16 – XX аср сўнгги йилининг хулосалари.

Олтинчи бўлимнинг давоми : 16 – XX аср сўнгги йилининг хулосалари.

16.1999 йилга оид баъзи бир бошқа воқеалар ҳақида. Бу йил давомида ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлардан баъзиларининг чет эллардаги яшаш ўринлари алмашинишини ҳисобга олмаганда, уларнинг таркибида бирор сезиларли ўзгариш (кўпайиш ёки озайиш каби) бўлмади десам бўлади. Демак, 21 аср бўсағасида Ўзбекистондан ташқарида яшаётган муҳожирларнинг сони бундан олдинги бўлимларда айтилган сондан ошмади. Аммо чет элларда яшашаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг иш фаолиятларида бир мунча ўзгаришлар кўринди. Масалан, бу замонга келиб А. Пўлатов қўл остида <бирлик.нет>  интернет сайти ишлай бошлади. Бу сайт, “Бирлик халқ ҳаракати” номидан эълон этилган бўлса-да, уни бирликчилар бир хил қабул қилмадилар. Аммо ўзбек тилида интернет сайтнинг ишлай бошлаши ва унинг саҳифаларида Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф фикрлар эълон қилиниши мумкинлиги жаҳатидан анча аҳамиятли бир иш эди. Яна бир тарафдан бу сайтнинг қандай маблағ ҳисобига ишлаётгани, уни ким ёки кимлар моддий таъминлаётгани ҳеч кимга айтилмаганди. Масаланинг бу тарафи негадир сир қолаётганди. 

Шуниси ҳам қизиқки, бу сайт бошланишидан бошлаб арзимаган масалалар устида тартишувларни кўрсатиш билан шуғулланди. Мен Норвегияга келганимдан кейин шундай сайт ишлаётганидан хабар топдим ва унга кириб, у ердаги материалларни ўқий бошладим.

Сайтнинг “Баҳс бурчаги” рукни менга бироз мақъул туюлди. Бу рукнни бир неча вақт кузатиб  ҳам турдим. Бироқ у ерда ёзилаётган гапларнинг жуда кўпчилиги тутируқсиз нуқул сафсаталардан иборат бўларди. Унинг устига ўзбекчада шунчалар ҳам саводсиз ёзишардики, уялганидан киши тилини тишлашга мажбур бўларди. Оқибатда, “Баҳс бурчаги”да ёзилаётган фикрлар турли хил ясама исмлар билан бир киши тарафидан ёзилаяпти деган фикрга келдим. Жуда борса, ўша баҳслашувчилар икки киши эдилар. Уларнинг бири “Бирлик” тарафдори ва бошқаси унга қарши, Ўзбекистон ҳукумати тарафдори шаклда чаласаводларча ёзишардилар. Аммо ҳозиргина таъкидлангани каби нуқул бемазачиликдан иборат эди. Сўкишишлар ҳам йўқ эмас эди. У баҳслашувчиларни маслаҳат билан йўлга солиш мумкинлигига унча ҳам ишонган бўлмасам-да, ўша “Баҳс бурчаги”да маслаҳат шаклида бир фикр қолдиришни лозим кўрдим. Ўша маслаҳатимни қуйида келтираман.

“Мен бу саҳифани яқин замондан бошлаб ўқиш имконига эга бўлдим. Бу ерда мунозара юритаётганларнинг аксарияти баҳслашиш билан сўкишишнинг фарқига боришмайдилар, шекилли. Шунинг учун бир-иккита таклифларимни шериклашмоқчиман.

1.Миллатни ва унинг тилини ҳурмат қилшни ўрганайлик, яъни ўзбекча сўзларни тўғри ёзишга ўрганайлик ва шунга ҳаракат қилайлик. Бордию, ўзбекчани яхши билмасак, бунинг айби йўқ. Чунки биз шундай бир замонни яшадикки, у замон бизга ажнабий тилни яхши ўргатдилар. Демак, қайси тилни яхши билсак, ўша тилда ёзайлик.

2. Анонимдан воз кечмоқ керак. Бу саҳифа, баҳс саҳифаси, Ўзбекистон прокуратураси эмас-ку, ахир. Имзо ўрнида аноним исм қўйиб, “Юмалоқ хат” ёзиш ҳам эскилик қолдиқлари эмасми?! Ундан ташқари мунозарада, баҳсда очиқ, ўз исми билан қатнашиш мардлик белгисидир. Барчамизнинг келажак мақсадимиз очиқ, фуқаровий жамият қуруш-ку, ахир. Нега, кимдан қўрқмоқдамиз? Нега ва кимдан ота-онамиз атаган исмни яширамиз?

3. Менимча, баҳс аниқ бир тематика(мавзу) атрофида бўлиши лозим. Нуқул “сен ундайсан, мен бундайман; менга бу расм ёқади, буниси ёқмайди”, деявириш, бу баҳс эмас, бу баҳс бўлмайди. Бундан баҳслашиш келиб чиқмайди. Бундан ҳеч бир мақсад ҳосил бўлмайди.

Келинг, масалан, Зиёлилик нима билан белгиланади?”, “Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар қандай бормоқда?” ва шунга ўхшаш тематикалар атрофида баҳслашайлик. Шуларга ўхшаш, аниқ тематика бўйича маданий, мазмунли юксак савияда мунозара юритсак ва ана шундай қилганимиздагина миллатга, Ватанга хизмат қилган ва миллатнинг, Ватаннинг обрўйини кўтарган бўламиз, менимча.

Мамлакатнинг тарихда тутган ўрни, унинг маданий кўрки, у мамлакатда вояга етган, яшаган, ижод қилган  маънавияти, мафкураси юксак зиёли, маърифатли кишилари меҳнати билан аниқланиши тарихий ҳақиқатдир.

Келинг, биз ҳам маънавиятли, маърифатли бўлайлик! Зеро, бизнинг бу маданий, савияси юксак баҳсларимиз хулосалари Ўзбекистон ҳукуматининг давлат сиёсатида асқатса.

Саҳифани ўқиётган барча жигарларга ҳурмат билан Алибой Йўляхшиев.”

Ўзбекистондан чиқишган ва ўзларини Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф ҳисоблаганларнинг шу йилги(1999) фаолиятларига тегишли яна бир-икки воқеаларни ҳам баён қилиш тарихимиз (ҳеч бўлмаса сиёсий муҳожирлар тарихи) учун ўринли бўлар деб ҳисоблайман.

Шундай қилиб, “Эрк” партяси аъзоси сифатида Ўзбекистондаги тазйиқдан қочиб Туркияда яшаётган Намоз Нормўминов (лақаби доктор) 1999 йилнинг иккинчи яримида сиёсий қочоқ мақоми билан Норвегияга келиб жойлашди. Унинг жойлашган шаҳри(Олусонд)га мен яша-ётган шаҳар (Берген) нисбатан яқин эди. Шу сабабдан бизнинг (мен ва Н. Нормўминовнинг) учрашишимиз кўп қийинчилик туғдирмасди. Мен бир қанча саъй-ҳаракатлардан кейин 28.12.1999 -да унинг олдига боришга муваффақ бўлдим ва у ерда (Н.Нормўминовнинг ёнида) 03.01.2000 -гача қолдим. Шу сабаб, биз  янги асрни Норвегиянинг ғарби-шимолида ерлашган Олусонд шаҳрида кутиб олдик. Россиянинг президенти Ельциннинг истеъфосини ҳам жаҳоннинг бир чекаси-Норвегиянинг қирғоқ бўйи бир шаҳри Олусондда “Озодлик” тўлқинларидан эшитдик.

Н.Нормўминов эса, бундан бир неча йил бурун “Эрк” партиясидан истеъфо берганини эълон қилганди ва ўшандан буён мустақил киши сифатида фаолият кўрсатиб келарди.

Бироз юқорида ҳам айтиб ўтилгани каби мен, Н.Нормўминов билан Туркияда ҳам бир неча марта учрашгандим. Биз, Туркияда сиёсий фикрларимиз ва яшаш жойларимиз жиҳатидан ҳам анча яқин яшашгандик. Дунё қарашларимиз ҳам бир-бирига жуда уйғун эди. Ҳатто биз Ўзбекистон Республикасининг мавжуд Асосий Қонуни (Конституцияси) асосида унинг янги лойиҳасини ҳам бирга ёзиб чиққандик. Ўрни келганида ўша лойиҳани ҳам келтираман.

Бироқ бугунга (1999 йилнинг сўнгги, янги асрнинг бошлаанишига) келиб унинг сиёсий нуқтаи назарида ҳам менинг қарашларимга жуда уйғун бўлмаган сезиларли ўзгариш рўй берганди. Шунинг учун Ўзбекистон ва унинг ҳукуматининг сиёсатига ва умумдунёвий сиёсий назарлар ҳақида биз иккимизнинг қарашларимизда йўналишлар  фарқ қила бошла-ганди. Лекин бу қарашлар антагоностик шакл олмаганди. Ҳатто келажак масалаларида фикрларимиз бир-биридан унча ҳам узоқлашмасди. Шу сабабдан биз, бизни қизиқтирадиган бутун масалалар ҳақида эркин мунозара олиб боришимиз имкони бор эди. Шу билан бирга Н. Нормўминов ўзининг янги қарашларини китобча шаклида эълон қилишга тайёрлаб қўйганди. Уларни ўзбек, турк ва рус тилларида эълон қилмоқчи эди. Мен эса, унинг олдида уч кун ўтириб, унинг дунё қарашларига қўшилмасам-да, уларни лойиҳа шаклда нашрга тайёрлашда ёрдамчи бўлдим. Чунки унинг янги дунё қарашларини Ўзбекистон каби бир мамлакат учун фикрлар хилмахилигининг бир кўриниши сифатида муҳокама қилишга арзийди деб  ҳисоблагандим.

Шундан бир мунча кейинроқ Н.Нормўминов ўз қарашларини китоб шаклида эмас, бир интернет сайт очиб, бу ерда эълон қилди. Унинг нуқтаи назарлари анчагина мунозараларга сабаб ҳам бўлди. Унинг бу қарашлари айниқса туркиялик ўзбекларда Тимур ўжага кўп ёқмади. Бироқ АҚШ-да содир этилган 11-сентябр (2000 йил) воқеаларидан сўнгра Н.Нормўминов сайтини ёпиб таш-лашни лозим кўрди ва фаолиятини интернетдан ташқарида олиб боришни афзал билди. Аммо у ўз назарларидан деярли воз кечмаганди, уларни оммавий матбуотдан ташқарида, шахсий танишлари орасида оммалаштиришда давом қилмоқда эди.

Маълумки, мен 1994 йилдаёқ Россияда сиёсий муҳожирлик мақомига эга бўлгандим. Бир ўғлим ҳам Москвада ишларди. Аммо биз сиёсий қочоқлик мақоми олиш мақсадида БМТ-га  1998 йили Туркияда мурожаат қилдик. Шу муносабат билан хонимим ва бешта фарзандим (уларнинг учтаси уйли, иккиси бўйдоқ ва 7 дона неваралар билан ҳаммаси бўлиб 13 киши) БМТ қочоқлар билан ишлаш коммиссариятининг Анқарадаги бўлими томонидан Канадага сиёсий муҳожирлар сифатида юбориладиган бўлди. Оқибатда мен ва Москвада ишлаб турган ўғлим москваликларнинг нотўғри ишлашлари натижаси ўлароқ Норвегияда сиёсий қочоқ мақомига эришдик. Шундай қилиб, биз оила сифатида иккига бўлиниб қолдик.  Бизнинг бир қисмимиз Норвегияда бошқа қисм эса Канадада яшай бошлагандик.

Н.Нормўминовнинг олдидан мен яшаётган Берген шаҳрига келганимданоқ Канададан болаларимдан бир хабар олдим. Бунга кўра, улар яшашаётган шаҳарга Маҳмуд Ҳожиев исмли киши ҳам сиёсий муҳожир мақоми билан келганмиш.

Менинг болаларим М.Ҳожиев ўзбекистонлик бўлгани учун у билан танишишга уринибдилар. Аммо у бунга унча мойиллик кўрсатмабди. Ҳа, бўлиши мумкин, ҳар ҳолда узоқ бир мамлакатга эндигина қочоқ бўлиб келган киши бир мунча тортиниб туради-да, албатта.

Менинг ҳикояларимнинг бундан олдинги қисмларида ҳам М.Ҳожиев ҳақида сўзланган жойлар учрайди. Аслида мен Маҳмуд Ҳожиев билан 1998 йили Истанбулда танишгандим. 1997 йилнинг охирларида Киев шаҳрига бир тужжорга таржимон бўлиб борганимда украиналиклардан бири менга М.Ҳожиевнинг Истанбулдаги телефонларини берди. Чунки бу вақтларда М.Ҳожиев Истанбулда яшаб ва ишларкан. Қисқаси, ўша телефонлар воситасида мен М.Ҳожиев билан танишдим. У мени сиртдан бирликчи сифатида таниркан. Шундай қилиб биз Истанбулда бир мунча вақт алоқада бўлиб турдик. Мен уни собиқ муфти Муҳммад Содиқ Муҳамад Юсуфнинг укаси билан таништирдим. М.Ҳожиев эса, мени Истанбулга (1998) сирли саёҳатга келган Яраш Қурбон билан учраштирганди.   “Эрк” газетасининг 1999 (4, (129), май-август) йилда чиққан бир сонида М.Ҳожиев ўзи ҳақида хабар берган эди. Шу сабаб бу киши ҳақида яна бошқа хабарлар ёзиш ортиқча деб ўйлайман. Ўрни келганида айтиб ўтиш лозим-ки, М.Ҳожиев 2002 йилда Канаданинг Режина шаҳрида фожиали вафот қилди. Оллоҳ уни раҳмат айласин, жойини жаннатда белгиласин, амин.

1999 йил, 20-асрнинг сўнгги йили ҳақида ҳикоямни охирлатарканман, шахсий ҳаётимга тегишли, шу билан бирга асрни тугулланиишига боғишланган кичкина ҳикояни ҳам бу ерга илова қилишни лозим ҳисобладим.

20-асрнинг тугаш вақтида болаларимнинг бир қисми Канадага келиб жойлашган бўлсалар-да, уларнинг бошқа қисми ҳали  Туркияда(Истанбул) қолаётганди. Булар ҳам Канадага кетишлари лозим эди-ю, бироқ навбат кутиб туришарди.  Ана шу Туркияда қолаётган болаларимдан бири мени янги йил, бу сафар янги асрнинг ҳам кириб келаётгани билан табрик мактуби йўллаганди. Мактуб қисқагина бўлиб, 27 декабр (1999 йил) куни Истанбулдан Норвегияга жўнатилган эди. Унда, “ХХI аср ва янги йил билан, янги минг йиллик билан табриклайман! Янги минг йилликда Ўзбекистонингизга порлоқ келажак тилаб, Фароғат. 1999 йил”, дейиларди. Бу мактубнинг менга энг аҳамиятли туюлган жойи, янги йилда эмас, “Янги минг йилликда” Ўзбекистонимизга эмас, менинг “Ўзбекистонимга порлоқ келажак “ тиланиши эди. Бу билан қизгинам ярим ҳазил, ярим чин қабилида икки нуқтага шама қиларди. Биринчидан, Ўзбекистонга порлоқ келажак келиши учун “минг” йиллар керағов дейилмоқда. Иккинчидан, менинг сиёсий фаолиятимни киноя қилмоқда, яъни бу можароларга аралашмаганингизда бизлар бундай овора бўлиб юрмасдик демоқчи, шекилли.

Бу мактубга қуйидагича жавоб ёздим: “Ассалому алайкум азиз, меҳрибон фарзандларим!

Она қизларим, яхшимисилар, қийналмаяпсиларми? Оллоҳнинг инояти ила яқин кунларда ҳаммаси жойига тушиб кетар, иншоолоҳ.

Келаётган янги йил билан қутлайман. Янги йилда кўп яхшиликлар, соғлик, саломатлик тилайман. Бу йил силар учун бахт йили, бахтиёр бўлишларинг бошланиши бўлсин, амин.

Болаларнинг онаси, сизни ҳам янги йил билан қутлайман ва барча яхшиликлар насиб бўли-шини тилайман!

Бу сана, янги йил аталмиш январ ойининг биринчи куни, Овропанинг кўпчилик мамлакат-ларида эса, 24 декабр куни Исо алейҳиссаломнинг (Исо пайғамбарнинг) туғилган куни ҳисобланади. Шунинг учун бу кун ўзига яраша аҳамиятга эга. Бу кун муносабати билан ҳам кишилар бир-бирини табрикласа бўлади деб ўйлайман. Аммо бу кун биз учун  байрам эмас. Лекин бу йилнинг, келаётган йилнинг ўзига хос алоҳида аҳамияти бор. Чунки бу йил, ХХI  аср, 21-юз йилликнинг бошланиши, ҳатто учинчи  минг йилликнинг бошланиши ҳисобланади. Ана шуниси билан бу йилги янги йил тарихий аҳамиятга эгадир. Мана шундай тарихий кунларга етганимиз, шундай кунларда бир-биримизни қутлаш насиб бўлгани учун Оллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин, дейман.

Шулар билан бирга силарга Оллоҳдан соғлик, бахт-саодат тилайман. Эй, Оллоҳим бу асрда барча мусулмонлар билан баробар менинг жон болаларимга ҳам соғлик, саломатлик, бахт, саодат насиб этгайсан, амин.

Омон бўлинглар болажонларим, Оллоҳ мададкор ва қўруқловчиларинг бўлсин, амин.

Фароғатжон, баракат топ жоним болам. Сенинг табрик откриткангни олдим. Жуда ажойиб, жуда гўзал откритка (бу “откритка” сўзига моc ўзбекча эквивалент топа олмадим. лугатда ҳам бирор дуруст сўз йўқ экан). Бахтли бўл жоним! Аммо Ўзбекистон мендан кўра кўпроқ сеники, силарники қизим. Оллоҳ қудрати ила келажак, учинчи минг йилликнинг бошланғич ярим асрида силар Ўзбекистонга хизмат қиласилар, силар Ватанингизни порлоқ этасиз. Менинг Ўзбекистоним, менинг Туркистоним, бутун турклар дунёсининг келажаги сиз ва сиз бўлажак-синиз, иншоолоҳ.

Эй, Парвардигори олам эзгу- ниятларимни рўёбга чиқаргайсан, амин.

Шу сабабдан “Ўзбекистонингиз …” жумласини қўллаб бироз янгилишаяпсан, жоним болам. Майли, киноянг ҳам қабул.

Рўзалар чарчатмаяптими, чарчаманглар. Ибодатларингни Оллоҳу таоло қабул этган бўлсин, амин. Дада. 27.12.1999 йил.”

Шу сабаб билан бу мактубда инсоният тарихининг янги юз йиллиги кириб келишига ҳам муносабатимни билдирган бўлдим.

Тарихнинг бу йилида Ўзбекистон мухолифати аталадиган кишилар сон жиҳатидан кўпайгани йўқ дейиш мумкин. “Бирлик” ҳаракатининг номидан А. Пўлатовнинг “Ҳаракат” варақаси ва “бирлик.нет” интернет саҳифаси ишлаб турди. “Эрк” партияси номидан ҳам шу номдаги газета системали бўлмаса-да чиқиб турди. Қолган мен каби кишилар юқорида ёзганларим сингари оздир-кўпдир, баҳоли қудрат деганларидай фаолият билан шуғулландик. Бироқ бу сай-ҳаракатлар мухолифат ҳаракатимизнинг фаолиятида самарасизлигича қолишда давом этарди.

Бу йилда мен, “Ўзбекистон нимага суянади” номли  бир китобча ҳам тайёрлаб, Норвегиянинг Берген шаҳрида шахсий нашриётчиларнинг ёрдамида 100 нусхада нашр қилдирдим. Уларни болаларим ва ўзимга жуда яқин қадрдонларга тарқатдим. Унинг тўла матни  < http://www.samarkanduz.narod.ru > сайитида бир неча йиллардан буён < http://www.samarkanduz.narod.ru/kitobboshi.htm > адресда турибди.  Балки қимматли ўқувчилардан кимлардир уни ўқиганлардир. Бу йилги(1999) фаолиятимнинг хулосалари сифатида ўша китобчадан бир қатор фикрларни келтираман. Улар, менинг бу ҳикояларимни ўқийдиган қадрли ўқувчилар учун аҳамиятсиз бўлмас деб ўйлайман.

Масалан, ўша китобчада биринчидан, мафкура ҳақида тубандаги хулосавий фикрлар айтилганди:Афтидан, улар (Ўзбекистонда “Мустақиллик мафкураси” “ижод” қилишга киришган И. Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукуматидагилар) болшевизм мафкураси ҳам маълум бир ғоя асосида яратилганлигини яхши тушуниб етмаганлар. Чунки мафкура ибтидоий даврлардан бошлаб кишиларнинг ҳақиқий, чинакам образини белгилайди, муқаддас ғоясини ва уни тушунишни ифодалайди. Мафкура масаласига мана шундай умум инсоний нуқтаи назардан қаролса, “мустақиллик мафкураси” деган ибора қанчалар мантиқсиз эканлиги ўз-ўзидан кўриниб қолади.

“Келажаги буюк давлат» – бу нима дегани? У қандай қилиб келажаги буюк бўла олади? Ким билан, нима билан? Ёвуз душманнинг, истилочиларнинг тажовузи ва зулмидан қанча машаққатлар ила сақлаб қолинган халқнинг тарихий ва маданий илдизларини мустаҳкамлаш, унинг анъаналарини ривожлантириш, миллий хусусиятларини ижобий тарбиялаш орқали уни, яъни давлатни буюклик даражасига кўтариш мумкин. Ундай бўлса, миллий тарихий қадрият ва маданият асосида тарбияланган чуқур мафкурали, юксак маданиятли кишиларгина ўз мамлакатини, давлатини буюк эта оладилар. Демак тарбияни, миллий тарбияни яхшилайдиган, тарбияда бош масалани аниқлайдиган усуллар ишлаб чиқилиши лозим кўринади. Шундагина ватан билан ғурурланадиган, унга ишонадиган ва уни ота-онасини ҳимоя қилгандай ҳимоя қиладиган кишиларни тарбиялаш мумкин бўлади. Бунинг учун Ўзбекистоннинг ўз ривожланиш ғояси ва унга асосланган мафкураси бўлиши зарур. У бизнинг қаердан келиб, қаерга боришимизни кўрсатиб турадиган машъал вазифасини бажармоғи лозим. Бу эса, қандайдир ташқи ҳолат(фактор) эмас, балки муҳим ички ҳолат(фактор)дир. У эса, ҳар биримизга бевосита боғлиқ эканлигини тушуниб етмоғимиз керак. Агар биз кимлигимизни аниқлаб, ким бўлишимиз кераклигини белгиламас эканмиз, бизнинг болаларимиз ва невараларимиз бу ишни бажара олмайди, деб қўрқаман. Акс ҳолда, улар жуда узоқ вақт адашиб юрадиларми, балки адашиб ҳам кетадиларми деб ўйлайман.

Биз, ўзимизга тўғри баҳо бера олсакгина, келажак авлодга ибрат бўла оламиз. Ана шундагина уларни келажакка муносиб этиб тарбиялай оламиз. Охир-оқибатда ўзига тўғри баҳо бера олиш, мафкураси юқори бўлган кишининг, умуман, юксак мафкуранинг-ахлоқлиликнинг кўрсаткичидир.

Миллий сиёсатда ҳам мафкура, асосий йўналтирувчи принсипни белгилаб бериши лозим. Афсуски, биз бутун сиёсий фаолиятимизда ўзимизни ҳеч нарсани билмайдиган, сезмайдигандай тутамиз. Бизда ҳамиша ҳамма нарса гўё жойида бўлган. Кишиларимизни якка партия ҳукмронлиги гўё эзмаган, сензура азоблари бўлмаган, ҳатто бизда репрессия (катағон) ҳам бўлмагандай сезамиз, ўзимизни. Бизда қурбон ҳам, қотил ҳам бир ўринда туради. Масалан, Ф.Хўжаев, У.Носиров (машҳур ўзбек шоири Усмон Носир) кабиларни ўз мансаблари учун қурбон берган Ю.Охунбобоев, Ҳ.Олимжон, У.Юсуповлар бизда бир хилда миллат фахри ҳисобланади.

Юксак мафкура, ахлоқ мавжуд жамиятда ҳар бир яхши-ёмоннинг ўз ўрни аниқ белгилаб қўйилган бўлади. Юксак мафкура асосида тарбия топганлар ҳеч қачон яхшини ёмон билан, чинни ёлғон билан чалкаштирмайди. Улар, инсоф ва ноинсофлик даражасини жуда яхши биладилар.

Иккинчидан, биздаги маънавий инқироз ҳақида эса, мана шулар хулоса ўрнида келтирилганди:

Ҳаммамиз, у президентми, колхозчими, ишчими, инженерми, ким бўлишдан қатъий назар коммунистик режим замони даврида вужудга келган барча кўникмаларни, тескари эътиқодларни, қарамлик психологиясини ва масъулиятсизликни тубдан ўзгартирмасдан туриб, бу хусусиятларни бутунлай янги мафкура элементларига мосламасдан туриб ҳеч қандай келажакка умид боғлаб бўлмайди. Чинакамига барчага сезиларли ижтимоий, сиёсий ва ҳатто иқтисодий ўзгаришлар ҳаёт тартиб-қоидаларининг ташқи кўринишларига эмас, балки жамиятда яшаётган ҳар бир кишининг характери ва хусусиятларига боғлиқ эканлигини тушунмаслик, айниқса тушунишга уринмаслик масалани янада чигаллаштиради. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, бугун Ўзбекистондаги қийинчиликларнинг асоси ҳам фақат иқтисодий ва сиёсий инқирозда эмас, балки маънавий инқирозда ҳамдир. Дарқақиқат, мамлакат чуқур маънавий инқирозда. Бу инқирознинг асил сабабларини, унинг илдизларини изчил излашимиз керак. Уларни тугатиш ва ўнглаш устида тинмай изланиш, ишлаш, терлаб меҳнат қилиш зарур. Масалан, ҳаётда иқтисодий жиҳатдан анча дуруст таъминланган, ижтимоий турмуши ҳам ёмон  эмас, етарли эркинлик доирасига эга бўлган киши, мафкурасизлиги оқибатида худосизлик, виждонсизлик, уятсизлик, сотқинлик, қўрқоқлик, лаганбардорлик хусусиятларини ўзида мужассамлаштириши мумкин. Ҳатто кўпинча шундай ҳам бўлади. Коммунистик режим замонида мансаб поғоналарига кўтарилган кимсалар ва уларнинг фарзандлари худди шундайларга мисол бўла олардилар. Афcусланадиган жойи шундаки, Ўзбекистонда кўпчилик ана шундай пасткашликка кўникма ҳосил қилган. Улар ана шунақа пасткашликни “обод” ва “озод” яшаш деб тушунадиган бўлиб қолишган. Бундай аянчли кимсалар билан мустаҳкам давлат тизими, айниқса буюк ва шонли маданиятни тиклаб, уни янги чўққиларга келтириб бўладиими? Йўқ, албатта.

Шунинг учун биз ўзимизда жонли исломий виждонни, яхшиликнинг(инсофнинг) қудратига ишончни, ёмонликни тўғри аниқлай билишни, қадр-қимматни, ғурурни ҳис этишни,  иймонга, ота-онага, Ватанга содиқ бўлиб қолиш хусусиятларини сўзсиз тикламоғимиз зарур. Бусиз Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тасаввур қилиб бўлмайди. Бусиз Ўзбекистон эртами, кечми кимнингдир мустамлакасига айланиши турган гап. Қайтариб айтаман, биз барчамиз ўзимизни қайта тарбиялашимиз жуда зарурдир. Биз ўзимизда эркин (озод), матонатли, маънавий, маданиятли инсонга хос хусусиятлар кўникмаси ҳосил қилмоғимиз шарт. Бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди

Учинчидан, миллий тарбия ҳақида ҳам қуйидагилар хулоса ўрнида келтирилганди: Қисқаси, тубдан янги тарбиявий система тузиш керак. Ўзбекистон аталмиш мамлакатни яратиш(тиклаш), унинг миллий давлатини тузиш руҳи, ун(ватан, мамлакат)га хизмат руҳи, фуқаролик масъулият ҳисси тикланиши лозим. Бундай руҳга ва ҳисга эга бўлмаган киши ўз манфаатининг ёки ўзганинг (масалан, хўжайинининг) манфаати қулига, манфаатпарастга айланиб қолаверади.

Мустамлакалик даврида, айниқса унинг советлар даврида миллий руҳ аявсиз паймол қилинганлиги туфайли бугунги кунда мамлакатда иккиюзламачилик, порахўрлик ниҳоятда авж олган. Булар барчаси одоб-ахлоқни бузади, бузуқ маданият яратади, ўнгмас хасталикка маҳкум давлат тизимини келтириб чиқаради. Шунинг учун муқаддас ғоя, юксак мафкура кишига ўз руҳий ўрнини сезиб туришни кўрсатиб туради.

Ўзбекистонни мамлакат шаклига ва унда давлат вужудга келтира оладиган кишилар юксак мафкуравий, озод, эркин инсонлар бўлиб тарбияланган бўлмоқлари лозим.

Бизнинг фикримизча, тарбия Муқаддас Ислом ғояси-Қуръони карим асосида ташкил этилган бўлсагина, у чинакам миллий тарбия бўла олади. Ана шундай тарбия юксак мафкуравий озод, эркин, соф виждонли ҳақиқий ватанпарвар инсонларни тарбиялаб етиштира олади.

Тўртинчидан, мамлакатда зиёлиларнинг масъулияти ҳақида тубандаги хулосавий сўзларни ёзгандим: Мамлакатда яхши тарбия кўрган, ақл-заковатли, иродали, виждонли, садоқатли, соф зиёлиларнинг бўлиши чинакам мустақил давлатни яратиш ва уни ташқи хавфдан сақлаш учун зарур шартлардан бири ҳисобланади. Улар бутун янгиликларнинг, яхши ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қилмоғи керак.

Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар ва хусусий мулкчиликни жорий қилиш, иқтисодда бозор муносабатларини ривожлантириш жараёнининг тинч, кўпчиликка маъқул бўладиган шаклда амалга ошишини таъминлашда дину диёнатли, инсофли, соф виждонли зиёлилар армияси жуда ҳам асқатади.

Шунинг учун Ўзбекистонда бугун оз бўлса ҳам, агар зиёлилар қолган бўлсалар, улар зудлик билан кўзларини дурустроқ очиб, Ўзбекистонни чинакам мустақил мамлакатга айлантирадиган асосий ва энг муҳим куч ўзлари эканлигини тушунмоқлари жуда зарур. Улар ўз ақл-заковатини билимини, иродасини Ватан мустақиллиги учун ва унда чинакам демократик ўзгаришлар бўлиши учун ишлатиши буюк ватанпарварлик, деб билишлари шарт. Бунда ҳатто Ўзбекистонда мавжуд мансабдорлар, ҳокимият ходимлари ҳам мустасно эмас, албатта.

Китобда келажакнинг ғоявий асослари ҳақида ҳам фикрлар юритилганди. Бу ҳақдаги хулосавий сўзлар эса қуйидагилардир: Бизнинг фикримизча саналган муаммоларнинг асосида ётган асосий ғоя эса, бу миллий давлатчилик ва миллий бирлик ғояси бўлмоғи лозим. Биз, Ватаннинг ҳақиқий мустақиллигини иставчилар ғояси, Миллий давлатчилик ва Миллий бирлик ғояси бўлмоғи керакдир. Биз ана шу ғоя асосларини яратиш устида ишламоғимиз зарур.

Бу ғоя, умумтурк миллий бирлик ғояси ўлароқ яна нималарни ўз ичига олмоғи керак? Бу ғоя ўзбекларда энг аввал умумтуркий миллий, маънавий хусусиятларни тарбиялашдан, ватанпарварлик, турклар мардонаворлигини, жанговарлигини, исломий озодлик, эркни тушуниш даражасига кўтарилиш йўлини танлашдан иборатдир. Мана шу, менимча энг муҳим ва бош масаладир. Бу чинакамига муҳим ва чуқур ижодий муаммодир.

Бу чиндан ҳам асрларга татир масаладир. Дарвоқе, умумтурк миллий бирлиги масаласи бу буюк келажакдир. Аммо бусиз Ўзбекистон (советлардан чиқиб қолган бошқа туркий  давлатларнинг ҳар бири ҳам) асрлар оша мустақил давлат бўлиб қололмайди, у ҳақиқатан қайта тикланмайди, том маънодаги буюк давлатга айлана олмайди. Миллий бирлик вужудга келтира олмаган буюк А.Тимур даври, буюк Усмонлилар даври бунга яққол мисолдир. Ўша замонларда буюк империялар майдонга келтирилди, аммо давлатчилик асосида умумтуркийлик, умумтуркий миллий бирлиги асосий ғоя сифатида ривожланмаганлиги сабабли у империялар, у давлатлар инқирозга учирадилар, қуладилар

Китобда миллий давлат қурулиши ҳақида, маънавият ва миллий хусусият масаласи ҳақида ҳам анчагина фикр мулоҳазалар келтирилган. Улардан тубандагиларни бу ерда ҳам таъкидлашни лозим ҳисобладим: Кишиларнинг ўз қадр-қимматларини билиши, сезиши, инсоният жамиятида ўз муносиб ўрнини тута билиши тўғри йўналишнинг ва тўғри ҳаракат тарзининг асосини ташкил этади. Ҳатто ана шу, соғлом фуқароликнинг, ҳақиқий тартиб-қоиданинг, қудратли армия тузишнинг, мустаҳкам давлат тузими ва тизимининг ҳам асосидир. Ер юзида Аллоҳ таолло яратган барча ишларда, динга, давлатга содиқликнинг ва инсофнинг ҳам асоси ва суянчи ўшадир. Ўзни билиш, қадр – қимматни ажрата олиш, ҳаётдаги ибратли хулқ, ижобий ижод, сиёсат, илм, санъат ва хўжалик ишларида софликнинг, одилликнинг ҳам асосини белгилайди.

 Айтилганлардан, яна бир муаммони ҳам тилга олиш лозим кўринмоқда. Чунки бугун Ўзбекистонда (кенгроқ қаралса бутун турк дунёсида) шундай бир вазият вужудга келганки, у бизга “нима учун яшамоқ керак?»- деган мураккаб саволни ўртага ташламоқда. Мамлакатдаги бугунги сиёсий вазият, ҳаёт ва ўлим нимадан иборатлигини аниқлаб олишни кўрсатмоқда, ҳатто уни ҳар бир иймонли ватанпарвардан талаб этмоқдадир. Аллоҳ учун, иймон учун, чинакам исломий эрк, озодлик учун, инсон шарафи, шуури учун, Ватан учун, оила, оилавий ўчоқ учун, миллий бирлик-умумтурклар бирлиги учун курашмоқ зарурми? Халқ учун, унинг маънавий манбаси, ижодиёти, миллий санъати, миллий қадриятини қўриш учун ҳам курашмоқ керак бўладими? Бордию, бу шарафли вазифани адо этиш лозим ва шарт бўлса, уни қандай бажармоқ мумкин? Бу эса, “Ҳаёт, эрк, озодлик, шараф, шуур учун кураш ва яшаш ёки ўлим” принсипидан иборат эмасми? Ҳа, албатта шундай!

Эҳ, Аллоҳим, биз қачон ҳаётни, яшашни шундай мардларча тасаввур этарканмиз? Аммо биз ўшандай кишиларимизни излаб топишимиз ва йиғишимиз керак ёки уларни бешикдан тарбиялашни бошлашимиз зарур. На чора, бошқа йўл кўринмаяпти.

Китобда бир даструламалнинг лойиҳаси ҳам келтирилган. Бу лойиҳа, бироз таҳрир қилиниб, унинг тўла матни < http://samaqanduz.com >  блогида эълон қилингандир. Қизиқувчи қардошлар, уни ўша жойдан очиб ўқишлари мумкин бўлади.

яқин мавзу