Бешинчи бўлимнинг давоми:11 – 1998 – йилдаги воқеалар.

11. 1998 йил ва бизнинг (менинг оила аъзоларимнинг) муҳожирлик мақомига эга бўлишимиз ҳақида.

Шундай қилиб, 1998 йил бошидан бошлаб биз неваралар билан биргаликда одам боши ўн бир киши Истанбулда яшай бошладик. Бундан кўринадики, уй кирамиздан ташқари ўн бир кишининг еб-ичиши ҳам бир мунча маблағ талаб қиларди. Кийниш бор, юришларимиз (ҳар доим бўлмаса-да), баъзан-баъзан бўлса-да шаҳар кезишишимиз бор, дегандай ҳаммаси пул талаб эди, ахир. Бунча кишининг фақат ҳадяларга қараб қолиши жуда оғир бир ҳолатлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Демак, бу замонга келиб, менинг оиламда фақат кун кўриш – тирикчилик масаласи ҳам энг асосий муаммога айланганди.  

Ҳали 1997 йилдаёқ Истанбулга келиб улгурган қизларимдан фақат биттагинаси бу ерда ишларди, яъни у ўз кунини, ўз тиричилигини ўзи ўтказарди дейиш мумкин эди. Куёв йигит ҳам таржимонлик билан якка ўзининг кун кечиришига амал бўла оладиган имконга эга бўлса-да, унинг икки боласи ва хотинининг кун ўтказиши масала бўлиб қолаётганди. Аммо қолганларимиз тўласинча ёрдам, ҳадялар билан кун ўтказмоқда эдик. Шунинг учун тахминан 1998 йил март ойларидан бошлаб, жиддий бир шаклда тинмасдан иш ахтардик. Лекин Истанбулда иш топиш унча енгил бўлавермади. Истанбулда яшавчи, ўз хусусий дорихонаси бор Собирбей исмли бир ўзбекни танирдим, охирий бир куни ундан доктор қизни ишга жойлаштиришга маслаҳат ва ёрдам сўрадим, У бизни шаҳардаги бир-икки хусусий поликлиникалари бўлган докторлар билан таништирди. Аммо улар бизга иш бериша олмадилар. Чунки биринчи тилимизда ҳали етишмовчиликлар сезиларли бўлса, бошқа тарафдан (энг муҳими) ҳукумат(Туркия ҳукумати)дан ишлашга ижозат бўлиши лозим эди. Ҳақиқатдан ҳам шундай эди. Қизлар, доктор қизим ҳам, компютерчи қизим ҳам туркчани оддий муомалага етарли даражада ўзлаштирган бўлсалар-да, мутахасисликлари бўйича етарли даражада муомала  қила олмасдилар дейиш мумкин эди. Шундан сўнгра доктор қиз мутахасуслиги бўйича бироз практика қилиши ва дориларнинг Туркиядаги атамалари билан танишиши учун Собирбей унга дорихонага келиб, дорихона сотувчиларига ёрдам этишга изин берди. Дорихона билан биз яшайдиган ер орасида анча масофа бор эди. Бу ерга келиб-кетиш анчагина пул турарди. Шу сабаб Собирбей доктор қизимга йўл кирасидан ҳам бироз ёрдам ташкил этди. Унинг устига дорихонада игна олувчиларни (укол қилишни, Туркияда касаллар уколни поликлиникага ёки дорихонага келиб олишадилар) ҳам менинг доктор қизимга бошқариб қўйди. Бундан ҳам бироз пул тушиб турди, албатта. Лекин бу пуллар денгиздан томчи эди. Барибир ҳали яшашимиз ёрдамлар ҳисобида қолаётган эди. Чунки мен, хонимим, яна бир қизим ҳеч ерда ва ҳеч қанақа кирим келадиган иш қилмасдик. Неваралар 5 ёшдан 9 ёшгача бўлган гўдаклар эдилар.

Компютерчи қизим(эридан ажралиб келган қизим) билан иш излаб жуда кўп жойларга бордик. Аммо баъзан тил(туркча)даги камчилик, баъзан эса Туркияда ишлаб турган компютер программаларини билмаслик каби қусурлар асар қилиб ишга жойлаша олмадик. Бошқа тарафдан ҳамма жойда ҳукуматнинг ишлашга ижозатини сўрашардилар. Икки марта бу қизимга иш топгандай бўлдик, аммо у ишлар ҳам бизнинг бахтимизга тезда тўхтаб қолаверди. Бир ерда кампания ифлос (инқирозга учираб) бўлиб, иш тўхтаб қолган бўлса, бошқасида секретарлик иши эди, у иш қизимга ҳеч тўғри келмади. Чунки уч болали ва олий маълумотли компютер программистига оддий секретар(машинист)лик ҳеч уйғун келмади. Шунинг учун бу сафар қизимнинг ўзи ишни давом қилдирмади.

Ўзбек(совет) дипломларини Туркияда тиклашга уриниб ҳам кўрдик. Бироқ бу масалада ҳам кўп қийинчиликларни бошдан ўтказдик. Бу масала бўйича Туркия Маориф вазирлигига мурожаат қилдим. Вазирликка қабулга ҳам бордим. Вазирликда эса,  биздан СССРда ўн йилликни (ўрта мактабни) битирганимиз ҳақида гувоҳномани (аттестатларни) сўради. Болаларники бор эди-ю, аммо уларники ҳам Ўзбекистонда қолиб кетганди. Меники эса қаерда қолиб кетганини Оллоҳ биларди, ўзимнинг эсимда йўқ эди. Мен университетни 1962 йилда тугатганман, ўшандан сўнгра бирор марта ҳам аттестатга муҳтожлик сезмагандим. Энди эса булар мендан бундан ўттиз йилдан ҳам бурунги ҳужжатни талаб қилишади. Во, Оллоҳ (туркларча машаллоҳ), бу ҳужжатни бугун мен қаердан топаман?! Демак менинг дипломимни тиклаш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин бўлмай қолди. Болаларнинг ўша ҳужжатларини қандай қилиб, Ўзбекистондан келтирамиз?! Бу ҳам деярли амалга ошмайдиган бир муаммо эди.

Хуллас, санайверсам Туркияда яшашимизни бирор нормал шаклга келтириш  оворагарчили- ги,  ташвишлар жуда бошимиздан ошиб кетди. Ана шундан кейингина БМТ қочоқлар билан ишлаш Бош бошқармаси Анқара бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлдим.

У ерда, БМТ қочоқлар билан ишлаш Бош бошқармасининг Анқарадаги бўлимида мени жуда яхши қабул қилишди ва сўзлаганларимни тушунишдилар ва уларга ишонишди. Затон бор ҳақиқатни, Ўзбекистонда мен ва менинг оила аъзоларим ҳукумат тарафидан қанақа тақиқ ва тазйиқларга маҳкум қилинганликлари ҳақида очиқ ҳақиқатларни сўзладим. Сўзларимга далил сифатида Ўзбекистонда Самарқанд шаҳар ва шаҳар районлари милицияси ва прокуратурасига чақирилганим ҳақидаги бир неча чақирув қоғозларини (повесткаларни) кўрсатдим. Мен Самарқандда шаҳар, шаҳар районлари милиясига ва ўша ташкилотлар прокурутурасига  жуда кўплаб марталар чақирилган эдим. Ватанимдаги шаҳар милицияси ва прокуратурасида мен билан турли хилда сухбатлар ўтказишган ва тушунтириш хатлари ёздириб олишган эдилар. Аммо менда ўша  чақирувларнинг ҳаммаси ҳақида қоғозлар (повесткалар) сақланмаганди. Ҳар ҳолда сақланиб қолган бир нечаси ҳам ҳужжатлар ўрнига ўтди.

Шундай қилиб, менинг болаларим бўлганлари учун икки қизимни (доктор ва компютерчи),  оилалари билан тезда қочоқ мақомида қабул қилишди. Уларга қочоқлик ҳужжати ҳам беришди, бошпона берадиган мамлакатни ҳам кўп ўтмай ҳал қилишди. Ҳар ойда олиб турадиган бироз моддий ёрдам ҳам белгиладилар. Аммо бош муҳожир, бош қочоқ мен бўлишимга қарамасдан ўзимнинг ишим бироз хуржун бўлиб қолди. Чунки мен 1994 йили Руссияда сиёсий қочоқлик мақоми олгандим. Шу сабаб Анқарада менга, «Сиз билан Руссия шуғулланиши лозим ёки сиз уларнинг ҳисобидан чиқиб, ундан сўнгра бизга келишингиз керак», дейишдилар.

Шундай қилиб, менинг такрор Руссияга боришим зарурияти майдонга чиқди. Мен эса, дарҳол Руссияга кета олмасдим. Чунки бунга менда моддий имконият йўқ эди. Ундан ташқари яна бир муаммо(проблем) чиқиб турганди, яъни ҳаммамизнинг Туркияда юриш визаларимиз муддати тугаб қолаётганди. БМТ Комиссариятида бизга визаларни янгилаш лозим, акс ҳолда Туркиядан чиқишларингда проблема бўлади дейишганди. Визаларимизни янгилаш учун эса, биз туркиядан бирор мамлакатга чиқиб қайтадан киришимиз керак бўлаётганди. Биз эса шукрки, каттагина оиламиз, Туркиядан бирор ерга чиқиб келишнинг йўл ҳақи ҳам анча-мунча пул туради. Ундан ташқари қаерга чиқиб келишимиз ҳам масала, Туркиядан қаерга ҳам чиқиб келамиз, ахир? Масалан, Ўзбекистонга чиқилса, у ердан қайтиш муаммоси бор. Нима бўлса-да Туркияга яқинроқ бирор мамлакатга чиқиб келсак деб ўйлай бошладик. Туркияга энг яқин мамлакатлар бу Кибриз ёки Озорбойжон ҳисобланарди. 1998 йил июл ойида бўлганди бу воқеалар. Ўша замон ҳисобида Озорбойжон чегарасига чиқиб келиш учун (йўл ҳақи учун) бизга камида минг доллар пул керак бўлаётганди. Бизда эса, бир доллар ҳам пул йўқ. Унинг устига мен Руссияга бориб келишим зарур унга ҳам ҳеч бўлмаганда фақат йўл учун беш юз керак.

1998 йилнинг биринчи ярими тарихга айланган бир замонда мен, яъни сиёсий ишлар билан бир мунча фаол ишлаб турганлардан бири мана шунақа ечимини топиш жуда ҳам енгил бўлмаган ҳаётий муаммолар олдида якка ўзим турардим. Буларнинг барчасига ечим топишим ҳам зарур ва шарт эди, бошқача ҳеч бир йўл йўқ эди.

Оллоҳга ҳамд бўлсинки, туркиялик дўстлар бизнинг бу ишимизга ҳам ёрдамга келдилар. Уларнинг барчасидан Оллоҳу таоло рози бўлсин. Визаларимизни янгилаш учун Озорбойжонга чиқиб келадиган бўлдик. Ўн бир кишилик оиламнинг Туркиядан Озорбойжонга чиқиб келиши учун зарур бўлган бутун харажатларни Азиз Маҳмуд Худойи Вақфи ўз зиммасига олди. Ўзимнинг Россияга бориб келишимга керакли харажатларни эса, бошқа бир туркиялик мусулмон киши ўз устига олди. Уларнинг ҳаммасига миннатдорчилигимни билдираман ва уларнинг барчаларидан такрор Оллоҳ рози бўлсин дейман.

Шунақа визаларимизни янгилаш сабаби билан Туркиядан Озорбойжонга  чиқиб келишга тайёргарлик ва уни амалга ошириш, ва бошқа бир қатор юмушлар билан 1998 йилнинг августига келиб қолдик. Оқибатда визаларимиз янгиланди. Йилнинг август ойи 25-нчисида  эса, мен Россияга жўнаб кетдим. Менинг Россияга бориб келишим учун сал юқорида айтилгани каби туркиялик мусулмон қардошлар менга икки минг доллар пул тўплаб бердилар. Ўша замонда менинг паспортимда  ҳам проблема бор эди. Яъни менинг паспортим эски совет замонидан қолган советларнинг чет давлатга чиқиш паспорти эди. Бу паспорт билан 1997  йилнинг кузидаёқ Москва аэропортидан Истанбулга мени чиқаришмагандилар. Шунинг учун бу сафар Россияга киришимда ҳам ўша ҳолат қайтарилиши мумкин эди. Ўшандай эҳтимол бўлганлиги учун ҳар эҳтимолга қарши Россияга ҳаводан эмас, ер транспортида кириб боришни планлаштирдим. Хуллас, Қораденгиз орқали Туркиядан Украинага  ва темир йўли орқали (яъни поездда, чунки бу йўлда паспорт назорати бир мунча енгиллироқ эди) Украинадан Россияга, яъни Москвага етиб олдим.

Россияга етиб келганимдан БМТ қочоқлар билан ишлаш комиссариатининг Москвадаги бўлимига бориб аҳволни уларга арз қилдим. У ерда мени Аня Алексеева исмли бир аёл қабул қилиб, мен билан суҳбатлашди ва менинг барча ҳужжатларимни 1998 йил ноябр ойининг бошигача ҳал қилиб беришни ваъда қилди. Анқарада болаларим қайси мамлакатга кетиши белгиланган бўлса, мени ҳам ўша мамлакатга, яъни Канадага муҳожир этиб қабул қилдиришларини ҳам ваъда қилди. Чунки Туркияда менинг болаларим Канадага кетишлари белгиланган эди. Менинг ҳожатимни битириш муддатини бироз узоқ айтган бўлса-да, А. Алексееванинг жавобидан мен мамнун бўлдим. Чунки ҳеч қандай ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмасдан менга тегишли масалани ҳал этишни ваъда қилаётганди, ахир. Фақат энди буларнинг қарорларини кутиш учун Москвада икки ой яшашим зарур бўлиб қолди.

Москвадаги танишларим мени москвалик бир хонали квартираси бор кишининг уйига ижарада туришга жойлаштириб қўйишди. Квартира эгаси уйда бир ўзи яшаркан. Мен унга хонадош бўлдим. Ижара ҳақи ойига 100(юз) доллар бўладиган бўлди.

Шундай қилиб, мен БМТ қочоқлар билан ишлаш коммисарияти Москвадаги бўлимининг қарорини кутиб юравердим. Аммо бу орада менинг Москвада юрганлигим ҳақида Ўзбекистонга бир “яхши” одам хабар жўнатади. Ўзбекистондаги “ўзбек”лар эса, Россиянинг махсус органларига мени жавобгарликдан қочиб кетган жиноятчи сифатида Ўзбекистонга қайтаришларини талаб қилиб хат юборадилар ва бу муҳим “мактуб”га жонажон  Ватанимда менинг устимдан  очилган ясама жинойи ишларнинг бирини тиркаб қўядилар.

11.1 Москвада қамоққа олинишим ҳақида бъзибир тафсилотлар. Ниҳоят, Россияда мени 1998 йил ноябр ойининг 3-нчисида қамоққа олиш қарори чиқади ва бу қарорни амалга ошириш лозим бўлган органлар ўша куниёқ уни амалга оширадилар. Шундай қилиб, мен 1998 йил 3 – ноябрда кечқурун соати 19-ларда Москвада яшаётган ижара уйдан Москва шаҳарида Петровка 38 номи билан дунёга машҳур бўлган Россиянинг қамоқхонасига олиб кетилдим.  Бу ерда терговсиз, жиноятимнинг нимадан иборатлигини ҳам билмасдан саккиз кун ўтирдим. Унинг олти куни давомида мени ташқаридан бутунлай ажратиб қўйдилар. Ҳеч кимга ҳеч қандай хабар қила олмадим. Москвада бир ўғлим ишлаётганди, унга ҳам хабар беришмадилар. Қамоқда ўтиришимнинг 5-чи ёки 6-чи куни эди шекилли, мени бир хонага чақиришди. У хонада уч киши ўтиришардилар. Улардан иккитаси мени шу ерга қамоққа олиб келган одамларди. Учинчиси қолган иккисидан ёш жиҳатидан ҳам, жусса жиҳатидан кичикроқ, бироқ каратистга ўхшаш бир ёлтанглаган, кисавурга ҳам ўхшаб кетадиган бириси эди. Ҳар ҳолда уни лозим бўлса менга жисмоний куч ишлатишга қўлланиш учун келтиргандилар. Оллоҳга шукрки, масала жисмоний куч қўлланишга бориб етмади. Бу уч кишининг (аслида иккитасининг) терговидан мақсад, менда қанча пул борлигини аниқлашдан иборат эди, шекилли. Чунки улар  асосан менда қанча пул борлигини суриштиришдилар. Мен уларга Туркиядан 2000 (икки минг) доллар пул билан Россияга кирганлигим ҳақида ҳужжатлар билан жавоб қилдим ва августнинг охирларидан (сентябр ва октябр ойлари тўласинча) буён Москвада яшаётганлигим ва ойига юз бакс квартира ҳақи тўлаётганим ҳам факт эди. Бунга кўра менда қанча пул бўлиши мумкинлиги кўриниб турарди. Менинг терговчиларим 3-ноябрда мен яшаётган уйни ва у ердаги шароитни ҳам ўз кўзлари билан кўришганди. Шуларнинг барчаси бирлашиб, ҳар ҳолда менинг жавобларим уларни қаноатлантирди ва бошқа сўроққа тутишмадилар.

Мен, ана шу терговчилардан менинг қамоқдалигимни ташқаридаги ўғлимга хабар қилишларини илтимос қилдим. Суҳбатимиз оқибатида бу терговчилар менинг кимлигим ҳақида бир мунча ижобий хулосага келишгандилар, шекилли.  Чунки улар менинг илтимосимни эътиборсиз қолдиришмадилар. Ниҳоят ўғлимга менинг аҳволим ҳақида хабар етишди. Ана шу воқеадан сўнгра менинг тақдирим билан Москвадаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва москвалик мусулмон қардошлар шуғулланишни бошлаб юборишдилар. Улар Москва шаҳрида мени озод қилиш комитети тузишдилар(а – расмга қаралсин). Уларнинг мурожаатлари бутун дунёга тарқатилди. Экспресс Хроника газетаси менинг асоссиз қамоққа олинганим ҳақида хабар эълон қилди(б – расмга қаралсин). Россия Федерацияси бош прокурори Ю.И. Скуратов номига, МДҲ (СНГ) ишлари бўйича ва ватандошлар билан алоқалар Комитети Раисининг ўринбосари, Россия Давлат думаси депутати В Игрунов имзоси билан менинг ишим адолатли қараб чиқилиши сўраб ёзилган мактуб(в – расмга қаралсин); худди шундай мазмунда Халқаро ҳуқуқ ҳимояси Ассамблеяси Президенти, Росссия Давлат думаси (1990-1993 йиллар) депутати М.Г Арутюнов номидан Россия Федерацияси Ички ишлар вазири С.В. Степашинга жўнатилган мактуб(г -расмга қаралсин); Халқаро, Россия ва Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ва демократик мабуот органларига тарқатилган хабар(д – расмга қаралсин) каби сай ҳаракатлар менинг Ўзбекистонга бериб юборилмаслигим ва Россия қамоқхонасидан озод бўлишимда қиммати бениҳоя муҳим бўлган ҳужжатлардир. Ўша замон мени Ўзбекистон ҳукумати сингари жаллодлар ихтиёрига бериб юборилмаслигим учун баҳоли қудрат ва фаол ҳаракат қилишганларнинг барчасидан мен чексиз миннатдорман. Уларнинг барчасига Оллоҳнинг раҳматлари бўлсин. Менинг Ўзекистонга қайтариб юборилмаслигимда ана ўша Комитетнинг беқиёс хизматлари бўлди. Шу ерда ҳақиқат юзасидан шуни ҳам қайд қилишим лозимки, “Эрк“ партияси номидан унинг раҳбари М. Солиҳ менинг аҳволим ҳақида ҳамдардлик ва менинг бу аҳволимга ўз сиёсий муносабатини билдирди. Бу тақсинга лойиқдир, албатта. Муҳтарам М.Солиҳга ҳам бу ҳамдардлик учун миннатдорчилик билдиришни ўзимга қарз деб ҳисоблайман. Аммо ўша вақтларда ҳали ҳаракатдошим, ҳатто ўша замонлар “Бирлик“ ҳаракатининг раисдоши ҳисобланган А. Пўлатов ва Марказий Осиёда “инсон ҳуқуқларини ҳимоячиси” номини ташиб юрган Абдуманноб Пўлатов, мен русларнинг қамоқхонасида ётган вақт сукут сақлашни ўзларига эп кўрдилар. Нима ҳам деймиз, эркин фикрлилик деганлари шунақа бўлса керак-да.

Петровка-38-да ўтиришимнинг саккинчи куни кечаси бир маҳал мени, бир қанча жойларга олиб боришди. Билмадим, неча марталар текширувлардан ўтказишди, қайсидир бармоқларимнинг изларини олишди, турли хил туришда расмларга туширишди ва ниҳоят тонгга яқин  мени Москва шаҳар Мотросская тишина номли қамоқхонага етказишди. Бу Мотросская тишина деб аталадиган жойни ёруғ дунёнинг жаҳаннами дейилса, унга мос таъриф берилган бўлмайди. Ана шундай жаҳаннамдан ҳам баттар ёруғ дунёнинг бир жойида  26 кун ўтиришимга тўғри келди. Аслида 26 кун ўтирдим эмас, тикка турдим десам ҳақиқатга яқин бўларди.

Ўзбекистон режими қўлига топширишни истаган ўша “яхши” одам ёки одамлар ким ва кимлар эди? каби савол, мени ўша 1998 йил ноябридан то бугунга (2009 йилга) қадар ўйлантиради??? Ҳа, у ким ёки улар кимлар эди? Эй бутун мавжудоднинг Подшоҳи Буюк Оллоҳ! Ўша “яхши”ларнинг ҳам исми шарифлари ошкор бўладиган замонларни ҳам кўриш насиб бўлармикан?  

1998 йилнинг августида Москвага келиб БМТ комиссариятига мурожаат қилганимдан кейинги олдимда турган икки ойлик  муддат ичида ҳикоямизда исми кечган Москвада ўтирадиган ўзбекистонлик Ҳамид Расулевни ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Маркизий Осиё гуруҳини зиёрат қилдим. Ўша вақтлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳининг масъул ходими Абдуфаттоҳ Маннопов (бу одамнинг исми ҳам юқорида келтирилди) бўлиб, мазкур гуруҳни йўнатарди.  Булардан ташқари москвалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири Виталий Пономаревнинг идорасига ҳам бир марта кириб чиқдим. Чунки бу киши Ўзбекистонга бориб келиб турарди.У менинг Самарқанддаги уйимни ҳам зиёрат қилганди. Шу сабаб ундан баъзи сўроқларимга жавоб оларман деб ҳисоблагандим.

Менинг ҳисобимга кўра, менинг Туркиядан Москвага келганимни ҳозиргина  исмлари келтирилган ана шу уч кишидан (Ҳ.Расулув, А. Маннопов ва В. Паноморев) бошқа ҳеч ким билмасди. Аммо А. Маннопов, менинг ўша Москвадаги ҳаётим давомида бир куни мени деярли мажбурий бир шаклда Москвада вақтинча яшаб турган бошқа бир ўзбекникига (бунисининг исмини унутдим) меҳмонга олиб борди.  У ўзбек, Қўқонлик бўлиб, Москвадан Ўзбекистонга дори-дармон олиб бориб сотиш билан шуғлланаётган экан. Аслида бу ўзбекни мен Тошкентда “Бирлик“нинг мажлисларида ҳам бир-икки сафар кўргандим, бироқ яхши танимасдим, бунга қадар ҳеч бир вақт  у билан юзма-юз бўлмагандим ва сўзлашмагандим. У Афғонистон урушида қатнашган, бир қўлини урушда йўқотган, инвалид, мутахассислиги ҳуқуқчи (адвокат) бўлган бир киши эди. Ёш жиҳатдан мендан анча кичик ёшда бўлиб, менинг болаларим қатори (кўпи билан 30-35) ёшлардаги бир одам эди. Мен ўша ўзбекнинг Москвадаги квартирасига Абдуфаттоҳ Маннопов томонидан деярли мажбуран келтирилдим. Ўша уйга келганимиздан кейин А. Маннопов қандайдир бир баҳона билан тезда қайтиб келаман деб уйдан чиқиб кетди ва бошқа қайтиб келмади. Вақт кечаси бир маҳал бўлди, аммо тезда қайтиб келадиган Абдуфаттоҳдан дарак йўқ эди. Ниҳоят мен ўша кеча қўқонлик ҳамюртимнинг уйида ётиб қолишга мажбур бўлдим. Бироқ мен уникига келаётганимда бундай ҳолатга тушириб қоларман деб ўйламагандим, ўйлашим ҳам мумкин эмасди. Аслида уникига боришни ҳам ҳеч истамагандим. Аммо нима ҳам қилардим, аҳвол ўшандай бўлди. Абдуфаттоҳбой мени у ерда ипсиз боғлаб кетди.  Ўша кеча табиийки у ҳамюртим билан сиёсат ҳақида ҳам бир қатор гап-сўзлар қилдик, албатта.

Шундай қилиб, Оллоҳ мени ислоҳ этсин деб айтаманки, менинг Москвада юрганлигим ҳақида Ўзбекистонга ана шу уч-тўрт кишилар тарафидан хабар қилинган дейиш мумкин. Менимча, Ҳамид Расулев бу ишни қилмайди ва қилмади. Демак, қолган уч кишининг бири ёки бир нечаси ўшандай “муҳим“ хабарни Ўзбекистонга етказишган бўлишлари керак. Бошқа кимлар, ахир? 

Хуллас, Оллоҳга шукрки, Россия бош прокуратураси Ўзбекистон тарафидан менга қўйилган жиноят моддаларини асоссиз деб топди. Мен Ўзбекистонга қайтариб берилмайдиган бўлдим ва мени қамоқда тутиш мумкин эмаслиги ҳақида қарор чиқди. Ниҳоят, 36 кунлик зиндон азобидан 1998 йил 7 декабрида озод бўлдим. БМТ комиссариятининг Москвадаги бўлими дарҳол мени сиёсий муҳожир этиб 1999 йилнинг январ ойидаёқ Норвегияга жўнатишга қарор қилди.

Тақдир экан,  юқорида келтирилган сабаблар билан 1999 йил 29 январидан бугунга қадар Ўзбекистон сингари жаннат макон юртдан узоқларда, ер қуръаси қуруқлигининг у бир чети Норвегиянинг Берген шаҳрида муҳожир ҳаётини ўтаб турибман.

1998 йилни қисқача якунлайдиган бўлсак, бу йилни ҳам Ўзбекистон мухолифати ҳаётида жуда сезиларли из қолдирди дейишга асос йўқ. Ҳатто лўнда қилиб, мана бу иш қилинди дейишга арзугулик мутлақо ҳеч нарса йўқ. Бошқа тарафдан бу йилда мендан бошқалар ҳаёти ҳам меникидан жуда катта фарқли бўлмади, кун кечириш учун сарсонгарчиликлар камаймади. Масалан, менинг “Озодлик” радиоси билан олақаларимда ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй берди, яъни 1998 йилнинг иккинчи кварталидан(ҳатто 1997 йилнинг сўнгги кварталидан деса ҳам бўлади) бошлаб у радиода чиқишларимни тўхтатдим. Менимча, (М. Солиҳ мустасно) мендан бошқа баъзилар  ҳам “Озодлик” радиосининг ўзбек бўлимидан ўзларини четга олишдилар. У замонлар “Озодлик” радиосининг ўзбек бўлимини ҳали Яқуб Турон (бу киши Афғонистонли ўзбеклардан эди) бошқарарди. Менинг радиодан ажралишимнинг икки сабаби бўлган эди. Биринчиси, “Озодлик”нинг ўзбек бўлими бу йилларга келиб Тошкент радиосининг Овропа шубасига айлана бошлаганди, ҳатто айланиб қолганди деса ҳам бўларди. Иккинчидан, мен Афғонистон воқеаларида “Толибон” ҳаракатини қораловчилардан эмас эдим. Мен ўзимни, Афғонистон воқеаларида бетараф ва ҳақиқатни айтишни истовчилардан бири деб ҳисоблардим. Ўрни келганда Афғонистондаги воқеаларни ўз назаримга уйғун ифодалашга ҳаракат ҳам қилардим. Ҳурматли Яқуб Турон қардошимиз эса, Афғонистондаги ўша замон воқеалари ҳақида менинг қарашларимнинг тамоман акси бўлган америкача қараш тарафдориларининг ашаддийларидан бўлиб чиқди. Бу ҳам менинг радиодан ўзимни тортишимга сабаб бўлди, албатта.

Бу бўлим хулосасида шуни ҳам таъкидлаш лозимки, 1999 йил бошиларида ҳам ўзбекистонлик сиёсий мухожирлар  сони бироз юқорида келтирилган миқдордан ошмаётганди. Хатто 1999 йил феврал ойида Тошкентда содир этилган машҳум портлашларни Ўзбекистон ҳукумати террористик ҳаракат деб эълон қилганидан кейин ҳам чет эллардаги ўзбек сиёсий муҳожирларининг сони кўпайиб кетмади. Фақат ўша портлашлар сабабли Туркияда яшашаётган ўзбекистонликлардан баъзилари Туркияни тарк этишиб, Овропага келиб ерлашдилар. Булар жумласига Намоз Нормўмин, М. Солиҳнинг ва унинг бир укасининг (Мақсуд Бекжоннинг) оилаларини киритиш мумкин.

яқин мавзу