Еттинчи бўлим. Янги асрнинг бошида ғурбатдаги ҳаёт.

Еттинчи бўлим. Янги асрнинг бошида ғурбатдаги ҳаёт(фоалият).

17. Норвегияда иккинчи йил ёки янги асрнинг бошланиши. Бу замонга келиб, менинг Норвегияда сиёсий муҳожир мақомида яшай бошлаганимга ҳам бир йилдан ошиб, иккинчи йили ҳам бошланаётганди. Аммо бу ерда биринчи марта янги йилни кутиб олаётгандим. Бу сафарги янги йил, янги асрнинг, янги юз йилликнинг бошланишини белгилаётгани учун ҳам янада бошқача аҳамиятга эга эди.

 Бу сафар янги йилни кутиш, янги асрнинг бошланишини кутиш ҳам бўлгани учун кишини янги-янги умидлар орзусида хаёл суришга унтарди. Янги асрнинг бошланиши билан бизнинг ҳаётимизда ҳам янгиликлар бўлар, янги ютуқларга эришармиз каби хаёлларга берилмаслик ҳам мумкин эмасди, албатта.

Қани, янги асрнинг бошидан бугунгача( декабр, 2009) кечган тарихда қолдирган изларимизга жиддий бир шаклда қарайликчи, янги асрнинг биринчи ўн йиллигида  биз, Ўзбекистон мухолифати сифатида ва  ҳар биримиз алоҳида олинган шахслар сифатида нималар қилибмиз, қандай ютуқларга эришиб ёки қандай хато-камчиликларга йўл қўйиб, нималарни   бой берибмиз …?

Бу тарих, биринчидан, янги асрнинг биринчи ўн йиллиги бўлиб ҳисобланса, иккинчидан, бизнинг жонажон Ватанимиз мустақиллигининг икки ўн йиллиги бўлиб ҳам ҳисобланади. Умуминсоният тарихи олдида бу муддат жуда оз кичик бир тарихий замон бўлса-да, бир киши ҳаёти ёки бирор ҳукумат, режим даври учун етарли даражада кўзга кўринарли ишлар амалга ошириш мумкин бўлган оз бўлмаган тарихий муддатдир. Шунинг учун биз, ўзимизни Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф ҳисоблаб, чет элларда сиёсий муҳожир мақомида юрган кишилар, ўтмишга айланган 20 йиллик муддат ичида бажарган иш фаолиятимиз ҳақида  ҳеч қурса ўз виждонимиз олдида ҳисоб беришга мажбурмиз деб ҳисоблайман. Шу сабабдан тарихга айланган кечмиш давр двомида ҳаётимда учраган ҳодиса ва воқеаларни, баҳоли қудрат бажарган ишларим ҳақида баён қилиш орқали  билдиришни, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллик тарихига муносабатимни ҳам  ифодалашни истайман. Аммо кўраяпсизки, менинг ҳикоям янги асрнинг бошида турибди. Келинг, биз бугундан (2009) яна бироз орқага қайтамиз-да сўзларимизда давом этамиз.

Шундай қилиб, янги асрнинг бошланиши биз-мусулмонлар учун яна бошқа бир хусусияти билан ҳам аҳамиятли эди. Чунки ҳижрий 1420 йилнинг рамазон ойи 1999 йилнинг декабрида бошланиб,  2000 йилнинг бошида, янги асрнинг бошланишида ҳали у давом этаётганди. Шунинг учун янги асрнинг бошланғич кунлари биз мусулмонларнинг рўза тутиш ибодатининг давомига уланиб кетди ва янги асрнинг биринчи ойи 7-кунида рамазон байрамини ўтказиш шарафига эга бўлдик. Мен учун эса, Ватанимдан узоқ бир шимолий юрт – Норвегияда биринчи марта рамазон байрамини-ҳайитини ўтказишим бўлаётганди. Оллоҳга шукрки, бу мамлакатнинг мен ўтираётган шаҳри – Бергенда ҳам мусулмонлар ибодатларини қиладиган икки жойда масжид ишлаб турарди. Уларнинг бирида мен ҳам кўпчилик мусулмонлар билан биргаликда Рамазон ҳайити намозини ўқидим ва мусулмон қардошлар билан байрамлашдим.

Қисқаси, Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки, янги аср биз-мусулмонлар учун яхшиликлар ва байрамлар билан бошланди. Илоҳа бутун аср, ҳамма қатори биз учун ҳам яхшиликлар асри бўлиб қолсин.

Шунинг билан бирга, бу йил (2000) биз ўзбекистонликлар учун Ўзбекистонда ўтказиладиган яна бир сиёсий маросим муносабати билан ҳам алоҳида аҳамият касб этарди. Чунки бу йил, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига навбатдаги сайловлар ўтказилиши лозим бўладиган йил эди.

Шунинг учун ўтган йилнинг(1999) охирги ойларида “Ўзбекистонда саловлар бўлиши мумкинми?” номли мақола ёзгандим. Мазкур мақола, янги йил, янги асрнинг бошланишида Ўзбекистонда ўтказиладиган сайловлар унинг келажак тақдири учун муҳим аҳамияти бўлган воқеага бағишлангани сабабли уни бу ерда баъзи қисқартишлар билан келтираман.

“Маълумки, 2000 йилнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар ўтказилади. Демокрaтик принциплaр яxши йўлгa қўйилгaн мaмлaкaтлaрдa бундaй сaйловлaр жaрaёни жудa жонли вa тaнтaнaли бўлиши мaълум. Улaрдa, aйниқсa пaрлaмент сaйловлaри дaвридa қизғин мунозaрa вa сиёсий курaшлaр мaйдонгa чиқaди. Бир неча сиёсий пaртиялaр бу мaйдондa, сaйловлaрни ўткaзиш мaйдонидa фуқaрони ўз пaртияси номзодлaри учун овоз беришгa тaшвиқот va тaрғибот курaшини aвж олдирaдилар. Чунки ижроия ҳокимиятининг фaолиятини, унинг иш тaртиб-қоидaлaрини, умумaн жaмиятдaги бошқa турли xил муносa-бaтлaрни пaрлaмент қонунлар қабул қилиш орқали aниқлaйди вa белгилaйди. Чунки парламент, фуқаронинг ҳақиқий вакиллари йиғилиб қарорлар ва қонунлар қабул қиладиган жойдир. Шунинг учун пaрлaментдa кимлaр ўтиришини фуқaро-сайловчилар яxши тушунaди, номзодлaрни ўзлари танлаш ҳақига эгалар ва тaнлaй олaдилар. Фуқaро бундай ҳaрaкaти учун жазолaнмaйди, aксинчa у рaғбaтлaнтирилaди. Биздa-чи, биздa, Ўзбекистондa aҳвол қaндaй? Бугунги Ўзбекистонда ўшандай сайловлар ўтказилиши мумкинми? Ўзбекистондa бундай сaйловлaр қaндaй ўткaзилиши мумкин?

Шу кунларда Ўзбекистондaн чиқaётгaн дaрaклaргa қaрaгaндa, бу сaйловлaр янa бир бор И.Кaримов шaxсини реклaмa қилиш мaросимигa aйлaнтириб юборилaдигaн кўринaди.

Дарҳақиқат, демократизмнинг асосий унсурларидан бири ҳисобланган кўпфикрлилик, кўппартиявийлик принципи бугун Ўзбекистонда ишламайди. Чунки бу муҳим принцип республикада ташкил топмаган, яъни бугун Ўзбекистонда мустақил сиёсий партиялар йўқ. Ҳатто у ерда ҳозир якка партия ҳам йўқ. Масалан, советлар замонида ягона коммунистик партия ҳокимияти мавжуд эди. Ўзбекистонда бугун у партия ҳам тарқатиб юборилган. Бугун Ўзбекистонда якка шаxс ҳокимияти мавжуд. Бу ҳокимият эса, подшоҳ ҳокимиятидан ҳеч фарқ қилмайди, десак мутлақо xато қилмаган бўламиз.

Шунинг учун Ўзбекистонда ҳар қанча сайловлар ҳақида қонунлар қабул қилинмасин, уларни ўтказиш маросимларини қанчалик тантанали ташкил этмасинлар ундан Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг моҳияти ўзгариб қолмайди.

Айни замонда Ўзбекистонда бешта партия мавжуд ҳисобланади. Аммо бу партияларнинг аъзолари биринчидан, тарқатиб юборилган собиқ коммунистлар бўлиб, улар И.Каримов жанобларининг истаги билан бешта турли xил исмлар билан номланадиган бўлишган. Иккинчидан, улар партия сифатида аниқ дастур, режа ва низомлар билан маълум манфаатлар атрофида уюшмаган, аксинча манфаатлари жиҳатидан бир-бирларига яқинлашмайдиган турли хил кишилар қаришмасидан иборатдир. Уларда мустақил нуқтаи назар, дунё қараш мутлақо йўқ. Унинг устига уларнинг бир қисми, айниқса Ўзбекистон xалқ демократик партияси аъзолари ҳисобланган қисми ҳокимият маъмуриятида ишлашиб, И.Каримов мулозимларига (тўғрироғи лаганбардорларига) айланишган. Шундай экан, уларда мустақил нуқтаи назар қаердан бўлсин?!

Қисқаси, Ўзбекистондаги партия аталмиш гуруҳлар сиёсий партияларни эмас, партия имитациясини (яъни партияга ўxшаш кўриниш ясашни) ташкил этадилар. Шунинг учун Ўзбекистонда ўтказиладиган сайловларда мантиқан ҳам, ҳақиқатда ҳам алтернатив (муқобил) номзодларнинг бўлиши мумкин эмас.

Мустақилликнинг ўтган етти йили давомида энг асосий муаммолардан бири жамиятда манфаатларнинг табақаланиши содир бўлмади. Ўзбекистонда нотўғри сиёсат юритилиши оқибатида фуқаро фақат икки табақага ажралди, яъни xалқ, ҳукмдорлар ва уларнинг ҳизматкорлари шаклида иккига бўлиниб қолди. Xалқнинг жуда озчилик қисми ҳукмдорларга мансуб бўлиб, улар шаxсан Каримовга тегишли ҳисобланадилар. Ана ўша озчилик республикадаги бутун мулкка эга, барча қонун-қоидалар уларнинг xоҳишигагина мослаштирилган. Аҳолининг асосий, мутлақ кўпчилик қисми эса, ҳукмдорларнинг xизматкорларига айланиб, улар ўта қашшоқ ва ҳақ-ҳуқуқсиз ҳолга туширилган. Бундай жамиятда эса, ҳатто икки xил фикрлашнинг бўлиши мумкин эмас. Бундай жамиятда бош ҳукмдорнинг ягона фикри ҳукм суради, xолос. Бундай жамиятда ҳукмдор нимани истаса ўша амалга ошади. Бошқача бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас. Диктатуранинг, подшоҳ ҳокимиятининг моҳияти шудир, яъни якка шаxснинг ягона ҳокимиятини ўрнатишдир.

Масалан, Ўзбекистон Олий Мажлисида 2000 йилда кимлар ўтириши лозимлиги ҳозироқ аниқ. уларнинг рўйxати И.Каримовнинг папкасида бугуноқ тайёр турибди. Бу йил декабрда номига, расмиятига ўтказиладиган сайловларга сайловчилар овоз бермоқ учун қатнашадими, йўқми, улар қандай овоз беришидан қатъи назар ўша рўйxатдагилар Ўзбекистон парламентига сайланди, деб эълон қилинади.

Шунинг учун сайловлар ўтказилди каби ёлғон маш-машага кетадиган xаражатлар уволига қолмасдан, рўйxатни Каримов фармони билан эълон қилиб қўя қолишса ҳам бўларди.

Энди икки оғиз сўз президентлик сайловлари ҳақида. Бу масала ҳам мамлакатда сиёсий партиялар мавжудми, йўқлигига бориб тақалади, албатта.

Биринчидан, ким ва кимлар президентликка номзодларини кўрсатадилар? Кишиларнинг қандай ташкилотлари президентликка номзод кўрсатадилар? Ўзбекистоннинг ҳозирги конституцияси бўйича сиёсий партиялар президентликка номзод кўрсатишга ҳақлилар. Аммо бу ҳолда ҳам Ўзбекистонда бир қизиқ ҳолат бор. Масалан, мамлакатнинг ҳозирги президенти партиясиз. Бундан И,Каримов ўз номзодини президентликка такрор қўядими, йўқми ва унинг номзоди қўйиладиган бўлса, уни қайси партия кўрсатади, деган савол келиб чиқади. Балки И.Каримов бу сафар президентликка номзодини кўрсатмас. Аммо шундай бўлса эди, Ўзбекистонда қонунчиликка, демократияга бошланғич қадам қўйилган бўларди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон конституциясида бир шаxс 10-йилдан ошиқ замон президентлик лавозимини эгаллай олмаслиги ёзиб қўйилган. И.Каримов 1989 йилдан буён Ўзбекистон компартияси 1-нчи котиблигини, 1990 йилдан эса, Ўзбекистон президенти лавозимини эгалаб келмоқда. Демак, бир шаxс учун президентликнинг конституцион муддати битди. Аммо Ўзбекистонда конституциянинг бу моддасига амал қилмасликлари аниқ.

2000 – йил бошида ўтказиладиган Ўзбекистон президентлигига сайловлар ҳам фақат якка Каримов компаниясига айланади. Унинг номзодини Ўзбекистонда бешикдаги гўдакдан бошлаб, 80-90 га кирган қулоғи кар, оёғи шол қарияларгача қўллаб-қувватлаяпти, деган шов-шувлар кўтаришади. И. Каримов бирор партиянинг номзоди эмас, у бутун xалқ номзоди, деб аташлари ҳам аниқ. Советлар замонида шунақа бўларди. КПССнинг бош секретарини совет xалқи ”номзоди”, деб аташарди. Ўзбекистонда ҳам бугун xудди шундай ва сайловларда ҳам шундай бўлади. Фақат бу ерда советлардан фарқли расмият учун, xўжа кўрсинга бироз бош- қачароқ кўриниш яратишлари ҳам мумкин. Яъни юқорида таъкидлаганимиз сингари, И.Ккаримовнинг шаxсан ўзи ясаган чўнтак партиялар номидан яна бирорта, балки бир неча номзодлар кўрсатишиб, алтернтив (муқобил) номзодлар ”қатнашган” сайлов имитациясини ҳам ясашлари мумкин.

Масалан, Ўзбекистондаги бешта партиядан Каримов ёнига яна бешта номзод кўрсатилса ҳам улар сайлов компаниясининг йўналишига, сайловларнинг натижасига заррача ҳам халақит бермайди, бера олмайди.

Борди-ю, 2000-йил бошида Ўзбекистонда президентликка сайловлар ўтказилса (у ўтказилмаслиги ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас) уларнинг натижаси И.Каримов учинчи муддатга 96 фоиздан ҳам кўпроқ овозлар билан ”сайланди”, деб эълон қилинса керак. Чунки бугун Ўзбекистонда бошқача ҳолга ўрин йўқ. Бироқ бу ясама натижалар республикадаги асл аҳволни, ҳукумат ва фуқаро орасидаги асосий муносабатларни белгиламайди. Ҳақиқатда, Ўзбекистон аҳолиси бу сафар чиндан ҳам сайлов қутуларига келмайдилар. Сайловларнинг бу xилда кетма-кет фақат расмият учун кўрсатма шаклда ўтказилиши бир томондан фуқаронинг ҳокимиятга, унинг сиёсий йўлига сўнмас норозилик кайфиятини келтириб чиқарса, бошқа томондан эса, фуқаро ва давлат ҳокимияти муносабатларини тубсиз жар ёқасига тақаб қўяди. Ёлғон сайловлар натижаси ўлароқ якка шаxс томонидан шаклланган ҳокимият кўп ўтмай, ўша жарга қулаб тушмасайди, деб шубҳаланаман.

Ўзбекистон Олий Мажлиси янги аъзолари бўлиб, кимлар келишидан, И,Каримовнинг яна такрор ўз ўрнида қолди, деб эълон қилинишидан қатъи назар, мамлакатда демократияга йўл очилмас экан, турмушнинг барча жафҳасида чинакамига ислоҳотлар бошланмас экан, Ўзбекистонда ҳокимият xасталиги оғирлашаверади. Оxир-оқибатда, у xасталикни жарроҳ пичоғи ёрдамида даволашдан ўзга чора қолмайдими каби шубҳа ҳам асоссиз эмасдир.

Бугун Ўзбекистондан ва унинг атрофидан чиқаётган xилма-xил воқеалар, ҳодисалар ҳақидаги xабарлар фикримизга далил бўлар, деб ўйлайман.

Ўзбекистон ва унинг чегарасида юзага келган ташвишли вазият алоҳида мавзудир. Унга маxсус саҳифа боғишлаймиз. август, 1999 йил.”

Юқорида матни келтирилган мақолада тасвирланган ва Ўзбекистонда ўтказиладиган парламент ва президент сайловлари олди кампаниясига тегишли энг қизиқарли (ҳатто тасодифан дейилса ҳам бўлади) воқеалардан яна бири, совет даврининг Ўрта Осиё бўйича сўнгги муфтиси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва бу замонда собиқ муфтиси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг (кишилар бу кишини тақсир деб ҳурмат қилишади) муҳожирликдан Ўзбекистонга қайтиши эди. Тақсирни бир замонлар шахсан И.Каримовнинг ўзи мамлакатни тарк этишга мажбур этганди. Шунинг учун Тақсирнинг бугун Ватанга қайтиши жуда қизиқарли бир воқеа эди. Мен учун эса,  бу тасодифан содир бўлган ҳаракат бўлиб туюлди. Чунки бундан икки ойларча чамаси муқаддам у киши менга қўнғироқ қилганди ва бизнинг телефон сўзлашувимизда уни Ўзбекистонга даъват қилишаётганини ҳам сўзлагандилар. Бироқ Тақсирнинг ўша сўзларидан унинг Ўзбекистонга қайтиши ҳам мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариб бўлмасди. Нима ҳам дейсиз, ҳақиқат шулки, Тақсир ўша сайловлар (2000) арафасида Ўзбекистонга қайтдилар. Афсус, бизнинг режаларимиз бир мунча бошқача мақсадларни кўзда тутарди. Ҳеч бўлмаганда мен у кишидан бошқа нарсалар кутгандим. Аммо умид, амалий иш ёки ҳақиқат эмасдир, балки у фақат умиддир, албатта.

Хуллас, Тақсирнинг бу ҳаракати золимнинг ҳукмдорлик муддати чўзилишига, зулмнинг давом эттирилишига сабаблардан бирига айланадиган бўлди. Кечагина И.Каримов режимига мухолиф фикрда бўлган бир мусулмон олимининг бугун унинг режимини қўллаб туришини қандай исм билан номлаш мумкин? Мунофиқликнинг таърифи  яна қанақа бўлади ўзи?

Айтишларича, ҳали советлар яшаб турган замонда И.Каримовнинг Ўзбекистон компартияси 1-котиблигига тайинланиши жараёнида ҳам, И.Каримовга ижобий характеристика берувчилардан бири, мана шу собиқ муфти ҳазратлари бўлган эканлар.

Шундай қилиб, янги асрнинг тўққизинчи куни эди, “Озодлик” радиоси ўзбекча эшиттиришларининг бугунги дастурини тинглаш учун радиони очгандим, радио дастур тўласинча Ўзбекистонда ўтказиладиган президент сайловларига бағишланган экан. Эшитганларим орасида ортиқча маш-машаларнинг анчагинаси бор эди. Айниқса ҳозиргина исми  хотирланган собиқ муфти ҳазратларининг(Тақсирнинг) Ўзбекистонга келиши ва унинг сайловларга муносабати ҳақида хабарлар ҳам бор эди.  Радионинг ўзбек шубасида хизмат қилувчиларнинг хабарига кўра, Тақсир, Ўзбекистон телевидениесида чиқиш қилиб, “Бугун Ўзбекистонга Каримовдан бошқа президент бўладиган киши йўқ” деганмишлар. Тўғриси бу хабар менга тўсатдан портлаган бомба каби туюлди. Ахир, муфти ҳазратлари И.Каримовнинг кимлигини жуда яхши биладиган кишилардан бири эди-ку?! И.Каримов ва унга ўхшаш кишилар бир минут олдин сўзлаганидан, ундан кейинги иккинчи минут бошланишида қайтиб кетадиган шахслар эканлигини жуда яхши биладиган одамлардан бири шу Тақсир ҳазратлари эди-ку. Сўзида турмаслик, ёлғончиликнинг энг типик, классик мисолини И.Каримов шахсида синаб кўрган киши ҳам ҳазратнинг ўзлари эмасмиди? Ана шу радиодан тинглаган хабардан сўнгра блокнотимнинг бир учига қуйидагиларни ёзиб қўйган эканман: “Ўзбекистонда қанчадан, қанча бегуноҳ инсонлар ўлим тузоғида (қамоқхоналарда) азоб чекмоқда, ҳатто уларнинг бир қисми муфти ҳазратларининг яқини ва у киши билан бирга ишлашгани учун зулм кўрмоқда. Шундай бир замонда золим билан, Оллоҳнинг бегуноҳ бандаларига зулм ўтказаётган киши билан опоқ-чапоқ бўлишни Қуръони каримнинг қайси сурасидан, Пайғамбар соллаллоҳи алайҳи ва салламнинг қайси ҳадисидан излаймиз?! Яна бир масала, тақсирнинг атрофида юрганлар-чи, уларнинг тақдири ҳисобга олинмайдими? Ватанда инсоф юзага чиқармикан, у ерда бирон нормал ҳаёт бўлармикан ва ўшандай ҳаёт ўрнатишнинг бирор бир йўлини топармизми деб Ватандан йироқда сарсон-саргардон бўлиб юрганларнинг бир қисми ҳам яқингача Тақсир ҳазратларининг шериклари эмасми эди? Биз ҳам у киши билан ҳамфикр, маслакдошмиз, деб ҳисоблардик ўзимизни. Ўзбекистонда мустабид режим давом қилаяпти, у ерда ҳоким зулм ўтказмоқда, деб сўзлашда ҳамоҳанг эдик. У зулмга қарши биргаликда курашиш ва зулмдан қутулишнинг йўлини биргаликда топиш ҳақида фикрлашиб тургандик. Фикрларимиз ва режаларимиз бир-бирига жуда уйғун эди. Ўша сўзларимизнинг, фикрларимизнинг, ҳатто режаларимизнинг оқибати нима бўлди ва нима бўлади?!

Ҳа, нима ҳам деймиз, ҳар ким ўзига бек. Қолаверса, ҳар ким Оллоҳ олдида ўзи жавоб беради. Аммо бу ҳам ўзбек аталмиш миллат вакилининг бир юзи, бир кўринишимикан деб қоласан киши. Балки биз ўзбекмиз деб юрганлардан ҳақиқатан Каримиовдан дурустроқ бирон зот чиқмас. Ўзбеклар орасида вазият ҳақиқатан ҳам шундайлиги ёки йўқлиги мендан кўра Тақсирга яхшироқ аниқдир …

Шу муносабат билан муҳожирлик ҳаётимда учраган яна бир ҳолатни хотирладим. Уни ҳам шу ерда келтириш аҳамиятли бўлар деб ҳисобладим. Шундай қилиб, десангиз, 1997 йил октябр ойида тирикчилик сабаби билан Доғистонга сафар қилгандим ва у ерда ўн кун туриб қолишга тўғри келганди. Ана ўша замон хаёл суриб ўтирган вақтлардан бирида, тарқоқ, яккабош, ноиноқ, маҳаллийчи, ирқчи, ҳасис, мансабпараст, молпараст, лаганбардор, қулминаз(қул характерли), каби инсон ҳасусиятини белгилайдиган сифатларни ёзиб қўйган эканман. Бу сифатларнинг барчаси менинг миллатим хусусиятларини кўсатишини кўнглумдан ўтказиб, замони билан бу сифатларнинг ҳар бирига мисоллар келтирарман, деб фикримдан кечириб юрардим. Бугун муфтининг Ўзбекистон телеведениесидан чиқиб, ”Ўзбекистонда И.Каримовдан бошқа президент бўладиган бириси йўқ”, деганини эшитиб, ўзбекнинг сифатини тасвирлаш учун ўша ёзганларимнинг бирортаси ҳам ортиқча эмас экан, балки ўзбеклар образини ифодалаш учун бу сифатлар ҳали камлик ҳам  қилармикан, деб қолдим. 09.01.2000, якшанба.”

Ўқувчилар мени маъзур тутсинлар, жонажон миллатимнинг (сасиқ деб бурун кесилмайди, албатта) хусусияти ҳақида сўз кетаркан, шу мавзуга тегишли тубандаги маълумотни ҳам келтиришни лозим кўрдим. Бир мунча илгарироқ ҳам эслатилгани сингари, бу замонларда А. Пўлатов бошқараётган “www.бирлик.нет» саҳифаси ишлаб турарди. Унинг меҳмонлар китоби қисмида асосан икки киши бир-бирини кўпинча русча ҳақорат қилиш билан овора бўлишарди. Шунинг учун ҳам бу сайт нашр қилинаётганига жуда кўп замон ўтмаган бўлса-да, уни ўқиётган инсофли ўқувчиларнинг аксарияти томонидан бу сайт эмас, балки иғвохонадир деб ном олишга ўлгурганди. Шунга қарамасдан, мен ўзимни “Бирлик” халқ ҳаракатининг фаолларидан ҳисоблаганим ва ўша ерга бирликчилар кириб турар деган фикрда унинг “Меҳмонлар китоби” бўлимида бир кичкина эълон қолдиришни лозим топдим. Эълоннинг матни, “Бу ерда баъзи нарсаларни ўқиб юрак тошиб кетади. Аммо астағфуруллоҳ, дейишга мажбур бўласан, киши. Оллоҳдан ўзбек болаларига ҳам ақл ва инсоф беришни тилаб, ўз адресларимни баён қилишни лозим топдим.

Инсофли, Оллоҳдан хабари бор кишилар билан алоқа қилишга ҳозирман. Интернетдан менинг саҳифамни очинг. Ўзбекларга хос маданий, холисона фикр ва мулоҳазаларингизни кутаман. Омон бўлинг, ишларингизга омад ёр бўлсин. Бир-бирингизга рақибми, мухолифми бўлсангиз ҳам сўкишишни қўйинглар. Бизда уят, деган тушунча ҳам бор, ахир. 17.01.2000,” каби тузилганди. Чунки бу замонга келиб мен ҳам интернет саҳифа ташкил қилгандим. Шунинг учун бутун адресларимни ўша ерга ёзиб қолдирдим.

Иғвохонанинг муштарилари(балки соҳиби) ўз башараларини кўрсатишда кечикмадилар, яъни 18.01.2000 куниёқ улардан бири, “Сизнинг ёзувингизни ўқиган одам бу саҳифада вақти-вақти билан ифлос нарсаларни ёзаётганлар ўзбек эканми, деб ўйлаб қолади. Уларнинг ўзбекларга қандай алоқаси борки, ўзбекларнинг одоби, маданияти ҳақида гапирасиз! Уларни ёзаётганлар бу wеб – саҳифанинг душманлари. Уларнинг истаги ҳаммани бу саҳифадан бездириш. Уларнинг қўлидан ушлаб тўхтатиш мумкин эмасми, демак, чидайсиз, эътибор бермасликка ўрганишимиз керак.

Ўзбеклар маданиятли ва ҳаёси бор халқ. Лекин поданинг тиррақиси бор деганидек, иккиюзламачилар ҳам йўқ эмас(минг афсуски). Масалан, бир мисол. бир маҳаллар “Озодлик” радоисида “Бирлик” раиси тўғрисида оғзингизга келган гапни айтиб, Муҳаммад Солиҳга сажда қилиб юргандингиз. Яна ўша “Озодлик” радиосида бир кун баёнот бериб қолдингиз. Муҳаммад Солоҳни энди ҳақиқий башарасини билиб қолдим, пулдан бошқа нарсани ўйламас экан деб. Эртаси куни М.Солиҳ баёнот билан чиқди: Алибой ака доллардан бошқа нарсани ўламас экан. “Эрк” партияси сифатида у кишини билишни ҳам истамаймиз деб. Бу кунларда яна Солиҳни мақташ билан оворасиз. Ҳа ўзбеклар одобли, маданиятли, иккиюзламачиликдан ҳазар қиладиган миллат бўлиши керак. Минг афсуски, ҳали унчалик эмасмиз. Шунинг учун бошқаларни билмадимку, сиз бу саҳифада ифлос нарсалар ёзаётганларга бунчалик жаҳл қилмасангиз бўлмиди. яна ўзингиз биласиз. Валибой” каби чаласаводларча чизилган бир сафсатани чиқарди. Бу сафсатанинг муаллифини аниқлаш мумкин бўлиши учун уни оригиналда кўчирдик. Қизиғи шундаки, бу сафсата икки қисмдан иборат. Унинг биринчи қисми(уни биз оддий шаклда келтирдик), грамматик ва мазмун ҳижатдан ҳам анча дуруст тузилган. Иккинчи қисми эса (биз бу қисмни қалин ҳарфларда келтирдик), кўриб турганингиздек, ўта чаласаводларча ёзилган бир матндир.

Бу сафсатани, айниқса унинг иккинчи қисмини синчиклаб ўқисангиз, унинг муаллифини аниқ айтиш қийин эмас. Биринчидан, бу матн ўзбекчада ўта саводсиз ёзилган. Ҳақиқатда ҳам Абдураҳим Пўлатов ўзбекча ёзганда айнан шунақа ёзади. Гапларнинг тузилиши (стилистика) ҳам уникидир. Иккинчидан, бу сафсатада, айниқса унинг иккинчи қисмида М. Солиҳга нафрат ошиб тошиб ётибди. У замонларда М.Солиҳнинг шанига бунчалар нафрат билан қарайдиган биргина яна А. Пўлатов бор эди. Шунинг учун бу сафсатани, батамом ва тўасинча ёлғонларни чатиштирган қанақадир валибой эмас, Пўлатов Абдураҳимвой исмли бириси эди, деб айтишга ўзимни тўла ҳақли ҳисоблайман. Шундай қилиб, бу сафсата, бир тарафдан А.Пўлатовнинг кимлигини кўрсатса, бошқа тарафдан ўзбекларнинг кимга эргашиб юрганликларини ҳам баён этарди. Мана шу кичик эпизод ҳам И.Каримовнинг ўзбекларга нақадар мос эканлигини очиқ ойдин намойиш қилади. Шунга кўра, ўзбеклар бир узукдир, унинг кўрки-кўзи эса Каримовдир десангиз хато қилган бўлмайсиз. Бу ўзбек аталмиш “узук”ка Каримовдан бошқа кўз ўрнатсангиз, у ўзлигини йўқотиб қўяди. Асло бундай қила кўрманг. Акс ҳолда ўзбекни “йўқотиб” қўясиз-а!

Булардан ташқари, А. Пўлатов тарафидан чаласаводларча тузилган бу сафсата бошидан-оёқ туҳматлардан иборат. У ерда айтилаётган М.Солиҳга ва менга тегишли сўзлар тўласинча ҳаётда учрамаган ва учраши ҳам мумкин бўлмаган сўзлар бўлиб, уларнинг барчаси шахсан Абдураҳимнинг уйдурмаларидир. Мен ҳам, М.Солиҳ ҳам радиодан бу сафсатада келтирилаётган каби сўзларни ҳеч қачон қўлламаганмиз ва қўллашимиз ҳам мумкин эмас эди. Чунки ундай воқеалар ҳаётда бўлмагандир. Ҳаётда учрамаган нарса ҳақида сўз бўлиши мумкинми, ахир?

Ҳақиқат эса, ҳаётда бўлгани эса, яъни мен ва Солиҳ орамизда кечган воқеа эса мана бундай бўлиб ўтганди. 1996 йил декабр ойида мен “Озодлик”да бир чиқиш қилиб, унда мухолифат фаолиятига ўз танқидий нуқтаи назаримни айтдим. Танқид “Эрк” партиясига қанча таалуқли бўлса (М.Солиҳга қанчалик тегишли бўлса), у “Бирлик”ка (А.Пўлатовга) ҳам шунчалик тегишли эди. Чунки у ерда сўзлар “Бирлик” ва “Эрк” партияси ҳақида деб очиқ айтилганди. Ўша танқид жонкуяр бир инсоннинг мухолифат ишлари кўнгулдагидай кетмаётгани учун куйинишидан туғилган сўзлардан иборат эди. Менинг ўша радиодаги танқидий чиқишимга “Эрк” партияси номидан жавоб қилинганди. Жавобни эса, радиода Пирмуҳаммад Халматов ўқиб берганди. Пирмуҳаммад ўқиб бериши лозим бўлган матнни бир тасодиф оқибатида у ўқилмасидан мен ҳам ўқиб кўргандим. Менинг танқидий чиқишим ва “Эрк” партиясининг раддиясида ҳам пул ёки доллар ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ эди. Чунки ҳаётда мен ва Солиҳ орамизда пул ва доллар ҳақида ҳеч замон, ҳеч бир жойда, ҳеч қандай бир шаклда сўз бўлмаганди. Ҳаётда бўлмаган ва учрамаган нарса ҳақида сўз бўлиши мумкин эмасди, ахир. Ана қаранг, ҳақиқатни шунчалар бузиб ёзиш ва ҳаётда учрамаган нарсаларни фақат туҳмат учун ҳаводан олиб тўқишдан иборат бўлган ҳаракатни нима деб аташ мумкин?! Шунинг учун бундай балолардан Оллоҳим ўзинг асрагайсан, дейишга мажбур бўласан, киши. Халқда, “Ўт балонгдан, сув балонгдан, туҳмат балонгдан сақла,” дейдилар. Эй Оллоҳим, ўшандай балоларингдан сақлашни сўраб Сенга сиғинаман.

Бу ҳолатни мен “Бирлик” тарихига боғишланган ”Бирлик” ҳақида мен билган ҳақиқатлар” номли китобда тўлароқ баён қилганман. Ўша 1996 йилда мен “Озодлик”да қилган чиқишим эса, “Ўзбекистон олтинлари ҳақида” деб аталарди. Бу мақола шаклида  “Ўзбекистон нимага суянади” номли китобга киритилган. Мақола билан < http://samarkanduz.narod.ru> сайтида тўла танишиш мумкин. Масаланинг моҳияти мазкур сатрларни ўқиётган ўқувчиларга янада тушунарли бўлиши учун ўша мақоланинг мавзумизга тааллуқли қисмини ва унинг хулосасидан иқтибос келтираман(затон хабарнинг иқтибосгача бўлган қисмида бизга оид биронта ҳам сўз учрамайди): “… Уч-тўрт минутга мўлжалланган бу хабарда иқтисодий ислоҳотларнинг асосий принцип ва усуллари ҳақида чуқур фикрлар айтиш имкони йўқ, албатта. Лекин принципиал бир масалага тил теккизмасдан ҳам бўлмайди. Яъни давлат бошқарув системасида маданий мулоқотга асосланган кўп фикрлилик вужудга келсагина давлат тузумида ислоҳот амалга ошади. Шунингдек, иқтисодда рақобатли хусусий мулкчилик пайдо бўлмас экан иқтисодий ислоҳотлар ҳам бўлмайди.

Аҳоли турмуш шароити яхшиланиши, ижтимоий аҳволда ўзгариш юз бериши, давлат тузуми- нинг демократлашувига, иқтисодда чиндан ҳам ривожланиш юзага келишига чамбарчас боғликдир. Бу эса жамиятда ҳукмрон бўлган ҳукумат сиёсатига мухолиф фикрнинг ва сиёсий кучнинг очиқ фаолият кўрсатишини тақозо этади. Бунга дунёда ривожланган давлатлар сиёсий системаси жуда яхши мисолдир.

Ўзбекистонда шунга ўхшаш вазият борми? Қисқача қилиб, йўқ деб қўя қолсак ҳам бўларди. Аммо бироз бунинг сабаблари ҳақида ҳам сўзлаш лозим, деб ҳисобладим. Чунки, ҳозир қисман Ватанда, қисман чет элда ўзларини мухолифат атаб келаётган “Бирлик” ҳаракати ва “Эрк” партияси вакиллари сиёсий куч сифатида бирлаша олмай деярли тарқаб бўлди. Шу замонда улар сиёсат билан эмас, балки кўпроқ ўз шахсий иқтисодий шароитларини яхшилаш билан машғул бўлиб қолдилар. Шунинг учун бугун Ўзбекистонда янги бир шароит вужудга келди, деб ҳисобламоқ зарур.

Биринчидан, Ўзбекистон ҳукумати ягона партиявий ҳукуматга эга бўлиб олди. Бу якка ҳокимлик барча янгилик, ислоҳот йўлларини ёпиб қўйди. Иккинчидан, ҳукуматга мухолиф кучлар ташқилий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам бир мустаҳкам ғоя ва режа атрофида жипслаша олмай парокандаликка юз тутди. Натижада улар якка-якка “курашчиларга” айланиб қолишди. Демак, чиндан ҳам Ўзбекистонда бугун мутлақо янги сиёсий вазият пайдо бўлди, яъни ҳукумат ўз якка ҳокимлигидан маҳлиё, мухолифат эса, тарқаб бўлган бир вазият юзага келди. Шундай бир вазиятда умидбахш дастур ва режалар эълон этиш зарур, деб ўйлайман. Шунинг учун Ўзбекистондаги миллий-ижтимоий шароитни, у ердаги ҳаёт тарзини ҳисобга олган, жаҳон демократияси принсипларига асосланган дастурга эга янги партия тузиш учун вазият етишди, деб ҳисоблайман. Шу сабабдан чет элдаги муҳожирларни Ватанга қайтишга даъват этаман*. Ўзбекистон ҳукуматидан эса, янги шароитда янгича фикрлайдиган ва янгича фаолият кўрсатадиган мухолиф кучларнинг ташкил бўлишига ҳалақит бермасликларини сўрайман.

Ҳукумат ҳам, унга мухолифат ҳам Ўзбекистоннинг, унинг меҳнаткаш халқининг фаровонли- ги учун қайғурадиган бўлишсалар, нима учун улар бирга, муросада, маданий рақобатда яшай ва ишлай олмайдилар?!

Ватан келажаги ва унинг фаровонлиги учун фақат Ватанда самарали меҳнат қилиш мумкин. Аммо бу меҳнат жиддий ватанпарварлар томонидан ташкил этилмоғи зарур бўлмоқда.”

Билмадим, “Озодлик”да архив қанча вақт сақланади. Агар радионинг архиви сақланаётган бўлса, “Эрк” партиясининг менинг юқорида келтирилган мазмунда чиқишимга раддиясининг асл матнини ҳам кўчириб олиш ёки ўқиб кўриш мумкин бўларди. [* Маълумки 2008 йилнинг сўнггида ўзбек мухолифатининг Ватанга вайтиши ва мавжуд ҳукумат билан муросага келиш ҳақидаги таклифнинг ким ва кимлар тарафидан айтилгани ҳақида ҳам анчагина гап сўзлар блганди. Бу таклиф эса, 1996 йилнинг охирларида айтилганди. Кейинги замонларда Ватанга қайтишни, муросани кўп ёзиб қолишган қадрли қардошлар, у замонларда мухолифат нималигини тасаввур ҳам қилмагандилар.]

Эй, Оллоҳим бандамиз, Ўзинг ислоҳ этгайсан. Шайтон доим бандасининг ёнида юради дейишади, иш қилиб, шайтон мени ишга солдими, ўша иғвохонадаги иғво-туҳматни ўқиганимдан сўнгра, асабим чидамай, мен ҳам унга бир кичкина, аммо аччиқ жавоб ёздим. Ўша жавоб, “Валибой, сенинг шўринг ва ифлослигинг шундаки, ҳатто ота-онанг атаган исмингни ҳам очиқ айта олмайсан. Бир мақол бор, унда “кўр, кўрни қоронғида топибди”, дейилади. Бу ер, силар бир-бирларингни топган жой экан. Ҳа, билмабман бу ерда ҳақиқатан ўзбеклар чиқмас экан. Бу ерда фақат, кўрлар йиғилар эканлар. Бўлди, бу саҳифани энди елкамнинг чуқури (оригиналда, орқаси, деб ёзгандим) кўрсин”, каби мазмунда ёзилди. Ҳақиқатда ҳам ўшандан буён ўша саҳифани (иғвохонани) очиб қарамайдиган бўлдим. Чунки мен ўшанда у саҳифанинг ҳақиқатандан ҳам иғвохоналигига тўла ишонч ҳосил қилганман.

Инсоф билан айтинг қадрли ўқувчи! Мен ёзган, сиз ҳозиргина ўқиб чиққан кичкина эълонга шунақа сассиқ сўзларни чатиштириб ташлаш лозиммиди? Бирор нарсани ёзаётган одам ўзининг ҳурматини билиши керак эмасми? Қаранг, мен “Озодлик”да нималар ҳақида гапирдим, бу А.Пўлатовнинг сафсатасида нималар ҳақида ёзилмоқда?! Эй Оллоҳим, бу нимаси, ахир? Ана шуларми ҳали Ўзбекистонда Каримовдан сўнгра ёки ундан тортиб олиб ҳокимиятни эгалламоқчи бўлганлар!? Эй Оллоҳим, барча балолардан Ўзингга сиғинаман.

Кўраяпсизми, И.Каримовни золим ҳисоблаб, унинг ўрнига “демократ” Пўлатов келадиган бўлса, Тақсирнинг фикри ҳам тўғримикан дейишга мажбур бўлади киши. Юқорида келтирилгандай ёлғонларни, очиқдан очиқ туҳматни тўқишга қодир махлуққа мансаб, ҳатто мамлакатнинг бош раҳбарлиги мансабини эгаллашга имкон берилса, бундай одам нимадан қайтади, бундай одам нималарни қилишда уялиши ҳам мумкин деб ўйлайсиз? “Илонга қўл оёқ берилмагани бекордан бекорига эмас,” шаклидаги ўзбек халқ мақоли мана шу кишиларга нисбатан айтилмаганми, нима дейсиз – а?

Шундай қилиб, янги асрнинг биринчи ойини ўтказишга ҳам яқинлашиб қолдиқ. Ўзбекистонда президент сайловлари номли спектакл ҳам ўйнаб бўлинди. И.Каримов “янги муддатга” сайланди ҳам дейилди. Масалан, интернетдан “Озодлик”нинг ўбекча эшиттиришини (2000 йил 22-январ эди), тинглаб қарасам, у ерда И.Каримов жанобларининг сўзини бераётган эканлар. Бу жаноб, мансабига  янгидан “сайланган”лиги муносабати билан “қасамёд” қилаётган экан. Унинг бу сўзида бундай маросимларда одатга кўра айтиладиган сўзлардан ташқари, бизни (унга ва унинг ҳукуматига мухолифатда бўлганларни), чет элларда юришган ўзбек муҳожирларини Ватанга қайтишга таклиф ҳам бор эди. И.Каримовнинг шахсиятидан озгина хабардор кишилар учун унинг бу таклифи фақат рекламадан иборат эканлиги аниқ эди, албатта. Бироқ Президент жаноблари бу таклиф сўзларини расмий йиғилишда очиқчасига бутун жаҳонга эълон қилаётганди. Шунинг учун радиони эшитиб ўтириб, унинг бу таклифи мухолифат аъзолари тарафидан, яъни биз тарафимиздан жавобсиз қолиши тўғри бўлмас. Агар унинг бу таклифини биз эътиборсиз қолдирадиган бўлсак, бизни улар ноамалийликда (неконструктивликда) айблашлари мумкин бўлади каби хаёллар хотирамдан кечди.

Шу хаёллар билан ўтиргандим, Намоз Нормўмин(Доктор)  телефон қилиб, қолди. Қизиғи шундаки, Доктор ҳам айнан мен хаёл қилаётган фикрга келиб, менга маслаҳат учун қўнғироқ қилаётгани экан. Шу баҳона иккимиз Ўзбекистоннинг янги муддатга “сайланган” президентининг мухолифатни Ватанга қайтариш таклифига жавобнинг лойиҳаси қандай бўлиши ҳақида бир фикрга келдик.  Бу суҳбатдан сўнгра, мен Данияга Абдувоҳид Паттаевга телефон қилдим, ундан бизниннг (мен ва Н.Номўминнинг) И.Каримов таклифига жавобимизнинг лойиҳаси ҳақида фикр сўрадим. А. Паттаев бизнинг фикримизни қўллади ва ҳозирча телефонда келишилган лойиҳанинг мазмунига рози бўлди. Бу лойиҳани “Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат” деб атайдиган бўлдик. Мен ўша куни кечаси, Президент таклифига  (учимизнинг – мен, Н.Нормўмин ва А.Паттаев телефонда келишилган ) жавоб лойиҳасининг, яъни “Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат” лойиҳасининг матнини оққа туширдим. У тубандаги каби тузилганди:

Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат. Ўзбекистон Олий Мажилиси 2-чақириқ 1-нчи сессияси очилиши ва унда янги сайланган Республика президенти И.Каримов қасамёд этиши муносабати билан “Озодлик“ радиоси ўзбек шубаси 22-январ эшиттиришида Президент И.Каримовнинг Олий Мажлисда сўзлаган нутқидан баъзи парчалар эълон қилди. Унда муҳтарам президент И.Каримов жумладан чет элдаги мухолифат вакилларига мурожаат қилиб, уларни Ватанга қайтишга таклиф қилди. Президент И.Каримовнинг ўз овозида берилган баёнотда мухолифатнинг ватанга қайтишига тегишли қисмида бир қатор ноаниқ ва мавҳум нуқталар мавжудлигига қарамасдан уни муҳокама қилиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Ватан келажаги, халқ фаровонлиги учун биз мамлакатда хизмат қилишимиз шарт, деб ҳисоблаб келдик ва шундай фикрдан чекинмаймиз. Аммо муҳтарам Президент таклифидан бирор реал амалий натижа чиқармоқ учун бир қатор таклифлар киритмоқчимиз ва унда кўрсатилган масалаларнинг ҳал этилиши мутлақо зарур, деб ҳисоблаймиз.

1. Биз, чет эллардаги “Бирлик“ халқ ҳаракати, “Эрк“ демократик партияси, “Ўзбекистон Ислом ҳаракати“ вакилларини ва бошқа партиясиз гуруҳ ёки якка шахс сифатида сиёсий тазйиқлар оқибатида Ватанни тарк этганларнинг барчаси бир хил, яхлит Ўзбекистон мухолифати ҳисобланиши лозим, деб биламиз. Шунинг учун улар Ўзбекистон ҳукумати номига ва БМТ, Овропа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашига берилган рўйхат бўйича Ватанга қайтишлари керак.

2. Ўзбекистон мухолифати вакиллари тўла Ватанга қайтмоғи учун Ўзбекистон ҳукумати тарафидан ҳуқуқий ва қонуний шарт-шароитлар яратилмоғи керак.

3. Ватанга қайтиб фаолият кўрсатадиган, Ўзбекистон ҳукуматига ва Овропа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашига рўйхати берилган мухолифат вакиллари хавфсизлиги БМТ ва Овропа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгаши тарафидан гарантланиши лозим.

4. Президентликка номзод кўрсатиш тартибининг Ўзбекистон мавжуд Конституциясида кўрсатилган моддаси ўзгартилмаслиги таъминлаши зарур.

5. Бундан сўнгги беш йиллик, фаолияти янгидан тикланган ҳаракат ва партиялар ҳамда бундан буён тузиладиган янги партиялар учун тажриба, яъни ҳукуматга очиқ мухолифатда ишлаш тажрибаси даври бўлиб, келгуси(учинчи) марта Президент сайловлари бутунлай янги номзодлар ўртасида ўтиши гарантияланиши лозим.

6. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари томонидан тузилган рўйхатга мувофиқ барча сиёсий маҳбуслар нотўғри жабрланган фуқаро, деб ҳисобланиб дарҳол қамоқдан озод қилиниши лозим ва шунга мувофиқ уларнинг товон (компенсация)лар олиш  ҳуқуқлари тикланмоғи керак.

7. Ватанга қайтган мухолифат вакиллари мамлакатдан чиқиб кетишидан бурунги иш лавозимларига тикланиш ҳуқуқларига эга бўлсинлар.

8. “Бирлик“ халқ ҳаракати ва “Эрк“ демократик партияси расмий, деб эълон қилиниши керак.

9. Мухолифат ўз изчил, амалий, конструктив фаолиятини давом эттиришдан заррача чекинмайди. Затон эркин мухолиф фикр бўлмасдан демократия ва унинг элементлари ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Ватан келажаги, мамлакатда демократик принципларнинг ривожига бевосита боғлидир. Шунинг учун Ватанда мухолифат эркин фаолият кўрсата оладиган ҳуқуқий ва қонуний муҳит яратилиши зарур.

Саналган масалалар ҳал этилган ҳамон биз Ватанга қайтишга тайёрмиз. Биз бир соат ҳам Ватандан ташқари қолишни истамаймиз.

Ватанимиз ютуғи бизнинг ютуғимиз, унинг мағлубияти бизнинг мағлубиятимиздир. Ватанда бизга нодўстлар йўқ, деб ҳисоблаймиз. Ватанда ватандошлар, бизнинг дўстларимиз, жигарларимиз бор, холос. Биз уларнинг қучоғига отилишга ҳозирмиз. Биз уларнинг иссиқ-совуғида бирга бўлишни жуда-жуда истаймиз.

Ватан учун, жаннат мисол Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун, унинг фаровон ҳаёти учун жонимизни қурбон қилишга доим тайёр турдик, ҳозир ҳам тайёрмиз.

Ватан келажаги, миллатнинг бахти, унинг номуси, иззати, ҳурмати учун бор кучимиз, илму-билимизни, имконимизни ишга солишга тайёрлигимиздан фахрланамиз!

Яшасин Она Ўзбекистон ва унинг мунис меҳнатсевар халқи! 20.01.2000 й.”

Ниҳоят, “Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат” лойиҳасини маъқуловчилар ва уни имзолайдиган кишилар билан хабарлашишга киришдим. Биринчилардан бўлиб М.Солиҳ ва Ҳазратқул Худойбердиевларга хабар қилдим. Лойиҳани факсда уларга жўнатдим. Уларнинг ҳар иккиси ҳам лойиҳани асосан қабул қилдилар. Фақат М.Солиҳ хатни бу қадар зудлик билан эълон қилмасдан, бироз кутиш лозим деган таклиф киритди. Бироқ кўпчилик қисм уни дарҳол эълон қилишни тўғри ҳисоблашарди. Шунга қарамасдан хатни бироз вақт ўтказиб эълон қилдик. Натижада хат, М.Солиҳ ва Ҳ. Худойбердиевнинг қўшимчалари билан унинг кўриниши қуйидаги шаклга келди ва “Ўзбекистон демократик мухолифатининг Билдириши” номини олди:

“Ўзбекистон Демократик мухолифатининг Билдириши. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шу йил 22 январ куни Олий Мажлис Минбаридан сўзлаган нутқида сургундаги мухолифатнинг Ватанга қайтиб келиши мумкинлигини айтди. Биз, бу таклифни ижобий тарафга қўйилган дастлабки қадам, деб ҳисоблаймиз. Бу таклифнинг баъзи нуқталарини аниқлаштирмоқ истагидан келиб чиқиб, илк қадам сифатида қуйидагиларни эълон этамиз:

 1.Президент Каримов “мухолифат қайтиб келсин“, дер экан, у кимни назарда тутаяпти, бутун мухолифатними ёки 1996-йилдаги каби айрим шахсларними(ўшанда шахсан пўлатовлар ватанга таклиф қилинганди)? Бу ерда жиддий аниқлик лозим.

2. Биз, чет эллардаги “Бирлик“ халқ ҳаракати, “Эрк“ демократик партияси вакилларини, диний эътиқоди учун зулмда қолиб, ҳижрат қилганларни  ва бошқа партиясиз гуруҳ ёки якка шахс сифатида сиёсий тазйиқлар оқибатида Ватанни тарк этганларнинг барчаси бир хил, яхлит Ўзбекистон мухолифати ҳисобланиши лозим, деб биламиз.

3. Бир яхлит мухолифатнинг қайтиши учун айни замонда Ўзбекистонда қандай шароитлар ва бу шарт-шароитлар қайси йўсинда муҳожиратдаги мухолифат аъзолари билан муҳокама қилинади?

4. Агар даъват чиндан самимий бўлса, унинг самимийлигини исбот қилиш учун ҳукуматнинг илк қадамлари қандай бўлади? Ҳукуматнинг либерал тадбирлари қандай бўлади ва гуноҳсиз қамалган сиёсий маҳбуслар ҳеч шартсиз озод қилинадими? Мамлакат ичкарисидаги мухолифат аъзоларига қарши давом этаётган тазйиқлар-чи? Сўз, матбуот эркинлиги хусусида илк қадамлар ташланадими йўқмилигида кетмоқда. Агар булар бўлмаса, ҳукумат ўзининг даъвати ва янги сиёсатига бизни қандай ишонтирмоқчи?

Ҳукумат, биринчи навбатда шу минимум саволларга жиддий жавоб бергандан сўнггина мухолифат ватанга қайтиш масаласини муҳокама қилиши мумкин бўлади.

Шу билан бир қаторда Ватанга қайтиш масаласи бошқа қатор масалаларнинг ўртага қўйили- шини ва уларнинг ҳал этилишини талаб қилади. Улар жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олмоғи зарур, деб ҳисоблаймиз.

1. Чет элларда қолаётган мухолифат аъзолари Ўзбекистон ҳукумати номига ва БМТ, Овропа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашига берилган рўйхат бўйича Ватанга қайтишлари керак.

2.Ўзбекистон мухолифати вакиллари тўла Ватанга қайтмоғи учун Ўзбекистон ҳукумати тарафидан ҳуқуқий ва қонуний шарт-шароитлар яратилмоғи керак.

3. Ватанга қайтиб фаолият кўрсатадиган, Ўзбекистон ҳукуматига ва Овропа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашига рўйхати берилган мухолифат вакиллари хавфсизлиги БМТ ва Овропа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгаши тарафидан гарантланиши лозим.

4. Президентликка номзод кўрсатиш, яъни бир шахс номзоди Президентликка икки муддатдан ортиқ кўрсатилмаслиги тартибининг Ўзбекистон мавжуд Конституциясида кўрсатилган моддаси ўзгартилмаслиги таъминланиши зарур.

5. “Бирлик“ халқ ҳаракати ва “Эрк“ демократик партияси расмий, деб эълон қилиниши керак.

6. Бундан сўнгги беш йиллик, фаолияти янгидан тикланган ҳаракат ва партиялар ҳамда бундан буён тузиладиган янги партиялар учун тажриба, яъни ҳукуматга очиқ мухолифатда ишлаш тажрибаси даври бўлиб, келгуси (учинчи) марта Президент сайловлари бутунлай янги номзодлар ўртасида ўтиши гарантияланиши лозим.

7. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари томонидан тузилган рўйхатга мувофиқ барча сиёсий маҳбуслар нотўғри жабрланган фуқаро, деб ҳисобланиб дарҳол қамоқдан озод қилиниши лозим ва шунга мувофиқ уларнинг товон (компенсатсия)лар олиш ҳуқуқлари тикланмоғи керак.

8. Ватанга қайтган мухолифат вакиллари мамлакатдан чиқиб кетишдан бурунги иш лавозимларига тикланиш ҳуқуқларига эга бўлсинлар.

9. Мухолифат ўз изчил, амалий, конструктив фаолиятини давом эттиришдан заррача чекинмайди. Затон эркин мухолиф фикр бўлмасдан демократия ва унинг элементлари ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Ватан келажаги мамлакатда демократик принципларнинг ривожига бевосита боғлидир. Шунинг учун Ватанда мухолифат эркин фаолият кўрсата оладиган ҳуқуқий ва қонуний муҳит яратилиши зарур.

Бу нуқтада шуни таъкидлаб айтмоқчимиз-ки, биз мухолифат аъзолари, албатта, ватанга қайтмоқ ва халқимизга Ватанда хизмат қилмоқ истаймиз. Ватанни севиш ва Унга хизмат қилишни ўргатувчига муҳтож эмасмиз. Шу Ватан, шу тупроқ севгиси учун биз бадарға бўлдик. Ватанимиз ютуғи бизнинг ютуғимиз, унинг мағлубияти бизнинг мағлубиятимиздир. Ватанда бизга нодўстлар йўқ, деб ҳисоблаймиз. Ватанда ватандошлар, бизнинг дўстларимиз, жигарларимиз бор, холос. Биз уларнинг иссиқ-совуғида бирга бўлишни жуда-жуда истаймиз.

Ватан учун, жаннат мисол Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун, унинг фаровон ҳаёти учун жонимизни қурбон қилишга доим тайёр турдик, ҳозир ҳам тайёрмиз.

Ватан келажаги, миллатнинг бахти, унинг номуси, иззати, ҳурмати учун бор кучимиз, илму билимизни, имконимизни ишга солишга тайёрлигимиздан фахрланамиз! Лекин қуруқ ваъдага ишониб, ўз тақдиримизни, болаларимиз тақдирини таҳликага солишни ҳам истаётганимиз йўқ.

Ҳукумат ўз таклифининг нақадар самимий эканлигини қонуний йўллар билан бизга билдирмоғи ва кўрсатмоғи лозим”. Бу ва матни бундан олдин келтирилган очиқ хат бир биридан кўп ҳам фарқ қилмайдиган бўлди.

Ниҳоят, Ўзбекистон Президентининг мухолифатни Ватанга таклифига жавоб хатга имзо чекадиганлар билан телефонлашиб, мактублашиб, уларнинг фикр мулоҳазаларини ҳисобга олиш оқибатида хатнинг сўнгги вариантининг матни ва унинг исми(сарлавлаҳаси)  бир мунча бошқа тус олди ва тубандаги шаклда бўлишига келишилди:

“Ўзбекистон демократик мухолифатининг Баёноти. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шу йил 22 январ куни Олий Мажлис Минбаридан сўзлаган нутқида сургундаги мухолифатнинг Ватанга қайтиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Умид қиламизки, бу таклиф узоқ йиллик мантиқсиз қарама-қаршиликлардан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг ижобий тарафга қўйган дастлабки муҳим қадамидир. Шу муносабат билан ҳукуматнинг бу ҳаракатига жавоб сифатида қуйидагиларни баён этамиз:

 1. Сургундаги мухолифат – бу энг аввало Ўзбекистон “Бирлик“ халқ ҳаракати, “Эрк“ демократик партияси раҳбарлари ва фаоллари, диний эътиқодлари учун муҳожир бўлганлар, ёзувчилар, инсон ҳақлари курашчилари, шунингдек бошқа ҳокимиятга мухолиф фикрда бўлган ва турли хил тазйиқлар туфайли Ватанни тарк этишга мажбур бўлган инсонлардир.

2. Ҳукуматнинг мухолифатни Ватанга қайтариш даъвати самимий бўлса, энг аввал бунинг барча қонуний шартлари, мажбурияти ва муддатлари икки тараф вакиллари томонидан қабул қилинажак Махсус Шартномада конкрет белгиланмоғи шарт.

3. Ҳукумат ва мухолифат вакилларининг қайтиш масаласидаги ўзаро учрашув ва келишувлари учинчи бир бетараф гуруҳ томонидан олиб борилиши лозим. Бетараф гуруҳ, Овропада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ёки АҚШ Конгресси Инсон ҳақлари комитетининг вакиллари бўлиши мумкин. Бундай гуруҳ номзоди ҳукумат тарафидан ҳам кўрсатилиши мумкин.

4. Ўзбекистон мухолифати, қайтиш масаласидаги муҳим шартлардан бири Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган барча сиёсий ва диний мухолифат вакиллари, инсон ҳақлари ҳимоячилари ва мухолифат вакилларига қариндошлиги туфайли қамоққа олинган барча кишиларнинг озод қилиниши, деб ҳисоблайди.

5. Ўзбекистон “Бирлик“ халқ ҳаракати ва “Эрк“ демократик партияси фаолияти тақиқлангани ҳақидаги Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1993 йил январ ойидаги қарори бекор қилиниши ва бу ташкилотларнинг барча ҳуқуқлари тикланиши лозим.

Келтирилган минимум шартлар асосида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан мулоқот қилишга тайёрлигимизни билдирамиз. 26.01.2000 й.”

Мана шу шаклдаги Баёнот тагига Ўзбекистон демократик мухолифати вакилларидан,

Муҳаммад Солиҳ – “Эрк“ демократик партияси раиси,

Алибой Йўляхшиев – “Бирлик“ халқ ҳаракати МК аъзоси, Самарқанд вилоят кенгаши раиси,

Абдуфаттоҳ Маннопов – Марказий Осиёда инсон ҳақларини ҳимоя этиш ташкилоти раисдоши,

Абдувоҳид Паттаев – Ўзбекистон Парламенти собиқ  депутати,

Муҳаммадбобур Маликов – Ўзбекистон республикаси АҚШ-даги собиқ буюк элчиси,

Авазхон Мухтаров – Фарғона вилояти ҳокимининг собиқ 1- ўринбосари,

Абдулло Абдураззақов –  “Эрк“ партияси МК ва Ҳайъати аъзоси,

Ҳазратқул Худойберди – “Бирлик“ халқ ҳаракати МК аъзоси, Тошкент вилоят кенгаши раиси,

Сафар Бекжон – ёзувчи, “Эрк“ партияси МК аъзоси,

Зафар Мирзо Исақов – “Бирлик“ халқ ҳаракати МК аъзоси,

Мақсуд Бекжон – шоир, “Эрк“ партияси МК аъзоси,

Намоз Нормўмин –  мухолифат аъзоси,

Алберт Мусин – журналист, инсон ҳақлари ҳимоячиси,

Пирмуҳаммад Холмат – “Эрк“ партияси аъзоси имзо чекдилар.

Ака-ука пўлатовлар ва чет элларда Ўзбекистон демократик мухолифати аъзоси номида юришган яна бир-икки киши биз тайёрлаган бу хатга қўшилишмадилар.

Хуллас, “Ўзбекистон демократик мухолифатининг Баёноти” “Озодлик”  ва Би-Би-Си радиоларининг ўзбек шубалари орқали (28.01.2000) эфирга чиқарилди.

Шу ерда муҳожиротда кун ўтказаётган ва Ўзбекистон мухолифати номида фаолиятдамиз деб юришганларга тегишли бир муҳим нуқтани таъкидлаб қўйиш алоҳида аҳамиятга мойилдир. Яъни улардан ўн тўрттаси (ўша замонларда чет элларда яшашаётган Ўзбекистон мухолифати аъзоларининг кўпчилиги) юқорида келтирилган баёнот тагига имзоларини қолдирдилар. Булардан ташқари айтилганидек икки Пўлатов ва уларнинг атрофидаги бирнеча кишилар ҳам ўзларини муҳожиротдаги муҳолифатчилар ҳисоблашардилар. Аммо уларнинг сони сўзсиз ўн тўрттадан жуда оз эди. Демак, 2000-йилнинг бошига келган бир вақтда, янги асрнинг бошланғич ойларида чет элларда фаолиятда бўлган Ўзбекистон мухолифатининг сони 20 киши атрофида ҳисобланар экан. Унинг устига мана шу ерда келтирилган ўн тўрт кишининг имзосини йиғиш жараёни ҳам яна бир бор кўрсатдики, улар, яъни Ўзбекистон демократик мухолифати номини ташаётган кўпсонли бўлмаганлар ҳам жуда тарқоқ ҳолда фаолият кўрсатишардилар.

Хуллас, 2000 йилдан сўнгра бир неча йиллар давомида ҳам Ўзбекистон демократик мухолифати деб аталмиш кишилар, сон жиҳатидан мана шу 20 рақами атрофида тўхтаб турди, 30-га кўтарилмади, менимча.

яқин мавзу