Бешинчи бўлим: Оилавий муҳожир(мусофир)лик.

10. 1997 йил, менинг ва мен сингари мухолифат вакиллари аталмиш бошқаларнинг фаолиятлари ҳақида.

1996 йилнинг сарсонликлари билан янги 1997 йилнинг бошига келинган бир замонда, биринчидан,  иқтисодий-моддий аҳволим ёмонлашиб, кун кўришим чиндан ҳам иложсиз ҳолга келиб тақалганди. Шу сабабдан фақат кун кўришни эплаш учун ҳам бирор натижали ҳаракатга киришишга мажбур бўлиб қолгандим. Бунинг учун эса, Туркияга кетишдан бошқа дурустроқ вариантни кўрмаётгандим. Бошқа тарафдан мени Туркияга ундаётган  яна бир сабаб ҳам бор эди. Деярли 1996 йил бўйи Москвадаги мусулмонларнинг масжиди ва уларнинг идорасида, ошхоналарида ётиб юрган вақтимда Руссиянинг Саратов вилоятида имомлик қилаётган ўзбекистонли, у ҳам Ўзбекистондаги режим зулмидан қочоқ бир мўлла киши (унинг исми Абдуманнон эди) Туркияда баобрўли бир сиёсий арбоб билан мени учраштиришни ваъда қилганди. Бу учрашувни амалга ошириш учун биз, яъни мен ва Абдуманнон янги йилнинг (1997) феврал ойида Туркияга келишни ваъдалашгандик. Аммо мўлла Абдуманнон ваъдалашган замонимизда Москвага келмади. Уни анча излашга ҳам вақт сарфлаб, Саратовга бир неча марта қўнғироқ ҳам қилдим, аммо Абдуманнонни топиш енгил бўлмади. Қисқаси уни мен Руссиядан топа олмадим, яъни менинг излаш усулларим Абдуманонни Руссияда топишга ёрдамчи бўла олмади. Шунинг учун энди Истанбулда ҳалигидек “буюк” учрашув содир бўлмайдиган бўлса-да, кун кўришимни бир ёқли қила оларманми деган ниятда Оллоҳга таваккал етиб, якка ўзим Туркияга келишга қарор қилдим.

Янгилишмасам, 1997 йил март ойида (хотирам алдамаса, 21 март эди) Туркияга (Истанбул) келдим. Аэропортдан (ҳаво лиманидан) Кўксал Устага (бу қардошимиз ҳам 1991 йили Ўзбекистонга саёҳатчи бўлиб келишган турклардан бири эди)  телефон қилдим. У ҳаво лиманига келиб мени у ердан олди ва ишхонасига олиб борди.

Айтганимдек, 1991 йили Самарқандга бир қатор Туркиялик иш одамлари, зиёлилар келишгандилар. Уларнинг бир қисми ўша замонларда бизлар, Самарқандлик «Бирлик»чилар билан учрашиб, танишгандилар. Туркияга келишга жазм қиларканман, менда энг аввал ана ўша дўстлардан бирор ёрдам бўлар, деган умид ҳам бор эди. Мени ҳаво лиманида қаршилаган киши, Кўксал Уста ўша  ажойиб дўстлардан бири эди. Бундан кейинги икки йилга яқин Туркияда ўтказган ҳаётим кўрсатдики, менинг умидимда жон бор экан. Кўксал ва унга ўхшаш 1991 йилда Ўзбекистонга саёҳат этишган бошқа дўстлар менга, оиламга кўп моддий, маънавий ёрдамлар этдилар. Уларнинг барчасидан Оллоҳ рози бўлсин.

Шундай қилиб, 1997 йил март ойидан бошлаб Туркия ҳаётим ҳам бошланди. 1996 йилнинг сўнггида Москвада яна бир Туркиялик дўст билан ҳам танишган эдим. Унинг исми Ҳамид эди. Ҳамид, Москвада Туркия ва Руссия ўртасида қатнайдиган  чартер учоқларга билет сотиш билан шуғулланадиган ширкат ташкил этган киши эди. Мен Туркияга, яъни Москвадан Истанбулга бориш учун айнан ўша Ҳамиднинг ширкатидан билет олгандим. Шу сабабдан Ҳамид менга Истанбулдаги баъзи дўстларининг телефонларини бериб, Истанбулдаги одамларига бериш учун қўлимга бир омонат ҳам берди. Шунинг учун мен Кўксал қардошнинг ишхонасига келганимдан дарҳол Ҳамиднинг танишларига телефон қилдим. Омонатни оладиганлар икки киши бўлиб тезда олдимга етиб келишди. Омонат оғирлиги ва ҳажми жиҳатидан кичкина бир нарса эди. Унинг нималиги ва аҳамияти қандайлиги Оллоҳга ва уларга аён. Менинг олдимга келишган кишиларнинг бири Жалол ва бошқаси Мустафо исмли эди. Жалол, дегани Ҳамиднинг қайниси бўларкан, Мустафо эса уларнинг тижорат ишлари бўйича шериги  экан.

Жалол билан Мустафо мени ўзимиз меҳмон қиламиз, дейишиб Кўксалнинг қўлидан олиб кетишди. Йўлда маълум бўлдики, бу йигитлар мени бирор меҳмонхонага олиб боришадиларда, у ерда қолдиришади. Бу мен учун жуда қулай бўлмаган бир ҳол эди. Чунки менда пулнинг ҳам тайини йўқ эди. Шу сабаб, мен исталган меҳмонхонада қола олмасдим. Шунинг учун биз арзон меҳмонхона ахтаришга анча вақт кетгаздик. Охир бир жойдан  арзонини топиш мумкин бўлди. Аммо бу меҳмонхона жуда ифлос ва совуқ эди. ”Арзоннинг шўрваси тотлимас” деб беўрин айтилмаганда, ахир. Бу бир томондан, бошқа томондан мен меҳмонхонада яшай олмасдим. Шунинг учун у ерда икки кечадан ортиқ тура олмадим. Ўша Жалол ва Мустафо исмли йигитлар тўғри иш қилишмади. Чунки мен Кўксалнинг олдида қолганимда, у мени ўзи бирор бемалоллироқ ерга жойлаб қўйган бўларди.

Бу воқеалардан сўнгра Истанбулдаги “янги” ўзбеклардан танийдиганим докторга, яъни Намоз Нормўминга (Намоз Нормўминни Истанбулда ҳамма доктор деб аташарди) телефон қилдим. У мени уйига олиб кетди. Н.Нормўминнинг исмини юқорироқда ҳам тилга олгандим. Мен у билан 1995 йилда Туркияга келган вақтим танишгандим. У Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан бўлиб, ”Эрк”чилар ҳисобидан муҳожирликда яшаётганди. Уникида бир кеча ётганимдан сўнгра, у мени Азиз Маҳмуд Худойи Ҳазратлари (Туркиялик машҳур ислом олимларидан бири) исми билан аталадиган Вақифга олиб борди. У ерда Н.Нормўмин мени профессор Комил Йилмаз билан таништирди. Улар менга вақтинча Вақифнинг мусофирхона- сидан жой беришди. Э-ҳа бу ер роса зўр жой эди. Бепул ётоқ, бепул овқат. Оллоҳ рози бўлсин бу дўстлардан. Кейинги 4-5 йилдан буён «Ит ётиш, мирза туриш»да юрган мендай бир киши учун бу жой, ажойиб курортнинг ўзи эди. Оллоҳга шукр қилиб,  жоним тинчланиб қолди. Истанбулдек буюк шаҳарда истаган вақтим ётиб, истаган вақтим юрадиган бўлиб қолдим. Мен учун салкам, мутлақ эркинлик бошланди, бу ерда.

Бу ерга, Вақифга жойлашгандан сўнг  кичик тақсир (бу кишининг исми Муҳаммадамин, собиқ муфти ҳазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг укаси бўладилар, бунисини кишилар ”кичик тақсир” дейишарди. Шунинг учун ҳам шундай атаяпман) билан хабарлашдим. Тўғриси катта тақсирнинг кўрсатмаси билан Муҳаммадамин мени излаб топгандилар. Ўша замонлар А.Пўлатов (мен, фаолларидан бири бўлган “Бирлик” ҳаракатининг раисдоши) ва “Эрк” партияси раиси М.Солиҳ ҳам Истанбулда тўхташгандилар. Аммо бу “лидерлар” билан хабарлашмадим. Чунки уларнинг унисидан (Абдураҳим Пўлатов, 1995 йил Вашингтон учрашувидан сўнгра) ҳам, бунисидан (Меҳаммад Солиҳ, 1996 йили газетачилик фаолиятимизнинг тўхтаб қолишидан сўнгра) ҳам кўнгулим совиганди.

Бошқа бир куни кичик тақсир акасининг илтимосига кўра, мени Истанбулдаги турадиган уйларига таклиф қилиб қолди. Унинг олдига бордим ва шундай қилиб, кичик тақсир, Муҳаммадамин билан ҳам бир ҳафтага яқин вақт бирга яшадим.

Хуллас, Азиз Маҳмуд Худойи Вақифи менга Туркияда доим яшаб турадиган жой тайин қилди. Ниҳоят тақсирнинкидан ўша жойга кўчдим. Менинг бундан буён яшашим лозим бўлган жой туркларда «Ёшлилар ҳузур уйи», деб аталаркан. Биздаги, советлардаги «Қариялар уйи(дом стариков)га ўхшаш бир жой экан. Аммо бу ерда шарт-шароит анча яхши эди. Биринчидан, бу уй фақат эркакларга мўлжалланган; иккинчидан, бу ерда яшаётганлар мусулмон, намоз, рўзасини канда қилмас кишилар. Бу уйдан икки-учта аспирантларга ҳам жой берилган. Мени ҳам ўша аспирантлар ҳисобига киритиб қўйишди. Бир киши яшаши учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминланган хона беришди. Ундан ташқари бу ерда яна бир қатор қулайликлар бор эди. Масалан, уч марта овқат беришарди, ҳар ҳафта кийим-кечакларингизни ювиб беришарди. Бу хизматларнинг барчаси текин, Вақиф ҳисобидан амалга ошириларди. Ана, марҳамат, тўла яшаш шароити мавжуд, бемалол ўтираверинг, яшайверинг.

Дарҳақиқат, мен учун ниҳоят минимум яшаш шароити яратилди. Лекин бу билан менинг шахсий муаммоларим ҳал бўлгани йўқ, албатта. Чунки ўша кунларда, яъни Туркияда эндигина жойлашган кунларимда менинг Ватандан чиқиб кетганимга ҳам тўрт йил бўлаётганди. Бу замон ичида ўзимнинг ва болаларимнинг шахсий, ҳаётий муаммолари ўртада уюлиб қолганди, уларнинг кун кечиришлари ҳам ҳаддан ташқари оғирлашиб қолаётганди.  Масалан, мамлакатда, яъни Ўзбекистонда ишлаш қобилиятига эга болаларимни ишдан, ўқиётганларини ўқишдан ҳайдашган эди. Унинг устига икки бўй етган қизимларимнинг уйланиш проблемлари ҳам сарсон ҳолда тўхтаб турарди. Бу ерда, Туркияда эса, ҳозирча фақат менинг ўзимгагина ўртача яшаш шароити топилди.

Шундай қилиб, бу орада уйда ўтирган икки уйланмаган қизларимни ҳам Туркияга чақириш йўлларини қидира бошладим. Нима бўлса бўлар қилиб, уларни бу ерга келтиришга кириш- дим. Уларни Туркияга қабул қилишда ҳам Азиз Маҳмуд Худойи Вақифидан ёрдам сўраб, профессор Комил Йилмаз қардошимизга мурожаат қилдим. Бу вақт, ўша йилнинг Қурбон байрами арафаси эди. Комил Йилмаз, келтиринг қизларни жой топамиз, деди. Оллоҳ рози бўлсин, Комилбейдан. Мен Комилбейга вақтинча ўша Вақиф мусофирхонасидан жой ажратсангиз, жуда яхши бўларди дедим. У киши байрам кунлари бу ерга қурбонлик молларни сўювчи қассоблар келишади, жуда тиқилинч бўлади, шунинг учун қизларга бу жой тўғри келмайди. Қизлар келаверсин, жой топамиз, ҳеч бўлмаса ўз уйимга олиб кетаман, деди, барака топқур. Шунда қанча хурсанд бўлганимни айтмайсизми? Ана шунақа ташкилий ишларни бажариб қизларимни Истанбулга чақирдим. Улар апрел ойининг бошида Истанбулга келишди. Эртага Қурбон байрами бўладиган кун кечаси икки қизим, (Наргиза ва Фароғатлар) Самарқанд – Москва – Истанбул йўли билан бу ерга-Истанбулга келишди. Уларнинг Самарқанддан Истанбулгача йўл пули ўзбекистонлик бир дин одами тарафидан ёрдам қилинганди. Ўша муҳтарам инсондан ҳам Оллоҳ рози бўлсин.

Қизларим Истанбулдаги Азиз Маҳмуд Худойи Вақифига қарашли қизлар уйига ерлашдилар. Туркияда жумладан, Истанбулда диний вақифлар қошида бир қанча қуръон қурслари, қизлар ва ўғил талабалар ётоқлари каби ётоқхоналар ташкил этилган. У ётоқхоналарда Истанбулдан ташқаридан келишган студентлар яшашадилар. Ётоқда яшовчиларнинг кўпчилиги у ерда яшашлари учун пул тўлайдилар. Шу билан бирга иқтисодий аҳволи заиф бўлган оилаларнинг қизлари, бизга ўхшаш мусофирлар у ерда пул тўламай ҳам туришади. Туркиядаги вақифларнинг жуда кўпчилигида ёрдам сифатида бутун турк жумҳуриятларидан келган ўқувчи ва талабалар учун махсус ўринлар ажратилган. Менинг қизимларим ҳам вақтинча ўшалар ҳисобига киритилди. Улар йилнинг (1997) то сентябр ойига қадар ўша ётоқхонада қолишдилар.

У замонлар туркча сўзлашишни билмасдим. Мен туркларнинг сўзларини бироз англасамда, улар мени бутунлай англамасдилар. Асосий зарур жойларда Доктор бечора менга таржимонлик қилишга тайёр турарди.

Қизларим Истанбулга келишгандан сўнгра  туркчани бироз дурустроқ ўрганиш учун тил ўрганиш мактабига бориш керак, деган хулосага келдим. Бу масалада ҳам яна ўша Вақифга мурожаат қилдик. Улар бизни туркча ўргатадиган мактабга пулсиз (кирасиз) жойлаб қўйишди ва йўл ҳақимизни (яшаш еридан тил ўрганиш мактабигача автобус пули) ҳам Вақиф ҳисобидан ўташдилар. Биз, уч киши, мен қизларим билан икки ой мактабга қатнаб тил, туркча ўрганишдик. Мактабга жойлашишимиз ҳам бир узоқ тарих. Чунки мактабни бепул қилиш учун Вақиф ҳукуматдан фойданалмоқчи бўлди, ўша вақтлар Туркия ҳукумати Рефаҳчилар қўлида эди. Аммо ахир оқибатда шундай бўлди. Бизнинг туркча ўрганишимиз Туркия маориф вазирлиги томонидан ёрдам сифатида амалга оширилди.

Тил ўрганишлари бироз изга тушгандан сўнгра, қизларим ишламоқчи бўлишди, бироз вақт иш изладик. Аммо иш топа олмадик. Иш топа олмаслигимиз сабабларидан бири, бизнинг Туркияда бирор ишхонада ишлашимиз учун Туркия ҳукуматиннг ижозати лозим эди, бу бизда йўқ ва олишнинг йўлини ҳам билмасдик. Иккинчидан, тилни ҳам ҳали етарли даражада ўзлаштирмагандик. Яна ўша Кўксал дўстим бир кичигироқ ширкати бор танишидан қизларга иш топиб берди. Аммо у ерда қизлар узоқ ишлай олишмадилар. Анча ташвишлар билан Истанбулга эскидан келиб қолган ўзбеклар ёрдамида Лолалидан (Истанбулнинг савдо дўконлари жой олган узун бир кўчаси) қизларимнинг бирига (Наргизага) иш топдик. Бизга, яъни Наргизага иш берган киши Аҳмад Ясавий авлодига мансуб эди. Ундан сўнгра қизлар яшаётган ётоқхона мудир ўринбосари Фозилбейдан иккинчи қизимга ҳам икки ойга вақтинчалик иш топишга ёрдам сўрадим. Чунки икки ойдан кейин Фароғат қизим Самарқандга қайтиши зарур бўлаётганди. Шу вақт ичида бироз пул йиғармизми, деб ўйлагандик. Биринчидан, йўл пули, яъни иккинчи қизимни(Фароғатни) Ўзбекистонга қайтариш учун зарур бўлган йўл пули,  иккинчидан, озми, кўпми совға – салом дегандай, иш қилиб, яшашимиздан ташқари бироз пулга муҳтожлигимиз бор эди. Шунинг учун Фозилбейдан бирор вақтинчалик иш топишга ёрдам сўрагандик. Фозилбей (бу одамдан ҳам Оллоҳ рози бўлсин) қандайдир бир иш одамига телефон қилиб, бизнинг муҳтожлигимизни унга сўзлади. У иш одами ишловчи фақат икки ой муддатга бўлса, уни ишга расмийлаштиришнинг қизиғи бўлмайди, мен у иш ахтарган қизга икки ойлик иш ҳақини ёрдам шаклида шундай тўлайман деди, у Оллоҳнинг севган бандаси. Фозилбейнинг ўша танишидан ҳам Оллоҳ рози бўлсин. Шунақа бўлиб, бироз вақтга қизларни ишга жойлаштириш масаласи бир кўримга келди. Энди мана шу олдимиздаги икки ой ичида Фароғатнинг Самарқандга қайтиш йўл пулини тўплаб, уни Ватанга қайтаришни ўйлаётгандим. Фароғат қизимнинг Самарқандгача йўл пулини ҳал қилиш учун бутун имкониятларимдан фойдаланишни мўлжаллаб турган бир орада Доктор мени чақириб, менга, ”Сиз Руссияга туркча таржимон бўлиб борасиз”, деб қолди. Бу замон июннинг(1997) охирлари эди, икки-уч кундан сўнгра Фароғат қизим Самаркандга жўнайдиган бўлиб турувди. Ҳатто Истанбул-Олма-Ота йўлига билетни ҳам гаплашиб қўйган эдим. Чунки Истанбулдан Тошкентга тўғридан-тўғри боришдан кўра,  Истанбулдан Олма Ота орқали Тошкентга бориш бир мунча арзон турарди. Докторга эса бу ҳолларни тушунтирувдим. У буни тўхтадинг, қизингизни ҳам Москвага олиб кетасиз, йўл ҳақини бу иш одами тўлайди, деди. Оқибатда докторнинг айтганидек бўлмаса-да, ўшанга ўхшаш бир ҳол бўлди. Аммо докторнинг иш одами тўғри Москвага эмас, аввал Киевга ва у ердан Руссияга учадиган қарорга келди. Чунки унинг Украинада ҳам бироз иши бор экан. Мен эса, «камбағалнинг бир тўйгани, бой бўлгани» қилиб, қизимнинг йўли ҳам текин бўладиган бўлди, деб бу таклифга рози бўлдим.

Докторнинг бу иш одами ҳали 30-га ҳам кирмаган ёш йигит бўлиб, анчагина ҳовлиқма одам чиқиб қолди. Унинг исми Довуд Албайроқ эди. Довудбей аввалига йўлга чиқавермай бизнинг бир-икки кунлик вақтимизни олди. Шундай қилиб, вақт ўтиб кетиши натижасида бизнинг Олма-Отага жўнаш вариантимизни бекорга чиқарди. Бошқа бир кун эса, Довудбей яна ҳовлиқиб, шоша-пиша жўнаймиз-жўнаймизга тушиб қолди. Оқибат, шошқалоқлик билан йўлга чиқдик ва олдиндан айтилиб юрилган Руссияга эмас, Украинага, Киевга жўнадик.

Хуллас, қизимни Самарқандга жўнатиш Доктор айтгандай иш одамининг ҳисобидан бўлма- ди. Аммо ёлғон бўлмасин, иш одамимиз Довудбейнинг ҳам чай пули дегани сингари бироз ёрдами бўлди. Оқибатда ўзимнинг ҳам бор йўғимни ҳам қўшиб, бир амаллаб,  қизимни (Фароғатни) Киевдан Самарқандга жўнатишимга тўғри келди. Мен эса, Довуд билан Киевда кўмир савдосини, яъни Киевдан Туркияга кўмир келтиришни ташкил қилиш билан шуғулланиб кўрдик. Аслида Москвага кетишимиз лозим эди, аммо Довуд негадир ҳеч Москвага кетайлик демасди. Қаерларгадир телефон қиларди. Лекин Москвага отланишдан дарак йўқ эди. Бир неча кундан сўнгра Москвага сафар масаласи бутунлай кун тартибидан чиқди. Натижада, Киевда қолиб, бу ердаги имкониятларни ўрганиб, иложи бўлса кўмирни Украинадан олишни ташкил этишга келишдик, яъни бу қарорни тужжор Довудбей қабул қилди, албатта.

Ҳақиқатда мен ўша замон Довудни жиддий тужжор, деб қабул қилгандим. Чунки менга уни шундай одам, деб таништиргандилар, ахир. Унинг устига қаерда, ким билан сўзлашмайлик, Довуд менинг ширкатим ундай, мана бунча одам ишлайди, сармоям ана унча минг доллар деярди. Мен унинг сўзларини қаршимиздагиларга таржима қилардим, холос. Аслида эса Довуднинг Истанбулдаги ширкатида ўзидан ташқари яна бир киши ишларкан. Ширкатга қарашли ҳамма нарсалар қарзга олинган нарсалар экан. Аммо мен Киевда Довудга таржимонлик қилиб юрган маҳалда бу ҳолни мутлақо билмасдим. Чинки у кишилар билан сўзлашганда ойига 100 минг -150 минг америка долларига савдо қилишдан гапирарди. Бу сумма, ўша замон Украинаси, Туркия учун ҳам жуда яхшигина тижорат ишини юргизишга арзийдиган маблағ ҳисобланарди. Аслида эса, бу Довудбейда ҳаммаси бўлиб сармоя 10-15 минг доллар пул бўлиб, уни ҳам кимлардандир қарзга олиб ишлатиб юрган экан. Унинг бундай аҳволини менинг таржимонлигимдан сўнгра уч-тўрт ойдан кейингина билишим мумкин бўлди.

Хуллас, биз Киевда 15 кунга яқин қолиб кетдик. Киевдаги танишимиз, бизни бир неча тижорат билан машғул Украиналиклар билан учраштирди, аммо ҳеч биридан жўяли бир иш чиқмади. Энг сўнггида бошқа бирисини топди. Буниси бизга бироз дуруст кўринди. Идораси ҳам салобатли, эски совет ташкилотларидан бирисининг маъмурий биноси эди. Бу идора  эски совет замонидаги Киев шаҳар  таъминот бўлими идораси ўрнида жойлашганди. Бу идорадагилар, айниқса унинг бошлиғи бизни Украина кўмир ҳавзалари билан таништириб, ишимизга ёрдам беришни ваъда қилишди. Қилинадиган ишларнинг тахминий режасини ҳам имзоладик. Бу вақт июлнинг ахирлари эди. Августнинг сўнггида, яъни бундан бир ойдан кейин такрор учрашувга келишилди. Аммо биз ҳозир шу сафар кўмир намуналарини олиб кетишни истадик. Украина тарафи бу ишни дарҳол бажара олишмадилар. Шунинг учун мен кўмир намуналари тайёр бўлганича Киевда қоладиган бўлдим, Довуд Истанбулга қайтадиган бўлди.

Менинг Киевда қолишимдан асосий мақсад, Украина кўмиридан намуналарни Истанбулга келтирш эди. Намуналарни эса, украиниялик сафдошларимиз мамлакатнинг Донбасс шаҳридан келтиришлари лозим эди. Бу иш ҳам бироз чўзилиб кетди. Ниҳоят бир неча кунлардан сўнгра кўмир намуналарини олиш мумкин бўлди. Намуналар тайёр бўлганидан дарҳол Истанбулга учоқ бўлмади. Навбатдаги учоқ уч кундан кейин бўладиган бўлди. Буёғи бизга, менинг ва украиналик шерикларнинг фаолиятига ҳам боғли бўлмаган ишлар эди. Аэропорт кампаниясининг йўл жадвалига боғли масала эди. Менинг  «шефим»-Довудбойга эса,  дарҳол, шу сонияда кўмир намуналари керак эмиш (одамзотининг шунақа шошқалоқ- лари ҳам бу оламда учрайди). Шу сабабдан ”шеф” Москва орқали бўлса ҳам тезда етиб кел деб, телефон қилаверди. Мен нима ҳам қилардим,  «шеф»нинг буйруғини бажаришга мажбур бўлдим. Шундай қилиб, Киевдан Москвага ва у ердан Истанбулга  учадиган бўлдим.

Бироқ мен Руссиядан чиқа олмай қолдим. Руслар паспортимни эскирган ҳисоблашиб, мени Москвадан чиқаришмади. Ҳатто паспорт режимини бузган ҳисоблашиб менга жарима ҳам солишди. Шунинг учун Аэропортда Истанбулга кетаётган йўловчилардан бирига кўмир намуналарини бериб, ўзим Москвада қолишга мажбур бўлдим. Ўша мендан кўмир намуналарини олган турк кишиси, яхши одам экан, бечора. У мендан икки-уч килограмм оғирлигидаги кўмирни олди ва Аэровокзалдан ўз чўнтак телефонидан Истанбулга Довудга телефон очиб, воқеани унга тушунтирди. Мен Москвадан уча олмаганимдан сўнг яна Киевга қайтдим. Украинада менинг паспортимга эътироз билдиришмагандилар. Бу ерга келиб Истанбулга телефон қилсам, намуналарнинг у ерга келмаганлигини сўзлашди. Чунки Мен Москва аэропортидан чиқиб кетганимдан сўнгра, яна қизиқ бўлибди. Йўловчиларни сўнгги текширувдан ўтказишганларида руслар бояги менинг кўмир намуналаримни ўтказишмаб- дилар. Натижада мен Киевда яна намуна излаш ва уни ҳавзалардан келтириш билан анча вақт кетказдим. Шу билан бошда икки-уч кунни кўп кўргандик, энди мана Истанбулга қайтиш ўн беш кунга кечигиб кетди. Бу ҳам ўша Довуднинг, менинг “шеф”нинг ҳовлиқмалигидан бўлди. У шунақа шошилтирмаганда, Киевдан ўз вақтида нормал учган бўлардим. Ишларимиз ҳам проблемасиз битарди. Мана шу бўлса керакда ”Шошган қиз эрга ёлчимас”  деганлари.   

Шундай қилиб, Киевда қайтадан қанча оворагарчиликлар билан янгидан кўмир намуналари- ни тўплаб олдим. Киев аэропортида ҳам Москвадаги ҳолат такрорланмасин дея, энди бу янги намуналарни божхонадан қонуний ўтказиш йўлини излаб кўрдим. Аммо бу ердаги бюрокра- тизимни ўрганиб чиққанимдан кейин уч-тўрт кило кўмирни Украина божхонасидан қонун-қоида йўли билан ўтказишдан кўра ўн метр чуқурликдаги қудуқни игна билан қазиш афзал кўринди менга. Бу қонун-қоидани ахтариб қаерларга бормадим. Энг сўнггида божхона маъмуриятига бордим. Улар менга 7 пунктдан иборат кўрсатма беришди. У пунктларнинг ҳар бирига жавоб топмоқ учун энг қулай, ҳеч қанақа бюрократик машмашалар бўлмаган ҳолда бир ҳафта вақт сарфлашимга тўғри келарди. Бу аҳволни кўриб, таваккал қилдим. Аэропортга ҳамишагидай чиқавердим. Аммо ҳар эҳтимолга қарши кўмир намуналаридан чўнтакларимга ҳам солиб олдим. Оллоҳ йўлимни тўғрилаб, Украина божхонаси бу уч-тўрт кило кўмир билан қизиқиб ҳам ўтиришмадилар. Бу ерда паспортим масаласи ҳам бирор муаммо чиқишига сабаб бўлмади. Божхонадан ҳеч бир проблемасиз ўтдим-кетдим. Аммо бу орада бир ойга яқин вақтни сарсончилик билан ўтказиб юбордик. Такрор айтаманки, бу оворагарчиликлар «буюк» тужжорнинг, яъни Довуднинг шошқалоқлиги оқибатида келиб чиқди. Хайрият, ниҳоят кўмир намуналари Истанбулга етиб келди.

Бу замон орасида хонимим ҳам Истанбулга келиб етишганди. Бу вақтда илгаридан келишган қизларимнинг бири ҳали ҳам Истанбулдаги қизлар ётоқхонасида яшаётганди. Шунинг учун қизимнинг онаси ҳам ўша қизлар ётоқхонасида қолаётганди. У ерда, қизлар ётоғида ундан  сўнг ҳам уларнинг бир мунча вақт қолишига тўғри келди. Чунки Туркияда ўқишлар октябр ойида бошланарди. Шу сабаб ётохонада ҳеч ким йўқлиги учун хонимим ва Наргиза қизим 1997 йил октябр ойига қадар қизлар ётоқхонасида қолишди. Ўқишлар бошлангандан сўнг биз яна Азиз Маҳмуд Худойи Вақифи мусофирхонасига кўчдик. У ерда ҳам бир ойдан кўпроқ вақт яшашга тўғри келди. Ҳозирлар ёдимдан кўтарилди, менимча 1997 йил ноябрида, ижарага уй топилди.

Бу бизнинг ижара уйимизни жиҳозлашда ҳам Кўксалбей дўстимиз кўп ёрдамчи бўлди. Унинг таклифи билан Ўсал Уста исмли яна бир ажойиб одам бизга ёрдамга келди. Ўсалбейдан ҳам Оллоҳ рози бўлсин. У бизнинг ижара уйимизга болалари, хоними билан тез-тез келиб, бизнинг аҳволимиздан хабар олиб турди.  Улар ҳар сафар келишганларида уйимизга зарур бўлган турли хил жиҳозлар келтириб туришди. Уй учун декаратив гулларни ҳам улар келтирдилар. Уйимизни тўла жиҳозлашда улар ёрдамчи бўлдилар.

Шундай қилиб, 1997 йилнинг сўнгги ойларидан бошлаб, яшай бошлаган уйимизнинг ижара ҳақи ойига 150$ эди. Бошда бу уйга уч киши, мен хонимим ва яна бир қизим билан кирдик.

Ўзбекистондан эндигина келган хонимимнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда катта қизим болалар доктори, эри эса компютерлар бўйича (программист) олий маълумотли мутахассис бўлишларига қарамай моддий жиҳатдан кўп қийналиб қолишганлар. Бунда ҳукумат тарафидан кўрсатилган тазйиқлар ўз таъсирини ўтказган, албатта. Масалан, ўша доктор қизимнинг вазифаси пастлаштирилган, яъни поликлиникада бўлим бошлиғидан оддий докторликка туширилган. Қисқачаси хонимимнинг айтишича уларнинг яшаши энг аянчли аҳволга тушиб қолибди. Қарангки, иккита олий маълумотли мутахассисларнинг касбига мос  ишларда ишлашиб оладиган маошлари билан кун ўтказишлари мумкин бўлмайдиган ҳолга келиб қолганлар. Маошлари қуруқ нонга ҳам етмайдиган даражага тушиб кетган. Мана сизга ҳаёт, мана сизга коммунистларнинг мустақиллиги. Самарқандда қолаётган инженер ўғилимнинг аҳволи ҳам мақтанадиган эмас экан. Уч боласи бор бошқа бир Жиззах шаҳрида ишлаётган қизимнинг нон топиши бошқалариникига нисбатан дурустроқ бўлган бўлса-да, уни ҳам вазифасидан пастлаштирдилар. Унинг устига оилавий турмуши ҳам яхши бўлмади. Куёв бўлмиш ҳукуматнинг бизга нисбатан совуқ муносабатидан фойдаланиб қизимга ортиқча азоб берди. Менинг мамлакатда эмаслигимдан, ҳукуматнинг бизга, менинг болаларимга тўғри кўз билан қарамаганлигидан фойдаланиб, инсофсиз куёв номардларча қизимга ҳукуматдан ҳам кўра кўпроқ азоб берди. Натижада, бу қизим учта боласи билан эридан ажралиш мажбуриятида қолди. Қизимлардан яна бирига университетни битирган бўлса-да, унга иш беришмади. Мен Ўзбекистондан чиқиб кетганимдан сўнгра, фақатгина хонимим ва уйдаги икки қизимга бироз моддий ёрдам беришдан бошқа имконга эга бўла олмадим. Шунинг учун хонимим, айниқса Ўзбекистондаги катта қизимга ёрдам бериш иложини топиш ҳақида кўп сўзлаб турди. Аслида эса, ажралган қизим ҳаммасидан ҳам олдин ёрдамга, моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож бўлиб қолганди. Охир оқибат, қизларимнинг ҳар иккаласини ҳам, катта қизим-доктор қизимни ҳам, ажралган қизимни ҳам Истанбулга чақириш қарорига келдим. Оллоҳ ёрдами билан  қизлар болалари билан 1998 йилнинг бошида Истанбулга келишди. Улар ҳақиқатда икки оила эди. Катта қизимнинг ҳам икки боласи бор эди ва эри ҳам бўлиб, тўрт кишилик бир оила. Иккинчи қизим ҳам уч боласи билан булар тўрт киши, иккинчи оилани ташкил этарди. Шундай қилиб энди биз уч киши турган ерга катталар ва болалар бўлиб яна саккиз киши қўшилди. Бир илож қилиб сиқилишиб-тиқилишиб яшай бошладик. Шундай қилиб ижара уйимизда 11 жон турадиган бўлинди. Оллоҳга шукр, туркиялик дин қардошларимиз ёрдами билан емак-ичмоғимиз ҳар ҳолда Ўзбекистондагидан кўра ёмон бўлмади. Янгидан Истанбулга келишган қизларнинг тил ўрганишига Истанбулда ўтираётган Шарқи Туркистонликлар ёрдам беришди. Улар бизни Қодрия опа исмли бир киши билан таништиришди. Қодрия опа ва Шарқий Туркистонлик дўстлардан Оллоҳ рози бўлсин. Менинг икки қизимга Қодрия опа пулсиз туркчани ўргатишдан дарс берди. Куёвим туркчани мустақил кўчадан ўрганишга киришди. У тезда ҳақи юксак бўлмаса-да, Лолалидан русча-туркча таржимонлик қиладиган иш ҳам топди. Аммо қолганларга иш топа олмадик. Анча вақт иш изладик, бўлмади, иш топилмади. Истанбуллик дўстларнинг ёрдами билан яшаб турдик. Бу ерда асосий ёрдамни Кўксалбей бериб турди, албатта. У бизнинг уй кирамизни давомли ўтаб турган киши ҳисобланади. Азиз Маҳмуд Худойи Вақифи доимий равишда, ҳар ой гўштдан ташқари барча хил емакликлар (уларда буни арсақ, дейишади. Арсақ, бу-макарон, гурунч, шакар, чой, ёғ, ширинлик ва шунга ухшаш нарсалардир) бериб турарди. Ҳажми жиҳатидан бу нарсалар ўн бир киши учун бир ойга тўла етарли эмасди, албатта, Лекин бу жуда катта ёрдам эди. Чунки биз деярли макарон, гурунч сотиб олмасдик. Вақифдан олган чой эса, ортиб, ошиб ётарди. Туркиялик менинг бошқа дўстларим, танишларим ҳам оздир-кўпдир қўлларидан келган ёрдамларини биздан ҳеч аяшганлари йўқ. Уларнинг ҳаммасидан Оллоҳ рози бўлсин.

Хуллас, 1997 йилда менинг шахсий ҳаётим ва сиёсий фаолиятим юқорида кўрсатилган ташвишлар билан кечди. Бу йил (1997) давомида мухолифат аъзоларимиз дейишган бошқаларнинг (А. Пўлатов, М.Солиҳ, Ж.Маматов, Н. Нормўмин каби Истанбулда қўноқ топишганларнинг)  ҳам сиёсий ҳаётлари  меникидан деярли фарқ қилмади.  Фақат уларнинг кун кўришлари, тирикчиликлари мендан анча яхши эди. Улар бу ерларга ҳам мендан анча илгари келганлари учун Ўзбекистонликларга озми кўпми давомли ёрдам берадиган нуқталарни  ўзлари эгаллаб олишгандилар. Шу сабабдан мен каби ўзбекистонлик сиёсий қочоқлардан улар узоқроқ юришга уринишардилар. Уларнинг ҳеч бири 1997 йил бўйи бирон арзирли сиёсий фаолият кўрсатди деб айтиб бўлмайди.

Мен ўзимга ва болаларимга нон топиш йўлларини излаш билан биргаликда ”Озодлик” радиосида чиқишларимни тўхтатмадим, уларни давом эттириб турдим. Ана ўша радиода қилган чиқишларим 1997 йилги менинг сиёсий фаолиятимни белгилайдиган кўрсаткичдир десам бўлади. Улар қуйидагилардан иборат бўлганди:

“Собиқ социалистик лагер мамлакатларида яқин йилларда иқтисодий ўсиш юз берадими?“, “Матбуот мамлакатнинг саводхонлигини белгилайди“, “Яна “Ҳуррият” газетаси ҳақида“, “Маънавият ҳақида бир мулоҳаза“, “Советларга ҳамоҳанг товушлар“, “Ўзбекистон иқтисодий аҳволига доир баъзи мулоҳазалар“, “Озодлик нони ширинми?» “Ватан душмани ким?“,  “Замон сабокларидан бир лавҳа“ (17.09.1997 йилда), “Яна Ватан ҳақида (28.08.1997 йилда), “Бу нима мўъжизами, кароматми?“, “Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ўтказилаяптими?“, каби мақолаларимни “Озодлик” радиосида ўқиб бердим ва имкони бўлганда бошқа ўзбек тилида нашри бор матбуот саҳифаларида эълон қилдим. Юқорида саналган мақолаларнинг кўпчилигида радиода қачон ўқиб берганлиги кўрсатилмасдан матнлар сақланганлигидан уларнинг ёнлари вақтлар кўрсатилмади. Сарлавҳалари юқорида келтирилган барча мақолаларнинг тўла матнлари <http://samarkanduz.narod.ru> интернет  саҳифасининг

http://samarkanduz.narod.ru/kitobboshi.htm  адресида келтирилгандир.

Шуни ҳам кўрсатиб ўтиш лозимки, 1997 йилга келиб Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (ўз  орамизда Катта Тақсир номи билан танилган) ҳазратлари ҳам Ватандан ташқарига чиқиб муҳожирлик ҳаётини кечираётганди. Бу киши ҳам жума кунлари “Озодлик” радиосида чиқишлар қилиб турардилар. Унинг чиқишлари асосан одоб, ахлоқ мавзуларига боғишланар- ди. “Эрк” партияси номидан сиёсий қочоқликни танлаган Намоз Нормўмин ҳам вақти-вақти билан “Озодлик”да чиқишлар қиларди ва унинг чиқишларида ҳам асосан Ўзбекистондаги сиёсий-ижтимоий ҳаётга танқидий муносабат бирдириларди. Катта Тақсир ва Н.Номўмин-нинг фаолиятларини ҳам ўша замон учун мухолиф ҳаракат атаса бўларди. Яна такрор айтаманки, мухолифатнинг “буюк” шахслари А.Пўлатов, М.Солиҳ ўша йили нисбатан жим қолишгандилар. А.Пўлатов бошчилигида чиқарилаётган “Ҳаракат” варақаси ҳам чиқиб турса-да, у ҳали варақалигича қолаётганди. Жаҳонгир Маматов ҳам ўша замонларда Истан-булда яшарди. Аммо у негадир нисбатан суст эди. Ўша замоннинг сиёсий доирасида кўрина-вермасди. Менга маълум бўлган хабарларга кўра, Ж.Маматов ўша вақтлар “Туркиягазетаси” (унинг тўла туркча номи ”Türkiyegazetesi”) газетасида ишларди.

Хуллас, 1997 йилда мухолифат номида кўриниб турган шахслар мана шу ерда исмлари тилган олинганлар эди десам, менинг бу ёзувларимдан хафа бўлмаслар деб ҳисоблайман. Албатта, бу йили(1997) ҳам Афғонистонда ўзбекистонлик яна бир гуруҳ мавжуд бўлиб, уларнинг ҳам ўзларига яраша фаолиятлари бор эди. Бироқ биз уларни бироз илгарида ўзбекистонлик демократик мухолифатнинг таркибига киритмадик. Шу сабабдан уларнинг фаолиятлари ҳақида мен бу ерда бирор бир маълумот келтиришни истамадим. Аммо бордию ўша йили(1997) яна кимдир ёки кимлардир Ўзбекистон ҳукуматига мухолифат номидан бирор турда ижод қилган бўлсалар-да, мен бу ерда ундай кишининг ёки кишиларнинг номини тушуриб қолдирган бўлсам, шу ердаёқ ундай шахсдан ва ўшанақа кишилардан узр сўраб қўяман. Бироқ менинг билишимча, юқорида ёзилганлардан янада аҳамиятли бирор иш қилган ўзбекистонлик ўша йилги сиёсий саҳнада кўринмаганди. 

1997 йилда Ватан ичидаги мухолиф ҳаракат ҳақида сўз кетадиган бўлса, Олим Каримов, Толиб Якубов, Холиқназар Ғониев, Дадахон Ҳасан каби “Бирлик” халқ ҳаракати фаоллари, Сулаймон Муродов, Отаназар Орифов сингари “Эрк” партияси аъзоларининг баҳоли қудрат фаолиятларини таъкидлаб кўрсатиш лозим деб ҳисоблайман.  Аммо шуниси ҳам барчага аниқки,   Ўзбекистоннинг ичидаги мухолиф ҳаракат бу замонга келиб ҳозиргина исмлари келтирилган қардошларни ҳам ўз ичига олган “инсон ҳуқуқларини ҳимоя” қилиш шаклига кўчирилганди. Бундай  ҳуқуқ ҳимоячиларининг кўпчилиги(балки барчаси) эса, сиёсий қарашларидан воз кечганлиги ҳақида баёнотлар беришгандилар. Яна бир қизиқ ери ҳам борки, Ўзбекистонлик ўзларини ҳуқуқ ҳимоячилари деб атавчилар ҳам бир-бириларининг устиларидан шунчалар гапу сўзлар қилишдиларки, шунча кўп бир бирларини ёмонлаб ёзишдилар, ёзишаяптилар ва ёзмоқдаларки, бу ёзувларни ўқиб, улар хусусида беихтиёр “шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламас” каби халқ мақолини ёдга оласан киши.

Ўзбекистоннинг қадрли инсон ҳақ-ҳуқуқи ҳимоячилари, бир-бирларингизга бунчалар тош отишганингизда қандай ўлчам бирлигини оласиз, сизларнинг тароизиларингиз қанақа тарози? У тарози нимани ва қандай ўлчайди? Инсон ҳақу ҳуқуқини ҳимоя қилувчи бизнинг қадрли ватандошларимизнинг ҳар бири, улар якка шахслар сифатидами ёки бирор бир гуруҳ, Ташкилот шаклидами бўлмасинлар улар, чет эллик қандайдир “меҳрсевару шафқатлилар”дан моддий ёрдам олганлари ва олаётганлари ҳам сир эмас. Ҳа тўғри, бу менимча ҳам айб ёки ноқонуний ҳам эмас. Бироқ сизларнинг англаша олмаётган жойларингиз (муаммо) ҳам ўша моддий манбага бориб тақалмаяптимикан-а? Буларнинг ҳаммаси яна ўша машҳум “Нега у кўпроқ олаяпти, мен эса оз” каби ҳасадгўйликка ўхшаш ёмон хусусиятга бориб тақалмаяптими?  Аммо қадрли ўқувчилар, менинг муҳожирлик (менимча, мусофирлик дейиш тўғрироқ бўлади) ҳаётим тубандагидек бир ўта кескин хулосага келишимга ёрдамчи бўлди. Бу хулоса эса, “бугунги дунёда(бизнинг замонимизда) ҳеч бир шахс ёки шахсларнинг гуруҳлари (ташкилотлари), ўзларига жуда гўзал, ёқимли, чиройли исмлар қўйиб олишган халқаро меҳрибончилик ҳаракатлари ва демократия, инсонпарварлик каби қадриятларни  улуғлашда ўзларини пешқадам ҳисоблаган ғарб “демократик” давлатларининг ҳеч бири, ўз манфаатларидан ташқарида бир сент ҳам харажат қилишмайдилар” каби ифодаланади. Қадрли ўқувчилардан кимдир, “Э, домла, сизни ва болаларинигизни Норвегия ва Канада боқиб ўтирибди-ку? Сизлар, ўша мамлакатларнинг сентларини олмаяпсизларми, емаяпсизларми?” дейишлари мумкин. Ҳа, шундай савол қўйилиши ўринли эмас дейиш адолатсизлик бўларди. Бироқ бундай саволлар масаланинг моҳиятини чуқур билмайдиганлардан ёки уни чуқур англай олмаганлардан чиқади. Мен, муҳожирлик ҳаётим давомида кўрганларимдан, қисман бошимдан кечирганларимдан келиб чиқарган танқидий хулосамни ёздим. Бу мутлақо шахсий хулоса ва уни ҳеч кимга айнан шундай қабул қилишни таклиф этишдан жуда узоқман. Бироқ, бу Ғарб дунёсининг меҳрибончилигини, шафқатларини, уларнинг демократик, умуминсоний қадриятларни тушуниш усулларини 1993 йилда бугунгидек(2009) аниқ билганимда эди, ҳеч қачон, ҳеч бир сабаб билан мен Ўзбекистонни тарк этмаган бўлардим. Чунки ўлим ҳақ, у Оллоҳу таоло тақдир этган жойда содир бўлади.  

Қадрли ўзбекистонли инсон ҳақ ҳуқуқларини ҳимоячилари, маъзур тутасиз менинг бу сўзим кўпчилингизни бир мунча ранжитган бўлиши мумкин, албатта. “Тўғри сўз туққанингга ёқмайди”, деган мақол ҳам бор. Аммо биз, ўзларини “асл” мухолифатчи ҳисоблаганларда ҳам аҳвол ўзгача эмас. Акс ҳолда, бугунга қадар бирор ишлар қилинган бўларди. “Музикани пул берган буюради”, дейдилар. Ҳар ҳолда биз каби қобилиятсиз музикачиларни истаганимиз шаклда машқлар қилдиришлари мумкинга ўхшайди, аммо буюртмага келганда ўйлаб кўрадилар, шекилли.

Қисқаси, 1997 йил охирлаган бир маҳалда Ўзбекистондаги мухолиф ҳаракатнинг намояндалари асосан матн давомида тилга олинган шахслар бўлиб, уларнинг ижтимоий ҳаёти ва сиёсий фаолияти мана шу юқорида ҳикоя қилинган кўринишдаги шаклларга ўхшашлардан иборат бўлган эди.

 

 

яқин мавзу