(19 –20) Янги асрнинг бошида ҳам Бирлашишга уринишлар

Еттинчи бўлимнинг давоми: (19 –20) Янги асрнинг бошида ҳам Бирлашишга уринишлар ҳақида.

19. Янги асрнинг бошида ҳам Ўзбекистон бирлашган мухолифатини юзага келтиришга уринишлар бўлган эди.

Ўзбекистонда мустақил бўлганидан эътиборан мамлакатнинг ярим коммунистик, ярим феадал режимига қарши самарали кураш олиб бора оладиган, замонавий дастур ва режага эга бўлган бирлашган мухолиф ҳаракат вужудга келтиришга бир неча марта уринишлар бўлди. Уларнинг бир нечаси ҳақида ҳикоямизнинг бир қатор бўлимларида хабар бердик. Бироқ ўша уринишларнинг барчаси самарасиз тугагани сабабли янги асрнинг бошида ҳам бу масала биз ўзбекистонликлар учун долзарб масала ҳисобланишда давом қиларди. Орамизда охир оқибат ўшандай бир ҳаракат ташкил қилиш мумкин деган умид билан яшаётганларимиз бор эди. Шу замонгача шундай бир бирлашган ҳаракат тузишга тинмай ҳаракатда бўлиб, барча уринишларим самарасиз қолган бўлса-да ҳали ҳам ўшандай умид билан яшаётганлардан  бири каминаи камбағал эди. Ҳақиқатан ҳам 2000 йилда ҳали мен Ўзбекистон бирлашган мухолиф ҳаракати тузилар деб умид қилардим, ҳатто ишонардим. Шунга қарамасдан бу сафар ўшандай ҳаракат тузиш ташаббусини Намоз Нормўминов қўлга олди. Мен эса, уни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватладим. Унга бутун тайёргарлик ишларида , ёзув-чизувларида ёрдамчи ва маслаҳатчи бўлдим. Шунинг учун Ўзбекистон бирлашган мухолифати тузишга уринишларнинг бу сафарги жараёнини ҳам бу ерда ҳикоя қилишни лозим деб ҳисобладим.

Бундан илгарироқ ҳам сўзланганидек, бу замонга келиб Н. Нормўминов ҳам Норвегияда сиёсий мухожир мақомида яшай бошлаган эди. Аммо у ўзини партиясиз, эркин мухолифат аъзоси ҳисобларди. Бир вақтлар “Эрк” партиясига аъзо ва шу сабабдан Ўзбекистондан чет элга қочиб чиққан бўлса-да, кейинги замонда партиядан истеъфо беришни лозим кўрганди.

Хуллас, Н.Нормўинов, Ўзбекистон бирлашган мухолифатининг тубандаги низом лойиҳасини таклиф қилди:

“Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим

Ўзбекистон бирлашган мухолифатининг (ЎБМ) тизими ҳақида (лойиҳа).

МУҚАДДИМА

– Аллоҳ ризосига;

– Халқимиз ичида Яхшиликнинг Ёмонликдан устун бўлишига;

– Давлатимизнинг сиёсий барқарорлигига;

– Халқимизнинг фаровонлигига;

– Инсоният тараққиётининг барча яхши томонларига эришиш мақсадида,

ЎЗБЕКИСТОН БИРЛАШГАН МУХОЛИФАТИНИ(ЎБМ) тузишга қарор бердик.

МАФКУРА ВА ТУЗУМ

– ЎБМ мамлакатда дунёвийлик ва руҳонийликнинг ижобий жиҳатларини Ўзида мажассамлаштирган Ўрта, мўътадил ва ўзаро келишувга асосланган янги жамият ва тузум қуришни ўз вазифаси деб билади.

– Тараққиётнинг қайси босқичида бўлишдан қатъий назар Ислом ақидаси асослари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларасиясида ифодаланган асосий ҳуқуқлар, фикр, сўз ва жамоат ташкилотлари тузиш эркинлиги, эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини тан олиш каби қадриятларга содиқ қолишни ЎБМ кирувчи кучлар ўз зиммасига оладилар.

МАҚСАДЛАР:

– Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон мухолифати орасида сиёсий келишувга эришиш;

-Ўзбекистонда Ислом ва Демократия қоидаларининг ўзаро келишуви асосида янги жамият қуришга ҳисса қўшиш;

 – Мамлакатни сиёсий, иктисодий, ижтимоий, маданий ва маънавий тараққиётга олиб чиқишга ҳисса кўшиш

– Мамлакатнинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин олишига ҳисса қўшиш;

ТАШКИЛИЙ МАСАЛАЛАР

– ЎБМ-га кирувчи барча сиёсий кучлар вакиллари, бу сиёсий кучларга аъзо бўлмаган, лекин ҳозирги тизимга қарши мухолиф сифатида танилган таниқли сиёсатчилардан ташкил топади;

 – ЎБМ мухолифатининг марказий ташкилоти ЎБМ кенгашидир. Кенгаш ЎБМга кирган сиёсий ташкилотларнинг раҳбарларидан, бу сиёсий ташкилотлардан ва мустақил сиёсатчилар гуруҳидан бир вакил сайланиш йўли билан ташкил қилинади;

– ЎБМ Кенгаши, унга аъзо сиёсий ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, ЎБМ нашри – ”Ўзбекистон Мухолифати” газетасини нашр қилади;

– ЎБМ Кенгашига аъзо ташкилотларнинг раҳбарлари навбати билан Раислик қиладилар.

Ўзбекистон бирлашган мухолифати фаолиятининг тўхтатилиши

– Ҳукумат ва мухолифат орасида келишув имзолангандан ва сиёсий жараёнлар изга тушганидан кейин ЎБМнинг умумий йиғилиши ўтказилади ва унинг фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор беради».

Мен бу лойиҳанинг бир мунча бошқа вариантини таклиф қилдим. Менинг фикримча, лойиҳа энг аввал ташкилотнинг тузилишини ва ундан сўнгра унинг мақсад ва режаларини кўрсатиши тўғри бўларди. Шунинг учун мен лойиҳани қуйидаги кўринишда таклиф этилса маъқул бўларди деган хулосага бордим.

«ЎЗБЕКИСТОН БИРЛАШГАН МУХОЛИФАТИ (ЎБМ. Лойиҳа)

МУҚАДДИМА

– Аллоҳ ризосига муносиб бўлиш,

– Фақат яхшилик ва эзгуликка,

– Халқ турмуши фаровонлигига,

– Чинакам сиёсий барқарорликка,

– Фан ва техника тараққиётига эришиш мақсадини кўзлаб,

ЎЗБЕКИСТОН БИРЛАШГАН МУХОЛИФАТИНИ(ЎБМ) тузишга қарор бердик.

 1. Ташкилот номи: Ўзбекистон бирлашган мухолифати (ЎБМ).

 2. Ташкилот таркиби: “Бирлик“ халқ ҳаракати, “Эрк“ демократик партияси, “Ўзбекистон Ислом ҳаракати“(у замонлар бу ҳаракат халқаро террористик гуруҳлар рўйхатига киритилмаганди), Ватандаги режимдан қочган ва юқорида номлари келтирилган ташкилотларга аъзо бўлмаган муҳожирлар гуруҳи(биринчи гуруҳ), фақат диний эътиқоди учун тақиб қилиниши оқибатида муҳожирликда қолаётган ва бошқа ҳеч бир ташкилотга кирмаган ватандошлар гуруҳи(иккинчи гуруҳ)дан (ҳаммаси бўлиб уч ташкилот ва икки гуруҳ) иборат бўлади.

3. Бошқарув органи: ЎБМ Марказий Кенгашидир(МК). МК таркиби ЎБМ аъзолари ҳисобланган ташкилот ва гуруҳлар томонидан кўрсатилган вакиллардан иборат бўлиши лозим. Масалан, МК, “Бирлик“, “Эрк“, ЎИҲ-дан иккитадан, қолган икки гуруҳдан биттадан вакил кўрсатиш тартибида ташкил этилиши мумкин.

4. МК камида бир йиллик ваколатга эга бўлган якка Раис томонидан бошқарилади. МК Раиси ЎБМ умумий мажлисида сайланади. Умумий мажлисга делегатлар  ЎБМ аъзо ташкилот ва гуруҳлардан пропорсианол шаклда сайланади. (Бизнингча, катта ташкилотлардан бештадан, гуруҳлардан иккитадан (жами 19 киши) делегат сайланса етарлидир.) Биринчи умумий мажлисда, яъни таъсис мажлисида ЎБМ тузиш ташаббус гуруҳи аъзолари ҳам қатнашиши зарур ҳисобланади.

Умумий мажлис, ЎБМ ташкилотнинг Низомини, дастури ва тактик режасини қабул қилиш ваколатига эга бўлиши лозим. Умумий мажлис, МК ва унинг Раиси бир йиллик иш режасини тасдиқлайди.

Бизнинг фикримизча, ЎБМ дастури асосан тубандагиларни ўз ичига олиши зарурдир.

1. Мафкура. Умуминсоний қадриятларни ҳурмат қиладиган, ўрта, мўътадил ва ўзаро келишувга асосланган янги жамият тузиш мафкуранинг, ахлоқнинг асос тошини ташкил этади. Бунда фуқаронинг диний эътиқодлари ҳурмат қилиниши, Ислом ақидаси асослари сақланиши таъминланади.

2. Давлат тузуми. Ўз мафкурасига мос Асосий қонунга суянадиган замонавий давлат тузумидир. Давлатда Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларатсиясида ифодаланган асосий ҳақ-ҳуқуқлар, фикр, сўз, жамоат ташкилотлари тузиш эркинлиги; адолатли ва эркин сайловлар Ўтказиш принципларига содиқ қолиш таъминланади. Демократиянинг уммумий қоидаларига амал қилиш қонунларнинг асосини ташкил этади.

3. Мақсадлар,

– Ўзбекистоннинг мавжуд ҳукумати ва мухолифат ўртасида ўзаро сиёсий муросага келиш;

– Диний эътиқодлар (Ислом ва бошқа) ва демократия қоидаларининг ўзаро муносиблигини таъминлаш;

– Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маънавий тараққиёти йўлида куч ва имкониятларни бирлаштириш;

– Мамлакатнинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин олишига эришишдан иборатдир.

Ва ниҳоят ЎБМ Низомида, Унинг асосий вазифалари ва ЎБМ фаолиятининг тахминий муддати, ЎБМ фаолияти тугатилиши ҳақида ҳам шартлар кўрсатилиши керак бўлади.  30 апрел 2000 й.»

Қисқаси, азиз ўқувчи бу лойиҳанинг тақдири нима бўлди, дерсиз? Ҳа, тўғри савол қўясиз. Яна надоматлар бўлсин, деймизки, бу ҳам қоғоздаги сўзлар шаклида қолиб кетди.  Чунки бизнинг ўзларини мухолифат атаб юрганлар бир – бирларига яқинлашишга қўрқадилар, шекилли. Уларни бир – бирига яқинлаштирадиган, бирга бамаслаҳат иш қилдирадиган  мавзу топишдан ҳам мушкуллироқ бирор муаммо  йўқ, деган хулосага келасан киши. Бироқ бу ҳолнинг сабабини билиш эса, ҳаммасидан ҳам қийинроқ бошқа масаладир.

Энг ажойиби шундаки, ғурбатдаги ҳаётимиз бошлангани (1992 – 1993 йй)дан бугун (2009 й.)га қадар кечган замон ичида (қаранг! Икки ўн йил бўлайин деб қолибди) биргалашиб ҳаракат  қилишга уринишлардан фақат бир марта 2000 йилда И. Каримовнинг мухалифатни Ватанга қайтариш таклифига ёзилган ва “Ўзбекистон демократик мухолифатининг Баёнотиноми биланэълон қилинган жавоб хатнинг  тагига йиғилган 14 – та имзолардан бошқа ҳеч вақт ва ҳеч бир мавзу сабаби билан мухолифат аталмишлардан бирор ўн кишининг бошини бир жойга тўплаш мумкин бўлмади.

Шундай қилиб, кўрдингиз янги асрнинг бошидаги ҳаракатларимиздан бири натижасиз қолди. Йилнинг қолган даврида унча мунча аҳамиятга эга бўлган воқеаларни ҳам билганларим асосида ҳикоя қилишга ҳаракат қиламан. Улар қуйидагилардир.

20.  Ватандаги ҳодиса ва воқеалардан баъзи хабарлар. ”Озодлик” радиосининг   27.07.2000  кунги ўзбекча эшиттиришида  2000-2001 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон мактабларида ислом динидан дарслар ўқитилиши ҳақида хабар берилди. Бироқ бу дарслар кимлар томонидан ўқитилиши аниқ бўлмай қолаётганди. Бу xабарнинг қизиқлиги ҳам, ҳайрон қолдирадиган жойи ҳам шунда, яъни ундай исломий дарсларни кимлар ўқитишади? Саволининг жавобдадир. Ҳар ҳолда бу ҳам найранг бўлиб, И.Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукуматининг навбатдаги мунофиқлигидан бир дарак берилаётганди, шекилли. Бу сафар ҳукуматнинг найранги, Ўзбекистон аҳолисининг ўзларини мусулмон ҳисоблайдиган қисмини овиндиришга қаратилганди.

Шунга ўхшаш, 2000 йилнинг иккинчи яримида Норвегия матбуоти саҳифаларида Қозоғистон ва Қирғизистондан келишган туристлар бу мамлакатдан бошпона сўрашаётганлари ҳақида ҳам хабарлар чиқа бошлади. Бу хабар ҳам менга кўра, ўзига яраша ҳайрон қоларлик воқеалардан ҳисобланарди. Сўнгги вақтларда рус матбуот органлари ҳам шунақа хабарлар тарқата бошлади. Масалан, <фергана.ру>, рус агентлиги <лист.ру>га асосланиб, ўшандай “қочоқлар”нинг сони анча кўпайиб бораётгани ҳақида хабарлар бера бошлади.  Улар асосан Норвегиянинг Олесунд, Ставангер, Берген ва Осло шаҳрларида бошпона сўрашаётган эканлар. Аммо мен бундай xабарларни дастлаб эшитганимдаёқ, уларга шубҳа билан қарадим.  Чунки у мамлакатлардан, яъни Қозоғистон ва Қирғизистондан қочиб чиқиш, яширин чиқишга ҳеч қандай зарурат йўқ эди. У ерлардан чиқишни истаганлар жўн, шундайига ҳам чиқиб кетсалар бўлаверарди. Менинг шубҳам ҳам шундаки, нима учун бу одамлар енгил йўл, ўз ихтиёрлари билан чиқа олиши имкони бўла туриб, бунақа ноқулай йўлни танлашди? Бу, “Бир балоси бўлмаса, чўлда қуйруқ на қилсин”, эмасмикин?! Бу ишларда Ўзбекистон ёки Россия КГБ(Махсус хизматлари)сининг қўли йўқмикин? Ўзбекистон ё Россия, ёки иккаласи биргаликда бу ерга жосусларнинг маxсус гуруҳини юборишмаяптимикин?

Булардан ташқари, дунё матбуот хабарлари, айниқса Россиянинг охборот органлари тарафидан тарқалаётган хабарларда, Ўзбекистон ва унинг атрофида уруш ҳаракатлари тўхтамаётликлари ҳақида тинмасдан ёзишардилар. Шу муносабат билан менинг хаёлимдан турли хил фикру хаёллар кечиши ҳам тўхтамасди. Жумладан, ўша кечинмаларимдан блокнотимга шуларни қоралаб қўйган эканман: “Демак, Ватанда уруш бўлаётир. Бу нимаси, нима бўлаяпти ўзи? Нима бало Ўзбекистонда нормал ҳаёт тарзи яшамоқ, жумладан нормал бир мусулмончиликни ўрнатмоқ учун уруш бўлиши, қон тўкилиши муқаррармиди? Ёки бундай таҳликали, катта қурбонлар бериш йўлининг олдини олиш мумкинмиди?  Менимча, Ўзбекистонда вазиятни бундай аянчли ҳолга, жон(ёшлар-ўсмирлар жонини) қурбон этиш вазиятига келтирмаслик мутлақо мумкин ва зарур эди. Бунинг учун жиндак инсофли ҳукумат ва унга қарши турган тарафда эса чиндак ақл лозим эди, холос. Афсуски, ўтган ўн йил давомида ўзбеклар элида бундай ҳукумат, бундай давлат бошқаруви ташкил бўлмади. Унга қарши отланганлар эса бирлашиб, ақлли ҳаракат қилмади, тўғрироғи қилолмади.”

Биласизки, Ватандан узоқлашганлар учун дунё матбуотидан хабар эшитиб туриш жуда аҳамиятли нарсалардан бири эди. Менга ўхшашларда эса, фақат рус тилида ва ўзбек тилидаги хабарларни тинглаш, ўқиш имконимиз бор эди, холос. Бундай имконлар сифатида фойдаланишга Россия матбуот органлари ва интернет ситемаси бир мунча очиқ эди, албатта. Бироқ ўзбек тилида ахборот тинглаш, маълумотлар олиш учун бундай кенг имконият йўқ эди. Фақат “Озодлик”, “Америка овози” ва ББС радиоларининг  ўзбек бўлимлари хабарларини тинглаш имконимиз бор эди, холос. Ўша замонларда негадир “Озодлик” радиосининг ўзбекча эшиттиришлари кўпроқ тингланарди. Жумладан мен ҳам ўша эшиттиришларни бир замонлар системали равишда эшитиб борардим. Аммо кейинги вақтларда (тахминан 1997 йилнинг августидан бошлаб) “Озодлик”нинг ўзбекча эшиттиришларидан ҳам кўнгул совуб қолганди.  2000 йилнинг сўнгги ойларига келганда эса, бу радиони танишларнинг таклифи билангина очадиган бўлгандим. “Озодлик” радиосини ана шунақа таклифларга кўра очишлардан бирида (02.10.2000), эшитиб қарасам, Гулчеҳра Нуруллаева Ўзбекистонда таниқли профессор Озод Шарафиддинов билан суҳбат ўтказаётган экан.  Ўшанда профессорнинг, “Қўйни кассоб сўйса, нонни нонвой пиширса, молни чўпон боқса ва … дуруст бўлади,” каби совет замонида компартиянинг жоҳил мансабдорлари ўйлаб топган иборасини ишлатаётганини эшитиб қолдиму, зеҳнимдан, “Эҳ воҳ, бу сўзларни ўзбекнинг таниқли профессори сўзлаб турса, оддий ўзбекнинг қандай фикрлаши лозимлиги ҳақида нима ҳам деса бўлади?” каби фикр кечди.

Шу ҳолда хаёл суришда давом қилдим. Бундан кейин хаёлимга келган фикрларни дарҳол оққа ҳам тушуриб қўйгандим. Ўша вақтда оққа туширилган хаёлларимни шу ерда келтирсам, қадрли ўқувчилар учун ҳам ибратли бўлар деб ўйлайман. Улар мана шу фикру хаёллар эди: “Ҳурматли профессор, сиз сўзларингизга ҳар ҳолда яна бир муҳим жумлани қўшмадингиз. “Сиёсатни сиёсатдонлар, яъни каримовлар юргизиши керак, деб таъкидлаб,” қўймоғингиз ҳам керак эди. Сизга, ўртоқ профессор, жуда яхши маълумки, компартия ҳукмронлиги замонида тенглик яратдик, бизда барча тенг ҳуқуқли, дейиларди-ю, аммо ўша режимда одамлар, яъни туғилишда ҳақиқатан бир-биридан фарқсиз, тенг ҳуқуқли этиб Оллоҳ тарафидан яратилган инсон зоти, сиз айтганингиздай ана ўшанақа оддий кишилар (ҳуқуқсиз меҳнаткашга) ва партиявий мансабдорларга бўлиб ташланганди. Сиз айтганингиз сингари кишилар “касбига” кўра, иш билан “таъминлан”ганди. Яъни мамлакат аҳолисининг асосий кўпчилик қисми оддий меҳнаткаш,  унинг жуда бир озчилик қисмини ташкил этган бир гуруҳ эса, партявий мансабдорлардан иборат бўлиб қолган эди. Режим ана ўша озчиликни, яъни партиявий мансабдорларни чексиз имкониятга ва ҳуқуқларга эга этиб, улардан коммунистик қулдорлар ясаганди. Қолган жуда кўпчиликни эса, коммунист қулдорларнинг қулига айлантирганди.

Ўртоқ профессор, хотирингиздан кўтарилмагандир, бир замонлар Америкада Р. Рейган исмли бириси АҚШ-да саккиз йил (уларнинг Асосий Қонуни йўл берган икки муддат) президентлик мансабини бажарди. Агар уларнинг қонунлари йўл берганида эди, америкаликлар Р. Рейганни яна бир муддатга ҳеч иккиланмай сайлашлари ҳам мумкин эди. Бироқ Р.Рейган оддий бир актёр(артист) эди. Қизиғи шундаки, ўшанда Америкада ҳеч ким Рейган артистку, артислигини қилаверсин демадилар. Нега, нима учун шундай бўлди? Чунки у мамлакатда эркинлик дейиладиган бир тушунча бор. Тўғриси у тушунча эмас, қонунлар билан қўрқланадиган кишиларнинг эркинлиги мавжуд. Ўшандай кишиларнинг жамиятида, “сен кассоблингни, сен артистлингни қил ва ҳакоза,” дейилмайди. Ундай жамиятда ҳокимиятни бошқариш учун ҳам ўзгармас, ҳаммага бир хил тааллуқли ва барча бирдек амал қилинадиган қонунлар мавжуд. Шунинг учун ҳокимиятга уни бошқарадиганлар эркин халқ оммаси тарафидан сайлаб қўйилади. Ана ўша сайланганлар, қонунлар билан белгиланган ваколатлари муддати давомида давлат сиёсатини юргизадилар. У жамиятдаги тартиб-қоида, қонун ана шуларни низомлаштирган.

Сайловлар ҳам қонунлар асосида ҳеч бир чекинишларсиз ўтказилади. Сайловларда мамлакатнинг ҳар бир фуқароси, у нонвойми, сартарашми ва ҳакозалигидан қатъи назар ўз номзодини қўйиши ва сайланиши мутлақо мумкин. Оқибатда, ундай мамлакатда (таъбир жоиз бўлса) бахт қуши, бир сафар сартарашнинг, бошқа сафар қўйбоқарнинг бошига қўниши ҳам жуда мумкин.

Ҳа, албатта, кишиларнинг ўшандай жамияти вужудга келиши ва улар ўша жамиятда яшашга кўникма ортириши зарур. Профессор жаноблари ўшанақа жамият вужудга келтириш учун қўйиладиган қадамлар ҳақида сўз юритсалар жуда ўрнида бўлмасмиди? Афсус, бизнинг профессорларимиз унақа сўзларни сўзлай олишмайдилар. Чунки улар советлар пропагандаси билан шунчалар заҳарланганларки, у гиёвантликка ўхшаш дардга айланган”.

Шу суҳбатни хотирлаш борасида жамият, давлат системаси ва унинг вазифалари (функциялари) ҳақида баъзи бир масалалар мунозара мавзуси бўлган яна бир суҳбат хотирамга келди. Бу суҳбатда ҳам давлатчиликда аҳамиятли бўлган масала ҳақида сўз кетганди. Ана ўша суҳбатнинг умумий мазмунини шу ерда келтираман. Суҳбат оилавий бўлган эди. Суҳбатда Ироқдан муҳожир бўлиб Норвегиядан бошпано топган турклар ҳам бор эди. Мунозарага сабаб бўлган савол қуйидаги мазмунда бўлганди: “Давлат, мамлакатнинг фуқаросига баъзи нарсаларни мажбурлаши мумкин бўладими ёки йўқми? Бошқача айтганда, давлатнинг фуқарога мажбурий бажартирадиган функцияси (вазифаси) ҳам бўладими? Суҳбат қатнашчилари ичида ёшим улуғроқ бўлгани ва озми, кўпми сиёсий масалалар билан шуғулланиб юрганим сабабли бу масалада биринчи бўлиб менинг фикр билдиришим лозим бўлди.

Ўша суҳбатда мен тарафдан билдирилган фикрлар ҳақиқатан маълум аҳамиятга эга деб билганим сабабли уни блокнотда қайд қилиб қўйгандим. Шунинг учун ўша фикримни бу ерда ҳам келтирсам ўқувчилар учун зарар бўлмас деб ўйлайман.

Воқеа 2000 – йилнинг октябр ойи, 5-куни(числосида) содир бўлганди. Мен, саволда кўтарилган масала ҳақида шуларни сўзладим: “Дарҳақиқат, давлат аслида мамлакат фуқароси устида ҳокимлик, ҳукмронлик системасидир. Демак, бундай системанинг фуқарога қандайдир мажбурий бажартирадиган функциялари ҳам бўлиши табиийдир. Чунки ҳозирга қадар дунёда бошқача бир давлат системаси ишга тушмади. Инсоният, кишиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиб турадиган давлат (ҳозирги замон давлат системаси десак ҳам бўлади) системасидан (режимидан) бошқа йўлни бугунгача топа олмади”.

Аслида савол, бизда, масалан, Туркистон(ҳозирда Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон деб аталувчи ҳудудлар)да исм шарфларнинг ҳам ўзгартирилгани, бу ҳолнинг айниқса советлар замонида кескин бир тарзда, ҳатто мажбурий амалга оширилганлиги ва ҳозир мустақилликдан сўнгра эса негадир бу масала кўтариб чиқилмаётганлиги ҳақида мунозарадан келиб чиққан эди. Шунинг учун мен давом қилиб, “бугунги мустақил давлатларда (бизнинг юртимиздаги каби) кишилар ўзларининг тарихий исм аташ одатига ўтиши масаласида ҳам давлатнинг ўша функциясидан фойдаланиб Туркистонда исм шарифларда тарихий аташларга қайтишни жорий қилиши керак. Мана шу ерда давлат фуқаросига мажбурий бир буйруқ бериши лозим. Бундай буйруқ демократия принципларига зид ҳам, кишиларнинг эркини ҳеч бир даражада камситиш ҳам бўлмайди. Аксинча давлат ўз вазифаларидан бирини қонуний бажарган бўлади,” дедим. Ана шу ерда тинловчилар менга янги бир савол қўйдилар: “Э-ҳа, сиз ҳам мажбурлаш тарафдоримисиз?”

Ундан сўнгра мен фикрларимни бир мунча чуқуррироқ изоҳлашга уриниб, шуларни сўзладим: “Йўқ, оғайнилар, мен қонундан ташқари ҳар қандай зўрлашларга, мажбурлашга мутлақо қаршиман.  Бироқ, биринчидан, инсониятнинг бугунига қадар мавжуд бўлган давлат системаси, маълум масалаларда давлатнинг мажбурлаш функциясидан фойдаланмаслигининг иложи йўқ. Масалан, ўғирлик ва бошқа шунга ўхшаш жиноятларни олинг! Ваҳшийларча содир этилган жиноятларни олинг. Бундай жиноятларга қарши курашда куч ишлатмаслик, мажбурламаслик мумкинми? Йўқ, албатта.

Бунақаларини қўя турайлик-да. Айни замонда ўртага чиққан саволга келайлик. Бунда менимча, бир нарсани яxши ажратиб олмоқ зарур. Масалан, мана шуни: душман, xалқ душмани, ватан душмани, босқинчи, ватанни, тупроқни босиб олган босқинчи ким ва фуқаро, миллат, маҳаллий халқ ким? Масалан, руслар бизни истило этган, босқинчилар эди. Биз, бир асрдан кўпроқ замон мустамлака бўлиб, рус босқинчиларининг қўл остида қолдик. Душман – рус истилочилари бизни тариxимиздан, маданиятимиз, миллий-маданий қадриятларимиздан ажратиб, миллат сифатида тугатиш учун жуда кўп меҳнат қилдилар. Натижада ҳақиқатан биз ёзма тариxимиздан, узоқ замонлар давомида ташкил топиб етишган маданий тариxимиздан узоқлашдик. Бугун ҳатто руслашган исмимизни аслига қайтаришга ҳам сустлик, бефарқлик билан ёндашадиган бўлиб қолдик. Ўз замонида душман қилган ишларни, бугун биз ўзимиз ҳам такрорланаётган бўлсак, бу нимаси бўлади? Душман бизга нималар қилган бўлса, у бизнинг ривожимиз, бизнинг қудратимиз, равнақимиз учун эмас, аксинча бизнинг тарихимизни унутишимиз, маданиятимизни ўзлариникига мослаштиришимиз, қисқаси ўзлигимизни йўқотишимиз учун қилганди. Шунинг учун душман бузган қадриятларимизни аслига қайтармоқ учун ҳам зарур бўлса, ҳозирча бизга боғли бўлмай сақланиб қолаётган давлат системасининг мажбурлаш функциясидан фойдаланиш керак бўлади. Мен давлатнинг мана шунақа мажбурлаш функцияси тарафдориман, албатта”.

Бу айтилганлар бир ўтиришдаги ўзаро мунозаралар бўлса-да, келажак учун, келажак давлатчилигимиз учун аҳамиятсиз бўлмаган сўзлар деб ҳисоблайман. Бизнинг мамлакатимизда бу масалаларга, шунга ўхшаш масалаларга ҳали қайтилади ва ҳатто улар кўп марталаб қайтадан ишлаб чиқилади. Акс ҳолда биз истаган чинакамига мустақил, ҳақиқий озод Она Ватан ўзининг асил кўринишига эга бўлолмайди.

Шундай қилиб, гап ораси душманнинг, айниқса истилочиларнинг пропагандаси ҳақида ҳам сўз кетди. Шунда мен, Муқонна ҳақида яқиндагина эшитган янги маълумотларни сўзлаб бердим. Бу янги маълумотни эса, яна ўша “Озодлик”нинг ўзбекча эшиттиришларидан олгандим. Ўша замонларда “Озодлик”нинг бир кунги дастурида, менимча жума кунги дастурида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Ўтмишга, тарихга назар” рукнида чиқиш қиларди. У кишининг бир чиқишида ўша Муқонна ҳақида ҳақиқатни, унинг ҳақиқий тарихини сўзлаганди. Маълумки, советлар замонида  бизга “Муқонна қўзғолони” номи билан машҳур Муқоннани ўргатганди. Уни бизга миллий қаҳрамонимиз деб зеҳнимизга ўрнаштирганди. Ҳақиқатда эса, Муқонна исмли шаxс, бизнинг тупроқларда яшаган бўлиб, ёлғончи, ўта саxтакор бир ярамас киши бўлиб, одамлар ундан жирканарканлар. Аммо афсуски, бизда бугун ҳам ёлғон тариxни, бизнинг душманимизни қаҳрамон кўрсатган тариxни ўрганмоқдамиз. Ҳатто бугун Ўзбекистонни бошқараётганлар ичида ҳам келиб чиқишининг тайини йўқ Муқоннага ўxшашлар йўқ эмас. Бундай вазиятда бизнинг болаларимизга ҳақиқий тариx, ҳақиқий ўтмишимиз ўргатилиши мумкинми? Йўқ, албатта.

Бизда фақат тариx эмас, яна жуда кўп нарсалар ўз ўрнига, ўз асилига келиши лозим. Афсус,  ўзбек(турк)лар деб аталувчи элатнинг душманлари, яъни бугуннинг Муқонналари ҳокимиятда қоларкан, биз(Ўзбекистон)да тубдан жиддий ўзгаришлар бўлиши мутлақо мумкин эмаслиги кўринаяпти. Тариxимизни, ўзлигимизни ҳақиқатан тиклашни истасак, энг аввал давлат режимини (ҳокимиятини) бошқараётган ўша муқонналар тўдасидан тозалаш керак бўлади. Затон бугун  Ўзбекистон деб аталаётган ҳудудда яшаётган ўзбек(турк)ларнинг чинакам озодлиги, уларнинг душман истилосидан тўла озод бўлиши, бизнинг душманимизга бутун борлиги билан сотилган муқонналар тўдаси зулмидан озод бўлишдир. Бу ҳақиқатни ҳар бир ўзини ўзбек(мусулмон) ҳисоблаган кимса билмоғи ва тушунмоғи зарур. Бизнинг ўзлигимиз, инсонлигимиз ҳам шуни билиш ва тушуниш билан аниқланади. Ана шундагина биз, душманни дўстдан ажрата олган бўламиз! Ана шундагина дўстнинг кимлигини, дўстлар орасида яшаш қандай бўлишлигини ва шунингдек душман билан қандай муносабатда бўлиш, зарур бўлганда унга қандай қарши чиқиш, душман устидан қандай ғолиб чиқишни била олишимиз мумкин бўлади.

Норвегияда яшаб юриб ортирган дўстлардан бири (у Туркманистонлик бўлиб, исми Ёвшон Аннагурбанов эди) гуноҳкор бир инсоннинг тавбаси ҳақида ёзилган бир шеърнинг мазмунини сўзлаб берганди. Ўша ҳикояни шу ерга тиркаб қўйишни лозим кўрдим. Чунки биз совет тарбиясини олишган менга ўхшашлар ҳақиқатан тўғри йўлга тушиб олишимиз, ҳозиргина айтилганидек дўсту душманни яхши ажрата билишимиз учун чинакамига тавба қилишимиз ҳам шарт бўлаётир. Шундай қилиб, ана ўшандай тавбаларнинг бир кўринишини, бир турини билдирган, Ёвшонбойнинг ўша ҳикоясини келтираман. Шеър, “Гуноҳкорнинг тавбаси” деб аталаркан. Унинг мазмуни Ёвшоннинг ҳикоясига кўра, шулардан иборат эди, гуноҳкор киши сўзлармиш: “Ўғрининг ўғрилигини кўрдим, унга бир нарса, демадим. Уни ўз исми билан ўғри, деб атамадим. Лекин у билан ўтирдим, турдим. У билан суҳбатда бўлдим. Унинг тўйида, маракасида қатнашдим. Лаганбардор, олчоқни кўрдим, унга ҳам бир сўз демадим. Унинг лаганбардорлигига боқдим, олчоқлигини томоша қилдим, xолос. Аммо у билан бирга ишладим, ёнма-ён юрдим, бирга ўтирдим, турдим. Баъзан у билан ҳаёт, аxлоқ ҳақида мунозаралар ҳам қилдим. Ҳатто. ёлғончи, алдамчи билан ҳам яшадим. Буни ҳам кўрмасликка олдим. Бу орада кўп узун замон кечди. Мен эса, ҳеч нарса бўлмаган, ҳеч нарсани кўрмаган каби улар билан бирга ишлашда, яшашда давом қилдим. Замон, дедим, “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”, дедим. Мана энди бошқа замон келди. Мен эса, уларни аямасдан, юзинг, кўзинг демасдан танқид қилишни бошладим. Эй, мени яратган Қудратли Оллоҳ, бундан сўнгра мен ким бўлдим? Мен гуноҳкор эмасманми? О, кошки шундай бўлса! Йўқ, мен буюк гуноҳ остидадирман. Менинг гуноҳларимни афв этгайсан эй, Қодир  Оллоҳ! Биз бандалар шунчалар ғофилдирмизки, баъзан оёқ остини ҳам кўра олмаймиз.” Ҳа, анча ибратли тавба, нима дедингиз?! Афсус, ҳаммамиз ҳам ўша кишидек гуноҳларимизни тан олдикми, тан ола биламизми? Унингдек тавба ҳам қила оладиган даражага кўтарила олдикми!?

Хулосалардан бири яна шулки, бугунга (2000 йилнинг сўнггига) келиб ҳам Ўзбекистон демократик мухолифати номини кўтариб юрганлар, сон жиҳатидан жуда кўпайиб қолмади. Уларнинг фаолиятларининг мазмунида ҳам кўзга ташланадиган бирор ижобий силжиш содир бўлмади. Бўлганлари   эса, мана шу ерда ўқиганингиз ҳикоядаги сингари ишлардан иборат бўлди, десам бировнинг  ҳақига жабр қилган бўлмайман.

яқин мавзу