Саккизинчи бўлим(21-22 параграфлар).

21. Ўзларини Ўзбекистон демократик мухолифати(ЎзДМ) атаб юрганлар ҳаракатида бирор кўзга ташланадиган воқеалар содир бўлмади.

 

Янги асрнинг иккинчи йили ҳам бошланганди. Аммо бизнинг кишиларимиз(мухолифат номини кўтариб юрганлар)да бирлашибми ёки бошқа бир шаклда бирон самарали сиёсий фаолият бошланганини билдирадиган уринишлар кўринмади ва кўринмасди. Бизнинг ҳикоямизда бир қанча марта сўзлангани сингари, ўтган замон ичида бирлашишга, биргалашиб ҳаракат қилишга уринишлар бир неча марта такрорланган бўлса-да, уларнинг барчаси натижасиз тугаганди. Шуни ҳам таъкидлаб қўйишим керакки, бугунгача(2009) ғурбатдаги ўзбекларни, яъни Ўзбекистон демократик мухолифати деб аталадиганларни  бирлашиб, системали ва самарали ҳаракат қилишга уринишлар, чақириқлар асосан икки буюгимизнинг аравани икки тарафга тортиши оқибатида натижасиз қолди. Уларнинг ҳар иккаласи бирлашишдан қўрқардилар, ҳатто ҳозир ҳам қўрқишади. Чунки бирлашиш учун анчагина яхши ёмон кишилар тўпланиши лозим бўлади. Барча воқеалар, қанчалаб айтилган ёлғонлар. туҳматлар, қанчалаб моддий аҳамиятга эга бўлган алдам-қалдамлар ўртага ташланиши мумкин  бўлади. Демак, кўпгина ҳақиқатлар, кимнинг кимлиги ўртага чиқади. Ана ўша вақт эса, бизнинг буюкларимизнинг иккаласи ёки улардан бири лидер(уларнинг ҳар иккаласини ҳам яқинлари раис дейишади) дейилган номдан ажралиб қолишлари жуда мумкин. Ҳатто айнан шундай ҳам бўлар. Уларнинг ҳаёти эса, ана ўша раис номидан ажралмас қолганди. Менинг бу жумлаларим учун алоҳида исбот келтиришга ҳожат йўқдир, деб ўйлайман. Чунки бизнинг бу буюкларимизнинг хусусияти ва башараси бугун ҳаммага ойдинлашгандир. Бироқ оғайниларнинг ҳар бири (тўғрироғи ҳар биримиз) ўзича нималарнидир қилаётгандай, қилишга уринаётгандай, нималарнидир тузишга уринаётгандай кўринарди. Масалан, иғвохона деб ном олган бўлса-да, А. Пўлатовнинг қўл остида <бирлик.нет>, савияси эуда лозим бўлганида даражада бўлмаса-да, Эрк партиясининг ҳам бир интернет сайти ўзбекча хабарлар бериб туришаётгандилар. Мақолалар ёзиш, радиоларда чиқишлар қилиш каби фаолиятлар ҳам тўхтаб қолмаганди. Аммо ҳеч бири бир-бири билан боғланмасди ва аксинча боғланишдан қочишаётганга ўхшардилар.

Шундай қилиб, Ватанда ҳаётнинг яхшиланиши, сиёсий ва бошқа ислоҳотлар амалга оширилиши йўлида мен ҳам ўз имкониятларим даражасида нималарнидир бажаришга ҳаракат қилиб турдим ва нималарнидир бажарган ҳам бўлдим. Бирлашиб, системали ва самарали ҳаракат қилишга уриниш масаласида эса, ўша замонларда ЎзДМ)Ўзбекистон демократик мухолифати) номида юрганларнинг ичида сусткашларидан бўлмадим, десам мақтанган бўлмайди. Ана шулар ҳақида ва чет элларда юриб, ўзларини ЎзДМ атаганларнинг мен билган ва янги асрнинг иккинчи йилига тегишли фаолиятлари ҳақида қуйида ҳикоя давом қилади.
2001 йилнинг бошларида <бирлик.нет> нинг меҳмонлар китобида изоҳ қолдирадиган бир ўқувчи пайдо бўлди. Унинг исми Наргиза эди. У ўз имаил адресини (агар у ҳақиқий бўлган бўлса) ҳам очиқ ва тўла ёзганди. Хотирамдан кўтарилмаган бўлса, Австралияда ўқияпман деб кўрсатганди. Мен унинг қолдирган изоҳини ўқиб,  ҳар ҳолда бу қиз, кўнгли очиқ, Эрк ва Бирлик номида чиқадиган интернет саҳифаларда эълон қилинаётган маълумотларга ишонадиган, мусулмон бириси экан деб қабул қилдим. Чунки бу Наргиза қиз, ёзганларида Оллоҳнинг исмини анча дуруст, ўринли қўллаганди. Мен унинг қолдирган адресларига ишондим.. Хуллас, унга жавоб ёзса бўлади каби қарорга ҳам келдим. Чунки бизда сиёсатни тушунадиган ва унга қизиқадиган xотин-қизлар жуда оз эди. Ҳатто уларни йўқ, десак ҳам бўларди. Қизларимиздан бири чиқибди, уни бироз рағбатлантириш лозим деган тушунча пайдо бўлди менда. <бирлик.нет>-нинг меҳмонлар китобида (иғвохонада) эса, қиз исми билан изоҳ ёзадиганлар жуда оз эмасди. Аммо уларнинг кимлиги ва жинси ёзувларидан шундай кўриниб турарди. Унинг устига уларнинг ҳеч бири адрес қолдирмасдилар. Шунинг учун ўзбек хотин-қизларидан бўлиб, сиёсат билан қизиқадиган бўлишсалар, ҳатто улар ўша замонлар каримовчилар бўлса ҳам мен учун унча фарқ қилмасди. Иш қилиб, бизнинг хотин қизларимиз ҳам фаоллироқ бўлиши мен учун энг муҳими эди.  Шу сабаб мен Наргизага мактуб ёздим ва бизнинг ёзишмаларимиз анча вақт давом этди. Ёзишмаларимизда Ўзбекистоннинг бугуни ва келажаги, жумладан дин масалалари, айниқса Ислом динининг Ўзбекистондаги ўрни ва роли, оила масалалари, ҳатто кўп хотинлик ҳақида ҳам ёзишмаларимизда сўзлар бўлганди. Ҳатто мен Наргизанинг Пайғамбаримиз (сав) ҳаётларига тегишли бир қатор саволларига ҳам баҳоли қудрат жавоблар қайтаргандим. Бизнинг ёзишмаларимиз бир йиллар чамаси давом қилди. Бундан сўнгра Наргиза уфқдан йўқ бўлиб қолди. Билмадим нима бўлди? Ундан ҳеч қандай из қолмади. Имаилга жавоб бермай қўйди. Менимча, ўзини жуда муслима бир қиз этиб кўрсатган Наргиза ҳам аслида ҳақиқатан ўзбек қизи бўлмай, бу ҳам яна ёлғон, тўқилган, қиз исмини ҳам ниқоб қилиб олишдан уялмайдиган бир безбет бўлган бўлса керак. Мен унга ишониб, янглишгандим, шекилли. Аммо унга расмиясиз бирон бир сўз ёзмадим, албатта. Ҳар ҳолда Наргиза ҳақиқатан холис ўқувчи бўлмаган. Ҳатто у аёл киши ҳам бўлмаган бўлса керак. У, Наргиза аталмиш киши ҳам ўша ота-онаси атаган исмини очиқ ёза олмайдиган аянчлилардан бири бўлгандир деган шубҳадаман. Оллоҳга шукрки, айтганимде, мактубларимда мен учун жуда муҳим ҳисобланган сўзларни қўлламагандим. Сиёсий масалаларда ҳам эҳтиётли сўзлар қўллагандим. Дин ҳақида ҳам китоблардан ўқиганларимга асосланган фикрларни ёзгандим.
1999 йилда Норвегияга келиб жойлашганим аниқлаганидан бошлаб бу йилнинг (2001) бошларида ҳам чет элларда ЎзДМ номидан унча-бунча қимирлаб турганларнинг деярли барчаси мен билан телефон ёки электрон почта орқали алоқада бўлиб туришдилар. Ҳатто А. Пўлатов ҳам менга телефон қилишни бошлади. А.Пўлатов билан алоқаларимиз 1995 йил Вашингтон учрашувимиздан сўнгра узилиб қолганди. Ҳозир вақтини унутдим, ҳар ҳолда 2000 йилда эди А.Пўлатов Америкадан менга икки кун кетмакет қўнғироқ қилди. Ҳар икки кун ҳам телефонда асосан Пўлатов сўзлади. Мен уни тингладим. Мен, икки кунда сал кам тўрт саотлик телефон сўзлашувда фақат, Абдураҳим, ўтган йиллар давомида сиз ҳам бирорта хатога йўл қўйдингизми? Келинг хатоларимизни тан олайлик. Ундан кейин бирор нарсалар ҳақида сўзлашсак бўлади, дея олдим, холос. У менга бошқа сўзлашга ўрин қолдирмади. Охирий, сўзлашувимизнинг иккинчи куни унинг сўзларини охиригача тингламасдан телефонни ёпиб қўйдим. Айниқса шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, 1996 йилда газетачилик фаолиятимиз тўхтаб қолиши сабаби билан мен ва Муҳаммад Солиҳ орамизга тушган совуқлик бу замонга келиб анча ўнгланиб қолганди. Энди М.Солиҳ ҳам Норвегияга муҳожир ўлароқ келиб олганди. У менга тез-тез телефон қилиб ва ўзининг сиёсий фаолияти ва бошқа турмуший масалалар ҳақида маслаҳатлашиб турадиган бўлганди(А.Пўлатовнинг туҳматидаги каби мен М.Солиҳга телефон қилишим эмас, тамоман акси эди).  Бу ҳолни ҳозир қайд қилиб қўйишимнинг яна бир сабаби бор. Чунки замоннинг кечиши давомида мен ва М.Солиҳ орамиздаги яқин”лик такрор бузилади. Бунинг сабаблари ҳақида ҳикоямизнинг давомида сўз бўлади. Шунинг учун М.Солиҳ ва менинг орамиздаги иккинчи узилишнинг сабабини ўқувчилар яхшироқ тушунсинлар деган мақсадда унинг мен билан алоқасининг қанчалар зичлигини шу ердан бошлаб ўрни келганда хотирлаб ўтавераман.
Шундай қилиб,2001 йилнинг бошланғич кунларидаёқ менга бир қанча телефонлар бўлиб унинг бири М. Солиҳдан бўлди. Муҳтарм М.Солиҳ бу сафарги телефон хабарида пўлатовларнинг пасткашликлари, яъни уларнинг манфаатпараст, пулпарастликлари (пулпарастлик атамаси М. Солиҳга тегишли) ҳақида эшитган янгиликларни менга етказиб қўйишни истаган экан. Иккинчи аҳамиятли телефон Доктордан бўлиб, бу киши Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф(Тақсир)нинг Ватанга қайтганлиги ҳақида ишончли хабар топиб, ундан мени ҳам хабардор қилишни лозим кўрган экан. Докторнинг бу хабари мени анча хаёл суришга тушириб қўйди. Чунки унинг бу хабари мени икки хил вазиятга туширганди. Биринчидан, наҳотки Ўзбекистонда бирор ижобий ўзгариш бўлган бўлса, деб ўйласанг, бошқа тарафдан эса, Ўзбекистондаги ҳукм соҳибларига ҳеч қандай ишонч йўқлигидан, уларнинг инсофсиз, мафкурасизлигидан, ахлоқсизлигидан қайғуришни ҳам билмасдинг киши. Охирий, Оллоҳ Ўзи бандаларига инсоф берсин, Тақсирнинг Ватанга қайтиши хайрли бўлсин, деб қўйдим, ўзим ўзимга. Ўша куни бошқа дўстлардан бўлган телефон сўзлашувлар асосан шахсий ва оилавий характерда бўлгани учун улар ҳақида ёзиб ўтирмадим.
Бу вақтларга келиб,“Эрк партиясининг Самарқанд вилоят ташкилотининг раиси Сулаймон Муродов (марҳум, раҳматли 2008 йилда вафот қилдилар) ҳам АҚШ сиёсий муҳожирлик мақомига эга бўлганди. Навбатдаги қўнғироқ  Сулаймон Муродовдан бўлаётганди. Ҳар доим биз учун муҳокама қилинадиган энг муҳим ва долзарб масала мухолиф ҳаракатимизнинг бугунги аҳволи ва унинг тақдири ҳақида бўларди. Ҳозир ҳам С.Муродов билан ўша масалалар ҳақида бир мунча вақт телефонда сўз қилдик. Нималарнидир бошлашга ҳам келишдик.  Бу сўзлашув битар-битмас Ослодан М.Солиҳ телефонга чиқди. У менга бу сафар бироз ачинарли воқеадан хабар берди. Унинг сўзига қараганда М.Солиҳнинг укаларига Ўзбекистонда ўта инсофсизларча азоб берилаётганди. Ҳа, Эй Оллоҳим! Ўзбекистон ёруғ дунёнинг жаҳаннамига айлантирилди, бу нимаси? Наҳотки биз бандаларинг шунчалар йўлдан оғдикми-а? Кишилар ноҳақ қамоқларга ташланса ва улар турли хил исканжа, азобларга дучор қилинсалар … Сиёсий масалаларга боғли бўлмаган бошқа бир қатор телефонлар ҳам бўлди, албатта. Уларнинг ичида Канада яшашаётган болаларимдан ва Норвегиянинг Олусунд шаҳаридан Доктордан бўлган  қўнғироқлар эди.
Йилнинг ўтган кунларида у хил, бу хил воқеалар содир бўлиб турди, албатта. Бу замонлар Туркиянинг Ўзбекистондаги буюк элчиси янгиланганди. Туркиянинг бу янги буюк Элчисининг баёнотини матбуот органлари эълон қилишди. Ўша баёнотга кўра, “Туркия бундан буён Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда бўлганларни Туркиянинг душманлари, деб билармиш. Бу баёнот ўз вақти учун ўзига яраша жуда аҳамиятли воқеа эди. Яъни Туркия ҳукуматининг Ўзбекистонга ва у ердаги сиёсий вазиятга баҳоси мамлакатнинг Буюк вакили тарафидан очиқ ифодаланмоқда эди.
Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида сўз кетаркан, Туркия ҳукумати ва унинг фуқаросининг Ўзбекистонга ва ўзбекларга муносабатларини алоҳида-алоҳида кўрсатиш тўғри бўлади деб ҳисоблайман. Ўша замоннинг (19912001) Туркия ҳукумати, ўзбекистонликлардан Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф фикрда бўлишган кишиларга ва ташкилотларга ҳеч бир замон илқ муносабатда бўлмади. Шу маънода Туркиянинг бу янги Буюк элчиси тарафидан қилинган баёнотда янги бир сўз йўқ. Бироқ Туркия фуқароси, халқи, ватандошига келсак, бу ерда бутунлай бошқа кўринишга гувоҳ бўлганмиз. Туркияликлар, яъни Туркиянинг ватандоши (ўзларини турклар деб ҳисоблайдиганлари) Ўзбекистондан бу ер(Туркия)га келган кишиларни ўз қадрдон қардошлари (уларни отаюртдан келганлар деб) каби қабул қилишдилар. Бу ҳолни биз оилавий ҳис этганлардан ва яшаганлардан биримиз дейишга бурчлимиз. Менинг оилам болалар ва неваралар билан бирга 16 киши, оила ҳисобида 4 оила икки йилдан кўпроқ вақт Истанбулда яшадик. Бу муддат давомида биз ҳеч биримиз ҳеч бир жойда ишламадик, ишлай олмадик. Аммо туркиялик қардошларимиз ёрдамида кун кечирдик. Ўша замонларда биз каби яшаётганлар, бизнинг аҳволимизни бошидан кечираётганлар Туркияда фақатгина бизлар эмасдик. Бизга ўхшаш анчагина ўзбекистонлик оилалар Туркияда яшашардилар. Ўйламанки, уларнинг бирчасига турк қардошлар бизга кўрсатган яхшиликларни кўрсатишгандир.

Биз, Истанбулда икки йилдан кўпроқ вақт яшаб қоларканмиз, ҳеч бир вақт ўзимизни мусофир каби, бошқа бир юртда яшаётган каби сезмадик. Бунинг учун туркиялик қардошларга ўзим номимдан ва бутун оила аъзоларим номидан чексиз миннатдорчилигимни ва ташаккурларимни билдираман. Туркияда яшаган замондан (19972000) буён ҳар доим биз туркияликлар ўрнида бўлсак, биз ҳим улар бизга кўрсатган яхшиликларни, саҳийликларни қила олармидик? каби ўй ва хаёлларда яшайман. Аммо такрор айтиш лозимки, Туркия ҳукумати бизга, яъни ўзбек демократик мухолифатига доим дўст бўлмаганлар кўзи билан қаради. Биз эса, руслар истилоси остида ўзбек-турк миллатчиси сифатида курашга чиққанлар эдик.


Оллоҳнинг қудрати билан рус босқинчиларидан мустақил бўлиб қолган Ўзбекистонни эса, Туркистоннинг қанчадан қанча олимларини, фозилларини, қаҳрамонларини “пантуркист тамғаси билан босқинчиларга сотишган хоинлар бошқараётган эди. Бу ҳолларни Туркия ҳукуматида ўтирганлар ҳам жуда яхши билардилар. Шунга қарамасдан Туркия ҳукумати Туркистон ҳудудида босқинчи русларнинг қўл остида қанча азоб-уқубатлар билан етишган туркчиларга соҳиб чиқамади ёки соҳиб чиқа олмади.

Бу вақтларга келиб (2001 йилнинг бошлари) Эрон радиоси Машҳад шаҳридан Ўзбекистонга мўлжалланган ўзбек тилида радио эшиттириши ташкил қилинган эди. Машҳаддан ўзбекча эшиттириш олиб борувчилар ҳам кейинги замонларда менга телефон қилишиб, дунё воқеаларига муносабатларим ҳақида фикрлар сўрашадиган бўлишганди. Бу сафар эса, Машҳаддан қўнғироқ қилишиб, Туркия Буюк элчининг ҳалиги баёноти ҳақида мендан фикр сўрашдилар. Мен уларга ҳозиргина юқорида ёзганларим шаклида фикр билдирдим.

Машҳадликлар мени Эронга зиёратга таклиф ҳам қилишаётгандилар. Мен уларнинг бу таклифларини қабул ҳам қилдим. Шу сабаб Эронга сафар қилишга ҳаракат қилиб кўрдим. Бунинг учун эса, Эронга сафар қилишни истаб ва бунга ижозат сўраб, Эроннинг Норвегиядаги элчихонасига мурожаат қилишим лозим бўлди. Қисқаси, Эрон элчихонаси менга виза бермади. Ўша Эронга бориш учун ҳаракат қилиб юрган кезларда калламда қуйидаги фикрлар айланиб қолди. Улар мана шундай эди: шу кунларда мустақил давлатлар ҳисобланаётган собиқ советларнинг Ўрта Осиё республикаларида (бир вақтлар Туркистон деб аталган юртларда) ҳокимият кимларнинг қўлида қолди, қолмоқда? Бизни бугунгидек аянчли аҳволга кетирган душман қандай ёвуз душман экан-а, деб ичимда куйинардим. Шу хаёллар билан бирга бугун-чи, бугун бизнинг душманимиз, Туркистоннинг душмани ким деган савол ўз-ўзидан хаёлимга келди. Чунки мен ақлим кириб, дунёни таний бошлаганимдан буён рус босқинчилар бешта ўлкани эмас, битта Туркистонни истило қилганликларини тушуниб етганман. Шунинг учун бир бутун уркистон ўлкасининг ҳозирлар бешта ном билан аталишини мен ҳеч қабул қила олмайман.

Хуллас, бугун (2009) мен мана буларни ёзишни лозим ҳисоблайман. Туркистоннинг душманлари кимлар? Менинг фикримча улар уч гуруҳдир. Уларнинг биринчи гуруҳи, Туркистоннинг тарихан маҳаллий нуфуси туркларнинг бирлигини истамайдиганлардир. Буларга энг аввал арманлар ва бугунги Арманистон деб аталувчи давлат киради. Шу билан бирга ҳозирги замон катта сиёсатини тебратувчилар ҳам Туркистоннинг ёки дунёда туркларнинг умумий бирлигини истамайдилар. Улар турклар бирлигидан жуда қўрқадилар.

Душманимизнинг иккинчи гуруҳи, Туркистонда ягона Ҳақ дин Исломнинг ўз тарихий ўрнини эгаллашидан қўрқувчилардир. Бу гуруҳга энг аввал яҳудийлар ва сионистларнинг Исроил номли давлати киради. Бугунги дунё сиёсатини юргузаётганлар ҳам турклар бирлигидан қўрққанлари сингари Исломнинг тикланишидан ва Ислом дунёси бирлигидан, жумладан Туркистонда Исломнинг тўла ва мукаммал тикланишидан ҳам қўрқишадилар.

 

Учинчи душманимиз эса, юқоридаги икки ёвуз душман ёрдамида ёки ўшаларнинг қўли билан Туркистонни қайта истило этишга умид қилмоқда. Бу душман ўта оч ва жоҳил, ёвузликда тенги йўқ империалист руслар ва аламзада рус давлатидир. Бу гуруҳга чинларни ҳам бемалол киритса бўлади.

Шундай қилиб, яна ҳикоямизга қайтсак, М. Солиҳ Ослодан телефон қилганди, алоқа яхши бўлмади ва оқибатда кун давомида у билан бир неча марта қайта-қайта телефонлашишга тўғри келди. М.Солиҳ Ватанда қолаётган болаларини у ердан чиқариш бўйича баъзи бир маслаҳатлар сўраш учун менга алоқага чиққанди. Бу масалада мен билан тажриба алмашиш нияти бор эди.  Бундан ташқари бугунги қўнғироқлардан бири Ҳамид Исмоилдан (Лондон) бўлди. Ҳамид Исмоил(ўша 2001 йиллари ББС радиоси ўзбек шубаси мудири), бугун (2001йил 20-июн) бутун дунё қочоқлар куни ва бунинг устига Ўзбекистонда қама-қамалар янги кампанияси бошланганлиги муносабати билан бир суҳбат ўтказишни режалаштирган экан. Суҳбатда менинг қатнашимни лозим кўришибдилар. Ҳ.Исмоил Канадага менинг болаларим яшайдиган шаҳарга ҳам телефон қилиб, уларнинг бири билан ҳам суҳбат қилибди. Ундан бутун дунё қочоқлар кунига аталган эшиттиришларида муҳожирликдаги ҳаёт ҳақида фикр сўрабди.

Ҳамид Исмоил мен билан суҳбатини савол жавоб шаклида ўтказди. Саволларнинг барчаси ўша кунларда Ўзбекистонда ўтказилаётган қамашлар ва ҳукумат томонидан фуқарони алоҳида эҳтиёткорликка чақириш ўтказилаётгани ҳақида бўлганди. Ҳатто мамлакатнинг ички ишлар  вазири З.Алматовнинг шахсан ўзи Ўзбекистон бўйлаб кезиб, ўша мавҳум эҳтиёткорликка даъват билан шуғулланаётгани ҳақида савол-жавоблар бўлди.

Бергенга (Норвегия) қочоқ мақоми билан келганимда менга даставвал бир камп(келгиндилар ётоқхонаси)да вақтинчалик яшашга жой беришди. Ўша ётоқхонада  менгача бу ерга келиб жойлашишган туркманистонли Ёвшон Аннагурбанов ва озорбойжонли Ёдгор Закария исмли кишилар оилалари билан сиёсий қочоқлар мақомида  яшар эканлар. Ўша туркманистонли Ёвшонга Туркманистонда нашр қилинаётган газеталардан бирнечаси келтирилган экан. Улардан бир неча нусхасини қараб чиқиш ниятида мен ҳам олдим. Газеталар совет замонида нашр қилинганлари каби тўрт саҳифалик эдилар. Ўша газеталарнинг энг ажойиб кўриниши шундан иборат эдики, уларнинг биринчи уч саҳифаси Сафармурод Ниёзовнинг (ўша замонлар учун Туркманбошининг) расмлари билан тўлғазилганди. Саҳифаларнинг расмдан ортиб бўш қолган жойлари эса, катта-катта ҳарфлар билан ёзилган шиорларга ўхшаш сўзлар билан тўлғазилганди. У сўзлар ҳам Туркман бошининг “буюк ютуқларига бағишланарди. Ўша газеталарни кўрган киши, кулишини ҳам, йиғлашини ҳам билмасди. Ўша газеталарни кузатган кишининг туркман деб аталадиган эллатга ичи ачимаслиги ҳам мумкин эмасди. Газеталарнинг рус тилида нашр қилинганлари ҳам бор эди. Мен туркманчадан русчани дурустроқ тушунганим учун русча матнларни ўқидим. У ерда Туркманбошини мадҳ этиш учун рус тилида бор бўлган сўзларнинг барчаси, балки улардан кўпроғи, яъни янгидан тузилган русчага ўхшаш қўшма сўз ва иборалар ҳам қўлланилганди. Газетадаги мақолаларнинг бирига Сапармурад Туркманбашы – творец великой независимости, деб ном берилганди. Бу сарлавҳа мен учун энг кулги туюлди. Менимча, дунёнинг энг машҳур ҳажвиячиси ҳам бундай кулгили ибора топишга ожиз қолган бўларди. Яна ҳам қизиғи шундаки, рус тилида учрамайдиган бир жумла деймизми, қўшма от деймизми тузишган эдилар. Қаранг, … великой независимости”, яъни Великая независимость” дейишаяпти, менимча руслар бундай ибора ишлатмайдилар, ахир. Ўзбек тили ёки туркман тилида ҳам бундай ибора йўқдир. Масалан, ўзбеклар Буюк мустақиллик, демайдилар-ку, ахир. Менимча, мустақиллик сўзига ҳеч бир тилда буюк, катта, яхши ва бошқа шу каби сифатлар тиркалмайди.

Ҳар кунгидек қўнғироқлар давом қилиб турди. Уларнинг бири Сулаймон Муродовнинг Америкадан қўнғироғи бўлди. У ўзининг қайноғаларидан бирини Ўзбекистондан чиқариши ҳақида мен билан маслаҳатлашишга бағишлаганди. Ҳатто унга менинг ёрдамим керак эди, яъни у мендан бу масалада аниқ ёрдам сўраётганди. Менинг ёрдамим нимадан иборат ва қандай шаклда бўлиши кераклигини бироз кейинроқ ёзаман. Ҳозир эса, С.Муродовдан эшитганларим таъсирида хаёлимдан кечганларни баён этишни лозим кўрдим. Биринчидан, унинг қайноғаси ҳозироқ қандайдир йўл билан Америкага келиб олганмиш. Аммо бугунги масала, уни қандай йўл билан Америкада қолдириш мумкинлиги ҳақида бўлаётганди. Менинг партиядош ва ғоядош, ҳамфикр дўстим С. Муродовга ўша қайноға бўлмиш эса, мен Ватандалигимда Самарқанд шаҳарида мансабдорлардан бири ҳисобланар эди. Биз эса, Ватаннинг мустақиллиги ва Ўзбекистонда бирор инсофли давлат системаси тузиш хусусида югуриб елган, жонимизни жабборга бериб юрган вақтлар эди. Бу ҳаракатларимиз учун биз, аввал совет ҳукумати, сўнгра Сулаймон дўстимнинг ҳозир Америкада қолдирилиши зарур бўлган қайноғаси ҳам ходими бўлган советлардан мерос қолган жонажон “мустақил Ўзбекистон ҳукумати аталмиш безорилар тўдасидан кетма-кет тазйиқ, азобларга дучор бўлаётган эдик. Ана шундай бир вазиятда, улар – С. Муродовга ўша қайноға бўлмишлар, аввал советлар ҳукуматидан, ундан сўнгра Ўзбекистоннинг янги ҳукумати аталмиш безорилар тўдасидан садақалар олаётган бўлиб, бизларнинг уринишларимиз уларга телбалар иши бўлиб кўринарди. Улар ҳақиқатан очиқчасига бизни ўша замонлар тентаклар, ақлдан озганлар, телбалар деб аташардилар.

Оллоҳнинг қудратига қарангки, ўша замонларда советлардан ҳам, мустақилликнинг бошланғич йилларида Ўзбекистон “янги ҳукумати аталмиш тўдадан ҳам яхшигина садақа олиб (яъни яхшигина мансаб курсиларида ўтиришга муносиб топилган) турган ва биз каби идеалистларни телбалар ҳисоблаганлардан бири, яъни менинг С.Муродов каби сафдош, ғоядошимнинг қайноғасими(укаси) ўша садақалардан кўра, Ўзбекистондан чиқиб кетишни дурустроқ ҳисоблайдиган бўлиб қолибди. Эй Оллоҳим, бизнинг барча мусибатимиз шундаки, бизда бирлик тушунчасининг йўқлигидир. Бизнинг кулфатимиз яна шундаки, биз ҳамиша бугунни, ҳозирни ўйладик ва фақат оёғимиз остини кўрдик ва бугун ҳам шундайлигимича қолиб турибмиз. Ҳатто оёғимиз остини ҳам аслида дурустроқ кўра олмаймиз. Агар биз советлар тугаётган бир замонда, унча-мунча ўзимизни зиёли сифат билганларимиз биргалашиб, оёғимизнинг остидан бироз нарироққа қарай олганимизда эди, балки бугунги кўргуликлар бўлмаган бўларди. Нима ҳам дейсиз, аҳволимиз, бору-будумиз шу, шулар эканмиз. Шу сабаб бугунги кунларни бошдан кечирмоқдамиз …

Шундай қилиб, С. Муродов дўстимнинг ўша қайнукасини Америкада қолдиришда менинг ёрдамимга келамиз. У нимадан иборат бўлиши керак эди? Менинг дўстим раҳматли С. Муродов мендан ўзининг қайнукасига қандай ёрдам берилишини истаётганди? Ўша замонда  мазкур ёрдам ҳақида С. Муродов ва менинг ўртамизда бўлиб ўтган сўзларни бу ерда ёзиб ўтирсам ўқувчилар тўғри тушунмасликлари мумкин деб ўйлайман. Чунки ўша сўзлашмада қатнашган иккинчи тараф – С. Муродов бугун раҳматли, у бу дунёда йўқ. Бизнинг сўзлашмамиз дейманми, тортишмамиз дейманми, англашмамизми уларни бир четга қўйиб турсам-да; фақат ўша воқеанинг хулосасини айтсам, С. Муродовнинг ўша қайнукаси Америкада сиёсий қочоқ мақомига эга бўлди. Насиба экан, бир вақтлар бизни телба ҳисоблаган “ақлли”лардан бири, биз телбалар сингари мухолифат аъзоси сифатида сиёсий қочоқлик мақомига эга бўлди.

Кунлар ўтиб йилнинг (2001) охирига келиб, бизнинг мухолиф ҳаракатда ҳеч бир илгарига силжиш кўринмаса-да, бироқ дунёда анчагина шов-шувлар бошланиб кетди. Улардан биринчиси шу бўлдики, Афғонистонда (10.09.2001) Толиблар ҳукуматига мухолиф ҳаракатда бўлган тарафнинг машҳур қумондонларидан бири А. Масъудга суиқасд содир этилгани ва унинг ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқади. Бу воқеа фақатгина Афғонистон учун эмас, бутун дунё учун ҳам жуда муҳим бир кутилмаган воқеа эди. Бироқ бундан бир кун кейин содир бўлган ҳодиса ундан бир неча даража кўпроқ даҳшатли бўлди. Шунинг учун бу янги ўта даҳшатли ҳодиса қаршисида А. Масъуднинг жонига қилинган қасд, ҳеч нарсага арзимай қолди. Чунки А.Масъуднинг ўлимидан бир кун кейин (11.09.2001) XXIасрнинг энг буюк, энг жирканч, энг ваҳшиона воқеаси содир бўлганди. Бу кун Америка Қўшма Штатларининг марказий шаҳри Нью Йоркда ва мамлакатнинг пайтахти Вашингтонда бир неча мисли кўрилмаган улкан портлашлар содир этилганди. Аслида генерал Масъудга суиқасд ва 11-сентябр воқеаларини режалаштирган ва амалга оширганлар айни кишилар, айни террористлар эдилар, шекилли. Бу икки мудҳиш воқеа бир гуруҳ тарафидан қандайдир ёвузлик режасининг бошланғич амалиётлари эди деб билиш тўғриси бўлади. Бу воқеалардан сўнгра ўтган замон ҳақиқатан шундай эканлигини исбот ҳам қилди.

Шундай қилиб, 2001 йилнинг 11– сентябрида тарихга 11– сентябр номи билан киритилган ваҳшийлик-террористик акт, ўта ваҳший, йиртқич сифат террористлар тарафидан амалга оширилди. Яъни бу кун Нью Йорк шаҳри марказида жойлашган, буюк савдо маркази ҳисобланган иккита осмонўпар бинога йўловчи учоқларининг келиб урилиши натижаси ўлароқ, улар вайрон қилинди. Бинода ишлашаётган уч мингдан кўпроқ кишилар қурбон бўлдилар. Шу вақтнинг ўзида мамлакатнинг пайтахти Вашингтонга ҳам бир йўловчи учоғи келиб тушди дейилган хабар ҳам тарқатилди. Бу воқеалар ҳақиқатан мисли кўрилмаган даҳшатли воқеалар эди. Бу ҳодисанинг тафсилотлари бир аср давомида ёзиб тугатилмаса керак.

Бу воқеа ҳақида мен интернетдаги хабарларни ўқиб ўтириб, ўқиётганларимга ишона олмасдим. У ердаги ёзувларни кўриб бу нимаси, деб ҳайрон бўлардим. Американинг ўртасида шунақа портлаш бўлишига ўзимни ҳеч ишонтира олмасдим. Американинг ичида шундай бир ҳодисанинг бўлишига ва уни кимдир ташқаридан келиб содир этиши мумкинлигига қанча қилмайин ишона олмасдим. Буларни ҳеч тасаввуримга сиғдира олмасдим. Бироқ вақеа ҳақиқитан содир бўлганди. Иморатлар учоқлар билан уриб йиқитилганди, портлашлар содир бўлганди. Бу воқеага шундай ташқаридан қаролса, уни душман ҳужуми деб атаса бўларди.

Охирий компютердан узоқлашиб, хаёлга долдим. Биринчи калламга келган фикр, “Бу агар террористик ҳужум бўлса, бундай иш ундай-бундай террористик гуруҳларнинг қўлидан келмайди, каби бўлди. Шундай хаёллар билан банд бўлиб ўтирган маҳалда Канададан (11.09.2001, кечқурун) болаларим телефон қилишдилар. Телефонда ҳуқуқчи қизим Фароғатжон эди. У Америкадаги портлашлар ҳақида фикрларимни сўради. Унга ҳозиргина хаёлимдан кечиб турган фикрларни сўзладим: Она қизим, билмай қолдим, нима дейишимни ҳам билолмайман. Бу мусулмонларнинг ишимикан-а? Йўқ, болам, бунга ишонгим келмайди. Борди-ю агар шундай бўлган бўлса, бу воқеалар Бин Лодинга бориб тақалади. Демак, бу ҳолда Бин Лодин бутун дунёни эгаллабди дейиш лозим бўлади. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Бин Лодин деганларида бундай куч ва имконият борлигига мен ишонмайман. Менимча, бундай буюк ишларни америкаликлар ўзлари қилишлари мумкин. Ҳатто Қўшма Штатларнинг разветкаси аралашмасдан бундай катта амалиётни ҳеч ким амалга ошира олмайди. Биласан, уларда ҳам бу сафарги сайловларда кўп проблемалар бўлди. Ким билсин, бу воқеалар орқасида кимлар турибди ва нималар бор? Янада бўлса, Оллоҳу таоло билади. Жоним болам, нима бўлса бўлгандир. Аммо бу даҳшатларни амалга оширганлар ниҳоятда шафқатсиз, ёвуз кишилардир, деб жавоб қилдим қизимга. У эса, Дада, яна мусулмонларга ёмон бўлди-да, деб қўшимча қилди.

Қизим билан телефон сўзлашувимиздан сўнгра ҳам бироз вақт кечди. Ниҳоят, жаҳоншумул бу мудҳиш, даҳшатли воқеа ҳақида бугунги фикрларимни қуйидаги кўринишда қоғозга тушуриб қўйдим: «Бу жаҳоншумул мудҳиш ҳодисани содир этган ким ёки кимлар? Ҳа, биринчидан, ҳодиса ҳақиқатан террористик актнинг натижаси эканлиги ҳақида иккиланишга ўрин йўқ. Аммо қайси бир террористик гуруҳ бундай улкан ишни амалга оширди? Ҳозирги вақтда террористлар деб ном олган, тўғрироғи Американинг ўзи террористлар деб номлаган гуруҳлар бундай улкан ишларни бажара оладиларми? АҚШ-дай бир мамлакатнинг нақ марказида бунчалик катта портлашларни амалга ошириш анчайин бир ўйин эмас-ку, ахир.Учоқлар аниқ бир ҳаво лиманидан чиқишиб, ҳеч хатосиз мўлжалга етиб келишганларини қандай изоҳласа бўлади? Шу билан бирга деярли айни замонда мамлакатнинг ҳарбий вазирлиги жойлашган бинонинг олдида ҳам ўшанақа портлаш юз берса? Бундай ҳодисаларни оддийгина изоҳлаб бўлмаслиги ҳам кўриниб турибди. Шунинг учун мен ҳам бу воқеалар ҳақида хулосаловчи фикр айтишдан сақланиб тураман. Шунга қарамасдан, бундай оламшумул ҳодисаларнинг тайёрланиш жараёнидан АҚШ давлати махсус органларининг мутлақо хабарсизлиги ва портлашларнинг бу қадар қойил мақом этиб айни вақтда, жуда қулай амалга оширилганлиги мени қатор шубҳаларга тортади. Бу ҳодисаларда давлат махсус органларининг қўли йўқлигига менинг ҳеч ишонгим келмаяпти. Демак, бу кўп мингглик қирғин келтирган ҳодиса мамлакатнинг ичидаги ўзаро антогонистик қарама қаршиликлар натижасими-а? Наҳотки, шундай бўлса? Ё капиталистик дунёда шуанақаси ҳам бўлармикин?!! Ё Оллоҳ! Ўзинг сақлагайсан бу балоларингдан!”11.09.2001, сешанба, кечқурун.

11-сентябр воқеалари ҳақида дунёда билдирилаётган фикрларни бир неча кунлар давомида кузатиб бордим. Дунё матбуоти, айниқча АҚШ матбуот органлари воқеага баҳо беришда бир томонлама ёритишни ўзларига одат қилиб олди. Уларнинг барчасида бу даҳшатли террористик актни амалга оширган гуруҳни очиқ айтмасаларда, уни мусулмонлар бажаришгани ҳақида тинмасдан ёзишарди. Баъзан ақл бовар қилмайдиган хабарларни ҳам ўқиш мумкин бўлаётганди. Масалан, воқеаларнинг иккинчи куни (12.09.2001) террористик амалиёт бажариш учун осмонга кўтарилган учоқларнинг сони нақ 12-та бўлганлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Дунё матбуот органларида хилма хил тафсилотлар, фикрлар ҳам юз кўрсата бошлади. Масалан, бугуноқ (12.09.2001) баъзи бир матбуот органларида менинг биринчи куни чиқарган хулосаларимга яқин фикрларни ҳам эълон қилдилар. Ҳатто улар бундай мудҳиш ёвузликни Россия, Исроил ва Эрон иштирокидагина амалга ошириш мумкинлиги ҳақида ёза бошладилар. Чунки бундай шафқатсиз, даҳшатли ёвузликларни Россия каби техник имкониятларга эга давлатдан бошқа бирор ташкилот ташкил эта олмайслиги мантиқийдир.

Мени эса, жиноятни ким ва кимлар тайёрлагани ва амалга оширгани кўп қизиқтирарди. Шу билан бирга менинг хаёлимга, «Нима учун ҳозир, шу бугун, яъни 11-сентябрда ваҳшиона жиноят содир этилди? каби савол маҳкам ўрнашиб қолганди. Шунинг учун имконим борича ўқий билган матбуот органларидан ана шу саволга жавоб ахтарардим. Бироқ ҳозирча ҳеч бир мантиққа яқин бирор нарса кўрмаётгандим.

Дунё матбуотида эса, 11-сентябрдан аҳамиятлироқ, ундан янада долзарброқ воқеалар учрамасди. Воқеадан уч кун ўтиб, баъзи матбуот саҳифаларида бир мунча мантиққа яқин фикрлар ҳам пайдо бўла бошлади. Энди дунёнинг йўналтирувчи матбуот органлари ҳам Америкада содир этилган бу фожиали даҳшат биргина ташкилот тарафидан ташкил этилмаганлиги ҳақида ҳам сўз юрита бошлашди. Ҳатто Америка масъулларидан бири террор ичдан ёки ташқаридан ташкил этилганлигини жуда яхши аниқлашимиз керак, деган фикрни ҳам билдирди. Кўринаяптики, масъуллар ҳам, оддий кишилар ҳам бироз ўзларининг нормал ҳолатига қайтишаяптилар. Шулардан кейин Оллоҳга шукр, иншооллоҳ ўч олиш олови охир оқибат, мантиқли қарорга, адолатли қонунларга асосланган бир шаклда ташкил этилар, каби фикрларга ҳам борардим. Шулар билан бирга бу даҳшатли воқеа нима учун айнан шу замон, яъни ҳозир амалга оширилди? , деган савол мени ташлаб кетмасди. Бу қадар шафқатсиз, бу қадар аявсиз, аянчли жиноят айни шу бугун амалга оширилибди, демак бундан олдин дунёда бир муҳим ва оддий кишилар сезмай қолган бир ҳодиса бўлиб ўтгандир. Балки биз кабилар ундан хабарсиз қолгандирмиз. 11-семтябр воқеаси эса, ана ўша муҳим воқеага жавоб шаклида амалга оширилгандир. Ёки яқин келажакда бошқа бир мудҳиш ҳодиса содир бўлмоғи керакдир-а!? Бугун эса, ана ўша келажакда бўлиши керак бўлганига жавоб амалга оширилдими-а? каби саволлар ҳам мени тинчитмасди. Иш қилиб, Оллоҳим Ўзинг бандаларингга инсоф бер деб қўярдим ўзим ўзимга.

Ўша мудҳиш воқеалардан сўнгра тўрт кун ўтди. Бугун (15.09.2001) эса, АҚШ президенти Ж. Буш II(Бушларнинг каттасини Ж.Буш Iва кичигини Ж. Буш IIатаймиз) биринчи марта 11-сентябр воқеаларининг бош жиноятчисининг номини тилга олди ва уни Усама бин Лодиндир деб атади. Мен унинг бу баёнотини тубандагича юрадим: Агар бу фикр чалғитувчи бўлмай, асосий хулосаловчи фикр бўлса, бу ҳақиқий ахмоқчилик бўлиб, Американинг бугунги маъмурияти катта уруш бошламоқ учун у ваҳшийликларни ўзлари ташкил этган бўлади. Менимча, бундай мураккаб, даҳшатли воқеанинг хулосаси бу қадар жўн бўлмас. Бин Лодинни асосий гуноҳкор ҳособлаш учун катта ақл ва АҚШ-дек буюк давлатнинг органлари зарур эмас, ахир. Бин Лодинни Афғонистонда тутиб олиш америка учун ҳеч бир мураккаб иш эмасди-ку. Американинг Афғонистон билан узоқ давом этувчи уруш олиб бориши, умуман Афғонистон каби мамалакат билан урушиши ҳақида сўзлаш бу гўдакнинг иши-ку, ахир. Шунинг учун ҳар ҳолда Бин Лодинга зарба шаклида Афғонистонга бериладиган биринчи ҳужум чалғитувчи бўлиб, асосий-бош зарба эса, бошқа нишон мулжал олинаётган бўлса керак”.

Шу куни Канададан болаларимнинг яна бошқа бири телефон қилди. Бу сафар ўғлим телефон қилаётганди. Яна ўша 11-сентябр воқеалари ҳақида ҳам бир-икки оғиз сўз бўлди. Бу ерда ўғлим бир қизиқ фикрни айтиб қолди. Унинг фикрича, бу даҳшатларни Каримов(Ўзбекистон) ҳукумати ва Шарон (Исроил) ҳукумати ташкил этгандилар. Чунки уларнинг бирисига Афғонистонни, бошқасига Фаластинни тугатиш зарур эди. Унинг дўсатдан айтган бу сўзлари мен учун янгилик эди, албатта. Ҳа, Исроил ҳақида бундан олдин ҳам фикрлар бор эди. Дунё матбуоти ҳам бу ҳақда оз бўлса-да ёзишаётганди. Бироқ Ўзбекистон, унинг Каримов бошлиқ ҳукумати бундай мураккаб ва таҳликали ишларга аралашиши, ҳеч бўлмаганда менинг хаёлимга келмаганди. Шундай ҳам бўлиши мумкинмикин-а???

Қисқаси, кунлар ўтган сайин, 11-сентябр воқеаларига изоҳ беришда мантиқий фикрлашлар ҳам кўзга ташлана борди. Масалан, бугунлар (16.09.2001) матбуот саҳифаларида терроризмга қарши уруш динлар орасидаги урушга айланиб кетишидан хавфсирашларни учратиш мумкин бўлди.

Ж.Буш II тарафидан бош жиноятчининг исми аталганидан сўнгра дунё матбуотида, айниқса АҚШ матбуот органларида мавҳум бош террорист Бин Лодинга нафратлар, унинг номига боғлаб мусулмонларга нафратлар тўлиб – тошиб кетди. Шунга қарамасдан мантиқдан чиқмай турган матбуот саҳифалари ҳам учраб турарди. Масалан бугун (18.09.2001) италиянлар, яъни Италия ҳукумати америкадаги портлашларни Усама Бин Лодин бажара олмаслиги ҳақида жиддий шаклда баёнот берганлиги маълум бўлди. Шу сабаб Италия армияси Американинг Афғонистонга қарши ҳаракатларида қатнашмаслиги ҳақида ҳам масалалар ўртага чиқди. Олмония ҳам иккиланаётганга ўхшайди. Ҳар ҳолда Овропанинг бу икки давлати америкаликларнинг шошмашошарлик билан қабул қилган қарорига дарҳол қўшилмайдиганга ўхшаяпти. Бу давлатларда позициялар жуда кескин бўлмаса-да мана шу эътиёкорона қараш ҳам Американинг қарорига мухолиф фикр борлигидан дарак беради. Мен эса, воқеалар бошланганидан буён бундай оламшумул ҳаракатни буюк давлатлар структураси аралашмасидан амалга ошириб бўлмайди деган фикрдан воз кечганим йўқ.

11-сентябр воқеалари ҳақида ҳикоя қиларканман, ўша замонлар (24.09.2001) Машҳад радиосининг мухбири билан ўтказилган суҳбатдан бир парчани ҳам шу ерга илова қилишни лозим кўрдим. Мухбирнинг саволларидан бири қуйидагича тузилганди: Бугунги воқеаларнинг келажаги, уларнинг келгусидаги ривожланиши қандай бўлиши мумкин? Американинг важоҳатидан катта уруш (жаҳон урушига сабаб бўладиган жанжал демоқчи) бошлайдиган кўринади. Шунақа тахминларга сиз қандай қарайсиз? Мен бу саволга шундай жавоб қилгандим: Бугун дунё шундай бир вазиятдаки, ҳеч ким катта уруш қилишга журъат эта олмаса керак. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Яъни Америкада содир этилган жиноятлар ким ва кимлар томонидан амалга оширилди?  Ана шунинг далиллар билан исботланишига боғли бўлади. Воқеаларнинг қандай ва қайси тарафга қараб ривожланишининг ҳам алоҳида аҳамияти бор. Агар жиноятлар ҳақиқатан террористик гуруҳ (масалан, Бин Лодин гуруҳи ва бошқа шунга ўхшаш гуруҳ) ёки шунақа бир неча гуруҳлар тарафидан ташкил этилган бўлса, воқеаларнинг оқибати катта урушгача бориб етмайди. Борди-ю у жиноят бирор давлат ёки давлатлар гуруҳи тарафидан ташкил этилиб, амалга оширилган бўлса, ундай ҳолнинг оқибатини башорат этиш жуда мушкулдир. Биласиз, ҳозир матбуотда у террористик актни ташкил этишда Ироқ, Иордания, ҳатто Эрон ҳам қатнашган бўлиши мумкинлиги ҳақида дараклар кўриниб турибди. Бу дараклар ўз исботини топсалар, ундай ҳолда ҳар нарса бўлиши мумкин деб ҳисобласа бўлади.

Хуллас, 11-сентябр фожиаси, узоқ йиллардан буён, балки иккинчи жаҳон урушидан буён устида ишлаб келинаётган, ўта буюк ёвузлик режаларини кўзда тутган катта дастурни амалга оширишнинг биринчи босқичи сифатида юзага чиқарилган эди. Шунинг учун мен ўз кузатувларимни шу ерда тўхтатиб, қуйидаги бу воқеаларга дунё аҳлининг қарашларидан бир қатор фикрларни келтираман.

 

22. Нью Йоркда содир этилган 2001 йил 11сентябр портлашлари ҳақида АҚШ ҳукуматининг расмий хулосаларига мухолиф фикрлар.

 

22.1 Руссиялик тадқиқотчилар 11сентябр ҳужумларини Бин Лодин уюштирмаганига далиллар топишди.
Усома бин Лодин 11-сентябр куни АҚШ-да содир этилган ҳужумларни амалга оширган ташкилотни бошқарган бўлиши мумкин эмас. Ушбу фикрни Руссия терроризм профилактикаси Институтининг директори Михаил Фершт душанба куни (25.12.01) Москвада ўтказилган матбуот анжуманида билдирди. Унинг айтишича, тадқиқот давомида Бин Лодиннинг араб телевидениесидан қилган чиқишлари ўрганиб чиқилган. «Интер факс»нинг хабар беришича, тадқиқотчи ўзи қўллаган услубини «дистанцион психодиагностика,» деб тушунтирди. Ферштнинг тахминига кўра, 11– сентябр ҳужумларини «дунёдаги етакчи махсус хизматлар ва матбуотга номаълум бўлган жуда махфийлаштирилган ташкилот» уюштирган. Ушбу тахмин қилинаётган ташкилотнинг раҳбари «улкан ақл коэффицентига эга», деди жумладан Фершт”. Қизиги шундаки, бундай фикрни биз 11.09.01 куниёқ айтгандик.

[Ўша машҳум воқеа содир бўлган кунлари, айниқса1113 сентябр кунлари АҚШ президенти Ж. Буш II воқеаларнинг асосий жиноятчисини Усома бин Лодин деб атаганиданоқ менга Америкадан телефон қилишиб, Бу нима, бу Бин Лодин деганлари нималар қилаяпти ўзи, нималар бўлаяпти бу оламда? каби савол билан мурожаат қилишдилар. Мен эса, уларга жавоб бериб шуларни айтдим : Агар ўша портлашларни Бин Лодин бажарган бўлса, демак бу дунёни бошқараётган киши Усома бин Лодин деб билиш керак бўлади. Ҳа, ҳақиқатан шундайми? ЙЎҚ, ахир. Демак, бу ўта ёвуз жиноятнинг жиноятчисини бошқа ердан излаш керак бўлади. АҚШ-дан чиқаётган ҳозирги овозлар ҳақиқатни афгор оммадан яширишга қаратилаётганга ўхшайди. Бундай буюк террористик ҳаракат Бин Лодин каби кишиларнинг қўлидан келмайди. Бу фақат учта-тўртта буюк давлатларнинг махсус хизмат органларининг қўлидан келиши мумкин. Ундай давлатлар эса, АҚШ ўзи, Руссия, Хитой ва Исроил (бу ҳам АҚШ ёрдамида) давлатлари бўлиши мумкин.]

22.2 Ҳужум ери бундан олти йил муқаддам танланган эди (Объект атаки был выбран 6 лет назад.).

 

Мен терроризм билан 25 йилдан буён савашаман. Бутун маданий дунёга қарши қаратилган чақириқ кундан кун муҳим ва ўта оғир тус олмоқда. Террорга муваффақиятли қарши турмоқ жуда кўп қувват, катта маблағ, қобилият ила ишларни бошқариш ва истаган замон ўз ихтиёри билан қурбонларга тайёр турган жамоатчиликнинг кескин қўллашига боғлидир. Ўйлаб кўринг-а, АҚШ ҳудудида террористик ҳаракат содир бўлди дейлик. Масалан, Нею Йоркдаги осмон ўпар бинолардан бири қулатилди, ана ундан сўнгра қанча қувват ва маблағ зарур бўлади? Унда бўладиган харажатларнинг ўлчами чексиздир. Ана ўша бўлиши мумкин харажатларнинг ҳеч бўлмаса 10 %-ни бугун у террор амалга ошмасдан унга қарши ишларга ётирилса, фалокатларнинг олдини олиш эҳтимоли катта бўларди.

Юкорида келтирилган сўзлар Исроил армиясининг собиқ кумондони ва Исроил давлати собиқ бош вазири Яхуд Барак сўзларидир. У бу сўзларни 1995 йили АҚШ-нинг машҳур сиёсий арбоблари ҳузурида сўзлаганди. Бу ҳақда исроилли ёзувчи ва публисист Александр Клюгман яҳудийларнинг бутундунё он-лайнида ёзди. Қаранг, бундан кўринадики, АҚШ-га учоқлар билан ҳужум этиш эҳтимоли бугунги ёки бу йилги проблема бўлмай, балки бундан олти йил илгари Барак тарафидан очиқчасига айтилган масала экан-ку!!! Бундан ҳам ажойиб тан олиш бўладими? Мана 2001 йил 11-сентябр фожиалари ташкилотчилари ва ижрочилари кимлар!?

Клюгман яна давом этади: ”Башоратми? Йўқ, бунда башоратга алоқали бир нарса йўқ. Бу ерда Исроил тажрибаси Барак оғзидан чиқди. Тажрибадан ҳам донороқ бир кимса йўқдир, деб ўргатади Яҳудий донишманди Пилел Катта. Террорга қарши курашда бутун давлатлар ичида Исроил энг катта тажрибага эгадир.” Энди осмон ўпар бинолар қулатилганданоқ Дмитрий Стефкин исмли бириси тарафидан ”Нью Йорк қўрқинчли бир шаклда тинч эди”, деган сарлавҳа билан тайёрланган материалга қараймиз. Унда, Сешанба кечаси Нью Йоркли юзлаб яҳудийлар ўз қўшниларининг ғам ва нафратларини шериклашмоқ учун уларга қўшилдилар, деб ёзади, Стефкин. – … Давид Коен (Коган) ички даҳшатларини бир ерга йиғиб, Американинг бу ҳолга жавоби ҳақида ўйлай бошлайди. Бу чала туғилганларни ўлдириш керак, деди ўзига-ўзи Нью Йоркдан чиққан, ҳозир эса Сент-Луисда яшовчи Коен. Мен ултралиберал демократман, илгари бундай сўзларни ҳеч сўзламагандим”. Террористик ҳужум Дурбанда (жанубий Африка) БМТ ўтказган конференция қарорлари натижасида содир бўлди, деди унинг аёл шереги, Марлен Алтман. Чунки у ерда Исроил сиёсатини баҳолашга норозилик сифатида Қўшма Штатлар конференцияни ташлаб кетишганди”. Фаластинлилар ёки бошқа бирор террористик ташкилот АҚШ-нинг Исроилни қўллаб қувватлашидан, унинг бугунги маъмуриятидан мамнун бўлмайдилар”, дейди Алтман. Бу жуда тезликда! содир этилган жазодир.

Давид Коен ҚЎШМА ШТАТларнинг Исроилни нега бунча қаттиқ қўллашини ўртача америкалик тушунмаслигидан қайғуради. ”Ўртача америкалик эрталаб туради-да, бу яҳудийлар иши, деб айтадими, деб қўрқаман”, деди у. Аммо Коеннинг хавфи унинг италиан дўсти тарафидан бироз тарқатилди. У дўст, ҳар қандай жавоб фақат араб дунёсига қарши бўлади, деди. Перл – Харборга ҳужумдан сўнг америкалик японлар қандай шубҳада қолган бўлсалар, энди америкалик араблар ҳам худди шундай ҳолга тушадилар, башорат қилади бу дўст. Ана энди бу гапу-сўзларни тавсуф, таҳрир ва таҳлил қилаверасиз.

22.3 Бу оламда ҳақиқатан ҳам Ал-Қоида” мавжудми?

Шундай қилиб, 2001 йил 11– сентябр воқеалари ҳақида мен келтирган ҳикоя ва бошқа бир қатор конкрет фактлар, ўша даҳшатларни Американинг ўзидан ташқари ҳеч қандай бир сирли куч ташкил қилмаганлигини исботлашга қаратилгандир. Мен, ўша даҳшатлар эълон қилинган кундан (2001 йил 11– сентябри) бошлаб, бугунгача (2009) шундай фикрда бўлдим ва ҳақиқати ҳам айнан шундайдир. Ўша инсофсиз, инсонликдан батамом ташқари бўлган жиноят, АҚШ жирканч империалистик босқинчилик сиёсатини оқлаш учун Ж. Буш II ва Чейни раҳбарлигида АҚШ махсус хизмати ва босқинчи ҳарбийлари тарафидан амалга оширилди. Менинг фикримда бўлган кишилар дунёда оз эмасдилар. Ўзбек демократик мужолифати номида юрганлар ичида ҳам мен якка эмас эдим. Бироқ, бизнинг кишиларимиздан анчагинаси АҚШ расмий доираларининг маълумотларини бор имкониятлари билан қўллаб-қувватлашгандилар. Бундай  кишиларга мисол қилиб, Америка(яъни АҚШ)да яшашаётган ва ўзларини ўзбек демократик мухолифати” деб атайдиганларнинг деярли ҳаммасини кўрсатсам хато қилган бўлмайман.

Мен ва мен каби кишиларнинг  АҚШ 2001 йил 11 – сентябр фожиалари, кимлар томонидан ташкил қилингани ҳақидаги фикрларининг яна бир исботи шаклида русларнинг замонавий идеологларидан бири, Александр Гельевич Дугиннинг(файласуф, сиёсий фанлар доктори) мазкур параграфга сарлавҳа этиб олинган номдаги мақоласини рус тилидан ўзбекчага таржима қилиб қуйида келтираман. Мақоланинг оригинали : А существует ли Аль-Каида? деб аталарди ва 24.04.2007 тарихда интернердаэълон қилинганди. Унинг интернет адреси матннинг сўнгида келтирилади.


Бу Ал-Қоида” (бу атама араб сўзи бўлиб, асос деган маънони беради) бу бир исм бўлиб, Усома бин Лодин тарафидан ташкил қилинган, 2001 йил 11– сентябрида Нью Йорк ва Вашингтонда террористик ҳаракатларни амалга оширишда айбланаётган фундаменталист террористик исломий ташкилотнинг исми шаклида танилгандир. Бу ташкилотнинг ташкил бўлишини 1988 йил деб ҳисоблашадилар. У АҚШ махсус хизмати ёрдами билан Афғонистон ва Ўрта Осиёдаги СССР қўшинларига қарши кураш учун тузилган Ислом нажот жамғармаси (фонди) таркибида ўсиб етишгандир. Совет қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиб, СССР тарқалиб кетишидан сўнгра эса, Ал-Қоида” АҚШ ўзига қарши террористик ҳаракатлар уюштиришни бошлаб юборди. 1992 йили Яманда (Адан) содир бўлган портлашдан кейин американинг расмий кишилари ҳам бу ташкилот ҳақида сўзлай бошлашдилар. Шундай қилиб, бундан кейин яна қатор портлашлар давом этди, жумладан 1993 йилда Нью Йоркдаги эгизак миноралардан бирининг Савдо Марказида ҳам портлаш содир бўлди. Американинг ҳарбийлари ўрнашган жойларга бир неча марта ҳужум қилишга уринишлар ҳам юз берди. Бундай ҳаракатлардан энг ашаддийси 2000 йилнинг 12-октябрида ҳарбий Коул кемасига қилинган ҳужум ҳисобланади. 2001 йилнинг 11-сентябридан сўнгра эса, бу ташкилотнинг Афғонистондаги базаси америка қўшинлари тарафидан вайрон қилинди, дейишдилар. Бироқ унинг баъзи бўлимлари бошқа давлатларда сақланиб қолган бўлишлари мумкин, албатта.

Бус-бутун америка ҳарбийлари қўл остида турган Боғдодда ўтган ҳафта бирданига бир неча портлашлар оқибатида 200-га яқин кишилар қурбон бўлдилар. Бу портлашлар давомида шиалар яшайдиган минтақа Садриянинг бозори олдида турган автомобилга ўрнатилган портловчи модданинг портлаши натижасида энг кўп қурбонлар берилганлиги таъкидланди. Бу 2003 йилда америка аскарлари тарафидан мамлакат пайтахти истило этилганидан сўнгра энг кенг қўламда амалга орширилган террористик ҳаракат ҳисобланади. Қизиғи шундаки, Ироқ ҳокимияти(қўғирчоқ ҳукумати-таржимон изоҳи), жумладан мамлакатнинг бош вазири Нури ал-Моликий портлашлар содир бўлганиданоқ, бу ва Ироқнинг шиа аҳолисига қарши уюштирилаётган бошқа террористик ҳаракатларнинг кўпчилигини ҳам Ал-Қоида” ташкил қилаётганини эълон қилиб қолишга шошилди. Яқиндагина эса, AlJazeera телеканали Усома бин Лодининнг тез кунларда америкалиларга Хиросимони ташкил қилиш”ни ваъда қилаётган сўзини эшттирди.

Нима дейсиз,”Ал-Қоида” амалга оширганми ёки йўқ, ундан қатъи назар сўнгги оммавий террористик актлар яна бир бор америкаликлар учун жуда қулай келди. Бу билан кечигиб бўлса-да, АҚШ, ўзининг Ироқга бостириб кирганлигини, у ерда бўлишини ва бугун Ироқда бемалол қолаётганини оқлаб олганлиги аниқ бўлди. Айниқса ҳозир, америкалик қўшинларнинг Ироқда туриши фақат бутун дунёдагина эмас, АҚШ ўзида ҳам кишиларнинг ғашига жуда тегиб турган бир маҳалда бу ҳол айнан зарур бўлган самарани берди. Чунки бизнинг замонадошларимизнинг тарихий хотираси информатсия оқими тезланишининг таъсирида йилдан йилга қисқаргандан қисқариб бораётганлиги сабабли Саъддам Ҳусайин замонида Ироқда Ал-Қоида”дан ному нишон ҳам бўлмаганлигини ва бундай атама фақат америкаликлар истилосидан кейингина пайдо бўлганлигини бугун ҳеч ким хотирлаб ҳам ўтирмаяпти.

Ўтган йил кузда Ал-Заркавий жангариларининг Қайма шаҳрини эгаллаб олганлигини бутун дунё телеканалларининг ахборот дастурларида жуда чиройли қилиб тасвирлашганларидан буён, дунё телетомошабинлари, амеркаликларнинг Ироқдаги жангу-жадаллари айнан ўша террористик тизим

Ал-Қоида” билан бўлаётганлигига тўла ишонч ҳосил қилдилар. Айнан ана шу ҳол оқибатида АҚШ ва унинг англиялик иттифоқдошининг мустақил бир давлат ҳудудини истило этиш факти тўғрига ўхшаш кўринишга эга бўлди. Бироқ бу ерда ҳеч ким, Қайманинг қачон эгаллаб олинганлиги ва қачондан бошлаб Ал-Қоида” исмининг Ироқда ўртага чиқиб қолиши ва қачон америкаликлар Ироққа бостириб киришганликлари каби хронологияни бир солиштириб кўришга ҳаркат ҳам қилмади.

Шунингдек, ”Ал-Қоида” эгаллаб олган шаҳар Сурия чегарасига яқин жойда бўлганлигидан, америка оммавий матбуот воситалари учун бу амалиётда Сурия қўли борлиги кўринаяпти деб айта бошлашларига кўпдан буён кутилаётган имконият очилди. Кейинги террористик актлардан сўнгра ҳам айблашлар Сурияни четлаб ўтмади. Ҳа, нега ундай бўлсин, Сурия Эрон билан бирга америка ҳарбий агрессиясининг навбатдаги потенсиал нишонику, ахир. Шундай қилиб, зарурлиги мутлақо аён бўлмаган, лекин америкаликларга жуда зарур бўлган аксиома, яъни Сурия, атайлаб машҳурлаштирилган халқаро терроризмнинг уясига айланган, у тозаланиши керак каби агрессияни оқловчи фикр аста-секин исбот қилинмоқда. Аммо Сурия бошқарувининг бошида суннийлар радикализмини тамоман кўтара олмайдиган ўта ашаддий шиа-алавийлар гуруҳи туришлиги, у ердаги баасларнинг раҳбар мафкураси ислом фундаментализимининг тўғридан тўғри тескариси эканлиги ва шунинг учун ҳам Дашқдаги режим, Ал-Қоида” сингари такилотларнинг ашаддий душмани эканлиги ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Сурияда нуфуснинг кўпчилиги сунний мусулмонларидир,Суриядаги идеология (мафкура) эса, араб миллий сотсиализмидан иборат, бундай идеология моҳияти эътибори билан тамоман динсиз ва умумдунёвий ҳисобланади, Суриядаги раҳбарият эса, шиаларнинг ҳаддан ташқари силлиқлашган қарашларига эътиқод қилишадилар. Бироқ жаҳон жамоатчилиги, уларнинг миялари зарур даражада яхшилаб ювилганидан сўнгра нима дейилса ўшанга, жумладан Ал-Қоида”ни Суриянинг қўллаб қувватлашига ҳам ишонаверади.

Америкаликларга бир неча марталаб, уларнинг ҳарбий авантюраларига асос бўлган “Ал-Қоида”нинг номи эса, 11– сентябрда Нью Йоркка террористларнинг ҳужумидан кейингина дунё бўйлаб чинакамига жаранглай бошлади. Шундай қилиб, Ал-Қоида сирли бир шаклда АҚШ кўзига тушиб қолади, Овропада террористик ҳаракатларни тайёрлайди, бутун Ғарб у билан Афғонистонда ва Ироқда шафқатсиз уруш олиб боради. Бироқ Ал-Қоида”га ҳеч нарса бўлмаётир. Уни йиқитиш ва тугатишга қаратилган жаҳон жамоачилигининг барча ҳаракатлари мутлақо ҳеч қандай натижа кўрсатмай қолмоқда. Ал-Қоида” ҳамон йўқ бўлмаяпти, айниқса, АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг назоратсиз босқинчилигини (ҳарбий агрессиясини) давом қилдиришга янгидан янги сабаблар тузиб турган матбуот фозавий бўшлигида унинг мавжудлиги ҳеч тугамаяпти. Ал-Қоида”нинг АҚШ стадионларида жирканч ядро портлашлари” ташкил этиши ҳақида қилинган сўнгги қўрқитиши, америка агрессиясининг навбатдаги нуқтаси бўлган Эрон билан бевосита боғлидир. Ана шулардан кейин Ал-Қоиданинг ўзи борми ёки ундай ташкилот табиатда мавжуд эмасми? каби савол ўз-ўзидан туғилади. Ал-Қоида” ташкилоти мавжудми ёки йўқлигини қанча чуқур таҳлил қила бошласангиз, шунча унинг ҳеч нарсани билдирмаслиги, у фақат бўш шакл эканлиги, дунё сиёсатида бугун юриб турган ҳақиқий жараёнларни тушунтиришга эмас, уни янада қоронғилатишга қаратилган сунъий бир матбуот ҳодисаси эканлиги янада равшан бўлиб бораверади.

Бугунги Америка фақат ўз душманлари билан эмас, балки ўзининг жонажон фуқароси ва бутун жаҳон билан ҳам олиб бораётган бу информатсия урушида очиқдан-очиқ уйдурмаларни, очиқ қора ниятни ҳақиқатдан ажратиб олиш мураккаблашиб бормоқда. Телевизор экранларида айрим доираларнинг бизга кўрсатишни хоҳлаганидан бошқасини кўра олмаяпмиз. Аслида, ҳодисалар ҳақиқатан қандай содир бўлаётганлиги бизнинг кўзларимиздан етти қават муҳрлар билан яшириб қўйилган. Шундай экан, телевизор экранларида кўриб турганларимиз бу воқеалар ҳақиқатан ҳам ҳаётда бўлаётганлиги ҳақида шубҳаланмаслик мумкин бўлмай қолади. Буларнинг ҳаммаси қандайдир ўлчов билмайдиган инсофсиз театр кўрсатувлари эмасмикин? Аслида Ироқнинг тинч аҳолисини ким портлатмоқда?…” Таржима 28 июн 2007– да тугатилган эди.

А.Г. Дугиннинг бу мақоласи  Россияда нашр қилинадиган “Косомолская правда” газетасининг тубандаги интернет адресидан олиниб таржима қилинганди:

http://www.km.ru/magazin/view.asp?id=63FB28182FE84AD0935E2D48609AF0EA&idrubr=3A76693B8E0711D3A90A00C0F04

94FCA

Хуллас, юқорида айтилганлардан кўринаяптики, 2001 йилда ҳам ўзбек демократик  мухолифати фаолиятида кўнгул тўладиганини қўя турингда, умуман сўзлашга арзийдиган бирор иш бўлмади дейишга тўғри келади. Менинг бу хулосаларимни қабул қила олмаганлар, Пўлатовнинг иғвохонасига, М.Солиҳни Эркига бир  кўз югуртсинлар. Чунки ўша замонлар уларнинг шунақа номда интернет саҳифалари чиқиб турганди. Қилинган ишлари ҳақида ўша саҳифаларда қандайдир излар қолдиришган бўлишлари керак, ахир. Улардан бошқа у-бу ишлар қилганга ўхшаганлар ҳам йўқ эмасди(масалан, Ҳ. Худойберди нималар биландир ўзича банд эди). Ватан  ичкарисида бирбирлари билан тамоман келиша олмайдиган гуруҳлар шаклида бўлсада инсон ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар аталадиганларнинг ҳам саъйҳаракатлари давом қилиб турганди, албатта. Аммо айтилганидек, уларнинг ҳаркатларида ҳам бирлик, ҳамфикрлилик, ягона мақсадга мувофиқ ишлаш деган нарсалар кўринмаган эди. Чунки уларни моддий жиҳатдан таъминот манбалари Ўзбекистонда бир ягона мақсадни кўзлаб ишлаш тарафдорлари эмас эдилар. Менимча, Ўзбекистон ва бошқа шу каби мамлакатларда диктаторларнинг яшашлари, зулмнинг давом қилиб туриши, дунёда демократик принципларни экспорт қилувчилар асил манфаатларига уйғун келарди. Уларнинг (у экспортёрларнинг) маневрларига майдон керак эди, шекилли. Ҳали бугун (2009) ҳам улар бизнинг мамлакатимиз каби майдонларни запасдагилар рўйхатидан чиқармаганга ўхшайди.

Бу йил ва бундан сўнгра ҳам икки–уч йил  дунё ўша 11– сентябр воқеалари билан қопланиб қолди. Чунки кўп йиллардан буён АҚШ босқинчи ҳукуматининг раҳбарлигида мамлакатнинг империалистик доиралари тайёрлаётган ва бир қанча марта тор доирада машқлар қилинган, синовдан ўтказилган даҳшатли террористик актни  Ж.Буш II ва унинг малайлари 2001 йил 11– сентябрда амалга оширгандилар. Бу билан улар дунёни шундай бир қўрқувга солдиларки, бутун олам бир неча йил дурустроқ нафас ололмай қолди. Ҳатто бизнинг баъзи бир ўзбекларимиз (ўзини ўзбек мухолифати ҳисоблаб юрганлардан баъзилари) ўзбек тилидаги жуда заиф интернет саҳифаларини ҳам ёпиб ташлашгача бориб етдилар. Чунки ўша сайтда бироз мусулмончиликдан ҳам сўз юритиларди. А. Пўлатов эса, суннат билан ҳеч алоқаси бўлмаган фақат ҳашамга қўйилган соқолини ҳам қирдириб ташлади. Аммо буни ҳам бизнинг 2001 йилиги фаолиятимизнинг кўрсаткичларидан деб қабул қиласиз.

Бу йилда биз, ўзбек демократик мухолифати учун аҳамиятли ҳисобланадиган яна бир фактор, яъни биз(мухолифат аталмишлар) сон жиҳатидан кўпайиб қолмадик. Ҳатто Ўзбекистонда эканликларида мухолифат аъзоси бўлиб танилганлар орасида ҳам сон жиҳатидан мутлақо ўзгариш юз бермади.

яқин мавзу