Мусофирлик(ғурбат)да яшаш ва сиёсий фаолиятлар.

Олтинчи бўлим: Мусофирлик(ғурбат)да яшаш ва сиёсий фаолиятлар.

Ўзбекларда “Мусофир бўлмай мусулмон бўлмас” деган нақл бор. Ҳа, ҳақиқатан биз мусулмонлигимизни ҳам унутаёзгандик. Шунинг учун руслар истибдодидан қутулишим ҳамон биз Исломий асосимизга қайтишимиз ҳам зарур  эди. Шукрки, баъзи бирларимизнинг ҳаётида шундай ҳам бўлди. Масалан, ароқсиз дастурхонни тасаввур қила олмайдиган ўзбекларимиздан кўплари, Оллоҳга ҳамд бўлсин, бугун дурустгина ҳалол ҳаромни ажратадиган мусулмон бўлиб қолишдилар. Афсуки, бу ерда ҳам “ўзбекона”  хатолардан четлаб ўта олмадик. Оқибатда, ислом тарихида буюк хизматлари ва ўрни бўлган жуда кўп Аҳли суннат Ислом олимлари етишиб чиққан бир тупроқда туғилган бугунги ўзбеклар шунчалар кўп диний тармоқларга бўлиниб қолдики, у тармоқларнинг номларинигина ёдда сақлаш ҳам бир мушкул ишга айланди.

 Биз мусофирлик деб ҳисоблайдиган ташвишли ҳаётни Туркиянинг турклари “ғурбат”даги ҳаёт деб айтишадилар. Шундай қилиб, мусофирлик(ғурбат)да Улуғ Навоий деганлари каби  “ғариб шодман” бўлмай кун кечиришимиз бошланди.

12. Ватандан узоқлардаги сиёсий фаолиятлар ҳақида қисқача ҳикоялар. Шундай қилиб, тарих 1999 йилнинг бошини кўрсатаётган бир замонда мен ҳам Норвегияда сиёсий қочоқ мақомида бошпанали бўлдим. Бу замонларда мендан ташқари “Бирлик”чилар сифатида пўлатовларнинг ҳар иккиси, П.Охунов, Ҳ. Худойбердиев расмийлашган сиёсий қочоқлар ҳисобланиб, А.Усмонов журналист шаклида чет элларда бошпанали бўлишган-дилар. “Эрк”чилардан М. Солиҳ икки укаси билан норасмий сиёсий қочоқ сифатида чет элда яшашаётгандилар. Н.Номўмин, Ж.Маматов, айтганимиздек “Эрк”чи сифатида муҳожирлар сафига киришган бўлсалар-да, бу замонга келиб ўзлари айри бир шаклда мустақил фаолият кўрсатишардилар. Биздан бошқа, юқорида исмлари учраган мухолифат аъзосига ўхшашлар ҳам у ер бу ерларда яшаб юришарди. Бироқ бу кишиларнинг иш фаолиятлари ҳеч бир шаклда уюшмаган, бирлашмаган шаклда ва жуда самарасиз бир ҳолда эди. Уларнинг барчаси ўзича ўзига хос фаолият кўрсатишаётгандек кўринарди, холос. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўзларини Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф фаолиятдамиз деб билардилар. Демак, уларнинг оқибат мақсадлари бир эди. Аммо шундай бир эзгу мақсад учун курашаяпман дейишиб ҳам ҳеч бир шаклда уюшмаган кишилар бўлади, бу оламда. Бироқ улар яна шу бизнинг ўзи”бек”лардир. Чунки оламда биздан бошқа бизга ўхшаш яна бирор эллат йўқдир.

Кўринаяптики, 21 асрга яқин бир замонда чет элларда фаолият кўрсатишаётган Ўзбекистон мухолифати аъзоларининг сони жуда озчиликни ташкил этарди ва улар мутлақо тарқоқ ҳолда арзир арзимас фаолият кўрсатишардилар. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, у замонларда асосий қисми Афғонистонда жойлашган ўзбекистонлик қуролланган бир гуруҳ ҳам мавжуд бўлиб(улар ҳақида ҳам юқорида сўз бўлди), улар ҳам ўзларини Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф ҳаракатдамиз деб ҳисоблардилар. Улар бир мунча кейинроқ (аниқ қайси вақтдан бошлашганларини хотирламайман) ўзларини “Ўзбекистон Ислом ҳаракати” деб атадилар. Уларнинг дастурий мақсадлари, ўшанда  замонда менга аниқ эмас эди. Мен ҳозир (2009) ҳам уларнинг асл мақсадлари ҳақида бирор тасаввурга эга эмасман.  Аммо шу кунларда “Ўзбекистон Ислом ҳаракати”, Ўзбекистон режимининг жуда катта ҳаракатлари оқибатида халқаро террористик ташкилотлар рўйхатига киритилган. Уларни террористлар деб ҳисоблашга мен ўзимни ҳақли ҳисобламайман. Чунки мен улар ҳақида жуда оз маълумотга эгаман. Аммо уларнинг фаолиятлари демократик принциплардан фарқли эканликлари ҳам аниқ.

Ватан ичкарисида эса, бу замонга келиб “Бирлик” халқ ҳаракати, “Эрк” партиясининг фаолиятлари деярли тўхтатилганди. Бу ташкилотларнинг бутун фаолияти юқорироқда кўрсатилгани сингари, айрим шахслариннг якка-якка ҳаракатига ёки ҳуқуқ ҳимоячиларнинг фаолиятига айланиб қолганди. Шундай қилиб, янги асрга кириб келинаётганда Ўзбекистон Республикасининг И.Каримов бошлиқ ҳукумати ўзини  деярли якка ҳоким ҳисоблай бошлаганди. Чунки демократик фикрдаги мухолиф ҳаракат фаолиятсиз кўринишга келтирилганди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати яшаб қолиши учун унинг олдида, мамлакат мустақил бўлганидан (1991) буён ҳал этилмаётган иккита муҳим муаммо турарди. Унинг биринчиси, иқтисодий, иккинчиси, дунёни бошқариб турувчи кучларнинг эътиборини ўзидан қочирмасликдан иборат эди.

Хуллас, 1999 йилга келинган бир вақтда Ўзбекистон ҳукумати ўз олдидаги ўша муҳим муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос йўлларини топиш сиёсатини юргизарди. Ҳукуматга мухолиф ҳаракатлар ҳам ўзларича ҳукуматнинг сиёсатига қарши қандайдир фаолият кўрсатиш йўлларини изламоқда эди.

Ўзбекистонда мана шундай бир вазият мавжуд бўлиб турган бир замонда, мен ҳали  Норвегияга келиб жойлашиб улгурмасимдан Ўзбекистон президентига “суиқасд“ номини олган Тошкентдаги (1999 йил феврал) сирли портлашлар содир бўлди. Мен “Бирлик“ халқ ҳаракатининг Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, умуман мухолифат аъзоси, Ватандан ҳижрат этган бир сиёсий муҳожир сифатида  бу воқеаларга бефарқ қололмасдим, албатта. Шунинг учун Тошкентдаги 1999 йил бошида содир этилган портлаш воқеаларини ўз имконларимга кўра кузатиб боришга ҳаракат қилдим. Шу сабабдан ўша портлашларни, уларнинг сабабларини яхши ўрганишга, таҳлил қилишга ва уларни баҳолашга уриндим. Фикрларимни ”Тошкентда портлашлар содир этган ёвуз жиноятчи ким?” номли мақолада баён қилдим. Ўша мақоланинг қисқартирилган кўринишини қуйида келтираман:

“Норвегияга келганимга ҳали бир ой ҳам ўтмагани учун дунё билан алоқа қилиш имконларим йўқ ҳисоби эди. Шу сабаб Тошкентда бўлган воқеалардан бир мунча кичигиб хабардор бўлдим. Улар ҳақида менга биринчи бўлиб 19.02.2009 куни Туркманистонлик сиёсий муҳожир Ёвшан Аннақурбонов, “Каримовга суиқасд уюштирилибди“ шаклида дарак берди ва бошқа тафсилотларини билмаслигини ҳам таъкидлаб қўйди. Ундан бир кун сўнгра  Тожикистонлик дўстим Абдувоҳид Касоний (совет замонида унинг исми шарифи Абдувоҳид Икрамов эди. Бу киши ҳам 1995 йилдан буён Тожикистондан сиёсий муҳожир) Ослодан телефон қилиб, Тошкентдаги воқеалардан мени хабардор этди. Бу киши, портлашларнинг  тафсилотларидан, уларнинг зарарларидан ҳам бироз маълумот бериб, 10 киши чамасида қурбонлар ҳам бўлганмиш дейилган хабар етказди. Бошқа бир интернет хабарига қараганда қурбонлар сони бир мунча кўпроқ бўлиб, улар 19 киши эканлиги ҳам ўртага чиқди.

Иш қилиб нима бўлишидан қатъий назар Тошкентда портлашлар содир бўлган. Унинг оқибатида озми кўпми қурбонлар бўлгани ҳақиқатдир. Ҳозирча 10-та ёки 19-та қурбонлар ҳақида сўз кетмоқда. Бу рақам биринчидан кичкина миқдорни билдирмайди. Агар қурбон биттагина бўлганда ҳам у кўп бўлган бўларди. Ҳатто бирорта ҳам қурбон бўлмай, шаҳар ичида фақат бомба портлатишга ҳаракат, уриниш бўлганда ҳам у катта жиноятдир. Аммо бу портлаш натижасида, ўша портловчи модда портлаган ерда қурбон бўлганлар, бу ҳали ҳеч гапмас. Ҳақиқий портлаш, ҳақиқий қурбонлар мана энди бўлади, яъни мазкур «жиноятни очишда», уни «содир этганларни» аниқлаш ва уларни тутиш, қўлга олиш даврида, «жиноятчиларни» тергов ва маҳкама қилишда чиндан ҳам портлаш, чинакамига қурбонлар бўлиши аниқ. Бундан буёнги жараён, бундан буёнги портлаш, бундан буёнги қурбонлар Каримов ҳукуматининг бошчилигида, балки шахсан президентнинг  кўрсатмаси билан энди очиқчасига давом этказилади. Энди қанча бегуноҳ бечоранинг боши кетади, буёғини Оллоҳу таоло билади.

Ўзбекистонда “ваҳҳобизм“ ва бошқа диний гуруҳларга (аслида Исломга) қарши кураш ниқоби остида озроқ мубалоғи билан 15-70 ёшгача деярли барча эркаклар ҳозирга қадар қамоққа ташланган ёки ҳеч бўлмаганда бир марта унда ўтириб чиқишгандилар. Билмадим, энди яна кимларни зиндонга киритиш навбатига олишдилар экан?!

Қизиқ, портлашлар бир ерда эмас, бирданига тўрт-беш ерда, айнан бир вақтда юз берган дейишади. Унинг устига, қаерларда денг: Аэропорт, Республика ички ишлар Вазирлиги биноси, Давлат банки биноси ва яна қайсидир энг муҳим маъмурий бинолар ёнида, одатда одамлар кўпроқ тўпланадиган жойларда портлашлар содир этилган. Бу портлашларни Ўзбекистон расмий матбуот воситалари дарҳол Президент( яъни Каримов)га суиқасд, деб хабар тарқатишди. Йўқ, бу суиқасд эмас. Суиқасд бунақа бўлмайди. Ҳа, шундай бу портлатиш суиқасд эмаслиги кўриниб тўрса-да, унинг аксини ўйлаб қараш ҳам ўринсиз бўлмас, балки бу уриниш(портлатиш) ҳақиқатан ҳам Каримовнинг мустабид режимига қарши ҳаракат(акция)дир?! Балки бу кўпдан буён «бизда барқарорлик, бизда шарқона демократия сиёсати юргизилаяпти» каби сиёсатнинг оқибатидир. Балки бу чиндан ҳам огоҳлантириш, диктаторлик оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигидан илк даракдир.

Бу фикрлар ростдан ҳам хабарларни эшитганимдан дарҳол кўнгулимдан кечган  илк ҳиссиётларим, хаёлларим бўлган эди, албатта. Аммо эҳтирослардан бироз чекиниб, озроқ мулоҳаза қилиб қарасангиз, воқеа унчалар ҳам режимга норозиликни билдирмайдиган кўринади. Чиндан ҳам бироз мулоҳаза қилиб қарайликчи, қани бу портлашлар кимга фойда-ю, кимга зарар келтираяпти? Ўзбекистонда ким бунақа шов-шувлар ярата олади?  Бундай портлатишларни ким тайёрлаб, уларни  ким амалга ошира олади?

Боринг, бу портлашлар ҳукуматга қарши ёки Ўзбекистоннинг расмий ахборот воситалари эгизаклар сингари бир овоздан жар солаётганлари каби Президент(Каримов)га суиқасд ҳам  бўлсин дейлик. У ҳолда, қани мамлакатга бир назар солайликчи, Ўзбекистонда уларга, яъни ҳукуматга қаршилар деймизми, унга душманлар деймизми, мухолифат деймизми,  нима ва яна ким бўлса, бўлсин қандай гуруҳлар мавжудки ва уларнинг қайси бири тарафидан бу портлашлар тайёрланди ва амалга оширилди? Нима сабабдан ва қандай мақсадда бу ваҳима келтирувчи иш амалга оширилди? Ўзбекистонда ёки унинг ташқарисида ким ва кимлар бундай катта ишни, аммо фақат қуруқ ваҳимадан иборат ишни ташкил этмоқ учун бекорчи маблағ ажрата олади? Портлашлар оқибати кўрсатаяптики, улар мутлақо мантиқсиз, мақсадсиз, мўлжалсиз худди ўйин учун бажарилганга ўхшаб кетади. Аммо бу қуп-қуруқ ваҳима, кўчада юрган, ҳеч нарсадан бехабар, ярим оч бечора одамларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлишдан бошқа ҳеч нарсага арзимайдиган маъносиз, мақсадсиз портлашлар кимга керак бўлди?

Шу ва шунга ўхшаш саволлар ҳам хаёлимдан ўтди, албатта. Аммо бу саволларга лўнда жавоб топиш ҳам унча қулай эмас эди. Шу билан бирга бу воқеалар бир қатор мулоҳазалар юритиш, қандайдир мантиқий хулосалар чиқариш учун менга манба ҳам бўлди, албатта.

Кўриниб турибдики, Тошкентда содир бўлган портлашларга ишлатилган портловчи модда-ларнинг ўзгинаси Ўзбекистон фуқароси тасаввурига сиғмас маблағ ҳисобига тайёрланади ёки бошқа бирор мамлакатдан Ўзбекистонга келтирилади. Портлатишларни ижро этиш ишлари ҳам озмунча пул билан битмаслиги гўдакка ҳам аниқдир. Тошкентда амалга оширилган ваҳимадан кўринаяптики бу маблағ, бу пул шундайига, қуруқдан-қуруқ, тузни дарёга тўккан сингари портловчи моддалар кўринишида ёқиб юборилмоқда. Бу пул кимда эди, бундай ортиқча дунёси бор киши Ўзбекистоннинг қайси қишлоғи ва қайси шаҳрида яшайди? Дунёга қуёшдай ойдинки, бундай зот Ўзбекистоннинг оддий фуқароси ичида йўқ. Ўзбекистоннинг мулкдор-у, пулдорлари эса, мамлакатнинг амалдору, мансабдорларидир. Уларнинг энг бақуввати – бу яна Каримов «жаноб»ларининг ўзларидир. Бугун Каримов Ўзбекистондай бир ўта бой мамлакатнинг бутун мулкини ўзиники этиб ўзлаштиргани ҳам барчага равшан. У мулкнинг жуда кўп қисми ўзбекларни қамаш ва ўлдиришга сарфланаётгани ҳам исбот талаб қилмайди. Оллоҳ мени ислоҳ этсин, бу ваҳима ҳам, бу қурбонлар ҳам Каримовга ва унинг ҳукуматига зарур бўлиб, унинг харажатлари ҳам ўша мулкдан сарфланган бўлса ажаб эмас. Масалан, мен ўшандай бўлганлигига мутлақо ажабланмайман.

Шунга қарамасдан мулоҳазаларимни давом этказаман. Балки ўшандай бекорчи маблағи бўлган бирор кимса эски ёки янги ўзбекистонлик муҳожирлар ичида бордир, ажабо?! Мен Ўзбекистонлик янги муҳожирларни ҳам анча дурустгина танийман. Уларнинг ичида биринчидан, бундай бойи, марди ва иккинчидан, пулини бўш-бўшига ёқиб юборадиган анқовлари мутлақо йўқ. Муҳожирларимизнинг эскилари ичида ниҳоятда катта бой ва мулкдорлар йўқ эмас. Уларнинг бири яна “жаноб” Каримовга бориб тақалади. Яъни ундай чет эллик мулкдор Каримовнинг жон қудаси А. Мақсудийдир. Бунга кўра, Тошкентдаги «ўйин» портлашларига Адурауф Мақсудий аралаш дейиш батамом ақлсизлик бўларди.

Демак, Ўзбекистон(яъни Ўзбекистоннинг оддий фуқароси)да ва унинг ташқарисида Тошкентдаги портлашларни маблағ билан таъминлайдиган пулдор ўзбекнинг ёки бошқа бирор шахснинг ўзи йўқ десак бўлади. Шуниси ҳам борки, пули, молу мулки бор одам ҳеч қачон бундай мақсадсиз ўйинлар ўйнамайди ва маблағини бўш ерга сарфламайди. Унақа аҳмоқ мулкдор киши дунёда топилмаса керак.

Шундай бўлса-да, Тошкент воқеаларининг (1999 йил феврал) асл жиноятчиларини аниқроқ тасаввур қилмоқ учун шубҳа қилиш мумкин бўлган барча ҳол ва ҳолатларни қараб чиқиш мантиқдан ташқарига чиқмас деб ўйлайман.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг мавжуд ҳукуматига мухолифат гуруҳларни ҳам ҳисобдан ҳоли қолдириб бўлмайди. Масалан, «Бирлик» халқ ҳаракати ва «Эрк» демократик партияси маълум замон Ўзбекистон расмий ҳукуматига очиқ мухолиф фаолиятда бўлишди. Аммо айни замонда Каримовнинг диктаторлик режими Ўзбекистонда уларнинг фаолиятлари-ни тўла ва батамом битирди дейиш мумкин. Шунинг учун улар мамлакатда ҳеч бир фаолият кўрсатиш имкониятига эга эмаслар. Ҳатто ҳозир Ватанда «Бирлик» ва «Эрк» борлигини кўпчилик унутаёзди. Масалан, 1990-1992 йилларда Ўзбекистон осмонида бевақт булут пайдо бўлса ҳам расмий ҳукумат дарҳол «бунда, «Бирлик» ва «Эрк»нинг қўли бор», деб оламга жар соларди. Ҳозир эса ҳукуматнинг бирор идорасида уларнинг мамлакат ичидаги фаолияти ҳақида бирор оғиз сўзлашмайдилар ҳам. Чунки чиндан улар мамлакатда тўла мағлуб этилган ҳисобланади. Чет элларда беш-ўнта «Бирлик»чи ва «Эрк»чи муҳожирлар Каримов диктатурасига қарши курашни давом эттираётган бўлсалар-да, улар биринчидан, ҳар қандай зўравонликка кескин қарши эканликларини жаҳонга очиқ-ойдин баён қилиб келмоқда. Иккинчидан, бу муҳожирларда Тошкентдаги акцияни ўтказа оладиган маблағ йўқ. Улар шу замонларда ҳатто оддий инсоний турмушларини нормал кечирмоқ учун дунё бўйлаб бошпана ахтариб юришибдилар. Учинчидан, «Бирлик»чи ва «Эрк»чи муҳожирларнинг жуда кўпчилиги Тошкентдаги портлашларни мутлақо маъносиз, мақсадсиз, жиддийликдан узоқ, болалар ўйинига ўхшайдиган бир ҳол, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга биз, бу «ўйин»ни ўзбекларнинг ҳақиқий душманлари ёвуз ниятда, халқни қўрқитиш мақсадида ташкил этган, деб баҳолаймиз.

Ўзбек халқи душманлари, ёвуз жиноятчилар учун эса, ўзбекларнинг қонини тўкиш ўйин ва ўз ифлос ниятларини амалга ошириш учун қулай усулга айланиб қолмоқда.

1992 йил январида ҳам худди шундай, мухолифатни мағлуб этмоқ учун студентлар ғалаёнини махсус тайёрлашгандилар, бегуноҳ студентларни қириб ташлагандилар. Бугун эса, яна бегуноҳ одамларни қириб ташлашмоқдалар. Бу икки воқеа жуда-жуда бир-бирига ўхшаб кетади. Буларнинг ташкилотчиси ёки ташкилотчилари айни шахс ёки шахсларга ўхшайди ва шундайлиги ҳақиқатга энг яқинидир. Бу қирғинларнинг ташкилотчилари 1992 йилда мухолифатни Ўзбекистон ичида мағлуб қилишни кўзда тутган бўлса, энди эса уларнинг мақсади муҳожирликда юрган беш-ўнта мухолифат вакилларини ҳам тугатишга қаратилганга ўхшайди. Бундай фалокатлар ташкил этувчиларининг ўз «иримлари» бор кўринади. Улар доим қонли иғволарни йил бошида ўтказишга уринишади?!

Маълумки, нуфусининг 85%-90% мусулмон бўлган Ўзбекистонда «ваҳҳобизм»га қарши кураш, бутун мусулмонларга қарши курашга айланиб, халқнинг тинкасини қурутди. Натижада, бутун халқ ўз ҳукуматига қарши бўлган ҳолат вужудга келди. Ҳукуматнинг энг юқори мансабдори Каримов бутун ўзбекларни, мамлакатнинг бутун аҳолисини ўзига душман биладиган бўлди.

Во, Оллоҳ! Бу қандай кўргулик?! Шундай ҳам бўладими? Бутун фуқаро ҳукуматнинг, ҳуку-мат эса фуқаронинг душманига айланса? Минг афсуслар бўлсинким, ҳолат бугун Ўзбекис-тонда айнан шундай. Шундай бўлгач, халқ, омма ҳам бу ноинсоф ҳукуматга қарши бирор ҳаракат қилиши мумкинми эди? Мантиқан, шундай бўлиши мумкин. Лекин бу Каримов ҳукуматига «душман» бечора ўзбекларнинг қўлида нима бор ва унинг қўлидан нима ҳам келади? Бу ярим оч халқ, биринчидан, кунлик турмушига зарур бўлган бир бурда нонни топмоқ учун узун кун сарсону саргардон-ку. Иккинчидан, юқорида айтганимиз каби, бутун халқ бош-бошига қамоқхонага тушиб чиқди. Оғзидан гап чиқара оладиган кишиларнинг барчаси ҳибс-да ўтиришибди (туришибди, дейиш керак, чунки улар у ерда ҳақиқатан ўтира оламайдилар, тик туришади). Демак, Ўзбекистон ҳукуматининг, яъни Каримовнинг «душмани», Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистондаги мусулмон аҳолидир, аммо бу фуқаро, бу халқ, ҳукуматга қарши бундай акцияни тайёрлаш ва уни амалга ошириш имкониятига мутлақо эга эмас. Бу халқда бундай ишларга қўл уриш хаёлида ҳам йўқдир. Чунки бу аҳолида ташкилотчилик, уларга йўлбошчи бўладиган раҳбар ва пул-маблағ йўқ, ахир.

Портлашларни, Президент(Каримов)га суиқасд, деб атаяптилар. Аммо портлашлар эса, Каримовнинг «арвоҳи» ҳам бўлмайдиган ерларда содир бўлмоқда. Портлашлар жуда пухта, аммо ёвузларча фақат бегуноҳ инсонга зарар келтирадиган этиб ташкил қилинган. Чунки портлашлар натижасида нуқул одамлар қирилиб, деярли моддий зарар бўлмаган. Ҳайратга соладиган жойи шундаки, бу Каримовнинг жонига «қасд» қилганлар шунақа аҳмоқ одамларки, улар Тошкентнинг ихтиёрий жойига ҳеч бир мақсадсиз портловчи моддаларни ташлаб кетишаверадилар. Қаранг, ҳаракат чиндан ҳам Каримов жонига суиқасд бўлса, портлашлар нега бир вақтнинг ўзида беш жойда бўлаётир? Айни вақтда битта Каримов беш жойда бўла олмаслиги гўдакка ҳам аниқ-ку. Каримовдай она кўксини тишлаган бир кишига қарши ишлаётган «жиноятчилар», наҳотки битта Каримовни «бешта» тасаввур этган бўлсалар?! Бордию, бу «жиноятчилар» ростдан ҳам шунақа беақл, бефаросат бўлсалар, овора бўлиб уларни тергов ва маҳкама қилиб ўтиришга ҳожат борми? Яхшиси  уларни дарҳол жиннихонага жўнатмоқ зарур.

Қисқача қилиб айтганда портлашлар, Ўзбекистон ҳукуматининг бош мансабдори раҳбарлиги ва раҳномалигида давлатнинг махсус органлари тарафидан ташкил этилганлигига ҳеч қандай шубҳа қилмаса бўлади.  Бундай тасдиқни исботлаш учун ҳужжатлар тўплашга ҳам ҳожат йўқ деб ўйлайман. Бироқ, оддий кишиларга янада тушунарлироқ бўлиши учун ҳаётда учраши мумкин бўлган барча гумонлар, эҳтимоллар ва шубҳаларни санаб ўтмоқдаман.

Шундай қилиб, портлашлар ташкил қила олиши мумкин дейилган гуруҳларни юқорида санадим ва уларнинг мамлакат ичидаги ва унинг ташқарисидагилари ҳам  ундай ҳаракатни истаган ҳолларида ҳам бунга қўл ура олмасликларини, қўл уришга имконлари ҳам йўқлигини ва уларнинг ундай ишларга имкони борлари эса, ақлдан озмаганликларини кўрсатдим.

Умуман ўша 16-февралдаги портлашларни амалга ошира оладиган, қанчалар маблағ сарфлаб, қанчалардир одамларни жиноятга ўргата оладиган ҳеч қандай бир гуруҳ Ўзбекистонда йўқ эди деб кескин хулоса қилса  бўладими? Тўғри, бундай саволга даф дурустдан ҳа, йўқ эди деб жавоб бериш етарли бўлмайди. Бу ерда, бу саволга «йўқ, Ўзбекистонда шундай гуруҳлар бор», деб жавоб беришга ҳам асос бор. Аммо бу жавоб яна Ўзбекистон ҳукумати органларига олиб боради. Бундай одамларни ҳам, гуруҳни ҳам яна “жаноб” Каримовнинг ўзининг атрофидан излашга тўғри келади. Ундай одамлар, Каримов “жаноб”ларининг атрофида сўзсиз мавжуддир. Каримовнинг атрофида, на фақат бундай «ўйинларни» ташкил этиш, ҳатто истаган дақиқада Каримовнинг кулини кўкка совурадиган одамлар ва гуруҳлар ҳам мавжуд. Улар кимлар? Улар камида уч гуруҳни ташкил этадилар. Биринчи гуруҳ, президент маъмурияти; иккинчи гуруҳ, Ўзбекистон Ички ишлар Вазирлиги; учинчи гуруҳ, Республика хавфсизлик хизмати комитетидан иборатдир. Бу гуруҳларнинг молиявий ва қурол топиш имкониятлари ҳақида сўзлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо булар, Каримовга қарши ўшанақа акциялар бошлаш даражасига кўтарила олдиларми? Бундан ташқари, бундай мақсадсиз, Каримовнинг арвоҳига ҳам яқинлашмайдиган, қуруқ бегуноҳ кишилар ўлимига сабаб бўладиган ваҳима, пўписа уларга бугун зарурми? Менимча, бу учала гуруҳ ҳам ҳали бундай қатлис ҳаракатлар содир этиш даражасига кўтарилмади ва улар Каримовга қарши бундай ҳаракатга тайёр эмас. Иккинчидан, бу портлашлар суиқасд ёки Каримовга пўписа қилишга ҳеч ўхшамайди. Демак, портлатиш, Тошкентдаги 16-феврал жиноятлари Каримов шахсига ва унинг жонига қасд қилиш билан ҳеч қанақа алоқаси йўқ, деган хулоса қилиш керак бўлаяпти. Буларга қарамасдан, бундай қатлис ҳаракат қилиниши мумкин бўлган яна бир қатор имконларни санайман.

Масалан, Ўзбекистон ҳудудида Чет давлатлар томонидан шунақа жинойи ҳаракатлар содир этилиши мумкинми эди ва уларни тахминан қайси давлатлар бажара олиши мумкин? Ҳа, бундай бўлиши ҳам мумкин эди, албатта. Бу саволга мулоҳазасиз, мантиқсиз жавоб қилинса, ўшандай иғволарни, дунёнинг бир қатор буюк давлатлари Ўзбекистон ҳудудида ташкил этиши мумкин. Лекин бу буюк мамлакатлар бундай пасткашлик билан шуғулланмайдилар. Уларнинг ҳар бири истаса Каримовнинг тақдирини бир соат ичида унақа портлашларсиз ҳал эта олиш қудратига эгадирлар. Аммо Каримовнинг жони ва мансаби уларга бугун мутлақо зарур эмас. Аксинча, Каримовнинг ҳукмда сақланиши уларнинг мақсадларига тўла мос келади.

Сўнг замонларда диктатор Каримов Тожикистон билан муносабатларда ўзини ноқулай сезмоқда. Унинг тожик қуролли мухолифати билан муносабатлари ҳам ерида эмас. Балки, тожиклар диктаторни «чўчитиб» қўйишни истагандирлар?! Бунга ҳам тафаккур чопмайди. Чунки Тошкентдаги портлашлар ҳисоби йўқ мақсадсиз, бошқа тарафдан жуда содда кўринишда ташкил этилган. Тожикларнинг ҳукуматига ҳам, унинг муҳолифатига ҳам  бунақа мақсадсиз ваҳима нимага керак?

Навбатдаги ташқи гуруҳ-бу Афғонистондаги «толибон» ҳаракатидир. Чунки Каримов Россия билан бирга кўпдан «толибон» гуруҳига қарши сиёсат юргизиб келаётир. Масалан, генерал А.Дўстум гуруҳини Каримов жон-жаҳди билан қўллаб-қувватлагани жаҳонга маълум. Ҳақиқатан Афғонистонда «Толибон» ҳукумати И.Каримов режимига ва унинг шахсига жуда совуқ қарайди. Аммо «Толибон» ҳукумати Каримовни ёмон кўришлигини, уни ёқтирмас-лигини Ўзбекистонда мақсадсиз, маъносиз ваҳималар ташкил этиш билан ифодалашга ҳожат бормикан? Ундан ташқари “Толибон” ҳукумати шунақа қудратга соҳибми?

Юқоридагилар кўрсатадики, Тошкентдаги мақсадсиз жиноятга ташқаридан бирорта куч ёки гуруҳ аралашмаган. Бундай қилишга уларда ҳеч қандай моддий, маънавий, мантиқий ва сиёсий манфаат йўқ.

Ҳақиқат шулки, 1999 йил 16-февралда Тошкентда портлаш содир бўлди, қурбонлар бор. Ўзбекистон ҳукумати, ҳатто Каримовнинг шахсан ўзи портлашлар овози тинмасданоқ, бу «Каримовга суиқасд», деб эълон қилди. Шундай қилиб, Тошкентдаги портлашлар ҳақидаги илк хабарни Каримов жаноблари ўзлари ўз оғизлари билан хабар қилди. Нега бунчалар шошма-шошарлик, нимага бунчалар ишонмаслик? Нима, энг илк хабарни мамлакат президенти ўзи эълон қилмай, Давлат ахборот воситалари Ўзбекистон ҳукумати жадал хабарлари ёки унинг баёноти сифатида ахборот берса, воқеаларнинг, ҳодисанинг аҳамияти ўзгариб қолармиди?! Ҳа-да, агар бошқа бирортаси хабар қилса, воқеани бошқача эълон қилиши ёки бошқача сўзлар, иборалар қўлланилиб, ҳодисанинг  асл мақсади очилиб кетиши мумкинда, ахир.

Портлаш ва уни дарҳол Каримовнинг шахсан ўзи ўзига суиқасд, деб эълон этиши жуда шубҳали бир ҳолдир. Буларнинг барчаси, портлашларни ташкил этганлар ва «жабр- дийдалар» ҳақида, улар орасидаги боғланишлар, балки муносабатлар ҳақида кишини кўп ўйланишга мажбур этадиган факторлардир.

Шунинг учун такрор-такрор, бу мақсадсиз, маъносиз, мантиқсиз фақат гуноҳсиз фуқарони қурбон этишдан бошқа ҳеч нарсани кўзда тутмаган ёвуз жиноятни ким ташкил қилди ва амалга оширди, деб сўроқ қўйишга тўғри келмоқда. Аммо мен бу мудҳиш хабарни эшитганим ҳамон жиноятчилар Каримов атрофида, деган хулосага келдим. Бу яшин тезлигида мияга урилган илк ҳис эди. Шунга қарамасдан, «Демак, Каримовнинг мустабид режими тугаш нуқтасига келмоқда. Ҳа, бу режимнинг сўнгги аянчли бўлиши ҳақида доим сўзлаб ва ёзиб келдим. Чунки бу режимнинг оқибатини башорат қилмоқ учун алоҳида талант, қобилият зарур эмасди. Лекин биз, Каримов қочиб қутулар, аммо бечора бегуноҳ аҳоли катта қурбонлар бермасайди, деб хавфсилардик. Бугунги бу мақсадсиз портлаш, бизнинг огоҳимиздан илк даракми, деб қўрқаман. Оллоҳим ёмонликлардан Ўзинг сақлагайсан!», деб блокнотимга ёзиб қўйдим.

Дарҳақиқат, Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукуматининг «барқарорлик» номли сиёсатидан доим қон ҳиди келарди. Чунки биламизки, Каримов ҳокимияти илк бошиданоқ бегуноҳ инсонлар қони устига қурилди. Каримов ҳокимиятга келибдики, Қўқон, Ўш, Оқ-Қурғондаги қонли воқеалар. Тошкентда 1992 йилнинг бошида студенларнинг қони тўкилиши ва бугунги 16-феврал ҳодисаси. Кўраяпсизми, бу ҳокимият, Каримовнинг бу «барқарорлиги» ҳамон инсонлар, фуқаро қони ва кўз ёшлари ҳисобига тик сақланиб турибди.

Юқоридаги фикр ва хулосалар оғиздан-оғиз эшитган хабарлардан чиқарилганди. 1999 йил 24 феврал куни Берген шаҳар кутубхонасида «Комсомолская правда»(КП) газетасининг 18.02.99 й. сонини ўқидим. Бу ерга, яъни Норвегиянинг Берген шаҳрига рус тилида биргина КП газетаси 4-5 кун кечигиб, баъзан бир ҳафта кечикса ҳам келиб турар экан.

Газетадаги хабарга кўра, Тошкентдаги портлашларга 1998 йили мансабидан туширилган баъзи шахс ва гуруҳлар аралашган, деган фикр олға сурилади. Бу фикр менимча мутлақо асоссиз. Чунки биринчидан, Ўзбекистонда мансабдорлар тўласинча порахўрликка асосланган системада ишлашади. Шунинг учун бу ерда бирор амалдор мансабидан туширилса, демак унга жиддий, яъни ҳақиқий ўғри- жиноятчи тамғаси босилган бўлади. У қамалмай ташқарида юрганидан минг марта рози бўлган бўлади. Унинг (ҳатто улар-амалдан туширилганлар бир гуруҳ бўлсалар-да) қўлидан ҳеч бир иш келмайди. У ёки улар мансабидан тушурилиши ҳамон ҳеч қанақа ҳаракатга қодир бўлмайдиган ҳолатга келтириб қўйилиб, тўла ва батамом сафдан чиқариб ташланади. Мансабида давом этаётган кечаги кунлардаги улфатлар, шерикларнинг барчаси бугун ундан (улардан) ўзларини нари олишадиган бўлиб қолишади. Шунга кўра, улар Тошкентдаги портлаш сингари ишларни режалаштириш ва унга ижрочи топиш, ёллаш, маблағ тўплаш ва сарфлаш каби кўп тормоқли вазифаларни бажаришга мутлақо қодир эмаслар. Иккинчидан, жиноят ниҳоят даражада мақсадсиз, мантиқсиздир. Мансабдан тушган, шартли равишда қамоқдан ташқарида юрган киши ёки кишилар гуруҳи бундай мантиқсиз, қатлис қадам қўя олиши ақлга сиғмайди.

Газета, 1998 йили мансабдан кетганлар, деганда кўпроқ И. Ҳ. Жўрабеков шахсига уруғи беради. Мен эса, И.Ҳ. Жўрабековни мансабдан четлашган, деб ҳисобламайман. Чунки Жўрабеков чиндан ҳокимиятдан кетган бўлса, Каримов ҳокимияти ҳам узоқ яшамайди. Менимча, Каримов бу ёруғ дунёда Жўрабековдан ажрала олмайди. Тескариси ҳам худди шундай, яъни Жўрабеков ҳам Каримовдан тирик ажрала олмайди. Уларнинг бири бошқасини ўлдира олишмайди ҳам. Уларнинг бири иккинчиси жонига қасд қилди, демак, ўз жонига ўзи қасд қилди бўлади. Ўз жонига қасд қилувчи инсонлар Каримов ва Жўрабековларга мутлақо ўхшамайди. Мустақил Ўзбекистоннинг ўтган 8 йили уларни бир-бирига шундай боғладики, энди улар яшаса ҳам, ўлса ҳам бирга бўладиган бўлиб қолдилар.

Модомики, Жўрабеков ҳозир расмий равишда иш кобинетидан четлаштирилган экан, бу иш унинг фаолиятида камчиллик ёки у тарафидан порахўрликни ривожлантириш содир бўлгани учун эмас, аксинча, Каримов ва Жўрабековнинг биргалашиб пора олиш йўли билан мислсиз кўп бойлик ва тўпланган мулкларини, Ўзбекистон табиий бойликларини ўз фойдаларига тўла ва батамом ўзлаштирганларини қисман ниқоблаш мақсадида амалга оширилган навбатдаги найранг, ўйин бўлиши мумкин, холос.

Демак, И.Жўрабеков ва И.Каримов бир-бирига қарши ишламайди, ишлай олмайди. Киши табиати шундайки, у ўз шахсига ўзи қарши ишлай олмайди.

Кўринаяптики, КП газетаси ўртага ташлаётган тахминларда ҳам ҳеч қандай мантиқий ва далилий асос йўқ. Бу ерда ҳам бир томондан портлашлардан ҳеч қандай манфаат кўринмайди, иккинчи тарафдан такрор ўртага портлашларнинг, уларни содир этганлар учун мақсадсизлиги кўндаланг бўлади. Ахир, портлатишдан мақсад нима? Суиқасдми, пўписами ёки оддий ўйин, машқми?! Суиқасдни қўя туринг, ўйин ёки оддий машқ ҳам бундай бўлмайди-ку, ахир.

Тошкентдаги портлашлардан хабар топган ҳамон мана шуларга ўхшаш бир қатор эътироз ва тахминлар қилган бўлсамда, уларни Ўзбекистон давлат хавфсизлик бошқармаси (эскида совет КГБ-си аталувчи) ёки Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Каримовни қўрқитиш учун пўписа ташкил этганмикин, бу Ўзбекистон ҳукумати ички ихтилофлари ташқий кўриниши бўлса эҳтимол, деган хаёлга ҳам боргандим. Аммо воқеаларнинг ривожи, уларни ислоҳ этиш, «жиноятчиларни» тутиш, уларни тергов ва маҳкама жараёни менинг бу илк хаёл ва хулосаларимга бир қатор қўшимчалар киритди. Қуйида ўша қўшимчалар ҳақида сўз кетади.

яқин мавзу