уларнинг ҳаммаси бир хил мазмунлидир. Шунинг учун мен бу ерда Марказ ва Фонднинг ўзи ва уларга ҳукуматнинг ёки Президентнинг муносабати ҳақида сўзламоқчи эмасман. Аслида булар ҳам алоҳида сиёсий ва маъруфий масалалар ҳисобланади. Лекин ҳозир бу эмас, балки маънавиятни тушуниш, маърифатни тушуниш ҳақида фикр билдириш аҳамиятли кўринаяпти.

Айтиш лозимки, ўша Ўзбекистонда нашр этилаётган материаллар ичида маънавиятга, маърифатга жуда яхши таъриф берилган мақолалар ҳам бор. Шу билан бирга ўша жойнинг ўзида қатор ҳеч бир зиёлиликка мос бўлмаган фикрлар бемалол ёзилаверилганига ҳайрон қоласан киши. Масалан, профессор Муҳаммаджон Имамназаров “Маънавият – инсон қалбидаги илоҳий нур”, “Маърифат – илм, ирфон, маориф”дир, деб таъриф берибдилар. Бу кўп яхши гап. Маънавият ва маъруфий масалалар ҳақида фикр юритилганда мана шу таърифдан, мана шу қарашдан масалага яқинлашилса яхши бўларди. Матбуотда эълон қилинган кўпгина мақолаларда бундай маънавий нуктаи назарни кузатмаймиз. Кўпгина ҳолларда одобли, ахлоқли, маънавиятли, маданиятли каби сифатларни қаторлаштириб ишлатаверишадилар. Аслида бу мутлақо нотўғри. Чунки одоб, ахлоқ, маданият бу маорифга тегишли. Бу илм билан суғорилиб маърифатни ташкил этади. Илмли, одобли, ахлоқли киши, бу маърифатли инсондир. Бундай инсон ўз илми, ахлоқи ила Аллоҳ таолло зоту сифатларини англаб етишга эришади. Ана шундан сўнгра у чин маърифатга эришади. Бу эса ҳақиқий маърифатдир, маърифатлиликдир. Бундай маърифатга ўқитиш, тарбия орқали эришилади. Ана шундай буюк маърифатлилик даражасига эришган инсон маънавиятлидир. Демак, маънавият юксак тушунча бўлиб, у иймонли бўлиш, Аллоҳни таниш, Уни тушуниш даражасига кўтарилиш демакдир. Маънавиятга ана шундай тушунчадан қарайдиган бўлсак (шундай қарамоқ ҳам керак), “Маърифат” газетасида босилган (10.09.1997 й.) “Маънавият-эзгулик элчиси” номли мақолада қатор чалкаш фикр ва хулосалар бор, деб тасдиқлашга асослимиз. Бу газета Халқ таълими ва Олий таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон зиёлилари газетаси бўлганлиги учун ҳам унинг саҳифасидан ўрин олган бу мақолага алоҳида эътирозимиз бор. Чунки эзгулик ҳам маънавиятнинг таркибий қисмидир. Эзгулик маънавиятнинг элчиси эмас, унинг атрибутидир. Масалан, мақолада “қўшиқтинглашни ҳам маънавият дея оламизми?”, яна бошқа “Қалб маънавияти” каби тушунилмайдиган иборалар борки, улар сўзсиз ўқувчини чалғитади. Бу нимаси, қалб маънавияти ва қалбдан ташқарида яна бошқа айрича маънавият ҳам бўладими? Бу газетада босилган яна бир маълумот кишини ўзига жалб қилади. Унда келтирилган хабарга кўра Ўзбекистон телевидениеси “Маънавият” канали ташкил этибди. Унда маънавият ҳақида кўрсатувлар олиб борилармиш. Газетада босилган “Ҳаётимиздаги бурилиш” мақоласида бу кўрсатувларни “Ҳозирги пайтда янги йўналишлар бўйича изланиб, кўрсатувларимизнинг янгича аънаналар, маърифий-исломий жиҳатларини ҳам тўлдиришга ҳаракат Қилмокдамиз”- деб баҳолайди. Жуда қизиқ, маънавиятнинг “маърифий – исломий” жиҳатлари энди тўлдирилаётганмиш. Бунгача улар телекурсатувларда нимани маънавият, деб, нималарни кўрсатди эканлар?

Демак, Ўзбекистон телевидениесида кўрсатилаётган маънавият ҳақидаги материалларда маънавиятнинг илоҳий нурлиги, бу нурга фақат тўла иймонли бўлиш билан, Аллоҳ таоллони тушуниш билан, яъни исломни тушуниш, чинакам муслим бўлиш орқалигина эришиш мумкинлиги ифодаланмаётган эканда. Демак, Ўзбекистон телеведениесидагилар маънавиятни бундай чуқур маънодаҳануз англаб етмабдилар-да. Шундай бўлгач, телевидениеда маънавият, деб нималар ҳақида гапириб, нималарни кўрсатишди экан ва кўрсатишмоқда эканлар?!

Иймонли бўлмай, Аллоҳни танимай, чиндан мусулмон бўлмай инсон маънавиятли бўла олмайди. Инсон зоти одоб, ахлоқ, илм ўрганиб иймонга эришади, Ҳақ-у Таоллонинг зоту сифатларини англаб етади. Ана шундан сўнггина киши маънавиятли, зиёли, комил Инсон даражасига кўтарилади.

Маънавиятли киши атрофга зиё, эзгулик тарқатади, бошқаларни ҳам Ҳақ йўлига, Аллоҳ йўлига чорлайди, унга даъват этади. Маънавият энг юқори даражадир, яъни инсон сифатининг энг мукаммал даражасидир.

Биз маънавиятли, зиёли инсон тарзини Пайгамбаримиз Муҳаммад САВ образида кўрамиз, унга эргашамиз, унинг маънавиятига интиламиз. Зиёлилик, маънавий даражамизни унинг суннати ила ўлчаймиз ва ўлчашга ҳаракат қиламиз.

Биз худосиз, мустабид сиёсий тузумни истамас эканмиз, энг аввал маънавиятнинг асил моҳиятини чуқур ва жуда яхши тушуниб етмоғимиз лозим. Шунинг учун, ҳаммадан аввал мактаб ўқитувларидан, олимлардан, матбуот ходимларидан маънавиятли бўлишни талаб этмоқ зарурдир.

Қалбдаги илоҳий нур, Ислом дини, иймон шарофати билан оловланади, тозаланади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бошқа ҳолда ҳар хил чиройли сўзларни сўзлаб, таълим-тарбия ҳақида баландпарвоз гапларни гапириб юраверамиз. Газета ва журналларда неларнидир ёзиб, телевидениеда нималарни ёки кимларнидир кўрсатаверамиз. Аммо бу билан асл максадга, чин маънавиятгақайтиб бўлмайди. Бир асрга яқин давр сурган совет замони буни исбот қилмадими?

Чинакам зиёли, маънавиятли бўлиш йўли, ягона йўлдир. Шунча вақт адашиб юришлар етар. Энди ҳеч икқиланмасдан Аллоҳ йўлига, чин маънавият йўлига қайтиш вақти келди. Аллоҳу Акбар!

2.5.4 ЛАВҲА – 4, Советларга ҳамоҳанг товушлар.

Ўзбекистонда нашр этилаётган журналлардан бири “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” номи билан аталади. Бу журнал ҳамда унда босилган материаллар билан танишиб чиқиш радио эшитувчилар учун аҳамиятли ва қизиқарли бўлар, деб ҳисоблайман. Бу журналнинг менинг қўлимдаги сонини ўқиб 80-йиллар совет матбуотини ўқигандай бўласан, киши. Журнал “Ишлаб чиқаришни жадаллаштириш” шиори билан бошланади. Яна бир кўзга ташланарли жойи, у махсус бағишлов билан тантанали бошланган. Бағишлов сифатида И. Каримов “асарларидан” кўчирмалар келтирилган. Шунингдек, журнал хилма-хил мақтаниш, шиор ва даъватлар билан тўлиб – тошиб ётибди. 80-йиллар совет матбуоти ҳам худди шу каби Брежнев ёки Ленин сўзларидан олинган бағишлов ва турли хил даъватлар билан тўлдирилган бўларди.

Журналда чоп этилган мақолаларнинг ҳар бирининг сарлавҳалари ҳам алоҳида-алоҳида шиордан иборат. Масалан, улардан бири “Янги йил бурилишлар йили бўлади”, деб аталади. Яъни 1997 йил ҳақида гапирилмоқда, Ўзбекистонда 1997 йил бурилиш йили бўлармиш. Ваҳоланки 1991 йилдан буён ҳар янги йил “бурилиш йили бўлади”, деб эълон этилади. Аммо ҳозирга қадар уларнинг бирортаси ҳам бурилиш йили бўлмади. Аксинча, сиёсатнинг барча соҳасида бу йилларнинг барчаси нуқул муваффақиятсиз бўлиб, иқтисодий кўрсаткичлар йилдан-йил пасайиб бормоқда, аҳолининг аҳволи баттарлашмоқда.

Советлар замонида ҳам матбуот саҳифалари мана шунақа мактаниш ва шиорларга тўлиб-тошган бўларди. Масалан, “ишлаб чиқаришни жадаллаштитириш”, шиори Совет Иттифоқи компартияси сўнгги съездларидан бирида ўртага ташлаган эди. Қаранг, бугун Ўзбекистонда чиқарилаётган журнал эса, айнан ўша эски советлар шиорини рубрика қилиб олаяпти. Аммо нормал иқтисодий муносабатларда, яъни бозор иқтисодий муносабатларида, хусусий мулкчиликка суянган рақобатли иқтисодий системада бирор киши, давлат ёки партия томонидан тўқилган шиор, даъватлар билан ишлаб чиқариш, умуман иқтисод жадаллашиб ёки ривожланиб кетмайди. Бозор муносабатларида, рақобатли иқтисодий система шароитида вазир ёки вазирлар кабинети ишлаб чиқаришни ёки халқ хўжалигининг бирор соҳасини жадаллаштириш ҳақида махсус қарорлар қабул қилмайди.Бу ҳақда президентнинг дабдабали фармонлари ҳам эълон этилмайди. Бунга ҳеч бир ҳожат ҳам бўлмайди. Афсуски, номи тилга олинган журналда эса, “Устивор йўналишлар”, “Манфаатдорлик – самарадорлик мезони”, “Истиқлол ва иқтисодий онг”, “Бозор иқтисодига ўтиш даврида қишлоқ аҳолисининг бандлигини ошириш муҳим вазифадир”, “Давр талабини ҳис этиб” каби, нуқул даъват ва шиорлардан иборат мақолалар жой олган. Булар барчаси совет замони шиор ва даъватларининг айнан ўзгинаси, ҳатто уларнинг айнан кўчирмасидир. Булар совет даври оҳанглари эмасми? Журналда кўзга ташланадиган яна бир нарса бор, яъни унда шундай бир сифатсиз қоғоз ишлатилганки, кўпгина саҳифаларда матнларни ўқиб бўлмайди. Қоғознинг сифатсизлиги бир томон, иккинчи тарафдан қатор типографик камчилликлар ҳам жуда кўп. Маълумки, Ўзбекистон аграр бир мамлакат, иқтисод ва бюджетнинг асосий қисми қишлоқ хўжалигидан келади. Шундай бир мамлакатда ўша соҳа муаммоларини ёритувчи илмий – оммабоп 60-70 саҳифалик бир журнал учун дурустроқ қоғоз топилмапти.

Журнал саҳифаларида муҳтарам радио эшитувчиларни қизиқтириши мумкин бўлган бошқа баъзи бир маълумотлар ҳам жой олган. Масалан, “Манфаатдорлик-самарадорлик мезони” номли мақолада “Мулкчиликнинг турли шаклларини такомиллаштириш, кўп босқичли иқтисодни йўлга кўйиш, меҳнаткашларда ҳақиқий мулкдорлик ҳиссиётларини уйғотиш, чинакам тадбиркорлар синфини етиштириш ҳозирги иқтисодий ислоҳотнинг асосий вазифаларидан саналади”- деб ҳукм чиқарилади. Бу фикр оддий журналхон, оддий нуфусга мутлақо тушунарли эмаслиги кўриниб турибди. Балки “бу хулоса” илмий нуктаи назардан қаралса дурустроқтушунилар. У ҳолда, “меҳнаткашларда ҳақиқий мулкдорлик ҳиссиётларини уйғотиш”-дейилган, жумлага бир эътибор берайлик. Бу ерда биринчидан, қандайдир мавҳум “мулкдорлик ҳиссиётларини” уйғотувчилар ҳақида сўз кетмоқда. Улар кимлар, ажабо? Иккинчидан, бу “тасдиқ” ила мақола муаллифи мамлакат аҳолисини ҳеч бўлмаганда икки табақага бўлмоқда. Яъни бирлари меҳнаткашлар, уларда “мулкдорлик ҳиссиётлари” уйғотилиши керак, иккинчилари “иқтисодий ислоҳотлар” ўтказувчилар, яъни “мулкдорлик ҳиссиётларини” уйғотувчилардан иборат бўлиб қолмоқда. Советлар замонида ҳам аҳоли ана шунақа икки тоифага бўлинган эди. Компартия ва унинг раҳбарияти меҳнаткашларни “коммунистик жамият қурушга” ўргатишарди. Мақоладан келтирилган кўчирмада яна бир ифода бор. Унда, “чинакам тадбиркорлар синфини етиштириш”- дейилади. Бунга қаранг, меҳнаткашлар, уларни “мулкдорликка” ўргатувчилар ва энди “тадбиркорлар синфи” ҳам бормиш. Бу синфни ким етиштирар экан? Кўринаяптики, бир мамлакат аҳолиси яна учинчи гуруҳга ҳам бўлинмоқда. Ундан ташқари бу фикрлар мантиқдан ҳам, мулк ва уни хусусийлаштириш масалаларидан ҳам, илмдан ҳам узоқ қуп-қуруқ жумлалардир. Ҳеч бир замон “мулкдорлик  ҳиссиёти” кишиларда махсус уйғотилмаган ва уйғотилмайди. “Тадбиркорлар синфи” ҳам бўлмайди, улар ҳеч бир замон бўлмаган.

Совет тузуми замонида барча мулк умумхалқ мулки шаклига келтирилган эди. У мамлакатда шахсий “мулк”, яъни ҳар бир шахснинг фақат шахсан ўзига тегишли ашёлари, кийими, ётар жойи ва ҳ.к мулкдан ташқари, ҳамма шаклдаги мулк давлат мулки (одамларни чалғитиш мақсадида умумхалқ мулки ҳам дейиларди) ҳисобланарди. Бугун Ўзбекистонда ҳам мулкчилик айнан совет давридаги каби сақлаб қолинмоқда. Аммо иқтисоднинг бу системаси инқирозга учради.

Эндиги, бугунги масала, яъни иқтисодий ислоҳот масаласи бутунлай бошқа муаммо бўлиб, бу ерда иқтисодий муносабатларнинг бошқа шаклига ўтиш, унинг бозор муносабатлари шаклига, хусусий мулкчиликка, рақобатли иқтисодий система йўналишига ўтиш масаласи ҳақида сўз кетмокда. Бу илмий жараён, иқтисодда чинакам инқилобий жараёндир. Бу жараёнга чуқур билим ва илмий хулосалар билан қуролланган тарзда ёндашмоқ лозим. Аммо бу жараёнда ҳеч ким “уйғотилмайди”, ҳеч ким “етиштирилмайди” ҳам. Аксинча, мулкнинг умумхалқ шаклидан хусусий мулк шаклига ўтиш жараёни фақат қонунлаштирилади. Ана ўша қонунлар илм ва билимга асосланган бўлмоғи керак. Яъни у қонунлар, умум халқ мулкидан барча бирдай (унда нуфус, аҳоли меҳнаткашга, раҳбар-ўргатувчига ва тадбиркорга бўлинмайди) ўз улушига эга бўладиган старт ҳолатни белгиламоғи шарт. Афсуски, Ўзбекистонда бундай ҳол ҳамон юз бермади. Мулк хусусийлашмади. Бу жараён эса, Ўзбекистонда бутунлай бошқача кўриниш олди. Ўзбекистонда мулкни хусусийлаштириш мавзуси бошқа алоҳида бир масала, унга алоҳида тўхтамоқ лозим. Биз бу ерда яна ўша мақола мавзуйига қайтамиз.

Мақоланинг муаллифлари икки киши бўлиб, улардан бири иқтисод фанлари бўйича докторант А. Маматов, иккинчиси Гулистон шаҳри бизнес (аслида шундай ёзилган) мактабининг директори И. Алимов исмли, унвонларига қараганда анча салобатли кишилар. Аммо уларнинг “илмий хулосалари” бирмунча илмдан узоқдир. Шунга қарамасдан улар ижобий кўрсаткичлар, деб келтирган мисоллари билан Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар амалга ошмаётганини, у ислоҳотлар тескари бажарилаётганини кўрсатибқўйишганларини сезмай қоладилар. Масалан, “1991 йилда Ўзбекистонда 971 та жамоа хўжалиги (колхозлар) бўлса, 1996 йилнинг бошига келиб уларнинг сони 1545 тага етди”- дейилади мақолада. Аслида улар, яъни у хўжаликлар тугатилиши керак эмасми? Бу ерда эса, совет қишлоқ хўжалик юритиш системаси ривожланибди. Бу ривожланиш хўжалик юритишни яхшилаш, иқтисодий ўзгариш яратиш маъносида эмас, фақат совет бошқарув системасини мустаҳкамлаштиришга қаратилган мутлақо нотўғри иқтисодий сиёсатдир. Фақат колхозлар сони беш йилда икки баробар ошиб турган бир ўлкада хусусий мулкчилик, умумхалқ мулкини хусусийлаштириш ҳақида гап бўлиши мумкинми? Мақоланинг яна бошқа бир ерида “иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш даврида аҳолига 550 минг гектар ер томорқа учун ажратиб берилди”- дейилади. Томорқага ер олиш совет замонида ҳам мавжуд бўлган система эмасми? “Томорқа учун ер ажратиш” ислоҳот ҳам, хусусий мулкчилик ҳам, яъни иқтисодий ислоҳот эмаску. Нахотки, иқтисод фанлари докторлигига даъвогар бўлаётган “олимимиз” буни тушунмаса?

Мақолада, “Республика аҳолисининг 60 фоизга яқини қишлоқда ҳаёт кечирмоқда”- дея олишибди муаллифлар. Аслида Ўзбекистон нуфусининг бундан анча кўпроқ қисми қишлоқларда яшашади. Шунинг учун қишлоқда, қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ўтказиш жуда муҳим. Аммо “Қишлоқда ислоҳотлар секин кечмоқда ва ҳозиргача кўзда тутилган натижани бергани йўқ”- деб таъкидлашади муаллифлар. Лекин унинг сабабларини кўрсатишмайди ёки кўрсата олишмайди. Баъзи жойларда у сабабларни чалкаштириб юборишади. Масалан, тормоқда ислоҳотлар дуруст кечмоғи учун “қишлоқ хўжалик корхоналари (колхоз, совхоз) раҳбарларидан ҳам уддабуронлик ни, ностандарт фикрлашни талаб қилинади”- деб хулоса чиқаришади муаллифлар. Бундан кўринадики, қишлоқда ислоҳотлар ўтказиш мақола муаллифлари фикрича колхоз раиси, совхоз директорининг “уддабуронлиги ва ностандарт фикрлашига” боғлиқ эмиш. Бу фикр мутлақо нотўғри. Қишлоқ хўжалигидами, умуман халқ хўжалигининг қайси бир соҳаси бўлмасин, ундан қатъи назар совет планли хўжалик юритиш системасидан, бозор муносабатларига ўтиш, яъни иқтисодий ислоҳот энг аввал мулкни ўзгартиришдан, умумхалқ мулкини хусусийлаштиришдан ва бу жараённи қонуний йўлга қўйишдан бошланади. Муаллифлар тил теккизган тормоқ, қишлоқ хўжалигида ҳам ислоҳот, у ердаги мулкни хусусийлаштиришдан, энг олдин ерга хусусий мулкчиликни жорий этишни қонунлаштиришдан бошланади.

Мулкни хусусийлаштириш жараёнида хўжалик раҳбарининг ёки ҳукуматнинг бошқа бир масъул ходими, мансабдорнинг раҳбарлигига, уларнинг “уддабуронлигига” ўрин йўқ. Барча поғоналари қонунлаштирилган бу жараёнда мулкнинг хусусийлашиш тартиб ва суръатларига мос равишда янги мулкдорлар, ер эгалари ўз-ўзидан юзага келаверади. Уларга эса “меҳнат самарадорлигини оширишдан” дарс берадиган  “ўқитувчига” ҳожат булмайди. Аммо мулкни хусусийлаштириш саноатда бир, қишлоқ хўжалигида икки ва ҳ.к. алоҳида-алоҳида ўтказилмайди. Аксинча бу жараён бир бутун кўринишда барча тормоқларда системали равишда қонуний қоидалар асосида ташкилий бир шаклда амалга оширилади.

Мақолани ўқиб, дарҳақиқат, Ўзбекистонда умумхалқ мулкини хусусийлаштириш бўйича бир қатор дарслар зарур экан, деган фикрга келасан, киши. Аммо жаҳонда бу соҳада ҳам катта практика (амалиёт) бор. Масала фақат ундан, у амалиётдан фойдаланишни исташда. Ўзбекистонда эса, ўша истакнинг ўзи йўқ кўринади.

Ўзбекистонда ҳам, чиндан иқтисодий ислоҳотлар ҳам, сиёсий ислоҳотлар (дарвоке, улар бир сиёсат, сиёсий ислоҳотдир) ҳам бошланар, деб умид қиламан.

2.5.5.  ЛАВҲА – 5, Ўзбекистон иқтисодий аҳволига доир баъзи мулоҳазалар.

Ўзбекистон вақтли матбуот саҳифаларини кузатсангиз, Республикада иқтисодий ислоҳотлар “босқичма-босқич” ўтказилмоқда ва бу йўлда катта ютуқлар қўлга киритилмоқда, деб хулоса қиласиз. Аслидачи, аслида иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистонда қандай йўллар билан амалга оширилмоқда? “Босқичма-босқич” иқтисодий ислоҳотларни қандай тушунмоқ лозим? Босқичлар, яъни иқтисодий ислоҳот босқичлари нималардан иборат? Ислоҳотлар босқичлари сони қанча? Бу қадар ва бошқа шунга ўхшаш саволларга Ўзбекистон расмий матбуоти саҳифаларида жавоб топиш эса, мушкул бўлиб қолмоқда.

Биз Ўзбекистон матбуотида босилган, расмий маълумотлардан фойдаланиб баъзи бир таҳлилларни ўртага чиқариб кўрамиз. Ана шундан келиб чиқиб мамлакатдаги иқтисодий аҳволга баҳо беришга ҳаракат қиламиз.

Республика матбуоти хабарларида ислоҳотларнинг йўналиши, уларни амалга ошириш усуллари ҳақида ҳеч нарса топа олмайсиз. Аммо баъзида иқтисоднинг у ёки бу кўрсаткичлари ҳақида сонли маълумотлар матбуот саҳифаларига чиқиб қолади. Бундай маълумотлар фақат Президент жанобларининг ўз нуткларида учрайди. Чунки мамлакатда “аҳамиятсиз баъзи бир камчиликлар бўлса” улар ҳақида фақат Президент жаноблари ўзлари гапириш ҳуқуқига эга. Шунинг учун биз ҳам “кимларнингдир” маълумотларидан эмас, президент жаноблари нутқидан олинган рақамлардан фойдаланиб Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол ҳақида хулосалар чиқарамиз. Масалан, иқтисоднинг энг муҳим кўрсаткичи миллий даромад ҳақида бир маълумот, жумладан, Қорақалпоғистонда миллий даромад 1996 йилда 1995 йилга қараганда 16 фоизга камайган. Бутун Республика бўйича ҳам бу кўрсаткич бундан оз бўлмаганлиги кўриниб турибди. Бу бир йиллик кўрсаткич. Борди-ю бу ҳолат сўнгги уч-тўрт йилда узлуксиз давом этаётганини ҳисобга олсак, 1993-1994 йилга қараганда 1996 йилда миллий даромад 40-45 фоизга камайган бўлиб чиқади. Демак, бугун 1997 йилда 1993 йилга нисбатан мамлакат аҳолиси ҳақиқатан очлик, гадолик ҳолига келиб бўлибди.

Мен, кўпгина радио чиқишларимда бу ҳолни такрор-такрор сўзлаб келаман. Чиндан ҳам бугун Республикада ишсизлик ниҳоясига келиб етган. Маълум даражада иш билан таъмин этилганлар маошлари ўртача яшаш минимумидан жуда паст даражада. Шунинг учун улар ҳам деярли очлик ҳолатида кун кўраяптилар. Президент жаноб И. Каримов Қорақалпоғистон Жуқори Кенгесида сўзлаб, “Меҳнатга лаёқатли аҳолининг асосий қисми қишлоқда яшайди, афсуски, бугун  Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида инқирозли вазият вужудга келган”-дейди. Қизиғи шундаки, президент жаноблари Ўзбекистоннинг қайси бир вилоятида сўзламасин, у доим шу каби танқидий фикрларни ва рақамларни келтиради. Бундан кўринадики, бутун мамлакатда “инқирозли вазият” вужудга келганлигини Президент жанобларининг ўзлари тан олмоқда. Нима учун, нега ахир? Республикада “босқичма-босқич” ислоҳотлар ўтказилмоқда, улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда-ку? Бу “инқирозли вазият” ислоҳотларнинг қайси босқичида вужудга келди? Нима учун, нима сабабдан бундай бўлди? Яна рақамларга боқинг? Кейинги уч йилда биргина Қорақалпоғистоннинг ўзида 282 минг тонна шоли кам етиштирилган, яъни бутун Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 13 кг.дан кўпроқ шоли кам етиштирилган. Шунингдек, пахта ҳосилдорлиги 7-8 сентнерга, полиз маҳсулотлари 4 -5 бараварга камайиб кетганлиги маълум. Экин майдонларига уруғ ташламаслик ҳоллари юз бермоқда. Чунки хўжаликлар уруғ ва техника топа олмаяптилар. Бор техника эскирган, янгиларини сотиб олишга қурби етмаяпти. Ерга хусусий мулкчилик жорий қилинмаганлиги учун хусусий хўжаликлар йўқ. Экилмай бўш қолаётган экин ерларидан якка шахсларнинг фойдаланишига ижозат берадиган қонунлар ҳам йўқ. Мен бундан уч-тўрт йил аввал содир бўлган типик воқеанинг шоҳиди бўлганман. У замон Жиззах вилоятининг бир хўжалигида кузги ғалла экиладиган майдоннинг бир қисми хўжаликда имконлар бўлмаганлиги сабабидан экилмай қоладиган бўлди. Ўшанда аҳолининг баъзилари хўжалик раҳбаридан бўш қолаётган ерларга шахсий экин экишга ижозат сўрадилар. Аммо хўжаликда юқорининг руҳсатисиз бу каби қарорларга ижозат йўқлигидан кишилар илтимоси бажарилмай қолди. Натижада хўжаликнинг жуда катта бир экин майдонида ғалла экилмай қолиб кетди. Бугун эса, ер берсангиз ҳам у ерга экин эка оладиган одамларнинг ўзлари йўқ. Чунки улар камбағаллашиб қолишган. Шунинг учун ҳам бугун ғалла экиладиган ерларнинг 40 фоизига уруғ ташланмай қолмокда. Ғалла экилган майдонлардан эса, 5 сентнердан кўп ҳосил олиша олмаяптилар. Аҳоли истеъмол молларининг бошқа турлари ҳақида ҳам маълумотлар бундан дуруст эмас. Масалан, сут, сут маҳсулотлари (қатиқ, қаймоқ, сариёғ) ва гўшт етиштириш ҳам расмий маълумотларга кўра Республика хўжаликларида 40-45 фоиз пасайиб кетган. Республикада ташкил этилган, сони жуда ҳам кўп бўлмаган фермер хўжаликлари қонунларнинг йўқлиги ёки борларинниг ҳам яхши ишламаслиги, ҳукумат сиёсати фақат колхоз-совхозларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани натижасида ривожланмаяпти, аксинча улар қарзларга ботиб қолмоқда.

Республикада мулкчилик масаласи ҳал этилмаганлигидан савдо системаси ҳам издан чиққан. Савдо тармоқларида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бутунлай бузилган. Озиқ – овқат магазинлари бўм-бўш. Улардаги молларнинг турлари жуда оз ва сифати паст бўлиб, нархлари ниҳоятда қиммат. Мулкни хусусийлаштиришнинг умумий қоидалари, принсиплари қонунлаштирилмаганлигидан савдо тармоқларида автоном бир усулда хусусийлаштириш амалга оширилган, аммо у моҳиятан давлат тасарруфида қолган. Ана шундай савдо дўконларининг ҳам 60 фоизидан кўпроғи ҳозир фаолият кўрсатмайди. Бу расмий рақам. Аслида бундан ҳам кўпроқ “хусусийлашган” магазинлар ишламайди. Чунки улар давлат солиғи ва турли хил “назоратчиларнинг” жабридан фаолият кўрсата олмайдиган ҳолга тушиб қолишган.

Республика аҳолиси шу кунларда жуда ночор ҳолга келган. Ҳукумат иқтисодий ислоҳотларни бошлашни билмайди ёки ислоҳотларнинг натижасидан, нуфуснинг тўқ ва фаровон бўлишидан қўрқади. Шу билан бирликда Республикада ишлаб чиқиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан ун ва ун маҳсулотлари нархини атрофга (Ўзбекистон атрофидаги давлатларга) нисбатан бироз арзон тутиб туришга уриниш ҳам бор. Аммо бу тадбир ҳам бир тарафлама ва нотўғри. Биринчидан, пул қиммати доимий тушиб бораётган бир замонда бу “арзончиликни” давомли ушлаб туриш мумкин эмас. Иккинчидан, бу ҳолат кўшимча ўғирлик авж олинишига олиб келади. Чунки бундай вазиятда арзон маҳсулотларни ноқонуний йўллар билан четга чиқариб юборувчилар кўпаяди. Учинчидан, Ўзбекистонга ташқаридан озиқ-овқат маҳсулотларининг кириб келиши сусаяди ёки умуман улар кирмайди. Тўғри, иқтисодий сиёсатда мамлакат ички маҳсулот етиштиришни  қўриқлаши учун қўлланиладиган усуллар ҳам бор. Аммо уларнинг ҳам ўз иқтисодий қонуниятлари мавжуд, у қонуниятларга амал қилишнинг ҳам қоидалари бор. Бизда ана ўша қоидаларга амал қилиш ҳам йўқ. Натижада Ўзбекистонда иқтисод бўйича “мен нимани истасам шу бўлади, бошқасини билмайман” қабилида иш юритилмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда мулкчилик ҳал етилмаганлигидан мамлакатда турли ва хилма-хил даражада ўғирлик авжга чиққан. Халқ эса оч, мулк умумий. Шунинг учун аҳолининг асосий қисми ишлаб нон топишга интилмай, умумий мулкдан ўғирлаб кун кўришга ҳаракат қилади. Бундай бир ҳолатда тартибни сақлаш, ҳуқуқни маҳофаза қилиш ишларини нормаллаштириш имкони бўлмайди. Шунинг учун ҳам тартибни сақлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида сансалорлик, фақат ўғирлик, ноҳақлик бенихоя авжга чиққан.

Булардан кўринадики, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳот ўтказилмаяпти. Эски совет иқтисодий системаси Ўзбекистонда зўр бериб сақлаб қолинмоқда. Аммо ҳокимиятни бошқаришда бир мунча ўзгариш юз берди. Яъни хўжалик раҳбарлари умумхалқ мулкига президентдан сўнгра ўзлари хўжайин бўлиш шароити яратилди. Ҳатто бугун Ўзбекистонда колхоз раислари ва совхозлар директорлари, завод-фабрика раҳбарлари бошчилигида, муҳтарам президент жаноблари раҳномалигида “иқтисодий ислоҳотлар” ўтказилиши планлаштирилган. Бу йўлда, бу принсипда И.Каримов жуда изчил турибди. Шунинг учун ҳам президент жаноблари “Ислоҳотларнинг муваффақиёти кадрлар малакасига, уларнинг ташкилотчилигига, янгича фикрлашига боғлиқ. Шунинг учун раҳбарликнинг барча буғинларига инсофли, диёнотли, ҳалол ва пок, талабчан ва қатъиятли, халқпарвар инсонлар бошчилик килмаса мақсадга эришиб бўлмайди”-дейди. Аммо И. Каримовнинг бу сўзлари ва Совет иттифоқи компартияси съездларида айтиладиган кўрсатмалардан нимаси билан фарқ қилади? Мутлақо фарқ этмайди. Билмадим, 70 йил давомида топилмаган, у, “инсофли, диёнотли, ҳалол ва пок бошлиқларни” қаердан топишмоқчи?

Аслида эса, масаланинг асосий муҳим томонини тушуниб етмоқ лозимдир. Масалан, ислоҳотни сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга бўлиб қаралмайди. Бу ҳаммаси сиёсатдир. Советлар тугаб, янги давлатлар юзага келганидан сўнг сиёсий ислоҳотлар майдонга чиқди. Бу ҳолда барча соҳаларда ислоҳотлар масаласи ҳақида сўз кетмокда. Бу умумий ислоҳотларнинг иқтисодий қисми Ўзбекистонда қандай вазиятда ва унга қандай ёндашмоқ керак? Бир неча марта такрор айтганимиз каби иқтисодий ислоҳот умумхалқ мулкини хусуслаштиришдан, ерга хусусий мулкчиликни жорий этишдан бошланади. Бу жараён адолатли бўлмоғи, барчага тенг шароитлар яратилмоғи учун у қонунлар асосида амалга оширилиши шарт. Бу соҳада жаҳон тажрибалари бор. Дунё тажрибаларидан самарали фойдаланмоқ лозим.

Агар умум мулкини хусусийлаштириш жараёни яхши бир усулда қонунлаштирилса, унда ҳамма учун нормал ва бир хил старт ҳолат вужудга келтирилса, у ерда ислоҳотга бошчилик қиладиган раҳбарга ҳожат қолмайди.

Хусусий мулкчилик тўла амал қиладиган давлатда ҳокимиятнинг (давлат ҳокимиятининг) функтсияси бугунги Ўзбекистондаги ҳокимият функтсиясидан бутунлай бошқача бўлади. Бу эса бошқа алоҳида бир мавзу. Давлат ва унинг ҳокимияти, ҳокимиятнинг функтсиялари, бунда фуқаро ва фуқаронинг роли, унинг ўрни катта бир мавзудир. Бу мавзуга алоҳида тўхташга тўғри келади.

Бу ерда эса,Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол ҳақида мулоҳазаларимизни шулар билан вақтинча тугаллаймиз.

2.5.6.  ЛАВҲА – 6, “Озодлик нони ширинми?»

Бу саҳифани “Озодлик”ни тингловчиларимиздан бирининг хати асосида туздим. У хат қуйидаги мазмунда эди.

«Ўзбекистон матбуоти саҳифаларини варақлар эканмиз у хил, бу хил материалларга кўзимиз тушади. Масалан, Ўзбекистонда чиқадиган “Инсон ва қонун” газетаси 26 август 1997 йил сонида “Истиқлол ва ислом” рубрикаси билан “Озодлик нони ширин” мақоласини чоп этди. Мақола муаллифи Қобулжон қори Тошпўлатов исмли киши бўлиб, у Республика “Маънавият ва маърифат маркази” Тошкент шаҳар бўлими бош мутахассиси ҳисобланади. Ушбу мақола юзасидан баъзи мулоҳазаларни “Озодлик” радиосига ёзишни ният қилдим. Чунки менинг фикрларимни Республика матбуоти саҳифаларида эълон этиш имкони йўқ. У  “Озодлик»да ўқиб берилар, деб умид қиламан»- дейди хат муаллифи. Аммо муаллифнинг исми- шарифини бу ерда келтирмаяпмиз. Чунки бу ёзувлар матбуотда эълон этилиши мумкин бўлганда ҳали Ўзбекистонда сиёсий вазият дуруст эмас эди.

Шундай қилиб, “Озодликнинг нони ширин” мақоласи буюртма мақоладир. Борди-ю у буюртма бўлмай, холис ният билан ёзилган бўлганда эди, энг аввал рубрика бироз бошқачароқ, яъни “Ислом ва истиқлол” шаклида бўлиши керак эди. Унинг устига мақола муаллифининг расмини газета соқолли кўринишда бериши ҳам шубҳали туюлади кишига. Чунки Ўзбекистонда бугун “ёзилмаган қонунлар”га кўра Қобулжон қори ёшларидаги кишиларнинг соқоллари мажбурий олдириб ташланмоқда. Бу кишининг соқолли юриши ва унинг бу шаклда газетада намойиш қилинишига қараганда Қобулжон қори жаноблари Ўзбекистон расмий доираларида ўзига хос имкониятларга эга кўринади.

Энди мақоланинг ўзи билан тўлароқ танишайлик. Дарҳақиқат, мақола долзарб масалани ўртага ташлаган. Аммо мақола буюртма бўлганлигидан масала унда биртомонлама ёритилган. Ҳа, истиқлол Аллоҳнинг улуғ неъмати эканлигини ҳамма эътироф этади. Лекин мақола муаллифи айтганидай, истиқлол туфайли, яъни Ўзбекистон истиқлоли туфайли “диндорларга Аллоҳнинг улуғ марҳамати насб этди”-деган фикрга кўшилиб бўлмайди. Аммо ана шу фикрнинг ўзи мақоланинг буюртмалигини исботлайди. Маълумки, яқинда муҳтарам Президентимиз Бухорода бўлиб, у ерда “Масжиди Калонни” ҳам кўрди. Шу муносабат билан Масжидда ўтказилган йиғилишда Масжид имоми “Аллоҳнинг инояти, марҳамати билан шундай кунларга етдик”-деб Аллоҳга шукр айтса, “ўртоқ” Каримов уни “нима учун мустақиллик шарофати билан деб айтмайсан. Нима бошимга салла кийиб, бу гапни ҳам мен айтишим керакми?»-деб роса кайиб берибди. Шу кунларда имом домла “оқибати нима бўлар экан”-деб жонини ҳовучлаб юрибтилар. Буни қарангки, бу мақоладаги фикр ва жаноб президентнинг фикрлари нақадар бир-бирига ўхшаш, бунчалар бир-бирини тўлдиради. Улар нақадар муштарак фикрлар. Қобулжон қори мақоласининг буюртма эканлигига бундан бошқа яна қандай исбот лозим? Мақоланинг яна бир ерига эътибор берайлик. Масалан, муаллиф Афғонистонлик муҳожир, асли ўзбек, бир киши билан 1982-1984 йилларда бўлиб ўтган суҳбатни эслайди. У, Афғонистонлик муҳожирнинг “Ўзбекистонда мусулмонларнинг диний эркинлиги тўлиқ таъминланмагани, радио, телевидениеда диний мавзулар ёритилмаслиги, масжид мадрасаларнинг камлиги ва диний адабиёт сотадиган дўконларнинг йўқлиги ҳақида гапириб, аминманки, ҳадемай доруломон кунлар келади. Мусулмонларга ҳам кенг имкониятлар яратилади”, деган эди, деб хотирлайди. Шу ерда Қори Ўзбекистондаги бир қатор динийқулайликларни санаб ўтади: биринчидан, оммавий ахборот воситалари орқали ҳам диний мавзулар кенг ёритила бошланибди. Иккинчидан, муборак ҳаж сафарига борувчи зиёратчилар учун ҳукуматимиз томонидан имтиёзлар яратилибди. Аммо афсуски, исломшунослик ва қорилик даъвоси бўлган Қобулжон биродаримиз ҳақиқатни пардалаб кўрсатмоқдалар. Чунки Ўзбекистонда оммавий ахборотнинг аҳволи жаҳонга ойнадек равшан. Ҳаж масаласига келсак, ўша Горбачев даври, деб аталмиш “Қайта қуруш ва ошкоралик” замонида яратилган, яъни юзага келган имконларни Қобулжон қори уялмай – нетмай “мустақиллик қаҳрамонларига” ёпиштириб қўйишга уринаяпти.

Қобулжон қори айтганидек, “муборак ҳаж қилиш имтёзлари” кимлар учун яратилганини билмаймиз-у, аммо оддий мусулмонларнинг Ўзбекитсондан ҳаж қилишлари ниҳоятда мураккаблашиб кетгани, уларнинг жуда кўпчилиги қўшни жумхуриятлардан ҳаж сафари, ҳаж бурчини бажараман, деб минг хил ташвиш ва азобларга дуч келаётганликларидан Қобулжон қори кўз юмаётгани аниқ. “Озодлик нонини ширин” атаган Қори ҳукумат тарафидан қамоққа ташланган, ўғирлаб кетилган мусулмон биродарлари ҳақида лом-лим демайдилар. Шунинг учун ҳам мақола буюртма-да. Чунки Қори домла ҳақиқатни ёзсалар, мақола буюртмалик хусусиятини йўқотади, у матбуот юзини кўрмайди. Қобулжоннинг ўзи эса, ўша қамоқдагилар ҳолига тушиб қолиши ҳам аниқ.

Бир умр диним, халқим, ватаним равноқи учун хизмат қиламан, деган уламолардан Абдурауф ака Ғафуров, Умархон домла Бузрукхўжаев, мулла Муҳаммад Ражаб, Абдували қори Мирзаев,  Абдулла Ўтаев ва уларга ўхшаган юзлаб уламо ва оддий мусулмонлар қамоқларда фақат  мусулмон бўлгани учун, эътиқоди учун ётганлиги Қори домла кўзига кўринмайди. Унинг устига улар туҳмат билан, яъни уларнинг уйларидан “наша” ёки “совуқ қурол” чиққанликда айибланиб жазоланганлар. Ҳатто улар қамоқда муддатлари битса ҳам қайта ўша туҳматлар ёрдамида қамоқхоналарда давомли сақлаб қолинмоқда. Бу буюк инсонлар учун “Озодликнинг нони ширин”ми ёки аччиқлиги ҳақида Қобулжон қори ўйлаб ҳам кўролмайди шекилли. Ёки у бу масалаларни кўришдан ва уларга тил текизишга ҳам қўрқади.

Мақола муаллифи шукр қилиш ҳақида ҳадислар келтирадилар, лекин ўша ҳадислар олинган ернинг ўзида ёлғон гапирмаслик, тўғри сўзлик ҳақида ҳам ҳадислар бор, улар ҳақида қори ҳазратлари лом-лим демайдилар.

Мақолада киши эътиборини ўзига жалб қиладиган яна бир нозик жойи бор. Чет эллик диндор биродарларининг бир неча чет тилларни билишлигига ҳаваси келиб, Қобулжон қори “Камина 1993-1995 йиллар давомида Миср Араб Республикасида “Ал Азҳар” диний университетида ўқиб юрган давримда … ”, деб ёзади. Бу ерда бир савол туғилади, нима, дунёга машҳур “Ал Азҳар” дорулфунунида ўқиш икки йилликми? Йўқ, у буюк университетда йилларча ўқимоқ, таҳсил олмоқ лозимдир. Аммо Қобулжон қори бу ерда ҳам Ўзбекистон ҳукуматига алоҳида ҳурмат сақлайди. Ҳукуматнинг кирдикорлари ҳақида ҳеч бир нарса демай, уни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Чунки Ўзбекистон Мисрда ўқиётган талабаларни “Амир Темур тўйи” баҳона махсус самолёт билан Тошкентга келтириб, ундан сўнг уларни қайтариб ўқишга жунатмай қўйганликларини Қори ёзмайди ёки ёза олмайди. Туркияда ўқиётган талабаларга нисбатан қабул қилинган Ўзбекистон ҳукумати қарори ҳам бутун жаҳон жамоатчилигига аниқ. Муҳтарам Қори бу воқеалардан бехабармисиз? Нахотки! Йўқ, бу масалаларнинг ҳаммаси сизга ҳам ойдиндир. Аммо у ходисалар ҳақида сизда ёзишга ижозат йўқ, улар ҳақида сиз ёза олмайсиз. Чунки мақолани сиз ёзмагансиз. Дарвоке, ёзилганлари ҳам Сизга тегишли эмас.

Хуш қори ака, бу аҳволда қандай қилиб, ватандош ёшларимиз чет тилларни ўрганиб, дунё даражасидаги етук мутахассис бўлиб етиша оладилар?  Сизнинг ҳавасингиз кетган у чет тилларни мукаммал билажак кишилар қаерда ва қандай йўллар билан етишадилар? Қобулжон қори, сиз орзу қилган “Озодликнинг ширин нони” бугунги Ўзбекистонда йўқ. У нон, Ватан чиндан ҳам озод бўлса, барча нуфус тўла эркин бўлсагина ширин бўлади ва у ҳақиқатдан ҳам барчага татийди.

Қори ака, мусулмон биродарларингиз қамоқхоналарда ноҳақ заҳмат чекиб ётганда Сизга Ўзбекистондаги нон қандай ширин бўлиши мумкин? Кўриб турибсизки, қанчалар ноҳақлик,  диндор-у, ҳурфикрли авлодга бунчалар зулм ўтказилмоқда. Шундай бир вазиятда наҳотки “ширин нон” ҳақида сўзлаш мумкин? Қори ака бу сўзни сўзлашга қандай тилингиз борди?

Мустақиллик ҳақиқатан эркинликни, озодликни таъминласа, ҳурликни эъзозласагина унинг нони ширин бўлиши мумкин. Халқнинг ярими заҳар ютуб турганда, қолган шаввозларнинг егани қандай қилиб ширин бўлади? Диндошлар, хайрхоҳлар эрк учун, озодлик учун зулм чекиб, заҳар ютуб турса бизга нон татийдими? Қори ака, Сизга балки у нон шириндир, аммо бизга мутлақо ширин эмас.

Ҳа, Қори ака, майли бу замонлар ҳам ўтар. Ҳақиқий эрк ва озодлик замони ҳам келар, иншооллоҳ. Лекин Қобулжон қори эшитинг, “Ёлғоннинг умри қисқа бўлади”. Бу нақлни унутмаслик лозим, Қори ака”.

Юқорида мазмуни баён этилган матн “Озодлик”ни тинглавчилар хатига асосланиб, радиода ўқиб беришга тайёрланган эди. Аммо у эфирга чиқарилмади. Чунки бу вақтга келиб “Озодлик” радиосининг ўзбек шубаси тўла Каримов таъсирига ўтиб бўлганди. Ўзбекистон ҳукумати талабига биноан бизга, яъни Намоз Нормўмин ва менга бу вақтга келиб радиода чиқиш ман этилганди.

3. ВАТАН ДУШМАНИ КИМ ?

Ватан сўзи одатда она сўзи билан бирга ишлатилади. Яъни кўпинча “Она Ватан”, деб юритамиз. Ҳа, чиндан ҳам инсон боласи Онадан туғилади, Ватанда (маконда) улғаяди. Шу сабабли тупроғимизни, туғилиб ўсган тупроғимизни, “Она Ватан” деб эъзозлаймиз. Шунга қарамасдан мен бу ерда Ватан тушунчасига фалсафий таъриф бермоқчи эмасман. Аммо “Ватан хоинлари”, деган атаманинг Ўзбекистонда шу онда қайтадан истеъмолга кираётганига эътибор бермаслик ҳам мумкин эмас.

Биз, Она Ватандан узоқда қолишга мажбур кишилар Ўзбекистон ахборот воситаларининг маълумотларини вақтида ўқий олмаймиз. Аммо сўнгги вақтларда у воситалар “ватан хоинлари”, деган васвасаларни изчил тарқатаётганликларидан хабаримиз бор. Аслида бу мудҳиш атама асрнинг бошларида “болшовойлар” томонидан тўқилган атамадир. Бугун эса Ўзбекистон ҳукмрон доираларига бу “тўқима” негадир яна керак бўлиб қолибди. Яхшилаб, ўйлаб кўрайликчи, Ватанга ким хоин ёки душман ҳисобланади? Бу тушунчанинг мукаммал бир таърифи, тавсифи борми? Бу таъриф ҳам, тавсиф ҳам бор, албатта. Лекин мен бу тушунчага ҳам бу ерда алоҳида таъриф ажратмоқчи эмасман. Аммо ким ҳақиқатни, ким ёлғонни сўзламокда, бу ҳақда бироз сўзлашга тўғри келаяпти, бу ҳам ҳақдир. Масалан, Ўзбекистонда расмий ахборот воситалари Ватанда содир бўлаётган ўғирлик, бузгунчилик, очлик-камбағалчилик ҳақида ё бирор нарса демайди ёки бутунлай тескарисини, яъни ёлғонни тарқатади. Ўзбекистон расмий сиёсатига мухолифатда бўлган гуруҳлар эса, мамлакатнинг ривожи, халқнинг бадавлат яшай олиш чоралари ҳақида кўриниб турган ҳақиқатни сўзламокда. Бу ерда қайси бири тўғри? Расмий хабарларми ёки мухолифат маълумотларими? Ҳақиқатда эса, Ўзбекистон расмий доиралари мухолифат аъзоларининг “Озодлик” радиосида сўзлаб турганларни “Ватан хоинлари”, деб атамоққа уринмоқдалар. Аслида нуқул ёлғонларни қаторлаштириб ташлаб, Ўзбекистон ҳукуматини, айниқса унинг президентини кўкка кўтараверишми, ё бунинг тескарисини, мамлакатнинг асл аҳволини, чин ҳақиқатни сўзлаш, у ҳакда борини ёзиш ва буқийинчиликлардан қутулиш йўлларини холисона кўрсатиш, у аянчли аҳволдан тезроқ чиқиш усулларини таклиф қилишми, қайси бири тўғри?

Хуллас, ёлғон сўзлашми хоинлик ёки тўғри сўзлашми? Тўғри сўзлаган дўстми, ёлғон сўзлаган дўстми? Халқда “Дўст ачитиб (йиғлатиб ҳам дейишади) гапирар, душман кулдириб”, деган нақл бор. “Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади”, дебқўйилганлигини ҳам унутмайлик. Уддабурон кишилар касални яширмасдан, уни зудлик билан даволатиш зарур, деб ҳисоблайдилар. Дарҳақиқат, шундай эмасми?

Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий аҳвол ҳақида фикримиз қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун бир солиштириш келтирамиз. Масалан, бундан 6-йил муқаддам совет даври билан бугунги Ўзбекистондаги аҳволни қиёслаб кўрамиз. У замонларда аҳолининг анчаггина қисми 90-100 сўм (рубл) маошга ишлашарди. Аммо бу пулга 450-500 дона (буханка) нон, 18-20 кг. гўшт, 2-3 жуфт энг қиммат нархда оёк кийими (аёл ёки эркак туфлиси), яхшигина костюм ҳарид қилса бўларди. Бу маош ўрта маълумотли лаборант ёки оддий хизматчининг бир ойлик иш ҳақи эди. Мос равишда вазифасига кўра бошқа ишчи-хизматчи ва бошқа вазифадор кишилар бу кўрсаткичдан юқори даражада маош олардилар. Бугун эса, Ўзбекистонда олий маълумотли бир врач ёки ўқитувчи 2000-2500 сўм маош олмокда. Аммо бу иш ҳақига 100-150 буханка (совет даврига нисбатан 4-5 марта оз) нон, 3-4 кг. гўшт харидқилса бўладида, аммо бирорта кийим олиб бўлмайди. Мана, сизга мисол, мана сизга солиштириш. Келтирилган мисол нотўғрими? Афсус, бу ҳақиқатдир. Унда бу нима ҳол, нега бундай ҳолат юз берди? Тўғри, ҳозир Ўзбекистонда “Мерседес”ларда, “Тоито”ларда юриб, 2000-3000$(доллар) маош олаётганлар, 500-1000 долларлик кийим кияётганлар ҳам бор, албатта. Улар нуфуснинг 1-2 фоизини ташкил этармикан? Балки бундан оздир, бу хил одамлар. Дунёда исталган мамлакатнинг, унинг нуфуси иқтисодий ва ижтимоий аҳволини аниқламоқ учун миллий даромад, деган тушунча бор. Яъни у мамлакатда етиштирилаётган маҳсулотларнинг сўмдаги ёки халқаро пул қиймати (доллардаги микдори) аҳоли жон бошига бўлинмаси билан белгиланадиган кўрсаткичдир. Бу ҳисоб ҳам мана 6-йилдир эълон этилмайди. Чунки Ўзбекистонда миллий даромад кўрсаткичлари ҳам сирдир. Ҳатто кейинги йилларда Ўзбекистонда пахта етиштириш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш натижалари ҳам эълон этилмайди. Шунингдек Республикада ишлаб чиқариладиган кўплаб бошқа қимматбаҳо маъданлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳақида ҳам статистик маълумотлар тақиқланган соҳадир. Чет мамлакатлар (Руссия, Туркия, Украина каби) матбуот воситаларида эълон қилинган хабарларга қараганда Ўзбекистон йилига 80 тонна олтин қазиб олмоқда. Маълумки, Ўзбекистон мис, кумуш, вольфрам ва бошқа қимматли маъданларга ҳам бойдир. Шундай, экан бу қадар бой мамлакатнинг мулкини талон-торож қилиб, халқини оч, ёланғоч ҳолга келтирганлар душманми, ўғрини ўғри, очни оч деяётганлар душманми? Эй, халойиқ, атрофга бир боқсангларчи? Биласизми, Ўзбекистонда юқоридаги каби васвасалар қачон, қайси замонларда бошланади? Бу васвасалар ҳар сафар куз ойлари авжга чиқади, яъни Ўзбекистон мустақиллиги кунига яқин онларда ҳар йили бир ғавғо чиқаришади. Чунки Ўзбекистондаги “катта раҳбар»нинг тутаноқ касали бормиш. Уники шу куз мавсумида тутиб қолармиш. Унинг ёнидаги хизматчилари бу аҳволни яхши ўзлатиришганлар шекилли, айни мавсумга мўлжаллаб ҳар сафар бир “ажойибот” тайёрлаб туришади. Бу йил ҳам улар ўша касалга наша сифатида “хоинлар, ватан хоинлари” ҳақида “ажойибнома” тўқишибди.

Сўнгги пайтларда “Озодлик” радиосидан Ўзбекистон ҳукумати сиёсий йўлига мухолиф фикрлар билан чиқиш қилаётганлар 3-4 кишидан кўп бўлмай қолди. Ўзбекистондаги воқеаларни бирмунча тўғри ифодалаб турганлар ҳам ўшалар, холос. Уларни ҳам бугун “душман”, деб аташга бориб этдилар. Демак, Ўзбекистонда инсоф, диёнот чиндан ҳам тугади. Ҳа, Ўзбекистоннинг ҳолига чиндан ҳам энди маймунлар йиғлайдиган бўлди.

Ҳақиқатан, сўнгги вақтларда нафакадорлар кўчама-кўча юриб гадолик қилаяпти, врачлар, олий мактаб домлалари бозорда эски кийимларини нон учун сотишга мажбур бўлмоқда каби хабарлар бизгача етиб келмоқда эди. Аммо биз бу маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа билан қарамокда эдик. Афсуски, бу хабарлар рост чиқаяпти. Ҳақиқатни сўзлаш, ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқига эга бўлиш бу бебаҳо бир ҳурлик, катта бахтдир. Аммо бугун Ўзбекистонда, Ватанда ёлғон гапириш, маълумотларни бузиб кўрсатиш одатга айланди. Ватандан ташқарида эса, мухолифат вакиллари буни танқид қилмоқда. Бошқача бўлмайди ҳам. Танқид, холисона танқид душманлик эмас, бу танқид умумга, халқка дўстлик, ҳатто бир-биримизга дўстлик белгиси эмасми?

Аслида, расмий сиёсат фақат ёлғонлардан ташкил топмайди. Иккинчидан, расмий сиёсатни мухолифат танқид қилмаса,қилолмаса, у сиёсатмас, у демократия эмас, у диктатурадир, у мен “нимани хоҳласам ўшани қиламан. Менинг сўзим қонун”-дегани бўлади. Расмий ҳокимият, ўзини танқид килган ҳар бир кишига ёки кишилар гуруҳига “душман”, деб қарар экан унинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ. Билмадим, бу ҳолат Ўзбекистонда қанча вақт давом этар экан?

Наҳотки, мухолифат ва ҳукумат Ватанда маданий муносабатда Ватан такдири учун, Ватан равноқи учун маданий рақобатда ишлай олмайди?

Менимча биз, ўзини Ўзбекистон фуқароси, деб ҳисоблаётганлар бир – биримизга душман бўла олмаймиз. Битта Ватан ватандоши-фуқароси бир-бирига душман бўлмайди, бўла олмайди. Биз фақат бир-биримизга рақобатда, мухолифат бўламиз, холос. Бу душманлик эмас, ахир. Рақобат бўлмаса, муқобил фикрлар эркинлиги бўлмаса, сиёсатда демократия, одамларнинг маданий ва моддий ҳаётида ривожланиш бўлмайди. Бир-биримиздан душманлик излагандан кўра, бир-биримизни тушунишга ҳаракат қилсак, биримиз танқидидан бошқамиз тўғри хулосалар чиқарсак нур устига нур бўлмасмиди?  Чинакам демократияси шу эмасми ?!

Замон сабокларидан бир лавҳа.

Бу лавҳада келтираётган фикрларни 28.08.1997да ёза бошлаб, 12.09.1997 да сўнгги нуктани кўйган эдим. 17.09.1997да “Озодлик” радиосида ўқиб бердим. Аммо у эфирга чиқарилдими ё йўқ била олмадим. Чунки бу вақтга келиб радио бизнинг хабарларимизни эфирга чиқаришни тўхтатишга кўрсатма олган замонлар эди.

Лавҳа қуйидагилардан иборат эди.

«Биз советлар замонида, совет мактабида тарбиялангандик. Мафкура, ғоя тўласинча коммунистик, динсиз бўлган эди. Совет давлат тузумидан бошқа тузумлар ва дин ҳақида маълумотларни мутлақо билмасдик десам ҳам бўлади. Советлардан ўзга давлат тузуми ҳақида ва диний тушунчаларни эса, фақат мустақил равишда, кексалар суҳбатларидан яширинча ўргандик. Бу хил маълумотларни мустақил ўрганишга уринганлар ҳам ўша замонларда жуда оз эди. Чунки совет мактаби, совет тарбияси дунёда советлардан ўзга тузумларнинг барчаси эски, чириган улар ўлимга маҳкум, деб ўргатарди. Сотсиализм ва ундан кейин келадиган коммунизм – бу порлоқ келажак, фақат у яшашга арзийди, коммунизм яшайди, ўсади, ривожланади. Бошқа тузумлар, жумладан капитализм эса, чиримокда, у яқинда тугайди, у ўлимга маҳкум, деб ўргатди, бизга. Кўпчилигимиз бунга чиндан инондик ҳам. Шунинг учун бу ғоядаги, яъни коммунизм ғоясидаги китобларни чиндан берилиб, ундан порлоқ келажакни топамиз, деб ўқидик. Жуда озчилик совет мактаби программасидан бироз четга чиқа олди. Масалан, ўзимни ўша бирозлар қаторига кўшсам бўлар, деб ҳисоблайман. Чунки мен дин ҳақида, ислом дини хaкида онамдан ва бошқа мендан кекса авлоддан сўраб, суриштириб баъзи маълумотларга эга бўлдим. Бу соҳада отам раҳматлини эсламаяпман, чунки у киши мен ҳали дунёвий масалаларга қизиқа олмаган замонда бу дунёдан ўтганлар.

Ўзбекистон қишлоқларида, одамлар орасидаги муомалаларда сақланиб қолган урф-одатлардан Ислом ахлоқини ўргандим. Яна бир менга хос хусусият, мен газеталарда ислом дини ҳақида босиладиган танқидий мақолалардан ва Исломга қарши тарғиботлардан тескари хулосалар ясардим. Яъни улар “дин афюн”, деб ёзсалар, демак, дин инсон учун зарур ахлоқ экан, деган хулосага келардим.

Давлат тузуми масаласига келсак, “советлардан ташқари қандай давлат тузуми бор экан, дунё фақат совет мамлакати эмас-ку”, деган савол мени ҳеч тинч қўймасди. Шундай қилиб, менинг диний ва сиёсий қарашларимда ўзига хослик пайдо бўлганди. Шу каби бир қатор саволларга жавоб излаш ва уларни топиш билан биргаликда менда совет тузумига танқидий фикрлар ҳам пайдо бўлди. Ўйлайманки, бутун совет мамлакатида, жумладан Ўзбекистонда ҳам шу каби фикрдаги кишилар бўлган, албатта. Аммо улар оз сонли эдилар.

Советлар тузумига танқидий нуктаи назарда бўлган кишиларда ўзига хос бир муаммо (проблема) бор эди. Яъни биз советлар тузуми ва совет яшаш тарзининг ижобий ва салбий томонларини яхши ажрата билсакда, иккинчи томоннинг, капитализм томоннинг давлат тузумини ва яшаш тарзини яхши билмасдик. Бизнинг бу ҳолатимиз совет тузуми тугаш даврида сиёсий ишимизга кўп зарар берди. Нотўғри хулосалар чиқаришга сабаб бўлди, турли оғишларга олиб борди.

Оқибатда, биз яшаб турган давлат тузумимизни, яшаш тарзимизни, яъни совет давлат тузумини танқид қилар эканмиз, ўз-ўзидан, автоматик равишда иккинчи тараф – капитализм томоннинг тарафдорларига айланиб қолдик. Бошқа бир йўл танлай олмадик. Чунки бошқа, учинчи йўлнинг борлигини ҳам билмасдик. Учинчи йўл яратиш хусусида ўйламадик ҳам. Бунинг устига биз ўша капитализмни, унинг хўжалик юритиш ва давлат бошқаруви, иқтисодий қонунларини ҳам мутлақо билмасдик. Шундан бўлса керак, бизнинг илк сиёсий программаларимизда (дастурларимизда) иқтисодда бозор муносабатлари, сиёсий тузумда демократияни талаб қилдигу, аммо иқтисодда ҳам, демократияда ҳам амалда кўзга ташланарли бир ғоя, дастурни ўртага ташлай олмадик. Дунёда мавжуд бозор иқтисодининг ва демократик принсипларнинг асил моҳиятини кенгроқ ва дуруст тарғиб-ташвиқ қилолмадик. Ҳатто ҳамон бизнинг мухолифат лидерлари ҳам, расмий лидерлар ҳам бундай ғояни илгари сура олмаяптилар ва янги бир муҳим программани туза олишмаяптилар.

Менимча, бугун бизга бир масала жуда ойдинлашди. Яъни совет демократияси (аслида совет диктатураси) ҳам, ғарб демократияси ҳам мутлақ эмас, балки ҳар бири ўзига яраша ижобий ва салбий хусусиятларга эга экан. Кимки, советлар тузуми – бу ёруғ дунёнинг жаҳаннами, ғарб демократияси эса, унинг жаннати деса, у кўп хато қилади ва янгилишади. Бу дунёда мутлақ ҳеч бир тузум ёки қонун йўқдир. Мутлақ адолат, Яратганнинг Ўзига хос. Аммо бугун биз учун янги сиёсий йўл танлаш зарур. Бу йўл эса, янги ғоя билан белгиланади. Ғояни эса яратиш, ишлаб чиқиш лозим бўлади. Бундай ғоя Ўзбекистонга ҳам сув ила ҳаводек зарур. Дунё тажрибалари кўрсатадики, бундай масалалар билан махсус сиёсий институтлар шуғулланади. Шу сабабдан Ўзбекистонда ҳам шунақа институтлар фаолият кўрсатмоғи лозим. У институтлар жаҳондаги мавжуд сиёсий тузумларни, иқтисодий муaммoларни таҳлил қилиш ва бу соҳада кўрсатмалар, қўлланмалар яратиш билан шуғулланмоғи зарур бўлади.

Жаҳоннинг бугунги сиёсий ва иқтисодий вазиятини таҳлил этиш, мафкурани (идеологияни) танлаш билан чамбарчас боғлиқ бир муаммодир. Мен мафкура, деганда дунёда иккита мафкурани, яъни исломий ва христианлик мафкурасини ва улар ўртасидаги муносабатларни тушунаман. Келажакнинг сиёсий тузуми, иқтисодий жараён, ижтимоий турмуш бу икки мафкурадан ташқарида бўлолмайди.

Демак, биз мусулмон кишилари, Туркистонда янги бир сиёсий тузум истар эканмиз бу муҳим масалаларни тушуниб етмоғимиз зарур. Булардан кўринадики, диёримизда янги тузум яратмоқ учун фақат мавжуд қусурларни танқид қилавериш билан иш битмайди. Фақат Ўзбекистондаги камчилликларни кўриш, уларни танқид қилиш, ҳатто у хато, камчилликларни тузатиш ҳам келажак олий максадларга мос зарур натижаларни бермаслиги мумкин.

Бу ерда масала Туркистонда, балки дунёда сиёсий тузум ва иқтисодий йўналишларнинг келажак асрга татирли янги дастурини ишлаб чиқишга келиб тақалмоқда. Бу жуда муҳим бир масала, улкан муаммодир. Бундай муаммони ҳал этишда чуқур билимли мутахассис ва кадрлар армияси лозим бўлади. Бу кадрларни тўпламоқ учун энг аввал чет элларга чиқиб кетган мухолифат аъзоларининг барчаси Ватанга қайта оладиган шароит махсус расмийлаштирилмоғи зарур. Ўзбекистоннинг ва бутун Туркистоннинг келажагини белгилаб берадиган дастурлар, илмий тадқиқот ва сиёсий хулосалар ишлаб чиқадиган институт ташкил этишда улардан унумли фойдаланмоқ лозим.

Ана шундай муҳим бир муаммони ҳал этиш атрофида Ўзбекистон расмий доиралари ва унинг мухолифати ўртасида келажакнинг такдирини ҳал этиш аҳамиятига эга бўлган жиддий келишувга эришмоқ мумкин ва зарур деб ҳисоблайман”.

ЯНА ВАТАН ҲАҚИДА ( 28.08.1997 й. “Озодлик”да ўқиб берилган)

Ўзбекистон мустақиллигининг 6-йиллиги муносабати билан тайёрланган қутлов.

Мустақил Ўзбекистон давлати мана 6-йилдир жаҳон давлатлари орасида ўз байроғини кўтариб турибди. Аммо бунинг ал-байроқлиги, унинг ҳайбати, қудрати ва умрбоқийлиги мамлакатнинг бойлиги, нуфуснинг озодлиги, эркнинг ҳимояланганлиги, ҳаёт фаровонлиги билан белгиланади.

Мамлакатнинг бойлиги-бу энг аввал унинг маданияти, илмли-билимли, фозил олиму-уламоларидан, эркин ва бахтиёр халқидан,ундан сўнгра моддий бойликлардан(ер ости ва ер усти), яъни моддий-табиий бойликлардан иборат бўлади. Ҳа, Ўзбекистон чиндан ҳам чексиз кўп табиий бойликларга ва тарихий маданиятга эга. Энг муҳими унинг ўта меҳнаткаш, ёввош, тинчликсевар, эркпарвар халқи-ватандош бор. Афсуски, мамлакатнинг бу қадар табиий бойликлари ўша эрксевар халқнинг мулкига айланмади, унинг фаровон яшашини таъминлашга хизмат қилмаяпти. Нега, нима учун, ахир? Бу саволнинг жавоби бир томондан жуда жўн, бошқа томондан эса ниҳоятда мураккабдир.

Масалан, биз Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф ўлароқ бу саволга ўтган олти йил давомида узлуксиз жавоб излашга ҳаракат қилдик. “Озодлик” радиосида ва бошқа чиқишларимизда унга жавоб беришга уриндик ҳам. Ҳамон, бу бой мамлакатнинг фуқароси бадавлат бўлиши кераклигини кўрсатмокдамиз. Шу билан бирга Ўзбекистондаги қошшоқликнинг, сиёсий диктатуранинг сабабларини, уларнинг фалсафий моҳиятини исбот этишга ҳаракат қилмокдамиз. Шу жумладан Ўзбекистон ҳукмрон доиралари ҳам, унинг президенти ва ҳукумати ҳам мамлакатнинг тарихий бой маданиятини, табиий бойликларини пеш қилиб (кўз-кўз қилиб) Ўзбекистонда “буюк давлат” қурушга ваъда бериб келмоқда. Халқ фаровонлиги ҳақида ҳам муҳтарам Президентнинг бир қатор “сеҳрловчи” шиору-ваъдалари тарихдан ўрин олганлиги маълум. Дарҳақиқат, 1991 йили Президент жаноблари, мустақилликнинг 1-йиллиги муносабати билан энг буюк сохта ваъдани берганда, яъни “Ўзбекистонда нон нархини оширмайман”, деб ёлғон сўзлаганда Ўзбекистонда тўписини осмонга отмаган одам жуда оз қолган эди. Ёки, масалан бошқа бир масалада, яъни “рубл зонасидан чиқмаймиз”, деб “маҳкам” туриб олиб, Қирғизистонда ўз пул бирлиги қабул этилганда, унинг Президенти А.Ақоевни аҳмоққа чиқаришганда, “бизнинг ўзбеклар” “Ақоевда қош, Каримовда бош” каби мақол ҳам тўқиб улгурушган эдилар. Тарих кўрсатдики, бу ваъдалар, бу ҳайқиришлар ҳеч бир назарий ёки бошқа бир амалий тажрибалар билан алоқаси бўлмаган бўш, авом халқни вақтинча алдаш экан, холос. Бугун эса, Марказий Осиёда, ҳатто бутун МДҲ орасида қирғиз сўми энг турғун, энг барқарор сўм бўлиб қолмокда. Ўзбекистон сўми эса сўнгги уч йилда давлат нархида 9-10 марта (яъни 900-1000 фоиз) арзонлашди.Қорабозорда бу сўм 2500 фоиздан ҳам ошиғироқ арзонлашди.

Нон нархининг қанча ошганлигини ўзбеклар бугун ҳисобидан чиқа олмаяпти. Масалан, фақат кейинги бир йилда, яъни 1997 йилда нон нархи 1996 йилга нисбатан 200 фоиздан кўпроқ ошганлиги ҳам аниқ. Бутун озиқ-овқат моллари (гўшт, сут, сут маҳсулотлари, ун ва ҳ.к. кундалик истеъмол моллари) ой сайин қимматлашмокда. Маълумки совет даврида ўзбекларни пахта (чигит) ёғи билан озуқланишга ўргатишган. Шунинг учун улар асосан чигит ёғи истеъмол қилишади. Аммо Ўзбекистон йилига 4 млн тонна пахта етиштиришига қарамасдан кишилар ўша чигит ёғини ҳам топа олишмай оворалар. Санайверсак Ўзбекистонда бу хил қусурлар қаторлашиб ётибди.

Буюк бойликлардан яна бири бу маданият, маданий турмуш дедик. Бу соҳада ҳам чиндан мақтанса арзийдиган тарихий маданий манбамиз бор. Аммо ўша тарихий маданиятни тиклаш, бугунги маданиятимизни, маданий ҳаётимизни қурушда ундан унумли қўлланмоқ учун ҳам маълум даражада билимга, илмга эга бўлмоғимиз лозим. Бунинг учун эса таълим-тарбия, мактабларда ўқув масалалари яхши, жуда яхши йўлга қўйилмоғи шарт. Афсуски, бу ишлар ҳам жуда оқсоқ. Шу кунларда ёшлар мактабдан безган, ўқитувчилар оч ҳолга тушиб қолишган. Ҳозир Ўзбекистонда моддий аҳволи энг танг қатлам бу мактаб ўқитувчилари ҳисобланади. Энг ачинарлиси шундаки, олий мактаб ҳам бундан дуруст эмас. Маданиятимиз дин, ислом билан мустаҳкамдир ва унинг асосида маънавият, иймон ётади. Балки маданиятни дин ёрдамида, исломий тарбияни авжлантириш йўли билан тиклаш ва сақлаш мумкин бўлар, дерсиз. Бу ерда ҳам аҳвол аянчли. Чунки диний мактаблар ёпилди, ислом олимлари қамоқхоналарга ташланмокда.

Қисқаси, Ўзбекистон йилига фақат биргина олтиннинг ўзидан 80 тонна қазиб олади, тўрт- беш миллион тонна пахта етиштиради ва қатор қиммат баҳо маъдан ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Бу маҳсулотларнинг барчасини пулга чақсангиз ва Республика аҳолиси (25 млн нуфус) жон бошига ҳисобласангиз ўртача энг оз 1000-1500 АКШ доллар чиқади. Бу ҳисоб, 5 нафар кишиси булган оила ойига 500-600 доллар маош олади, деганидир. Кани, энди шундай бўлса?! Аксинча, бугун мамлакат аҳолисининг 60 фоизи, ҳатто ундан ҳам кўпроғи ишсиз қолмокда. Иш жойларини ҳамон фақат давлат ўз қўлида ушлаб турибди. Ойлик маош 10-15 доллардан ошмаяпти. У ҳам ўз вақтида тўланмайди. Энг аянчлиси, илм билан шуғулланадиганлар, мактаб ўқитувчилари ойлик маошларига кун ўтказа олмаяптилар.

Айтилганлардан кўринадики, бу мамлакатда сиёсат нотўғри юргизилмокдадир. Расмий доираларнинг сўзи ва иши бир хил эмасдир. Сиёсатда ёлғон, амалда ўғрилик ниҳоятда кўпдир. Мамлакат бой бўлсада, унинг аҳолиси қошшоқлиги сабабларининг бир қисми ҳам мана шулардан иборатдир.

Яхши яшаш, маданиятли, илмли бўлиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу кураш ва яна кураш билан, илм ўрганиш, ўқиш, билимни ошириш билан амалга ошади. Ўқимишли, чуқур билимли ва маданиятли инсонларгина Буюк давлат қуради ва уни адолатли бошқаради.

Хуллас, бироз вақтли бўлсада, ватандошларни, чет элларда юрган муҳожир дўстлар-у, мухолифат аъзоларини Ўзбекистон мустақиллигининг олти йиллиги билан табриклайман, қутлайман!

Барча ватандошларга фақат яхшиликлар тилаб қоламан.

Охир, оқибат Ўзбекистоннинг бутун бойликлари ўзбеклар қўлига ўтишига, Ўзбекистон аҳолиси бой, бадавлат ва гўзал маданиятли бўлиб етишишига ишониб қоламан. Соғ бўлинг, дўстлар!

АМАЛИЙ ДАСТУРИМИЗ.

«БИРЛИК” халқ ҳаракатининг эски дастури Ўзбекистон тўла мустақилликка эришмаган замонда тузилган бўлиб, мамлакатда вужудга келиши мумкин бўлган давлат тузуми ва ижтимоий жамиятнинг шакллари ва унинг фалсафий (ғоявий, мафкуравий) асосларини ўз ичига олмаган эди. Аксинча, у даврда давлат тузумини совет давлат тузуми шаклида, олам ва инсониятга муносабатни ўша давр коммунистик фалсафий қарашлари доирасида тушуниш аксиома шаклида қабул қилинган эди. Шу сабаб Ҳаракатни тузган илк ташаббускорлар ҳам, унинг кейинги давомчилари ҳам , янгидан юзага чиқкан партиялар ҳам Ўзбекистонда давлат тузуми масаласига фалсафий нуқтаи назардан ёндашмадилар ёки ёндаша олмадилар. Улар кўпроқ совет коммунистик ҳокимият структураларига жойлашишга ва шу йўл билан юқоридан таъмирий ислоҳотлар ўтказишни мўлжалладилар. Шунинг учун 1989 йил СССР, 1990 йил Ўзбекистон Олий советларига депутатлар сайлашда Ҳаракатнинг раҳбарлари ва бошқа бир қатор ўзларини демократ ҳисоблаган шахслар совет депутати бўлишга жон куйдириб уринишдилар.

Шундай қилиб, ҳозиргача ҳеч ким ва ҳеч бир сиёсий ташкилот Ўзбекистон тўла мустақил бўлгандан сўнг у ерда қанақа жамият ва қандай давлат тузуми вужудга келади, унинг фалсафий асосида қандай ғоя туради каби масалаларни ўртага қўйганича йўқ. Ҳатто бугунги Ўзбекистондаги қусурларнинг кўпчилиги ана шу масала ҳал этилмаганлигидадир.

Аслида Ўзбекистонда бутунлай янги жамият яратилиши, бу ерда совет давлат тузумидан мутлақо фарқ қиладиган давлат системаси ўрнатилиши керак. Энг муҳими ўша янги жамият ва давлат тузуми назарияси (ғояси) ишлаб чиқилмоғи лозим. Бу янги жамият Оламни тушунишда, Ер юзида Аллоҳнинг инъоми ила яратувчилик қудратига эга Инсонга, унинг қадр – қимматига, тарихий қадриятларига мутлақо янгича муносабатда бўладиган инсонлар жамияти бўлмоғи лозим. Масала, айнан шундай қўйилмоғи керак. Аммо муаммонинг бу муҳим жиҳати ҳануз яхши тушунилмади. Мазкур дастурий-амал юқорида тилга олинган масалаларни бироз ойдинлаштирар, деб ўйлаймиз.

Биз тасаввур этаётган давлат тузуми тубандагилардан иборат бўлади деб тушунамиз.

I.   ДАВЛАТ   ТУЗУМИНИНГ  АХЛОҚИЙ АСОСЛАРИ.

II.  ТУЗУМНИНГ  МАЪНАВИЙ ВА ДИНИЙ СИСТЕМАСИ.

III.  ДАВЛАТНИНГ СИЁСИЙ СИСТЕМАСИ ( қурулиши ).

IV.  ИҚТИСОДИЙ  СИСТЕМА.

V.  ИЖТИМОИЙ  ҚУРУЛИШ.

Ҳар қандай жамият, давлат тузуми инсонлар билан мавжудлиги сабабли энг аввал Инсоннинг мафкурасини, унинг адабини, хулқини белгилаш зарур бўлади. Ана шулардан тузумнинг ахлоқий асослари ташкил топади. Шундай асосга суянилганда  жамият ўзининг  ҳозири ва келажагини яратади ҳамда сақлайди; ривожланиш сари силжийди, янгиликлар кашф этишга қодир бўлади, деб биламиз. Соғлом жамият қурмоқ, инсон ҳаёти зарарсизлигини, унинг софлигини сақлаш демакдир. Бунинг учун дунёга янгича қараш, уни батамом янгича илғаш зарур бўлади. Бутун саъй-ҳаракатлар, режаю-дастурлар мустаҳкам мафкурага асосланиши ва  бизнинг фикримизча дунёнинг яратилиши ва унинг тузулиши ҳақида, инсоният жамияти ҳақида мустаҳкам соф фалсафий асосга эга бўлиш уни янгича тушуниш ва илғашдир. Жамият асосини  ана шундай нуқтаи назардан қарашга ҳаракат қиладиган инсонлар амалга ошириши мумкин бўлган дастурий – амал лойиҳасини таклиф этамиз.

Инсон жамияти фалсафий асослари ҳақида.

Айтилганлардан келиб чиқиб, инсонлар жамияти фалсафий асослари сифатида тубандагиларни таклиф этамиз.

 

1.Онг ва одамгарчилик асослари.

Онг ва инсонгарчилик асослари асосан қуйидагилардир:

1.1 Бутун мавжудотнинг манбаи ва инсоният кадр – қиммати, кадрияти асоси, таянчи Аллоҳ ва Унинг Ўзидандир. Инсон ва барча тирик – нотирик дунёнинг мавжудлик шартлари ҳамма учун баробар Ягона Яратувчи тарафидан тузилган, яратилгандир. Барча Оламлар учун энг улкан, энг зарур умуминсоний кадр – қиммат, кадрият бу Аллоҳдир.

1.2 Инсоннинг яратилиши қутлуғ воқеадир. Инсон ўз навбатида Аллоҳнинг марҳамати ила буюк яратувчидир. Унинг бу хусусиятини сақлаш ва ривожлантириш кишиларнинг ҳозирги ва келажак авлоди учун қутлуғ ва амалий вазифа бўлиб қолаверади. Аммо сўнгги даврда одамларнинг ҳақ йўлдан оғиши натижаси ўларок, Ер қитъаси ва инсоният шу замонда дунё маданиятини (сивилизатсиясини) тугатишга олиб бораётган инқирозни (бўҳронни) бошдан кечирмокда. Бу бўҳроннинг олдини олмоқ кўп жиҳатдан инсонларнинг ўзларига боғликдир.

Биз, барча имкониятларимиз билан инсониятни маънавий, иқтисодий ва экологик бўхронлардан қутқаришга кўмаклашамиз.

1.3 Инсон хусусиятлари, унинг ривожланиш усуллари, Ер юзаси тозалиги, ундан (ердан) фойдалиниш тамойиллари (характерлари) ва мулк шакллари умумжаҳон прогрессив принсипларига мос бўлмоғи шарт.

Маданиятли ва маънавиятли, юксак мафкурали инсонлар тарбияланадиган таълим-тарбия усулларини жорий этамиз; атроф-муҳитни покиза сақлашни кескин йўлга қўйиш тадбир-чораларини ишлаб чиқамиз ва уларни қонунлар ёрдамида амалга оширамиз.

1.4 Ҳар бир киши ўзи ва у яшаётган жамиятда маънавий, руҳий ва иқтисодий ривожланишга асос солишга интилмоғи зарур. Бунинг учун у тирик дунё ҳаёти ва инсоният олдида ўз шахсий масъулиятини англаб етмоғи керак бўлади.

Биз, бу борада ўз шахсий турмуш тарзимиз билан ибрат кўрсатамиз.

1.5  Инсоннинг ер юзидаги ҳаёти ва тирик дунёни сақлашни таъминлаш  барча билимларни ягона бирликка айлантириш йўли билан амалга оширилади.

Биз, Инсоннинг ва Давлатнинг қудрати юксак илмлиликда, деб биламиз. Шунинг учун илмни ривожлантириш учун барча куч ва имкониятларни қўллаймиз.

Қудратимизни, илм ва билимимизни системали ошириш асосий мақсадимиздир.

1.6 Тирик мавжудотни ўз табиий ҳолида зарарсиз саклай билиш инсон ҳаёти яхшиланиши асосидир. Демак, ҳаёт фаровонлиги, софлиги, атроф муҳит тозалиги, бутун тирик дунё oсойишталиги ва поклигидадир. Оламларни(табиийликни) сақлаш, яратувчилик, коинот сирларини кўпроқ ўрганиш, улардан фойдаланиш, бу барчаси фан тарракиёти натижаларини қунт билан кўпроқ, яхшироқўрганиш ва билишдадир.

Биз, гўзаллик яратишни, меҳрибонлик ва эзгуликни тарғиб этамиз. Атроф-муҳитнинг поклигини сақлашда, кишиларнинг бир-бирига меҳрибон ва ёрдамчи бўлишида уларга кўмакчи бўлиш, бизнинг буюк вазифамиз ва шиоримиздир! Фан ютуқларидан унумли фойдаланишни жорий этиш дастурий мақсадимизнинг асосини ташкил этади.

2. Ҳуқуқ ва ахлоқ асослари.

2.1. Инсон Аллоҳ яратган энг буюк ва қудратли эркин зотдир. Инсон ҳақи, ҳуқуқи ҳеч бир ҳолда камситилиши мумкин эмас.

Биз демократик принсиплар, фуқаровий давлат тузуми тарафдоримиз.

2.2.Ҳар бир авлод ( якка шахс ҳам) барча илм ва билимлар билан бир қаторда Аллоҳ ҳақида тўла маълумот олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқни ҳеч ким буза олмайди.

2.3. Одамзотнинг ҳозирги ва келажак авлоди умум дунёвий билим олишда бир хил тенг ҳуқуқга эгадирлар. Ҳар бир киши Ерқитъасига ва инсон шахсига шахсан ўзи келтирган зарарлари учун жавобгардир.

2.4. Шахс эрки, ҳақ – ҳуқуқларини камситадиган ва тирик мавжудоднинг яшашга бўлган эҳтиёжига қарама қарши қўйилган ҳукумат тартиби ва қарорлари кишилар ҳаёт тарзини шакллантиришга асос бўла олмайди. Бундай тартибни ҳокимиятнинг қайси поғонаси (органи) ўрнатгани ва у тартибларни ким жорий этишидан қатъий назар улар қонун кучига эга бўла олмаслиги лозимдир.

2.5. Тубанликка кетган, сунаётган руҳларда меҳр – шафқат уйғотилади. Шундай қилиб, бу ҳаётда, бу муҳим қуткариш системасида Оламни, унда барқарорликни ва яратувчиликни сақлаш каби қутлуғ бир бурчни адо этишга ҳисса қўшилади. Ҳеч бир ҳаракат қонундан ташқарида бўлмайди.

I.  ДАВЛАТ ТУЗУМИНИНГ АХЛОҚИЙ АСОСЛАРИ.

Бизнинг дастурий назаримизга кўра, Ўзбекистонда давлат тузумининг ахлоқий асосларини таъкидлаб ўтамиз. Улар асосан ўзига хос учта хусусият билан белгиланади:

а) Биринчи хусусият. Давлат ва унинг фуқаролари  Онг ва одамгарчилик асосларига мос қонунларга амал қиладилар. Ана шу асослар кишилар ахлоқи ва одоби учун энг юқори ўлчамга айланади. Шу мақсад йўлида кишилар ўз маънавиятини оширади, бу йўлда халакит берувчи тўсиқлардан чекинилмайди.

б) Иккинчи хусусият. Давлат (янги давлат) аслида алоҳида Кўринишга эга бўлиб, бутун оламда учрамайдиган янги одоб ва муомалалар тартибини эълон қилмайди, албатта. Фақат, бу давлат одамлардаги барча яхши адаб ва одамшавандаликни ахлоқий системага киритади ва уни одам тарбиясининг асоси шаклида тарғиб этади. Бу ахлоқий система ҳамма соҳани, ҳаётнинг барча кўринишларини (якка шахсларора муносабатлар, ижтимоий муносабатлар, сиёсат, иқтисод, бозор ва бозор муносабатлари, мактаб, маҳкама, милитсия, ҳарбийлар ва ҳарбий ҳаракатлар, тинчлик учрашувлари ва ҳ.к.) ўз ичига олади.

Ўзбекистонда барпо этиладиган давлат тузуми ҳаётнинг барча соҳаларида одоб, ахлоқни, хушмуомалаликни, инсофни, одамшавандаликни энг устун қўяди. Бу ерда одамзот ҳаётида софлик, ахлоқ ва одамшавандалик улуғланиб, эҳтирос, жиззакилик, манманлик ёки шахсий манфаат бошқарувчи ролга ўтиб қолмаслиги асосий максад қилиб кўйилади.

в)Учинчи хусусият. Янги ахлоқий система заррача ёвузлик аралашмаган, эзгуликка асосланган яшаш тарзини вужудга келтиради. Кишиларнинг ана шундай яшашлари қонунлар билан бошқарилади. Бу система фақат яхшиликка, эзгуликка тарғиб этади, инсоният эъзозлайдиган, ҳурмат этадиган, фақат яхши ишларни тарқатиб ва тарғиб қилиб, нафрат ва кўнгулсизликларга сабаб бўладиганларидан воз кечишга ундайди.

Бундай ахлоқий система фақат эзгуликларга интиладиган, яхшиликлар яратадиган инсонларни тарбиялайди. Бу ахлоқий системагақурилган давлат ва унинг фуқаролари юксак мафкурага, ахлоққа эришиб, қудратли кашфиётлар қилишга қодир бўладилар.

Хуллас, биз таклиф этаётган давлат тузуми ахлоқий асослари “Инсон жамияти фалсафий асосларига” тўла мос қурулади.

II МАЪНАВИЙ ВА ДИНИЙ СИСТЕМА.

Давлатнинг ахлоқий асосларидан кўринадики, бундай давлатда фуқаро энг аввал чуқур иймонли бўлиб, табияланган бўлади. Маънавиятнинг асоси, унинг муҳим суянчи бу ахлоқдир. Ахлоқ, одоб чуқур тарбия билан инсон мафкурасининг юқори даражасига кўтарилади ва унинг чин мафкуравий қудратини ифодалайди

Шунинг учун Ўзбекистонда жорий этиладиган маънавий система кишиларни юксак тарбия олиб, иймонли бўлишларини таъминлайди. Бу ерда ҳар бир шахс ва ҳамма учун ҳақ ва тўғри ишлар қилиниб, улар учун ботил ва нотўғрилари ман этилади .

Хуллас ижозат этилган ва ижозат этилмаган; рост ва ёлғон; эзгулик ва ёвузлик орасидаги фарқни одамлар ўзлари ҳеч кимнинг ёрдами, кўрсатмасисиз ажратадиган, уларни ҳеч қачон аралаштириб юбормайдиган жамият пайдо бўлади .

Давлат маънавий асосини мустаҳкам мафкурага қуриш натижасида инсонлар меҳр – шафқатли, оқибатли бўладилар. Улар ўзларининг барча ҳаракатларини мафкура асослари билан солиштирадиган, саҳий, эҳсонли инсонларга айланадилар.

Чуқур асосли тарбия олган кишилар ўзларининг бутун куч-қувватини, илм – малакасини оламда эзгуликнинг ғалабасига сарфлашга уринадиган бўладилар.

Жамиятнинг асосини илмли, билимли кишилар ташкил этадиган вазият вужудга келади. Бунинг учун маданий ва маъруфий ишлар авж олдирилади.

Ўзбекистонда ХХI аср етук мутахаcсислари етиштириш йўлга қўйилади. Мамлакатда математика, физика, кимё, биология фанлари соҳасида замонавий даражада илмий – тадқиқот ишлари олиб борадиган академик институтлар ва олий ўкув юртлари ривожлантирилади. ХХI аср, Ўзбекистонда алхоразмийлар, берунийлар дунёга келадиган аср бўлиб қолажак.

Табобат соҳасида чуқур илмий – тадқиқот ишлари олиб боришга катта капитал маблағ ажратилади. ХХI аср Ибн Синолари етишиб чиқмоғи учун мамлакатнинг моддий имкониятлари ишга солинади.

Коинотни ўрганиш Ўзбекистон фанининг муҳим йўналиишларидан бирига айлантирилади. ХХI аср улуғбеклари етишмоғи учун тўла шароитлар вужудга келтирилади.

Деҳқончилик, чорвачилик соҳасида илмий тадқиқот ишлари замоновий даражага кўтарилади. Чорвачилик маҳсулотлари етиштиришда замоновий технологияни қўллаш мутлақо йўлга қўйилади.

Биз иқтидорга келгандан сўнг биринчи беш йилда табиий – техник, табобат ва коинот соҳасида илмий – тадқиқотлар ўтказиш бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллашга эришилади. Бу йўлда барча имкониятлар ишга солинади ва зарурий маблағажратилади.

III.  СИЁСИЙ СИСТЕМА.

Биз таклиф  этаётган давлат тузуми ва унинг сиёсий сиcтемаси ўз принсиплари, тартиб қоидалари ва нормаларига эга бўлади. Бу принсип, нормалар гўзаллик, эзгулик ва бахтиёр ҳаётнинг вужудга келишига, кишилар яшаш тарзи фақат яхшиликлардан, инсофдан, покликдан иборат бўлишига хизмат қилади.

Максадлар очиқ-ойдин ифодаланган узоқ муддатга мўлжалланган сиёсий дастур ва унга мос режаларини давлат умумхалқ муҳокамасига ташлайди. У дастур аввал мамлакат Парламентида Умумдавлат дастури ва режаси шаклида тасдиқланади.

Сиёсий партиялар (ҳаракатлар) дастури ва режалари ўша Умумдавлат дастури ва режасини амалга ошириш йўллари ва усуллари билан фарқ қилишлари лозим.

Давлатнинг сиёсий системаси инсоният тарихида синовдан яхши ўтган уч ҳокимият (Қонун чиқарувчи, Ижроия ва Маҳкама ҳокимиятлари) мустақиллигини таъминлашдан иборат бўлади.

Хуллас, сиёсий система :

3.1. Қонун чиқарувчи ҳокимият: Парламент (Ўзбекистонда у Халқ/Миллат Мажлиси ёки Кенгаши деб аталиши ҳам мумкин). Унинг таркиби ва унга сайловлар алоҳида қонун билан белгиланади. Парламентга бевосита ҳисобдор, унинг маҳаллий органи оқсоқоллар Кенгаши(Қишлоқ, Шаҳар, Вилоят оқсақоллар Кенгаши) жорий этилади. Оқсоқоллар Кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти алоҳида қонун билан аниқланади.

3.2. Ижроия ҳокимият: а) Президент (Ўзбекистонда Давлат Раиси, деб аташ таклиф этилади), беш йилда бир сайланади. Унинг ҳуқуқ ва ваколатлари, Президентликка сайловлар тартиби Асосий Қонун ва қонунлар билан белгиланади.

Президент давлатнинг, мамлакатнинг тимсоли ўлароқ умум давлат аҳамиятига эга масалаларни ҳал этмоғи лозим деб ҳисоблаймиз. Ижроия ҳокимиятининг асосий функтсияси Вазирлар кабинетига, унинг Раиси Бош Вазир зиммасига юклатилиши тарафдоридирмиз.

б) Вазирлар кабинети ва Бош Вазир ваколатлари ҳам қонун билан белгиланади.

Вазирлар кабинети маҳаллий (қишлоқ, шаҳар) бошқарув органларини ҳамда вилоят ва шаҳар ижроия комитетларини (ҳозирги ҳокимиятларни) бошқаради. Маҳаллий бошқарув органлари қишлоқда қишлоқ комитети, шаҳарда маҳалла комитети бўлиб, улар энг қуйи бошқарув органлари ҳисобланади. Маҳаллий бошқарув органлари ва ижроия комитетлар фаолиятларини белгилайдиган қонунлар ҳукм суради.

в) Маҳкама ҳокимияти : Олий маҳкама, вилоят, шаҳар ва маҳаллий маҳкамалар шаклида ташкил этилади.

Маҳкамаларнинг барча буғунларида ҳақамлар сайлаб қўйилади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва тартибни сақлаш органлари ваколатлари махсус қонунлар билан аниқланган бўлади. Уларнинг иш тартиби ва усуллари Давлатнинг ахлоқий асосига мос тўла қайта ишлаб чиқилади

Инсон ҳуқуқларининг асосий принсиплари.

Ўзбекистон давлати инсон ҳуқуқларини тўла ва батамом ўз давлат мафкураси асосида аниқлайди.

Ер юзидаги барча одамларга Аллоҳ бандаси, инсон деб қаралади. Шунинг учун инсон ҳуқуқлари ҳамма жойда, ҳар қандай ҳолатда Давлат томонидан ҳимоя қилинишш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Аёллар, болалар, қариялар, касал ва ярадорларни ҳужумдан сақлаш, аёллар шанини муҳофаза этиш каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг муқаддас бурчи ҳисобланади.

Очнинг емак ейиши, беморнинг қаровчи билан таъминланиш ҳақи қонун билан таъминланади. Бундай қонуннинг шаксиз бажарилиши давлат назоратида бўлади.

Юқорида саналган ҳуқуқлар бутун одамзотга тегишли бўлиб, умум инсоний ҳуқуқлардир, фуқаролар фақат инсон бўлгани учун ҳам бу ҳуқуқларга эгадирлар.

Фуқаролик ҳуқуқлари умум инсоний ҳуқуқларнинг хусусий ҳолидир. Яъни Ўзбекистон ҳудудида инсоннинг бу ҳуқуқлари сўзсиз муҳофаза этилади. Шу билан бирга Ўзбекистондан турли хил сиёсий ва иқтисодий тазйиклар натижасида чиқиб кетганларга Ўзбекистон фуқаролиги беришга эришилади.

IV ИҚТИСОДИЙ СИСТЕМА.

Давлат иқтисодий сиёсати поклик, ҳақлик, адолат ва ишончга асосланган маълум чегара ва нормаларга мослашган булади.

Иқтисодда, капиталнинг ( маблағнинг ) ишлашида, унинг ўсиши ва ҳаражат этилишида барча ишбилармонлик, ишдаги фаоллик ўша аниқ қоида ва нормаларга қурилади, ундан жиндак ҳам оғишга йўл кўйилмайди. Капитал (маблағ) инвеститсиясининг айланиш (фойдаланиш) шакли ва йўли аҳамиятга эга эмас. Чунки бу шакл ва йўллар тарихий давр ва вазиятга қараб ўзгариб туриш эркига эга.

Маълумки ҳар бир иқтисодий система ва унинг тизими (структураси) жамиятда содир бўладиган вазиятларга, уларнинг мавжудлик шартларига, ҳаётнинг турли хил поғоналарида одамлар талабларига мос равишда ўзгариб, бир кўринишдан бошқа кўринишга ўтиб турадиган инсоният сивилизатсияси жараёни билан биргаликда ривожланади. Лекин биз таклиф этаётган системанинг қоида ва нормалари, ҳатто жамиятда кескин иқтисодий вазият туғилганда ҳам, хилма-хил иқтисодий шакллар фаоллашганда ҳам бузилмайди. Аксинча, бу иқтисод нормалари ва қоидалари доим сақланиб қолади. Уларга ҳар қандай вазиятдаҳурмат билан муносабатда бўлиш ва сўзсиз амал қилиш зарур бўлади.

Иқтисоднинг таклиф қилинаётган нормалари Аллоҳ яратган барча ер ости ва ер усти бойликлар одамзотга тегишли деб ҳисоблайди. Ёруғ дунёга келган ҳар бир инсон зоти Аллоҳ яратган бойликларга шерик деб қаралади. Аллоҳ яратган бойликлардан фойдаланишда барча баравардир. Ҳар қандай монополизм қонунлар ёрдамида тақиқланган бўлади.

Ҳар бир кишига ўз турмуш даражасини яхшилаш имконияти яратилади. Меҳнатга қобилиятли кишиларнинг ҳаммасини фойдали меҳнатга жалб этиш учун Давлат, Ижроия ҳокимият ўз вақолатидаги барча имкониятларни ишга солади.

Дарёларнинг, булоқларнинг суви, урмон дарахтлари, мевали дарахтлар мевалари (кишилар хусусий ерларидаги мевали дарахтлар бундан мустасно), шунингдек ер юзидаги бошқа бутун ўсимликлар, ёввойи ҳайвонлар, ер ости фойдали қазилмалар алоҳида кишиларнинг хусусий монополистик мулкига айланмайди. Бундай мулкдан фойдаланишнинг адолатли умум халқ шакли ишлаб чиқилади.

Ерга хусусий мулк тикланади. Аммо ердан фойдаланиш агротехник асосда нормал бир шаклда қонунга мувофиқ йўлга қўйилади. Яъни ер эгалари ернинг сифатини ва доим фойдаланишда қолишини таъминлашга қонунлар асосида мажбур бўладилар. Ердан фойдаланиш ва унинг экологик тазолигини сақлаш махсус қонунларга мувофиқ давлат томонидан назорат қилинади.

Иқтисодий система мулкнинг :

Умум давлат (умум халқ) мулки ва фуқаролар хусусий мулки шаклларига эга бўлади. Мулкнинг советлар замонида учраган жамоа, кооператив ва бошқа хил кўринишлари фуқаролар томонидан ўз ихтиёрлари билан ташкил этилган бўлиб, хусусий мулкнинг юридик шахсларга оид бир шаклидан иборатдир. Уларга муносабатлар хусусий мулкга муносабатлар каби бўлажакдир.

Бу иқтисодий система барча инсонлар учун иқтисодий тенглик яратишга эмас, балки уларнинг бойликлар ортиришга, иқтисодий яхшиланишга, турмушини ўнглашга бўлган интилиш ва ҳаракатларида баббаравар имкониятлар яратишга қаратилгандир. Бу системада кишилардаги Аллоҳ томонидан берилган куч ва қобилиятларини яхши яшаш учун ишлатишга халакит берадиган маҳаллий ва миллий шароитларни ҳисобга олмаган қонунлар ва бошқа тўсиқларга чек қўйиш кўзда тутилгандир.

Иккинчидан, бу система, баъзи бир хил гуруҳлар, уруғ – аймоқ ва оилаларга мерослар ҳисобидан алоҳида иқтиосдий имкониятларга эга кишиларнинг, бошқа шунақа мулкка эга бўлмаганлар устидан монополиясига йўл қўймайди. Бундай монополиянинг тикланмаслигини Давлат қонунлар асосида таъминлайди.

Шундай қилиб, янги иқтисодий система кишиларнинг ҳаракат ва қобилиятларига мос меҳнат билан яхши турмуш қуриладиган шароит ва имкониятлар туғдиради. Бу эса жамият аъзоларининг (инсоннинг) ижодий ташаббускорлигини оширади. Бундай иқтисодий система принсиплари қонунлар билан аниқланиб, улар кескин белгилаб қўйилади.

Қариялар, етим болалар, ногиронлар ва бошқа ночор кишилар давлат нафақалари билан таъминланади ва уларга доимий ёрдам этадиган жамғармалар, вақифлар ташкил этиш рағбатлантирилади. Бундай меҳр – шафқат ишларига давлат тарафидан махсус ёрдам ажратилади. Улар қонунлар асосида махсус имтиёзларга эга бўладилар.

Солиҳ системаси адолатли қоидалар асосида қайта ишлаб чиқилади. Янги ситемага кўра ҳеч ким  солиҳлардан қочмайди, солиҳтўланиши лозим бўлган молини яширмайди, натижада кишилар турмуши учун зарур бўлган барча бюджет маблағлари лозим вақтда муҳайё бўлган бўлади. Давлат маъмурлари фақат солиҳлардан ҳосил бўлган бюджетга мувофиқ яшашга ўрганадилар.

Янги иқтисодий система якка шахс ва кишилар жамоасини мутлақо бир хил даражада қарашга асосланади. Бунда мулкка бўлган инсон ҳуқуқлари ва эрки жамиятга фойда келтирадиган даражада қўриқланади ва ҳимоя қилинади.

Мулкчилик ва мерос қонунларга мувофиқ аниқланади. Фоизсиз банк системаси ривожлантирилади.

Хуллас, иқтисодда кўзга ташланарли ўзгаришларга эришилади. Буниинг учун қатор муҳим ва долзарб иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилади.

Бу ерда энг аввал барча фуқаро манфаатини баравар ҳисобга оладиган қонунлар асосида умумий мулкни хусусийлаштириш амалга оширилади.

Умумий мулкни хусусийлаштириш қоидалари алоҳида ишлаб чиқилади ва қонун кўринишида эълон қилинади.

Дунё иқтисодий жафҳасида юқори ўринларда (ривожланган мамлакатлар қаторида) мустаҳкам жой эгаллашга эришилади. Бунинг учун мамлакатда оғир саноат (металлургия, машинасозлик, самолётлар ишлаб чиқариш), егил саноат (тўқимачилик : ипак ва пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш) жадал ривожлантирилади. Бу соҳада замонавий технологияни жорий қилишга мутлақ эришилади.

Ўзбекистон оғир саноати ва енгил саноати маҳсулотлари дунё бозорида рақобат қила оладиган даражага кўтарилади. Ипак ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришда жаҳонда энг юқори ўринлардан бирини эғаллашга эришилади.

Қишлоқ хўжалигида кескин инқилобий ўзгаришлар амалга оширилади. Чигит экиш майдонларини қисқартириб, ҳосилдорликни эса, замонавий илм асосида ошириш, пахта толаси сифатини яхшилаш ҳар томонлама рағбатлантирилади. Ғалла экиш (буғдой, зиғир, кунжут, кунгабоқар) ривожлантирилади. Ўсимлик ёғлари (зиғир, кунжут, кунгабоқар, чигит) ишлаб чиқариш яхши йўлгақўйилади. Бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш технологияси ривожлантирилади. Ўсимлик ёғлари сотишда дунё бозорида рақобат қилиш даражасига кўтарилади.

Мева-сабзавот етиштириш ва бу маҳсулотларни дунё бозорида сотиш ишлари энг уйғун бир шаклда йўлга қўйилади. Майиз, туршак, ер ёнғоғи тайёрлаш ва сотиш ишлари замонавий технология асосида қайта ишга солинади. Бу соҳада илмий тадқиқот ишлари ривожлантирилади.

Мамлакат қоракул тери ва жун етиштириш ва уни сотиш бўйича дунёда рақобат қила олиш даражасига келтирилади.

Ўзбекистонда гўштдор ва жунли қўйларни кўпайтириш шароити бор. Шунинг учун чорвачиликда бу соҳага алоҳида эътибор берилади. Ўзбекистон қўй гушти экспорт қила бошлайди.

Ер ости бойликларидан фойдаланиш мантиқли план асосида олиб бориладиган бўлади. Олтин ва бошқа рангли металлар қазиб олиш, нефт, газдан фойдаланиш узоқ келажак авлодларимиз такдирини ҳисобга олган ҳолда жуда тежамли план асосида қайта кўриб чиқилади. Шу билан бирга ер ости геологиясини ўрганиш ва ер ости бойликларини разведка қилиш соҳасида илмий текшириш ва тадқиқот ишлари ривожлантирилади. Бу соҳага капитал маблағ етарлича ажратилиши таъминланади.

Ўзбекистон юк ва йўлчилар самолётлари, енгил автомобил, қишлоқ хўжалик машиналари, ипак ва пахтадан ишланган тайёр маҳсулотлар, ўсимлик ёғлари, қуруқ мевалар, қоракул тери, жун, олтин ва кумуш буюмлар ҳамда қўй гўшти экспорт қиладиган мамлакатга айлантирилади.

V.  ИЖТИМОИЙ ТУЗУМ.

Ижтимоий тузумда бош масала одамзот ибтидода Одам аллайҳиссаломдан тарқаган, деб билишга асосланади. Шундан келиб чиқиб, бутун дунёда инсонлар бир-бирига оға-ини ва дўст, улар барчаси бир хил ҳақ ва ҳуқуқка эгадирлар. Уларнинг ҳеч бири бошқасидан бирорта ҳуқуқий фарқка эга бўла олмайдилар деб қаралади.

Давлат ўз фуқаролари инсоний ҳуқуқларини белгилашда ана шундай умуминсоний тушунчаларга асосланади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда кишилар (фуқаро) ижтимоий келиб чиқиши, ранги, яшаш жойи, тили ва диний эътиқодига қараб фарқланмайдиган ижтимоий система вужудга келтирилади. Кишилар фақат ўз фикр-мулоҳаза, билим, илм, мақсад, адаб-ахлоқ ва тақвадорликлари билан бир-биридан фарқ этадилар. Масалан, бир ота-она фарзандлари бўлган икки қардош, ака-ука узларининг ахлоқий хусусиятларидан келиб чиқиб турли хил ҳаётий йўл танлашлари мумкин. Уларнинг бири ғарбдан, бошқаси шаркдан ўз нуктаи назарларига мос ҳамроҳлар топишлари мумкин.

Ўзбекистонда тор миллий доирада эмас, балки умумий мафкура ва ахлоқга эга бўлган ижтимоий жамият тузилади. Айни шундай принсиплар ва мақсадлар атрофида бирлашганлар жамияти Ўзбекистон ижтимоий давлат тузумини ташкил этади. Бу жамиятда кишилар уруғ, миллат ёки бошқа жамоатчилик хусусиятларига қараб белгиланмайди. Уларнинг орасида миллий белгисига қараб даражаланадиганлари йўқдир. Инсон ўз лавозими ёки ижтимоий келиб чиқишига қараб юқори ёки паст даражали ҳисобланмайдиган шароит вужудга келтирилади.

Ҳар бир кишининг жамиятдаги ўрнини, даражасини, унинг юқори ахлоқи, маънавияти ҳақиқатпарварлиги ва иймони белгилаши таъминланади.

Мамлакатда фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг энг муҳимларидан бири оила масаласи бўлиб, у муҳим ижтимоий муаммо ҳамдир. Оила одатда эр ва аёл ўртасида никоҳ асосида вужудга келади. Шу сабабдан бу масалада миллий ва диний фарқланишлар қонунлар ёрдамида тугатилади.

Оила жамиятнинг асосий элементи бўлганлиги учун у ижтимоий системанинг ҳам асосини ташкил этади. Келажак авлод оилада илк тарбия олади. Унинг ахлоқи, мафкураси энг аввал оилада шаклланади. Шунинг учун ёшларнинг оиладаги ва мактабдаги ахлоқий тарбияси мамлакатнинг ижтимоий системасидан ажралган ҳолда бўла олмайди. Демак, бу ижтимойи система болаларнинг мактабда ва оилада бир усулда, бир хил тарбия оладиган муҳит яратади.

Ижтимоий системада кишиларнинг ўзаро муносабатлари (қардошлик, жамоатчилик ва ҳ.к.) алоҳида ўрин тутади. Бу муносабатлар: а) ҳар бир инсонга, энг яқин қариндошларга (ота-она, ака-ука, фарзандлар ва ҳоказолар) муносабат; б) жамиятнинг қолган барча аъзоларига, бутун инсониятга муносабатлардан ташкил топади.

Мазкур ижтимоий тузум инсонлар ўртасидаги муносабатларда бир-бирига меҳрибон ва шафқатли, оқибатли бўлишни талаб этади ва ўрнатади. Аммо бу муносабатларда ўзаро адолатли бўлиш алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳеч бир замон қариндошлик, ёр – дўстликдан келиб чиқиб ноҳақ ишларда бир-бирини қўллаб – кувватлаш каби қусурларга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолатлар умум манфаатларига катта зиён келтириб, у буюк гуноҳ ҳисобланадиган бўлади.

Кишилар орасидаги муносабатларда буюк пайғамбаримиз Муҳаммад салоллоҳу алейҳи вассалом ҳадисларидан бирида айтилганидай ҳолат вужудга келтирилади. Пайғамбар  ҳазратларидан, “Аллоҳга қасам ичиб айтаманки улар иймонсиздир, улар иймонсиздир у кимдир“-деб сўрашганда Расулуллоҳ, “у қўшнисини бахтсизлик ва ёвузликлардан қўруқламаган»-деб жавоб айтган эканлар.

Ўзбекистон давлати, фуқароларнинг соғлигини сақлаш, болалар, ёшлар ва қарияларга қонунлар асосида ёрдам ташкил этишни таъминлайди.

Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг қонун билан тартибга солинган имтиёзли иш таътиллари жорий бўлишига эришилади.

Бутун дунёда яшовчи одамзотга энг аввал Аллоҳ яратган инсон, деб муносабатда бўлиш одатга айлантирлади. Фуқаронинг давлатга ва аксинча Давлатнинг фуқарога муносабатлари халқаро принсипларга мос қонунлар ёрдамида йўлга қўйилади.

Ташки сиёсатнинг асосий принсиплари.

Ўзбекистон ҳарбий блокларга кирмайди. У бетараф давлатдир.

Ўзбекистон давлати халқаро муносабатларда жаҳон ҳамжамияти қабул қилган келишувларга оғишмай амал қилади. Тинчликни сақлаш, атроф-муҳитни асраш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва бошқа эзгуликларга қаратилган Умумжаҳон шартномаларигақўшилади ва уларни қўллаб, қувватлайди.

Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини, қадр-қимматини дунёнинг ҳар бир ерида қўриқлай оладиган имконни яратувчи давлатлараро шартномаларга эга бўлади.

Дастурда кўрсатилган барча мақсадлар қонунлар асосида амалга оширилади. Биз иқтидорга келсак бундай қонунлар қабул этилишига эришамиз ва уларнинг амалда қўлланишини таъминлаймиз.

Биз ана шундай жамият қурамиз! Иншооллох!

ХОТИМА

Китобчани хулосаламоқ учун фикримдан бир қатор ўй ва хаёллар ўтиб юрган бир замонда Пичоқзода Аҳмад Ҳаққининг “Ҳикмат дарёсидан томчилар»( 1989 йили Байрам Темир тарафидан ҳозирги туркчага мослаб қайта нашр қилинган ) китоби қўлимга тушиб қолди.

Бу китоб муаллифи Пичоқзода Аҳмад Ҳаққи 1277 йили Туркиянинг Измир шаҳрида туғилиб, араб, форс, немис ва инглиз тилларини мукаммал билган Усмонлилар даври турк олимидир. Унинг “Ҳикмат дарёсидан томчилар” китоби эски усмонли туркчасида ёзилгандир. Мен бу ажойиб китоб билан танишганимдан сўнгра, бу китобдан бу ерда бир қатор парчалар келтирсам, улар бир томондан Аҳмад Ҳаққи ҳазратлари ҳикматларидан ўзбек ўқувчилари учун намуналар бўлса, бошқа томондан меннинг юқорида ёзганларимга бу ҳикматлардан ҳам бошқа бир қулай хотима ёзолмасман, деган хулосага келдим. Шунинг учун “Ҳикматлар дарёсидан томчилар»дан тубанда бир қатор ҳикматлар келтираман.

Дин :

Инсонлик дин билан билинади. Дин йўқ ерда фазилатга, ахлоққа ўрин йўқ. Чунки диндан ўзга ҳеч бир қонун виждонга ҳоким бўлолмайди. Виждоннинг ҳақиқий ҳокими диндир. “Аллоҳдан қўрқмагандан қўрқ»- дейилади нақлда.

Дин, сидқидил эътиқод, чинакам ибодат, юксак ва етук ахлоқ, демакдир.

Динни танимаганларда номус, ватан ва миллат тушунчалари мутлақо йўқ. Улар шахсий манфаатлари учун зарур бўлгандагина бу сўзлардан фойдаланадилар, ҳатто у сўзлар устида баҳслар ҳам қилишади.

Дин кишини инсон, илм санъаткори даражасига кўтаради. Илми йўқ жоҳил, дини йўқ эса ҳайвондир.

Дин давлат, ҳукумат ва миллатнинг бирлик ва тенглик маркази, уларнинг умумий бирлаштирувчи нуқтаси эканлигини кўришқийин эмас.

Демак, биз динимизга содиқ бўлишимиз, ахлоқимизни у билан ўлчашимиз лозим экан. Мусулмонман, дейишдан чўчиганлардан,қўрқинг!

Ҳуррият :

Ҳеч бир кимсанинг ва ҳеч кимнинг ҳақкига зарар бермасдан кўпчиликка маъқул ва мақбул ўлчовли эркин ҳаракатлар қилиш мумкин бўлган озодлик, инсонлар излаган ва кутган ҳуррият шудир.

Дин ва ахлоқнинг олмос занжирлари билан боғланиши асосида вужудга келган ҳуррият энг яхши ва маъқул маданий ҳурриятдир.

Динсиз, ахлоқсиз ҳурриятни ҳеч бир миллат қабул қилмайди. У ҳуррият чиркин ва разолатга тўлиб-тошган бўлиб, фақат сарсонгарчиликлардан иборатдир.

Ҳуррият кишиларга ўзидан бошқаларга, атрофга ва умумий ҳуқуқка зарари бўлмаган барча эркинликларни беради, яъни ҳуррият “истаганингни қил, аммо ўзгаларга ва ҳуқуққа зарар берма»-демакдир.

Ҳурриятли, озод инсон бўлишга ҳаракат қилишдан чарчаманг!

Болалар :

Ҳар ўттиз йилдан сўнг миллатнинг ақли роса, меҳнатга қобилиятли қисмини ташкил этган халқ бугунги болалардир. Борди-ю бугун идорада, идорачиликда, яъни ҳокимият бошқарувида бирор қусур, ёмонлик ва камчилликлар мавжуд бўлса, улар бундан ўттиз ёки қирқ йил илгарги идорачиларга тегишли ва уларга бевосита оиддир.

Келажагини ўйлаган халқ, энг аввал болаларининг юксалишини таъминлайди. Уларга дин севгиси, эътиқоди, миллатга ошиқлик, ҳуррият ва фазилат савдоилари бўлиш, юксак ахлоқ ва ҳаққоният тарафдорлари бўлиб етишиш руҳида таълим беради ва тарбиялайди. Бунинг учун эса катта урушларга сарф бўладиган даражадаги ҳаражатлар сарфлаш кўзда тутилади.

Келажагини ўйламаган халқ болаларига аҳамият бермас (бугунги Ўзбекистондаги каби), улар ўз ҳолича нима бўлса бўлар, ботар, йўқолар ундан хабари бўлмас. Камбағал, қароқчи, жоҳил, фазилатсиз, қўпол одамлар ўз вақтида ўзи бўларликка ташлаб қўйилган, уларнинг таълим-тарбиясига аҳамият берилмаган кечаги болалардир.

Ҳар бир уйда 5-6 та бола, ҳар бир мактаб бир қишлоқ бўлмаса, у миллат яшамас.

Ўз ривожи, турмуш даражасининг яхшиланишини таъминлаш ниятида халқ болаларини қанча кўпайтирса, шунча яхшидир. Болалар оз бўлиб, уларнинг таълим-тарбиясига аҳамият бермаган халқ тугашга, инқирозга маҳкум, демакдир.

Қаранг, бу олим, бундан бир неча юз йил муқаддам турк оиласини “планлаштиришнинг” хавфи ҳақида сўзлаб кўйган экан.

Фарзандлар ва уларнинг тарбияси масаласини замон даражасида ҳал етмоқ бизнинг энг муҳим ватанпарварлик бурчимиздир!

Ёшлик :

Ёшлик заковат дарахтининг кўчатидир, у ҳамиша тарбия ва ислоҳ талабдир. Акс ҳолда, у бузилади, мева бермайди. Ёшлик, жамиятнинг юксалиши учун зарур бўлган ҳар қандай вазифани ўз зиммасига ола билади. Ёшлик, ўз даврига (замонига), муҳитига, уйига мос ўсади, етишади.

Бирор халқнинг келажагини билмоқчи бўлсангиз, уларда ёшларни тарбиялаш ва таълим-тарбия қандай йўлга қўйилганини кўринг.

Бирор халқнинг яшаш муҳитини, яшаш ҳаётини ўрганмоқчи бўлсангиз, уларнинг ёшлари ҳаётига, яшаш ва ўй-фикрлари, тушунчаларига боқинг.

Ҳар бир халқнинг илғорлиги ва ривожланиши унинг ёшлари олаётган тарбияга чамбарчас боғлангандир.

Халқнинг асл ҳаёт муҳитини ва маданий турмушини бузмаслик, яъни халқни ўз ерида, ўз даражасида сақламоқ учун мактабларда юксак фикрли ва миллий маданиятга эга ва шундай маданий муҳитда яшаган ўқутувчилар ёрдамида юксак ҳисли ва миллий фикрга, ғояга бой дарслар ўқитилиши зарурдир.

Тарбия :

Киши, юксак ва буюк туйғуларни кечинмоқ билан инсон даражасига кўтарилади. Буюклик даражасида сўз юритолмаган, буюк ғоя, фикрларга эга бўлмаган миллатлар, билмадим, миллатмилар? Буюк фикр, буюк ғоя – бу дин ҳисси, ватан, миллат ва ор-номусҳисси, демакдир.

Бирор миллатни ислоҳ этиш, кимларнингдир имзоси билан эмас, болаларига яхши тарбия бериш билан муваффақ бўлинади.

Ижтмоий(сотсиал) тарбияда бирлик ва баробарлик кўрсата олмаган халқ(миллат) бошқа бир миллат(халқ) тарафидан ютуб юборилади. У миллат ўзини ютган миллатнинг маданияти ичига кириб, унга ўхшаб қолади. Чунки одатда тарбия тарбияни, маданият маданиятни ютуб юбориши тарихдан маълум ҳолдир.

Ижтимоий тарбиясини ўз қўлида тутган халқнинг ўзи малак, ватани, уйи эса жаннатдир.

Менимча, ўз Ватанида қамоқхона ҳаётини яшаётган, биздан бошқа яна бирорта миллат дунёда қолмабти.

Болаларини тарбия эта олмаган ёки уларни тарбияламаган жамият, келажагини ўз қўллари билан қорага бўёган бўлади.

Тарбиялаш фақат тарбиялиларнинг қўлидан келади, холос. Тарбиячилар эса, юксак малакали, одоб-ахлоқли, иймонли ватанпарварлар бўлмоқлари зарур.

Сиёсат :

Ҳукуматнинг фуқарони “менинг фуқаром, халқим” дейишидан, халқнинг ўзини идора этаётган ҳукуматига нисбатан “менинг ҳукуматим»- дейиши аҳамиятлирокдир, яъни халқнинг (фуқаронинг) ўз ҳукуматини, идорачиларини “менинг” дейишлари янада авло, яхшидир.

Халқ қалбида ҳукуматга ҳурмат, ҳукумат маъмурларининг шиддатлари билан эмас, балки уларнинг халқка зарур ишларни ҳал этишдаги ҳаракатлари, жиддиятлари билан ҳосил бўлади.

Буюк мансабдорлар қонун муқаддаслигига амал қилиш ва уни қўруқлаш вақолатини ўз зиммаларига олиши зарур. Яъни уларнинг ўзлари у қонунларга ҳеч оғишмай итоат қилишлари ва барчанинг бу қонунларга итоат етишларини таъминламоқлари лозим. Аммо бугун “у буюк” мансабдорлар, идорачилар ўзлари қонунларни турлича бузиб, халқдан эса қонунларга бўйинсунишларини талаб етарлар. Бу нимаси, бу нима, демак, бу қанақа парҳез, бу қанақа, “тузланган қарам»?

Ёмонларни, тарбия билан, сиёсат, қаттиқ қўллик, тақиқловчи қонунлар билан йўлга солиш ва шундай йўл билан тартиб ўрнатиш мумкин. Аммо бугун қонунларни амалга оширувчилар ёмон бўлганликлари учун қусурлар кўпаймоқда.

Қонунларни амалга оширувчилар дағал ва ваҳший бўлмасдан, жасур ва адолатли бўлмоқлари лозим.

Бирор ерда кишилар қошшоқлик ва зулмдан “оҳ” чекаётган бўлса, у ерда ҳоким ўз вазифасини бажармаяпти ёки бажара олмаяпти, демакдир.

Ҳеч нарсани ўзингга мослаб, ўз манфаатингдан келиб чиқиб тушунма. Фақат халқни, миллатни ўйла. Унинг ҳаёти, сенинг ҳаётингдир. Чунки у ўлса, сен ҳам ўларсан.

Келажагини назорат остига ола билган халқ азали-азимда, ғояда айнан бир хил фикрни ифода этмоғи керак.

«Сиёсатга аралашмайман”, “сиёсатга аралашма”, демак, “Ватан ишига, миллат ишига аралашмайман, сен ҳам бу ишга аралашма”, демак бўлиб, бу энг сўнг даражада тахликали бир вазиятдир. Бу “оч корним, тинч қулоғим” принсипидан ҳам тубан бир аҳволдир.

Куч-қувват билан ўрнатилган ҳокимият зулмдир, ўткинчидир. Фақат Ҳақнинг ва адолатнинг ҳокимияти боқийдир.

Тарих :

Тарихини унутган халқ абадий юксак даражали бўла олмайди. Турк миллати сингари тарихига бу қадар эътиборсиз, ҳисоб-китобсиз яна бошқа бир миллат топилмаса керак (оргиналда “йўқдир ҳар ҳолда”, дейилган). Аслида турк миллатининг тарихи шан – шарафга тўлиб-тошган муҳташам бир тарихдир. У кунлар ҳаётидаги унсурлар дуруст бир шаклда тадқиқ этилса, у унсурларнинг Ислом билан боғлиқ бўлганлиги маълум бўлади. Шунинг учун бугун динимизга соҳиб, эга чиқа олсак, у эски кунларни такрор яшамоқ, хаёл эмас, ҳақиқат бўлар. Фақат бугунги режалар, ўйинлар бунинг қаршисига ишламоқда. Буни ҳам тушунмоқ, англамоқақлнинг ишидир.

Англаяпсизми, бу фикрлар на қадар бизнинг бугунимизни ифодалайди. Ўзбекистонда бугун сиёсатнинг бутун моҳияти халқни тарихдан, диндан узоқлатиришга қаратилган. Аммо уни тушунадиган фаросат керак.

Виждон :

Виждон ҳақиқатни акс этирувчи бир ойнадир.

Умумий виждон бутун халқнинг туйғу ва муҳокамаси демакдир. У бутун маълумотларни ва идрокларни маълум ва ҳақиқий бир илҳомдан олади. Умумий виждон, шахсий виждонлар оҳангларининг бирлиги ва баробарлигидир. Умумий виждон бир денгизга ўхшайди. Унда сузиб юрган ёлғонларни соҳилга чиқариб ташлайди. Ёлғоннинг, инкор қилишнинг, сўзи бошқа, иши бошқаларнинг юзига (суратига) туфириб турувчи бу виждондир.

Бир халқ ичида ўзаро хийлакорлик мавжуд бўлса, у халқ бедаво сил хасталигига мубтало бўлгани шудир.

Бир-бирини ёқтирмаган(севмаган), фикр-мулоҳазаларини бир-бирига тушунтира олмаган, бири иккинчисини хуш кўрмаган, бири бошқаси тўғрисида жосуслик қиладиган бир миллат, халқ узоқ мустақил яшай олмайди.

Мулк, бойлик ва мартабо билан жоҳилдан яхши одам ясаб бўлмайди.

Гийбатдан, ёвузлик ва жоҳилликдан ҳоли бўлинг!

Овозинггизни маъноли ва ширин сўзлар билан ёқимли этишга ҳаракат қилинг.

Атроф, чеврангиздан нодўстни эмас, доим дўст ахтаринг.

Инсоннинг иззати, номуси – бу энг бебаҳо қийматдир. Иззатингизни ва номусинггизни сақланг!

Номусли, Иззатли, Ҳурматли кишиларнинг Ватани буюк, ўзи бадавлатдир.

Китоб ичида юлдузчалар билан белгиланган жумлаларга тегишли эслатмалар:

12 саҳифа бўйича:

*Бу ерда “юртбошига” бало борми? Аммо бизнинг қул сифат одамларимиз, мен қайта-қайта таъкидлаганимдек мансабдорга ҳатто мана шунақа ёзувларда ҳам хушoмaд қилишни канда қилишмайди. Амалдорга алчоқлик қилмасанг жонинг кетади-да, а?Қандингни ур “ўзбегим”!! Олий Кенгаш сессиясидан Каримов сўзи, деб келтирилган кўчирмадаги сўзлар менинг мақоламдан олинган. 1989-1991 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Холхўжаев “Турон” труппаси ташкил этиб, ЎзКП МКга тасдиқ учун топширганда, шахсан И.Каримов “жаноблари” труппа исмидан Турон сўзини ўчиришни талаб этгани аниқ. Б.Холхўжаев ҳали тирик ундан сўраб билса бўлади. Қарангки, ўша Каримов бугун Турон соҳиби ўзбеклар “сардори” эмиш?!

**Уюшган ўғирлик, жиноятчилик ва шу кабилар билан “шахсан президентнинг ўзи шуғулланиш …” Борди-ю шу гап рост бўлса, бу нима дегани бўлади? Демак, мамлакатда Президентдан бошқа ҳокимиятнинг ўзи йўқ. Ҳамма қусур шунда-да, ҳамма иш билан “шахсан Президент шуғуланади”, диктаторлик шу эмасми, ахир.

** *Жириновский оддий журналист ёки илм одами эмас, у буюк бир мамлакат сиёсатчиси унинг расмий фикрига сиёсат кишиси, яъни давлатнинг расмий мансабдори жавоб бермасдан, оддий мухбир ёки бир илм одами жавоб қилиши керакми? Мантиқ ҳам ўзига ярашада буларда.

14 саҳифа бўйича:

*Ноинсофликни қаранг, ўзлари компартияларига аъзо бўла туриб, хоҳлаганларини, яъни ўзлари кабиларни қабул қилиб бошқаларни қабул килмасдан, компартия аъзоси бўлмаган бир киши, менинг номимга айтаётган сўзларини кўрмайсизми?! “Ўғри бўл, инсофи билан бўл!”, дейдилар, ахир.

** Кўраяпсизми, “… маърузалар ўқишга имкон яратиш зарурми ё йўқ”, яъни менинг устимдан уларнинг аллақачон “ҳукмлари” тайёр.

***Бу “олимчалар”, юрт ва унинг ҳукмдори орасидаги фарқни, ҳукумат сиёсати ва мамлакат тушунчаларини бир-биридан ажрата олишмайдилар.

**** Ясама “олимчалар”, ўзлари худобехабарлар-у, қаранг, керак жойда Яратганни тилга олишадилар. Аммо улар барча бирдай, жумладан, ўзлари ҳам Яратганнинг ҳузурида жавоб беражакларини хаёлига ҳам келтиришмайдилар. Чунки уларга ўғри ҳукуматнинг ҳаром пули келиб туриши зарур. Улар фақат ана шунинг ташвишида.

31 саҳифада:

* Буюк раҳбар, дейилганда доимий(ўлгунича) раҳбарлик қилувчи ягона шахсни тушунмаслик керак. Қонунлар йўли билан аниқланган муддатда мажбуран алмашиб турадиган шахслар шаклидаги Давлат раҳбари(доҳий) кўзда тутилади.

 

яқин мавзу