13 – 1999 йил Тошкент портлашлари ҳақида.

Олтинчи бўлимнинг давоми: 13 – 1999 йил Тошкент портлашлари ҳақида.

13. 1999 йил Тошкент портлашларига тегишли бўлган баъзи бир бошқа тафсилотлар.

Бу қисмда келтириладиган фикрлар Тошкентда 1999 йилнинг бошида содир бўлган портлашлар воқеаси бўйича биринчи маҳкама (чунки бу муносабат билан қатор маҳкамалар ўтказилса керак) ҳукми эълон этилгандан сўнг пайдо бўлди. Тубанда келтириладиган ёзувлар тахминан 1999 йилнинг июл-август ойларида қоғозга туширилганди.

Маълумки, Тошкентда портлашлар воқеаси феврал (1999 йил) ойида содир этилганди. Мана яқинда, яъни июн ойида «жиноятчилар» устидан ҳакамлар ҳукми эълон этилди. Ҳозирча 22 киши устидан маҳкама ҳукми ўқилди. Улардан олти киши олий жазо(ўлим)га, саккизтаси йигирма беш йиллик қамоқ жазосига ва қолганлари ўн йилдан йигирма йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм этилганликлари эълон қилинди.

Бу ҳукм ўз моҳияти билан тарихда кўрилмаган бир буюк жазони эълон этаётганди. Бундай жазони эълон этган маҳкама эса, Ўзбекистон совет Руссияси таркибидан чиқиб (чунки Ўзбекистон мустақилликка эришди, дейиш бугунги Ўзбекистонга тўғри келмайди. Тарихий вазият тақозоси ўлароқ, Ўзбекистон ўз-ўзидан мустамлака таркибидан чиқиб қолди. Аммо у озод бўлмади, балки метрополияга сотилган ўғрилар қўлида гаровда қолди) қолганидан кейинги энг катта маҳкама жараёни эди. Бу жараён «жиноятчилар (террористлар)» сони ва уларнинг жазолари умумий ҳажми жиҳатидан МДҲ тарихида энг катта маҳкама жараёни ҳам бўлди дейилса тўғри бўлади. Аммо жиноятчиларнинг сони ва уларга берилган жазонинг оғирлиги, унинг умумий ҳажми, маҳкаманинг Ўзбекистондаги шов-шуви эмас, аксинча бу жараённинг бошқа томони мени қизиқтирарди. Масалан, Тошкентда бўлган портлашлар ажойиб, ўзига хос бир шаклда содир этилганди. У ҳақда юқорида бир мунча мулоҳазалар юритилди. Ўзбекистондан узоқдалигим сабаб, фақат расмий, яъни Ўзбекистон матбуот органларида келтирилган ёки Ўзбекистон расмий махсус органлари томонидан тарқатилган маълумотларга асосланиб ёзилган дарак(хабар)ларни ўқидим. Бироқ ўқиганларимда менга нимадир етишмаётгандек туюларди, нималардир менимча ҳеч мантиққа  яқинлашмасди. Мен учун англашилмаган бу ҳолатлар  ҳақида ҳам юқорида бирмунча фикрлар билдиришга ҳаракат қилдим.

Мана энди, жиноятчиларни, яъни портлашларни бевосита ижро этганларни тутиш, тергов ўтказиш ва уларни маҳкама қилиб, ҳукм чиқариш эса, мен учун яна ҳам ажойибироқ туюлди. Қаранг, ҳаммаси бўлиб уч ойга яқин вақт давомида шундай катта пртлашларни ижро этган жиноятчиларни тутиш, тергов қилиш ва улар устидан маҳкама ҳам ўтказишга улгуришибди. Ҳайрон қоларлик даражада тезкорлик (оперативлик). Агар шу тезкорлик ҳақиқатан асосли бўлса, бундай «тезкорлик» жаҳон политсиясида оммалаштиришга арзийдиган бир иш бўлиши лозим. Бироқ Ўзбекистон милициясининг, тергов ва маҳкама органларининг бундай оламшумул эътиборга сазовор ишлар бажара олишини кўрсатишига ҳали вақт эртароқми деб ўйлаб қоласан киши.

Шундай тезкорлик билан жиноятчиларни аниқлай оладиган Ўзбекистон органлари жиноятнинг содир бўлишига нега йўл қўйдийкин?! Жиноятчиларни аниқлаш ва тутиш жараёнига қарасангиз, жиноятчини худди доим кузатишганлар-у, аммо уни жиноят содир этмасидан аввал эмас, атайлаб жиноятни ижро этганидан сўнгра тутиб олишганга ўхшайди. Яъни бутун жараён: жиноят содир этиш, уни бошқариш ва жиноятчини тутиш бир нуқтадан, бир киши томонидан бошқарилгандай туюлади кишига. Бошқа ҳолда Тошкентда содир этилганига ўхшаш жиноятларни аниқлаш ва ҳатто фақат ижрочиларни тутиш учун уч ойлик муддат ниҳоятда оздир. Ўзбек тезкорлари (оперативниклари) эса, бу муддат ичида 22 киши устидан бутун жараённи тугатиб, уларга боғли бўлган яна қанча минг «иштироқчиларни» ҳам қамоққа олишиб улгурушганлар. Ўша 22 «жиноятчи» устидан ўтказилган маҳкамада чиқарилган хулосаларга кўра, жиноятнинг «бош айибдорлари», яъни ташкилотчилари, жараённи маблағ ва қурол билан таъминловчилар ҳам аллақачон аниқлаб қўйилган. Аслида 22 «жиноятчини» ҳам бундай тез тутиш чакана иш эмас. Нима, бу 22 «жиноятчи» киши жиноят содир этгандан сўнг бир уйга йиғилиб, Ўзбекистон жиноят қидирув ходимларини кутиб туришганмидиларки, уларни бунчалар тезликда тутиб олишибди?! Тергов-чи, тергов нега бунча тез тугади? Тошкентнинг энг муҳим маъмурий идоралари ёнида, ҳатто у бинолар ичида қатор портлашлар ташкил эта олган жиноятчилар шунчалар осонлик билан ўзларини жиноятчи, деб тан олишларига ишониб бўладими? Бундай тан олишларга ақл бовар қиладими???

Айтганимиздек, 22 «жиноятчи» маҳкамасидаги яна бир ҳолатга қаранг. Уларнинг барчаси бирданига, худди ўргатилган тўтилар сингари «жиноятни» ташкил этувчи ва уни бошқариб турувчи, маблағ ҳамда қурол билан таъминловчи сифатида Тоҳир Йўлдошев ва Муҳаммад Солиҳнинг номларини такрорлаб туришди. Демак, «бош жиноятчи»лар ҳам тайёр, фақат уларни тутиб Ўзбекистонга келтириш қолган, холос. Менимча, ўша 22 кишидан бирортаси ҳам Т.Йўлдошев ёки М.Солиҳнинг кимлиги ва улар қаерда ишлаб, яшашларини ҳам билишмасалар керак. Бу 22 ”жиноятчи”, менга кўпроқ ясама жиноятчи, олдиндан махсус тайёрлаб қўйилган  жиноятчилар бўлиб кўринади. Ҳар ҳолда ҳақиқатан ҳам шундай бўлишини эҳтимолдан ташқарида тутиб бўлмайди.

Тошкент воқеалари ўз моҳияти жиҳатидан мантиқдан анча узоқ бўлса-да, тубандаги икки  тахминни назардан ташқарида қолдириш тўғри бўлмас деб ҳисоблайман.

Биринчиси, ҳукмдор И.Каримов ва Ўзбекистон Ички ишлар Вазирлиги ёки Ўзбекистон Хавфсизлик Комитети (эски КГБ) ўртасида қандайдир низо чиқади. Бу икки орган, қайси бири бўлишидан қатъий назар И.Каримовга ўзларининг аҳамиятини бўрттириб кўрсатиш мақсадида бу машҳум ўйинни ўртага чиқаради. Масалани шундай фараз қиладиган бўлсак, жараённи изоҳлаб ўтиришга ўрин қолмайди. У ёғи ҳаммаси ликопчаларда келтирилади. Ундай ишларни қандай бажаришни совет жосуслари жуда яхши билишади. Такрор, айтамизки, Ўзбекистонда бу органлар бу даражага кўтарила олмагандир, ҳар ҳолда.

Иккинчи вариант, аммо буниси ҳам биринчисига яқин. Бу ерда ҳам ҳаракатлантирувчи, ижро этувчилар ўша юқорида тилга олинган икки орган, аммо бошқарувчи, буйруқ берувчи, бош қумондон ”жаноб” ҳукмдорнинг шахсан ўзи бўлиши мумкин бўлади. Яъни халққа (ўзбекларга дейиш тўғрироқ бўларди) душманлик бош ҳукмдор раҳбарлигида жиноятчи маъмурлар (милитсия ва кгбишниклар) ижросида содир этилган бўлади. Шундай бўлган бўлса, нега, нима учун бундай ёвузлик, безорилик, раҳмсизлик, гуноҳсиз инсонлар қони тўкилиши содир бўлди? Бу ёвузлик Ўбекистон бош ҳукмдорига ва унинг ҳукуматига нима учун бунчалар зарур бўлди? Мана бу саволларга мантиқли жавоб қилмоқ учун бир мунча мулоҳазалар лозим. Бизнинг кишилар, яъни ўзбеклар эса, одатда бундай мураккаб мулоҳазаларга боришмайди. Тўғрироғи бундай фикрлашга қўрқишади. Шунинг учун ўзларини бундай ҳодисалар бўлишига ишонмайдиган этиб кўрсатишга уринишади. Бундай вазиятда улар, “Оқ туя кўрдингми? Йўқ. Қора туя кўрдингми? Йўқ”, мақолига амал қилишни маъқул кўрадилар.

Шу ерда бир тарихни ҳикоя қилиш тўғри бўлар, деб ҳисобладим. 1991 йил эди, ҳали Президентлик (И.Каримовни «сайлаш») сайловлари ўтказилмаганди. Ўша замонлар Самарқанд вилоят Қўшробот районининг бир қишлоғида Жума намози жамоасида қатнашишга тўғри келганди. Мен билан Қўшроботлик «Бирлик»чи Бозорбой Суванов исмли дўстим ҳам бор эди. Аслида мени бу ерга Бозорбой эргаштириб келганди. Бозорбой намоз бошлангунча намозга келган одамлардан ўнтага яқин кишини менинг ёнимга тўплади. Мен уларга бироз сиёсатдан, Ўзбекистоннинг ўша кунлардаги сиёсатидан сўзладим. И. Каримов юргизаётган сиёсатни бироз танқид қилишга уриндим, албатта. Менинг сўзларим, «И.Каримов бизни алдамоқда, оқибатда бу одам (Каримов) халққа кулфат келтиради», деган мазмунда бўлди. Аммо тингловчилар мени тушунмади ёки ўзларини тушунмасликка солдилар. Тўғрироғи улар мени тушунишни истамадилар. Улар менга очиқдан-очиқ қарши чиқмадилар, лекин менинг фикрларимни қабул ҳам қилмадилар. Чунки улар ҳали Ўзбекистон ҳукмдорининг найранглари, ёвуз сеҳри таъсирида карахт, ғафлатда эдилар. Ўша ўнларча киши менинг фикрларимни қабул қилганда ҳам дунёга янги бир инқилоб келиб қолмасди, албатта. Мен бу ерда ўша воқеаларни хотирлаш билан фақат кишиларимизнинг, ўзбекларимизнинг хусусиятини (менталететини), “ўзбек”лигини алоҳида таъкидламоқчиман, холос. Аммо ҳозир, ўша Қўшроботлик намозхонлар «у киши бизга тўғри сўзлаган экан, ўша домла қаерда?», деб сўраб юрганлармиш. Ҳайрият, кеч бўлса-да, ҳечдан дуруст бўлибди. Аммо энди улар кўнгулларидагини, кўриб турган салбий, ҳатто аниқ зарарли ишларни ҳам  очиқ сўзлашга қўрқишадиган бўлишганлар. Энди улар очиқдан – очиқ оқни қора, қорани оқ дейишга мажбур вазиятга келтирилган. Афсуски, буниси ҳаммасидан ҳам аянчлироқдир.

Бугунги масала, Тошкентдаги портлаш (1999, феврал) воқеалари эса, яна бошқачароқ, бунинг асил моҳиятини тўла англаб этмоқ учун бизнинг одамларга замон кечмоғи керак бўлади. «Аҳмоқнинг (Қулнинг ҳам дейишади) ақли тушдан кейин киради», деб бекорга айтилмаган, шекилли. Бизнинг халқ ҳали қулликдан заррача узоқлаша олмади, афсус. Шунинг учун ўша воқеаларнинг асилини тушунишга кун тушдан “оғиши”гача кутиш керак бўлади.

Шундай қилиб, 1999 йил февралида Тошкентда содир бўлган портлашлар, яъни бу мисли кўрилмаган ёвузлик, нуфусга, фуқарога душманлик, Ўзбекистоннинг бош раҳбари режаси ва унинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилганлигини кўрсатадиган муҳим ҳолатлар ҳақида яна бир-икки оғиз сўзлашга ҳаракат қиламан.

Келинг, яна ўша портлашларга бир жиддий назар ташлайлик. Қани нималарни кўриш мумкин бўлади? 1. Портлашда қатнашиб жиноят содир этганларни Ўзбекистон органлари тарафидан тергов қилиш жараёни; 2. улар(“жиноятчи”лар)нинг “жиноят”лари махсус органлар томонидан “исбот” этилиши; 3. жиноятчилар устидан ўтказилган маҳкама жараёни, Ўзбекистоннинг ўша махсус органлари жиноят содир этилишининг ўзларига уйғун схемаси(плани)ни ўзлари тузиб, ижрочиларни ҳам ўзлари махсус тайёргарликдан ўтказиб, “иш(террор)”нинг амалга оширилишини ўз кобинетларидан кузатиб туришганларини кўрсатмаяпти? Менимча, айнан шундайлигини кўрсатаяпти.

Шунинг учун ҳам бу жараёндаги бутун «жиноятчи»ларни аниқлаш ва ниҳоят жиноятчиларнинг асосий қисмини, жиноятга воситачи бўлганларнинг барчасини тутиб қамоққа олишга улгуриш фавқуллодда қисқа вақтда ўз “натижаси”ни бергандир. Айни замонда уларнинг режаларига кўра, «жиноятни режалаштирган ва унга раҳбарлик қилган икки киши» ҳам аниқланган. Бироқ улар мамлакатдан ташқарида бўлганлиги учун қўлга олинмаган, холос. У мамлакатдан ташқарида қолаётган «жиноятчиларни», яъни «бош жиноятчиларни» тутиб Ўзбекистонга келтиришда ИНТЕРПОЛ-дан ёрдам сўрашган. Ҳа, портлашларни ташкил этишнинг бош мақсади ҳам шунда эди, шекилли. Тошкентда жиноят айнан шу мақсадда ташкил этилганди. Портлашлардан кўзда тутилган асил мақсад, уларни, яъни жиноятни ташкил этиш ва уни амалга оширишни бошқарган деб аталаётган Тоҳир Йўлдошев ва Муҳуммад Солиҳни ва улар атрофида юрган(юрган деб ҳисобланган)ларни халқаро жамоатчилик кўз олдида «террорист» этиб кўрсатишдан иборат эди, шекилли.

Агар бу ҳолатга оддий қаролса, яъни Ўзбекистон махсус органлари таклиф қилаётгандай тасаввур қилинса, бугун Ўзбекистон жиноятларни очиш соҳасида жаҳонда биринчи ўринга чиқди, улар бу жабҳада «рекорд» қўйди, деяверинг. Яқинда бутун дунё уларнинг «тажрибаларини» ўрганишга “кела” бошласа ажаб эмас!?

Афсуски, бу «рекорднинг» асил моҳияти Ўзбекистон махсус органларининг моҳирлигида эмас, аксинча уларнинг ўзлари жиноятчи бўлиб, қамоққа олинганлар, жазоланганлар айбсиз ёки ясама, Ўзбекистон милитсияси ёки КГБси тарафидан сунъий жиноятчилар этиб ясалганлигидадир. Бундай «тажрибанинг» оммалашуви мумкин бўлармикан?

Маълумки, Ўзбекистон советлар таркибидан тушиб қолгандан буён, унинг ҳукмдорлари мамлакатнинг ҳақиқий мустақиллигини истаган, чин ватанпарварларни таъқиб этиш, қамаш ва ҳатто қириб ташлаш билан изчил шуғулланиб келаётир. Масалан, мамлакатдан қочиб чиқолмаган ҳақиқий ватанпарварларни қатағон қилиб ва уларни яширин ўлдириб юбориш орқали тўла битиришди дейиш мумкин. Энди эса, яна бир неча ватанпарвар чет элларда муҳожирликда қолмоқда. Ўзбекистон ҳукмдори(ёки ҳукмдорлари)ни  тинчлантирмаётган ҳол, ун(улар)га уйқу бармаётган сабаб, манба ўша чет элларда яшаётган ва баҳоли қудрат фаолият кўрсатишаётган 10-15 муҳожирлардир. У(лар)нинг мақсади ана ўшаларни ҳам батамом тугатишдир.

Ўзбекистон режими сўнгги 6-7 йил давомида жосус ёллашга мислсиз катта маблағ сарфлаб, ўша чет элларда яшаб турган муҳожирларнинг юриш-туришларини давомли кузатиб келаяпти. Масалан, уларнинг бир қисми «Озодлик» радиосида танқидий фикрлар билан чиқишлар қилишарди. Ўзбекистоннинг мустабид режими катта миқдорда олтинлар харжлаб, АҚШда баъзи бир воситачилар топди ва улар ёрдамида 1997 йилдан бошлаб уларни радиода бошқа сўзламайдиган этишга муваффақ бўлинди. «Озодлик»ни тингловчиларга маълумки, шу кунларда(1999) у радионинг ўзбек шубаси Ўзбекистон Давлат радиосининг Прага бўлимига айлантирилган. Кўраяпсизми, Ўзбекистон олтинлари нималарга қодир! Чунки «Озодлик»нинг ўзбек шубаси Ўзбекистон олтинлари ҳисобига ўз эшиттиришларининг 50%-ни Ўзбекистон расмий хабарларига бағишлайдиган бўлиб қолди.

Хуллас, чет элларда юришган бир қатор муҳожир мухолифат вакилларини бирдан бир  матбуот органи бўлиб турган “Озодлик” радиосидан ҳам маҳрум қилишди. Аммо бу ҳам Ўзбекистондаги диктаторга тинчлик келтирмади. Чунки унинг фикрича ҳали «Эрк» партияси раиси М.Солиҳ анча фаол ҳисобланарди. У анчагина мамлакатларга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлиб қолаётганди. М.Солиҳни И.Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукумати қаерлардандир моддий ёрдамлар ҳам олаётгандир деб ҳисобларди. М.Солиҳнинг қандайдир моддий ёрдамлар олаётгани сир ҳам эмасди. Лекин ўша замонларда М.Солиҳ қўлига тушиб турган турли хил моддий ёрдамлар Тошкентда ташкил этилган мажорани амалга оширишга етарли эмас эди. Масалан мен масаланинг шундайлигига ишонаман. Шунингдек, 1991 йиллари жуда фаол бўлган Наманганлик «Адолат»чилар амири Тоҳир Йўлдошевни ҳам Ўзбекистон ҳукмдори анча фаол ҳисобларди. Ҳақиқатан Т.Йўлдошев, Ислом дунёсида баъзи бир гуруҳлар билан алоқада бўлиб, тожик қуролли мухолифати билан бирга Тожикистонда уруш ҳаракатларида ҳам қатнашган, қуролли ҳаракат қилиш тажрибаси бор бириси эди. Мана шу маълумотлар ҳам И.Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукуматини ҳеч тинч қўймасди. Шунинг учун нима қилиш керак, уларни қандай қилиб тинчитса бўлади, уларни тутиб Ўзбекистонга келтириб жазолаш мумкинми, йўқлиги масаласида ҳукмдорнинг боши қотганди. Шу сабабдан Тошкент портлашларининг негизида мана шунга ўхшаш диктаторнинг тинчлигини бузувчи масалалар турарди деб хулоса қилинса ҳақиқатга яқин бўлади. Аммо ўша замонлар М.Солиҳ ва Т.Йўлдошевни Ўзбекистонга қайтариш қулай бир масала эмаслиги ҳам маълум эди. Шунинг учун И.Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукумати ҳеч бўлмаса уларни дунёга «жиноятчи» этиб, жар солишни ташкил этиш устида ишлашга киришди. Тошкент портлашларининг (1999) барча сабаб ва оқибатларини мана шу негиздан ахтарилса, масала(воқеалар)нинг ҳақиқатига сўзсиз етиб борилиши мумкин бўлади деб ўйлайман.

Бугун(1999 йил) Ўзбекистон ҳукуматининг қўлида ўзбек сиёсий муҳожирлари тўғрисида керагидан ортиқча маълумотлар тўпланган. Шунинг учун улар, Т.Йўлдошев ва М.Солиҳ фаолиятларига алоҳида эътибор бериб, улар билан алоҳида шуғулланиш керак, деган хулосага келишган бўлса керак. Бу иккисидан улар алоҳида қўрқув ҳис этаётган кўринади, шекилли. Балки улар ҳақида И.Каримов режимининг қўлида бошқа, балки ёлғон, бошдан-оёқ тўқилган “ваҳимали,” таҳликали маълимотлар ҳам борга ўхшайди. Шунинг учун И.Каримов режими воқеаларнинг олдини олишга, яъни воқеаларнинг олдида юришга уринаётгандир. Масалан, 1992 йили январидаги студентлар ғалаёни масаласини эсланг. Ўшанда ҳам И.Каримов режими «студентлар митинглар ташкил қилиши мумкин», деб ҳисоблаб, унинг олдини олмоқ мақсадида ўзи махсус «ғалаён» келтириб чиқарганди. Бугун ҳам худди шундай, 1992 йил январи такрорланмоқда, шекилли. Ҳатто вақтини ҳам жуда бир-бирига яқин танлашган. У замон 16-январ танланган бўлса, етти йил ўтиб, янги иғво учун 16 – феврал танланди. Воқеаларнинг айнан шундайлигига менинг тўла ишонгим келади. Тарих одил ҳакам, келажакда булар барчаси юзага чиқажак, иншооллоҳ.

Демак, Ўзбекистон ҳукумати М.Солиҳ ва Т.Йўлдошевни Тошкент 1999 йил 16-феврал воқеаларининг бош гуноҳкорлари этиб кўрсатишни режалаштирган бўлсалар, уларнинг ўзларини ҳам бу воқеаларга қандайдир йўллар билан алоқадор этишни ҳам ташкил қилишмадиларми? каби шубҳа ҳам ўринли кўринади. Агар улар ўша портлаш воқеаларини ташкил қилишга туртки бўладиган баъзи бир ҳаракатларни ё билиб, ёки билмай содир этган бўлсалар, у ҳаракатлар нималардан иборат бўлиши мумкин эди? Улар қандай шаклда бўлганди ёки ташкил этилганди? Уларни И.Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукумати қандай йўл билан воқеаларга алоқадор қила олиши мумкин бўлган эди? Шу келтирилган саволларга жавоб ахтариш муносабати билан 1998 йилнинг биринчи яримида Истанбулда, бўлиб ўтган бир учрашув тафсилотларини бу ерда келтиришга вақт етишди деб ҳисобладим. Менимча, ўша учрашув 1999 йил феврал портлашларига тайёрланишнинг қадамларидан бири бўлган бўлса ажаб эмас.

Ўша 1998 йилнинг биринчи яримида содир этилган учрашув воқеаси бундай бўлганди: Менимча, 1998 йил май ойи эди. Истанбулда Ўзбекистондан келган Яраш Қурбон исмли бир кимса пайдо бўлди. У Тожикистонлик бўлиб, ўзини бизга у ердаги ўзбек(турк) миллатчиларининг лидериман, деб таништирди. Туркияда уни миллатчи, Тожикистон фуқаро урушида миллий жабр кўраётган турклар вакили сифатида анчагина тантанали қабул қилишди. «Турк дунёси араштирмалар Вақифи» ўз илмий оммабоб журналида саҳифа ажратиб, унинг китобидан наъмуна эълон қилди. Китоб эса, Тожикистондаги коммунистлар режимини реклама қиларди. Ундан ташқари Туркияда нашр қилинадиган «Дипломатик» номли мустақил газета Я.Қурбон билан суҳбат уюштириб, унинг ҳақида катта мақола чоп этди. Хуллас, Тожикистонда миллий ҳақ-ҳуқуқлари паймол қилинган турклар вакили сифатида Я.Қурбон Туркияда анча илиқ қабул қилинди. Менимча, Я.Қурбон Туркияда юриб, бир мунча моддий ёрдамга ҳам муяссар бўлди.

Я.Қурбоннинг ўз эътирофига кўра, унинг Туркия сафари Ўзбекистон мухолифати лидерлари билан учирашиш ва уларни бирлаштириш мақсадида ташкил этилганди. У, ҳақиқатан Истанбулга келганиданоқ, дарҳол М. Солиҳ билан учрашди. Ҳатто унинг Истанбул сафарида уни доим Солиҳнинг «йигит»лари олиб юришдилар. Ўшанда баъзи кишилар Я.Қурбон М.Солиҳ билан бундан илгари ҳам учрашган, дейишгандилар. Балки шундай бўлган бўлиши ҳам мумкиндир. Чунки Я. Қурбонда ҳам бироз ёзувчилик қиладиган хусусияти бор эди. М.Солиҳ ва Я Қурбоннинг бир-бирлари билан яқинлиги, уларнинг ҳар иккиси ҳам ёзувчилик  қилганликларидан бўлса ажаб эмас.

Я.Қурбон 1998 йили мен билан ҳам учрашди. Аммо билмадим, мен билан учрашув унинг сафар режасида бормиди ёки тасодифан бу масала ўртага чиқиб қолдими? Чунки мени у киши танимасди, мен ҳам у одамни биринчи кўриб, энди ўшанақа одам борлигини кўриб  турган эдим. Афтидан, мен унга қўшимча маълумот учун ёки бирор воситачилик ролида қўлланмоқ учун лозим эдим. Воситачилик, дейилганда «Бирлик», «Эрк»чилар ва муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўртасида воситачилик қилиш мақсад қилинган бўлсамикин, деб ўйлайман. Нима бўлса ҳам, иш қилиб, Я.Қурбон ўшанда мен билан ҳам учрашганди. Мени унинг олдига Маҳмуд Ҳожиев чақирди. [М. Ҳожиев, деган киши М. Горбачев замонида кооператив тузган бўлиб, 1989-1991 йилларда Ўзбекистонда анчагина пулдор бўлиш имкониятини қўлга киритган ва сезиларли мулк тўплаган одамдир. Айтишларича, Наманганда ташкил етилган «Адолат»чилар бошлиғи Т.Йўлдошевни маблағ ва баъзи бир транспорт воситалари билан қўллаб-қувватлаб турган киши ҳам шу М.Ҳожиев бўлган экан. «Адолат» тугатилгандан сўнг, М.Ҳожиев ишлари ҳам авж олмай, иқтисодий синиб, у Республикадан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ҳозир эса(1998), Истанбулда «Қози Тош» ширкатида Қирғизистон бўйича тамсилчилик қиларди. А. Пўлатов ҳали Истанбулда яшаган замонлар М.Ҳожиев у билан яқиндан алоқада бўлган, дейишади.] Мен, М. Ҳожиев билан 1998 йил бошида бир тасодиф сабаб танишган эдим.

Шундай қилиб, ўша М.Ҳожиев мени Я. Қурбон билан таништирди. Я. Қурбон, «Турк дунёси араштирма Вақфи»да аспирантура ўтаётган Туркманистонли Оғажон исмли яна бир кишини ҳам танирди. Оғажонни эса, мен ҳам танирдим. Бу ҳол ҳам Я.Қурбон билан менинг эркинроқ сўзлашишимга қўшимча сабаб бўлди. Я.Қурбонинг Ўзбекистондаги уй адреслари ва Истанбулдаги координатлари М.Солиҳ йигитларидан ташқари Оғажоннинг қўлида ҳам бор эди.

Қисқаси, Я.Қурбон муҳожирликдаги Ўзбекистон мухолифати вакиллари билан учрашувдан қандай мақсадни кўзда тутмоқда эди? У Туркияга ҳақиқатан Ўзбек мухолифати лидерлари билан учрашмоқ ва уларни муросага келтирмоқ учун келганмиди? Унинг Туркияга келиши шахсий ташаббус эдими ёки бошқа бирор гуруҳ уни вакил этиб юборганми эди? Я. Қурбон билан учрашиб, суҳбатлар ўтказганимда мана ҳозиргина саналган саволлар менинг кўз олдимда турарди. Аммо асил ҳақиқат, яъни Я.Қурбоннинг кимлиги, унинг Туркияга қандай мақсадда келганлиги ҳақидаги ҳақиқат Оллоҳга, Я.Қурбоннинг ўзига ёки уни бу ерга вакил этиб сафарга юборганларга аниқ эди, албатта. Мен эса, Я.Қурбоннинг ўз эътирофларидан ва унинг ҳаракатларидан келиб чиқиб мулоҳазалар юритаман ва баъзи хулосалар ясайман, холос. Бунинг учун энг аввал Я.Қурбоннинг ўзини, яъни унинг ўзининг тушунтиришини тинглаймиз. Масалан, у мен билан учрашганида, «Мен, «Бирлик» ва «Эрк»ни бир иттифоққа келиштириш мақсадида Туркияга келдим. Сиз бирлашмоғингиз керак. Ўзбекистон бирлашган мухолифатнинг ҳукуматни қўлга олишини истайди. Сиз бирлашсанггиз, мен Сизни иқтидорга келтираман», деб баланд парвоз баёнот қилди. «Сиз бизни қандай қилиб ҳукуматга келтирасиз? Сиз ҳукуматни бемалол олаверасиз-да, Ислом акангиз қўл қовуштириб ўтираверади деб ҳисоблайсизми?», деган саволимга, «Сиз бирлашган мухолифатни кўрсатинг, мен Сизга ҳукуматни эгаллаш йўли ва усулини кўрсатаман. Менинг тажрибам катта, Гурзияда Шварнадзени ҳокимиятга мен ва менинг гуруҳим келтирган», деб жавоб қилди, Я.Қурбон. У, бизга (мен ва М. Ҳожиевга) ҳукуматни эгаллашнинг йўлини, яъни Я. Қурбон “биладиган” йўлини ҳам очиқ сўзлади. Унинг фикрича Ўзбекистондаги мавжуд ҳокимиятни фақат бир, ягона йўл билан ўзгартириш мумкин. У ҳам бўлса, фақат ва фақат «ҳарбий давлат тўнтариш ясашдир», деди. Бу ҳарбий тўнтаришни эса, мен ясайман, Сиз ҳукуматни эгаллайсиз ва бошқарасиз, деб жиддий сўзлаётганга ўхшарди, Я.Қурбон.

Мен Истанбулда Я. Қурбон билан икки марта учрашдим, ҳар сафар М. Ҳожиев ҳам биз билан бирга бўлган эди. Биз Ўзбекистон ҳақида, у ердаги раҳбарлар ҳақида, уларнинг сиёсати ҳақида, аҳолининг турмуши, ҳаёти тўғрисида кўпгина гапу сўз қилдик.

Мен унга масалан, «Ярашбой, биласиз, биз Каримов ҳукуматига очиқ мухолифатдамиз. Шунинг учун унинг сиёсатини ошкора танқид қиламиз. Шунга қарамасдан танқидий сўзларимизнинг, фикрлари-мизнинг Ўзбекистон қонунларига зид бўлмаслигига интиламиз. Сиз эса, Каримов билан яқин алоқада фаолиятдасиз, амалда унинг сиёсатини қўллайсиз. Эртага такрор Ўзбекистонга қайтасиз. Аммо ҳозир бу ерда, Туркияда туриб, Сиз Каримовни, унинг сиёсатини очиқдан-очиқ қоралаб, жуда кескин сўзламоқдасиз. Ҳатто ҳарбий тўнтариш тўғрисида тортинмасдан сўзлайсиз. Бу гапларнинг Каримовга етиб бориши мумкинлигидан чўчимайсизми?», деб савол қўйдим. Я. Қурбон менга шундай эркин, бемалол жавоб қилдики, гуё Каримов ва унинг ҳукумати Ярашнинг қўлида бир ўйинчоқ эди, кимга истаса шунга уни бера биларди. И. Каримов ҳукумати унча ҳам Я. Қурбонга ўхшашларга ўйинчоқ эмаслигини ҳам яхши тушунардим. Шунинг учун унинг бундай эркин жавоби ҳам мени шубҳага соларди, албатта.

Менга маълум бўлган далилий маълумотларга кўра Я.Қурбон Америкага телефон очиб, А.Пўлатов билан ҳам суҳбатлашган. Суҳбат мазмунидан хабарим йўқ. У муфти М.С. М. Юсуф ҳазратлари билан эмас, унинг укаси билан учрашган. Т.Йўлдошевнинг Истанбулдаги тамсилчиси З. Асқаров билан учрашгани ҳам аниқ. Аммо Т. Йўлдошевнинг ўзи билан учрашгани ҳақида менда маълумот йўқ. Ана шу манбанинг хабарига қараганда, Муфти ҳазратларининг укаси Я.Қурбон билан сўзлашишни истамаган. Чамамда, унга муфтининг укаси тарафидан, «қаердан келган бўлсанг, ўша ерга кет, бизнинг сен билан ҳам, мухолифат билан ҳам, сиёсат билан ҳам ҳеч алоқамиз йўқ», деган мазмунда жавоб берилган. Аммо мен Я.Қурбонга бирлашган мухолифат тузиш бу эзгулик ишдир. Бироқ давлат тўнтариши масаласига қўшилиб бўлмайди. Мен бундай ҳолдан четда қоламан. Ихтиёр ўзингизда ким билан сўзлашсангиз сўзлашаверинг деб жавоб қилдим. М. Ҳожиевнинг айтишича Я. Қурбон йилнинг июл-август ойларида такрор Истанбулга келишни ваъда қилган. Аммо ўша йили Я.Қурбондан августда ҳам, ундан анча сўнг ҳам бошқа дарак бўлмади.Чунки Я.Қурбон ёлғон сўзлаганди. Мен ҳам унинг сўзларининг ҳеч бирига инонмагандим. Менинг Я.Қурбонга бошдан ишонмаганимга Оллоҳ гувоҳ ва ўша Оғажон ва яна бир Зокиржон(унинг фамилиясини унуддим, менимча Алиев эди) исмли ўзбек йигити гувоҳдир. Тўғрисини айтганда, менинг Я. Қурбон билан бир мунча либирал бўлишимда ўша Оғажон ва Зокирлар ҳам сабабчи эди. Мен уларга (Оғажон, Зокир ва Асқаровларга) Я. Қурбон ҳали Истанбулда экан, унинг ким бўлиши мумкинлигини тушунтирган эдим. Шу билан бирга уларга мана силар ҳам ноумид бўлманглар, мен у билан анча суҳбатлашдим, у-бу нарсаларни унга яхшилаб тушунтиришга уриндим, лекин унинг мақсади бузуқ, укалар, бу одам қип-қизил коммунист, бундайлардан дўст чиқиши мушкул, дегандим.

Шундай қилиб, менимча бу «ҳарбий давлат тўнтариши ясайдиган инқилоб сувориси»га, балки уни Истанбулга жўнатган гуруҳга (бу гуруҳ И.Каримов ва унинг ҳукумати бўлиши жуда эҳтимолга яқин) Ўзбекистон бирлашган мухолифати эмас, балки мухолифатнинг умумий ва ҳақиқий аҳволини тўлароқ билмоқ зарур эди. Я.Қурбоннинг ўзбекистонлик раҳбарларига «Бирлик»чи ва «Эрк»чи муҳожирларнинг ички муносабатларини яқиндан кўриш, уларни яхшироқ тушуниш керак эди, шекилли. Оқибатда, Я.Қурбон Истанбулда мумкин бўлганича бир қатор учрашувлар ўтказди, Солиҳ ва унинг атрофидагилар билан тўла танишди ва лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди, қандайдир қарорлар ҳам қабул қилинди десак ҳам бўлади. «Бирлик» ҳисобидан мен билан анчагина суҳбатлашди. А.Пўлатов билан телефонда сўзлашди. У ердан ҳам баъзи маълумотларни илган бўлиши мумкин. Умуман олганда Муфти ҳазратларининг позициясини ҳам билиб олди. Т.Йўлдошев аҳволи ҳақида ҳам бир қатор хулосалар ясаган бўлиши турган гап, ҳатто у билан шахсан учрашган ва қандайдир қарорлар ҳақида келишган ҳам бўлиши мумкин. Бордию, у М.Солиҳ ва Т. Йўлдошевларнинг иккиси билан учирашувларидан ўз мақсадига мувофиқ алоҳида хулосалар чиқарган бўлиши ҳам эҳтимолдан ташқарида эмас. Чунки кейинги воқеаларнинг ривожланишидан, 1999 йил феврал портлашларининг баъзи бир тафсилотлари Я.Қурбон, М.Солиҳ ва Т.Йўлдошевлар билан махсус учрашувлар ўтказганми ва уларни айрим авантюрага торта билганми, деган хаёлга ҳам боради киши.

14. Яраш Қурбоннинг Истанбул саёҳати ва ундан сўнгги воқеалар. Я.Қурбоннинг Истанбулга саёҳати ва унинг бу ердаги учрашувларидан сўнгги воқеалар нималардан иборат бўлди ва қандай ривожланди? Қани, 1998 йил иккинчи ярими ва 1999 йил бошида содир бўлган воқеаларни кузатиб қарайликчи, нималар бўлган эди, ўша замон? Ўзбекистоннинг мустақиллигидан сўнгги 4-5 йил давомида биринчи марта, яъни 1998 йил иккинчи япрезидентлигига даъвогар, мамлакат губернаторларидан бири машҳур генерал А.И.Лебед билан расмий римида М.Солиҳ Руссияга саҳаётга чиқади. У Руссияда анчагина шуҳрат қозонган сиёсий арбоб, Руссия учирашув ўтказади. Бу Ўзбекистон ҳукуматини ваҳимага солмаган бўлиши мумкин эмасди, албатта.

Бундан кўп ўтмай, 1998 йил августда мен ҳам Москвага келгандим. Аммо мен мухолифатнинг машҳур шахси бўлмасамда, М.Солиҳнинг Москва сафаридан кўп ўтмай менинг Москвада кўриниб қолишим ҳам И.Каримов режимининг эътиборидан ташқарида қолмади, албатта. Лекин мен, Оллоҳ гувоҳ, ўша вақт чиндан ҳам Москвага фақат ўз шахсий ишим билан келгандим. Менинг бу сафаримнинг сиёсатга ҳеч бир боғли ери йўқ эди. Ҳатто мен, М. Солиҳнинг Москва сафаридан хабарсиз эдим [У замонлар, яъни 1996 йилнинг бошидан бошлаб мен ҳатто  М.Солиҳ билан гаплашмасдим]. Аммо Ўзбекистон М.Солиҳ ва менинг бирин-кетин Москвага сафаримизни бир занжирнинг ҳалқалари қабул қилди, шекилли. Шунинг учун ҳам мени Руссияда дарҳол қамоққа олдиришга уриндилар ва бунинг уддасидан ҳам чиқишди. Ўзбекистон прокуратурасидан Россияга жўнатилган ва русларнинг мени қамоққа олишларига сабаб бўлган машҳум “жиноятномада”, мен, М.Солиҳ билан бирга жиноятчи гуруҳ ташкил этиб, Ўзбекистон ҳукуматига қарши жинойи иш содир қилишда ва мамлакат президенти (яъни И.Каримов)га туҳмат уюштиришда “айб”ланардим. Бу усул, яъни мени қамоққа олдириш каби усул, М.Солиҳга ҳам қўлланиши мумкин эди, яъни М. Солиҳни ҳам Москвада қамоққа олдиришлари мумкин эди. Балки Ўзбекистон бу ҳақда Москвадаги жосусларига махсус кўрсатма берган бўлиши ҳам мумкиндир. Аммо улар, Ўзбекистоннинг Москвадаги жосуслари М. Солиҳни доимо кузатиб юрувчилардан, яъни А. Лебед тарафдорларидан қўрқишибми, ийманишибми М.Солиҳни Руссияда қамоққа олиш жараёнини пайсалга солишди ва бу вақт орасида у Руссиядан чиқиб кетиши мумкин бўлди. Аммо менда кузатиб юрувчилар йўқлиги аниқ бўлганидан сўнг мени тутиб қаматдилар. Айни замонда эса, Ўзбекистон ҳукумати муҳожирликда бўлган ўзбек мухолифати фаол қисмини уйдурма «жиноятлар»да айблаб, уларнинг рўйхатларини бутун дунёга тарқатишди. Қизиқ, менимча  бу рўйхатга ҳам бизнинг пўлатовлар негадир тушмай қолишди.

Ниҳоят, 1999 йил феврал ойида эса, Тошкентда катта террористик акт амалга оширилди. Кўраяпсизми, қандай кетма-кетликда кетаяпти бу воқеалар?! Наҳотки булар, бу қадар мосликлар фақат жўнгина тасодифлар кетма-кетлигидан иборат бўлган бўлса?! Тўғри, 1998 йил иккинчи яримидаги бизнинг силжишларимиз, айниқса менинг Москвага келишим ҳақиқатан турмуший заруратдан бўлган ҳаракатлар эди. Аммо бу ҳаракатларни Ўзбекистондаги тўда (клика) ўз ёвуз режаларини амалга ошириш йўлида фойдаланишга уринишиб, Тошкентда ўзлари содир этган жиноятларни бунга боғлаб кўрсатмоқчи бўлишдилар. Дарҳақиқат, ўша тўда Тошкентда машҳум жиноят содир этди ва энди уни мухолифатнинг жонли, ҳаракатчан гуруҳига ағдаришга зўр бериб уриндилар. Оллоҳ Ўзи Буюк Ҳакамдир, ”бузоқнинг югургани самонхонагача”, ёлғоннинг умри калтадир, иншооллоҳ, асил ҳақиқатлар албатта юзага чиқажак.

Воқеаларнинг ташқий кўринишини қаранг? 1998 йил май-июн ойларида мухолифат ичидаги асил ҳолатни билишади; ҳатто чет элда юрганларнинг бир қисмини иғвога тортмоқ мақсадида Ўзбекистондан Туркияга вакил (Яраш Қурбон) келади. Бу «буюк вакил»нинг Туркия сафаридан кўп ўтмай биз Руссияга кетма-кет сафарга чиқамиз. М. Солиҳ Руссияда А. Лебед билан катта учрашув ўтказади. Бу вақт давомида Т. Йўлдошев ҳам бир уйда ўтирмагандир. У ҳам у ер, бу ерга силжишлар бажаргандир, ҳар ҳолда. Ҳуллас, 1999 йил 16-февралда Тошкентнинг марказида портлашлар юз берди.

Ўша 1999 йилдан бугунга қадар(2009) ўтган замон ичида Ўзбекистонда содир бўлган бошқа воқеа ва ҳодисаларни синчиклаб таҳлил қилинса, Ўзбекистон Республикаси жиноятларни тергов қилиш органлари хулосаларига кўра, 1999 йилдаги Тошкент портлашларини тайёрлаш ва амалга оширишда асосий ташкилотчилар ҳисобланаётган М.Солиҳ ва Т.Йўлдошевлар воқеалардан бутунлай холи бўлмаган деган хулосага келиш мумкин бўлади. Чунки портлашлардан сўнгги ўтган вақт Я.Қурбоннинг 1998 йилги Истанбул сафари ва унинг бу сафар давомида М.Солиҳ ва Т.Йўлдошевлар билан ўтказган илиқ учрашувлари бежиз эмасмикан, яъни улар бирон бир фитна режаси ҳақида келишув қабул этишмадимикан каби фикрларни ҳам ўринли кўрсатади. Ҳа, Я.Қурбон ҳақиқатан Ўзбекистон ҳукуматининг махсус органлари тарафидан ёлланган бўлиб, у Истанбулга махсус вазифани бажаришга юборилган бўлиши мумкин-ку, ахир. Яъни Я.Қурбон, мухолифатни бирлаштириш байроғи остида М.Солиҳ, Т.Йўлдошев ва бошқа шу каби бир неча мухолифат аъзолари ҳисобланган кишиларни бирор авантрюстик фитнага ташвиқот қилиш учун ёлланган бўлиши мумкинлиги кўпроқ ҳақиқатга яқинроқ кўринади. Балки ҳақиқати ҳам шудир.

Қисқаси мен, Тошкент портлашларида (1999) ягона бош жиноятчи, Ўзбекистон ҳукуматидир, дейилган хулоса тарафдориман. Бунда заррача шубҳага ўрин йўқ, деб ҳисоблайман. Аммо ўша машҳум портлашлардан сўнгги кечган тарих, Тошкентдаги 1999 йилги портлаш жиноятларига Я.Қурбон воситачилигида, балки яна бошқа йўллар билан М.Солиҳ ва Т.Йўлдошевлар ҳам бевосита бўлмаса-да, билвосита жалб қилинганлигини кўрсатмоқда. Юқорида келтирилган  фикрлар, бир қатор хулосалар 1999 йил феврал-август ойларида қоғозга туширилганди. Фақат М.Солиҳ ва Т.Йўлдошевларнинг ўша воқеаларга жалб этилганлиги ҳақидаги фикрлар  1999 йилдан сўнгги кечган замонларда кўрилган ва эшитилган воқеалар оқибатида қилинган хулосалардир.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, Тошкент портлашлари (1999) ҳақида мен бу ерда ифода этган мулоҳазалардан ташқари ҳам кўпгина расмий ва норасмий хабарлар, фикрлар мулоҳазалар эълон этилди. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати тарафидан қилинган хабарлардан бошқа барча хулосаларда портлашларда Ўзбекистон ҳукуматининг қўли борлиги ҳақида ёзишдилар.

Тошкент портлашлари(1999) ҳақида ташқаридан билдирилган фикрлардан бири “Президент “ҳаётига суиқасд” қилиндими?” деб аталарди. Ана шу фикрларни ҳам қуйида келтиришни лозим топдим.

14.1Президент “ҳаётига суиқасд” қилиндими? 1999 йил 16-февралда Тошкентда бир вақтда қатор портлашлар юз берганди. Бу воқеага бир йилдан кўпроқ замон кечди. Бу орада ўша воқеаларда гуноҳкор ҳисобланиб, қанчадан қанча бегуноҳ кишилар жазоланди, ҳатто ўлимга ҳукм қилинди. Аммо у воқеа, машҳум бир тарихий ҳодиса бўлиб, унинг тафсилотлари ҳали кўп замонлар ёзилади.

Мен эса, ўша портлашлар ҳақида ўз вақтида (иссиғида) фикрларимни ёзиб қўйгандим. Бироқ имкон бўлмаганлиги сабабли ҳеч бир матбуот органида эълон эта олмагандим. Улар бу китобга киргизилди ва бунгача бўлган бўлимларда қисқача келтирилди.

Ўша Токентдаги фожиали воқеаларнинг бир йиллигига бағишлаб “кавказ – сентер” шу йил (2000) 8-августда “Президент “ҳаётига суиқасд” қилиндими?” сарлавҳа билан ўша, бундан бир йилдан кўпроқ замон бурун содир бўлган Тошкент портлашлари ҳақида ўз хулосаларини эълон қилди. Мазкур материалда келтирилган факт ва фикрлар, мен 1999 йили, воқеалардан сўнгра дарҳол ёзиб қўйган ва бундан олдинги бўлимларда келтирилган фикрларга жуда яқиндир. Ҳатто баъзи ҳолларда фарқ қилмайди. Шунинг учун мутлақо холис бир матбуот органининг Тошкент портлашлари ҳақидаги тадқиқот ва хулосаларини бу ерда келтириш тарих нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлар деб ҳисоблайман. Материал рус тилида эълон қилинганди. Мен уни ўзбекчага ағдардим. Уларнинг сарлавҳаларини ҳам айнан оргиналдагининг ўзбекчалашгани шаклида келтираман:

Сиёсий тангликни кучайтиришнинг мумкин бўлган манбаларини таҳлил қилиш. Навбатдаги мушук(оргиналда шундай дейилган) йили (1999) Ўзбекистонда фожиали бошланди. Чунки йилнинг бошида, яъни 16- февралда эрталаб соати 11-га бир неча минут қолганда Тошкентнинг марказида бирин кетин қатор бақувват портлашлар юз берди. Тахминий хабарларга кўра, камида 15 киши ҳалок бўлди, бир юз эллик киши ҳар хил даражадаги яралар билан касалхоналарга ётқизилди. Министрлар комитети, Ўзбекистон миллий банки бинолари ва бошқа шаҳар марказида ерлашган бир мунча маъмурий бинолар катта моддий зарар кўрди.

Биринчи – расмий фикр. Бугунга қадар давом етиб келаётган маълумотларга кўра, И.Каримов ўша замонда министрлар комитетида учрашув ўтказиши лозим бўлган. Шунинг учун бу вақтга мўлжаллаб террористик ҳаракат содир этилган, яъни деярли бир вақтнинг ўзида бир неча ерда портлашлар ташкил этилган. Қизиги шундаки, Тошкентда портлашлар бошланар бошланмай, И.Каримов террористик ҳаракатни амалга оширган “исломчиларнинг қўлини кесаман”, деб баёнот берди. Дунёни ҳайратга соладиган террористик ҳаракат содир бўлганлигига қарамасдан ўша куни кечқурун И.Каримов министрлар комитетида чиқиш қилди ва бу манзара мамлакат телевизоридан кўрсатилди. Ўша замонда телевизорни кўришга муяссар бўлганларнинг тасдиқлашича президент ҳайратда ва ўзини йўқотаёзган бўлиб, сўзлари ҳис-ҳаяжонли эди, уларнинг кўз олдида гўё у ҳамишаги Каримов эмасди.

Мазкур йиғилишда сўзлашган Ўзбекистон хос вазирликлар раҳбарларининг чиқишлари кишини ҳайратлантирарли эди. Масалан, “Ички ишлар вазирлиги номидан сўзлайман, агар биз бу жиноятни оча олмасак, милитсия халқ олдида бодном бўлсин, бизга иснодлар бўлсин. Биз уларни топамиз, уларни халқ олдига қўямиз. Улар жавобгар бўладилар”, деганди Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматов. Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи яна ҳам очиғироқ баён этганди. “Бу ҳодисаларни ким ташкил этган ва кимлар бунда қатнашган, биз уларни биламиз. Бизда улар ҳақида этарли маълумотлар бор. … Жиноятчиларни таг-туги билан суғуриб олишга ва бир ойдан сўнгра натижалар ҳақида ҳисоб тайёрлашга ваъда берамиз”, деб ҳукм сўзлаганди, у.

Руссияда чиқадиган “Независимая газета” ўз мухбирининг чет эллик бир дипломат билан ўтказган суҳбатига асосланиб, дипломатнинг мазкур воқеалар ҳақида тарқалган расмий хабарларга, яъни “расмий фикр”га тўғридан тўғри шубҳа билдиргани ҳақида ёзади. Газетанинг тасдиқлашича дипломат қуйидагиларни сўзлаган: ”Бу содир бўлган воқеалар менга 1954 йили Миср президенти Носирга уюштирилган суиқасдни эслатади. Ўшанда нима учундир ўқ ўтказмас зиҳрли нимча (бронежилет) киймаган Носирга 17 марта ўқ узадилар, аммо бирортаси ҳам унга тегмайди. Бироқ у суиқасд Миср президентига фундаменталист мухолифатни тугатишга йўл очганди. Қаранг, хавфсизлик хизмати раҳбари жиноятчиларни бир ой ичида тутиб олишни ваъда бермоқда. бунга сиз ҳайрон қолмайсизми? Маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олганда, агар у бу ваъдасини бажармаса бир ойдан сўнг ҳеч бўлмаганда вазифасидан ажралиши турган гап-ку. Балки министрда олдиндан “тайёрлаб” қўйилган жиноятчилар бўлгандир-а?! Қизиқ, кўчада анчайин бу воқеаларга қизиқувчиларга, шаҳар марказида беихтиёр тўпланиб қолганларга миллитсионерлар ўша куниёқ бу “исломчиларнинг” иши, деб тушунтира бошладилар. Ўзбекистонда миллитсионер бундай сўзларни сўзлаши учун юқорининг ижозати бўлиши лозимлигини яхши биласиз. Ўша куни яна бир қизиқ ҳолатни кузатиш мумкин эди. Масалан, террористик жиноят содир бўлган кунда шаҳар кўчаларида алоҳида контрол кузатилмасди. Арзимаган порага миллитсия занжирини(кордонини) кезиб ўтса бўларди. Бу ҳолни ички ишлар ходимларининг интизомсизлиги, уларнинг порахўрлиги билан оқлашга уриниш ҳам мумкин. Аммо ҳар ҳолда бунга шубҳаланиш ҳам ўринлидир”.

Шундай қилиб, Тошкентдаги портлашларни Ўзбекистоннинг олий мансабдори ўзига қарши уюштирилган суиқасд, деб эълон этди. Мамлакатнинг юқори минбаридан туриб  суиқасдни бажарувчилар ва уларнинг манзилларигача айтилди. Мана шу “олий” кўрсатмалар жиноят қидирув органлари учун асосий “мўлжаллар” бўлиб қабул қилинади. Бироқ барча маҳкама жараёни тўла ўтмаган экан, бошқа ҳолларни, бошқа қарашларни ҳам муҳакама қилиш лозим эмасми? Чунки бу воқеалар кўпроқ сиёсий масалаларни ўз ичига оладиган кўринади. Шу сабаб, Тошкент воқеаларини ифодалашнинг расмий фикридан фарқ қилувчи бошқа фикр ва ҳолларни ҳам таҳлил қилиб кўрамиз.

Иккинчи фикр – “Рейхстагга ўт қўйиш”. Ўзбекистоннинг тўла исломлашган аҳолиси (бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб ёйилган баъзи майда гуруҳларни ҳисобламаганда) асосан Фарғона водисида ерлашгандир [Менимча, материални тайёрлаганлар Ўзбекистонни яхши билишмайди. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг 90 фойизи мусулмонлар бўлиб, мамлакатнинг бутун ҳудудида асосан мусулмонлар яшайди –таржимон]. Бу тупроғи ва ер ости ўта бой бўлган ўлка болшивеклар ҳукмронлиги келиши муносабати билан моддий ва ижтимоий жиҳатдан жуда зайифлашиб қолди. Бугун бу ўлка ниҳоятда хароб бир ҳолда қолмоқда. Советлар замони даврида миллий, анъанавий маданиятни тугатишнинг катта чоралари ўтказилиши натижасида ҳозирги даврда бу ер аҳолиси жуда кўп ижобий ҳолатлардан паст даражада бўлиб қолди. Шунинг учун бугун Фарғона водиси нуфусининг сиёсий савияси ҳам жуда паст ҳолда қолмоқда.

Собиқ СССР-да қисқа замон давр сурган Юрий Антропов ҳукмронлиги “Краснодар”, “Ростов” иши номини олган тергов ишларини бошлади ва Москва шаҳар Елисеевский гастроном(катта озиқ-овқат сотиш магазини)да содир этилган ашаддий қонунбузарликларни оммага билдира бошлади. Бироқ бу шов-шувларнинг ичида “ўзбек пахта иши” жуда машҳури бўлиб, у ваҳимага айлантирилди. Мазкур “ваҳимали” иш бироз сўнг, “қайта қуруш” замонига келиб ўз “ниҳоясига” етди. “Қайта қуруш”нинг бошланғич йилларида совет ҳокимияти жойларда қаттиқ қўл, қатағон сиёсатни давом эттирди. Бу замон совет “социалистик қонунчилик” нормаларидан бирор кўринишда четга чиқиш кузатилмаганди. Совет режими ўзининг юқори нуқтасига етишган бир замонда кремл томонидан “Социалистик қонунчиликни бузишга” қарши қураш баҳонасида кенг кўламда тарғибот аксиялари бошлади ва бу жараён давомида Ўзбекистоннинг Фарғона водиси жиноятчи гуруҳлар тарафидан бошқарилаётгани ва улар совет ҳокимияти системасида, яъни “Ҳокимият партияси”га яхши ўрнашиб олганлари очилиб қолди. Шу билан бирга бошқа ноқулайликлар, бир қараганда советларда учрамаслиги лозим бўлган ҳолатлар ҳам кўрина бошлади. Масалан, марказий Осиёда бутун бошқарув ҳокимияти институтлари қаттиқ тизимга (структурага) бўйинсундирилган қаттиққўл уруғ-аймоқлар қўлида эканлиги ҳам маълум бўлди.

Аайнан мана шу иложсиз ҳолат халқнинг сиёсий манипуляторлар – совет махсус хизмати (КГБ) қўлида итоаткор ўйинчоққа айланиб қолишига сабаб бўлди. Шунинг учун улар совет ҳокимиятининг сўнгги йилларида мамлакатнинг турли районларида (балки бутун ҳудудда) “Фавқулодда ҳолат” эълон эттирмоқни “қонунлаштириш” мақсадида миллатлараро қонли можаролар ташкил этиши мумкин бўлди. Масалан, тинч аҳоли орасида қурбонлар ва моддий зарарлар жиҳатидан энг даҳшатли ўшанақа можаролардан бири 1989 йил июн ойида Фарғона водисида ташкил этилди. Экспертларнинг кўрсатишича, ўша фожиали қирғинларда, Сталин режими даврида Грузия ҳудудидаги ўз она тупроқларидан сургун қилинган месхитияли турклардан юзлаб кишилар қурбон бўлишганлар.

Бундай кенг ва бойликлари мўл бир водий аҳолисининг бундай итоаткорлиги, бунчалар юввошлигини ҳокимиятнинг айнан ана шу жинояткорона маккорлиги билан тушунтириш мумкин. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, СССРнинг бирорта бошқа алоҳида олинган районида эмас, балки айни шу ерда, Фарғона водисида уларнинг ҳаракатлари, иғволари қонуний (конститутсион) кўриниш олди. Буни фақат ана шундай халқнинг маданий, ҳуқуқий нормалардан тўла узоқлашиши, яъни ўз тарихий анъаналари, унинг ташқи кўриниши ислом ва исломга асосланган “қонунлар асосида”, “виждонан”, “ҳақиқат асосида” яшаш хусусиятларидан бутунлай бегоналашиши билан тушунтиришдан бошқа имкони йўқ.

Режимнинг ижтимоий сиёсатини ўзгартиришга қаратилган кескин кучларга келсак, бундай кучларнинг мамлакатда мавжуд бўлмоғи учун оз бўлсада имкониятлар тугатилгандир. Улар фақат сайловларда бирор ўзгаришлар юз беришига умид қилишлари мумкин. Режимга сезиларли қаршилик кўрсатишнинг бошқа усуллари анчагина маддий маблағлар талаб қилади. Бундай маблағ эса, аҳоли қўлида йўқ.

Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий – иқтисодий вазиятни чуқур таҳлил қилмасданоқ, бетараф экспертлар хулосаларига суяниб, айтиш мумкинки, Ўзбекистон расмий маълумотларидан фарқли ўлароқ, 1999 йил феврали арафасида ҳам, ҳозир(2000) ҳам ўзбек жамиятида аҳвол ночорлигича қолмоқда. Уларнинг таъкидлашларича аҳолининг жуда кенг қатлами президент фаолиятини ижобий қабул этишдан узоқдирлар. Оддий халқ оммасининг асосий қисми ҳукмрон режимга салбий муносабатларини ўз сисёсий раҳбарларининг динсиз сиёсати ва ахлоқий ҳамда шариат нормаларидан узоқлиги билан белгилайдилар. Шу сабаб бундай вазиятда мамлакатда ўтказилиши лозим бўлган парламент (1999) ва Президент (2000) сайловларида “ҳокимият партия”сининг қандай қийинчиликларга дуч келиши мумкинлгини башорат қилиш учун алоҳида қобилиятга эга бўлиш шарт эмас.

Ўзбекистонда “ҳокимият партияси” халқ орасидаги обрўйи бўйича мақтана олмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Халқ оммасига иқтисодий (ҳатто ёлғондакам) таъсир кўрсатиш имкони йўқлигидан, у салайловчиларга, оммага фақат қатағон сиёсат усулларини ишлатиб, уларни қўрқитишдан бошқа иложи қолмаётир. Бу эса, биринчи навбатда халқ орасида келиб чиқиши мумкин бўлган норозиликларни бостиришга, ҳар қандай қатағон ҳаракатларни амалга оширишга тайёр турган бақувват ҳимоя органлари структураларини тузишдан иборатдир. Бу бошқа томондан ўзгача фикрловчиларни сиёсий таъқиб қилиш ҳам бўлиб ҳисобланади. Шу билан бирга бу ҳаракатлар жамоатчилик кўз ўнгида мафкуравий душманни, қонли ва экстремистик ҳаракатларга тайёр турган исломчи образини яратиш ҳамдир. Исломчи образи дунё ҳуқуқ ҳимоячилари учун тўқиб чиқарилган иборадир. Чунки сўнгги ўн йилликлар давомида дунёда террорист ислом образи ўйлаб чиқарилди. Шунинг учун дунё жамоатчилиги назарини четга буриш учун ҳамма усуллар маъқул.

Айтилганлардан келиб чиқиб, Ислом Каримов айтганидек, Тошкентдаги террористик ҳаракатларга Ўзбекистон ислом ҳаракатининг алоқаси борлигига ишониш шубҳалидир. Биринчидан, бунчалар (технологик назардан) яхши уюштирилган суиқасдга уларда моддий имконият борлиги шубҳалидир. Иккинчидан, бундай ўта қиммат турадиган ҳаракатни юқори даражада усталик билан ташкил этиш қўлидан келадиган махсус сафарбарликка эга жангарилар гуруҳи исломчилар сафида борлигига ишониб бўлмайди. Бундан ташқари, бундай ҳаракатларни амалга оширган ҳар қандай сиёсий структура, ўзининг бу ишда иштироки борлиги ҳақида дарҳол баёнот беради. Акс ҳолда бу ҳаракат ўзининг сиёсий аҳамиятини йўқотади. Чунки бунақа ҳаракатлар бу ёки бу сиёсий режимни қабул қилмасликни кенг миқиёсда тарқатиш, бутун афгор оммасига билдириш учун амалга оширилган бўлади. Агар бу ҳаракат бундай хусусиятдан ҳоли бўлса, у жиноят тусини олиб, маъносиз қон тўкилишига йўл қўйилган ҳисобланади.

Бундай террористик ҳаракатнинг маъноси, мазмуни мавжуд режимдан норози бўлган фақат исломий ҳаракатлар учун эмас, балки ҳар қандай бошқа хил режимга қаратилган ва бошқа гуруҳлар тарафидан содир этилган террористик ҳаракатларга ҳам тегишли эканлигини таъкидлаш лозимдир. Шунинг учун бу ерда И.Каримов учун бирор хил истисно бўлиши мумкин эмас.

Бундан кейинги воқеалар кўрсатдики, “жиноятчиларни” тутиб жазолашни ваъда берган куч ишлатувчи ташкилотларнинг бир ойлик муддатлари сўнггида улар террористик актда фақат исломчилар қатнашганлиги фикри билан қаноатланмадилар. Террористлар қаторига мамлакатда фаолияти тақиқланган “Эрк” парияси лидери Муҳаммад Солиҳни ҳам қўшиб олишди. Масалан, терговлар бошланар бошланмас мамлакат парламенти газетаси “Халқ сўзи” : “Феврал воқеалари кимга зарур бўлди? Уни бажарганлар ким? Уни ким ташкил этди?”, деб ёзди. Шу ернинг ўзидаёқ, чет элда юрган “демократ” Солиҳ бир замонлар “Қашқадарёлик 20-га яқин ёшларни ўз олдига чақириб, уларни Ўзбекистонда қонли тўқнашувлар содир этишга тайёрлади”, деб қўшимча қилди газета. Шунингдек, “Ўзбекистонда номи таниш, ўзини ваҳҳобий ҳисоблайдиган, Афгонистон ва Тожикистонда қўлини қонга ботирган Тоҳир Йўлдош Солиҳ билан учрашди”, деб ҳам ёзишди. Шундай қилиб, президентга қарши уюштирилган суиқасдни очиш ишлари жадаллашиб кетди. Шундан сўнгра Ўзбекистонда дарҳол икки киши қўлга олинди. 17 мартда Украина пайтахти Киев шаҳрида яна тўрт киши қўлга олиниб, улардан бири Солиҳнинг укаси эди. Қизиги шундаки, бу олти киши расмлари улар қўлга олинишидан анча аввал Ўзбекистон органлари томонидан жиноятда тахмин этилаётганларнинг фоторобот расмлари, деб элъон қилинганди. У расмлар кўчаларга илиб ташланган, Тошкент телевидениясида тинмасдан кўрсатиларди. Жиноятда тахмин қилинаётгани ҳақида кўчаларга қоқилган матн(текст)ларда улар ҳақида хабар берган кишиларга Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги тарафидан 240 минг америка доллари миқдорида “мукофот’ ваъда қилинарди.

Парламентга ва ундан кўп ўтмай президентликка ҳам бўладиган сайловлар арафасида президент ва унинг ҳамтовоқларига мухолифатни жинойи ишларда айблаш, шу сабабли жамиятнинг маданийлигини қуруқлаш учун “режим”ни кучайтиришга киришишда қулайлик яратишини алоҳида кўрсатмоқ керак. Шунинг учун террористик ҳаракатлар ҳақида Каримов тарафидан айтилган илк фикр, у учун “бахтли топилма”, сайловлар арафасидаги зарурий сиёсий зот “тузи” бўлиб хизмат қилди.

Учинчи фикр – “Буюк оғанинг” муносабати. Биз тасвирлаётган воқеалар арафасида Тошкент ўзининг “Тошкент келишуви”дан чиққанлигини эълон этди. Россия матбуоти МҲД мамлакатларининг коллектив хавфсизлиги шартномасидан (“Тошкент келишуви”) Ўзбекистоннинг чиққанлиги ҳақидаги И.Каримовнинг баёнотини эълон этишганди. И.Каримов фикрича “мазкур шартнома мамлакат манфаатларига мос келмайди.” Бу баёнотнинг Кремл томонидан қандай қабул этилганлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Бу ҳолга Грузия ва Озарбойжоннинг баёнотларини ва Озарбойжоннинг ўз ҳудудида НАТО ҳарбий учоқлари базасини ўрнатишни мўлжаллаётганини яширмаётганини ҳам қўшсак, Россиянинг ҳарбий ташкилотлари илгаридан тайёрлаб қўйган, ташкилотнинг қаърида сақланаётган машъум режаларини амалга оширишни, яъни у ёки бу минтақада ҳолатни беқарорлаштириш режаларини фаол авж олдиришга киришганини тасаввур қилса бўлади. Шунинг учун Ўзбекистонда содир бўлган воқеалар, яъни у ерда юзага келган катта портлашлар москвалик куч-қувват муассасалари мантиғига кўра, “собиқ қулбачанинг” одатдан ташқари “ҳаддидан” ошмаслиги учун жиддий огоҳлантириш бўлиб ҳисобланиши мумкин, албатта. Россия ҳарбийлари генералитетининг федерал ҳокимиятдан алоҳида режимда ишлаши мумкинлгини исботлаб ўтиришга бугун ҳеч бир ҳожат йўқ. Тошкентда ўйналган драмада, рус ҳарбийлари иштирокининг сўнгги ва давомини кўзлар юмиқ ҳолда ҳам ёзса бўлади. Агар Каримов ўзига суиқасдда рус “ритсарей плаша и шпаги” қатнашганлиги ҳақида рад этилмас исботлар тўпласа ҳам уни оча олмайди. У жим қолади, билмадим қачонгача? Унинг ерига Ўзбекистоннинг исковучлари мухолифат а’золари ва исломчилар ичидан “ёвуз ниятли”ларни топишиб, улар устидан кўргазмали маҳкама ўтказишадилар. Шу билан бир замонда мамлакат ичида бор мухолифатни қонундан ташқари, деб эълон этишадилар.

Ўзбекистон расмий доиралари фикрини “Правда востака” газетаси яққолроқ ифода этди, деса бўлади. У газета дунёнинг давлат ва сиёсий арбобларидан биринчи бўлиб Борис Елтсиннинг cодир этилган воқеалар муносабати билан ўзбек шеригига ҳамдардлик бидирганини босиб чиқарди. Россияда чиқадиган обрўли нашрлардан бири “Независимая газета”, эса “Тошкент, у ерда бўлган воқеаларда Россиянинг бўлиши эҳтимолини ҳам қарамаётганини” хабар қилди.

 Тўртинчи фикр – “Ўгай оғанинг” муносабати. Халқаро низолар бўйича мутахассис, россияли сотсиолог олим Андрей Здравомислов бундан икки йил бурун, “1990 йилдан бошлаб Тожикистонда этник гуруҳлардан бирининг мавқени юксалтиришни таъминловчи гуруҳлараро низо шакли ривожлантирилди…. Бу низо бутун Ўрта Осиёга (Ўзбекистон ҳам унинг ичида) тарқалиш тенденсиясини ўз ичида сақлайди”, деб ёзганди. Барчага аниқки, бугун Тожикистонда қулобли Роҳмонов гуруҳи ҳукмрон бўлиб турибди. Аммо унинг ўрнида Хўжандлик (ленинободлик) гуруҳнинг бўлишини Каримов жуда истаётганлиги ҳам дунёга равшан. Ленинобод вилоятида асосан ўзбекларга оид гуруҳ яшашадилар. Худди ана шу минтақадан яқинда полковник Худойбердиев Тожикистонга ҳужум бошлади. Бу муносабат билан Тожикистон президенти Роҳмонов Каримовни  очиқчасига қоралади. Ўша замонда Ўзбекистондан транзит шаклида Қиргизистоннинг жанубий қисмидан Тожикистонга ўтаётган қурол ортилган бир эшалон (бу қуроллар ҳар ҳолда Худойбердиев аскарларига мўлжалланганди) поездни тўхтатилганда, Қиргизистон жуда ноқулай ҳолатга тушиб қолганди. Ўшанда аламига чидай олмаган Каримов Қиргизистонга газ ўтказишни тўхтатишга буйруқ берганди ва Россия матбуот воситаларига берган интервьюларида Акаевни ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишда айблаганди.

Шунинг учун ҳодисани таҳлил етишда Тошкентдаги террористик ҳаракат бир Президентнинг иккинчисига қарши сўз билан эмас, иш билан жавоби бўлган бўлиши мумкинлгини ҳам четда қолдириб бўлмайди. Бунинг устига кўриб турибмизки, Каримов ва Раҳмоновлар ўзаро бир-бирини лаънатлаган дўстлар эканлигини кўратишди. Ҳақиқатан шундай ҳолнинг бўлиши мумкинлигини Ўзбекистон куч тизимлари ҳам номайиш этишди. Бу тизимлар жиноятчиларни тутиш мақсадида тарқатган расмларда иккита Тожикистон ватандошининг ҳам расмлари бўлиб, уларнинг бири Тожикистон махсус хизмат органи ходими бўлиб чиқди. Бу икки мамлакат орасидаги совуқлик шундан ҳам кўринадики, портлашлар муносабати билан Елтсин томонидан билдирилган ҳамдардлик, Раҳмонов тарафидан воқеалардан икки кун сўнг билдирилди. …

Бешинчи фикр – бундан олдинги иккитасини синтез етувчи фикр. Тошкентдаги ҳодисалар 26-февралда москвада тантаналар билан ўтказилган божхона иттифоқи мамлакатларининг президентлари номига ўтказилиб туриладиган навбатдаги учршувидан атиги ўн кун аввал содир бўлди. Бу сиёсий форумнинг асосий иши иттифоққа “тўртинчи” аъзони, яъни Тожикистонни қабул этишдан иборат бўлди. Шундай қилиб, у “бешлик”, деб аталадиган бўлиб қолди. Интерфакснинг хабарига кўра, бундай гуруҳлашишнинг ғояси ҳақида Каримов ўз фикрини айтганди. И.Каримовча, “иккилик”, “учлик”, “тўртлик” ва “бешлик”лар тузишлар истабми, истамайми МДҲ-ини обрўсини туширади”. Ўзбекистон президентининг фикрича, “Декларатсиялар, ўзни намойиш этишга қаратилган баёнотлар МДҲ ичида интегратсия ишига тўсиқ бўлади. Интегратсиянинг ягона йўли-бу эркин савдо минтақалари тузишдир.” Каримов, сўнгги Москва баёнотига, “бу ташкилот томонидан имзоланган бошқа бир қонча қарорлар каби буниси ҳам шундай қоғозда қолиб кетади”, деб баҳо берди. Аммо Ўзбекистоннинг “МДҲ-нинг интегратсия ядроси”га фақатгина иқтисодий эмас, сиёсий талаблари ҳам бор. Масалан, Тошкент Россияни Ўрта Осиёда устунликка эришишга уринишда ва Тожикистонни террористларни рағбатлантиршда айблади. Дарҳақиқат, ўзбек махсус хизмати органлари маълумотларига кўра, Тошкентда террористик ҳаракат ўтказган террористларнинг қўним ери Тожикистоннинг жанубий қисмида жойлашгандир.

Шунинг учун Тошкентда содир бўлган феврал воқеаларини таҳлил этишдаги биз келтирган кейинги икки фикрни биргаликда қарашни эътибордан четда тутиб бўлмайди. Чунки “ўгай оға” бир вақтнинг ўзида “катта оға” учун “кичик оға”дир. Шу сабабдан ҳам “оғалик сезгиларининг” қанчалик мустаҳкамлигини текшириш, “ўрта оға”ни қўрқитиб қўйиш билан қўшилиб кетган бўлиши жуда мумкин.

Бизнинг мабуот чиқишларимиздан бирида (“Централъная Азия. Эскиз группового портрета в геополитическом интерьере“. – Еженедельник “ЗН“ №1 от 05.01.1998) Марказий Осиё минтақаси давлатлараро чегараларни аниқлаш (уларни миллийлаштириш) билан боғли потенсиал низоли вазиятлар майдонига айланаётгани ҳақида фикр ўртага чиқарилганди. Чунки у ерда ерлашган мамлакатлар чегаралари совет даврида ҳеч бир ҳақиқатга суянмаган, ҳеч бир реалликни ҳисобга олмаган ҳолда тузилган эди. Энг аввал бу ерда чегаралар тарихий, демографик (аҳолининг жойлашиш тартиби), иқтисодий, сиёсий тизимлар, (сиёсий бўлинмалар ҳақида гапириб ҳам ўтиришга ҳожат йўқ) каби ҳақиқатлар (реалликлар) ҳисобга олинмасдан, фақатгина кремл хоҳиши (ҳатто якка Сталин хоҳишига кўра) билан тузилганлиги ҳақида сўз кетмоқда. Агар биз жараёнларни фақат Ўзбекистонда ва бундан бир неча ўн йиллар муқаддам бошланган биосоциал (биологик ижтимоий) ҳаракатлар билан бирга қарайдиган бўлсак, у ерда сиёсий ҳодисалар ривожланиши ҳозирги кўринишига нисбатан бир мунча бошқача кўринишга ва мазмунга эга бўлади. Бу ерда яна бир ҳолатни таҳлил қилиш унча мураккаб эмас. Ўзбекистон нуфуси нисбатан мономиллий (оригиналда “моноэтник”, дейилган) бўлиб, унинг сони жуда тезлик билан ўзиб, ҳозироқ 25 миллионга яқинлашмоқда, яқин бир неча ўн йилларда бу миқдор икки марта кўпайиши шундайгина кўриниб турибди. Шундай экан, ривожланиш фақат бир томонга, яъни мавжуд давлатлар чегараларини кенгайтириш томонига қараб йўналиши мумкин. Бунинг натижасида чегараларни кенгайтириш объектив зарурлиги шакланади ва шундай руҳда тарбияланиш майдонга келади.

Агар Ўзбекистоннинг бугунги давлат чегарасини биз айтган шаклда қарайдиган бўлсак, айнан шу мамлакатнинг чегаравий минтақалари, яъни Қиргизистон ва Қозогистон жанубий районлари, Тожикистоннинг Ленинобод вилояти ва ўзбек-туркман чегараларининг айрим қисмлари Марказий-Осиёда асосий низоли минтақалар эканлигини кўриш мураккаб эмас.

Аммо минтақанинг ички иқтисодий ривожланиш жараёнидан мустақил ҳолда ташқий сиёсат йўналишини ўзгартирмоқ учун Ўзбекистон бундан олдин баён этилган Марказий – Осиё минтақаси мамлакатлари интегратсиясидан четлашиб олмоғи зарур. Бундай муносабат Ўзбекистон учун чегаравий масалаларни кўтариб чиқишга қандайдир ҳуқуқ бериши ва йўл очишиши мумкин. Аслида шунадайига ҳам Ўзбекисстон ёнаётган Тожикистон билан мавжуд чегараларни унча ҳам ҳурмат қилаётгани йўқ. Бундай қарорларни асосламоқ учун бошқа бир қатор сабабларни ҳам ташкил этиш керак бўлади. Уларни фаоллаштирмоқ учун уларнинг асосига “янгича фикрлаш” тезисини киритиш лозим. Бу демак, мамлакат иқтисодини зарур тарафга йўналтирмоқ учун миллий давлатчиликни ривожлантириш мафкуравий системасига чегарани кенгайтириш ғоясини сингдиришдир. Бундай ғояни сурункали шакллантириш Каримовда кун сайин ўсаётган шилқимлик васваси (атрофига ириллаш, тупроқ тортиб олишга интилиш) учун ҳақиқий асос бўлиши мумкин. Бу ҳолат аллақачон майдонга келди ва у кундан – кун ўсмоқда ва бу нималарда кўринмоқда?

Мустақил кузатувчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон иқтисодининг йўналтирувчи соҳаси кескин равишда саноатлаштирил(индустриялаштирил)моқда. Бу кўпчилик ҳолларда сотсиал прогммаларни бузиш ҳисобига, яъни халқни оч қолдириш ҳисобига амалга оширилаяпти. Ўз шахсий авиақурилиш имкониятларини сақлаб қолиш учун давлат бир-бирини қўллаш (протексия) усулидан самарали фойдаланди. Масалан, Украина Ўзбекистон билан катта ҳажмда давлатлараро иқтисодий шартномалар тузиш билан авиақурулиш бўйича ўзига фойдали ҳамкор топди. Миллий автомобилчиликнинг ташкил бўлиши ва унинг ривожланиши ва давомли ишлаб чиқариш кўринишга эга бўлаётгани жараённинг анъанавий тусга кираётганини намойиш этади. “Мерседес-Ўзбекистон” юк автомобиллари ишлаб чиқариш қўшма корхонаси, “Даеwоо-Ўзбекистон” фирмаси тарафидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар, мобил олақаси системаларининг ишлаб туриши мамлакат иқтисодининг ажралмас қисмига айланганини бугун кузатиш мумкин. Бизга маълум бўлган маълумотларга қараганда “Даеwоо” бирлашмаси Ўзбекистонда жуда кенг ишлаб чиқариш тармоқлари, сервис хизмати ва бошқа хил корхоналарнинг системали ишлашини ташкил этмиш. Буларнинг барчаси йиғилиб, оқибатда тўла қонли даражага эга бўлган мудофаа саноатини вужудга келтириши мумкинлиги ҳеч бир шубҳа талаб этмайди.

Бир вақтнинг ўзида ҳарбий қуроллар ва ҳарбий технологияни сотиш бозори бўлган Ўзбекистондан Россиянинг чиқиб кетиши билан жанубий Корея бирлашмаси Ўзбекистон ҳарбий – мудофаа саноатининг ягона ижрочиси бўлиб қолиши эҳтимоли бор. Маълумки, саноатнинг бу сингари соҳаси мамлакатда ўз ҳарбий техникасини яратиш учун бошланғич асос бўла олишини таъкидлашга ҳожат йўқ.

Масаланинг, яъни мамлакатни ҳарбийлаштиришнинг мафкуравий (ғоявий) жиҳатининг асосига келсак, бу ерда Ўзбекистон мустақиллик олган биринчи кунларданоқ И.Каримов Амир Тимурнинг тарихий образини кўкка кўтаришга ва уни тарғиб қилишга изчил киришди. У биринчи йиллардаёқ Тимурланг ҳақида буюк бир кино эпопея яратиш лойиҳасини амалга оширди. Бу бадиий филмни яратувчилар раҳбарларидан бири Каримов билан тор доирада ўтган суҳбатда филм яратиш учун жуда кўп маблағ лозимлиги ҳақида сўз кетгани ва Каримов, “бу филм қанча маблағ туришидан қатъий назар у яратилиши керак ва бу филм менга жуда зарур”, деганини мағрурланиб сўзлаганди.

Яна шуни ҳам қўшимча қилиш қолди, яъни Тошкентнинг марказий майдонида Ленинга ўрнатилган ҳайкал олиб ташланиб, унинг ерига Амир Тимурга буюк бир ҳайкал ўрнатилиши Ўзбекистон давлати тарихий ривожланишининг ҳозирги ва келажаги учун бир белги бўлганди.

Хуллас, 16-февралда Тошкент марказида содир бўлган террористик ҳаракатни (актни) таҳлил этиш қандайдир драматик мақсадни кўзда тутмасдан, у бизнинг эътиқодимиздан келиб чиқадиган жиддий фикримиз бўлиб, у ҳодиса Ўзбекистон миллий-давлат ривожининг янги босқичини намойиш этувчи “сифатий кўрсаткич” эканлигини таъкидлашдир. Бугун биз бемалол Збигнев Бжезинскийнинг “Еврозия балқони” ҳақидаги башорати амалга ошаётганини тасдиқлашимиз мумкин. Чунки учта кавказ мамлакатлари ва Афғонистонга, Тошкент воқеасидан кейин низоли минтақага аста-секин Ўзбекистон ҳам яқинлашмоқда ва ундан сўнг МДҲ-нинг бошқа учта Марказий – Осиё мамлакатлари ҳам кириб келмоқда.

Бжезинский айнан ана шу тўққиз давлатни “Евроозия балқони”, дея атаганини эслатиб қўймоқчимиз.”

Бу бўлимда келтирилган маълумотлар “Кавказ сентер” интернет сайтида, 08.08. 2000-да босилган эди. Ундан сал кам бир йил сўнгра, уни ўзбекчага таржима қилиш 26.07.2001-да тугаланиб, 1999 йил февралида Тошкентдаги портлашлар ҳақидаги менинг фикрларимга илова қилиб қўйгандим. Улар мана шу ерда биринчи марта кенг омма учун эълон қилинмоқда.

яқин мавзу