Дунё деганлари мана шу …

Бир киши Исо алайҳиссалом билан дўст тутинмоқчи бўлади ва бирга саёҳатга чиқишади. Йўл юриб чарчагач, бир дарёнинг бўйида овқатланишга ва бир пас дам олишга ўтиришади. Йўл халталарида бўлган учта нондан иккитасини шу жойда тановвул қилишади. Ҳазрати Исо дарё қирғоғига тушиб сув ичиб қайтиб келгунича қолган бир нон дастурхондан ғойиб бўлади. Шеригидан “Нонни ким олди?” деб сўрайди. У киши елка қисиб “Билмайман” дейди. Ҳазрати Исо шериги билан яна йўлга тушади. Йўлда иккита боласи билан кезиб юрган кийикни кўришади. Ҳазрати Исо кийик болаларидан бирини олдига чақириб, уни сўяди. Гўштини пишириб ўзи ҳам, шериги ҳам мазза қилиб ейишади. Сўнгра қолган суякларни йиғиб “Аллоҳнинг изни билан ўрнингдан тургин” дейди. Кийик боласи тирилиб, ҳеч нарса бўлмагандай ўрнидан туриб кетади. Ҳазрати Исо донг қотиб турган шеригига юзланиб шундай дейди: “Сендан бу мўъжизани кўрсатган Аллоҳ номи билан сўрайман: Нонни ким олди?” Шериги яна “Билмайман” деб жавоб беради.

Кейин бир ирмоққа дуч келишади. Ҳазрати Исо унинг қўлидан тутиб, сув устида юриб нариги томонга ўтишади. Исо алайҳиссалом яна шеригига “Сенга бу мўъжизани кўрсатган Аллоҳ ҳаққи учун айтгин: Нонни ким олди?” дейди. Шериги бу гал ҳам “Билмайман” дейди.

Сўнгра бир чўлдан ўтаётиб дам олгани ўтиришади. Ҳазрати Исо ердан тупроқ ва қум тўплайди. Сўнгра “Аллоҳнинг изни билан олтин бўл!” деган заҳоти тупроқ уюмлари олтинга айланади. Бу олтинларни уч қисмга ажратади. Сўнгра айтадики: “Бу олтиннинг учдан бири меники, учдан бири сеники, қолган учдан бири нонни олган одамники.” Шунда ҳалиги киши “Нонни мен олдим!” дейди. Ҳазрати Исо эса “У ҳолда буларнинг бари сеники бўлсин!” деб, унинг ёнидан туриб кетади.

Ҳазрати Исо уни тарк этиб кетгач, ҳалиги одамнинг ёнига икки киши келади. Унинг олдидаги олтин уюмини кўриб, ниятлари бузилади. Олтинларни тортиб олиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлишади. У ёлвориб “Келинглар олтинларни

учга бўлайлик, ҳаммамизга етади” дейди. Бу гап ҳаммасига маъқул келиб, олтинларни тақсимлашади. Кейин ораларидан бирини шу атрофдаги қишлоққа егулик олиб келиш учун юборишади. Егуликка кетган киши бутун олтинларга битта ўзи эгалик қилиш учун овқатга заҳар қўшиб олиб келади. Олтиннинг ёнида қолган икковлон эса, учинчи шериклари қишлоққа кетганида уни ўлдирайлик ва ҳиссасини орамизда бўлиб олайлик деб келишиб қўйишади. Егулик олиб келгани кетган шериклари келиши билан бир амаллаб уни ўлдиришади. Олтинларини бўлишиб, энди қоринни тўйғазиб олайлик деб ҳалиги заҳар қўшилган егуликни ейишлари билан тил тортмай ўлишади. Олтин уюмлари чўлда эгасиз қолади. Кўзлари тўймаган уч кишининг жасадлари эса, олтинлар устида қузғунга ем бўлишади. Ҳалол-ҳаромга эътибор бермасдан қилинган ишлар инсонни шу ҳолга туширади.

Ҳазрати Исо сафардан қайтишда ўша жойдан ўтаётиб, ёнидаги шерикларига шундай дейди: “Дунё деганлари мана шу! Дунёдан эҳтиёт бўлинглар!”

Материал, www.ahlisunnat.com сайтидан олинди.

яқин мавзу