15 – Муҳожирликнинг Норвегия давридан ҳикоялар.

Олтинчи бўлимнинг давоми: 15 – Муҳожирликнинг Норвегия давридан ҳикоялар.

15. Муҳожирликнинг Норвегия даври бошланди.

Оллоҳга шукрлар бўлсинким, узоқ сарсонликлардан сўнгра, 1999 йилнинг бошларидан бошлаб, нисбатан сокин ҳаёт кечириш мумкин бўлган имкониятга эришдим. Норвегия қироллиги мамлакатида доимий яшаш учун ўрнашиб олишга муваффақ бўлдим. Бироқ, Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф ҳаракатимиз янги кўриниш олиб, самарали фаолиятда бўлиши лозимлиги ҳақидаги фикрлар менга тинчлик бермасди. Шу бабаб сиёсий фаолиятимни давом эттиришга ҳаракат қилдим ва қўлимда бор имконларимни Ўзбекистонда мухолиф ҳаракатнинг ривожланишига қўллашга уриндим. Шундай уринишлардан бири ва Норвегияда биринчи,  Ўзбекистон бирлашган мухолифатини тузишга яна бир бор такрор ҳаракат қилишдан иборат бўлди. Бу сафар менинг бундай ҳаракатимда Абдувоҳид Паттаев менга ёрдамчи бўлишга рози бўлди. Андижон автозаводининг собиқ директори, Ўзбекистон совет Республикаси сўнгги Олий Кенгашининг собиқ  депутати А. Паттаев ҳам бу вақтларга келиб сиёсий  муҳожирлик  мақоми олган ва Данияда  бошпана топган эди.

Энди биз иккимиз, Ўзбекистон бирлашган мухолифатининг Форуми (ЎзБМФ) ёки Ҳорижий бюроси  (ЎзБМҲБ) номи билан аташ таклиф этилган бирлашган ҳаракат тузишнинг қуйидаги лойиҳасини ўртага чиқардик:

“Ватандаги аянчли аҳволдан келиб чиқиб, у ерда ҳукм сураётган мустабид давлат режимига самарали қарши курашмоқ ва уни замонавий демократик принципларга кескин буриш йўлида интизомли аъзоларга эга ва мақсадлар аниқ белгиланган ягона бир дастур ва режа  атрофида жипслашган, самарали  сиёсий фаолият юрита оладиган ташкилот зарурлиги ортиқча далил талаб қилмас ҳақиқатга айланганига анча бўлди.

Бизнинг фикримизча, бундай ташкилот, Ўзбекистондаги мустабид режимга, диктаторлик зулмига қарши сезиларли таъсир ўтказа оладиган ташкилий куч, яъни ЎзБМФ ёки ЎзБМҲБ, бунгача ҳам зулмга қарши анча изчил ва собит курашаётган «Бирлик» халқ ҳаракати («Бирлик» ХҲ), «Эрк» демокртик партияси(«Эрк» ДП) ва «Ўзбекистон Ислом ҳаракати» (ЎзИҲ) [У замонлар ҳали бу ҳаракат халқаро террористлар гуруҳига киритилмаган эди. Ҳақиқатда эса, ЎзИҲ-ни демократик принциплар доирасида ҳаракат этишга буриш, ҳеч бўлмаганда ЎзИҲ аъзоларининг кўпчилигини демократик йўналишга қайтариш имконияти мавжуд эди] бирлиги асосида вужудга келиши мумкин ва шундай ташкилот тузилиши лозим деб ҳисоблаймиз.

ЎзБМФ ёки ЎзБМҲБ таркиби ва структураси (тизими)нинг лойиҳасини муҳокама учун биз қуйидагича таклиф этамиз:

I Ташкилот номи:

Ўзбекистон бирлашган мухолифати

а) Форуми (ЎзБМФ); б) Ҳорижий бюроси (ЎзБМҲБ) ёки в) Ҳорижий Кенгаши (ЎзБМҲК) ларидан бири танланишини таклиф қиламиз.

II Ташкилотнинг таркиби :

«Бирлик» ХҲ, «Эрк» ДП, ЎзИҲ асосида таркиб топиб, Ташкилотга Ватандаги режимга қарши Ўзбекистон фуқароси, турли хил сиёсий ва ижтимоий ташкилотлар; чет эллардаги янги ва эски муҳожирлар, уларнинг ташкилотлари қўшилишлари учун низомий муҳит яратилади.

III Бошқарув органи :

Марказий Кенгаш(МК), яъни Ташкилотнинг номига мос, Форум ёки Ҳорижий бюро Марказий Кенаши, деб юритилади. Агар Ташкилот Ҳорижий Кенгаш, деб аталадиган бўлса, бу орган ҳам Ҳорижий Кенгаш, деб аталгани маъқул ҳисобланади.

Марказий Кенгаш илк сафар етти кишидан иборат таркибда сайланади. Улардан бири МК раиси, унга иккита ўринбосарлар, қолган тўртаси МК аъзолари етиб сайланиши лозим бўлади.

Бирлашган мухолифат МК раиси сайланишига боғли бўлмаган ҳолда номлари саналган учта ташкилот лидерлари МК автомат аъзолари ҳисобланмоқлари лозим.

«Бирлик» ХҲ, «Эрк» ДП ва ЎзИҲ Ташкилотга (ЎзБМ-га) ўз структуралари билан яхлит аъзо бўлиб кирадилар ва  улар жорий замонда ЎзБМ-нинг қанотлари ҳисобланадилар. Аммо уларнинг фаолиятлари муҳожирликда (яъни Ватанга кирилганига қадар) ЎзБМ – нинг ягона дастурига ва режасига мослаштирилади.

ЎзБМ хорижда қоларкан, бутун сиёсий фаолият ягона раҳбарлик асосида, яъни мухолифатнинг бутун сиёсий, иқтисодий ишлари унинг МК ва МК Раиси номидан юргизилади.

ЎзБМ МК хорижда мухолифатнинг тактик (жорий) ва стратегик (келажак) ягона умумий сиёсатини умумдунёвий демократик принциплар асосида қайта кўриб чиқади ва уни жиддий, изчил амалга оширишда фаол ҳаракат қилади.

ЎзБМ тузишнинг баъзи принциплари :

1. Ўзбекистон Бирлашган мухолифати «Бирлик» ХҲ, «Эрк» ДП ва ЎзИҲ иборат таркибда тузилиши бошланғич шарт ҳисобланмоғи зарур.

2. Диний эътиқодлари ҳисобидан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларни ва ислом мамлакатларида диний мактабларда ўқиб, Ватанга қайтишни истамаганларни ЎзБМ таркибига жалб этиб, уларни демократик сиёсий фаолиятда фаол қатнашишга даъват этиш кўзда тутилади.

3. ЎзБМ таъсис этиш мажлисига қадар, унинг таркибини ташкил этиши мўлжалланаётган уч ташкилот биргаликда бўлажак Бирлашган Мухолифат Низоми лойиҳасини тайёрлайдилар. Мажлис эса, ЎзБМ ташкил этилганини эълон қилиш билан бир қаторда унинг Низомини ҳам тасдиқлаши керак бўлади.

4. Ўзбекистон бирлашган мухолифати Марказий Кенгаши Раислигига нисбатан холис, одамохун, босиқ шахс танланмоғи мақсадга мувофиқ, ҳисобланади.

5. ЎзБМ тузиш мажлисида унинг МК илк бир ойлик иш режаси ҳам қабул қилинади. Ўша бир ойлик муддатда Ташкилотнинг йиллик иш режаси ва дастури лойиҳаси тайёрланиб, МК навбатдаги мажлисида уни тасдиққа қўйилиши таклиф қилинади.

6. Долзарб ишлардан бири, дарҳол ЎзБМ умумий матбуот органи ташкил этилиши зарур деб ҳисобланади. «Форум» ёки «Куч бирликда» номи билан газета нашр этиш таклиф этилади. Ташкилотнинг моддий таъминотини яратиш ҳақида аниқ режалар ишлаб чиқиш ҳам долзарб масала деб қаралади.

7. Ватанда аҳвол нормаллашиб, мухолифат Ватанга қайтса, ўша замондан эътиборан ЎзБМ МК ўз фаолиятини тўхтатган ҳисобланиб, ЎзБМ таркибига кирган партия ва ташкилотлар мустақил фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўладилар. Ўша ташкилотларга аъзо бўлмаган ЎзБМ аъзолари эса, ўзлари истаган ташкилотларга аъзо бўлишлари мумкин бўлади ёки мамлакатнинг оддий ватандошларига айланадилар ёки ўзлари истаган сиёсий ва ижтимоий ташкилотлар тузишлари мумкин бўлади..

Ўзбекистон Бирлашган Мухолифатини тузиш мажлисини Овропада ўтказиш бир қатор қулайликларга эга деб ҳисоблаймиз. Дарҳақиқат, сиёсий муҳожирларнинг аксарияти айни замонда Овропада тўхтаган. Бунинг устига мамлакатлар бўйлаб кезиш имконига эга бўлмаган янгидан келган бир неча муҳожирлар ҳам Овропададир. ЎзБМ янги йиғилишида уларнинг қатнашиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлади.

Мажлис Стокголм (Швеция) ёки Осло (Норвегия) шаҳарларининг бирида ўтказилишини таклиф этамиз.

Йиғилиш Ослода ўтказиладиган вариант маъқул топилса, унга боғлиқ барча ташкилий ишларни (мажлис ўтадиган жой, меҳмонлар тўхтайдиган меҳмонхона, ёзиш-чизиш ишлари учун техника ва ш.к. инвентарларни ташкил этиш) биз ўз зиммамизга олишимиз мумкин.

Харажат талаб ишлар учун маблағ топиш масаласини ҳам биргалашиб ҳал қилиш таклиф этилади. 22.11.99 й. Ташаббус гуруҳи. (А. Йўляхшиев. А. Паттаев)“

Аслида лойиҳани мен якка ўзим тўла ёзиб чиқдим ва ундан сўнгра А.Паттаевнинг баъзи бир фикрлари ҳам ҳисобга олинди, албатта. Бироқ А.Паттаев негадир бу лойиҳанинг тагида имзоларимиз бўлишини истамади.

1997 йили ”Бирлик” халқ ҳаракатининг раисдоши Абдураҳим Пўлатов қочоқлик мақоми олиб АҚШ (Вашингтонда) бошпанали бўлган эди. Унинг укаси янада илгарироқдан қочоқ мақомида ўша мамлакатда яшарди. 1999 йил Тошкентдаги портлашлардан сўнгра эса, “Эрк” партиясининг раиси М.Солиҳ ҳам сиёсий қочоқлик мақоми билан Норвегияга келганди ва  Осло шаҳрига жойлашганди.

Шу сабабли биз тайёрлаган лойиҳа ва таклифимиз ҳақида АҚШ – дагиларга хабар қилишни Абдувоҳид Паттаев, Норвегиядагиларга хабар қилишни эса, мен зиммамизга олдик.

Шунинг учун мен М. Солиҳга тубандаги  мазмунда бир хат ёзиб, лойиҳа ҳақида унга хабар қилдим.

“Ассалому алайкум Солижон [шоирлар ичида М.Солиҳни шундай аташадилар. Шу сабаб мен ҳам унга ҳамиша “Солижон” исми билан мурожаат қилардим]! Соғмисиз, бардаммисиз, ишларингиз жойидами?

Мана биз бир лойиҳа тайёрладик. Унинг матнини мен ёздим. А.Паттаевнинг баъзи фикр-мулаҳозалари ҳисобга олиниб, ўзгартирилган вариантини Сизга жўнатаяпман. Бир қараб чиқиб, фикрларинггизни билдирарсиз. Бошқалар нисбатан биздан узоқда бўлганлари сабабли бу матнни ҳали Сиздан ўзга ҳеч кимса кўргани ва ўқий олганича йўқ. Бизнинг таклифларимиз шу матндагилардан иборат. Навбат сизларга.

Солижон, менда алоҳида бир фикр, яъни лойиҳадан ташқари бир таклиф бор. Юқорида номлари тилга олинган Ташкилотлар лидерлари БМ МК Раислигига даъвогар бўлмасаларинг бир муросага келиш қийин бўлмасди, деб ўйлайман. Менимча, умумий ишнинг тез амалга ошиши ва яхшироқ самара бериши учун биргалашиб, Ватанданми, унинг ташқарисиданми бирорта умумга маъқул номзод топишга ҳаракат қилинса дуруст бўларди. Агар шундай бўладиган бўлса, лойиҳа бир мунча бошқача кўринишни олиши керак бўлади. ЎзИҲ-ни демократик принциплар доирасида ҳаракат этишга буриш ҳам бизнинг сиёсатимизда ижобий кўрсаткич бўлади, деб ҳисоблайман.

Бундан кейинги ҳаракатларни ҳам бамаслаҳат қилармиз, деган умиддаман.

Сизга чуқур ҳурмат билан, Алибой Йўляхшиев. 23.11.99.

PS: Лойиҳа тагида имзо бўлишига Абдувоҳид Паттаев розилик бермади. Ўзбекча грамматик таҳрирга муҳтож ерлари бўлса, уларнинг тўғриланишига розилик берамиз.”

Шунингдек мен М. Солиҳдан жавоб олганимдан кейин А. Паттаевга қуйидаги мазмунда қисқагина хабарни юбордим: ”Ассалому аллайкум Абдувоҳиджон! Қалайсиз, соғмисиз, саломатмисиз? Сўнгги ўзгаришлар шунақа бўлди. Соли бошқаларни кўндирсанглар мен таклиф этилаётган ташкилотга розиман, деяпти, аммо яна ҳам Оллоҳ билади? Сизда нима гаплар? Сизга ҳурмат билан, А. Йўляхшиев.”

Яна такрор афсуслар айтишга мажбурман. Чунки бизнинг Ўзбекистон бирлашган мухолифатини ташкил этишга уринилган навбатдаги саъй – ҳаракатимиз ҳам бирор натижа бермади. Бу сафар ҳам Америкадан (яъни  Пўлатовлардан) ҳеч бўлмаса М. Солиҳнинг жавоби каби жавоб ҳам ололмадик. Америкаликлар акамга бор, укамга бор қилишдилар-да, ўзларини бу ишдан четга тортишдилар. Оқибатда, шу билан бизнинг навбатдаги ибратли таклифимиз амалга ошмади.

15.1. Ўзбекистондаги сиёсий тузум ва Ўзбекистон «Ислом ҳаракати» аталмиш гуруҳнинг қуролли ҳаракатлари ҳақида фикрлар.

Йилнинг (1999) кузига бориб, яъни августнинг иккинчи яримидан сўнгра жаҳон матбуоти саҳифаларида ҳали қарабсиз Қирғизистонда, ҳали Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасида қуролли гуруҳлар пайдо бўлишганлиги ва улар тинч аҳолидан гаровга олишни бошлашгани ҳақида дараклар тарқала бошлади. Ҳатто, у қуролли “бандитлар (безорилар)” тўдасини “тугатишда” Қирғизистон Ўзбекистондан ҳарбий самолетлар (учоқлар) сўрашганмиш каби хабарлар ҳам кўрина бошлаганди. “Бандитлар” бостириб кирган қишлоқлар улардан тазоланиши учун ҳарбий самолетлардан бомбардимон қилинмоқда эмиш. Ўша самолетлар баъзан ”адашиб” қолиб Тожикистон ва Қирғизистонга қарашли аҳоли пунктларини ҳам бомбаламоқда эмиш. Натижада, тинч фуқаро “бандитлар” ўқидан эмас, Ўзбекистон ҳарбий самолетлари бомбаларидан жон узмоқдалар эмиш сингари хабар ва дараклар ҳам кўпайиб кетганди. Шунақа хабарларнинг ўзларидаёқ ҳарбий ҳаракатларнинг моҳияти ва ҳарактерида қатор тушунмовчиликларни кўрса бўларди. Ўша замоннинг матбуот хабарларига кўра, қуролли кишилар Тожикистондан чиқишган бўлиб, Қирғизистонда баъзи ҳарбий ҳаракатлар бошлашган дейиларди. Аммо негадир Қирғизистон ичида  Ўзбекистон уруш ҳаракатлари олиб борарди. Бошқа томондан ўша хабарларда  Қирғизистонда майдонга келган можаролар-ни куч билан бартараф этмоқ учун Қозоғистон ҳам Россиядан ҳарбий-техник ёрдам ҳам сўрамоқда эди.

Бундан кўп ўтмай Ўзбекистонга Қирғизистондан ўтиб келишган жангарилар ҳужуми дейилган хабарлар ва ўша қанақадир қуролланган гуруҳга қарши Ўзбекистон ҳам ҳарбий ҳаракат бошлади дейила бошланди. Шу муносабат билан дунё матбуотида қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди. Уларнинг жуда кўпчилигида у ердаги ҳарбий ҳаракатларнинг дарҳол тўхтатилиши таъкидланарди. Жумладан, вақтинча Ватандан ташқарида қолишга мажбур, Ўзбекистон муҳожирлари ҳам мазкур воқеаларга ўз нуқтаи назарларини баён этишдилар. Шулардан бири А.Пўлатов имзоси билан «Бирлик» Ўзбекистон халқ ҳаракати номидан тарқатилган баёнот бўлганди.

Мен, «Бирлик» халқ ҳаракатининг масъулларидан бири бўлганлигим учун Ҳаракат номидан халқаро эфирга тарқатилган баёнотда мантиқий бўш, ғоявий ғализ (янглиш), сиёсий жиддий хатолар олға сурилганлигини кўрсатишни ўз бурчим деб билдим ва «Бирлик»нинг обрўси учун зарур, деб ҳисобладим. Улар қуйидагича ифодаланганди:

”Мазкур баёнотда, масаланинг асоси моҳияти ва унинг оқибатлари ҳақида жўяли бир фикр билдирилмай, уни ёзиб эълон қлган киши (А.Пўлатов), дунё давлатчилик назариясини ва умумдунёвий сиёсатни яхши тушуниб етмаслигинигина кўрсатган холос. Чунки у баёнотда умумдунёвий давлатчилик назариясининг бирнеча жуда нозик нуқталарига тил текизилган фикрлар, жаноб Пўлатовнинг шахсий қарашлари бўлишлигига қарамасдан,  Ҳаракат номидан оламга тарқатилди. Бу мутлақо нотўғри. Масалан, баёнотда, «Бирлик» Ўзбекистон демократик ва дунёвий (лойиқ) давлат қуруш принципидан ҳам чекинмайди ва бу принцип ислом динига, унинг муқаддас китоби Қуръоннинг ҳукмига зид эмаслигидан келиб чиқиб сиёсат олиб бораётганини урғулайди,” дейилади. Бу билан ҳозиргача «Бирлик» дастурида учрамаган, Ҳаракатнинг масъул органлари йиғилишларида (Марказий Кенгашда ёки Қурултойда) муҳакама этилмаган янги, шу билан бирга чалкаш, ғализ, мутлақо ғоявий асоссиз фикр «Бирлик» номидан ўртага чиқарилади. Биринчидан, бу фикр таъкидлангани каби асоссиз, мантиғи бўш ва жуда чалкаш бўлиб, иккинчидан, у тўла ва батамом шахсийдир. Шахсий фикрларни Ҳаракат номидан сўзлашга ҳеч бир кимса ҳақли эмасдир.

Лойиқ давлат қуруш принципи «ислом динига, унинг муқаддас китоби Қуръоннинг ҳукмига зид эмас …», деб, тасдиқлаш ҳеч бўлмаганда Ислом оламини ҳайрон қолдириши аниқ.

Халқаро кулги бўладиган бўлар-бўлмас мулоҳазаларни «Бирлик» халқ ҳаракати номидан тарқатишга йўл қўйишни юмшоқ қилиб айтганда ақлдан озиш, деб аташдан бошқа ибора топиш қийин.

Замони келганидан фойдаланиб, Ўзбекистон «Ислом ҳаракати» аталаётган гуруҳ жангарилари бошлаган ҳарбий ҳаракатларга ўз қарашларимни ҳам баён этишни лозим топдим. Дарҳақиқат, бир гуруҳ жангарилар Қирғизистон жанубида нозик ва жиддий ҳолат юзага келишининг сабабчиларидан бирига айландилар. Аммо бу можаронинг келиб чиқишида бошқа муҳим объектив сабаблар ҳам бор. У сабаблар нима ва уларнинг манбаи қаердалиги ҳам жуда очиқ- ойдин аниқ.

Биз йиллардир, Ўзбекистондаги мавжуд ҳукуматнинг туғма майиб сиёсати оқибатда боши берк кўчага тақалиши ва у сиёсатнинг сўнгги фожиали ва қонли бўлиши ҳақида ёзиб, сўзлаб келдик. Затон, бу сиёсат ҳақида башорат қилмоқ учун жуда кўп ақлга ҳожат лозим эмасди. Шу билан бир қаторда биз (мен ва менинг ҳамфикрларим) ҳар қандай зўравонлик, у ҳукумат тарафиданми ёки мухолифат тарафиданми бўлишидан қатъий назар, уларга доим қарши бўлдик ва ҳамон бундай ҳаракатларни, зўравонликни мутлақо қоралаймиз. Эзгулик, яхшилик, маъмурчиликни кўзда тутган мақсадларга эришиш йўли, бу зўравонлик йўли эмаслигига қаттиқ ишонамиз. Аммо бу билан биз, баъзи матбуот органлари, жумладан «Озодлик» радиосининг ўзбек шубаси, рус шубасининг баъзи мухбирлари жон куйдириб исботлашга уринаётганлари каби масалани, Қирғизистон чегарасидаги можарони у ердаги жангариларни турли хил атамалар билан аташдан, воқеаларни бир ёқлама таърифлашдан иборат эмаслигини ҳам жиддий таъкидлаймиз. Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги қуролли кишилар фаолиятига, уларнинг ҳаракатларига тўғри баҳо бермоқ учун энг аввал бу ҳолни келтириб чиқарган асосий сабаблар ҳақида тўла ҳақиқатни, барча маълумотларни ҳам ўртага чиқариш зарур деб биламиз. Масалан, мазкур ҳаракатларнинг майдонга чиқишига асосий сабаблардан бири, бу Ўзбекистон ҳукуматининг узоқ йиллар давомида фуқарога нисбатан қўллаётган қонли зулми, ҳатто миллатга нисбатан ўтказилаётган геноциддир. «Озодлик» радиосидай халқаро аҳамиятга молик матбуот органлари масалага фақат бир тарафдан қарамасдан, ана ўша зулмнинг, ўша геноциднинг тўла моҳиятини ҳам очиб ташлаши лозим деб ҳисоблаймиз. Ваҳоланки бу радионинг ўзбек шубаси ҳар куни ўз эшиттиришларининг яримидан кўпроғини Ўзбекистондаги инсонларнинг «порлоқ» турмушини мадҳ этишга, воқеаларни бир томонлама ёритишга бағишламоқда.

Зулм битса, унга қарши ҳаракатга ҳожат қолмаслиги исботга муҳтож эмас. Чегарадаги қуролли кишиларнинг оз бўлмаган бир қисми Ўзбекистоннинг нормал фуқароси бўлиб, Ўзбекистондаги мустабид режимнинг зулмидан, геноциддан жон сақлашга уринган оддий инсонлар, мусулмонлардир. Уларнинг аксарияти Республикага жуда зарур бўлган мутахас-сислар, яъни врачлар, ўқитувчилар, инженерлар, олимлардан иборатлиги, ҳам бугун барчага аниқ бўлди.

Шунга қарамасдан, можаро бошланган биринчи кунлардан бошлабоқ мен, ҳарбий ҳаракатларнинг ривожланмаслиги тарафдори бўлдим. Бу йўлда бор имконларимни ишга солдим. Чет эллардаги Ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар, мухолифат аъзолари билан боғландим ва уларни бу уруш ҳаракатларининг авж олмаслиги йўлида барча имконларни бирлаштиришга даъват қилдим. Имконим бўлган ерларда давлатларнинг элчихоналарига мурожаатлар қилиб, дипломатик каналлардан фойдаланишга уриндим. Ниҳоят ушбу радио мурожаатим ҳам шу эзгу ниятга, яъни Қирғизистон чегарасидаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилишига қаратилгандир.

Айтилганлар билан бир қаторда, Ўзбекистондан тарқатилаётган совуқ овозлар, яъни зулмга қарши турган жангариларни, «безори, дунё террористлари, уларни қириб ташлаш керак ва ҳ. к.» сингари асослими, асоссиз дағ-дағалар ҳам тўғри назар эмас, деб аташ керак. Чунки бу ўйламай сўзлашлар масалани зарарсиз ҳал этишга эмас, аксинча уларнинг авж олишига олиб келади.

Шунинг учун мен Ўзбекистон ҳукумати аъзолари орасидаги чин Ватанпарварлардан, «Ислом ҳаракати»  аталмиш ташкилотнинг раҳбарларидан ҳам уруш ҳаракатларидан дарҳол воз кечишларини ўтиниб сўрайман.

Биламизки, советларнинг Ўрта Осиёсида давомли уруш ҳаракатлари вужудга келтиришни истаганлар анчагинадир. Улардан бир қанчаси Руссияда «пичоқ» қайраб туришибди.

Шундай экан, ёмон ниятли гуруҳлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишдан сақланмоқ шарт.

Ҳар қандай мақсадга эришишнинг маданий маърифатли йўли ҳам бор. У йўлни, маърифат йўлини топишга ҳаракат қилмоқ лозим. Ана ўша маърифат йўлини топишга урининг дўстлар! Келинг барча муаммоларни маърифат ила маданиятли келишувлар йўли билан ҳал этишга киришайлик!

Ўзбекистонга, Ватанга тинчлик, асойишталик тилаб қоламан.

Ўзбекистон ҳукуматида ҳам, «Ислом ҳаракати» аталмишлар таркибида ҳам Ўзбекистон Республикаси –  Ватан тинчлиги, унинг келажаги асосий муқаддас мақсад, деб тушунувчилар кўпчиликни ташкил этишига ишонаман.

Оллоҳ ёрдамчимиз бўлсин!

Ҳурмат ва эҳтиромлар билан, Алибой Йўляхшиев, «Бирлик» халқ ҳаракати Самарқанд вилоят Кенгаши раиси. Октябр 1999 йил.”

Ўзбекистон чегарасида вужудга келган(аниқроғи 26.08.1999 дан бошлаб), бутун Марказий Осиё мамлакатларини (Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон , ҳатто Россия ҳам четда қолмаётган) қамраб олаётган ҳарбий ҳаракатларнинг давомли бўлиб қолиши ёки уларнинг дарҳол тўхтатилишига сезарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган давлат бу Россия ҳисобланарди. Ундан ташқари ўша ҳарбий ҳаракатларда Россиянинг бомбардимон учоқлари қатнашаяпти дейилган хабарлар ҳам тарқатилганди. Шу сабабдан Россия ҳукуматига чет элларда яшаётган эски совет Ўрта Осиёси республикаларидан сиёсий ва меҳнат муҳожирлари ҳисобланганлар номидан Россия ҳукуматига ҳарбий ҳаракатларнинг дарҳол тўхталишида воситачи бўлиши ҳақида мурожаат қилиш лозим каби фикрга келинди. Бу фикр биринчи бўлиб, Норвегия (Осло)да сиёсий бопана олган тожикистонли сиёсий муҳожир Абдувоҳид Касоний тарафидан ўртага қўйилди. Мен уни дарҳол қўллаб қувватладим. Ўша замонда М.Солиҳ ҳам Норвегиянинг Осло шаҳрида яшаётган  эди. Шунинг учун биз бу фикрни унга ҳам билдиришни лозим топдик. Чунки М.Солиҳ кўзга кўринган ўзбекистонли мухолифат лидерларидан бири ҳисобланарди ва у ёнгинамизда ўтирарди. Бироқ у “мен учун бундай воқеаларга аралашиш вақти эмас,” деган баҳона билан бу таклифга қўшилмади. Бошқалар билан алоқага чиқиш анча вақт талаб этарди. Шунинг учун биз иккимиз (А.Касоний ва мен) вақтни йўқотмаслик мақсадида  Россиянинг Норвегиядаги элчихонасига ўз таклифларимиз билан киришга келишдик. Шу сабабли мен 30.09.1999-да Берген шаҳридан Ослога бордим.

Россиянинг элчихонасига бизни қабул қилишларини сўраб мурожаатда бўлдик. Улар бизни қабул қилишни лозим топишди. Аммо бизни Россия буюк элчисининг шахсан ўзи эмас, балки унинг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Липаев Владимир Георгиевич қабул қилди. Биз унга Ўзбекистон чегарасида майдонга келган воқеалар ҳақида ўз қарашларимизни ва уларни дарҳол тўхтатишда Россиянинг ўрни ва айниқса унинг томонларга қурол ёрдамида бўлмаслиги жуда аҳамиятлиги ҳақида сўзладик. Фикрларимиз, таклифларифларимиз ва улар оққа туширилган мактубимизни ҳам В.Г. Липаевга топширдик.  Менимча, учрашув нормал бир даражада ўтди. Мезбон бизни яхши тушунди деган хулосага келдик. Бироқ  Россиянинг Норвегиядаги элчихонаси Россиянинг Осиёдаги, айниқса империя таркибидан яқиндагина чиқиб кетишган мамлакатлардаги сиёсатига сезиларли бир таъсир кўрсата олмаслигини  ҳам биз яхши тушунардик. Шунга қарамасдан ўша ҳарбий ҳаракатлар ҳақида бир мунча ўзга фикрлар ҳам мавжудлиги ҳақида маълумотлар ҳам Россия ташқий ишлар вазирлигида рўйхатга тушса ёмон бўлмас деган назарни кўзда тутгандик.

Шундай қилиб, мен ўша замон Ослода юрган вақтда Абдувоҳид Паттаев билан танишишим мумкин. Ўша биз (мен ва А.Касоний) Россиянинг элчихонасига учрашувга кирган вақтлари А.Паттаев ҳам М.Солиҳникига меҳмонга келган экан. Бироз юқорида айтилгани сингари А. Паттаев совет Ўзбекистони замонида мансабдорлардан бири бўлган, 1990 йилги ЎзССР Олий Кенгашига депутатлар сайловида депутатликка сайланган. А.Паттаев директорлик қилаётган завод ишчилари Намаганда ташкил этилган “Адолат” гуруҳига қатнашганлиги учун у  ҳам режим ғазабига дучор бўлиб, Ўзбекистондан Болгарияга чиқиб кетган. Муҳтарам А.Паттаев АҚШ-да сиёсий бошпана олиш имкониятига эга бўлишига қарамай, Болгариядаги дўстлари олдида тижорат қилишни афзал билган. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати унинг устидан уйдурма жинойи иш қўзғаб, уни  Болгариядан Ўзбекистога қайтариб олишга киришган. Оқибатда у Болгария ҳукумати махсус органлари тарафидан қамоққа олинган.  Узоқ маҳкама суриштирмалари оқибатида А.Паттаев Болгариядан Ўзбекистонга эмас, балки Данияга сиёсий муҳожир мақомида юборилган. У бугунга қадар Данияда шундай мақомда яшаб турибди. Бироз олдин матни келтирилган Бирлашган Мухолифат лойиҳасини тузиш ҳам мана шу танишувдан сўнгра пайдо бўлганди.

 Бу йилнинг (1999) октябри ойида Ўзбекистонли яна бир муҳожир(Намоз Нормўминов) Норвегияга келиб жойлашди.

яқин мавзу