18 – Ватан атрофида номуносиб ҳаракатлар.

Еттинчи бўлимнинг давоми: 18 – Ватан атрофида номуносиб ҳаракатлар.

18. Ватанда вужудга келган номуносиб ҳаракатларга муносабатларим ҳақида. Маълумки, август ойининг (2000 й.) бошида дунё ахборот агентликлари Ўзбекистон жанубида ҳарбий тўқнашувлар бошлангани ҳақида хабарлар тарқатганди. Бу хабарларни мен ўша замон “Ватанда ташвишли вазият юзага келди” деб номладим. Чунки бу мен учун (балки барча инсофли кишилар учун ҳам шундай бўлгандир) чиндан ҳам ўта нохуш ва ташвишли хабар эди.

Шу сабабли иссиқ устида тубандагиларни ёзиб қўйгандим: “Демак, ниҳоят И.Каримов гуруҳи йиллар давомида «барқарорлик» ҳақида вайсаб келганларига қарамасдан, уларнинг вайсашлари қанчалар ҳақиқатдан узоқ эканлиги ойдинлашди. Бизнинг такрор-такрор таъкидлашларимиз, яъни «И.Каримов сиёсатининг оқибати аҳолини оммавий қуллик ҳолига келтиради, унинг охири қонли тугаши ҳам мумкин», деганларимиз исбот бўлмоқда, шекилли.

Афсуски, башоратимизнинг бундай ҳақиқатига гувоҳ бўлишни ҳеч қачон истамагандим. Бундай аянчли ҳақиқат ҳар бир инсофли одам зотини фақат ташвишга солиши мумкин, холос .

Шу муносабат билан Ватандан ташқарида қолишга мажбур бўлган муҳожир Ўзбекистонликлар ташвишлари чексиздир, деб ўйлайман.

Ватандаги воқеаларни биз жиддий ва ташвишланиб кузатиб турибмиз. Имкон даражасида қон тўкилишларига чек қўйилишини такрорламоқдамиз ва имкон бор жойларда талаб ҳам қилмоқдамиз. Аммо бу ҳолга ёшларимиз янада фаол қарши чиқмоқда”.

Ўшандай ташвишли бир вақтда Ўзбекистондаги нохуш воқеалар муносабати билан ёш муҳожирларимиздан бири менга мактуб йўллаб ўз ташвишларини билдирди. Ана шу мактубдан сўнгра , Ўзбекистон чегарасида майдонга чиққан ташвишли вазият ҳақидаги ўз фикрларимни ёзиб, интернет саҳифасига чиқаришга жазм этдим. Улар қуйидагилардир.

09.08.00 куни ёш муҳожирларимизнинг бирисидан (ўша замонда ҳар тарафдан саволлар ёғи-лиши мумкинлигини ҳисобга олиб унинг исмини кўрсатмагандим. У йигит Баҳодир Файзиев эди) хат олдим. У, Ўзбекистонда бўлаётган ҳарбий ҳаракатлардан ташвишларини ёзибди. Унинг хатида бир неча аччиқ, аммо ҳақ сўзлар бор. Тарих учун у хатни бу ерда  келтираман:

“Ассалому алайкум Алибой ака, яхшимисизлар, ишлар қандай кетаяпти? Бу сўн(сўнг, демоқ-чи, аммо сўзнинг туркча шаклини ишлатган) кунлардаги Ўзбекистондан келаётган нохуш хабарларга нима дейсиз? Ўзбекистоннинг демократик мухлифати бу ҳодисаларга муносабат билдиришда кечикмаяптими? Ёки кутилаётган яна бошқа ҳодисаларми бор (қаранг,  сўзларнинг айланишида туркчалик бор)? Ўзбекистон ислом ҳаракати ўзбек ҳукуматига жиҳод эълон қилганини ва буни давом эттиражагини ҳеч чекинмасдан айтаётир. Табиийки бунга И.Каримов салтанатининг диндор инсонларга террористик зулми сабаб бўлганини ҳаммамиз биламиз, аммо масаланинг бошқа тарафи бор, яъни бу исломий ҳаракат билан қайси аскар ва ким жанг қилади? Яна ўзбеклар, ўзбек аскарлари, ўзбек болалари жанг қилади-да, албатта. Амалда-ку ҳали Ўзбекистон мустақиллиги йўқ эди, бу жанглар эса, у мустақилликни янада таҳликага тушурмайдими? Ёки бизнинг ҳукумат ҳам худди шу нарсани истаяптими? Менимча, Ўзбе-кистон давлатининг олдида икки йўл бор:

1) Исломий ҳаракат билан музокара олиб боришга киришиш (табиийки, бу орада демократик мухолифатнинг ўрни қаерда бўлади, деган савол туғилади?);

 2) Ўзбекистонга Россия аскарларини тамомийла чақириш ва контролни уларга бериш. Аммо бунга Чеченистонда ўзи шундоқ ҳам боши берк кўчага кириб қолган рус ҳарбийлари рози бўладими? Бу нарсалар ҳозир ҳаммани ташвишга солиб турибди. Вақт ўтмасдан ўзбек демо-кратик мухолифат лидерлари бу масалада ўз қарашларини билдиришса ва баёнот эълон этишса яхши бўларди. Чунки бундай ҳодисаларда ва мамлакат тақдири ҳал бўлаётган замонда сускаштлик мухолифат ва ўзини ватан учун, миллат учун атаганларга ярашмаса керак. Сиз бу нарсалар ҳақида нима дейсиз? Ҳозирча хайр соғ бўлинг. Салом ва ҳурмат билан Б. Файзи. 09.08.2000.»

Мен ҳам бу хатга дарҳол жавоб ёздим. Жавоб эса, қуйидагича тузилди: “Ва алайкум  ассалом       Баҳордир бек! Сиздан хат олдим ва уни ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Кўп ташаккурлар изҳор этаман. Фикрларингизни тамоман қўллайман.

Биласизми Баҳодирбек, мен Ўзбекистондаги можародан хабар топганданоқ мана қаранг нималар деб, ёзиб қўйгандим, уларни бу ерда ўзгаришсиз келтираман: » 06.08.2000. … бундан келиб чиқадиган оқибатлар нималардан иборат бўлиши мумкин? И.Каримов ва унинг атрофи-даги югурдаклар(оригиналда анча хунук сўз қўллагандим, аммо бу ерда ўша сўзни келтиришни лозим кўрмадим) ҳозир хушини йўқотиб, жаллод Путиндан ёрдам сўраётган бўлсалар керак. Путин бу тутуруқсиз И.Каримовга қанақа «ёрдам» бера олади? Унга чиндан ҳам ёрдам беради-ми?  Русларнинг на қадар жаллод эканлигини, уларнинг мусулмонга қанчалик душман эканлигини биз чеченлар мисолида кўриб турибмиз. Шунинг учун Путиннинг И.Каримовга «сидқидил ёрдами, ислом фундаментализмига биргаликда қарши кураши» ҳам қанақа бўлишини тахмин этиш унча қийин эмас. Путин фақат бир ҳолда, ягона мақсадда И.Каримовга «ёрдам»га келиши мумкин. Биринчидан, Путин энг аввал ўз манфаатидан келиб чиқиб масалага яқинлашади, иккинчидан, бу можарода қурбонлар фақат ўзбекларнинг ўз ароларида бўлишини исташи табиийдир. Демак, руслар Ўрта Осиё марказида фуқаро уруши келтириб чиқариш, шундай ҳам заиф бўлган ўлкани янада жонсизлантириш ва шу йўл билан бу минтақада Россиянинг йўқотилган империалистик ҳукмронлигини тиклашга ҳаракат қилишлари турган гап. Бу ерда можаро чигаллашиб кетадиган бўлса, бундан кўриладиган оқибатнинг энг хунуги ҳам ўзбекларнинг бир-бирини ўлдира бошлаши бўлади. Оллоҳ кўрсатмасин. Оллоҳ, ўзинг барча балоларингдан сақлагайсан, амин.

07.08.2000. Интернетдаги русларга тегишли сайтларда бугун Ўзбекистондаги воқеалар ҳақида баъзи хабарлар фойда бўлди. У хабарлардаги жумлаларнинг тузилиши ва уларнинг мазмунидан Ўзбекистон жанубида майдонга чиққан можародан русларнинг ниҳоятда шод эканликлари шундай кўриниб турибди. Масала, бизнинг-Ўзбекистоннинг расмий «раҳбар» бўлмишлари ва “мужоҳид” аталмишлар русларнинг хийласини тушунишларида қолмоқда. Оллоҳ, ўзинг уларга ақл ва инсоф бергайсан!»

Юқорида келтирилган жумлалар кўрсатилгани каби, 06 ва 07 августларда ёзиб қўйилганди. Шундан эътиборан воқеаларни кузатиб бормоқдаман.

Баҳодирбек, энди сизнинг фикрларингизга бирма-бир жавоб беришга ҳаракат қиламан. Ўзбе-кистонда бўлаётган воқеаларга демократик мухолифатнинг муносабати масаласига келсак, билмадим, кеч бўлдими ёки йўқми бирор нарса дейиш мен учун бир мунча мушкулдир. Менимча, “Америка овози»-дами, Б-Б-C-и-да Намоз Нормўмин ва Пўлатовнинг кичиги мазкур воқеаларга аталган фикр билдиришди. Бироқ у икки кишининг фикри мухолифат фикри ўрнига ўтмайди, албатта. Мен «Бирлик» ва «Эрк» бирлашган шаклда фикр билдириши тарафдориман. Бироқ сиз ва менга яхши маълумки, у икки ҳаракатнинг «буюк» раҳбар бўлмишлари биргаликда чиқиш қилиша олмайдилар.

Баҳодирбек, тўғри айтасиз, Ўзбекистон ислом ҳаракати(ЎИҲ) ўз мақсадларини очиқ айтиб, ҳаракатларини давом этказмоқда. Мазкур ҳаракатнинг майдонга чиқиш сабаблари И.Каримов-нинг нодонларча сиёсат юргизиши натижаси эканлиги ҳам аниқ. Аммо И.Каримов зулмига қарши ЎИҲ танлаган йўлни тўғри, деб бўлмаслиги ҳам жуда очиқ. Менимча, И.Каримов тара-фидан жангга ташланаётганлар ёлланган руслар бўлса керак. Учоқларни бошқараётганлар руслар эканлиги бизга бундан анча олдиндан маълум эди. Мен жуда яхши биламан, И.Каримов ниҳоятда муғамбир одам, унинг қўлидан ҳар қандай ифлослик, ярамаслик келади. Шунинг учун можарони унинг ўзи келтириб чиқарган бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

И.Каримовнинг мақсади, русларни Афғонистон чегарисига олиб келиш бўлиши ҳам мумкин. Ўзбекистоннинг душмани ким эканлигини энг аввал бизнинг “мужоҳид” аталмишларимиз жуда яхши тушунишлари керак. Биз ўзбек болаларининг бемақсад ўлимига йўл қўйишимиз мутлақо мумкин эмас. Биламизки, бу можароларда, И.Каримовнинг ёки Путиннинг боласи ўлмайди, албатта. Фақат ўзбек боласи, ўзбек  ўлади, холос. Зулмни қандай ва қанақа қурбонлар ҳисобига тугатишни жуда яхши ўйлашимиз ва билишимиз зарур.

Энди, И.Каримов ҳукуматининг исломий ҳаракат билан музокараларига келсак, бу масалага би-роз вақт бор, шекилли. Аммо бу ҳолни эҳтимолдан ташақарида тутмаслик керак. Менимча, И.Каримов исломийлар билан музокара бошлашга шошмаса керак. Балки, у аввал бизнинг демократик раҳбарлардан бирини ёки ҳар иккисини ҳам ўз тарафига олишга уриниб кўради. Шундай қилиб, яъни демократларни исломийларга қарши қўйиб, уларнинг ҳар учаласини ҳам биргаликда бирданига битириши мумкин. Шунинг учун биз ( «Бирлик», «Эрк» ва исломий ҳара- кат) аллақачонлар бирлашмоғимиз ва ягона замонавий дастур билан ҳаракат қилмоғимиз зарур эди. Мана бу энг муҳим ишда, бирлашиб, ягона замонавий дастурга кўра курашиш ишида ҳақиқатан ҳам кечикдик.

Баҳодирбек, сиз кўтарган иккинчи, масала, рус аскарларини тамомийла чақириш масаласига юқорида ҳам бироз тўхталдим. Менимча, И.Каримов бу ишни сиз ва менсиз ҳам қилишга ҳара- кат қилади. Аммо оқибати нималарга олиб келади буни башорат қилиш қийин. Руслар, рус жаллод ҳарбийлари эса, истаган ерга кетаверади. Уларга нон ва пул берадиган жой бўлса бўл-ди. Бугун уларнинг мақсади одам ўлдириш ва инсон қони тўкилиши ҳисобига нон топишдан иборат бўлиб қолди. Бироқ бу ҳол энг ёмон вариантдир. Руслар Ўзбекистонга келса террорис тик ҳаракатлар озаймайди, балки кўпаяди. Чунки улар ўзлари террористик иғволар чиқариб, “мужоҳид”лар қилаяпти, деб тураверади. Ундан сўнгра улар ҳар икки тарафга қурол сотиш билан шуғулланиши ҳам аниқ бир масаладир. Тожикистонда шундай бўлмадими? Чеченистонда шундай бўлаяпти-ку, ахир.

Баҳодирбек, шуни ҳам тўғри айтасиз, бугунги вазиятда, ватаннинг тақдири таҳликали бир ҳолга келиб қолган бир замонда сусткашлик бизга, демократик мухолифат номини елкамизда ташиб юрганларга муқлақо ярашмайди. Иложимиз қанча, ҳозирча «улуғларимиз» жим туришибди. Менимча, улар бирор дурустроқ сўз топишни ва уларни қандай сўзлашни билмай турганга ўҳшайдилар.

Баҳодирбек мен,

1) Ўзбекистонда уруш ҳаракатларига мутлақо қаршиман. Бундай ноўрин ҳаракатлар зудлик билан тўхталиши зарур деб биламан;

2) Ўзбекистонга рус аскарларини ёки бошқа бирор хил ҳарбий ёрдам чақиришга ҳеч қандай сабаб бўлиши мумкин эмас. Буни И.Каримов ҳукумати ҳам, “мужоҳид” аталмишлар ҳам жуда яхши тушунишлари зарур деб ҳисоблайман;

3) Демократик муҳолифат вакиллари бу масалада дарҳол учрашув ўтказишлари керак. Жиддий дастурга эга бўлган бирлашган мухолифат кенгашини тузиш бугуннинг энг долзарб масаласидир деб қарайман;

4) ва ниҳоят Ўзбекистондаги бу ташвишли воқеаларга биз, демократик мухолифат сифатида дарҳол кескин, изоҳларга ўрин қолдирмайдиган фикрларимизни айтишимиз зарур, деб биламан.

Менинг маслаҳатларимга қулоқ тутадиганлар бўлса, менинг фикрларим ана шу айтилганлар-дир. Аммо бу айтилганларга ким тарафидан эътибор қандай бўлади, уёғини Оллоҳ билади.

Баҳодирбек, яна бир таклиф, яъни силар, ёшлар ўзларинг номларингдан бир баёнот билан чиқсаларинг ва унда демократик муҳолифат лидерларини ҳам шундай чақириқ билан чиқиш қилишга таклиф этсанглар қандай бўлар экан? Силар номларингдан ёзиладиган баёнотнинг матнини мен таҳрир қилишим мумкин. Истасанглар силар тайёрлаган баёнотга, ўзларинг қаторида имзо чекишга ҳам розиман.

Бағишланг, хат жуда чўзилиб кетди. фикр ва саволларингизни кутаман. Сизга салом ва дуолар билан Алибой. 09.08.2000 й.»

Ўша янги асрнинг биринчи йили сўнгги ойларида вужудга келган Ўзбекистондаги аянчли воқеалар ташвишида пойда бўлган фикрларимни ҳам оққа тушириб қўйгандим. Уларни бу ерда 2000 йилги муҳим воқеалар қаторида келтириб ўтишни тарихни хотирлашда аҳамиятга лойиқдир деб ҳисобладим.

“Дунё матбуот воситаларида хабар қилинишича Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳарбийлари ва ўзбек исломий ҳаракати жангарилари ўртасида жиддатли жанглар давом этмоқда. Демак, инсонлар қони тўкилиши давом этмоқда. Нима учун, нега шундай бўлмоқда? Бунда ким айб-дор? Ҳатто у ердаги воқеаларни жиноят ҳисоблаш тўғриси бўларди. Албатта бу ерда аосий айб, бу жиноятда бош жиноятчи Ўзбекистон ҳукумати ва унинг бошлиғидир, дейиш ҳақиқатга яқинидир. Бундай аянчли ҳолнинг майдонга чиқишига, бундай хунрезликларга аосий  сабаб И.Каримов ва унинг ёвузларча ўтказилган ва ўтказилаётган сиёсатидир. И.Каримов ва у бошлиқ ҳукуматнинг ўз халқига душманлиги натижасидир. Бундай душман зулмини, бундай ўз халқига ёвузликни қанча лаънатласа оздир. Бироқ И.Каримов тўдаси сингари халққа, ўз халқига нисбатан нафрати тўлиб-тошган кимсаларнинг Ўзбекистондай олтин ўлкада бунчалар узоқ замон ҳукмрон бўлиб қолишига нима учун йўл қўйилиши мумкин бўлди? Бугун бу саволларга очиқ жавоб қилиш зарур бўлмоқда. Чунки И.Каримов ва унинг ёвузтўдасининг Ўзбекистонда ҳукмрон бўлиб қолишида ҳар бир ўзбекнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг буюк айби, жинояти демасак-да, буюк гуноҳи борлиги кўриниб турган бир ҳолдир. Бир асрдан ошиқ давр мустамлака ҳолатида яшашимиз даврида миллат ичидан, ўзимиз орамиздан чиқиб, истилочиларга сотилиб, ўз халқига қарши хойинлик, ҳатто жаллодлик вазифасини бажариб келганлар, истилочилар кетишганларидан сўнгра ҳам бизнинг устимизда бемалол ҳукмрон бўлиб қолишаётган бўлсалар ва бунда ўзимиздан бошқа яна бирисини айбласак тўғри бўладими? Менимча йўқ. Биз ўзимизни халқ, миллат ўлароқ ҳисобласак, бу саволга янада қаттиқроқ йўқ дея жавоб қилиниши лозим. Кечаги сотқинлар, истилочиларнинг кечаги ювундихўрлари устимизда бугун ҳам ҳукмронлигини давом қилишаётган эканлар, бундай номутаносибликда айбни, хатони ўзимиздан бошқаларда ахтариш мутлақо хатодир. Бу санал- ган саволлар жавоби ва на фақат Ўзбекистондаги бугунги қон тўкилаётгани эмас, балки мамлакатдаги умумий сиёсий аҳвол, ижтимоий вазият, ҳар бир нормал фуқарони қийнаши, ўйлантириши ва уларга уйқу, тинчлик бермаслиги зарур. Бундай номуносиб вазиятнинг юзага келиши гуноҳкорларини ажратишимиз ва ҳеч нарсадан ийманмасдан ҳар бир ўзбек уларнинг юзларига туфлашлари керак.

Биз ўзбеклар, халқмизми? Ўзбекистон аталмиш Ватан, тупроқ бизникими? Агар бу саволлар жавоби «ҳа» бўлса, биз оёққа қалқмоғимиз шарт. Қутлуғ ватан тупроғида қон тўкилишини тўхтатиш ҳам, вазиятни бундай ҳолга келтирган жиноятчи ҳукумат ҳам бизнинг ҳукмимизга, яъни халқнинг, миллатнинг ҳукмига сўзсиз бош эгмоғи зарурдир. Эй, Оллоҳим! Шундай ҳам бўлармикин? Бизда ҳам шундай журъат топилармикин?!

Мен қуйида, биз халқ сифатида, нуфус, миллат ва мавжуд ҳукуматга мухолифат сифатида йўл қўйилган хато ва айбларимизнинг бир нечасини санаб ўтаман:

– И.Каримов (мустамлакачилик замонида истилочиларга лаганбардорлик қилганлар) тўдаси  ҳукуматга келганида (1989), уларни биз демократ ҳисобладик;

– 1992 январида И.Каримов тўдаси Тошкентда талабалар ғалаёнини ўзлари ясади ва улар муғам- бирона қурулган тузоқларига илинган бегуноҳ талабаларни очиқчасига ўққа тутдилар. Биз эса, мухолифату, миллат, ҳар биримиз ўзимизни талабалардан узоқ тутишга уриндик. Ҳар биримиз кўра-била жиноятчиларни эмас, жабр дийдаларни, талабаларни қоралашга уялмадик;

– 1993 йили рус рублини купонга ва ундан сўнгра сўмга алмаштириш даврида халқ очиқчасига хонавайрон қилинганди, уларнинг чўнтагидаги энг сўнгги тийини ҳам қоқиб тозалаб олинганди. Халқни очиқдан-очиқ ана шундай хонавайрон қилган ўғри тўдасини ва унинг бошлиғини кўр – кўрона кўкларга кўтардик. «Ақоевда қош, И.Каримовда бош» каби уни ҳатто маталга айлантирдик;

– 1994 йили И.Каримов бошлиқ гуруҳ ўзлари қабул қилган конституцияларини бузиб сайлов ўрнида референдум ўтказдилар, буни биз сезмасликка олдик. 1999 йили И.Каримов қонунга хилоф ўнбешинчи йилга, яъни Ўзбекистон Республикаси президентлигига учинчи муддатга кўрсатилди ва «сайланди». Бу билан аслида ҳам ўта номукаммал мавжуд конституция такрор оёқ ости қилинди. Бироқ биз сайловчи бўла туриб ғинг демадик, дея олмадик;

– Қўшни Тожикистондаги фуқаро урушини И.Каримов гуруҳи қўлидан келгунича кескинлашти- ришга ҳаракат қилди, у ерда Худойбердиев тўдаси каби ғалаёнчилар гуруҳини ҳар томонлама қўллаб турди. Тожикистондаги нобарқарорликни рукач қилиб, Ўзбекистонда «барқарорлик” –  ни сақлаяпман каби ёлғон реклама қилди. Биз эса, И.Каримов тўдасининг бу ёлғонига ишонган бўлдик;

– Советларнинг Горбачев замонида асос солинган «Бирлик», «Эрк», «Адолат» ва бошқа турдаги халқ ҳаракатлари, партияларни бутунлай тугатди, мазкур ҳаракатларнинг лидерларини мамлакатдан қувди, қанчаларини мислсиз қийноқларга солди, ўлдирди. Биз бу безориликларга ҳеч бир нарса билан қаршилик кўрсата олмадик, ҳатто жим қолдик деса ҳам бўлади. У қийноқлар, зулм давом этмоқда. Ҳозир деярли бутун миллат «жиноятчи»га айлантирилган. Аммо ҳамон биз жим, ғафлатда, гўё уйқудамиз;

– Обидхон қори Назаров, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф(ўша замонлар бу тақсир ҳам муҳожир эдилар) каби буюк олимлар, юртнинг гуллари ёшларимизни тарбиялаш имконларига эга бўлишлари ўрнига юртдан бадарға қилинди. Абдували Мирзаев каби тенгсиз алломалар бедарак йўқ қилинди. Бундай тарих кўрмаган ноҳақликларни кўрмадик ёки кўрмасликка олдик, ўзимизни;

– Бутун халқ оммавий очлик ҳолига келтирилди, биз эса, ўзимзни «тўқ ва бахтиёр» ҳисобладик. И.Каримовни «дунёда тенгсиз шоҳ», «буюк иқтисодчи, ислоҳотларни қадамма-қадам амалга оширувчи», атадик;

– Мактабларда тарбия – ўқув ишлари деярли тўхтатиб қўйилди. Болалар ёпасига нон топишга мажбур қилинди. Буни «ўтиш даври» қийинчилиги, деб аташга уялмадик;

– Ўн йил давомида мамлакатда КГБ ходимлари сони жон(киши) бошига совет давридаги кўра 4-5 марта, миллитсионерлар эса, ундан ҳам кўпроқ оширилди. Мамлакат тўла КБГ ва милици  онерлар давлатига айлантирилди. Кўчада, уйда ҳар бир фуқаро уларнинг «назорати» остига олинди. Биз, «Ўзбекистон дунёда тенгсиз демократик мамлакат», деб жар солдик ва к.з. ва ҳ.з. Шу каби рўйхатни яна узоқ давом этиравериш мумкин.

Афсуслар бўлғайки, очиқчасига бунчалар жабр-зулм, қабоҳатларни дунёда ўзбеклардан ўзга бирорта миллат кўтара олмаган бўларди, менимча. Дарҳақиқат бундай(ўзбеклардай) бир “чидам”ли миллат дунёда йўқдиров.

Оқибат шуки, бугун Ўзбекистон тупроғида қон тўкилмоқда. Бироқ бу қон И.Каримов ёки Путин боласининг қони эмас, яна бизнинг болаларимиз, ўзбек болаларининг қони тўкилмоқда. Биз эса, бу ҳодиса ва воқеаларда айбни ўзимиздан эмас, яна бошқа кимлардандир ахтармоқдамиз, шекилли. Биримизни «террорист», бошқамизни «кофир» атаб, ўзаро биримиз бошқамиз учун   душманга айланмоқдамиз. Халқ, миллат аталмиш умум эса яна жим.

Эй, Оллоҳим! Нега бунчалар биз анқовмиз? Ёки бу қўрқоқликми, биз шунчалар ҳам қўрқоқ- мизми? Нега барча ҳақу ноҳақни очиқ айтишдан чўчиймиз? Нима учун И.Каримовнинг юзига жиноятларини очиқ айтмаймиз, айта олмаймиз? Нима учун ҳақиқий жиноятчини жавобгар- ликка тортмаймиз, торта олмаймиз? Нима учун қўлига қурол олган болаларимизни бошқариш ўзбек баковуллари, оқсоқоллари қўлида эмас? Нима учун биз русга ва яна кимларга ёрдамга  шошамиз? Мужоҳидлар ҳам, ўзбек аскарлари ҳам Ўзбекистоннинг, ўзбек элининг фарзандлари эмасми? Уларнинг ота-оналари ўзбеклар эмасми, улар Ўзбекистон тупроғида туғилиб, шу ерда ўсмадиларми, шу тупроқда  яшамайдиларми? Ўзбекистон аталмиш муқаддас тупроқнинг эгалари улар эмасми? Наҳотки улар ўзаро муаммоларини ҳал қилмоғи учун кимларнингдир ёрдамига муҳтож? Наҳотки биз, қон тўкиш билан, узун тарихда бизнинг аждодларимиз ва яқингача бизнинг ёшу-қаримизнинг қонини оқизган ажнабий, рус аскарлари ва уларнинг қирғин келтирувчи учоқлари ёрдами билан ўз орамиздаги масалаларимизни ҳал бўлади, деб ўйлаймиз?

Эй, инсон болалари, Оллоҳнинг ғафил бандалари, Муҳаммад (сав) умматлари, Беруний, Фаробий, Тирмизий, Мадрудий, Тимур, Улугбек, Исмоил Бухорий, Шоҳи Нақшбанд (Баҳо-аддин Муҳаммад Бухорий), Хўжа Убайдуллоҳи Ахрор авлодлари, Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Абдулло Қодирий неваралари, буюк боболар арвоҳи-руҳи ҳурмати қон тўкилишини зудлик билан тўхтатинг!

Эй ўзбек элининг болалари! Атрофингизга дурустроқ боқингки, сизнинг ҳаракатингиздан, ўзбекларнинг ўз орасида қон тўкилишидан фақат ўзбекнинг, яъни сизнинг душманингиз шодланмоқда.16.08.00”.

Шу нуқтада яна бир вазиятга эътиборни қаратиб ўтмоқчиман. Яъни юқорида қилинган ҳикоямиздан кўринаяптики, 2000 йилнинг август ойигача бўлган замон ичида “Бирлик” ҳаракати ва “Эрк” партияси номидан сонлари 20 киши атрофида бўлган   Ўзбекистон демократик мухолифати номида юрган кишилар мамлакатнинг ташқарисида сиёсий муҳожир мақомида яшаётган эдилар. Аммо кўраяпсизки, Ўзбекистон(жонажон Ватанимиз)нинг чегарасида ўта ташвишли воқеа вужудга келган бир вақтда эса, улардан иккитасигина (Баҳодир Файзи ва каминаи камбағал) Ватандаги ўша ташвишни шериклашишга тайёр эканлигини, қўлларидан келганича ўша шиддатли ҳаракатларни тўхтатиш чораларини топишга кўмаклашишга тайёр эканликларини кўрсатишаяпти. Қолганларнинг сустлиги, бефарволиги, сассизлигидан ачиниб, нималарнидир ёзишиб, маслаҳатлашиб турибди. Янги асрнинг сўнгги ойлваридаги бизнинг(Ўзбекистон демократик мухолифатининг) фаолияти мана шу эди.  Энди қадрли ўқувчи ўзингиз сўзланг! Бу қанақа фаолият? Бу қанақа мухолифат? Биз кимлармиз ..?

Ҳа, бу бошқа тарафдан, Ўзбекистон мухолиф ҳаракатининг янги асрниннг бошидаги юзини,  аҳволини ҳам очиқ ойдин намойиш қилаяпти. Демак, мухолиф ҳаракатимизга баҳо бераётганимизда мана шунақа ҳақиқатлардан кўз юмиш, буларни эътибордан четда қолдириш ҳақсизлик, адолатсизлик эканлигини билишимиз шарт.

Энг қизиғи шуки, мана бугун, яъни янги асрнинг биринчи ўн йиллигининг сўнгги (2010) йилини яшаётган бир даврда, аҳволимиз-мухолиф ҳаракатимиз аҳволи на қадар ўзгаришга юз тутди? Менимча, бутун қусур шундаки, Ўзбекистон демократик мухолифати номини кўтариб юрганлар фаолиятида бугун (2010) ҳам бирор кўзга илинадиган ижобий ўзгариш юз бермади. Нима десангиз, деяверинг, биз мана шунақа одамлар бўлиб чиқдик. Ўзбекистон мухолиф ҳаракати номли “муассаса”га мана шу нуқтадан қараб баҳо бериш лозим бўлади. Мана шунга кўра, ундан бирон натижа кутиш ёки ҳеч нарса умид қилмаслик керак бўлади.

яқин мавзу